Qo'lingdan kelsa mehv et
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Qo'lingdan kelsa mehv et


Яқин дўстим ва жиноятларни
очишдаги шеригим Жо Драбекнинг
ёрқин хотирасига бағишлайман.

Маршалл КЭРП

МУҚАДДИМА



«АРВОҲ»

Биринчи саҳна

«Баъзи одамларни ўлдириш нисбатан қийинроқ кечади». Вокзалнинг қуюқ қоронғилик билан қопланган бурчагида пусиб ўтирган «Арвоҳ»нинг хаёли шу ўй билан банд эди. Бугун кечқурун у Валтер Зелвас деган одамни нариги дунёга равона қилиши лозим. Лекин бу хамирдан қил суғургандек осон битадиган ишга ўхшамаяпти. Зеро, «Арвоҳ»ни ҳеч ким осон ишлар учун ёлламаган ҳам. Соат миллари аллақачон ўн бирни кўрсатаётган, тунги тирбандлик анчайин сийраклашган бўлса ҳам ҳорғин ўткинчилар оқими узлуксиз давом этаётганди.

«Арвоҳ» ўзининг ташқи кўринишини устомонлик билан ниқоблаб олган, умрида тароқ тегмаган кумуш-оқ рангли пахмоқ сочи ва узун соқоли юзининг салмоқли қисмини кўздан пана қилиб турарди. Қуроли эса этагида шароб юқи қотиб қолган кулранг пончосининг [1] остида маҳкам яширилганди. Бехос назар ташлаб ўтган одамлар учун у шунчаки 109-рельс йўли ёнидаги кимсасиз ўриндиқда ўтириб, ўч олиш учун қулай пайт пойлаётган дарбадар уйсизлар тўдасининг бир вакили эди, холос.

«Арвоҳ» ўз нишони – илон сингари ҳушёр ва тезкор, ҳайбатли Валтер Зелвасдан кўз узмай ўтирарди. Зелваснинг ўзи ҳам шартнома асосида одам ўлдирувчи қотил бўлса-да, «Арвоҳ»дан фарқли ўлароқ, у ўз қурбонларининг сўнгги нафасларини чиқаргунларича чекадиган азоб-уқубатларини томоша қилишдан ҳузурланарди. Бу бераҳм рус кўп йиллар мобайнида олмос синдикатининг инфорсери [2] сифатида ишлаб, хўжайинига ортиғи билан хизмат кўрсатган, айни пайтда эса нафи тегмайдиган одамга айланганлиги учун «Арвоҳ» уни йўқ қилиш мақсадида ёлланган эди.

«Агар биринчи бўлиб ўзимни асфаласофилинга жўнатиб юбормаса, албатта, ишни бажараман» хаёлидан ўтказди «Арвоҳ». Зелвас билан бўлажак тўқнашув унинг ўзи учун ҳам ҳаёт-мамот масаласи бўлиши, дуэлда иккаласидан биттаси ҳаёт билан видолашиши яққол аён эди.

«Арвоҳ» рақибини зимдан синчиклаб кузатди. Вокзал мониторларидаги поездларнинг келиб-кетиш жадвали янгилангач, Зелвас бошқаларга эшитилмайдиган қилиб сўкиниб қўйди – унинг поезди яна ўттиз дақиқага кечиктирилган эди. У иккинчи «Starbucks» капучино қаҳвасини бир кўтаришда тугатиб, ўрнидан турди ва ичимликдан бўшаган қоғоз идишни қўлида ғижимлаб, ахлат қутисига улоқтирди.

– Уни бекор ташладинг, – хаёлан сўз қотди «Арвоҳ». Зелваснинг бу ҳаракати, албатта, ўзгалар эътиборини тортмай қолмасди, бу унинг айни дамдаги вазияти учун бирмунча хавфли ҳам эди. У айнан шубҳали нигоҳлардан қочиш учун ҳам поездда кетишни маъқул кўрганди. Темир йўл вокзалларида аэропортлардагидек юкларни текшириб ўтиришмайди. Металл детектор ҳам, хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам йўқ ҳисоб.

Шу тоб Зелвас эркаклар ҳожатхонаси тарафга кўз тикди.

– Ичган қаҳваларинг ажалинг бўлади ҳали, – ўйлади «Арвоҳ». Зелвас бу вақтда мармар полдан юриб, ҳожатхонага йўл олган эди. Қаттиқ чарчаганидан оёғида зўрға турган ҳаммол бир қўлида полювгич ушлаганча худди томни мумлаётган зомбига ўхшаб бекат полига кўлоблатиб сув сепаётганди. У Зелваснинг яқинлашаётганини пайқамай қолди – жигарранг тусдаги кўлмак сув баҳайбат эркакнинг ўнг оёғи томон оқиб келиб, хиёл тегиб кетди. Зелвас шу заҳоти тўхтаб, ҳаммолга еб қўйгудек бўлиб қаради ва:

– Агар шу ювинди сувингнинг бир томчиси оёқ кийимимга тегса, ўлдим деявер, – деди. Шўрлик ҳаммол серрайиб қолди ва тили базўр айланиб: «Мени кечиринг, минг бор узр, жаноб. Кечирим сўрайман» деди.

«Арвоҳ» буларнинг барчасини киприк қоқмасдан кўриб турганди. Агар бошқа жой ва бошқа пайт бўлганида Зелвас бечора ҳаммолни ўзи сепган сувларга чўктириб, ўлдириб юборган бўлар эди. Бироқ бу кеча у ўзини жуда яхши тутмаса бўлмасди. Зелвас ҳовуридан тушиб, ҳожатхонага юриб кетди. «Арвоҳ» яқин ярим соатдан бери эркаклар ҳожатхонасига кириб чиқаётган одамларни диққат билан кузатиб ўтирганди. Айни пайтда у ерда ҳеч ким йўқ эди.

«Ишга киришишнинг айни пайти» дея ўзига ўзи шивирлади «Арвоҳ».

Зелвас эшик олдига етгач, қўққисдан тўхтаб, шартта ортига ўгирилди.

«Мени сезиб қолибди-да» «Арвоҳ»нинг хаёлига «ярқ» этиб шу фикр келди. Зелвас тўппа-тўғри унга қаради, сўнгра чапга ва ўнгга назар солди.

– У жуда устомон. Шунчаки орқасини текширяпти.

Изидан ҳеч ким таъқиб қилмаётганига амин бўлган Зелвас эркаклар ҳожатхонасига кириб кетди. «Арвоҳ» аста ўрнидан қўзғалиб, бекатни кўздан кечирди. Ҳудуддаги форма кийган ягона полиция ходими ундан эллик фут нарида турганча ёш йигит ва қизга йўлни тушунтириш билан банд эди. Эркаклар ҳожатхонасига анъанавий эшик эмас, «L» шаклидаги деразасимон туйнук қўйилганди. «Арвоҳ» одамларнинг назарига тушмасдан бир зумда ичкарига кириб олди. Турган жойидан мўралаб, раковиналар устидаги кўзгу билан қопланган деворни ва пешоб идиши олдида кўзгуга тескари қараб турган Зелвасни кўрди. «Арвоҳ» шовқин чиқармасдан пончоси тагига қўлини тиқиб, худди шу тарзда билдирмасдан ғилофдан тўппнчасини чиқарди. Унинг ўз омад келтирувчи сўзлари бўлиб, ҳар сафар одам ўлдиришдан олдин ўзига ўзи шу иккита илоҳий сўзни қайтарарди. Зелвас ишини тугатиб, енгил нафас олганини эшитгунича кутиб турди ва ниҳоят, фурсат етганини ҳис қилиб, ичидан «Мен енгилмасман» деб такрорлади. Сўнгра енгил ҳаракат билан ҳожатхонага кириб, сездирмасдан Зелваснинг орқасига келиб, тўппончасини унинг қоқ миясига тўғрилади ва тепкини босди. Лекин ўқ мўлжалга тегмади. Баъзи одамларни ўлдириш нисбатан қийинроқ кечади.

[2] Инфорсер – гангстерлар тўдаларининг аъзоси, унинг вазифаси тўда талаб ва истакларининг жойлардаги ижросини таъминлашдан иборат.

[1] Пончо – ўртасида тананинг бош қисмини чиқариб қўйишга мўлжалланган тешиги мавжуд бўлган елкага ташлаб юриладиган енгсиз кийим.

Иккинчи саҳна

Агар пастга сув тортиб юборадиган қувури сайқал берилган хромдан ясалмаган бўлса, ВАЛТEР ЗEЛВАС бундай пешоб чиқариш жиҳозларига ҳеч қачон яқин келмайди. Кўзгу ҳам унчалик шаффоф бўлмаса-да, Залвес ўзига керак ҳамма нарсани – эркак, қўл ҳамда тўппончани бенуқсон кўриб турган эди. «Арвоҳ» энди тўппончасининг тепкисини босган чоғда Зелвас тезкорлик билан ўнг томондан ортига айланиб, унинг билагига пичоқ-қўл услубида шиддатли зарба берди. Ўқнинг йўналиши ўзгариб, орқадаги кўзгуни чилпарчин қилди. Зелвас зарбани тўхтатмай, «Арвоҳ»нинг биқинига бетондек қаттиқ муштини йўллади. «Арвоҳ» мункиб кетиб, ички бўлмаларнинг эшикларидан бирига бориб урилди. Тўппончаси қўлидан чиқиб, кафель ётқизилган полда сирпаниб кетди ва бошини кўтариб қараб, обдан аччиғи чиққан баҳайбат махлуқнинг ўз тўппончасини олаётганини кўрди.

«Жин урсин, бу аблаҳни жиловлаб бўлмаяпти-ку. Яхшиям, эгнимга пончо кийиб чиққаним» дея тез фикрлади «Арвоҳ» ва чапдастлик билан кейинги бўлмага думалаб ўтиб олди. Шу лаҳзада Зелвас узган биринчи ўқ боягина «Арвоҳ» устида бошини қўйиб ётган доғли кафелнинг қоқ ўртасидан дарча очди. Зелвас навбатдаги ўқини нишонга йўллаш учун иккинчи бўлма томон елдек учиб келди. Ҳануз чалқанча ётган «Арвоҳ» иккала оёғи билан бўлма эшигини қаттиқ тепиб юборди. Тепки зарбидан ошиқ-мошиғи ечилиб кетган эшик билан кутилмаганда тўқнашиб кетиши натижасида Зелвас раковиналарга бориб урилди, лекин тўппончасини қўлдан чиқармади. «Арвоҳ» дарҳол унга ҳамла қилди ва тўппонча ушлаган қўлини қаттиқ чинни раковинага қарсиллатиб урди. У ҳозир суякнинг синиш овози эшитилади, деб ўйлаётганди, ваҳоланки, шу тобда Зелваснинг орқасидаги кўзгу синиб кетиб, катта-катта шиша бўлаклари ерга сочилди. «Арвоҳ» ички сезгиси орқали ҳажми саккиз дюйм [3] келадиган кўзгу синиғини чаққонлик билан ерга тушмасидан илиб олди. Зелвас бор кучи билан унга калла қўйганида иккаласининг бошлари бир зумга тўқнашиб кетди ва пайтдан фойдаланган «Арвоҳ» учи ўткир шишани Зелваснинг бўйнига ботирди. Зелвас ҳожатхонани бошига кўтариб, ўкириб юборди ва «Арвоҳ»ни устидан итқитиб, битта катта хатога йўл қўйди – бўйнидаги шиша парчасини суғуриб олди. Қон худди ёнғинни ўчириш мосламасининг шлангасидан чиқаётган кўпикдек тизиллаб отилиб кетди.

«Пончо кийиб чиққанимдан энди чинакамига бахтиёрман» деб ўйлади «Арвоҳ». Зелвас бир қўли билан қон тизиллаб оқаётган бўйнини маҳкам босиб, иккинчи қўли билан ортига ёввойиларча ўқ узиб, қичқирганича қонга беланган ҳожатхонадан югуриб ташқарига чиқди. «Арвоҳ» дўлдек ёғиб, полдан яна сирпаниб учаётган ўқлар ва шифтдан тушаётган чанг зарралари остида полга мук тушиб ётди ва бир неча чаққон ҳаракатлар билан думалаб бориб, тўппончасини қўлга киритди. Шаҳд билан сакраб туриб, кириш йўлаги томон ҳатлади ва узлуксиз равишда артерия томиридан қон кетаётган Зелваснинг бекат бўйлаб жонсарак чопаётганига кўзи тушди. У бир дақиқага бормай жон беради, аммо «Арвоҳ»нинг атроф­да ўралашиб, унинг ўлими тасдиғини кутиб туришга фурсати йўқ эди. Шу боис у тўппончасини баланд кўтариб, мўлжалга олди ва…

– Бу полиция! Қўлингдагини ташла!

«Арвоҳ» шартта ортига ўгирилиб қараб, ўзига томон югуриб келаётган форма кийган семиз полициячини кўрди. У тўппончасини олишга уриниб, шимини пайпасларди. «Арвоҳ» тепкини битта босса, етарли – полициячи нариги дунёга равона бўлади.

«Бундан қутулишнинг бошқа, тозароқ йўли ҳам бор» хаёлидан ўтказди «Арвоҳ».

Бу вақтга келиб, полювгич тутган одам ва ўқ овозини эшитган бошқа барча йўловчию ходимлар тумтарақай қочиб кетишганди. Пол артишга мўлжалланган бир челак совунли сув эса ҳали ҳам жойида турганди. «Арвоҳ» ўйлаб ўтирмасдан оёғини челакка тиқди ва яқинлашиб қолган полициячига қарата ирғитиб юборди. Челак полда юмалаб бориб, нақ нишонга тегди: семиз полициячи нишони устига гурсиллаб йиқилиб тушди ва шилимшиқ бўлиб қолган мармар полда ўрнидан тура олмай сирпана бошлади. Аммо бу ер Нью-Йорк, битта полициячининг ортидан ўнлаб полициячи келади, дегани. Бир взвод аллақачон шу тарафга йўналган эди.

«Полициячиларни ўлдириб, ботқоққа ботиш ниятим йўқ» дея «Арвоҳ» тезгина мулоҳаза қилиб, пончоси остидан иккита тутун чиқарувчи гранатани олди ва учларини силтаб тортиб, «Бомба!» дея қичқирди. Граната пилталари қўрқинчли овозда гумбурлаб кетди ва бекатнинг мармар юзасини титратиб юборди. Бир неча сония ичида диаметри юз футча [4] келадиган бутун майдон гранатадан чиққан қуюқ қизил булут билан қопланди. Биринчи ўқ узилгандаёқ қаттиқ ваҳимага тушиб, ўқлардан беркиниш учун ерга ётиб олган одамлар энди қизил қон рангли тутун орасидан йўл топа олмасдан сўқирлардек ҳар томонга лапанглашарди. Бомба ташлаган одамни сўнгги маротаба кўрган жойларига ошиқаётган тахминан олти нафар полициячи тутун ичида бир-бирига қоқилиб-суриниб, аранг юриб келишарди. Бу пайтга келиб «Арвоҳ» аллақачон гўё шаффоф ҳавога сингиб кетгандек ғойиб бўлганди.

[4] Фут – (инглизча foot – оёқ) инглиз ўлчов бирлиги бўлиб, 1 фут 30,48 сантиметрга тенг.

[3] Дюйм – (голландча duim – бош бармоқ) инглиз ўлчов бирлиги бўлиб, 1 дюйм 2,54 сантиметрга тенг.

Биринчи бўлим



САНЪАТ
ОЛИЙГОҲИ
ТАЛАБАСИ

Биринчи боб

Қасам ичаманки, ҳаммаси ҳақиқат. Менинг исмим Меттю Беннон, Нью-Йорк шаҳридаги Парсонс олийгоҳининг бадиий санъат йўналиши талабасиман. Бутун ҳаётини мусаввирликка бахш этишга жазм этган инсон ўз-ўзидан бойиб кетиш ҳақидаги хаёлларини қабрга кўмади. Бунга ортиқча изоҳ бериб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Истеъдодда тенгсиз Винсент Ван Гог бир чақа орттиролмай ўлиб кетган. Шу сабабли мен ҳам қолган умримни очлигу ғарибликни бўйнимга олган ҳолда Соҳодаги бўёқ сачраган чордоғимда оч-наҳорликда ўтказишимга кўзим етиб турарди. Лекин бу каби тушкун хаёллар бир куни кечқурун тасодифан Марказий темир йўл вокзалининг шкафчасидан баҳоси бир неча миллион долларга тенг олмосларни топиб олганимда батамом ўзгариб кетди. Ҳа, шундай. Мен уларни топиб олганман. Биламан, ишониш қийин. Ўзим ҳам ўшанда кўзларимга ишонмаганман, худди Мега лотореяда миллион доллар ютган одамларнинг аҳволига тушгандим. Битта фарқимиз шунда эдики, мен лоторея сотиб олмагандим. Шунчаки 925-шкафчанинг ёнига борганимда уни, яъни миллион-миллион долларлик олмослар билан лиқ тўла чарм халтачани кўриб қолгандим, холос. Бир дақиқагина аввал қашшоқликдаги ҳаётини режалаштираётган талаба бир юмалаб, қўлида оламжаҳон бойликни ушлаб турарди.

Мен туғилиб ўсган Колорадо штатининг Ҳотчкис шаҳарчасида бадавлат одамлар муқим яшамаса-да, унақаларнинг кўпчилигини кўрганман. Улар Вейл ёки Теллюрид шаҳрига элтувчи манзарали йўлдан ўтиб кетаётганларида йўл-йўлакай «Шимолий Форк водийси» ресторанида тамадди қилиш ёки уловларига ёқилғи қуйиб олиш учун тўхтаб ўтишарди. Ҳотчкис ҳудуди Нью-Йоркдаги Марказий хиёбоннинг ярмича келади, аҳолиси ҳам Нью-Йоркдаги бир неча кўп қаватли биноларда истиқомат қилувчиларни қўшиб ҳисоблаганда, ундан ҳам камроқни ташкил қиларди. Шунга қарамай, у Худонинг назари тушган мамлакатнинг қоқ марказида жойлашган эди. Жон Денвернинг [5] «Баланд қояли тоғлар» (Rocky Mountains High) қўшиғи айнан унга аталгандек гўё. Балиқ тутиш, ҳайвонларни овлаш, конькида, самолётда учиш ва бошқа кўплаб довюрак эркакларга хос машғулотларни она шаҳримда отамдан ўрганганман. Менинг отам, бобом ва бобомнинг отаси ҳам денгиз пиёда аскарлари бўлишган. Санъатга қизиқишимга эса онам сабабчи. Сурат чизиш бўйича илк ўқитувчим онам бўлган. Отам оилавий анъанани давом эттирган ҳолда менинг ҳам ҳарбий бўлишимни истар, онам эса унинг оғзига уриб, оилада маданиятдан йироқ битта денгиз пиёдаси етарли эканлигини тинмай таъкидларди. Ахийри, иккаласи билан ҳам муросаю мадора қилиб, тўрт йил денгиз пиёдалари сафида хизмат қилдим, Ироқ ва Афғонистондаги учта фаол ҳарбий ҳаракатларда иштирок этдим. Сўнгра етарлича пул жамғариб, Нью-Йоркка кўчиб ўтдим. Ҳозир, ўттиз ёшимда мамлакатдаги энг олди олийгоҳдаги санъат дастурларидан бирида таҳсил оляпман. Кутилмаганда моддий таъминотни ўйлаб, ғамда ўтказаётган кунларим ўз ниҳоясига етди. Мен ҳам энди бой эдим. Ҳечқурса, шу олмосларни ўзимда олиб қолишга қарор қилсам, бой бўлардим. Нега олмас эканман? Олмосларнинг эгаси энди ҳеч қачон уларни излаб келмайди. Билишимча, у ўлган эди.

[5] Жон Денвер (1943 – 1997) америкалик фольклор хонанда ва бастакор бўлган.

Иккинчи боб

Олмосларга лиқ тўла халтачани топиб олганим ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлган, деб ўйласангиз бироз янглишасиз. Мен учун энг унутилмас воқеа – Кетрин Сенборнни топганимдир. Биз бир-биримизни Уитни музейида учратгандик. Уитни музейи Нью-Йоркдаги севимли жойларимдан бири эди. Бир куни ўша ерга бориб, ўзим ёқтирган санъат асари – Жорж Лукас чизган «Сулҳ кечаси» суратига тикилиб турганимда уни кўриб қолдим.

Каштан рангли нафис жингалак сочлари елкасига тушган йигирма тўрт-йигирма беш ёшлардаги ақлдан оздирадиган даражадаги гўзал бир қиз бир гуруҳ ўрта мактаб ўқувчиларига йўлбошчилик қилиб юрганди. Улар мен турган жойга яқинлашгач, қиз «Жорж Лукас реалистик йўналишдаги америкалик рассом саналади», деди.

– Мен эса пуэрто-риколик романтист [6] рассомман, – луқма ташлади бир бола ва гуруҳдошлари бирданига «гурр» этиб кулиб юборишди.

Бошқа бир бола ўртага сакраб чиқиб: «Мен яҳудий пессимистиман», деди ва шу тариқа беш-олтита ўғил-қизлар ким энг баланд қаҳқаҳага сазовор бўладиган гап айтиш борасида мусобақалашиб кетишди. Кетрин уларга жилмайиб қўйди, тўхтатишга уринмади ҳам. Шу тоб мен гапга аралашдим:

– Ҳеч бирингиз Жорж Лукасдек кулгили эмассизлар, – дедим деворга осиғлиқ суратга ишора қилиб.

– Нима, шу суратни кулгили деб ўйлайсизми? – таажжубини яшира олмади «пуэрто-риколик романтист».

– Йўқ, асло. Бироқ уни чизган рассом Жорж Лукас моҳир сўз устаси ва комик расмлар ижодкори бўлган. Кейинчалик у етти нафар бошқа рассомлар билан бирлашиб, рассомчиликда «Эшкан мактаби»га асос солишган.

– Зўр-ку, – деди бояги бола.

– У чиндан ҳам буюк одам бўлган. Афсуски, бир куни кечқурун қовоқхонада муштлашув бўлганида уни обдон абжағини чиқариб дўппослашган ва бир неча соатдан кейин ўлигини топиб олишган. Агар ўқитувчингизга яхшилаб қулоқ солсангиз, шунақа ноёб маълумотларга эга бўласиз, – дея нари кетдим.

Орадан ярим соатча ўтиб, Эдуард Хоппернинг «Якшанба куни эрта тонгда» асарига энсамни қотириб қараб турганимда қаршимда Кетрин пайдо бўлди.

– Ўқувчиларингиз қани? – савол бердим мен.

– Мен уларнинг ўқитувчиси эмасман. Ҳар ҳафта чоршанба куни музейда кўнгилли ходим сифатида ишлайман. Биласизми, болаларга ёқиб қолдингиз. Кетиб қолганингиздан афсусланишди.

– Менсиз ҳам уларни эплаганингизга ишончим комил.

– Эплашга-ку, эпладим. Аммо кетганингиздан мен ҳам хафа бўлдим. Санъат ҳақида бунча кўп нарсани қаердан биласиз?

– Биламан-да. Бу унчалик қизиқарли ҳикоя эмас.

– Санъат ҳақида бошқаларнинг фикрини эшитиш менга ёқади. Агар сизни «Сарабет» емакхонасида чой ва қовоқли пишириқ билан меҳмон қилсам, ҳикоянгизнинг ўзингиз зерикарли деб билмаган қисмлари билан бўлишасизми? – у шундай дея жилмайганида майин боқувчи кулранг кўзларида ёшлик шўхлиги, шодлик ва келажакка ишонч нуқси чақнаб кетди.

– Бунақа қилолмасам керак, – деганимдан сўнг унинг табассуми қаёққадир йўқолиб, кўзларида ҳайронлик аломати зоҳир бўлди.

– Лекин «Сарабет» емакхонасида чой ва қовоқли пишириқ билан сизни меҳмон қила оламан. Хўш, розимисиз?

Унинг юзига яна табассум ёйилди.

– Келишдик, – дея у қўлини мен томон чўзди. – Кет­рин Сенборн.

– Меттю Беннон, – дея унинг меникининг ярмидек келадиган илиқ ва юмшоқ қўлини сиқдим. Гарчи унинг қўлини атиги бир сонияга ушлаган бўлсам-да, юрагимнинг жиз этишига сабаб бўлган инсонга тегиниш бутун вужудимни тўлқинлантириб юборган энтикишни ҳис қилишим учун етарли бўлди.

Хуллас, иккаламиз чой ичдик, мен унга рассом бўлиш ҳақидаги орзуимни сўзлаб бердим.

– Балки, сизга ёрдам бера оларман. Ўзим санъатдан дарс бераман. Чизган суратларингизни жон деб кўриб чиқаман. Эртага дарсдан кейин хонамга бир нечта намуналарингизни олиб келсангиз қандай бўларкин? – деди у.

– Анави болалар менинг ўқувчиларим эмас, дегандингиз шекилли.

– Ҳа, шундай. Ўрта мактабда дарс бермайман.

– Шунақами? Тўғри қиласиз. Ҳали ёш экансиз. Кун бўйи бир тўда ўспиринларни ўқитиб, уларнинг хурмача қилиқларига тоқат қилолмаган бўлардингиз. Қайси синфларга дарс берасиз унда?

– Синф эмас, – дея жилмайди Кетрин. – Мен Парсонс олийгоҳида рассомчилик ва ҳайкалтарошлик фанларидан магистратура босқичи талабаларига таълим бераман.

Ўшанда Кетрин Сенборннинг ҳам ҳурлиқо, ҳам ақлли қиз эканлигига шак-шубҳасиз иқрор бўлдим. Мен бундай қизга лойиқ эмасдим.

[6] Романтизм – (французча romantisme) XVIII асрнинг биринчи ярми ва XIX асрда Европада, шунингдек, Америка адабиёти ва санъатида пайдо бўлган ҳамда жаҳон бўйлаб кенг тарқалган оқим.

Учинчи боб

Хуллас, туни билан Кетринга ижод намуналаримнинг қайсиларини кўрсатишим ҳақида бош қотириб чиқдим. Биттаси кўзимга жуда ҳам жўн кўринса, бош­қаси ҳаддан ташқари зерикарли ёки мутлақо завқсиз туюларди. Тонг отиб, қуёш бош кўтарганида ҳам ҳануз суратларимни кўздан кечириш билан банд эдим. Улар шунчаки яхши эмас, балки Кетринга ёқадиган даражада аъло бўлиши керак эди. Эртаси куни ўзим шу пайтгача чизган суратларим ичидан энг беқиёс деб билган ўн тўртта асарнинг фотоларини профессор Сенборнга олиб бориб кўрсатдим. Ҳаётимда бошқа ҳеч қачон ўзимни ўша пайтдагидек ожиз ва ҳимоясиз ҳис қилмаган бўлсам керак.

– Реалистик рассомлар ҳақида бунча кўп нарса билишингга ажабланмасам ҳам бўларкан, – деди у расмларга бир қур назар ташлаб олгач. – Ишларинг менга Эдвард Хоппернинг ёшлик йилларидаги ижодини эслатиб юборди.

– Яъни болалар боғчасида бармоқларини бўёққа ботириб, яратган асарларини назарда тутяпсанми?

У шарақлаб кулиб юборгач, буни баъзи профессорлар зўр бериб мукаммаллаштиришга интилувчи ғалати хилма-хилликдан кўра самимий ва мулойим ҳазилга йўйиб қўя қолдим.

– Йўғ-е, унчалик ёш демадим. Ишончим комилки, Хоппер ўзининг воқеликни теран акс эттира олиш маҳорати учун ҳам афсонавий рассом дея эътироф этилишини яхши биласан. Лекин унинг дастлабки асарлари совуқ ва ҳиссиз эди. Фикримча, сен ҳозир ўша босқичдасан. Вақт ўтиши билан Хоппернинг суратларига ҳам ёлғизлик, айрилиқ, тушкунлик сингари турли-туман ҳиссиётлар йўғрила бошланган. У олтмиш ёшларида чизган «Бедорлар»и чамамда унинг энг бетакрор асари, менинг ҳам энг севимли суратларим қаторидан жой олган.

– Умид қиламанки, менинг етук рассом бўлиб, пичоққа илинадиган асарлар яратишимга унча кўп вақт кетмайди, – дедим.

– Албатта. Агар ўзингга тўла мувофиқ келадиган жойда таълим олсанг, уддалайсан.

– Масалан, қаерда ўқисам? – унга савол билан юзландим. – Бирор таклиф берсанг, катта ёрдам қилган бўлардинг, рости.

– Масалан, шу ерда.

Бошимни бир неча марта чайқаб, уни инкор қилдим.

– Парсонсга қабул қилинадиган даражада истеъдодлиман, деб ўйламайман.

– Кел, гаров ўйнаймиз, истеъдодингга ишонаман. Ютқазган ғолибни кечки овқат билан меҳмон қилади. Хўш… «Питер Лужер» ресторанида. У ерни жуда ёқтираман.

Худди у айтгандек бўлди: орадан олти ойча ўтгач, профессор Кетрин Сенборн билан Бруклиндаги «Питер Лужер» ресторанида хуштаъм кечки овқатни тановул қилдик. Менинг ҳисобимдан. Шу тариқа, ўша ресторанда муваффақиятимни байрам қилганимиздан сўнг тез-тез учраша бошладик. Олти ойдан кейин унинг Парсонс олийгоҳидаги «Жамоавий танқидий муҳокама» дарсларига қатнаша бошладим. У билан ўртамиздаги муносабатни бошқа талабалардан усталик билан яширардик, деб ўйлайман. «Жамоавий танқидий муҳокама» дарсларининг менга ёққан томони уни ҳафтада уч маротаба кўришга мушарраф бўлишимда бўлса, энг ёмон тарафи курсдошларимнинг аччиқ-тизиқ гапларига тоқат қилишдан иборат эди.

Олмосларни топиб олишимдан бир кун олдин тонгда Леонард Кернс деган йигит энг сўнгги чизган суратимнинг обдон авра-астарини қоқиб, ахлат билан қориштириб ташлади. Бўйи қисқа, дум-думалоқ Кернс ўзига бино қўйган ва қаршисидаги одамни жонидан тўйдириб юборадиган даражада қўрс эди. У лапанглаб юриб, канопдан ясалган канвас суратим ёнига келди ва қолганларга бу суратнинг ва бевосита менинг ҳам бир чақага қиммат эканлигимизни эринмасдан тушунтириб берди.

– Бу ишсизлар ташкилотида навбатда турган бир ҳовуч аслан йўқ кимсалар, – деди у. – Хўш, бизга уларнинг заррача аҳамияти борми? Худди шу суратни қўл телефонимнинг камерасида олсам ҳам бўлади. Немис драматурги Бертольт Брехт [7] айтганидек, «Санъат – бу ҳақиқатга тутилган кўзгу эмас, балки унга сайқал берадиган болғадир».

– Сизнингча, жаноб Беннон бу асарга сайқал бермаганми? – сўради Кетрин.

– Йўқ. У болғани қўлига олиб, меҳнат қилиши керак деб ўйлайман, – деди Кернс.

Мабодо Кернс бу гапи билан бошқаларни кулдиришдан умид қилган бўлса, унда қилиғи ўхшамади. Жойларида миқ этмасдан ўтирган аксарият талабалар хиёл сапчиб тушишди, холос. Ўша куни ўқув йилининг мазкур чорагидаги охирги дарсимиз эди ва Кернс ўзининг оқсуякларга хос «илтифотли гаплари» билан навбатдаги дарснинг белига тепиб, ҳамманинг ҳафсаласини пир қилди. Қўйиб берсангиз, у яна анча вақт ваъз ўқиши мумкин эди, лекин яхшиямки Кетрин унинг овозини ўчирди. Дарс тугагач, якуний ёзма ишларимизни қайтариб берди. Топшириқ Нью-Йорк шаҳридаги халқ санъати ҳақида беш мингта сўздан иборат танқидий-таҳлилий иншо ёзишдан иборат эди. Ёзма иш якуний баҳоларимизнинг учдан бир қисмини ташкил этганлиги учун унинг устида анча вақт тер тўккандим. Аъло баҳо олсам керак, деб умид қилаётгандим, аммо умидларим пучга чиқди: ишимнинг олд варағига ёпиштирилган сариқ ёпишқоқ қоғозчага «+3». Меттю, дарсдан кейин қол», деб ёзилганди. Курсдошларим ўқув хонасидан бирин-кетин чиқиб кетаётган бир маҳалда мен руҳан сиқилиб, бироз саросима ичида ўтириб қолдим. Ниҳоят, Кетрин Сенборн ўрнидан туриб, мен томонга қараб кела бошлади.

– Нега «+3» баҳо? – дедим унга норози боқиб. – Ёзма ишим бундан баландроқ баҳога арзиса керак деб ўйлагандим.

– Агар ҳаялламай айтганимни қилсанг, баҳоингни кўтариш учун яна бир имконият беришим мумкин, – деди у.

– Хўш, нима қилишим керак? Меҳнатдан асло қочмайман.

Шу тобда Кетриннинг шўх боқувчи кулранг кўзлари порлаб кетди ва бориб бир зумда хона эшигини қулфлаб келди.

– Кийимларингни ечиб бемалол ўтиравер, – буюрди у.

Мен эса, табиийки, унинг бу гапидан гарангсиб қолдим.

– Жаноб Беннон, агар беш сония ичидан айтганимни бажармасангиз, ёзма ишингизга «тугалланмаган» деб ёзиб қўяман. Айтганча, иншонинг ўзи яхши ёзилган, лекин сендан бундан кўпроғини кутгандим.

Кетрин мени хонадаги чизмалар чизиш сабоқларида фойдаланилувчи узунчоқ пастак диванга тортди... Бу устоз-шогирднинг қанақадир маслаҳат учрашувига ўхшаб кетарди. Пировардида Кетрин лабларини қулоғимга яқинлаштириб, «Меттю», дея шивирлади.

– Нима дейсан?

– Баҳойинг «++5»...

[7] Бертольт Брехт (1898 – 1956) немис драматурги, шоири ва театр намоёндаси бўлган.

Тўртинчи боб

Хўш, энди эса мутлақо кутилмаган ҳолатда 925-рақамли шкафчадан топиб олган хазинам ҳақидаги ҳикояга қайтишимга изн берсангиз. Албатта, ўша тунни ҳеч қачон унутмайман. Марказий темир йўл вокзалидаги бошқа одамлар учун эса бу энг қўрқинч­ли тушдек туюлган бўлса керак. 2001 йил 11 сентябр куни мен Нью-Йоркда эмасдим, аммо бутун шаҳарга тарқалган паранойяни [8] англаш қийин кечмаганди. Фожиа яна такрорланиши мумкин эди. Нью-Йорк шаҳри портлаш маркази эди ва шундай бўлиб қолаверади. Бу ерда тартиб-интизом унчалик қатъий эмас. Полиция бошқармасининг кундалик аксилтеррор чора-тадбирлари доирасида Уолл-стритнинг жамоат бинолари ёнида қаторлаштириб қўйилган танклар, полиция машиналари ва бомбани ҳидидан сезувчи итларни кўргандим. Марказий темир йўл вокзалидаги сокинлик қўққисдан узилган милтиқ ўқларидан ларзага келиб, иккита портлаш юз берганида барчанинг хаёлига битта фикр келганига шубҳам йўқ – террорис­тик ҳужум. Бир неча сония ичида оломонни ёппасига ваҳима босиб, саросима тўлқини ичида қолди. Кўтарилган қий-чув ва бақир-чақирлар мармар бинонинг деворларида акс садо берарди. Мен эътибор қаратган биринчи ҳолат шундан иборат эдики, бирор кимса ўқ ва портлашга чап бериш учун ерга ётиб олмаганди. Ҳамма худди ҳозир устларига тобора шиддат билан уваланиб бораётган эгизак миноралар қулайдигандек орқа-олдига қарамасдан қочарди. Бироздан сўнг эса кўзимга ҳеч нима кўринмай қолди. Вокзал биносини қизил тутун эгаллаб олди. Тўғри, жанг майдонларида кўп маротаба бўлганман, лекин бу сафарги вазият менинг ваколатимга кирмас эди. Мен биринчи рақамли масъул шахслардан эмас эдим, шу сабабли ўзгаларга ўхшаб югуришга тушдим ва тутун ичида бирдан қон изларини кўриб қолдим. Қизиқувчанлигим барчасидан устун келиб, из бўйлаб юрдим ва унга кўзим тушди. Гавдаси салкам айиқникидек келадиган ўша одам бўйнидаги жароҳатдан тизиллаб оқиб, кўлмак ҳосил қилган қонга ботганча вокзал шкафчаларига орқасини бериб ётар, тўс-тўполон ичида унга ҳеч ким эътибор қаратмаётган эди. Унга яқинлашиб, тиз чўкиб ўтирганимда тиззам қаттиқ нарсага тегиб кетди. Қарасам, тўппонча экан.

– Шифокор чақиринглар. Қонни тўхтатинглар, – у русча талаффузда ғўлдираб, аранг сўзлади.

Шифокор чақиришга ҳам, бирор ҳаракат қилишга ҳам анча кеч бўлган эди. Ўлаётган одамга жавобан бир гап айтишимдан олдин унинг кўз қорачиқлари тескари айланиб, сўнгги маротаба зўриқиб нафас олди. У жон берган эди. Эгнидаги тўқ кўк рангли костюм-шим ва у ётган пол обдан қонга бўкиб, унга энг яқин жойда турган пастки шкафчанинг эшиги қизариб қолганди. Бошимни кўтариб қараб, у суяниб ўтирган ва сирғалиб ерга тушган жойдаги юқориги шкафча ўрнида қолган қизил юзани кўрдим. 925-рақамли шкафча қонли қўл излари билан қопланганди. У очиқ эди, кенг қилиб очиб қўйилганди.

[8] Паранойя – (грекча paravoia – ақлдан озиш) мунтазам нотинчлик ва хавотир билан тавсифланадиган руҳий касаллик тури.