автордың кітабын онлайн тегін оқу Нолдан бирга. Стартаплар ҳақида қайдлар ёхуд келажакни қандай қуриш мумкин
ПИТЕР ТИЛЬ
БЛЕЙК МАСТЕРС БИЛАН БИРГАЛИКДА
Нолдан бирга
СТАРТАПЛАР ҲАҚИДА ҚАЙДЛАР
ЁХУД КЕЛАЖАКНИ ҚАНДАЙ ҚУРИШ МУМКИН?
Муқаддима
НОЛДАН БИРГА
Бизнесда ҳар бир лаҳза бир марта юз беради. Яна бир Билл Гейтс операцион тизим ишлаб чиқмайди. Навбатдаги Ларри Пейж ёки Сергей Брин қидирув тизими тузмайди. Бошқа бир Марк Цукерберг ҳам ижтимоий тармоқ яратмайди. Агар сиз бу одамларнинг ишидан кўчираётган бўлсангиз, демак, улардан ҳеч нарса ўрганмаётган экансиз.
Албатта, янги нимадир яратишдан кўра тайёрини кўчириб олиш осонроқ. Ўзимиз билган ишни қилиш дунёни 1 дан n га силжитади, бунда бизга таниш нарсалар сони кўпаяди, холос. Аммо ҳар сафар янги нарса яратганимизда, биз 0 дан 1 га ҳаракатланамиз. Яратиш жараёни худди яратиш вақти каби ягонадир, унинг натижаси эса янги ва қизиқ бўлади.
Бугун олаётган фойдаси қанчалик катта бўлмасин, янгилик яратишдек мушкул вазифага инвестиция киритмаса, Америка компаниялари келажакда муваффақиятсизликка учраши муқаррар. Ўтмишдан қолган эски бизнес йўналишларини сал тартибга солиш билан ҳамма нарсага эришганимиздан кейин нима бўлади? Қандай янграмасин, бу саволга жавоб 2008 йилдаги инқироздан ҳам баттарроқ бўлиши билан хавф солади. Бугунги “энг яхши амалиётлар” ҳам боши берк қўчага етаклайди; энг яхши йўллар эса янги ва синаб кўрилмаганларидир.
Хоҳ давлатники, хоҳ хусусий бўлсин, улкан маъмурий бюрократиялардан янги йўл излаш мўъжизага умид боғлашга ўхшайди. Дарҳақиқат, агар Америка компаниялари муваффақиятга эришишни кўзласа, у ҳолда юзлаб, ҳатто минглаб мўъжизалар керак бўлади. Бу тушкунликка туширган бўларди, аммо бир нарса аниқ: одамзод бошқа турлардан мўъжиза ярата олиши билан ажралиб туради. Биз бу мўъжизани технология деб атаймиз.
Технология – мўъжиза, чунки у асосий қобилиятларимизни баландроқ даражага кўтариб, кам ресурс билан ҳам кўп нарсага эришиш имконини беради. Ҳайвонлар инстинктив тарзда нимадир яратиши, дейлик, тўғон ёки ин қуриши мумкин. Аммо янги нарсаларни ихтиро қилиш ва уларни яратишнинг яхшироқ усулларини топиш фақат бизнинг қўлимиздан келади. Инсонлар нима яратишни аввалдан тузиб қўйилган қандайдир космик каталогдаги вариантлардан танлаб олмайди; бунинг ўрнига янги технологиялар яратиш орқали дунё режаларини қайта ёзиб чиқамиз. Булар мактаб боласига ўргатиладиган оддий ҳақиқатлар бўлса-да, аввал бажарилган ишлар шу қадар кўп такрорланадиган дунёмизда уларни унутиб қўйиш осон.
“Нолдан бирга” китоби янги нарсаларни яратувчи компанияларни қандай қуриш ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу китоб “PayPal” ва “Palantir” ҳаммуассиси сифатида, қолаверса, “Facebook” ва “SpaceX” сингари юзлаб стартаплар инвестори сифатида орттирган тажрибаларимни ўзида жамлаган. Аммо мен кўплаб қонуниятларни пайқаган ва бу ерда қайд этган бўлсам-да, китоб муваффақият формуласини таклиф этмайди. Тадбиркорликни ўргатишнинг парадокси шундаки, бундай формула мавжуд бўлиши шарт эмас; ҳар бир инновация янги ва ягонадир, шу сабаб ҳеч ким қандай қилиб инноватив бўлишни аниқ айтиб беролмайди. Мен пайқаган ягона кучли қоида шуки, муваффақиятли одамлар кутилмаган жойлардан қиймат ярата олади ва улар бунга қандайдир формулалар орқали эмас, бизнеснинг бирламчи тамойиллари асосида фикрлаш орқали эришади.
Қўлингиздаги китоб 2012 йил Стэнфордда, стартаплар ҳақидаги курсда ўқиган маърузаларимга асосланган. Коллеж талабалари бир нечта ихтисослик бўйича ўта малакали мутахассисга айланишлари мумкин, аммо уларнинг аксарияти амалиётда бу кўникмалардан қандай фойдаланишни билмайди. Курсни ўқитишда асосий мақсадим талабаларимга академик ихтисосликлар белгилаб берган йўлдан ташқари ўзлари яратиши керак бўлганидан кенгроқ келажакни кўришларига ёрдам бериш эди. Ўша талабалардан бири Блейк Мастерс маърузаларимни батафсил қайд қилиб борган ва бу ёзувлар университетдан ташқарида ҳам тарқалиб кетганди. Мана шу қайдларни кўриб чиқиб, кенгроқ аудиторияга етказиш мақсадида у билан “Нолдан бирга” китоби устида ишладик. Ахир келажак фақат Стэнфордда ёки коллежда, ё Кремний водийсида содир бўлиши керак, деган баҳона йўқ.
1
КЕЛАЖАКДАН ЧОРЛОВ
Ҳар сафар кимнидир ишга қабул қилиш учун суҳбат ўтказганимда, “Қайси муҳим ҳақиқат борасидаги фикрингизга кўпчилик қўшилмайди?” деб сўрашни ёқтираман.
Оддийлиги учун савол осондек туюлади, аслида унга жавоб бериш қийин. У ақлан мураккаб, чунки мактабда ўргатилган нарсаларни барча бирдек маъқуллайди. Бу психологик жиҳатдан ҳам қийин, чунки жавоб беришга уринаётган ҳар қандай одам кўпчилик билмайдиган нарсани айтиши керак. Зўр фикрлаш камёб ҳодиса, бироқ жасорат даҳоликдан-да камроқ учрайдиган хислат.
Аксарият ҳолларда шундай жавобларни эшитаман:
• “Таълим тизимимиз издан чиққан. Зудлик билан уни тўғрилаш керак”;
• “Америка бошқа давлатларга ўхшамайди”;
• “Худо йўқ”.
Бу жавоблар қониқарсиз. Биринчи ва иккинчи фикрлар тўғри бўлиши мумкин, бироқ кўпчилик бу фикрга қўшилади. Учинчи фикр устида баҳс юритилганда, шунчаки бир томоннинг жавобига айланади. Яхши жавоб қуйидагича бўлади: “Кўп одамлар x ни тўғри деб билади, аммо ҳақиқат – x нинг тескариси”. Ўзимнинг жавобимни шу бобнинг охирроғида айтаман.
Ушбу парадоксал саволнинг келажакка нима алоқаси бор? Қисқача айтганда, келажак ҳали етиб келмаган дақиқаларнинг бутун жамланмасидир. Аммо келажакнинг ўзига хослиги ва муҳимлиги унинг ҳали етиб келмаганида эмас, балки у келганида дунё бугунгидан бошқача кўринишда бўлишидадир. Бундан келиб чиқсак, агар келгуси юз йилда жамиятимизда ҳеч қандай ўзгариш бўлмаса, демак, келажакка ҳали юз йилдан ортиқ вақт бор. Агар кейинги ўн йил ичида ҳамма нарса тубдан ўзгариб кетса, келажак жуда яқин. Келажакни ҳеч ким аниқ башорат қилолмайди, лекин икки нарса аён: келажак бугунга ўхшамайди ва унга бугунги дунёда замин яратиш зарур. Юқоридаги парадоксал саволга бериладиган жавобларнинг аксарияти бугунги кунга турли томондан қараш натижасидир; яхши жавоблар эса келажакка яқиндан назар ташлаш имконини беради.
НОЛДАН БИРГА: ТАРАҚҚИЁТ КЕЛАЖАГИ
Келажак ҳақида ўйларканмиз, унинг бугундан кўра тараққий этганроқ бўлишига умид қиламиз. Бу тараққиёт қуйидаги икки шаклдан бирида юз бериши мумкин. Горизонтал ёки экстенсив тараққиёт – иш берадиган нарсалардан нусха кўчириш, яъни 1 дан n га силжиш. Горизонтал тараққиётни тасаввур қилиш осон, чунки у бизга яхши таниш. Вертикал ёки интенсив тараққиёт эса янги нарса яратишни, яъни 0 дан 1 га ҳаракатланишни англатади. Вертикал тараққиётни тасаввур қилиш қийинроқ, чунки у ҳали ҳеч ким қўл урмаган ишларни талаб қилади. Дейлик, битта ёзув машинасидан нусха олиб, 100 та машина яратсангиз, сиз горизонтал тараққий этган бўласиз. Агар ёзув машинаси бўлса-ю, сиз матн процессорини яратсангиз, унда вертикал тараққиётга эришган бўласиз.
Умуман олганда, горизонтал тараққиётни бир сўз билан глобаллашув дейиш мумкин. Яъни маълум бир жойдаги ривожланишдан нусха олиб, уни ҳамма жойда қўллашдир. Хитой глобаллашувнинг амалдаги намунаси ҳисобланади; у 20 йил ичида АҚШнинг ҳозирги даражасига эришиб олишни режа қилган. Хитойликлар ривожланган дунёда тараққий этган ҳамма нарсани тўғри кўчириб келяпти: XIX аср темир йўллари, XX аср кондиционерлари ва ҳаттоки бутун бошли шаҳарларни ҳам. Бу йўлда бир неча босқични четлаб ўтган бўлиши мумкин, масалан, шаҳар телефонларини ўрнатмасдан туриб тўғридан-тўғри симсиз телефонларга ўтиш сингари, бироқ барибир ҳамма нарсани қандай бўлса, шундайлигича кўчиряпти.
0 дан 1 га ҳаракатлантирадиган вертикал тараққиёт бир сўз билан технология дейилади. Яқин ўн йиллардан бери жадал ўсиб келаётган ахборот технологиялари Кремний водийсини том маънода “технология”нинг пойтахтига айлантирди. Аммо технология фақат компьютерлар билан чекланиб қолади, деб ўйлаш ярамайди. Тўғри тушунтирилса, нарсаларни амалга оширишнинг янги ва самаралироқ усули технологиядир.
Чунки глобаллашув ва технология тараққиётнинг турлича модели бўлиб, бир вақтнинг ўзида ҳар иккаласи ёки фақат биттаси бўлиши, ёхуд ҳеч бири бўлмаслиги мумкин. Масалан, 1815 йилдан 1914 йилгача бўлган давр ҳам тезкор технологик ривожланиш, ҳам жадал глобаллашув асри бўлган. Биринчи жаҳон уруши ва Киссинжернинг Хитой билан муносабатларни тиклаш учун уюштирган 1971 йилги сафаригача бўлган вақт орасида кескин технологик ривожланиш кузатилган бўлса-да, глобаллашув унчалик сезилмаган. 1971 йилдан бери эса глобаллашув жадал бўлгани билан, технология ривожланиши фақат ахборот технологиялари билан чекланиб қолаётганига гувоҳ бўлиб келяпмиз.
Бугунги глобаллашув асрига қараб, келгуси ўн йилликлар бизга янада кўпроқ маданиятлар қоришуви ва бир хилликлар олиб келишини тасаввур қилиш мумкин. Ҳатто кундалик тилимиздан ҳам ўтган даврнинг қандайдир ўзига хос технологик якунланганига ишонч сезилиб туради: дунёни “ривожланган” ва “ривожланаётган” мамлакатларга таснифлаш “ривожланган” дунёнинг эришиш мумкин бўлган жамики нарсаларга аллақачон эришгани, қашшоқ мамлакатлар эса, шунчаки, уларга етиб олиши кераклигини назарда тутади.
Менимча, бу нотўғри. Юқоридаги парадоксал саволга жавобим шуки, аксарият одамлар дунё келажагини глобаллашув белгилайди, деб ўйлайди, аммо аслида технологиянинг аҳамияти кўпроқ. Кейинги йигирма йил ичида Хитой энергия ишлаб чиқаришни технологик ўзгариш қилмасдан икки баравар оширса, мамлакатда ҳавонинг ифлосланиши ҳам шунчага ортади. Агар Ҳиндистондаги миллионлаб хонадонларнинг ҳар бири америкаликлар каби яшаса, экологик фожиа юз беради. Бойлик орттиришнинг эскича усулларини кенг ёйиш бадавлатликка эмас, ҳалокатга бошлайди. Ресурслар тақчиллиги шароитида технологиянинг ёрдамисиз глобаллашув узоқ давом этмайди.
Янги технологиялар ҳеч қачон ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Аждодларимиз муваффақият бировнинг мулкини тортиб олиш билан ўлчанадиган, турғун жамиятда яшаган. Камдан-кам ҳоллардагина бойликнинг янги манбаларини яратишган. Узоқ давом этган бу тизим ўртаҳол одамни ҳаёт машаққатларидан халос қиладиган воситани яратиб беролмаган. Ибтидоий қишлоқ хўжалигидан то ўрта аср шамол тегирмонлари ва XVI аср устурлобларига қадар 10 000 йиллик ривожланишдан сўнг, замонавий дунё 1760-йилларда буғ машиналари пайдо бўлгандан тахминан 1970 йилгача кутилмаганда жадал технологик тараққиётни бошдан кечирди. Оқибатда аввалги авлод вакилларининг тасаввурига ҳам сиғмаган бадавлат жамият бизга мерос қолди.
Ота-онамиз ва бобо-бувимиздан ташқари 1960-йилларнинг охирида яшаб ўтган ҳар қандай авлод ушбу тараққиётнинг бардавомлигига умид қилди. Улар тўрт кунлик иш ҳафтаси, ўта арзон энергия (ҳатто ҳисобламасдан ҳам бемалол ишлатса бўладиган) ва таътилни Ойда ўтказиш имкониятини интиқиб кутди. Аммо ундай бўлмади. Смартфонлар бизни теварак-атрофдан чалғитибгина қолмай, яшаётган муҳитимиз қанчалик эскирганини пайқашга ҳам халал беради: ўрта асрлардан бери фақат компьютер ва коммуникациялар жадал ривожланди, холос. Бу билан ота-оналаримиз яхшироқ келажакни тасаввур этиб янглишган дейиш хато – улар фақат ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлишига умид қилиб адашишган. Бизнинг бугунги вазифамиз XXI асрни XX асрдан кўра осойишта ва фаровонлаштирадиган янги технологияларни ҳам тасаввур қилиш, ҳам яратишдир.
СТАРТАПГА ХОС ФИКРЛАШ
Янги технологиялар кўпроқ янги корхоналар – стартапларда юзага келади. Сиёсатдаги “Асосчи оталар”, фандаги “Қироллик жамияти” академияси, бизнесда “Fairchild Semiconductor” компаниясининг “саккиз хоин”и, умуман, бундай кичик гуруҳларни дунёни яхшироқ томонга ўзгартириш миссияси бирлаштириб туради. Бунинг энг содда изоҳи салбий жаранглайди: йирик ташкилотларда янгиликларни ривожлантириш жуда қийин, агар ёлғиз бўлсангиз, ундан-да қийин. Бюрократик иерархиялар секин ҳаракатланади, уларнинг илдиз отган манфаатлари эса таваккалчиликдан қочади. Аксарият дисфункционал ташкилотларда чиндан ишлаш ўрнига ишлаётганингизни кўрсатиб туриш мартаба ўсишининг энг яхши стратегиясига айланиб қолди (агар компаниянгиз бу таърифга мос келса, у ердан дарҳол кетинг). Бунинг акси ҳам шундай самарасиз. Ёлғиз даҳо классик адабиёт ёки санъат асари ярата олар, аммо у ҳеч қачон бутун бошли саноатни қура олмайди. Стартаплар вазифаларни бажаришда бошқалар билан ҳамкорлик қилиш тамойилига асосланади, шу билан бирга муваффақиятга эришиш учун жамоадагилар сони кўпайиб кетмаслиги зарур.
Ижобий таърифлайдиган бўлсак, стартап – ўзига хос келажак яратиш режасига ишонтирса бўладиган одамларнинг энг катта гуруҳидир. Янги компаниянинг асосий кучи – янгича фикрлашдир: компания ҳажми қанча кичик бўлса, кенгроқ фикрлаш имкони шунча кўп бўлади, бу эса тезкорликдан афзалроқ. Ушбу китоб янгилик яратувчи бизнесда муваффақиятга эришиш учун ўзингизга беришингиз ва жавобини топишингиз шарт бўлган саволлар ҳақида: бу қўлланма ёки маълумотнома эмас, балки фикрлаш машқидир. Чунки стартапнинг вазифаси мавжуд ғояларни сўроққа тутиш ва бизнесни бошидан қайта кўриб чиқиш ҳисобланади.
2
ХУДДИ 1999 ЙИЛДЕК
БАЗМ ҚИЛИНГ
Парадоксал саволимизни эслаймиз: “Қайси муҳим ҳақиқат борасидаги фикрингизга кўпчилик қўшилмайди?” Бунга тўғридан-тўғри жавоб бериш қийин. Яхшиси, ҳамма нимани тўғри деб ҳисоблайди, деб бошласак осонроқ бўлади. “Якка шахснинг ақлдан озиши камдан-кам учрайдиган ҳодиса, лекин гуруҳлар, партиялар, миллатлар ва муайян даврлар учун бу қоида”, деб ёзади Ницше (ақлдан озишидан аввал). Агар омма ишонадиган янглиш ақидани аниқлай олсангиз, унинг ортида қарама-қарши, парадоксал ҳақиқат ётганини кўришингиз мумкин.
Мисол тариқасида оддий фикрни олинг: компаниялар пул ишлаш учун яратилган, пул йўқотиш учун эмас. Фикрлай оладиган ҳар қандай одамга бу кундек равшан бўлиши керак. Бироқ 1990-йиллар охирида кўпчилик буни англамасди. У вақтларда катта йўқотишларга буюкроқ ва ёрқинроқ келажакка тикилган сармоя деб қаралган. “Янги иқтисодиёт”нинг анъанавий ҳикматига кўра, зерикарли фойда тушунчасидан кўра интернет саҳифаларидаги ташрифлар сони анча нуфузлироқ ва илғорроқ молиявий ўлчов бирлиги сифатида қабул қилинган.
Анъанавий ақидаларнинг асоссиз ва нотўғри экани фақат вақт ўтиб ўтмишга назар ташлаганда маълум бўлади: улардан бири “қулаган”да, биз бу эски ақидани пуфак деб атаймиз. Бироқ пуфаклар ёрилгандан сўнг ҳам улар яратган янглиш қарашлар йўқолмайди. 1990-йилларда авж олган интернет васвасаси 1929 йилдан кейинги энг катта пуфак бўлиб, ундан чиқарилган хулоса технология ҳақидаги бугунги фикрларимизни белгилаб берди ва хато тушунчаларни шакллантирди. Тиниқ фикрлаш учун энг аввал ўтмиш ҳақида биламиз деб ўйлаганларимизни сўроқ қилишимиз керак.
90-ЙИЛЛАРНИНГ МУХТАСАР ТАРИХИ
1990-йиллардан яхши хотира қолган. Бу ўн йилликни асосан интернетнинг гуллаб-яшнаши ва пуфакдек ёрилиши билан якунланган фаровон, некбин кайфият ҳукм сурган давр сифатида эслаймиз. Бироқ ушбу йилларнинг кўпи биз қўмсаганимиз каби қувончли кечмаган. Ўн йилликнинг сўнгги 18 ойида дотком [1] васвасаси вужудга келтирган глобал вазиятни унутиб қўйганимизга анча бўлди.
1989 йилнинг ноябрида Берлин девори қулагач, 90-йиллар юқори кайфият билан бошланганди. Аммо бу узоқ давом этмади. 1990 йил ўрталарига келиб, Қўшма Штатларда иқтисодий пасайиш бошланди. Таназзул 1991 йил март ойида тугаган бўлса ҳам, оёққа туриш секин кечди, ишсизлик эса 1992 йилнинг июлига қадар ўсиб борди. Ишлаб чиқариш тўлиқ тикланмади. Хизмат кўрсатиш иқтисодиётига ўтиш узоқ ва машаққатли кечди.
1992 йилдан 1994 йил охирига қадар умумий беқарорлик даври бўлди. Кабелли каналларда Могадишода ҳалок бўлган америкалик аскарларнинг жасадлари тинимсиз кўрсатиларди. Глобаллашув ва АҚШнинг рақобатбардошлиги одамларда безовталикни кучайтирди, иш топиш мақсадида Мексикага жўнаб кетадиганлар сони ошди. Бу тушкун кайфият АҚШнинг 41-президенти Жорж Бушнинг лавозимидан кетишига сабаб бўлди ва 1992 йилги сайловларда Росс Перога оммавий овозларнинг деярли 20 фоизини йиғиб берди – бу 1912 йилги Теодор Рузвельтнинг натижасидан бери учинчи партия номзоди учун энг яхши кўрсаткич эди. Нирвана гуруҳи, гранж мусиқаси ва героинга бўлган оммавий қизиқиш қандай тус олмасин, бу умид ва ишончни билдирмасди.
Кремний водийси ҳам оқсаётганга ўхшарди. Яримўтказгичлар бозори учун кечаётган курашда Япониянинг қўли баланд келаётганди. Интернет ҳали ривожланмаган, бунга қисман 1992 йил охиригача ундан тижорий мақсадда фойдаланиш чеклангани ва қисман браузерларнинг фойдаланишга ноқулайлиги сабаб эди. 1985 йил Стэнфорд университетига ўқишга кирганимда, у ерда энг оммабоп соҳа компьютер технологиялари эмас, балки иқтисод эди. Университетдагиларнинг аксарияти технология соҳасини ноодатий, ҳатто қолоқ ҳисобларди.
Интернет буларнинг барчасини ўзгартириб юборди. 1993 йил ноябрда расман “Mosaic” браузери оммага тақдим этилди ва у оддий одамлар учун интернетга уланиш имконини берди. “Mosaic” “Netscape”га айланиб, 1994 йил охирида ўзининг “Navigator” браузерини тақдим этди. “Navigator” жуда тез оммалашди – 1995 йил январь ойида браузер бозорининг тахминан 20 фоизини эгаллаган бўлса, 12 ой ичида деярли 80 фоизга чиқди – “Netscape” ҳали фойда келтирмаётган бўлса-да, 1995 йил август ойида IPOга (Initial public offering – фонд биржасида акцияларнинг биринчи марта оммага таклиф қилиниши) киришга муваффақ бўлди. Беш ой ичида, “Netscape” акцияларининг ҳар бири 28 доллардан 174 долларга кўтарилиб кетди. Бошқа технологик компаниялар ҳам гуркираб борарди. 1996 йилнинг апрелида “Yahoo!” оммавий савдода 848 миллион долларга баҳоланди. “Amazon”нинг қиймати эса 1997 йил май ойига келиб 438 миллион доллар эди. 1998 йилнинг баҳорига қадар ҳар бир компаниянинг акциялари тўрт баравар қимматлади. Скептиклар уларнинг кирим ва даромадлари интернетга алоқадор бўлмаган компанияларникига нисбатан бир неча баравар юқорилигига шубҳа қилди. Бозорни ақлдан озган деб хулоса қилиш ҳеч гап эмасди.
Бу хулоса тушунарли, лекин ноўрин эди. 1996 йил декабрида – пуфак ёрилишидан уч йил аввал – Федерал захира тизими раиси Алан Гринспен “Бемулоҳаза жўшқинлик активлар нархини ҳаддан ташқари ошириб юбориши” мумкинлигидан огоҳлантирди. Технология сармоядорларининг жўшқинлиги рост бўлса-да, уларни мулоҳазасиз деб бўлмасди. Ўша даврда дунёнинг қолган қисмида ҳам ишлар силлиқ кетмаётганини унутмаслик керак.
1997 йилнинг июлида Шарқий Осиё молиявий инқирозга учради. Клан капитализм ва йирик ташқи қарзлар Таиланд, Индонезия ва Жанубий Корея иқтисодиётини тиз чўктирди. Ундан сўнг 1998 йил августда рубль инқирози юз берди, сурункали молиявий тақчилликдан азият чекаётган Россия ўз валютасини девальвация қилди ва мамлакат қарзларини тўлай олмади. 10 минг ядроси бўла туриб, бир чақаси йўқ бўлган бу давлат америкалик инвесторларни ваҳимага соларди; Доу Жонс саноат индекси бир неча кун ичида 10 фоизга пасайди.
Инвесторларнинг хавотири ўринли эди. Рубль инфляцияси келтириб чиқарган кучли занжир реакцияси оқибатида йирик қарз маблағлари билан ишлайдиган АҚШнинг LTCM хеж-фонди катта зарар кўрди. Фонд 1998 йилнинг иккинчи ярмида 4.6 миллиард доллар йўқотди. Шундан кейин ҳам унинг 100 миллиард доллардан ортиқ қарзи бор эди, аммо кейинчалик Федерал захира тизими аралашиб, фондни молиявий жиҳатдан кучли қўллаб-қувватлади ва тизимли фалокатнинг олдини олиш учун фоиз ставкаларини дарҳол пасайтирди. Европада ҳам аҳвол чатоқ эди. 1999 йил январь ойида муомалага киритилган евро валютаси совуққонлик ва шубҳа билан кутиб олинди. Савдога кирган куниёқ унинг баҳоси 1.19 долларга кўтарилган бўлса, кейинги икки йилда 0.83 долларга тушиб кетди. 2000 йил ўрталарида “катта еттилик” давлатларининг марказий банклари ушбу валютани миллиард доллар билан қўллаб-қувватлашга мажбур бўлди.
Шундай қилиб, ҳеч нарса иш бермаётган дунё 1998 йил сентябрь ойида бошланган қисқа муддатли дотком васвасасига йўл очиб берганди. Эски иқтисодиёт глобализация келтирган янги муаммоларни ҳал этишга қодир эмасди. Яхшироқ келажак қуриш учун нимадир ишлаши, ишлаганда ҳам кенг кўламда ишлаши керак эди. Шунда билвосита далиллар ян+ги интернет иқтисодиёти олға боришнинг ягона йўли эканини кўрсатди.
[1] (Инглизча .com) – бизнес модели бутунлай интернет тармоғида ишлашга асосланган компаниялар учун ишлатиладиган атама.
ВАСВАСА: 1998 ЙИЛ СЕНТЯБРЬ – 2000 ЙИЛ МАРТ
Дотком васвасаси шиддат билан, аммо қисқа вақт – 18 ой (1998 йил сентябрдан 2000 йил мартгача) давом этди. Бу Кремний водийсининг олтин хуружи эди: ҳар томондан пул кириб келар, унинг ортидан қувадиган шижоатли, муғамбир одамлар ҳам сероб эди. Ҳар ҳафта ўнлаб янги стартаплар ўз лойиҳаларини бошлаши шарафига дабдабали базм ўтказиш билан беллашарди (лойиҳалар муваффақиятини нишонлаш жуда камчиликка насиб қиларди). Бўлғуси миллионерлар минг долларлик тушлик буюртириб, пулини стартапларининг акциялари орқали тўламоқчи бўларди ва қизиғи, баъзан бунинг уддасидан чиқарди. Қанчадан қанча одамлар стартап бошлаш ёки бирор стартапга қўшилиш мақсадида ўзларининг яхши маошли иш жойларини ташлаб кетарди. Мен таниган қирқдан ошган бир магистрант 1999 йилда олтита компанияни бошқарарди. (Одатда қирқ ёшда магистратурада ўқиш ғалати туюлса, бир вақтнинг ўзида ўнга яқин компанияни бошқариш ғирт жинниликка ўхшайди. Аммо 90-йиллар охирида одамлар буни муваффақиятли комбинация деб ишонарди.) Васваса барқарор эмаслигини ҳамма тушуниши керак эди; энг “муваффақиятли” компаниялар гўё ўсиб бориши билан пул йўқотадиган антибизнес моделни қабул қилгандек туюлди. Бироқ мусиқа янграб турган пайтда рақсга тушган одамларни айблаш қийин; компания номига “.cоm” қўшиб, бир кечада унинг қийматини икки баравар ошириш мумкин бўлган пайтда бундай мантиқсизлик мантиқий эди.
[1] (Инглизча .com) – бизнес модели бутунлай интернет тармоғида ишлашга асосланган компаниялар учун ишлатиладиган атама.
“PAYPAL” ВАСВАСАСИ
1999 йил “PayPal”га раҳбарлик қилаётганимда, мени мудом қўрқув босарди. Компанияга ишонмаганимдан эмас, балки Кремнийдагиларнинг ўта ишонувчанлиги мени чўчитарди. Қаерга қарамай, одамларнинг компания очиб, уни тезда сотиб юборишлари одатий ҳолга айланганини кўрардим. Бир танишим ҳатто ҳали асос солинмаган компаниясининг IPOсини уйидан чиқмасдан режалаштиргани ҳақида бамайлихотир айтиб берганди. Бундай муҳитда оқилона иш тутиш ғалати кўрина бошлади.
Ҳарқалай, “PayPal” ўз олдига каттагина мақсад қўйганди: биз АҚШ долларининг ўрнини босадиган интернет валюта яратмоқчи эдик. Дотком пуфагидан кейинги давр скептиклари эса буни “баландпарвоз” деб атаганди. Илк маҳсулотимиз одамларга бир “PalmPilot” қурилмасидан бошқасига пул ўтказиш имконини берди. Бироқ дастуримиздан уни 1999 йилнинг энг ёмон 10 та бизнес ғоясидан бири деб баҳолаган журналистлардан бошқа ҳеч ким фойдаланмади. У пайтларда “PalmPilot” қурилмалари кўпчиликка ҳаддан ташқари “экзотик” кўринарди, лекин электрон почта аллақачон оммалашиб улгурганди; шу сабабли электрон почта орқали пул юбориш ва қабул қилиш тизимини ишлаб чиқишга қарор қилдик.
1999 йилнинг кузига қадар электрон почта орқали тўлов дастуримиз яхши ишлай бошлади – исталган одам сайтимизда рўйхатдан ўтиб, осонгина пул кўчира оларди. Аммо мижозлар оз, ўсиш суръати секин, харажатлар эса кўпайиб борарди. “PayPal”ни муваффақиятли ишлаши учун камида бир миллион фойдаланувчини жалб қилишимиз керак эди. Реклама самарасиз эди, у харажатларни оқлай олмаётганди. Йирик банклар билан тузилган истиқболли битимлар бирин-кетин пучга чиқаётганди. Натижада тизимда рўйхатдан ўтган одамларга пул тўлашни маъқул топдик.
Ҳар бир янги мижозга рўйхатдан ўтгани учун 10 доллар бера бошладик. Агар мижоз бирор дўстини сайтга таклиф қилса ва ўша дўсти сайтдан фойдаланса, яна 10 доллардан бердик. Бу бизга юз минглаб янги мижозларни келтириб, ўсиш суръатини жадаллаштирди. Албатта, бундай усулда мижоз жалб қилишнинг ўзига доим суяниб бўлмасди – одамларга мижозингиз бўлиши учун пул тўлаш харажатингизни ҳам жадал оширади. Ўша пайтларда бундай аҳмоқона харажатлар Кремний водийсида одатий ҳол эди. Аммо катта харажатларимизни оқилона деб ҳисоблардик: фойдаланувчиларнинг йирик базаси яратилгач, “PayPal” ҳар бир мижознинг пул ўтказмасидан оладиган кичик комиссия бадали ҳисобига йирик фойда келтириши аниқ эди.
Ушбу мақсадга эришиш учун бизга кўпроқ маблағ зарурлигини билардик. Шу билан бирга интернет пуфаги ёрилишга яқин қолганини ҳам англаб турардик. Сармоядорларнинг лойиҳамизга бўлган ишончи яқинлашиб келаётган портлашдан сўнг ҳам сақланиб қолишига кўзимиз етмагани учун имкон борича кўпроқ маблағ йиғишга киришдик. 2000 йил 16 февраль куни “The Wall Street Journal” нашрида шиддат билан ўсаётганимиз мақтаб, “PayPal”нинг қиймати 500 миллион долларга тенг, деган тахмин билдирилган мақола чиқди. Кейинги ой 100 миллион доллар тўплаганимизни кўрган етакчи сармоядоримиз “The Wall Street Journal”нинг хомаки ҳисоб-китобларига ишонди. (Бошқа сармоядорлар ҳам бизга пул киритишга шошди. Жанубий Кореянинг бир компанияси дастлабки келишувларсиз ва бирор ҳужжатни имзоламасдан туриб ҳисобимизга 5 миллион доллар ўтказди. Пулни қайтаришга уринганимда, компания ҳисоб рақамини айтмади.) 2000 йилнинг мартида тўпланган ўша пуллар бизга “PayPal”ни муваффақиятли лойиҳага айлантириб олиш учун керак бўлган вақтни берди. Битимлар имзоланиши билан пуфак ҳам ёрилди.
