автордың кітабын онлайн тегін оқу Qo‘rqinchli Tehron
Мушфиқ Козимий
ҚЎРҚИНЧЛИ
ТЕҲРОН
I БОБ
ЧАЛАМАЙДОН ҚАҲВАХОНАСИ
1330 (1916) йил шаъбон-ул муаззам ойининг 17си, душанба куни кечга яқин дунёда қадимий маданият макони ва улуғ шоирларнинг ватани бўлмиш Эрон мамлакатининг пойтахти – Теҳрон шаҳри бўм-бўш ва осойишта эди. Кучли шамол эсмоқда, кўчаларни чанг-тўзон қоплагани учун қатнов сийраклашган. Муҳтожлик уйдан чиқишга мажбур қилган, аҳён-аҳёнда учрайдиган йўловчиларгина чанг-тўзонга қарамасдан, шаҳарнинг турли тарафларига қараб кетар эдилар.
Теҳрон анча катта шаҳар бўлса ҳам фақат шимолий қисмидагина извош ва кўнкалар бор; шаҳарнинг фақир хонадонлари яшайдиган жанубий қисмидаги кўчалар эса жуда тор, эгри-бугри, ўйдим-чуқур.
Бу томонда, яъни шаҳарнинг жануб тарафида Парижнинг Кур де Миракль кварталига жуда ҳам ўхшаб кетадиган Чаламайдон деб номланган бир маҳалла бор. Париждагидай бу ерда ҳам кўп вақтлардан буён маданиятдан бутунлай четда қолганларгина эмас, балки инсоний қиёфасини тамоман йўқотган кишилар яшар эдилар. Пучак пул ва арзимаган нарса учун, масалан, ашур ойидаги диний маросимда қайси бир тўданинг туғ ва алами олдинда бориши кераклиги ҳақида баҳслашиб, бир-бировлари билан қирпичоқ бўлишга тайёр турган, қариндош-уруғларини ўлдирадиган ва тунайдиган кишилар шу томонда яшайдилар. Ҳатто шу кунларда ҳам бунақанги одамларни ўша ерда, айниқса «Бобо Наврўз Али» чорраҳасига яқин жойларда кўплаб учратиш мумкин.
Бу ернинг аҳолиси сиёсатдан узоқ. Теҳроннинг шимол тарафида ҳар қандай ҳодиса юз берса ҳам, ҳатто бутун оламни қизиқтирадиган ҳодиса, масалан, Вазирлар Кенгаши ўзгарса ҳам бу ернинг аҳолиси ундан хабарсиз қолаверади.
Авахтадан қочишга муваффақ бўлган ўғри ёки жиноятчини полиция ахтариб, кўпинча шу ерлардан топарди. Бу маҳалланинг турли ерларида бир талай ҳар хил қаҳвахоналар бор. Қаҳвахоналарнинг ҳар бири жиноятчиларнинг бошпанаси эди.
Ҳикоямиз бошланган куни мазкур қаҳвахоналарнинг бирида бир туркум одамлар йиғилиб суҳбатлашмоқда эдилар. Тамаки, тарёк ва самоварнинг тутуни қаҳвахонани бутунлай қоплаб олганидан деярли чала қоронғи эди. Қаҳвахона деразасининг атиги биргина кўзида чанг босган бир ойна бўлиб, қолган уч кўзига қоғоз ёпиштирилган эди. Шу ойна солинган ягона кўздан кўчада кўтарилаётган чанг-тўзон кўриниб турарди. Ичкарида ҳаво шу қадар бузилган эдики, одатланмаган киши кириб қолгудай бўлса, кўнгли ағдарилган бўларди.
Қаҳвахонадагилар турли-туман кишилардан иборат бўлиб, диққат билан қараган одам бу ерда энг пастки табақа ва касб-кордаги вакилларни топиши мумкин эди. Уларнинг кўпчилиги ҳар ер-ҳар ерда давра қуриб, чой ичмоқда, ё наяки қилмоқда ёки суҳбатлашмоқда эди. Фақат бир кишигина бир бурчакка қисилиб, хаёлга чўмган ҳолда папирос чекар, гапга аралашмас эди. Бу йигирма беш ёшларга кирган, буғдойранг, чақноқ қўйкўзли йигит эди. У жилмайган чоғида юпқа лаблари остидан икки қатор оппоқ тишлари кўриниб кетарди, лекин бу табассум унинг ҳазин қиёфасига унча ярашмагандай туйиларди. Унинг энгил-боши тўзиган ва исқирт бўлиб, қаттиқ муҳтожликка тушиб қолганидан дарак берарди.
У хаёл дарёсига ғарқ бўлиб ўтирар экан, атрофидаги нарсаларни пайқамаётганга ўхшар, фақат аҳён-аҳёнда теваракка кўз ташлаш учун бошини кўтарарди-ю, яна хаёлга толарди.
Сўнгги папиросини чекмоқчи бўлганида унга бир киши яқинлашди. Бу қаҳвахона эгаси эди. Бу киши гавдаси беўхшов, бошига катта намат кулоҳ кийган, кўзлари шокосадай, хамак бурун, бадбашара, одам тушида кўрса қўрқадиган чол эди. У қўлини йигитнинг елкасига қўйиб:
– Ҳа, Жавод, нега бугун жуда хафа кўринасан? – деди.
Жавод бошини хаёлдан аранг кўтариб:
– Ҳеч гап йўқ, амакижон. Бўлмағур хаёллар миямни қотириб турган эди. Сизни кўришим билан ёмон хаёлларим тарқаб кетди, – деб жавоб берди.
– Йўқ, Жавод, жуда ҳам унчалик бўлмаса керак, – деди чол, – бир неча кундан бери хафа кўринасан. Нима, менга ростини айтгинг келмаяптими? Юрагингдаги дардингни менга очиб айтмаслигинг яхши эмас.
– Йўқ, амакижон, айтишга арзийдиган ҳеч гап йўқ. Бир оз тобим қочиб турибди.
Бу гапларинг ҳаммаси ёлғон. Мени лақиллатмоқчи бўласан. Қани айт-чи, нега бир неча кундан буён ишга бормай юрибсан?
Жавод қайғули овоз билан деди:
– Тўғрисини айтсам, амаки, бир неча кундан бери уста билан орамиз бузилиб юрибди. Бундан кейин у билан ишлашга тобим йўқ.
Чол кулди:
– Ҳамма гап шуми? Эй иним, хоҳласанг устани шу ерга чақиртираман. Текинга бир-икки стакан чой бераману, сизларни яраштириб қўяман.
Жавод шошиб-пишиб:
– Йўқ, йўқ, қўйинг, асло ундай қилманг, – деди.
Чол Жаводнинг кейинги сўзларини эшитмагандай бўлиб:
– Хафалигингнинг сабаби шуми ҳали? – деди.
– Ҳа, амакижон, – деди Жавод, – ўзингиз яхши биласизки, устадан оладиган тўрт-беш қирон [5] пулга ишдан қайтишимда нон олиб, онам, опам ва опамнинг икки боласини боқардим. Уста билан аразлашиб қолганимга уч кун бўлди. Шундан буён уйга икки қўлимни бурнимга тиқиб боряпман. Мени қайғуга солган нарса ана шу. Қанча қидирсам ҳам, ҳалигача бирорта иш тополганим йўқ. Бундан кейин ҳам иш топа оламанми, топа олмайманми, билмайман.
Бу чолнинг исми Бобо Ҳасан бўлиб, ташқи қиёфасидан яхши, раҳм-шафқатли кишига ўхшамаса ҳам, аслида жуда раҳмдил, кўнгилчан ва меҳрибон бир киши эди. Жаводнинг гаплари унга ниҳоятда таъсир қилди. Бечора Жаводнинг аҳволига қаттиқ ачинган Бобо Ҳасан беихтиёр унинг қўлини ушлаб:
– Ўғлим, сабр қил, хафа бўлма, – деди ва чўнтагидан иккита кумуш танга чиқариб, Жаводнинг қўлига берди. – Ҳозирча шу пулга бир оз нон олиб, уйингга олиб бор. Худо хоҳласа, тез фурсатда сенбоп бирор иш ҳам топиб берарман.
Жаводнинг катта кўзлари жиқ ёшга тўлди:
– Раҳмат, амакижон. Сизнинг бу одамгарчилик ва меҳрибонлигингиз эвазига нима десам экан? Бу марҳаматингиз билан мени хижолат қилиб қўйдингиз.
Бобо Ҳасан ўз ҳаяжонини сохта кулги билан яширишга уриниб деди:
– Ўғлим, ҳозир бу гапларнинг ўрни эмас, Худо хоҳласа, яқинда сенга яхши бир иш топиб бераман, ана ўшанда...
Чол шундай дегач, устига самовар, стаканлар, чой ва қандлар қўйилган супача олдига бориб, дастёрига аллақандай йўл-йўриқ кўрсата бошлади.
Жавод ёлғиз қолди. Ҳозир ёнига оз-моз пул тушган бўлса-да, лекин ҳали ҳам қайғули хаёллари уни тарк этмаган эди.
Муҳтарам ўқувчилар ҳикоямиздаги воқеалардан батафсилроқ хабардор бўлсинлар, деган мақсадда шу ерда Жаводнинг мухтасар таржимаи ҳолини баён қилиш учун ўзимда мажбурият ҳис этаман.
Тахминан бундан олти йил бурун, Теҳроннинг Сапгалаж деган маҳалласида, сиртдан қараганда бирор ҳунармандники бўлиши мўлжал қилинган бир уйда уч эркак, икки хотин ва икки боладан иборат бир оила яшар эди. Эркаклардан биринчиси оила бошлиғи – қирқ беш ёшда, чиройли, йирик гавдали, жуссаси келишган бир одам эди. Иккинчиси ўттиз ёшларда, учинчиси эса йигирма ёшларда эди. Хотинлардан бири қирқ, иккинчиси йигирма уч ёшларда, болаларнинг бири ҳали уч ёшга тўлмаган, сўнггиси эса эмизикли эди.
Бу оиланинг тирикчилиги анча дуруст эди. Оила бошлиғининг исми Уста Али, ҳунари кавушдўзлик бўлиб, Теҳроннинг танилган дўзандаларидан ҳисобланарди. Ўттиз ёшлардаги йигит Жаводнинг поччаси, Уста Алининг куёви бўлиб, исми Ризо эди. Болалар бўлса, Уста Алининг набиралари, Жаводнинг жиянлари, яъни опасининг болалари эди.
Бу оила Уста Алининг дўконидан келадиган даромад ва Ризонинг кундалик топадиган пули билан ўзига тинч ва хушвақт кун кечирар эди. Жавод у пайтларда отасининг ҳунарини ўрганаётган бўлиб, ҳали отасидай уста бўлиб етишмаган эди.
Бу пайтларда Теҳронда ичтерлама касали қутурмоқда эди. Бу касаллик ҳар куни ҳали у-ҳали бу бахтсизнинг гирибонига ёпишиб, ўлим чуқурига юмалатарди, бизнинг Уста Али ҳам шу касалга йўлиқди. Табибларнинг дори-дармонлари ҳеч қандай фойда бермади, беш кунлик курашдан кейин касаллик енгди ва бу ўлим оилани зўр мусибатга дучор қилди. Гўё бу қайғу камлик қилгандек, оилада яна бошқа бир бахтсизлик юз берди. Уста ўлгандан уч кун кейин касаллик Ризонинг ҳам ёқасига ёпишди. Хотинлар ва Жаводнинг бу фалокатлардан қанчалик қайғу ва изтироб чекканларини тасаввур қилиш қийин эмас. Фалак буларнинг қайғу ва аламларини камайтириш ўрнига, яна бир қат ошириб тушди. Яъни етти кундан сўнг бечора Ризо ҳам оламдан ўтди.
Кутилмаган бахтсизликлар натижасида бу оиланинг қандай аҳволга тушиб қолганини тасвирлаш оғир. Жаводнинг оладиган иш ҳақи бу оиланинг тебранувига етарли бўлмаганидан, ҳар кун уй-рўзғор асбобларини секин-секин сота бошладилар. Бора-бора асбоблари ҳам тугади. Қашшоқликнинг шафқатсиз панжаларида эзилган бу оила, ҳар ким-ҳар кимдан қарз олмоққа мажбур бўлди. Оқибат, икки йилдан кейин Сангалаж маҳалласидаги ҳовли ҳам қарзни тўлаш учун сотилди. Кейин шу бефайз маҳалладан икки хонали тор бир уйни ижарага олиб, кўчиб келдилар. Жавод бўлса кавушдўзлигини ташлаб, бир бинокор устанинг ёнида иш бошлади ва ҳар куни оладиган беш қирон иш ҳақи билан бу оиланинг тирикчилигини бир амаллаб тебратар эди. Шу аҳволда уч йил ўтди. Бу бахтсиз оила учун шунчалик узун бир муддатда ҳеч қандай нажот йўли очилмади. Бундан ташқари, арзимаган бир нарса устида уста Жавод билан нари-берига бориб, уни сўкди, ҳақорат қилди. Жавод бундай ҳақоратга чидаёлмай, устадан ажралди ва бир умр унинг олдига бормасликка ўз-ўзига сўз берди.
Муҳтарам ўқувчиларимиз энди бечора Жаводнинг қаҳвахонадаги аҳволини ва нима учун бунчалик қайғули ўйларга толиб кетганининг сабабини тушунган бўлсалар керак.
Нон олишга пули бўлса-да, Жавод қайғули хаёлларидан халос бўлолмас, гўё қотиб қолган одамлардай, кўзларини ерга тикиб ўтирар эди. Бирданига елкасига бир қўл текканини сезиб, бошини кўтарди. Қаршисида қўшни бозорчадаги баққолнинг шогирди, ўн тўрт ёшлик таниш бир болани кўрди.
– Бозорчада сизни бир киши кутиб турибди. Мени чақириб келишга буюрди, – деди бола.
Жавод ўрнидан туриб, бола билан бирга қаҳвахонадан чиқди-да, нотаниш бир йигитга дуч келди.
[5] Қирон – тахминан бир танга.
II БОБ
МУҲТОЖ БЎЛСАНГ, ҲАР ИШГА КЎНАСАН
Нотаниш йигит рангпар юзли, қўнғир жингалак сочли, қора кўзли, ингичка ва қирра бурунли эди. Унинг эгнида сардорий деб аталадиган қора камзул, бошида «кулоҳи низомий» деб аталувчи қора намат кулоҳ бор эди. Бу йигитга диққат билан қараган одам уни бу маҳаллалик бўлмаганлигини ва бу ерга аниқ бир тилак билан келганини англарди; унинг биринчи қарашдаёқ кўзга ташланадиган оппоқ пахтадай қўллари ва ўзини улуғвор тутиши унинг асилзодалар хонадонига мансуб эканидан дарак берарди. Кўзлари бу йигитга тушиши биланоқ Жавод ундан:
– Оғо, менда бирор ишингиз борми? – деб сўради.
– Ҳа, шундай, – деди нотаниш йигит ва яширинча ишора қилиб, бу ерда сўзлашиш мумкин эмаслигини англатди.
– Бу ерда тилагингизни очиқ айтишни истамасангиз, юринг, бизникига борамиз, ҳовлим шу яқин ўртада, нариси билан икки юз қадамча келади. Марҳамат қилинг, ўша ерда гаплашамиз, – деди Жавод.
– Бу ерда, албатта, сўзлаша олмаймиз. Лекин сеникига ҳам бора олмаймиз, сен менинг орқамдан эргашиб келавер, – деди нотаниш йигит ва Жаводни орқасидан боришга имо қилди.
Ҳар икковлари иккита тор ва қисқа кўчалардан ўтиб, илгари таъзия жойи бўлганлиги кўриниб турган кенг бир майдончага етдилар.
Бу маҳал шамол бир оз тўхтаган бўлиб, ёмғир майдалаб ёғар эди. Кеч кириб қолганлигидан кишиларнинг қатновлари ҳам анча сийраклашган. Бу икков майдоннинг бир тарафига бориб, бир тош супага ўтирдилар.
Нотаниш йигит бир оз жимликдан кейин бошини кўтарди-да, Жаводнинг қўлларини қўлига олиб, кўзига диққат билан тикилди. Бир оз ўтгач, гўё ишонч ҳосил қилгандай:
– Янглишмасам, исминг Жавод бўлса керак-а? – деди.
Жавод ғамгин товуш билан:
– Тўғри, оғо, исмим, айтганингиздай, Жавод, – деб жавоб берди.
– Ундай бўлса, сенга тўла ишонсам бўлар экан, – деди нотаниш йигит.
Жавод бу хилдаги гапларга унча одатланмаганидан паришонлик билан:
– Бунисини билолмадим. Агар ишонган бўлсангиз, истагингизни айтинг. Ишонмасангиз, яна ихтиёр ўзингизда, – деди.
– Йўқ, йўқ! Мен биринчи кўргандаёқ сендан хотиржам бўлдим. Энди, агар тинглашни истасанг, бир оз жиддийроқ сўзлашамиз.
– Марҳамат, ихтиёр сизда, – деди Жавод.
Нотаниш йигит, ҳеч ким йўқми, деган мулоҳазада теварагига диққат билан аланглаб олгач, бошини қўли орасига олиб, чуқур ўйга ботди. Бир неча дақиқа жимжитлик чўкди. Бу орада Жавод ҳам бир сўз демасдан, ўзининг эски хаёллари билан банд бўлди. Йигит бошини кўтарган чоғида пешанасини майда тер қоплаган эди, у Жаводдан сўрай бошлади:
– Бунчалик мушкул аҳволдан бир йўла қутулиш учун мўмайгина пул ишлаб олишни истайсанми?
Жавод оғир хўрсиниб:
– Оҳ, оғо, бу менинг айни муддаоим-ку, – деди.
Нотаниш йигит гапини давом эттирди:
– Мен сенинг ўтмиш турмушингдан ҳам, ҳозирги аҳволингдан ҳам яхши хабардорман. Қандай қилиб шундай бахтсизликка йўлиққанингни, етимлигингни ҳам биламан. Кеча қаҳвахона олдидан ўтар эканман, сени кўриб, ўтиришингдан қанчалик фалокат ва бахтсизликка йўлиққан бир одам эканлигингни англадим... Киришмоқчи бўлган ишимга сени муносиб одам деб санаганим учун қидирдим, ўтмиш ҳаётингни бўлса, кишилардан суриштириб билдим.
Жавод дарров нотаниш йигитнинг сўзини кесиб деди:
– Оғо, ундай бўлса, тирикчиликда қанчалик қийналиб қолганимни ва пул топмасам, бу оғир аҳволдан чиқа олмаслигимни билган бўлсангиз керак.
– Ҳа, албатта. Демак, мен киришмоқчи бўлган ишга кўмаклашувга тайёрсан ва шу йўл билан пул топишни истайсан, шундайми?
– Шундай, оғо, мен ҳар қандай буйруғингизни бажаришга тайёрман.
Йигит бу сўзлардан сўнг ҳамёнини чиқарди-да, ундан тўрт дона уч туманлик [1] қоғоз ақча олиб, Жаводга узатди.
– Ҳозирча мана шу пулни олиб тур. Иш давомида яна пул бериб тураман. Фақат шуни эсингдан чиқармаки, менинг сенга буюрадиган юмушим бошқа ишларга ўхшамайди, шунинг учун ҳар нарсага тайёр бўлиб турасан. Мен нимани айтсам, шунга қараб иш тутасан.
Жавод ҳеч нима ўйламасданоқ:
– Жоним билан тайёрман,– деб жавоб берди.
Нотаниш йигит, бошқа одамларнинг кузатувидан ҳадиксираб, бир неча муддат теваракка диққат билан кўз югуртирди ва хотиржам бўлгандан сўнг, секингина сўзлай бошлади:
– Мен одам ўғирлаш ёки битта-яримтасини вақтинча яшириш каби ишларнинг уддасидан чиқа оладиган эпчил ва ботир йигитнинг ёрдамига муҳтожман, иншоолло, балки сенинг ёрдаминг билан истагимга ета оларман. Лекин, бу иш ҳақида батафсил гапириб бериш учун бу ер ноқулай ҳамда вақтим ҳам етарли эмас. Ҳозирги асосий масала, менга ёрдам беришга рози бўласанми, йўқми, ана шуни билишим керак.
Қашшоқликдан қаттиқ қийналган Жавод ғамгин товуш билан деди:
– Оғо, бу оғир, сиқиқ турмуш мени шунчалик қийнаганки, ҳатто бирорта жиноий иш қилишдан ҳам тоймайдиган даражага етганман. Сизнинг тўғри одам эканингиз юзингиздан ҳам билиниб турибди. Шунинг учун сизга ёрдам бериш керак, балки бу иш савоб ҳам бўлар.
– Балли, Жавод! Сен менинг фикримни тўғри англадинг, ёмон ният билан бундай ишга киришмасдим. Шунингдек, бу ишни довюраклигимни намойиш этиш учун ҳам қилаётганим йўқ. Бу – қалбимнинг амри...
– Оғо, тушунтириб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Meн аввалданоқ аҳволингизни англадим, ошиқсиз ва бебахтсиз! – деб хитоб қилди Жавод.
Йигит бир оз жим қолгандан сўнг, сўрай бошлади:
– Ҳа, Жавод, янглишганинг йўқ... Хўш, менга ёрдамлашувга тайёрмисан?
– Оғо! Тайёрман, дейиш ҳам гапми, сизнинг истагингизга етишингиз йўлида жонимни ҳам аямайман.
– Ундай бўлса, тур, онангга бориб мен бир кишига хизматга кирдим, хўжайиним сафарга тайёрланяпти, мени ҳам ўзи билан бирга олиб кетаётир, дегин.
– Оғо, чиндан сафарга чиқамизми? – деди Жавод.
– Сафарга чиқишимиз ҳам мумкин. Балки эрта тонгда жўнармиз. Фақат бу сафаримиз бир-икки кундан нарига бормас. Лекин, менинг ёнимда кеча-кундуз бирга бўлишинг лозим бўлгани учун сафарга кетаётирман, деганинг яхшироқ.
– Жуда яхши, оғо! Шундай бўладиган бўлса, ҳар ой оилам учун пул юбориб туриш лозим бўлиб қолади-ку?
Йигит:
– У тарафи менинг ишим, сен ҳозирча уйингга бор. Эрта билан соат олтида менинг олдимга кел! – деди ва оғзини Жаводнинг қулоғига яқинлаштириб, уйининг қаерда эканини айтди. – Тушундингми? – деб сўради.
Жавод тушунганлигини боши билан тасдиқлади.
Қош қораймоқда эди. Жавод ўрнидан турди-да, нотаниш йигит билан хайрлашиб, жўнади. Йигит ҳам шаҳарнинг шимол томонига қараб кетди. У, бу иркит маҳалладан чиққандан кейин, яна тахминан ўнларча майда, иккита катта кўчани ўтиб, бозор бошига келди. Қамбар исмли қаҳвачининг дўкони ёнига келиб, битта извош чақирди-да, извошга тушди. Файтон шаҳарнинг шимол томонига қараб кетди. У Носирия, Лолазор ва Саъдий хиёбонларидан ўтиб, Дарвозайи давлат ёнида тўхтади. Йигит извошдан тушиб, рўпарадаги кўчага кирди. Кўк рангга бўялган катта эшикка етиб, эшикни қоқди. Сал ўтмай эшик очилиб, нотаниш йигит ичкарига кирди. Эшик қайтадан ёпилди.
[1] Туман – икки сўмга тенг.
III БОБ
НОТАНИШ ЙИГИТ КИМ?
Бу воқеадан ўн йил бурун, кўкламнинг хуш ҳаволи кунларидан бир куни, туш чоғида Теҳроннинг шимоли-ғарбий томонидаги киши кўнглини мафтун қиладиган баланд сарв дарахтлари билан ўралган ва сўлим қизларнинг юзлари янглиғ ранго-ранг гўзал чечаклар билан безалган бир қаср олдида бир қиз, бир ўғил – икки бола ўйнамоқда эдилар.
Қизча сариқ сочли, кўк кўзли, қирра бурун, юпқа лабли ва оқ юзли бўлиб, ўйинга ниҳоятда берилиб кетган эди.
Ўғил бола қўнғир сочи, қора кўзлари, қирра бурни ва рангсизроқ қоши билан мазкур қизалоққа ўхшаб кетарди. Қувноқлик барқ уриб турган чеҳрасидан ақл ва зийракликнинг нишоналари кўриниб турар эди.
Шу пайтда қаср айвонида икки хотин болаларнинг ўйинларини томоша қилишиб, гаплашиб ўтиришарди. Уларнинг биринчиси, яъни ёши улуғвор кўрингани ўрта бўйли ва рангпар юзли бўлиб, қиёфасидан у қадар фаҳм-фаросатли кўринмас ва ҳар нарсага лаққа тушиши яққол сезилиб турарди.
Иккинчиси, баланд бўйли, буғдой рангли, шаҳло кўзли эди. Унинг қиёфасидан турмушни яхши биладиган ва ақлли бир хотин эканлиги кўриниб турар эди.
Иккинчи хоним биринчисига қараб гапирарди:
– Ф... хоним, болалар бир-бировларини қандай севишларини кўряпсизми.
Биринчи хоним жавоб берди:
– Ростдан ҳам шундай, мен ҳам шуни ўйлаб турибман, ўғлингиз билан менинг қизим бир-бировларини жуда ҳам яхши кўрадилар. Ўғлингиз бу ерга келиб кетгунича қизим Маҳин ундан бир нафас ҳам айрилгиси келмайди.
Иккинчи хоним:
– Оҳ, қани энди Худо насиб этса-ю, шунчалик севги бир кун келиб сизнинг қизингиз билан менинг ўғлимнинг хушбахтлигига сабаб бўлса, қандай яхши бўлар эди-я! – деди.
Ф... хоним сал калондимоғлик билан жавоб берди:
– Худо нимани хоҳласа, шу бўлади-да...
Иккинчи хоним айтган сўзига пушаймон бўлгандай, шошиб жавоб берди:
– Хоним, бекорга безовта бўлманг. Менинг ўғлим ҳеч маҳал кўнглингизни ранжитмайди, у ҳам, мен ҳам ҳеч вақт сиздан шундай илтимосни қилмаймиз.
Ф... хоним деди:
– Йўқ, хоним! Мен шу орзунинг рўёбга чиқишини истардим. Лекин эримни нима қилай, у ниҳоятда шуҳратпараст одам. Вақти келиб, бу ишга у рози бўлмай қоладими, деб қўрқаман.
Иккинчи хоним синиқ бир овоз билан жавоб берди:
– Алҳамдулилло, ҳозирча бизнинг бошимизга бундай хаёл келгани йўқ. Аҳволимиз шу кўйича кетаверса, бундай хаёлга тушувимиз асло мумкин бўлмайди.
Бу гаплар Ф... хонимга жуда таъсир қилиб кетгани учун бирданига:
– Бу масаланинг унча аҳамияти йўқ. Худо хоҳласа, вақти-соати етганда ҳамма иш ўз жойига қарор топиб кетади, – деб жавоб берди. Кейин сўзнинг оҳангини ўзгартириб, меҳрибон овоз билан гапира бошлади: – Уларга қаранг, бир-бирларига шу қадар берилиб ўйнаётибдиларки, уларни бу ўйиндан ажратишга ҳеч нарсанинг ҳам кучи етмайди.
Иккинчи хоним суҳбатдоши сўзларига эътибор бермаганлиги башарасидан маълум бўлгани ҳолда:
– Тўғри! – деб ғайришуурий равишда жавоб берди.
Ф... хоним билан иккинчи хоним бир-бировлари билан қариндошлар. Иккинчи хоним Ф... хонимнинг акасига хотин. Демак, Ф... хоним иккинчи хонимга қайнсингил бўлади.
Ф... хонимнинг эри бу кун мартабаси улуғ одамлар табақасидан саналса ҳам, ёшлик чоғларида ҳеч нимаси йўқ эди. Фақат бир қатор тубан ва виждонсизлар каби у ҳам қонунсиз йўллар билан анчагина давлатни қўлга киргизган эди. Ҳозирда эса йилига ўн беш-йигирма минг туман даромади бор эди. Бу хилдаги одамлар, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, минг турли қийналишлар билан бўлса ҳам шундай бир мансабга етганидан сўнг ўтмиш кунларини бирданига унутиб юборадилар. Ўзлаpини илгаридан шундай давлатли деб ҳисоблай бошлайдилар. Ҳатто турмушнинг имкон бермагани жиҳатидан давлат орттиролмаган камбағал ака-укалари билан бирга юришдан, ўтириб-туришдан ҳазар қиладилар ва уларни эсдан чиқара бошлайдилар. Улар бошқа иш билан машғул бўладилар. Энг охири, бундайлар учун бу кунги Эронда оддий бир иш деб ҳисобланган катта поралар тиқиштириш йўли билан бўлса ҳам, мамлакатнинг юқори мансабларидан бирини эгаллаб, яъни «фалон» вазирликда катта ўғрилардан бўлиб олиш, бошлиқлардан саналиш жуда ҳам аҳамиятли бир идеал ҳисобланади.
Унинг хотини Ф... хоним, «буюк» эри каби хасис ва суқ бўлмаса ҳам, эронлик хотиндан бошқа бир нима эмас эди. Яъни, яшамоқ ва ижтимоий масалалардан бир нечасини билмоқ у ёқда турсин, ҳатто ўз уйининг теварагидан бошқани билмас ва эри билан ҳамкасб ва ҳамсуҳбат бўлган бир тўда ўғрилардан бошқа кишини одам санамаслик ва тубан кўришлик даражасигача бориб етар эди. Ҳозирги ҳолда эскиликдан қолган биттагина эсдалиги бўлса, у ҳам шу эдики, акасининг уйида яшаб турган ва ҳали ўн икки ёшда бўлган вақтида уларнинг уйига бир неча хотинлар келиб, мевалар еб, шарбат ичганларидан кейин, уни қўйиб кетишган ва уч кундан сўнг уйдаги хизматкордан бири:
– Хоним, сизга совчи келди, сизни эрга берадилар, – деган эди.
Бу гапларни эшитган Ф... хоним ёхуд ҳақиқий оти Маликтож хоним бўлган бу аёл, бир нарса тушундими? Пешонасига нималар битилганини англадими? Ҳарҳолда ҳеч нима тушунмаган бўлса керак. Никоҳ тўйида тушунмагани ҳолда «ҳа...» дегандан сўнг уч кун ўтгач, бир неча қавму қариндошлари билан биргаликда куёв томонидан келган бир неча ёт хотинлар билан баравар уни извошга ўтқазиб, эр уйига келтирадилар.
Маликтож хонимнинг бахти шу нуқтадан эдики, у тубан эрининг феъл-атворига тезда кўникиб олган, турмуш ишларида унга тугал қарам бўлган ва энг охири бир неча муддатдан сўнг чиройли қиз туғиб берган эди.
Жаҳолатда тарбия топган бу бечора хотиннинг тушунчаси шу қадар тор эдики, ҳатто яшаган уйининг деворларидан ташқари ҳамма ёқдан бус-бутун хабарсиз эди.
Юқорида айтганимиздай, бир ажойиб йўл билан, ўзи буткул хабарсиз ва ризоси олинмасдан, ҳатто билмай туриб оғойи Ф... уссалтананинг [2] рафиқаси бўлиб қолган хотин ишқ ва муҳаббат нималигини билмаслиги билан баробар, икки киши ўртасида бўладиган муҳаббат ҳисларини ва уларнинг бир-бировлари суҳбатидан оладиган завқларини сезиш эмас, балки хаёлига ҳам келтира олмас эди. Чунки, завқ ва қайғунинг мазасини тотмаган киши ўзга бировларнинг завқ ва қайғусидан таъсирланмайди. Ҳузур, сайр-саёҳат учун автомобилга тушиб олган бир амалдор қирқ саккиз соат оч қолган бир камбағалнинг ҳолини сезолмаслиги табиийдир.
Эндиги Маликтож хоним ҳам ўз қавм-қариндоши, эгачи-сингилларини бус-бутун ёдидан чиқариб юборган эди. Отаси ўлгандан сўнг, акасининг уйида етим яшаган пайтида кечирган оғир кунлари энди буткул ёдидан кўтарилиб кетган. Шундай гўзал ва тўқ турмуш ўтказиб тургани ҳолда, акаси ойлар бўйи унинг эсига ҳам тушмас, баъзида ёдига тушиб қолса ҳам, унинг исмини камситиш билан тилга оларди.
Қисқаси, нима бўлса ҳамки эрига жуда ҳам муносиб бир хотин эди.
Биз ҳикоя қилаётган куни келинойиси Маликтож хонимни ва эрини кўргани келган эди. Уларнинг суҳбатларидан керакли ўринларини ўқувчиларимизга тушунтирдик. Энди уларни ўз ҳолларига қўйиб, бу икки боланинг ҳаракатларини кўздан кечирайлик.
Қизалоқнинг исми Маҳин, ўғилнинг исми эса Фарруҳ эди. Булар чарчашни билмасдан югурмоқда эдилар. Гоҳ ўғил бола қизалоқнинг, гоҳ қизалоқ ўғил боланинг орқасидан қувламоқда эди. Агар осмон узилиб ерга тушганда ҳам уларни ўйиндан тўхтатолмас, фақат чарчоқ ўйинларидан ажратиши мумкин эди.
Бироқ болаликда одам чарчаш нималигини билмайди.
Бу ерда ўйнаётган бу икки боланинг ҳаракатларига, айниқса, Фарруҳнинг ҳолига диққат билан қаралса, унинг юзида баъзида севинч, баъзида қайғу ифодаси кўзга аниқ ташланарди.
Бу нима эди?
Фарруҳ кичик ёшиданоқ Маҳинни севар эди десак, кўплар ўн бир-ўн икки ёшдаги болаларда севги қаерда бўлсин, деб бизга эътироз билдиришлари мумкин. Бироқ нима бўлса ҳам бўлсин, шу пайтда Фарруҳ ўз қалбида Маҳинга нисбатан айрича бир майл сезмоқда эди. Чунки Маҳиннинг севинчига севинч билан қўшилиб, у қайғурганда бунда ҳам маҳзунлик кўринар эди.
Бундай покиза ҳисга нима деб от қўяйлик?
Бунга пок ва юксак бир севгидан бошқа бир нарса дейиш мумкинми?
Фарруҳ ўйнар экан, Маҳиннинг теварагидан парвонадай айланар эди. Унинг қўй кўзлари қизнинг мовий кўзлари билан тўқнашар экан, электр токи урган одамдай, турган жойида бир муддат қотиб қолар, бечора бола, у пайтларда ҳеч нима тушунмаса ҳам фақат Маҳинни севарди, доим у билан ўйнашга тайёр ва фақат у билан сўзлашувни истарди. Маҳин ҳам Фарруҳнинг бирга бўлувидан жуда севинарди.
Маҳин кўп чопганидан чарчади-да, ўриндиқлардан бирисига келиб ўтирди. Фарруҳ ҳам унинг чарчаганини кўрган замон, уни суяб, бошини кўксига босиб қучоқлади.
Бу пайт Маҳиннинг заъфар сочлари қордай оппоқ юзларига тарқалиб, унга ортиқ даражада гўзаллик берар эди.
Фарруҳ гўзал севгилисини бу ҳолда кўргандан сўнг юрагида аллақандай бир сезги туйди. Уни бағрига яна қаттиқроқ босиб, бошини унинг тиниқ ва чиройли юзига яқинлаштирди ва ихтиёрсиз қип-қизил лабларидан бир ўпиб олди-да, деди:
– Оҳ... мен сени қанчалик севишимни билсанг эди!
[2] ... уссалтана – ҳокимият арбоби (Эрон шоҳлиги даврида жорий бўлган қуйи вазирлик унвонларидан бири).
IV БОБ
НАРВОН
Орадан етти йил ўтди.
Тун. Ҳаво ниҳоятда мусаффо. Осмондаги юлдузлар элас-элас кўзга чалинарди, чунки мовий осмон ой ёғдусидан мунаввар эди.
Ана шу дилкушо кечада ноумид ошиқи шайдонинг қалби теракнинг баргидай титрар, кўз ёшлари шашқатор оқиб, юзларини юварди. У нега йиғлаяпти, нега бу қадар маҳзун?
... Маъшуқаси висолига эришишга умид боғлай олмаган ошиқ маҳзун бўлиб йиғламайдими, ахир?
Бутун олам унга маъшуқаси учун керак-да. Жаҳоннинг завқу сафосидан ёрнинг висол базмидагина баҳраманд бўлиш мумкин. Хушҳаво тоғлар ва дашту биёбонлар ҳамда дунёдаги барча шоду хуррамлик маҳбубаси кўксига бош қўйиб турган чоғида унга лаззат бахш этади.
Ҳақиқий ошиқ маъшуқасининг хиёл жилмайишидан мамнун бўлиб, хандон ташлаб кулади, унинг андак қайғусини кўрса зор-зор йиғлайди. Маъшуқаси суҳбатидан бебаҳра ошиқ бахтсиздир. Ҳижрон маҳалидаги ойдин кечанинг ва ҳузурбахш шабаданинг унга нима кераги бор. Аксинча, у бутун олам ҳамдардлик қилиб зулматга ўралишини ва йиғлашини истарди.
19... йил баҳорининг ана шундай кечаларидан бирида катта боғ девори олдида бир йигит турарди. У гоҳ теварак-атрофига аланглар, гоҳ бир неча қадам юрарди-да, турган жойига қайтиб келиб, зўр диққат билан боғ ичига қулоқ соларди.
Бу кечада, яъни қуёш ботганидан икки соат кейин атрофдан тиқ этган товуш эшитилмасди.
Шу алпозда чорак соат ўтди. Йигит деворга яқин бориб ниҳоятда зўр диққат билан ичкарига қулоқ солди, лекин бир дақиқадан сўнг яна аввалги ерига қайтиб, секингина ўз-ўзи билан сўзлаша бошлади:
«Ҳалигача келмади, билмадим, нима бўлди экан? Ё бирор ҳодиса юз бериб қолдими? Маҳин берган ваъдасида турарди-ку, ваъда вақтидан ярим соат ўтди. Нима қилсам экан-а? Ҳали ҳам кўринмайди, менинг бўлса, боққа тушувим мумкин эмас».
Йигит яна деворга яқинлашиб, диққат билан қулоқ солиб, бирор шарпа сеза олмагани учун қайғуланди. Яна ўз-ўзига деди:
«Маҳин келмади. Бирор гап бўлиб қолган кўринади. Нега юрагим бунчалик сиқилмоқда! Жонгинам, севиклим, нима бўлди экан сенга?»
Шу пайтда аллақандай шарпа сезилди. Йигит қулоқ солди.
«Бу нима, оёқ товуши келаётганга ўхшайди. Шу ёққа қараб келяпти... Бу Маҳин бўлса керак. Ҳа, тўғри, шу тарафга келмоқда... Ана, яқинлашиб қолди». Боғнинг ичкарисидан майин бир овоз эшитилди:
– Фарруҳ, жоним Фарруҳ! Сени жуда ҳам куттириб қўйдимми? Кечир! Тўхта, нарвонни қўяй, сўнг кечикканим сабабини сенга айтиб бераман.
Ичкаридан деворга нарвон қўйилди. Бир оздан кейин девор ортидан чиройли бир қизнинг боши кўринди. Қиз деворга ўтирди-да, йигит томонга энгашиб деди:
– Азизим! Ҳеч маҳал мени унутди ёки менга берган ваъдасини эсидан чиқарди деб ўйлама, ўзинг яхши биласан, бутун қалбим сеники, у сенинг ишқинг билан тепади, сен унинг ҳукмронисан.
Шу пайт ойнинг ёғдуси Маҳиннинг гўзал юзига тушиб, унинг бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб юборди. Майингина эсмоқда бўлган шабада, гўё жўрттага қилгандай, Маҳиннинг заъфар сочлари билан гоҳ юзини, гоҳ олам-олам севги ва орзу тўла кўзларини яшириб, суратини ғоятда севимли қилиб кўрсатар эди.
Фарруҳ ҳам йигирма ёшга етган. Авваллари Маҳин билан фақат сўзлашувгагина етиша олган бўлса, энди тўла бир иштиёқ ва ҳавас билан уни севар ва унинг висолига етишувни истар эди.
Олти-етти йилнинг орасида Фарруҳ билан Маҳиннинг ўрталари қандай бўлганини, нима учун ҳозирги учрашув девор устида ўтаётганини, муҳтарам ўқувчиларимизга бир оз уқтириб ўтиш керак.
Фарруҳ Маҳин билан боғда ўйнаган кундан бери ҳар қачон аммасининг уйига келиб-кетар эди. Бироқ бу вақтларда у ўрта мактабда ўқийдиган бўлганидан, мактаб топшириқлари ҳам кундан-кун кўпайиб бормоқда, у бутун вақтини Маҳин билан ўйнашга сарф қила олмас, фақат бўш вақтларида Маҳинларникида бўлар, у билан кўришиб турар эди. Бу аҳвол тўрт йил чўзилди, икки бола орасида бўлган бу севги бора-бора ортиб, уларда энди бошқа сезгиларни ҳам уйғота бошлади. Илгари кўнгиллари бир ўпиш билан тасалли топадиган бўлса, энди ишқ ўтида ўртанаётган қалбларига бу ўпишлар сув сепа олмас эди.
Бир маҳал Фарруҳ йиллик имтиҳонга тайёрланишга мажбур бўлгани сабабли уч ҳафтагача Маҳин билан кўриша олмади. Шунча ҳижрон кунларидан сўнг, бир кун аммасиникига келгани замон, Маҳин унинг олдига чиқмасдан, фақат хизматчиларидан биттаси унинг олдига келиб: «Маҳин хоним сизга салом айтдилар» дейишидан қай даражада таажжуб ва ҳайронликка тушганлигини тасвир қила оласизми? Фарруҳ ноилож ўзини гўё бу ишга эътиборсиз қарагандай кўрсатди ва: «Мендан ҳам у кишига салом айтинг», деб жавоб берди. Шу ерда қовоғини солиб ўтирган аммасини кўриб, бир умр Маҳин билан учраша олмаслигига кўзи етди. Шундай ҳолатдан кейин Фарруҳ ортиқ бу ерда қола олармиди? Унинг нозик қалби бу оғир зарбанинг аччиғига чидай олармиди? У Маҳин билан кўришмасдан яшай олармиди?
У уч кеча-кундуз ўйлади. Ахири, Маҳинга хат ёзиб, жуда усталик билан унга юбориш йўлини топди.
Фарруҳ аммасининг саводсизлигини ва Қазвин шаҳридаги иккинчи аммасидан келадиган хатларни ҳам доим Маҳинга ўқитишини билар эди. Шунга ишонганлиги учун қўлига қалам олиб, Маҳинга хат ёза бошлади:
«Азиз севгилим!
Қайғу ва алам тўлқинлари ичида бўлган бир пайтда қўлимга қалам олиб, бир неча сатр хат ёзмоқчи бўлдим.
Аччиқ ва шунинг билан бирга кулгили воқеадан кейин юрагимдаги туйғуларни тушунтирмай ва келажакда қандай йўл билан бўлса ҳам учрашиб туришимизни таъмин қилмоқ учун сени кўришим керак. Қандай бўлмасин кўришмоқ учун бир йўл, бир чора топишинг керак.
Сени ҳеч қачон унутмайдиган Фарруҳ Дақиқ».
Яна бир бошқа хатни Қазвиндаги аммасининг тилидан: «Фотима бегимга, Сакина ойимга салом, бизлардан дуо деб қўясиз» каби гаплар билан тўлдириб, устига йирик ҳарфлар билан: «Бу хат қалбаки, мактубимни сенга етказа олмоқ учун битилган, ҳушёр бўл», деган сўзларни ёзди ва конвертга солиб, елимлади.
Иттифоқо, ўша куни Фарруҳнинг дўстларидан бири автомобиль билан Анзалийга кетмоқчи эди. Фарруҳ вақтни қўлдан бермасдан ўртоғининг ёнига борди. «Баланд даражали Маликтож хоним» номига ёзилган конвертни унга топшириб, Янги Имом бекатида почта қутисига ташлашини илтимос қилди.
Фарруҳ янглишмаган эди. Ўн саккиз соатдан кейин почтальон Маликтож хоним боғининг эшигини қоқди.
Маҳин хатни олиб, устидаги сўзларга кўзи тушган замони бу хатни Фарруҳ ёзганлигини англади: очиб ўқиди. Ўша куни эрталабки чойдан кейиноқ ўз уйига кириб, бу тўғрида жуда кўп ўйлади. Ахири фикрига бир нарса келди.
Оғойи Ф... уссалтананинг Машҳадий Козим номли қирқ етти ёшли, хушахлоқ, хушчақчақ бир боғбони бор эди. Бир куни тўсатдан унинг кўзи оғриб қолди. Бечора боғбон Теҳроннинг «машҳур» бир табибига мурожаат қилди. Табиб ҳам тажрибасизлигидан, керак бўлган дори ўрнига бошқа дори бериб, «қош қўяман деб, кўз чиқариш» қабилида, уни кўр қилаёзди. У рўбарўсидаги нарсаларнинг фақат сояларинигина илғай олар эди. Шу боғбоннинг ўн олти ёшли қизи бўлиб, қиз у қадар чиройли бўлмаса ҳам, отасининг ёлғиз фарзанди бўлгани учун уни жуда яхши кўрар эди. Фалокат босиб, бу қиз ҳам бир муддат иситма касалига мубтало бўлган эди, отаси бу жиҳатдан жуда қайғули ва хафа эди.
Маҳин кўп вақт бозорга ёки бошқа бирор иш билан уйдан чиқадиган бўлса, боғбоннинг йўл устидаги уйига кириб ўтар, қизнинг аҳволидан хабар олиб, унга пул ва кийим-бош ҳадя қилар эди; унинг очиқ кўнгли, севги ва марҳамати яхши натижалар ҳам берган эди.
Ота ҳам қиз Маҳиннинг ҳақиқий, содиқ хизматчисига айланган эдилар. Уларнинг ҳар иккиси Маҳиннинг бу севги ва марҳамати олдида, қачон бўлса ҳам катта бир хизмат қилмоқчи бўлар эдилар. Фақат Маҳин шу кунгача уларнинг хизматига муҳтож бўлмаган эди.
Маҳин хатнинг жавобини юбориш ҳақида ўйлади, ўз-ўзи билан гаплашди, боғбоннинг қизидан бошқа ўнғай, ҳам қулай бир йўл топа олмади. Мактубнинг жавобини боғбоннинг қизи орқали юбориб, боғбон воситасила Фарруҳ билан кўришмоққа жазм қилди.
Маҳин тезлик билан уйдан чиқди-да, оқсоч хотинлар турадиган уйга бориб, улардан биттасини боғбоннинг қизини чақирмоқ учун юбормоқчи бўлди, лекин тасодифан боғбоннинг қизи шу ерда экан. Буни яхшиликка йўйиб, қизни хонасига бошлаб келди.
Маҳин қизга эътимоди зўр бўлгани учун ундан ҳеч нарсани яширмасдан, бутун аҳволотни: ота-онасининг Фарруҳ билан учрашувини ман этганини айтиб, бу ишда ундан ёрдамини сўради.
Шукуфа (боғбон қизининг оти) Худодан мана шундай бир пайтни тилар эди. Худди шу пайтдаёқ, қандай иш бўлса ҳам жони билан бажо келтиришга тайёр эканлигини айтди. Маҳин ундан жуда хурсанд бўлди. Ҳозирча отасини учратиб, уни воқеадан хабардор қилишни ва қайси йўл билан бўлса ҳам, Фарруҳ билан кўришиш учун бир илож топишини илтимос қилди.
Шукуфа у ердан чиқиб, отасининг олдига кетди. Чорак соат ўтар-ўтмас қайтди-да:
– Иш жойида, отам бунинг учун ажойиб бир йўл топди, – деди.
Маҳин юраги гурс-гурс ургани ҳолда:
– Қандай йўл экан у? – деб сўради.
– Отам менинг гапимни эшитгач: «Боғнинг кунботар тарафига бир нарвон қўяман. Ҳафтада икки-уч марта кечалари ўша ерда, деворнинг устига чиқиб кўришишлари мумкин», дедилар.
Бу фикр Маҳинга жуда ҳам маъқул тушди, у вақти ғаниматда Фарруҳга хат ёза бошлади:
«Азиз Фарруҳ!
Хатингни олдим. Мен билан кўришмоқчи бўлсанг, қош қорайгандан икки соат кейин боғнинг кунботар тарафидаги девор олдига кел. Шу ерда ҳамма нарса ҳақида гапиришамиз.
Сени севган Маҳин».
Маҳин хатни Шукуфага бериб, Фарруҳ билан учрашадиган ерини тушунтирди. Шундай қилиб, ўша кечаси Фарруҳ келиб Маҳин билан кўришди. Ҳафтада икки кеча девор устида, бир кун боғбоннинг уйида кўришиб турадиган бўлдилар. Фақат боғбоннинг уйида бўладиган учрашиш кўп вақт хавотирли бўлганидан, у ердаги суҳбатларидан истаганча фойдалана олмас эдилар.
Икки йил шундай ўтди. Энг охири шу воқеанинг бошида ёзганимиз кеча етишди. Бу икки ёшнинг орасида бир неча дақиқа жимжитлик билан ўтгандан кейин, Маҳин гапира бошлади:
– Оҳ, Фарруҳ!.. Севгимизнинг оқибати нима бўлишига ақлим етмай қолди. Сени шунча куттириб қўйганлигимнинг сабабини биласанми? Буни сендан яширмоқчи эдим, лекин яширсам, бундан ҳар иккаламиз зарар кўрамиз.
Фарруҳ изтироб билан сўради:
– Азизам, қандай бўлса ҳам майли, ҳатто шум хабар бўлса ҳам айт! Ҳеч бўлмаса, ҳар қандай куйдан кўра ёқимлироқ бўлган овозингни эшитиб, ҳузур қилай.
Маҳин туганмас қайғу билан деди:
– Фарруҳ, Фарруҳ... Айтмоқчи бўлганим унчалик яхши хабар эмас. Бу сенинг азобланишингга сабаб бўлади. Фақат иложи йўқ, иккимизнинг келажагимиз шунга боғлиқ бўлганлиги учун айтишга мажбурман.
Фарруҳ девордан икки қадам нарида ётган тош устига чиқиб Маҳинга яқинлашди.
– Оҳ, жоним Маҳин! Бу гапларинг билан мени бениҳоя ташвишга қўйдинг. Тезроқ айт, азиз севгилим, қандай ҳодиса сенга бунчалик таъсир этди? Ўзи нима гап?
Маҳин секингина жавоб берди:
– Бир оз яқинроқ кел, ҳаммасини айтаман.
Фарруҳ деворга яқинлашди.
– Айт, Маҳин! Айт. Борган сари юрагим қаттиқ урмоқда. Агар юраги сал ором олсин десанг, ўша оппоқ қўлларингни бер, бир ўпай, кўксимга босай.
Маҳин девордан энгашиб, оппоқ пахтадай қўлларини узатди. Фарруҳ дарҳол уларни ушлаб, кўзларига сурди, кейин узоқ-узоқ ўпди.
Маҳин сўзида давом қилиб деди:
– Тахминан бундан бир соат аввал отам мени ўз ёнига чақириб, баъзи бир гапларни айтди, уларни сенга айтсам, хафа бўласан.
Фарруҳ Маҳиннинг сўзини бўлди:
– Йўқ, жоним, йўқ, хафа бўлмайман. Тезроқ айт.
– Шундай қилиб, отам мени чақириб айтдики, «Эшитишимча, ёш бошингдан ўзингга номуносиб баъзи ишларни қилар эмишсан. Масалан, кўпинча тоғаваччанг Фарруҳ тўғрисидан гап очиб, биздай олий насабларнинг қизига ярашмайдиган тарзда уни мақтар эмишсан. Буларнинг маъноси нима?»
Фарруҳ беихтиёр сўради:
– Айт-чи, отанг буларни қаердан билибди? Балки бизнинг учрашиб юрганлигимиздан уларнинг хабари бордир? Қани, айт, сен унга нима жавоб бердинг?
Маҳин жавоб бермоқчи бўлиб оғиз ростлади-ю, лекин бирдан:
– Оҳ, Фарруҳ... Оёқ товушини эшитяпсанми, биров келаётганга ўхшайди. Вой ўлмасам, келиб мени кўрсалар, нима жавоб бераман? – деб юборди.
Оёқ товуши тобора яқинлашиб келарди. Рўпарада икки шарпа кўринди. Икки киши девордан тахминан эллик қадам нарида бўлган сарв дарахтлари билан ўраб олинган боғчадаги тахта ўриндиққа ўтиришди. Уларнинг орқалари ўгириғлик бўлгани ва азим чинор дарахти пана қилиб тургани учун Маҳинни кўра олмас эдилар.
Маҳин бошини эгиб, Фарруҳга шивирлади:
– Кимлар келганини биласанми? Отам билан онам. Худди бирор муҳим маслаҳатлари борга ўхшайди. Бўлмаса, бу ерга келиб гаплашадиган одатлари йўқ эди. Агар сен ҳам буларнинг ниятларини англамоқчи бўлсанг, секин деворга чиқ.
Фарруҳ тез, шипшитмай, эпчиллик билан деворга тирмашиб, Маҳин билан ёндашиб ўтирди.
Икки севгили қўлларини қўлларига бериб, бошларини бошларига суяб, нафасларини нафасларига улаштириб, хаёлдан қилинган ҳайкалдай жимгина, ҳаракатсиз ўтириб, суҳбатга қулоқ бера бошладилар.
Кечаси соат уч, ҳаво тоза, ой кўкнинг энг баланд нуқтасига бориб, ерга нур сочар, саррин шабада эсмоқда. Боғни тўла жимжитлик қоплаб олган. Теваракда бу тўрт кишидан бошқа ҳеч бир бедор киши йўқ.
Эр-хотин ўриндиқда ўтирар эдилар. Оғойи Ф... уссалтананинг юзига диққат билан қараган киши унинг бугун жуда хаёлчан ва диққат бўлганини пайқар эди. Оғойи Ф... уссалтана хотинининг қўлини тутиб сўради:
– Хоним! Сизни уйқудан маҳрум қилиб, бемаҳалда бу ерга бошлаб келганимнинг сабабини биласизми?
– Йўқ, оғо, мен сизнинг бу хатти-ҳаракатингиздан ғоятда таажжубдаман. Сабабини айтишингизни кутаман, – деб жавоб берди Маликтож хоним.
– Ундоқ бўлса, қулоқ солинг, сабабини айтайин.
V БОБ
OТA ВА ҚИЗ
Эр-хотиннинг суҳбатлари ва икки ёшнинг сутдек ойдин кечада девор устида учрашувларининг кейинги натижасини баён қилишдан аввал, муҳтарам ўқувчиларни бир неча соат олдин оғойи Ф... уссалтана билан қизи ўртасида ўтган сўзлар билан таништирайлик.
Маҳин девор олдига келмасдан икки соат аввал оғойи Ф... уссалтана ҳовлисидаги ойнаванд эшиги боққа қараб очиладиган хоналардан бирида, ёзув столи ёнидаги креслода ўтириб, нималарнидир ёзарди. Лекин бирор одам унга яқинлашиб диққат билан қараса, унинг қўлидаги қаламни қоғоз устида бекордан бекорга юргизганини ва олдидаги қоғозда кераксиз чизиқлардан бошқа ҳеч нима ёзилмаганини кўрар эди.
Уни шунчалик хаёлга чўмдирган ва ташвишга тушувига сабаб бўлган нарса нима эди?
Ҳикоямизнинг бошларида оғойи Ф... уссалтананинг шахсияти ва ахлоқи тўғрисида баён қилган фикрларимизни ёдида сақлаган ўқувчиларимиз, шубҳасиз, бундай кишиларнинг давлатларига қиттай зарар етишини сезсалар, қанчалик хафа ва паришон бўлишларини осонлик билан тушунадилар.
Оғойи Ф... уссалтана ҳам қизи унинг илгаридан тузиб қўйган режаларига мос тушмайдиган баъзи сўзларни гапириб юрганини эшитган эди. Шу ҳолатда ярим соатдан буён шу фикр ҳақида бош қотирмоқда эди. Ахири қаддини ростлаб, ўз-ўзича ғудранди:
«Бу қиз қандай аҳмоқ-а? Мен у тўғрида қанчалик ўйлаб, келажакда унинг бахтли бўлиши учун қандай қайғурар эдим. Энди қарасам, қизим қанчалик бекорчи хаёлларга тушибди, билмайман. Бир камбағал тоғасининг ўғлини яхши кўриб, менинг барча режаларимни чиппакка чиқариб юборишга сал қолибди. Йўқ, танимда жоним бор экан, бундай бўлишига йўл қўймайман. Чунки шаҳзода К. ни қуда бўламиз, деб алдаганман. Шаҳзода К. бўлса, менга ўз деҳқонларидан кўп овоз йиғиб, мени депутат қилиб сайлашга ваъда берган. Маълумки, депутат бўлмай туриб, вазир бўлишнинг иложи йўқ».
Оғойи Ф... уссалтана бошини қўлига тираб, яна ўйга ботди. Унинг башараси жуда ғалати бир ҳолатга кирди. Гўё қилган барча ёмон ва чиркин ишлари ҳозир унинг юзига бўртиб чиққандай эди.
Бир неча дақиқадан кейин бошини кўтариб, стол устига ўрнатилган тугмачани босди. Эшик очилиб, пак-пакана, семиз, чўтир бир хотин кириб таъзим қилди-да, бурчакда сукут қилиб турди.
Оғойи Ф... уссалтана бошини кўтариб сўради:
– Феруза, хоним уйдами?
– Йўқ, оғо! Хоним кечга яқин кетган эдилар, ҳалигача келганлари йўқ. Лекин Маҳин хоним ўз хоналарида китоб ўқиб ўтирибдилар.
Бирдан оғойи Ф... уссалтана қаддини ростлади:
– Нима?! Китоб ўқияпти дедингми? Жуда яхши! Қанақа китоблар ўқибди?
Феруза этаклари билан йўғон болдирларини оғосининг ҳирс билан тўла кўзларидан яширмоққа уриниб, жавоб берди:
– Оғо, саводим бўлмаса қаёқдан билай... Эшитишимга қараганда, унда муҳаббат ва ошиқ-маъшуқлар ҳақида ҳикоялар бор эмиш. Масалан, фалон мадмазел [6] фалон мусьега [7] қандай ошиқ бўлди. Ундай китобларни ўқиш одамнинг саводини орттиради, дейдилар, мен қаёқдан билай.
Оғойи Ф... уссалтана янада ғазаби қайнаб сўради:
– Балки, роман ўқиётгандир?
– Тўғри, оғо, худди ўзи, роман ўқияптилар.
– Жуда яхши, бор, Маҳинни бу ерга чақириб юбор!
Феруза боши билан таъзим қилиб, чиқиб кетди. Феруза чиқиб кетгандан кейин, оғойи Ф... уссалтана яна ўз-ўзи билан гаплашмоққа бошлади:
«Бу аҳмоқ қиз нима учун шундай бемаъни гапларни гапираётганлигини энди тушундим. Китобда фалон йигит фалон қизга ошиқи шайдо бўлибди ва шунга ўхшаш бемаъниликларни ўқиган, ўз-ўзига хаёл қилиб айтганки, нима айби бор, мен ҳам бораман-да, ўз тоғамнинг ўғлига ошиқ бўламан, деган, холос, аҳмоқлик. Эҳ, қандай замонларга қолдик. Таажжуб, бизнинг замонимизда на ошиқ, на маъшуқ, на бунга ўхшаган гаплар бор эди. «Амир Арслон», «Искандарнома» ва «Ҳусайнгурд» китобларидан бошқа ҳеч қанақа китоб йўқ эди. Энди билмайманки, нима бўлиб қолди, бутун суҳбатлар шу мавзулар устида. Ҳамма айб ҳозирги янги мактабларда! Мен бўлсам, умрим бино бўлиб бирорта роман деган нарсани ўқиган эмасман. Саводим оз, ҳисобдан бўлса хотиржам, тарихни ҳам билмайман, шундай бўлса нима, бир нимам камайиб қолибдими? Мен шу жиндай маълумотим билан депутат, ҳатто лидер бўла оламан. Агар қизим бахтли бўлмоқчи бўлса, «оқ» қилишимни истамаса, гапимга кириб, кимга берсам, «лом-мим» демасдан, ўшани ўзига эрликка, ҳам оғоликка қабул қилиши керак.
Шу маҳал енгилгина оёқ товуши, унинг кетидан кийим-бошнинг шилдирагани эшитилди. Эшик очилиб, остонада Маҳин пайдо бўлди. Маҳиннинг ранги анча синиққан эди. У ичкарига кирар-кирмас, мовий кўзларини отасининг юзига тикди. Қиёфасидан жиддийлик ва қатъият сезилиб турарди. У эгнига пушти ранг ипакдан кўкраги очиқ кўйлак кийган, бошига эса чодра ўрнига тўр дуррача ўраган эди. У салом бергандан кейин, уйнинг бир бурчагига бориб турди.
Бир неча дақиқа жимлик билан ўтди. Оғойи Ф... уссалтана айтадиган сўзларини бошига жамлаб, бир тартибга солмоқчи бўлаётганга ўхшарди. Ахири у бошини кўтариб:
– Қизим Маҳинжон! Нимага ўтирмайсан! Қани, ўтир, – деди.
Маҳин жавоб бермасдан, эшик ёнидаги стуллардан бирига отаси билан юзма-юз ўтирди. Отаси сўз бошлади:
– Қизим Маҳинжон! Сени бу ерга чақирганимнинг сабабини биласанми? Сен билан бир оз жиддий суҳбатлашмоқчиман.
Бирдан Маҳиннинг эти жимирлаб кетди. У ўз-ўзига деди:
«Отамнинг мен билан жиддий гаплашишига нима сабаб бўлди экан? Бирор муҳим гап борга ўхшайди? Тайёрланиб турай».
– Тушундингми, қизим? – деб давом этди оғойи Ф... уссалтана. – Сен билан бир муҳим иш устида гапиришмоқчиман.
– Отажон, марҳамат қилинг, фармонингизни эшитишга ҳозирман.
– Қизим! Сен билан бир неча масала ҳақида гаплашмоқчиман. Аввало эшитдимки, вақтни бекорга исроф қиладиган, мияни суюлтирадиган ва одамни йўлдан оздирадиган бир талай бўлмағур китоблар йиққан эмишсан. Қизим! Мен сенга чинини айтсам, бу ишларинг менга маъқул эмас.
Отасининг сўзларига жуда диққат билан қулоқ бериш билан бирга, унга жавоб беришга ҳам тайёрланиб турган Маҳин тап тортмасдан деди:
– Агар шу тўғрида гапирадиган бўлсангиз, эшитишга ҳеч қандай истагим йўқ. Чиқиб кетишимга ижозат беришингизни сўрайман.
Бу жавобни эшитгач, оғойи Ф... уссалтана худди ўт олган бомбадай портлаб, айюҳаннос тортиб бақирди:
– Ҳой қиз! Отанг билан гаплашаётганингни унутиб қўйганга ўхшайсан-а? Ёки ўзингни билиб-билмасликка оляпсанми?
Маҳин отасининг ғазабига парво қилмай, осойишта жавоб берди:
– Йўқ, отажон, мен сизга бўлган фарзандлик бурчимни ҳеч қачон унутмайман. Лекин сиз менинг эътиқодимга зид сўзлар экансиз, гапингиз зое кетади, мен уларга қулоқ солмайман.
Оғойи Ф... уссалтананинг ғазаби сал совиган бўлса керак, бир неча дақиқа жим қолгандан сўнг:
– Тўғри, қизим, тўғри, – деди. – Сен ҳақлисан. Бу масаланинг унчалик аҳамияти йўқ. Бу тўғрида сен билан гаплашиб тўғри иш қилмадим. Хўш, мана бу иккинчи масала тўғрисида нима дейсан?
– Отажон, мен сизнинг бу жумбоқларингиздан ҳеч нима тушунмай турибман. Муддаонгизни очиқроқ айтишингизни сўрар эдим.
Оғойи Ф... уссалтана ўрнидан туриб, Маҳинга яқинлашди-да, унинг қўлидан ушлаб, мулойим овоз билан сўз бошлаб деди:
– Қизим, мен сенга яхшиликдан бошқа нарсани раво кўрмаслигимни биласанми?.. Шундай бўлгач, нима учун менинг олдимда ўзингни шунчалик билиб-билмасликка соласан. Доимо хаёлингда сақланган фикрларни менга очиқ айтишдан тортинасан?
Маҳин ётиғи билан жавоб берди:
– Отажон, сизга мен бошда айтдимки, мен бу хилда сўзлардан муддаонгизни англаёлмай турибман... Агар менинг тўғримда сизга бошқача гап айтишган бўлсалар, марҳамат қилиб айтинг, мен ҳам хабардор бўлай.
Оғойи Ф... уссалтана қайтадан аччиқланиб кетди:
– Ҳой, қиз! Ўзингни бу қадар ғофилликка солма! – деб бақирди у. – Айтишни истамасанг, кўп яхши, айтмай қўй. Мен сенга айтиб бераман! Тоғангнинг ўғли Фарруҳ тўғрисида айтган гапларингда нима маъно бор, қани айт, кўрай?
Бу гапларни эшитган замон Маҳиннинг юраги тез-тез ура бошлади. Ранги бус-бутун ўзгарди. Аввали қизил, ундан кейин оқ, бора-бора оқлик ҳам йўқолиб, юзи сарғайди. Худди шу пайтда терговчи олдида ўз айбини иқрор қилмоқчи бўлган кишилар каби ўз-ўзига далда бериб деди:
– Ота... Ростини айтсам, мен шу вақтгача ўз сиримни сизга очиқ айтишни истамас эдим. Лекин энди очиқ-ойдин айтаман: мен Фарруҳни севаман. У ҳам мени севади. Қани, айтинг-чи, бир-бирини севиш айбми?
Маҳиннинг тўғри ҳам ҳалол иқрорини эшитган оғойи Ф... уссалтана зардаси қайнаб:
– Маҳин! – деб қичқирди. – Мен бу гапларни ёлғондир, деб ўйлаб юрардим. Энди билсам, рост экан. Сен ҳақиқатан ҳам менинг барча режаларимни барбод этмоқчига ўхшайсан. Лекин мен ҳам сенга айтиб қўяйки, кўзим тирик экан, бу хаёлларинг рўёбга чиқмайди! Сенинг ўйлаган ўйинг асло-асло бўлмайди.
Отасининг бу гапларини эшитган Маҳиннинг ранги янада оқариб кетган бўлса ҳам, у ўзини тутиб деди:
– Отажон, намунча менга зарда қиласиз. Ундан кўра, нимага шу ишнинг бўлишлиги мумкин эмаслигини тушунтиринг. Сизда қандай сабаб ва далиллар бор? Мен шуларни билмоқчиман.
Оғойи Ф... уссалтана ўйлаб туриб, ўз-ўзига дерди: «Қизим менинг жаҳлимдан қўрққан бўлса керак, дарҳақиқат, у қандай қилиб менинг истагимга қарши кела олади? Албатта, энди унга бойлик ва пулнинг қадрини тушунтириб, ўз фикримни айтсам, балки бошидаги бекорчи хаёлларни ташлаб, гапимга қулоқ солар». Кейин ўз хаёлларининг таъсири билан гапира бошлади:
– Қизим, ҳар бир ота ўз фарзандининг бахтли бўлишини тилаганидай, мен ҳам сенинг ҳаётинг яхши бўлишини, бахтли бўлишингни истайман. Эсингдан чиқармагинки, ҳозирги замонда дунёнинг бирдан-бир тиргаги пулдир. Мен мана шу эътиқодимга суяниб туриб, сенинг бахтли бўлишинг учун ҳеч нимани аямайман. Фарруҳ гарчи тоғангнинг ўғли бўлса ҳам, лекин сенга қараганда жуда камбағал, пули йўқ. Қизим, энди бу ҳавойи хаёлни миянгдан чиқариб ташла. Бу бўладиган иш эмас. Бундан бошқа далил учун менинг оғзимни очирма, тушундингми? Ишонаманки, отангнинг измидан чиқмаслигинг лозимлигини англаб, бўлмағур фикрларни миянгдан чиқарарсан-а?
– Отажон! – деди Маҳин, – агар бошқа тузукроқ далил бўлса айтинг, балки иккинчи далилингиз бундан кўра менга кўпроқ таъсир қилар. Чунки Фарруҳнинг камбағаллиги кўнглимни ундан қайтара олмайди.
Оғойи Ф... уссалтана мийиғида кулиб деди:
– Жуда яхши! Демак, сенингча бойликнинг ҳеч бир аҳамияти йўқ бўлиб чиқади. Ундай бўлса яхши, иккинчи далилга қулоқ бер, айтайин. Қизим! Бу кунларда одамларнинг кўпи ўз фарзанди, қавм-қариндошлари ёрдами билан баланд мартабаларга чиқади, деса бўлади, айниқса бизнинг мамлакатда юқори мансабларни эгалламоқ буткул қариндош-
уруғчиликка боғлиқ. Масалан, агарда куёвим бош вазир бўлганда эди, албатта мен вазир ёки ҳеч бўлмаганда вазир муовини бўлар эдим. Қизим, энди нима демоқчи бўлганимни тушундингми?
– Йўқ, отажон, ҳалигача айтганларингиздан бирор нарса тушунганим йўқ.
– Ажабо! Яъни нимага тушунмадинг? Қизим, инсон дарахтни мевасидан баҳраманд бўлиш учун экади, фарзанд ҳам шунга ўхшаган нарса, яъни ундан бирор манфаат кўришни истайди: тўй қилиб, набира кўргиси келади, набираларим белимга қувват бўлсин, қўлимга ҳасса бўлсин, деб орзу қилади. Энди мен ҳам, қизим, сени эрга бермоқчи бўламан, сенга муносиб бир эр ҳам топиб қўйганман. Энг охири, сенинг шу тўйингдан фойдаланиб, депутат бўлмоқчиман. Қани айт-чи, сен отангнинг бу ишига кўмаклашишни истайсанми? Ё ёрдамингни аяб, отангни хафа қиласанми?
Маҳин шошилиб:
– Отажон, тушундим! Демак, мени ўз хоҳиш ва тамангиз учун қурбон қилмоқчи экансиз-да? – деди.
– Йўқ, қизим, ундай эмас. Мен куёв танлаганда сенинг аҳволингни ҳам назарга олганман. Сенга жуда бадавлат эр топганман.
Маҳин осойишталик билан:
– Йўқ, ота, бу далилларингиз билан Фарруҳдан қўл силтаёлмайман, – деди.
Бу жавобни эшитган оғойи Ф... уссалтана ғазаби жўш уриб, қўлини бирданига юқори кўтарди-да, Маҳиннинг ўпишлар ва эркалашлар учун яратилган нозик кифтига бир мушт туширди.
Бечора Маҳин бу муштнинг зарбидан инграб юборган бўлса ҳам яна қилт этмай аввалги ўрнида тура берди.
Оғойи Ф... уссалтананинг аччиғи бир мушт билан совимади, у Маҳинни яна бир неча марта муштлади, кейин:
– Сен жуда ҳаддингдан ошиб кетибсан, гапимга гап қайтарадиган бўлиб кетибсан-а? Жуда яхши, мен ҳам сени меросдан маҳрум ҳамда оқ қиламан! – деб бақирди.
Маҳин отасининг ваҳшийлигидан уялиб, бошини қуйи солди.
Маҳиннинг шунчалик аянчли аҳволи отасининг тош юрагига таъсир этди. Дарров авзойини ўзгартириб деди:
– Ўлгунча аҳмоқ бўлибсан, тур, йўқол, кўзимга кўринма! Шуни ҳам бир билиб қўйки, сен билан Фарруҳнинг тўйи ҳеч қачон бўлмайди.
Маҳин бепарволик билан секин эшикни очиб, хонасига чиқиб ҳорғинлик билан ўзини ўринга ташлади. Бошини қўллари орасига олиб, секин-секин ўз-ўзига:
«Оҳ, нима қилайин, мен уни яхши кўрсам. Йўқ, йўқ! Мен Фарруҳдан кўнгил узолмайман. Ўлдирсалар ҳам ундан бошқа кишига тегмайман», деди.
Маҳиннинг кўзлари қизарган, юзига қараган киши унинг ғоят даражада изтироб чекаётганини сезар эди.
Бирданига икки қатра кўз ёши Маҳиннинг қизил гулдай юзларидан оқиб туша бошлади. Шунда у киши юрагини эзиб юборадиган овоз билан: «Оҳ, биз бечора хотинлар, бу муҳит ичкарисида қандай бахтсизмиз!» деб фарёд чекди.
Маҳин анча вақтгача йиғлаб ётди. Фақат Фарруҳнинг муҳаббати билан тепгувчи Маҳиннинг соф ва содда қалби отасининг шундай қўпол гапиришларидан ғоятда таъсирланган ва қайғурган эди. У отасининг қай даражада пул ва бойликка муккасидан кетганини ҳам, ўз қизини тама йўлида қурбон қилишга тайёр эканлигини ўйлади. Кўзлари йиғининг зўридан қизарган, ёш томчилари юзидан оқиб тушар эди. Бечора қиз нега йиғламасин? У бу мушкул аҳволдан қутулмоқ ҳақида ҳар қанча ўйласа ҳам, бирор илож топа олмас эди. Ниҳоят бирдан бошини кўтарди. Кўзи шкафчанинг устига қўйилган соатга тушди. Беихтиёр: «Вой! Ваъда вақтидан ярим соат ўтиб кетибди-ю, бечора Фарруҳим, балки мени кутавериб чарчагандир!» деб ўрнидан турди.
Олтин сочларини тараб, бошига оқ тўр рўмолини ўраб, уйдан чиқди. Секин-секин зинапоялардан тушиб, боғнинг охиридаги деворга қараб чопиб кетди. Боғнинг қуюқ қўйнига кирган сари юраги зўр бериб урар эди. Фарруҳ билан учрашмоқ учун тайин қилган жойга келганда, уни ўша ерда кутиб ўтирган ҳолда топди.
[6] Мадмазел (мадемуазель) – хоним (франц.)
[7] М у с ь е – жаноб (франц.)
VI БОБ
ДЕВОР УСТИДА ИККИ ОШИҚНИНГ
ҚАРОРИ
Маҳин чиқиб кетгандан кейин оғойи Ф... уссалтана тахминан ярим соат аччиғидан тушмасдан, уйда айланиб юрди.
Ахири бориб-бориб ҳаяжони совиди, ўйлади ва ўз-ўзига деди:
«Йўқ, йўқ! Бу бекорчи хаёлларни қизнинг бошидан чиқариш керак. Қандай бўлса ҳам, бу пуч ўйлар ҳали ўзининг ёмон натижасини кўрсатмасдан илгари олдини олиш керак. Шаҳзода К. билан расмий суратда сўзлашиб, унга ваъда бермаган бўлсам ҳам, бундан бир неча кун илгари сўз орасида депутат бўлишим, у билан қуда бўлишимга боғлиқ эканини ишора қилиб қўйди. Мен уни қайтариб, ўзимга Фарруҳга ўхшаган гадойваччани куёв қиламанми? Одамлар менга нима дейди? Бироқ нима қилайин, сўзларимнинг ҳеч биттаси қизга таъсир этмади. Нима деган бўлсам, менинг гапим қаршисида терсайиб туриб олди. Бироқ ҳали ҳам умидсизланиш керак эмас. Мен унинг нафини ўйлаб айтган гапларимни эшитгиси келмаган бўлса, балки онасига қулоқ солар, ишнинг яхшиси шуки, онасига айтайин, унга насиҳат қилиб, ҳам менинг, ҳам ўзининг бахтли бўлишини тушунтирсин, балки уни бир йўл билан эпақага келтирар».
Шу қарорга келиб, яна тугмачани босди. Эшик очилиб, шошилганича Феруза кирди-да, таъзим қилиб, бир бурчакда турди. Феруза оғосидан аччиқ сўз ва ғазабли буйруқларни кутган эди, аксинча, оғойи Ф... уссалтана осойишталик билан сўради:
– Феруза, хоним келдиларми?
– Ҳа, оғо, ҳозир келдилар.
– Жуда яхши. Ундай бўлса, хонимга айт, дарров бу ерга келсинлар, зарур бир масала устида гапиришмоқчиман.
Феруза яна бир марта таъзим қилгач, чиқиб кетди. Оғойи Ф... уссалтана уйнинг у бошидан-бу бошига юра бошлади. Баъзан девордаги суратларга, баъзан қимматбаҳо гиламнинг гулларига қарар эди.
Салдан кейин эшик очилиб, Маликтож хоним кириб келди.
Маликтож хонимнинг эгнида кўк шойи кўйлак, бошида нозик дурра бор эди. Кўзлари чақнаб турарди. У ичкарига кирар-кирмас эри истиқболига чиқиб, европаликларга тақлид қилиб, такаллуф билан қўлини ўпиб, ёнидан жой кўрсатди.
Маликтож хоним қисқагина жимликдан сўнг, эронлик хотинларга хос ишваи-ноз билан сўз бошлади:
– Мана, мен келдим, оғо, қандай буйруғингиз бор эди, нима учун мени шундай шошилинч чақирдингиз?
– Хоним, нимасини айтасиз? Илгарилар, эшитган гапларга қулоқ солмасдан, эътибор бермасдан юрар эдим. У қулоғимдан кириб, бу қулоғимдан чиқиб кетар эди. Энди билсам, иш ҳаддидан ошибди. Менинг аввалдан тузиб юрган режаларим барбод бўлишига сал қолибди. Балки, сиз бу ишдан бехабар бўлганингиз учун нима демоқчи бўлганимга тушунмагандирсиз.
Бу сўзларни гапирар экан, оғойи Ф... уссалтана деразадан қараб, боғнинг ҳар тарафини ўз нури билан ёритиб турган ойни томоша қилар эди.
– Малъун қизингиз жуда қонимга ташна қилди. Қани, жоним, туринг, ҳаво яхши – ойдин, боққа кирамиз. Боғда бемалол гапиришамиз, ишнинг нима эканлигини ўша ерда тушунтираман.
Маликтож хоним ўрнидан турди. Эри билан қўл ушлашиб уйдан чиқдилар. Зинадан тушиб, Маҳин билан Фарруҳ учрашган деворнинг рўпарасига келишгач, юқорида айтганимиз ўриндиққа ўтирдилар.
Оғойи Ф... уссалтана сўзлай бошлади:
– Хоним, қизим мени жуда ҳам ташвишга солиб қўйди. Билмайманки, уни бу эгри йўлдан қандай қилиб чиқарсам экан?
Маликтож хоним мулойимлик билан сўради:
– Нима деганингизни тушунмадим, оғо. Мен, масалан, алҳамдулилло, қизимда унчалик бир айб-нуқсон кўрмайман. У нима гуноҳ қилган эканки, бунчалик сизнинг таъбингизни хира қилибди?
– Хоним, сиз бу ишдан бутун бехабарсиз. Шундан ҳам ёмонроқ бир иш бўладимики, ахир, қизингиз тоғасининг ўғли Фарруҳни яхши кўрса, бунинг натижасида сиз ҳам, мен ҳам хонавайрон бўламиз-ку!
– Буни сизга ким айтди? Қандай таги паст одам айтди? Вой Худо-eй, одамлар ҳам оёғи билан эмас, оғзи билан юрадиган бўлиб кетганда, қанчалик ёлғонларни тўқиб чиқарадилар, – деди Маликтож хоним.
– Йўқ, хоним, сиз янглишяпсиз, айтган одам таги паст ҳам, ёлғончи ҳам эмас, бунинг ростлигига Маҳиннинг ўзи ҳам иқрор бўлиб тургандан кейин, халқ нима десин?
Маликтож хоним ҳайронлик билан:
– Нима? Маҳиннинг ўзи сизга «мен Фарруҳни яхши кўраман», деб айтдими? – деб сўради.
– Ҳа, хоним, Маҳиннинг ўзгинаси айтди!
– Вой ўлай, ундай бўлса, нима дедингиз? Сизнинг фикрингиз қалай? – Бу вақт оғойи Ф... уссалтана бошини хотинининг қулоғига яқинлаштириб, секингина алланималар деди (бу гапни Фарруҳ билан Маҳин эшита олмадилар).
– Муҳтарам хоним, сиздан нимани ҳам яширайин, менинг... вазирликдаги мавқеим унча мустаҳкам эмас. Ҳар кун улар мени хизматдан бўшатишни ўйлайдилар. Келажакда ўзимга бир муносиб мавқени эгалламоқ учун, ҳар қанча ўйласам ҳам депутат бўлишдан бошқа чора топа олмадим. Албатта, Маҳинни ўғли Сиёвуш Мирзога сўраган шаҳзода К.нинг ёрдамисиз депутат бўлишим мумкин эмас. Энди, масаланинг қанчалик муҳимлигини эшитгандан кейин, тушунган бўлсангиз керак. Мен бундан бошқа чора топа олмадим.
– У қандай чора? – деб сўради Маликтож хоним?
– У чора шуки, шу фикрлар қизнинг бошидан бутунлай чиқариб ташланиши керак.
– Қандай қилиб чиқарса бўлади?
– Бу жуда осон иш: ишқ деган нарса унинг бошидан тамоман юлиб олиниши керак.
– Яъни, сиз истайсизки, бир йўлини топиб, Маҳинни севганига етиштириш керакми?
Оғойи Ф... уссалтана қаҳқаҳа уриб кулиб юборди:
– Йўқ, йўқ! Балки уларни жудо қилиш учун бир йўл топмоқ керакки, бир-бирларини унутсинлар.
Маликтож хоним бир оз жим қолиб, кейин:
– Ундай бўлса, қани айтинг, нима қилиш керак, қандай иш кўришимиз керак? – деди.
Оғойи Ф... уссалтана бир оз ўйлагандан кейин, бошини кўтариб, хотинининг қулоғига бир нималар деб шивирлади.
Маликтож хоним ҳам секингина жавоб берди:
– Жуда яхши! Сиз ҳам борасизми?
– Бу тўғрида бир оз ўйлаш керак, балки менинг боришим керак ҳам бўлмас, ҳозирча туринг, кетдик. Лекин, бу сирни ҳеч кимга, ҳатто унинг ўзига ҳам айта кўрманг.
Ниҳоят, ҳар икковлари туриб, секин-секин уй тарафга қараб кетдилар.
Ҳали уларнинг оёқ товушлари узилмаган ҳам эди, Фарруҳ деди:
– Жоним Маҳин! Бизнинг тўғримизда қандай фикрда бўлганликларини тушундингми?
Маҳин хаёлчан овоз билан жавоб берди:
– Эсизки, онамнинг қулоғига айтган охирги сўзларини эшита олмай қолдим, нима деганларини тушунолмадим.
Фарруҳ Маҳиннинг қўлларини сиқиб, ушлаб деди:
– Оҳ, жоним! Келажагимизни ғоятда ёмон аҳволда кўрмоқдаман. Улар бизни бир-биримиздан жудо қилмоқ учун аллақандай режа тузганга ўхшайдилар.
Маҳин севги билан тўлиқ, осмондай тиниқ мовий кўзлари билан Фарруҳга тикилиб деди:
– Севгилим! Бекорга хафа бўлма, менинг ваъдам чин ваъда. Танимда жоним бор экан, сўзимдан қайтмайман. Сендан бошқа ҳеч кимса менга эга бўла олмайди. Буни аниқ билиб қўй!
Фарруҳ беихтиёр Маҳиннинг қўлларини ўпди ва ошиқи шайдоларга хос жўшқин овоз билан деди:
– Жоним, ваъдангга ишонсам бўладими? Меники бўлишликка чиндан сўз берасанми? Ҳақиқатан ҳам сен меники, мен сеникими?
– Фарруҳ, бу сўзни сенга неча бор айтишим керак? Мен бу кеча ҳам қасамларимни такрорладим, жоним, мен сени севаман, сени севгилим ва азиз эрим деб биламан. Хотиржам бўл, сендан бошқа ҳеч киши менга эга бўла олмайди!
Маҳиннинг шунчалик иқрори Фарруҳ учун ортиқ ҳеч бир шубҳага ўрин қолдирмаган эди. У бирдан Маҳинни бағрига босди, лаблар бир-бирига улашиб кетди. Муҳаббат билан олинган бир ўпичнинг «чўлп» этиши теваракнинг жимжитлигини бузди ва бу аҳвол бир неча сония давом қилди. Икки ёшнинг нафаслари бир-бирига туташиб кетган эди. Астагина эсмоқда бўлган шабада Маҳиннинг сочларини юзларига тўзғитиб, секин-секин ҳаракатлар билан эркаламоқчи бўлар эди.
– Азизим, вақт алламаҳал бўлиб қолди, яна менинг бу ерда эканимни уйдагилар билиб қолмасинлар. Эрта, йўқ, эрта эмас, индинга худди шу вақтда мени шу ерда кут!
Фарруҳ Маҳиндан айрилишни истамагани учун бу сўздан маъюсликка тушди. Уни яна бир марта бағрига босиб, юз-кўзларидан ўпиб, сочларини силаб, секингина деди:
– Йўқ, Маҳин! Яна бир оз ўтир, қара, қандай чиройли кеча. Билмайман, нима учундир кўнглим ғаш, худди бир ёмон ҳодиса юз берадигандек. Тўхта, жоним! Тўхта, яна бир оз дийдорингдан баҳра олиб севинайин. Йўқ! Кетма, кетма!
Маҳин мулойимлик билан севгилисига тасалли бериб деди:
– Нега бекордан бекорга хафа бўласан? Қўй, мен кетай, индинга кечаси худди шу вақтда, яна шу ерда учрашамиз-ку! Уларнинг кейинги сўзлари ва мақсадларидан хабардор бўла олсам зора. Кўришгунча хайр, жоним...
Маҳин кета туриб, қўлини лабига тегизиб, яна бир ҳавойи ўпич ҳадя қилди-да, секин-секин у ердан узоқлашди.
Фарруҳ Маҳиннинг орқасидан узоқ қараб қолди. У келишган қадди-қомат хиёбоннинг охирига етиб, буткул кўздан ғойиб бўлгандан кейин ўз юрагида ажойиб бир ўзгариш ҳис этди ва ўзини боққа ташлаб, Маҳиннинг орқасидан бориб, унинг чиройли юзини яна бир марта томоша қилишига сал қолди, шунда ўз-ўзига деди:
«Билмайман, қандай хаёлот мени чулғаб олди. Оҳ, нима учун юрагим бундай безовталаниб тепади? У бўлса, онт ичди, мендан бошқа ҳеч кимни демасликка сўз берди. У меники бўлади. Қандай йўл билан бўлса ҳам отасини рози қиламан. Демак, ташвишланиш, хафа бўлишга ўрин йўқ».
Фарруҳ астагина девордан тушиб, келаси учрашиш умиди билан боғдан йироқлашди.
VII БОБ
РАҚИБ
Бу юқорида айтганларимиз ва оғойи Ф... уссалтананинг уйидаги ишлар бўлиб турган кечада, Теҳроннинг жануби-ғарбий тарафидаги маҳаллалардан бирида, яъни Дарвозайи Қазвинга яқин бир жойда, тамом бошқача ҳодисалар юз бермоқда эди.
Шу маҳалладаги муҳташам бинонинг бир хонасида икки киши суҳбатлашмоқда эди. Булардан биттаси юмшоқ креслода ўтирар, иккинчиси эса унинг қаршисида тик турарди.
Бу бино ғоятда ҳашаматли бўлиб, хоналари бошдан-оёқ қимматбаҳо гиламлар билан безалган эди. Бу икки киши суҳбат қилмоқда бўлган хонанинг жиҳозлари эман ёғочидан бўлган ёзув столи ва бир неча дона янги стуллардан иборат бўлиб, ёзув столида машҳур хаттот ёзган китобларнинг бир қанча танланган қўлёзмалари қўйилган эди. Ичкари кирган замон бу ернинг бир иш кабинети эканини дарров пайқаш мумкин эди.
Суҳбатлашувчиларнинг ҳар иккиси ҳам ёш эди. Ёзув столининг қаршисида – креслода уятсизларча талтайиб ўтирган, буғдой рангли, чўтир, кўзлари чақчайган, қирра бурун, мўйлови сабза ура бошлаган, новча бўйлиси жуда ёш, яъни йигирма иккиларда эди.
Бу йигитнинг исми Сиёвуш Мирзо. Отаси шаҳзода К. эл кўзида Теҳроннинг бадавлат ва бой кишиларидан ҳисобланса ҳам, ўзи мирқуруқ – бутун мол-мулклари гаровда эди.
Бу йигитнинг қаршисида тикка турган киши ўттиз икки ёшларда бўлиб, энгил-бошидан бойваччанинг югурдаги эканлиги билиниб турар эди. У ўрта бўйли, кўзлари кичкина, лаблари юпқа, қирра бурун, юзи сарғиш, ҳарҳолда афт-башарасидан айёрлик ва зийраклик асари ошкора кўриниб турарди. Бу кишининг исми Myҳаммад Тақи эди.
Улар шу қадар қизғин суҳбатлашар эдиларки, теварак-атрофдан тамоман бехабарга ўхшардилар.
Сиёвуш Мирзонинг олдига қўйилган «варшава патниси» устидаги биллур графиннинг учдан икки қисми оқ суюқлик билан тўлдирилган бўлиб, графиннинг ёнида мўъжазгина қадаҳча, бошқа бир патнисдаги косага бодринг тўғралиб, қатиқ аралаштирилган эди. Сўз орасида Сиёвуш Мирзо ҳар гал графиндаги оқ суюқликдан, яъни ароқдан қадаҳчани тўлдириб ичиб олар эди. Сиёвуш Мирзо жуда хурсанд кўринарди. У сигара тутатиб, юмалоқ ва чақчайган кўзларини Муҳаммад Тақига тикиб айтар эди:
– Хўп, Муҳаммад Тақи, сенинг гапингга қараганда, у ерда танноз, дўндиқчалари топилар экан-да?
– Ҳа, оғо, – деб жавоб берарди Муҳаммад Тақи, – бундан бир ой бурун бир кечаси сиз билан у ерга борганимиз эсингиздами? Сиз у ерда ҳеч қайси қизни ёқтирмасдан, қайтиб кетган эдингиз. Эсингиздами? Шу вақтдан буён уй эгаси, сизнинг хотирингиз ва сиздайларни ўзига тортиш учун, аҳволни тамоман ўзгартириш хаёлига тушибди ва кеча менга одам юбориб, бир келиб кўринг, деди. Мен бордим. Нимасини айтай энди, оғо, сизга! Билмайман, шундай чиройли нозанинларни қаердан топиб у ерга йиққан экан?! Айниқса, ораларида биттаси бор экан, умримда бунақа қулинг ўргилсин жононни кўрган эмасман, оғо!
Сиёвуш Мирзо Муҳаммад Тақининг таърифларини эшитар экан, ўзида жуда ажойиб ҳолат сезмоқда эди. Бир қадаҳ ароқни кўтариб, деди:
– Жуда яхши, Муҳаммад Тақи! Бу сўзларинг билан иштаҳамни қитиқлаб қўйдинг. Энди бўлмаса, у ерга қачон борсак бўлади?
Муҳаммад Тақи уни яна қизиқтириш учун:
– Ҳазратим, сиз қай вақт бораман десангиз, мен хизматингизга тайёрман.
Сиёвуш Мирзонинг завқи келиб, ҳовлиқиб кетган эди.
– Жуда яхши, демак жўнаймиз, – деди у, кейин қўшимча қилди: – Лекин Муҳаммад Тақи, сен менинг ҳамма сирларимдан воқифсан, сен билан бир маслаҳатим бор. Қани, шунга сен нима дер экансан. Отам менинг тўғримда нималар ўйлаб юрганини биласанми? Кеча мени чақириб: «Ўғлим, вақт келди, энди бунақа юришинг яхши эмас, сени уйлантириб қўяман», деб қолди. Мен бўлсам, ҳали уйланмоқчи эмасман, бу менинг учун ҳозирча мумкин эмас, десам ҳам қулоқ солмасдан: «Бекор гапларни гапирма!» деди. Менга олиб бермоқчи бўлган қизи жуда чиройли бўлиши билан баробар, бадавлат ҳам эмиш. Унга уйлансам, давлатманд бўлиб кетар эмишман, отамнинг ҳам кейинги вақтларда жуда бузилиб кетган баъзи ишлари режага тушармиш. Шундан кейин, мен ҳам ўйлаб турдим-да, ўзимга айтдим: «Модомики, иш шундай экан, нима айби бор? Қизни оламан, айтганларидай бир ўқ билан уч нишонни бирдан ураман, бир томондан, эҳтиросимни шундай чиройли қизнинг суҳбати билан қондираман, иккинчи томондан, унинг давлатини сарфлаб, бошқа таннозлар билан айш-ишрат қиламан, ундан кейин отам бечорага ёрдам бераман – қашшоқликдан қутулади». Шуни ўйлаб розилик бердим. Хўш, сен қандай ўйлайсан? Ё қилган ишим чаккими?
Муҳаммад Тақи одоб билан жавоб берди:
– Оғо, жуда яхши қилибсиз. Бундай уйланишдан ҳеч қандай зиён-заҳмат кўрмайсиз. Лекин кимнинг қизи экани ҳамда қанча давлати бор эканлигини била олдингизми?
Бу саволни беришдан Муҳаммад Тақининг шахсий бир мақсади бор эди. Чунки у ўз манфаатини назардан қочирмайдиган югурдаклардан бири эди. У бир талай ярамас ишлар воситаси билан ҳам ўзини, ҳам бошқаларнинг кўнглини овлар эди. Масалан, кимнинг уйида яшаса, ўша ердаги хотинларни бегона эркаклар билан учратишни, яъни қўшмачиликни ўзига ҳунар қилиб олган эди. Айниқса, шаҳзода К. нинг уйига келгандан буён ҳар вақт Сиёвуш Мирзодан, масалан, уни маълум жойларга олиб бориш, олиб боргандан кейин ўша жойдаги уй эгаси айтди деб Мирзодан ортиқча пул ундириб, ундан бир озини уй эгасига, кўп ҳиссасини ўзининг чўнтагига уриб қолиш сингари ишларни қойил қилар эди.
Сиёвуш Мирзо, қўлидаги олтин билан зийнатланган мундштукдаги [3] сигарани оғзига олиб, бир тортди-да, тишлари орасидан паға-паға тутун чиқариб гапини давом эттирди:
– Мен қизнинг ким эканлиги ва давлати тўғрисида отамдан сўраб билмоқчи бўлсам ҳам, отам менга ҳеч нарса айтмади. Қандай бўлмасин, яқин ўртада ҳамма ишдан хабардор бўламан.
Ўқувчиларимиз бу фикрларни ва шайтончасига ўйланган бу хаёлларни фақат Сиёвуш Мирзогагина хос бўлганлигини тасаввур қилмасинлар, эрон йигитларининг кўплари шундай. Улар шундай хаёллар билан уйланадилар, чунки улар турмушларига шерик бўладиган хотиннинг ҳеч қачон юзини кўрмайдилар, ҳаттоки йиллар бўйича хотин бўладиган қизни қай рангда – сариқми, оқми, қорами, ориқми, семизми, паканами, новчами эканини ҳам билмайдилар. Шунинг учун ҳам кўпинча уйланиш, фақат манфаатни қўлга киргизиш мақсади билан юзага келади. Ҳатто баъзилар куёвнинг уйида қорнини тўйғазиш ёхуд никоҳ мажлисида сарупо кийиш, пул олиш нияти билан қизнинг сифатини, башарасини, бечора йигитнинг олдида шу йигитнинг табиатига қараб жуда ҳам ҳаддан ошириб, бўлмаган гаплар билан таъриф ва тавсифлар қиладилар.
Сиёвуш Мирзо ўрнидан турди, яна бир неча қадаҳ ароқни кетма-кет кўтариб:
– Хўп, жуда яхши, қани, юр кетдик! – деди.
Қора мовут пальтосини кийгач, кичкина қоракўл кулоҳини бошига қўндирди, калта ҳассасини қўлига олиб, ўзи илгарида, Муҳаммад Тақи унинг орқасида зинапоялардан боққа тушдилар. Ой тик кўтарилган, ҳаво тоза эди. Сиёвуш Мирзо ва Муҳаммад Тақи икки тарафига гулу райҳонлар экилган торгина йўлкадан ўтиб, боғнинг дарвозасига етдилар. Дарвоза яқинидаги бир ҳужрада яшовчи қари дарвозабон уларни секингина чиқариб юборди.
Соат саккизлар чамаси эди. Сиёвуш Мирзо эшикдан чиқар-чиқмас, Муҳаммад Тақига қараб:
– Демак, пиёда борар эканмиз-да? – деди.
Муҳаммад Тақи дарров жавоб берди:
– Оғо, уйнинг эгаси кечқурун соат тўққизларда келинг, деб айтган эди, ҳали саккиз ҳам бўлгани йўқ. Ҳаво тоза, ойдин, секин-секин кетсак, худди вақтида етиб борамиз.
Сиёвуш Мирзо эътироз билдирмади. Ҳар иккиси ёнма-ён кета бошладилар. Дарвозайи Қазвин хиёбонидан ўтиб, Ҳасанобод чорраҳасига етдилар. У ерда Сиёвуш Мирзо Боғи Шоҳ дарвозаси томон кетаётган бир хотинни кўриб, Муҳаммад Тақига деди:
– Қани юр, шу хотиннинг орқасидан тушамиз. Бирор иш чиқаролсак, у ерга бормай қўя қоламиз.
Муҳаммад Тақининг бу сўзга аччиғи чиққан бўлса ҳам, бир нима демади. Сиёвуш Мирзо хотиннинг орқасидан кета бошлади. Истихор хиёбони рўбарўсида у хотинга тегишиб, сўз ота бошлади. Фақат хотин: «Мен сизнинг айтган кишингиз эмасман. Балки, сиз суд маҳкамаси раисига беш туману икки қирон жарима тўламоқчидирсиз?» деганидан кейин таажжубланиб, бунақа хотинларнинг орқасидан юриш бефойда эканини тушунди. Ичидан севинган Муҳаммад Тақи билан Истихор хиёбонига кирди. Сўнгра кунчиқар тарафига айланиб, бир неча кўчаларни босиб, оғойи Ф... уссалтананинг қасри яқинига бордилар ва унга эътибор бермай ўтиб кетдилар.
* * *
Юқорида айтганимиздай, Фарруҳ секингина девордан тушиб, ўз уйига келмоқда эди.
Фарруҳ ғоятда ташвишланган, бошида минг турли хаёллар, фикрлар қайнар, бошини қуйи солиб, хаёл суриб, ўйлаб келарди. Агар биров унга жўрттага тегиб кетса ҳам, у ўз аҳволини бузмас эди. Ўн беш дақиқача шу аҳволда юрди. Йўл-йўлакай ўз-ўзига дер эди:
«Шунчалик хафа бўлишнинг нима кераги бор? Одам деган матонатли бўлиши лозим. Маҳинни ҳеч қачон қўлдан чиқармайман. Мени хафа қиладиган бир нарса – поччам аммамнинг қулоғига айтган гапи, буни бўлса, Маҳин эртага билиб, менга айтади».
Бора-бора тинчланиб қадамини жадаллаштирди. Бирданига юз қадам олдинда икки киши шарпасини кўрди, улар ҳам секин-аста юриб шаҳарнинг шимоли-шарқий томонига қараб келишарди.
Шу маҳал Англия элчихонасининг соати тўққизга занг урди. Нодирий хиёбонида одамларнинг оёғи тортилиб қолган, кўчада ҳеч ким кўринмас эди. Теҳрон кўчаларининг шунчалик барвақт ҳувиллаб қолиши ажабланарли эмас. Чунки, эронликлар рамазон ойидан бошқа вақтда кечалари кўчада изғиб юришни одат қилган эмаслар. Эронда кечаси деган сўз кун ботишданоқ бошланади. Фақат баъзи саёқ йигитлардан бошқа бутун аҳоли уйларидан ташқарига чиқмайдилар ва болалар бошларини онасининг тиззасига қўйиб, уйқуга кирадилар. Фақат дунёнинг ҳамма лаззатидан маҳрум бўлган бечора хотинлар шундай ахлоқсиз эркаклар билан кечани саҳарга улаштириб, азоб-уқубатда ҳаёт кечирадилар!
Бирдан, келаётган икки кишининг олдиндагиси сўради:
– Анави оғодан сўрайлик, шу пайтда нима қилиб юрган экан? Балки биз бораётган ерга кетаётгандир.
Иккинчиси жавоб берди:
– Оғо, бировнинг ишига аралашишнинг нима кераги бор?
Биринчиси бизга таниш бўлган Сиёвуш Мирзо эди. У сўзида давом қилиб деди:
– Муҳаммад Тақи! Сал сабр қил, қани кўрайлик, ким экан! – Сиёвуш кулди.
Шу маҳал Фарруҳ ҳам уларга етиб олган эди. Беш қадамча яқинга келар-келмас, Сиёвуш Мирзо унга юзланиб сўради:
– Муҳтарам оғо, кечаси алламаҳалда қаерга кетаётибсиз, айтишингиз мумкинми?
Фарруҳ рўбарўсидаги кишини девона деб ўйлади. Бирдан бошини кўтариб, таажжубланиб деди:
– Оғо! Маҳмаданагарчилигингизга қараганда, жуда ўзига бино қўйган одамга ўхшайсиз, ҳамма ўз ишидан менга маълумот бериб юришга мажбур, деб ўйлайсиз чоғи?
Сиёвуш Мирзо жавобида:
«Э-ҳа! Жуда баланд кетдингиз-ку, сал секинроқ гапираверинг!» демоқчи бўлган эди, айтолмади, тили ғўлдираб қолди. Кайфи ошиб қолгани сезилди.
Фарруҳ маст йигит билан пачакилашиб қолганлигини тушуниб, ўз-ўзига:
«Кайфи бор одам билан пачакилашиб ўтиришнинг нима кераги бор», деб ўтиб кетмоқчи бўлди.
Муҳаммад Тақи ҳам жанжал бу кечаси топадиган даромадидан маҳрум қилиши мумкинлигини ўйлаб ўртага тушиб, Сиёвуш Мирзога:
– Оғо, ҳозир бу гапларнинг жойи эмас, юринг, кетамиз! Бекорга кеч қоламиз, кеч қолсак киргизмайди, – деди.
Сиёвуш Фарруҳнинг бепарво кетишига ҳам, Муҳаммад Тақининг ўртага тушишига ҳам эътибор бермасдан, бир неча қадам юриб олдинга ўтди-да, қўлидаги калта ҳассаси билан Фарруҳнинг йўлини тўсиб қичқирди:
– Ҳеч ёққа кетмайсан! Сени қўйиб юбормайман! Айтиб кетасан.
Фарруҳ бундай бемаза, мияси айниб қолган йигитнинг қўлидан яхшилик билан қутула олмаслигини тушунганлиги учун, Сиёвуш яна тиқилинч қилгудай бўлса, бир мушт тушириб, қутулиб кетишни ўйлаб деди:
– Оғо, агар сиз бекорчи бўлсангиз, билмадим, лекин менинг зарур ишим бор, қўйинг, мен кетай.
Кайфли йигитларнинг таъбири билан айтганда, кайфи чоғ бўлган Сиёвуш Мирзо Фарруҳни йиқитмоқчи бўлиб беихтиёр қўлини унинг ёқасига узатди. Худди шу вақтда Фарруҳ ҳам қўлини кўтариб, қулочкашлаб бир мушт туширмоқчи эди, лекин қўли бирданига ҳавода билагидан ушланиб қолди. Фарруҳ орқасига қаради, бир қўл билан Сиёвуш Мирзони ушлаб турмоқда бўлган Муҳаммад Тақини кўрди. Ўлгунча кайфи ошиб кетган Сиёвуш Фарруҳнинг ёқасини қўйиб юборди. Муҳаммад Тақи ўз-ўзича ғўлдирамоқда бўлган Сиёвуш Мирзони судраб хиёбоннинг нариги бетига олиб ўтиб кетди. Маст одам билан жанжаллашиб ўтиришни ўзига эп билмаган Фарруҳ, унга эътибор қилмасдан, бепарволик билан ўз йўлига кетди.
Хиёбоннинг бир томонидан ариқча оқар эди. Ариқчада сув лиммо-лим эди. Сувда ойнинг нури аксланар, дарахтлар унга кўланка ташларди. Муҳаммад Тақи Сиёвушни шу ариқчанинг бўйига олиб бориб, бир неча ҳовуч совуқ сувни юз-кўзига сепди. Икки-уч дақиқадан кейин Сиёвуш Мирзо ҳушёр тортиб, секин сўради:
– Мен нима қилдим, у ким эди?
Муҳаммад Тақи хушомадгўйлик билан жавоб берди:
– Ҳеч гап бўлгани йўқ. Бир оз айний бошлаган эдингизу, Худога шукр, ҳушёр тортдингиз. Қани, юринг, тезроқ борайлик!
Сиёвуш ўрнидан турди, лекин оёқлари майишиб, гандираклар эди.
– Хўп, майли, қани, юр кетдик, у дунёга десанг ҳам кетавераман, – деди.
[3] Мундштук – папирос найчаси.
