100 mumtoz faylasuf
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  100 mumtoz faylasuf

Саида Жўраева

100

МУМТОЗ ФАЙЛАСУФ

ДОНИШМАНДЛИК ДУРДОНАЛАРИ


(Сўзбоши ўрнида)

Қўлингиздаги ушбу ноёб китоб ҳали ўз ўқувчиларига етиб бормасданоқ оғизга тушган, унинг кўпгина боблари «Қалб кўзи» ҳафтаномасида бир неча йил мобайнида чоп этилиб, минглаб муштарийларнинг қизиқиши ва эътиборига сазовор бўлганди.

Иқтидорли журналист Саида Жўраева тўплаб, таржима қилиб, нашрга тайёрлаган ушбу китобни асил маънода «Тафаккурнинг минг бир жилоси» дея номлаш ҳам мумкин. Илло, биз унда башарият тарихида бундан минг ва юз йиллар муқаддам яшаб ижод қилган улуғ файласуфлар, ўз даврининг буюк алломалари таржимаи ҳоллари билан боғлиқ энг муҳим маълумотлар ҳамда жами фанлар отаси – фалсафанинг мумтоз намояндалари қаламларига мансуб афоризмлар, «теша тегмаган» фикр-мулоҳазалар, ўгитлар, дунёқарашлар, огоҳлантиришлар ва тавсияларга рўпара келамиз. Ҳақиқатан ҳам китоб инсон ақл-заковатининг минг бир сабоқларидан ташкил топган ва донишмандлик нурлари ила йўғрилгандир.

Афоризмлар, ҳикматли сўзлар ва мақоллар ўзига хос адабий жанр бўлиб, аввало маънавий-ахлоқий тарбия масалаларига дахл­дордир. Мазкур жанрга қизиқиш кучлилигининг боиси шундаки, улар фикр­ни қисқа ва лўнда ифодалашни талаб қилувчи шиддатли давримиз руҳига мос тушади.

Мутолаа жараёнида турли давр, турли халқ ва турлича йўналиш вакиллари бўлган, ҳатто баъзи ўринларда бир-бирини инкор этган файласуфларнинг фикрлари силлиқ қабул қилинади ва енгил ҳазм бўлади. Ўқувчи гўёки улкан бир ҳақиқатни турли нуқталар, турлича ракурслардан туриб кузатади. Бу ҳол фалсафанинг қудрати ва гўзаллиги янада ёрқинроқ намоён бўлишини таъмин этади. Натижада фалсафага, ушбу китобдан ўрин олган кўплаб донишмандларнинг ҳикматларига азалдан ошно бўлган ўқувчи-да фалсафанинг ҳам, айни донишмандларнинг ҳам янги қирралари, жозибасини ўзи учун кашф этиш имкониятига эга бўлади.

Китобнинг аҳамияти ҳақида гапириш ортиқча. Чунки жаҳон тафаккур оламининг дурдоналарини она тилимизда ўқиш бизга бугунги ҳаётимиз, мақсад ва вазифаларимизни инсониятнинг мумтоз мутафаккирлари нигоҳи билан тафтиш этиш, анг­лаш имкониятини беради. Бу эса ҳар қандай халқ ва ҳар қандай давр учун жуда муҳим.

«Ҳақиқат манзаралари» мажмуаси китобхонларимизнинг жавонидаги энг севимли ва исталмиш китоблардан бирига айланишига шахсан мен шубҳа қилмайман.

Ҳожиакбар ШАЙХОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
раисининг биринчи муовини,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими



ҲАЗРАТ СУЛАЙМОН


(Тахминан милоддан аввалги
960–935 йилларда ҳукмронлик қилган)


Ҳазрат Довуднинг ўғли. Иудея ва Исроил давлатига ҳукмронлик қилган. Қуддус шаҳрида Яхва ибодатхонасини қурдирган. Замондош­лари Сулаймоннинг донолигидан завқланишган. У ўзининг ўткир ақли ва ғайриодатий фикр­лаш тарзи билан шуҳрат қозонган.

* * *

Ривоятларда айтилишича, Ҳaзрaт Сулаймоннинг: «Бу дунёдаги ҳамма нарса ўткинчи», – деган сўзлар ўйиб ёзилган узуги бўлган. Сулаймон ҳаётининг қайғули онларида узукдаги ана шу ҳикматли битикни ўқиб, таскин топган.

Бир куни унинг бошига шундай бахтсизлик тушадики, узукдаги сўзлар дардига малҳам бўлолмайди. Сулаймон ғазаб билан узукни ечиб, отиб юборади ва думалаб бораётган узукнинг ички томонида ҳам аллақандай битик борлигига ногаҳон кўзи тушади. Ўрнидан туриб, узукни қўлига олади-да, битикни ўқийди. Узукнинг ички томонида: «Бу ҳам ўтиб кетади», – деган ёзувлар бор эди. Сулаймон аччиқ кулимсираб, узукни бармоғига тақади ва умрининг охиригача уни ечмайди.

* * *

Авлодлар келиб-кетаверадилар, Ер эса абадий қолаверади.

* * *

Донолик ортганда қайғу ортади, билимнинг кўпайиши эса ғамгинликни кўпайтиради.

* * *

Баъзан кулганда ҳам юраклар зирқирайди, қyвонч эса қайғу билан якун топади.

* * *

Мен довюракликдан кўра донишмандлик афзал деган ўйда эдим. Аммо камбағалнинг донолигидан нафратланишар ва унинг сўзларини тингламас эканлар.

* * *

Эртанги кун билан мақтанма, чунки у нималарни тақдим этишини билмайсан.

* * *

Ақлли одам кулфатни олдиндан кўради ва ўзини панага олади. Тажрибасизлар эса олға юриб жазоланадилар.

* * *

Шундай йўллар борки, улар инсонга тўғри кўринади. Аммо бундай йўлларнинг ниҳояси – ўлим.

МИЛЕТЛИК ФАЛЕС


(Милоддан аввалги 625–547 йиллар)

Милетлик Фалес ўз замонасидаги етти донишманднинг бири бўлган. Айтишларича, Фалес шу етти донишманднинг ичида етакчилик қилган. У биринчилардан бўлиб табиат ҳақида фикр юритган. Қуёш тутилиши унинг ой билан тўсилиши туфайли юз беришини биринчи бўлиб Фалес англаган, диаметр айланани тенг иккига бўлишини исботлаб берган. Фалес фалакиётшунослик билан ҳам шуғулланиб, қуёш тутилишини oлдиндaн айтиб берган.

Фалес Миср эҳромларининг баландлигини уларнинг соясига қараб ўлчаган. У ёлғизликда ҳаёт кечириб, давлат ишларига аралашмаган. Унинг қуйидаги асарлари маълум:

«Қуёшнинг ҳаракати ҳақида».

«Тенгкунлик ҳақида».

Цицерон шундай гувоҳлик беради:

«Фалсафа Фалесдан бошланади, у биринчи эди».

* * *

Кўҳна қўлёзмаларда Фалеснинг хачири билан содир бўлган мана бу воқеа ҳикоя қилинади:

«Устига бир неча қоп туз ортилган хачир дарёни кечиб ўтаётганда бехосдан тойиб кетади. Натижада ивиган қоплардаги туз эриб, хачирнинг юки енгиллашиб қолади. Шундан сўнг хачир дарёдан кечиб ўтаётганда ҳар сафар атайин сувга бир шўнғиб олишни одат қилади. Ниҳоят Фалес хачирнинг бу найрангини сезиб қолиб, унинг устига юнг солинган қоп­ларни ортишни буюради. Хачир ноилож айёрликдан воз кечиб, одатини тарк этишга мажбур бўлади».

* * *

Фалес шундай деб ёзади:

Ҳамма нарсанинг ибтидоси сувдир.

* * *

Тангри ҳамма нарсадан кўҳнароқдир. Чунки у яратилмаган.

* * *

Ер сувда сузади.

* * *

Худонинг на ибтидоси, на интиҳоси бор. У – Коинотнинг тафаккури. Коинот жонли ва айни дамда илоҳиётга тўлиқдир.

* * *

– Энг гўзал нарса нима?

– Одам. Чунки у Тангрининг маҳсулидир.

– Энг тез нарса нима?

– Ақл. У ҳамма нарсани ортда қолдиради.

– Ҳаммадан донороқ нарса-чи?

– Вақт. Чунки ёлғиз вақтгина ҳамма нарсани ойдинлаштиради.

– Ҳамма учун энг умумий нарса нима?

– Умид. Чунки у ҳеч вақоси йўқларда ҳам мавжуддир.

– Энг кучли нарса нима?

– Зарурият. Чунки у ҳамма нарсанинг устидан ҳукмронлик қилади.

– Энг қийин нарса нима?

– Ўзни англаш.

– Энг осон нарса-чи?

– Ўзгаларга маслаҳат бериш.

– Кимни бахтли санаш мумкин?

– Жисмоний соғлом, руҳий хотиржам ҳамда истеъдодини ўстира олган кишини.

– Бахтсизликка дош беришнинг осон йўли нима?

– Ғанимларнинг сендан-да ёмон аҳволга тушиб қолганига гувоҳ бўлиш.

* * *

Мен уч нарса учун тақдирдан миннатдорман: биринчидан, ҳайвон эмас, инсон бўлиб туғилганим учун; иккинчидан, аёл эмас, эркак бўлиб туғилганим учун; учинчидан эса варвар эмас, эллинлик бўлганим учун.

ЭЗОП

(Тахминан милоддан аввалги

640–560 йиллар)

Фригиялик донишманд Эзоп­нинг пешонасига тақдир қуллик қисматини битган эди. Эзоп ижодининг энг гуллаган дамлари милоддан аввалги 600 йилларга тўғри келади. Тарихий манбаларга кўра, Эзоп 400 га яқин масал битган.

Эзопнинг номи биринчи марта Ҳеродот (V аср) асарларида йўл-йўлакай тилга олинади. Ҳеродот Эзопни етарлича машҳур бўлган тарихий шахс сифатида тасвирлайди ва қуйидаги 4 сифатни келтиради:

1. Эзоп масалчи эди.

2. У Самос оролида яшаган ва Иадмон исмли кишининг қули бўлган.

3. Эзоп тахминан милоддан аввалги 560 йилларгача яшаган.

4. Уни қандайдир сабабга кўра Дельфада ўлдиришган.

«ЭЗОПНИНГ ТИРИКЛАРГА ВАСИЯТИ»

Энг аввало Тангрини муносиб тарзда улуғла. Кейин эса подшоҳни иззат қил. Чунки подшоҳ ва Тангри ҳукми тенгдир. Устозингни ота-онанг қаторида ҳурматла. Ота-онани сенга табиат ато этган бўлса, устозинг сени ўз ихтиёри ила севади. Шунинг учун ундан икки карра миннатдор бўлмоғинг жоиз.

* * *

Эртанги ишлар учун саломатлигинг яроқли ва куч-қувватинг етарли бўлишини истасанг, кундалик таоминг сифатли ва етарли бўлсин.

* * *

Бевақт ўлим топмаслигинг учун шоҳ саройида эшитганларингнинг ҳаммаси ичингда ўлсин.

* * *

Ёшинг ўтиб қолганда илм олишдан уялма. Зеро, ҳечдан кўра кеч илм олмоқлик афзалдир.

* * *

Пулинг кўп бўлса қувонма, кам бўлса куйинма.

ЭЗОП МАСАЛЛАРИ

Эмишки, олов санами Прометей лойдан одам ясаётганда сув ўрнига кўзёшлардан фойдаланган. Шу боис инсонга куч билан таъсир ўтказишга уриниш бефойда экан. Инсонни бўйсундириш учун имкон борича уни яхши сўзлар билан тинчлантириб, кўнглини юмшатмоқ ва ишонтирмоқ даркор. Ана шунда ҳар қандай кишида раҳм-шафқат ва меҳрибонлик туйғулари уйғониши шубҳасиздир.

* * *

Бир ҳукмдор Эзопдан сўради:

«Не сабабдан донишмандлар бойларнинг ҳузурига келадилар-у, бойлар донишмандларнинг ҳузурига бориш-майди?»

Эзоп шундай жавоб берди: «Бунинг боиси шундаки, донишмандлар ўзларига нима кераклигини яхши биладилар. Давлатмандлар эса билишмайди. Агар билишганда мол-дунё ғамида яшамасдан, донишмандлик пайида бўлардилар».

ЗЕВС ВА ИЛОН

Зевс тўй қилаётган эди. Ҳамма ҳайвонлар топганларини унга совға қилиб келтиришди. Илон ҳам гул тишлаган кўйи судралиб келди. Зевс илонни кўриб шундай деди: «Мен бошқаларнинг совғасини қабул қиламан. Аммо сенинг тишингдаги туҳфани олмайман».

Масалдан хулоса шуки, ёмон одамларнинг яхшилигида ҳам хатар бор.

ҚАРИЯ ВА АЖАЛ

Бир қария ўрмонда ўтин кесиб, уни уйи томон судрай бошлади. Йўл жуда олис эди. Қария ҳолдан тойиб, ўтинни ташлади-да, Яратгандан ўзига ўлим тилаб ёлворди. Шунда Ажал ҳозир бўлди ва қариядан нима учун йўқлаганини сўради. Қария Ажалга шундай жавоб берди: «Ўтинимни кўтаришиб юборишинг учун сени чорлагандим».

Қиссадан ҳисса шуки, инсон қанчалар бахтсиз бўлмасин, ҳаёт барибир ширин.

* * *

Шоҳларга ё умуман яқинлашмаслик керак, ё фақат уларга ёқадиган сўзларни айтмоқ лозим.

ПРИЕНАЛИК БИАНТ


(Милоддан аввалги VI аср)

Қадимги юнон файласуфи Биант Юнонистондаги етти етакчи файласуфнинг бири эди.

Биантнинг она шаҳри cap­карда Кир лашкарлари томонидан забт этилади. Шаҳар аҳолиси энг қимматбаҳо буюмларини олиб қоча бошлайди. Фақат Биантгина ҳеч нарса олмай, бўш қўл билан шаҳардан чиқиб кетади. Буни кўрган ҳамшаҳарлари ундан: «Сен нега ҳеч нарса олмадинг?» – деб сўрашади. Шунда Биант: «Ҳамма нарсамни ўзим билан олиб юраман», – деб жавоб беради.

* * *

Дўстларинг орасидаги баҳсга ечим топишдан кўра, душманларинг ўртасидаги низони ҳал қилиш афзалдир. Чунки дўстларинг ўртасига тушсанг, бири сенинг душманингга айланади, душманларинг баҳсини ҳал қилсанг, улардан бири сенга дўст бўлиб қолади.

* * *

Умринг мезонини шундай олки, гўёки яшашингга ҳам оз, ҳам кўп фурсат қолган бўлсин.

* * *

Бирор ишга қўл уришга ошиқма. Қўл урдингми, қатъий бўл.

* * *

Ҳовлиқмасдан сўзла: шошилиш ақлсизлик белгисидир.

* * *

Ёмонлар ҳамма ерда кўпчиликни ташкил қилади.

* * *

Нима мушкул? – Ишнинг чаппа кетишини хотиржам кузатиш.

Инсон учун тотли нарса нима? – Умид.

Инсон қайси ишдан завқ олади? – Фойда олишдан.

Энг яхши маслаҳатчи ким? – Вақт.

* * *

Бахтсизликка дош беролмайдиган одам бахтсиздир.

* * *

Кемада сузиб бораётганлар на тириклар ва на ўликлар қаторига кирадилар.

* * *

Куч билан эмас, ишонч билан забт эт.

* * *

Ёшлигингда кексалик учун доноликни тўпла. Чунки ундан ишончлироқ бисот йўқ.

КРИТЛИК ЭПИМЕНИД


(Милоддан аввалги VI аср)

Афсонавий юнон донишманди Эпименид Крит оролида туғилган. У донишманд Солон билан яқин дўст бўлган. Солонга қонунларни тузишда кўмаклашган. Милоддан аввалги 596 йилда Эпименид Афина шаҳрини вабо эпидемиясидан сақлаб қолган. Манбаларда ёзилишича, файласуф 300 йилдан ортиқ умр кўрган.

* * *

Эпимениднинг ёлғон сўзлаган критлик ҳақидаги мантиқий зиддияти неча асрлардан буён донишмандлар учун ечиб бўлмас муаммолигича қолаётир. Бу зидламанинг мазмуни шундай: «Бир критлик сўзлай туриб: «Мен алдаяпман», дейди ёки: «Ҳозир мен айтадиган сўзлар ёлғон», дейиши мумкин. Ё бўлмаса бундай дейди: «Айтган сўзларимнинг бари ёлғон». Агар сўзловчи чинданам ёлғон гапирган бўлса, унинг иқрори – ҳақиқат. Аксинча, сўзловчининг айтганлари чин бўлса-ю, «ёлғон гапирдим», деса, у ростдан ҳам ёлғон гапирган. Шундай қилиб, агар сўзловчининг иқрори рост бўлса, у ёлғон гапираётган бўлади, аксинча, унинг иқрори ёлғон бўлса, гаплари ростдир.

Ушбу мантиқий зиддиятнинг кашф этилиши кўплаб файласуфларни боши берк кўчага киритиб қўйди. Файласуф Христипп (милоддан аввалги 281-208-йиллар) ана шу зидламага бағишланган учта китоб ёзди. Косслик Филет исмли донишманд эса бош қотира-қотира, зиддиятни ечолмагач, алам устида ўз жонига қасд қилди.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, таниқли юнон олими, мантиқ илмининг билимдони Диодор Кронос (ми­лоддан аввалги 307 йилда вафот этган) ҳаётининг сўнгги йилларида ушбу зидламани ечишга бел боғлаган. У ечимни топмагунча овқат емасликка онт ичган ва охир-оқибат бандаликни бажо келтирган.

МИЛЕТЛИК АНАКСИМЕН

(Тахминан милоддан аввалги

585–525 йиллар)

Қадимги юнон файласуфи Анаксимен милетлик Эвристратнинг ўғли ва файласуф Анаксимандр­нинг яқин дўсти бўлган.

* * *

Анаксимен шогирди билан қалин дарахтзорда сайр қилиб юрарди. Суҳбат орасида шогирди ундан сўраб қолди: «Устоз, мана сиз буюк эллинлардан сабоқ олган, кўп йиллик ҳаётий тажриба орттириб, донишмандлик мақомига эришган инсонсиз. Лекин негадир ҳали кўп нарсани билмайман, деб нолийсиз. Наҳотки, сиздек донишманд учун ҳам ечилмаган саволлар бўлса бу дунёда?» Файласуф ўйланиб қолди ва таёқ олиб ерга иккита доира чизди. Бу доираларнинг бири кичкина, иккинчиси каттароқ эди. «Мана бу кичкина доира сенинг билимларинг, каттаси эса меники, – деди Анаксимен. – Ушбу доиралардан ташқаридаги майдон эса ҳали биз англаб етмаган илмлардир. Энди бир эътибор бергин-а, доира қанчалик кичик бўлса, ундан ташқаридаги май­дон ҳам шунча кичик, яъни ҳали биз тушуниб етмаган илмлар камроқдир. Доира катта бўлса, бунинг акси, яъни инсоннинг билим доираси қанчалар кенг бўлса, бу доирага туташ номаълумлик майдони ҳам шунчалар кенгдир.

ЛАО ЦЗИ


(Милоддан аввалги 579–499 йиллар)

Хитойлик файласуф Лао цзи Чу подшоҳлигининг фуқароси бўлиб, асл исми Ли Эр эди. Лао цзи «устоз Лао» деган маънони англатади. Лао эса лақаб бўлиб, «қария» деганидир.

Лао цзи Чжоу саройида архив ходими бўлиб хизмат қилган. Конфуций билан учрашган. Лао цзи Чжоу салтанатининг инқирозга юз тутганини кўриб, «истеъфога» чиқади ва тарки дунё қилиб, ғарбга қараб йўл олади. Чегарага етиб келганда чегара бошлиғи ундан ўз ватанига нимадир қолдириб кетишни сўрайди. Ли Эр чегара бошлиғига 5000 белгидан иборат қўлёзмани топширади. Бу тарихда «Даодэцзин» («Эзгулик йўли ёки Куч ва ҳаракат ҳақидаги китоб») номи билан машҳур китоб эди. Бу китобда Дао таълимотининг моҳияти ҳақида сўз боради. Дао иероглифи икки қисм: «Шоу» – бош ва «Цзоу» – бормоқ деган сўздан иборат. Бу «одамлар юрадиган йўл», деган маънони билдиради. Ҳозирга келиб «Дао» қонуният, қонун деган кўчма маънони англатади.

* * *

Дао замин ва осмоннинг илдизидир. Дао ҳамма нарсанинг онаси, оламнинг асосидир.

* * *

Даонинг на сийрати, на овози, на шакли бор. Унга қарайсан, аммо кўрмайсан. Қулоқ тутасан-у, эшитмайсан. Қувлайсан-у, тутолмайсан.

* * *

Осмон остидаги ҳамма нарса омонатдир.

* * *

Мустаҳкам ва кучли нарсалар ўлим хизматкорларидир.

* * *

Оҳ, бахтсизлик! У бахтнинг таянчидир. Оҳ, бахтиёрлик! Унда бахтсизлик яширин.

* * *

Буюк ишлар, албатта, майда ишлардан бошланади.

* * *

Мўрт ва ожиз нарсалар мустаҳкам ва кучли нарсалар устидан ғалаба қозонади. Ер юзида сувдан юмшоқроқ ва заифроқ ҳеч нарса йўқ. Аммо у мустаҳкам ва кучли нарсаларга ҳужум қилади. Ҳеч қандай куч уни енголмайди.

* * *

Билгувчи сўзламайди, сўзлагувчи билмайди.

* * *

Нафратга яхшилик билан жавоб қайтармоқ керак.

* * *

Ғанимни тўғри баҳолай билмасликдан кўра оғирроқ кулфат йўқ.

* * *

Мени қанча кам билсалар, шунча қадрлиман. Шy туфайли доноликда комил одамлар қалин, дағал либосларга бурканиб, қўйнида яшма тошни яширган одамга ўхшайдилар.

* * *

Одамлар ортингдан эргашишини истасанг, уларнинг ортидан юр.

* * *

Ўз хоҳиш-истакларининг чегарасини билмасликдан ортиқ бахтсизлик бўлмайди.

* * *

Фикрларингизга эҳтиёт бўлинг – улар қилмишларингиз ибтидосидир.

* * *

Буюк тўғрилик эгриликка, буюк заковат аҳмоқликка ўхшайди.

* * *

Одамлар гўзалликни англаган ондан бошлаб хунуклик пайдо бўлади.

Бани башар эзгулик нелигини англаган лаҳзаларда эса ёвуз­лик ҳам мавжудлигини тушунди. Демак, борлик йўқликни, мушкулот енгилликни юзага келтиради. Юксаклик ва тубанлик бир-бирига қайишади, узунлик ва қисқалик бирини-бири тўлдиради. Товушлар ўзаро қўшилиб уйғунликни ҳосил қилади. Ўтмиш ва келажак ўзаро ўрин алмашади. Шу боис доно одам фаолиятсизликни афзал кўриб, сукутда мутолаа билан машғул бўлади.

* * *

Инсон илк бор дунё юзини кўрганда – нозик ва заиф, ўлими олдидан эса саботли ва кучлидир. Барча тирик мавжудотлар ва ўсимликлар мавжудликнинг илк палласида нозик ва заиф, ўлим лаҳзаларида эса қуруқ ва чиркиндир. Демак, бардошлилик ва кучлилик ўлим нишонаси, нозиклик ва нимжонлик эса ҳаёт белгисидир. Шу боис қудратли қўшин зафар қучолмайди ва бақувват дарахт нобуд бўлади. Демак, нозиклик ва заифлик доим куч-қувватдан устундир.

* * *

Буюк донишмандлар ҳукмронлик қилган юртда фуқаролар уларнинг борлигини сезишмайди. Қаердаки буюк бўлмаган донишмандлар ҳоким бўлса, омма уларга қаттиқ боғланган бўлади ва уларни шарафлайди. Қаердаки пастроқ донишмандлар ҳукумронлик қилишса, халқ улардан қўрқади. Янада заифроқ донишлар ҳоким бўлган жойда эса халқ улардан ҳазар қилади.