Jarayon
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Jarayon

Франц Кафка

ЖАРАЁН

СЎЗБОШИ ЎРНИДА

Ҳаракатдан тўхтаган
жараён қиссаси

Эссе-муқаддима

«Афтидан кимдир Йозеф К.га туҳмат қилган чоғи, ахир у ҳеч кимга ёмонлик қилмаган, бирон-бир ножўя иш ҳам содир этмаганди, шунга қарамай уни ҳибсга олишди».

Кимдир ҳибсга олиндими, демак, ҳадемай суд жараёни бошланади. Суд жараёни асносида, одатда қандайдир ҳақиқатларга ойдинлик киритилади. Асарнинг номланиши ўқувчини биринчи навбатда шундай хаёлга ундайди. У ўзини суд жараёни ҳақидаги тафсилотларни ўқишга чоғлайди. Бироқ...

Йозеф К.нинг ҳибсга олиниши ҳақидаги хабар билан бошланган «Жараён» биринчи марта 1925 йили нашр этилган бўлса-да, айрим маълумотларга кўра, у 1914–1915 йилда, бошқа маълумотларга қараганда эса 1918–1919 йилда ёзилган. Ҳарқалай, Франц Кафка «Жараён»ни ёзганида 30–35 ёш орасида бўлган. Шу ёшдаги одам ҳаётнинг бу қадар мураккаб синоатларини қандай қилиб бир роман қаҳрамони тимсолида мужассам қила олди экан, – деган савол ҳали-ҳануз дунёдаги кўплаб адибларни, мутахассисларни, адабиёт ихлосмандларини қизиқтириб келади, ўйга толдиради. Баҳсга чорлайди. Мунозарага ундайди.

Тугал ечим, тугал хулоса эса топилмайди.

Борди-ю топилганда, борди-ю роман бир ўқиш­да кўнгилга, шуурга тўласича жо бўлиб қўя қолганида, уни иккинчи, бешинчи, еттинчи марта ўқиш ҳожати қолмаганида «Жараён» деган асар Франц Кафка деган исмга қўшилиб аллақачон унутилиб кетган бўлар эди.

«Жараён» бир ўтиришда, бир кечада ўқиладиган роман эмас. Уни ўқиш хийла қийин. Бир боб ўқиб, орқага қайтишингиз, хаёл қочиб, ўқиётган тафсилотларингизни тушунмай қолишингиз, гап нима ҳақда бораётганини илғашга қийналиб, калаванинг учини йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Жумла тузилиши, гап қурилмаси, фикрни ифода этиш услуби эзмаликка, ҳатто мижғовликка мойил. Бошқача, ўзгача, ғалати.

«Ўзгача», «ғалати» сифатлари «Жараён»гагина эмас, адибнинг бутун ижодига энг ихчам ва лўнда таъриф дейиш мумкин (адибнинг кундаликларида «Ёзганларим ҳам ғалати», деган жумла келади). Ғайритабиий тасвир, ғайритабиий одамлар образи. Чунки адибнинг, адиб шахсининг, Франц Кафка деган инсон зуваласининг ўзи ғайритабиий. Шуларнинг маҳсули ўлароқ, ёзувчининг бадиий тафаккури ғоятда ғайритабиий эканлигидан ажаб­ланмасак ҳам бўлади.

Романнинг бошламасига эътибор бердингизми? Ҳеч бир кимсага ёмонлик қилмаган, ҳеч бир ножўя ишга қўл урмаган Йозеф К.ни нима сабабдан ҳибсга олишди? Шунинг ўзи ғалатиликнинг бош­ланиши эмасми?

Шу ғалатилик ўқувчини мафтун этади, у мазкур савол жавобини топаман, деган хаёлда ўқийверади, ўқийверади. Жавобдан эса дарак йўқ. Устига-­устак саҳна ошгани сайин саволларнинг сони ортаверади.

«Жараён» – савол, «Қалъа» – савол, «Америка» – савол, бири-биридан ноёб новеллалар, Франц Кафканинг ўзи, унинг ижоди яхлит бир савол. Ҳар бир давр, ҳар бир ижтимоий ҳолат, ҳар бир тафаккур тарбиясида тарбия топган авлод китобхонлар ўзича, ўзгача жавоб топадиган, лекин сира тугал тўхтамга кела олмайдиган саволлар мажмуаси.

Роман мутолаасига киришган китобхон, ҳадемай бошланажак жараёнга руҳан ҳозирлик кўради. Ҳозирча муқаддима. Қаҳрамон ўзини ҳимоя қилиш ҳаракатида юрибди. Бу табиий ҳол. Фақат... фақат Йозеф К.нинг дам меҳмонхона бекаси фрау Грубахга, дам фройляйн Бюстнерга, дам фройляйн Монтагга йўлиқиб, ўзининг ҳибсга олинганлиги ҳақида гап қўзғашлари, нималарнидир сўраб-суриштиришлари, алланималарни уларга уқтиришга уринишлари ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлган одамнинг безовталикларига ўхшамайди.

Жараён бошланишидан эса ҳамон дарак йўқ. Сабаб?

Кафканинг асарлари ҳужайра-ҳужайрасигача саволлардан тўқилган дедик. Аввало, қалашиб келадиган катта-кичик саволларнинг ҳаммасини батафсил илғаш қийин, қолаверса, ўзингиз илғаган, тушуниб етган саволларга жавоб топиш, улар ҳақида мулоҳаза юритиш китобхондан етарли даражада билим, малака ва жасорат талаб қилади. Зеро, ҳаётда одам ўзи у ёки бу даражада билиб-англаб етган ҳақиқатлари юзасидан ҳам очиқ-ойдин мушоҳада юритишдан, та­йинли хулоса чиқаришдан ўзини тийиб туради, кўпинча. Бунга юраги бетламайди. Кафканинг қаҳрамонлари эса ўзини тиймайди, улар ҳар қандай аччиқ ҳақиқатлар ҳақида юрак ютиб мулоҳаза юритаверади. Энг изтиробли, энг қалтис ҳолатларга мардонавор кириб бораверади ва муҳими, ҳеч бир жойда кўз ёши қилиб ўтирмайди. Дарвоқе, Кафканинг қаҳрамонлари ҳеч бир жойда йиғлоқилик қилмайди, улар китобхонни бўлар-бўлмас кўз ёши тўкишга «мажбурламайди».

Франц Кафканинг асарлари фақат саволлардан иборат десак янглишамиз. Саволлар адиб асарларининг алоҳида бир маъно қатламини ташкил этади, холос. Бу маъно қатламидан ке­йин жавоб ва ҳукм қатламлари ҳам келади. Савол-жавоб, ҳукм ва яна савол қоришиб кетади.

Романнинг бошланғич жумласини ўқидик. Ҳеч бир ножўя иш қилмаган одамнинг ҳибсга олиниши ғалати туйилди, шунақа ҳам бўлар эканми, деб кўнгилда савол туғилди ҳам. Саволнинг бир «чеккаси»дан мўралаб турган жавоб – ҳукм ҳам мавжуд. Яъни ҳа, ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз, одам ҳеч нарсадан ҳеч нарса қамоққа олиниши ҳам мумкин!

Зиёли инсон борки, бирор аниқликдан хабар топса, индамай қўя қолмайди. Нега, нима учун, нима сабабдан, дея суриштиришга киришади. Шу боис у Йозеф К.нинг ҳибсга олинишини тушунолмайди. «Ия, – дейди у ажабланганини яширмай, – бу юртда қонун-қоида, тартиб-интизом борми, ўзи?» деб баралла сўрайди. Шундай деб турганида биринчи бобнинг ўзидаёқ саволига аниқ-лўнда жавоб ҳам келади. «Ахир у (Йозеф К. – Х.Д.) ҳамманинг ҳуқуқлари кафолатланган, осойишталик ҳукмрон давлатда яшаяпти-ку, бунда қонунлар бузилмаслиги даркор эмасми?» Афсуски, воқеалар оқими хатарли тус олади. Қаҳрамонимиз жиддийроқ ҳаракатга тушади. Анчадан буён кўринмай кетган амакиси унинг жонига ора киришга тутинади. Ахир у Йозефнинг устида ўлиб қолишга шай, бунинг устига у ўзини Йозефнинг валинеъмати деб билади. Пировардида, амаки жиянини мактабдош дўсти бўлмиш баобрў адвокат Гульднинг ҳузурига етак­лаб боради.

Гульд кўпни кўрган, суд маҳкамасидаги казо-казолар орасида таниш-билишлари сероб. Шу ўринда ўзбек китобхони кўнгли бирдан хотиржам тортади, чунки шу қадар тажрибали адвокат ишни босди-босди қилиб юборишига умид боғлайди. Демак, жараён бошланмай тугайди, ношуд Йозеф К. бошига тушган кулфатлардан халос бўлади-қўяди. Бироқ «Адвокат. Фабрикачи. Рассом» деб номланган бобда адвокатга боғланган умидлар шу қадар рўёга айланадики, асти қўяверасиз. Ушбу бобдаги адвокатура хизмати, адвокатлар номаи аъмоли ҳақидаги ҳикояни романнинг энг гўзал саҳифалари дейиш мумкин. Шу ўринда адибга хос аччиқ киноя, пичинг-писанда авж пардага кўтарилади.

Адвокатлар идораси бир ҳолатда, бу идора соҳиб­ларининг суд жараёнларида кўрсатадиган кароматлари ҳам шундан афзал эмас аслида, лекин улар ўзларини соҳибкаромат одамлар деб кўз-кўз қиладилар. Йозеф К. адвокатлар дунёси билан ичдан таниша боргани сайин бу тоифа кимсалардан у дунёю бу дунё ёруғлик чиқмаслигини ёрқинроқ англай боради, шу ерда дуч келган фабрикант, сўнг рассом йигит унинг кўзини мошдай очишади. «Қонунда айбсиз киши оқланади, деб ёзиб қўйилгани билан,– дейди рассом, – бироқ мен ўз тажрибамдан шуни яхши биламанки, ҳаммасининг тескарисини қилишади».

Йозеф К. хаёлга берилиб, суд девонхонасининг бурнига келиб қолганидан хавфсирамайди, уни бош­қа нарса – «суд ишларидаги жаҳолат, нодонлик даҳшатга солар эди». Рассом йигитнинг: «Менимча, бу ёруғ оламда бирорта ҳам одам ўз таъсир кучи билан мутлақ оқланишга эриша олмаса керак», деган гапи Йозефни ўйлантириб қўяди. У кўп ўйланади, ҳардамхаёл бўлади. Ўзининг аҳволидан тегишли хулоса ясайди. «Иккиланиб турган одам ҳеч қачон адолатли ҳукм чиқариши мумкин эмас».

Лекин у нима қилсин?

Қаҳрамонимиз шу саволга жавоб тополмайди, дам «Гўё у бу ёруғ оламда ёлғиз ўзи қолгандай...» бўлса, дам «Омон қолиш учун фақатгина курашиш керак», деган қарорга келади.

Курашиш учун эса... жараёндан дарак йўқ, жараён бошланадими-йўқми, ўзи? (Ахир муаллиф романни «Жараён» деб атаган-ку, қани, ўша жараён?!)

Йозеф К. лоақал ўзининг вазиятини англаб етолмай хуноб, қаерда қандай макон, қандай муҳитда, оёғини қаерга қўйиб турибди у? Шуларни билиш, ҳис этиб туриш ҳар бир инсон учун муҳим эмасми?

У шулар хусусида бош қотираётиб бошқа жиддийроқ муаммога дуч келади: у-ку, битта одам, холос. Жамият-чи, жамиятнинг ўрни, қиёфаси, шакл-шамойили аниқми? Фуқаро вазиятининг аниқлиги жамият вазиятининг аниқлигидан бош­ланмайдими?

Шу тариқа Йозеф К. саволлар, жумбоқлар гирдобига ғарқ бўла боради. Юзаки қараганда, у муж­мал вазиятлардан қутулиб кетиш чорасини излаётгандек туйилади, аслида у жасоратда ғаввос янглиғ ҳеч қандай мушкулотдан тап тортмайди, балки жонини тикиб энг хатарли ҳолатларга тиккасига кириб боради.

Йозеф К. ҳаддан ташқари фикрчан одам. Мабодо у фикрга бу қадар ташна бўлмаганда, гўдак­ларча билиш мақсадида ҳар ерга тумшуғини суқавермаганида шунча балога гирифтор бўлмасди ҳам. Афсуски, у ақллилик балосига учраган. Ваҳоланки, воқеаларнинг бошланишидаёқ, яъни Йозефга қоровулликка қўйилган соқчилардан бири унга энг «доно» маслаҳатни беради. «Ҳа, бизнинг сизга берадиган маслаҳатимиз шу: кучингизни бемаъни мулоҳазалар юритишга сарфлаб ўтирманг, яхшиси, имкон қадар, бирон-бир фикр юритишдан тийилинг. Сиздан талаб қилинадиган энг катта вазифа шу», – дейди у. «Яна ўзингизнинг айбсизлигингизни пеш қилавериб, ҳуда-беҳудага қичқираверманг», – дейди бошқаси.

Кўряпсизми, соқчилар учун маҳбуснинг фикр­ламагани маъқул, улар учун мулоҳазакор одам хавфли.

Худо ақл-идрокдан қисмаган бўлса, миядаги тафаккур чўғлари сўнмаган бўлса, қандай қилиб фикр юритишдан тийилади одам? Қандай қилиб ва нима учун айбсизлигини пеш қилмаслиги керак? Айбдор киши ўз кирдикорларини достон қилмайди, буни тушуниш мумкин, лекин ҳеч бир асоссиз ҳибсга олинган ҳақсиз одам ўзининг айбсизлигини пеш қилишдан ортиқ нимага ҳам ярайди? Яна қандай бошқа чора қолади унда? Ёхуд айбсиз ўзининг айбсизлигини пеш қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрумми?

Йозеф К. нажотни фикрлашда деб билади. Унинг фикрлаши ҳақсизликни маҳв этиш учун қилич яланғочлаб чиқмайди. У ҳеч кимсага, ҳеч бир калондимоғликка, ҳеч бир кибр-ҳавога, ҳеч бир ёлғонга очиқдан-очиқ зарба бермайди. У яна шундай разолат манзаралари мавжудлигидан одамларни огоҳ этади, уларни фош этади. Унинг фош этиши исёнга, чорага айланади.

Эҳтимол, ана шу фош этиш биз кутган жараёндир? Фош этиш жараёнидир?

Устоз Озод Шарафиддинов кўплаб китобсеварларнинг онахони Баҳри Ғуломовани хотирлаб ёзган мақоласида 30–40 йил муқаддам дўконлардан керакли китобларни излаб, суриштириб юриш одати борлигини ёзибди. Уни ўқий туриб, ўзим «Жараён»ни излаганларим ёдимга тушиб кетди.

Ўрта мактабни битираётган кезларим уч-тўрт кутубхонага аъзо эдим, кўзимга ёқимли кўринган китобни ўқийверганман. Эндиликда уларнинг жуда ози ёдда қолган. Мен учун китоб тўла жавондан гўзалроқ манзара йўқ эди. Кўчамизнинг юқорироғига ҳар сафар йўлим тушганида пастак деразадан бирига мўралаб ўтишни канда қилмасдим. Яқин-атрофда шу хонадон соҳибидан кўра бахтлироқ, бадавлатроқ инсон йўқ эди, назаримда.

Журналистика факультетида жаҳон адабиётини ўқиганмиз, лекин модернизм ва унинг атрофидаги хилма-хил оқимлар, уларга мансуб шоир ва адиблар, файласуфлару психологлар номи тилга олинганми-йўқми зинҳор эсимда йўқ. Эҳтимол, домлаларимиз бир қур экскурс қилиб ўтса ўтгандир, лекин талабалик кезлари экзистенциализм, сюрреализм ва ҳоказо «изм»ларни тушунадиган аҳволда бўлмаганмиз. Кейинроқ сездимки, шу ва шу сингари оқимга мансуб санъат асарларидан таъсирланадиган хос бир кайфият туғилмагунича улар сизга ёт ва бегона бўлиб қолаверади.

Таъсирланмаган одам ҳазми оғир асарни илғашга уриниши у ёқда турсин, тушунишни ҳам истамайди. Вақт-соати келганда эса... бир хил хасталикка учраган беморларгина бир-бирини осон ва тўкис тушунадилар, деган гапни ўқигандим.

Ёдимда йўқ, дўстларимиздан бирининг қўлида «Превращение» деб номланган ҳикояни кўриб қолдим. Муаллифи Франц Кафка.

– «Превращение» нима дегани? Ўзбекчада нима бўлади? – деб сўрадим тушунмай.

– «Эврилиш», – деди у.

Ҳикоя матни машинкада кўчирилган, биринчи жумласи сира ёдимдан чиқмайди. «Проснувшись однажды утром после беспокойного сна, Грегор Замза обнаружил, что он у себя в постели превратился в страшное насекомое».

Эртакларимизни, афсонаю ривоятларимизни ўқиб улғайганлар учун бундай гапларнинг фавқулоддалик жойи йўқ. У ҳолда не боисдан «Эврилиш» дунё ҳикоячилиги тарихида фавқулодда воқеага айланди? Нимаси билан у ҳикоянавислик маҳоратини янги поғонага кўтара олди?

Энг муҳими, Франц Кафка инсондан ҳашаротга айланиб қолиш ҳодисасига эртак, афсона, фантастика деб эмас, реал воқелик сифатида ёндашди. Бу ҳолатни сира иккиланмай том маънодаги ҳаётий воқеа сифатида реалистик ҳикоя тарзига олиб кирди.

Хуллас, машинкада терилган ҳикояни бир кунга, аниқроғи, эрталаб қайтариш шарти билан олиб кетдим.

– Ҳар кимга кўрсатаверманг, – деди дўстимиз.

Шу огоҳлантириш сабаб бўлдими, биринчи жумладан таъсирландимми, туни билан ҳижжалаб ўқиб чиқдим «Эврилиш»ни. Ҳозир ҳар қадам, ҳар идорада муҳайё нусха кўчириш ускунаси юртимизга энди-энди кириб келаётган пайтлар эди, эрталабдан шуларнинг бирига бориб, юз таваллою ёлвориш билан «Превращение»дан бир нусха кўчиртириб олдим.

– Ҳеч кимга кўрсатмадим, – деб ёлғон гапирдим, олган нусхани эгасига қайтараётиб.

Франц Кафка билан биринчи танишув шу тариқа юз берган. Сўнг бу адиб ижодига доир нимаики мақола бўлса, топиб ўқишга ҳаракат қилдим. «Жараён» романини ернинг тагидан бўлсаям топаман деб ўзимга аҳд қилдим. Бироқ у мана-ман деган китобйиғарлардан ҳам, ернинг тагидан ҳам топилмади. Ўзиям Франц Кафканинг рус тилида бор-йўғи битта китоби нашр этилган экан, у ҳам кейин кўрсам, адади кўрсатилмаган. Чамаси, шўро ҳукумати мафкурасига зид деб ҳисобланган бу адибнинг китоби хорижликлар назари учунгина номига чоп этилган. Лекин қани ўша китоб?

Кунларнинг бирида автобусдан тушиб кўчамизга бурилсам, икки қўлидаги оғир ип тўрвани инқиллаб кўтариб келаётган аёлга кўзим тушди. Юрагим «жиз» этиб кетди. Ўйламай-нетмай аёлга етиб олдим, бир қўлидаги тўрвани олдим. «Йўлимиз бир, мен ҳам шу ёққа боряпман», – дедим. Аёл ҳайрон. Мен эса иккинчи тўрвани ҳам кўтаришга жон деб турибман. Аёлнинг ҳайронлиги баттар ошди.

– Сизни танийман, – дедим. – Қўшниман. Нарироқда яшаймиз. Сизнинг уйингизга деразадан кўп қарайман.

– Да-а... – деди опа ажабланиш-ажабланмаслигини билмай. Сўнг сўради: – Нимасига қарайсиз уйни?

– Китобларга. Ҳавасим келади.

– Ҳавасингиз келса, марҳамат, уйга киринг. Китобларни кўринг.

Опа шу қадар самимий гапирдики, нақ бир йилдан буён излаб юрган китобимни қўлга киритгандек қувониб кетдим. Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас Франц Кафканинг қора жилдли, семизгина китоби қўлимда турарди! Янги танишган қўшни аёл – Тамара Сергеевна Никоноровани ўпиб олай дедим!

– Бемалол ўқийверинг, кейин қайтарарсиз, – деди хонадон соҳибаси.

Ўша дамда мендан бахтли инсон йўқ эди, атрофимда!

Орадан чорак аср ўтди, мана бугун «Процесс» ўзбекчага «Жараён» деб ўгирилиб, ниҳоят китоб ҳолида чиқиб турибди! Марҳамат, уни ўзбек тилида ўқиш имкони туғилди. Бу – ўзбек адабиёти тарихида алоҳида воқеа! Ҳамонки, адабиёт инсоншунослик экан, «Жараён» ҳар қандай миллий адабиётнинг маънавий мулки ҳисобланади. Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи «Жараён» ўша тилга ўгирилган-ўгирилмаганлиги билан ҳам белгиланади, десам муболаға бўлмайди. Жаҳон адабиёти тарихи Франц Кафкагача ва ундан кейинги давр­га бўлинади, дейишади. Миллий адабиётлар ҳам Кафканинг асарлари ўша тилга ўгирилгунига қадар ва ундан кейинги даврга ажралади.

Адабиётимиз «Жараён» она тилимизга таржима қилингандан кейинги ўзбек адабиёти деган шарафли номга сазовор бўлди! Истеъдодли шоир ва заҳматкаш таржимон Вафо Файзуллоҳ саъй-ҳаракати билан Йозеф К. ўзининг бутун мураккаб дунёси билан ўзбек адабиётига кириб келди. Ваҳоланки, қаҳрамонимизнинг бошига тушган ташвиш оламшумул муаммо ҳам эмас, кўрсатадиган қаҳрамонликлари муҳокама қилиб ўтиришга арзимайди ҳам. У бор-йўғи ҳибсга олинган, ўзи шуни тушуна олмай, гарангсиб юрибди, холос. Фақат ғалати ва қизиқ жойи шундаки, Йозеф К. қамоққа олингану хизмат вазифасини давом эттириши мумкин.

Буни қандоқ тушунамиз. Ижарахона бекаси фрау Грубахнинг таъбирига қаранг: «Сизнинг қамоққа олинишингизда эса қандайдир ҳикмат бордай», – дейди у Йозефни юпатиб.

Гарчи Йозеф К. ўзининг ҳибсга олинишида ҳикмат тугул оддий тайинли мантиқнинг ўзи йўқ деб ҳисобласа-да, Грубахнинг фикрига қўшилмай иложи йўқ. Зеро, Йозеф К. қисматини, мана, салкам бир асрким, китобни ўқиган киши турлича талқин этмоқда, талқин эса тугайдиганга ўхшамайди. Шу эмасми, романдаги, аниқроғи, роман қаҳрамонининг ҳибсга олинишидаги ҳикмат?! XX асрнинг улкан файласуфларидан Эрих Фромм Йозеф К.нинг ҳибсга олинишини рамзий маънода «тўхтаб қолиш» деб талқин этади. Яъни Йозеф К. жисман эмас, фикран тўхтатиб қолинди. У энди ҳаётий жараёндан мосуво. Аслида ҳам у ўтакетган диққинафас ҳаёт кечираётган эди – кунлари туссиз, бефайз – номигагина ётиб-туришлар, хўжакўрсинга хизматга бориб-қайтишлар, «йилт» этган равшанликдан дарак йўқ. Олдинда рўшнолик йўқ. Ҳамма нарса тўхтаб қолгандек эди, мана, Йозеф К. ҳам тўхтади, уни тўхтатиб қўйишди. Франц Кафкага хос аччиқ ва тагдор киноя романнинг атамасида мужассам, яъни гарчи асар «Жараён» деб аталса-да, ҳаётда ҳеч қандай жараён аломати сезилмайди. Жараён дегани ҳаракат дегани-ку, романда эса буткул ҳаракатсизлик, маҳдудлик. Фикр ўлган, мушоҳада чекланган тубан муҳитда жараён кечмоқда де­йишнинг ўзи бориб турган сурбетлик. Романда ана шундай жараёнсизлик, яъни тўхтатиб қўйилган вақтнинг тўхтаб қолган воқеалари тасвирланган. (Адабиётшунос дўстларимиздан бири роман атамасининг энг аниқ мазмуни ўзбек тилида муаллиф ўйлаганидан ҳам мукаммалроқ жаранглайди, бунинг учун «Жар аён» деб ўқилиши керак, деганида ҳам чуқур мазмун бор.) Кафканинг бетакрорлиги ҳам шунда!

Эрих Фромм «Жараён»ни энг узун туш, деб таърифлаган. Бундай тўғри хулоса бежиз эмас эди. Зеро, Йозеф тўхтаб қолган вақтнинг ҳаракатланиши, яъни жонланиб, чинакам жараёнга айланишида нажотни тушдан излайди ва топади. Франц Кафка ҳам, унинг қаҳрамонлари ҳам туш ва ҳуш оралиғидаги реалликда яшайдилар. Ўзининг ҳибсга олинганини «Бу қанақа маҳбуслик?» деб тўла тушуниб етмаган асар қаҳрамони ўзида туғилган бу саволга жавобни ҳаёт реаллигидан эмас, туш реаллигидан излайди. Франц Кафка ана шу икки реалликдан-да, боқий реаллик – ўзининг уч романи, ҳикоялари ва кундалик­ларида акс этган бадиий реаллигини яратади!

Ёзувчилар уюшмасидаги йиғинлардан бирида дурустгина адибларимиздан бири: «Ҳа, энди Кафка деганлари касал бир одам-да», – деган эди бурнини жийириб беписандлик билан, аслида бу жуда топиб айтилган таъриф эди, ахир, чиндан касал бўлмаган одам ёзувчилик қиладими, қўлидан қаламни қўймай ҳеч кимникига ўхшамаган ўз бадиий дунёсини яратадими? Кафка сингари ижодкорларни жоҳилларча пессимистликда, хасталикда, бемаъниликда айблашлар шўро даврида оддий ҳол эди. Афсуски, тафаккуримиздаги бундай чекланиш «Жараён»дек роман ўзбек тилида эълон қилинган бугунги дориламон кунларга келиб ҳам буткул унутилганича йўқ. «Декаденс, модернизм фарёд санъати», – деб ёзади ажойиб адабиётшунослардан бири Игор Гарин мана шундай қарашларга жавобан. – Чорасизлик ва фарёднинг қалбни ўртовчи ҳайқириғи. Буни санъат кризиси деб талқин этмаслик керак. Зеро, бу кризис санъатидир. Декаденс, модернизм шу!»

Шу маънода Франц Кафка дунё адабиётида энг оғир «беморлардан» саналади.

Кўплаб адабиётшунослар, психологлар унинг ва унга ўхшаш адибларнинг асарларини абсурд адабиёт сифатида тадқиқ этганлар. Бундай мунозарага ўзбек мутахассислари ҳам бош қўшишга уриниб кўришди. Ваҳоланки, Франц Кафка абсурд адабиёт яратиш хаёлида роман ёзмаган, у – ҳаётнинг ўзини, инсон умрининг ўзини абсурд деб тушунган.

Йозеф К.нинг бесабабдан-бесабаб ҳибсга олиниши ҳам абсурд. Унинг назарида, ҳар банда ҳибсга тушиш эҳтимоли бор, ўша банда шўрлик шунга лойиқ гуноҳга йўл қўйганми-йўқми, бу бошқа масала. Ҳар неки бандани ҳибсга олувчи қаттол куч ҳам бор, ўша куч бундай қабиҳликка нечоғлик маънавий ҳақ-ҳуқуқи бор – бу ҳам бўлак муаммо.

Йозефнинг ҳолати, иш фаолияти, ётиш-туриши, атрофидагилари – ҳаммасининг турган-битгани мужмал, дардисар. Китобхон «Йозеф К.ни нима учун ҳибсга олишди?» деган саволига романни ўқиб тугатгунга қадар жавоб излайди, лекин жавоб... Жавоб излашга уриниш жараёни китобхоннинг қалб ва шуурига кўчади! Роман номининг моҳияти, фалсафаси, унинг таг-заминига яширилган қуввати мана шу!

Йозеф К. бошини не-не эшикларга урмади, кимлардан нажот кутмади! Жуда кўпчилик унинг мушкулини осон қилмоққа чоғланди, ёрдам қўлини чўзгандек бўлди, илло, бирор кимса амалда унинг жонига ора кирмади, киролмади. Инсон – ўз тақдири, қисмати олдида ёлғиз!

Йозеф К. образи, умуман Кафка яратган кўпгина қаҳрамонларнинг ҳаёт йўли, ҳаёт йўлида кашф этган фалсафаси, ҳаётий ақидаси мана шундай ғоятда аччиқ, лекин ўта ҳаққоний хулосага келтиради кишини!

Ҳаётда шундай ҳолатлар юз берадики, инсон ўзи дуч келган муаммоларнинг асл сабабларини ташқаридан ёки ўзгалардан эмас, ўзидан, ўз қалби ва онгининг шу вақтига қадар назар ташлаб кўрмаган, назар ташлашга юраги бетламаган туб қатламларидан излаб топгиси келади. Лекин уммон қаърига шўнғийдиган ғаввосликнинг ўзига яраша асбоб-анжоми, маҳорат сирлари бўлгани каби ўз қалбининг нигоҳ илғамас пучмоқларига сафар қилиш учун ҳам махсус анжомлар, услуб­лар, воситалар даркор.

«Жараён» сингари романлар, Франц Кафка тои­фасидаги адиблар яратган боқий асарлар эса худди шундай маънавий сафар анжоми, воситаси вазифасини ўтайди.

Қадимги итальян мутафаккирларидан бири Худо инсонни яратгани билан киши ҳақиқий инсон мақомига етишмоғи учун ўз-ўзини кашф этмоғи, қайта яратмоғи керак деган. Франц Кафка қаҳрамонлари ўзини қайта яратишга мубтало инсонлар образи. Унинг қаҳрамонлари учун ўз «мен»идан ўзга дунё йўқ, улар дунёни фақат ўз «мен»лари орқали кўрадилар, дунё савдоларини ўз «мен»лари манфаатига бўйсундирадилар ва шу йўл билан ­дунён­и, инсон ҳақидаги шу вақтгача бўлган тушунча ва билимларни ўз «мен»лари ҳисобига бойитадилар. «Мен – уйғониш даври яратган янги миф», деган эди А. Лосев. Франц Кафка қаҳрамонларининг ҳар бири ўзича мифга айланган. Дарвоқе, рус файласуфи готика санъати фалсафаси ҳақида сўз юрита туриб айтган қуйидаги таърифи «Жараён» қаҳрамонини тушунишга ёрдам беради: «Воқеликдан изтироб чекиб, табиий ечимлар топа олмагач, у янада олийроқ воқеликка, ўта таъсирчан дунёга интилади. Ва шу тариқа қандай бўлмасин, ўз шахсияти, нафсонияти поймол этилишига маҳкум эмаслигини, ўткинчи мустабид тузум иморати қурилишига ишлатилаётган бир ғиштчадан кўра қадр­лироқ бўлишга ҳақли эканини кўрсатади». Яна бир хулоса шуки, Йозеф К. ҳукм сураётган жараёнсизлик учун айбни муҳитга ағдармайди, балки ўша муҳитга қаршилик кўрсата олмаган ўзидаги заифликка тавқи-лаънат ўқийди. Жирканч ва тубан муҳитда ўзининг инсон сифатида мавжудлиги учун ўзини айбдор, гуноҳкор ҳисоб­лайди. «Жараён»нинг бош маъноси шу» (А.Гарин).

1991 йил «Ёш куч» журналининг 6-сонида эълон қилинган «Инсон изтиробларига таъзим» мақоласи Франц Кафка шахси ва ижодига бағиш­ланган ўзбек тилидаги биринчи чиқиш эди. (Ўтган йиллар мобайнида адибнинг ҳикоялари, хатлари тилимизга таржима қилинди. Бу борада, айниқса, фидойи олим, академик Акмал Саидов томонидан тайёрланган ва чоп этилган «Эврилиш» ҳамда «Кафка – юрист» китоб­лари ўзбек кафкашунослигида алоҳида воқеа бўлганини эътироф этмоқ зарур.) «Жараён»га қисқача таъриф талаб қилинса, мен уни совуқ ҳокимиятга нафис қалбнинг оташин лаънатномаси деб атаган бўлар эдим», деб ёзган эди мақола муаллифи Мирзакалон Жўраев. Бу ҳам фикр, мулоҳаза. Роман ва унинг қаҳрамони ҳақида яна кўп-кўп мулоҳазалар туғилаверади, мунозаралар давом этаверади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

БИРИНЧИ БОБ

ҲИБС. ФРАУ ГРУБАХ,
СЎНГРА ФРОЙЛЯЙН БЮРСТНЕР
БИЛАН СУҲБАТ

Афтидан кимдир Йозеф К.га туҳмат қилган чоғи, бировга ёмонлик қилмагани, бирон-бир ножўя иш содир этмаганига қарамай, уни ҳибсга олишди. Ҳар куни соат саккизга яқин унга нонушта олиб кирадиган ижарахона бекаси Фрау Грубахнинг ошпази ҳам, бугун негадир қорасини кўрсатмади. Бунақаси ҳали бўлмаганди. К. ўрнидан қўзғалмасдан шу алпозда рўпарада яшайдиган кампирчани кузатди – кампирча ҳам шу пайтгача кўрилмаган ажабтовур қизиқиш билан ойнадан уни томоша қиларди – охири бир қадар таажжуб ва очлик ҳиссидан толиқиб, қўнғироқни чалди. Айни шу дамда эшик тақиллаб, хонага аллақандай киши кирди. К. уни бу хонадонда аввал сира кўрмаганди. У ориқ бўлишига қарамай чайиргина, эгнидаги қоп-қора, йўл кийимига ўхшаш, ҳисобсиз чоклар билан бежалган, ҳолбуки, нимага кераклиги номаълум, орқасини белбанду турли-туман тўқалар, чўнтаклар ва пистонлар қоплаган костюми ўзига ёпишиб, соҳибига ишчан қиёфа бағишлар эди.

– Ким бўласиз? – дея сўради К. каравотдан қаддини ростларкан.

Нотаниш киши ташрифи мутлақ қонунийлигига ишонганидек саволни жавобсиз қолдирди ва эснаш оҳангида деди:

– Сиз қўнғироқ чалдингизми?

– Анна менга нонушта келтирсин, – К. ўтган ишга салавот қабилида, шундай деди-ю, ким ўзи бу, турган-битгани шуми, дегандай нотаниш кимсага разм солиб, нималарнидир чамалади, гап нимада эканини англашга уринди. Бироқ «меҳмон» ўзини миридан сиригача разм солишларига йўл бермади, эшикка йўналди, уни қия очиб, афтидан, шундай остонада турган бировга қарата:

– Анна унга нонушта киритиб берсинмиш, – деди.

Қўшни хонадан қисқа кулги эшитилди; қўшни хонада бир кишими ёки кўпчиликми – овозга қараб фарқлаш амри маҳол эди. Нотаниш киши у ёқдан ўзи учун янги бирон-бир тайинли гап эшитганига қарамай, расмий оҳангда К.га шуни маълум қилди:

– Бунга ҳаққингиз йўқ!

– Шу янгилик етмай турувди! – дея каравотдан ирғиб турган К. апил-тапил шимини кия бошлади. – Қўшни хонада қанақа кишилар юрибди ўзи, ҳозир кўриб оламан. Кўрамиз, бу босқинчиликни Фрау Грубах қандай изоҳлар экан!

Ногаҳон у, кўнглида кечганлари овоз чиқариб айтишга арзимайди-ку, деган хаёлга борди ва бу билан нотаниш кимсанинг ўзи устидан назорат қилиш ҳуқуқини қай бир даражада тан олгандек бўлишини тушуниб қолди. Айни пайтда бундай андишага ўрин бўлмаса-да, киши унинг хаёлидагини худди шундай ўқиб олиб, дарров сўз қотди:

– Шу ерда тура турсангиз сизга дурустмиди?

– Кимлигингизни айтмас экансиз, бу ерда қолишни ҳам, сиз билан гаплашишни ҳам истамайман.

– Беҳудага аччиқланяпсиз, – дея нотанишнинг ўзи бориб эшикни очди.

К. ўлганнинг кунидан қўшни хонага судралиб ўтди ва биринчи бор қараганда, хона кечагидай, ҳеч нимаси ўзгармагандай кўринди. Бу Фрау Грубахнинг мебеллару гиламлар, чиннилару суратлар жой талашгудек тирбанд меҳмонхонаси эди; бир қарашда пайқаш қийин ҳолат, хона саҳни анчайин кенгайгандек кўринар, энг ҳал қилувчи, ўзгарганига асос берадиган фавқулодда ҳодиса – хонада аллақандай бир киши турарди. Қўлида китоб ушлаганча, очиқ дераза олдида ўтирган бу кимса К. хонага кирган заҳоти нигоҳини узиб деди:

– Сиз ўз хонангиздан чиқмаслигингиз керак! Ҳали Франц сизга ҳеч нарса демадими?

– Гапни чўзгим йўқ, сизга ўзи нима керак? – дер экан, К. дам Франц деб атаган янги танишига (у эшик ёнида турарди), дам биринчи кимсага аланглаб қарарди. Очиқ деразадан эса ҳамон ҳалиги кампирчанинг хатти-ҳаракати кўзга ташланиб турар, у кексаларга хос жазавали томошаталаблик билан бир деразадан иккинчисига ҳовлиқиб ўтар экан, охири нима билан тугаркан, дегандек, кўзлари олма-кесак терар эди.

– Ҳозироқ буларнинг барини Фрау Грубахдан суриштириб биламан, – тутақди К. У ногаҳон тутқун сингари, ҳалигиларнинг қўлидан қутулмоқчидек, шиддатли бир ҳаракат қилганди, эшик олдига бориб қолди.

– Бунақаси кетмайди, – дераза ёнидаги кимса шундай деркан, китобни столга улоқтирди ва жойидан сакраб турди. – Кетишингиз мумкин эмас.Тушунсангиз-чи, ахир, ҳибсга олингансиз.

– Шунга ўхшаб қолди, – ғулдиради К. – Айбим нима экан?

– Тушунтириш беришга бизнинг ваколатимиз йўқ. Хонангизга ўтинг-да, сабр билан кутинг. Ҳозир сиз учун бундан яхши йўл йўқ. Пайти келса, ҳаммасини ипидан игнасигача билиб оласиз. Мен шундай ҳам, сизга дўстона муносабатда бўлиб, хизмат тартибига хилоф иш тутдим, берилган ваколат доирасидан чиқиб кетдим. Франц­дан бўлак ҳеч ким гапимизни эшитмайди, деб умид қиламан, унинг ўзи бўлса, ҳар қанақа амру фармойишларга қарамасдан, сизни жуда сийлаяпти. Ишингизни давомида ҳам бизлардек яхши одамларга дуч келиб қолсангиз, омадингиз чопгани шу. Унда бирор ташвишга ўрин қолмайди.

К. қаергадир ўтиришни хоҳлар, бироқ хонада дераза олдидагидан бошқа оромкурси кўринмас, унга ўтиришнинг эса ҳеч иложи йўқ эди.

– Нақадар холис сўзлаётганимизни тушуниб етасиз ҳали.

Франц шундай деркан, бирданига шериги ҳам­роҳлигида ташлангудек унга яқинлашди.

Францнинг шериги К.га нисбатан анча найнов эди. У К.нинг елкасига қоқиб-қоқиб қўйди. Улар К.нинг тунги либосларини пайпаслаб чиқишди ва кийимлари унга энди асқатмаслиги, у ёқда қўпол энгил-бошлар эгнига илишини иш билан банд бўлгандай ўзларини кўрсатиб, гапларига қистириб ўтишди, охири булар қаторида бошқа кийим-кечакларини ҳам йиғиб олишлари лозимлигини ва фақат иш фойдасига ўзгарсагина латта-путталари қайтариб берилишини маълум қилдилар.

– Бу кийим-кечакларингизни омборга топширгунча, бизга бера қолинг, – дейишди улар. – Омборхонада кийимларни алмаштириб қўйишади, ҳатто жараён тугаши ё тугамаслигидан қатъи назар, уларни пуллаб юборишади. Бундай жараёнлар, қанчалар узоқ чўзилишини билсангиз эди, айниқса, ҳозирги замонда! Албатта, омбордагилар ҳеч бўлмаса сизга нарсаларингиз баҳосини тўлашса, ажаб эмас. Лекин аввало, уларга арзимаган сариқ чақа тўлашади, чунки баҳолашда кийимнинг қиймати эмас, бериладиган поранинг мўмайлиги ҳисобга олинади. Йиллар давомида кийимлар неча-неча қўлдан ўтади, оқибат уларнинг пули сувга тушган тошдек йўқолиб кетади.

Ҳозир К.нинг қулоғига ҳеч нарса кирмасди, нима ҳақида гапиришмасин, лоқайд, гўё ҳали нарсалар ўзига тегишлидай, идора қилиш ҳуқуқи кимда бўлиши унинг учун муҳим эмасди; унга ҳозир ҳаммасидан муҳими ўзининг мажҳул ҳолатини аниқлаштириб олиш эди; бироқ бу кутилмаган меҳмонлар олдида фикрини ҳеч жамлай олмасди: ким ўзи булар, ҳеч ҳам қўриқчига ўхшамайди-ку! Иккинчи қўриқчи қаппайган қорни билан К.ни дўстона туртар, бироқ К. нигоҳини ердан узган заҳоти бунинг тамомила акси бўлган, қоқсуяк, бурундор ялпоқ башарага дуч келар, у ҳар гал шериги билан унинг боши оша кўз уриштириб, вазиятни муҳокама қилиб ўтирганига гувоҳ бўларди. Булар қандай одамлар ўзи, нима ҳақда бунчалик куйиб-пишиб гапиряптилар? Улар қайси маҳкамадан келган бўлишса экан? Ахир у ҳуқуқлар кафолатланган, осойишталик ҳукмрон давлатда яшаяпти-ку, бунда қонунлар бузилмаслиги даркор, шундай экан, дабдурустдан ётоғига бостириб киришга кимнинг ҳаққи бор? У ҳамиша кутилмаган вазиятларда осонгина мослашмоққа уринар, иш чатоқлигига иқрор бўлганда ҳам, ҳатто таҳдид қилишганда ҳам, хотиржамлигини йуқотмас, ўйламай, шошма-шошарлик билан бирон-бир ножўя хатти-ҳаракат қилмасди. Айни дамда эса буларнинг бари унга англашилмовчиликдай туйилар, шунданмикан, рўй бе­раётган воқеаларнинг ҳаммаси қалтис ҳазилга ўхшар, ҳақиқатанам жуда ҳам беўхшов-да, балки ўттизга тўлгани муносабати билан банкдаги ҳамкасблари у билан ўйнашмоқчи бўлишдимикан? Тўғри, худди шундай; унда нега бу қўриқчиларни чеҳрасини очиб, юзида шунчаки кулги билан қаршиламади; шундай қилса улар ҳам унга қўшилиб кулишармиди; шундай, булар бор-йўғи хабарчилар-да, қойил, жуда ўхшабди, лекин нега унда К. Франц деганига биринчи қарашдаёқ, буларга сира ён бермайман дея кўнглига тугди? К. ҳозир ҳазилни тушунмайдиган тантиққа ўхшаб қолишдан қарийб қўрқмасди. Ҳолбуки, у ўз тажрибасидан билар эдики, айрим арзимас воқеаларни ҳисобга олмаганда, эҳтиётсизлик оқибатида дўстларидан ажралиб қолар, улардан илтифотсизлик кўрар, бу оғир ботиб, ўз ёғига ўзи қоврилар эди. Агар бу ростдан ҳам янги бир комедия бўлса, у ҳам анавиларга қўшилиб, сал-пал муқом қилди, бўлди, етар, энди уни ортиқча давом эттиришнинг ҳожати қолмади. Қолаверса, у ҳозирча озод.

– Рухсат этсангиз, – К. шундай деб, уларнинг ёнидан яшин тезлигида ўтиб, хонасига йўналар экан, орқасидан шу сўзлар янгради:

– Ғалчалигини қаранг.

У хонасига кирибоқ стол ғаладонларини титкилашга тушди; унда ҳамма нарсаси тартибига гап йўқ, жой-жойида, фақат ҳозир ҳаяжонданми шахсий гувоҳномасини ҳеч топа олмасди. Ниҳоят, гувоҳномани велосипед сумкачасидан топди-да, чопиб бориб кўрсатмоқчи бўлди ва бирдан ўйланиб қолди, шу бир парча қоғоз унга ишонч­сиз, шахсини тасдиқлаш учун етарли эмасдай туйилди, яна анча-мунча уриниб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини топиш пайида бўлди.

У ортга қайтиб қўшни хонага кираётганда рўпарадаги эшик очилиб, Фрау Грубах чиқди. Бироқ аёл К.ни кўргач, талмовсираб эшиклар орасида тўхтади, кечирим сўраганча жуда эҳтиёткорлик билан эшикни қия беркитди.

– Кирсангиз-чи! – К. унга аранг шу сўзни айтишга улгурди.

Сўнг ёпилган эшикка умидвор термилиб, қўлидаги қоғоз билан хона ўртасида узоқ туриб қолди. Фақат қўриқчиларнинг овози уни ҳушига келтирди – улар очиқ дераза олдидаги стол теварагида ўтириб, К.нинг нонуштасини паққос туширишар эди.

– Нега у кирмади? – сўради К.

– Рухсат этилмаган, – найнов жавоб қилди. – Сиз ахир ҳибсга олингансиз-да.

– Бу қанақа ҳибс бўлсин? Сира ўхшамайди-ку?

– Сиз яна ўзингизникини маъқуллайсиз-а, – найнов унга сўзлар экан, қўлидаги нонини асалли идишга ботирди. – Биз бунақа саволларга жавоб бермаймиз.

– Жавоб беришингизга тўғри келади, – деди К. – Мана, менинг хужжатларим. Сизники қани? Аввало, марҳамат қилиб ҳибсга олиш рухсатномасини кўрсатсангиз.

– Ё Раббий, хоҳиш-иродангдан-ей! – деди найнов. – Нега ўз ҳолатингизни тушунай демайсиз? Қўрслик билан бирон-бир натижага эришиб бўладими, беҳуда чиранишдан нима наф? Ҳозир, билсангиз, дунёда биздан яқинроқ кишингиз йўқ.

– Худди шундай, – деди Франц. – Менга ишонаверинг, – у қўлида қаҳвали финжонни ушлаганча юқоридан К.га сермаъно, шу билан бирга, мавҳум нигоҳ билан узоқ тикилиб турди. К. ҳам бу нигоҳга мажҳул, аммо тагдор жавоб қилди. Ва ҳужжатларига имо қилганча деди:

– Мана менинг ҳужжатларим.

– Буларингизни бошимизга урамизми?! – ўшқирди найнов. – Яшанг-е, ўзингизни бир мишиқи боладан ҳам баттар тутяпсиз. Нима истайсиз, ўзи? Наҳотки, қўриқчилар билан талашиб-тортишиб, ҳар қанақа ҳужжат-пужжатни, ҳибсга олиш ҳақидаги қоғозларни кўрсатишни дастак қилиб, бошларини қотираверсам, шундай даҳшатли даҳмаза осонгина ниҳоя топади, деб ўйлаяпсизми? Билиб қўйинг, бизлар жуда кичик одамлармиз, ҳужжат ғалваси билан ишимиз йўқ, вазифамиз ҳар куни ўн соат сизни қўриқлаш, бизга шунинг учун ҳақ тўлашади. Биз шунга ваколатлимиз, албатта, қолаверса, бутунасига имонимиз комилки, қайсики, амрини ижро этадиганимиз юқори ҳокимият ҳибсга олиш учун фармо­йиш беришдан олдин сабабини ва ҳибсга олинувчининг шахсини ипидан игнасигача ўрганадилар, аниқ-тиниқ биладилар. Бунда ҳеч қанақа хато қилинмайди. Бизнинг идора – менинг фикри ожизимча, зеро, унда кичкина амалдорчалар орасидагина таниш-билишларимиз бор-да, – етган маълумотларга кўра, аҳоли орасидан ҳеч қачон айбдорлар изламайди: қонунда ёзиб қўйилганидек, содир этилган жиноятнинг ўзи ўзини адолатли суднинг эътиборига ҳавола қилади, шундан сўнггина ҳокимият биз қўриқчиларни йўллайди. Бу қонун билан белгилаб қўйилган. Бунинг қаерида хатолик бўлиши мумкин?

– Мен бундай қонунни билмайман, – деди К.

– Бу сиз учун яна ҳам ёмон, – жавоб қайтарди найнов.

– Ҳа, буларнинг бари сизнинг бошингизга ўрнашиб олган тасаввурлар, холос, – кесатди К. У қўриқчилар фикридан ниманидир билиб-илғаб олишни, уни ўз фойдасига ўзгартиришни жуда хоҳлар, лоақал ўзи шуни чуқур ҳис қилишни дилига туккан эди. Бироқ найнов лўнда қилиб қўяқолди:

– Қонун кучини ҳис қилганда биласиз.

Баҳсга Франц аралашди:

– Кўрдингми, Виллем, у қонунни билмаслигини тан олди. Яна ўзича айбсизлигини исботламоқчи ҳам бўлади.

Ёнидаги унинг гапини қувватлади:

– Сен мутлақо ҳақсан, тушунмаса нима дейсан!

К. улар билан ортиқ тортишиб ўтирмади; наҳотки, мен мана бу, ўзларини майда амалдорлар деб атаган лақма шотирларга бутун эмин-ихтиёримни бериб ўтирсам, деб ўйларди у. Ахир улар билмаган нарсалари ҳақида, кўр-кўрона сўзлаяптилар-ку! Кеккайишлари эса шунчаки, нодонликларидан. Ўзимга мос тузукроқ одамлар бўлса экан, масала бир қадар равшанлашармиди? К. шу ўйлар билан хонанинг у бошидан бу бошига бориб келар экан, қарама-қарши уйдаги кампирча энди мункиллаган бир чолни зўрлагудек судраб дераза олдига олиб келганини кўрди. Бу томошага чек қўйиш зарур эди.

– Мени бошлиқларингиз олдига олиб боринг, – талаб қилди К.

– Фақат бошлиқлар чақирганда борасиз, – деди қўриқчиларнинг Виллем деб аталгани. – Энди бўлса, сизга берадиган маслаҳатим битта: ими-жимида хонангизга ўтинг-да, қисматингиз нима бўлишини хотиржам кутинг, шу сиз учун кони фойда бўлади. Ўзингизни бемаъни мулоҳазалар билан зўриқтирманг. Каллангизни жойига қўйинг, илло, бошингизга бало орттирасиз. Яхшиси, бирон-бир фикр юритишдан тийилинг. Худди ножўя бир иш содир этгандек бизга бунақа муомала қилманг. Сизга қилган чиройли муомаламизга жавобингиз шуми? Афтидан унутган кўринасиз, биз ким бўлишимиздан қатъи назар, сизга солиштирганда, эрки ўзида бўлган озод кишилармиз, бу эса ҳазилакам устунлик эмас. Шунга қарамай, пулингиз бўлса, нонушта учун рўпарадаги ошхонадан бирон-бир егулик келтириб беришга тайёрмиз.

К. бир мунча вақт жим қолди, аммо бу таклифга жавоб бермади. Агар у қўшни хона эшигини очса ёки даҳлизга юзланса, бу иккиси уни тўхтатиб қолишга журъат қилмаслиги мумкин; ёки тиккасига соливорсамикан? Бирдан ёпишиб кетишса-чи? Кейин иззат нафсига тегишганида ҳам чидашга тўғри келади ва оқибатда улар олдидаги руҳий устунлигига путур етиши тайин. Кўриниб турган муомала-муносабатга кўра, ҳозирча иззати ўзида деса бўлади. Энг тўғриси, оқибатини кутиб, сабр қилгани маъқул, воқеаларнинг табиий маромига қараб улар бирор-бир қарорга келадилар-ку. К. шундай ўйлар билан соқчиларга бир сўз демасдан, хонасига ўтиб кетди.

У қўл ювгич устидаги ял-ял олмани олиб, ўзини каравотига отди, бу олмани кеча кечқуруноқ нонушта учун захирага асраб қўйганди. Қолаверса, ҳозирча унга бошқа бирор егуликнинг ўзи ҳам йўқ, К. олманинг катта бўлагини карсиллатиб тишларкан, қўриқчиларнинг марҳамати билан қаршидаги исқирт тунги майхонадан олиб келинадиган нонуштадан унинг минг карра ортиқлигига амин бўлди. У ўзини бардам ва хотиржам ҳис қилди, тўғри, банкка ярим кун кечикиб борадиган бўлди, бироқ унинг анчайин нуфузли лавозими, керакли ходимлигини ҳисобга олишиб, кечикишини кечиришар. Ишхонасига ҳақиқатни билдирсамикан? Бўлди, шундай қилади. Мабодо унга ишонишмасалар-чи, буни кутса бўлади, унда Фрау Грубахни ёки иккала дераза ортидан мўралаб юрган мана бу қарияларни гувоҳ қилади. К. қўриқчиларнинг муносабатларидан жуда ажабланди, ажабланишга ҳақли ҳам эди. Улар қайси калла билан уни нариги хонага ҳайдаб, ўзини ёлғиз ташлаб қўйишди, ахир К. жонига қасд қилиш учун юз фоиз имконият-ку бу! Аммо шу лаҳзада қай сабабга кўра жонимга қасд қилишим мумкин, деб ўйлади у. Икки безбет илтифотсизларча нонуштасини тортиб олгани учунми? Ҳар не бўлганда ҳам жонига қасд қилиш ҳаддан ташқари ақлсизлик, у бундай бемаъни ишни қилиши душвор. Ҳа, аён бўлганидек, қўриқчилар шунақа нодон бўлмаганларида бу каби хавф-хатарларни ҳисобга олган бўлишарди, афтидан бундай фикр уларни ташвишга солмаганки, К.нинг ўзини ёлғиз қолдиришди. Энди улар К.нинг шкафчадан аъло навли коньякни қандай олганини, кетма-кет икки қадаҳ: бирини нонушта ўрнида, иккинчисини эса дадиллик учун кўтарганини кўришганда эди, дарвоқе, дадилликнинг ҳам ўрни бор, аммо бу ерда бирон-бир иш чиқариши даргумон.

Бироқ шу пайт у қўшни хонадаги ўкирикдан тиши ойналардек ғижирлаб, қаттиқ чўчиб тушди.

– Сизни назоратчи чорлайди!

Уни айнан ана шу лўнда, буйруқ оҳангидаги ҳарбийча қичқириқ қўрқитди, ҳолбуки, у Францнинг овози бунақа йўғон деб ўйламаганди. Илло, унинг ўзи шундай хабарга интиқлигидан шодланиб кетди.

– Хайрият-э! – К. ҳам беихтиёр ҳайқириб юборди ва шкафча тавақасини ёпиб, меҳмонхонага шошилди. Бироқ унинг йўлини икки соқчи тўсди, тартиб шундай чоғи, шу заҳоти ўз хонасига қайтаришди.

– Нима бало, ақлдан озганмисиз?! – ўшқиришди улар.

– Назоратчининг олдига ҳеч бўлмаса кўйлак кийиб чиқилади-да! Бу қилиғингиз учун у сизни савалашга амр этади, бизни ҳам қуруқ қўймайди.

– Ўз ҳолимга қўйинг-е мени, жин ургурлар! – бақирди К. Бу пайт қўриқчилар уни кийимлари илинган шкаф олдигача сиқиб боришган эди. – Кишининг ётоғига бостириб киришади-ю, яна фракда бўлиши кераклигини талаб қилишади!

– Нима ҳам қилардинг! – вишиллади бараварига иккиси ҳам, шунга қарамай, К. шовқин кўтарганда, улар бутунлай хотиржам эмас, ҳатто қанақадир ғамгин бўлиб қолишиб, уни куч билан уриб чиқарадигандек эдилар, ҳарқалай, охир-оқибат ўзларини қўлга ола билишди.

– Бу қандай масхарабозлик! – у шундай дея стул суянчиғига ташланган камзулини олиб, қўриқчиларга, шу маъқулми, дегандек намойиш қилди. Улар бош чайқаб рад этишди.

– Қора камзул кийиш керак.

К. камзулини полга ирғитди ва нима мақсадда гапираётганлигини ўзи ҳам билмасдан шитоб билан деди:

– Ҳарқалай ҳозироқ иш тингланмаса керак?

Қоровуллар иршайиб қўйишди, аммо ўжарлик билан яна аввалги гапларини қайтардилар:

– Қора камзулни кийиш зарур.

– Шу билан иш жадаллашиб кета қолса, мен қарши эмасман, – деди К. ва ўзи шкафни очиб, кийим-кечагини узоқ титкилади, охири улар орасидан энг кўримли бўлган бир жуфт қора ранг­лисини танлади – аломат, танишларининг кўзини ўйнатар даражада ярашиб тушиши бегумон эди – у даставвал гард юқмаган кўйлагини олди ва берилиб кийина бошлади. Энди ушлаб туриш, куттиришлар бўлмайди, қўриқчилар ўзини тамоман унутишган чоғи, ҳатто ваннага кириб чиқишга ҳам зўрлаб ўтиришмади, дея хуфёна ўйлади у. К. уларни кузатаркан, ҳали замон эслаб қолишлари тайин, деган хаёлга борди, эҳтимол, бу каллаларига келмаган чиқар, ҳолбуки, Виллем К.нинг ки­йина бошлагани хабарини етказиш учун Францни назоратчининг олдига юборишни унутмаганди.

К. оби-тобида кийиниб бўлгач, Виллемнинг орқасидан соядай эргашди, у уни бўм-бўш меҳмонхона орқали, аллақачон эшиклари ланг очиб қўйилган қўшни хонага олиб ўтди. Яқингинада бу хонага аллақандай машинкачи қиз, фройляйн Бюрстнер кўчиб кирганини К. аниқ биларди; қиз саҳар-мардонда ишига кетиб, алламаҳал уйга қайтар, у қиз билан тузук-қуруқ танишиб ҳам олмаган, муносабатлари салом-аликдан нарига ўтмаган эди. Энди эса унинг тунги столчаси тергов учун хонанинг ўртасига сурилиб, олдида назоратчи ўтирарди. У оёқларини чалиштирганча, бир қўлини ўриндиқ суянчиғига ташлаб олганди.

Хона бурчагида уч йигит деворга осиқ гиламга қадалганларича, фройляйн Бюрстнернинг фотосуратларини томоша қилишарди. Очиқ дераза дастагида эса қизнинг оппоқ блузкаси осилганча турибди. Қарама-қарши уйнинг ойнаси олдида турган ҳалиги қариялар гавдаларининг ярмидан кўпини ташқарига чиқаришганча ҳангоматалаб­лик қилишар, томошабинлар сони ҳам ортган эди; қариялар орқасида тоғдай бир эркак кўк­рагини керганча, ёқавайрон турар, пайдар-пай қирмиз соқолини пастдан юқорига, юқоридан пастга силагани силаган эди.

– Йозеф К. деганлари сизми? – деб сўраркан, афтидан назоратчи паришонхотир К.нинг диққатини ўзига қаратмоқчи бўлди.

К. сомеларча бош эгди.

– Албатта, сизни бугун эрталаб юз берган воқеа ҳайрон қолдирган бўлса керак? – деб у иккала қўли билан столдаги нарсаларни – гугурти билан бирга шамни, китобча, тўғнағичлар учун ёстиқчани ўзига бир оз тортди, гўё бу арзимас лаш-лушлар тергов учун сув ва ҳаводай зарур эди.

– Албатта, – К. шундай деркан, уни ёқимли бир кайфият чулғаб олди: мана, ниҳоят у бамаъни бир кишига йўлиқиб турибди, энди ўзининг ишлари борасида муфассал, юракдан гаплашиб олса бўлади. – Албатта, мен ажабланмадим десам ёлғон бўлади, бироқ, нафсиламрини айтганда, бу воқеа мени унчалик ҳайрон қолдиргани ҳам йўқ.

– Унчалик ҳам, деганингиз нимаси? – назоратчи шамни столчанинг ўртасига суриб қўйди ва қолган анжомларни унинг теграсига териб чиқди.

– Мени яхши тушунмадингиз чоғи, – шошилиб деди К. – Мен фақат шуни айтмоқчиманки... – унинг гапи оғзида қолди ва бирдан ўтириш учун жой излаб, атрофга олазарак қаради. – Мумкинми ўтирсам? – сўради у.

– Буни хаёлингизга ҳам келтирманг, – жеркиб берди назоратчи.

– Мен фақат шуни айтмоқчи эдимки, – К. пайдар-пай гапира кетди, – албатта, қўққисдан юз берган воқеа мени жуда ҳайратга солди, бироқ бу ёруғ оламда ўттиз йил яшаганингдан кейин, айниқса, ҳаётда турли қийинчиликларга дуч келавергач, одам чор-ночор ҳар қанақа тасодифларга ҳам одатланиб қолар, ҳар нарсадан сиқилмаслик, юрагига яқин олмаслик пайида бўлар экан. Айниқса, бугунгига ўхшаганини.

– Нима учун айниқса бугунгига ўхшаганини?

– Йўқ, буларнинг барини ҳазил, деб айтмоқчимасман, менимча, унинг ҳазиллиги қолмади. Пансионда яшовчиларнинг бари, устига-устак сизларнинг иштирокингиз бу ҳазиллар энг сўнг­ги нуқтага етганини кўрсатади. Шунинг учун ҳам мен буни шунчаки ҳазил деб ўйламайман.

– Тўғри ўйлабсиз, – назоратчи шундай дея гугурт қутисига, қанча дона қолганини билмоқчи бўлиб разм солди.

– Бироқ бошқа томондан эса, – К. бу ерда ҳозир бўлганларнинг барчасига мурожаат қилиб, сўзини давом эттирди, айниқса, у фотосуратларни томоша қилаётган анови уч йигитнинг диққатини ўзига қаратишни истарди, – ҳа, бошқа томондан барига алоҳида маъно бериб ўтириш шарт эмас. Булардан англаганим шуки, нима учундир мени айбдор ҳисоблашяпти, аммо мен ўзимда заррача ҳам айб борлигини ҳис қилаётганим йўқ. Майли, бунинг аҳамияти йўқ, – асосий муаммо бошқа – ким мени айблаётир? Қайси идора бу ишни ўз зиммасига олган? Сизлар ўша идора хизматчиларимисиз? Бироқ сизларнинг эгнингизда форма ҳам йўқ-ку; агар сиз менинг камзулим-чи, демоқчи бўлсангиз, – шу ерда у Францга юзланди, – мени кечирасизу, бу ҳам форма ўрнига ўтмайди, тўғриси, ундан кўча-кўйда киядиган корж

...