автордың кітабын онлайн тегін оқу Choliqushi
Рашод Нури Гунтекин
Чолиқуши
БИРИНЧИ ҚИСМ
Б..., 19... йил, сентябрь
Тўртинчи синфда эдим. Ёшим ўн иккиларда бўлиши керак. Француз тили муаллимамиз Алекси опа бир кун бизга иншодан вазифа топширди. «Ҳаётдаги илк хотираларингизни ёзишга ҳаракат қилинг. Кўрайлик-чи, нималарни эслар экансизлар. Сизлар учун бу ажойиб хаёл машқи бўлади», – деган эди у.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: шўхлигимдан, сергаплигимдан безор бўлган мураббияларим мени ўртоқларимдан айириб, синф бурчагидаги бир кишилик кичкина партага ўтқазиб қўйишган эди.
Мудира айтгандек, мен «дарс пайтида қўшниларимни гапга тутмасликни, ўқитувчимизнинг сўзларини одоб билан тинглашни ўргангунимга қадар» у ерда сургун ҳаёт кечиришга маҳкум эдим.
Бир ёнимда каттакон ёғоч устун бор: нимаики қилинса пинагини бузмайдиган ва ора-сира паккимнинг учи билан у ер-бу ерига озор берганимда мардона чидаб турадиган вазмин, узун, гунг қўшни.
Нариги ёнимда эса монастир тарбиясига мос салқин ва ғамгин олақоронғиликни сақлаш учун ясаб қўйилганга ўхшаган, дарпардалари ҳеч маҳал очилмайдиган узун дераза. Мен соз нарса кашф қилдим: кўксимни партага суяб, иягимни бир оз кўтарсам, дераза дарпардалари тирқишидан осмоннинг бир бўлаги-ю, акация шохлари орасидан битта уй деразаси билан балкон панжараси кўринар эди.
Тўғрисини айтганда, манзара унчалик чиройли эмасди. Дераза ҳамиша ёпиқ турар, балкон панжарасида эса ҳap доим чақалоқнинг йўргаклари ёйиб қўйилган бўлар эди. Лекин мен шу нарсаларни кўра олганим учун ҳам хурсанд эдим.
Дарс пайтларида қўлларимни иякка тираб, ўқитувчиларимга ниҳоятда Художўй кўриниш учун лозим бўлган бир алфозда кўзларимни кўкка – дераза эшиги тирқишидан кўринган ҳақиқий осмонга тиксам, улар мени инсофга кира бошлабди, деб суюнишарди. Мен мураббияларимни шу зайлда алдар, улар биздан яширмоқчи бўлган ҳаётни томоша қилаётган кишидай қувонар, алдаганим ва интиқом олаётганим учун ҳузур қилардим.
Алекси опа вазифани тушунтириб бўлгандан сўнг бизни ёзишга қўйиб берди.
Олдинги парталарга ҳусн бериб турган оғир табиатли пешқадам ўқувчи қизлар аллақачон ишни бошлаб юборишди. Уларнинг ёнида ўтирмасам ҳам, нималар ёзаётганларини кифтлари устидан кўриб тургандай бўлар эдим: «Илк хотирамда қолган бирдан-бир нарса меҳрибон онажонимнинг кичкина каравотчам устига эгилган олтин сочли азиз боши, менга меҳру муҳаббат билан кулимсираган ҳаворанг кўзларидир...» тарзида шоирона ёлғон... Аслида эса оналар олтин ва ҳаворанглардан бошқа рангларда ҳам бўладилар. Фақат сўрлар [1]нинг ўқувчилари қаламидан шундай рангларга бўялиб чиқиш у бечоралар учун бир мажбурият, биз учун эса одат эди.
Менга келсак, мен бутунлай бошқача қиз эдим. Жуда ёшлигимда айрилган онамдан эсимда ниҳоятда оз нарса қолган. Лекин онамнинг олтин сочли, ҳаворанг кўзли бўлмаганини аниқ биламан. Шундай бўлгандан кейин, асл қиёфасини ўзгартириб тушунтиришга ва бундан мамнун бўлишга ҳеч қандай куч мени мажбур қилолмайди...
* * *
«Нима ёзсам экан?» деган ўй мени қийнарди. Деворда Биби Марямнинг бўёқли сурати тагига осиб қўйилган каккули соат тинмай юриб турибди, мен эса ҳали ҳам анқайиб турибман. Бошимдаги лентани ечдим, сочларимни секин-аста кўзимга тушира бошладим. Бир қўлим билан қаламни оғзимга тиқиб, уни тилим билан айлантириб ўтирдим.
Файласуфларнинг, шоирларнинг бир нарса ёзиб турганда бурун қашиш, бағбақаларини чўзиш каби ғалати одатлари бор-да ахир... Қалам тишлаб сочимни кўзимга тушириб ўтиришим ҳам менинг чуқур хаёл сураётганлигимни билдириши керак.
Хайриятки, менда хаёлотга берилиш пайтлари жуда кам бўларди. Акс ҳолда, ҳаётим эртаклардаги Чоршанба аёл ўчоқ онасининг ҳаёти сингари чигал-бутал бўлиб ўтар эди.
Орадан йиллар ўтди. Мана энди бегона бир шаҳарда нотаниш бир меҳмонхона номерида ўтириб хотираларимни ёзяпман... Сира тонги ёришмайдигандек туюлган тун азобидан қутулиш учун хотираларимни ёзиб турган шу соатимда бир қўлим ёш болалик чоғларимдаги сингари яна сочларимни тўзғитиб, кўзларим устига тушириш билан машғул.
Бунинг сабаби атрофдаги ҳаёт оқимига ўзини қўйиб юборадиган енгилтак, бепарволик эканлигимдан бўлса керак, деб ўйлайман. Оғир кунларда ўз-ўзим, ўз фикрларим билан танҳо қолиш учун кўзларим билан дунё орасига шу сочларимни парда қилиб қўйишга тиришардим.
Қаламни кабоб сихидай тишларим орасида айлантиришимга келсак, тўғрисини айтсам, бунинг ҳикматини ўзим ҳам билмайман. Бутун билганим шуки, лабларимдан бинафша сиёҳ доғлари аримас эди. Ҳатто бир кун, энди кўзга кўриниб келаётган қизлик чоғларимда, мактабимга мени кўргани келган бир одамнинг олдига мўйлов қўйган кишидай чиқдим-у, уялганимдан ерга кириб кетаёздим.
Нима тўғрида гапираётган эдим? Ҳа... Алекси опанинг илк хотираларни ёздирмоқчи бўлган иншоси тўғрисида...
Ўша куни ҳар қанча ўйласам ҳам, фақат шу нарсаларнигина ёзганим эсимда: «Мен балиқлар сингари кўл ичида туғилганга ўхшайман. Онамни эс-эс биламан... Отам, энагам, хизматкоримиз Ҳусайн ҳам эсимда... Бир кун мени кўчада қувган қора лайчани... Бир кун тўла саватдан яшириқча узум олаётганида бармоғимни чақиб олган арини... Кўзим оғриганда томизилган қизил дорини... Меҳрибон Ҳусайн билан Истамбулга келганимизни... Ҳа, шуларга ўхшаш кўп нарсаларни эслайман... Лекин булардан ҳеч бири илк хотира эмас... Ўзим яхши кўрган кўлда, қуюқ япроқлар орасида қип-яланғоч бўлиб чўмилиб юрган вақтларимдагидай эски хотиралар эмас... Денгиздай поёнсиз бир кўл... «Ичида катта-катта япроқлар, атрофида дарахтлар бўлса, бу кўл қандай қилиб денгиздай катта бўлиши мумкин?» деярсизлар... Худо ҳаққи, ёлғон сўзлаётганим йўқ, ўзим ҳам сизларга ўхшаб ҳайронман... Аммо, аслида шундай бўлгандан кейин иложим қанча?..»
Иншом синфда ўқилганда, дугоналарим мен томонга ўгирилишиб, қаҳқаҳа уриб кулиб юборишди. Бечора Алекси опа уларни тинчитиш учун анчагина заҳмат чекди.
* * *
Қизиғи шуки, Алекси опа қора кийими ичида косов сингари бўйи, оҳорли оппоқ ёқаси, сарой хонимининг пешонага тортилган чоршафига ўхшаб бош кийими тагидан кўриниб турган сепкилли қонсиз юзи ва аноргул сингари қип-қизил лаблари билан ҳозир рўпарамда пайдо бўлиб, яна ўша саволни берса, ҳозир ҳам ўшандан бошқа жавоб тополмасам керак, яна балиқдай кўлда туғилганимни айта бошлайман.
Кейинчалик у ёқ бу ёқдан суриштириб билсам, бу кўл Мусул атрофида, оти доим эсимдан чиқиб қоладиган бир кичкина қишлоқ ёнбошида экан, менинг поёнсиз денгизим чакалак орасидаги қуруқ ирмоқдан қолган бир ҳовуч сувдан иборат экан.
* * *
Отам у маҳаллар Мусулда хизмат қилар экан. Мен икки ярим ёшлар чамасида эканман. Ёз шу қадар иссиқ келибдики, шаҳарда туришнинг иложи қолмагандан кейин, отам мени онам билан қишлоққа келтириб қўйишга мажбур бўлибди. Ўзи эса ҳар куни эрталаб отда Мусулга тушар, кечқурунлари, кун ботгандан кейин яна қайтиб келар экан.
Онам менга қарай олмайдиган аҳволда қаттиқ касал экан. Шунинг учун анча вақтларгача қаровсиз қолибман... Ойлаб хизматкорлар уйида сарсон бўлибман. Кейин қишлоқларнинг биридан Фотима деган кимсасиз бир араб хотинни топишган. Фотима мени янгигина ўлган чақалоғи ўрнида кўриб, ундан қолган сийнаси билан оналик меҳрини менга берибди.
Дастлабки йилларда саҳро боласидай ўсибман... Фотима мени орқасига қопчиқдай осиб олиб, жазирама офтобларда кўтариб юрар, хурмо дарахтларига ҳам кўтариб чиқар экан.
Шундай қилиб, ўша пайтлар мен ҳали айтган қишлоққа келибмиз. Фотима мени ҳар куни эрталаб озиқовқатимиз билан шу чакалакка келтирар, мени қип-яланғоч қилиб сувга солар экан... Кечқурунгача юмаланишиб ўйнашар, ашулалар айтишар, бирга овқат қилишар эканмиз... Кейин, уйқумиз келганда, қум йиғиб ёстиқ қилар, гавдаларимиз сувда, бошларимиз қумда қучоқлашиб, бетларимизни бетларимизга қўйишиб уйқуга кетар эканмиз...
Сув ҳаёти тану жонимга шунчалик сингиб кетган эканки, Мусулга қайтганимизда денгиздан чиққан балиқдай қийналиб қолибман. Феълим бузилиб, ҳар ҳамон типирчилар, пайти келди дегунча уст-бошимни ечиб ташлаб, кўчага қип-яланғоч югуриб чиқиб кетар эканман...
Фотиманинг бурнидан, бетларидан, қўлларидан ғурралар аримас эди. Мен бу хил ғурраларга шунчалик одатланиб қолган эдимки, ғуррасиз юзлар менга ҳамиша хунук кўринарди.
Менинг учун энг катта мотам Фотимадан ажралишим бўлди.
Шаҳарма-шаҳар юра-юра ахийри Карбалога келдик. У вақт тўрт ёшларда эдим. Бундай ёшда кўп нарсаларни унча-мунча эсда олиб қолиш мумкин. Фотимага яхшигина ердан куёв чиқди. Энамнинг келин бўлгани, гўшангага киргани бугунгидай кўз ўнгимда.
Юзлари Фотиманики сингари ғурра бўлгани учун менга ниҳоятда гўзал кўринган хотинлар билан тўла уйда мени қучоқдан қучоққа олишар, кейин Фотиманинг ёнига ўтказишарди.
Сўнгра ўртага қўйилган баркашлардан ҳовучлаб овқатлар еганимизни эслайман. Ниҳоят, кун ҳорғинлигидан ва ҳардам хурмача сингари юмалайверишдан чарчаб энагамнинг тиззасида яна барвақт ухлаб қолибман.
Фотима онамиз ўғли Ҳусайн Карбалода шаҳид бўлганда ҳаётмиди-йўқмиди – билмайман. Бечора аёл ўша қора кунгача яшаб, жигаргўшаси доғида ҳар қанча фарёд кўтарган бўлмасин, лекин унинг фарёди тўй кечасининг эртасига бегона бир хотин қучоғида ётганимни кўриб, мен кўтарган доду фарёд олдида ҳеч нарса бўлмагандир...
Хуллас, Карбало Карбало бўлиб бундай шовқинли мотамни кўрмагандир, деб ўйлайман. Фарёд уриб йиғлашдан, оҳу воҳдан овозим бўғилгач, катта одамлар сингари очлик эълон қилиб, неча кунгача овқат емадим.
Энагамдан айрилиб, ҳасрат ичида қолдим, лекин бу ҳасратни бир неча ойлардан сўнг Ҳусайн номли бир сувори аскаргина унуттира олди. Ҳусайн таълим пайтида отдан йиқилиб, майиб бўлган аскар эди. Отам уни уйга хизматкор қилиб олди. Ҳусайн девонароқ одам эди. Мени жонидан ортиқ яхши кўрарди. Мен эсам унинг севгисини оёқ ости қилиб, тузатиб бўлмайдиган бир вафосизлик билан хорлардим. Мен Фотима билан бирга ётиб ўрганиб қолган бўлсам ҳам, бу билан бирга ётмас эдим. Лекин саҳарда хўрозлар қичқирди дегунча кўзларимни очиб унинг хонасига югуриб кирар, от мингандай устига миниб олиб, бармоқларим билан қовоқларини йириб очардим.
Илгари Фотима мени боғларга, далаларга ўргатган бўлса, Ҳусайн казармага, аскарлар муҳитига олиб кирди. Бу узун мўйловли йўғон одамнинг ҳар хил ўйинларга усталигини ҳеч кимда кўрган эмасман. Ўйинларининг асл гўзаллиги хавфли, ҳаяжонли қилиқларида эди. Масалан, мени резинка тўпдай осмонга ирғитиб ушлаб олар ёки қалпоғига ўтқазиб оёқларимдан ушларди-да, турган ерида сакрар, гир айланар эди. Сочларим тўзғир, кўзларим тинар, маза қилганимдан шундай қийқириб-қичқирардимки, бундай лаззатни кейин ҳеч қаерда топмадим.
Баъзан ёмон оқибатлар ҳам бўларди. Лекин мен, орамиздаги аҳдга биноан, ўйинда жоним ачиса йиғламаслигим, ундан ҳеч кимга шикоят қилмаслигим керак. Мен катта одамлардай сир сақлашга ўргандим. Мени бунга инсофдан кўра кўпроқ, у мен билан ўйнамай қўяди, деб қўрққанлигим мажбур қиларди.
Кичиклигимда мени қилиғи совуқ дейишарди. Балки бу тўғридир ҳам. Нимагаки, ким билан ўйнасам жонини оғритар, додлатар эдим. Бу феъл ҳар ҳолда Ҳусайн билан бўлган ўйинларимнинг оқибати бўлса керак.
Жоним ҳар қанча оғриганда ҳам фалокатни оҳ-вой қилмай, очиқ чеҳра билан қаршилашим ундан менга бир ёдгордир.
Ҳусайн баъзан казармада анатолиялик аскарларга чолғу чалдирар, мени яна хурмачадай бошига ўтқазиб олиб, қизиқ ўйинлар қиларди.
Бир пайт у билан отда ҳам сайр қиладиган бўлдик. Отам уйда йўқлигида Ҳусайн оғилдан отни олиб чиқар, мени қучоғига олиб далаларда соатларча ўйнатиб юрарди. Бироқ бу эрмагимиз узоққа бормади. Ишқилиб, гуноҳига қолмайин-у, ошпаз хотин бўлса керак, у бир кун бизни отамга чақди, бечора Ҳусайн отамдан икки тарсаки еди-ю, шу-шу отга яқинлашмай қўйди.
Асл муҳаббат ғавғосиз, шовқинсиз бўлмайди, дейишади. Биз ҳам Ҳусайн билан кунда энг ози тўрт-беш марта уришиб олардик.
Бир қизиқ одатим бор эди. Хонанинг бир бурчагида чўккалаб, юзимни деворга ўгириб олардим. Ҳусайн учтўрт минутча мени ўз ҳолимга ташлаб қўяр, кейин раҳми келиб, бирдан кўтариб оларди-да, чинқиртириб юқорига ирғитар эди.
Қучоғида бир оз тихирлик қилиб ўтирганимдан сўнг ахийри бетидан ўпишга рози бўлардим. Шу тахлит ярашиб олардик.
Ҳусайн билан қадрдонлигимиз икки йил давом этди. Лекин у йиллар ҳозиргига ҳеч ўхшамайди. Шу қадар узун, шу қадар узун эдики улар!..
* * *
Ёшлик хотираларимни сўзлаб туриб, нуқул Фотима билан Ҳусайндан баҳс этишим бир оз айб бўлмасмикан?
Менинг отам Низомиддин номли бир сувори майори эди. Онамга уйланган йили уни Диёрбакирга жўнатишган. Шу кетганича Истамбулга бошқа қайтиб келмаган. Диёрбакирдан Мусулга, Мусулдан Хоникинга, у ердан Бағдодга, Карбалога [2] ўтган... Бир ерда ақалли бир йил ҳам турмаган.
Онамни менга ўхшатишади. Онам отамга тушган йили олдирган бир расми бор, худди менинг ўзгинам. Фақат бечора онам соғлиқ жиҳатидан менга ҳеч ўхшамас эди. Жуда заиф экан. Битмас-туганмас йўлларга, тоғларнинг қаттиқ ҳавосига, далаларнинг жазирамасига чидаш берадиган соғлиги йўқ экан. Кейин, афтидан, тағин бир касали ҳам бўлган. Бечоранинг эр билан бўлган бутун ҳаёти шу касалликни яшириш билан ўтган... Нима қилсин, отамни жуда яхши кўрар экан. Мени зўрлаб эримдан ажратишади, деб қўрқар экан...
Отам Истамбулдан ҳамон узоқлашиб борар, ҳар бир сафари олдидан онамга:
– Сени ҳеч бўлмаса бир мавсумгина, майли, икки ойгина онангни ёнига юбориб турай. Онанг бечора ҳам қариб қолди... Ким билсин сени кўргиси келиб, юраги эзилиб ўтиргандир, – деса, онам:
– Шу ёғини ҳам писанда қилибмидик? Истамбулга бирга қайтамиз, демабмидик? – деяркан.
Гап касалига бориб тақалса:
– Менинг ҳеч қанақа дардим йўқ... Пича чарчадим, холос... Тунов куни ҳаво бир оз ўзгарди-да, шундан бўлдим, ўтиб кетади... – деяр экан.
Аммо Истамбулни кўргиси келганини отамдан ҳамиша яшириб келар экан. Тавба, яшириб бўлармиди?!
Уйқуга кетганидан икки дақиқа ўтар-ўтмас отамни уйғотар, Қаландардаги чорбоғимизни, нарёқдаги чакалакни ёхуд Босфор сувларини кўрганлигини айтар экан... Жиндаккина уйқу ичида ўтган бир неча дақиқага шу қадар узун тушни сиғдириш – у ерларни одам жуда ҳам кўргиси келган бўлишидан эмасмикан?
Бувим ҳарбий министрликка, сарой мулозимларининг олдига бориб, отамни Истамбулга қайтаришларини ҳар қанча илтимос қилса ҳам, ҳар қанча йиғлаб-сиқтаса ҳам, бу ёлворишлар ҳеч қандай наф бермаган.
Ниҳоят, онамнинг касали оғирлашгандан сўнг отам ҳеч бўлмаса уни Истамбулга олиб бориб қўйиш учун бир ойга рухсат сўраган-у, жавобни ҳам кутиб ўтирмасдан йўлга чиққан.
Туяларга ортилган кажаваларда ўтириб чўлдан ўтганимиз худди бугунгидай эсимда.
Байрутга етиб, денгизни кўришимиз биланоқ онам бир оз жонлангандай бўлди. Қўнган уйимизда онам мени кўрпасига ўтқазиб, сочларимни таради, қўлларимнинг кирлигини, тугмаларимнинг тушганлигини кўриб хафа бўлди, бошини бағримга босиб йиғлади.
Бир-икки кундан кейин ўрнидан турди. Сандиғидан янги кийимларини олиб ясанди. Кечқурун отамни кутиб олгани пастга тушдик. Отам менда қўрс табиат аскар таассуротини қолдирган эди. Лекин ўшанда онамнинг туриб юрганини кўриб, суюнганидан югуриб келди-да, онамни эндигина юра бошлаган гўдак боладай қўлларидан ушлаб йиғлади – мен буни ҳеч эсимдан чиқармайман....
Бу бизнинг бирга кечирган сўнгги кунимиз бўлди.
Онамни эртаси куни очиқ сандиқ ёнида, боши кийимлар бўхчаси устига қўйилган, лабларида қон қотиб қолган ҳолда топишди – онам ўлиб қолган эди.
Олти яшар боланинг анча-мунча нарсага ақли етиши керак. Лекин мен ҳеч нимани уқмагандай парвосиз юравердим.
Биз тушган уйда одам кўп эди. Ҳали эсимда, бир неча кунгача каттакон боғда болалар билан бўғишиб юрдим, Ҳусайн билан кўчаларда, денгиз бўйларида айландим, жоме ҳовлисига кириб қуббаларни томоша қилдим.
Онамни бегона ерга қўйганимиздан сўнг, Истамбулга қайтиш отамнинг юрагига сиғмади. Иннайкейин, бувим, холаларим билан кўришишдан қочди шекилли ҳам... Шунга қарамай, мени уларнинг олдига юборишни ўз бурчи деб билди. Назаримда, кун сайин ўсиб бораётган қиз болани казармада, аскарлар қўлида тарбиялаш яхши бўлмайди, деб ўйлаган бўлса ҳам керак.
* * *
Мени Истамбулга хизматкор аскаримиз Ҳусайн элтиб қўйди.
Люкс пароходни ва уст-боши хароб бир араб аскари қўлидаги жажжи чақалоқни кўз олдингизга келтиринг... Ким билади, бу манзара пароходдаги одамларга қизиқ, балки аянч кўрингандир. Лекин йўлга Ҳусайндан бошқа одам билан чиқсам бунчалик бахтиёр бўлолмасдим.
Чорбоғимизнинг орқасидаги бутазорда бир тош ҳовуз, бу ҳовуз лабида қўллари яғринидан синиб тушган яланғоч бола ҳайкали бор эди.
Дастлабки келган кунларимда бу синиқ ҳайкал офтобдан, ёғингарчиликдан қорайган ранги билан менга майиб, саҳройи боладай хароб кўринган эди. Ҳовуздаги зилол сувлар устига тўкилган қизғиш япроқларга қараганда кеч куз пайти эди. Шу баргларни томоша қилиб туриб, унинг тагида сузишиб юрган бир қанча қизил балиқни кўрдим-у, бувим не азобда дазмоллаб кийдирган узун шойи кўйлагим ва янги ботинкаларим билан тўғри ҳовузга сакрадим.
Атрофдан қий-чув кўтарилди. Нима бўлганини билгунимча бўлмай, холаларим мени юқорига қучоқлаб олиб чиқишди-да, ҳам ўпиб, ҳам койиб, кийимларимни ўзгартиришди.
Бу оҳ-воҳлар, бу койишлардан тилим куйгани учун ҳовузга тушишга ортиқ юрагим бетламай қолди. Энди унинг четидаги қумлар устида чўзилиб, бошимни сувга тиқиб ётадиган бўлдим.
Бир кун ҳовуз бўйида балиқларни томоша қилиб ётган эдим. Бу воқеа худди шу бугунгидай эсимда. Бувим бир оз орқада, эгнидан ҳеч тушмайдиган қора чоршафига [3] ўралиб, боғчадаги скамейкада ўтирган эди. Ҳусайн эса намоз ўқиётгандай, бувим ёнида чўккалаб олган эди.
Секин-секин гаплашаётганларини эшитдим. Ҳар ҳолда туркча сўзлашаётган бўлишса керак, нима дейишаётганларини тушунмадим. Фақат овозларидан, дам-бадам менга қараб-қараб қўйишларидан шубҳаландим. Қулоқларимни қуёндай динг қилиб олдим. Мен чайнаб ҳовузга ташлаётган тешиккулчаларга тўпланаётган қизил балиқлар ғойиб бўлиб, бувим билан Ҳусайннинг сувдаги акслари кўзимга кўрина бошлади. Ҳусайн менга қараб-қараб, каттакон дастрўмолчаси билан кўзларини артарди. Болаларнинг баъзан ёшларига мос келмаган ғалати сезгилари бўлади.
Бу гаплардан бир суиқасд ҳидини сездим: Ҳусайнни мендан айиришмоқчи!
Нега энди? Лекин майда сабабларга ақлим етадиган ёшда эмас эдим... Фақат бу айрилиқ вақти-соати келганда, куннинг ботишини... ёмғирнинг ёғишини тўсиб бўлмагани каби, бу ҳам ҳеч бир йўсин билан олдини олиб бўлмайдиган бир фалокат эканини жуда яхши тушунардим.
Ўша кечаси бувимнинг ётоғига жуфтлаштириб қўйилган кичкина каравотчамда бирдан кўзларим очилиб кетди. Бошимиздаги қизил қалпоқли чироқ ўчган бўлса ҳам, деразалардан тушиб турган ой нурида хона ёп-ёруғ эди. Уйқум қочди. Юрагимда чидаб бўлмайдиган бир алам пайдо бўлди. Билакларимга тираниб, секин бувимга қарадим, унинг ухлаётганига ишонганимдан кейин каравотимдан аста тушдим, оёқ учида юриб хонадан чиқдим. Бошқа болалар сингари қоронғиликдан, ёлғизликдан қўрқмас эдим. Зина поғоналари ғижирлади дегунча, катта одам эҳтиёткорлиги билан турган еримда тўхтаб, секин-аста даҳлизга тушдим.
Эшикларни қулфлаб қўйишибди. Лекин боғча эшиги ёнидаги дераза очиқ экан, жонимга шу ора кирди. Деразадан бир сакраб ташқарига тушдим. Ҳусайн боғчанинг нариги четидаги боғбон ҳужрасида ётарди. Кечаси киядиган оқ кўйлагимнинг узун этакларини оёқларимга ўралаштира-ўралаштира ўша ёққа чопиб кетдим. Ҳужрага кира солиб, Ҳусайннинг каравотига чиқиб олдим.
У жуда қаттиқ ухларди. Арабистонда эканимизда ҳам эрталаб уни уйғотиш учун озмунча меҳнат сарф қилмасдим. Кўзларини очишга унамагандан кейин, отга минаётгандай қорнига миниб олиб қисташ, узун мўйловларини тизгин қилиб тортиш, «чўх»лаш керак бўларди. Лекин бу кеча уни уйғотишдан қўрқдим. Уйғонса, мени илгаригидай ёнига ўтказишга кўнмайди, ялиниб ёлворишимга қарамай, бувимга элтиб беради, деб ўйладим.
Асли бирдан-бир тилагим охирги кечани унинг ёнида ўтказиш эди.
Ўша кечаси қилган ножўя ҳаракатим яқин вақтларгача оиламиз оғзидан тушмай келди.
Бувим саҳарга яқин уйғонганда ёнида йўқлигимни кўриб, шайтонлаб қолаёзибди... Бир неча дақиқа ичида бутун чорбоғ оёққа турибди... Чироқ, шамлар кўтаришиб боғчани, денгиз бўйларини ахтаришибди. Бўғот орасидан кўчагача, қайиқхонадан ҳовузнинг икки қарич сувигача ҳамма ёқни остин-устин қилишибди. Қўшни полиз қудуғига чироқ тушириб қарашибди...
Бир маҳал бувимнинг эсига Ҳусайн тушибди-ю, у ётган ҳужрага қараб чопибди. Келиб қараса, мен аскарнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаб ухлаб ётган эмишман.
Айрилиқ кунининг фожиасини ҳали-ҳали эслаб куламан. Мен умримда ўша кунгидай хокисорлик қилганимни билмайман. Ҳусайн эшик ёнида тиз чўкиб олиб, шопдай мўйловлари борлигидан ҳам уялмай йиғлади, мен эса Бағдодда, Сурияда араб тиланчиларидан ўрганиб олган дуоларим билан бувимнинг, холаларимнинг этакларини ўпиб, ундан ажратмасликларини сўраб ялиндим.
* * *
Романларда қайғуга учраган одамлар елкаси чўккан, кўзлари сўнган, ҳаракатсиз, унсиз, яна ҳам очиқроғи, ғариб қилиб тасвирланади.
Менда доимо бунинг акси бўлади. Қачон оғир қайғуга чўксам, кўзларим порлайди, чеҳрам очилади, теримга сиғмай кетаман. Дунёни писанд қилмагандай, қаҳқаҳа уриб куламан, турли шўхликлар, телбаликлар қиламан. Шу билан бирга оҳу зорини яқин одамига, бошқаларга айтолмайдиган кишилар учун буни жуда яхши одат деб ҳисоблайман.
Ҳусайндан айрилганимдан кейин ҳам шундай қилганим эсимда. Ярамасликлардан қутурар, мени юпансин деб олиб келишган қариндош болаларни уриб-суриб жонларини олардим.
Ёту бегоналар кўзида айб бўладиган бир вафосизлик билан Ҳусайнни кўнглимдан чиқариб ташладим. Аммо яхши билмайман, балки ундан чинакам хафа бўлганим учун шундай қилгандирман. Олдимда номи тилга олинган ҳамоно юзимни тескари ўгириб олар, мен энди-энди ўргана бошлаган туркча сўзлар билан: «Ҳусайн пис, Ҳусайн чиркин, эдэпсиз... оо» [4], – деб ерга тупурардим.
Шундай бўлса ҳам, бечора «ёмон, ярамас» Ҳусайннинг Байрутга етар-етмас менга юборган бир қути хурмоси жаҳлимни пасайтиргандай бўлди. Хурмоларнинг тугашидан фалокатдан қўрққандай қўрққаним ҳолда бир ўтиришда ҳаммасини пок-покиза туширдим. Хайрият, данаклари қолди. Улар менга бир неча ҳафталик эрмак бўлди.
Бир қисмини хачирларга тақиладиган мунчоқлар билан аралаштириб ипга тиздим, ёввойи одамларникига ўхшаган шода мунчоқ ясаб, бўйнимга илиб олдим. Қолганларини боғчанинг ҳар ер-ҳар ерига экдим. Неча ойгача ҳаp куни эрталаб кичкина идишда уларга сув қуяр, боғчада хурмозор бўлишини кутар эдим.
Бечора бувим эсини йўқотиб қўйди. Мени йўлга солиш чиндан ҳам имконсиз эди. Саҳар ғира-ширасида уйғонар, кечқурун чарчаб, ҳориб-толгунимга қадар бебошликлар қилар эдим. Овозим ўчгудай бўлса, чорбоғда хавотирга тушишарди. Чунки бу менинг бирор еримни кесиб олиб, овозимни чиқармай қонимни тиндириш, ё бир ерга йиқилиб кетиб, оғриқдан тўлғаниш, ёхуд стул оёқларини арралаш, тўшак жилдларини бўяш каби зарарли ишлар билан машғул эканлигимни билдирар эди.
Бир куни қушларга латта, пайраҳалардан уя ясаш учун дарахтларнинг қир учига чиқар, бошқа бир кун ўчоқ мўрисидан тош отиб, ошпаз хотинни қўрқитиш учун томга тирмашар эдим.
Чорбоққа ора-сира бир доктор келиб турарди. Бир кун шу докторни эшик олдида кутиб турган бўш извошга чиқдим-у, жониворларни қамчиладим. Бошқа бир кун эса каттакон кир тоғорани судраб бориб денгизга туширдим-да, унга ўтириб олиб ўзимни оқинга топширдим. Билмайман, бошқаларда ҳам шундайми, лекин бизнинг оиламизда етим болани уриш гуноҳ ҳисобланарди. Жуда ҳаддимдан ошиб кетган кезларимда қўлимдан етаклаб бориб, бирор уйга қамаб қўйишарди. Берадиган жазолари шу эди, холос.
Ҳамма болалар «соқолли амаки» деб чақирадиган ғалати табиатли бир қариндошимиз бор эди. Ана шу соқолли амаки менинг қўлларимни «Авлиё панжа» дерди. Чунки бармоқларим бирор кун ҳам яра-чақадан холи бўлмас, хина қўйган хотинларникига ўхшаб, ундан латта, бинтлар аримас эди.
Тенгқурларим билан бир хил муомалада бўлмас эдим. Ёши анча катта бўлган қариндош болалар ҳам мендан безилларди. Менда, қалбимда севги олови учқунлагудай бўлса, бу ҳам бир фалокат бўларди. Одамларга ўхшаб севишни, севганимни меҳру шафқат билан эъзозлашни ўрганмаган эдим. Яхши кўрган одамим устига ҳайвон боласидай отилар, қулоқларини чўзар, юзини тирнар, итариб-туртиб жонидан безор қилардим.
Қариндош болалар орасида фақат биттасидан тортинар, ўшандангина ҳайиқар эдим.
У Басима холамнинг ўғли Комрон эди. Аммо уни бола дейиш унча тўғри келмайди. Аввало ёши мендан анча ортиқ, қолаверса, жуда одобли, вазмин. Болаларга қўшилишни ёқтирмайди. Қўлларини чўнтакларига суқиб олиб, ё денгиз бўйида ўзи ёлғиз айланиб юради, ё бўлмаса дарахтлар соясида китоб ўқиб ўтиради.
Комроннинг сочлари жингалак, сарғиш юзи эса нозик, оппоқ, ярқироқ. Шунчалар ярқироққи, юрагим чопса-ю қулоқларига ёпишиб олиб, яқиндан бетларига қарасам худди ойнадаги каби ўзимни кўришимга ишонаман.
Ундан тортинсам ҳам, бари бир жанжаллашдим. Денгиз бўйидан саватда харсангтош ташиётган эдим, шулардан биттасини оёғига ташлаб юбордим. Билмайман, тош оғирмиди ё у анчагина нозикмиди, бирданига чинқириб вой-войлаб юборди. Эсим чиқиб кетди. Боғчадаги каттакон чинорга маймундек чаққон тирмашиб чиқиб кетдим. Мени у ердан на озор, на дўқ ва на ёлворишлар тушира олди. Охири боғбонни орқамдан чиқардилар. У кўтарилган сари мен ҳам дарахт учига чиқиб кетавердим. Аммо у, оғиримни кўтара олмайдиган ингичка шохларга чиқишдан тоймайдиган бир алфозда эканлигимни, агар орқамдан чиқаверса фалокат рўй бериши мумкинлигини кўриб, пастга тушиб кетди.
* * *
Хуллас, ўша кеча қоронғи тушгунча дарахт шохида қушдай ўтирдим.
Менинг дастимдан бечора бувимнинг уйқусида ҳаловат қолмади. Боёқиш хотин менинг телбалигимга кун сайин кўпроқ ишона борди. Гоҳо саҳарда, кечаги шўру ғавғомдан боши тинчишга улгурмай, бувим менинг шовқин-суроним билан уйғонар, кўрпасида тўлғанар, менинг қўлларимдан ушлаб олиб: «Ўзи ўлиб, қариган чоғимда бу махлуқни бошимга бало қилиб ташлаб кетди-я?» дейдиган бўлса, бувим албатта мени деган, уни келган ерига қайтариб юборган бўларди.
Албатта, касалманд бир кампирнинг кечаси ҳорғинлиги босилмасдан уйғониши жабр. Лекин шуниси ҳам борки, кечаси билан тиниб-тинчиган тақдирда ҳам ёлғизлик руҳи билан уйғониш, жудоликлар аламида азоб чекиш янада oғирроқ бўлади.
Хуллас, шунча заҳмат етказганимга қарамай, бувимнинг мен билан овунганига, мен билан бахтиёр бўлганига ишонаман.
* * *
Бувимдан жудо бўлганимизда тўққиз ёшларда эдим. Отам ҳам иттифоқо Истамбулда эди.
Отам бечорани бу сафар Триполидан Албанияга ишга ўтказишибди. Шунинг учун Истамбулда атиги бир ҳафта қолиши мумкин эди.
Бувимнинг ўлими уни мушкул аҳволга солиб қўйди. Бева офицер тўққиз яшар қизини етаклаб тоғу тошлар орасида саргардон бўлиб юролмас эди. Мени сиқилиб қолди деб қўрқибми, холаларимга ташлаб кетишга негадир кўнгли чопмади. Нимани ўйлаган бўлса ўйлагандир, ҳар ҳолда бир кун мени етаклаб бориб кемага ўтқазди. Истамбулга ўтдик. Кўприкда яна аравага тушиб, учи-кети кўринмаган ўрлардан ошдик, бозорлардан ўтдик, кейин битта каттакон ғиштли бино олдига келиб тўхтадик.
Бу ер умримнинг ўн йилини қамоқда ўтказишим керак бўлган сўрлар (soeur) мактаби эди. Бизни эшик ёнидаги пардалари, деразалари ёпиқ, олақоронғи бир хонага олиб киришди.
Ҳамма нарса аввалдан гаплашиб қўйилган бўлса керак, бир оздан кейин қopa кийимли бир хотин кирди-ю, тўғри менинг устимга келиб энгашди. Бошидаги oқ рўмолининг учларини ғалати бир қушнинг қанотлари сингари сочларимга тегизиб туриб, яқиндан юзимга тикилди, бетларимни силади.
Мактабга қўйган биринчи қадамим янги бир бемаънилик, яна бир ярамаслик билан бошланганини эслайман.
Отам мудира опа билан гаплашиб турганида, мен хонани айланиб уни-буни ковлаштира бошладим. Бир вазанинг рангли расмларига бармоғимни тегизиб кўрмоқчи бўлувдим, у тушиб чил-чил бўлди.
Отам қиличини шарақлатиб ўрнидан сапчиб турди, жаҳл билан қўлимдан тортди.
Синган вазанинг эгаси мудира опа эса, аксинча, куларди. Қўлларини силкитиб, отамни тинчлантиришга ҳаракат қилди.
* * *
Мактабда бу вазага ўхшаш яна қанча нарсаларни синдиришим турган гап. Уйдаги бебошлигим у ерда ҳам давом этди. Мураббияларимиз чиндан ҳам малак каби сабрли хотинлар эди ёки менинг яхши томонларим бор эди. Йўқса, менинг дастимдан бу қадар озор чекишлари мумкинми, қалай?
Синфда сира тинмай тўполон қилар, у ёқдан бу ёққа ўтиб юрардим.
Ҳамма сингари зинадан тушиш менинг одатим эмас эди. Албатта бирор бурчакка биқиниб олиб, синфдошларимнинг тушишларини пойлар, кейин панжара ёғочига отга мингандай сакраб чиқиб олиб, ўзимни пастга қўйиб юборардим. Ёки оёқларимни жуфтлаштириб зиналардан сакрардим.
Боғда қуриган дарахт бўларди. Пайти келди дегунча ўшанга тирмашиб чиқиб олганимни, пўписаларга қулоқ солмай танаффус охиригача шохдан-шохга ирғиганимни кўрган муаллимам: «Бу одам боласи эмас, чолиқуши» [5], – деб койиган эди.
Ана шундай қилиб, ўша кундан бошлаб асл номим унутилди-ю, ҳамма мени «Чолиқуши» деб атайдиган бўлди.
Билмайман, бу исм кейинчалик қандай қилиб оиламизга ҳам ўтди-ю, Фарида отим байрам кийими сингари жуда кам қўлланадиган расмий от бўлиб қолди.
«Чолиқуши» менинг ўзимга ҳам ёқарди, нимагаки бу ном кўп маҳал жонимга оро кирарди. Бирон ножўя ҳаракатимдан шикоят қилишса, баҳузур елкаларимни учириб: «На чора... Чолиқушининг қўлидан бошқа нима келарди», – деярдим.
Баъзан мактабимизга эчкиникига ўхшаган кичкина соқол қўйиб олган кўзойнакли поп келиб-кетиб юрарди. Бир кун сочимнинг учидан қайчи билан жиндак кесиб, елим билан иягимга ёпиштириб олдим. Ўқитувчимиз мен томонга қараганда жағимни ҳовучимнинг ичига яширар, нари ёққа қараши билан қўлларимни олардим-у, соқолимни селкиллатиб, попга тақлид қилар, болаларни кулдирар эдим. Ўқитувчимиз бу қаҳқаҳаларнинг сабабини билолмай, томоғи ёрилгудай бўлиб бақирар эди.
Нимаям бўлади-ю, бир маҳал юзимни синфимизнинг йўлакка очиладиган деразаси томонга ўгириб қолмайманми? Қарасам, ойна орқасидан мудира опа менга қapaб турибди-да!
Шошиб қолганимдан нима қилсам бўлади? Бўйнимни эгдим, бармоғимни лабимга келтириб «жим!» ишорасини қилдим, кейин эса бармоқларим билан унга бир бўса юбордим.
Мактабнинг каттаси ана шу мудира опа эди. Энг кекса муаллимларгача ҳамма уни Худодай ҳурмат қиларди. Шундай бўлгани ҳолда, ундан муаллимга нисбатан сир сақлашни сўрашим хотин боёқишга наша қилди. Синфга кирса салобатини сақлаб қололмаслигидан қўрқаётгандай кулди, кейин қўли билан менга пўписа қилиб, йўлак қоронғилигида кўздан ғойиб бўлди.
Мудира опа бир куни мени овқатхонада қўлга туширди. Синфдан ўғирлаб чиққан қоғоз саватимга овқат сарқитларини солиб турган эдим. Мудира дағал товуш билан:
– Бу ёққа кел, Фарида, нима қиляпсан? – деди.
Қилаётган нарсамнинг ёмонлигини билмас эдим. Юзига тик қараб:
– Итларга овқат бериш ҳам ёмон нарсами, масўр? – дедим.
– Қaнақa итларга? Қанақа овқат?
– Вайронадаги итларга... Оҳ, ma soeur [6], мен борганимда қанчалик суюнишганини бир кўрсангиз эди... Кеча кечқурун бўлса, бурчакда кутиб олишди, оёқларимга ёпишишди... «Сабр қилинглар... вайронага элтиб бераман... унгача ўлиб қолмассизлар...», десам ҳам золимлар қулоқ солишмади. Осилишиб мени ерга йиқитишяпти... Менинг ҳам ўжарлигим тутиб кетди. Саватга этагимни маҳкам ёпиб олдим... Сал бўлмаса мени тилка-пора қилиб ташлашарди... Хайриятки, бир тешиккулчачи ўтиб кетаётган экан, қутқазиб олди.
Мудира кўзларимга тикилиб туриб эшитди.
– Жуда соз, хўш, мактабдан қандай қилиб чиқдинг? – деб сўради у.
Мен ҳеч тап тортмай:
– Кирхонанинг орқасидаги девордан ошиб тушдим, – дедим.
Мудира катта бир фалокат хабарини эшитгандай бошини қичиб:
– Қандай ботиндинг? – деди.
Мен яна тўғрисини айтдим:
– Ажабланманг, ma soeur... Девор жуда паст... Ундан кейин, қандай қилиб эшикдан чиқишим мумкин?.. Қоровул мени чиқариб қўярмиди? Биринчи чиққанимда: «Сени ma soeur Терез чақиряпти», – деб алдаб қочган эдим... Илтимос қиламан, сиз ҳам менга халақит берманг... Чунки итларнинг оч қолиш хавфи бор...
Мураббияларимиз хўп ғалати хотинлар эди-да. Бошқа бирон мактабда шу нарсаларни қилсам ё мени қамаб қўйишар, ё бўлмаса бирорта жазо беришар эди, деб ўйлайман.
У мен билан пачакилашиб ўтирмаслик учун ўзини босди.
– Итларни, ҳайвонларни парвариш қилиш яхши нарса, лекин итоатсизлик қилиш ярамайди... Саватни менга ташлаб кет... Сарқитларни итларга қоровул элтиб беради, айтаман, – деди.
Умримда ҳеч ким мени шу хотинчалик яхши кўрмаган бўлса керак.
Мураббияларимизнинг шунга ўхшаш ҳаракатлари у вақт елнинг тоққа таъсирига ўхшаш бир нарса бўлиб, менинг шўхлигимни, интизомсизлигимни даф этишдан ожиз кўринарди. Фақат булар аста-секин танамга сингиб, ўчмас излар, шифосиз заифликлар, назокат замзамаси қолдирмаганмикан, деб қўрқаман...
* * *
Шундай, мен ҳақиқатдан ҳам тушуниб бўлмайдиган ғалати қиз эдим. Ўқитувчиларимнинг заиф томонларини билиб олардим. Ҳар бир ўқитувчининг жиғига нима кўпроқ тегишини осонгина топиб олар, шунга қараб мужда тайёрлардим.
Mасалан, Матильд опа номли қари, ниҳоятда мутаассиб бир мусиқа ўқитувчимиз бор эди. У девордаги Биби Марям сурати олдида кўзларидан ёш тўкиб ибодат қилиб турганда, мен сурат теварагида учиб юрган пашшаларни кўрсатардим-да, «ma soeur, малойикалар азиз онамизни зиёрат қилгани келишибди», деган сўзлар билан жон томирини узиб олардим.
Бошқа бир ўқитувчимизнинг ҳаддан ташқари тоза, покизалигига эътибор қилдим. У ёнимдан ўтиб кетаётганда ручкамнинг ёмон ёзишидан шикоят қилмоқчи бўлар, бечоранинг оппоқ ёқасига сиёҳ сачратиб юборар эдим.
Яна бир ўқитувчимиз бор эди, буниси газандалардан жуда қўрқарди. Китобларнинг бирида рангли чаён расмини топдим-у, авайлаб атрофини кесдим, кейин овқатхонадан битта каттакон сўна тутиб келиб, ҳалиги қоғоз парчасини елим билан сўна устига ёпиштирдим-да, кечқурун дарс тайёрлаётган пайтимизда бир баҳона билан ўқитувчимизнинг ёнига бориб сўнани стол устига қўйиб юбордим.
Мен уни саволга тутиб турган эдим. Сўна бирдан ўрмалай бошлади. Бечора хотин керосин лампанинг ёруғида қўрқинчли бир чаён бўғинларини, нишларини титратиб столда ўрмалаб келаётганини кўрди-ю, бирдан додлаб юборди. Дарҳол ёнида турган линейкани олиб, бир уришда сўнани столга қапиштирди. Кейин орқасини деворга суяб, қўллари билан юзини тўсиб, анчагача ҳушига келолмай турди.
Ўша кеча ўзим ётоқда бир соатча у ёқдан бу ёққа ағанаб, юрагим эзилди.
Мен у вақтда ўн икки ёшга чиққан, кўнглимда ор, ҳаё туйғулари анчагина уйғониб қолган эди. Ўқитувчимга қилган муомаламдан уялдим. Бу айбим осонгина кечириб юбориладиган айб эмаслигини англар, эртага, албатта қийноқ-қистовга олинишимга ақлим етар эди. Ким билади, оқибати нима бўлади?
Мудира опани тушимда бир неча бор кўрдим, ёнимга ғазабланиб келар, кўзларини олайтириб бақирарди.
Эртаси кун биринчи дарс воқеасиз ўтди. Лекин иккинчи дарснинг охирроғида синф эшиги очилиб, мураббиялардан бири кирди-ю, ўқитувчимга бир нималар дегандан сўнг мени ташқарига имо қилди. Нақадар қўрқинчли!
Мен елкаларимни қисиб, тилимни чўччайтириб секин ташқарига чиқиб бораётганимда болалар кулишар, ўқитувчим эса линейка билан столни секин-секин тақиллатиб уларни жим бўлишга, шовқин солмасликка чақирар эди.
Бир нафасда мудира кабинетига етиб келдим, келдиму, таажжубда қолдим. Мудиранинг чеҳраси тушимда кўрган чеҳрага сира ўхшамас эди. Шундайки, чаён сурати ёпиштирилган сўна ўйинини ўйлаб чиқарган, ўқитувчини ҳушидан кетказган ярамас қиз мен эмас-у, у эканига ишонар даражада ҳайратда қолдим.
Чеҳрасида ғам, лабларида титроқ бор эди. Мени қўлимдан ушлаб бағрига босмоқчи бўлгандай бир ҳаракат қилди, лекин қўйиб юборди.
– Фарида болам... Сенга бир хабар айтмоқчиман...
Оғир хабар... Отанг пича бетоб эмиш... Пича деяпман, лекин анчагина бўлса ҳам эҳтимол....
Мудира опа қўлидаги бир парча қоғозни буклар, сўзини улаштиришга қийналар эди.
Мени синфдан чақириб келган мураббиянинг бирдан юзига рўмолча тўсиб ташқарига чиқиб кетганини кўрдим.
Тушундим. Бир нима демоқчи бўлдим, лекин мудира опа сингари менинг ҳам тилим тутилиб қолди. Бошимни ўгириб, очиқ деразадан дарахтларга қарадим. Уларнинг офтоб нури тушган тепаларида қалдирғочлар учишиб юрарди.
Бирдан мен ҳам ўшалар сингари жонланиб кетдим.
– Тушундим, ma soeur, куюнманг... Начора? Ҳаммамиз ҳам ўламиз... – дедим.
Бу сафар мудира опа бошимни кўксига босди, анча вақтгача қўйиб юбормади.
Мактабимизда бегоналар киритилмайдиган кун бўлишига қарамай, бир оздан сўнг холаларим мени кўргани келишди. Рухсат сўраб уйга олиб кетмоқчи бўлишган эди, мен кўнмадим. Имтиҳонлар жуда ҳам яқинлашиб қолгани ўша куни ҳар маҳалдагидан ҳам зиёдроқ шўхлик қилишимга халақит бермади. Шу даражада шўхлик қилдимки, кечки дарс тайёрлаш пайтида баданим ўт бўлиб ёнди, танбалларга ўхшаб қўлларимни партага қўйиб ухладим ва ўша кеча овқат ҳам емадим.
* * *
Ёзги таътилимни Басима холанинг Қўзётоғидаги чорбоғида ўтказдим.
Бу ердаги болалар билан кўнглим овунмас эди. Басима холамнинг қизи Нажмия онасининг этагидан ажралмайдиган камгап, хастаҳол қизалоқ эди. Комрон акасининг худди ўзгинаси деса бўлади.
Хайриятки, атрофда Болқондан кўчирма қилинганларнинг болалари бор экан. Уларни боғчага тўплаб олиб, қий-чув солар, кечга қадар тўполон қилардим.
Бир оз вақтдан кейин бечора ўртоқларим қувғинга учрашди, чорбоғ боғбони уларни кўчага қувди.
Ўртоқларим кўнгилчан болалар эди; кўрган ҳақоратларини писанд қилмай, мени чорбоғдан олиб қочгани келишарди. Неча соатлаб далаларда бебошлик қилар, полизларнинг четанларидан ошиб ўтиб егулик ўғирлардик.
Кечқурун юзим офтобда пўрсиллаб, этакларимнинг йиртиқларини тилинган қўлларим билан яширишга тиришиб уйга кириб келганимда, холам сочларини юлар, бир тутам ялтироқ тук остидаги пушти оғзини очиб ора-сира эснаб ўтирган, шу ҳолида эси паст ялқов мушукка ўхшаган Нажмияни менга ибрат қилиб кўрсатарди. Сулувлиги, билимдонлиги, нозиклиги, тарбияси, билмайман яна нима балоси билан нуқул бошимга тақиллаб уриладиганлардан яна бири Комрон эди.
Нажмия бўлса... Гапнинг қисқаси, онасининг этаклари остида ўсган, юмшоқ, мўмин уй мушуги эди. Лекин қизларнинг шунақа бўлиши кераклигини ичимда маъқуллар ҳам эдим.
Лекин йигирмага яқинлашиб қолган, тароватли юпқа лаблари устида майин мийиқлар сабза ура бошлаган кап-катта Комронга нима бўлди? Қизларникига ўхшаган заифона оёқларида оппоқ чарм туфлиси, ипак пайпоқлари, юрганда ёш новдадай тебранувчи сарв қомати, шоҳи кўйлагининг очиқ ёқасидан чиқиб турган узун, оқ бўйни билан эркакдан кўра кўпроқ қизга ўхшаган бу йигитга жуда ёмон жаҳлим чиқарди.
Эркак қариндошлар, қўни-қўшнилар уни яхши йигит деб мақташгудай бўлишса, қоним қайнаб кетарди.
Неча бор югуриб келиб, оёғим лат егандай ўзимни устига ташлаганимни, китобларини йиртганимни, бекорчи баҳоналар билан жанжал чиқармоқчи бўлганимни эслайман. «Ҳой, Аллоҳнинг қули, қиз болага ўхшаб ўтирмай бир оз жонлансанг-чи, бирон нарса десанг-чи, ана шунда мисоли мушукдай бўйнингга осилиб, сени тупроққа булаб ташлай, сочларингни юлай, илон кўзларига ўхшаган яшил кўзларингга чанг солай!» деб ўйлайман.
Оёқларига тош юмалатиб юбориб, ғужанак қилган кунимни ич-ичимдан завқ билан титраб туриб эслайман. Лекин у ўзини етилган эркак кишидай ҳисоблаб, менга юқоридан қарайди, кўзларини жилмайтириб: «Болалигинг қачон қолади, а, Фарида?» – дейди.
«Жуда соз, лекин сенда ҳам қачонгача давом этади бу писмиқлик, бу совчи олдига чиққан қари қизнинг нозу қарашмаси?..»
Бу сўзларни ҳар нима бўлганда ҳам айтолмайман, албатта. Худога шукур, ёшим ўн уч-ўн тўртларда... Шу ёшдаги бир қизнинг қўрслигини шу қадар бир назокат билан қаршилаган хушмуомала кишидан ортиқча хафа бўлиш ярашмайди. Беихтиёр ножўя сўз чиқиб кетишидан қўрқаётгандек, оғзимни қўлим билан ёпиб оламан, уни бемалол сўкиб олиш учун боғчанинг хилват бурчакларига қочиб кетаман.
Ёмғир қуйиб турган кунларнинг бирида қариндош хотинлар кийим-кечак ҳақида гаплашиб ўтиришган эди. Хотинлар тиктирмоқчи бўлишган қишки кийимларининг ранги тўғрисида Комроннинг фикрини сўраб қолишди.
Мен бир бурчакда тилимни чиқариб, кўзларимни олайтириб, кўйлагимнинг енгини ямаш билан машғул эдим. Ўзимни тутолмадим, қаҳқаҳа уриб кулиб юбордим.
Холаваччам:
– Нимага куляпсан? – деб сўради.
– Ўзим... – дедим. – Эсимга бир нарса тушиб кетди...
– Нима тушди?
– Айтмайман...
– Кўп ноз қилаверма. Дарвоқе, сенинг ичингда гап турармиди... бари бир айтасан бир кун....
– Ундай бўлса хафа бўлма... Сен хонимлар билан кийим тўғрисида гаплашиб турганингда, мен сени Худо янглиш яратган деб ўйладим... Қиз бўлганингдами... лекин ҳозирги ёшингда эмас... Масалан, ўн уч-ўн тўрт ёшларингда....
– Жуда соз, кейин....
– Боятдан бери атиги бир қарич йиртиқни ямагунча бармоқларимни илма-тешик қилиб олганим учун ҳам мен йигирма-йигирма икки ёшлардаги бир эркак....
– Э, кейин....
– Кейин нима бўларди, Аллоҳнинг амри, пайғамбарнинг қавли билан сени ўзимга олардим, вассалом.
Уйдагиларнинг ҳаммаси шарақлаб кулиб юборди. Бошимни кўтардим-у, ҳамманинг кўзи менга тикилиб турганини кўрдим.
Меҳмонлардан бири беадабгарчилик қилди:
– Жуда соз, буни ҳозир ҳам қилиш мумкин, Фарида, – деди.
Эсим оғди. Кўзларимни олайтириб:
– Қандай қилиб? – деб сўрадим.
– Қандай қилиб? Комронга тегасан қўясан-да... У сенинг безакларинг ғамини ейди, йиртиқларингни тикади. Сен ҳам кўча ишларига қарайсан.
Аччиғим чиқиб туриб кетдим. Лекин бу гал кўпроқ ўзимдан аччиғланган эдим. Нима қилай, гап-сўзни ўзим бошлаб берган эдим. Мен бемаъни гаплар айтишда бу қадар ҳаддимдан ошиб кетган эмасдим, чамамда шу хоин йиртиқ кўйлак эс-ҳушимни олиб қўйган бўлса керак.
Шундай бўлса ҳам, қўрқоқ олдин мушт кўтаради, дегандек яна ҳужумга ўтдим.
– Бўлади, лекин Комронбей учун зарарли бўлар деб ўйлайман, – дедим, – чунки Худо кўрсатмасин, уйда жанжал чиққудай бўлса холаваччамнинг ҳоли нима бўлар экан. Бир маҳаллар нозик оёқларига тушган тошни эсларидан чиқармаган бўлсалар керак, деб ўйлайман... – Кулгилар орасида ғалати бир жиддият билан хонамга чиқиб кетаётган эдим, аммо эшикка етганимда яна қайрилдим. – Беадаблик қилдим, – дедим, – ўн тўртга кириб қолган бир қиз учун жуда уят иш бўлди, айбга буюрманглар.
Товонларимни зина тахталарига уриб, эшикларни ланг очиб хонамга кириб кетдим. Ўзимни каравотга тўпдай ташладим. Пастда қаҳқаҳалар давом этарди. Қайдам, балки мени эрмак қилишаётгандир. Барака топишсин.
Комронга тегсам ҳақиқатан ҳам яхши бўлса керак. Чунки ёшларимиз кун сайин ортиб, у билан жанжаллашиш баҳоналари камайиб борар эди. Бир марта бўлса ҳам соч юлишиб, бош уришиб аламимни чиқариб олиш учун унга тегишдан бошқа чора йўқдай кўринарди.
* * *
Ёзги таътил охирида мактабимиз бирмунча вақт қайнаб тошар, бу тошқинлик фақат биринчи чорак имтиҳонларигача давом этарди.
Сабаби шуки, ўн уч-ўн тўрт ёшга кирган католик дугоналарим баҳорги Пахса байрамида дастлабки маросимларни қилишар, этаклари ерга тегадиган оқ шохи кўйлаклар кийишиб, келинчак юз пардасига ўхшаган рўмоллар ўраб олиб, Исо пайғамбарни эслашарди.
Черковда мум шамлар ёқилади, орган чалиниб, дуолар ўқилади; ҳамма ёқни тўлдирган баҳор гулларининг муаттар бўйлари билан аралашиб кетган исириқ, алой тутунлари ичида қилинадиган бу маросим жуда чиройли бўлади. Шуниси ёмонки, каникул кунларида қилинадиган бу маросимда хоин дугоналарим унашиб қўйилган йигитларига вафосизлик қиладилар, асал муми рангли, мовий кўзли Исони рўпара келган бир, ҳатто бир неча эркак билан бўлиб алдайдилар.
Мактаб очилганда дугоналарим чамадонларининг бир бурчагига яшириб мактублар, расмлар, эсдалик қилиб берилган гуллар, невлай, яна қандай нарсалар келтирадилар.
Боғчада иккитадан ё учтадан бўлиб қўл ушлашиб юрганларида гаплашган гапларини билардим. Қизларнинг энг маъсумасига, энг диндорларига ҳадя қилинган рангли, зарли пайғамбар ё малак суратларининг тагида сақланадиган расмлар йигитларники эканини осонгина билиб олардим. Боғчанинг бир бурчагида бирор қизнинг теварагида учган чивинлар ҳам уқолмайдиган бир шипшиш билан дугонаси қулоғига айтган гапидан ҳам бехабар қолмасдим.
Бу мавсумда қизлар иккитадан-учтадан бўлиб олишиб, бир-бирларига елимдай ёпишиб кетишарди.
Мен бечора эса боғчада ҳам, синфда ҳам яккаланиб қолардим. Дугоналарим мендан сир сақлашарди. Улар мураббиялардан ҳам кўпроқ мендан қўрқишарди. Нега дейсизми? Чунки сергап эдим, соқолли амаки айтгандай, ичимда гап турмас эди. Мабодо қизлардан биронтаси қўшни йигит билан боғча панжараси орқали гул олиб-беришганини кўрдимми – бўлди, боғчада дарров айюҳаннос кўтараман. Начора, бундай нарсаларга жуда ҳам ўч эдим.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: қиш кунларининг бирида кечқурун дарс тайёрлаш билан машғул эдик. Мишел исмли тиришқоқ бир қиз нўноқ дугонасига Рим тарихини ўргатиш учун мураббиядан ижозат сўраб, энг орқадаги қаторга ўтиб ўтирган экан. Дарсхона жимжит эди, шу жимжитлик ичида бирдан пиқиллаган овоз эшитилди. Мураббия бошини кўтариб:
– Нима бўлди, Мишел, йиғлаяпсанми? Нимага? – деб сўради.
Мишел кўз ёшларидан ивиб кетган юзини қўли билан тўсиб олди.
Унинг ўрнига мен жавоб бердим:
– Мишел карфагенликларнинг енгилганига хафа бўлди, шунга йиғлаяпти, – дедим.
Синфда бирам қаҳқаҳа кўтарилдики...
Хуллас, дугоналарим мени ўзларига қўшмасликда ҳақли эдилар. Фақат ҳаммадан ажралиб қолиш, кап-каттакон қиз ҳолимда эси паст бола муомаласини кўриш унча яхши нарса эмас эди.
Ёшим ўн бешга қараб борарди. Ҳамма оналаримиз келин бўлган, бувиларимиз эса: «Вой, шўрим, уйда қолиб кетяпсизлар!» деб ҳаяжонга тушадиган ва ҳазрати Айюб қудуғига [7] чопадиган ёш...
Бўйим чўзилмай қолган эди. Аммо шўх-ўжарлигимга қарамай, қоматим келишиб, чеҳрамда ажойиб ранглар, нурлар ёниб ўча бошлаган эди.
Соқолли амаки баъзан қўлларимдан ушлаб, мени дераза ёнига олиб борарди-да, юзимни худди кўзларига суртадигандек, юзини яқин келтириб: «Қизим, бу нима?.. Бу қанақа ранг, ҳей?.. Гулдек тоза-я. На сўлади, на эскийди!» – деярди.
Ойнага қараб: «Ҳа, жоним, қиз деган ҳам шунақа бўладими? Феъли бўри боласига ўхшаса-ю, юзи рассом чизгандай чиройли бўлса!» – деб ўйлар, универсал магазин кўргазмасида бувакни томоша қилаётгандай тилимни чиқариб, кўзларимни олайтириб, ўзимни эрмак қилар эдим..
* * *
Таътиллар ичида энг яхши кўрганим Пасха байрами эди. Бу икки ҳафталик таътилни ўтказиш учун Қўзётоғига борганимда гилослар пишган, катта боғнинг кўчага қараган томонини бошдан-охир тўсиб олган дарахтлардаги гилослар чайқалиб турган бўларди.
Гилосни жуда яхши кўрардим. Ана шу ўн беш кунни чумчуқлар сингари фақат гилос ейиш билан тугатар, шохларининг энг учларида қолган гилосларни ҳам тугатмай туриб мактабга қайтмас эдим.
Бир куни кечки пайт дарахт устига чиқиб олиб, гилос ея, данакларини узоқ-узоқларга ота бошладим.
Шу данаклардан бири кўчада ўтиб кетаётган бир кекса қўшнимизнинг нақ бурнига бориб тегса бўладими?
Боёқиш нима бўлганини билмай донг қотиб қолди, атрофига телба кўзлар билан жовдираб қаради, лекин бошини кўтариб дарахтга қараш ҳеч эсига келмади.
Овозимни чиқармасам, ўтирган еримдан қимирламасам, балки мени ҳеч кўрмай, биронта қуш учиб кетаётиб данак тушириб юборди, деб қўя қоларди. Мен эсам, ниҳоятда қўрққанимга, уялганимга қарамай, ўзимни тутолмасдан кулиб юбордим.
Каттакон шохда отга миниб олгандай ўтирган, сира уялмасдан, ҳаё қилмасдан кулаётган қизни кўрди-ю, боёқиш ўзини тутиб туролмади, жаҳли чиққанидан қошкўзларини ўйнатиб:
– Баракалло, оппоқ қизим, – деди. – Бу ишингиз бизга ёқмади, Худо билади, сиздай бўйи етиб қолган кап-каттакон бир қизнинг...
Ўша замон ер ёрилса, ерга кириб кетгудай бўлдим. Бечора гулдек юзим, ким билади, қандай рангларга кирди экан! Дарахтдан йиқилиб кетиш хавфига ҳам қарамай, қўлларимни мактабда киядиган кўйлагимнинг кўкраги устида қовуштириб бўйнимни хиёл букдим-да:
– Кечиринг, бейафандим, – дедим, – Худо ҳаққи, бехосдан бўлди... Яна ҳам тўғриси, билмай қолдим... – Бу гуноҳкорларча ёлвориш усули мактабда мураббиялар, диндор ўқувчилар Биби Марям билан Исо олдида дуо ўқиётган маҳалларида қўлланадиган усул эди. Ҳар ҳолда, бунинг таъсири узоқ вақтлардан бери синаб келинарди. У неча асрлардан бери илоҳий она билан болани шу қабилда юпатиб келгани учун, бу кексани ҳам охирда инсофга келтириши мумкин эди.
Тахминимда янглишмадим. Қўшним бу риёкор сўзларимга, овозимдаги қалтироққа алданди, юмшалди. Нимагадир, менга бирон яхши нарса айтиш зарурлигини сезгандай:
– Бу хил парвосизликнинг бўйи етиб қолган қизга зарари етиши мумкинлигини тушунмайсизми? – деди. Нима демоқчи эканлигини жуда яхши тушуниб турсам ҳам, кўзларимни пирпиратиб:
– Нега энди, афандим? – деб сўрадим.
У киши қуёшнинг ёндош тушиб турган нурларига қўлини парда қилиб, менга диққат билан разм солди, кейин хахолаб кулди.
– Масалан, сизни ўғлимга олиб бермоқчи бўлсам...
Мен ҳам кулиб юбордим.
– У томонга хотиржам бўлсинлар, афандим. Одобли қиз бўлганимда ҳам олмас эдингиз!
– Нега энди, билолмадим?
– Чунки менинг дарахтга чиқиш, гилос данакларини отишдан ҳам каттароқ айбларим бор... Биринчидан, бой қиз эмасман... Қулоғимга чалинган гапларга қараганда, камбағал қизни ҳеч ким назарига илмас эмиш... Иннайкейин, чиройим йўқ... Мендан сўрасангиз, бу – камбағалликдан ҳам каттароқ бир камчилик...
Бу сўзлар кекса бейни жуда қизиқтириб қўйди.
– Сиз хунукмисиз, қизим? – деди.
Мен лабларимни чўччайтирдим.
– Нималар деяпсиз? Нима, мен ўзимни билмайманми? – дедим. – Қиз деган ҳам шунақа бўлармишми? Қизга узун бўй, сариқ соч, мовий ёки яшил кўзлар лозим...
Кекса бей бир маҳаллар чатоқ юрганга ўхшайди... Ғалати боқиш, ширин товуш билан:
– Оҳ, бечора қизим, – деди. – Сен гўзалликнинг нималигини биладиган, ўзингнинг қандайлигингни фарқ этадиган ёшдамисан-а? Ҳар нима бўлганда ҳам... Қани, отингиз нима, билиб қўяйлик?
– Чолиқуши.
– Ие, бу қандай от бўлди?
– Пардон, [8] мени мактабда шундай дейишади-да... Асл исмим Фарида. Ўзим сингари қўпол-тўпол исм.
– Фарида хоним... Сизнинг отингиз ҳам ўзингиз сингари гўзал, бунга амин бўлинг. Кошкийди ўғлимга сиздақасини топсам...
Билмайман, нима учундир бу кибор қиёфали, ширин сўзли киши билан шўхлик қилгим келиб кетди.
– Шу ҳолда ўзларига ҳам гилос отсак бўлади денг?
– Албатта... Албатта... Ҳеч шубҳа йўқ...
– Ҳозирча рухсат этсангиз, сизга бир оз гилос териб берсам. Мени кечирганингиз исботи учун гилосларни, албатта, олишингиз керак... Икки минут...
Олмахон чаққонлиги билан шохларга тирмашиб чиқиб кетдим. Кекса қўшним қўлларини кўзларига тутиб:
– Ана, шохлар қирсиллаяти... Мен сабаб бўламанда... Йиқиласиз, Фарида хоним! – деб бақирарди.
Мен бу ваҳимага эътибор бермай, гапдан толмас эдим.
– Ҳайрон бўлманг... Йиқилишга ўрганиб қолганман... Масалан, яқин бўлсак, чаккамдаги яра изини кўрардингиз. Шундай изки, бутун гўзалликларни ҳечга чиқаради....
– Ҳай-ҳай, қизим... Йиқиласиз...
– Бўлди, афандим, бўлди... лекин буларни сизга қандай қилиб бераман?! Топдим, афандим, бунинг ҳам йўлини топдим..
Фартугимнинг чўнтагидан рўмолча олдим-да, унга гилосларни солиб учларини тугунчага ўхшатиб тугдим.
– Рўмолчага парво қилманг... Ҳали бурнимни артганим йўқ... Топ-тоза... Илтимос, фақат ерга туширмасдан ушлаб оласиз... Бир... Икки... Уч!
Кекса қўшним кутилмаган бир чаққонлик билан рўмолчани тутиб олди.
– Кўп раҳмат, қизим, – деди. – Ана холос, энди рўмолчангизни қандай қайтариб бераман?
– Ҳечқиси йўқ... Сизга мендан ҳадя бўла қолсин.
– Нега энди?
– Нега бўлмасин? Бунинг бошқа томони ҳам бор... Мен бир неча кундан сўнг ётоқхонага қайтиб кетаман. Мактабимизда бир одат бор... Таътил кунларида қизлар йигитлар билан танишишади, кейин, мактаб очилганда, буларни бир-бирларига мақтанишади. Мен бундай нарсаларни қилмаганим учун улар олдида жуда қисиламан... Аммо улар бетимга очиқ-сочиқ бир нарса дейишга ботинишмайди, мени мутлақо аҳмоқ деб билишса керакда. Бу сафар бир ғалати иш қиламан... Мактабга қайтганимдан кейин, бир сирим бордай бошимни солинтириб ўй суриб юраман, ғамгин-ғамгин кулимсийман. Улар: «Чолиқуши, сенда бир гап бор-а?» деб, албатта, сўрашади. Мен ҳам нохушгина: «Хайр, менда гап нима қилсин?» дейман... Ишонишмай, мени қистай бошлашади. Ана шундан кейин: «Хайр, айтсам айтай... лекин бировга оғизларингиздан чиқармайсизлар, қарғанасизлар», – дейман-у, битта ёлғонни дўндириб юбораман.
– Қандай ёлғон?
– Сиз билан танишганим ёлғонни осонлаштиради.
«Сарғил, узун бўй бир эркак билан девор устида дилдорлик қилишдик», дейман... Албатта, оқ сочли дея олмайман. Сочингизнинг ўзи ҳам ёшликда оқара бошлаган бўлса керак... Дугоналаримнинг феълини биламан-да. Дарров: «Нима ҳақда гаплашдинглар?» – деб сўрашади. Мени чиройли экансиз, деди деб онт ичаман. Мен ҳам унга бир рўмолча гилос бердим, деб, албатта, айтмайман. Гул бердим, дейман... йўқ, буниси ҳам тўғри келмайди... Гулни рўмолчада бермайдилар-ку... Рўмолчани ҳадя қилдим, дейман, вассалом...
Бир озгина аввал бир-биримиз билан ёқалашгудай бўлганимиз ҳолда, энди кекса қўшним билан чақчақлашиб кулишар, қўл силкишиб хайрлашар эдик...
Ўша йил ёзида шу дарахтга чиқиш иллатим бошимга бало бўлди.
Августнинг ойдин кечаларидан бири. Чорбоққа бир тўда меҳмон келган эди. Булар орасида Наримон номли йигирма беш ёшлардаги бир тул хотин ҳам бор эди. Унинг онда-сонда чорбоққа келган кунлари катта воқеа ҳисобланарди.
Дунёда ўзларидан бошқа ҳеч кимни ёқтирмайдиган холаларимдан тортиб хизматчи қизларга қадар – ҳамма бу хотинга маҳлиё бўлиб қолган эди.
Наримоннинг эри бундан бир йил аввал ўлган. Наримон эрини жуда ҳам яхши кўрарди, дейишади. Шунинг учун у ҳамиша қора кийиб юрар экан. Лекин менга шундай туюлдики, бу хотиннинг сарғимтир чеҳрасига жуда ҳам ярашиб тушган қора кийими аза тамом бўлгандан сўнг ечилгудай бўлса, унинг қуруқлиги ошкор бўлиб қолади.
Наримоннинг менга қилган муомалалари ит мушукни эркалаганига ўхшарди. Лекин мен унга ҳеч эликмас эдим. Орамиз анча совуқ эди. Менга қилган илтифотларини жуда совуқ қаршилардим.
Ўртамиздаги совуқликнинг ҳали ҳам давом этганига қарамай, тан беришим керак Наримон ўлгудай чиройли эди. Менга ёқмайдиган бир нарсаси бўлса, у ҳам нозу карашмаларга ўчлиги эди. Хотинлар ичида-ку ўзини унча-мунча яхши тутарди-я, лекин, мабодо орага битта-яримта эркак аралашиб қолгудай бўлсами, ана унда юзи ўзгарар, овози, қаҳқаҳалари, қилиқлари бутунлай бошқа тус оларди. Қисқаси, мактабимдаги енг ичида иш кўрадиган дугоналаримнинг яна ҳам саводи чиққанроғи...
Эри ҳақида гап очилгудай бўлса, бу хотиннинг: «О, менинг ҳаётим битди!» деб ёлғон таассурот қолдиришга ҳаракат қилиши жон-жонимдан ўтиб кетарди. У шундай қилганда ич-ичимда ғазабга келар, «кўзга яқинроқ биронтаси учрасин, кўрамиз», деб ўйлардим.
Чорбоғимизда Наримонга тенг келадиган ҳеч ким йўқ эди. Латта Нажмияни эса, табиий, одам сонига қўшиб бўлмайди. Холаларим сочлари, бошлари оқарган қари хотинлар. Гоҳ унинг, гоҳ бунинг оёқларини тушашдан бошқа гаплари йўқ. У ҳолда, у ҳолда...
Мен Наримоннинг чорбоққа мазахўрак бўлиб қолганининг сабабини сеза бошлагандай эдим. У эси паст бўламни кўз остига олиб қўйган эди. Ё тегмоқчимикан? Ундай деб ўйламайман. Ўттизга яқинлашиб қолган тул хотиннинг йигирма ёшлардаги йигитчага тегиш ҳаракатига тушиши пасткашликнинг бориб тургани... Агар у бундай пасткашликдан қайтмаса, бемаъни холаларимда тажрибасиз болаларини калхатга олдириб қўймайдиган кўз топилармикан?
У ҳолда, у ҳолда?
У ҳолдаси борми? Бахтиёр тул, ўз ҳашамати, фантазияси олдида тиз чўкадиган биронта шўринг қурғурни топгунча менинг бўлам билан кўнглини чоғ қиляпти.
Комронни эси паст дедим-а, йўқ, қизишганимдан айтдим... Йўқса, у нима қилаётганини яхши биладиган сариқ чаён. Наримон билан гаплашганда ўзини пинҳон тутишга тиришади, лекин мендан қочиб қутула олармикан?
Болалар билан ёқалашиб ё ипдан сакраб ўйнаб турган, ёхуд ерга ётиб олиб, карта фоли очаётган кезларимда ҳам кўзларим фақат уларда бўлади...
Бўлам қаерда бўлса ҳам, ўша хотиннинг пинжига кириб олади. Гоҳо ҳеч нарсадан бехабардек ёнларидан ўтиб кетаман. Ана шундай кезларда овозларини пасайтиришади ё гапни бошқа ёққа буриб юборишади... «Нима қилишса қилишавермайдими, сенга нима?» деярсизлар. Менга нимами? Комрон душманим бўлганда ҳам, ҳар ҳолда, бўлам... Қандайлиги номаълум бўлган бир хотин уни бузар экан-у, мен қараб ўтираманми?..
Нима тўғрисида гапираётган эдим?.. Ҳа, августнинг ойдин кечаларидан бири... Меҳмонлар чорбоғ олдидаги айвонда ўринсиз ёқилган катта лампанинг ёруғида ҳангомалашиб ўтиришган эди.
Наримоннинг мусиқа ноталари сингари ўлчовли, оҳангдор қаҳқаҳалари асабимга теккани учун боққа чиқиб бир бурчакда, қоронғи дарахтлар тагида хаёл суриб ўтирган эдим.
Азамат шохларидан бир қисми қўшни боққа осилиб тушган битта қари чинор бор. Бечоранинг ейишга ярагули меваси бўлмаганига қарамай, салобати учун яхши кўрардим. Устида, худди супада юргандай, ҳеч қўрқмасдан юриладиган йўғон, соябон шохларига чиқиб айланар, ёхуд ўтирардим. Ўша кеча ҳам шундай қилдим, анчагина баланд шохига чиқиб ўтирдим.
Бир оздан сўнг қулоғимга енгил оёқ товуши, орқасидан эса бўғиқ қаҳқаҳа эшитилди.
Дарҳол кўзларимни очиб, қулоқларимни динг қилиб турдим... Нима десам бўлади. Бўлам бахтиёр тул билан мен томон келарди...
Қармоғига балиқ яқинлашганини кўрган балиқчи сингари, бошдан-оёқ диққатга айландим. Ўтирган еримда шовқин солиб юбормасайдим, деб ўтакам ёриларди. Беҳуда қўрқув!
Улар ўзларидан шу қадар кетишган эдики, ўтирган еримда бонг урсам ҳам эшитишмас эди. Наримон олдин-да, бўлам эса араб малайдай тўрт-беш қадам орқада келарди. Девор орасидан ўтиб, нари кетишга мадорлари етмагани учун мен чиқиб олган дарахт тагига келиб тўхташди: «Келинг, жужуқларим! Келинг, қўзиларим!.. Сизларни менга Аллоҳ насиб қилди. Бир оздан сўнг кўришамиз... Бу гўзал ойдин кечад
