Masnaviy terapiya
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Masnaviy terapiya

СЎЗБОШИ

Инсон қайси даврда ва қандай маконда яшамасин, унинг фитратида гўзаллик ва эзгулик мужассам. Бироқ барча бир хил шароитда дунёга келиб, бир хил ҳаёт кечирмайди. Ҳаёт сўқмоқлари инсонларни турли кўйларга солади, турли вазиятлар билан рўбарў қилади. Айнан шу вазиятларда инсоннинг инсон бўлиб қола олиши ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди ва бу даврда кўпчиликнинг фитратидаги эзгуликларга путур ета бошлайди.

Мавлонони асрлар давомида ҳар бир давр ва ҳар замоннинг ўқувчиси янгитдан, қайтадан кашф қилиб келишига асосий сабаб у, асарларида инсоннинг асл фитратини очиб беришидир. Ўзликни англашга қаратилган фалсафий асарлари инсониятни ўзига маҳлиё қилишда давом этмоқда. Чунки турмушнинг турли кўчаларида ўзлигини йўқотган инсоният уни излаб қайта топишга талпинар экан, Жалолиддин Румийнинг «Маснавий» асари бу йўлда ҳамроҳлик қила олади.

Сўнгги вақтларда психология ва психотерапия анча ривож топди ва унинг янги йўналиши «Библиотерапия», яъни инсоннинг руҳиятини китоблар билан даволаш техникаси фанга татбиқ қилинди. Ҳар бир инсоннинг руҳияти турличадир ва баъзи кишилар ўзини ўзи ривожлантиришни хоҳлайдилар. Айнан шундай, руҳини озиқлантиришни, ўзини янгитдан кашф қилишни ва аслиятига қайтишни истаган кишилар учун «Маснавий терапия» китоби чиройли тарзда йўл кўрсата олади.

Профессор доктор Невзат Тархан бу китобда «Мас­навий»нинг даврлар оша келаётган донолиги руҳларга қандай шифо бўла олишини англатади. Олим «Маснавий терапия» орқали Мавлонони кундалик ҳаётда бизга йўл кўрсатувчи раҳбар сифатида танишимиз кераклигини билдиради. Қалбимиздаги ҳақиқатни кўришимиз ва англай олишимиз учун тавсиялар бериб, «Маснавий»ни замонавий психология томонидан ҳам қабул қилинган асар сифатида ўқитади. Асарнинг қиймати эса ҳар икки катта соҳани ўзида бирлаштира олганлигидадир. Ҳам «Маснавий»ни, ҳамда психологияни ўзида мужассамлаштирган бу асар руҳиятимизга шундай озуқа берадики, унда ҳам ижтимоий муносабатларни, ҳамда ўз истак-хоҳишларимизни англаб олишимиз ва ҳаётда қадам ташлашимизга катта ёрдам беради. Мавлонодан илҳомланган Невзат Тархан шундай дейди:


Инсонинг кўзи кўрдир, гар нур бўлмаса,
Севгининг кўзи кўрдир, гар ҳақ бўлмаса.
Ақлнинг кўзи кўрдир, ахлоқ бўлмаса,
Ҳирснинг кўзи кўрдир, мезон бўлмаса.
Шуҳратнинг кўзи кўрдир, ҳилм бўлмаса,
Кучнинг кўзи кўрдир, фазилат бўлмаса,
Пулнинг кўзи кўрдир, инсоф бўлмаса,
Манфаатнинг кўзи кўрдир, ҳиммат бўлмаса,
Адолатнинг кўзи кўрдир, ҳаққоният бўлмаса,
Табибнинг кўзи кўрдир, илми бўлмаса,
Маданиятнинг кўзи кўрдир, донолик бўлмаса.


Таржимон сифатида бу асарни барча ёшдаги ўқув­чиларимизга тавсия қиламан. Асарни сизга беминнат психотерапевт сифатида ёрдам бера оладиган сермазмун илмий-оммабоп китоб деб айта оламан. Таржима жараёнида миллатимиз қадриятлари инобатга олиниб, асарни халқимизга тушунарли ифодада тақдим қилишга ҳаракат қилинди. Хато ва нуқсонлар учун узр сўраймиз. Китобни ҳар икки дунёингиз учун манфаатли бўлишини тилаган ҳолда

Таржимон Гўзал Мирзаева

Сўнгги вақтларда Мавлонога қизиқиш тобора ортиб бормоқда ва бу ҳолат Ғарб дунёсида ҳам яққол кўзга ташланади. Модернизмда ва илм-фанда ҳам Мавлоно таълимотининг изларини кўриш мумкин. Бу излар модернизм ва илм-фанни тўлдириб туради. Яна бир тарафи эса инсоният Мавлонони қайтадан кашф қилмоқда. Мавлоно ўз даврининг доно кашшофи эди. Унинг ўз даври инсонларининг маданиятига кўрсатган таъсири ҳали ҳамон тирикдир. Ҳар доим барҳаёт бўлган бу таъсир кучи инсонларни фикрий ва ҳиссий ҳолатларини ўзгартира оладиган қувватга эгадир.

Мавлоно таълимотидаги ўрнаклар, бугунги кунда ҳам содир бўлаётган воқеликларга нисбатан қайтадан талқин қилиниши керак. Чунки у ўз даврининг саволларига замон руҳига муносиб равишда жавоблар бера олди. Ҳозирги яшаб турган муҳитимиз учун ҳам Мавлононинг таълимотларига кўра жавоб бериш керак бўлади. Мавлонони шу давр нигоҳи билан ўқиб, моҳиятини асраб-авайлаган ҳолда, замонамиз инсонларига тақдим қилишимиз лозим. Мавлонога роман қаҳрамони деб эмас, балки кундалик ҳаётимизда бизга йўл кўрсатувчи инсон сифатида қарашимиз керак бўлади. Инсоният доимий ўзгаришда бўлгани учун бугунги кунда уларнинг сабабини ўрганиш жуда муҳим саналади. Шундай бир даврда яшаб турибмизки, эндиги дунёнинг рамзи интернетдир. Бутун сайёраларни қамраб олган ижтимоий тармоқлар билан ўралганмиз. Бундай муҳитда эса Мавлононинг кичик суҳбатлари бутун дунёга фойда келтирадиган кучга эга бўлиши мумкин.

Биринчи боб

ИНСОНИЯТ МАВЛОНОНИ
ЯНГИТДАН КАШФ ҚИЛМОҚДА

Ахборот асридан донолик асрига

Интернет келтирган имкониятлар билан Мавлоно таълимоти ўртасида қандай муносабат ўрнатилиши мумкин? ДНК билан Мавлононинг қандай алоқаси бор?

Маълумки ДНК спирал тузилма бўлиб, бу тузилиш­да мавжудлик кодлари яширинган. Ушбу кодларга муносиб ҳаракат қилинганда, инсоннинг биологик табиатига муносиб ҳаракат қилинган бўлади. Ўша кишининг фитратига муносиб муомала қилинганда ишлар натижа бериши мумкин. Гўёки Мавлоно инсониятнинг ДНКсини чиқариб олгандек. У инсониятнинг кодларини аниқлади ва ҳиссиётлар ДНКсининг кодларини маълум қилди.

Инсониятнинг бутун тарихига назар ташлайдиган бўлсак, илк даврларда одамлар озиқ-овқат топиш ва овчилик қилиш билан кун кечирганлар. Бошқа қабилалар устига бостириб бориб, уруш қилганлар. Кучли кучсиздан фойдаланган. Деҳқончилик ва ҳу­нармандчиликнинг бошланиши билан аста-секин маданият ҳам ривожлана борган. ХIII асрда эса «Саноат инқилоби» юз берди. Ҳар бир даврда инсониятнинг тафаккур тарзи турлича бўлган. Термачилик ва овчилик даврида инсонлар «ҳужум қил, ов қил, йиғ-тер ва шундай яша», деган тушунча билан ҳаёт кечиришган. Қишлоқ хўжалиги даврида эса «она ер» ғояси кенг тарқалди. Саноат даврида инсонлар саноатлашишнинг таъсирида «янада кўпроғи»ни талаб қила бошлаганлар. Буларнинг барчаси замирида инсоннинг бошланғич эҳтиёжлари бўлмиш яшаш ва ўрганишга бўлган хоҳишини кўришимиз мумкин. Ўрганиш истаги туфайли одам ўзини ривожлантиради. Ҳаётда қолиш эҳтиёжидан сўнг ижтимоий мавжудот сифатидаги яшаш хоҳиши жамоавий ҳаётни ва қишлоқ хўжалиги жамоасини вужудга келтирган. Бироқ олдинги босқичда, ов даврида инсоният кўпроқ индивидуал эди.

Қишлоқ хўжалиги жамоасида эса фикр ва тушунчалар «фойда-зарар» таҳлилига айланди. Яъни энди инсон «сабзи ва таёқ» парадигмаси билан ҳаракат қила бошлади. Яхши иш қилганга мукофот, ёмон иш қилганга жазо бериларди. Шу тарзда «ишлаб чиқармаган» қадрсизлана бошлади. Аслида, бир тарафдан «инсон» қадри пасаймоқда эди. Саноат даврида яхши бир от заиф инсондан кўра қийматлироқ бўлган. Чунки у ишлаб чиқаришга ҳисса қўшади. Ушбу тушунча ҳукмрон бўлган тузилмаларда одамлар онгсиз равишда худди шундай фикрлашлари мумкин: «Менга бирор фойданг тегмаса, қадринг ҳам йўқ!» Бундай муҳитдаги бола ўзини уйда бахтли ҳис қила олмайди ва изланишга тушади. Материалистик фалсафа ҳамма нарсани «фойда-зарар» парадигмаси ҳамда «сабзи ва таёқ» усули билан таҳлил қилади. Қишлоқ хўжалигидаги ижтимоийлашувга технология олиб келган тезлик ва усул туфайли инсоният кучли кучсизни эзадиган тузилмани яратди. Тафаккур тарзи сифатида аниқ маълумотни иккинчи даражага қўйиб, моддий маълумотларни биринчи ўринга олиб чиқадиган диалектик материализм ҳукмронлик қила бошлади. Натижада модда билан бўғилган инсон вужудга келди.

Саноат даври аслида, бир тарафдан инсониятнинг онгини, қишлоқ хўжалигида қўлга киритган ижтимоийлашувни бузди. Пойдевори ўзгарган бино охири қулайди. Эндиликда эса инсонлар аввалгига қараганда бой, бироқ бахтли эмасди.

XX асрда эса билим даври бошланди. Яхши-ёмон, тўғри-хато парадигмаси илм кучининг устунлигига қараб ўзгарди. Маълумотлар ишлаб чиқаришдан кўра, қийматлироқ бўла бошлади. Сен бир фабрика қуряпсан, аммо ўша фабриканинг бир қисмини ақли билан бошқарадиган киши сендан кўра кўпроқ пул топади. Шундай ишбилармонлар борки, ҳеч қандай маҳсулот ишлаб чиқармасдан ўз брендини сотадилар. Эндиликда тадбиркорлар ўз билимларини сотмоқдалар. Шу тарзда машинага ҳоким бўлди. Лекин биз юқорида айтиб ўтган бузилган инфратузилма, яъни ўша парадигма ўзгармади. Инсоният термачиликдан деҳқончилик даврига ўтишдан аввал ижтимоий ва инсонпарварроқ эди.

Инсоният ахборот асрида ҳам бахтли эмас. Ахборот жамиятида одамлар технология ёрдамида ҳар қачонгидан ҳам тезроқ кўп нарсага эришишлари мумкин, аммо қишлоқ хўжалиги давридаги ҳузур ва мувозанат энди йўқолган. Ахборот асрида инсоният янги нарсаларни билиш арафасида турибди. Маълумотлар устида яна бошқа бир билим бор. Бу виждоний билим – ички овоздир. ХХ аср донолик асри бўлади, деймиз. Агар инсоният доноликка эришмаса, унинг барча ютуқлари беҳуда кетади.

Янги аср уруши яхшининг ва ёмоннинг уруши бў­лажак. Ёмон, агар тўғри усулларни қўлласа, му­ваф­фақиятга эришади. Яхши, агар нотўғри усуллардан фойдаланса муваффақият қозонолмайди.

Методология, шубҳасиз, бир жойда қўзғалмай туради. Янги асрнинг методологияси эса технологиядир. Шундай экан, яхши одамлар ҳам тўғри усуллардан фойдаланиб, муваффақиятга эришиш­лари керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек: «Агар ният ва ғайрат гўзал бўлса, унинг якунловчиси Аллоҳдир». Демак, энг муҳими, ниятни яхши қилган ҳолда ҳаракатни бошлашдир. Ниятни англаш эса виж­дондадир, чунки виждоннинг асос унсурларидан бири ҳам яхши ниятдир. Шунинг учун «виждонан ақл юритиш», деб аташимиз мумкин бўлган янги турдаги ақлнинг ривожланишига эҳтиёж бор. Технологиянинг ёрдами билан бутун дунёдаги суҳбат муҳитининг асосий нотиғи Мавлоно бўла олиши мумкин.

Ахборот асридаги изланишлар

Қадим аср одамларидан тортиб, бугунги кун одам­ларининг муштарак истаклари бор: дунёга ҳукм­ронлик қилиш, ўз-ўзини англаш ва тарихда из қол­дириш. Шароитлар турлича бўлса-да, бу орзулар барчамизда бор. Буларнинг барчаси инсоннинг психологик эҳтиёжларидир. Тўғрироғи, талаб­лар натижасида вужудга келган эҳтиёжлардир. Яъни эҳтиёж бўлгани учун орзу қилмаймиз, улар орзу қилганимиз учун эҳтиёжга айланади. Инсонларда орзу-истаклар иерархияси мавжуд.

Машҳур Маслоунинг эҳтиёжлар иерархияси орқа­ли юқори поғонага чиқиб борганимизда «ўз-ўзини англаш» эҳтиёжини кўрамиз. Инсоннинг асосий эҳтиёжлари қондирилгандан кейингина унинг ўз-ўзини англаш эҳтиёжи пайдо бўлади. Ўзини англаш, намоён қилиш истаги одамларни изланишга чорлайди. Биз изланишни бошлаганимизда мавҳум мақсад пайдо бўлади. Чунки инсон одатий ишлардан ташқари фавқулодда бажариладиган ишларга ҳам қобилиятли қилиб яратилган.

Айнан шу жиҳати инсонни ривожлантиради ва уни бошқа тирик мавжудотлардан ажратиб туради. Шунингдек, инсон мавжудлигидан хабардор ўлимни тан олади ва маъно излашдан келиб чиқадиган из қолдириш эҳтиёжини ҳис қилади. Инсоннинг энг катта орзуси боқийликка интилишдир. Бу истак инсонни ҳаёт ва яратилиши ҳақида ўйлашга ва Яратганни излаш­га ундайди. Бу одамларда виждоний ички бир овозни вужудга келтиради. Ахборот асрини донолик асрига айлантирган Мавлоно таълимоти энг катта ахборот манбаидир.

Инсоният Мавлононинг фикр ва ҳиссиёт бойлигига муҳтож. Бу денгизга чуқур шўнғиш мақсадида махсус сузиш кийимини кийганга ўхшайди. Инсоннинг маънавий ривожланиши учун у билан боғлиқ бойликларга эга бўлиши лозим. Шундагина чуқур шўнғиб, инсонга оид хазиналарни кашф қила оламиз.

Дунё бўйлаб «виждонан ақл юритиш»

Ҳиссий интеллект таълими сифатида тақдим этил­ган тадқиқотларга назар ташлайдиган бўлсак, биринчи босқичда биз «ўз-ўзини англаш»ни кўришимиз мумкин. Мавлоно ижодига боқсак, кўп нарса «ўз-ўзини англаш»га асосланганини тушунамиз. Инсоннинг кучли ва заиф томонлари, муаммони ҳал қилиш услуби, мулоқот услуби, унинг олдидаги имкониятлар каби олти ўлчовли истиқбол мавжуд. Бу олти ўлчовли қараш яхлит кўринишдир. Модернизм инсонга «нуқсонсиз» мавжудот сифатида муносабатда бўлади.

Гуманизмнинг хатоси эса: «Инсон табиатан яхшидир» ва «Ёмонликлар ташқидир, кейинчалик таш­қаридан келган», деб қарашидир. Натижада инсон ичидаги ёмон туйғуларни ўзининг заифлиги ёки нуқсони эмас, балки ташқаридан келган таъсир деб фикрлай бошлайди. У ўзини шундай деб ҳимоя қила бошлагандан сўнг руҳий саломатлигига путур етади. Ваҳоланки, инсонда ёмон ва яхши орзулар бўлади.

Гуманизмнинг ёмон орзуларни йўққа чиқариши инсонни ўзини ўзига янглиш танитади. «Мавлоно энг улуғ гуманист эмасми?» – деб савол берувчилар ҳам топилади. Мавлоно инсонпарвар, лекин гуманист эмас. Улар бир-биридан фарқ қилувчи тушунчалардир. Чунки гуманизм билан инсонга аҳамият қаратиш бир-биридан фарқли тушунчалардир. Фақат инсонни оқлаш фанатик гуманизмга олиб бориши мумкин. Ўз нуқсонларини кўришига тўсқинлик қилади. Инсонпарварлик эса инсоннинг қадрини юксалтиришни мақсад қилади.

Оптимистик ва пессимистик
тенденциялар

1995 йилдан сўнг ўтказилган неврологик тад­қиқотлар инсон мияси қандай ишлашига оид янги тушунчалар берди. Миянинг ҳиссий қисми мавжудлиги ва инсон миясининг нафрат, ғазаб, душманлик каби туйғуларни келтириб чиқариши аниқланди. Бу ерда шуни таъкидлаб ўтиш керакки, инсонларнинг жиноятларига уларнинг тақдири сифатида қарамаслик лозим. Одамларнинг генида жиноятчилик йўқ, уларнинг генида жиноятга мойиллик бўлиши мумкин. Масалан, эркак мияси билан аёл миясини таққослаб кўрайлик. Эркак мия­сида агрессивлик билан боғлиқ генетик кодлар, аёл миясида эса эмпатия билан боғлиқ генетик кодлар устунлик қилади. Эркакнинг агрессив бўлиши генетик ҳодисадир. Бироқ бу ядро энергия­сига ўхшайди, яхши мақсадда қўлланса, одамни фаоллаштиради. Ёмон мақсадда қўлланса, зарар етказади.

Инсоннинг ёмонликка мойиллиги бор, аммо бу уни ҳар доим ёмонлик қилишини англатмайди. Йўлдан ўтиб кетаётганда бехосдан ерда ётган пулга кўзи тушса уни олгиси келади. Чунки инсонда осон қўлга киритиш, меҳнат қилмасдан топиш истаги мавжуд. Масалан, болалар дунёдаги энг «мен»ини юксак билувчи мавжудотдирлар. «Ҳар доим менга, менга...» дейишади ва ўзларини дунёнинг маркази сифатида кўришади. Болада яхши ва ёмонга, чиройли ва хунукка ажратиш йўқ. Лекин бу боланинг ёмон эканлигини англатмайди. Фақатгина инсонда ёмонликка мойиллик борлигининг нишоналарини кўрсатиши мумкин.

Инсоннинг яхши ёки ёмонлигини унга берган тарбиямиз ва таълимимиз белгилайди. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, инсоннинг яратилишида яхшилик ва ёмонлик мавжуд. У ўзининг яхши ҳис-туйғуларини озиқлантириши ва ёмон ҳис-туйғуларини йўқ қилиши керак. Яъни инсонда яхшилик ва ёмонликка мойиллик хусусияти мавжуд. Чап мия фикрлаш, таҳлил қилиш ва ҳисоблашга оид, ўнг мия эса санъат ва ҳаяжон билан боғлиқ қарорларни қабул қилади. Олд миянинг вазифаси эса миянинг қайси ярим шардан фойдаланишини аниқлашдир.

Ҳозирги даврда психологияда энг кўп қизиқадиган мавзу шулардир: «Инсон қандай қилиб қарор қабул қилади?», «У қандай танлов қилади?» Хўш генларчи: «Шунинг пулини ол!», «Унга зарар етказ» каби тушунчаларнинг вужудга келишига сабаб бўлади. Аммо инсон бундай салбий фикрлар келган пайт ижобий тарафларини ривожлантирган ҳолда: «Нима қиляпсан? Ахир бу нотўғри? Ҳам сенга, ҳамда унга зарари бор», дейди ва миядаги ижобий импульслар уни назорат қила бошлайди. Инсон ўзида яхшиликни ғолиб қилган вақтдан ривожлана бошлайди.

Салбий, яъни салбий мойилликлар бирор ишга бую­ришга ожизлик қилади. Фақатгина йўналиш беради, талқин қиладиган вазифаларга эга. Чунончи, улар мияда фақатгина ички овозни вужудга келтира олади, бироқ бирор нарсани қилдиришга кучи етмайди. Қарорни мия беради. Шу билан бирга, баъзи инсонларда салбий туйғулар устунроқ бўлади. Масалан, баъзи кишилар яратилишдан ҳасадгўй бўлиш­лари мумкин. Бу кишиларга «Ҳасад қилма», дейиш унинг руҳий табиатига тўғри келмайди. Унинг ўрнига «Ҳасадингни бошқа бир мақсадга йўналтир ва у билан рақобат қил», дейилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Таълимдаги асосий нарса ўша туйғуларни тўғри йўналтира олишдир. Мавлонодан инсоният донолик асрида инсон ва унинг ҳис-туйғулари учун фойдали бўладиган маълумотлар ўрганади. Психологияда «дежаву» деган бир сўз бор. Бу инсоннинг аввал кўрмаган бирор нарсасини кўрган пайтида худди аввалдан билгандек бир ҳиссиётни бош­дан кечиришидир. Мавлонони ўқир эканмиз, бу ҳиссиётни кўп бошдан кечирамиз. Чунки у инсонга азалдан таниган, фитратида мавжуд бўлган нарсаларини эслатаверади. Аслида, бу ердаги хотирлаш маълум маънодаги ҳиссий кашфиётдир. Яъни инсон ўз ичида яширинган хазинадан бехабар. Мавлононинг биргина сўзи ўша хазинадан воқиф қиладиган даражадаги ҳиссиётни ҳаракатга келтиради. Ўша хазинага оид «дежаву» туйғуси ва талаб юзага келади. Мавлоно яширин эҳтиёжларимизни юзага чиқаради. Таъбир жоиз бўлса, барчамизнинг дастуримиз бир хил ва Мавлононинг сўзлари бизни ўша бош дастуримизга қайтаради.

Бир тарафдан эса руҳий яратилишимиздаги кодларга тегинади. Бизда мавжуд бўлган ҳиссиётларни ҳаракатга келтиради. Гўзаллик ва яхшиликка бўлган соғинчни, ҳаттоки орзуларимиз­даги камчиликларни ҳис қилдиради. Камчилик­лардан хабардор бўлиш эса эҳтиёжларни юзага келтиради. Мана шу эҳтиёжларга қандай ёндашишимизга доир сезги идрокимизни вужудга келтиради. Сезги орқали вужудга келган бу идрокка эса виждоний сезги дейиш мумкин.

Яширин давридаги ҳолатлар

Мавлоно ўз даврининг виждонига хизмат қилган аллома бўлгани учун бугунги кунда ҳам унинг виж­доний сезгисига эҳтиёжимиз бор. Аммо буни амалга ошириш учун аввало, хоҳиш керак. Ўша виждоний сезгига бўлган эҳтиёжимиз орзуни, ундан сўнг унга таянган эҳтиёжни ва эҳтиёжни таъминлаш ҳолатини юзага келтиради. Тўғрироғи, бу вақтда оғриқни ҳис қиласиз. Эҳтиёж шаклланадиган яширин давр мавжуд. Бу пайтда шошилмаслик, гўзаллик пайдо бўлишини кутиш ва сабр қилиш керак бўлади. Азоб-уқубатларга ҳам тайёр туриш даркор. Яширин давридаги самарали ғоялар билан аввал фикрларни экамиз ва хаёл қиламиз. Шу тариқа эҳтиёж вужудга келади ва уни амалга оширишга ҳаракат қиламиз. Энди ичимиздан бир йиғи овози кела бошлайди. Бу овоз бизни ҳаракатга келтирмаса, фикр ўлчамида қолса, кашфиёт содир бўлмайди. Мана шу вақтда бизда уйғонадиган истакни ундан ривожланган эҳтиёжни ва яширин даврида пайдо бўладиган хаёлий ички овозни амалга ошириш учун ғайрат кўрсатиш керак бўлади. Хаёл қилинган яширин даврида сабр қилиб кутиш лозим. Агар етарлича сабр қила олсак Архимед сувни кўтариш қувватини топганидек туғилиш юзага келади. Ньютоннинг вабо эпидемияси пайтида кутубхонадан чиқмагани унинг яширин даври ҳисобланади. Шундан сўнг у тортишиш қонунини кашф қилди.

Дарахтлар бир ҳафтада мева беради, деб ўйласак катта хато қилган бўламиз. Чунки улар бир йилда қанчадан-қанча бўронлар ва қушларга сабр кўрсатишади. Худди шу нарса инсоннинг фикр ишлаб чиқаришига ҳам тегишли. Бошқаларнинг фикрларини такрорлаш муваффақият саналмайди. Муваффақият янги ғояларни ишлаб чиқаришга асосланган бўлади. Инсон фақатгина шу орқали ўзини ривожлантириши ва кашф қила олиши мумкин. Мана шу маънода Мавлоно инсонга ўзини кашф қилишни ўргатади. У инсонни донолик даврига олиб бораркан, ички кашфиёт йўлларини кўрсатади. Доноликнинг кўринишини чизиб беради. Буни жуда оддийдек кўринган ҳикоялар ва насиҳатлар билан амалга оширади. Бу оддий нарса шунга ўхшайди: ташқи кўриниши яхши, бироқ ичи бузилган компьютерга. Ҳеч ким компьютерни таъмирлай олмайди. Охири яхши техник топишади. Уста компьютерни кўздан кечириб, кичик қисмини ўзгартирганидан сўнг у ишлай бошлайди. Устадан «Иш ҳаққингиз қанча бўлди?» деб сўрашади. Техник жавоб беради:

– Минг доллару эллик цент.

Шунда ундан:

– Минг долларни тушундик, аммо эллик цент нима учун? – деб сўрашади.

Ўша уста шундай деб жавоб беради:

– Эллик цент ўзгартирилган қисмнинг нархи, минг доллар эса ақлимнинг тўлови.

Гап шундаки, у ўша қисмни қачон ва қаерда ишлатишни билади, акс ҳолда, буни ҳамма билиши мумкин эди.

Инсониятнинг тамал тошлари

Техник ўша қисмни қаерда ишлатишни бил­гани учун бузилган механизмни қайта тиклаган. Йўл ўртасида турган тошнинг ҳеч қандай қиймати йўқ, аммо бино ичида бутуннинг бўлаги сифатида турган тош қиймат топади. Мавлонога бўлган эҳтиёж ҳам инсоннинг бузил­ган инфратузилмаси асносида юзага келади.

Мавлоно инсонни инсон қилган гўзал туйғуларга эътибор қаратади ва уларни қадрлайди. Қадр инсонни инсон қилган тамал тошлардир. Агар инсоният бир бино бўлса, шу онда бу бинонинг пойдевори жойидан қўзғатилган. Безаги чиройли, кўриниши ҳашамдор, лекин пойдевори қўзғалган. Хавфни бартараф қилиш учун қўзғатилган пойдеворни таъмирлашга муҳтожмиз.

Пойдеворни таъмирлаш алоҳида маҳорат талаб қи­лади. Мавлонодан ўрганадиганларимиз инсониятнинг асос қадриятларини мустаҳкамлайди. Ёмонликка бўлган мойилликни тўғри усуллар орқали яхшиликка хизмат қиладиган ҳолатга келтирилади. Тўғри усуллар қўлланмаса, яхшиликка мойиллик ҳам муваффақият қозона олмаслиги мумкин. Яхшининг ҳеч нарсага эришолмаслигини бир сабаби ҳам ҳеч нарса қилмаслигидир.

Ёмон одамлар ёмонлик учун ҳаракат қилар экан, яхши инсонлар ҳам яхшилик учун ҳаракат қилишлари даркор. «Ёмонликка аралашмасдан ўзимнинг муҳо­фа­зали оламимда яшайман», деган қарашда худбинлик излари бор. Бир чеккага чекиниб, сувга ва совунга тегинмас­лик ҳаракатида ёмонликдан қочиш мақсади бўлиши мумкин, бироқ бу ҳаракатдаги «Оғирнинг остидан енгилнинг устидан» мақсадини ҳам кўришга мажбурмиз.

Бир саҳобий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Жамият ҳаёти ёмон. Фалон жойда бир ғор бор, ёнида суви ҳам бор. Мен оилам билан ўша ерда яшашни хоҳлайман», деганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз дунёга бунинг учун юборилмадик», деб марҳамат қилган эканлар. Яъни лойга ботган, Аллоҳни унутган қанчадан-қанча инсонлар бор экан, фақат ўзимизни қутқариш учун устимизга лой тегмасин деб худбинлик қилишга ҳаққимиз йўқ.

Яхшилик қилиш учун хавфга кириш, ёмонликдан қочиш учун хавфга киришдан хайрлироқ бўлиши мумкин. Фақат бу ерда чегарани яхши билиш лозим. Чунки ёмонлик микроблар каби тарқайдиган хусусиятга эга. Агар гигиена қоидаларига қатъий риоя қиладиган бўлсак, микробларни ўзимиздан узоқда тутишимиз мумкин. Шу тарзда ёмонликка ҳам қарши тура оламиз.

Айтайлик, далангиз бегона ўтларга тўлган. Ёввойи ўтларга қарши курашишнинг энг яхши йўли ерга ишлов беришдир. Агар ташлаб кетсангиз, далани ёввойи ўтлар батамом эгаллаб олади. Жавобгар ҳам сиз бўласиз. Жамият ҳаёти ҳам худди шундай. Яхши ва чиройли нарсаларни ёйишга интилмасак, майдонни ёмонларга топширамиз ва бунга жавобгар бўламиз. Яхшилар фаол бўлишлари зарур. Зеро, ёмонлар табиатан фаол бўлишади. Киши намоз ўқиш учун ўрнидан туриши ва таҳорат олиши керак бўлади, аммо қуллик вазифаларини адо қилмаслиги учун ўтиришининг ўзи кифоя. Демак, яхшилик қилиш динамик ҳаракатни талаб қилади. Ёмонлик эса ўз-ўзидан тарқалиши ҳам мумкин.

Мавлоно ўз даврида яхши ва чиройли нарсаларни ёйиш учун катта кураш олиб борди. Бунинг учун жуда кўп маълумот ва тушунчаларни ишлаб чиқди. Инсонни инсон қиладиган унинг улуғ мақсадларидир. Мавлононинг мақсади нима эканига қараганимизда «илоҳий ишқ» тушунчасини кўрамиз. Унга эришиш учун ҳар доим изланишда бўлган.

Ҳиссий ақл ва Мавлоно

Антонио Р.Дамасионнинг «Декартнинг хатоси» ки­­тоби илм-фан олами учун катта бурилиш бўлди. Маълумки, Декарт: «Ўйлаяпманми, демак, мен борман», деган ҳолда ҳар нарсанинг ақлдан иборат эканини даъво қилганди. Бу тушунча эса туйғуларни туйғулар категориясидан чиқариб ташларди. Бошқача қилиб айтганда, олимлар: «Туйғулар ғайритабиий нарсалардир, улар бизнинг соҳамизга кирмайди», деб туйғуларни йўққа чиқаришганди. 1995 йилда эса ҳис-туйғулар фан доирасига киритила бошлади. Миянинг ҳис-туйғулар билан боғлиқ фаол жойлари топилди ва бу жиҳатдан Мавлоно таълимотига қайта мурожаат қилина бошланди. Бу ерда ҳиссий ақл деб аталадиган нарса, онгсиз равишда бўлса ҳам Мавлоно таълимотининг тизимли ҳолда услубий асослар орқали бутун дунёга тақдим қилинишидир.

Ҳиссий интеллект аслида, Мавлоно қарашларининг илмий муқобили ҳисобланади. Ғарбда Мавлонога бу қадар катта эътибор қаратилишининг сабаби, унинг сўзлари илм-фан томонидан энди кашф қилина бошлаганидандир. Ҳиссий кашфиёт қилишни истаганлар учун Мавлоно ажойиб маълумот бера олади. Интернет ёрдамида Мавлононинг бутун дунёга танилишига сабаб бўлишимиз мумкин.

Ҳиссий ақл билан Мавлоно орасидаги боғлиқ­лик­лардан яна бири ўзини англаш ва ўзини танишдир. Ундан сўнг ўзини бошқариш келади. Киши аслини танигандан сўнг ўзини бошқаришни ўрганиши лозим. Масалан, машина ҳайдаш ҳам бир маҳорат саналади. Бир марта ўргангандан сўнг бошқа ўйлаб ўтирмай қўлланилади. Мавлоно бир тарафдан ҳаётдаги муҳим нарсаларни маҳорат ва одат ҳолига келтиради.

Инсонни ҳаёт йўлидаги йўл белгиларига йўналтиради ва тўғри йўлни кўрсатади. Ундан сўнг ижтимоий онг келади. Ижтимоий онг ичида эмпатия бор. Мавлононинг энг улуғ манбаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари эканини кўришимиз мумкин. Мавлоно у зоти шариф соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганларини ўз даврига татбиқ қил­ган. Фойдаланган манбалари Қуръони Карим ва Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Харитадан қаерда эканлигини билган одам қаерга бориши ҳақида қарор қила олади. Ижтимоий онги орқали ўзи яшаётган муҳитни ва жамиятни танийди ва шу билан муносабатларни бошқаришга ўтиши мумкин. Мавлонода ҳиссий ақлнинг ушбу тўрт поғонаси (ўзини англаш, ўзини бошқариш, ижтимоий онг, муносабатларни бошқариш) мавжудлигини кўришимиз мумкин.

Виждоний ақл

Мавлононинг улкан мақсади ва бу мақсадга эришиш учун ғайриоддий услуби борлигини кўрамиз. Унинг улкан мақсади ва ғайриоддий услуби бошқа инсонлар билан қиёсланганда фикр ва ақлий чегаралардан ошиб кетганининг гувоҳи бўламиз. Бу унинг онг ва идрок соҳаларида катта ўзгаришлар қилганини кўрсатади.

Бу ўзгаришларнинг биологик ўхшашликлари бор. Уларнинг нима эканини яхши англаб олиш зарур. Бу ўхшашликларни таниб олиш учун сўнгги йилларда позитив психологик тадқиқотлар олиб борилмоқда. Тадқиқотлар натижасида инсоннинг мияси беш соҳада ривожлантирилиши мумкин бўлган кўникмалар тўплами юзага чиқди. Аниқланган маҳорат тўпламлари «ақл соҳалари» сифатида ҳам танилган.

Мантиқ
...