G'ayrioddiy intiqom
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  G'ayrioddiy intiqom

Комил Синдаров

ҒАЙРИОДДИЙ
ИНТИҚОМ

СЎЗБОШИ ЎРНИДА

Ҳурматли китобхон! Азиз мухлис!

Баъзан ўйланиб қоламан. Бахт нима? Бойликми? Тўкис ҳаётми? Йўқ, ундай эмас! Баъзилар қўл учида кун кўрсада, яшашидан мамнун, бахтдан масрур умргузаронлик қиладилар. Айрим бадавлат, ейиш-ичишдан ками йўқ инсонлар ўзларини бахтсиз, нотавон, омадсиз ҳисоблайдилар, Аллоҳнинг берган кунидан, насибасидан нолиб юрадилар. Негаки, улар ҳамма нарсага эга бўлган, орзу қиладиган, умид боғлайдиган мақсад-муддаоси қолмаган... Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. Университетни тугатгач, эр-хотин икки-уч йил чумолидай ишлаб, пул тўплаб, эскигина «Москвич» машинаси сотиб олгандик... Суюнганимизни айтмайсиз... Кечалари ҳеч ким олиб кетиб қолмадимикан деган хаёлда машинадан хабар олиб қўямиз... Ҳозир пиру бадавлатмиз, фарзандлар майли, неваралар янги-янги машиналар олиб келмоқда... Ўтган йили Жавоҳир (халқаро гроссмейстер, шахмат бўйича олимпия чемпиони)нинг ўзи иккита энг охирги маркадаги машина ютиб олди... Қувондик... Аммо эр-хотин ўша «Москвич» олгандаги ўзгача бир қувонч ҳиссини туймадик... Демак, бахту саодат бойликка боғлиқ эмас экан. Тўғри, ўта камбағаллик ҳам оғир кулфат. Ўйлаб кўринг, фарзандингиз мактабга бориши керак. Аммо пойабзали яроқсиз ҳолатга келгани учун мактабга боролмай, кўзингизга қараб жовдираб турибди. Онаси ҳам сизга нажот кўзини тикади. Аммо чўнтагингиз «касал», ойликка эса ҳали анча бор... Қарз сўрашнинг ҳам иложи йўқ... Аввалги қарзларни қайтаролмагансиз... Эр йигит – ота учун кўтариш оғир бўлган мушкулот. Бундан чиқди, ўта бадавлатлик ҳам, ўта камбағаллик ҳам инсонни бахтга етакловчи сўқмоқ эмас экан. Хулоса қиладиган бўлсак, ўртамиёна етиб-етмайдиган турмушдан яхшиси йўқ. Шунда доимо камингни тўлдиришга, орзу, умидларингни рўёбга чиқаришга, ҳаётингни яхшилашга интиласан, олға талпинасан. Ҳамма нарсанг тўкис, давлатинг бисёр, қўша-қўша уй-жойинг, қатор-қатор машинанг, чўнтагингда жарақ-жарақ пулинг бўлса, яна нимани орзу қилишинг мумкин? Айримлар ҳою-ҳавас, тўю-ҳашамга ружу қўядилар. Исрофгарчилик, увол нималигини билмай қўяди. Манманлик, кибр, мақтанчоқлик, шуҳратпарастлик касалига мубтало бўлади... Ўн йиллаб йиққанини сарпога, кераксиз лаш-лушларга, беш минг кишилик тўйга сарфлаб, «довруқ чиқаради», «шон-шуҳрат қозонади». Аслида хонадонида мўъжазгина кутубхонаси тугул бир жуфт китоби йўқ бу корчалонлар қанчалик бадавлат бўлмасин, маънан қашшоқлигича қолаверади. Шу маблағни савобли ишларга, хайрли тадбирларга сарфлаб, номини тарих зарварақларига муҳрлаб қўйиш, ўзидан муносиб из қолдириш ҳам мумкинку! Қанийди мол-давлатининг чек-чегараси йўқ пулдорлар ҳашам балосидан воз кечиб, маблағининг бир қисмини илм-маърифатга сарфласа, миллатимиз келажаги, юртимизнинг иқтидорли ёшларини қўллаб-қувватлашга йўналтирса! Тўғри, мен билган бадавлат инсонлар, йирик сармоядорлар орасида ана шу йўлни танлаган саховатпешалар ҳам бор. Аммо улар бармоқ билан санарли.

Нега бугун юртимиздан Берунийлар, Ибн Сино­лар, Хоразмийлар, Бухорийлар, Термизийлар, Самарқандийлар, Яссавийлар чиқмаяпти? Яқинда ижтимоий тармоқларда бир уламонинг шу саволга жавобини ўқиб қолдим. Унинг таъкидлашича, бунга оналар сабаб. Негаки, ёшлар тарбияси, асосан, аёллар қўлида. Улуғ аждодларимизни тарбиялаган оналар ўз­лари маърифатли бўлиш билан бирга ортиқча ҳою-ҳавасдан, кераксиз ҳашамдан йироқ бўлган. Фарзандларини гўдаклигидан илму маърифатга ошно қилиб тарбиялаган, уларнинг қалбига умид уруғини қадаган, юксак парвозларга қанот бағишлаган. Бугунги оналарда шу нарса етишмаяпти. Уламонинг фикрича, аёлларимиз кўпроқ ҳашамга, тўю-маъракага берилиб кетди. Фарзандининг бахти, келажаги шу нарсаларга боғлиқ деган нотўғри тасаввур домига тушиб қолдилар... Бу фикрга қўшилмай бўлмайди. Муаллиф ҳақ. Ҳозирги замонда оилада, боғчада, мактабда фарзандлар тарбиясини деярли тўлиқ ўз қўлига олган оналарни шу иллатдан қутқара олсак, марра бизники бўлади. Президентимиз таъкидлаган учинчи ренессансга тамал тоши қўйилади...

Гапирсак, гап кўп... Қиссадан ҳисса, навбатдаги асаримизда дилимизда қалашиб ётган армонларни, қалбимизни ўртаб келаётган айрим муаммоларни қаламга олишни ният қилдик...

Бир пайтлар биринчи китобимга оқ йўл тилаган марҳум устозим, беназир инсон Худойберди Тўхтабоев детектив асарнинг хусусиятлари ҳақида фикр юритиб, менга бу жанрда ишқ-муҳаббат ва бошқа мавзулар олдинги қаторга чиқиб кетмаслиги лозим, дегандилар. Шу сабабли устознинг ўгитига амал қилган ҳолда ички дардларимизни қотиллик мавзусидан узоқлашмаган ҳолда, қаҳрамонларимиз тилидан баён этишга ҳаракат қилдик.

Ҳурматли китобхон! Азиз мухлис!

Қўлингиздаги китоб ҳам муқаддам «Терговчи» серия­сида нашр этилган «Қимматга тушган хато ёки қасос­кор қалб исёни» (2013), «Темурийлар кутубхонасининг сири» (2015), «Кечиккан қасос» (2017), «Амирликнинг олтин тахти изидан» (2018), «Тунги қотиллик» (2019), «Ўғирланган болалик» (2020), «Дорихонадаги қотиллик» (2020), «Сўпоқсойдаги сирли қотиллик» (2021), «Қадр кечасидаги қотиллик» (2021), «Сургун» даги саргузаштлар» (2022), «Бир асрлик омонат» (2022) каби детектив асарларимизнинг мантиқий давомидир. Асарда Санжарбек бошчилигидаги тергов гуруҳининг Самарқанд вилоятида рўй берган мудҳиш жиноятни тергов қилиш ва фош этишдаги маҳорати, жасурлиги ва касб-корига фидойилиги баён этилади.

Бу асаримиз ҳам аввалгилари қаторида мамлакатимиз аҳолисининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, жумладан, терговчиларнинг, шу йўналишда таҳсил олаётган талаба ҳамда магистрларнинг касбий маҳоратини оширишда ўзига хос қўлланма, галдаги китобларимизни интизорлик билан кутаётган азиз мухлисларимиз, детектив жанр ихлосмандлари учун муносиб туҳфа бўлишига умид қиламиз.

Асар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларингизни элект­рон манзилим (sindarov60@gmail.com), ҳамда +99890 187 94 40 Telegram манзилимга юборишларингиз мумкин.

Комил СИНДАРОВ

Биз қанақа халқмиз? Қандай элмиз? Нафақат ер шарида, балки ўзга сайёраларда ҳам каллаи саҳарлаб ошга борадиган, қозон-қозон ёғли паловни паққос туширадиган кишилар бўлмаса керак. Ҳою-ҳавас дея, чумолидай ишлаб, пешона тери билан топганини тўйга, турфа хил ҳашам, маърака-ю тантаналарга сарфлаб юборадиган миллат яна бошқа жойдаям бормикан? «Бор»лар майли, «йўқ»лар нега чиранади? Ейишга нони бўлмаса-да, бор-будини тўйга сарфлайди, қарз кўтариб бўлса-да, сарпо йиғади, чет элда оғир шароитларда ишлаб, мебель олади... Болаларини ўйлайди... Уйланадиган ўғли, турмушга чиқадиган қизларининг бахти-камолини деб яшайди... Уларнинг туғилмаган фарзандлари ҳақида қайғуради... Қуриб кетгур бу «ким ўзарда» бировдан ортда қолишни ўзига ор билади. Мол-давлат, пул кетса, кетсин, обрў кетмасин, қабилида иш тутишади... Тўйлари, йиққан сарпо-суруқлари, данғир-дунғурлари етти маҳаллага дув-дув гап бўлишини исташади... Кейинги пайтларда масаланинг шу тарафи устуворлик касб этаётгандек...

Санжарбек ҳайҳотдек тўйхонанинг иккинчи қаватидан пастга қараб, ҳофизнинг «Қора кўзим» [1] и ва қошиқларнинг тақур-туқур садолари остида ош тановул қилаётган одамларни кузатар экан, хаёлидан ўтаётган ўйларни жиловлашга, кечинмаларидан ҳикмат излашга, нохушликларни яхшиликка йўйишга ҳаракат қилди. «Тўғри-да, инсон бир марта дунёга келса, еб-ичиб яшаганинг қолмайдими? Тўйлар ҳам савоб иш... Кўрмаган, учратмаган, соғинган одамингни топасан, бир пиёла чой устида суҳбатлашасан... Меҳр-оқибат ришталари боғланади... Одамларни бир-бирига яқинлаштиради... Тўйга ким келишидан қатъи назар, «кимсан?» «қаердансан?» деб сўраб ўтирилмайди, ҳужжат талаб қилинмайди, аксинча, тавозе билан кутиб олиниб, олдига ош тортилади... Қозонда қолган ош етимхоналарга, болалар уйларига, ночор оилаларга тарқатилади... Бу тўйхона минг кишига мўлжалланган дейишганди. Икки марта лиқ тўлди, демак, икки минг киши... Икки юз кило гуруч, шунча гўшт, сабзи... Тўйхона харажатлари... Дастурхонга қўйилган ноз-неъматлар... Дунёнинг пули кетса керак-ов! Шунча одам чақириш шартмикан? Тўйни ихчамроқ, камхаржроқ қилиб ўтказса ҳам бўлади-ку... Ё бу қўшни тушмагурнинг таниш-билиши шунчалик кўпмикан? Ҳар ҳолда тадбиркор, топиш-тутиши яхшигина... Бу ҳам майли, беш минг кишилик тўй қилаётганларга нима дейсиз? Ўттиз қозонда ош, яна шунча қозонда димлама... Ким бўлса ҳам пулни ердан супуриб олмаётгандир! Шунча нарсанинг уволи тутмайдими? Пул топиб, ақл топ­маган бу одамларни ким деб аташ мумкин? Шунинг ўрнига қишлоғига кутубхона ёки мактаб қуриб берса, ўзи ўқиган таълим даргоҳини таъмирласа ёки аълочи ўқувчилар учун стипендия жорий қилса, кўпроқ савобга қолмайдими? Дунёда савобли ишлар камми? Нега Нобель [2] бобо бор топган-тутганини тўйга, ҳашамга сарфламади? Аксинча, илмни қўллаб-қувватлашга йўналтирди. Бир асрдан ошибдики, дунё миқёсида буюк ихтиролар қилаётган илм аҳли у таъсис этган мукофотдан баҳраманд бўлиб келмоқда. Номи тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битилган бу инсонни билмаган, эсламаган киши борми? Ана савоб, ана одамийлик! Шу наҳорги ош деганларини ким ўйлаб топган бўлса-я! Тонгда ошга бориш учун тунги соат 3-4 ларда уйғониш лозим. Ювиниб, кийиниб, шаҳарнинг у чеккасига етиб боргунингча соат беш бўлади. Дастурхонга лаган-лаган ош тортилади... Ке­йин тишингни ковлаб, ишга борасан... Кун бўйи уйқусираб, довдираб юрасан... Меҳнат унуми ҳам бўлмайди! Наҳорда ейилган ошнинг соғлиқ учун кони зиён эканини айтмаса ҳам бўлади! Ўтирганларнинг ҳар учтасидан биттаси «қоринбой»... Энг ёмони бу ҳақиқатни ҳамма билади. Аммо ҳеч ким «Ҳой одамлар, наҳорги ошдан воз кечайлик, ортиқча ҳашамга берилмайлик, тўйларни кичикроқ қилиб ўтказайлик», деб айтмайди. Айтганларнинг ўзлари ҳам бунга риоя қилмайди. Ўтган асрнинг бошларида маърифатпарвар боболаримиз миллатга мурожаат қилиб, бутун дунё илмга ёпишган бир пайтда биз қачонгача чойхонада бедана, хўроз уриштириш билан шуғулланамиз, деб бонг урганди... Ҳувайдо [3] қанчалар топиб сўзлаган:


Бошқалар илм изласа, бизлар худойи ош учун,
Эртадин то кечғача бўлдук эшикларда гадо.


Ёки:


Симсиз бировлар сўйлашиб, миллат ғамини ўйлашиб,
Юрганда сиз тўй-тўйлашиб, ҳеч бир уёлмайсиз ҳануз.

Ғафлатда кўр чойхоналар, боқур кўринг бедоналар,
Билмам қачон уйғоналар, сиз уйғотолмайсиз ҳануз.


Орадан юз йил ўтиб, нима ўзгарди? Ҳамон чойхона, тўйхонадан бошимиз чиқмаяпти! Ҳашамга муккасидан кетганмиз! Пул, молу давлатнинг қулига айланиб қолдик. Топганимизни эзгу ишларга – китобга, илму маърифатга эмас, ҳою-ҳавасга сарфлаяпмиз... Ўқитувчини, олимни жамиятнинг энг ночор қатламига айлантириб қўйдик. Ғурурини, қадр-қимматини, обрў-эътиборини синдирдик, ер билан яксон қилдик... Ўқитувчисини хор қилган жамият таназзулга юз тутажагини ёддан чиқардик... Яқинда бир дўстимиз Японияга бориб келган экан. Эрталаб кўчага чиқса, бир бино олдида одамлар – ёшу қари турна қатор нав­батда турганмиш. Буларда ҳам наҳорги ош бормикан, деб ўйлабди... Олд томонга ўтиб қараса, у жой китоб дўкони экан. Шунча одам каллаи саҳардан китоб олиш учун навбатда турган. Ана, японлар қандай қилиб ривожланишга эришган...

– Қани, айланайлар, лаганни узатинглар, – дастурхончи қўлма-қўл узатилган ош тўла лаганларни дас­турхонга тортди.

– Укажон, марҳамат, ошга қаранг, – қайсидир корхонада ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган Эргаш исмли қўшни лаганни Санжарбек томонга сурди, – ваҳ-ваҳ-ваҳ-эй... қазиларини, думбаларини қаранг, ошмисан ош бўлганга ўхшайди, олинг!

Терговчи ҳамтовоғини хафа қилмаслик учун ошдан бир-икки чуқум чуқалаб, лаганни нари итариб қўйди:

– Эргаш ака, сиз бемалол... Жуда ёғли экан... Менга унчалик тўғри келмайди, – деди у қўлини сочиққа арта туриб.

– Ия, сиз билан ошга бориш керак экан-ку, – қўшни лаганни ўзига тортиб, иштаҳа билан ейишда давом қилди, – чакки қиласиз укам, чакки қиласиз! Бўш қоп тик турмайди. Бунақа овқат билан жиноятчиларни қандай тутасиз? Хи-хи-хи...

– Ошни яхши кўраман... Фақат саҳарлаб... Кўп овқат кетмайди, ўрганмаганман-да, – деди Санжарбек чойдан ҳўплаб.

– Биз ўрганиб кетганмиз, ҳар кун тўй... Эрталабдан ошамасак бу қурғур таталаб кетаверади, – деди қўшни қопдай қорнини ишқалаб.

– Ҳар куни ошга борсангиз – туққан-туғишган ҳам роса кўп экан-да? – деди Санжарбек ҳайрон бўлиб.

– Қариндош-уруғ-ку унчалик кўп эмас... Маҳалла катта. Беш-олти чолга қўшилиб олганмиз, ҳар куни ош...

– Ҳар куни тонгги соат уч-тўртларда туриб, тўйга борсангиз уйқу, қандай бўлади? Иш нима бўлади?

– Аммо роса уйқунинг белига тепади. Пешиндан сўнг бир-икки соат мизғиб олмасак бўлмайди...

– Ҳар куни... Иш нима бўлади?

– Давлатнинг иши қочиб кетармиди, амаллаймиз-да, укажон...

Қўшнининг кейинги гаплари Санжарбекнинг қулоғига кирмади. Пастда – биринчи қаватда бир қаторга тизилиб, қўлма-қўл ош тарқатаётган хизматчиларга, ошхўрликдан сўнг кўк чойни бостираётган меҳмонларга, беқасам тўнлар кийиб, «авжига чиқаётган» машшоқларга тикилганча хаёл суришда давом қилди: «Шу манзарани бирорта япон кўрса, ҳайратдан юраги ёрилиб кетса керак-ов!». Халқимиз бу «иллат»ни қачон, қаердан юқтирган бўлса! Ёки азалдан шундай «ошхўр», «тўйчи» эл бўлганмизми? Давлат раҳбари тўй-маъракаларни ихчамлаштириш, ортиқча ҳашамларга берилмаслик тўғрисида қарор қилганди. Натижаси нима бўлди? Аксинча, тўю-тантаналар йириклашиб, дабдабаси, ваҳимаси, сарф-харажати ортиб бормоқда. Исрофгарчилик авжида... Бу кетишда қайга борамиз? Миллатнинг тақдири нима бўлади? Жар ёқасига бориб қолмаяпмизми? Ҳар қадамда дорихона... Бу нимани англатади? Бир аср нарида жадид боболаримиз бекорга бонг урмаган экан-да!

– Икки ёш бахтли бўлсин, Аллоҳу акбар, – дастурхончининг чийилдоқ овози Санжарбекни ҳушига келтирди. Юзларига фотиҳа тортиб, биринчи қаватга тушишди. Бошқалар қаторида «ҳовли тоға» [4] билан «кўришиш» учун навбатда турганлар оқимига қўшилди. Кези келганлар тўй эгасига «қистир-қистир» [5] қилаётганига кўзи тушиб, чўнтагини ковлади. Пул солиб чиқмаганидан афсусланди...

Тўйхонадан чиқиб, қўшнилар билан бирга уйга қайт­ди. Болаларни уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида ошхонага кириб, бор маҳоратини ишга солиб, нонушта тайёрлади. Дастурхонни безатди. Сўнг ётоқхонага ўтиб, аёлини уйғотишга тутинди:

– Хоним, туринг энди, нонушта тайёр...

– Санжар ака, илтимос, бугун якшанба-ку... Бироз ётайлик, – деди Мафтуна кўрпадан бошини чиқариб, – бизга ош олиб келмадингизми?

– Жуда ёғли экан... Ўзингиз бугун бир самарқандча палов дамланг, – эр оҳиста диванга ўтириб, завжасининг тўзиб турган сочларини силади, – қўлингиздан ош егим келди...

– Жоним билан, адаси, – эркаланди аёл, – кечга театрга тушмоқчи эдик, ёдингиздами?

– Албатта, болаларга сўз берганман... Бугун терговчи Раҳмонов тўлиқ сизларнинг ихтиёрингизда...

– Шунақами? Теннисга ҳам бормайсизми? – Мафтуна ўрнидан туриб, кийинишга тушди, – қарамай туринг...

– Вой-вўй, ҳалиям ёш келинчакдайсиз-а, хоним, – эр секин ўрнидан туриб, хотинининг белидан қучди, – ҳуркак кийикчам-эй!

– Ҳой-ҳой, одамлар нонушта тайёрлаб қўйдим, демаганмиди, – аёл эрининг кўнгил майли авжланишини чегаралаш мақсадида қучоғидан сирпаниб чиқиб, ювиниш хонасига кириб кетди. Санжарбек ноилож болалар хонаси томонга ўтди. Эшикни секин чертиб, қизларини уйғотишга тушди:

– Тук-тук, тук... Менинг маликаларим, қани туринг­лар-чи, тонг отди...

– Адажон, бугун дам олиш куни-ку, бироз ухлайлик, – Гўзалнинг ялинганнамо овози эшитилди.

– Нонушта тайёр. Турақолинглар. Ризқдан бебаҳра қолманглар. Бугун қиладиган ишларимиз кўп. Театрга боришимиз керак...

– Ростданми, адажон? Ураааа... Бўлди, ҳозир чиқамиз... Муслима, бўлсанг-чи, – қизларнинг ғала-ғовури эшитилди.

Бахтиёр оила дастурхон атрофида тўпланиб, нонушта қилишди. Хонадон соҳиби «гўзаллари»дан ширин суханини аямай, кулдириб, хурсандчилик улашишга ҳаракат қилди.

– Қизлар, энди бизга икки соатга рухсат берасиз, – деди Санжарбек қўлини сочиққа арта туриб. – Сизлар ошни дамлагунча ғир этиб, теннисга ўтиб келаман, хўпми?

– Адаси, шу бугун...

– Хоним, биласиз, спорт машғулотларини ўтказиб юборадиган одатим йўқ, – деди оила бошлиғи қатъий оҳангда.

– Яхши, унда сизга омад, илоё ютиб келинг! – деди Мафтуна жилмайиб. У хўжасининг ютқазиб қўйса, кайфияти тушиб, инжиқланиб қолиш феълини яхши биларди.

– Оиламиз шаънини қаттиқ туриб ҳимоя қилишга сўз бераман, – қизиқчиликка олди Санжарбек.

Тушликда таъми оғизларда қолган палов ҳам, кечда мусиқали театр саҳнасида намойиш этилган «Келинлар қўзғолони» [6] нинг ичакузди ҳангомалари ҳам, ундан чиқиб, мўъжазгина ресторанда қилинган тановул ҳам барчага бирдек манзур ва мароқли бўлди...

[1] «Қора кўзим» қўшиғи (Алишер Навоий ғазали).

[4] Тўй эгаси.

[5] Тўёна маъносида.

[2] Альфред Нобель (1833 – 1896) – атоқли швед олими, халқаро Нобель мукофоти таъсисчиси.

[3] Тўлаган Хўжамёров – Тавалло (1882-1937). ХХ аср бошлари. Тошкент адабий муҳитининг кўзга кўринган намояндаларидан бири.

[6] Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» асари асосида саҳналаштирилган спектакль

* * *

– Самарқандда бир хунук иш бўлибди, – Бош прокурор ўринбосари таассуф билан гап бошлади. Санжарбек «Ходимларимиздан бири пора билан қўлга тушиб қолдимикан», деган ўйга бориб, юраги «шиғ» этиб кетди.

– Тоҳир Ғофурович, тинчликми? Нима бўпти?

– Бундан икки йил муқаддам Ғиёс Алимов деган номдор бизнесмен қотилликда айбланиб, йигирма йилга озодликдан маҳрум этилган, – гапни узоқдан бошлади раҳбар, – тадбиркор терговда ҳам, судда ҳам айбини бўйнига олмаган. Ҳукмдан норози бўлиб, апелляция, кассация шикоятлари ёзган. Аммо юқори инстанциялар суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган... Маҳкум ҳозиргача шикоятбозлик қилиб, «дод-вой» қилиб келган.

– Унда муаммо нимада? – деди терговчи сабрсизлик билан.

– Гап шундаки, бундан бир неча кун олдин Артур Геворкян деган хавфли рецидивист одам ўлдиришда гумонланиб қўлга олинган. Тергов давомида у Ғиёс Алимов томонидан содир этилган қотилликни ҳам бўйнига олиб, иқрорлик кўрсатмасини берган...

– Бундан чиқди, Алимов бекорга «дод-вой» қилмаган экан-да! Беайб кишини...

– Шундай... Бечора тадбиркор ноҳақ қамалган кўринади, – давом этди ўринбосар.

– У озодликка чиқарилганми?

– Йўқ, ҳозирча жараён охирига етмаган... Суд қарорлари устидан протест тайёрланган... Аммо гап унда эмас, бу томондан бошқа муаммо сизиб чиқиб турибди... Жиноят ишини тергов қилаётган терговчи Геворкяннинг бу қотилликни содир этганига шубҳа қилаётганмиш... Вилоят прокурорининг боши қотган. Бир қусурни тўғрилаймиз деб, иккинчи бор кечирилмас хатога йўл қўйишдан чўчияпти...

– Ўзи бўйнига олиб турган бўлса, тағин нима...

– Шуниси ёмон-да, – шогирдининг гапини бўлди устоз, – ғирт бемаза, бебурд кишининг иқрорлик кўрсатмаси нима бўлиши мумкин? Терговни чалғитиш, чўзиш, ишни пайсалга солиш учун шунақа йўл тутаётган бўлиши ҳам мумкин. Маълумки, серияли қотиллик қилган шахслар вақтдан ютиш мақсадида содир этмаган жиноятларини гарданига олиб, ўйин кўрсатишга уста бўлишади.

– Терговчининг шубҳаланишга бирор асоси бордир, – ажабланди Санжарбек.

– Албатта, терговчи ёш бўлса ҳам, анча зийрак, тиришқоқ ва бамаъни йигит дейишяпти. Асоси бўлмаса, бунақа ваҳима кўтармаган бўларди...

– Балки тажрибасизлик қилаётгандир...

– Бўлиши мумкин, – раҳбар қисқароқ қилишга ҳаракат қилди, – вилоят прокурори сизни сўраяпти. Ёрдам қилмасангиз бўлмайди. «Янги йил эшик қоқиб турибди, байрамдан сўнг – январнинг бошида бора қолсин, десам, унамаяпти... Геворкян-ку қамоқда, кутиб туриши мумкин. Лекин анов тадбиркор шўрлик ноҳақ қамалган бўлса, масала чатоқ, уни зудлик билан озодликка чиқармасак бўлмайди...

– Тўғри айтасиз, янги йилга ҳали беш-олти кун бор. Кутиб ўтиришнинг мавриди эмас, эртадан ишга киришганим маъқул кўринади, – деди терговчи жиддий тортиб.

– Байрам ҳам татимайдиган бўлди-да, – деди раҳбар ранж билан, – балки ўттиз биринчи декабрь куни уйга қайтиб, янги йилни оила даврасида ўтказиб кетарсиз.

– Устоз, вазиятга қарайман-да... У ёқда бир инсон ноҳақ тутқунликда ўтирса, кўнгилга байрам сиғадими?

– Яхши, ўзингиз билан ёрдамга кимни олмоқчисиз?

– Ёдингизда бўлса, Жўрабой деган жамоатчи ёрдамчимиз бўларди...

– Анави «профессор»да...

– Ҳа, ҳа, ўша йигит бир ярим ой олдин Иштихон туман прокуратурасига стажёр-терговчи лавозимига тайинланганди. Гуруҳга ўша йигитни қўшишга рухсат берсангиз.

– Ҳали ўзи стажёр бўлса, сизга нафи тегармикан? – иккиланди раҳбар.

– Қарийб икки йил биз билан гуруҳда юрди, кўзи пишди, – ишонтиришга уринди терговчи, – жуда қобилиятли, тиришқоқ ва фаросатли йигит. Келажакда таниқли терговчи бўлишига шубҳа йўқ.

– Майли, вилоят прокурори эътироз қилмаса, гуруҳга қўшинг, ишлатадиган сиз, – деди раҳбар чойдан ҳўплаб, – қачон чиқиб кетмоқчисиз?

– Рухсат этсангиз, бугун сафар тадоригини кўриб, эрталабки «Афросиёб» поездида йўлга чиқсам, – Санжарбек ўрнидан қўзғалди.

– Албатта, бугун келиннинг рози-ризолигини олинг, эрталаб етиб борсангиз бўлгани, омад! Вазиятга аниқлик киритиб, қўнғироқ қиларсиз, – ўринбосар ўтирган жойида хайрлашиб, стол устидаги ҳужжатларга уннади...

* * *

Устига «Фуқаро Ғиёсиддин Алимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в», «и», «р» бандлари билан қўзғатилган жиноят иши» деб ёзилган қалин муқовали, бир неча жилддан иборат ишни қўлига олар экан, аёли ва қизларининг норози кайфиятдаги чеҳралари кўз ўнгида гавдаланди. Авваллари Мафтуна бунақа эмасди, «Хизмат сафарига кетяпман» деса, оғринмасдан кузатиб қўярди. «Нега унақа, нега бунақа?» деб гапни чувалатиб, ортиқча саволлар бериб ўтирмасди... Уни ҳам тушунса бўлади. Юраги безиллаб қолган. Қизлар ҳам катта бўлиб қолишди. Энди уларни музқаймоқ ёки хўрозқанд билан алдаб бўлмайди. Онасининг кўзларига қараб туришади, хафа бўлса – кайфиятлари тушиб, қовоқларидан қор ёғади, хурсанд бўлса – очилиб-сочилиб, яшнаб кетишади... Бундан бу ёғига битта Мафтуна билан эмас, балки уч кишига қарши «кураш» олиб боришига тўғри келади. Қайсидир аллома: «Қизлар отасини яхши кўради, аммо кўпроқ она томон бўлади», деган экан. Ростга ўхшайди. Қанчалик эркалатмай, улар ҳам мени қанчалик суймасин, иккимиздан биримизни танлаш масаласи кўндаланг бўлганда, онасини танлаши турган гап. Бекорга жаннат оналарнинг оёғи остида дейишмаган. Аввал онангга, онангга, яна бир бор онангга, сўнг отангга яхшилик қил, деганлари шу бўлса керак-да! Сардоржон ҳаёт бўлганда бу йил олтига чиққан бўларди... Ҳар ҳолда оиламизнинг эркаклар «қўшини» биттага кўпайган, нотенг мувозанат бир қадар тикланган бўларди. Оҳ, дунё юзини кўриб, унинг лаззатини туймай кетган болам-а! Оила даврасида бирор марта очиқ эсга олинмайдиган, муҳокама қилинмайдиган мавзуни нега айнан шу бугун ёдга оляпман? Балки Мафтунанинг феъл-атворидаги ўзгаришлар шу билан боғлиқдир. Ҳеч қачон тилига чиқармаса-да, ичидан зил кетиб юриши аниқ. Кўзлари кулиб тургани билан нигоҳларида қандайдир дард, изтироб борлигини сезиш қийин эмас. Устига-устак Аллоҳ ҳам боладан қисиб турибди-да энди... Наҳотки шу икки қиз билан ўтиб кетсак... Раҳмоновлар сулоласи – авлоди шу жойга етганда узилиб қолса! Э товба қилдим, товба қилдим! Берган кунингга, етказган ноз-неъматингга, тирноққа зор қилмаганингга шукр! Маликаларимнинг ўғил боладан қаери кам! Яратганнинг марҳамати кенг! Насиб қилса, ўғилни ҳам етказар!

– Ассалому алайкум, мумкинми? – эшик тақиллаб, хонага куйдирган калладай тиржайиб Жўрабой кириб келди. – Устоз, келар-келмас ишларни ҳам бошлаб юборибсиз-ку.

– Ваалайкум ассалом, Жўражон, омонмисиз? Ўзимиз йўқлаб келмасак... тоза ишга кўмилиб кетдиларми дейман...

Устознинг меҳри товланиб, шогирдини бағрига босди.

– Ишлар қалай, ўрганиб қолдингизми? – Санжарбек йигитни бағридан бўшатиб, ўтиришга таклиф қилди.

– Эйй, устоз, шу пайтгача маза қилиб юрган эканмиз-да, – деди стажёр бўйинбоғини тўғрилаб, – масъу­лият елкамизга тушгач, ҳеч ёққа қимирлолмай қолдик. Ишга кўмиб ташлашди, бош қашишга фурсат йўқ...

– Шунақа денг, – деди устоз йигитга зимдан разм солиб, – ҳа, прокурор, терговчи бўлиш осон эмас. Бу мансаб, бу мақом сизга чексиз ваколатлар бериш билан бирга гарданингизга катта масъулият юклайди. Бундан кейин сиз нафақат ўзингиз, оилангиз учун, балки эл дарди, инсонлар ташвиши билан яшайсиз... Энди сиз шарафли касб – прокуратура ходими, давлат кишисисиз. Суд, прокуратура, ички ишлар идораларига одамлар зерикканидан, ўйнаб кетиш учун эмас, минг бир ҳасратда дарду аламига даво истаб, не-не умидларда келади. Насиҳатим, ҳеч қачон эл-халқ ташвишига, фуқаролар мурожаатига беэътибор бўлманг. Ҳузурингизга келган кишининг кўкрагидан итарманг, оғзига урманг! Ёнингизга ўтқазиб, бир пиёла чой узатиб, сўзларини охиригача тинглашга ўзингизда сабот топинг, арз-додига қулоқ тутинг. Шундан сўнг, агар қўлингиздан келса, қонуний ёрдам беринг. Агар ёрдам беришнинг имкони бўлмаса, тўғри маслаҳат беринг, йўл-йўриқ кўрсатинг. Остонангизга умид билан қадам ранжида қилган кимсани ноумид қайтарманг. Ҳеч бўлмаса йиғлаб-йиғлаб, кўнглини бўшатишига имкон беринг! Ана шунда амалий ёрдам беролмаган тақдирингизда ҳам у инсон сиздан рози кетади. Нафақат сиздан, прокуратурадан, давлатдан, тизимдан рози бўлади... Акс ҳолда сиз қилган жиндек қўполлик, эътиборсизлик, беписандлик унинг прокуратура идораларига, ҳукуматга ишончи ва эътиқодини сусайтиради, норозилик кайфиятини келтириб чиқаради... Бу гапларни энди ишга келган пайтларим Фахриддин Каримовичдан эшитганман. У киши эса бу насиҳатни устози Бўритош Мустафоевдан эшитган экан... Насиб этса, вақти келиб, сиз ҳам шогирдингизга устозлардан мерос шу ўгитларни етказасиз...

– Албатта, устоз... Насиб этса...

– Бу ўгитларни мен прокуратура ходимларини асровчи тумор дегим келади, – давом этди устоз, – уларга амал қилган ходим ҳеч қачон балога дучор бўлмайди. Турли тўфонлардан, довуллардан омон чиқади. Узоқ йиллар тизимда обрў-эътибор билан ишлаб, нафақага чиқиш бахтига муяссар бўлади...

– Раҳмат, устоз, насиҳатларингиз, ўргатган амалларингизни ҳеч қачон ёддан чиқармайман, сизга, Фахриддин Каримовичга ўхшашга ҳаракат қиламан...

– Фақат тақдирингиз у кишиникига ўхшамасин, – деди Санжарбек маъюс оҳангда, – яқинда гаплашгандим...

– Соғлиқлари яхшимикан?

– Кайфияти ёмон эмас. Шу аҳволда ҳам ижод билан машғул. Ҳаётдан умиди сўнмаган. Катта ишларни режалаштириб ўтирибди. Иродасига қойил қолмай илож йўқ. Сабри жамийлни ҳам у кишидан ўрганиш керак. Иштихонда қаерга жойлашдингиз?

– Ҳозирча ижарада турибман. Шароити ёмон эмас. Устоз, бирор кун ишхонамга ўтиб, оқ фотиҳа берсангиз, – деди Жўрабой бошини қашлаб.

– Албатта, фурсат топиб, ўтиб келамиз. Иш жойидан сал силжисин...

– Туман прокурори жуда чалкаш, мураккаб иш деганди. Танишиб чиқдингизми?

– Бизга оддий ишни беришмайди, – Санжарбек билганларини айтиб, ҳамкасбини иш тафсилотларидан бохабар қилди, – гуруҳ аъзолари йиғилгунга қадар мана бу ҳужжатлар билан танишиб чиқсангиз, – деди у стол устидаги бир дунё қоғозларга ишора қилиб, – мен Алимовнинг ишини чуқурроқ ўрганиб чиқмоқчи эдим. Кейин фикрлашамиз.

Йигитлар ҳужжатлар билан танишишга тушдилар...

* * *

Пешиндан сўнг тергов гуруҳи аъзолари тўпланиб, иш тафсилотларини муҳокама қилишга киришдилар. Дастлаб қотиллик иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб борган вилоят прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Абдулла Ташанов «ҳисобот» берди:

– Аслида Артур Геворкян бошқа қотиллик жинояти бўйича гумонланувчи сифатида ушланиб, ишга жалб қилинганди... Бахтга қарши...

– Абдуллажон, шошилмасдан бир бошидан гапириб бераверинг, – йўналиш берди гуруҳ раҳбари.

– Шу йил иккинчи декабрда Самарқанд шаҳар Боғишамол тумани Оқдарё кўчасида яшовчи етмиш икки яшар фуқаро Илёс Атоуллаевнинг мурдаси ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилган. Экспертиза ўлим ингичка арқон ёрдамида бўғиш оқибатида келиб чиққани ҳақида хулоса берган. Шунингдек, марҳумнинг танасида уриш ва қийноқ излари мавжудлиги аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини олиб бориш менга топширилганди. Воқеа жойини кўздан кечиришда жиноятчи уйдаги барча нарсаларни титиб, ўртага сочиб ташлангани маълум бўлди. Бу қотил ниманидир излаганидан далолат бериб турарди. Шунга асосан биз қотиллик босқинчилик мақсадида содир этилган бўлса керак, деган тахминни илгари сурдик. Кейинчалик тергов жараёнида уй бекасининг беш-олти турдаги тилла тақинчоқлари йўқолгани, жиноятчи хонадон соҳибидан яшириб қўйган юз минг долларни топиб беришни талаб қилганлиги, марҳум: «Менда ҳеч қанақа пул йўқ, ишонмасанг, қидириб кўр», деб оёқ тираб туриб олгани, қилинган жисмоний қийноқларга қарамай, пулни топиб беришга унамагани, кўзи қонга тўлган йигит қарияни қўрқитиш учун ип ёрдамида бўғишга тушгани ва оқибатда чол шўрлик нафас етишмовчилигидан вафот етгани маълум бўлди...

– Қарияда шунча пул ҳақиқатда бўлганми ёки жиноятчи манзилда адашганми? – сўради гуруҳ раҳбари.

– Артурнинг опаси Гаяна Илёс бобо билан қўшни туради. Артур қамоқдан чиққандан сўнг опасиникига келиб-кетиб юрган. Илёс бобонинг аёли Элмира Солиева қўшни сифатида Гаянаникига чиқиб турган. Кунлардан бирида Артур опасиникида меҳмонда бўлган пайти Гаянанинг қўшни хотин билан гаплашиб тургани қулоғига чалинади. У ўзини бошқа иш билан банд бўлгандай тутса-да, қулоғини динг қилганча аёлларнинг оғзини пойлайди ва гап авзойидан Элмиранинг эри Тошкент шаҳридаги ҳовлисини юз минг долларга сотгани, пулига турмуш ўртоғига Самарқанд шаҳрида аёллар салони қуриб бермоқчи бўлаётганини билиб олади ва нияти бузилади. Қандай қилиб бўлса-да, мўмай пулга эгалик қилишни ўйлай бошлайди. Илёс бобонинг катта ҳовлида аёли билан яшашини, фарзандлари алоҳида туришини билиб олган жиноятчи қулай фурсатни кутади. Элмира Навоий шаҳрига – дугонасиникига тўйга кетганда Артур манфур ниятини амалга ошириш учун юзига ниқоб тақиб, девордан ошиб ўтади. Маст уйқуда ётган қарияни турғазиб, пулларни топиб беришни талаб қилади. Уйда ҳеч қанақа бойлик йўқлигини билгач, хуноби чиқиб, чолни бўғишга тушади...

– Тушунарли, қариянинг ҳовлисини юз минг долларга сотгани ростми? – Жўрабой тортинибгина савол берди.

– Рост, рост, текшириб кўрдик...

– Унда қотилнинг уйдан пулни тополмаганини нима билан изоҳлаш мумкин? – гуруҳ раҳбарида табиий савол туғилди.

– Чиндан ҳам қотиллик содир этилган пайтда уйда пул бўлмаган. Илёс бобо воқеадан бир неча кун олдин уйининг пулини болаларига тақсимлаб берган.

– Шунақа денг, – гуруҳ раҳбари «севимли» жумласини такрорлади, – демак, оилада пул муаммоси, мерос ғавғоси бўлмаган, шундайми?

– Шундай деса ҳам бўлади. Аслида масала сал чигалроқ, – давом этди Абдулла, – гувоҳларнинг айтишича, бундан беш йилча олдин қариянинг турмуш ўртоғи вафот этган. Орадан бир йил ўтиб, у ўзидан ўттиз ёш кичик Элмира исмли аёлга уйланган. Аслида у бу оилага бегона бўлмаган. Илёс бобо ва унинг отаси яқин дўст бўлишган. Икки марта турмушидан ажраб, кўчада қолган аёл отасининг дўстиникида, яъни Илёс бобоникида яшаб келган. Уй бекаси вафот этгач, Элмира ижарага уй олиб чиқиб кетган. Қария ёлғиз ўзи яшаб юрган. Сўнг бобонинг қизлари Элмирани топиб, уни отасига қараб туришга кўндирган. Кейинчалик Илёс бобо аёлни ўз никоҳига олган. Аёлнинг отаси қатори қарияга турмушга чиқишга қандай рози бўлганини бирор нарса билан изоҳлаш мушкул. Аммо икки марта эрдан ажрашиб, кўчада қолган аёл учун шундан бошқа маъқул танлов бўлмаса керак. Айтишларича, Элмиранинг ўгай қизлар билан муносабати ёмон бўлмаган. Чолига ҳам меҳр билан қараган, ҳурматини жойига қўйган, ош-овқати, усти-бошини жой-жойига қўйган. Эр-хотин аҳил-иноқ яшаган. Илёс бобо янги рафиқасидан ҳеч нарсани аямаган, оғзидан чиққанини муҳайё қилган. Оилада одам ўлдиришга сабаб бўладиган даражада ихтилоф ёки келишмовчилик чиққани кузатилмаган.

– Қариянинг Тошкентдаги уйини сотишга тушиб қолишининг бирор сабаби борми?

– Ҳозирча ҳеч қандай сабаб аниқлангани йўқ, – давом қилди терговчи, – қари киши... иссиқ жон дегандай... Эртага хотини ва қизлари ўртасида...

– Тушунарли, қария фарзандларини маломатдан қутқариш учун кўзи очиқлигида мол-давлатини уларга бўлиб беришни ўйлаган шекилли, – деди гуруҳ раҳбари пахта гулли пиёладан чой ҳўплаб.

– Қария узоқни ўйлаган. Вафотидан сўнг аёли ва болалари мерос талашиб, жиққамушт бўлиб юрмасин, деган мақсадда бор давлатини меросхўрларига бўлиб беришни ўйлаган бўлса керак, – ҳамкасбининг фикрини маъқуллади терговчи.

– У ҳолда Элмирага нима тегиши керак бўлган?

– Қария яшаб турган уйини ёш хотинига қолдиришни ният қилган...

– Яхши, давом этинг, жиноят қандай очилди?

– Бошқалар қаторида қўни-қўшнилар сўраб-суриш­тирилди, – Абдулла бир ютиниб, «ҳикоя»сини давом эттирди, – шунингдек, уларнинг уйларига тез-тез келиб турувчи қариндошлар ҳам назаримиздан четда қолмади. Шунда Гаянаникига укаси келиб туриши маълум бўлди. Аёл ҳам буни инкор этмади. Шу асосда Артурга чиқиб бордик. Унинг хавфли рецидивист экани диққатимизни тортди, уни яширин кузатувга олдик... Яқинда қамоқдан чиққан ва ҳеч қаерда ишламайдиган кишининг катта-катта харжлар қилиб юргани шубҳамизни янада оширди. Бу одамнинг қандайдир ғайриқонуний ишлар билан шуғулланиб юргани аниқ эди. Шунга кўра уни қамоққа олдик, уйида тинтув ўтказдик. Чўнтагидан икки юз, уйидан етти минг уч юз доллар чиқди. Шунча пулни қаердан олганини айтишни талаб қилдик. Бошида икки кун ҳеч нарсани бўйнига олмади... Долларларни кўчадан топиб олдим, деб туриб олди. Кейин кўрсатмасини ўзгартириб, «Бу пулларни қамоқда қимор ўйнаб, ютиб олганман», дея сайрай бошлади... Бахтимизга молекуляр-генетик экспертиза марҳумнинг кийимидан топилган соч толаси Артурга тегишли эканини тасдиқлади. Фақат шундан кейингина гумондор ўз айбини бўйнига олиб, иқрорлик кўрсатмалари беришни бошлади... Қўшнининг уйида катта пул борлигини чиндан ҳам опаси билан Элмиранинг суҳбатидан билиб олганини тан олди.

– Гаяна бу ҳолатни тасдиқладими? – сўради гуруҳ раҳбари.

– Албатта, Элмира унга ҳовлисини сотгани хусусида гапирган пайтида уйида укаси борлиги, аммо у дазмолни тузатиш билан банд бўлиб, уларнинг суҳбатини эшитган бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида кўрсатма берди.

– Элмира-чи? У бу ҳақда нима деди?

– Элмира Гаянани ўзига яқин олиб, эри ҳовли сотгани ҳақида мақтангани ростлигини, бироқ ўша пайтда уйда бегона шахс борлигини сезмаганини, акс ҳолда бу ҳақда оғиз очмаган бўлишини айтган...

– Артур қариянинг уйидан пул ололмаган, дедингиз, унда тинтувда уйидан топилган долларларнинг келиб чиқиш манбаси аниқландими? – сўради Санжарбек.

– Тўғри, Артур бу пулларни ўша куни Илёс бобоникидан олиб чиқиб кетган тилла тақинчоқларни сотиб, қўлга киритганини айтди.

– Тақинчоқларни кимга сотган экан?

– Тақинчоқларни кимга сотгани номаълум, – деди Абдулла тарвузи қўлтиғидан тушиб, – Артур: «Бозорда бир киши билан танишиб, тиллаларни унга таклиф қилдим, тоза молни яхши тушунадиган одам экан, ҳаммасини сотиб олди», деб турибди.

– Ишониш қийин... Тилла буюмларни бозорда тасодифий танишган одамга сотиши ақлга сиғадиган иш эмас, – иккиланди Жўрабой.

– Тиллани тушунадиган одам бўлса, арзонлигига учиб, шартта опқўйган бўлиши мумкин-ку, – деди Абдулла қалин қошларини чимириб.

– Бўлиши мумкин, – гуруҳ раҳбари «посанги»ни тенг тутишга ҳаракат қилди, – Артур шеригини сотмаслик учун ёлғон сўзлаб турган ҳам бўлса ажабмас... Тилла тақинчоқларнинг бозор баҳоси маълумми? – у терговчига юзланди.

– Элмиранинг сўзлари ва расмлар ёрдамида мутахассислар тақинчоқларнинг нархини тахминан ўн беш минг долларга баҳолашди...

– Шунақа денг, – Санжарбек беихтиёр «севимли ибораси»ни такрорлади, – демак, тақинчоқлар ярим баҳосига сотилган... Тушунган одам учун жуда омадли битим...

– Мен ҳам шундай фикрдаман, – «жонланди» Абдулла, – мутахассислар тақинчоқларнинг баҳоси бундан ҳам юқори бўлиши мумкин, деган фикрда. Товарнинг ҳақиқий баҳосини билиш учун улар қўл билан пайпаслаб, ўлчаб, тортиб, текшириб кўришлари лозим экан...

– Нима бўлганда ҳам ўша одамни топишимиз керак, – таъкидлади Санжарбек, – заргарлик дўконлари, ломбардларга сўровнома юбориш, номаълум шахснинг фотороботини тайёрлаш лозим.

– Тушунарли, – деди Абдулла дафтарига қайд эта туриб.

– Демак, бу қотиллик бўйича ҳам ҳали қилинадиган ишлар, чалкашликлар анчагина кўринади, шундайми? – гуруҳ раҳбари савол назари билан йигитларга қаради.

– Шундай, шундай...

– У ҳолда кейинги масалага ўтамиз, – деди Санжарбек стол устидаги қоғозга кўз қирини ташлаб, – энди тадбиркор Ғиёс Алимов томонидан бундан икки йил муқаддам содир этилган қотиллик тафсилотлари ҳақида гапирсангиз.

– Икки йил олдин Алимовга тегишли қурилиши тугалланмаган тўйхона «снос»га тушган. Объектда бузиш ишларини олиб бораётган қурувчилар тўйхона ертўласи пойдеворидан одамникига ўхшаш суяк қолдиқларини топган. Экспертиза сўнгаклар инсонга тегишли эканини аниқлаган ва ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ўтказилган текшириш ва ДНК таҳлиллари суяклар бедарак йўқолган, деб эълон қилинган Қозоғистон Республикаси фуқароси Марат Серсенбоевга тегишли эканлигини кўрсатган. Аниқланишича, у Алимовнинг бизнес ҳамкоридан бири бўлган. Ўзбекистонга, хусусан Самарқандга вақти-вақти билан келиб турган. Асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Россия ва Хитой бозорига экспорт қилиш билан шуғулланган... Ўша машъум воқеадан олти ой олдин у Самарқандга охирги марта келган. Бир неча кун Ғиёс билан бирга бўлган, тўю-тадбирларда қатнашган. Катта миқдордаги маҳсулотни харид қилиб, учта «Алка» [7] да Қозоғистонга юк юборган. Гувоҳларнинг айтишича, Олмаотага учиб кетишига уч кун қолганда ногаҳон йўқолиб қолган, телефони жавоб бермай қўйган. Алимов уни излаб меҳмонхонага борган. Меҳмонхона маъмурияти жомадони ва бошқа буюмлари хонада қолганини, аммо ўзи уч кундан буён меҳмонхонага келмаётганини билдирган. Дастлаб меҳмоннинг муҳим иши чиқиб, бирор жойга шошилинч кетган бўлса керак, деган хаёлга борган... Орадан бир ҳафта ўтса-да, Маратнинг дараги чиқмаган, қўлида чиптаси бўла туриб, белгиланган вақтда аэропортга ҳам келмаган. Алимов хавотирга тушиб, Олмаотага – Маратнинг аёли – Тамарага қўнғироқ қилган. У эри Тошкентга кетганини, ҳали қайтиб келмаганини билдирган. Шундан сўнг хотинининг аризасига мувофиқ Серсенбоев бедарак йўқолган деб эълон қилинган...

– Шунақа денг, мурда қолдиқлари Алимовга тегишли тўйхона ертўласидан топилгач, қотиллик унинг бўйнига қолган, – хулоса ясади Санжарбек, – шундайми?

– Шунақа...

– Шундан бошқа унинг айбини тасдиқловчи яна қандай далил-исбот бор?

– Так... Далил-исбот... Бизнес ҳамкори бўлган, у билан доимий мулоқотда...

– Бу табиий, – ҳамкасбининг сўзини бўлди гуруҳ раҳбари, – ҳамкор бўлгандан сўнг мулоқотда бўлади, учрашади, бирга юради. Уни шубҳа остига олиш мумкин, аммо айбли деб топишга асос бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Нима, улар ўртасида низо бўлганми, жанжаллашганми, манфаатлар тўқнашуви кузатилганми, буни аниқлаш лозим эди! Алимов кўчабезори эмаски, бесабаб қотилликка қўл урса! Одам ўлдириш учун жиддий сабаб бўлиши керак эмасми?

– Бўлса бўлгандир, лекин терговда бунақа ҳолат аниқланмаган, – деди Абдулла синиқ овозда, – тўғриси, бу иш билан чуқурроқ танишиб чиқишга улгурмадим... Одатда, бизнес ҳамкорлар ўртасида яширин «рақобат», ички ихтилоф, кўролмасликка ўхшаш иллат бўлади. Пул бор жойда нифоқ чиқмай иложи йўқ...

– Яхши, бу томонда Геворкян Маратнинг қотиллигини бўйнига олиб ўтирибди, – кейинги масалага ўтди Санжарбек, – бу ерда нима муаммо?

– Геворкян деганлари ғирт шоқол, жиноят қилавериб, териси эшакникидан ҳам қалинлашиб кетган, – давом этди терговчи, – гапига ишониб бўлмайди...

– Бироқ жиноят тафсилотларини батафсил айтиб берибди-ку!

– Тўғри, воқеа жойида ҳаммасини тўғри кўрсатди, Маратни қандай ўлдиргани, қурилиши битмаган бинога қандай олиб боргани, қандай қилиб ертўлага кўмиб ташлаганини аниқ-тиниқ айтиб берди...

– Унда муаммо нимада? – деди кимдир сабри чидамай.

– Қотиллик учун мотив йўқ, сабаб етарли эмас...

– Хавфли рецидивист учун сабаб шарт эмас, – Санжарбек ҳамкасбини атайлаб мунозарага чорлади, – бунақалар қўлининг қичиғини қондириш учун ҳам одам ўлдиришдан тоймайди...

– Тўғрику-я... Меҳмонхона ходимининг гувоҳлик беришича, Марат ресепшн стойкаси ёнига келган пайти кимдир унга қўнғироқ қилган. Телефонда қисқа муддат гаплашиб, «Ўн дақиқада етиб бораман», деб кўчага чиқиб кетган ва шу кетганча қайтиб келмаган. Геворкян қўнғироқ қилмагани аниқ. Унда телефон қилган шахс ким? Бу саволга терговда жавоб топилмаган... Артур хорижлик меҳмонни кўчада кўриб қолиб, тунаш мақсадида изидан тушгани ва керакли манзилга олиб бориб қўйиш баҳонасида алдаб, машинасига ўтқазгани, овлоқроқ жойда олдиндан тайёрлаб қўйган монтировка билан уриб, ҳушидан кетказгани, сўнг Чўпонота томонга – дарё бўйидаги чакалакзорга олиб бориб, чўнтагидаги пулларни ўмариб, пичоқ ёрдамида ўлдиргани ва сўнг кеч тушишини кутганини, мурдани шаҳарга кетишдаги қурилиши битмаган бино ертўласига кўмиб ташлаганини айтган...

– Унинг айтганлари қотиллик тафсилотларига мос келиб турибди-ку... Нега шубҳага боряпсиз? – жиноят ишини варақлаб ўтирган Жўрабой гапга қўшилди.

– Мосликка мос. Лекин негадир менга унинг гаплари чўпчакдай туюляпти. Биринчидан, Марат жиноятчининг нишонига қандай тушиб қолган? Бу саволга тайинли жавоб йўқ.

– «Кўчада кўриб қолиб, тунаш мақсадида изидан тушдим», деган-ку! Балки гапи тў

...