Urush tugasa ayting qaytib kelaman
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Urush tugasa ayting qaytib kelaman

Қўчқор НОРҚОБИЛ





УРУШ ТУГАСА,

АЙТИНГ, ҚАЙТИБ КЕЛАМАН

ҚИССАЛАР

«АЗИЗАМ, ТАБАССУМ ҚИЛ!»


Ҳаётни борича тасвирлаш нечоғлик қийин.
Кўриб турганларингни қоғозга тушира
бил­
санг ва шунга ўзинг ҳам ишонсанг, яхши.
Агар буни эплай олмасанг, ёзганларинг сени
бадном қилади.

Муаллиф


I

Ташқари тиниқ эди. (У айни шундай дейишни яхши кўради.) Дераза рахига суяниб, боғ адоғигача чўзилган йўлакка разм солди. Йўлак оққа бўялган ҳашаматли темир эшикка бориб тақалади. Тўрт кундирки, ҳар куни эрталаб ўрнидан туриши ҳамоно ана шу эшикка қарайди. Тўғри, ҳали қоровул уйғонмаган бўлади. Эшик ҳам ёпиқ. Азонлаб касалхонага биров йўқлаб келмаслигини ҳам яхши билади. Негадир, шу ёққа, дарвоза томон тез-тез қараб қўяверади. Чой ичаётганда, бирор китобни мутолаа қилиб чарчаганда ёки бекорчиликдан нима қиларини билмай диққати ошган паллада.

Касалхона ҳовлисидаги боғ баҳор нафасини сезиб, уйғонай-уйғонай деб турибди. Ҳаво илиқ, ёқимли. Ўрик куртаклари бўртиб қолган. Эрта-индин гулга киради. Ана шунда бир ажиб манзара намоён бўлади. Ҳар ҳолда гул яхши, кўнглинг кўтарилади. Яшагинг келади. «Сурхонга аллақачон баҳор кепқўйди, бодом гуллаганига ўн беш кун бўлди», деган ўй ўтди хаёлидан. Шоир нега гулни яхши кўришини, умуман, гулни яхши кўрадими ўзи, тушунолмай қолди. «Йўқ, гулни яхши кўрмасам керак. Шунчаки, баҳорда қийғос гулга кирган дов-дарахт яшаш яхши деган ўйни кўнглимга жо этгани учун гулни севсам керак», деб ўйлади. Қизиқ, баъзи бировлар тўйлар, туғилган кунлар, байрамлар қолиб, шу касалхонага, беморни кўргани ҳам гул кўтариб келишади. Ажойиб кунларда-ку тушунарли. Бетоб одамга нега гул беришади? «Шу ерга тушганинг яхши бўлибди, табриклаймиз», дейишганими бу? «Деразангга шу гулни қўйиб қўй, кайфиятинг кўтарилади», дейишгани бўлса керак. Умуман олганда, ҳамма нарсани яхши-ёмон томонга бурса бўлади. Шоир дераза қанотини очиб қўйди. Эрта баҳор ҳиди, енгил насимлар уфуриб кирди хонага. Очиқ деразадан узоқлашаётиб боғ адоғидаги темир эшикка яна бир разм солди. Қоровул деганиям шунча ухлайдими... Очиб қўйса ўлармикин? Ўрнига чўзилди. Тўрт кундирки, хотинини шу эшикдан кириб келишини кутиб ўша ёққа қарайди. Қаерда, хотини эса ухлаётганда, китоб ўқиётганда ёки чалқанча ётиб хаёл сураётганда палатага бостириб келади. Ёнида ўғли ёки қизини эргаштириб олган бўлади.

– Адажон! – деб бўйнига осилади ўғли (ё қизи)...

– Э-э... – эсанкираб қолади. Бағрига босади. Вой, бунча ширин бўлмаса. Кўнгли ийиб кетади. Барно эса: «Тузукмисиз, яхшимисиз, камчилик йўқми»дан нарига ўтмай, каравот бошидаги тумбага ул-бул нарса қўйган бўлади. Чорак соат ўтар-ўтмас она-бола уйга қайтишга тараддудланади. Кичкина қизчасига қўшнининг боласи қараб қолган. Кеч қолишса бўлмайди. Дили оғрийдимиш. Бу атама Барноники. Унингча, ҳеч кимнинг дили оғримаслиги керак... Кўп гапиради шу сўзни... «Вой дилини оғритманг, дили оғрибди-да... сиз ҳам қайсарсиз-да, дили оғрийди, деб ўйламадингизми?..» Қачонки хотини шу сўзни оғзига олса тамом – муросаю мадорага чек қў­йилади. Шоир жим бўлади – хотинининг гапи гап. Шоир емак столи устидан ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг қайта нашрдан чиққан «Ўн саккизга кирмаган ким бор...» китобини олиб, тағин чалқанча тушган кўйи ўқий бошлади. У бу китобни аввалги нашрда уч марта ўқиб чиққан. Ҳар гал мутолаа ниҳоясида ҳайратга тушган. Қандай қилиб шундай ёзиш мумкин? Бунчалар кучли бўлмаса, Шукур ака. Биронта ортиқча сўз йўқ китобида. Ҳаммасининг ўрни бор. Кўнглидаги туйғу ва ҳаяжонни қоғозга тўкиш жараёни ҳам одам боласи учун осон кечмайди-ку, ахир. Дилингдагини ёзиб бериш, ҳаммани ўз ҳолатингга солиш... Илҳомдан бошқа яна нимадир керакдир. Ана шу нимани эса ҳеч ким билмайди... Шоир шундай кайфиятда китобдаги манзаралар ичра, юқоридаги ўй-хаёлларга берилар, ўқигани сари ўша нимадирни ахтарар, иккинчи бир томондан эса китобдан жазиллаб сачраган ўт унинг борлиғини чулғаб, куйдирар эди. У китобнинг анчагина саҳифасини ўқиб қўйди. Бироз толиққандай бўлди, лекин қўлдан қўйгиси келмади. Очиқ саҳифани юзига босди. «Эҳ, Холмирзаев, Холмирзаев! Агар шу одам уруш кўрганда борми, менга ўхшаб майда-чуйда нарсаларни ёзиб ўтирмасди. Ҳар лаҳзани, урушнинг ҳар кунини битта китоб қиларди...» Унинг ичида оғриқ қўзғалди. Ўрнидан даст туриб, тумба устидаги сигаретга ёпишди. Нонушта қилмай эрталабдан тутатганиданми, кечаси билан ухлай олмаганиданми – кўнгли беҳузур бўлди. Икки-уч бор тортиб, чала хумор ҳолда сигаретни кулдонда эзғилади. Деразага тирсаклаб ташқарига қаради. Дарвоза очилибди. Яхши. «Бугун битта-ярим дўстларим келади, бир амаллаб кунни ўтказаман. Эртага уйга боришга жавоб оларман. Нима қипти, бир кунга. Врач кечаги гапига тармашиб қолмас, рухсат берар...», деган юпанч билан ўзини овутди. Шоирнинг касалхонага тушганига тўрт кун бўлди. Олдин қайсарлиги тутиб юраверди. Ўтказиб юбораман, хасталикни енгаман, деди. Йўқ, бўлмади. Юраги сиқилиб, нафас олиши оғирлашди. Боши ғувиллаб оғриди. Ишда охирги куни бужмайиб ўтирганча, боши билан столга йиқилди. Ўзига келтиришиб, ҳамкасблари уйига олиб келишди. Бош муҳаррир орага тушиб, касалхонага ётқизишди. Ҳа, дарвоқе, бош муҳаррир ҳам зўр шоир. Олов.

Шоир халқи содда ва меҳрибон бўлади-да, бош муҳаррир бўлишига қарамай ўша шоир касалхона бош ҳакими билан гаплашиб, Ўзбекистондаги кучли ёш шоир шу, менинг ўринбосарим бўлади, дебди. Шоирнинг ўша куни бир саҳифа мақоласи босилган «Ўзбекистон овози»ни касалхона маъмуриятига бериб юборибди. Хуллас, шоирга бу ерда назорат кучайди. Алоҳида хона. Телевизор. Врачнинг хонасига кириб, бемалол телефон килиши мумкин. Овқатни ҳам палатага олиб келиб беришади. Дори-дармон, укол ўз вақтида. Бир дақиқа ҳам кечикмайди.

Ҳамшира эрталабки нонушта келтирди. Ярим соатдан кейин уколга, деб чиқиб кетди. Шоир қандай қилиб бўлса ҳам бош врачнинг кўнглини юмшатиш чораларини излади. Тузукроқ баҳонами, сабаб тополмади. Кеча кечқурун бош ҳаким бу масалага чек қўйди:

«Мана жой. Нима камчилигингиз бор? Ҳаммасини «есть», қиламиз. Лекин, уйга ярим кунга ҳам жавоб бермайман. Нима қипти? Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Кўнглингизга қараб сизга ёмонлик қилишим мумкинлигини сезаяпсизми, ахир? Хўп, туғилган кунингиз бўлса, шу ерда иккаламиз бирга нишонлаймиз».

– Ахир, уйда жўралар, ака-укалар...

– Тўғри... Қиттай-қиттай, ўйин-кулги. Кейин яна, аҳволингиз, аввалгидай-а, шундайми?

– Сўз бераман... Ичмайман.

– Тушунган йигитсиз... Нима қиласиз, ортиқча гапни. Шахсан мен сизга асло рухсат бермайман. Бу ерда мен тартиб-интизомга, керак бўлса, сизнинг соғлиғингиз, айтаверайми, ҳаётингиз учун жавоб бераман. Мақолани эса зўр ёзган экансиз, яна ана шундай мақолалар ёзаман, деган ниятингиз бўлса, укам, гапимга қулоқ солинг. Ҳозирча хайр! – Бош ҳаким жиддий ва самимий қараш билан бош силкиб, чиқиб кетди.

Шоир бўлиб-ўтган шу гап-сўзларни эслади: бу бир сўзли одам, барибир жавоб бермайди. Онангни эмгур, армия­даги офицер бўп кет-ей», – деб ғудради. Столдаги сутли овқатдан бир-икки татиб кўрди. Бўлмади. У умуман сутли овқатни, ширинликни еяолмайди. Ҳозир хотиним кеп қолса ажабмас, тузукроқ нарса келтирар, деган ўй билан столдаги идиш-товоқни йиғиштиришга уринди.

Ташқарида одамлар ғимирлаб қолган. Катта эшик ланг очиқ. «Тез ёрдам»лар, касалхонага келган енгил машиналар кириб-чиқиб турибди. Қоровул эса ўтган-кетган машиналарга, ҳайдовчиларга бош эгиб салом беради. Уларнинг дуосини олади. Пулиниям олади. Ҳа, йўқса, кириб кўрсин-чи... Ана, машинасини эшик ортида қолдирсин. Эҳ, тавба, ҳамма жойда пул ўлгур. Ҳаммаси оламан, дейди... Савоб ҳам, салом ҳам пул бўлиб бораяпти. Балки чолга ҳам қийиндир... Болалари йўқдир. Ёлғиздир. Хўп, болалари бор, дейлик. Уларнинг ҳам рўзғори, бола-чақаси, иссиқ-совуғи бор. Бугун ҳеч ким ўзидан ортмайди. Чоли тушмагур, камзулининг устидан ўнг кўксига қиррали нишон тақиб олган. Демак, урушда бўлган. Жанг кўрган. Одам отган. Ҳаёт-да энди бу. Лекин шу кўксидагини бекор кўз-кўз қил­япти-да. Урушда бўлган одамнинг ўтган-кетган ҳайдовчилардан қўл чўзиб, пул сўраши яхшимас.

Шоир ўз фикрини ўзи тасдиқлаб, деразани қарсиллатиб ёпди. Телевизор қўйди. «Ассалом, Ўзбекистон» бўляпти. Кўрсатувни Собир Содиқ деган шоир олиб бор­япти. Агар телевизор тортиб кетмаса, у яхши шоир, ҳозирги ёшларнинг ичида дадили шу. Лирик кайфият билан эркаланиб ёзади у. Собир билан шоир университетда бирга ўқишди. Оралари анчагина яқин. Ўрталарида борди-келди ҳам бор. Собирнинг шеъриятида водийга хос бир ёқимтой, чиройли тавозе, ички бир оғриқ, жуда гўзал образлилик мавжуд. Кейин у осмондан шеър қидирмайдиган шоир... Буниси (ўзи) бошқачароқ – чапани, исён, дард, ҳаяжон. Хуллас, икки қутб. Одамнинг табиати юриш-туришида, қарашларида тўлиқ намоён бўлади. Ижодкор ҳам худди шундай. Ўзидан келиб чиқиб ёзади, ижодига униб-ўсган жойининг нуқси уриб қолади. Воҳанинг таъсири бор. Ҳа, таъсирланса тош ҳам тарс ёрилади.

Телевизорда айтилаётган жуда жўн, алмойи-жалмойи қўшиқ шоирнинг энсасини қотирди. Кўзини юмди. Бошини ёстиқ остига беркитди. Шундай палағда нарсани бутун мамлакатга қўшиқ деб айтаётган дикиллаксифатни сўкди. Қараса, ҳали-бери тугамайдигандай. Бошида оғриқ турди. Ҳе, пандавоқи. Уялмайсанми, шуни қўшиқ дегани. Сенга буни қайси ҳалигифуруш ёзиб берди. У ўрнидан даст туриб, телевизорни ўчирди. Кейинги пайтлар жиззаки бўлиб кетаётганини, арзимас нарсаларга эътибор бериб жизғанаги чиқиб қолаётганини сезди. Аммо бугун телевизорга чиқиб халққа алжираб куйлаб, ювиқсизлик қилишни арзимас нарса ҳам деб бўлмайди-да...

У каравотга узала тушди. Хаёлга толди. Доимо ана шундай маҳали – туғилган кунида бир гап чиқиб туриши тайин. У иримга ишонмайди. Лекин бугун оғриниб қўйди. Ўтган йили туғилган кунида ҳам хаста эди. Олдинги йили хотинининг акаси ўлди. Қайси бир йили сафарда эди – самолёт учмади. Афғондалигида туғилган кунининг икки йилида ҳам госпиталда бўлди. Яна бир йили қизи сариқ касал бўлди. Бу йил бундай. Асаби қўзийди, орқа мия шамоллабди. Хуллас, ётиш керак. Шоир бошида қўзғалган оғриқни ўтказиб юбориш учун кўзларини юмди. Қанийди, ухлай олса... Бошини иккита темир орасига олиб аллақандай куч қисаётгандай. Бош томирлари тортилиб, қақшаб оғрияпти...

У базўр ётган жойида тумба тортмасини очиб дори ичди. Кўзлари ич-ичига тортиб кетяпти... Ўрнидан турай деса, ҳалиги темир қўллар бошини мажақлаб, эзғилаб ташлайди. Йўқ, оғриққа чидаб бўлмайди. У каравот чети тегиб турган деворга суяниб, ўрнидан турмоқчи бўлди... Эплай олмади. Жойига қайтиб йиқилди. Ҳозир бошида нимадир овоз чиқариб, даҳшатли ғувиллайди.

Шунгача нимадир қилиш керак. У бор овози билан бақирди...

– Дўхтир... Вой...

Хонада нимадир тарақлади. Эшик очилди, шекилли... Бир зумда шоирнинг тепасида бўлимдаги шифокорлар, ҳамширалар йиғилди. Икки-уч хил укол қилишди. Қон босими кўтарилиб кетибди. Туш маҳали ўзига келди. Боши анча енгиллашиб қолган. Ёнида Барнони кўрди. Қизи оёқ учида ўтирибди. Оёғини уқалаяпти. Қовоғида оғирлик сезди. Жилмайгиси келди, уддалай олмади. Бош силкиб қўйди. Кейин ҳамшира кириб қизини ҳам, хотинини ҳам олиб чиқиб кетди.

II

– Контузия асорати. Яхши даволанмаган. Бугун сиқилганга ўхшайди.

– Яна укол берайми?

– Албатта. Седуксин беринг. Томирга магний жўнатинг. Йигирма фоизли мониза қўйинг. Лазекс борми, яхши. Ўнликдан укол килинг. Хонадан ортиқча кишиларни чиқаринг. Сиз доимо ёнида бўлинг.

– Бу сафаргиси ўтиши қийин кечса керак.

– Телевизорга нима бор, олиш керак. Олиб чиқинг, телевизорни!

– Ўзингиз айтувдингиз...

– Олиб чиқинг...

Шоир тепасидагилар билан гаплашгиси келиб, уларни кўришни истади. Уколлар таъсирида яна уйқуга кетди. Бошини лойқа сув қоплагандай, умуман, ўзини бўтана ичида ғарқ бўлаётгандек сезди. Нима бўлаётганини англай олмади. Қаердадир, кимлардир узуқ-юлуқ гапир­япти. Ҳар замонда бошининг орқа томиридан ушлаб кимдир қаттиқ тортяпти. Шу азоб беряпти. Бошининг орқасидан ўтган ингичка ип – томирни бояги қўл тортиши билан ихрайди, шунда кимларнингдир овози яна кучаяди. Аёл кишининг овози... Йўқ, эркак ҳам гапиряпти. Кейин жони бир оз ором топди. Бош оғриғидан қутулгандек бўлди. Овозлар ҳам ўчди. Ҳамшира пешонасига кафтини босди. Иссиғи пасайибди. Қон босими ҳануз баланд. Тағин битта укол қилди. У бош ҳакимнинг айтганига мувофиқ, тумба ичидаги ортиқча нарсаларни йиғиштириб қўйди. Қиз Хемингуэй, Ремарк, Эдгор По, Бальзак, Лермонтов, Пикуль каби таниш-нотаниш улуғларнинг китобини елим халтага жойлади. Беморнинг ортидан келувчиларга бериб юбораман, деб ўйлади. Унга китоб ўқиш ҳам мумкин эмас. Ўзи эса шоир ётган каравот ёнидаги ўриндиқда мунғайиб ўтирган кўйи «Ўн саккизга кирмаган ким бор...»ни ўқий бошлади. Айтиш мумкинки, қиз дастлаб китобни вақт ўтказиш учун ўқиётган бўлса, бориб-бориб ҳаяжонга тушди, саҳифалардан бош кўтаролмай қолди. Бунча таниш воқеалар? (Ҳамшира қиз адабиётчилар тилида манзаралар демоқчи.) Бунчалар ҳаётий. Худди кўриб тургандек бўласан-а? Қиз кўнгли китобга ошно бўлди. Ҳамшира ўн саккизда эди.

Шоир кўзини очди. Ёнида унинг ҳол-аҳволига жавобгар қиз китоб ўқияпти. «Мен эса тузукроқ нарса ёзолмадим... Демак, шунча кунларим беҳуда кетибди». Шоирнинг ичини оловли бир ўкинч куйдириб ўтди.

Ҳа, у уруш ҳақида ёзмоқ юкини елкасига олган эди. Лекин, ўзининг тахминича, бу ишни эплай олмади. Мана, умр дегани ҳам шамолдай учаркан... Йўқ, умр шам, шу шамни умринг шамоли истаган пайтида ўчириши мумкин. Сендан сўраб ўтирмайди. Сен эса бошқалар кўрмаган урушни ўз кўзинг билан кўргансан, сен зўр ёзасан, деб иҳранди. Шоирнинг юраги санчди. Кўзига ёш келди. Гапирмоқчи бўлиб тисланди. Ҳамшира уни тинчлантирди. Кўкрагидан оҳиста ушлаб, «жиминг» ишорасини қилди.

– Китоб..., – у шундай деди, – китоб яхши китоб экан, – қиз негадир миннатдорона боқди.

– Мен... яхши ёзаман ҳали... – у қийналди.

– Ухланг. Илтимос. Сизга гапириш мумкинмас. Озгина ухланг, ўтиб кетади.

Қиз беморга дори ичирди.

«Мен кўп нарсалар қилишим керак эди...»

Шоир «Кулиб тур, азизим» деган романига уч йил олдин қўл урди. Негадир кейин ёзолмади. Юраги бетламади. Чала қолди...

Иккала томонида одам бўйи баробар пахса девор тикланган йўл қишлоққа олиб боради. Икки чақирим юрилгач, қўрғонлар бошланади. У кузатувчилик қилаётган жанговар машина (БМП–2) қишлоққа кираверишда тўхтади. Машина устидаги пиёдалар деворни паналаб қишлоққа киришди. Орқада взводнинг тўртта ҳарбий машинаси келиб тўхтади ва уларда ўрнашган пиёда аскарлар ҳам худди шу тарзда қишлоқ оралаб кетишди.

Кузнинг сокин тонги. Яланғоч дарахтлар қилт этмайди. Совуқ этни жунжиктиради. Бу сирли сокинлик ичра ўлим ваҳми кезади. Кичик уйлар, хароба ҳовлилар рассом тасвирлаган аллақандай сувратни эсга соларди. Кобулдан Саланг тоғларига озиқ-овқат олиб ўтаётган машиналарни қўриқлаб туриши лозим. Бу ер ўлим мас­кани, деб номланган Чорикорнинг бошланиш қисми. Пиёдалар қишлоққа кириб бўлди. Машиналарда ҳайдовчи ва кузатувчи-отувчилар қолди. У БМП–2 ичкарисига кириб, бошидаги шлемафон учини алоқага ўрнатди. Машинанинг отув милини рўпарадаги ҳовлига тўғрилаб, снаряд лентасини юқорига сурди. Отишга мослаб қўйди. Пулемёт лентасини отишга тайёрлади. Ўқ-дори етарли. Ҳайдовчи билан ички алоқани текширди. Жойида.

– Ринат, нега бунча жимлик? – деди ички алоқада ҳайдовчига.

Овози қалтираб чиқди.

– Билмадим. Отишга тайёрланиб тур. Ташқи алоқада комбат ҳеч нарса демадими?..

– Йўқ, демади.

– Агар қочиб чиқиш керак бўлса, орқадаги учта машина бизга халақит беради.

– Агар орқадан ҳужум қилишса-чи?

– Унда машинани олдинга қаратиб ҳайдайман. Сен тўхтовсиз отаверасан. Алоқани узма.

– Хўп.

Беш дақиқа ўтди. Жимлик. Бундай пайтда имонинг олти, гумонинг етти бўлади. Қўрқув ичингни кемириб, тўкиб адойи тамом қилади. Тезроқ бошлансайди, деб сабрсизлик билан ўзингни даҳшат комига ургинг келаверади. Ҳатто тезроқ ўлгинг ҳам келади. (Буни олдида ваҳимадан нафаси қайтган жангчилар яхши ҳис қилишади.) Ичкаридан, қишлоқ тарафдан ўқ овози эшитилмасди. Қишлоқ гўёки бир аждаҳо, бу юҳо бутун бошли взводни ютиб юборгандек эди. Бу осудалик ичида муд­ҳиш кўргилик борлигини ҳис қила бошлади. Отув мили белгисини кўрсатувчи ойнакдан боқиб, башняни ток билан айлантириб, ўнгу сўлга қараб чиқди.

– Эшитяпсанми? – деди Ринат ички алоқада безовталик билан.

– Нимани? – деб сўради у.

– Комбат алоқада ҳеч нарса демадими?

– Уф... Йўқ... Комбатингни ҳам, взводни ҳам ер ютганга ўхшайди. Энди мени чалғитмагин...

У оёқларини асабий қимирлатиб, қалтираган кўйи машина ичкарисида чека бошлади. Сигарет тутунини босиб-босиб тортар, ботини музлаб борарди. Урушда энг даҳшати шу: қачон, қай маҳал жанг бошланиб, сени ўққа тутишларини кутиб ўтириш. Бир маҳал ташқи алоқада комбатнинг хириллоқ овози эшитилди.

– «Размах!» «Размах?» Мен «Сена»... Мен «Сена», қабулга ўтаман.

– Мен «Размах», – деб жавоб берди қишлоқ ичкарисига ўн дақиқа олдин кириб жойлашган взвод командири.

– «Размах»! Мен «Сена»! Ип ортидан серсоқоллар [1] таёқ [2] ва бодринг [3] ушлаб ўтишяпти... Фақат олдинга қараб олтмиш бир [4].

– Мен «Размах»! Сизни тушундим. Ҳамма қутичалар, мен «Размах», соат 12.00 бўйича 61.

– Ринат! Тайёрлан... Машинани ёқ. Олдинга юр. Қопқонга тушибмиз. Биз қуршовдамиз, – деди у ҳайдовчига.

Алоқада қий-чув бошланди. Қопқада жойлашган ойнак орқали у орқага қаради. Шу заҳоти гумбурлаган овоз эшитилди. Ортдаги машина портлаб кетди.

– Ринат, бос! Тез. Ҳайда.

Машина олдга силжиди. Шу маҳал қўрғонлардан миномёт ва гранатомётлар ишлаб қолди. Саллали душманлар тўп-тўп бўлиб чиқишиб машиналарга қарата ўт очди. Алоқада қий-чув бошланди. У сўл қўли билан пулемёт, ўнг қўли билан снаряд тугмасини босди. Башняни ўнгу сўлга автоматик равишда буриб, кўзи тушган душманга қарата отаверди. Машина хароба бинолар ичкарисига кириб борди. Қишлоқнинг қоқ ўртасига бориб қолди. Бу жой душманнинг уяси эди. Пиёдалар учун қочиб чиқиш йўллари беркилганди. У машинага қараб югуриб келаётган пиёда аскарни кўрди. Аскар жон-жаҳди билан чопяпти. Шу маҳал девор панасидан уни пойлаб турган душман гранатомёти олов пуркади. Оний бир ҳолатда аскар танаси тир тўзғиб кетди. У шахд билан башняни душманга қарата буриб, пушкадан кетма-кет снаряд отди. Девор култепага айланди. Душман бурда-бурда бўлиб кетди. У қўрқувни унутди. Умуман карахт ҳолга тушди. Сўлдаги ҳовлиларнинг биридан чопиб чиқаётган душманни кўрди.

– Ринат, чапга! Чапга ол! Машина душманга тўғри бўлди. Устидан ҳайда онағарнинг! Бос. Тезроқ бос! Қув!

Душман қўлидаги қурол билан рўпарадаги яқинлашиб қолган баҳайбат машинани кўриб, ҳеч нарса қилолмаслигини сезди ва қўрқувнинг зўридан ўзини девор панасига олишни ҳам унутиб, урра қочди.

– Бос! Тезроқ бос!

Душман жон ҳолатда югурди. Машина паст-баландликдан чайқалиб олдга учади. Ниҳоят, душман машинанинг занжирли ғилдираклари остида қолади. У қутуриб боради. Ринат қутуради. Машина қутуради. Башня тинимсиз айланади. Отув мили оғзидан олов сочиб, снаряд отади. Пулемёт тинимсиз ишлайди. Ичкаридан порох ҳиди, ачимсиқ тутун ўрлайди.

– Ўнг томонга от, ўнгга от!

У башняни ўнгга олади. Япасқи уй деразасидан автомат ўт очаяпти. Уй бурчагида ўз взводдошининг ўлигини кўрди. У отув милини деразага тўғрилади. Ва отди.

– Мана сенга! Мана! Мана! – телбанамо қичқира бош­лади.

– Тўхтат энди! Тўхтат...

Рўпарадаги кулба чанг тўзон ичида қолди. Машина чуқур ариқдан тумшуғи ерга тегиб силкиниб ўтди. Унинг юзи тўғридаги кузатув мосламасига тегди. Оғриқни мутлақо сезмади. Башня тепасидаги қутига гранатомёт снаряди келиб тегди. Қути сочилиб кетди. Душман ортдан отди.

– Тезроқ ҳайда! Қочиб қолайлик. Онасини...

Ринат машинани хавфсиз йўл – бепоён токзор ичига бурди. БМП-2 чуқур ариқли токзорни, пушталар узра гоҳ пасайиб, гоҳ юқорилаб кесиб ўтарди. Бу анча ишончли уриниш эди. Алоқадан комбатнинг шанғиллагани эшитилди.

– Ҳамма «Размах» қутиларига буюраман. Барчангиз «Размах» – ўн тўртинчи қутининг орқасидан юринглар... «Размах» ўн тўртинчининг ортидан олтмиш бир...

Токзор тугаб, яланглик бошланди. Машина ўқдай учади. Катта йўлга чиқиб олинса бўлди. Қисм ўша жойда тўпланади. Ўн чақирим йўл босгандан сўнг қўшни қиш­лоқ бошланди. Қишлоқни тор йўл кесиб ўтади. Ринат БМП-2ни тор кўча четидаги деворга қарата бурди. Машина деворни ўпириб ўтди. Ивирсиган, тўзғиб кетган, хонавайрон бир ҳовлига кириб борди. Кулба ичидан беш яшарлар чамасидаги болакай югуриб чиқди ва девор томон чопа кетди. Ринат машинани тўхтатиб, кабинадан бошини чиқарди... Кабинадан АКСУ автоматини олиб болага тўғрилади.

– Нима қилаяпсан? Шошма!

– Отаман. Ҳаммасини отаман. Уруғини куйдираман...

У башнядан чиқиб, ўзини Ринатнинг устига ташлади. Бўғиб олди. Юзига тарсаки туширди. Ринат бор овоз билан бақирар, тентакнамо бўлиб қичқирар, «Отаман, сени ҳам отаман, ўзимни ҳам отаман, ҳаммангни отаман!», деб уввос соларди. Машинадан тушиб қўлида қурол, телбанамо кўйи ҳовлини гир айланиб, дод солиб югура бошлади. У кабинадаги сув идишини олиб, Ринатнинг йўлини тўсиб чиқди. Силтаб йиқитди. Бошидан идишдаги бор сувни қуйиб юборди. Ринатнинг овози ўчди. Атрофига аланглаб қаради. Манглайини чангаллаб, унсиз эзилиб-эзилиб йиғлади. У Ринатни суяб машинага олиб келди. Бўғзига нимадир тиқилди. У ҳам йиғлади... Хароба ичидан чиқиб келган жувон эса икки қўлини фалакка чўзиб ув солар, шафқатсиз шўро аскарини қарғар, афтидан Ринат иккисига Худодан ўлим сўрар, ҳозиргина қўрқиб қочган боласини улар отиб ўлдирдилар, деган ўй билан зор қақшар эди.

Лекин болакай қочган томондан бошқа машиналар ҳам келаётгани аниқ, шўро аскарлари мислсиз ғазабга минган эди.

Зум ўтмай орқадан келиб тўхтаган БМП-2 устидаги аскарлар аёлга ўқ узди. Аёл бир силтанди, қўли ҳаволаниб, ичкарига сўнгги бора талпинди. Башня мили кулбани нишонга олди. Кетма-кет снаряд учди. Деворлари тўкилган кулба ичидан қип-қизил кўйлак кийган қизалоқ чириллаб чиқиб, ўзини аёл устига отди.

У кўзларини чирт юмиб олди. Машина юргандай бўлди... Алоқадан буйруқ келди...

– Отишмани тўхтатинглар. Тезроқ йўлга чиқинглар. Нима қилаяпсанлар?

Урушда вақт қандай ўтганини сезмайсан. Взвод катта йўлда тўхтаган қисмга келиб қўшилганда, қуёш уфққа оғган эди. Взводдан олти нафар жангчи омон қолди. Битта машина ёниб кетди. Ўн олти нафар жангчи ҳалок бўлди. Ўнта аскар яраланган эди.

Кечга бориб оғир артиллерия қишлоқни ўққа тутди. Самолётлар бомба ташлади. Унинг қулоқлари шанғиллаб, иситмаси кўтарилиб, кўз олди қоронғилашиб борарди. Қисм фельдшери узатган ампула таъсир қилмади. Ринат «Охотничие» сигаретига наша «юклаб» тутди. Икки бора босиб тортди. Бир оз чалғиди, оғриқ пасайгандай бўлди. Кейин замбилга солишди. Тепасида меровланиб турган Ринатни кўрди. Кўзини юмди. Қовоқлари шишиб борарди гўё. Боши зил-замбил.

– Тезроқ, вертолётга олиб чиқинглар, – деган гап қулоғига чалинди.

Кейин нима бўлди – билмайди.

* * *

Бошида ғўнғир-ғўнғир қилаётганларни пайқаб-пайқамай ётибди. У госпиталдаман, деган хаёлга борди. Тириклигига амин бўлди.

– Боши қаттиқ лат еган. Контузия. Бу урушнинг асорати. Касали компрессияга айланса чатоқ бўлади. Олдини олиш зарур. Тутқаноғи тутяпти.

Улар беморга тездан оғриқни оладиган укол қилишди.

– Миясидаги шиш оғриқ беряпти.

– Дўхтир, айтган дорингизни хотини топиб келди.

– Ҳозирмас. Етарли.

– Олдига ҳеч кимни қўйманг...

– Икки соатдан кейин сизга қўнғироқ қиламан, дўхтир...

– Яхши, профессор.

У тепасида айтилган гапларни узуқ-юлуқ эшитиб турар, лекин идрок этолмасди.

– Ринат... Ринат, – деди зўрға.

– Тутқаноғи тутяпти, тағин. Глюкоза қуяйлик.

– Ринат. Воҳ бошим... От, Ринат!

Шифохона бош врачи, невролог дўхтир ҳамда аллақаердан чақирилган профессор палатани тарк этишди. Ҳамшира унинг қон босимини ўлчади... Томирига пироцетам уколини юборди. Стол устида ҳозиргина Барно келтирган финоборбитал, маннитол, лазекс ва турли хил дорилар турарди.

Ташқарида баҳорий безовталик. Ҳаво тоза. Осмон мусаффо. Тирикликка жон кира бошлаган. Ҳовлидаги ўриндиқда кенжа қизчасини бағрига босиб, Барно у ётган палата деразасига боқиб, юм-юм йиғлаяпти. Лаблари пирпираб учади. Эндигина йигирма беш ёшга кирган жувон урушни қарғаб, қирғин-баротларни лаънатлаб-лаънатлаб йиғлаяпти.

Ким билсин, уруш туфайли хонавайрон бўлган, бошига мусибат тушган кишиларнинг қарғиши-ю бегуноҳ болакайларнинг оҳ-зорлари боис ҳам эри шу жазога мус­таҳиқдир. Бироқ, жувон бу ҳақда сира ўйламас эди. У эрига Яратгандан шифо сўрарди...

[1] Серсоқоллар – душман.

[3] Бодринг – миномет.

[2] Таёқ – қурол.

[4] Олтмиш бир – ҳаракатлан.

III

– Ринат, от. А-а-а-а! От!

Одам ўлим чангалида қолганда ҳамма нарса кинотас­вирдайин кўз олдидан лип-лип этиб ўтаверади. Оний бир пайтда, масалан, қаршингда турган душман сени отиб ўлдириши мумкинлигини англаган маҳалинг, яқинларинг, ўзинг учун қадрдон нарсалар хаёлингда бирма-бир жонланади.

Шоирнинг аҳволи оғир эди. Бу дард уни олиб кетиши ҳам мумкин. Ҳозирги ҳолатида унинг умри биргина Аллоҳнинг изнида эди. Буни шифокорлар ҳам дил-дилдан ҳис қилар, ўзи билан ўзи бўлиб ётган беморга фақат Парвардигор даво бериши мумкинлигини англашарди. Дўхтирларки шу кўйга тушибдими, демак, унинг тирик қолишига мўъжиза деб қарамоқ керак. Кун бўйи берилган дори-уколлар унчалик таъсир қилмасди.

Унинг бошидаги оғриқ мия чайқалиши ё эзилиш эмас, балки касали компрессияга айланиб бўлган эди. Бошдаги зўриқиш, юқори ҳарорат беморни ҳушидан кеткизарди. Тутканоқ ичида жон таслим қилиши ҳам ҳеч гап эмас эди. Бундай пайтда ўз-ўзидан кўз томирлари ҳам тортилиб, таранглашиб боради.

Кўзини очди. Шифт. Бошини қимирлатишга мажоли йўқ. Юқорига базўр қараб кўрди. Қовоғидан аллақандай куч босаётгандай бўлди. Боши орқага тортиб кет­япти. Ихраб юборди. Пешонасини кимдир пайпаслади. Киприк­ларини очолмади. Тағин ҳушини йўқотди. Бошининг ичига кириб олиб нимадир тариллар, борган са­йин мияси ташқарига отилиб чиққудай бўлар, кўз олдида оқ ҳарир булутлар сузар, гоҳида бу оқлик зимистонлик ичра ғарқ бўлар, шунда орқа миясини аллақандай темир қўл жон-жаҳди билан суғуриб олишга уринарди. Жони бўғзига тиқилиб, оғриқ зўридан талвасага тушарди.

Бир зумда палатада дўхтирлар тўпланди. Эрталабки профессор, бош врач, невролог, ҳамшира, яна иккита дўхтир шоирнинг тепасида ҳозир бўлишди.

– Глюкоза қуйинглар. Пироцетам уколини томирига юбориш керак. Бошқа дориларни таъсири сезилмади, – деди профессор.

Осма укол қўйдилар. Профессор айтган ампулани беморнинг томирига жўнатишди. Бир оз ўтиб, шайтонлаб ётган бемор тинчлангандай бўлди. Жонига шу дорилар бир озгина ором берди. У уйқуга кетди. Мияси тиниқлаша бошлади.

IV

Шоир телевидениеда туппа-тузук ишлаб юрганди. Кўрсатувлари ҳам эл оғзига тушиб қолган эди. Кўпинча долзарб мавзуларда жонли эфирда чиқар, шундай бўлса-да, у олиб бораётган кўрсатувлар томошабинии бефарқ қолдирмас эди. Бюрократлар, эскича фикрдаги раҳбарлар, порахўрларнинг ҳиқилдоғига ёпишадиган мавзуларга қўл урарди. Қайсар эди. «Ҳаётни борича ҳикоя қиламан, шундайлигича кўрсатаман, экраннинг вазифаси шу, унга тикилиб турган миллионлаб нигоҳларга чўп сўқолмайман, экранда алдаш шу халққа нисбатан хиё­натдир», деб ўйларди. Ва шу тушунча билан иш юритарди. Унинг бу феъл-атвори айримларга ёқмади. Улар унинг устидан ишхонасига шикоят ёзишди. Қўли баландроқлари эса тўғридан-тўғри телевидение раҳбариятига ультиматум қўйди: «Шу болангизни тартибга солинг, ё ишдан кеткизинг!» У парво қилмади. Бадиий кенгаш тузилиб, телебошловчилар синовидан ўтказилди. Шоир­га эфирга чиқишга рухсат беришмади. Нега? Экранда ғамгин кўринар эмиш. «Майли», деди. Кўрсатувларга сценарий ёзиб, муҳаррирлик қилиб юраверди. Кунлардан бир куни кўрсатуви жонли эфирга қўйилган тележурналист бетоб бўлиб қолган экан, ишга келмади. Дирекция бошлиғи шоирни чақириб, «Оғайни, қутқаринг, бир амаллаб йигирма дақиқалик кўрсатувни олиб боринг», деди. «Ким келади, кимни чақирасизлар, қайси мавзуда?» Ҳеч ким билмайди. «Энди ўзингиздан қолар гап йўқ, биродар, ҳозир қайси йўналиш долзарб – бирорта олимними, сиёсатшуносними, чақириб суҳбатлашинг».

Суҳбат бўлиб ўтди. Матбуот зиммасидаги масъулият хусусида. Шоир топган суҳбатдош ҳам дангал ва дадил сўзлади. «Ҳозирги газеталар деярли бир хил йўналишда чоп этиляпти. ЎзА ахборотлари ва мақолаларини кўчириб босиш билан чекланиб қоляпти, газеталар шижоат кўрсатишмаяпти». Бу кўрсатув ҳам катта газеталардан бирининг бош муҳарририга ёқмабди. У телевидение раҳбариятига қўнғироқ қилди. Дирекция бошлиғидан тортиб, оддий маъмургача тушунтириш хати ёзди. Шоир оқ қарғадай ажралиб, «ёмонотлиқ» бўлиб қолди. Буларнинг ҳаммаси унинг энсасини қотирарди.

* * *

Жазирама ёз куни. Қуёш нури ерга тиғдай санчилади. Беадоқ далада хотин-халаж чопиқ қиляпти. Йўл четида дала шийпони. Шундоқ катта йўлдан кўриниб турибди. Нафас олсанг олов ютадиган даражадаги иссиқда ишлаётган аёлларга, офтобда қуриб-қорайиб бораётган оналарга қараб ич-ичингдан тутайсан. Уларни ҳеч ким далага уриб-сўкиб ҳайдамагандир, ахир. Бирор бир манфаати бордир. Майли, шундай экан, чопиқчи аёллар овқатланиб, ҳордиқ оладиган дала шийпонида аҳвол қандай экан? Шоир телеоператорни эргаштириб шийпонга кирди. Бу шармандалик эди. Шийпон молхонадан ҳам хароб, ичи ўйилиб ётарди. Тўшамчи солинмаган. Пешоб ҳиди анқийди. Боғча опа алюмин товоқда қатиқ эзяпти. Шийпоннинг ярмига офтоб келиб қолган. Ўн қадам наридаги чуқурликда ҳар хил кимёвий дорилар уюми. Уюм ёнидан ўтган ариқ шийпон ҳовлисидаги ёғоч сўри тагидан оқади. Боғча опа ариқдан сўлоқмондек чўмичда сув олиб, товоққа қуйиб, қатиқни суюлтиришга киришарди.

Бундан ҳам даҳшатли манзара, шийпоннинг кунчиқар томони, ўнгай бетида баҳайбат учта ҳайкал қад ростлаб турибди. Ярашмаган ямоққа ўхшаш бу манзаранинг даҳшатли томони шундаки, истиқлолнинг учинчи йили кетаётган бир пайтда миллатни, халқни таназзулга учрашига сабаб бўлган, салтанат даҳоларининг ҳайкаллари атрофига райҳонлар, алвон гуллар экилган эди. Бу ёқда болалар афтода аҳволда. Учта «доҳий»нинг ҳайкали эса «Бу кунингдан ўл, қирилиб кет ҳамманг, эҳ нодонлар», дейишаётгандай.

Шоирни титроқ босди.

– Қани бригадир?.. Қаерга кетди у? – деб сўради у куймаланаётган опадан.

– Билмасам, журиб эди. Чопиқ бошига кетгандирда...

– Шу сувни ичаяпсизми?.. Нега шийпон хароб. Манави гўрсўхталарнинг ҳайкали атрофига ким гул экди?.. Эҳ... – тишлари ғижирлади шоирнинг.

Юрагида санчиқ турди. Аёлга гапириш бефойда эди. Одам боласи шунчалар ўз қадрини ерга урадими?! Бу ернинг раисини кўзи борми, ҳокими қаёққа қарайди? ­Уйинг куйгур мана шу катта йўлдан ҳар куни ўн марота6а ўтади. Раиснинг хам, ҳокимнинг ҳам уйига шу катта асфальт кўча олиб боради. Энг катта кўча шу. Тошкентга олиб боради. Истиқлолни қўлга киритганимизга уч йил бўлса-ю, бу энағарлар ҳалиям ўша, доҳийларга сиғиниб юрса! Атрофини гулу райҳонга кўмганини кўр!

– Ол, тасвирга тушир, – деди операторга, – аввал шийпоннинг шармандали аҳволини ол, кейин болаларга қарат камерани, бугун бизда шундай жойлар борлигини ҳамма билсин. Кейин манави «доҳий»ларни ол. Бу ердаги раҳбарлар уларни ҳалиям ўз отасидай иззат қилишни билсинлар.

Шоир жаҳл устида аччиқ-аччиқ, кесиб-кесиб гапирди, операторгами, анқовсираб турган, офтобда қорайиб кетган муштипаргами, ўзигами, англай олмади. Ҳар ҳолда ичидагини тўкиб солди.

Ердан чиқдими, осмондан тушдими, бригадир пайдо бўлди.

– Нима гап, мухбир укалар, – деди қалтираб-салтираб...

– Шийпонни, манави аҳволни суратга олаяпмиз...

– Эртан тузатамиз... Қани, журинг, бир пиёла чай ичайлик. Журинг оға, ҳей анави жой салқин... Жўл журиб кегансизар...

Бригадир нима бўлаётганини англамай, хаёлоти бўлиб қараб турди. Шўрлик деҳқон-да, барибир. Газет ўқишгаям, телевизор кўришгаям вақти бўлмайди. Бунинг қўлидан нима келарди. Ҳов анави белидан пасти офтобда қолиб ухлаётган болакайга гапирдинг нима, бунга гапирдинг нима?

– Манави ҳайкаллар нима қип турибди?

– Нима қилайик, олайиқма?

Унга гапириш фойдасиз эди...

– Кеча Термиздан катталар келиб эди. Даламизди моқтаб кетди. Ғўзамиз авж, укалар. Майли, ҳайкаллар ҳам нон-ош сўрамаса, турибди-да.

Юраги эзилди шоирнинг. Жони сим-сим оғриди. Бошини ерга эгиб, индамай изига қайтди.

...Кўрсатув пайванддан чиқди. Кечқурун эфирга узатилиши керак. Раҳбар уни ҳузурига чақирди.

– Кўрсатувинг бўлмайди!

– Нега?

– Шуни эфирга бериб бўладими?

– Нега, бу ахир... ҳаёт-ку?.. Қачонгача?..

– Шундай нарсаларнинг борлиги кулгили, – деди бош­лиқ тебраниб.

– Ахир камеранинг кўзи алдамайди-ку. Ўзингиз тасвирда кўриб турибсиз. Кечки теледастурда ҳам бор... «Йигирма биру ўттизда «Миллат» кўрсатуви», деб ёзиб қўйилган.

– Мени тушунасанми?! Нима сени деб, бошқалар гап эшитиши керакми? Қачон қараса, шунақа нарсаларни топиб юрасан.

– Бу нарса эмас. Шу бугуннинг гапи. Бугун айтмасак, эртага кеч бўлади. Матбуот айрим кишилар олдида таъзим қиладиган бўлса, бундай тарбиявий воситанинг боридан йўғи.

– Менга нима деяпсан?.. Сен борган жойнинг ҳокими юқорига қўнғироқ қилибди...

– Шунинг учун кўрсатувни... эфирга узатишга рухсат бермаяпсизми? Ўша ҳоким учун миллат қисмати ҳам, эртаси ҳам бир пул. Агар шу кўрсатувни бермасак, ўшандай калтабинлар яна кучаяди. Устимиздан кулади. Телевидениени мазах қилади. Биласизми, ўша куни, туман ҳокими менга нима деди? «Яхши, гапга кўнмадинг. Барибир кўрсатувинг чиқмайди, тирикчилигинг бўлса айт, қилиб берай, сен ҳам давра кўрган одамдирсан, ахир», деб мени муттаҳам қилмоқчи бўлди. Охири нима деди, дейми? «Сенсиз ҳам таклифимга юрадиганлар топилади», деди.

Бошлиқ ўйга чўмган бўлиб, бир нуқтага тикилиб турди.

– Яхши, сен боравер. Керак бўлсанг, чақираман.

Шоирни бошқа чақирмади. Кўрсатув эфирга берилмади. Кассетани кимдир билмасдан ўчириб юборибди.

Орадан бир ой ўтиб, қайсидир вилоятда бир порахўрлик фош этилди. Гапнинг учи вилоят ҳокимининг оёғидан тортадигандек эди. Кўрсатув бу гал силлиққина эфирга кетди-ю, эртасига сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетди. Вилоят ҳокими тўполон кўтарибди. Кеча кўрсатувни экранда намойиш қилиш зарурлигини маъқуллаб шоирни табриклаган кичик раҳбарларнинг ҳам бугун қовоғи уюлиб турибди. Эрталаб раҳбарнинг хонасида йиғилиш бўлди. Ҳамма ўринбосарлар, раҳбарлар ва шоир. Бири қўйиб-бири оляпти. Шоирни сиёсий жиҳатдан саводсизликда, умуман, журналистикани тушунмасликда айблашди. Хўп, шундай экан, шу ердагиларнинг кўпчилиги кеча кўрсатувни қабул қилиб олиш жараёнида роса мақташган эди-ку. Булар ким? Одамми шулар? Буларнинг юзи нечта? Ичларида шайтон яшириниб олганми? Уларнинг ботинида хоинлик ўрнашиб олганми? Буларнинг ичи борми? Суврати-ю сийрати борми буларнинг? Нега шунчалар ўриндиғига ёпишиб, чумчуқ пир этса, юраклари шир этади? Шулар билан телевидениенинг савиясини кўтариб бўладими? Яхши журналистлар кўп. Лекин, телевидение раҳбарларн ичида уларни қўллайдиган шижоатли, дов­юраги борми ўзи? Шоир ҳақиқатни энди англади. Буларга суяниб бўлмайди. Буларнинг беқарор кайфияти баҳор ҳавосига ўхшаб кетарди. Булар учун миллат ҳам, мафкура ҳам, истиқлол ҳам... (тилига гап келмади).

Йиғин вилоятдаги вазиятни ўрганиб, холис кўрсатув тайёрлаш учун телевидениедан бошқа тележурналистларни юборадиган бўлишди. Юқори идоралардан шу масала бўйича комиссия тузилибди. Вилоят ҳокими жанжал кўтараётган эмиш. Шоирга алам қилгани шу бўлдики – соқолтой раҳбар билан, жип-жиплаган аёл раҳбар рус тилида гапирди. Шоирнинг устидан мағзава ағдардилар. Шу жойга келганда унинг тоқати-тоқ бўлиб, сабр косаси синди.

– Нега бунча ваҳима соласиз? Ана, судга берсин. Агар мен ноҳақ бўлсам жавоб беришга тайёрман. Мен ўз қад­римни биламан. Бировга оёқости бўлиб қараб туравермайман. Шу миллат, шу халқнинг фарзандимиз ҳаммамиз. Унинг дардини айтмасак, келажагимиз йўлидаги тўсиқларни ошкора кўрсатмасак, телевидениенинг нима кераги бор? Ҳатто ўз она тилида гапиришни эплолмайдиган айрим раҳбарларнинг ҳозирги бетутуруқ гапларини сира тушунмаяпман. Улар кимнинг ёнини олаяпти? Халқними ё бир тўда муттаҳамларними? Лоақал, тилимизни ҳурмат қилмайдиган, ўзбек бўла туриб ўзбекчани билмайдиган, бундай кимсаларнинг ижод аҳли ишлайдиган ишхонада раҳбарлик қилиши ўзи мантиқсизлик.

Шоир титраб-қақшади. Ҳалиги аёл ўрнидан туриб кетди.

– Просто кошмар, – деди.

Ҳамманинг рангидан қон қочди.

Аёл эшикка етганда чарм халтачасида уяли телефоннинг жиринглаши эшитилди.

– Алло! Слушаю. Сейчас еду. Да, просто так... ничего...

Эшикни тарақлатиб ёпиб кетди. Аёлнинг амали телевидениеда баланд эди. Шунинг учун бўлса керак, мажлис тугади-қўйди.

Ташқарида кичик раҳбар шоирни қўлтиқлаб, таскин берган бўлди.

– Хафа бўлманг. Ўйлашгаям арзимайди.

– Ўйлашга арзимаса нимага арзийди? Ўлганларгина фикрламайди.

Суйкалганнинг капалаги учди.

Кечки кузак ҳавоси совий бошлаган. Борлиқдан нам­лик уфурарди.

Ёмғир томчилай бошлади. Осмон билан ер бир-бирига яқинлашиб бораётгандай, кишида эзғин кайфият уйғотарди. Шоирнинг юраги санчди. Босиб-босиб чекиб эди, бошига оғриқ кирди. У ишхонадан тезроқ узоқлашиш мақсадида шахдам қадам ташлади. Санъат саройидан ўтиб, йўл четидаги емакхонага қараб юрди. Икки юз грамм отиб олишни ва ҳаммасига қўл силкишни истади.

Миясида бир фикр айланарди: «Ўлган одамларгина фикрламайди Ўлган одамларгина фикрламайди...»

– Ўлган одамларгина фикрламайди. Ўлмаслик керак...

У нега бундай деётганини ўзи сезмади. Бош оғриғи пасая бошлади.

Атрофга аланглади. Эшик қия очиқ турибди. Ҳамшира йўлакда столга кўксини бериб алланималарни ёзарди. Шоирнинг уйғонганини сезиб ичкарига кирди. Чеҳраси самимий, боқишлари беозор.

– Яхши бўлди турганингиз. Ҳозир сизга лимонли чой опкеламан. Анчагина ухладингиз, – деди у ҳеч нарса билмагандек.

– Шу... бошим оғриб тортишди, кейин ухладим, шекилли.

– Йўқ, сиз чарчаган экансиз. Укол қилдим. Кўпроқ ухладингиз, холос. Ҳозир... Аҳволингиз анча тузук. Қани энди, рухсатингиз билан манави лимонли чойни ичиб олинг. Қани, қўлингизни беринг.

Қиз унинг қон босимини ўлчади.

– Яхши. Бошингизнинг оғриғи ҳам пасайибди, чоғи. Энди ором оласиз. Дарвоқе, Барно опам билан ҳам танишиб олдик. Келиб кетдилар. Ухлаётгандингиз, безовта қилмайин, дедилар. Сизга товуқ шўрва олиб кептилар. Ҳозир, ҳеч бўлмаса, ярим косагина ичиб олинг.

– Барно кетдими?

– Кечроқ келадилар... Аҳволингиз яхши эди, хотиржам бўлиб жўнадилар. Ялиниб-ёлвордилар, мана шу шўрвани ичаркансиз. Қани, озгина бошингизни кўтаринг. Йўқ, косани ўзим ушлаб тураман.

Шоир қошиққа чўзган ўнг қўлида оғриқ сезди. Игна излари қизариб турарди. Сўл қўлида ҳам худди шундай. Шоир ҳамширага саволомуз қаради.

– Энди хавотир олманг, ўзингизни аянг. Ўтиб кетади.

Шоир шўрвадан уч-тўрт қошиқ ҳўплаган бўлди. Бошидаги «тутқи» яна тортилди.

– Мен ётай...

Меҳрибонлик қилаётган қиз қаршисида хижолат тортди.

– Майли. Сиз кўпроқ ухлаб, камроқ фикрлашингиз керак. Ҳозир сизга финобарбитал қиламан. Олдин манавини ичиб олинг.

«Камроқ фикрлашингиз керак». Шоирнинг лаблари беихтиёр пичирлади: «Ўлган одамларгина фикрламайдилар». Қачон, қаерда айтувди бу гапни? Эслай олмади. Унинг мияси чарчаган, ўйлаш учун ҳеч бир куч тополмасди ўзида. Идрокини кетма-кет берилган дори-уколлар босиб, жиловлаб турарди. У шу ҳолида қаршисида эмранибгина турган, уни деб ўзини койитаётган, соға­йиб кетишини жон-дилидан истаётган қизга нимадир дегиси, яхши гап айтгиси келди. Ўзини қарздор, деб билиб, уялгандай бўлди. Бирор гап айтиб ўртадаги хижолат туманини тарқатгиси келарди.

Шоир ҳамширанинг бурчи шундай, мен беморман, у менга қараши керак, деб тушунолмасди. Унинг учун бурч совуққонликка ўхшаган бир нарса эди, инсон меҳри олдида бош эгиш ва бу туйғуни эъзозлаш керак, деб тушунарди у.

Бу кайфият унда болалигидаёқ пайдо бўлган эди. Ким яхши гапирса, ўша одамни қалбига яқин оларди. Айёрликни билмасди. Ҳамқишлоқлар ток юмшатиш, лойсувоқ ёки ўт ўришга ҳашарга чақирса бас, ҳаммадан олдин борарди. Шу одамнинг иши тушибди, деб бошқа ўртоқларига нисбатан кўпроқ ишлар, тиним билмасди. Ҳашар охирига етмагунча кетмасди. Гўёки, у бу ердан кетса, иш тўхтаб қоладигандай тасаввур қиларди.

Ёшлигида эшакнинг устида ўт таширди, негаки уйдаги барча мол-ҳолнинг ташвиши унинг бўйнида эди. Саратоннинг жизғанагида ҳам далама-дала ўт ахтариб юрарди. Чап қўлининг бармоқларини неча бора ўроққа олдириб бўлганди. Каналнинг ости, каналнинг усти, Обшир қишлоқ даласи, говтўда, жона, чорбоғ, беш гектар, оқ тепа, бақироқ кўл сингари ёввойи ўт кўп далалар ҳалак, шоирнинг болалиги ҳалак, чўлоқ эшаги ҳалак эди у паллалар. Лагерь, оромгоҳ нималигини билмасди. Билгани шу – дала, хуржун тўла ўт, еб тўймас мол-ҳол эди. Юқори синфга ўтганда отасининг жонига ора кирди. Ота-бола пахса ура бошлашди. Дастлаб уялгандай бўлди. Бировларнинг ишини қилиш, деворини уриб беришга юзи чидамади. Лекин отасига раҳми келди. Бир ўзи оилани боқишга қийналиб қоляпти. Кейин ота-боланинг бирга пахса уришига одамлар ҳам кўникди. Домлалар, мактабдошлари ҳам ўрганиб қолишди. Синфдош қизларидан ҳам уялмайдиган бўлди. Отасининг бир гапини юрагига муҳрлаб олди: «Фақат ўз меҳнатинг билан унасан. Ҳалол топганинг татийди».

Кунлари қийинчилик билан кечганиданми, эзилганни кўрса, кўнгли ачийди, бағри куяди. Ўзига нисбатан яхшилик қилганларни бошига кўтаргиси келади.

Шоир ўзини яхши ҳис қила бошлади. Ҳарорати тушиб, жиққа терлабди. Ҳамшира дори-дармон терилган стол устидан аллақандай шишага шприц тиқиб, суюқликни тортиб оляпти.

– Синглим, энди буниси қандай укол бўлди? – деди у зада бўлган оҳангда.

– Қўрқманг, ачитмайди. Лазекс. Мускул орасига юборамиз. Асабингизни тинчлантиради.

– Раҳмат. Бу яхшиликларингизни қачон қайтараман... Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин.

– Мен сизга нима яхшилик қилибман... уялтирманг. Орқангизни ўгиринг, шуни ҳам олсангиз тузалиб кетасиз. Вой-бў, жуда терлабсиз-ку. Бу яхшилик аломати.

– Синглим, сизнинг олдингизда барибир қарздорман...

– Унда бундай қиламиз... Худди Шукур Холмирзаевникидай ҳаётий китоблар топиб берасиз. Соғайиб кетсангиз, кейин шеърларингиздан ўқиб берасиз.

– Келишдик. Шукур аканинг китоби ёқдими?

– Зўр экан, энди ўқиб тугатяпман.

– Янгангиз келса айтаман, уйда у кишининг бошқа китоблариям бор, олиб келади. Сизга совға қиламан.

– Вой, бунча зўр...

– Адабиётни яхши кўрасизми?

– Ҳа. Майли, гаплашиб ҳам олдик... Энди уколдан ке­йин бироз мизғиб олиб... Режимга риоя қилсак, тузалиб кетасиз.

Кун бўйи оғриқ хуружидан чарчаган шоирни яна уйқу элитди. Толғинлик уйқу орасида ўтиб кетаётганидан қувонган ҳамшира беморнинг бошига оҳиста қўл юбормоқчи эди, ўз хатти-ҳаракатидан уялиб, қўлини қайтиб тортди. Атрофга аланглаб қаради-ю, дув қизариб эшик томонга юрди.

Сарҳадсиз текислик. Атроф оппоқ туман қўйнида. Шоир қушдай енгил бўлиб югуриб бораяпти. Хаёли осмон қадар кенг. Негадир тинимсиз кулади. Ялангоёқ чопиб бораяпти. Ям-яшил майсалар оёғига хуш ёқади. Бундай гўзал кеча ҳеч қачон бўлмайди, бу эзгулик кечаси, деб қичқиради у. Борлиқ оппоқ рангга ғарқ бўлган. Фалакда юлдузлар зўрға кўринади. Нур ёғмайди, дейишганди, бекор гап экан, мана, оқ нур ҳам ёғаркан, дейди ўз-ўзига: ...Шу маҳал қаршисида уфқранг шойи либосга бурканиб олган катта энаси (раҳматли момосини эна дерди) турганини кўрди. Энам тирик экан-да, деб из-из йиғлаяпти. Катта энаси эса қўлинн силкиб, қайт ишорасини қилди. Келган томонига қўлини нуқиб, алланималардир демоқчи бўларди. Шоир тўхтаб, орқага қаради. Ортида учта фарзанди, Барнони кўрди. Улар қўл силтаб чорлашаяпти. Раҳматли энаси ҳамон орқангга қайт, деб ишора қилаяпти. Бир фарзандларига, бир катта энасига қарайди. Шу пайт катта энаси кўздан ғойиб бўлди. Энам мени фарзандларимга ташлаб кетди, деган ўй келиб урилди хаёлига. Болалари ёнига қайтди. Уларни бир-бир қучиб, дув-дув кўз ёши тўкаверди. «Энам мени олиб кетмади, қайтиб келдим. Сизлар билан қоламан, – деб уларни бағрига боса бошлади. – Энам мени олиб кетмади... Қайтиб келдим. Сизлар билан қоламан...» Барно унинг кўз ёшларини артаётганмиш.

У туйқус кўзини очди. Тепасида учта фарзанди билан Барно турибди. Барно унинг чаккаларига тушган кўз ёшларини рўмолчаси билан артарди.

– Дадаси, ҳар нарса деб қўрқитманг бизни. Мана келдик. Анчагина тузуксиз. Ҳаммаси ўтиб кетди энди. Қани, адажонларинг билан кўришинглар...

У фарзандларининг қўлларини кўзига босди. Ўзини ўнглаб олди. Айни дамда чиройи очилди.

– Дадаси, кеч бўлиб қолди. Мана, қайнатма шўрва олиб келдик... Овқатланиб олинг, зўрға кирдик, икки дақиқага. Катта дўхтир кўриб қолмасин ишқилиб. Барака топгур Гўзалга ёлвордик, рухсат берди. Ўзи эшик олдида қоровуллик қилиб турибди. Дўхтирлар сезиб қолишса унга ҳам гап тегади.

Шоир фарзандларини кўриб кўнгли кўтарилди. Улар билан хушлашаётган чоғда эса фикри ёришгандай бўлди.

V

Шоирнинг ўй-хаёли ўша кундан бери зимистон эди. Ўлим тўшагига олиб келган ўша кунги воқеа фарзандлари кўзидаги хавотиру ҳадик олдида бир чақага ҳам арзимаслигини у ҳозир, мана шу дамда, фарзандларини бағрига босаётганида чуқур ҳис қилди. Бу ҳол унга қанот бағишлади. Уруш асабини емира бошлаган инсон учун бу дунёда энг ишончли суянчиқнинг борлиги нақадар ёқимли эди. Унинг учун бирдан бир суянч фарзандлари – оиласи эди.

VI

Хуллас, шоир телевидение биносидан худди биров ортидан қувиб келаётганидек, гўёки қайрилиб қараса уни чақириб қолиши мумкиндек, тез-тез юриб, муюлишдаги емакхонага бурилди. Ҳозиргина содир бўлган ҳодиса ҳақида ўйламасликка ҳаракат қиларди. Лекин, ўз-ўзидан ғазаби тошаётганини ҳис этди. «Одам боласи шунчалар ҳам тутуруқсиз, турланувчан бўладими-а? «Кап-катта одамлар. Нима дейишяпти?!» дерди ўзига ўзи.

Совуқ этни жунжиктирарди. Ёмғир кучайди. Муздай шамол урила бошлади юзига. Об-ҳавонинг тундлиги шоирнинг кайфиятига яраша эди. У ёмғирпўши ёқасини кўтариб олди.

Емакхона рўпарасидаги бекатда шоир Камол Шукурни кўрди. Улар бирга ишлашади. Уйига кетяпти чоғи. Шоир ҳамкасбини имлаб чақирди: емакхонага ишора қилиб, ҳалигидан уришга чорлади. Бекатдаги шоир ҳам шуни кутиб турганидан шу томонга юрди.

Столни шоирона қилишди – битта ароқ, салат, қовурилган картошка, икки шиша минерал сув.

– Ҳавоям на у ёқлик ва бу ёқлик, тавба, – деди шоир қўлларини бир-бирига ишқаб. – Олдикми?

– Энди ёғади. Совуқлашяпти. Осмонга булут чиқаверса кўнглим сиқилади, – деди шериги.

– Яхшилик учун.

Улар бир кўтаришда идишни қуритиб, столдаги бор нарсалардан татиб кўрган бўлишди.

– Қаёққа кетяпсиз, ҳали иш тугамади-ку?..

– Уйга. Эртанги кўрсатувга сценарий ёзмоқчийдим. Ишхонани биласиз, ғалванинг уяси – униси киради, буниси чиқади, чалғийсиз. Ўзингизга йўл бўлсин?

– Мен шу ерга. Жиндай отиб олиб, дунёни унутиб уйга жўнашни мўлжаллаб турибман. Мана, сиз шерик бўлдингиз, бу жуда яхши.

– Бугун «отиш»ни шунчаки кўнглингиз тусаганмиди?..

– Ҳа. Аниқроғи, шундай бўлиб қолди. Ярим соат аввал мени роса «дўппослашди». Очиғи, миямни эговлашди. Казо-казоларнинг дашномларидан кейин, бу ёққа югурдим.

– Нима бўлди?..

– Э, арзимайди. Ўзингизга таниш ҳол. Кеча мақталган кўрсатув... «кимларгадир ёқмаган шекилли, буларнинг бошига гурзи билан туширган. Энди гурзи еб гандираклаганлар менга осилишяпти. Э, одамнинг биқиқ ўйлаб, майда қаричлашга мажбур бўлиб қолганидан қўрқиш керак экан. Хуллас, бугун телевидениеда ким ёмон – мен ёмон. Қани, биттадан урайлик. Ўйламайлик, булар ўткинчи...

– Қани, оламиз, гапингиз рост. Шу майда-чуйдаларга ўралашиб қолмаслик лозим. Ҳозир ижодингиз чаккимас. «Ёшлик»да босилган «Қоронғи уй» қиссангизни ўқиб чиқдим. Зўр. «Дарё ортидаги йиғи» китобингизда ҳам, бу асарингизда ҳам уруш фожиасини шафқатсиз чизгансиз. Яхши. Шу йўлни маҳкам тутиш керак. Қолганлари капейка... Адабиётда ўчмайдиган қилиб олов ёқиш керак. Абдулло акадай, Шукур ака, Усмон акалардай гуриллаб ёниш керак... Гугуртингизни беринг...

Камол Шукур сигарет тутатди.

Шоирнинг кайфияти анча тетиклашди. Ўз дардига ўралиб аза очишдан кўра, ўлмайдиган, энг юксак мавзу, тоза тушунча – ижод ҳакида суҳбатлашаётганидан, қаршисидаги ўзбекнинг навқирон шоири билан фикрлашиб ўтирганидан анча ҳаяжонда эди. Бу ҳол жудаям ёқимли эди.

Улар тағин биттадан сипқаришди. Гаплари тобора қовушиб борарди.

– Менга фарқи йўқ. Минғир-синғир қилаверишса, бу ишхонада ишламаслигим ҳам мумкин. Лекин шу майда-чуйда, ипирисқи гап-сўзлар ҳам қалбингни кемириб тургани чатоқ. Ўлай агар, телеюлдуз бўлиш орзуси кўнглим кўчасидан ўтмаган. Мен буни сира-сира истамайман. Фақат ёзсам дейман. Эҳ, ёзиш учун эса яна ўша ланаъти уруш, азоблар ҳақида ўйлашга мажбурлигим мени қийнайди.

– Одам ўзига яқин ва таниш манзарани яхши тасвирлайди. Уруш ҳақида ёзишнинг ўзи бўлмайди. Бу дунё адабиётини қаритган мавзу. Лекин мен ишонаман, сиз ўзбек прозасига уруш мавзусини дадил олиб кираоласиз. Сиз учун бошқа йўл йўқ. Худо насиб қилса, кўрамиз, китобларингиз тала-тала бўлиб кетади. Уруш ҳақидаги кичик бир ҳикоя ёки ёстиқдай романни, бу фалон жойда содир этилган уруш тўғрисидаги асар деб эмас, инсониятнинг фожиаси, ёвузлиги ҳақидаги асар, деб қаралмоғи керак. Ана шундай даражадаги асарни яратиш ҳар қандай ёзувчининг қўлидан келавермайди. Уруш асари Инсон ва унинг таҳқирланган орзулари, ўққа учган муҳаббати, издан чиққан ҳаётини ҳикоя қилмоғи лозим. Уруш адабиёти тириклик ва ўлим, ээгулик ва ёвузлик оралиғидаги мунгли бир қўшиқдир. Ҳамма миллат ва элатларга тушунарли қўшиқ. Мисол учун, афғон уруши. Вьетнам уруши, Иккинчи жаҳон уруши, ёйинки ер юзидаги барча урушларни битта ном билан – уруш деб аташ керак. Демак, инсонни жиддий ўйг

...