Муҳаббат симфонияси
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Муҳаббат симфонияси

Муҳаббат симфонияси

Рашод Нури Гунтекин

БИРИНЧИ ҚИСМ

I

Мезбон меҳмонхонанинг пешайвонга очилган эшигидан меҳмонга сасланди:

– Пошо, сен бу гўзал ойдинга қараганча ноз уйқуга чўммоқчига ўхшайсан. Қани, бир дақиқа жонингни қийнаб бу ёққа чиқ.

Оромкурсида емак-ичмакнинг оғирлиги ва йўл чарчоғидан бўшашиб қолган шаҳзода Вафиқ пошо инқиллаб-синқиллаб кўзларини очди, ҳорғин бир ялиниш оҳангида:

– Ортиқча мулозамат. Бу дейман, менга яна бир овқат едирмоқчисан, шекилли, – деди.

Мунир бей унга яқинлашиб жавоб берди:

– Бу галгиси бошқача зиёфат. Ҳозирги ёшларнинг таъбирича, «кўзлар учун бадиий зиёфат». Бундай қилмасликка тоқатим етмади. Нозик дидли меҳмонларим учун боғимдаги ранг-баранг узум нав­ларидан ва айниқса антиқаларидан бир ажо­йиб кўргазма қурдим. Бир бор узум едирсам, севинганимдан ёрилиб ўламан. Буям бир таклиф-да, пошом. Менинг кўргазмам қориндан, томоқдан зиёда кўзларнинг завқи учун, – Мунир бей эски оғайнисини ўз ҳолига қўймас, уни туришга мажбурлаб оромкурсини сал-сал силкитар эди.

Вафиқ пошо ҳолсиз-ҳолсиз жойидан турди.

Минора-уйнинг атрофини тўрт тарафдан ўраб олган соябонли пешайвон бошдан охиригача чордоқлар билан қопланган эди. Ой шуъласи осма шохларини тарар, япроқларнинг, узум бошларининг катталашган соялари билан тўшама тошларга худдики эртак­ларга хос нақшларни чизарди.

Вафиқ пошо емакхонага кирган заҳоти бирдан жонланди (ҳаяжонланганда французча, иш ёки сиё­сатдан баҳслашганда инглизча сўзларди). Ҳайрат билан қўлларини кўтарди. Пакана бўйини баландроқ кўрсатмоқчидай оёқлари учида туриб французча:

– Азизим, бу ер парилар дунёси, минг бир кеча саройининг хазинаси-ку! – деди.

Егуликлар териб қўйилган столнинг усти бошдан-оёқ кристалл узум вазалари билан безатилганди. Қизил, феруза ранг, сариқ, яшил узум бошлари осма лампанинг заиф шуъласи ичида ранг-баранг жавоҳирлар каби порлар эди.

Вафиқ пошо туркчада давом этди:

– Ҳа-а. Жамшиднинг машҳур дастурхони ҳам бундан ортиқ бўлмагандир. Сенга қойил, Мунир. Фақат еб-ичиш учун бўлса-да кўнгилдан чиқариб бирпасда гўзал санъатлар қилдинг.

Мунир бей асаридан мамнун бир санъаткорнинг мағрур тавозеси билан қўлларини қовуштирди: «Фаҳмимча шундай», деди, сўнгра гапирган сари орта борган бир ҳарорат билан давом этди:

– Ҳар йили шу мавсумда шундай жонли бир музей қураман. Буни сенга ҳам кўрсата олганимдан мамнунман. Музейимнинг асл қиймати нимада, биласанми? Сен кўриб турган узумлардан бир қанчаси ўз ижодимдир. Дунёдан узилиб, боғга чекинганимдан кейин узумчиликнинг савдойисига айландим. Уларни яхши парвариш қилдирсам, Измирнинг энг катта бойлигини келтиради. Лекин, биласан-ку, мен ҳаётда доимо манфаатдан олдин кайфиятни ўйлайман. Боғларим билан тижоратчидан кўра кўпроқ санъаткор каби машғул бўламан. Бола-чақасиз ҳаётимнинг бутун мароғини янги узум турлари яратишга бахш этдим. Пайвандчилик илмини бир санъат ҳолига келтирдим. Янги рангда, янги лаззатда бир узум тури топганимдан ғурурланаман.

Вафиқ пошо ошнасининг баланд елкасини силай олиш учун қўлини янада кенгроқ очиб кўтарди:

– Бу деярли бир хасталикки, отини, масалан «стафиломания» дейиш лозим. Таъбир чиройли-а? Айни чоғда узумдан гўзаллик излашдаги муносабатни ҳам инкор этиб бўлмайди. Тасаввур қил: Шарқда шеър шаробдан, яъни узумдан, юнонларда театр «бакус» маросимларидан, лотинларда...

Вафиқ пошо кўпдан бери ўзини гўзаллик тадқиқотчиси деб билар, фурсат топилиши билан атрофидагиларга мажбурлаб бемаъни ва айқаш-уйқаш назария­ларини тинглатарди. Дўстининг эски заифлигидан ҳамон қутулолмаганини ҳис этган Мунир бей таҳликанинг олдини олиш учун Вафиқ пошонинг дудоқларига бир шингил узум тутди:

– «Лаби нигорим»дан бир неча шингилини еб кўришинг керак! Унда сал гилос мазаси борлигини ҳам сезасан. Анави ёқтирганинг «Нури нигор»лар билан манави қаршидаги вазада зарлангандай кўринувчи «Тожи зар»ларни бир-бирига чанглатиш орқали олганим бу узумни еб кўрганингда ҳаммасини англайсан. Шакл ва ранг эътибори ила оналарига, оталарига ҳеч бир ўхшаш томонлари йўқ, шундай эмасми? Табиатнинг анг­лашилмас қонунлари бор, азизим. Инсонларда бўлса фанога тортамиз. Бу ишга шайтон аралашган, хотин томонидан хиёнат бор!» деймиз. Фақат издивож, яъни эмлаш аламли бўлгани учун бу шубҳа хаёлга келади. Мана бу янги тур ҳам. «Чордоқ хурмоси». Биргина шакли, порлоқ чангли оқ ранги эмас, лаззати ҳам бироз хурмога ўхшайди. Кичик бир ғалаба. Яширин бир умидим, кучли бир эҳтиросим борки, сенга тақдим эта оламан. Мен узумлар билан гуллар орасида бир сеҳрият яратиш, табиатга янги бир нав ҳадя этиш умидида юрибман. Сен бу навларнинг меваларини бир тасаввур эт. Масалан, манави крис­талл тошларга ўхшаган «Моҳи саҳар» гунафша гулдан олинган бир маҳсул. Гунафшанинг ҳидини бир лаззат ҳолида сизу бизга берган узум. Кўряпсанки, мен ҳам шоир, ҳайкалтарош ёки фалон-пистон каби ҳаёт яратган бир санъаткорман.

Вафиқ пошо қаҳ-қаҳлаб кулар, бироз олдин узум ейишга ҳоли йўқлигини айтганига қарамай, ҳозир ҳар вазанинг олдида алоҳида-алоҳида тўхтар, ҳар бирини қўлига олиб лампага тутар, ҳаммасидан бир-бир татиб кўрарди.

Шаҳзода Вафиқ пошо билан Мунир бей жуда эскидан бир-бирларини танирдилар. Қирқ йил аввал оилалари бирини Измирдан, бошқасини Мисрдан, Парижга таҳсил олсин учун жўнатишганди. Бу икки ёш дарров топишиб олишди, бирга яшашди, оз ишлаб кўп маишат қилишганди. У замонга оид хотиралари бор эдики, йиллар ўтган сайин ораларидаги боғлар янада кучланганди. Сўнгроқ тасодиф уларни Истанбулда бирлаштирди. Иккиси ҳам беш йилча Шўройи Давлат аъзолигида ҳамкор бўлгандилар. Ниҳоят, Мунир бей элчихона котиблиги билан бир қанча йиллар Лондонда бўлганди. Ҳар йили бир неча ой Англияда яшашга борадиган Вафиқ пошо эски дўсти билан тез-тез учрашиб-гурунг­лашиб турарди.

Шаҳзода Вафиқ кибор, жентлмен, бироз совуришга майлли бир одам эди. Катта амалларга, катта фикр­ларга боғланиб қолишдан тийиларди. Ўзини бир вазифа асири бўлиб қолмасликка ўргатиб, кенг фикр­лиликдан қочар, ҳаёт интизомини қабул қилмайдиган даражада санъаткор руҳли деб ҳисобларди.

Хотинининг вафотидан кейин бирор жиддий иш билан машғул бўлмаган, кичик қизи билан бирга юртма-юрт кезгани-кезган эди. Кибор денгиз шаҳарларининг, машҳур от пойгаларининг, айниқса, кўргазма ва театрларнинг мавсумини қочирмасликка ҳаракат қиларди. Борган ерларида доимо санъаткорлар билан борди-келди қилар, улар билан яқин муносабатда бўлишни фазилат деб биларди. Жиддий ақраболар бу ҳолларини ёқтиришмас, унинг тинч бир ахлоқли «санъат сарсариси» бўлиб қолганини юзига айтишарди. Бу гап-сўзлар қулоғига чалинганда ўзини баланд олиб кулар, муҳташам бир амр билан: «Санъат асиллиги ҳеч бир асиллик билан қабули муқояса эмасдир. Бу «санъат сарсариси» унвони менга бутун унвонларимдан ортиқроқ ғурур беради», дерди. Асиллик ва келиб чиқиши (шажараси)дан баҳс очилганда ва ўзига «Шаҳзода» деб мурожаат қилганларида сиқилгандай кўринар, ҳорғин, калондимоғ тусга кирарди. Айни чоғда «ким бўлганини» билмаслик­ларига ҳам чидай олмасди. Бирон йиғинда бегоналарга дуч келиб қолса, «ким бўлганини» анг­латгунча изоҳ бера-бера, жуда қийналиб кетарди. Томирида чинакам шаҳзода қони борлигини айта-айта, шундан кейингина бошқа дўстлари даражасига тушар, ким бўлганини унутмасликларини илтимос қиларди. Ресторан ва майхона деворлари учун тарвуз, узум, балиқ, катта денгиз қисқичбақаси лавҳаларини тайёрлайдиган номи улуғ, супраси қуруқ «ўлик табиат» рассомларни, маст-­аластлиги туфайли оркестрлардан ҳайдалган сарсари чолғувчилар ундан фикр олишга келардилар. Вафиқ пошо, санъатга оид маслаҳатлар билан бирга, уларга маълум миқдорда пул ҳам берарди.

Қизи Жовидонни, портатив (кўчма) дорихонаси ва қимматбаҳо тасбеҳ коллекциясини қаерга борса, ўзи билан бирга олиб кетарди. Узлуксиз харидорларга жавоб бериш билан ўтган бу «юксак сарсари» ҳаёти сабабли, малика Жовидон асосли бир таҳсил ва тарбия кўрмаганди. У ҳам отаси каби ўзини ўта билимдон ҳисоблар, санъатни қимматбаҳо бир безак ёки нақш каби баҳоларди. Ҳатто чиройли чеҳрасидек, эътиборни тортувчи закоси бор эди. Мажмуалардан, адабиёт китобларидан, санъат аҳли уюшмаларининг сафсатабозлари тўп­ланганда айтадиган илдизсиз, лекин жимжимадор, рангдор фикрларидан қўлидан келганча фойдаланар, ўртани идора қилар, отаси каби етакчилик қилишга уринарди.

Мунир бей бироз дарвеш табиатли, содда, маъқул бир одам эди. Бу ота-боладаги юзаки қизиқиш ва санъат ҳаваскорлигини ўзларига сездирмай, енгил қочиримлар ила кулги қиларди. Шундай бўлгани ҳолда иккисини ҳам севарди. Гарчи мақтанчоқлик душмани эди. Лекин уларнинг бошқалар эмас, ўзларини алдатиб масъуд бўлишларини кўраркан, бу мақтанчоқликда содда, соф бир самимият борлигини ҳам инкор этмасди.

Ўн йил олдин Измирдаги боғларига чекинган Мунир бей, эски оғайнисини талай вақтдан бери кўрмаганди. Вафиқ пошо ора-сира унга мактуб­лар ёзар, «ҳам ёрни эски дўстчасига бир-икки кун иҳё-йи хотирот-и шабоб этмак (ёшлик хотираларини жонлантирмоқ), ҳам Ойсулуғ харобалари боқайа-йи бадиийя­сини интоқ ила (тенги йўқ гўзалликдаги изларни, жонсиз борлиқларни гапиртириш санъати) ҳузури тарихда бир қанча соати истиғроқ (илоҳий ишқ билан жўшмак, ўзидан кечмак) кечирмак истайман», дерди.

Ниҳоят, ўша ёз бу орзуни амалга оширишга вақт топ­ган, бу мерос иш учун Истанбулдан Мисрга ўтаркан, беш-олти кун қолиш ниятида Измирга йўл олган эди.

* * *

– Дада, нега мен билан бормадингиз? Шундай бир фурсатни бой бердингизки…

Вафиқ пошо билан Мунир бей бошларини пеш­айвон тарафга ўгирдилар. Жовидон кечанинг гўзал андомига бир ҳайкал виқори берган чорчаваси ичида турар, чордоқнинг қўрғошин нақшлари юзида, оқ либосларида ўйнашарди. Мезбон ёш қиз томонга қараб юрди. Баланд вужудини бироз эгиб, енгил ҳазил аралаш расмият билан:

– Малика, – деди, – марҳамат қилиб бир дақиқага ичкари киринг. Олий зот отангизнинг содиқ бир дўс­ти сифатида сизга муҳташам, ҳукмдорона ҳадям бор. «Муҳташам, ҳукмдорона» де­йишимга куляпсиз-а. Ким билади, бугунгача сизга қандай бебаҳо ҳадялар беришган экан. Уларни тақдим этганларнинг доимо ичи куйган, сизга ло­йиқ бир нарса ололмаганидан маҳжуб бўлгандирлар. Мен, аксинча, ҳадям учун ғоят ғурурланаман. Абадий яшайдиган бир ёдгор, етти йилда вужудга келган жонли бир шоҳ асар. «Инсон ҳаётни ҳам ярата олади», дея кўрсата оладиганим бир нарса.

Ота билан қиз бир-бирларига қараб кулдилар. Мунир бей столнинг ўртасиданги четлари ўймали бир биллур вазани олди. Ичида оч яшил бир бош узум бор эди. Уй соҳиби вазани чироққа тутди:

– Буни қаранг, малика. Қайси асотир афсонасининг зумрад бошларида бундан ширинроқ бир яшиллик ўзини кўз-кўз қила олади. Ичларига диққат қилинг. Учтадан, тўрттадан шингиллари, шингилларида шаффоф ғужумлари борки, олмос тошларига ўхшайди. Бамисоли бу зумрадларни, ичларидан ёритадиган нурни, ғужумлар кўпайтиради. Етти йиллик заҳматимнинг маҳсули бўлган бу узум, рухсатингиз билан, сизнинг номингизни ташиса, дейман. Инсоният уни «Малика Жовидон» деб атаса, – Мунир бей кўзларида яширин бир истеҳзо нурлари билан давом этди. – Ҳадям нима учун «муҳташам, ҳукмдорона» деганимни энди англагандирсиз. Инжу, зумрад нақадар узун бўлса, шу қадар бир муайян умри бор. Бу бир бош узум тароватини эрта тонггача бир куч муҳофаза этади. Фақат келаси йил, ундан кейинги йил, ундан кейинги аср, хуллас, дунё дунё экан, так­рор-такрор ҳаётга келаверади. Малика Жовидон ҳар йили ёз охирида шундай энг гўзал кечасида янгитдан туғилиб яшайверади.

Жовидан узум бошидан бир кичик шингилни узди. Кулганча уч-тўрт игна билан ёқасига илди.

Узум кўргазмасини қолдириб пешайвонга чиққанда Вафиқ пошо қизидан сўради:

– Қаерларни айландинг, Жовидон?

– Боғнинг нариги чеккасигача бордим. Ойдинда боғлар ичида юриш нақадар гўзал бўлади-я, дада. Ҳеч диққат қилмагандим. Ерлар бошдан-­оёқ яланг, дарахтсиз. Шунчаки унда-мунда устунларнинг кичик кўлкалари бор. Тўсатдан қарши ёқлардан бир камон [1] овози кела бошлади. Машҳур «Шарқ нок­тюрн»и­ни чаларди. Ҳамда қандай гўзал, қандай фавқулодда бир чалиш, дада..

Шаҳзода Вафиқ оғир-оғир бошини лиқиллатиб изоҳ берди:

– «Эксекюсён»инг «фамо» бир нарса бўлишини тахмин этолмайман. Менимча, ойдин сенинг «эмпресионабилет»ингни орттирди.

Сўнгра Мунир бейга ўгирилди:

– Бу «Шарқ ноктюрнлари» нақадар катта шуҳрат қозонди. Қаерга борсам, унга дуч келаман. Тасаввур этки, майхона ва қаҳвахона граммофонлари ҳам уни чалади. Айни чоғда, ҳар неки бўлса-да, Арабдарасининг бу туркана декорацияси ичида бу «мусиқа» бегона кўринади.

Уй соҳиби жавоб берди:

– Сизларга яна бир нарса айтай. Бу фаранги «Шарқ ноктюрнлари» шу туркана Арабдарасидан туғилди. Бастакори Ҳусайн Канон исмли Измирдан келган бола. Шу ерда, бу Бўзёқа бўйларида улғайди. Малика, камоннинг жуда яхши чалинганини айтаркан, хато қилмади. Чунки уни шахсан бастакорнинг яқинидан тинг­лаган. Ҳусайн Канон икки кундан бери тоғасининг боғида меҳмон бўлиб турипти.

Ота ва қиз ҳайрат ва ҳаяжон ичида бир-бирларига қараб қолишди. Мунир бей сўзида давом этди:

– Ҳусайн Канон – боғ қўшним Соиб пошонинг жияни. Болалигидан бери танийман. Уятчан, одам­ови, дийдорига қараб тўйиб бўлмайдиган бола эди. Баъзи сабабларга кўра, Соиб пошо синглисини ҳам, жиянини ҳам севмасди. Соиб пошо бирда-иккида баладия раиси этиб сайланган, шу мансабнинг мазасига ўрганиб қолган телбасифат бир одамдир. Негадир қондош-жондош синглисининг одам бўлмаслигига инонар, бирор касб орттириб ишлаб кетишини хоҳларди. Мен ўртага тушиб Муҳандис мактабига ёздирдим. Мактабни қийналиб битирди. Бир неча йил кичик идораларда айланганини, кейинчалик эса Истанбулда мусиқадан дарслар бериб фақирона яшаётганини эшитгандим. Ҳалиям эсимда, бир кун Соиб пошога дуч келиб қолдим. Синглиси ва жиянини қора туп­роққа қориб роса ёмонлади. Нимаймиш, Канон онасининг Кемералтидаги кичик дўконини сотиб Оврўпога кетганмиш. Уч-тўрт йил ундан хабар олмагандим. Ўтган кунларнинг бирида бир Оврўпо мажмуасини титкилаб ўтирардим. Кўзимга Канонга ўхшаган бир расм илашди. Расмнинг остидаги ёзув­ни ўқидим: «Ёш ва қадрли турк виртуози Ҳусайн Канон» де­йилганди. Мажмуада яна бир танқид мақоласи ҳам бор эдики, у берган концертдан баҳс этарди: «Канон, катта истеъдодини кимларгадир бериб қўйганмиш, концертнинг ўз басталарига оид бўлган қисми эса ҳаммага ёққанмиш».

Истанбул матбуотининг сармоясиз, миш-миш­ларга берилмаган даври эди. Газеталардан бири, Канон тўғрисида ёзилган мақолалардан бир нечтасини таржима қилди. Сўнгра бошқа газеталар ҳам, ўша давр одатига кўра, устун-устун бандлар ёзишди. Оврўпо бир одамнинг маҳорати ва аҳамиятидан баҳс очса, у одамдан ортиқ шубҳа қилишга ҳеч кимнинг журъати етмасди. Йиллар бўйи орамизда қашшоқлик ичида яшаган бир нотаниш санъаткорни тўсатдан кўкларга кўтардилар, бемисл доҳийга айлантирдилар. Канон сояда яшайдиган шахсият эмасди. Фақат айтганларидай доҳий эканлигига ҳам инонмасдим. «Шарқ ноктюрнлари» унинг шуҳратини орттирди. Канон мутлақо суриб ташланишини сўйлаб, бунинг учун уч йил кифоя деб юрган Соиб пошонинг энди у билан нақадар ифтихор этишларини кўрсайдингиз. Бир пайт келиб Измирдаги адабий мажмуалардан бирида ўз расмини нашр эттирди. Остида «Шаҳримизнинг Баладия раиси муҳтарам, бастакор Ҳусайн Канон бейнинг тоғаси Соиб пошо ҳазратлари» деган ёзув­ни ўқиганимда кула-кула қотиб қолгандим.

Канон, тоғасининг ёлворишларидан кейин уч ойга Измирга келди. Бу муддатда янги бир асарини ҳам битказиб олиши ҳам мумкинмиш. Кеча эрталаб менга учраганди. Асари ҳақида маълумот сўрадим. Парижда танишган суриялик бир шоир қаламидан чиққан опера. Шуни басталаётган экан. Мавзу Хорун Рашид замонига оид гўзал бир ҳикоя. Воқеани жуда яхши англабди ва ҳис қилибди. Менимча, бу ишни муваффақият билан охирига етказолса, у замонимизнинг машҳур бир композитори бўлади.

Вафиқ пошо ва Жовидон бу сўзларни диққат билан тинглардилар. Оқсоқол шаҳзода сийрак соқолларини қўллари билан тараб:

– Азиз дўстим, – деди иззат-икроми учун раҳматлар айтиб. – Лекин бизни янада кўпроқ мамнун этмоқ учун нима қилишинг керак, биласанми? Бу кеча шоёни диққат йигитни ҳам даъват этасан.

Жовидон отасини қўллаб-қувватлади:

– Ўша йигит билан танишсак, мамнун бўлардик.

Уй соҳиби кулимсиради:

– Бўпти, – деди, – йўқотадиган нарсамиз йўқ. Эртага кечқурун уни таклиф этамиз. Ҳатто истасангиз, ҳозир ҳам чорлашимиз мумкин. Унча узоқ эмас. Зайнални жўнатай, келишини илтимос қиламан.

Бу ажойиб фикр эди. Ота-бола мамнунлик билан бир-бирларига боқдилар. Вафиқ пошо кўзларини қисди, бошмалдоғини қош­лари орасига суқди (хаёлида гўзал бир фикр ойдинлашганда доимо шундай қиларди):

– Қилинадиган зўр бир иш бор. Энди ёш виртуозга бир ҳужум ташкил қиламиз. Зиёратимиз ёш санъаткорларда ҳазинлик ва ҳаяжон уйғотиши ҳақида ўйла, Жовидон.

Вафиқ пошо, туркчани қўйиб французча ўлароқ сўзини давом эттирарди:

– Кечаси бу пари олам декорацияси ичидан икки шахс зуҳур этади. Буларнинг бири шаҳзода, бири малика. Боланинг бутун борлиғини титроққа соладиган бир ҳасрат. Балки бу ҳаяжон операсига ҳам юқар.

Қоровул Зайнал қўлида катта ва оғир бир таёқ билан олдинга тушди, ҳаммалари боғнинг ўртасидан оғир-оғир илгарилай кетдилар. Ходаларнинг соялари бир-бирининг ортидан қаторлашиб қоронғиликда тўлқин сафлари каби узоқ-узоқларгача ёйилар, ой ёруғлиги яланг ерларнинг устида сув йиғинларига хос оғир шуълалар билан ёниб-ўчар эди.

* * *

Боғ адоғидаги тахта эшикдан ингичка тиканли йўлга чиққандилар. Қуриган тиканлар орасида калтакесаклар шитирлар, ёз қуртлари атрофни чидаб бўлмас бир чириллашлари билан бўғарди.

Боғларнинг ҳорғин, иссиқ ҳавоси, оғир бир булут каби нафас йўлларига тиқилар, иссиқ шароб­лар каби бошларига урарди.

Сўқмоқнинг этагидаги кенг арава йўлини кўриб, тўхтадилар. Жовидон, отасига йўлнинг узоқ бир нуқтасини кўрсатиб, деди:

– Қаранг, дада, анавилар одам сояси эмасми?

Улар тўхтаб, Жовидон кўрсатган томонга боқдилар.

Йўлнинг нариги бошида катта-кичик ғалати бир соя карвони липиллар, энг олдинда бир эшак йўрғалаб келарди. Мунир бей меҳмонларига изоҳот берди:

– Бу мавсумда бу ерларда одат шунақа. Кечалари меҳмонлар тўда-тўда бўлиб шундай боғма-боғ айланиб юришади. Фақат нима учун бундай жимжит кетишяпти, билмадим. Одатда қўшиқ-мўшиқ айтиб шовқинлаб кезишарди.

Келаётган тўда бироз илгарилагандан кейин боғнинг бир четида, кичик бир тош уюми олдида тўхташди. Тўсатдан бир шовқин кўтарилди. Боланинг биллурдай қаҳқаҳаси қаршидаги тепаларда акс садо берди, аралаш-қуралаш овозлар оғир бир камоннинг жўровозлиги ила алладек эшитиларди.

Вафиқ пошо ила Жовидон эсанкираб қолишди. Мунир бей кулиб изоҳ берди:

– Бу минора Шамъи Дада номли бир қари дарвешники. Ярим ижодкор, лекин ринт, аҳли дил бир одам. Бўзёқада ҳамма уни танийди ва севади. Ҳозиргача ёлғиз яшайди. Икки ой аввал ёш бир аёлга уйланганди. Ўшандан бери ҳар ким у ҳақда латифа айтади. Афтидан бу кеча Канон бола-бақраларни тўплаб, дадага ҳурмат кўрсатишга келган, шекилли.

Алла борган сари ортаётган қаҳқаҳалар, жаранг­лаган бола ҳайқиришлари ичида бўғилар, овлоқ минораларнинг деразаларида шуълалар аксланар, итлар улир эди. Ниҳоят, кичик тош миноранинг тахта эшикларидан бири очилди, қўлида шам ила оқ энгилли бир инсон шарпаси кўринди. Шамъи Даданинг қўлини силкита-силкита бақиргани эшитилар, фақат шовқин ичида унинг нима деяётгани англанмасди.

Мунир бей меҳмонлари билан бирга сўқмоқдан кўчага тушганда нашъа, шовқинлар энг баланд пардасига чиққанди. Шамъи Дадани оқ либоси, куёвлик қизил маржон кавуши билан эшакка миндиргандилар, одамлар тўдаси яна йўлга тушганди. Қари куёвни бақиртириб-чақиртириб, ким билади, қаерларга олиб бораркинлар, қанча айлантираркинлар?

Мунир бей билан меҳмонлари йўл юзида кўриниш­лари билан овозлар пасайди, қўшиқлар кесилди. Тўда узоқдан, гумон қилганларидай, шунчаки оддий болалар эрмаги эмасди. Кичикларнинг орасида катта ёшли йигитлар, енгил кийинган қизлар ҳам бор эди.

Мунир бей узоқдан овоз берди:

– Дадам, надир бу ҳол?

Қари дарвеш жавоб берди:

– Нима бўларди, бейим. Бўри қариса кўппак­ларнинг масхараси бўлади.

Карвон тўхтаган, болалар билан катталар, Мунир бей ила меҳмонларининг атрофида бир ҳалқа бўлиб ўралишганди. Канон қисқа оқ кўйлакли бир гўзал қиз билан бирга эшакнинг тизгинини ушлаб турарди. Костюми ва бош кийими йўқ эди. Қалин сарғиш кўйлагининг кўкси очиқ, қўллари тирсак­ларигача шимарилган эди.

Мунир бей уни меҳмонларига таништирганда эсанкиради, ярим яланғоч вужудидан уялгандай, қўлларини кўкси узра қовуштирди. Буғдойранг юзи қоронғиликда ҳам қизаргани кўриниб турарди.

Вафиқ пошо пак-пакана қонсиз вужудидан қандай чиққани ҳайратга соладиган даражада йўғон, хириллаган овози билан:

– Санъаткорни бу қадар жозибали бир декорация ичида таниганимдан ғоят мамнунман, – деди. Сўнг­ра атрофини ўраб олган ёшларга, болаларга, узун соқолли, яланг бошли Шамъи Дадага, ёқимли чеҳрали эшакка қараб бир хитоба ирод этди.

Канон нимтабассум билан олдинга қараб тинг­лаб турарди. Жавобни яланғоч болдирларини тизза қоп­қоғигача ўраган қисқа, оқ кўйлагини Рим императоридай ғурурланиб кийган Шамъи Дада берди:

– Пошо ҳазратлари, Канон ўғлимиз илк файзини бу тупроқлардан, аввало, бу фақир ва ожиз Шамъи Дададан олди. Канонга илк мусиқа нафасини мен пуфлаганман.

Бегоналар ҳузурида чеҳрасига доимо виқор, сокин, ҳиссиз бир жиддийлик берадиган Жовидон ўзини тутолмас, кулганини кўрсатмаслик учун бошини Мунир бейнинг орқасига яширарди.

Дада давом этарди:

– Ютуқ, уруғ қобиғидан чиқади, қобиғини ёқтирмайдиган тушунчасига кўра, Канон бей ўғлимиз ҳам шуҳрат қозонганларидан кейин дадани ўз ҳолига ташлаб қўйдилар. «Дадани ташлаб қўйдилар» деган иборадан бир рамзий маънони назарда тутаман. Яъни туркана мусиқани қўйиб, фарангичага ўтиб олдилар. Менинг фақирона фикримга кўра, бир уруғ туғилганидан бошқа тупроқда бир нашъу намони тўла идрок этолмайди. Аммо сиз айтасизки, Канон сенинг маслагингда бўлса сен каби бир бечора дада бўлиб қоларди. Аммо буниси бошқа масала.

Вафиқ пошо қизига ўгирилди:

– Куляпсанми, Жовидон. Бу Шарқда шунақа одамлар бор, – деди.

Бу тасодиф соясида болаларнинг қўлидан ўзини қутқарган Шамъи Дада янги меҳмонларга икром кўрсатиш истарди. Кичик боғининг бир гўшасида тоза оқ бўйралар солинганди. Умрида илк бора бўйрада ўтирган Жовидон отасининг тиззаларига суянар: «Не янги таҳассус [2], ота. Бу кеча тўла Шарқ ҳаётини яшадик», дер эди. Шамъи Даданинг узумларини ейишга кимсада тоқат йўқ эди. Фақат ичкаридан «най»ини келтирдилар, унга бир қанча куй чалдирдилар.

* * *

Канон тўдадан айрилган, Мунир бейнинг меҳмонларига ҳамроҳлик қилиб келаётган эди. Боққа қайтилган вақт ой Илижа тепаларида ботаётганди. Дарахтларнинг учида енгил буғ ҳолида оқара бош­лаган япроқ уюмлари, шох-шабба йиғинлари орасидаги қушлар чуғури тонгни қаршилашга тайёр эди.

Онаси Малак хоним ҳали ётмаганди. Ўғлининг бу қадар кеч қолганига нима сабаб бўлдийкин, деб қизиқар, пастки хонанинг очиқ деразаси олдида, нозик елкаларида жун шарф билан уни кутар эди. Узоқда бир ит вовуллади, кўча эшигига келадиган ингичка йўл устида бир кўлка кўринди.

Малак хоним йўлни яхшироқ кўриш учун чўзилди:

– Канон! Канон! Сенмисан? – дея овоз берди.

Канон жавоб бермади, одимларини секинлатиб, ўз мусиқа парчаларидан бирини ҳуштак қилиб чала бош­лади. Кўпдан бери таранг камон торлари каби энг енгил бир таъсирга қарши теран, яширин оҳанг­ларга кўмилган хаста асаби, айниқса, шундай тонг соатларида тинимсиз бир титроқ ичида яшарди! Ҳаяжони чалаётган ҳуштагига бир чолғу асбобига хос ҳассосият ва назокат берар, қоришиқ руҳининг умидини, орзусини, ҳузунини, нашъасини бутун ингичка ранг­лари билан сўйлар эди. Ҳамон ҳуштагини тўхтатмаган ҳолда чордоқларнинг остидан ўтди, онаси турган деразанинг қаршисига келди.

– Нега бунча кеч келдинг, Канон?

– Мен у ердан чиққанимга кўп бўлди, ойи. Боғда айландим. То Қирқчомларгача бордим.

– Бир ўзинг у ерларда кезишдан қўрқмадингми? Бундай қилма, Канон.

Канон паст деразага қўл узатиб онасининг ингичка билакларини тутганди. Мовий кўзларида толғин хаёлчанлик билан кулимсиради:

– Мен қўрқарканманми? Ўғлингизга кучи етадиган куч борлигини тасаввур қила оласизми? Ҳаёт энди меники, ойи. Мен толесизликни енгиб олганман.

Теран бир ҳаёт завқи билан титраган қўлларини узатди, онасининг қийшайган, заиф вужудини авайлаб деразадан ташқарига олди. Узоқ айрилиқдан сўнг уни илк бора қўлга олаётгандай бағрига босиб, ҳали ёшлигини сақлаган, аммо ҳорғин юзларидан ўпди.

Малак хоним Канонни етти-саккиз ёшига қайт­ган ҳисобларди, ўша пайтларда ҳам гоҳо-гоҳо бундай англашилмас бир меҳр билан титрай бошлар, мовий кўзларини яна шундай ёшлар билан тўлдирган севиш, севилиш эҳтиёжи билан бўйнига осиларди. Ўғли улғайганда эса бу одатини ташлаган, собит, тортинчоқ, маҳзун бир йигит бўлганди.

Малак хоним ўғлининг узун сочларини силади:

– Ётмайсанми, Канон. Чарчамадингми, касал бўлиб қоласан, – деди.

Канон зинапоянинг тош босқичига ўтириб, онасининг қаршисига чўкди ва табассум билан:

– Ухлашми? Уйқу бахтиқаролар, хасталарнинг насиби, ойи. Бутун руҳи билан яшаётган бахтиёр инсонлар нечун ухласин? Биласизми, бу соатларда дунёда ҳали қуёшлари ботмаган ёки ой ёруғида шуълаларга ғарқ бўлган мамлакатлар бор. У ерда Каноннинг басталарини чаладилар, ўғлингизнинг тили ва қалби билан дардларини ёзадилар, йиғлаб куладилар. Эрта-индин яна бир катта асарим битади. Энди ўлимлардан ҳам қўрқмайман, ойи. Канон кўмилган, дудоқлари абадиян тинган бўлса нима бўпти? Каноннинг ўлган дудоқлари мусиқанинг руҳи билан сўйлашда давом этади. Бу мусиқа тараларкан, яшаётганлар жим бўлиб қоладилар, сарғаядилар, йиғлайдилар. Кўрасиз, нақадар масъуд бўламиз. Ниҳоят, толе менга ҳам кулди. Бахтим билан ич-ичимдан ёнаётирман.

[2] Таҳассус – ўзига хослик.

[1] Камон – ғижжак.

II

Малак хоним кекса бир мева тижоратчисининг сўнгги боласи эди. Олдинги фарзандлари ўғил бўлгани учун отаси уни ҳаммасидан ортиқ яхши кўрарди. У пайтларда тижорат ишлари жуда яхши борарди. Бундан ташқари Малак ҳам дарҳақиқат чиройли бир қиз эди. Ҳали ўн тўртга тўлмасдан унинг бошига бир қанча кўргиликлар тушганди. Салоҳиддин афанди қизи учун унча-мунча одамни муносиб кўрмасди. Лекин, на иложки, қизи кўнглини отасининг котибларидан истанбуллик бир ёш чалғитиб қўйди. Умид­лари йўқ эди: на Салоҳиддин афандининг, на-да ўғилларининг бундай бир издивожга рози бўлмасликларини иккиси ҳам билардилар.

Икки йил сирларини сақлай олгандилар. Лекин ҳар қандай савдо каби бу савдо ҳам ниҳоят ўртага чиққан, овозаси бутун Измирга ёйилганди. Кекса тижоратчи воқеани суриштириб билганда юраги санчиб ўлишига сал қолганди. Мавқе ва бойлик ҳақида қадимдан томир отган бир қанча фикрлари бор эди. Сўнгра бу ёш котибни зотан севмас, ҳар қачон марҳамат юзасидан ёнида тутарди. Ноилнинг ўтмишида бир доғ бор эди: уч йил аввал уни бир молия масаласи туфайли Маниса ҳисоб-китоби идорасидан бўшатилган эди. Суд уни маҳкум этмак учун етарли далил тополмай оқлаганди. Лекин шунга қарамай, Ноил бу доғдан қутулолмаган, ҳаётини маъмуриятдан бошқа ерлардан излашга мажбур қолганди.

Салоҳиддин афанди назарида ёш котибнинг гуноҳи шундангина иборат эмасди. Меҳнаткаш, аммо бироз ҳаволи бир Истанбул боласи эди. Хурсандчиликни кўп севарди. Гўзал уд чалгани учун ора-сира зиёфатларга, ишрат оламларига даъват этардилар.

Салоҳиддин афанди ва ўғиллари уни ўша куннинг ўзида қувгандилар. Малакка ҳам жуда қаттиқ муомала қилдилар, уни олти ойга Сўкадаги аммасиникига жўнатдилар. Шу тариқа ёш қизга бу чиркин воқеа­ни унуттира олишга умид қилардилар. Лекин натижа тахминларининг бутунлай тескариси бўлиб чиқди. Ноил, Денгизлида янги бир хизмат ўрни топишга муваффақ бўлганди. Сўнгра, Сўкадаги бир мактабдош оғайнисининг хотини орқали ора-сира Малакка мактублар йўллар, ундан жавоблар оларди.

Ёш қиз Ноилни унутиш у ёқда турсин, кундан кунга ортиқроқ севар, ундан бошқа кимсага тегмаслигини, унинг учун ҳар нарса қилишга тайёрлигини ёзарди.

Кекса тижоратчи қизини Измирга қайтаришни ўйлаб юрган кезларда Сўкадан бир теле­г­рамма олади. Малак Ноил билан бирга қочган, ҳатто бир қиш­лоқ имомининг уйида никоҳлари ҳам ўқилганди.

Салоҳиддин афандининг катта ўғли Соиб, Ноилни таклиф қилиш кераклигини, энг кичик ўғли Ҳилми бу номус доғини қон билан ювиш лозимлигини таклиф қилдилар. Лекин кекса ота ила бош­қа ўғиллари бу фикрда эмасдилар. Қизлари – ҳам уларга, ҳам ўзига ўчмас бир доғ сурганди. Уни ортиқ ўлган деб ҳисоблайдилар, отини ортиқ тилга олмайдилар.

Салоҳиддин афанди онтида собит қолган, икки йилдан кейин ўлим тўшагида ҳам қизини кўришни истамаганди. Бойлигини тўрт ўғли орасида тақсимлаб, Малакка Тилкиликда кичик бир уй ила Кемералтида бир косиб дўконидан бошқа мол қолдирмайди.

Бутун ғайратига, бутун фидокорликларига қарамай, бу никоҳ Малак хонимни ўйлаганидай масъуд қилолмаганди. Ёшига кўра жуда оғиртабиат, ақлли хотин бўлганди. Дабдабада, салтанатда, зеб-зийнатда кўзи йўқ эди. Қолдиргани бой-маъмур ҳаёт, фидо қилгани катта умидлар учун ҳеч вақт пушмон бўлмаганди. Эрининг муҳаббати билан овуниб яшарди. Синч деворли, паст, қора шипли қишлоқ уйларининг қашшоқлигини кўрмас, энг мушкул кунларда ҳам нашъа ва жасоратини йўқотмасди.

Ноил толесиз бир йигит эди. Лекин ёмон, қалбсиз бир одам эмасди. Хотинини, ўн саккиз ой ора билан туғилган болаларини қашшоқликда кўрганда эзилиб битарди. Илк савдо ҳаяжонлари ичида бугунларни тахмин этолмагани учун ўз-ўзига лаънатлар ўқирди. Енгил табиатини, бутун ёмон феъл­ларини ортда қолдирганди. Хотинини, болаларини сал бўлса-да бахтлироқ бир роҳатда кўриш учун тинмай ишлаб ўзини ҳар ёққа урарди. Лекин толесизлик унинг ёқасини асло қўйиб юбормас, кичик оила кундан кунга баттарроқ камбағаллашиб борарди. Ойдин вилоятининг бутун қасабаларини бирма-бир кеза бошлагандилар. Доимо идоралар ва жойларни ўзгартиришар, лекин биронтасида аҳволлари яхшиланмас, шунинг учун ҳеч бири жойда ўрнашиб қололмасдилар.

Бу қашшоқлик ичида Канон етти, Афифа беш ёшига келганди. Ортиқ ҳеч бир ишда муваффақият қозонолмаслигига инонган Ноил, бадбин, маъюс қора бир одамга айланганди. Тақдирларини унутиш баҳонасила яна ичишга берилди, соғлиғи каби ахлоқи ҳам кундан кунга бузила бошлади. Худди шу асноларда бирдан оиланинг вазияти тузала бошлади. Ноил кўпроқ пул топар, ўзи янада жонлангандай, аммо асабий кўринарди. Фақат бу маъмурлик узоқ муддат давом этмади. Бир кеча жандармлар уйни босдилар, бирон сабаб кўрсатмасдан уни олиб кетдилар. Малак хонимга эртаси кун, эрининг яна бир жавобгарликка учрагани ҳақида хабар бергандилар. Лекин бу галгиси бўҳтон эмас, оддий, журъаткор ўғрилик эди.

Ноил буни очиқчасига тан олар, дарҳол лоқайд бир тавр билан:

– Бошқача яшашнинг иложи йўқ эди, бола-­чақам очликдан ўларди, – дер эди.

Бу эътирофга кўра суд муҳокамаси ойларча давом этганди. Малак хоним қўлида икки боласи билан кўчада қолганди. Ойларча энг қоронғи бир қашшоқлик билан юзма-юз яшаганди.

Ноил қамоқда изтироб, умидсизликдан қутурар, хотини, болалари билан бирга уни кўришга борганда болалардай йиғлашдан бошқа ҳеч нима қилолмасди.

Малак хоним Ноилнинг илтимоси билан акаларига мактуб ёзди, ўзларига бўлмаса ҳам, кичикларига ачинишлари учун уларга ёлворди.

Энди улар ҳам эски ҳолда эмасдилар, ўртанча оғалари Нажиб ва Масъуд бирга бошлаган тижорат ишида чўкиб маҳв бўлгандилар. Энг кичик акаси Ҳилми бор-йўғини сотиб, Истанбулга кетганди.

Оиланинг бундай пароканда бўлишига муқобил ёлғиз Соиб бей ўсиб борар, жуда бой одам бўлганди.

Соиб бей Малакка жавоб бермаган, тўғридан-тўғри Ноилга мактуб ёзганди:


«Бу ишда бир айб ва гуноҳ бор бўлса у сизга оиддир. Синглимизни ота ўчоғига қабул қилишга тайёрмиз. Фақат бизга сиз билан ҳеч бир алоқаси қолмаганига доир расмий ва шаръий талоқ хати тақдим этишингиз лозимдир».


Каноннинг энг эски ва аччиқ хотираси, отасидан ажралган кунга оиддир. Қоронғи, ёмғирли бир куз куни эди. Малак сўнгги марта эрини кўриш учун болалари билан қамоқхонага борганди. Канон қай вақт кўзларини юмса шу кичик тош хонани барча тафсилотлари билан кўрарди. Бутун ашёси, устига сариқ кўрпа ташланган ҳар ёғи қирилган тахта каравот, бир қумғон, бир тунука чироқ, бўш бир газ қутиси ҳамда бир уддан иборат эди.

Малак хоним каравотга ўтириб, болаларини икки ёнига олганди. Гаплари гапга қовушмай, жим ўтиришарди. Отаси, ёнида очиқ ётган устара, темир панжарали кичик дарчадан кирган хира нур ичида янада сариқ ва заиф кўринган чеҳраси билан газ қутисининг четида чўкканча ёнидаги уднинг торларини ўйнарди. Ўшанда Ноил удини қучоғига олган, жуда секин ва маҳзун бир куй чалганди.

Канон сўнгги йилларда оғир бир терлама касалига йўлиққан, анча пайтгача ўзини билмай ётганди. Бу хасталик кунларида ҳаёт билан алоқаси ёлғиз шу садолардан иборат бўлиб қолган, руҳини қамраган қора йўқсиллик ичида отасининг удини тинглаганди. Бир кун қариб ўларкан, энг сўнгги эшитадиган нарсаси шу уд бўлишига, шу узоқ, маҳзун саслар ичида жон беришига ишонарди.

Дарчадан кирган сўнгги шуълалар рутубатли, қора деворларда сингаркан, эшик очилиб, қўлида фонар тутган ҳайбатли бир навкар кўринди.

Канон ортиқ на онасига, на ўзларини қўлга олиб такрор-такрор ёноқларидан, кўзларидан ўпган отасига қараган, қоронғиликда йиқилиб кетмаслик учун онасининг этакларига ўралиб, узун, совуқ тош­ликлардан ўтганди.

Измирга келгандан кейин ортиқ отаси ҳақида гапирилмади. Фақат бир йилча кейин яна бир жандарманинг бир қути келтирганини хотирларди. Онаси унга олтин қопламали кичик бир соат, садаф сопли бир қаламтарош (пичоқ) берганди. Канон буларнинг кимдан келганини, нечун ўзига берилганини сўрамаганди.

Ёлғиз ўша кеча тонггача англашилмас бир ҳис билан уйқудан уйғонган, ёнидаги ётоқда ўзини қучоқлаб ухлаётган онаси билан Афифани билдирмай, уйғотиб юбормай ёноқларидан ўпганди.

Каноннинг отасига оид хотиралари шулардан иборат эди.

* * *

Соиб пошонинг Қоронтинада данғиллама уйи, Бўзёқада катта иморатлар каби муҳташам минорали боғи бор эди, аммо булар на Малак хонимни, на-да Канон ила Афифани масъуд қилолмаганди. Бу одамда битмас иқбол ва мансаб ҳирси, ўта бир мағрур телбалиги бор эди.

Бир пошолик ва уч-беш нишонни қўлга киритиш учун ўша вақтнинг махсус одамларига бир дунё пора едирганди. Шундай бўлдики, натижада Измирда бутун фаолият ва қудратини ҳам баладия раиси [3] бўлишга ва қўлга киритган мавқеини қанча пул кетса кетсин, муҳофаза этишга сарф қилганди. Қишда қўноғи, ёзда болохонаси такя каби ишлар, ҳожилардан, хўжалардан бир қанча текинхўрлар, ялтоқлар билан тўлиб-тошарди. Буни одатий мунтазам ташкилот қилганди. Нуфузидан фойланмоқчи бўлган шахслардан ҳеч бирини эътиборсиз қолдирмас, йиғим-терим пайтларида Истанбулдаги ҳомийларига тенг-тенг қилиб узум, анжир жўнатар, шаҳарга ҳар янги волий [4] келганда қутлов зиёфатлари уюштирарди.

Соиб пошо синглисини уйига қабул қилган бўлса ҳам, ҳали афв этмаганди. Ҳамон Канонни негадир севмасди. Канон унинг назарида исрофгар, манг­лайи шўр бир ўғрининг ўғли эди. Тарбиясига қанчалик ғайрат қилмасин, натижа бериши гумон эди. Мутлақо отасига ўхшаган бўлади, ҳаётини қамоқда, ҳатто, эҳтимол, дорда тугатар. Зотан, бу ёшда, бу най­­новлиги билан у дайдига ўхшамайдими? Бу боланинг мазлум, ҳалим, одамови таврларига инониш тўғри бўлмасди. Отаси ҳам кўринишда шунақа эди. Лекин фурсат бўлганда қайси ёмонликдан қўл тортди?

Канон катта тоғасининг бодомқовоқли йирик, қайнар кўзларига бир кун титрамасдан қаролмасди. Тарбияли, индамас, қўрқоқ бир бола эди. Жонсиз заиф вужуди, рангсиз нозик юзи уни аслидагидан кичикроқ қилиб кўрсатарди. Касаллик даражасида ҳассос эди. Атрофида бўлган нарсаларни изтироб чекаётган катта одамлардай барча нозиклиги-ла анг­ларди. Фақат руҳини бошқаларга кўрсатишдан қочарди. Онаси ҳам бу бола қалбида нималар кечаётганини англамасди. Баъзан ҳеч сабаб бўлмаса-да онасининг бўйнига ўралар, ёноқларидан, кўзларидан, қўлларидан ўпарди. Малак хоним бу дақиқаларда унинг алланимадан эзилганини, мовий кўзларининг ёш-ла тўлганини кўрарди. Сабабини сўраганда Канон бир нарса ҳам демасди. Чунки бу сабабни ўзи ҳам билмасди. Бу, ухлаш, сув ичиш каби бир ғалати эҳтиёж эдики, ич-ичидан келарди.

Бошқа бола бўлсайди, қўноқдаги вазият уни ҳақир ҳолга туширган бўларди. Фақат бундай ҳақоратга дучор бўлишдан қўрққани учун доимо одамлардан узоқ юрар, тоғасининг тап тортмас болалари билан яқин бўлишдан тийиларди. Болаликнинг барча ҳақларидан ўз ихтиёри билан воз кечганди. Ҳеч кимдан ҳеч нима истамас, ҳеч бир шикояти эшитилмасди.

Бирор ҳақсизликка учраганда ҳам шикоят этмас, мазлум бир сукутга чўмганча бошини эгарди. Лекин кимдандир ширин муломала, кичик бир яхшилик кўрган вақтларида соф, самимий бир миннатдорлик билан қабул қиларди. Бу ҳоллари билан атрофидагиларда марҳамат аралаш бир ҳурмат уйғотар, ўзини дарҳол сийлашларига муваффақ бўларди.

Болалигининг аччиқ хотираларидан бири эса онаси ва синглиси билан тоғасининг уйидан кетган кун эди. Бир қиш тонгида ўн бир ёшли болани қўлларидан тортиб ётоғидан турғаздилар ва тоғасининг хонасига етаклаб бордилар.

Соиб пошонинг чўнтагидан қимматбаҳо бир олтин соат ўғирланганди. Эрта тонгдан сўроқ қилинган хизматчилардан бири тунда Канонни тоғасининг ётоқхонасида кўрганини айтганди. Бундай далил, болага туҳмат ёғдириш учун етарли бўлганди. Уйда, қамоқхона бурчагида ўлганлиги қайд этилган бир ўғрининг ўғли бор экан, бошқалардан шубҳа қилиш гуноҳ бўлмайдими?

Канон тунги кўйлакда янада заиф кўринган инжа вужуди, ҳануз уйқуга ташна мовий кўзлари билан тоғасининг қаршисида тит­рар, бошини эгиб турарди.

Малак хоним эшикнинг ёнида, қора кўйлаклари ичида бир ўлик каби совуқ кўринган юзи билан оёқда турар, гапга аралашмасди.

Cоиб пошо негадир баджаҳл эмасди. Аксинча, оғир, эзғин бир овоз билан, арзимас нарса ҳақида гап кетгандай гапирарди:

– Жуда барвақт бошладинг, кичкина. Эҳтимол отангни ёд эттиришга азм-қарорингдир бу. Ҳеч бўлмаса уч-беш йил кутсанг бўларди. Унгача биздан олиниши керак бўлган нарса олинмай қоладими, деб қўрқдинг, шекилли? Сен ҳам одамсан, ахир. Энди бу ёғига отангдан сенга мерос қолган олтин билаг­узук эсон-омон турсин. Дунёда олиниши керак бўлган нарсани олмайдиган анойи борми...

Канон тоғасининг заҳардай аччиқ сўзларига жавоб қайтармас, юзига қарай олмасди. Фақат соатни олган одам ўзи эмаслигини кўрсатмоқчи бўлгандай ингичка, титроқ кафтларини очар эди.

– Ҳей, бунинг туришига бир қаранг-а. Айбдорлар ҳам маҳкама қаршисида шундай туради. Сен энди мендан қўрқма, ўғлим. Нима қилсам ҳам тоғанг бўлиш фалокатидан қутулолмайман. Сени кесиб осиш менинг қўлимда эмас. Лекин бу кетишда яқинда давлат маҳкамаларининг қаршисига ҳам чиқасан. Таёқ бор, қамоқ бор, ҳали олдингда дорда чайқалиш бор. Сен билан бирга биз ҳам ёмонотлиқ бўламиз. Майли, гапни чўзмайлик. Соатни қаерга қўйган бўлсанг чиқар бу ёққа...

Канон нимадир демоқчи бўлди. Фақат оғзи тит­рар, сўлғин дудоқларидан овоз чиқмасди. Шунчаки кўзларини юмиб, «яхши» демоқчи бўлгандай бир неча марта бошини чайқади. Оёқлари бир-бирига чалишганча хонадан чиқди.

Малак хоним турган ерида енгил бир изтироб фарёдини тўхтатолмаганди, кўзлари ёшга тўлар, қўллари билан юзини бекитарди.

Соиб пошо қошларини чимирди, синглисининг юзига қарамасдан:

– Бўрининг боласи оқибат бўри бўлади, синг­лим. Бу табиат қонунидир. Биз таваккалига бунча қайсарлик қилдик. Кўриб турибсанки, бизга ҳам, ўзинг­га ҳам жабр қилдинг.

Эшик енгил ғижирлади. Канон қўлида бир эски духоба тақинчоқлар қутичаси билан кирди. Титраган бармоқлари билан қутича қопқоғини очмоқчи бўлар, аммо бунинг уддасидан чиқолмасди. Бир неча марта қўлидан ерга туширди...

Соиб пошо унинг юзига қарамасдан қутичани олди, очди. Унда бошқа соат – Канонга отасидан мерос қолган ўша олтин қопқоқли кичик соат бор эди.

Соиб пошо уни қўлига олди, ҳайрат билан:

– Бу нима? – деди.

Канон бу сафар бошини кўтаришга журъат этди. Узун-узун киприкли мовий кўзлари билан тоғасига қаради, кичик юрагининг бутун тоқатини сарф этиб:

– Йўқолган соат ўрнига буни олинг, Пошо тоға. Менга осилманг. Худо ҳақи, сизнинг соатингиз менга керак эмас, – деди.

Бир неча дақиқадан кейин Соиб пошонинг хотини асл соатини келтирди. Соат жилетининг сўкилиб қолган чўнтагидан латта билан астар орасига сирғалиб тушиб қолган экан.

Малак хоним йиғлай-йиғлай боласининг қўлини тутди:

– Сизни кўп қийнаб қўйяпмиз, ака. Рухсат этинг, мен болаларим билан Тилкиликдаги уйимга кета қолай, – деди.

Соиб пошо уни қайсарликдан қайтармоққа анчагина ҳаракат қилган, сўзига кирмаса яна пушмон бўлишини таъкидлаганди. Малак хоним ҳаётдан аччиқ дарслар олганди. Дунё чек-чегарасиз. Бир кунмас бир кун яна акасига муҳтож бўлмаслигига кафолат бормиди? Шундай бўлгани ҳолда қарорида собитлик кўрсатди. Зотан, у кўпдан буён буни ўйларди. Қўноқдаги ҳаёти қанчалик фаровон бўлмасин, бироз мусофирликка ўхшар, оила онаси эҳтиёжларини қондиролмасди. Яхшилик билан ажрашиш, акасини ранжитмаслик учун кўп юмшоқ гапирар: «Бизнинг отамиз ҳисоб­ланасиз, ака. Бошимиз дорда қолса, албатта, яна сиз ёрдам берасиз», дея унинг кўнглини олди.

* * *

Ўз уйларида фақирона, аммо масъудроқ ва хотиржамроқ яшардилар. Бу уч хонали кичик уй тор, нимқоронғи бир кўчанинг охирида эди. Мўъжазгина боғи ҳам бўлиб, уни тозалаб, гуллар эккандилар.

Канон, бейлар кўчасидаги мактабга қатнарди. Ас-та-аста бўйи чўзилиб, юзи кўркамлаша бошлаганди. Отасидан ортиқ қорача, лекин ёқимли ранги билан нозик чизгили зариф, асабий юзини, онасидан қуюқ мовий кўзлари билан чиройли оқ тишларни олганди.

Кичиклигида бу мерос табиатнинг бир истеҳзоси каби кўринарди. Севимли бир бола бўлиш билан бирга унга қараганларнинг ғайриихтиёрий бир жилмайишини оларди. Бу заиф чеҳранинг қорача ранги билан қуюқ мовий кўзлари, йилтиллаган оқ тишлари ҳеч бир-бирига мос эмасди.

Фақат илк ёшлигининг таровати билан бирга бу сиймода гўзал нарсалар туғила бошлаганди. Қорача жилдига (терисига) ҳаловатли бир шаффофлик қўшилган, мовий кўзлари, қуюқ рангли инжа дудоқлари, садаф каби порлоқ оқ тишлари бу чеҳрага бир ғаройиб жозиба берарди.

Айни чоғда ҳамон ҳуркак, бўшашган, хаёлпарастлик табиатини ташламаганди. Мактабда, қўноқда бўлгани каби болалардан узоқда қолар, яна ўша нозик, сирли виқори билан тарбиясиз, уятсиз ошна-оғайниларининг ҳурматига сазовор бўларди.

Кўчани сира яхши кўрмасди. Фақат ҳаво ёқимли бўлган баъзи оқшомларда онаси билан бирга Тўпалтига ёки Қадифа қалъасига чиқарди. Ишчан эмасди, дарсларига ортиқча қизиқиши йўқ эди. Уй ишларида онасига ёрдам берар, ҳатто унинг тўқиш­ларига, кашта тикишларига бироз қўли келишарди. Қўшнилар уни ўзбошимча бир қиз бўлиб етишаётган Афифадан ортиқроқ қизга ўхшатишарди.

Ҳануз кичиклигидаги каби ишга тоқати йўқ эди. Онаси унинг бир ишни чин кўнгилдан яхши кўриб қилганини кўрмаганди. Дунёда фақат бир нарса унинг руҳида ҳаяжонга, эҳтиросга ўхшаш туйғулар уйғотарди: мусиқа!

Уйларининг яқинида бир эски такя бор эди. Душанба кечалари у ерда ойиндан (диний байрамдан) кейин бир мусиқа фасли қилинарди. Канон бу ойин кечаларида бутун руҳи, борлиғи билан яшаганини ҳис қилар, уларни сабрсизлик билан кутарди.

Қўлида бир пластик фонар, елкасида рангсиз ёпинчиқ билан узоқ бир маҳалладан келган кекса бир мингбоши бор эдики, одамлар кўп ҳурмат қилардилар, унинг машҳур бир уди бўлганлиги ҳақида гапиришарди. Чол удни чалиши ҳамоно Канон ўзини бутунлай унутар, кўзлари ташқаридаги қаб­ристон зулмати ичига сингиб кетар, ўзини мутлақо бош­қа дунёда кўра бошларди.

Отасининг бир бурчакка унутилган эски, қирилган бир уди бор эди. Бу таъсирлар натижасида Канон ора-сира уни қўлига олар, билган куйларини чалишга уринарди. Лекин кекса мингбошининг қўлида дардли инсонлар каби ғариб бир алам билан тилга кирган уд унга ҳеч бир нарса сўйламасди. Бу илк таж­рибадан жуда кўп маъюс бўлиб, уни яна бурчакка ташлаб қўйганди...

Дарс бериш у ёқда турсин, чолғусини созлаб берадиган кимсаси ҳам йўқ эди. Маҳжуб ва мағрур бўлгани учун бошқаларга, масалан, ўша қари мингбошига ҳам мурожаат этолмасди. Назарида бундай орзуси борлигини билиб қолишса, балки кулишар, балки ҳақорат ҳам қилишлари мумкин эди.

* * *

Малак хоним ҳар йили узум йиғим-терими бошланиши билан Бўзёқага келар, Соиб пошонинг минорали боғида бир-икки ой меҳмон бўларди. Шу тариқа – ҳам акасининг кўнглини олган, ҳамда шаҳарда нафаси сиқилиб кетган болаларини бироз яйратарди.

Каноннинг энг севган мавсуми ҳам куз эди. Кўча ҳаётидан нафратланган, кўникмоқ учун соатларча нимқоронғи, кимсасиз кўчаларни ахтарган хаёлчан, танбал Канон бу ерда бутунлай бошқа бир бола бўлиб қоларди. Қорача юзларига бироз ранг, ғамгин руҳига бироз нашъа келар, сарин тонгларда, ойдин кечаларда боғ оралаб айланаркан, ерларда думалашдан завқ оларди. Айни чоғда у ерда ҳам яна бола-бақранинг орасига қўшилмасликка интиларди.

Канон ҳаётида илк бора бир дўст топганди. Ўзидан қирқ ёш катта бўлган бу дўст Шамъи Дада эди. Дада Румэли муҳожирларидан бўлиб, ўттиз беш йил аввал елкасида бир тўқим, қўлтиғида бир най халтаси билан Измирга келган, қўлидаги беш-ўн тилласи билан Бўзёқадан бир боғ олиб, кўпдан бери яшаб келарди. Боғнинг бир чеккасида эски замонлардан қолган катта сарв дарахти бор эди. Дада йиллар бўйи ишлаган, зўр бериб, сарвнинг ёнига икки хонали бир тош қубба қурдирганди. Қишин-­ёзин Бўзёқада турарди. Жон йўлдоши бўлган уч-беш эчкиси бор эди. Уларга ҳар маҳал боласидай қарар, отадай меҳр берган эди.

Бўзёқаликлар шуни ривоят қилардилар: бир мунча йил аввал, шиддатли бир қиш асносида Шамъи Дада пулдан қаттиқ сиқилиб, бир неча кун оч қолган. Ҳолини кимсага айтмаган, айни чоғда теваракдаги боғ қоровуллари буни сезиб қолганлар ва Шамъи Дадага нон юборганлар. Дада эчкиларининг ҳам оч қолганини айтиб, нонини уларга едирган. Бўзёқаликлар буни Дададаги ҳайвон меҳрига далил қилиб кўрсатардилар. Айни чоғда унинг қўл нони ейиш даражасида тубанлашмакни истамагани учун шундай қилганини ривоят қилувчилар ҳам бор эди.

Шамъи Дада Каноннинг руҳидаги оғир, маъюс жиддиятни жуда яхши тушунган, уни фарзанд каби, ҳатто доно дўст каби севган эди. Баъзи иссиқ кунларда бир саватга пейнир [5], нон, узум тўлдирар, эчкиларни олдиларига солиб Арабдарасига инардилар.

Дада бу теран, қоронғи тоғ оғзини ўз уйининг боғчаси деб ҳисобларди. У ерда умрида қуёш кўрмаган бурчакларни кашф этганди. Тушдан кейинги соатларда яланг боғларга чидаб бўлмас иссиқлар чўкар, қоя уюмлари оқ оловлар каби кўз олувчи титрамалар (сароблар) билан пориллар, сувлар туташган жойларнинг устида туманлар ёйиларди.

Бу соатларда Шамъи Дада ила Канон сарин, соя­ли сўқмоқлардан пастга тушардилар, ингичка сел чуқурларидан ҳатлашар, йўсинли тошларидан сувлар томчилайдиган қоя ортларидан ўтардилар.

Аксарият «Зайбакпинари» («Қўзиқоринбулоқ») деган бир жойда ўтирардилар. Бу жойда очиқ яраларга ўхшаган қизил парча-парча ёрилган ерлар ўртасида бир баҳайбат қоя бор эди. Замон ва нам ҳаволар бу тошнинг атрофларини аста-аста кемириб тилкалаган, тагига салқин, нимқоронғи бир ғор очганди. Ғорнинг кўринмас бир жойидан енгил сув овози келар, йўсинли тошлар доимо йирик томчилар билан ҳўл қояликнинг усти ёввойи ўтлар, қуюқ мовий гулли тиканлар етишар, атрофларидан печакка ўхшаган ингичка шохларда «қоя узумлари»нинг пушти соябонлари осилиб турарди.

Канон руҳида бошқа бир дунёси бўлган ва ўша дунёда яшаган, севган санъаткорлардан эди. Узоқдан қараганларга бемаъни, ялқов, нимжон кўринган илк ёшлигини бу иккинчи дунёсида, сўнмаган бир яширин жўшқинлик, ярим хаёл сархушлиги ичида ўтказганди. Канон бу хаёлий дунёни илк бора «Зай­бакпинари»да Шамъи Даданинг найини тинг­ларкан, кўра бошлаганди. Қари дўсти ҳам бир бош­қа турли хаёл жинниси бўлиб, ўзгача одати бор эди. Мусиқий парча чалмоқчи бўлса, аввало унга либреттосини ўқир, маъносини тушунтирарди: «Қара, ўғлим. Ой чиқмоқда. Ошиқ ойдинда оёқлари яланг, боши очиқ ёрнинг йўлига тушади. Ёр энди уйқудан уйғониши керак. Чунки тушига кирмаган маъшуқи қўйнига кирди. Сен ҳали билмайсан, Канон. Инсон ёрини қаттиқ соғинса, бош­қа юзининг хаёлини ҳам кўролмайдиган бўлади. Энди буларнинг барини кўз олдинг­га келтириб, куйни тингла. Йўқса эчкиларимдай тинг­лаган бўласан, ўғлим».

Дада либреттосиз, тилсиз куйни чаларкан, тўхтаб-тўхтаб олар, шунчаки бир ҳисни ифода этаётган вақтларида ҳам изоҳ беришини қўймас эди: «Қара, сенга энди қўйларни чақириб бераман. Юм кўзларингни. Қарши тоғлардан сурувлар тушиб келади. Сув бошларида жононалар май ичади. Ошиқлар маъшуқларининг сумбул каби сочларини ҳидлайдилар. Мен чалаётганимда сен шуларни ўйла. Сумбулларни ҳидла».

Кузда ҳаволар айний бошлар, кўк юзида булутлар айланар, шамолнинг олдига тушиб япроқлар учишарди. Сарғайган чордоқлар, қурий бошлаган дарахтларда мевалар солланар, ерларда қатор-қатор ишкомларнинг остида зар қоплангандай кўринган узумлар қурир, йўллардан узлуксиз узум саватлари ортилган аравалар, айғир тўдалари ўтарди. Бўзёқа, асли бу сўнгги кунларида янгитдан туғиларди. Ҳар тарафда оҳанг, қаҳқаҳа ва қўшиқдан бошқа бир нарса эшитилмасди. Тонгга қадар боғларда чолғулар чалинар, хорлар тепинар [6], йўлларда олдларида машъалалар билан тўда-тўда одамлар айланарди.

Ёшлик кезларида яширин қолган бутун кичик севги сирлари ортиқ очиққа чиқарди.

Оқшом чоғлари боғининг теграсидаги йўлдан ўтган қўшни йигитчага бирдан гул-гул очилган, ойдинда боғларни бир-биридан айирган ёғоч ғовлар орасидан минг ноз билан бармоғининг учини ўптирган ёш қизга маъюс бир жасорат келарди. Чунки яна бир кўришиш учун саккиз-тўққиз ой кутиш лозим эди. Ортиқ ноз қилишга вақт йўқ эди.

Тиканли йўлларда, ёш қизларнинг қизил, оқ, мовий елдирмаларини [7] ортиқ яширолмаган дарахтзорларда вафо аҳдлари, айрилиқ бўсалари, тасма учларига боғланган сочлар алмашинуви бўлиб турарди.

Канон бу сўнгги кунларда чуқур бир ҳузун ва безгинликка тушарди. Кузнинг сўнган, сўлган, хароб бўлган нарсаларининг сурункали ҳазинлигини ёшлигидан унутиб бўлмас даражада қаттиқ ҳис этарди.

Шамъи Дада, Канонни ҳар йили янада улғайган, мусиқага бўлган эҳтироси ортган ҳолда топарди.

Чиройли бир фурсат зуҳур этганди. Қўшни уйлардан бирига, ҳаддан зиёд яхши камон чаладиган бир режиссёр ёрдамчиси кўчиб келганди. ­Масъуд бей Канондаги катта завқ ва истеъдодни ҳис этган, ҳафтада бир неча соат унга дарс бера бошлаганди. Йигитча бу дафъа кутилмаган суръат-ла юксалиб борарди.

Соиб пошо Каноннинг камон чалишини эшитганда аччиғидан қутуриб кетганди. Ҳокимона бир оҳангда: «Охири бўривачча бўри бўлади-да», дер, тўкилиб сочиларди. «Бу бола одам бўлмайди дегандим, қалай, ёлғон гапирган эканманми? Мактаб ўқитувчиларидан уятга қолдим. Ҳар кўрганимда шикоят қилишади. Бир амаллаб синфдан синфга ўтказаётган эмишлар. У ҳам бўлса менинг ҳурматим учун-да. Бутун ақлини камонга бергунча дарсларга берса бир ери камайиб қоладими? Нимаям дердик, отасига муносиб меросхўр бўлиши керак-ку. Ортиқ ақлим ишламай қолди. Жияним чолғучи бўлади, тўй-ҳашамларда чинганалар [8

...