автордың кітабын онлайн тегін оқу Jeyn Eyr
Шарлотта Бронте
Жейн Эйр
I БОБ
Бугун ҳавонинг авзойи сайрбоп кун эмаслигидан дарак бермоқда эди. Шунга қарамай, эрталаб биз қарийб бир соатча боғнинг йўлакчалари бўйлаб кезинган бўлдик. Аммо тушдан кейин қишнинг қирчиллама совуқ шамоли (миссис Рид меҳмон келмаган кунлари барвақт таомланарди) булутларни бир жойга тўплаб, шунақа шаррос ёмғир қуйдики, яна бир бор ташқарига чиқиш нари турсин, мўралашга ҳам иштиёқ қолдирмади.
Менга қолса, худди кўнглимдаги иш бўлди: табиатан ҳавонинг совуғида, боз устига кечки пайт узоқ сайр қилишни хуш кўрмасдим. Тўғриси, қаҳратонда қўл ва оёқларинг музлаб, бор-йўқлигини сезмай қолган чоғинг энага Бессининг юракни увиштирадиган минғирлашларини эшитиш, Элиза, Жон ва Жоржиана Ридларнинг ҳақоратомуз нигоҳларига дош бериш учун сайрдан уйга қайтишдан азоблироқ нарса йўқ эди.
Юқорида номларини санаганим – Элиза, Жон ва Жоржиана бу сафар меҳмонхонада, оналарининг теграсида тўпланишганди. Бу хотин жонини асрашни билади: камин ёнидаги диванда ёнбошлаган кўйи чўзилиб ётар, жондан азиз фарзандлари эса худди оймомони қуршаган юлдузчалар каби атрофида парвона эдилар (улар бу пайт жанжаллашишмас, бир-бирига ўшқириб, жиққа мушт бўлмасдилар), афтидан, улар жуда бахтиёр эдилар.
Мени бу даврага қўшишмасди. Мисс Риднинг ўзи шуни ихтиёр этган. Сабабини ўзимга ҳам айтганди. Бошини таассуф билан тебратиб, мени болаларининг сафига қўша олмаслигини, маълум бир муддат шундай қилишга мажбур эканини тушунтирганди. Токи, энага Бесси унга мен ҳақимда ижобий бир фикр айтмагунича, бунга ўзи шахсан амин бўлмагунча болаларига бериладиган эркинликлар, шодликларга мени шерик қила олмаслигини билдирганди. Бунинг учун мен бор куч-ғайратимни ишга солиб, ўта хушмуомала ва мулойим, интилувчан қизалоқ сифатида ўзимни намоён қилишим лозим эди.
– Бесси мен ҳақимда нима деди? Мен одатга хилоф бирор иш қилдимми?
– Жейн, менга кимдир ҳадеб савол бериб ниқтаб турса ёқмайди; сўроққа тутиб турса ундан совийман. Айниқса, ёш бола катталар билан бундай муомалада бўлса тутақиб кетаман. Шунинг учун унингни ўчириб, бир четда ўтир. Токи, назокатни ўрганмас экансан, гапирма.
Меҳмонхонага туташ чоғроққина хона емакхона бўлиб, одатда, у ерда нонушта қилиб туришарди. Мен астагина ўша хонага кириб кўздан ғойиб бўлардим. Унда китоб жавони турарди; китоблар орасидан таваккал биттасини олиб, расмларини томоша қилиш мақсадида деразанинг кенг рафига чиқиб, оёқларимни бир-бирига жипслаштириб, ўтириб олардим. Буни туркча ўтириш дейишади бизда. Ўшанда деразанинг қизил алвон пардаси мени ҳар икки томонлама ташқи оламдан ажратиб қўярди.
Хуллас, бу сафар ҳам қалин, қирмизи парда ўнг томондан мени тўсиб турар, чапдан дераза ойнаси, улар зерикарли ноябрь манзараларини яширмаса ҳам об-ҳавонинг инжиқликларидан ҳимоялаб турарди.
Саҳифаларни варақлаётганда, аҳён-аҳён деразадан ташқарига қарардим. Қоронғи тушиб, узоқдан оламнинг юзини яширган булут ва туман пардаси, яқинимда эса бутазорлар чайқалиб турарди. Ҳавонинг авзойи тунд: шамол булутларни жойидан бежо қилиб, олдга ҳайдади, худдики уйидан қувилган, бегона юртларга улоққан фақирдек йиғлаб юборди.
Кейин яна китобни томоша қилишда давом этардим. У Бьюикнинг «Англия паррандаларининг ҳаёти» китоби эди. Ростини айтсам, матни менга қизиқ эмасди, бироқ кириш бобининг айрим саҳифалари ҳали жуда ёш бўлсам-да, мени бефарқ қолдирмаган: унда денгиз қушларининг қўналғалари, ўрдакларнинг фақат ўзларидан иборат бошпаналари, жанубий сарҳадларга ястанган, яъни Линденесдан Нордкапага қадар сочилган кўллар, ороллардан иборат Норвегия соҳиллари. Музли уммонларнинг қип-яланғоч ва бесар, жўшқин мавжлари оролларга бориб уриларди. Узоқ шимолда, Атлантика тўлқинлари ғамгин Гебридга бош уриб турарди.
Шунингдек, мен Лапландия, Сибир, Шпицбергена, Янги Ер, Исландия, Гренландиянинг суронли қирғоқларини ҳам назаримдан қочирмадим. Бу қутб мамлакатларининг бепоён кенгликлари, уларнинг кимсасизлиги, мунғайган саҳролар, изғирин изғиган мангу музликлар ҳамиша қиш бўлгани боис қор устига қор ёғиб, худдики Алп тоғлари каби қават-қават қор кўрпага бурканган замин; улар бутун қутбни қуршаб, қирчиллама қишнинг бор қайсарликларини ўзида акс этиб тургандек бўлиб туюлди менга. Мен оппоқ бу ўлик оламни ўзимча тасаввур қилдим – бор гап, жуда хира, одатга хилоф ҳаяжон билан, албатта. Болаларча беғубор, аммо ҳали тамоман англанмаган дунё эди бу.
Ташландиқ қабристон тасвири менда англаб бўлмас бир ҳаяжон пайдо қилди: бир чеккада қўққайиб турган ёзувли қабр тоши, эшик, бир жуфт дарахт, ҳамма ёғи нураган каби ботаётган шафақ ва оқшомдан дарак бериб осмонга чиққан янги ой – ҳилолнинг ўроққа ўхшаш қиёфаси – буларнинг бариси таъсирчан эди.
Сокин денгиздаги иккита кема худди шарпа бўлиб туюлди менга.
Шайтон ўғрининг елкасидан ўмарилган моллар солинган қопни юлқиб олаётгани сурати акс этган саҳифани тезгина ўгирдим, сабаби у юрагимга ваҳм солди.
Ҳар битта суратнинг ўзи бир асар: уларда ҳали менинг мурғак ақлим етмаган, тасаввурим қамровига сиғмас маънолар яширин эди. Аммо бу суратлар менда кучли қизиқиш уйғотарди – улар худди қиш кечалари Бесси сўзлаб берган эртаклар каби мени ўзига тортарди. Кайфиятимни кўтарарди. Бессининг шу машғулотини ёқтирардим. Ўзи фойдали бир иш билан машғул бўлишига қарамай, яна бир хайрли ишга бош қўшарди. Кийимлар дазмол қилинадиган столни болалар бўлмасидаги каминга яқин суриб, унинг атрофидан жой олишимизга рухсат берарди. Сўнг ўзи миссис Риднинг ювиб, қуритилган уст-бошини дазмол қилишга киришаркан, бизга муҳаббат ҳақида, мардлик ва жасорат фазилатлари улуғланган саргузаштларни сўзлаб берарди. «Бунча нарсани қаердан билади у?» деган ўй кечарди хаёлимдан. Кейинчалик улғайганимда билдимки, Бесси бу ҳикояларни «Памелалар» ва «Генрих, герцог Морландский» китобларидан ўзлаштирган экан.
Хуллас, тиззамга китобни қўйиб, мамнун алпозда ўтирардим. Ўзимдан ўзим бахтиёр эдим. Фақат бир нарсадан чўчирдим – тинчимни бузишларидан алағда эдим. Бироқ минг афсус, шу иш содир бўлди.
Ошхонанинг эшиги ғийқиллаб очилди.
– Эй, сен! – Жон Риднинг ғазабнок товуши эшитилди; у жимгина атрофга кўз югуртирди: уй бўм-бўш туюлди унга. – Қай гўрга йўқолди у? – давом этди Жон. – Лиззи! Жоржи! – сингилларини чақирди. – Ойимга айтинглар, у шу ёмғирда ташқарига чиқиб кетган кўринади.
«Яхшиям пардани ёпган эканман», деб ўйладим мен ичимда ва уни ҳеч қачон очмасликларини истадим. Жон Рид кўриш ва фикрлаш қобилияти оқсоқ бола бўлгани боис мени ҳеч қачон топа олмаган бўларди, Элиза эшикдан бошини суқиб:
– Онт ичаман, у деразанинг рафида, Жон, – деди.
Мен дарҳол ўтирган жойимдан чиқдим. Тўғриси, у ердан мени Жон тортқилаб туширишидан қўрқдим.
– Менда нима ишинг бор? – деб сўрадим ундан, худдики муроса йўлини тутгандек кўрсатиб ўзимни.
– «Менда бирор юмушингиз борми, мистер Рид?» – деб айт, дўқ урди у жавобан. Кейин «Мен ёнимга келишингни истайман», деди у юмшоқ курсига ўтириб, қўли билан қандай келишим, қаерда туришим лозимлигини кўрсатди.
Жон Рид ўн тўрт ёшга тўлганди. У мендан тўрт ёш катта, мен ўшанда эндигина ўнга ўтгандим.
Жон аслида онасига ҳам, сингилларига ҳам у қадар меҳрибон эмасди. Мени эса кўрарга кўзи йўқ эди. У менга доимо қўрқув солиб, сиқувга олишни хуш кўрарди. У онда-сонда ёки ҳафтасига бир-икки марта эмас, тинимсиз таъқиб этарди. Унинг овозини эшитсам асабларим қақшар, қорасини кўрсам тукларим тикка бўлиб кетарди. Шундай ҳоллар бўлардики, қўрқувдан ўзимни йўқотиб қўярдим, сабаби, бу яқин орада мени унинг дўқ-пўписалари ва уриб-тепкилашларидан ҳимоя қиладиган бирорта ҳам киши йўқ эди. Хизматкорлар ўзларини Жоннинг қилмишларини кўриб кўрмаганга олишарди; ҳақлигимни билиб турса ҳам ёнимни олиб унга қарши сўз айтишга ҳеч бирининг журъати етмасди. Бундай ҳолларда миссис Рид эса кўр ва соқов бир танага айланиб қоларди. Ўғли мени ҳақорат қилаётгани ёки ураётгани уни заррача ташвишлантирмасди.
Жонга ҳамиша бўйсуниб келганим боис, дарҳол у кўрсатган жойга бориб турдим. У мени қаршисида тик қўйиб, бир неча дақиқа тилини чиқариб, мазах қилди. Тилини иложи борича ташқарига чиқаришга тиришиши, калака қилиши ҳали батамом ҳовури босилмаганидан далолат эди. Ҳадемай мени уришини билиб турардим, шуни кутиб турарканман, унинг нақадар бемаъни ва ёқимсиз бола экани ҳақида ўйладим. Афтидан, у юзимдан ичимдагини сезди. Сабаби, бирдан жаҳлланиб, юзимга шапалоқ тортиб юборди. Мен гандираклаб, икки-уч қадам ортга чайқалиб кетсам-да, йиқилмай қолдим.
– Мана сенга, ойимга қўполлик қилганинг ва парда ортида беркиниб турганинг учун, яна менга худди еб қўйгудек қараганинг учун эй каламуш, – деб ўқрайди у.
Жон Риднинг бу каби ҳақоратомуз муомаласига ўрганиб кетганимдан, гапларига эътибор бермадим. Қарши бир сўз айтиш ниятим ҳам йўқ эди. Ўша пайт иккинчи муштини қандай кўтарар эканман, деб ўйлаб турардим. Сабаби, биринчи муштдан кейин иккинчиси, албатта, бўларди. – Сен парданинг ортида нима қилаётувдинг? – дўқ оҳангида сўради у.
– Китоб ўқиётгандим.
– Кўрсат-чи, ўша китобни.
Мен дераза рафида турган китобни унга келтириб бердим.
– Сен бизнинг китобларимизни олмаслигинг керак. Ойим айтган, сен бизникида сиғиндисан. Сен қашшоқваччасан, отанг сенга ҳеч вақо қолдирмаган, сен аслида кўчаларда тиланчилик қилиб юришинг керак. Аммо биз билан яшаяпсан: биз еган таомдан еяпсан, ойим пулини тўлаган кийимларни кийиб юрибсан. Ҳаддингдан ошма, китобларимизни титкилама, билсанг, бу – менинг китобларим. Мен бу уйнинг хўжайиниман ёки ҳадемай шундай бўлади. Бор, эшикнинг ёнидаги бурчакда тур, деразага ҳам, тошойнага ҳам яқинлашма.
Аввалига унинг айтганини қилиб, кўрсатган жойига бориб турдим. Кейин билсам, нияти бузуқ экан. У ўрнидан турди-да, мени урмоқчи бўлиб, китоб тутган қўлини юқори кўтарганини кўриб, қўрққанимдан чинқириб, ўзимни четга олдим. Аммо улгурмадим: қалин китоб ён юзимга тегиб, йиқилиб тушдим. Эшикнинг қиррасига тегиб, бошим ёрилди. Жароҳат жойидан қон сизиб чиқди. Қаттиқ оғриқ сездим ва шу лаҳза қўрқув ҳисси мени тарк этди, тўғрироғи у ўрнини бошқа бир туйғуга бўшатиб берди.
– Ҳа, яшшамагур, ёвуз қонхўр! – қичқирдим мен. – Сен худдики қашқирсан, қулларнинг назоратчисидай шафқатсизсан. Сен, Рим императори Калигулага ўхшаган йиртқичсан!
Мен Голдсмитнинг «Рим тарихи» китобини ўқигандим [1]. Ундан Нерон, Калигула сингари тиранлар ҳақида муайян бир тасаввурга эга эдим. Уларни анчадан буён Жон Рид билан қиёслаб ҳам юрардим, аммо уни баралла, яна унинг ўзига айтаман деб ўйламагандим.
– Нима? Нима? – дўқ урди у. – Сен мени кимлар билан тенг қиляпсан?.. Эшитдиларинг-а, қизлар? Ойимга айтаман, тасдиқлайсанлар! Аввал мана бу жинқарчани…
Жон мен томонга ташланиб, сочим ва елкамдан маҳкам чангаллаб олди. У жазавага тушган, ҳақиқатан ҳам, қонхўр йиртқичга ўхшарди. Бўйнимга қон тома бошлади, кучли оғриқ ҳис қилдим. Бу озор ахийри, ғазабимни қўзғади ва Жонга муносиб қаршилик кўрсата бошладим. Алам ва хўрлик мени ҳақсизликка қарши муросасиз курашга ундаб турар, бармоқларим чангак каби ушлаган жойини узиб оладигандек эди. Мен қўлларим нима қилаётганини ҳали тўла англаб етмагандим, фақатгина қулоғим остида Жоннинг: «Каламуш! Каламуш!» деб чинқираётган товуши жаранглаб турарди. Шундан билдимки, қўлларим Жоннинг жон жойини чангаллаган, шунинг баробарида унинг жонига ора кирадиганлар ҳам шу ерда эди. Элиза билан Жоржиана онаси, миссис Ридни чақириб келишга ошиқишди; у боягина юқори бўлмага чиқиб кетганди. У шоша-пиша етиб келди, ортидан Бесси билан Эбботнинг ташвишнок башараси кўринди. Бизни икки ёққа ажратиб, бири қўйиб, бири гапира кетишди:
– Вой! Бу шумқадамнинг қилган ишини қаранг, мистер Жонни бўйнидан чангаллаб, кўкартириб юборибди!
– Таги паст наслига тортади барибир, демаганмидим.
– Ҳа, бу жинқарчанинг турган-битгани ёвузлик.
Ниҳоят, миссис Рид ҳукм ўқиди:
– Уни обориб, қизил хонага қамаб қўйинглар.
Тўртта қўл мени даст кўтариб, юқорига олиб чиқиб кетишди.
[1] Оливер Голдсмит (1730 – 1774) «Рим тарихи» асарида қудратли Рим империясининг ташкил топишидан Ғарбий Рим салтанатининг қулашигача бўлган воқеаларни баён қилган.
II БОБ
Мен кучим борича қаршилик кўрсатдим. Бу эса Бесси ва мисс Эбботнинг мен ҳақимдаги бўлмағур тасаввурларини, «ўтакетган ўжар, қўпол ва қайсар» деган сифатлар билан бойитди. Мен ўша чоғ ўзимда эмасдим ёки французчасига айтганда, эс-ҳушимни еб қўйгандим: худдики исён кўтарган ҳар қандай қул, оқибати қандай бўлишидан қатъи назар ҳар қандай кўргиликка рози бўлгани каби менда ҳам ноҳақликка қарши кўтарилган эътироз, унга нисбатан бор нафратимни қўзғаб қўйганди.
– Қўлидан маҳкам ушланг, мисс Эббот, – у қутурган…
– Қандай шармандалик! Уят! – хизматкор шовқин солди. – Бу қанақа қилиқ, мисс Эйр? Ўзингизни қўлга олволинг! Кичик хўжайинга қўл кўтарганингиз нимаси? Ахир у уй соҳибининг ўғли-ку, қолаверса, у сизнинг кичик хўжайинингиз!
– Хўжайиним? Бу гап қаердан чиқди? Мен нима хизматкорманми?
– Йўқ, сиз хизматкордан ҳам тубансиз, сиз ишламайсиз, текинхўрсиз! Энди мана шу жойда ўтириб феълу хўйингиз қанчалар бадбин экани ҳақда ўйлаб хулоса чиқаринг.
Бу пайт улар мени, мисс Рид кўрсатган хонага судраб кириб, ерга улоқтириб юборишди. Мен ўшанда жуда қайишқоқ эдим, агар кимнингдир қўллари мени ушлаб ерга маҳкам босмаганда тушган жойимдан сакраб кетишим тайин эди.
– Агар тинч турмасангиз, қўл-оёқларингизни боғлаб қўйишга мажбур бўламан, – деди Бесси. – Мисс Эббот, менга ўзингизнинг оёқбоғингизни беринг, меникини бу дарҳол йиртиб ташлайди.
Мисс Эббот оёқбоғичини ечиш учун ўгирилди. Унинг бесўнақай оёғига боқиб, мени қандай хўрлик кутаётганини ҳис этдим. Шундан дарҳол ҳовурим босилди.
– Ечманг, жим ўтираман! – деб бақирдим ва сўзимнинг исботи учун ўзим ўтирган курсини маҳкам ушлаб олдим.
– Майли, аммо айнисангиз!.. – Пўписа қилди Бесси.
Менинг бўйсунганимга тўла ишонч ҳосил қилгач, у мендан четлашди. Кейин ҳар иккиси қаршимда туриб, қўлларини қоринларига қовуштириб, кўзимга ишончсизлик ва шубҳа аралаш нигоҳ ташлашди. Босилиб қолганим боисини билишга тиришишди.
– Бунақаси аввал сира ҳам бўлмаган, – деб тан олди ниҳоят, Бесси, мисс Эбботга таажжуб билан.
– Бу бола эмас, миссис Риднинг бошига битган бало, барибир. Хонимга бу ҳақда неча бор айтдим, у менинг гапимни маъқуллайди-ю, аммо ҳали-ҳануз кескин бир чора қўллагани йўқ. Кесакдеккина ўтиришни қара, аммо чора кўрмасанг кесакдан ўт чиқади! Мен шу ёшида бу қадар доғули бўлган болани кўрмаганман.
Бесси унга жавоб қайтармади. Бир муддатдан сўнг, менга қарата:
– Сиз ахир мисс Риддан миннатдор бўлишингиз керак. Унинг олдида қанчалик қарздорсиз, буни ҳис этишингиз лозим: у сизни боқяпти. Мабодо кўчага ҳайдаса қаёққа борасиз? Кимнинг сизга кўзи учиб турибди?
Унга қарши айтадиган гапим йўқ эди: мутелигим ҳақидаги фикр мен учун янгилик эмас, эсимни танибманки шу тавқи лаънат мени таъқиб этиб келарди. Текинхўр эканим ҳақидаги зардали гаплар қулоқларим остида мунтазам янграб турарди. Лекин мен уларни тўла тушуниб етмасдим. Мисс Эббот қўшимча қилди:
– Хонимга ва мистер Ридга қондошлик фикрини каллангиздан чиқариб ташланг. Ўзингизни уларга яқин олишдан тийилинг. Болалари билан беллашманг. Гарчи миссис Рид сизга меҳр кўрсатиб, болалари билан бирга тарбиялаб келаётган бўлса ҳам мавқеингиз уларникидан паст эканини ёдда тутинг. Улар ҳали замон улғайиб мол-мулкка эга бўладилар. Сиз эса эски тос, эски ҳаммом – ҳеч вақоингиз бўлмайди. Шунинг учун тақдирга тан беринг, уларнинг хизматини қилинг.
– Биз бу гапларнинг сизнинг фойдангизни кўзлаб айтяпмиз, ахир, – давом этди Бесси гапириш оҳанги бироз юмшаб. – Меҳнаткаш, мулойим бўлишга тиришинг. Ўшанда эҳтимол, бу уй сизнинг ҳам қадрдон гўшангизга айланса ажаб эмас, аксинча, дағаллик қилаверсангиз, миссис охир-оқибат, сизни бу уйдан ҳайдаб солади. Сабрини синашни бас қилинг!
– Бундан ташқари, – қўшимча қилди мисс Эббот, – бу овсар қиз Худонинг қаҳрига учраши ҳам мумкин. Боягига ўхшаш қилиқ қилиб турган пайт таппа тушиб ўлиб қолса, нима бўлади? Юр, Бесси, ўзини қолдирайлик, танасига яхшилаб ўйлаб кўрсин. Эвазига тилла берсалар ҳам мен бунақа феъл-хўй билан чиқишмасдим. Тавба қилинг, мисс Эйр, агар истиғфор айтмасангиз мана бу қувурдан биров тушиб, сизни тортиб кетмасин тағин…
Улар мени хонада қолдириб, эшикни маҳкам бекитиб, қулф осишди.
Қизил хона кўримсиз эди. Пардалари ҳамиша тушириб қўйилган иккита улкан деразалар ярмигача ламбрекен билан ёпилганди. Унда камдан-кам ҳолларда биров тунарди, тўғрироғи, ҳеч қачон. Фақатгина Гейтсхэд-холлда меҳмонлар ҳаддан ташқари кўпайиб кетган чоғлари уй эгалари беихтиёр эслаб қолишарди уни; айтиш жоизки, бу жой уйдаги энг катта ва муҳташам жой эди. Хонанинг қоқ ўртасида худди меҳробга ўхшаб каравот осиғлиқ турарди. Унинг икки томонида қизил ёғочдан ясалган ён тўсинлари қип-қизил соябон билан ўралганди.
Хона жуда совуқ, сабаби уни деярли иситишмасди; унда сукунат ҳукм сурарди. У болалар ошхонасидан ажратилганди, кимсасиз ва ҳамиша бўм-бўш эди, унга деярли ҳеч ким бош суқмасди. Фақат бир оқсоч аёл ҳафтада бир марта стол, шкаф ва дераза ойналарига ўтириб қолган чанг-ғуборларни тозалаб турарди. Яна миссис Рид бу ерга келиб, қимматбаҳо тақинчоқлари ва марҳум эридан қолган айрим нодир нарсалар сақланадиган махфий қутичани кўздан кечирарди; охирги воқеалар, хусусан, мистер Риднинг ўлимидан кейин қизил хона сир-синоат масканига айланганди. У ҳар қанча серҳашам бўлмасин сеҳр яширинган деган тушунча уни ташландиқ бир хонага айлантириб қўйганди.
Мистер Риднинг вафот этганига тўққиз йил бўлди, баайни мана шу хонада унинг жони узилган. Шу ерда жонсиз танаси ётган. Машъала тутган кишилар шу ердан унинг тобутини олиб чиққанлар. Ўша кундан эътиборан уй соҳиблари бу уйга онда-сонда, шунда ҳам зарурат туғилсагина киришарди.
Мен ҳали ҳам Бесси ва ярамас мисс Эббот қўндириб қўйган жойда турардим. Худди михланган каби қимир этмасдим. Ўтирган жойим, камин олдидаги пастаккина мармар ўриндиқ бўлиб, шундоқ қаршимда каравот, ўнг томонда, лакланган эшикларида ёруғликнинг акси хира акс этиб турган баланд қорамтир кийим илгич, чапда – пардали дераза бор эди. Уларнинг орасида қўққайиб турган улкан тошойна хона ва каравотнинг кимсасиз, бўм-бўш эканини ифодалаб турарди. Мени қамаб қўйишганига тўла ишонч ҳосил қилмагандим, шундан, бироз ўтиб, ўрнимдан туриб эшикка томон бордим. Беҳуда! Қамоқхонадаги асирдан фарқим йўқ эди. Ортимга қайтдим. Ойна олдидан ўтаётиб унга чуқур қарадим. Сирли бу саҳндаги ҳамма нарса, аслидагидан кўра менга қоронғи ва совуқ бўлиб туюлди. Ўша ёқдан шу томонга қараб турган миттигина, ғаройиб вужуд, қоронғида оқариб кўриниб турган юзи ва қўллари, даҳшатдан чўғдек ёниб турган кўзлари, улар бу ўлик салтанатда тириклик нишонаси бўлиб бўй кўрсатишар, руҳ ҳақидаги афсоналарни эслатиб турарди. У Бесси айтган чўпчаклардаги, қамишзорлар билан қопланган ботқоқликларда адашган йўловчи, сайёҳларнинг олдидан югуриб чиқадиган ажина-алвастиларга сира ўхшамасди.
Мен ўз жойимга қайтдим. Худбинлик исканжасида эдим, бироқ у устимдан мутлақ ғалаба қозонмаганди. Қоним ҳали ҳам қайнаб турарди, ичимда исён қила бошлаган қулнинг қувватини ҳис этардим. Яна хаёлимга ўтган воқеалар оқими бостириб келди. Мен уларни хотирам лавҳида бир-бир ўтказа бошладим.
Жон Риднинг қўполлиги ва зулмкорлиги, опаларининг такаббурлиги, онасини хушламасликлари, хизматкорларнинг ноҳақлик ортидан нон топишлари – буларнинг бариси менинг ич-этимни кемирарди. Худдики, қудуқнинг тубидан чўкинди сувнинг қуйқаси юзага қалқиб чиққандек бўлиб туюларди. Аммо нега энди мен доимо озор чекишим керак, нега ҳамма менга заҳрини сочади, хушламайди, зарда қилади. Наҳотки менинг ҳеч кимга керагим бўлмаса, бирон-бир кишининг эътиборини қозониш мақсадида қилган барча уринишларим – бариси самарасиз кетяпти. Нега, ўжар ва худбин бўлса ҳам Элизага ҳамма хайрихоҳ ёки феъл-атвори дабдала, зиқна ва жиззаки бўлса-да, Жоржианага кулиб қарашади? Жоржиананинг гўзаллиги, ёноғидаги қизиллик, олтинранг кокиллари кўрган кишини мафтун этса керак, шунинг учун ҳам айрим нуқсонларидан кўз юмишар. Жонга ҳам ҳеч ким раддия билдирмасди. Унинг бирон-бир қинғирлиги: каптарларни чавақлагани, жўжаларни босиб янчгани, қўйларни итга талатгани, гулларни юлқигани, ҳали пишмаган узум ғўрасини узгани, ҳаттоки онасини «кампир» деб камситиши бирор марта бўлсин жазоланганини эслаёлмайман. У ҳақиқатан ҳам, қаҳри қаттиқ бола бўлиб ўсарди. Онасининг рангини калака қилиб, сариқлигини юзига соларди. Унинг айтганини қилмас, яп-янги кўйлагига лой сачратиб булғаб йиртган пайтлари ҳам бўлган. Шунга қарамай, у онасининг эркаси. Мени эса кичкинагина айбимни ҳам кечиришмасди. Мен ўзимга топширилган вазифани сидқидилдан бажарардим, уйда жорий этилган тартиб-қоидалардан бир қарич бўлсин чалғимасдим. Лекин негадир барчалари тилларини бир қилиб, мени ёлғончи деб айблашарди, ўжар деб юзимга солишарди...
Бошим ҳали ҳам оғрир, унинг ёрилган жойидан қон сизиб турарди. Аммо бирон-бир киши Жонни менга жароҳат етказгани учун уришиб ҳам қўймади, мен унинг кейинги ҳамлаларига барҳам бериш мақсадида олдини тўсганим учун ҳамманинг нафратига дучор бўлдим.
«Ахир бу ғирт ноҳақлик-ку!» – онгим менга болаларга хос бўлмаган мантиқни таъкидларди. Бу мантиқ кўрган-кечирганларинг асосида туғилади, бунинг оқибатида уйғонган қувват эса мени чидаб бўлмас бу зуғумдан қутулиш учун чора излашга ундарди. Уйдан қочиб кетсамми ёки бунинг иложини қилолмасам, емай-ичмай, очлик билан ўз жонимга қасд қилсамми!?
Руҳим сўнгсиз азобда қолди, фикрим титроққа тушди, юрагимнинг исёнини айтмайсизми?! Мана шу зулмат, мана шундай чорасизликда ҳам ичимдаги ғалаён тинмасди! Мени қайта-қайта безовта қилаётган саволларга жавобим йўқ эди: нимадан бунчалик безовтаман, нимадан қийналяпман? Мана энди орадан шунча йиллар ўтиб, бу саволнинг мен учун жумбоқлиги қолмади.
Мен Гейтсхэд-холлга мутлақо мувофиқ эмасдим. Кўзга чиққан тирсакдек, миссис Рид билан мени ҳеч нарса боғлаб турмасди. Унинг яқинлари билан ҳам ўртамизда, бизни бирлаштирадиган ришта йўқ эди ҳисоб. Улар мени хушлашмасди, ўз навбатида мен ҳам уларни ёқтирмасдим. Ўзингиз ўйлаб кўринг, улар қандай қилиб ўзларини хуш кўрмайдиган бир мавжудотга илиқ муносабатда бўлишсин, қолаверса, мен уларга тамоман бегона, айтиш мумкинки борлиғим билан ҳам, орзу ўйларим билан ҳам буткул фарқ қилардим. Ҳамма томонлама улар учун манфаатсиз, бирор рўшнолик бериши даргумон бўлган фақат ёмонлик улашадиган, исённинг ўчоғи бўлиб, уларга қарши бош кўтарган, муомала-муносабатларига кескин эътироз билдириб, ёвқарашларини ёвқараш билан қарши олган мендек зараркунандани нима учун улар қадрлашлари керак? Мабодо мен қувноқ, таъминланган, эркин, гўзал ва нозик бола бўлганимда – майли якка ва муте бўлганимда ҳам – миссис Рид менга бошқача қараган бўларди, болаларининг даврасига қўшишдан бош тортмасди. Унинг болалари ҳам дўстона муносабатда бўлардилар. Хизматкорлар, ҳадеб менга айб ағдаришдан тийилишарди.
Қизил хонага қоронғи туша бошлади, соат тўртга яқинлашди, булутли тунд ҳавонинг ранги зулматга жой бўшатди. Ёмғир тинмай дераза ойнасини зарб билан чертарди, уйнинг ортидаги хиёбонда шамол увиллаб, гўёки бошпана ахтариб жонсарак эди. Бора-бора ҳовуримдан тушдим. Шахт ва жасорат мени тарк эта бошлади. Ишончсизлик, тақдирга тан бериш сингари одатий ҳис-туйғулар ортидан ҳосил бўлган эсанкираш ва умидсизлик кайфияти, худдики намчил туман каби, ёниб битган ғазабимнинг кулига аралашиб кетмоқда эди. Ҳамма бир гапни айтади, аҳмоқсан, дейишади… Балки, тўғри айтишар – шунақадирман; аҳмоқ бўлмасам, очлик йўли билан жонимга қасд қилиш ҳақида ўйлармидим? Бу гуноҳ-ку, ахир! Ва умуман ўлимга тайёрманми? Гейтсхэд черкови саҳнига ётқизилган тошлар остидаги лаҳад, уқубатдан қочиб бориладиган ишончли бошпанами? Айтишларига қараганда, мистер Рид ўша ерда дафн қилинган экан… Тўзғиб ётган ўйларимни бир нуқтага жамлаб, юрагимда улғайиб бораётган даҳшатли кечинмалар оғушида у ҳақда ўйлай бошладим. Уни эслай олмайман, билганим, ўша зот бу хонадонда менинг ягона қондошим – онамнинг акаси бўлган. Демак, менинг тоғам бўлган у. Онам вафот этиб, ғирт сағир бўлиб қолганимда у мени ўз қарамоғига олган. Ўлими арафасида миссис Риддан, мени ўз боласидай тарбиялаб-ўстиришга ваъда беришини талаб қилган. Миссис Рид, турган гапки, ваъдасида турди. Ҳар нечук, у шундай фикрда. Ахлоқий даражаси доирасида сўзида турди. Аммо унда нима айб? Зиммасига тушган бу юкни у ўзи хоҳлагандек кўтаради, бу масалада ундай қил-бундай қил деб шарт ва талаб қўйиб бўлмайди. Қолаверса, эрининг ўлимидан сўнг ўртани боғлаб турган ришта узилган, бу қизалоқ унга ҳам, оиласига ҳам бегона! Айтиш жоизки, миссис Ридга ўша ваъдасини бажариш оғирлик қилмоқда эди. Сабаби, меҳри товланмаган болага оналик қилишдан оғирроқ юк йўқ дунёда. Унинг оиласида доимий туриши билан эса сира муроса қилолмасди.
Менда ажойиб бир фикр туғилди: шубҳа йўқки, мистер Рид ҳозир тирик бўлганида, менга илиқ муомала қилган бўларди. Мана бу оппоқ тўшак ва қоронғилик қўйнига сингиб бораётган деворга боқиб, шунингдек, баъзи-баъзида хирагина ялтираб турган ойнага таҳликали нигоҳ ташлаб, арвоҳлар ҳақида қулоғимга чалинган ҳикояларни хотирамда тиклай бошладим. Айтишларича, қайси марҳумнинг ўлими олдидан қилган васияти бажо келтирилмаган бўлса, ким қабрида нотинч ётган бўлса, арвоҳи заминга чиқиб, айбдорларни жазоларкан, жабрдийдалар учун қасос оларкан; калламга бир фикр келди: мабодо, синглисининг қизи чеккан озорлар учун жойида безовта бўлаётган мистер Риднинг арвоҳи, марҳумлар салтанатини тарк этиб, ибодатхона устунлари остидан чиқиб, мана шу хонага келса нима қиламан? Кўз ёшимни артиб, ҳиқиллашни бас қилдим. Ўз ёғимга қовурилиб ётганимда, менга овунч бўлиш учун нариги дунёдан келадиган оёқ товушларини эшитмай қолишдан чўчидим. Аммо зулматлар орасидан, фосфор ёруғлигини юзида акс эттирган чеҳранинг чиқиб келганини кўрмадим. Бошим узра ғайриоддий мулойимлик билан ҳеч ким эгилиб қарамади. Лекин, мабодо ана шу соя пайдо бўлганида, даҳшатга тушишим аниқ эди. Мен бор кучим билан бу фикрни хаёлимдан қувишга ҳаракат қилдим, тинчланишга тиришдим. Пешонамга ёйилиб тушган сочларимни йиғиб олиб, ортга ташладим-да, бошимни мағрур кўтариб, қоп-қоронғи хонага кўз югуртирдим. Деворда ожизгина бир парча ёруғлик пайдо бўлди. Бу пардаларнинг тирқишидан тушаётган ойнинг нури эмасмикин, деб ўйладим? Йўқ, ойнинг нури бир текис турган бўларди, бу эса силкиняпти, у бир муддатдан кейин шифтга томон сирғалди, кейин менинг бошим устида пайдо бўлди. Шунда, аниқ бир тўхтамга келдим: шубҳасиз, бу уйимиз олдидаги кўлмакни кечиб ўтаётган кишининг қўлидаги фонардан тушаётган ёруғлик эди. Аммо шу лаҳза бошқа бир мулоҳаза туғилди, эҳтимол, бу қинғир-қийшиқ, титраб турган нур, нариги дунёдан келган одамнинг дарагидир. Юрагим увишиб кетди, бошим қизиб, қулоғим қушнинг қанот қоққани каби шовқинга тўлди, кимнидир ҳис қилдим, бир қора мени босгандек бўлди, нафасим тиқилганидан ўзимни назорат қилолмай қолдим. Эшикка отилдим ва унинг тутқичини бесамар бурай бошладим. Ташқаридаги йўлакдан шахдам оёқ товушлари эшитилди, эшик очилиб, Бесси ва Эббот ичкарига киришди.
– Мисс Эйр, тобингиз қочдими? – сўради Бесси.
– Даҳшатли шовқин! Қўрққанимдан қотиб қолай дедим! – ваҳима қилди Эббот.
– Мени бу ердан чиқаринглар! Болалар бўлмасига қўйинг мени! – бақиришга тушдим.
– Нимага энди? Нима, йиқилиб лат едингизми? Ёки кўзингизга арвоҳлар кўриндими? – яна саволга тутди Бесси.
– О!.. Бу ерда мени милтираган бир шуъла кўрдим. Назаримда, ҳадемай шарпалар пайдо бўлишади! – Бессининг қўлини ушлагандим, у кафтини тортиб олмади.
– У атай шовқин кўтарган, – деди Эббот шубҳали назар ташлаб, – осмонни бошига кўтарди, жувонмарг! Мен уни кимдир бўғизлабдими деб ўйлабман. Шак-шубҳа йўқ, бу қаланғи бизни бу ёққа келтириш учунгина шу нарсани ўйлаб топган. Бунақа қинғирликларнинг кўпини кўрганман.
– Бу ерда нима бўляпти, нима ғала-ғовур? – кимнингдир ҳукмфармо овози эшитилди; йўлакдан миссис Рид келмоқда эди. Пойабзалининг боғичлари эшилган, ғазабнок экани кўйлагининг этаклари шитирлаб турганидан ҳам сезилиб турарди.
– Эббот, Бесси! Адашмасам, сизларга мен Жейн Эйрни қизил хонага қамаб қўйишни буюргандим. Уни токи ўзим келмагунимча у жойдан чиқарманглар, деб тайинлагандим-ку!?
– Мисс Жейн чунонам чинқирдики, – гуноҳкорона изоҳ берди Бесси.
– Қўйворинг, – жавоби шу бўлди хонимнинг. – Бессининг қўлидан тутма, – деди у менга қараб. – Бу билан сен ҳеч нимага эришмайсан. Кўнглингни тўқ қил, мен оёқ тираб ўжарлик қилган кишиларни ёқтирмайман, болаларнинг бебошликларини умуман кўрарга кўзим йўқ. Шу важдан бунинг каби қайсарлик билан сен ҳеч қандай натижага эриша олмаслигингни кўрсатиш – менинг бурчим. Сен бу хонада яна бир соатча ўтирасан. Ўзим келиб сени чиқармагунимча, ҳеч ким жонингга ора кирмайди. Айтиб қўяй: босиқ ва итоаткор бўлсанггина сени озод қиламан.
– О, холажон! Раҳмингиз келсин! Кечиринг мени! Мен бу ерда бир дақиқа ҳам қололмайман… Қачондир яна бир жазолаганингизда қолган муддатни ўтаб бераман! Мени бу ерда қолдирсангиз, ўлишим тайин...
– Ўчир! Енгилтаклигинг асабимни қўзитяпти!
Ҳақиқатан ҳам, унинг мени кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ эди. У менда тажрибали масхарабознинг нуқсини кўрмоқда эди. У ичимга жин кирган деб ҳисоблар, ана шу жин, гўёки мени пасткашликка ва ёлғон айтишга ундаб турарди.
Шу орда Бесси ва Эббот бу жойни тарк этишди. Қўрқувдан қилган илтижоларим ва нолишларим жонига теккан миссис Рид эса мени қизил хонага итариб киргизди-да, эшикка қулф осди. Унинг тез-тез юриб кетаётганини оёқ товушларидан ҳис этиб турдим. Бироз вақт ўтиб ҳушимдан кетиб йиқилдим, анчайин ўзимни билмай алаҳлаб ётдим, чамаси.
III БОБ
Бир нарсани эслайман: даҳшатли босинқирашдан сўнг ўзимга келдим; кўз олдимда қора чизиқлар билан ажралиб турган қип-қизил нур турарди. Қулоғимга элас-элас аллақандай товушлар чалинар, худдики сувнинг шопиллаши ёки шамолнинг шовуллаши уни аниқ-таниқ эшитишимга халақит берарди. Ҳаяжон, ноаниқлик ва ҳамма нарсани унутишга мажбур этадиган қўрқув ҳисси сезгиларимни сиқиб қўйганди. Бир муддатдан сўнг кимнингдир қўлини ҳис этдим. У менинг бошимни ортидан кўтариб, турғазди. Шу пайтга қадар ҳеч ким менга бунчалар эҳтиёткорлик билан муомалада бўлмаган. Бошимни ёстиққами ёки кимнингдир елкасига қўйдим, билмайман. Билганим, ўзини жуда яхши ҳис этардим.
Орадан беш дақиқалар ўтиб, кўзимнинг олдини хира қилиб турган туман батамом тарқади. Шунда англадимки, болалар бўлмасидаги ўз тўшагимда ётардим. Қаршимда даҳшатли ёруғлик таратиб турган нарса бор-йўғи чисир-чисир товуш чиқариб, ёниб турган олов эканини ҳам фаҳмладим. Ташқари қоронғи, столда шам ёниб турарди. Бесси каравотнинг пойида, қўлида тоғора тутиб турарди. Унинг ёнида эса қандайдир бир жаноб курсига ўтирган кўйи мен томон эгилганди.
Хонамдаги бегона одам Гейтсхэд жамоасига тегишли бўлмаган, миссис Ридга қариндошлик ришталари билан боғланмаган киши эканидан ўзимда бир енгиллик туйдим: бу ором ва дахлсизлик туйғуси эди. Бессига орқа ўгириб (унинг шу ерда экани, Эбботнинг иштирокидан кўра менга маъқул), тўшагим ёнида ўтирган жанобнинг юзига синчиклаб кўз ташладим, мен уни танидим, у мистер Ллойд. Дорифуруш. Миссис Рид ҳар доим уйдаги хизматкорлардан бировнинг тоби қочса уни чақиртирарди. Ўзи ва болалари оғриниб қолгудек бўлса, албатта, олий тоифали шифокорларга одам юборарди.
– Қани, қизалоқ, мен кимман? – сўради у.
Унинг номини айтиб, қўлимни чўздим, у билагимдан ушлаб, жилмайганча деди:
– Дуруст, энди бироз дам олиб, қувватимизни тиклаймиз.
Шундан сўнг у мени эҳтиёткорлик билан жойимга ётқизди. Бессига эса эътиборли бўлишини, тунда зинҳор-базинҳор мени безовта қилмасликларини қаттиқ тайинлади. Унга яна бир қатор эслатмалар берди, эртага бирров кириб ўтишини айтиб, хайрлашди. У ҳозиргина менга бахш этиб турган яхшиликларини ўзи билан олиб кетгандек бўлди. У борида ўзимни хавфсиз, осойишта сезиб тургандим. У кетиб, ортидан эшик ёпилиши билан юрагимга яна ғусса чўкди. Хонани зулмат чулғагандек бўлди.
– Балки энди тинчгина ухларсиз, мисс? – ғайриодатий мулойимлик билан сўради Бесси.
Бу мулойимлик ортидан дағал ва қўпол сўзларни эшитишдан чўчиб, оҳиста жавоб қилдим.
– Ҳаракат қиламан.
– Балки бирор нима ерсиз, чанқагандирсиз?
– Йўқ, раҳмат Бесси.
– Унда рухсатингиз билан мен ҳам бориб чўзилай, соат ҳам ўн икки бўпти. Мободо бирор нарса керак бўлса чақирарсиз.
Кутилмаган меҳрибонлик, эътибор! Шундан ўзимда куч топиб, сўрашга журъат этдим:
– Бесси, менга нима қилди? Касалландимми?
– Сиз қизил хонада ёмон бўлиб қолдингиз, афтидан йиғлайвериб зўриққансиз, лекин ҳаммаси энди ортда қолди, ҳадемай оёққа туриб кетасиз. Шундан сўнг у ўзининг, чоғроққина, оқсочлар учун ажратилган хонасига қараб кетди. Унинг ётоғи болалар бўлмасига ёндош бўлгани боис, овози қулоғимга чалинди:
– Сара, кел менинг ёнимда ёт. Бошимдан зар сочсалар ҳам бир ўзим бу қизалоққа қарамайман. Ўлиб-нетиб қолса нима қиламан!.. Қизиқ, бу иллат унга қайдан илакишди… Бирор нима кўзига кўриндими ё? Нима бўлганда ҳам бека бу сафар унга керагидан ортиқ зулм қилди.
Улар бирга бўлмага қайтишди. Тўшакка чўзилганларидан кейин ҳам ярим соатча шивирлашиб гаплашишди. Мен уларнинг айрим сўзларинигина эшитдим, шунинг ўзи гап нима ҳақда бораётганини англашимга кифоя қилди:
– Шундоққина ёнидан оппоқ бир шарпа ўтиб, кейин ғойиб бўлибди… Ортидан эса улкан қора кўппак пайдо бўлибди… Эшикни кимдир уч бор қаттиқ тақиллатибди… Мозорда шуъла ёришиб турганмиш, айнан унинг қабри устида… Хуллас, шунга ўхшаш гаплар.
Ниҳоят, улар ухлаб тинчиб қолишди, шам ҳам ёниб адо бўлди, каминдаги олов кулга айланиб қолди. Мен эса поёнсиз бу кечани бедор ўтказишга маҳкум эдим. Қулоқларим, кўзим ва миямни қўрқув исканжага олган. Бу шунақа ҳадикки, уни фақат болалар ҳис этадилар.
Қизил хонада кечган воқеалар менинг вужудимга жиддий ёки давомли оғриқ солмади. У менинг асабимни тиғлади, холос. Заҳмини ҳозиргача ҳис этаман. Менга берган ана шу руҳий изтиробларингиз ҳаққи сизни ҳеч қачон унутмайман, миссис Рид. Аммо сизни кечираман, бу менинг бурчим. Зотан, сиз қалбимнинг энг нозик торларини таранг тортиб, мендан ўзингиз истаган оҳангни олмоқчи эдингиз. Ўзингизни худдики, бузуқ роялни тузатишга киришган устадек тутгандингиз.
Эртаси куни пешинга яқин, тўшакдан туриб, кийиндим. Иссиққина рўмолга ўралиб, каминнинг олдида ўтирдим. Ожизлигимни, вужудим калтакланган каби шалвираб қолганини ҳис қилдим. Энг ёмони дилимдаги дард – қўмсаш азоби мени эзарди. Ёлғизлик азоби! Кимсасиз эканимни ўйлаб кўзимда ёш айлана бошларди, юзимдан думалай бошлаган томчиларни артишга улгурмасдим. Бошқаси изидан бостириб келарди. Унсиз йиғлардим, ваҳоланки, бу пайт қувонишим керак, сабаби миссис Рид ҳам, болалари ҳам уйда эмасди. Бу эса бахтиёр бўлишга арзирли асос.
Уларнинг бари миссис Рид бошчилигида от-аравада сайрга чиқишганди. Эббот кўриниш бермай, қўшни хонада тикиш билан машғул эди, фақат Бесси у ёқдан бу ёққа ўтиб қайтарди. У одатий юмушларини бажариб юрар: сочилиб ётган ўйинчоқларни йиғиб, жой-жойига қўярди; столнинг тортмаларини очиб, тартибга келтирарди; аҳён-аҳён мен томонга ўгирилиб одатий бўлмаган мулойим оҳангда гап қўшарди. Доимий дўқ-пўписа, тергов ва ниқтовлар остида яшаб келаётганим боис, бу муносабатдан, гўё жаннатга тушиб қолгандек эдим. Бироқ менинг асаб толаларим шу қадар таранглашган эдики, уни ҳеч нима тинчлантира олмас, таскин-тасалли бергувчи нарса йўқ эди.
Бесси ошхонага бориб менга хуштаъм қуймоқ келтириб берди. У таомни чиройли ишлов берилган чинни тарелкада олиб келди, бу тарелка, одатда, мени ҳайратга чулғарди, ҳамиша уни қўлимга олиб, обдан томоша қилишга изн беришларини сўрардим. Аммо шу пайтгача бунга рухсат этишмаган. Мана, ўша қимматбаҳо тарелка ҳозир тиззамда турибди. Бесси мени келтирган таомини тановул қилишга ундади, есам танамга куч энишини эслатди. Шубҳали ширинсуханлик! Хуллас, тақдирнинг бу туҳфасига эришишим осон кечмади, аслида, биз ўзимиз хоҳлаган бошқа жуда кўп рўшноликларни ҳам тақиқлар тўсиғидан ўтиб, кечикиб қўлга киритамиз! Қуймоқни емадим, тарелкани ўзимдан нари сурдим. Китобга ҳушим бор-йўқлигини сўради Бесси. Китоб деган сўзни эшитишим билан жонланиб кетдим. Китоблар жавонидан «Гулливернинг саргузаштлари» асарини келтириб беришини сўрадим. Мен бу китобни неча бор такрор ва такрор ўқигандим. Ундаги воқеаларнинг ҳаётий эканига ишонардим. Оддий эртаклардан кўра у менда чуқур қизиқиш уйғотарди. Аммо китобни қўлга олишим билан тасаввурларим тумандек тарқаб кетди. Унинг саҳифаларини варақлар эканман, авваллари дарров кўз олдимда пайдо бўладиган суратларни ахтара бошладим. Бироқ бошқа бир манзарага дуч келдим. Бурун қизиқ бўлиб туюлган нарсалар энди дилимга ҳадик сола бошлади. Улкан одамлар, одамийлик сиёқи йўқ махлуқлар, лилипутлар – ёвуз ва аҳмоқ гномлар, Гулливер бўлса – ёввойи ўлкаларда бемақсад кезиниб юрган саёҳатчи бўлиб туюлди. Китобни ёпиб, уни ўқимасликка қарор қилдим ва қўл теккизилмаган қуймоқнинг ёнига қўйиб қўйдим.
Бесси чангларни артиб, хонани тартибга солиб бўлди. Қўлини ювиб, столнинг тортмасидан бир қутичани олди. У чиройли ипак ва атлас матоларнинг парчалари, қийқимлар билан тўла эди. Бесси қўғирчоқ Жоржиана учун янги бош кийими тикишга тутинди. Шу асно хиргойи қилди:
Ўша дамлар, сенинг билан
Сайр этардик ўша дамлар.
Кўнгиллардан ариб ғамлар,
Ўша дамлар, ўша дамлар...
Мен аввал ҳам бу қўшиқни тез-тез эшитардим. У менга ҳаётий бир завқ берарди. Боз устига Бессининг овози ўта ёқимли эди, эҳтимол, кимгадир у ёқмас. Лекин айни шу палла Бесси одатдагидек қойилмақом хиргойи қилаётган бўлса-да, бу қўшиқда англаб бўлмас бир маҳзунликка йўлиққандек бўлдим. Ўз машғулотига чуқур шўнғиган Бесси аҳён-аҳён қўшиқнинг нақорат қисмини паст овозда такрорлар, уни чўзиб ижро этарди ва «ўша дамлар, ўша дамлар» деган сатрлар худдики мотам маросимларида айтиладиган қўшиқларнинг якуний сатрларига ўхшаб кетарди. Шундан кейин у бошқа бир қўшиқни хиргойи қила бошлади. У аввалгисидан ҳам ҳазин эди:
Оёқларим шилиниб, қонаб,
Елкаларим эзғиндир ё Роб,
Тоғлар оша, ботқоқлар оша,
Бормоқдаман ман шоша-шоша.
Дунё дунё эмас, қоронғи лаҳад,
Рўшноликдан дарак йўқ зарра.
Сўқмоқларда сарсон сағир қиз,
Митти қалби тортади наъра.
Нега мени йўллашди бу ёқ,
Қуш учмас бу кимсасиз ёққа?
Ҳа, одамлар ёвуз ва фақат
Фаришталар чорлар чироққа.
Бу тўфонлар бағридан уни,
Чиқаргуси улар қирғоққа.
Кечки еллар юзимни силар,
Булут йўқдир, юлдузли осмон.
Сағир қизга умид бахш этиб,
Худо Ўзи паноҳ ва қалқон.
Бирор шуъла чалғитса мени,
Ва йиқилар бўлсам мабодо.
Отам мени бағрида асрар:
Етимчанинг паноҳи – Худо [2].
– Бўлди бас, мисс Жейн, йиғлайверманг, – деди Бесси, ҳазин қўшиғини охиригача куйлаб бўлгач. У худди шу гапини каминдаги оловга ҳам «Ёнма» деб айтиши мумкин эди. Лекин у менинг қалбимни қандай изтироблар тиғлаётганини, аслида қалбим йиғлаётганини билмасди.
Ўша куни эрталаб мистер Ллойд ваъдасига биноан яна кириб ўтди.
– Сиз ҳалитдан ўрнингиздан турдингизми? – қувониб кетди у, болалар бўлмасига кирибоқ. – Хўш, энага Бесси, қизалоғимиз ўзини қандай ҳис қиляпти?
– Жуда яхши.
– Ундай бўлса, беморимиз бошқача алпозда, қувноқроқ кўринишлари керак. Қани, бу ёққа келингчи, мисс Жейн. Адашмасам, сизни Жейн деб чақиришади, шундайми?
– Ҳа, сэр, Жейн Эйр.
– Билишимча, сиз йиғлабсиз, мисс Жейн Эйр. Агар, сир бўлмаса, айтингчи, йиғингизнинг сабаби нима? Бирор жойингиз безовта қиляптими?
– Йўқ, сэр. Ҳеч қаерим оғримаяпти.
– Рид хоним болалари билан сайрга кетди. Эҳтимол, мисс Эйр улар билан боролмагани учун йиғлаётган бўлса ажабмас, – изоҳ берган бўлди Бесси.
– О, бўлиши мумкин эмас. Мисс Эйр шуни деб хархаша қиладиган ёшдан ўтган.
Мен ҳам шундай фикрда эдим. Шундан Бессининг гапи ориятимни қўзиди:
– Шу ёшга қадар бўлар-бўлмас нарсаларни деб кўз ёши тўкмаганман. От-аравада сайр қилишни-ку, умуман ёқтирмайман. Йиғлаганим эса бахтсизлигим туфайли.
– Фу, қандай шармандалик! – деди Бесси.
Оқкўнгил дорифуруш ўзини ташвишнок тутди. Мен унинг қаршисида турардим, у менга диққат билан тикилди. Унинг кўзлари митти, кўкиш эди. Чўғ йўқ эди уларда. Бироқ ўйлашимча, энди улар бошқача, нурли бўлиб туюлди менга; юзи ҳам дағалроқ, аммо нуроний эди. У менга узоқ ва обдан тикилиб деди:
– Кеча нимадан оғринган эдингиз?
– У йиқилиб тушди, – яна элбурутдан жавоб беришга тиришди Бесси.
– Йиқилиб тушди! Яна тетапоя болага бериладиган баҳо! Наҳотки шундай катта қизалоқ ҳам йиқилиб тушса? Сизнинг ёшингиз саккиз ёки тўққизда адашмасам?
– Мени атай оёғимдан чалишди, – кескин жавоб қилдим мен, шаънимни топташгани туфайли дилимни қамраган ҳиссиётлар таъсирида. – Лекин шуни деб ҳушимни йўқотмадим, – деб қўшиб қўйдим.
Мистер Ллойд чўнтагидан тамакидонини олиб ишқади. Уни қайтиб чўнтагига суққан эди ҳамки, уй хизматкорларини тушлик таомга чорловчи қўнғироқ чалинди. Дорифуруш бу нимага чорлов эканини биларди, шундан Бессига томон ўгирилиб:
– Энага Бесси, сизни чақиришяпти, – деди, – сиз бемалол пастга тушаверинг. Биз бунда ўтира турамиз. Қайтгунингизча мисс Эйрга айрим тиббий маслаҳатларимни бериб тураман.
Бессининг уларни ёлғиз қолдириш истаги йўқ эди. Аммо бормаса Гейтсхэд-холл хизматкорларининг қатъий таомланиш тартибига халал етиши, бунга ўзи сабабчи бўлиши мумкин эди.
– Демак, сиз йиқилганингиздан эмас, бошқа бир сабаб билан ҳушингизни йўқотдингиз, шундайми? Нима ўша сабаб? – деб сўради мистер Ллойд, Бесси хонадан чиқиб кетгач.
– Мени сирли шарпалар кезиб юрадиган хонага қамашди. Қоронғи эди.
Мистер Ллойд унинг гапини эшитиб кулимсиради, кейин қовоғини уйди.
– Нима? Шарпалар? Лекин мисс Эйр сиз ҳали боласиз-ку, шарпалардан қўрқасизми?
– Ҳа, мистер Риднинг руҳидан қўрқаман, у ўша хонада жон берган, ўша хонада ётган… Бесси ҳам бошқаси ҳам кечаси у хонага қадам босмайди. Зарурат бўлмаса, кундузлари ҳам киришмайди. Менинг бир ўзимни, яна қоронғида ўша хонага қамаб қўйишгани инсофдан бўлмади. Мен буни сира унутмайман.
– Сафсата! Сиз ростдан кундуз куни ҳам ўша хонага киришдан қўрқасизми?
– Кундузи, йўқ. Аммо ҳадемай кеч киради. Бундан ташқари, мен ўта бахтсизман, бахтиқароман, бунинг бошқа сабаби бор.
– Қанақа сабаб у? Менга айта оласизми, мисс. Жиллақурса, айримларини айта оласизми?
Мен бу саволга тўлиқ, очиқ-ойдин жавоб беришга тайёр эдим. Бироқ фикримни ифода этишга мувофиқ сўзларни топишга қийналардим, зотан, ёш болалар жуда кучли кечинмаларни ҳис этадилар, бироқ уни тўла англашга қодир бўлмайдилар. Қисман англаган тақдирда ҳам уни ифода этишга қийналадилар. Бинобарин, мен юрагимни ёриб, дардимни бироз енгиллатишим мумкин бўлган биринчи ва ягона имкониятни бой бергим келмаётганди. Шунинг учун гарчи тўлиқ бўлмаса-да, имкон қадар сабабини сўзладим:
– Биринчидан, менинг на отам ва на онам бор, ака-ука, опа-сингилларим ҳам йўқ – ёлғизман.
– Лекин сизнинг меҳрибон холангиз ва бўлаларингиз бор-ку!
Орага яна жимлик чўкди, кейин мен яна болаларча ҳиқиллашга ўтдим:
– Мени Жон Рид оёғимдан чалиб йиқитди, холам бўлса қизил хонага қамаб қўйди!
Мистер Ллойд яна тамакидонини қўлига олди.
– Сизга Гейтсхэд-холлда яшаш ёқмайдими, – сўради у. – Шундай муҳташам, ҳашаматли уй сизга маъқул эмасми?
– Бу менинг уйим эмас, сэр, Эбботнинг айтишича, бу уйда яшашга мендан кўра хизматкорлар ҳақлироқ эмиш.
– Эҳ, сиз нодон ойимча! Наҳотки, шундай ҳашаматли уйдан юз ўгирсангиз?
– Борадиган жойим бўлганида бир дақиқа ҳам турмасдим. Қочиб кетган бўлардим бу уйдан. Лекин Гейтсхэддан ҳозир кетадиган аҳволда эмасман, катта бўлсам, албатта, кетаман.
– Балки унгача имкон туғилар – яна ким билади дейсиз! Сизнинг Рид хонимдан бошқа бир яқин қариндошларингиз йўқми?
– Менимча – йўқ, сэр.
– Отангизнинг уруғларидан-чи?
– Буни билмайман, рости. Холамдан бу ҳақда бир марта сўрагандим. Айтишича, қариндошим бўлиши мумкин бўлган Эйрлар борлиги эҳтимолдан холи эмас, аммо уларнинг бариси ночор яшашармиш. Уларни қаердан излаш мумкинлигини, ҳатто билмаслигини айтди.
– Мабодо, улардан бири топилди, дейлик, сиз уникида яшаган бўлармидингиз?
Мен ўйланиб қолдим: камбағаллик ҳатто катта ёшдаги одамларни ҳам чўчитадиган қусур, болалар уни бошқача тасаввур қилишади, ўзгача ҳадиксирашади. Бу тушунча уларга кир-чир, сочлари тўзғиган одамларни: ўчоғида ўт ўчган қозондаги совиган ёвғонни эслатади. Мен учун қашшоқлик ҳақоратли тушунча эди.
– Йўқ, мен ночор кишилар орасида яшай олмасдим, – деб жавоб бердим мен.
– Улар сизга ғоят меҳрибон бўлсалар ҳамми?
Мен бошимни чайқадим. Ночор одамнинг меҳрибон бўлиши кулгили, қолаверса, уларнинг ўзига хос гапириш шеваларини ўзлаштириш, юриш-туриш, тарбиясиз қилиқларига тақлид қилиш, йўқ бу – даҳшат! Мен қишлоқдаги дала ҳовлимиз атрофида қашшоқ хотинларни кўргандим. Улар кир ювиб, болаларига қараб туришганини кузатгандим. Йўқ, мен улар каби яшай олмасам керак. Бу эркинлик менга жуда қимматга тушади.
– Лекин қариндошларингиз ишчилар бўлиши мумкин. Иши бор одам у қадар қашшоқ бўлмайди.
– Буни мен билмайман. Холамнинг айтишига қараганда, мободо қариндошларим бўлса ҳам улар тиланчилик билан кун кечиришаркан. Мен эса бировдан садақа сўрашдан ор қиламан.
– Сиз мактабда ўқишни истармидингиз?
Мен яна ўйга чўмиб қолдим, мактаб дегани қандай жой экани ҳақида ёрқин тасаввурга эга эдим. Бесси баъзида мактаб ҳақида гапириб, у ерда ёш-ёш қизларни сиқиб, ғижимлаб, улардан одобли бўлишни талаб этишларини айтганди. Жон Риднинг мактаб деса тепа сочи тикка бўлиб кетарди. Лекин унинг диди, қарашлари мен учун қонун эмасди. Фақат Бессининг интизом ҳақидаги сўзлари бироз чўчитарди мени. Лекин мактабдан қизларнинг ўқиб, ўзлаштирган билимлари, ҳунарлари мени ўзига жалб этарди. Айниқса, турли хил табиат манзараларини қоғозга чизишлари, фортепиано жўрлигида қўшиқ куйлашлари, французчада бийрон-бийрон китоб ўқишлари ҳақида эшитганимда ҳавасим ортарди. Унинг ҳикояси менда мусобақалашиш руҳини пайдо қилганди. Бундан ташқари, мактаб унинг ҳаётини тубдан ўзгартирар, у узоқ сафарга отланишини ва Гейтсхэд билан мангуга хайрлашиш ва янги ҳаётга кириши эканини биларди.
– Мактабга боргим келади, унда ўқишни жуда-жуда истайман – дедим.
– Дуруст, дуруст, яна ким билади дейсиз, бу ҳаёт тасодифларга тўла, – деди мистер Ллойд, ўрнидан тураркан. – Қизалоқ ҳаво алмаштириши, жойини ўзгартириши керак, – деди у ўз-ўзига гапирган каби. – Асаблар, анчайин чарчаган.
Бесси хонага қайтди. Шу маҳал эшик олдига келиб тўхтаган араванинг товуши эшитилди.
– Бекангиз келди, чамамда, энага Бесси, – деди у. – Мен кетишим олдидан у киши билан икки оғиз гаплашмоқчиман.
Бесси уни кичик емакхонага таклиф этиб, йўл кўрсатди. Кейинги воқеалар ривожидан билдимки, мистер Ллойд холамга мени мактабга юбориш кераклиги ҳақида маслаҳат беришга журъат этибди. Унга бу таклиф хуш ёқибди.
Бир куни кечқурун тўшагимда ётган чоғим, Бесси билани Эббот бу пайт болалар бўлмасида нимадир тикиб ўтиришарди. Эббот мени ухлаб қолди, деб ўйлади, шекилли, Бессига ўша мулоқотни гапириб берди:
– Миссис Риднинг, билишимча мана шу ярамас қиздан қутулиш имкони топилганидан боши осмонда. Ҳақиқатан ҳам, ҳамиша қовоғи солиқ, турқи-тароватини кўрсанг қўрқиб кетасан. Ҳамманинг ортидан кузатиб, бир ифлосликни мўлжаллаб юрганга ўхшайди.
Турган гапки, Эббот рости билан мени Гай Фокснинг [3] митти нусхасига ўхшатарди.
Шу асно мен унинг оғзидан биринчи марта отам, онам ва уларнинг аччиқ қисмати ҳақидаги ҳақиқатни эшитдим. У Бессига сўзлаб берди. Отам қашшоқ бир руҳоний бўлган экан. Онам ота-онасининг раъйига қарши бориб унга турмушга чиққан экан. Бобом Рид онамнинг бу қароридан ғазабга келиб, унга меросидан сариқ чақа ҳам ажратмабди. Тўйдан бир йил ўтиб отам тиф касалига чалиниб оламдан ўтибди. У бу хасталикни катта фабрика шаҳарчасидаги камбағаллар орасида юқтирган, кейин онам ҳам шу касалга чалинган. Отамнинг вафотидан бир ой ўтиб, онам ҳам унинг ортидан равона бўлган экан.
Бесси бу ҳикояни эшитиб, оғир хўрсинди ва деди:
– Эсиз, эсиз, мисс Жейн раҳмга муҳтож экан.
– Албатта, – жавоб қайтарди Эббот, – агар оқила, офатижон қиз бўлганида, бу дунёда ҳеч кими йўқлиги учун ҳам унга раҳм-шафқат қилса бўларди. Лекин бу ярамас, текинхўрга ким ҳам тоқат қиларди!
– Тўғри айтасан, ҳеч ким унинг тантиқлигига тоқат қилмайди, – уни маъқуллади Бесси. – Тушунарли, мисс Жоржиана сингари ҳурилиқо шундай вазиятга тушганида бошқача муносабатга ноил бўлган бўларди.
– Ҳақ гапни айтдингиз, мен ҳам мисс Жоржианани жуда қадрлайман! – ҳаяжонланиб кетди Эббот. – Жоним ўзимнинг! Узун соч, кўзлари зангори, ёноқларининг қизиллигини айтмайсизми! Худди бўяб қўйгандек. Биласизми, Бесси, мен жон-жон деб шу пайт бир парча пишлоқ билан бир бўлак нонни паққос туширган бўлардим.
– Мен ҳам пиёз билан қовурилганини қайтармаган бўлардим. Юринг пастга тушамиз.
Уларнинг овози ортиқ эшитилмай қолди.
[2] Малика Давронова таржимаси.
[3] Гай Фокс (1570 – 1605) – инглиз зобити. «Порох фитнаси» иши бўйича, Англия парламентини портлатмоқчи бўлган католик партияси тарафдорларидан бири сифатида айбланган.
IV БОБ
Мистер Ллойд билан суҳбатим ва Эббот ва Бесси ўртасидан кечган мулоқотдан умидланиб қолдим. Соғайишга бўлган иштиёқимни ўстиришга шунинг ўзи кифоя эди. Қандайдир ўзгаришлар бўлиши яқинлашаётганга ўхшарди назаримда. Мен зўр иштиёқ билан уни кутмоқда эдим. Бироқ натижадан дарак йўқ эди; ҳафта, ойлар ўтиб борарди. Соғлигим тикланди, лекин юқоридаги мавзуда биров бир нима демасди, шама ҳам қилмади ҳаттоки. Миссис Рид баъзида мен томонга совуқ назар ташлар, аммо камдан-кам ҳолларда мурожаат этарди. Тутқаноқ касалим туфайли орамиздаги жарлик катталашди: болаларига мени яқинлаштирмай қўйди. Ётадиган хонам ҳам ўзгарди: чоғроққина бир бурчак ажратиб берилди, алоҳида ётадиган бўлдим. Овқатланишда ҳам бир ўзим таомланардим ва кун бўйи болалар бўлмасида ўтирардим. Миссис Рид бирор марта ҳам мактаб ҳақида сўз очмади. Шунга қарамай, менинг кўнглим тўқ: у мени узоқ вақт қаноти остида сақлай олмаслигига амин эдим: менга кўзи тушган маҳал бурунгидан баттар нафрат билан боқадиган бўлди. Элиза ва Жоржиана онасининг кўрсатмасига амал қилиб, иложи борича мен билан гаплашмасликка ҳаракат қилишарди. Жон бир гал мени кўрганида тилини чиқариб калака қилди. Яна бир сафар аввалгидек оёғимдан чалиб ерга ағанатмоқчи бўлганди, урғочи йўлбарсдек унга ташландим. Худди аввалги шахт билан, жиловлаб бўлмас ғазаб билан сакрадим. У бир марта бунинг оқибатини кўрмаганми, дарров ортига ўгирилиб қочиб қолди. Кетиб бораркан мени ҳақорат сўзлар билан сийлаб, уриб бурнини синдирганимдан шикоят қиларди. Мен, ҳақиқатан ҳам, уни урдим. Ўзимга ўнғай бўлган томондан юзига ўхшатиб мушт туширдим. Муштим унга чивин чаққанчалик ҳам таъсир қилмади. Аммо ғазабнок чеҳрамдан чўчиган чиқади. Фурсатдан фойдаланиб уни яна бир карра тавбасига таянтирмоқчи эдим, бўлмади. У қочиб бориб, онасининг пинжига суқилди. Кейин қўполлигимдан шикоят қилиб, урганимни, ёввойи мушукдек устига ташланганимни айтиб берди. Онаси унинг гапини шарт бўлди:
– Менга унинг номини эслатма, мен сенга у билан гаплашишни ман қилганман. У эътибор қаратишингга арзимайдиган қиз. Сен ҳам, сингилларинг ҳам у билан гаплашишларингизни хоҳламайман.
Шу пайт менинг сабрим синди. Эгилиб зинапоянинг ён тўсини оша қичқирдим:
– Сизнинг болаларингиз мен билан гаплашишга муносиб эмаслар!
Миссис Рид анчайин босиқ аёл эди, бироқ бу гапни эшитиб ўзини тутиб туролмади. У югуриб келиб, мени болалар бўлмасига томон судради. Тўшагимга итқитиб юборди. Кун бўйи шу хонадан чиқмаслигим ва овоз чиқармаслигимни тайинлади.
– Рид тоғам тирик бўлганларида нима деган бўларди! – беихтиёр шу гап чиқди оғзимдан. Нима қилай, ўзимни тутиб тура олмадим.
– Нима? – унсиз шивирлади миссис Рид, унинг одатий совуқ нигоҳида қўрқув ифодаси акс этди.
У чангаллаб турган елкамни қўйворди. Кўзини катта-катта очиб менга тикилиб қолди. «Бу болами ёки бир бало», деган савол аломати бор эди нигоҳларида. Шундан мен дадилландим.
– Менинг тоғам Рид осмонда: у ҳамма нарсани кўриб, эшитиб турибди. Нима деяпсиз, нима қиляпсиз – барига гувоҳ. Отам билан онам ҳам унинг ёнида. Улар ҳам менга етказаётган озорларингизни кўриб туришибди. Мени зимдан йўқотиш пайида эканингизни билишади.
Миссис Рид тезгина ўзини ўнглаб олди; у бор кучи билан икки елкамдан чангаллаб, силкилай бошлади. Кейин юзимга бир шапалоқ тушириб мендан узоқлашди. Бошқа бир сўз демади. Бу ҳол Бессининг тилини қитиқлади, у менга бир соат маъруза ўқиди: ноҳақлигимни исбот қилишга тиришди. Ўзга бировнинг ғамхўрлиги остида тарбия топган болаларни кўпини билишини, аммо мен каби энг ёвуз ва ношукр бандани энди биринчи бор кўриб турганини юзимга шарт-шарт айтиб ташлади. Мен унинг гапини тасдиқлашга тайёр эдим, сабаби юрагимда ёвуз руҳлар ғалаён қилаётганини билардим.
Аста-секин вақт ўтиб борарди: ноябрь, декабрь ортда қолди, январнинг ҳам ярмига бориб қолдик. Гейтсхэд хонадони жамоаси одатдагидек Рождество ва янги йил байрамини шоду хуррамликда, кўтаринки кайфиятда нишонлашди; барча-барчага совға-саломлар берилди. Рид хоним бу борада қўли очиқлик билан ҳадялар улашди. У барчани тушлик ва кечки зиёфатга чорлади. Мен эса буларнинг баридан мосуво эдим; байрамдаги иштироким ҳар куни бўлаларим Элиза ва Жоржиананинг кийиниб, ўзларига оро беришларини кузатиш ва ортларидан қараб қолишдангина иборат эди. Улар пўрим уст-бошларда меҳмонхонада бир четда рояль ва арфа оҳангларига қулоқ тутишарди. Пастда хизматкорлар ва дўкончиларнинг елиб-югуриб юришлари, таом тарқатилаётганда чинни идишларнинг бир-бирига тегиб жаранг таратиши, меҳмонхонада тарқалаётган ғала-ғовур товушлар, эшикнинг очилиб-ёпилиши – бариси омихта бир бутунликда бўй кўрсатиб турарди. Буларнинг бариси мени толиқтирар, зинапоя саҳнини тарк этиб, тинч ва осойишта болалар бўлмасига йўл олардим. Бу ерда гарчи ғамнок эсамда, ўзимни бахтсиз деб ҳисобламасдим.
Ростимни айтсам, айни шу дамда меҳмонлар орасида бўлишга заррача бўлсин иштиёқим йўқ эди. Улар менга камдан-кам ҳоллардагина эътибор ажратишарди. Фақат Бесси бирмунча кўнгилчан, мен уй тўла эркак ва аёллар даврасида, Рид хонимнинг мунтазам ёвқарашлари остида сиқилиб ўтиргандан кўра Бессининг насиҳатларини тинглашга рози эдим. У ўзининг коржомасини эгнига илиб, одатда, қўлидаги шам билан йўлакни ёритиб, уйнинг энг гавжум хоналари, ошхона ёки хизматкорларнинг бўлмаларини айланиб юрарди. Мен бўлсам тиззамдаги қўғирчоқни ўйнаб, каминдаги олов ўчмагунча ўтирардим, кейин қўрқув билан ён-атрофга аланглардим. Назаримда, нимқоронғи бурчакдан қўрқинчли бир шарпа чиқиб келаётгандек бўлиб туюларди. Каминда бир уюм чўғ қолганидан сўнг, тезликда ечинишга тушардим, боғичларимни бор кучим билан тортиб, тугунини очишга ошиқардим. Совуқдан ва зулматдан паноҳ истаб тўшагимга кириб кетардим. Ўзим билан ҳамиша қўғирчоғимни бирга олиб ётардим: ҳар бир киши, аслида, ниманидир яхши кўриши, шу туйғуни ифода этишга арзирлик бирон-бир нарсани юрагига яқин олиб юриши бор гап. Мен эсам мана шу қўлбола тарзда ясалган қўғирчоққа боғлангандим, у полиз қўриқчисига ўхшаб кетарди. Унга бўлган меҳрли муносабатимни тушунмасдим. Уни худдики жонли одамчадек тасаввур қилардим, назаримда, у ҳам менинг туйғуларимни ҳис этадигандек эди. Токи уни тунги кўйлагимнинг кенгиш этагига ўрамасам тинчимасдим; у мен билан ёнма-ён ётаркан, тафтим ва ҳимоямни ҳис этаркан, ўзимни бахтиёр сезардим, уни ҳам бахтли қўғирчоқ деб ҳисоблардим.
Меҳмонларнинг тарқаши ва йўлакдан Бессининг қадам ташлаб келишигача бўлган фурсат назаримда, жуда узоқ чўзилди; бу орада у бир неча бор олдимга келиб кетди. Кечки таомдан нимадир олиб келар, уни еб бўлгунимга қадар оёқ учимда ўтириб кутиб турарди. Икки марта, ҳаттоки кўрпамнинг бир учини кўтариб, юзимдан ўпиб: «Хайрли тун, мисс Жейн», деб янги йил тилагини ифода этди.
Бесси мана шундай чоғлари кўзимга дунёдаги энг чиройли, оқкўнгил киши бўлиб гавдаланарди. Унинг доимо мана шу тарзда қолишини истардим. Ҳеч қачон мени итариб ташламаслигини, зуғум қилмаслигини, беҳуда мени айбламаслигини хоҳлардим. Унинг ҳақидаги тасаввуримни пучга чиқармаса дердим. Назаримда, Бесси Лин табиатан талантли эди: у ўзи ишини қойилмақом тарзда адо этарди. Чаққон, шунинг баробарида қисса сўзлаш иқтидорига эга эди. Унинг эртакларини тинглаб маза қилардим. Агар унинг чеҳраси ва рафтори ҳақидаги таассуротларим рост бўлса, у хушбичим аёл эди. У ҳамиша хотирамда қадди-қомати келишган, қуюқ сочлари ва ўйноқи кўзлари тим қора, юзининг тузилиши бенуқсон, ёноқлари хушбичим жувон бўлиб гавдаланарди. Фақат феъл-хўйида, аҳён-аҳён сохталик кўзга ташланиб турарди. Баъзида чидаб бўлмас даражада қўполлик қиларди. Инсоф ва диёнатини егандек кўринарди. Шунга қарамай, мен уни Гейтсхэд-холл жамоасидаги энг яхши одам деб ҳисоблардим.
Бу воқеа ўн бешинчи январь куни, эрталабки соат тўққизларда рўй берди. Бесси эрталабки нонушта учун пастга тушди. Бўлаларимни ҳали дастурхонга таклиф этишмаганди. Элиза бошига шляпасини илиб, эгнига эски иссиқ пўстинини кийди. У товуқларига дон-дун ташлаш учун ташқарига отланди. Бу унинг севимли машғулоти эди. Товуқлари тухум қўяр, Элиза эса уларни ошхона хизматчисига сотиб, пулини жамғариб юрарди. У оиланинг тўнғичи, табиатан тадбиркор қиз эди. Бу нафақат унинг тухум ёки жўжа сотиб, даромад қилишида кўринарди. Хонадон боғбони ҳам ундан кўчат ёки уруғ олиб турарди. Бунда онасининг кўмагига таянарди. Миссис Рид боғбонга Элиза таклиф этган барча нарсаларни сотиб олиши лозимлигини тайинлаб қўйганди. Элизани даромаддан бошқа нарса қизиқтирмасди. Пул масаласига келсак, йиққан-терган бисотини у латта қоғоз парчаларига ўраб, хонанинг турли бурчакларида яшириб қўярди. Оқсоч қизлар бир тасодиф билан улардан бирини топиб олган чоғлари, у бор бисотидан ажраб қолишдан чўчиб, топилмани онасининг жамғармасига топширарди. Аммо шу вазиятда ҳам ўз фойдаси ўйлаб, пулни эллик ёки олтмиш фоизлик фойда олиш шарти билан берарди. Фоизларни ҳар икки-уч ойда олар ва буни алоҳида дафтарда қайд этиб борарди.
Жоржиана баланд курсига чиқиб, ойна олдида ўтириб, қўнғир сочини тараб, унга ясама гуллар ва парранда патини тақишга тиришарди. У болохонадаги қутидан талай шунақа безакларни топиб олганди. Мен жойимни йиғиштириб, тартибга солдим. Бесси келгунига қадар бу ишни бажаришим лозимлигини тайинлаганди (у кейинги пайтларда менга иккинчи дастёр қизга қарагандек муомала қилар: хонани супириб, дераза ва китоб жавонидаги чангларни артиш ва бошқа юмушларни буюриб турарди). Тўшагимни чойшаб билан ёпиб, тунги кўйлагимни тахлаб, саранжом-саришта қилгач, дераза ёнига бордим. Унда китоблар ва суратлар ҳамда ўйинчоқ мебеллари сочилиб ётарди. Уларни тартибга келтирмоқчи эдим, Жоржиана уларга қўл теккизмаслигимни талаб қилди (митти ўйинчоқ курсилар, ойна ва бежирим тарелкалар, чойнак-пиёлалар – бариси унга тегишли эди). Бошқа қиладиган ишим қолмагани туфайли, дераза ойнасига аёз солган нақшларни томоша қилишга киришдим. Нафасимдан улар ўз кўркини йўқотди, оғзимдан чиқаётган буғда эрий бошлади. Мен ойнанинг бир парчасини артиб тозаладим-да, ундан боққа боқдим. Унда ҳамма нарса музлаб, қотиб қолгандек эди.
Ойнадан қоровулнинг кичкина уйчаси ва шағал ётқизилган йўлак кўзга ташланиб турарди. Дераза ойнасининг кумушранг-оқ баргга ўхшаш нақшлар акс этган каттагина бир қисмини артиб тозалаган эдим ҳамки, дарвоза ланг очилиб, ундан экипаж кириб келди. Мен унинг уйнинг остонасига яқинлашиб келишига бефарқ қараб турардим. Гейтсхэдга тез-тез меҳмонлар келиб туришарди. Келиб-кетаётган араваларнинг бирортаси шу чоққача менда алоҳида қизиқиш уйғотган одамни олиб келгани йўқ. Экипаж уй олдида тўхтади. Қўнғироқ жаранглаб, уни ичкарига киритишди. Буларнинг менга сира дахли йўқ, эътиборимни совуқда дилдираб озуқа топиш илинжида жонсарак бўлиб юрган қуш ўзига жалб этди. У чирқиллаб дераза ёнидаги шохлари уйнинг деворига тегиб турган гилос дарахтининг яланғоч новдасига қўнди. Нон ва сутдан иборат нонуштамнинг қолдиғи ҳали столда турарди. Нонни майда тўғраб, деразанинг майда дарчасини очишга тутиндим. Уни қушлар чўқиб есин, деб деразанинг карнизига сепмоқчи бўлдим. Шу пайт хонага Бесси отилиб кирди.
– Мисс Жейн, тезгина пешбандингизни ечинг! Нима иш билан машғулсиз? Қўл-бетингизни ювдингизми бугун?
Бесси қалаштириб ташлаган саволларга жавоб беришдан аввал мен бошлаб қўйган ишимни охирига етказдим. Дарчани бир амаллаб очиб, қўлимдаги нон ушоғини ташқарига сочдим. Унинг бир қисми деразанинг ташқари рафига, бир қисми дарахт бутоқларига бориб тушди. Қушчанинг нонуштаси таъминланди. Шундан сўнг дарчани ёпиб, Бессига томон ўгирилдим:
– Йўқ, Бесси, мен ҳозиргина чангни артиб бўлдим.
– Ярамас қиз! Ҳозир нима қилиб турувдингиз? Нега деразанинг дарчасини очдингиз?
Жавоб беришимга ҳожат бўлмади. Бесси шошилиб тургани боис, мени тингламади, қўлимдан тутиб, ювиниш хонасига етаклаб борди. Тезгина юз-қўлимни ювиб дағал сочиқ билан артди. Тароқ билан сочимни тараб, эгнимдан пешбандимни ечиб олди. Кейин зинапоя саҳнига итариб, пастга тушишимни, ошхонада мени кутиб туришганини айтди.
Ундан мени ким кутаётганини, Рид хоним ўша ердами, йўқми сўрамоқчи бўлгандим, аммо Бесси эшикни тарақлатиб ёпганча ғойиб бўлди. Оҳиста зина бўйлаб пастга йўл олдим. Рид хоним мени пастга таклиф этмай қўйганига уч ойдан ортиқроқ вақт ўтганди. Ҳамиша вақтимни болалар бўлмасида ўтказиб келардим. Шунинг учун ошхона, зал ва меҳмонхона мен учун тақиқланган ҳудуд бўлиб, у ёққа қадам босишга юрагим бетламасди.
Мана, ниҳоят, ошхонага даҳлиз вазифасини ўтаб келаётган бўм-бўш залга қадам қўйдим; қалтироқ ва ҳаяжон билан меҳмонхона эшиги олдида турардим. Ўша кунлари бир неча бор ноҳақ жазога мустаҳиқ бўлганим боисми, охир-оқибат жазолардан юрак олдириб, ҳуркак бир қуёнга ўхшаб қолгандим. Шундан болалар бўлмасига қайтишга ҳам қўрқардим, юрак ютиб меҳмонхонага киришга ҳам журъатим етмасди. Ичимни турли шубҳа ва гумонлар кемирарди. Ўн дақиқача шу алпозда туриб қолдим. Нонуштага чорловчи қўнғироқ жаранглади-ю, ичкарига киришга журъат этдим.
«Мени ким сўраттирган бўлса? Эшикнинг думалоқ тутқичига қўлимни қўйиб, уни базўр бураб очишга ҳаракат қиларканман, хаёлимда шу савол чарх урарди. Бунда мен холамдан бошқа яна кимни кўраман? Эркакми у, аёл?»
Тутқич, ниҳоят, буралиб, эшик очилди. Ичкарига кириб, пастроқда турдим. Бошимни кўтариб қаршимда қора симёғочни кўрдим: ҳар ҳолда менда илк бор шундай тасаввур уйғотди. У қоп-қора кийимда, чўпдай озғин, камин олдида турарди. Башараси шу қадар совуқ эдики, худди тошдан йўнилган ниқоб кийгандек эди. Бу устун айнан араб алифбосининг бош ҳарфига ўхшарди.
Миссис Рид ўзининг одатий ўрнида, каминга ёндош курсисида ўтирарди; у менга ишора берди. Мен яқинроқ бордим ва у мени нотаниш кишига таништирди:
– Мана, ўша қизалоқ, сизга шу масалада мурожаат этгандим.
У эркак кишими, йўқми билмадим – оҳиста бошини буриб, мен томонга ўгирилди. Унинг кўкиш кўзлари чатма қошлари остида ёниб турарди. Ўткир нигоҳини менга қадади:
– Бўйи паст экан. Ёши нечада унинг?
– Ўн ёшда.
– Йўғ-е, шунақа катта қизми бу? – ишончсизлик билан таажжубланди у. Кейин яна бир муддат синчковлик билан мени обдан кузатиб турди-да, сўради:
– Исминг нима, қизалоқ?
– Жейн Эйр, сэр.
Ғудраниб шу гапни айтдим-да, нотаниш кишига қарадим. У жуда новча киши бўлиб туюлди менга, эҳтимол, ундай эмас, ўзимнинг бўйим паст бўлгани боис шундай кўринган бўлиши ҳам мумкин. Юзининг тузилиши йирик башарали, қиёфаси ўта жиддий эди.
– Хўш, Жейн Эйр, сен яхши қизалоқмисан?
Унинг бу саволини тасдиқлайдиган жавоб айтиш мушкул эди: мен истиқомат қилиб турган митти бу мамлакатда ҳамманинг бу борадаги фикри аксинча эди. Шундан, бир сўз демай жим турдим. Миссис Рид менинг ўрнимга жавоб берди, маъноли қилиб бошини қимирлатди-да, кейин қўшимчасига деди:
– Бу ҳақда қанча кам гапирсангиз мистер Брокльхерст, шунча яхши…
– Афсус. Унақада, мен у билан яхшилаб суҳбатлашишим керак бўлади. – У миссис Риднинг қаршисидаги курсига ўтирди.
– Бери кел-чи, – деди у.
Мен камин олдидаги тўшалган гиламга чиқдим. Мистер Брокльхерст мени ўзининг қаршисига турғазиб қўйди. Унинг юзига қараб, ҳайрон қолдим. Бу қанақа башара! У ўтирганидан сўнг, бўйимиз деярли тенглашиб, юзини яқиндан кўриш имконига эга бўлгандим. Бурни бунча катта бўлмаса, нақ картошка дейсиз. Оғзини қаранг! Битта олд тиши, узунлигидан оғзига сиғмай, ташқарига чиқиб турарди.
– Бу дунёда қулоқсиз боладан баттар азоб йўқ, мабодо у қиз бола бўлса, икки ҳисса азият чекасан. Айт-чи, гуноҳкор киши вафотидан сўнг қаерга тушишини биласанми?
– Уларнинг жойи жаҳаннамда бўлади, – дедим тезгина.
– Жаҳаннам дегани нима? Дўзахнинг кўриниши қанақа, биласанми?
– Бу бир тубсиз ўпқон, ўртасида гуриллаб олов ёниб туради.
– Сен ана шу ўпқонга тушишни ва абадий ўтда ёнишни хоҳлайсанми?
– Йўқ, сэр.
– Унга тушмаслик учун нима қилиш кераклигини-чи, биласанми?
Дарҳол жавоб қайтара олмадим. У яна қайта саволини такрорлаганда, унинг зиддига жуда кўп нарса айтиш мумкинлигини англадим.
– Мен яхшиси, ўлмаслик учун соғлом бўлишга ҳаракат қиламан.
– Буни қандай тушуниш мумкин: ўлмаслик учун соғлом бўлиш? Бу имконсиз жаҳд эмасми? Сен тенги болалар кунора завол топадилар. Бор-йўғи икки-уч кун олдин мен беш ёшли қизчани дафн қилдим. Яхши қизалоқ эди, афсус, унинг руҳи энди осмонда. Қўрқаманки, сен ҳам шундай қисматдан қочиб қутулолмайсан, агар Худо сени ўз ёнига чорлаб қолса.
Унга эътироз билдирмай, гиламга узатилган ғўладек йўғон оёқларига қарадим-у, хўрсиндим, ундан имкон қадар узоқроққа қочиб кетгим келди.
– Умид қиламанки, бу хўрсиниқ дилингни тубидан чиқди. Демакки, сен ўз валинеъматинг бўлмиш хонимга кўп ноҳақликлар қилганинг учун надомат чекяпсан, шундайми?
«Валинеъмат! Валинеъмат! – такрорладим ичимда. – Сиз валинеъмат деганда миссис Ридни назарда тутяпсизми? Мабодо, шундай бўлса, бу сўз ёмон бир нарсани англатади.
– Сен эрталаблари ва кечқурунлари ибодат қиласанми? – мени сўроқ қилишда давом этди у.
– Ҳа, сэр.
– Библияни ўқийсанми?
– Баъзи-баъзида.
– Қувонч билан ўқийсанми? У сенга маъқулми?
– Менга «Даъват» ёқади. Шунингдек, Дониёл пайғамбарнинг «Ибтидо»си ва Самуил пайғамбарнинг Айюб ва Юнус ҳақидаги ҳикояси ҳам маъқул...
– Псалмалар-чи? [4] Умид қиламанки, сен уларни ёқтирасан?
– Йўқ, сэр.
– Йўқ? О, бу даҳшат! Менинг битта болам бор, унинг ёши кичик, аммо у ҳозир олтита псалмани ёддан билади. Ундан мабодо, нимани яхши кўришини, масалан – ширинликними ёки псалманими хуш кўришини сўрасанг, у: «Албатта, ширинликдан кўра псалма маъқул», – деб жавоб қилади. Кейин: – Псалма фаришталар куйлайдиган қўшиқ, мен эса мана шу заминда фаришта бўлгим келади! – дейди. Бунинг мукофотига уни иккита ширинлик билан тақдирлайман.
– Псалмалар қизиқ эмас, – фикримни яширмадим мен.
– Бу, мурғаккина қалбинг ёвузлик билан чулғанганидан далолат. Сен Худога истиғфор айт, токи у сенинг юрагингни иллатдан халос этсин. У сенга янги, тоза қалб беришини сўраб илтижо қил. Шояд, Худонинг раҳми келса-ю, тош қотган юрагингни, бошқа бирига алмаштирса.
Мен юракни кўчириб ўтқазиш жарроҳлиги қандай амалга оширилишини сўрамоқчи бўлгандим, миссис Рид гапимни бўлиб, мени ўтиришга ундади. Кейин бу мулоқотни ўзи давом эттирди:
– Сизга маълумки, мистер Брокльхерст, уч ҳафта муқаддам сизга йўллаган мактубимда мен, бу қизчанинг феъл-хўйидаги айрим қусурлар менга маъқул эмаслиги ҳақида ёзгандим. Агар сиз уни Ловуд мактабига олишга рози бўлсангиз, сиздан ўтиниб сўрайман, ундан ҳар доим кўз-қулоқ бўлиб туринглар. Директор хоним ва устозларга ҳам буни етказинг. Бу қайсар қизнинг ёлғонларига лаққа тушиб қолишмасин. Умуман унга хос ана шу иллатларга қарши курашсалар ёмон бўлмайди. Мен бу гапларни сенинг ҳузурингда айтаётганим, Жейн, мистер Брокльхерстни чалғитмаслигинг учун, билиб қўй.
Мен миссис Ридни бежизга ёмон кўрмасдим, ундан чўчишим бежизга эмасди. Унда ҳамиша менинг ғуруримни топташ, уни оёқлари остида эзғилаш эҳтиёжи яшарди. У бу ишни ўта таъсирчан бир усулда амалга оширарди. Мен ҳеч қачон унинг ҳузурида ўзимни эркин ҳис қилмаганман – берган топшириқларини бекаму кўст адо этсам ҳам, унинг эътиборини қозонишга тиришсам ҳам, у ҳамиша бирдек ёки худди ҳозиргидек чимчилаб тақдирлаган. Ҳозирги иши билан эса, яъни бегона кишининг иштирокида менга айб тақаши юрагимга наштар санчгандек бўлди. У нима мақсадда бундай қилаётганини назаримда тушунгандек эдим. У мени янги борадиган жойимда ҳам безовталик муҳитини ҳосил қилиш истагида эди. Ўзи мени улоқтираётган жойни ҳалитдан оғулашни бошлаганди. Бунинг барисини билиб турардим, бироқ сўз билан буни ифода этолмасдим, холос. Миссис Рид, мен борадиган мактаб ҳаётига, менга нисбатан нафрат ва ишончсизлик уруғини сочмоқда эди. Бунинг натижаси ўлароқ, мана мистер Брокльхерст ҳалитдан мени қайсар ва ёлғончи деб ҳисоблай бошлаганди. Бу вазиятда қандай йўл тутишни, ноҳақликка қарши қандай курашишни билмасдим.
– Ҳожати ҳам йўқ, – деган қарорга келдим, бўғзимга тиқилиб турган йиғи ва фарёдимни босиб.
– Ҳа, алдамчилик – ахлоқий ноқислик белгиси, – деб изоҳ берди мистер Брокльхерст. – Худо ёлғончи одамни ёқтирмайди, шунинг учун ҳам улар даҳшатли олов ёниб турган ҳандаққа ташланадилар. Ҳар нима бўлганда ҳам миссис Рид, хотирингиз жам бўлсин, қизалоқ кучли назорат остида бўлади. Мен мисс Темпл билан ҳам, устозлар билан ҳам бу борада шахсан гаплашаман. – Уни келажакда жамият ҳаётида тутадиган ўрнига муносиб тарзда тарбия топишини хоҳлардим, – сўзида давом этди менинг валинеъматим. – Итоаткорликни ва ишчанликни ўргансин. Таътил масаласига келсак, агар қарши бўлмасангиз, уни ҳам Ловудда ўтказсин.
– Сиз нима десангиз шу, ғоят оқилона тадбир, – олқишлаган бўлди уни мистер Брокльхерст. – Итоаткорлик – бу юксак насроний тушунча, у Ловуднинг тарбияланувчиларига яхши ибрат бўлади. Шунинг учун мен болаларда мана шу фазилатни ўстиришларини талаб қиламан. Каминангиз мана шу муаммо устида бош қотириб, уларнинг беҳуда кибр-ҳавога берилишларини бартараф этиш устида бош қотирдим ва куни кеча шу борада ижобий натижага эришдим. Иккинчи қизим Августа онаси билан мактабга борган экан, уйга қайтганида кўрган-кечирганларини тўлқинланиб-тўлқинланиб сўзлаб берди, таассуротлари билан бўлишди. «Дадажон, Ловуднинг қизлари бирам одми, бирам босиқ эканки, ҳайрон қолдим. Сочлари орқага ўрилган, кўйлакларининг этаги узун, кўйлаклари устидаги сумкаларини айтмайсиз, худди камбағалларнинг болаларига ўхшашаркан. Улар онам билан менга боқиб, кўзлари ёнди, шойи матодан тикилган кўйлакни биринчи бор кўришгандек, гўё», деди.
– Мен учун бу сўзларни эшитиш жуда мароқли, – уни ёқлаган бўлди миссис Рид. – Англияни бор бўйича ахтариб чиққанимда ҳам Жейн Эйр сингари қизларнинг тарбияси билан шуғулланадиган, бундай муносиб мактабни топмасам керак. Интизом, азизим мистер Брокльхерст, – мен ҳар бир нарсада интизом бўлиши тарафдориман!
– Қаттиқ интизом, хоним, насроний кишининг биринчи мажбурияти. Ловуд масаласига келсак, ҳамма шу тартибга бўйсунади: оддий таом, одми уст-бош, кишининг иродасини чархлайдиган ва меҳнатсеварликка ўргатадиган қатъий кун тартиби – мактабнинг фаолияти ана шу мезонлар устига қурилган.
– Мен буни энг оқилона фаолият деб ҳисоблайман, сэр. Демак, мен қизалоқ мактабга қабул қилиниши ва худди келишганимиздек унга муносиб тарбия берилишига ишониб, кўнглимни тўқ қилаверсам бўладими?
– Албатта, хоним! Биз уни ўша мактабга жойлаштирамиз ва ишончим комилки, у бунинг каби имконият ва имтиёз учун миннатдор бўлади.
– Унда, мен қизалоқни имкон қадар тезлик билан жўнатиш тадбирини кўраман, мистер Брокльхерст, чунки ишонинг, бошоғриққа айланган бу қизалоққа жавобгарликдан тезроқ халос бўлишни истайман.
– Албатта, албатта, хоним! Сизга соғлик тилаб, мен энди Брокльхерстга йўл оламан. Ундан яқин икки ҳафта муддатда қайтаман: викарий, менинг дўстим ва валинеъматим шу муддат оралиғида мени қўйвормаслиги аниқ, биламан. Аммо мисс Темплни, янги бир тарбияланувчи бораётгани ҳақида, албатта, огоҳлантириб қўяман. Шундай экан, қабул масаласида ҳеч қандай муаммо бўлмайди, хайр!
– Кўришгунча, мистер Брокльхерст! Миссис Августа ва Теодорга, Броутон Брокльхерстга саломимни етказиб қўйинг.
– Бош устига, хоним! Сен эса қизалоқ, мана бу китобни ўқи. «Боланинг йўлдоши» китобини ибодат қилиб, ўқи. Унда ёлғончи қиз Мартанинг кутилмаган ва аянчли ўлими ҳақида ҳикоя қилинади.
Мистер Брокльхерст шу гапларни айтиб, менга кичиккина, аммо қалин бир китобни берди. Унинг чиройли қилиб ишланган муқоваси бор эди. Шундан сўнг у кетди, миссис Рид билан мен унинг ортидан кузатиб қолдик. Орадан анча вақт ўтди. Иккимиз ҳам жим эдик. У тикиш билан машғул, мен уни кузатиб ўтирардим. У ўша кезлари тахминан 36 – 37 ёшлар атрофида, танаси бақувват, елкалари кенг, суяги бўртиб турган, бўйи паст, тўлачадан келган аёл эди: юзи думалоқ, катта, пастки ияги бўртиб турарди. Пешонаси тор, ияги катта ва олдга бўртиб чиққан эди. Оғзи ва бурни юзига ярашиб турарди. Сарғиш қошларининг остида кўзлари милтираб турар, бироқ бу чўғда кишига меҳр бергувчи тафт сезилмасди. Териси тиниқ ва таранг, сочлари зиғир поясидек силлиқ, танасининг тузилиши бақувват – у касаллик нималигини билмасди. Миссис Рид саранжом-саришта, тартибни хуш кўрадиган уй бекаси эди. У хўжаликни маҳкам қўлга олган, ижарачиларни ҳам доимий назоратида ушларди, фақат болалари баъзан унга эркалик қилиб, айтганини қилишмас, устидан кулишарди. У ғоят дид билан кийинар, ўзига оро бериб юрарди.
Ундан бир неча қадам берида, пастаккина курсида ўтириб, унинг қомати ва юз тузилишига яхшилаб разм солдим. Қўлимда кичкина алдамчи қизнинг аянчли ўлими ҳақидаги китобни тутиб турардим – бу ҳикоя шахсан менинг эътиборимга ҳавола этилиб, ундан тийилишим лозимлигига бир ундов эди. Бугун бу ерда бўлиб ўтган мулоқот, миссис Риднинг мен ҳақимда мистер Брокльхерстга айтган гаплари, ҳақоратли айбномалари – юрагимга қаттиқ ботганди. Мени унинг сўзи эшитганимда қанча озорлаган бўлса, ҳозир эслаб яна бир карра азият чекмоқда эдим. Шундан менда ўч олиш истаги туғилди.
Миссис Рид бошини кўтарди; нигоҳи менинг кўзим билан тўқнашди-ю, қўли ишдан тўхтади.
– Чиқ уйдан, болалар бўлмасига бор, – буюрди у.
Афтидан, менинг кўзимга кўзи тушган чоғи, унга нимадир маъқул келмади. Сабаби, унинг гапириш оҳангида титроқ сезилди. Мен ўрнимдан туриб эшикка бир неча одим ташладим-да, кейин ортга қайтиб, унинг ёнига жуда яқин бордим.
Айтадиган гапим бор эди: сабаби, у мени шафқатсиз тарзда ёмонотлиқ қилди, жим қолсам худди унинг айбномаларини маъқуллагандек бўлардим. Йўқ, бунақаси кетмайди. Лекин душманим билан қандай курашаман? Унга қарши қанақа қуролим бор? Мен руҳан ўзимни ўнглаб, аталган сўзларимни юзига шарт-шарт айтдим:
– Мен ёлғончи эмасман! Алдамчи бўлганимда ҳозир шу тобда сизни ғоят қадрлашимни, яхши кўришимни айтган бўлардим. Лекин мен сиздан ҳазар қиламан. Кўрарга кўзим йўқ. Жон Ридга тоқат қилишим мумкин, аммо сиз ундан ҳам жирканчлироқсиз. Бу китобни эса ёлғончи қизнинг аччиқ қисмати баён этилган асарни қизингиз Жоржианага беринг: у сизни ҳамиша алдайди, мен эмас!
Миссис Риднинг қўллари қилиб турган ишининг устида ҳаракатсиз турарди, у муздек нигоҳини менга қадаб, совуқдан совуқ мурожаат этди:
– Гапириб бўлдингми? – сўради у катта ёшли одамлар ўз рақиби ёки аксинча кичкина болалар билан сира гаплашилмайдиган оҳангда.
Бу қараш, бу жумлалар менинг унга бўлган нафратимни баттар қўзғади. Бошимдан оёғимга қадар дир-дир титрардим. Ўзимни зўрға босиб турардим. Шу зайл давом этдим:
– Менинг қондош холам эмаслигингиздан мамнунман! Бундан кейин ҳеч қачон мен сизни хола деб чақирмайман! Катта бўлсам, бирор марта бўлсин сизни кўргани келмайман. Мабодо, биров мендан, сизга бўлган муносабатимни сўраса, сизни жуда ёмон кўришимни ва менга етказган озорларингизни рўй-рост айтаман!
– Бундай дейишга қандай тилинг борди, Жейн Эйр?
– Мен бор гапни айтяпман, миссис Рид? Нимани ҳис этаётган бўлсам, шуни гапиряпман. Бунинг ҳақиқат эканини ўзингиз ҳам билиб турибсиз. Сиз мени ҳиссиз, туйғусиз бир тўнка деб ўйлайсизми? Мабодо, шундоқ фикрда бўлсангиз, қаттиқ адашасиз. Мен ҳам заррагина бўлса-да, меҳрга зорман. Мен бу нав яшай олмайман. Сиз шафқат нималигини билмайсиз. Мени қизил хонага мажбуран қамаб қўйганингизни ҳеч қачон унутмайман. Уриб, туртиб, қўполлик билан ичкарига киритганингиз ёдимдан чиқмайди – ўла-ўлгунча буни унутмайман. Ўшанда ўлиб қолишимга бир бахя қолди. Кўз ёшларим бўғзимга тиқилиб, сизга илтижолар қилдим: «Раҳмингиз келсин, шафқат қилинг, холажон! Раҳмингиз келсин!» деб ялиниб-ёлвордим. Сиз бўлсангиз мени шу қадар тошбағирлик билан жазоладингизки, аслида, ўғлингиз мени уриб, йиқитгани сизни заррача ташвишлантирмади. Энди эса мен ҳаммага айтаман. Аслида, ким ва қанақа аёл эканингизни билиб қўйишсин. Одамлар сизни меҳрибон бека деб билишади. Аслида-чи, сизнинг қалбингиз тош қотган, ёвузсиз. Ёлғон айтиш айб бўлса, сиз ёлғонни сув қилиб ичган энг катта гуноҳкорсиз!
Мен ҳали юрагимдагини буткул тўкиб солмагандим. Аммо шу лаҳзаларда мени, ўзим ҳеч қачон ҳис қилмаган бир туйғу қамраб олаётганини сездим. Елкамдан тоғ ағдарилгандек, енгил тортгандек эдим. Гўёки қафаснинг тўр тўсинлари чилпарчин бўлиб, озодликка чиққандек ҳис этардим ўзимни. Бу ҳол ўз-ўзидан рўй бермади: миссис Рид, чамамда, қўрқиб қолди, қилиб турган иши қўлидан сирғалиб пастга тушиб кетди. Қўллари билан ўтирган курсисини маҳкам ушлаб олди, юзи шу қадар тундлашдики, ҳадемай йиғлаб юборадигандек эди.
– Сен адашяпсан, Жейн! Сенга нима бўлди ўзи, нега бирдан жазавага тушяпсан? Бутун вужудинг қалтираяпти? Балки сув ичиб оларсан?
– Йўқ, миссис Рид.
– Балки бошқа бирор нима керакдир, айт, Жейн? Ишонтириб айтаманки, менинг сенга муносабатим дўстона.
– Яна ёлғон сўзлаяпсиз. Сиз мистер Брокльхерстга мен ҳақимда бўҳтон сўзлаб, кимлигингизни кўрсатиб бўлдингиз. Мени ахлоқсиз ва алдамчи қиз сифатида таништириб, буни бутун мактаб аҳлига ёйишга улгурдингиз. Мен эса энди биров сўраса-сўрамаса Ловуддаги ҳар кишига сиз ҳақингиздаги бор ҳақиқатни айтаман.
– Жейн, сен янглишяпсан: биз сенинг ичингда танда қўйган қусурларни бартараф қилишга бурчлимиз.
– Мен ёлғончи эмасман! – чинқириб юбордим мен ноҳақликка чидай олмай.
– Лекин сен ўзингни тута олмайсан, Жейн, тан ол! Энди эса болалар бўлмасига бор, ақлли қиз бўлиб ётиб, дамингни ол…
– Мен сиз учун ҳеч қачон ақлли қиз бўлмайман, ухлагим ҳам йўқ. Мени тезроқ мактабга жўнатинг, бу уйда ортиқ туришга тоқатим йўқ.
– Ҳақиқатан ҳам, уни тезроқ мактабга жўнатмасам бўлмайди, – деб ғудранди-да, миссис Рид тикув анжомларини йиғиштириб, хонадан чиқди.
Кураш майдонида бир ўзим қолдим. Бу менинг биринчи жиддий муҳорабам ва дастлабки ғалабам эди. Бир неча дақиқа зафар нашидасидан маст бўлиб турдим. Аввалига юзимга табассум югурди, турган жойимда юксалиб бораётгандек эдим. Бир муддатдан сўнг, ҳаммаси яна жой-жойига туша бошлади: худдики томиримда гупуриб ураётган қон пасайиб, юрак зарби маромида ура бошлагани каби босилиб қолдим. Бола-бақра катта ёшдаги кишиларга қарши курашга кирмаслиги керак, худди мен бунга жазм этганим каби, эҳтиросларини жиловлай олмаса, охир-оқибат виждон азобида қолади. Афсус ва надомат муқаррар.
Юрагимни айни шу палла саҳрода ўт кетиб, олов ичида қолган қўрғонга менгзаш мумкин эди. Аланга атрофидаги ҳамма нарсани комига тортиб боради. Миссис Ридни айблаганим, унга таҳдид қилганим шунга қиёс. Бир ярим соатча мулоҳаза юритганимдан сўнг, руҳиятимда тамоман бошқа бир манзара зоҳир бўлди: ўша саҳро, ўша қўрғон, фақат унинг ранги энди алвон тусда эмас, қоп-қора кул кўринишида эди. Миссис Ридга нисбатан ўзимни жуда нолойиқ тутганим, нафратланиш билан унга дучор бўлиш бир хил – ёқимсиз таассурот эканини англадим.
Мен биринчи марта бу ҳаётда интиқомнинг ширин таъмини туйдим: винога ўхшаш, ҳали ичаётган чоғинг танангга илиқ бир нарса югуради, таъми завқ беради, аммо кайф бергувчи ичимликларнинг якуний натижаси, оқибати десам тўғрироқ бўлади, яхшиликдан дарак бермайди. Мен миссис Риддан узр сўрашни жуда-жуда хоҳлаб қолгандим. Бироқ оқибати мени бундан қайтариб турарди. Билардим, ҳузурига узр сўраб бош уриб борсам, албатта, ижирғаниб ўзидан итариб ташлаши, унга нисбатан илиқлаша бошлаган муносабатимни яна музликларга улоқтириши мумкин эди. Мен ўзимни ғазабга эмас эзгуликка етаклагувчи, қалбимда майин туйғулар уйғотгувчи юмушга банд қилишим лозим деган қарорга келдим. Қўлимга китоб олдим – араб эртаклари асосида чоп этилган китоб эди у. Уни варақлаб саҳифалар қатига чуқур сингишга ҳаракат қилдим. Лабларим ниманидир ўқиган каби тебраниб турса-да, тафаккурим тарзида ўзгариш йўқ: нимани ўқиётганимни билмасдим. Фикримни хаёллар узоқ-узоқларга олиб кетган, авваллари жуда қизиқ туюлган саҳифалар ҳам энди бирон-бир маъно англатишга қодир эмасди. Кейин ошхонанинг эшигини очдим. Ҳамма ёқ бўм-бўш: қуёшсиз, шамолсиз, қаҳри қаттиқ аёз боғни буткул музлатиб қўйганди. Бошим ва елкамни кўйлагимнинг этаги билан буркаб, кимсасиз боғда бироз сайр қилмоқчи бўлдим, аммо безовта руҳимга на дарахтлар, на йўлакка сочилиб ётган қарағай дарахтининг дўмбоқчалари ва на куздан ёдгор бўлиб, ерга тўшалган, шамол бир жойга тўплаб қотириб қўйган дўппайган хазонлар уюми таскин берди. Боғнинг этагидаги орқа эшик ёнида бирпас тўхтаб, пастга эгилиб бўм-бўш ўтлоққа кўз югуртирдим. Унда ҳозир ўтлаб юрган қўйлар йўқ, тизза бўйи кўкарган экинни аёз йиқитиб, оққа бўяб қўйганди. Куннинг қовоғи солиқ, осмонда қор ёғишидан дарак бергувчи оқ-қора булутлар осилиб турарди. Аҳён-аҳён қор учқунлаб, ерга ёйилар, музлаган ёлғизоёқ йўл, дарахтларнинг шохига ва буталар устига тушганлари эримай қолаётганди. Мен, бахтиқаро қизалоқ мана шу манзарага боқиб, ичимда нуқул бир саволни такрорлардим: «Нима қилай? Энди қандай йўл тутай?»
Шу пайт қулоғимга ёқимли овоз эшитилди:
– Мисс Жейн! Қаердасиз? Нонушта қилиб олинг!
Билдим, бу Бесси эди, аммо турган жойимдан қўзғалмадим. Йўлакда унинг енгил оёқ товуши эшитилди.
– Қулоқсиз қиз! – деди у ранжиган оҳангда. – Нега, чақирганда жавоб қилмайсиз?
Оғир ўйлар оғушидан чиқариб олгани учун Бессидан миннатдор бўлдим. Гарчи у одатдагидек унчалик ёқимли бўлмаса ҳам. Аммо миссис Рид билан тўқнашувим ва унда қозонган кичиккина ғалабамдан сўнг Бессининг аччиқ-тизиқ гапларига бепарво эдим. Унинг ёшлик нафаси уфуриб турган қувончидан баҳраманд бўлгим келди. Кафтимни унинг бўйнига қўйиб дедим:
– Керакмас, Бесси, мени уришманг.
Авваллари сира бундай қилмагандим. Оддий ва ҳаққоний муносабатдан Бесси дарҳол ўзгарди.
– Ажойиб қизсиз, мисс Жейн, – деди у, менга бош-оёқ назар ташлаб. – Қандайдир ғаройиб ва ёввойитабиат. Сизни ростдан ҳам мактабга беришяптими?
Мен бошим билан уни маъқулладим.
– Бечора Бессини ташлаб кетишга кўзингиз қийдими?
– Бессининг мен билан нима иши бор? У ҳамиша мени уришади.
– Сабаби, сиз шунақа антиқа қизсиз. Ҳуркак ва тортинчоқсиз. Дадил бўлинг дейман-да.
– Нега? Дадил бўлсам, мени баттар хафа қилишади.
– Бўлмаган гап! Бир жиҳатдан тўғри айтасиз, сизни барибир хафа қилишлари мумкин. Ўтган ҳафта онам кўргани келгандилар. Биласизми, у киши нима деди: «Болаларимдан бирортасининг ҳам мана шу қизчанинг ўрнида бўлишини хоҳламасдим!» Энди эса юринг, сиз учун қувончли янгилик бор.
– Наҳотки, Бесси?
– Болажоним! Нега ҳайрон бўляпсиз? Бунча маҳзун қарамасангиз менга! Эшитинг, миссис Рид болалари билан пешиндан кейин меҳмонга кетишяпти. Бу дегани биз бирга чойхўрлик қиламиз. Ошпазга айтаман, сизга ширин кулчалар пишириб беради. Ундан сўнг, менга нарсаларингизни тахлашга қарашасиз. Барибир эртами, индин жомадонингизни сафарга ҳозирлашимиз керак бўлади-ку, тўғрими? Миссиснинг гапига қараганда, Гейтсхэддан икки кундан кейин жўнаб кетаркансиз. Кўнглингиз тусаган қўғирчоқни ўзингиз билан олиб кетишингиз мумкин.
– Бесси, кетгунимга қадар уришмайман деб сўз беринг менга!
– Вой Худо, яна шу гап! Майли, фақат сиз ҳам ҳадеб тажанг бўлаверманг, мендан чўчиманг! Мабодо, тилимдан бир гап чиқиб кетса-ю, сизга маъқул бўлмаса, дарҳол сапчиманг, бу яхши эмас.
– Майли, сиздан ётсирамайман, Бесси, сизга ўрганиб қолганман, ҳадемай, бошқа бир муҳитда бошқа одамлардан ҳадиксирай бошласам керак.
– Аммо ёдда тутинг: сиз улардан қўрқсангиз, улар сизни яхши кўрмайдилар.
– Худди, сиз кабими, Бесси?
– Наҳотки, мени ёмон кўради деб ўйласангиз, мисс? Аслида, бу уйдаги болалардан, кўпроқ сизга боғланиб қолганман!
– Буни ҳеч сезмаган эканман.
– Мана, кўряпсизми қанақа айёрсиз, мисс! Мен билан тамоман бошқача оҳангда гаплаша бошладингиз. Бу журъат, бу жасорат қайдан пайдо бўлди?
– Бу табиий ахир, ҳадемай бу уйни тарк этаман, қолаверса… – Унга миссис Рид билан ўртамизда кечган мулоқотни айтиб қўйишимга оз қолди, аммо фикр қилиб, бу ҳақда оғиз очмасликка қарор қилдим.
– Демак, сиз бизни тарк этаётганингиздан мамнунсиз?
– Йўқ, Бесси. Айтишим мумкинки, айни шу пайт юрагим ғаш.
– Айни шу пайт! Кейин-чи? Мени маъзур тутасиз, энди мамнунман, дейсизми? Гапларингиз қанчалар ҳиссиз, юракка тиғ санчгандек тегади! Ҳозир мени ўпинг, десам хоҳламайсиз? Мени маъзур тутинг. Йўқ, дейсизми?
– Йўқ, Бесси, мен сизни жон-жон деб ўпаман. Бошингизни эгинг.
Бесси мен томонга эгилди; биз беғараз қучоқлашдик, юраклардан ғубор тарқаб, бирга-бирга уйга кирдик. Кун тинч ва осойишта ўтди. Кечки пайт Бесси менга қизиқ-қизиқ ҳикояларидан сўзлаб берди. Дилга хуш ёқадиган қўшиқлар куйлади. Нима десам: менинг маҳзун кўнгил мулкимни ҳам баъзи-баъзида қуёш нурлари ёритиб турарди.
[4] Псалма – «Забур» (тўрт муқаддас китобдан бири).
V БОБ
Бугун ўн тўққизинчи январь. Тонгнинг отиши чўзилиб кетгандек эди. Соат бешлар атрофи, Бесси қўлида шам билан мен ётган хонага кирди, деярли кийиниб, тайёр бўлиб турганимни кўриб таажжубланди. Мен унинг келишидан ярим соатча бурун туриб, юз-қўлимни ювиб, ой ёруғида уст-бошимни кийгандим. Мени Гейтсхэддан олиб кетадиган дилижон соат олтиларда дарвоза ёнига келиши ҳақида огоҳлантиришганди. Шундан, ҳали ҳеч ким уйғонмай ўрнимдан турдим. Бесси каминга ўт ёқиб, менга нонушта тайёрлашга киришди. Лекин олдда саёҳат сафари турган чоғ, одатда, болаларнинг томоғидан овқат ўтмайди. Ҳаяжон иштаҳани бўғиб қўяди. Бесси оёқ тираб, бир неча қошиқ сут ичиб, бир-икки тўғрам нон ейишга ундади. Бариси бефойда эканини англагач, бир нечта қуймоқни қоғозга ўраб, жомадонимга солиб қўйди. Шундан кейин у пальтомни кийишимга ёрдамлашди. Катта жун рўмолга ўралиб ташқарига йўл олдик. Миссис Риднинг ётоқхонаси ёнидан ўтаётганимизда, сўради:
– Миссис Рид билан хайрлашмайсизми?
– Йўқ, Бесси, кеча сиз овқатланаётган пайтингиз, у менинг хонамга кириб хайрлашди. Эрталаб уни ҳам болаларини ҳам безовта қилмаслигимни сўради. Шунингдек, ҳар доим менинг энг яхши дўстим бўлганини ва бундан кейин ҳам шундоқ бўлиб қолишини айтди. Шунинг учун, ундан миннатдор бўлиб, яхшилик билан хотирлашим лозимлигини уқдирди.
– Бунга жавобан сиз нима дедингиз, мисс?
– Ҳеч нима. Мен кўрпамни бошимга тортиб деворга ўгирилиб олдим.
– Яхши иш қилмабсиз, мисс Жейн.
– Йўқ, яхши, Бесси. Миссис Рид ҳеч қачон менинг дўстим бўлмаган, аксинча, душманим бўлган.
– О, қўйсангиз-чи, мисс Жейн!
– Яхши қол, Гейтсхэд! – деб хайр-хўшлашдим умримнинг бир парчаси кечган уй билан айвондан ўтиб, ташқарига чиқарканмиз.
Осмонда ой кўринмас, ҳамма ёқ қоронғи эди. Бесси қўлида тутиб бораётган чироқнинг хира шуъласи намчил зинадан пастга томон сирғалиб борарди, кейин у майда шағал тош ётқизилган йўлак бўйлаб пилдирай бошлади. Қиш тонгги намчил ва совуқ эди. Ҳовлидан ўтаётганимизда тишларим бир-бирига тегиб тақиллай бошлади. Қоровулнинг уйчасида чироқ ёқиғлиқ эди. Биз унга кирдик. Унинг аёли энди печга ўтин қалаб, олов ёқишга тутинаётган экан. Кеча бу ёққа келтирилган менинг жомадоним хоч шаклида ип билан боғланган ҳолда, эшик олдида турарди. Соат олти бўлишига камгина вақт қолганди. Бир муддат ўтиб, соатнинг куранти бонг урди ва дарвозанинг ташқарисидан арава ғилдирагининг товуши эшитилди. Мен эшикнинг олдига бориб, туманнинг бағрини ёриб келаётган почта дилижонининг хира чироқлари шу томон ошиқиб илгарилаётганига назар ташладим.
– Унинг бир ўзи кетадими? – сўради қоровулнинг хотини.
– Ҳа.
– Узоққами?
– Ўн мил [5] бор.
– Ҳа, узоқ экан! Наҳотки миссис уни яккаю ёлғиз шунча масофага юборишдан чўчимасалар?
Дилижон келиб тўхтади-ю, гап-сўзлар барҳам топди. Дилижонга тўртта от қўшилган, сабаби йўловчилар ҳам шунга яраша бир неча нафар киши эди. Кучер ва кондуктор бизни шошира бошлашди. Жомадонимни ортгач, улар мени Бессидан юлқиб олишди. Мен унинг бўйнидан қучиб, ўпичларга кўмиб ташладим.
– Уни эҳтиёт қилинглар, қараб боринглар! – деб бақирди кондукторга, у мени кўтариб дилижонга чиқараётган пайт.
– Албатта, кўнглингиз тўқ бўлсин! – жавоб қайтарди у; эшик ёпилди ва кимдир баланд овозда: «Кетдик!» – деди ва биз қўзғалдик.
Шу асно мен Бесси и Гейтсхэд билан хайр-хўшлашдим. Экипаж мени бағрига олиб ўзим учун нотаниш бўлган узоқ ва сирли ўлка сари олиб кетди.
Бу саёҳатдан кўп нарса хотирамда қолмаган. Эсимда қолгани кун жуда узоқ чўзилгандек эди ва назаримда, миллион мил масофа босиб ўтгандек эдим. Бир қанча шаҳарларнинг ёнидан ўтдик ва нисбатан каттароқ бир шаҳарда танаффус қилдик. Отлар пишқириб тўхтади, йўловчилар тамадди қилиб олиш учун каретадан тушишди. Мени кондуктор меҳмонхонага етаклаб бориб, овқат таклиф қилди. Иштаҳам йўқлигини айтганимдан сўнг, у мени шу ерда қолдириб, қаёққадир кетди. Хона жуда катта, ҳар икки томонидаги каминларда олов ёниб турарди. Шифтда қандил осиғлик эди. Деворнинг биринчи қаватида мусиқий асбоблар қатор терилиб турарди. Мен узоқ вақт олдга-ортга юриб хонани кўздан кечирдим. Тушунтириб бўлмайдиган бир туйғу чулғаб олганди: назаримда, ҳали-замон кимдир келиб мени ўғирлаб кетадигандек эди. Сабаби, Бессининг ҳикоялари таъсирида мен болаларни ўғирлаб кетадиган кишилар борлигига ишонардим. Ниҳоят, кондуктор келди, мени яна дилижонга миндирди, ўзи ўрнига ўтирди ва биз Л... шаҳрининг кўприги устидан яна йўлга тушдик.
Намчил ва туманли кун кечга томон оғиб борарди. Шом чўккач, мен Гейтсхэддан анчайин олислаб кетганимизни ҳис қилдим. Энди йўлимизда шаҳарлар йўлиқмаётганди. Ландшафт ўзгарди; шафақ томонда баланд кўкиш тепаликлар кўзга ташланди. Шом пардаси қалинлашиб борарди, экипаж ўрмон оралаб кетган водий йўлига тушди. Атроф-борлиқ зулматга чулғанган палла, анча пайтгача шамолда шовуллаётган дарахтларнинг товушини эшитиб бордим.
Мана шу товушлар аллалаб кўзим илинибди. Унча кўп ухламадим, дилижон жойида тақа-тақ тўхтагани боис кўзимни очдим, унинг очиқ турган эшиги олдида бир хонимнинг қораси кўринди – афтидан у хизматкор эди. Чироқнинг ёруғида мен унинг юзи ва уст-бошига кўз югуртирдим.
– Бу ерда Жейн Эйр исмли қизалоқ борми? – сўради у баланд овозда. Мен «ҳа», деб жавоб қилдим. У мени кўтариб дилижондан тушириб олди. Жомадонимни ҳам қабул қилиб олгач, дилижон йўлида равона бўлди.
Узоқ вақт ўтирганимдан оёқларим увишиб қолганди. Тинимсиз шовқинда юрганимиздан қулоғим битиб қолган, доимо чайқалиб келганимиз боис роса чарчаганимни ҳис этдим. Нафасимни ростлаб олгач, атрофга кўз ташладим: ёмғир ёғарди, борлиқни зулмат қоплаган, шамол кучайганди. Қаршимда девор ва унда эшик очиқ турарди. Нотаниш ҳамроҳим билан ана шу эшикдан ичкари кирдик. У ортидан эшикни маҳкам ёпиб, қулфлади. Кейин мен қаршимда турган уйни, тўғрироғи, бир неча биноларни кўрдим – иморат жуда узун, деразалари кўп, уларнинг айримлари ёришиб турарди. Биз кенг майдондан ўтиб сув босган тошли йўлдан ўтиб қайсидир бинонинг остонасига бориб қолдик. У мени йўлакка, кейин каминида ўт ёқилган бир хонага бошлаб борди. Ўша ерда мени якка қолдириб, ўзи кетди.
Каминга яқин бориб совқотган бармоқларимни иситишга киришдим. Шу туришимда хонага кўз югуртирдим: шам йўқ эди, аммо каминдаги оловнинг ёруғи уйни бир сидра кўздан кечиришга имкон берарди. Унинг деворларига гулқоғоз ёпиштирилган, гилам тўшалган, пардалар дид билан ишлов берилган ва уй жиҳозлари қизил дарахтдан ясалганига эътибор бердим. Бу мактабнинг қабулхонаси – айтиш жоизки, у Гейтсхэддаги турдоши каби катта ва муҳташам эмасди, аммо саранжом-саришталикда ундан қолишмасди. Деворда осиғлиқ суратларни кўздан кечираётганимда эшик очилиб, хонага қўлида шам тутган бир хоним кириб келди, ортидан яна бир хонимнинг қораси кўринди.
– Қизалоқ бунақа узоқ сафар учун анча ёшлик қиларкан, – деди у шамни столга қўяркан. Бир муддат у мени синчиклаб кўздан кечирди-да, деди: – Уни тезроқ тўшакка ётқизиш керак. Афтидан, анчайин толиққан. Чарчадингми? – сўради у мендан, қўлини меҳрибонлик билан елкамга қўйиб.
– Бироз, хоним.
– Очиққан бўлсанг ҳам керак? Ётишдан олдин овқатлансин, кечки таом беринглар, мисс Миллер. Сен биринчи марта ота-онангни бағридан узоққа кетишинг бўлса керак-а?
Мен унга отам-онам йўқлигини тушунтирдим. У эса шундан сўнг, ота-онам қачон вафот этгани ҳақида сўради. Исмимни, ёшим нечада экани, ўқишни билиш-билмаслигим, ёзишдаги саводим ва тикиш-бичишда қанчалик уқувим борлигини суриштирди. Кейин кўрсаткич бармоғини бўйнимга мулойим теккизиб, Худо хоҳласа яхши қиз бўлиб вояга етишимга умид билдириб, мени Миллер хонимга топширди.
Бу хонимнинг ёши адашмасам, ўттизлар атрофида эди. Мени бошлаб кетган Миллер хоним эса ундан анчайин ёш кўринарди. Биринчи хоним бор бўйи, босиқ-вазмин фикрлаши, ёқимли овози ва беозор боқишлари билан менда катта таассурот қолдирди. Мисс Миллер бошқачароқ эди, унинг юзида, ёноқларидан тортиб бўйнига қадар ташвиш ва залворли юмушлар юки ўз нуқсини солганди. Юриши ва хатти-ҳаракатларида шошилиш, улгуриш иштиёқи бўртиб турарди. У ишга бошигача кўмилган одамга ўхшарди. Бир қарашда Мисс Миллер бояги ўқитувчинниг ёрдамчиси бўлса керак деган хаёлга бордим; кейинчалик тахминим ўз тасдиғини топди. У мени хонадан-хонага, йўлакдан-йўлакка, геометрик тенглик тамойилига сира амал қилинмаган бино бўйлаб олиб ўтиб, ниҳоят, уйнинг тинчлик ҳукм сурган ичкари ҳовлисига олиб чиқди. Кейин ҳар хил овозлар чиқиб турган узун бир хонага кирдик. Ҳар икки томондан уйнинг тўрида иккита катта-катта қарағай дарахти ёғочидан ясалган стол қўйилган, унинг устида бир неча шамлар милтираб турар, столнинг атрофида 9 – 10 ёшдан йигирма ёшгача бўлган турли ёшдаги қизлар чуғурлаб ўтиришарди. Ғира-ширада қизлар менинг кўзимга ҳаддан зиёд кўпдек туюлди. Аслида, уларнинг сони саксонтадан ошмасди. Барисининг эгнида бир хил уст-бош: қадимий бичимдаги малларанг жун кўйлак кийиб, устидан оқ бўздан пешбанд боғлашганди. Бу мустақил дарс учун ажратилган вақт бўлиб, ҳайрон қолганим ғала-ғовур шу қадар баланд эдики, устоз сўзини эшиттириш учун деярли бақириб дарс ўтарди.
Мисс Миллер менга эшик олдидаги курсига ўтиришимни тайинлади-да, ўзи остонада туриб баланд овозда деди:
– Масъуллар, ўқув қўлланмаларини йиғиштириб, жойига қўйинг.
Столдаги қизлар орасидан тўрт нафар бўйчани туриб, барча китобларни териб олишди. Шундан сўнг, мисс Миллер навбатдаги топшириғини берди:
– Масъуллар, энди ҳаммага кечки таомни тарқатинг.
Бояги бўйчан қизлар хонадан чиқиб зум ўтмай қўлларида патнис билан қайтишди. Унда бир неча ликопча, кружка ва ўртада сувли кўзача турарди.
Қизлар тарелкаларни қўлма-қўл бир-бирларига узатишар, кимнинг сувга эҳтиёжи бўлса кружкасига сув қуйиб оларди. Навбат менга келганида сув ичдим, узоқ йўл юриб роса чанқагандим. Овқатга эса қўл теккизмадим – чарчоқ ва ҳаяжон иштаҳамни батамом бўғиб қўйганди. Таом жўхори унидан тайёрланган бўтқа эди.
Таомланиб бўлингач, мисс Миллер ибодат дуосини ўқиди ва қизлар жуфт-жуфтдан юқорига қараб йўл олишди. Чарчоқ мени шу қадар ҳолдан тойдирган эканки, ҳатто ётоқхонамиз қанақа жой эканини ҳам англамадим. Билганим фақат у худди дарс хонаси каби узун эди. Бугунча мисс Миллер билан битта тўшакда ётадиган бўлдим, у менинг ечинишимга қарашди. Тўшакка чўзилганимдан сўнг, кўз қирим билан ётоқхонага қарадим: унда қатор каравотлар қўйилган, ҳар бирида бир жуфтдан қизлар ётишарди. Ўн дақиқадан сўнг ягона шам ўчди, сукунат ва зулмат оғушида уйқуга кетдим.
Вақт назаримда имиллаб ўтаётгандек, чарчаганим боис худди узоқ ухлагандек эдим. Бирорта ҳам туш кўрмадим. Бир марта беихтиёр уйғониб кетдим. Ташқарида шамол бўрон бўлиб увиллаётганини, ёмғирнинг шаррос товушини эшитдим. Мисс Миллер ёнимда ётарди. Кейинги сафар уйғониб кўз очганимда, қўнғироқнинг даранглаган товуши қулоғимга чалинди. Қизлар ҳалитдан туриб, уст-бошларини кийиб олишганди. Ҳали тонг отмаганди, ётоқхонани икки-учта шам хира ёритиб турарди. Истар-истамас ўрнимдан турдим. Ҳаво ҳаддан ташқари совуқ эди, қўлларим совуқдан қалтирарди. Эринибгина кийиниб, малолланиб қўл-бетимни ювдим. Бу орада ювиниш учун олти кишига битта ажратилган тоғоранинг бўшашини кутишимга тўғри келди. Улар хонанинг ўтасида қўйилганди. Яна қўнғироқ чалинди. Қизлар жуфт-жуфт сафга тизилишиб, зинадан пастга тушиб, синфхонага йўл олишди. Мисс Миллер яна дуо ўқиди.
– Синфлар бўйича бўлининг!
Бир муддат хонада ғала-ғовур қўпди, мисс Миллер қизларни тинчитишга ҳаракат қилар: «Жим бўлинг! Тинчлик сақланг!» деб такрорларди. Ниҳоят, ҳамма жим бўлди. Барча қизлар тўртта стол атрофида ярим доира ясаб тик туришди ва ҳаммасининг қўлида китоб бор эди. Ҳар бир столда эса биттадан катта китоб турар, кўринишидан у Библия эди. Бир неча сониялик танаффус даврида, ҳали узил-кесил тинмаган товушлар батамом ўчди. Мисс Миллер синфлар бўйлаб юриб, барчани тинчлик сақлашга ундаб турди.
Узоқдан яна қўнғироқ товуши эшитилди. Шу пайт хонага уч нафар хоним кириб ҳар бири ўз ўрнини эгаллади. Мисс Миллер энг чеккадаги, эшикка яқин столнинг бош томонида ўтирди. Унинг атрофида нисбатан ёш қизлар ўтиришар, мени ҳам мана шу синфга тиркаб қўйишганди.
Дарс бошланди. Дастлаб қисқагина дуо ўқилди. Кейин Янги даъватдан парча ирод этилди. Ундан сўнг Библиянинг айрим бобларини такрорлашга киришилди. Бу жараён бир соатча давом этди. Бу орада кун оқарди. Ниҳоят, қўнғироқ тўртинчи марта бонг урди; қизлар апил-тапил сафланиб нариги хонага томон йўл олишди – нонушта вақти бўлганди. Менинг қувончимга чек-чегара йўқ эди. Сабаби сафар арафасида бир неча кун иштаҳам бўлмай таомдан бош тортиб келгандим. Энди эса мириқиб дам олгандан сўнг очиққанимни ҳис қила бошлагандим.
Ошхона деган жой, шифти пастак, одми, аммо катта хонадан иборат эди. Иккита катта столда идишлар териб қўйилган бўлиб, ичидаги таоми қайноққина, ҳозиргина сузилганидан буғ кўтарилиб турарди. Лекин бахтга қарши ҳиди димоқни қитиқлайдиган даража хушбўй эмасди. Таомлар кимга тегишли бўлса, ўша қизларнинг ҳам қиёфаларида норозилик аломатини кўрдим. Биринчи қатордаги катта қизлар жой олган столдан кимнингдир пичирлаган товуши эшитилди:
– Исқот қолгур! Зоғорани яна куйдириб юборишибди!
– Оғзингизни юминг! – дўқ урди кимдир, лекин бу мисс Миллер эмас, катта ўқитувчилардан бири эди – бўйи паст, юмалоққина хотин. Киборлардек дид билан кийинган, аммо жозибали аёл эмасди. У тантанавор тарзда столлардан бирида ўзи учун ажратилган жойга ўтиб ўтирди. Унда ундан-да тўла хоним столдагиларга бошчилик қилиб турарди. Мен синчковлик билан, мактабга келган илк дақиқаларим мен билан суҳбатлашган хонимни ахтардим, аммо у кўринмади. Мисс Миллер мен ўтирган столдан жой олди. Яна бир ёши ўтинқираган хоним, кўринишидан чет элликка ўхшаб кетарди у, кейинчалик билсам, француз тили ўқитувчиси экан – бошқа бир столдан ўрин олди. Узун бир дуо ўқилди, хор куйланди. Кейин хизматкор қиз ўқитувчилар учун чой олиб келди. Таомланиш тадбири шу зайл бошланди.
Қорним ноғора чала бошлаганидан мен овқатнинг таъмига ва ҳидига эътибор бермай бир неча қошиғини чайнамай ютдим. Очликнинг биринчи босқичи босилди ҳисоб, ана шунда қандайдир ювиндига ўхшаш нарсани еяётганимни англадим: куйган бу таомнинг таъми худдики чириган картошканинг мазаси каби кўнгилни айнитарди. Ҳатто очликни ҳам унутасан. Қошиқлар оҳиста ҳаракатланарди; қизлар шўрванинг таъмини татиб кўриб, ичишга ҳаракат қилишди, аммо аксари идишни ўзидан нари суриб қўйганини кўрдим. Нонушта вақти тугади. Бироқ ҳеч ким нонушта қилмади ҳисоб. Биз, нимагалигини билмайман, миннатдорлик дуосини ўқиб, кейин ҳамма биргаликда куйладик. Шундан сўнг дарсхонага йўл олдик. Ошхонадан чиқаётиб бир ҳолнинг гувоҳи бўлдим: ўқитувчилардан бири бўтқали тарелкалардан бирини олиб, таъмини татиб кўрди-да, оғзидагини тезгина тупириб ташлади. Тўладан келган хоним тегинилмаган таомларга қараб юзини жийириб ғудранди:
– Бунча чиркин! Нақадар уят!
Ўн беш дақиқадан сўнг дарслар бошланди. Дарсхонада шовқин-сурон авжида эди, айни шу палла тинчлик сақлаш талаб этилмайдиган, ҳар ким хоҳлаган кишиси билан баланд овозда гаплашиши мумкин бўлган пайт бўлгани боис қизлар ана шу ҳуқуқларидан иложи борича фойдаланиб қолиш ҳаракатида эдилар. Гап-сўзлар, асосан, нонушта таоми устида борарди. Ҳамма уни ёмонлар, ювиндига ўхшаш таъми таъбни тирриқ қиладиган таомнинг устидан мағзава ағдаришарди. Бечоралар! Бу уларнинг ягона таскин топиш имкониятлари эди. Ўқитувчилардан хонада фақатгина мисс Миллер бор эди, холос. Ёши катта қизлардан бир нечтаси унинг теграсида тўпланиб, жиддий қиёфада, бири олиб, бири қўйиб нималарнидир гапиришарди. Бир нечтасининг мистер Брокльхерстнинг номини тилга олганини эшитдим. Мисс Миллер бир сўз демас, эътироз билдирган бўлиб бошини чайқаб турган бўлса-да, уларни жим қилишга алоҳида ҳаракат қилмаётганди: ич-ичдан уларнинг фикрини тасдиқлаб тургани аниқ эди.
Хона деворида осиғлик соатларнинг миллари тўққизни кўрсатди. Мисс Миллер ўртага чиқиб қизларга овозини баралла қўйиб гапирди:
– Тинчлик сақланг! Ҳамма жой-жойига!
Интизом кўникмаси дарҳол ўз сўзини айтди: орадан беш дақиқача вақт ўтмай, ўқувчи қизларнинг тартибсиз хатти-ҳаракатлари барҳам топди ва ҳозиргина вавилонча қий-чув авжига чиқиб турган ғалаён жимиб қолди. Катта ўқитувчилар ўз жойларини эгалладилар, аммо барчалари худди бир нимани кутиб тургандек эди. Хонанинг ҳар икки томонидаги узун курсидан жой олган саксон нафар ўқувчи қизлар қоматларини тик тутиб, қимир этмай ўтиришарди. Ажиб бир ҳолат: ҳамманинг сочи силлиқ қилиб, орқага таралган. Бирорта ҳам жингалаги йўқ эди, барча тик ёқали малларанг кўйлакда, энсизгина тасмали майдагина қопчиқларни (тоғлик шотландларнинг сумкаси монанд) ёнларига осиб олишган. Унда ўзлари бажарган қўл меҳнати маҳсулотларини сақлашарди. Шунга қўшимча равишда барча қизларнинг оёғида – узун жун пайпоқ ва дағал пойабзаллари, қалай қисқичлари билан ҳам бир хил эди. Худди мана шундай уст-бошдаги қизларнинг орасидан йигирматачаси катта ёшдагилар эканини санадим. Уларнинг бариси уй бекалигига номзод қизлар эди. Бу нав либос уларда ўнғайсизлик туғдирар, ҳаттоки энг қомати расоларини ҳам.
Уларни кузатишда давом этдим. Шу орада ўқитувчиларга ҳам бир қур назар ташладим. Айтишим жоизки, улардан бирортаси ҳам менга ёқмади; тўладан келгани дағалроқ, қорачадан келгани эса чет эллик – шартаки, мисс Миллер, уларнинг орасида, бечораҳол, ҳамиша олланиб тургувчи ёноқлари, қайсидир бир жонзотни эслатарди. Шу асно, менинг нигоҳим ҳали бир чеҳрадан иккинчи бирига кўчиб турган пайт, ҳамма қизлар бирваракайига ўринларидан туриб кетишди.
Бунинг сабаби нима? Кимдир буйруқ берганини ёки шунга ундаганини эшитмадим. Ҳамманинг нигоҳи қадалган томонга, юзимни ўгириб, ўша мени бу ерга келган куним қабул қилган хонимни кўрдим. У каминнинг ёнида туриб, жиддий қиёфада ҳар икки қатордаги ўқувчи қизларга диққат билан қараб турарди. Мисс Миллер унинг ёнига бориб, бир нималарни сўради; ундан жавоб бўлгач, тезгина ўз ўрнига қайтиб баланд овозда деди:
– Биринчи синфнинг масъули глобусларни олиб келинг.
Берилган топшириқ бажарилгунга қадар, хоним ўқувчилар ўтирган столлар оралаб, оҳиста юрди. Мен ҳозиргача уни қанчалик ҳаяжон билан кузатганимни эслайман. Энди куннинг ёруғида, уни ўзим учун қайтадан кашф этишга киришдим. Бу баланд бўйли, хушбичим, қадди-қомати келишган ва чиройли; жигарранг кўзлари, ингичка қайрилма қошлари пешонаси нечоғли ярқироқ эканини ифода этиб турарди. У пайтлари ҳали сочларни силлиқ қилиб, бир текис тараш расм бўлмаганди, унинг қалин боғичлар билан турмакланган тим қора сочларининг кокиллари чаккасида тўлғаниб турарди. Кўйлаклари ҳам ўша замон расмида, белида олтин соат осиғлиқ эди. (У пайтлари соат тақиб юриш ҳозирги каби оммалашмаганди.) Мана шу айтганларимга, азиз ўқувчим ўзидан яна бироз сифатларни қўшса, масалан, суратдаги каби тик ва адл қомати, товусхиром юришлари ва бежирим хатти-ҳаракатларини тасаввур қилса мисс Темплни сўзда қандай таърифлаш мумкинлиги ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўласиз. Яъни мисс Темплнинг қадди-қомати бор бўйи билан қаршингизда намоён бўлади.
Ловуднинг директрисаси (лавозими шундай аталарди) масъул қиз олиб келиб столга қўйган иккита глобуснинг ёнига ўтириб, биринчи синфни атрофига тўплаб жўғрофия фанидан дарс ўтди. Бошқа синфлар ўз ўқитувчилари атрофида ғуж бўлишди. Тарих, грамматика ва бошқа фанлардан сабоқ соатлари давом этди. Ундан сўнг мактубот ва арифметика, шунингдек, мусиқа фанидан мисс Темпл бир қатор юқори синф қизлари билан машғулот ўтказди. Фанлар бўйича дарслар бир соатдан давом этди. Вақт ниҳоят, ўн икки бўлганида мисс Темпл ўрнидан турди.
– Мен барча тарбияланувчи қизларга бир гап айтмоқчиман, – деди у.
Дарс ўтган чоғи овозида пайдо бўлган шанғи оҳанг бу пайтга келиб тинганди. У гапида давом этди:
– Бугун эрталаб сизга сифатсиз нонушта тарқатилгани ҳақида эшитдим. Таомга деярли қўл теккизмаганингиздан ҳам хабарим бор. Билишимча, қорнингиз жуда оч. Айтдим, барчага нон ва пишлоқ беришади.
Ўқитувчилар таажжубланиб унга қарашди.
– Мен бу масалада жавобгарликни ўз зиммамга оламан, – деди у масалага ойдинлик киритган бўлиб, кейин хонани тарк этди.
Нон ва пишлоқ шу заҳоти келтириб тарқатилди. Ҳамма хурсанд, таомланиб мадор олишди. Шундан кейин янги топшириқ бўлди: «Ҳамма боғда тўплансин!» Ўқувчилар дағал похолдан тўқилган бош кийимларини кийиб, кифтларига кулранг ёпинчиқларини илиб, белларини боғлашди. Мени ҳам худди шу тахлит кийинтиришди, бошқаларга эргашиб ташқарига чиқдик.
Боғ жуда баланд девор билан ўралгани боис, унинг устига чиқиб атрофга қараш имкони йўқ эди. Бир томонда ойнаванд веранда; боғнинг ўртасида, сон-саноқсиз эгатларга қадалган гуллар, кенг хиёбонни қуршаганди. Гулзорлар ўқувчи қизларнинг тажриба майдончаси бўлиб, улар гулларни суғориб туришга масъул эдилар. Зотан, ҳар бир қизнинг ўзига ажратилган ҳудуди бор эди. Ёз фасли бу гулзорлар ял-ял яшнарди, мафтункорлик касб этарди. Аммо ҳозир – январь ойининг охирларида у кўримсиз, ташландиқ бир алпозда эди. Атрофга боқиб юрагим увишди. Кун ҳам айтиш жоиз сайрбоп эмасди. Тўғри, ёмғир ёғмаётганди, аммо ҳавонинг авзойи бузуқ, оёқ ости эса кечаги жаланинг касофатидан шилта эди. Нисбатан соғлом ва дуркун қизлар чопқиллаб ўйнашар, ожиз ва дардмандлари ойнали айвон остида совуқдан асраниб бир тўда бўлиб туришарди. Зах ҳавонинг заҳми суяк-суякларига қадала бошлагач, йўтал товушлари эшитила бошлади.
Ҳали ҳеч ким билан алоқага киришмагандим, афтидан, менга ҳеч ким эътибор қаратмаётганди, тўғриси, ҳамма ўзи билан ўзи банд, мен билан ҳеч кимнинг иши йўқ, бир четда туриб, бу ҳолга эътиборсиз қараб турардим. Чунки ёлғизликка одатланганман. Бу нарса менга азият етказмасди. Айвоннинг устунларидан бирига суянганча, кулранг камзулимга яна ҳам ўраниб, суяк-суягимдан ўтиб бораётган изғирин ва очликни унутиб, тизгинсиз ўй ва хаёллар оғушига шўнғигандим. Фикрим майда-майда бўлаклардан иборат, жуда ноаниқ эди; қаерда эканимни ҳали тўлиқ англаб етмагандим. Гейтсхэд ва менинг ўтмиш ҳаётим, назаримда узоқ масофаларга улоққандек бўлиб туюлди. Ҳозирги ҳолатим эса туманли, ноаниқ, келажагимни тасаввур қилишга эса ожиз эдим. Сукунат ҳукмрон боғни кўздан кечирдим. Кейин бинога назар солдим. Унинг бир қисми эскириб, кўримсиз ҳолга келган, бошқа бир қисми тамоман янги эди. Дарсхона ва ётоқ жойлашган ана шу янги бинонинг камоннинг ўқига ўхшаш панжарали деразалари черковнинг ромларига ўхшарди. Кираверишда тош лавҳ бўлиб, унда: «Ловуд мурувват бошпанаси» деган ёзув ўйиб битилганди. Бинонинг мана шу қисмини қайсидир бир йили брокльхерст-холлик миссис Наоми Брокльхерст таъмирлатган дейишарди.
