автордың кітабын онлайн тегін оқу Evrilish
Франц Кафка
ЭВРИЛИШ
Атрофимиздаги ҳамма уқубатлардан биз ҳам азоб чекишимиз керак. Ҳаммамизнинг танамиз бир эмас, лекин биз бир хил ривожланамиз. Шу сабабли биз у ёки бу шаклда барча дардларни бошдан кечирамиз. Гўдак улғайиши давомида то қариб, вафот этгунга қадар ҳаётнинг барча босқичларидан ўтгани каби биз ҳам инсоният билан боғлиқлигимиз сабабли улғайишимиз давомида бу дунёнинг барча уқубатларидан ўтамиз. Бундай аҳволда адолатга ўрин йўқ. Шу билан бирга уқубат олдида қўрқинч ёки уқубатни марҳаматдек талқин этишга ҳам ўрин йўқ.
Франц КАФКА
Сўзбоши ўрнида
ФРАНЦ КАФКА –
ТЕЛБА ДУНЁНИНГ ДАҲОСИ
Жаҳон адабиётининг энг машҳур адиблари қаторида Франц Кафканинг номи тилга олинади. Бу бежиз эмас. Негаки Кафка атиги 41 йил умр кўрганига қарамасдан XX аср адабиётида ўчмас из қолдирган. Бироқ унинг адабий мероси айтарли катта эмас: бор-йўғи учта тугалланмаган роман ва бир қатор ҳикоялар тўплами, мактублар ва суҳбатлар, кундаликлар ва ҳикматлар, холос.
Аксарият буюк шахслар сингари Кафканинг ҳам машҳурлиги вафотидан сўнг юз берган. Аммо унинг бетакрор адабий меросини таҳлил ва тадқиқ этиш ишлари ҳозиргача давом этиб келмоқда. Ҳаттоки бир қатор мамлакатларда Франц Кафка жамиятлари очилган. Масалан, Чехиядаги «Франц Кафка жамияти», «Франц Кафка – Австрия жамияти», «Франц Кафка – Европа жамияти», «Франц Кафка музейи» каби муассасалар фаолият олиб бормоқда.
Адибнинг номида бир нечта адабий мукофотлар таъсис этилган. Бу ўринда 2001 йили Франц Кафка жамияти ҳамда Прага шаҳар мэрияси биргаликда таъсис этган «Франц Кафка халқаро мукофоти»ни алоҳида тилга олиш жоиз. Ушбу мукофот дунё адиблари сирасидан асарлари «миллий ва маданий мансублигидан қатъи назар барча ўқувчиларга қаратилган» ёзувчиларга топшириб келинмоқда. Ўтган йиллар давомида Гарюльд Пинтер [1], Эльфрид Елинек [2], Харуки Мураками [3], Вацлав Гавел [4] каби замонамизнинг машҳур адиблари ушбу нуфузли халқаро мукофотга сазовор бўлган.
Хўш, Франц Кафка шахси ва ижодига бундай улкан эътиборнинг сири нимада? Нега адиб ҳаётлик чоғида буюк ёзувчи сифатида дунёга танилмаган, асарлари кенг оммалашмаган? Эҳтимол, адибнинг ўзига хос ғалати ва ғаройиб ҳаёт тарзи ва асарларини ўрганиш асносида бу «сир»дан воқиф бўлиш мумкиндир?
Мана шу каби саволларга жавоб топиш учун дунё кафкашунослари даҳо адиб бадиий оламини астойдил ўрганмоқдалар. Бу жараёнда айрим тадқиқотчилар уни кўкка кўтариб мақтаса, бошқалари ерга уришга интилади. Баъзилар Кафкани оташин инсонпарвар деб ҳисобласа, адабий танқидчиларнинг бошқа бир тоифаси ёзувчини инсон зотини кўргани кўзи йўқ кимсалар» қаторига қўшади. Адиб шахсиятини ўрганган тадқиқотчиларнинг айримлари уни пессимист (бадбин) дейишса, бошқалари, аксинча, оптимист – некбин деб талқин қилади.
XX аср адабиётига янги йўналиш олиб кирган, инсон ва унинг умрига ўзгача муносабатни қарор топтирган Франц Кафка 1883 йил 3 июлда Прага шаҳрида туғилган. Бўлажак адибнинг отаси – Герман Гёрних Кафка кичик фабрика эгаси бўлган, онаси Юлия Кафка эса руҳонийлар оиласида диний тарбия топган. Оилада уч ўғил ва уч қиз бўлиб, Франц олти ёшлигидаёқ укалари оламдан ўтиши туфайли у оилада ягона меросхўр фарзандга айланган. Ёзувчининг сингиллари Элли (Габриэлла), Валли (Валерия) ва Оттла (Оттилия) Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашистларнинг Польшадаги концентрацион лагерларида ҳалок бўлган.
Аммо Франц ёлғиз ўғил бўлишига қарамай, отаси билан муносабатлари яқин бўлмаган. Балки бунинг сабабини унинг отаси кичик мулк эгаси бўлгани туфайли иқтидорли ўғлининг хоҳиш-истакларига қулоқ солмагани, аксинча ўғлининг иродасини синдириб, мутлақ ўз измига бўйсундириш истагида бўлганидан излаш керакдир?!
«Ҳеч бир оламда санъат ва тижорат бир-бири билан сиғиша олмаганидек» [5], Кафка шахсиятида ҳам бу икки нарса ўзаро курашда бўлган ва охир-оқибат адибнинг ўзлиги, ижодкорлиги ғолиб келган. Бу ҳам ота ва ўғил ўртасидаги муносабатларнинг янада кескинлашишига олиб келган. Ушбу зиддиятлар кейинчалик адибнинг машҳур «Отамга хат»ида, шунингдек, «Кундаликлар»ида ўз ифодасини топган. Жумладан, Кафканинг «Кундаликлар»ида шундай қайдни ўқиш мумкин:
«1919 йилнинг майида «In der Strafkolonie» («Жазо колонияси») босилиб чиқди. Ҳар доимгидек, отамга китобимдан бир нусха узатгандим, у қарта ўйинидан бош кўтармаган кўйи: «Ҳов анов ерга, тумбочка устига қўяқол!» деб тўнғиллади...»
Ота-ўғил ўртасидаги таранг муносабатларни Францнинг бутун умри давомида фамилиясидаги «К» ҳарфидан нафратланганида ҳам кўриш мумкиндир, эҳтимол. Чунки «Кафка» чех тилидан таржима қилинганда «қарға» деган маънони англатади. Отаси Герман Кафка ўша даврда фирма конвертларида ҳам ўзининг корхонаси рамзий герби сифатида ана шу думи гажак қуш тасвирини туширган. Боз устига, Франц Кафканинг бўйи дароз (ўспирин вақтидаёқ 180 см), лекин жуссаси жуда озғин (вазни 55 кг) ва жисмонан заиф бўлгани, содда қилиб айтганда, қиёфаси кулгили кўрингани туфайли уни қарғага ўхшатишган.
«Кафка» фамилияси ушбу оилага яҳудийлар фуқаролик мақомини олган Иосиф II [6] замонида берилганми ёки бундан аввалроқ, яъни бобоси Якобнинг исми нотўғри талаффуз қилинишидан (Якафф) келиб чиққанми – буниси номаълум.
Францнинг отаси – Герман Гёрних Кафка (1852 – 1931) Жанубий Чехиядаги чех тилида сўзлашадиган яҳудийлар жамоаси вакили бўлмиш қишлоқ дурадгорининг ўғли бўлган. Отаси болалигида ниҳоятда қийин турмуш кечирган, атторлик билан шуғулланган, қатъияти ва ишбилармонлиги натижасида бироз сармоя тўплаб, кичик фабрика эгасига айланган. У амалда бирор таълим олмаганлиги учун фикрлаш доираси тор, бироқ ўз айтганини қилдирадиганлар тоифасидан бўлган. Тадбиркорликда эришган арзимас ютуқлари бошини айлантириб, охир-оқибат оилани қон қақшатадиган «уй зиндон – кўча хандон»лар тоифасидаги ўжар одамга айланган. У яҳудий динига мансуб оилада тарбияланган ювош хотини ва уч қизига, шунингдек, ўзига муносиб меросхўр қилиб тарбияламоқчи бўлган ўғли Францга мунтазам ҳукмини ўтказиб келган.
Отаси Францнинг иродасини измига бўйсундиришга ҳаракат қилгани сари ўғлида қатъиятсизлик кучайиб, ўзига нисбатан ишончи йўқолиб борган. Шунинг учун Франц Кафка умр бўйи бирор азму қарорга келиш ва уни амалга оширишдан кўра кўпроқ иккиланиш, шубҳа-гумон ҳамда ўзига ишончсизлик руҳида юрган.
Кафкалар оиласи аъзоларининг ҳаммаси новча бўлишган. Германнинг отаси, яъни Францнинг бобоси қассоб Якоб тишлари билан бир қоп унни кўтара олган. Францнинг сингиллари ҳам баланд бўйли бўлганлар. Эҳтимол, шу сабабдан ҳам у машҳур «Эврилиш» [7] асари қаҳрамони Грегор Замзани бўйдор ва бесўнақай қумурсқага айлантириб қўйгандир?
Шуни таъкидлаш жоизки, Кафканинг отаси кўпроқ чех тилида, онаси эса немисча сўзлашишни афзал кўрган. Балки шунинг учун ҳам Кафкани миллати яҳудий бўлишига қарамай, чех тилини она тили сифатида эътироф этган ҳолда, уни ижоди ҳамда адабий анъаналари бўйича немис ёзувчиси деб ҳисоблашса, ажаб эмас.
Франц Кафка дунёга келган Прага шаҳри 1840 йилда Австрия-Венгрия империяси таркибида бўлган. Ўша даврда саноат ўсишининг суръатлари бўйича ҳам Прага империяда Венадан кейин иккинчи ўринда турган. Бундан ташқари Прага империянинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакати бўлмиш Чехиянинг маркази ҳисобланган.
Шу туфайли Прагадаги немис адабий гуруҳи катта нуфузга эга бўлган. Бу ерда Франц Кафка билан биргаликда Р.Рильке [8], Г.Майнринк [9], Ф.Верфель [10] каби машҳур истеъдод соҳиблари ҳам ижод қилган.
Кафка немис гимназиясини битириб, 1901 – 1905 йилларда Прага университетининг ҳуқуқшунослик факультетида ўқиган, санъат тарихи ва германшунослик бўйича маърузалар тинглаган. 1906 – 1907 йилларда Прага шаҳар судининг адвокатлар идорасида амалиёт ўтаган. 1907 йилнинг октябридан бошлаб хусусий суғурта жамиятига юрист бўлиб хизматга кирган. 1908 йили Прага тижорат академиясида шу ихтисослик бўйича малака оширган. Шундан сўнг турли ташкилотларда юрист сифатида – маоши кам бўлган вазифаларда ишлаган.
1917 йили Кафка сил касалига дучор бўлган ва шу туфайли 1922 йили нафақага чиққан. 1923 йили Берлинга кўчиб кетган, лекин соғлигининг ёмонлашуви сабабли яна Прагага қайтишга мажбур бўлган. Франц Кафка 1924 йил 3 июнда Вена яқинидаги Кирлинг санаториясида оғир хасталикдан вафот этган. У Прага яқинидаги Янги яҳудийлар қабристонида дафн этилган.
Адабий доираларда Франц Кафканинг вафоти деярли пайқалмаган. Фақат ёзувчи билан 1920 йилда танишиб, бироз вақт у билан бирга бўлган Милена Есенская [11] Прагада нашр этиладиган «Народни листи» газетасида мўьжазгина таъзиянома эълон қилган. Таъзияномада, жумладан, шундай сўзлар битилган:
«Уни жуда кам одамлар танирди, чунки у бутун вужуди ҳақиқатга тўлиб-тошган ва дунёдан ҳадиксираганича ўз йўлида одимларди...
Ўзи тортинчоқ, серташвиш, меҳрибон ва сахий бўлса-да, аммо ёзган китоблари шафқатсиз ва оғриқли эди. У ҳимоясиз инсонни тилка-пора ва яксон қилаётган кўз илғамас махлуқларга тўла дунёни кўриб турарди. У яшашда давом этиши учун ниҳоятда узоқни кўра оладиган ва ниҳоятда доно киши эди. У курашиш учун ўта ожиз, ажойиб ва олижаноб зотлар заиф бўладиган даражада ожиз эди. У шу қадар меҳрли ва виждонли ижодкор ва инсон эдики, ҳатто қулоғи том битганлар ўзларини хавфсизликдамиз деб янглишган жойларда ҳам махлуқлар таҳдидини эшита оларди».
Милена Есенская Кафкани «тортинчоқ, серташвиш, меҳрибон ва сахий», дейиш баробарида, унинг асарларини «шафқатсиз ва оғриқли», деган сифатлар билан изоҳлаган. Адиб умрининг сўнгги йилларида унга ҳамроҳ бўлган, у билан яқин муносабат ўрната олган Милена Есенскаянинг ушбу фикрлари Кафка феъл-атвори ва ижодиётини очиб бергувчи муҳим калит дейиш мумкин.
Франц Кафка ва Милена Есенская ўртасидаги муносабатлар жуда ғайритабиий бўлган. Ҳатто уларнинг иккиси ҳам айнан бир хил касалликка чалинганининг ўзиёқ ўта ажабланарлидир. Вақт ўтиб Милена Кафканинг асарларини таржима қилиш асносида улар орқали адибдаги ўзгаришларни ҳам пайқаган. Нозик, юзида табассум жилва қилиб турадиган Милена Кафканинг тинч, осуда ҳаётини алғов-далғов қилиб юборган. Энди Кафка батамом ўзгарган, хаёлпараст одамдан буткул бошқача инсонга айланган.
Кафка қўрқув исканжасида севган, севиб туриб қўрқувга тушган. «Миленага мактублар» бунинг яққол далилидир. Милена унинг ҳикояларини таржима қилган ва шу баҳона улар хат ёзишиб, сўнгра севишиб қолганлар. Муҳими, Милена фаҳм-фаросатли, жуда оқила аёл бўлган, телбанамо Кафканинг кимлигини билган!
Кафканинг дўсти Макс Бродга Милена шундай деб ёзган: «Сиз Франц, севгидан нега бу қадар қўрқади, деб сўрайсиз. Менинг назаримда, гап бунда эмас. Унинг учун ҳаёт – бошқа одамлар қабул қилганидан кескин фарқ қилади – тамоман ўзгача ва биринчи галда: пул, биржа, валюта банки, ёзув машинкаси унинг учун мутлақо сирли нарсалар... Унинг учун хизмат, шу жумладан, ўзининг шахсий хизмати ҳам – гўдак учун ўйинчоқ машина қанчалик сирли ва қизиқ бўлса, шу қадар сурурли ва ғаройиб...»
Бундан кўринадики, Кафканинг яқинлари, дўстлари ҳатто оила аъзолари учун ҳам кўринмас бўлган унинг ўзига хос бетакрор олами бўлган. У бу оламга реал ҳаётга қараганда кўпроқ тааллуқли бўлиб, шу олам ичра яшаган ва ижод қилган. Унинг асарларида оддийлик умуман аҳамиятсиз, кераксиз бўлганидек, ўз оламида ҳам бу нарсаларга эҳтиёж сезмаган. Биз учун зарур бўлган моддийликлар Кафканинг наздида катта қийматга эга бўлмаган, бор-йўғи аниқ бир изоҳи йўқ истаклар йиғиндисини англатган, холос.
Франц Кафка – даврнинг шахсга кўпайтмаси билан шахснинг вақтга кўпайтмаси йиғиндисидир. Адиб яшаган давр Кафка каби ғаройиб йилномачиларга муҳтож бўлган. Шуниси ажабланарлики, юзаки қараганда ушбу йилномачи фақат ўзи билан машғулдек туюлади. Аммо у айни пайтда ўз даврининг қалбига, йўл-йўлакай эса инсон қалбига ҳам чуқур нигоҳ ташлай олган.
Шу ўринда, И.Аҳмедовнинг Франц Кафка ва Милена Есенская ўрталаридаги муносабатларга бағишланган «Кафканинг ушалмаган орзуси» [12] номли мақоласига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз.
И.Аҳмедов Кафка ва Миленанинг ўзаро муносабатларида кўпроқ Кафка томонидан истак билдирилганини таъкидлайди ва «...Милена-чи? Йўқ, Милена банкир эри билан ажралишни хаёлига ҳам келтирмасди», – дея Миленанинг Кафкага муносабатини биринчи ўринга олиб чиқа олмаслигини билдиради.
Балки Кафканинг бундай бир томонлама истагига унинг бутун ҳаёти давомида оила қуриш орзуси билан яшагани туртки бўлгандир?! «Бу менинг ягона ва бирдан-бир мақсадим, фақат оилам бўлсагина мен ўзимни тўлақонли инсон деб ҳисоблашим мумкин», – деб ёзганди у.
Шунга қарамай, барибир Франц Кафка ёлғизликни хуш кўрган. «Битта кулба бўлса-ю, тинчгина яшасанг, биров ҳаётингга аралашмаса, сен ҳам бировнинг ишига бурун суқмасанг».
Шу сабабли Кафка «Васиятнома»сида ҳамма қўлёзмаларини, ҳатто нашр этилган китобларини ҳам (ўзи энг яқин дўстларига ҳадя қилганларини истисно этганда) ёқиб юборишларини сўраган [13].
Аммо унинг қадрдон дўсти ва ношири Макс Брод [14] бу васиятга риоя қилмасдан, Франц Кафканинг вафотидан бир йил ўтгач – 1925 йилда унинг «Маҳкама» романини нашр эттирган. Шундан сўнг Франц Кафканинг машҳурлиги бошланган ва бошқа асарлари ҳам бирин-кетин чоп этилган.
Франц, Кафка асарлари бутун дунёда довруқ қозонди. Ёзувчи асарлари асосида кўплаб кинофильмлар яратилган, спектакллар саҳналаштирилган.
Унинг таржимаи ҳоли тўғрисида «Франц Кафканинг ажойиб ҳаёти» [15] ва «Кафка» [16] каби фильмлар ишланган. Франц Кафканинг «Сарой» романи асосида 4 та фильм [17], «Эврилиш» ҳикояси асосида 3 та фильм [18], «Америка» романи асосида 2 та фильм [19], «Маҳкама» романи асосида 2 та фильм [20] яратилган. Бундан ташқари, 2007 йили Японияда режиссёр Ямамура Кодзи томонидан «Франц Кафканинг қишлоқ врачи» («Franz Kafkas a cauntry Doctor») номли анимацион фильми яратилган.
Бугунги кунда Франц Кафка ва унинг ижоди ортиқча таърифу тавсифларга муҳтож эмас. Ўз даврида машҳур бўлган ва Нобель мукофотига муносиб кўрилган немис ёзувчиси Ҳерман Ҳессе [21] Кафкани «немис прозасининг яширин қироли» деб таърифлаган. Бир асрдан сўнг Кафканинг ана шу «яширинкорлиги» ошкор бўлди.
Шундай қилиб, Кафка унутилиш тубидан юқорига қалқиб чиқди ва башоратчи адиб тимсолида намоён бўлди. Унинг номи жаҳон адабиётида беқиёс юксак даражага кўтарилди.
Ҳозирги пайтда қайси бир немисча газетани қўлингизга олманг, «kafkaesk», яъни «кафкачасига» сўзига дуч келасиз. Бу сўз немис тилининг барча луғатларидан ўрин олган, ниҳоятда кўп ишлатиладиган иборага айланган «ғамгин», «тушунарсиз», «ғаройиб», «чалкаш», «маънисиз», «мантиқсиз», «тутуруқсиз», «ҳаддан ташқари» – буларнинг барчаси «кафкачасига» деган ўша биргина сўзнинг замирида мужассамлашган.
Ҳақиқатан ҳам Франц Кафка тўғрисида ёзиш ҳам мароқли, ҳам ниҳоятда қийин ва масъулиятлидир. Унинг ташқи дунёси – таржимаи ҳолига доир деярли ҳеч нарса сақланиб қолмаган. Кафка ижодини англаш – ундан фақатгина мерос бўлиб қолган, ишлов бериш осон бўлмаган биргина материал – Сўз билан бетўхтов ички курашни англаб етишдир. Кафка таъкидлаганидек, ҳар қандай ифодали Сўз – моҳиятга изоҳ бера олмаса ҳам формула аниқлиги даражасида ифода этиш қийин бўлган нарсани тушунишга олиб борадиган йўлни кўрсатади. Изҳори дил – «адабиёт ва қўрқинч» қамраб олган Кафка ижодиёти моҳиятининг асосидир. У бизга ажойиб прозани – расмий матнлардагидек лўнда, шу билан бирга, руҳий-маънавий буҳронларни жиловлаган соҳир асарларни мерос қолдирган.
Франц Кафка маълумоти бўйича ҳуқуқшунос бўлиб, бу борада докторлик илмий даражасига эга бўлган. Кафканинг кенг қамровли ҳуқуқшунослик дунёқараши ва тафаккури асарларида ёрқин намоёндир [22].
Франц Кафка ижоди китобхонларда катта қизиқиш уйғотади. Унинг роман ва қиссалари, ҳикояларида ўз даврининг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий жиҳатдан ўткир муаммолари, инсон руҳиятининг энг мураккаб қирралари, оддий одамларнинг фожиавий қисматлари юксак маҳорат билан бетакрор услубда тасвирланган.
Кафка асарларида кўпроқ зулмат, қўрқув, бўшлиқ ва номаълумлик манзаралари акс этса-да, булардан кўзланган мақсад – инсонни даҳшатга солиш эмас, балки инсоннинг ҳар қандай тўсиқларни енгиб ўтишга бўлган ишончини мустаҳкамлашдир. Инсонга, унинг қалби ва руҳиятига бўлган ишонч Кафка ижодининг асоси ҳисобланади.
Франц Кафка асарларини биринчи марта қўлга олган ўқувчи унинг мутолааси ғоятда машаққатли машғулот эканига ишонч ҳосил қилади. Адибнинг роман ва қиссалари, ҳикоялари ва кундаликларида фантастика жанрига хос ғаройиботлар ҳам учраб туришига қарамай, аслида синчков китобхон уларни саргузашт ёки сунъий даҳшат манзараларига бой китоблар сирасига киритишни сира хаёлига келтирмайди.
Зеро, бу асарларда Кафка яшаган давр – XX аср бошининг дардлари зўриққан асаблар толаларидек тарангликда ҳис этилади. Шу билан бирга саҳифалар қатидаги аччиқ инсоний изтироблар, адоқсиз қайғу ва ҳасратлар сизни тубсиз фожиалар уммонига ғарқ этмайди, аксинча руҳингизга қудратли маънавий қувват бахш этадиган маънавият сарчашмаларига етаклайди. Яъни, сизда дастлаб ўткинчи тушкунлик кайфияти туғдириши мумкин бўлган сатрлар аслида маънавий хасталик учун хосиятли малҳам вазифасини ўтайди.
Айрим тадқиқотчилар Франц Кафка романлари, қатор қисса ва ҳикояларининг ёзиб тугалланмаганлигига шама қилиб, унинг ижодига номукаммаллик тамғасини ёпиштирмоқчи бўладилар. Бу даъволарга нисбатан Нобель мукофоти совриндори, америкалик адиб Уильям Фолкнер [23]нинг: «Буюклик – мукаммалликни орзу қилиш, бўй етмас юксакликка қўл чўзиш ва катта мағлубиятга учрашдир», деган сўзларини келтириш кифоя деб ўйлаймиз.
Франц Кафканинг асарлари кўп жиҳатдан ўзининг ўта умидсиз оилавий ва ижтимоий муҳитда кечганга ўхшаш, фикри тор майда хизматчининг ғамгин ҳаёти ва онгини чулғаб олган азобли қўрқинчлар ҳақидаги ҳикояларнинг узвий давоми ва ана шундай ички ҳиссиётларининг инъикосидир. Бинобарин, Кафка, ўз таъбири билан айтганда, «ҳамма нарсани ичига ютиб, дунёни фақат ўз тимсолида ҳис этиб ва ўзи орқали ўтказиб» яшаган.
Кафка ижоди ҳақида гапирганда, аввало «Эврилиш»дан сўз бошлашга ўз-ўзидан эҳтиёж туғилади. «Эврилиш» – Франц Кафканинг нодир асаридир [24]. У адабиётдаги экзистенциализм [25]нинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Бу ҳикояда Франц Кафка оғир ҳаётининг турли жиҳатлари ўз ифодасини топган. «Эврилиш» – фожиавий ёлғизлик, энг яқин инсонлар муносабатларининг мудҳиш, оғриқли хотима топганлиги ҳақидаги аламли қиссадир.
«Эврилиш» ҳикояси қаҳрамони – сайёр савдо агенти Грегор Замза бир куни эрталаб уйғонгач, метин зирҳли ва кўплаб ингичка оёқчали бесўнақай махлуққа айланиб қолганини пайқайди. Оила аъзоларидан ҳеч ким бу эврилишдан ажабланмайди – улар Грегорнинг янги ҳолатини шунчаки ўзлари учун дахмаза сифатида қабул қиладилар, барчалари (синглисидан ташқари) ундан воз кечиб, ҳашарот одамнинг ўлимидан кейингина енгил тортадилар.
«Эврилиш» – уйғонилмайдиган қўрқинчли туш. Асарга обдан сингдирилган бисёр ҳаётий чизгилар воқелик ва туш қоришмаси эффектини яратади.
Сатрлар замиридан «Бундай ҳол ҳар ким билан ҳам юз бериши мумкин», деган яширин маъно уқилади.
Асар асло, юзаки қараганда туюладиганидек, одамнинг фантастик, сюрреалистик [26] тарзда ҳашаротга (қўнғизга) айланиб қолгани ҳақида эмас. Балки моҳиятан одамларнинг эврилиши, яъни қалбан ўзга мавжудотга, ўзга нарсага айланиши, содда қилиб айтганда бир-бирини мутлақо тушунмай қолиши тўғрисидадир. Зеро, атрофидагилар инсон каби фикр юритадиган, фантастик тарзда беҳол бўлиб қолганига ўзини айбдор деб ҳисоблайдиган бечора ҳашаротга қараганда ҳам Грегор Замзада одамлик сиёқи камроқдир.
Франц Кафканинг «Эврилиш» ҳикоясида одамларнинг бир-бирларини тушунмасликлари, бир-биридан қалбан узоқлашиши фожиаси чуқур талқин этилган. Одамнинг ҳашаротга эврилиши инсонларнинг, яна энг яқин қадрдонларнинг гўёки мутлақо бошқа-бошқа мавжудотлардек бир-бирларини тушуна олмасликларини тасвирлаш учун ишлатилган ўзига хос услубдир.
Масалан, Франц Кафка Грегорнинг синглиси Грета онасига акаси унинг сўзларини тушунмайди, дейиши ҳақида ёзади, ҳолбуки аслида бундай эмас. Грегор барчасини тушунади, лекин у ўзининг ҳашарот тили»да бўлса ҳам яқинларига бирон ишора қилиши кераклигини ўйламайди. Оила аъзолари ўртасида бир-бирининг тилини эмас, айнан дилини тушунмаслик ўқувчини тамоман ларзага солади.
Франц Кафка учун Грегор Замза ҳашаротга эврилгандан сўнг ҳам жирканч ташқи кўринишига қарамасдан инсонлигини сақлаб қолган бўлса-да, аммо энг яқин ва қадрдон оила аъзолари учун бундай эмас. Грегорнинг отаси бефарқлигини ошкора кўрсатади, унинг миясида фақат бир фикр: пул топишга халақит бераётган бу «ҳашарот-ўғил»дан қандай қилиб қутулса бўларкин? Отаси шу кунгача ўғли бутун оилани боқиб келганини ҳам унутган. Ҳатто Грегор ўзи учун энг яқин қадрдони ва тушунадигани деб ҳисоблаган синглиси ҳам ундан қўрқади ва жирканади, шу боис ўз акасидан қутулишни таклиф қилади.
Франц Кафканинг барча асарлари орасида «Эврилиш»ни энг аълоси дейиш мумкин. Бошқа асарлардан фарқли равишда, ушбу ҳикояда бетиним давом этадиган узундан-узоқ, баъзида зерикарли мулоқотлар, қайтариқ ва чалкашликлар йўқ. «Эврилиш» том маънодаги аниқ, ипидан-игнасигача ҳисоблаб чиқилган, ҳар бир сўзи эса тарозида тортилган асардир. «Эврилиш» жаҳон ҳикоячилиги тарихида фавқулодда ҳодиса бўлиб, ҳикоянавислик маҳоратини улкан поғона, юксак чўққига кўтарган.
Фикримизча, Франц Кафка Грегор Замза образига қалбининг бир бўлагини сингдириб, майли, атайин бўлмаса ҳам адабий анъаналар руҳини ўз услубига хос тарзда акс эттириб, уни китобхонлар юрагида ҳам жонлантиришга умид қилган.
Франц Кафка асарлари – бу Франц Кафканинг ўзидир. Бунга адибнинг шахсияти, ижодиёти билан яқиндан танишиш асносида қайта-қайта гувоҳ бўлиш мумкин. Чунки Кафка ҳам, гарчи оила аъзолари билан бир уйда яшаса-да, у билан яқинларининг ўртасида чинакам яқинлик мавжуд бўлмаганки, бу унинг таржимаи ҳоли ва кундаликларида яққол ўз аксини топган.
Адиб «Ҳукм» ҳикоясини ҳам ўзининг энг яхши асари деб ҳисоблаган ва «Қанийди доим шу қадар самимият билан ёзолсам», деб ўксинган ҳам.
Адабиётшунос олим Жаббор Эшонқул «Кафка ва биз» [27] мақоласида « Ҳукм» асари борасида фикр юритар экан, асар қаҳрамони ўз хатти-ҳаракатлари ва атрофидагилардан бегоналашиши билан ўзига-ўзи ҳукм ўқишини таъкидлайди. Лекин Кафка «Ҳукм» орқали ўз «мен»и таркибидаги икки Кафкани тасвирлашга ҳаракат қилган дейиш мумкин. Бири Георг Бендеман – Кафканинг асл «мен»и бўлса, унинг Петербургдаги дўсти – Кафканинг отаси орзу қилган, лекин омади юришмаган тадбиркор қиёфасидир.
Асарда Георгнинг отаси унинг Россиядаги дўсти ҳақида «Бундай ўғил юрагим тўридан жой олган бўларди», деган гаплари билан Кафка унинг отаси қандай ўғилни орзу қилганлигини яна бир карра ошкор этади.
Келажакда Кафка отаси орзусидаги ўғил бўлмаган бўлса-да, уни ўзида тасаввур этган ҳолда асарида баён этади. «Ҳукм» ҳикоясида англанганидек, борди-ю, ўз ҳаётида Кафка Георгнинг дўсти сингари тадбиркорлик учун хорижга сафар қилганида ҳам, бу ишни худдики Георгнинг дўсти сингари самарасиз тугатган бўларди. Балки Кафка ушбу образ орқали отасига ўзининг тадбиркорликда уқуви йўқлигини билдирмоқчи бўлгандир. Кафка буни ҳам ўзига хос тарзда, доимгидек ичида сақлаб, отасига тўғридан-тўғри эмас, асарлари орқали етказишга ҳаракат қилган.
Георг отасидан (Франц Кафкадан ҳам) фикран узоқ бўлса-да, ҳаётининг сўнги дақиқаларида «Азиз ота-онам, барибир сизларни яхши кўрардим», дея кўнглидаги асл ҳақиқатини очади. Бу Георгнинг эмас, балки Кафканинг ўз отасига бўлган муҳаббати, чексиз ҳурмати изҳори дейиш мумкин.
Ўз навбатида, «Отамга хат» – Кафка шахсиятини бошқа асарларига қараганда яхшироқ очиб берувчи асар. Асарни иккиёқлама, адибнинг ижоди ва ҳаёти томонидан ўрганиш мумкин. Баъзилар асарни ўрганиш давомида адиб ижодиётини биринчи ўринга қўйишлари кўринади. Аслида эса «Отамга хат»ни ўрганиш – Кафка ҳаётининг асосини билиш демакдир.
Асар отасининг Кафкага «...нега мен гапираётганда сени даҳшат босади...» деган сўроғи билан бошланади ва ушбу савол бутун асарнинг моҳиятини ташкил этади. Асар давомида Кафка ушбу саволга жўяли жавоб топишга, ўзи билан отаси ўртасидаги тафовутнинг қанчалик улканлигини англатишга ҳаракат қилган.
Кафка бутун умр отасига тўғридан-тўғри мурожаат қилишга тортинган, ийманган, унга тик боқиб гапиришга, ичидаги бор ҳақиқатни тўкиб солишга қандайдир куч, балки қўрқув ёки руҳан ожизлик ҳамиша монелик қилган. Кафкада бунга журъат, шижоат етишмаган. Бу хусусиятлар унга фақат ижод жараёнидагина селдек қуйилиб келган ва шу туфайли асарлари, Милена Есенская таъбири билан айтганда, «шафқатсиз ва азобли» руҳ касб этган.
«Отамга хат» – йиллар давомида Кафка истаклари, орзу-умидларининг жиловдори бўлган отасига, унинг уқувсиз ва қўпол, калтабин ўйларига қарши қаратилган исёндир. Кафка отасига юзма-юз туриб айта олмаган гапларини, унинг бемаъни ва қайсар одатларини худдики отасининг қаршисида тургандай ўта жонли баён этган. У ўз отаси тўғрисида ўзи билган бор ҳақиқатни шунчалар оғриқли, азобли ва аёвсиз тарзда, борини борича, ниҳоятда очиқ айтадики, бу қақшатқич ҳақиқат ўқувчини ҳам даҳшатга солади.
Шундай бўлса-да, Кафка қалбининг тубида отасига нисбатан меҳр ва миннатдорчилик туйғулари ҳам сақланиб қолган. Адибнинг: «...бутун умринг машаққат билан ўтди, бор-будингни болаларинг учун қурбон қилдинг, биринчи навбатда мен учун, бунинг эвазига эса кўнглим хоҳлаганича «яллама ёрим» (қилиб яшадим, нимани билишни истасам, эмин-эркин танладим, еб-ичишимнинг ташвиши хаёлимга ҳам келмади, алқисса, мен учун умуман тирикчилик бош оғриқлари бўлмади: Сен бунинг учун миннатдорчилик ҳам талаб қилганинг йўқ...» [28] – деган самимий эътирофга тўла сўзлари буни яққол тасдиқлайди.
Кези келганда, истиқлол йилларида ўзбек кафкашунослиги изчил ривож топиб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу борада Пошали Усмон, Муҳаммаджон Холбеков, Мирзаали Акбаров, Хуршид Дўстмуҳаммад, Вафо Файзуллоҳ, Аҳмаджон Отабой каби таниқли адабиётшунос олимлар, адиб ва таржимонларнинг ҳиссалари салмоқли.
Таржимонларимиз томонидан Кафка асарлари – аслиятданми ёки бошқа тилдан бўлсин – таржима қилиниб, ўзбек китобхони эътиборига ҳавола қилиб келинмоқда. Адабиётшунос олимларимиз ҳам адиб ижодини ҳар томонлама тадқиқ қилиб, изчил илмий-адабий изланишлар олиб бормоқда.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида Кафка шахсиятини яхшироқ тушуниш, Кафка шахсияти орқали эса унинг асарлари туб моҳиятини, бош ғоясини англаш борасида жуда қўл келмоқда. Умуман олганда, ўзбек зиёлилари ҳам амалий ишлари билан жаҳон кафкашунослиги ривожига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ҳозирги кунда Франц Кафканинг кўплаб ҳикоялари ўзбек тилига таржима қилиниб, газета-журналлар саҳифаларида чоп этиб келинмоқда. Лекин бу ҳикоялар шу вақтга қадар яхлит китоб ҳолида нашр этилмаган эди. Шу маънода, қўлингиздаги китоб Франц Кафканинг ўзбек тилидаги илк ҳикоялари тўпламидир. Бундан ташқари, тўпламдан ҳали вақтли матбуотда чоп этилмаган ёки фақат интернет саҳифаларидагина эълон қилинган таржималар ҳам ўрин олган.
Хусусан, адибнинг «Ҳукм» асари таниқли ёзувчи ва адабиётшунос олим Хуршид Дўстмуҳаммад томонидан рус тилидан таржима қилиниб, «Китоб дунёси» [29] газетасида эълон қилинган. Ушбу асар яна бир номдор таржимон ва олим Пошали Усмон томонидан «Ота ҳукми» номи остида аслиятдан таржима қилиниб, «Зиёкор» [30] журналида китобхонларга ҳавола қилинган.
Тўпламга Франц Кафка ҳикматлари, шунингдек, адиб ҳаёти ва ижодининг асосий саналарига доир қизиқарли маълумотлар ҳам илова қилинган. Кафка ўзининг афоризмларини «Ҳақиқий йўл тўғрисидаги мушоҳадалар» деб атаган. Ушбу ҳикматлардан қаҳр туйғуси уфуриб туради ва бу билан улар Ницше афоризмларини эсга солади. Лекин бу ҳикматларда бевосита Кафкага хос бўлган беҳоллик ва қўрқинч ҳисси бўртиб туришини ҳам қайд этиш даркор.
Бундай афоризмлардан иқтибос келтириш жуда қийин, чунки уларнинг ҳар бири бамисоли Кафканинг романлари каби етук бадиий асардир. Айни чоғда бу афоризмларнинг ҳар бирини алоҳида эмас, балки жам ҳолда мутолаа қилишнинг замирида юксак маънавиятдан баҳра олиш имконияти мужассамдир.
XX аср жаҳон адабиётининг атоқли адибларидан бири бўлмиш Франц, Кафка ўзининг ғайритабиий ҳаёт тарзи, нодир адабий йўналиши билан инсоният тараққиёти, маданияти ва маърифати, ҳар томонлама билими даражаси беҳад юксалган янги, XXI асрда ҳам жаҳон адабиётшуносларини изчил баҳс-мунозарага, изланиб-ўрганишга, шавқли мутолаага мунтазам чорлаб келмоқда.
Шундай қилиб, хулоса ўрнида машҳур немис файласуфи Фридрих Ницше [31]нинг «Мангулик эмас, мангу яшаб қолиш муҳим» деган сўзларини келтиришни лозим топдик. Зеро, бу сўзлар айнан ва тўлалигича телба дунёнинг даҳо бир адиби – Франц Кафкага, унинг ҳаёти ва ижодига тааллуқлидир.
Акмал САИДОВ,
академик
[20] Маҳкама («Тhе Triаl»; Германия – Италия – Франция, 1963, режиссёр Жордн Орлос Уэллс); «Маҳкама» («Тhе Triаl», Буюк Британия, 1993, режиссёр Дэвид Хасо Жонс).
[19] Америка (режиссёр Владимер Михалек, 1994); «Синфий муносабатлар» (Германия, режиссёр Жон Мари Штраут ва Даниэль Юйи).
[22] Батафсил қаранг: Саидов А. Кафка – юрист. – Т.: «Ўзбекистон», 2013. – 192-бет.
[21] Ҳерман Хессе (Неrmаn Неssе, 1877 – 1962) – швейцариялик ёзувчи ва рассом, Нобель мукофоти совриндори (1946).
[18] Жаноб Франц Кафканинг эврилиши» (режиссёр Волрий Факон, 2002); «Жаноб Замзанинг эврилиши ( Тhе Меtоmоrрhоsis оf Мr. Sаmsа», режиссёр Керолин Лиф, 1977).
[6] Иосиф II (1741 – 1790) – 1765 йилдан Муқаддас Рим империясининг императори, 1780 йилдан Австрия эрцгерцоги бўлган.
[5] Абдулазиз Қосим. Даврнинг «ғалати» адиби ёки Франц Кафка ҳақидаги ҳақиқатлар // Китоб дунёси, 2014 йил 27 август.
[27] Ж.Эшонқул. Кафка ва биз // Ёшлик, 2-сон. 2004. – 8–10-6етлар.
[7] Franz Кafka. Die Verwandlung. Frantfurt fm Main, 2006. – S. 7 – 72; Франц Кафка. Эврилиш / Масъул муҳаррир А.Саидов, рус тилидан Э.Эрназаров таржимаси. – Т.: Ўзбекистон, 2013.
[2] Эльфрид Елинек – 1946 йил 20 октябрда Австриянинг Мюрццушлаг шаҳрида таваллуд топган. Эльфрид Елинек драматург, шоир ва адабиётшунос сифатида танилган бўлиб, 2004 йилда адабиёт соҳаси бўйича Нобель мукофоти совриндори.
[24] Ф.Кафка. Эврилиш / Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи А.Саидов. Таржимон Э.Эрназаров. – Т.: «Ўзбекистон», 2013.
[1] Гарольд Пинтер (1930 – 2008) – инглиз драматурги, шоир, режиссёр, актёр. 2005 йилда адабиёт соҳаси бўйича Нобель мукофоти совриндори.
[23] Уильям Фолкнер (William Faulknег, 1897 – 1962) – америкалик ёзувчи, Нобель мукофоти совриндори (1949).
[4] Вацлав Гавел (1936 – 2011) – чех ёзувчиси, драматург, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва давлат арбоби. 1989 – 1992 йилларда Чехословакиянинг охирги ва 1993 – 2003 йилларда Чехия республикасининг Биринчи президенти. В.Гавел адабий танқидчи сифатида адабий доираларда машҳур бўлган.
[26] Сюрреализм Фраицияда 1920 йил бошларида ташкил этилган санъат йўналиши бўлиб, унинг асосида хомхаёллик ғояси ётади.
[3] Харуки Мураками – япон ёзувчиси ва таржимони. 1949 йил Япониянинг Киото шаҳрида таваллуд топган. 2002 йилда унинг «Кафка соҳилда» асари нашр этилган. 2005 йилга келиб ушбу асар Американинг «Тhе New York Times» газетаси томонидан эълон қилинган энг яхши 10 асар рўйхатига киритилган.
[25] Экзистенциализм (французча «ехistentialismе» – «яшаш» сўзидан) – XX аср Ғарб фалсафаси йўналишларидан бири. Экзистенциализм эътиборни инсон ҳаётининг ноёблиги (экзистенция – шахсийлик ва бетакрорлик) ва нооқилоналигига қаратади. Бу фалсафий оқимнинг энг ёрқин намояндаси Жан Поль Сартр «Экзистенциализм – бу инсонпарварликдир» деган. Экзистенциалчилар ўз ўтмишдошлари қаторига Б.Паскаль, Ф.Кафка, Ф.М.Достоевский, Ф.Нитце, А.Камю каби улуғ адибларни киритганлар. Қаранг: Экзистенциализм // http: //ru. Wikipedia.оrg.
[9] Густав Майнринк (Gustav Meyrink, 1868 – 1932) – австриялик ёзувчи – экспрессионист, драматург ва таржимон. Адибнинг XX асрнинг энг машҳур романларидан бири ҳисобланган «Голем» романи умумжаҳон шуҳратини келтирган.
[31] Фридрих Вильгельм Ницше (Friedich Wilhelm Nietzche, 1844 – 1900) – немис мутафаккири, мумтоз филолог, ўзига хос фалсафий таълимот асосчиси. Қаранг: Вridgewater Р. Каfkа аnd Niеtzsche. Воnn, 1974.
[8] Райнер Мария Рильке (Rainer Mariya Rilke, 1873 – 1926) – XX аср модерн адабиётининг машҳур шоирларидан бири. У Прага шаҳрида туғилган ва Кафка сингари немис тилида ижод қилган.
[30] Франц Кафка. Ота ҳукми. Немис тилидан Пошали Усмон таржимаси // «Зиёкор». №8. 2004. – 47–59-бетлар.
[11] Письма к Милене Есенской (Briefe an Milena) // Кафка Ф. Афоризмы Письмо отцу. Письма/Пер. с нем. – М., 2007. – С. 289.
[10] Франц Верфель (Franz Werfel, 1890 – 1945) – австриялик шоир, романнавис ва драматург, Вена экспрессионизм мактаби асосчиларидан бири.
[29] Франц Кафка. Ҳукм. Рус тилидан Х.Дўстмуҳаммад таржимаси // Китоб дунёси, 2012 йил 5 сентябрь.
[28] Кафка Франц. Жараён, Отамга хат: Роман ва хат/таржимон В.Файзуллоҳ, сўзбоши муаллифи Х.Дўстмуҳаммад. – Т.: Шарқ, 2015. – 416 бет.
[17] Сарой («Das Schloos», Австрия, 1997, режиссёр Михаел Ханеке); «Сарой» (ФРГ, 1968, режиссёр Рудольф Нолсте); «Сарой» (Грўзия, 1990, режиссёр Дато Жанелидзе); «Сарой» Россия-Германия-Франция, 1994, режиссёр А. Балатанов).
[16] «Kafka» АҚШ, 1991, режиссёр Стивен Содербрег.
[13] Кафка Ф.Завеицание // Ф. Из дневников. Письмо отцу/ Сост., пер. с нем:, прим. Е.Каковой. Предисловие. Е.Книпович. М., 1988. С. 244. Илк бор «Васиятнома» М.Брод томонидан Ф.Кафканинг «Маҳкама» (Der Prozeb) романига илова сифатида чоп этилган.
[12] И.Аҳмедов. Кафканинг ушалмаган орзуси // Жаҳон адабиёти, 11-сон. 2012. – 78 – 81-6етлар.
[15] Ғranz Kafka It’s a Wonderful Life; Буюк Британия, 1993 йил, режиссёр Питер Катальди.
[14] Макс Брод (1884 – 1968) – Чехия ва Исроил ёзувчиси, файласуф ва журналист. Худди Кафкадек яҳудий оиласида туғилган, 1918 йилда яҳудий Миллий кенгаши вице-президенти бўлган. 1912 йили Кафка билан дўстлашган. Бу дўстлик кейинчалик уни Кафканинг ноширига айлантирган. Ўзи ҳам Кафка тўғрисида бир неча китоблар чоп этиб, унинг таржимаи ҳолини ёзган.
ҲИКОЯЛАР
Эркин ЭРНАЗАРОВ
таржимаси
ЭВРИЛИШ
I
Грегор Замза кунлардан бирида эрталаб нотинч уйқудан уйғониб, ўз тўшагида қўрқинчли махлуққа айланиб қолганлигини сезди. У орқа томонидаги тошдек қаттиқ тосида чалқанча ётар экан, бошини хиёл кўтариши билан ўзининг қабариқ, қўнғиртус, ёйсимон тангачалар билан бир текис бўлакланган, кўрпаси аранг ушланиб, салга сирпаниб тушиб кетиши мумкин бўлган қорнини кўриб турарди. Унинг кўп сонли, танасининг бошқа жойларига қараганда мажруҳ ингичка оёқчалари кўзи ўнгида бир-бирларига чирмашиб ётарди.
«Менга нима бўлди?» ўйларди у. Бу туш эмасди. Хонаси ҳақиқий, мўъжаз бўлса ҳам одатдаги хона, унга яхши таниш тўрт девор ичида сукут сақларди. Мовут намуналари тахлаб қўйилган стол устида – Замза коммивояжер [32] эди, у яқинда безакли журналдан қирқиб олиб, чиройли тилларанг рамкага жойлаштирган сурат осиғлик турарди. Расмда мўйнали шляпада ва боа [33]да қаддини тик тутган аёл ўтирган ҳолда томошабинга қўллари яширинган муфта [34]сини узатган ҳолда тасвирланганди.
Шундан сўнг Грегорнинг нигоҳи деразага қадалди ва тунд об-ҳаво – дераза токчасига қоқилган жезга ёмғир томчиларининг чакиллаб урилиши эшитилиб турарди – унинг кайфиятини тамоман тушириб юборди. «Яна бироз мизғиб олсам ва бу бўлмағур нарсани унутсам яхши бўларди», хаёл сурарди у, лекин бунинг асло имконияти йўқ эди. У ўнг биқинида ухлашга одатланганди, ҳозирги ҳолатида эса бунинг ҳеч иложини тополмаётганди. У қайси томондан ўнг биқинига ўгирилмоқчи бўлмасин, барибир яна чалқанча ҳолатига қайтарди. Ўзининг чирмашиб ётган оёқчаларини кўрмаслик учун кўзини юмиб, бу ҳаракатларни юзлаб маротаба қилиб кўрди ва ниҳоят авваллари сезмаган қандайдир зирқиллаган енгил оғриқни ҳис этгач, уринишларини тўхтатди.
«Эҳ, Тангрим, – ўйларди у, – қандай беҳаловат касбни танлаганман-а! Ҳар куни санғиш. Унда тижорат ташвишлари савдо уйидагига қараганда қанчалар кўп, устига-устак, марҳамат, йўл азобини торт, поездлар қатнови тартиби ҳақида ташвиш чек, бемаза, ора-чорада тамадди қилиш имкони топиладиган емишларга чида, янги, бегона одамлар билан ҳеч вақт самимий бўлмайдиган қисқа фурсатли муносабатлар ўрнат. Э, ҳаммасига бало урсин!» У қорни устида салгина қичима сезди; бошини кўтариш осонроқ бўлиши учун орт томони билан каравотининг сим панжаралари томон оҳиста силжиди; маълум бўлишича, бир текис оқиш тусли, тушунарсиз нуқтачалар билан қопланган қичиётган жойини топди; бу жойни оёқчаларидан бири билан қашлаб кўрмоқчи бўлди, лекин оёқчасини дарҳол тортиб олди, чунки танасига жўнгина тегиб кетиш ҳам унда титроқ пайдо қилди.
У сирпаниб, ўзининг аввалги ҳолатига келди. «Бундай тонг саҳарда туришдан, – хаёлидан ўтказди у, – ақлдан озиш мумкин, одам уйқуга мириқиб тўйиб олиши керак. Бошқа коммивояжерлар худди нозанинлардек яшашади. Масалан, мен пешгоҳда олинган буюртмаларни қоғозга тушириш учун меҳмонхонага қайтганимда бу жаноблар энди нонушта қилаётган бўладилар. Мен ҳам ўзимни шундай тутишга журъат этай-чи, хўжайиним дарҳол кавушимни тўғрилаб қўяди. Айтганча, ким билади, бу мен учун ҳатто соз бўларди. Агар ота-онамни ўйлаб, шайтонга чап бериб турмаганимда, аллақачон ишдан бўшардим, ҳатто хўжайиним олдига бориб, у ҳақда нима фикрда бўлсам, ҳаммасини бетига айтардим. У идора курсисидан юмалаб тушган бўларди! Хўжайиннинг қизиқ одати бор: баланд курсисига ўтиради-да, хизматчилар билан тепада ўтириб гаплашади, бунинг устига унинг қулоғи оғирлиги учун хизматчи курси олдига жуда яқин келиши керак. Аммо умидлари ҳали тамоман саробга айланганича йўқ: отасининг қарзидан қутулиш учун пул тўплаб олиши билан – бунга яна беш-олти йил бор – худди шундай қилади. Ана ўшанда биз у билан узил-кесил хайр-маъзур қиламиз. Ҳозир эса ўрнидан туриши керак, поезд соат бешда силжийди».
У сандиқ устида чиқиллаётган соатга қаради. «Э, Худо!» – нидо қилди у. Вақт олти ярим бўлган, соат миллари илгарилашда давом этар, ҳатто олти яримдан ҳам ўтган, салкам чорак кам етти бўлганди. Наҳотки соат жирингламаган бўлса? Каравотдан қаралса, бонг уриш вақти соат тўртга тўғри ўрнатилганлиги кўриниб турарди; соат, шубҳасиз, жиринглаган. Лекин жавондаги идишларни ҳам жиринглатадиган бу қўнғироққа қарамасдан бамайлихотир ухлайверганмикин? Афтидан, у нотинч, жуда қаттиқ уйқуда бўлган. Хўш, энди нима қилиш керак? Навбатдаги поезд соат еттида кетади; унга улгуриш учун роса шошилиши керак, ҳолбуки мовут намуналари жойланмаган, ўзини ҳам сафарга йўл оладиган даражада ҳис этмаяпти. У ҳатто поездга улгурганда ҳам хўжайиндан тоза дашном эшитиши аниқ – чунки савдо уйининг мол тарқатувчиси соат бешдаги поезд бекатида навбатчилик қилган ва хўжайинга у – Грегор кеч қолганлигини хабар қилган. Бетоб бўлиб қолдим, деса бўлмасмикин? Бироқ бу ниҳоятда кўнгилсиз ва шубҳали бўларди, зеро беш йиллик хизмати даврида Грегор ҳали бирор марта касал бўлмаган. Хўжайин, албатта, касалхона кассаси врачини олиб келган ва ота-онасига дангаса ўғлининг қилмишини юзига солган, дунёдаги ҳамма одамлар соппа-соғ, улар фақат ишлашни хоҳлашмайди деган фикрида собит бу врачни рўкач қилиб, барча эътирозларни рад этган бўларди. Ахир, бугунги ҳолда хўжайин ҳақ эмасми? Чунки бундай таажжубланарли узоқ уйқудан кейинги мудроқни ҳисобга олмаса, Грегор чиндан ҳам ўзини жуда тетик ҳис этар ва ҳатто ниҳоятда очиққан эди.
У буларни тўшагини тарк этишга ҳеч журъат эт-масдан шошқалоқлик билан хаёлидан ўтказар экан – шу пайтда соат чорак кам еттига бонг урди – каравоти бош томонидаги эшикни эҳтиёткорлик билан чертишди.
– Грегор, – таниш овоз эшитилди (бу онаси эди), – чорак кам етти бўлди. Ахир, сен жўнаб кетмоқчи эмасмидинг?
Қандай меҳрли товуш! Грегор онасига қандай жавоб берганлигини эшитиб, қўрқиб кетди, бу товуш, шубҳасиз, ўзига тегишли бўлса ҳам овозига қандайдир бошқа, тажанг, хастали чийиллаш қўшилиб кетган, шунинг учун биринчи сўзлари аниқ эшитилар, сўнг эса чийиллаш сабаб шу қадар ўзгариб кетардики, янглиш эшитмадимми, деган хаёлга бориш мумкин эди. Грегор батафсил жавоб бермоқчи ва ҳамма нарсани тушунтирмоқчи эди, бироқ ана шу сабаб фақат:
– Ҳа, ҳа, ойи, мен туряпман, – дея олди.
Ёғоч эшик ортида, афтидан, унинг товуши нақадар ўзгариб кетганлигини сезишмади, чунки бу сўзлардан кейин онаси хотиржам бўлиб, шипиллаб нари кетди. Бироқ бу қисқа мулоқот оила бошқа аъзоларининг Грегор ҳали ҳам уйда эканлигига эътиборларини тортди ва мана, ён тарафдаги эшиклардан бирига отаси мушти билан секин тақиллата бошлади.
– Грегор! Грегор! – бақирарди у. – Нима бўлди? Бир неча лаҳзадан кейин у овозини пасайтириб, яна чақиришга тушди:
– Грегор! Грегор!
Бошқа яна бир ён эшик ортидан синглиси оҳиста ва ачинарли ҳолда:
– Грегор! Мазанг қочдими? Бирор ёрдам керакмасми? – дерди.
Грегор уларнинг ҳаммаларига «Мен тайёр бўлдим», деб жавоб берар экан, ҳар бир сўзини аниқ талаффуз қилиш ва сўзлари орасида узоқроқ тин олиш билан товушидаги ғайритабиийликни сездирмасликка ҳаракат қилди. Отаси нонуштасини давом эттириш учун ортига қайтди, лекин синглиси шивирлашини давом эттирарди:
– Грегор, ўтиниб сўрайман, оч.
Лекин Грегор эшикни очишни хаёлига ҳам келтирмасди, у хизмат сафарларида ўрганиб қолган одати бўйича уйда ҳам кечаси эҳтиёткорлик билан барча эшикларни қулфлаб қўйганлигидан кўнгли таскин топганди.
У даставвал секин, шов-шув кўтармасдан ўрнидан туриш, кийиниш ва олдин нонушта қилиш, сўнг кейинги ишлар ҳақида мулоҳаза юритиб кўришни хоҳларди, чунки бу унга равшан бўлганди – тўшагида унинг ўйига бирор тайинли нарса келмасди. У ўрнида ётар экан, бир неча бор салгина, эҳтимол, ноқулай ётганлиги учун бўлса керак, оғриқ сезди, аммо тўшагидан туриши билан бу оғриқ хаёлий эканлиги аён бўлиши, шунинг учун бугунги ташвишлари ўз-ўзидан қандай тарқаб кетишини тасаввур қилиб кўрди. Товушининг ўзгарганлиги эса бор-йўғи коммивояжерларнинг касбий касали – қаттиқ шамоллашнинг аломати, бунга унда бирор шубҳа йўқ эди.
Устидаги кўрпани олиб ташлаш жўн кўчди; қорнини бироз шиширганди, ўз-ўзидан сирпаниб тушиб кетди. Аммо кейинчалик ўзининг бақалоқлиги учун ишлари пачавалаша бошлади.
Туриши учун қўлларини ишга солиши даркор эди; улар ўрнини эса муттасил, бетартиб ҳаракатланиб турган ва бунинг устига ўзи ҳеч эплай олмаётган кўплаб оёқчалар эгаллаганди. Агар у оёқчаларидан бирини эгмоқчи бўлса, оёқча аввало чўзиларди; агар у ниҳоят бу оёқчаси билан ўйлаган нарсасини бажаришга муваффақ бўлса, бу вақтда бошқалари гўё озодликка чиқиб олгандек танасини зирқиллатганча ҳаракатга тушиб кетардилар. «Фақат тўшакда беҳуда ушланиб қолмаслик керак», деди ўзига ўзи Грегор.
Аввал у тўшакдан танасининг паст томони ёрдамида кўтарилмоқчи бўлганди, бироқ бу ҳали кўрмаган ва қандайлигини тасаввур ҳам этолмайдиган қисми камҳаракат экан. Бу уриниши жуда секин кечарди, бундан ғазабланган Грегор таваккалига олдинга ташланганди, мўлжални нотўғри олган экан, каравотнинг сим панжараларига урилди ва санчиқли оғриқ ҳозир танасининг пастки томони, эҳтимол,
