автордың кітабын онлайн тегін оқу Савол ортидаги савол
САВОЛ ОРТИДАГИ САВОЛ
Жон Г. Миллер
Мен мармар ичинда малакни кўрдим
ва унга етгунча мармарни йўндим.
МИКЕЛАНЖЕЛО
Муаллифдан
Қўлингиздаги китоб “QBQ!” – “Савол ортидаги савол”нинг асл нусхаси эмас.
Ундан яхшироғи.
Китобнинг асл нусхаси бундан ўн йил аввал, дўстим ва ижодий ҳамкорим Дэвид Левин иккимиз “Шахсий жавобгарлик” номли илк китобимни 299 саҳифадан ўқишга қулайроқ “СОС!”га қисқартирганимизда яратилганди ва энг қизиғи шундан сўнг бошланди.
Ҳайратимизни ошириб, бозор унга катта қизиқиш билдирди ва биз (“Flipping the Switch” – “Тугмачани босиш” ва “Outstanding!” – “Ажойиб!”ни ҳам қўшганда) бир миллион китобни ўқувчилар қўлига етказиб беришга мушарраф бўлдик. Айни пайтда сон-саноқсиз маърузалар ва ўқув машғулотларидан сўнг “СОС!” ҳамон инсонлар ҳаётига қандай ўзгаришлар олиб кираётганини эшитишдан завқланамиз. “СОС!” ҳаётимни ўзгартирди!” ёки “Қанийди, ‘СОС!’ни бир неча йил аввал топганимда!” каби изоҳларни ўқиш – биз учун катта бахт.
“СОС!” ўзининг таъсир кучи доирасида йиллар давомида собит қолаётганини кўриш ҳам қувонарли ҳол. Кўплаб китоблар катта шов-шув билан омма эътиборига ҳавола этилади, аммо тез орада бозордан ғойиб бўлади ва унутилади. Бироқ “СОС!” бугун одамлар ва ташкилотлар учун ҳар доимгидек аҳамиятли эканини исботлади.
Албатта, бу муваффақиятларнинг ҳеч бири “СОС!”ни янада яхшилашга эҳтиёж йўқлигини англатмасди. Шу боис, ўқувчилар ва мижозларнинг йиллар давомида билдирган фикр-мулоҳазаларига кўра биз китобнинг аниқлик киритилиши ва сайқалланиши зарур бўлган айрим жиҳатларини пайқадик. Шунингдек, китоб охирига кичик бир бўлим қўшиб, ўқувчиларни энг кўп қизиқтирадиган саволларга жавоб бердик.
“СОС!” – “Савол ортидаги савол” бўйлаб ўз саёҳатингизни бошлар экансиз, бундан беҳад мамнунлигимизни билишингизни хоҳлардик. Биз дунё бўйлаб кўплаб дўст орттирдик ва энди сизни ҳам улардан бири деб биламиз. Шахсий жавобгарлик тўғрисидаги номамизга ишонч билдирганингиздан миннатдормиз, чунки “СОС!” ҳам аслида бошдан-оёқ шу ҳақда.
Қаёққа кетди...
Хюстон шоссесидаги эълонлар тахтасида ушбу савол пайдо бўлди:
“Масъулият ҳисси қаёққа кетди?”
Эълонни у ерга ким илганини билмайман, аммо у кўзимга чўғдай кўринди. У бежиз айни ҳақиқатдек кўринмаганди. Масъулият ҳисси қаёққа кетди? Нега бугун одамлар ўз муаммолари, ҳислари ва қилмишлари учун бошқа кимнидир ёки ниманидир айблашдан нарига ўтолмаётгандек туюляпти?
Мана, бунга айрим мисоллар:
Газ қуйиш шохобчасидаги дўкондан қаҳва излаётгандим, лекин графин бўш экан. Шундан сўнг пештахта ортидаги кишига “Маъзур тутасиз, идишда қаҳва йўқ экан”, – дея мурожаат қилдим. У ўзидан нари борса, 4,5 метр узоқликдаги ҳамкасбини кўрсатиб: “Қаҳва унга тегишли бўлимда!” – деди.
Бўлим? Шу йўл чеккасидаги катталиги битта хонамча келадиган газ қуйиш шохобчасида-я?
Яна бир мисол: мамлакат бўйлаб парвоз вақтида стюардесса ўтирганларга “Барчангиздан узр сўраймиз, сизга ваъда қилинган фильм бугун қўйилмайди. Кейтеринг бордга янглишиб бошқасини олиб чиқибди”, – дея эълон қилди.
Навбатдаги ҳолат: пицца етказиб бериш хизмати, афтидан, бизнинг буюртмамизни йўқотиб қўйганди. Бу вақтда оилам қорни оч ҳолда машинада ўтирар, мен эса пиццамизни кутиб, у ёқдан-бу ёққа бориб-келардим. Шу пайт пештахта ортидаги йигит дабдурустдан: “Мени айбламанг, навбатим эндигина бошланди!” – деб қолди.
“Бу менинг айбим эмас”, “Бу менинг вазифамга кирмайди” ёки “Менинг муаммоим эмас…”га ўхшаш гапларни тез-тез эшитамиз. Эълонлар тахтасидаги ёзув кўзимга чўғдай кўринганининг қисман сабаби – ўша фикрга тўла қўшилганимда. Бироқ мени кимдир шахсий жавобгарликка етарлича жиддий қараб, бу ёзувни биринчи навбатда шу тахтага жойлаш учун масъулият ҳиссини туя олгани лол қолдирганди.
Мен ҳам буни чуқур ҳис қилганим сабабли ушбу китобни ёздим.
Хўш, бу китоб ким учун ўзи? Мазкур асар:
“Анави бўлим қачон ўз ишини тўғри бажаради?”
“Нега улар яхшироқ мулоқот қила олмайди?”
“Ким қовун туширди?”
“Нега биз бу ўзгаришларни бошдан кечиришимиз керак?”
“Қачон менга биров ўргатади?”
“Нега биз яхшироқ одамларни топа олмаяпмиз?”
“Ким бизга аниқ тушунча беради?”га ўхшаш саволларни эшитган ё сўраган ҳар қандай киши учундир.
Бу саволлар етарлича безарар кўрингани билан, масъулият ҳисси етишмаслигини билдиради (мен “шахсий жавобгарлик” атамасини маъқул кўраман) ва у биз бугун дуч келаётган кўплаб муаммоларнинг илдизи саналади.
Аксинча, фикрлаш тарзимизни ўзгартириб, жавобгарлик ҳисси кучлироқ бўлган саволларни бериш ташкилотларимиз ва ҳаёт тарзимизни яхшилаш йўлидаги энг таъсирли ва самарадор чоралардан биридир.
“Савол ортидаги савол” (СОС!) йиллар давомида такомиллаштирилган қурол бўлиб, кишиларга, шу жумладан, менга ҳам, ўзимиз ҳақимизда яхшироқ саволлар бериш орқали жавобгарлик ҳиссини оширишга кўмаклашади.
Мен бу ғоя ҳақида 1995 йилдан бери ёзаман ва гапираман, мавзу эса ҳар қачонгидек ўз аҳамиятини йўқотмаган. Деярли ҳар куни СОС ёрдамида унумдорлик ошгани, якдиллик кучайгани, стресслар камайгани, муносабатлар соғломроқ бўлгани ва харидорга сифатлироқ хизмат кўрсатилгани ҳақидаги муваффақият тарихини эшитаман.
Ҳар ҳолда, одамларнинг СОСдан олаётган энг катта фойдаси шахсий эҳтиёж билан боғлиқ: бу тарзда фикрлай бошлаганлари ҳамон барчаси ўз-ўзидан яхшиланади. Одамлар кўпроқ завқ туя бошлайдилар. Шахсий жавобгарлик йўлини танлаганлар учун ҳаёт гўзал ва ёқимлироқдир.
Хуллас, юқорида санаб ўтилганга ўхшаш саволларни эшитган бўлсангиз, бошқалардаги масъулиятсизлик ҳафсалангизни пир қилган бўлса ёки ўзингизда шундай фикрлаш тарзининг айрим жиҳатларини пайқаган бўлсангиз, бу китоб сиз учун! Мутолаадан завқланинг!
Биринчи боб: Шахсий жавобгарликнинг кўриниши
Ажойиб кунларнинг бирида Рок Боттом ресторанига енгил тамадди қилиб олиш учун тўхтадим. Ичкари тиқилинч, вақтим эса тиғиз, шу сабабли барда бўш турган ягона стулни эгаллаганимга хурсанд бўлдим. Бир неча дақиқадан сўнг қўлида ювуқсиз идишлар тўла патнис кўтариб олган йигит ошхона томонга шошиб ўта бошлади. У кўз қири билан мени пайқади, сўнг тўхтаб ортига қайтди ва сўз қотди:
– Жаноб, сизга хизмат кўрсатишдими?
– Ҳозирча йўқ, – дедим мен, – бироз шошиб турибман. Рости, салат ва эҳтимол, иккитагина булочка айтмоқчийдим, холос.
– Мен олиб келаман, жаноб. Ичишга нима буюрасиз?
– Мумкин бўлса, “Diet Coke” (парҳез кола), илтимос.
– О, маъзур тутинг, жаноб, бизда “пепси” маҳсулотлари бор. Бўладими?
– А-а, йўқ, раҳмат, – дедим мен жилмайиб. – Лимонли сув берақолинг унда.
– Яхши, ҳозир қайтаман, – у ғойиб бўлди.
Зум ўтмай, у салат, булочкалар ва сув билан қайтиб келди. Миннатдорчилик билдирганимдан сўнг хизматчи мамнун мижоз, яъни мени маза қилиб овқатланишим учун холи қолдириб, яна тезда ғойиб бўлди.
Ногаҳон чап томонимда кимнингдир шарпасини сездим. Ортимдаги одамнинг “ғайрат шамоли“ менгача етиб келди, кейин ўнг елкам узра ярим литрли идишда сирти қиров билан қопланган, ўзи муздек, тахмин қилганингиздек – “Diet Coke” келтирган узун қўл чўзилди. Бу ўша хизматчи йигит эди.
...