автордың кітабын онлайн тегін оқу Joziba
ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ
ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ ИБРОҲИМ ҒАФУРОВ ҲАҚИДАГИ ФИКРЛАРИ
Адабиётимизнинг улкан вакилларидан бири, атоқли адабиётшунос олим, моҳир адиб ва таржимон, жонкуяр публицист Иброҳим Ғафуров тимсолида мен бутун онгли ҳаётини миллий маънавиятимиз равнақига бағишлаб келаётган фидойи шахс, ҳалол ва камтарин инсонни кўраман.
Шу ўринда бир қиёс келтирмоқчиман.
«Бобурнома» – мен вақт топдим дегунча қайта-қайта ўқишдан чарчамайдиган китоблардан биридир.
Бобур Мирзо, ўзининг ибораси билан айтганда, салтанат ташвиши бошига тушган кундан то умрининг сўнгги дамларига қадар ҳаловат нималигини билмаган. Давлат ишлари, ҳарбий юришлар, жангу жадаллардан вақт орттириб, мунтазам ижод билан ҳам шуғулланган. Улуғ аждодимизнинг биз бугун севиб ўқийдиган ғазал ва рубоийлари, «Бобурнома» асари ана шундай машаққатли меҳнат маҳсулидир.
Иброҳим ака ҳам шундай буюк боболаримизга хос фидойилик хусусиятига эга, ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, бир умр одамларга илму зиё, маърифат улашиб келаётган ҳассос сўз санъаткоридир.
Мен Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби машҳур шоирларимиз билан қадрдон эдим. Улар билан кўп суҳбатлашиб, ўзим учун доимо маънавий куч-қувват олардим.
Бир куни Эркин ака билан она тилимиз ҳақида сўзлашиб қолдик. Шунда, ҳеч эсимдан чиқмайди, Эркин ака бир гап айтди: «Агар кимда-ким ўзбек тилининг бор жозибаси, тароватини ҳис этмоқчи бўлса, Иброҳим Ғафуровга мурожаат қилиши керак». Бу гапни Эркин Воҳидов чин юракдан, меҳр билан таъкидлади. Бу фикрда чуқур маъно бор, деб ўйлайман.
Чиндан ҳам, Иброҳим ака билан бир марта суҳбатлашган ёки у кишининг асарларини, таржималарини мутолаа қилган киши бунга амин бўлади.
Жиззах вилоятида ҳоким бўлиб ишлаган давримда, 1996 – 2001 йилларда раҳматли Абдулла Орипов билан Зомин семинарини ташкил этиш бўйича биргаликда кўп ишлаганмиз, бу йўлда барча қийинчилик, машаққатларни бирга тортганмиз.
Худога минг шукр, мен миллий адабиётимизни ривожлантириш билан боғлиқ кўп орзу-ниятларимга эришдим. Ташкил этилганига талай йиллар бўлса-да, ўзининг муқим жойига эга бўлмаган Ёзувчилар уюшмаси ҳам мени доимо ўйлантирарди.
Мана, бугун шоир-ёзувчиларимиз ҳам ўз «ватан»ларига эга бўлишди – Уюшма учун пойтахтимизнинг қоқ марказида алоҳида бино қуриб бердик. Қалам аҳли учун уй-жойлар, янги ижод уйлари барпо қилинди.
Биз нега Адиблар хиёбонини бунёд этдик? Бунинг боиси шуки, бу даргоҳга қадам қўйган ҳар бир инсон адабиётимизнинг забардаст намояндалари, ўтган улуғ шоир-ёзувчиларимиз сиймосида халқимизнинг юксак маънавий қудратини ҳис этади.
Ким эътибор берган бўлса, шу маскандаги Алишер Навоий бобомизнинг ҳайкалини қиблага қаратиб, қайтадан ўрнатдик. Нима учун? Бунда ўзига хос бир рамзий маъно бор. Гўёки бобомиз қиблага юзланиб, биз, авлодларга Аллоҳдан тинчлик-омонлик, яхшилик сўраб тургандек, адабий издошлари бўлмиш бугунги адибларга машаққатли ва шарафли ижод йўлида зафар ва омадлар тилаб тургандек туюлади. Бу албатта эзгу ниятли, қалби соф инсонларнинг дилида бўладиган тилакдир.
Мен муҳтарам Иброҳим ака тимсолида Навоий ҳазратлари каби пок юракли, олижаноб ва матонатли инсонни кўраман.
Шу боис устоз адибимизга «Ўзбекистон Қаҳрамони» деган юксак унвон бериш тўғрисидаги Фармонга хурсандчилик билан имзо чекдим.
Иброҳим Ғафуров ўзининг беқиёс ижодий ва ижтимоий фаолияти билан эл-юртимизга жуда катта хизмат қилган улуғ замондошимиздир. Ишонаманки, у киши бундан кейин ҳам ўзининг янги-янги, гўзал ва баркамол асарлари билан барчамизни, бутун халқимизни хушнуд этади.
Сўзбоши
ТАФАККУР КЕМАСИ
Улуғ мураббий Фаридиддин Аттор нақл қиладики, Иброҳим ибн Адҳам бир куни бир қудуққа етишди. Намоз вақти эди. Таҳорат қилмоқ учун қовғани қудуққа ташлади, токи сув чиқарсин. Қовға тўла олтин чиқди. Иброҳим олтинни тўкиб, яна қовғани ташлади. Тўла жавоҳир чиқди. Уни ҳам тўкди ва дедиким:
– Менга хазинангни кўрсатармисан, сув керак. Сув бер, таҳорат қилайин.
Бу гал қовға тўла сув чиқди...
* * *
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, «Дўстлик», «Меҳнат шуҳрати» орденлари ва «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби Иброҳим Ғафуров ижоди ўзбек адабий тафаккури, тил тафаккури ривожида такрорланмас ўринга эга. Иброҳим Ғафуров улкан фикр эгаси, йирик адабиётшунос олим, йирик таржимон, ёзувчи, шоир, журналист ва жамоат арбоби сифатида ўз мактабини яратди. Устоз узлуксиз меҳнат, виждон тартиботи ва катта яратувчанлик билан бадиий ва илмий ижоднинг кўплаб соҳаларига оид бой илмий-адабий мерос жамғарди ва XXI аср чорагида – янги адабиёт ва адабиётшунослик остонасида туриб бизга елка тутмоқда. Илло янги фикр, янги сўз дунёларини бу мероссиз ва унинг тажрибаларисиз кашф этиб бўлмайди.
Иброҳим Ғафуров асарларининг ушбу нашри олим ва адибнинг ана шу бой меросини биринчи марта тўла ва академик йўсинда эълон қилишни назарда тутади.
Маълумки, 2006 – 2017 йилларда Иброҳим Ғафуровнинг тўрт китобдан иборат «Ҳаё – халоскор», «Мангу латофат», «Паривашлар мажлиси», «Олтин қозиқ» номли мансуралар, эсселар, насрий достонлар, адабий суҳбатлар кўпжилдлиги; 2017 йилда «Танланган асарлар»и чоп этилди. Бу нашрлар олим ва адиб асарларини жамлаш, яхлит ҳолатга келтириш ҳамда бир бутунликда ўқувчига тақдим этишда муҳим босқич бўлди. Аммо улар И.Ғафуровнинг илмий изланишлари, бадиий асарлари, таржималари, таржимашуносликка оид тадқиқотларини тўлалигича қамраб олган эмас. Умуман, адабиётимизда кўпжилдликлар нашр тажрибаси кузатилса-да, адабиётшунослигимизда жуда кам кузатиладиган ҳодиса саналади. Агар бу мукаммал нашр ҳам илмий, ҳам адабий, ҳам таржима асарларни қамраб олса, у ноёб ҳодисага айланади.
«Асарлар» – «Адабиёт дунёси» дея аталаётган умумий ном остида бирлашган бўлиб, олим ва адибнинг Туйғу, Хотира ва Инсон ҳақидаги туганмас ўй-фикрлари, одам ҳамда оламга бўлган теран муносабати, чуқур кузатишлари жамулжамидир. Одамга ўз қувончу изтироби бор индивид сифатида қаралмаган замонларда ҳам олим Туйғу, Хотира, Инсон чорраҳасида туриб фикр қилади ва вақт оқимини томир-томирларида сезиб туради.
«Асарлар» кўпжилдлигига И.Ғафуровнинг 1960-йиллардан то бугунга қадар эълон қилинган барча муаллифлик асарлари, бадиий таржималари, таржимашуносликка оид тадқиқотлари, шунингдек, адабий суҳбатлар ҳам киритилди. Мазкур нашрни тайёрлашда шу вақтга қадар чоп этилган ва муаллифнинг ўзи томонидан қайта кўрилиб, таҳрирдан ўтказилган барча китоблари, таржималарининг илк нашрлари асос қилиб олинди.
Ушбу нашрга кирган асарлар, аввало, адабиётшунослик ва адабий танқид, бадиий ижод, сўнг бадиий таржима йўналишларида таснифланди, шу асосда жилдларга тақсимланди, бунда хронологик ёндашув сақланди. Таржима асарларни жилдларга ажратишда бўлса уларнинг даврий ва ҳудудий белгиларига эътибор қаратилди.
И.Ғафуров асарларининг мазкур нашри 20 жилдни – 1 – 8 «Асарлар», 9 – 20 «Бадиий таржималар»ни ташкил этади.
1-жилд: Адабий-танқидий рисолалар: «Гўзалликнинг олмос қирралари», «Жозиба», «Ёнар сўз» (1960 – 1970 йй.).
2-жилд: Адабий-танқидий рисолалар, эсселар: «Юрак – аланга», «Лириканинг юраги», «Ям-яшил дарахт» (1970- йиллар).
3-жилд: Адабий-танқидий рисолалар, таҳлил ва талқинлар: «Саид Аҳмад – прозанинг шоири», «Шеърият изланиш демак» (1970 – 1980 йй.).
4-жилд: Адабий ўйлар, мақолалар, бадиалар: «Ўттиз йил изҳори», «Дил эркинлиги» (1980 – 1990 йй.).
5-жилд: Мансуралар, эсселар: «Ҳаё – халоскор» (2006 й.).
6-жилд: Адабий-танқидий мақолалар, эсселар: «Мангу латофат» (2008 й.).
7-жилд: Мансуралар, ҳикоялар, эсселар: «Паривашлар мажлиси» (2013 йил).
8-жилд: Мансуралар, бадиалар, суҳбатлар: «Олтин қозиқ» (2017 йил).
9-жилд: Таржима танқидига оид рисола ва таржима асарлар: «Таржима – ақл ва юрак меҳнати», «Айюб нидоси» (2008; 2017 йил).
10 – 20-жилдлар: Таржима асарлар (энг қадимги даврдан то ХХ аср адоқларига довур яратилган дунё адабиётининг энг сара намуналаридан қилинган таржималар).
Ҳар бир жилд асосий матн ҳамда изоҳ ва шарҳлардан ташкил топди. Шунингдек, исмлар кўрсаткичи билан таъминланди. Библиография илова қилинди.
И.Ғафуров асарларининг мазкур нашри ўзбек адабиёти, жаҳон адабиёти, таржима санъатига қизиқувчи кенг китобхонлар оммасига, ушбу соҳалар билан шуғулланувчи мутахассисларга мўлжалланган бўлиб, олим ва адибнинг тафаккур дунёси, у яратган илмий-ижодий мактаб асосларини англашда кўмак беради.
* * *
Адабиётшунос олим, ёзувчи, таржимон, давлат ва жамоат арбоби устоз Иброҳим Ғафуров адабий авлодлар тақдирида бир битикдек ўқилади. ХХI аср чорагида асрнинг ялтир-юлтирларидан кўзимиз қамашиб, фикрсизлик, руҳсизликдан илигимиз қуриб, манзил узоқлашганда Иброҳим Ғафуров деган ном бизни суяйди. Ҳали оёққа турмаган янги адабиётшунослик остонаси шу даргоҳлардан бошланади. Ҳар қалай бизга шундай туйилади.
Устоз Иброҳим Ғафуровнинг адабий-танқидий ҳамда адабиётшуносликка оид асарлари мазкур нашрнинг дастлабки 1 – 4 жилдларида жам бўлган. Бу тадқиқотларнинг барчаси ўз олдига аниқ вазифалар қўйгани ва адабий тафаккурни янгилашни мақсад қилгани билан катта қизиқиш ва ихлос уйғотади. Улар илмий ва бадиий тилнинг ноёб тарзда уйғунлашувидан ифода топган. «Гўзалликнинг олмос қирралари» номли илк рисолада борлиқнинг жамулжам гўзаллиги – инсон бўлса, адабиётнинг жозибаси ва гўзаллиги нимада, деган савол қўйилади ва саволга ёш мунаққид зиёпарвар инсон образини маҳорат билан акс эттиришдир, дея жавоб беради. Маҳорат бўлса истеъдод ва унинг олам ҳамда одамга бўлган муҳаббатли қарашидан туғилиб келади. Ўз ўрнида маҳорат ёзувчидаги ҳис-туйғу меъёрини тўғри илғаш, билимларни бошқариш кўникмасини тартибга солади. Адабиётшунослик 60-йилларга «Бадиий асар – ҳаётнинг кўзгусидир», деган қараш билан етиб келган бўлса, И.Ғафуров «адабиёт ва ҳаёт доимо бир-бирига қараб ўзларига оро беради», дея адабиёт – нусха олишдир, деган тор тушунчани ёриб чиқади. Асардаги гўзаллик қирралари бўлса, олим наздида, асарда мунтазам ғоянинг; инсон ва унинг меҳнати муқаддасдир, деган умуминсоний мазмуннинг; юксак интеллект ва инсон руҳияти ифодасининг мавжудлиги билан ўлчанади. Мунтазам ғоя барча ёндош фикрларни ўзида бирлаштиради, ривожлантиради. 60-йиллар адабиёти зўр бериб ўз инсоний қиёфасига эга бўлмаган меҳнат кишиларини яратаётган бир вақтда мунаққиднинг фикрлари ҳушёр торттиради.
«Жозиба» рисоласида олим шахс ва муҳит ўртасида уйғунлик йўқолганда юзага келадиган ҳалокат ҳақида ёзар экан, 70-йиллар шеъриятидаги фалокатли бир ўрталик ҳақида cўзлайди. Сабабларини очади. Ноаниқлик, шаклсиз ва мубҳам туйғулар, тагал айтмаслик, юзаки дардчиллик, носамимий изтироб, сунъийликдан – шаклбозлик, мушакбозлик бошланиши, жавоби маълум саволлар билан андармон бўлиб қолишдек сийқалик авж олишидан огоҳ қилади. О.Холдор, Р.Парфи, Б.Назаров, Х.Салоҳ, Ж.Камол, Э.Самандар, А.Шер, Отаёр шеърлари мисолида бу оғриқли ҳолатларни таҳлил этар экан, ёзади: «Уйғунлик шеърнинг барча ҳолатларига оиддир. Ижодкор борлиқни юксак бир интизом билан ўзлаштирмасдан туриб, шу борлиқнинг ўзгаришига таъсир этувчи асар яратолмайди». Даврлар ва авлодлар алмашинуви жараёнида адабиёт шундай бир ҳалокатли нуқталарни ҳам босиб ўтадики, ўшандай вақтда у адабий танқидга суянади, шоирлар ўзини англайди, шоир бўлмаганлар ё наср, ё драматургия, ё илм йўлини тутади ва ўзини намоён қилишнинг уйғун ва мувозе йўлларини топади. Олим тажриба ва кузатишларидан билиш мумкинки, давр ва мунаққид учун энг муҳими – ёшлар шеърияти, насридаги потенциал кучни тўғри илғай олиш ва ҳали узоқ уфқлардан қараётган адабиётнинг эртасини билим ва зўр ички сезги билан кўра олишдир. «Ёнар сўз» рисоласида бўлса фалсафий шеър ёзишни ният қилгану хомлик қилаётган ёш шоирларга, аввало, миқёс яратишни, миқёсга интилиш кераклигини уқтиради. Шеър танқидчиларини бўлса ёш шоирларни қуруқ мақташ, маддоҳлик, юз-хотирчиликдан қайтаради. Бу фикрлар ҳануз маънавий ҳаётимизга, уни тозартишга дахлдор. Олим илк китоби босилган ҳаваскорлар, «Ёшлик» таҳририятига келган шеърий машқларга ўз муносабатини билдиради, тавсиялар беради. Афсуски, бундай амалиёт эндиликда бутунлай унутилди.
Мунаққид «Ям-яшил дарахт» рисоласида 70 – 80-йиллар ўзбек насрида акс этаётган даврнинг бурилиш нуқталарини тадқиқ этади. Вақт қаҳрамонлар қалбига қандай нақш солаётгани Ойбек, Ш.Рашидов, А.Қаҳҳор, Н.Сафаров, О.Ёқубов, П.Қодиров, Ў.Умарбеков, С.Аҳмад, Н.Фозилов, М.Бобоев каби ёзувчилар, шунингдек, илк машқларини эълон қилган ёш носирлар ижоди мисолида таҳлил этилади. Бошқа мунаққидлар ижодида кузатилавермайдиган жуда муҳим бир жиҳат – ўзбек адабиётини айни йўналишдаги дунё ёзувчилари ва адабий қаҳрамонлари билан қиёслашдек фазилат таҳлилларга руҳ беради. Ахир адабий иқлимларнинг қайси нуқтасида турганингизни билиш ва имконларни тўғри чамалай олиш жуда муҳим. Миллий қаҳрамонларни жаҳон адабиётидаги энг сара қаҳрамонлар билан қиёслаш, уларнинг руҳий-маънавий бўйларини ўлчаб кўриш йўли мунаққиднинг адабий қаҳрамонларга ёзган мактубларида ҳам етакчилик қилади. Мунаққид постсовет мамлакатларидаги зерикишдан эснай бошлаган адабий қаҳрамонларни шу йўл билан силкиб қўяди ва кенг дунёларга кўзлардаги уйқу пардасини йиртиб қарашга ундайди.
«Ям-яшил дарахт», «Юрак аланга» китоблари орқали ўзбек шеъриятидаги Ҳамза, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Ғ.Ғулом, Зулфия, Ҳ.Ғулом, Миртемир, Шайхзодадан то ўша давр ёшлари – Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи, О.Матжон, Ж.Камол, Ҳ.Худойбердиевагача бўлган бутун адабий авлодлар занжирини тўла тасаввур қилиш мумкин. Мунаққиднинг мияси нақ адабий харитага айланиб кетади ва шеъриятдан аслида нима излаш кераклигини айтиб туради, сўзни севишга илҳомлантиради. Олим 70-йиллар шеъриятида ҳаракатда бўлган тўрт йўлни санаб ўтади:
реалистик оҳанг ва реалистик соддаликка асосланган шеърият: Миртемир, Зулфия, Э.Воҳидов, Абдулла Орипов мисолида бу шеърият фалсафийлик томон кетиб боради;
рационал шеърият: А.Мухтор шеърияти; у фикр шеърияти томон боради;
нафис, рангин, мусиқий шеърият – О.Ҳожиева, Ҳ.Худойбердиева, О.Матжон, М.Аъзам, Р.Парфи мисолида теранлик томон кетиб боради;
публицистик кўтаринкилик, замонага ҳамоҳангликка эга шеърият: Ҳ.Ғулом, Р.Бобожон, Мирмуҳсин, Шукрулло, Т.Тўла,
Ж.Жабборов, М.Али шеърлари;
ва ўзининг илк китобларини эълон қилаётган, оламга ҳайқираётган жасоратли шеърият: У.Азим, Ш.Раҳмон шеърияти.
Олим шеъриятдаги янги шакллар, янги ифодалар, янги образларнинг – илк шаклланиши, туғилиши ва маълум нуқтада одатий шаклга айланиши қонуниятларини очади. Устоз тизиб берган шеър йўллари бугунга қадар диний-тасаввуфий, рамзий-ишоравий шеърият билан бойиди. Эндиликда ёшлар катта куч билан янги бир шеъриятни яратишга уринмоқда. Аммо у ҳали ўзини маънан-ахлоқан тартибга солганича йўқ.
«Лириканинг юраги» рисоласида муаллиф шеъриятни, унинг тарихини – ғоялар ва қаҳрамонларнинг ўзгариш, ўсиш тарихи сифатида тадқиқ этади. Олим лирикада инсон характери қандай гавдалантирилади, деган саволга жавоб излайди ва характер – ирода йўнилишидир, дея жавоб беради. Мунаққид У.Носир, А.Орипов, Э.Воҳидов, Ҳ.Худойбердиева қаҳрамонларининг ирода йўналишини, кенг миқёсдаги муҳаббат йўсинларини аниқлайди.
Иброҳим Ғафуров ёш шоирлар ижодини кузатиб боришда мунаққид сифатида катта масъулият билан ишлайди. Ҳар бир рисолада, албатта, шу йўналишдаги туркум мақолалар бўлади. Х.Даврон, М.Раҳмон, С.Салим, Ш.Салимова шеър дунёларининг илк қопқаларини И.Ғафуровдек муҳаббатли мунаққид қоқади: «Сиз шеър ёздингиз ва шеърингиздан оламнинг бир чеккасига нур тушди». Ва яна ёш шоирларга дейдики, «Одамлар билан муомала ва унсият осон эмас. Муносабат интизомини топиш керак». Қалб интизомини топиш керак. Уларга Превер, Лорка, Н.Ҳикмат, Элюар, Рицос, Блок, Зиедонис билан бўйлашиб кўринг, дейди. Бу имконларни тўғри баҳолаш ва тоғдек юксалиш орзусини солади юракка. Бу китоблар ёшлар ижодини узлуксиз кузатиб бориш, тавсиялар бериш, уларнинг назар-нигоҳини, бу орқали адабиёт эртасини чамалаш мунаққиднинг бош вазифаси эканлигини уқтириб туради.
Ҳар шоирга юрак бағишлаш учун мунаққидга қандай юрак бахш этилган бўлиши керак!? Мунаққид ҳам юрак самимияти билан китобхонлар ҳузурига ошиқади. Мунаққиднинг ҳам китобхон мухлислари бўлади. Аммо эндиликда наинки бадиий асар муҳиблари, адабий таҳлил ва танқид муҳибларини ҳам мутлақо бой бериб қўйдик.
«Прозанинг шоири» рисоласида Саид Аҳмад лирик ўзбек прозасининг катта намояндаси сифатида ўрганилади, Чехов, Э.По, Цвейг, Мериме адабий оламлари билан қиёсланади. Бизда қиёсий адабиётшунослик депсиниб туриб қолди, ўз принципларини йўқотди, чунки аввалги тажрибалар ўқилмай қўйилди. И.Ғафуров, Н.Комилов, Ф.Сулаймонова тажрибалари ўрни бошқа заминда кўкарган назарий ҳосилалар билан алмаштирилди. Умидимиз шуки, И.Ғафуров асарларининг мукаммал қайта нашри бизни ўз илдизларимизга, ўз тадқиқот йўлларимизга қайтаради.
«Шеърият – изланиш демак» – олимнинг монографик пландаги тадқиқотидир. Китобда ўзбек лирик шеърияти ва унинг тараққиёт омиллари биринчи марта чуқур илмий таҳлил этилган. Марказга инсон характери, унинг ирода йўналиши қўйилади ва бу шеъриятнинг устувор янгиланиш тамойилидир, деган хулосага келинади. Ғоя ва инсон маънавияти бирлашувидан маърифатли инсон бунёд бўлиши, айнан мана шу ҳодиса лирик шеъриятни ҳаракатга келтириши айтилади. Олим фикрича, лирик фикрнинг янги йўналишларини, лирикада янги онгни – ҳаёт, образ, туйғулар уйғунлиги юзага келтиради. И.Ғафуров 50 – 60-йиллар ўзбек шеъриятини жаҳон шеърияти контекстида ўрганар экан, шу мавзудаги кейинги кўплаб тадқиқотларга йўналиш беради. Бизда лирикада инсон характери, ғоя ва инсон маънавияти, лирик онгнинг сифат босқичлари ҳақидаги тадқиқотлар мана шу китоб саҳифаларидан бошланади.
4-жилддан жой олган «Ўттиз йил изҳори» – муаллифнинг барча китоблари каби «адабиёт – изҳордир», деган ёруғ тушунчадан яралган. Муаллиф ўқувчини Навоий дунёларига содда, тиниқ, ҳиссий тушунтиришлар билан олиб киради. Унда Навойдан узоқлашиш эмас, Навоийга яқинлашиш йўлидан борилади. Фикр, ҳис, фикр, ҳис... тўлқинлардек галма-гал мавжланиб туради. Навоий қаҳрамонлари қалбидаги ишқ чексиз поклиги билан сизнинг қалбингизга ҳам оқиб киради ва тафаккур ҳамда ҳиссиётнинг олий нуқталарига олиб чиқади. Устоз ёзади: «Навоий инсон бир-бирини парвариш қилиш учун туғилади, деб тушунтиради». Жисман, қалбан, руҳан парвариш қилиш учун. Умуман, Навоий сиймоси И.Ғафуров илмий-ижодий фаолиятида алоҳида катта бир тармоқ ҳисобланади. Адабий танқид мумтоз адабиёт анъаналарини, унинг ички қонуниятларини ўрганмайди. Аммо мумтоз адабиёт фақат адабий танқид орқалигина замонавий дунёнинг фикр оқимларига қўшилиб кета олиши мумкин. Бунинг учун мунаққид кенг ва ёруғ кўзларини мумтоз адабиёт оламларидан ҳам узмаслиги, руҳан яқинлик ҳис қилиши керак. Бу яқинлик тушуниш, билиш, кўҳна сўз ва кўҳна сўз биноларини севишдан туғилади. И.Ғафуров Навоий, Бобур, Фузулий, Хоразмий, Ҳувайдо, Фурқат билан ана шундай унсият ҳосил қилади.
Адабий ўқишлар, таҳлиллар наинки ўзбек, балки шарқ, ғарб адабиёти миқёсларида давом этади. Китобни варақлар экансиз, бир вақтнинг ўзида Хуан Рульфо, Фуэнтес, Распутин, Кортасар, Карпентьер, Кавабата, Булгаков, К.Абэ, Астуриас, Онетти, Лампо, Фриш дунёларига тушиб борасиз. Бу кенгликларда замонавий ўзбек адабиётининг гўдак ҳаётини камолот босқичларида кўришни истайсиз.
Муаллиф ўзбек шеъриятида авж олиб бораётган – руҳий ҳаловатсизлик, сўзбозлик, инжиқлик, ҳорғинликни енгиб ўтиш кераклигини қатъий уқтиради. Афсуски, бунга доим ҳам кучимиз етмади ва қўлимизда шеърлардан кўра, қораламалар тўпланиб борди. Биз бу қораламаларга ўрганиб, шунга ҳам қаноатли бўлиб қолдик.
«Ўттиз йил изҳори» – Иброҳим Ғафуров илмий-ижодий фаолиятида алоҳида бир китоб. Мана шу китоб остонасидан энди янги муаллиф дунёлари очилади. Устознинг ўз сўзи билан айтганда, адабиётшуносликни ўйшуносликка яқинлаштиради, одатий ва жўн тушунчалардан, жўнликдан халос бўлиш йўлларини излайди. Илм ижодга, ижод илмга йўғрилади. Сўнг «Илтижо», «Дил эркинлиги», «Ҳаё – халоскор», «Мангу латофат», «Паривашлар мажлиси», «Олтин қозиқ», шунингдек, «Меҳр қуёши» номли мансуралар, эсселар, насрий достонлар китоби нашр этилди. Булар бошқа ҳеч бир адабиётшуноснинг китобларига ўхшамаган ноёб устқурмага эга китоблар бўлди, уларда илм, ижод, таржима – олим, ижодкор, таржимон мукаммал бирлашиб кетди. Эсселар, мансуралар ва таржима матнлар уйғун манзара ҳосил қилади. Бундай ноёб китоб тажрибаси менга жуда хуш ёқади. Ҳисдан тошган юракка фикр билан, фикрда зўриққан онгга ҳис билан ором беради. Таржималар бўлса қадим адабиёт кенгликларига олиб кетади.
Иброҳим Ғафуров яратган китобларни ўқиб, адабий авлодлар занжирини, уларнинг шаклланиш илдизлари ва ривожланиш йўлларини аниқ тасаввур қилиш мумкин. Муаллиф ҳар бир рисоласида ўз ўқувчисини дунё адабиётининг энг буюк ижодкорлари билан таништиради. Ҳомер, Эсхил, Гераклит, Навоий, Данте, Гёте, Байрон, Э.Хемингуэй, Толстой, Тагор, Румий, Уитмен, Саъдий, Пушкин, Бёрнс, Достоевский, Метерлинк, Шиллер фикрлари билан ўз фикрлари посангисини тўғирлаб боради. Бизда фикрчан адабиёт мана шундай шаклланиш босқичига кирган. Изчил илмий-ҳиссий бутунлик, фикрда қатъият сизни бутунлай мафтун этиб қўяди. Фикрларнинг мустаҳкам асоси, туганмас манбаси бордек туйилади. Етти юздан зиёд адабий-танқидий, илмий-оммабоп мақолаларни яратиш (буларнинг ҳар бирини алоҳида мусиқий композиция деяверинг) ҳар қандай илм кишиси орзу қиладиган натижадир.
Олим ўз ёзганлари билан ўз келажак ҳаётини ҳам яратиб боради. Мансур шеър дунёларини очади. «Авесто», «Панчатантра», «Дҳаммапада», Тош битиклару Инжилнинг мансур шеър қанотларини силаб кўради, шакл ҳамда ифодада улар ва Уитмен, Н.Ҳикмат, Неруда, Превер, Р.Парфи, М.Аъзам сочмалари ўртасида уйғунлик кўради. Уйғунликнинг илдизларини, уйғунликнинг эркин, экспрессив оҳангларини Мангу уйғунликнинг ноталаридан топади. Олим очган бундай эркин сўз дунёлари ҳозиргача унга ҳамроҳ, қаламидан бирор вазнда тарошланмаган, конлардан ҳозиргина қазиб олингану ҳали ишлов берилмаган қиррадор олмосдек улардан фикр ва ҳис ёлқинлари тўкилиб туради. Кўҳна шаклни топиш, уни мансура, дея қайта тирилтириш ва мутлақо янги поэтик хусусиятлар билан бойитиш, унинг юксак намуналарини яратиш – ҳар қандай олимга ҳам насиб этавермайди. Бу ҳалолдан ҳалол бир қалб ва онг юмушидир.
Мазкур китоблар ҳозирги ва келажак адабиётшунослигига нима беради? Адабиётимиз, адабиётшунослигимизда бир тарих бўлиб қоладими? Бу аёвсиз саволларга бу китобларнинг ўзи ҳеч қад букмай дадил жавоб бера олади.
* * *
Устоз Иброҳим Ғафуров кўҳна насрий шеър шаклини янги замон остонасида тирилтирди. Фитрат, Чўлпон, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Ҳожи Муин ХХ аср бошларида Миллий ҳуррият остонасида туриб ҳайқириб сочмалар битган эди. «Илтижо» ХХ аср адоғида Миллий мустақиллик остонасида туриб яратилди. «Илтижо» икки дунё ўртасида турган инсоннинг кўксидан отилиб чиққан ҳайқириқдек эшитилади. Улар миллий мустақиллик остонасида турган ва жадид боболардан мерос ҳурриятни юрагида авайлаб келган миллат зиёлиси, дунё адабиётини ўзлаштирган ҳамда ўзида фикр ва ҳис курашларини тенг кўтариб юрган шоирнинг энди ичга ютиб бўлмас, одатий шаклга сиғмас илтижо-ю даъватларидир. «Машаққат» номли мансурадан ўқиймиз:
Биламан: ожизлигини енголмаса одам сўнг енгилар
ҳамма нарсадан.
Одамнинг ўзидаги кучсизлик –
худди уни енгиб бўлмасдай
эзилган, торайган,
кичрайиб кетган манглай –
маошдан маошгача турмуш
гўё ботган каби қуёш бутунлай.
Сени шунга кўниб ўтиргин, дедими Худо.
Мансураларда қўйилган саволларга жавоб бериш оғир, уларга фақат ўз ҳаётингиз билан жавоб беришингиз мумкин. Мансуралар устознинг ўзи таржима қилган Довуд қўшиқларига, Айюб нидосига ҳамоҳанг яралган. «Дил эркинлиги», «Ҳаё – халоскор» китоблари билан бу жанр адабиётимизда мустаҳкам ўрнашди. Уларни тушуниш учун Ғарб, Шарқ адабиёти, санъати, фалсафасини бир зиёли даражасида билиш, англаш талаб қилинади. Устоз бу билан адабиёт ва адабий фикрни бир даража юқорига кўтаради, шунга қобил ўқувчиларни саралайди:
Мен ҳеч ерга байроқ тикмаганман.
Байроқ тикмай ҳам судралиб яшайверса бўлар, албатта.
Ҳеч ким айтмас, солмас юзингга: Нега байроқ тикмадинг, деб чўққиларга!
Элликка кирганда чиққим келар шу шамолгоҳ қоя устига.
Байроқ тикким келар.
Жўнлик устидан қозонгим келар ғалаба...
Устоздаги бир жиҳат доим ҳайратлантиради. Уларнинг мияси фикр генераторидек ишлайди. Ҳар бир фикр тинимсиз ўсади, ривожланади, етилади. Бири бирини йўқотиб қўймайди. Фикрлар ўртасидаги зиддият чарсиллаб уларни гуриллатиб туради. Бир мисол. «Дил эркинлиги» китобида: «Менга «Олтин қозиқ» коинотнинг калити бўлиб туюлади», дея ёзса, калит-фикр қидирган муаллиф йигирма йил ўтиб «Олтин қозиқ» китобига тартиб беради...
Иброҳим Ғафуров мансураларини «менинг романларим», дея атаган. Мансуралардаги азал зиддиятга қурилган фикр нуқтаси сабаб ҳам романдек қабул қилинади.
* * *
Иброҳим Ғафуровнинг бугунга қадар таржима танқидига оид «Таржима назарияси» дарслиги, «Таржимонлик мутахассислигига кириш» ўқув қўлланмаси чоп этилган. Бу китобларда таржима амалиёти ва назарияси бир-бирини тўлдиради, айни пайтда таржимон Иброҳим Ғафуровнинг таржима жараёнлари ҳақида маълумот беради. Биз кўп жилдликнинг таржима асарлар қисмини мана шу очқич тадқиқотлардан бошладик. Кейинги жилдлардан устознинг энг сара таржималари жой олади.
Иброҳим Ғафуров Э.Хемингуэйнинг «Чол ва денгиз», «Алвидо, қурол!», Ф.Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо», «Телба», «Қиморбоз», «Иблислар», «Ака-ука Карамазовлар», Ч.Айтматовнинг «Қиёмат», «Чингизхоннинг оқ булути», «Қулаётган тоғлар», Ги де Мопассаннинг «Азизим», Нозим Ҳикматнинг «Сурур», Ф.Нитшенинг «Зардушт таваллоси», Г.Г.Маркеснинг «Бузрукнинг кузи», Ж.Жойснинг «Улисс», шунингдек, Конфуций ҳикматлари, Э.По, Фолкнер, Сартр, М.Монтен, Солженицин, Распутин, Сулаймон Раҳим, К.Паустовский, Мирзо Иброҳим, Темур Пўлатов асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Бу таржималар ўзбек ижтимоий-маданий тафаккур ва адабий тил тараққиётида бемисл қимматга эга.
Устоз фаолиятида инсон имкониятларининг тўлақонли юзага чиқишини ва уларнинг мутлақо Ватан ҳамда миллат манфаатига йўналтирилганини кузатамиз. Иброҳим Ғафуров фикр тўлқинлари сурон солаётган катта шеърият, мусиқага айланиб борувчи наср, ўз услуби ва қойилмақом тилига эга таржима эгаси. Адабий-танқидий ва таржимашунослик йўналишдаги китоблари, фалсафий кузатишлари, илоҳий китоблардан тортиб дунё мумтоз адабиёти намуналарига қадар кенгайиб борадиган фикр дунёси кишини ҳайратга солади, шу бир одамнинг ичига неча-неча олим, шоир ва файласуф қамаб қўйилгану Меҳнат деб аталган Олтин Қозиқ атрофида айланаётгандек тасаввур уйғотади. Диний, илмий, бадиий, умуман, фалсафий дунёқараш устознинг миясида мангу ям-яшил дарахтдек шовуллаб туради. «Панчатантра»да кесиб-кесиб сўзлаётган донишманд «Зардушт таваллоси»да Аъло одамга айланади.
Устоз Вагнер, Бетховен оҳангларини тинглаб Достоевский, Маркес, Жойс, Нитше оламларини яратди. Ҳайратга тушасизки, устоз уларни қандай кўтариб юрар экан, «Улисс», «Бузрукнинг кузи» пўртаналаридан руҳини қандай саломат олиб чиқди экан. Ахир Нитше айтганидек: «Ҳатто ўзингга тегишли кўп нарсаларни кўтариб юриш қийин». «Иблислар» романи таржимаси устознинг юрагини росмана оғритиб қўйди ва бу оғирликдан халос бўлиш учун устоз «Айюб нидоси»ни таржима қилди. 80 ёш довонида муҳташам «Ака-ука Карамазовлар» романини ўзбек тилига ўгирди. Иброҳим Ғафуровсиз бу таржима ўзбек ўқувчилари учун 50-60 йиллик, балки ундан ҳам кўпроқ муддатга армонга айланиб қолиши мумкин эди. Роман таржимаси маданий ҳаётимизда алоҳида ҳодиса бўлди. Роман худо, озодлик ва ахлоқ ҳақида. Айни бугунги кунимиз, айни бугунги ёш умримиз ҳақида. Чунки ҳар бир янги авлод бу саволларга ўз жавоби бўлишини хоҳлайди. Достоевский романда реформадан кейинги оғир, доғули, алаҳлаётган Россиянинг туриш-турмуши, ғоявий зиддиятлар, авлодлар ўртасидаги душманлик кайфиятигача ифода этади ва яна инсоний шаънни тиклаш йўлини ҳам... мана шу талатўп ичида муаллиф инсонни излайди: йўлдан озган, аммо қайта нажот йўлини топган инсонни. Бироқ бу инсоний, маданий, бадиий тажрибаларни ўзлаштириш учун мазкур таржима борасида ҳали бирор мунаққид бирор сўз деганича йўқ. Афсуски, биз фикрда Иброҳим Ғафуровга етиб ололмаяпмиз. Бу тафаккур кемаси фикр уммонида чайқалиб турибди. Бир нарса маълумки, энди ўзбек таржима мактаби Иброҳим Ғафуров, Низом Комилов келган нуқтадан давом этиб кетиши керак. Ва бу ўз-ўзидан келажак таржима амалиётига тили, услуби жиҳатидан катта таъсир кўрсатади ва келажак таржима тили ва услубини шакллантиради. Устоз ўзида шоир, ёзувчи, таржимон, олимлик сифатларини камолга етказди. Эндиликда Иброҳим Ғафуров ижодини тадқиқ этиш олдимиздаги муҳим вазифа бўлиб турибди. Иброҳим Ғафуров тушларига кирадиган Толстой, Гёте, Қаҳҳорлар бу сарсон дунёда келажак адабиётшунослари тушларига ҳам кирармикин, эзгу башоратдек қаралармикин, деган саволларга ҳа, дея жавоб бергимиз келади.
Шаҳноза НАЗАРОВА,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори
Чу сўз рангиндурур – хуштур,
санамлар лаълидин хушроқ,
Ки лаб рангин эса, ондин келур
рангин ҳикоят хўб.
Алишер Навоий
ДЕБОЧА ЎРНИДА
Инсон – борлиқнинг жамулжам гўзаллиги, энг олий нафосатнинг зиёпарвар манбаи экан, адабиёт шу жамулжам гўзалликнинг ифодачисидир.
Ҳозирги замон ўзбек адабиётида ана шу зиёпарвар инсон образи қандай акс эттириляпти? Бу образнинг пориллаб турган қирралари нималарни ифода қилади? Ёшлик изланишларида ана шу саволга жавоб топишга ҳаракат қилганмиз.
Иккинчидан, бадиий асарни чинакам санъат асари даражасига кўтарувчи омиллар, чунончи, ёзувчининг ҳаёт ва одамларга муҳаббати, шу муҳаббатдан вояга етадиган порлоқ истеъдод ва муҳаббатнинг кўрсаткичи – маҳорат ҳамда унинг калитлари – жозиба ва ёзувчи қаламининг сеҳри, мутаносиблик ва меъёр, муҳит ва манзара, ибтидо ва ечим, яъни асарнинг ички нурланишлари – олмос қирралари ҳақида фикр юритдик.
Муаллиф,
1963
ҲАЁТ ВА УНИНГ АКСИ
Адабиётда образ яратиш доимо ижтимоий овозга, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, янги замон руҳини очиб берувчи, тинимсиз бино қилаётган киши қиёфасини яратиш иши бўлиб келди ва шундай бўлиб қолади.
Бунинг учун жамиятда инсонлар ўртасидаги шахсий ва ижтимоий алоқаларнинг энг асосий, энг диққатга сазовор томонларини кўра билиш, танланган ҳолатларни бутунга жамлай олиш, жамлашда ҳаёт ҳақиқатини бош ўлчов қилиб олиб ёзиш зарур бўлади. Ранг-баранг ижтимоий алоқаларнинг илдизини тушуниб етиш, шахсий алоқалар замирини ёритиш демакдир. Булар эса, ўз навбатида, инсон психологияси, унинг мақсад-интилишлари туб моҳиятини очиб бериш деганидир. Кучли бадиий форма шу нарсаларни объектга – китобхонга етказишда восита бўлиб хизмат қилади. Восита яратувчи «киши руҳининг инженерлари» халқ истиқболи нуқтаи назаридан туриб ижод қилади. Шу истиқбол мақсаддир, ҳар бир ишнинг гўзаллик манбаи, субҳи шом ўчмайдиган юлдузидир. Шу юлдузга интилувчи, интилиб курашувчи ўз йўлини топади. Бунда унинг дунёқараши ҳал қилувчи роль ўйнайди. Билим ва тажриба мақсадни амалга оширишда аксиоматик омил бўлиб хизмат қилади.
Санъат одамлар учун доимо ҳаёт, турмуш ҳақида таълимот бўлиб келди. Ҳар бир адабий асар шундай таълимот қувватига эга бўлиши учун қандай шарт-шароитлар зарур? Энг аввало, ёзувчи ҳаётни яхши ўрганиши керак, дейдилар. Чунки яшашга ўргатиш учун яшашни ўрганиши лозим бўлади. Бунинг учун муҳит билан ҳамнафас бўлиш талаб этилади. Ҳамнафас бўлиш, М.Горький айтганидек, ўтган-кетганнинг бўлар-бўлмас, майда-чуйда гапига қулоқ бериш билан битмайди. Халқ нима билан яшайди, нимага интиляпти, нима учун интиляпти – ёзувчи ҳам худди ана шундай яшаши, интилиши, интилишни мақсад қилиб қўйиши керак.
Яна, ёзувчи бадиий маҳоратни қунт билан эгаллаши зарур, дейдилар. Бу – аксиома. Лев Толстой ёзади:
«Ёзувчи ўзи айтаётган нарса тўла-тўкис яхши ифода топиши учун, у маҳоратни шундай эгаллаган бўлиши керакки, токи бунда ёза туриб, юраётган одам механика қонунлари ҳақида қанчалик кам бош қотирса, у ҳам маҳоратнинг қонун-қоидалари, шарт-шароитлари тўғрисида шунчалик кам бош қотирсин.
Бунга эришиш учун эса, ёзувчи ҳеч қачон ўз ишига маҳлиё бўлиб қолмаслиги, маҳоратни қуп-қуруқ, ёлғиз мақсад қилиб қўймаслиги шарт. Юриб бораётган киши ҳам ўз юришига маҳлиё бўлиши керак эмас-ку, ахир» [1].
Маҳорат ўз атрибутлари билан кўриниб турибдики, фақат ҳаётни акс эттириш санъатидир. У ёзувчидан кўп нарсани талаб қилади. Шулардан бири ҳис-туйғу ва меъёр, иккинчиси билим...
М.Горький худди шу нарсаларни қайд қилар экан, француз адибаси Жорж Санднинг қуйидаги сўзларини келтиради:
«Санъат барча соҳалар бўйича кенг билимга эга бўлмасдан туриб амалга ошадиган нарса эмас. Яшаш, излаш, бошданоқ жуда кўп нарсаларни ўзлаштириш, муҳаббатли бўлиш, дард чекиш, шу билан бирга, бетиним, сaбoт-матонат билан машқ қилиш демакдир. Қилични ишга солишдан аввал қиличбозлик ҳунарини бошдан-оёқ ўрганиш лозим. Агар ёзувчи фақат хориқулодда ёзувчигина бўлса, демак, у ожиз, яъни ўртамиёнадир ёки нари борганда, зўракиликнинг қули, айни чоғда, эси йўқдир» [2].
Баъзи фикрлар шундай вазнга эга бўладики, унга бериладиган ҳар қандай изоҳ енгил келади. Адиба сўзи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
«Зўракиликнинг қули» (баҳарҳол, бундан аниқ таъриф бериш оғир...), «ожиз», «ўртамиёна» ёзувчиларга ҳақиқатан ҳам, айниқса, бир нарса хос кўринади. Уларнинг асарларида бир амаллаб юзага чиқарилган ҳақиқат (тўғрироғи, ҳақиқатнинг улушлари...) бўлади. Бу ҳақиқат шундан иборатки, Асом Асимани севди. Асима ҳам Асомга мойиллик билдирди. Сўнг шум бир тақдир, яъни енгилтаклик (кўпинча, у Асимадан келиб чиқади...) икки ёшнинг покдомон муҳаббатини парчалаб ташлади. Бебаҳо ишқ занжирлари узилмади-ю, занглади, холос. Асима чиройли, келишган гавдали бошқа бир валломатга кўнгил бериб қўйибди... Асом қайғуда, ҳасрат оловида куйиб-ўртанади, ёнади, ишқий мактубларни елга беради ёки ёқади. Юрагида ўти бўлса, чўлга чиқиб кетади, агар ўти бўлмаса, кўрганга салом ўрнига доғда қолганини айтади, бевафодан шикоят қилади. Воқеаларнинг ривожи шунга олиб келадики, Асима пушаймон. У биринчи муҳаббатнинг энг кучли муҳаббат эканлигига ишонч ҳосил қилади ва шу ҳиснинг кўркига мақтовлар бўлсин, у Асомга ўкинч мактуби ёзади. Рашк ўчоғида қовурилган Асом аввал мактубни оёқлари остига ташлайди, сўнгра... сўнгра аллақандай «нотаниш» ҳислар уни чулғаб олади ва у, охири эзилган хатни олиб, кўзлари ва кўкракларига босади. Улуғ гуманизм ишқ соҳилига яна зафар байроғини тикади. Севишганлар топишадилар.
Муаллиф ҳикоя тепасига «Ўкинч» ёки «Хайрли мактуб», ёхуд «Биринчи ишқ сўнмайди» деб сарлавҳа қўяди. Бундан шундай ақлгўйлик келиб чиқади: «Ёшлар! Биринчи муҳаббатни поймол этмангиз, поймол этсангиз ҳам пушаймонга ўрин қолдириб поймол қилинг! Ўз ҳаёт йўлингизда Асима ва Асом ёр бўлсин! Янглишманг демаймиз, лекин эви билан янглишинг!» Ана шундай шиор тариқа хитобдан сўнг, муаллиф ўзича хулоса чиқаради. Яъни у ҳикояда муҳаббат муаммосини ҳал қилди. Ахир, Ҳ.Тоқтош айтган ва Ҳ.Олимжон ўзининг нафис шеърига «Муҳаббат ул ўзи эски нарса, лекин ҳар бир юрак они ёнгорта...» деб эпиграф қилиб келтирган-ку! Ҳурматли муаллифимиз ҳам уни ҳақиқатда «ёнгортти...» камтарлик билан муҳаббатнинг улуғ биносига бир ғиштча қўйди. Ҳикояни ўқиган ёшлар эса елка қисдилар, кексалар бош қимирлатишди: зўракиликнинг қули... Серҳис шоирни олинг. У чўлда ётган мармар харсангни кўриб қолди, дейлик. Илҳом тўлғанади ва шеър битилади. Унда мармарнинг чўлда қаровсиз ётганлиги, баҳорда устидан гиёҳ униб, ёзда қуриганлиги, аммо бир кун ҳайкалтарош келиб уни олиб кетганлиги ва чиройли кулдонлар ясаганлиги акс этади. Қофиялар жамулжам. Хулоса тайёр: бойлик ерда қолмайди.
Бу на поэзия ва на проза... Бир замонлар Машраб «Бехабар бўлсанг агар сардафтаримни кавлама», деб фарёд чеккан эди. Унинг фикрини ривожлантириб айтиш мумкинки, агар халқ ҳаётини билмасангиз, халқ билан бир қаторда, у билан ҳамнафас бўлиб бора олмаётган бўлсангиз, халқнинг ёруғ хонадонига киринг, шодлиги, қайғусига шерик бўлинг, ёнида туриб Каспийдан, нақ денгизнинг остидан нефть чиқаришга ўз ҳиссангизни қўшинг... Сўнг қоғоз ва қаламга қўл уринг.
...Биз ажина ёки ёсуманни оғзи катта, лаблари буришган, пешанаси тиришган, тишлари тушган, бурни ҳилвираб увишган, тирноқлари ўсган деб тасаввур этамиз. Аслида бундай вужудни ҳеч ким кўрмаган, аммо эртакларда улар шундай тавсиф этилади. Негаки, у ёмонлик ва хунукликнинг тасаввурдаги классик тимсоли, муболағали қиёфаси...
Баъзи ёзувчилар шу йўлдан бориб салбий типларни, албатта, тасаввур орқали ёсуман қиёфасида тасвирлайдилар. Яъни бу реал ёсуман нок бурун, чалпак юз, энгсиз манглай, беўхшов қомат, дўрдайган лаб тарзида гавдаланади. Бунинг устига у овқатни хўриллатиб ичади...
Ҳаётда эса бошқачароқ бўлади. Чеҳрасига қарасангиз, Некрасов айтганидай сизга тилла ҳадя қилаётгандай, аммо ичига кириб борсангиз у каби худбин, мўрт, пасткаш, ўтакетган зиқна ва ғаламиси кам кўриниб қолади. Усти остига тўғри келмайди. Мусиқа ҳақида қошиқ ялаб туриб, қўлни пахса қилган ҳолда сўзлайди. Шеър ўқиса, ўн саккиз минг оламни кўргандай, «оҳ» маъносида кўз сузади. Буларни у ўзининг мусиқага ишқибозлиги, мусиқага берилганлиги, мусиқадан маънавий озиқ, ҳаётий илҳом олганлигини кўрсатиш учун қилади. Бутун хаёли ана шу ўзни кўрсатиб қолишга қаратилган бўлади. Яна у нозик. Тегиб кетсангиз, ачитқидек жизиллатиб олади. Ҳамсуҳбат бўлсангиз, уни охиригача матонат билан тинглашингиз ва гапларини тасдиқлашингиз зарур. Акс ҳолда орқаваротдан сизни уялтириб юради... Бошқалар ҳақида «Эчкини тепсанг осмонда кўр» қабилида фикр юритади... Юзи эса бирам силлиқ, бирам ёқимтой, бирам кулимсираган, сизни ҳам кўп кулдирадиган...
Бу ҳам портрет. Аммо бунда ташқи қиёфа ички қиёфага терс келади. Терс келиши айни образни бўрттиради.
Баъзида ёзувчилар образ портретининг ташқи икир-чикирлари – «Узун бўйли, бурни кичик, тринка камзули эгнида сиртилиб турган, қора қош, кўмир кўз, сочи сийрак...» ва ҳоказоларни арифметик санаб ўтишни ёзувчилик бурчлари деб биладилар. Бу, аслида, қаҳрамонни кўрмаслик, уни китобхонга ҳам кўрсатмасликдир. Ваҳоланки, сочи сийрак дейиш ўрнига салбий персонажга нисбатан «Куя оралаган пўстак» (А.Қаҳҳор) дейиш мумкин-ку!
Бунинг учун фақат объектни кўриш ва унинг атрофида ҳар томонлама мушоҳада юргизиш лозим.
Бу деган сўз сатира фақат «кулги артиллерияси»дангина эмас, шу билан бирга пок инсонлик туйғусининг нопок хислатларга қарши қаратилган аёвсиз, ғазабнок артиллериясидан ҳам иборатдир. Чунки соф маънодаги «кулги артиллерияси», кўпинча, аскиядагина кўринади. Аския кулги қўзғайди. Шу кулги орқали мақсадга мувофиқ ҳисни уйғотади, бу ҳис аёвсиз, аммо бир онли бўлади. Сатира эса қайси жанрда ўз ифодасини топишига қараб мураккаб ассоциациялар уйғотади. Бунда сарқитни, унинг характерини, шу характер шаклланиши учун қулай шароит – ҳолат ичида таҳлил қилинади. Таҳлил ўқувчига ҳавола этилади. Таҳлил эса сарқитни регистрациядан ўтказиш билан битмайди, албатта. Таҳлил умумлашма нисбатларга муҳтож. Умумлашма индивидуал бўёқни талаб қилади. Индивидуал бўёқлар эса ёзувчининг маҳоратидан жонланади. Буларнинг ҳаммаси бирлаштирилади ва бўрттирилади. Иyдушка Головлёв, Қори Ишканба ана шундай яратилади. Бу ҳар икки тип ҳам ўз ижтимоий зарарлилиги билан ўлчанганда ниҳоятда қуйи, тубан ўринларни ишғол қилади. Демак, ёзувчилар ўз асарларининг снарядини чумчуққа эмас, хавфлироқ душманга қарши қаратганлар. Бу гапнинг маъноси шуки, баъзи бир сатирик ҳикояларда танланган объект ҳажв қилинишга арзимайди. (Арзиса ҳам бу бутун асар миқёсида эмас.) Ёки ёзувчи объектни шундай бир услубда тасвирлайдики, объектни бошда ҳажвга лойиқ бўлган эди, энди умуман лойиқ бўлмай қолди. Бунинг сабаби ҳодиса тасвирида ва талқинида муаллифнинг юзаки позицияда турганлиги бир бўлса, иккинчидан, ҳодисани очиб ташлаш – инкор этиш шу ҳодисага монанд бўлмаган ёки монанд бўла олмайдиган далиллар ва муболағалар – куракда турмайдиган кучайтириш, зўрайтиришларнинг киритилиши ҳам келтирилишидадир.
Ҳажвий асар аскиялар ва кулгили бўлиш даъвоси учун келтириладиган «Ўткир эпизод – шўртаъм сўзлар» йиғиндисидaнгина иборат бўлиб қолмаслиги яхшидир.
Сарқитни моҳирона тасвирлаш ва шу асосда унга қарши курашиш – бу билан эса, халқнинг сиёсий ва ижтимоий онгини тарбиялаш, ҳаётда учрoвчи ярамас шахсларга нисбатан уларнинг муносабатини кескинлаштириш ва ойдинлаштириш сатиранинг энг биринчи вазифасидир. Бурчини ифодаловчи киши бундан ўзига инсоний хулоса чиқарсин. Токи ёшлар: «Ўзи аслида инсон бу; мана бу унинг кўрки, мана буниси эса унинг номуборак турқи...» дея оладиган, яъни ана шу номуборак турқ бўлмаслиги учун курашадиган бўлиб етишсин. Одамлар занг босмасликка, босган зангни эса қиртишлаб ташлашга, озод яшашга интилиб қоладилар.
[1] Л.Толстой. «О литературе». М., 1956, стр. 233.
[2] М.Горький. «О литературе». М., 1953, стр. 83.
ГЎЗАЛЛИКНИНГ ОЛМОС ҚИРРАЛАРИ
Биринчи қирра
ACAPHИНГ ИЧКИ НУРЛАНИШЛАРИ
Бу – буюк неъмат
Адабиётимизнинг синовчан тамойиллари, унинг гуманизми, юксак идеалларга содиқлиги, халқчиллиги ва ҳаққонияти бадиий баркамоллик ва жозиба билан ўз кўрки, салмоғини намоён қилади.
Жозиба – ром қилмоқ демакдир. Киши меҳрини қозониш – жозиба. Қолаверса, шу жозибадан маънавий озуқанинг чашмаси бошланади. Жозибасиз бадиий асар тутаб ёнган ҳўл ўтиндан фарқсиздир. Бадиий асар ҳаётнинг нафис реалистик инъикоси бўлганидан адабиёт ва ҳаёт доимо бир-бирига қараб ўзларига оро беради. Шундай экан, ҳаёт жозибаси бадиий асар жозибасига кўчади.
Шуларсиз адабиётнинг буюк маънавий кучи рўёбга чиқмайди.
Шуларсиз адабиётда қуёш ўрнини зулмат эгаллайди.
Шуларсиз адабиёт – асфальт йўлнинг дарзларидай тармоқ отиб кетган... изм-измларнинг пардоз қутичасига айланади.
Ўзбек адабиётининг энг яхши асарлари баркамоллик ва жозибанинг мужассами бўлганлиги билан халққа машҳур бўлди. Ойбек романлари ва қиссаларига мафтун бўлмаган, оталик меҳри ва тафаккури беқиёс бўлган Ғафур Ғуломнинг шеърлари, ўткир кузатишларга бой прозасига ошиқ бўлмаган, жаранги тиниқ Абдулла Қаҳҳор асарларига таҳсин ўқимаган, Зулфия ва Саида Зуннунова, Саид Аҳмад ва Ҳамид Ғулом, Шароф Рашидов ва Пиримқул Қодиров, Миртемир ва Шайхзода, Мамарасул Бобоев ва Шукрулло, Асқад Мухтор ва Шуҳрат, Одил Ёқубов ва Раҳмат Файзий, Рамз Бобожон, Саид Аҳмад, Ҳаким Назир ва Йўлдош Шамшаров асарларининг энг яхши намуналари билан ўз маънавий дунёсини безамаган, Иззат Султон ва Воҳид Зоҳидов, Лазиз Қаюмов ва Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов ва Сарвар Азимов, Азиз Қаҳҳор ва Музайяна Алавий ўзбек адабиёти ривожи учун улкан ҳисса қўшаётган мақолаларидан баҳраманд бўлмаган китобхон топилмаса керак.
Камалак нурларидай рангин шеъриятга қалбини очиб, Эркин Воҳидов ва Ҳусниддин Шарипов, Абдулла Орипов, Сайёр ва Х.Салоҳ, Гулчеҳра ва Теша Сайдалиевлар кириб келяпти. Ўлмас Умарбеков ва Жонрид Абдуллахонов, Шукур Холмирзаев ва Анвар Эшонов наср хазинасига ўз илк қатраларини тўкмоқдалар.
Жозиба ва бадиий баркамоллик ана шу ёзувчи ва шоирларимиз яратган асарларни халқнинг гўзаллик ва орзу неъматига айлантирди. Уларнинг ҳар биридан олинган лаззат ҳиссиётлар гўзаллигидан олинган лаззатдир.
Мунтазам ғоя
Ҳар бир асарда ёзувчининг асосий мақсади катта карвон йўлидай изчил давом эттирилмоғи, бутун воситалар шу етакчи фикрни бойитиш ва ривожлантириш учун хизмат қилмоғи, яъни ҳодиса ва қаҳрамон такомилининг муҳим ҳалқаларига айланмоғи шарт. Етакчи фикр етакчи туйғу ва ҳиссиётни талаб қилади. Ҳар иккиси мавжуд бўлганда, етакчи фикр – асарнинг боши, ҳиссиёт – унинг қалбидир. Шуларсиз асар ҳеч қачон ўзига ром қилмайди. Улар ўртасида жуда ҳам узвий мутаносиблик бўлиши талаб қилинади. Бирининг иккинчисидан устун келиши асарнинг умумий руҳига таъсир қилади. Яъни у ё зерикарли, ё чучмал ва ё тутуруқсиз бўлиб чиқади. Чунки гўзалликнинг асосий шарти – меъёр бузилган бўлади.
Ҳар бир юксак ғоявий ва бадиий савиядаги асар қиррадор олмосга ўхшайди. Ғоя ва мазмун шу олмоснинг энг ўткир ҳам энг асосий қиррасидир. Олмос биринчи навбатда ўзининг шу қирраси билан олмос деб аталишга лойиқдир. Асарнинг бадиий компонентлари биринчи қиррани нурлантириб, порлатиб турувчи қўшимча қирралар бўлади. Ёзувчининг таланти шу қирраларнинг сайқалидир. Шу талантнинг маҳорати қирраларнинг нурамаслиги бўлади.
Ғоя ва мазмун қиррасидан холи тарзда бошқа қирраларнинг бўлиши мумкин эмас. Мабодо бўлган тақдирда ҳам улар нурсиз ва тўмтоқ қирраларга айланиб қолган бўларди.
Биз бу ўринда бадиий асар гўзаллигининг ёки тўғрироғи, уни гўзал қилувчи қирраларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
Қирралар ҳақидаги фикрларни эса муҳаббатимиз тушган «Шум бола»дан, «Шум бола» илгари сурган ғоядан бошладик.
«Шум бола»даги етакчи фикр – ўтмишда халқ чеккан жафоларни Шум бола тақдири орқали баён қилишдир. Бу ғоя, бу фикр шу асарнинг ички, воқеалар тубига яширинган мундарижасидан келиб чиқади. Бу жиҳатдан «Шум бола»нинг композицияси садафга, ички мазмуни дурга ўхшайди. Ички мазмун воқеалар тубига яширинганидан, бу мазмуннинг мусиқий жўри – ҳиссиёт мазмун мағзига сингиб, уни кучайтириб, бедаво замонга нафратни аланга олдириб боради.
«Бошига теккан тошларнинг сони кўзидан оққан ёшлардан кўпроқ «ғарийбуддиёр» бу ўспирин бахтсиз турмушдан бўғилади, лекин ҳали у ўсмир, ўз золимларига ҳам ўсмирларча, аммо зукко халқидан ўтган ҳаётий таълим билан курашади. Унинг фалсафаси ҳам ҳали содда: «Осмон узоқ, ер қаттиқ эди. Қаерга кетиб бораётганимни ўзим билмас эдим. Олдинда бирор мўлжаллаган ниятим ҳам йўқ эди. Дарбадарликдан, ўзимни симобдай беқарор саёқлигимдан жуда ўкинар эдим. Салгина босиқ, салгина ўйинқароқ бўлмасам, ҳамманинг ҳам нонини туя қилиб бера олар эдим. Уст-бошим бут, қорним тўқ, қайғум йўқ бўлар эди. Хайр, майли энди, афсуснинг фойдаси йўқ».
Шум бола бошига тушган бахтсизликларни ўзининг ўйинқароқлигидан кўради. Бахтсизлигининг, дарбадарлигининг асл сабаби нимада эканлигини тушунмайди. Гўё ўйинқароқ бўлмаса-ю, босиқ бўлса жаҳон ўзгариб, жабру жафолардан халос бўладигандай хаёл қилади.
Шум бола Ҳожи бобо такяхонасида югурдаклик қила бошлагандан сўнг ўзининг «ўйинқароқ»лигини, қўнимсизлигини «ташлайди». У гўё жуда ҳам тинч ва ёғлиқ иш топиб олгандай бўлади. Бир оз пул тўплаш учун Ҳожи бобо ва гиёвонларга елиб-югуриб хизмат қилади, чойчақа ундиради.
Шум боланинг ўй-хаёллари ҳам ўзгаргандай бўлади. «Бугун ўнг ёнбошим билан турган эканман, олти сўмлик бўлиб қолдим. Ювошликнинг, маъюсликнинг фойдаси шунча катта эканлигини билганимда, бошдан шундай қилар эдим. Ярим оқшомгача ўзимдан-ўзим ишшайиб, ичимда давлатларимни санаб, қувониб хизмат қилдим».
Унинг болаларча фикр қилиши ҳали ўзгаргани йўқ. Фақат бир оз бошқача тусга кирди. Ўйинқароқликдан наф чиқмаслигини гўё тушуниб етди ва энди ювош, итоаткор бўлса, пичоғи мой устида бўлиб қоладигандай туйилди унга. Лекин у табиатан қўнимсиз. Буни ёзувчи жуда ҳам нозик ҳис қилади, шум бола характерининг шу жиҳатини доимо таъкидлаб, кузатиб боради. Шум бола бу тинчгина такяхонада ҳам борган сари ўзини қўярга жой тополмай бошлайди. Диққинафас бўлади.
«Нима десангиз денг, бу ерда яна ойлаб туриб қолиш мени зериктирар эди. Уфқ кўк гумбази билан ўйнашган ям-яшил қирларда бўкалаклик бузоқдек шаталоқ отиб юрган бир бола келиб-келиб хумга қамалган юмрондай бўлиб қолса, албатта, зерикади-да». Шу сабабдан ҳам Шум бола бу ердан қутулиш чорасини кўзлайди. Манқалдонга совуқ сув тўлдирилган шиша кўмиб, такяга келган мижозлар даврасига олиб бориб қўяди. Кўп ўтмай қизиган шиша портлайди. Чуввос кўтарилади.
Қиссада бу эпизод чиркин ҳаётдан зерикиб, ўзини қўярга жой тополмай қолган ўсмирнинг шу ҳаётдан халос бўлиш йўлидаги ожизгина бир чораси, норозилиги каби ўқилади.
Демак, бахтсизлигининг сабаби ўйинқароқлигида эмас, замонада, аянчли замонада экан. Шум бола эркинликка, тоза ҳавога интилади: у такяхонани ташлаб кетади. Яна «тўрт томони қибла» бўлиб қолади. Ҳал қила олмаган эски муаммоси яна ўртага чиқади: «Лекин қаёққа қараб йўл олсам экан...»
Бутун қисса давомида шу саволга жавоб ахтарилади. Аммо унга жавоб бўлиб, яна фақат дарбадарлик қолади...
Қиссанинг ғаройиб ғояси мана шу дарбадарлик остида яшириниб ётади.
Замонаси туфайли шум бола бўлиб танилган бу ўспирин йигит нимага китобхонни шунчалик ром қилиб, ўзига оҳанрабодай тортиб туради? Нима учун унинг ҳар бир хатти-ҳаракати, бошидан кечирган саргузаштлари китобхон хаёлига бир кириб, сўнг йиллар бўйи ўрнашиб қолади? Бу сир бўлса, соҳирликнинг ўзи нимада?
Соҳирлик
Соҳирлик, аввало, ёзувчининг ўз қаҳрамонига бўлган оташин муҳаббатидадир. Ёзувчининг бу муҳаббати асарнинг гўзал ва мазмундор чиқишига сабабчи бўлади. Арзимаган, қиймати бўлмаган нарсага муҳаббат қўйиш нодонлик. Киши муҳаббати жондан азиз нарсаларга тушади. Жондан азиз нарсанинг равнақи учун эса киши бор ҳарорати ва қуввати билан курашади. Ёзувчи ҳам худди шундай. У жони-жаҳони, истеъдоди, қалби, виждони билан ўзи ошиқ бўлган нарсага бор-йўғини тўкиб солади. Асарининг мазмундор ва гўзал чиқиши учун меҳнату машаққатдан қочмайди. Ёзувчининг муҳаббати асарнинг гўзаллигини, шу муҳаббат ундаган меҳнат, машаққат ва бурч мазмундорлигини таъминлайди. Шунда бадиий баркамоллик, жозиба ва мутаносиблик туғилади.
«Шум бола» тизма воқеалар асосига қурилган латифа-қиссадир. Асарнинг ана шу хусусияти ёзувчининг бош қаҳрамони характеридан келиб чиқади.
Шум бола – қўнимсиз. Уни замона қўнимсиз қилган. Чунки бахтдан нишона бўлмагач, ҳаловат ҳам ному нишонасиз бўлади. Шу сабабдан ҳам, Шум бола турли-туман воқеаларни бошдан кечиради. Бу воқеалар қиссада ипга бир-бир маржон сингари тизилиб боради. Улар ташқи томондан ўзаро боғланмаганга ўхшайди. Лекин бу композицион парокандалик эмас. Чунки воқеалар бир-бирлари билан ички, мантиқий боғланишга эгадирлар. Бу боғланиш қаҳрамон орқали, қаҳрамоннинг ҳиссиёти орқали ўтади.
Ёзувчи қиссада бутун воқеаларни боланинг дунёга ўзига хос назари билан олиб боради. Дарбадарлик ва қувлик характерининг бош белгилари бўлганидан Шум бола жуда кўп ва жуда хилма-хил воқеаларни кўриши, уларнинг жонли шоҳиди бўлиши табиий. Ёзувчи Шум бола кўриши, бошдан кечириши назарда тутилган воқеа-ҳодисаларнинг энг муҳимлари, ижтимоий ҳаёт нуқтаи назаридан энг характерлиларини ёритади. Натижада, асар «ўнинчи йиллар саргардонлиги»нинг бадиий қомуси даражасига кўтарилади.
Асар экспозициясида шу жиҳатдан характерли бўлган томонларни олайлик:
бунда кўҳна Тошкент манзараси жонланади. Бу манзарада эски шаҳарни гавдалантириб турувчи фақат жонли белгилар ҳоким.
Чунончи, чойхона, раста, бойваччалар маишати, нурли-нурсиз жиннилар... Қиссада булар шарқнинг экзотик томонларигина бўлиб қолмаган, яъни ёзувчи кўҳна шарққа хос манзараларни қуруқдан-қуруқ тасвирлаб кетавермайди, балки уларнинг ҳар бирига ғоявий маъно юклайди, рўй бераётган ҳодисанинг ижтимоий моҳиятини шу ҳодиса замирига қистириб ўтади.
Чойхонада гашт қилиб, айш сурувчилар ким? Бойваччалар. Кўчаларда топталиб, тупроқ билан тенг бўлгувчилар кимлар? «Фуқаро» ва эсдан оғганлар. Эсдан оғганларнинг шу кўйга тушишларига сабаб нима? Замона жафоси. Тенгсизлик.
Бола дунёга боқиб, аввало, одатдан ташқари, яъни жуда ҳам қизиқ, ғайритабиий бўлган нарсаларни кўради ва уларга диққат қилади.
Чойхонада бойваччалар дастурхонини безаган оби нон, мураббою нишолдалар, ширмой-ю писта-бодомлар, похол тўрга солинган коньяклар каби ажойиботлар фақир бола кўзига ташланмасдан кимнинг кўзига ташлансин.
Чойхонадаги ажойиб тўти, «елкасига холпа ранг рўмол ташлаган» «Асра!» ёки «Кал», дейилса, «Лаббай, мулла ака, чойми, чилимми», деб турадиган чойхоначи, алмойи-алжойи жиннилар бола кўзига ташланмасдан кимнинг кўзига ташлансин!..
Қаҳрамон ва унинг муҳити ўртасидаги ана шундай боғлиқликдан бадиий асарнинг гўзаллиги нур эмиб турибди.
Юқорида жозиба тилга олинди. Унинг ўзи нимадан иборат? Асар нимаси билан кишини ўзига ром қилиб олади?
...Унинг жозибаси
«Бу фалокатли ишни Йўлдош бошлади». Бир оғиз гап бу. Лекин шу бир оғиз гапдан сўнг кимнингдир юзига табассум югурди, кимнингдир юраги тезроқ ура бошлади. Энг лоқайд китобхон ҳам дарҳол кейинги сўзларни ўқишга шошилди. Эътибор жалб қилинди. Бир оғиз сўз ўзига ром қилиб олиб, ҳиссиёт, муҳит ва тақдирлар қучоғига олиб кириб кетди. Ёзувчи ўз мақсадига эришди. У китобхоннинг диққатини бир оғиз гап билан бутунлай қамраб олди. Энди у «фалокатли иш» қандай қилиб, қаерда, кимлар орасида юз берганлигини айтиши керак.
«Маҳалланинг бир тўда ўспирин болалари Лайлакмачитнинг жиловхонасига йиғилиб, ошиқ ўйнамоқда эдик». Ёзувчининг бу гапидан сўнг муҳит ва замон манзараси равшан бўлади. Шундан сўнг ёзувчи дарҳол китобхон диққатини муҳитдан шу муҳитнинг қаҳрамонига тортади. Ҳикоя қилувчи ҳам тингловчилари «кейин нима бўлди?» дейишга улгурмасдан давом этади. «Мен бугун жуда кўп ютган эдим. Олача яктагимнинг чўнтаги, енгим, липам ошиқларга тўлиб кетган эди.
– Болалар қанда, ошиқлар манда, деб севинч билан қичқирмоқда эдим. Худди шу орага Йўлдош шилқим суқулди-ю, ишнинг пачавасини чиқарди. У бир бари моғор бўлиб кетган сур яктагининг этаги билан бурнини арта-арта гапира бошлади:
– Болалар, ҳалфана қиламиз?»
Жозибали Шум бола тақдири билан қоронғи ўтмишга нафрат уйғотадиган асарнинг тугуни ана шундай. Бу тугун қанча усталик билан тутилган бўлса, унинг ривожи ҳам шунча усталик ва жозиба билан давом эттирилади. Биринчидан, бу қисқагина парчада ортиқча ёки мураккаброқ жумла йўқ. Чунки буларнинг ҳар иккиси ҳам айни воқеа ҳикояси учун ўринсиздир. Ҳикоя қилувчи қаҳрамон қанчалик содда бўлса, унинг тили ва дунёни кўриши ҳам шунчалик соддадир. Қаҳрамон содда бўлишига қарамай, қув ва сўзамолдир. У жуда ҳам тийрак ўспирин. Биргина «Бу фалокатли...» деган болаларга хос бўлмаган сўзни ишлатишиёқ, унинг катталар гапирганда қулоғи динг бўлиб туришини, дунёга қизиқиш билан қарашини кўрсатади. Нишонга аниқ теккан икки сўздан ҳикоя қилувчи қаҳрамоннинг қиёфаси аста гавдалана бошлади. Ёзувчининг самимияти қаҳрамоннинг табиийлигига кўчди. Демак, самимият – жозиба нишонасидир. Самимият бўлмаган ерда ҳеч қачон жозиба қарор топмайди. Чунки самимият мавжуд бўлгандагина ҳаққоният ўз ифодасини топади, маҳорат эса ўз сирларини очади. Ёзувчи юрагида яшириниб ётган сўзларнинг жозибаси жозибали қиссага айлана бошлади. Муваффақиятли топилган қаҳрамон қиёфаси ва унинг бошдан кечирган воқеалари асар шаклини белгилаб берди. Сюжет ўз ибтидосини топди. Асар композициясига бир заррин нур югуртилди. У секин-секин бўлаётган ҳодисаларни ёрита бошлади.
Сал... Сал
Ҳалфана қилишга ҳамма рози бўлгандан сўнг, бошда гўё энди ҳикоя қилиш учун қизиқарли гап қолмаганга ўхшаб туюлади. Лекин ҳалфана учун тақсимланган масаллиқларни фақир оилалардан ундиришнинг ўзи ҳали қанчалик воқеаларга сабаб бўлишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Шунга қарамасдан китобхоннинг хаёли бўйнига ёғ келтириш вазифасини олган қаҳрамон кетидан шошилади. Шу ўриндан «фалокат»га сабаб бўлган занжирбанд ички боғланишлар тизилиб боради.
«Мен ҳам ёғ келтиргани уйга кетдим. Онам ошхонада ертандирга ўт қўйиб, қовоқ сомса қилмоқда эди. Бизнинг рўзғор майда-чуйдалари зах уйнинг орқасидаги узун ҳужрада бўлар эди. Айвонда ўртанча синглим кичик укамни тебратиб ўтирган экан. Унинг ёнида ҳужрага киришнинг эвини тополмадим, бирорта ҳийла ишлатиш керак эди.
– Шапағ, – дедим унга, – катта тўпинг қаерда?
– Қўғирчоқларимнинг олдида, нима қилди?
– У ерда йўқ-ку!
– Ҳа... ўлгур, сен олгандирсан, ҳозир берасан, бер. – Мен илжайиб тура бердим. У тебратиб турган укамни қўйди-да, қўғирчоқларининг олдига югуриб кетди. Мен ҳам лип этиб ҳужрага кириб, хумчадан ёғ ўйиб олдим».
Бу парчани ўқиб туриб, беихтиёр Брюлловнинг бир сўзи ёдга тушади. Шогирди чизган этюдни тўғриларкан, машҳур рассом суратга сал-пал қўл теккизади ва ёмон, ўлик бир этюдга гўё нур югуради, у жилоланиб жонланади. Бундан таъсирланиб кетган шогирдлардан бири устозига «Қаранг, сал-сал қўл урдингиз-у, ҳамма нарса бутунлай ўзгарди-қўйди», – дейди. Санъат худди ана шу сал-салдан бошланади, деб жавоб беради Брюллов [3].
Ғафур Ғулом ҳам гўё сал-пал қўл югуртириб, бошда арзимас бўлиб кўринган картинани жонлантириб юборган рассом сингари бошқа бир кишининг қалами остидан чиққанда, эҳтимол, жуда ҳам примитив, рангсиз бўлиб кўриниши мумкин бўлган парчани бир-икки жонли, содда, аммо бениҳоя ўткир ва жозибадор нимчизиқлар билан мавжлантириб юборади.
«Шапағ, – дедим унга, – катта тўпинг қаерда?»
«Шапағ...» Ҳа, худди шундай. Бошқача эмас, «Шапағ...» Назаримда, ёзувчи худди шу бир сўз орқали бутун бир миллий ўзига хосликни намоён қилаётганга ўхшайди. Агар Шум бола шундай деб мурожаат қилмасдан, оддийгина қилиб «Шафоат, катта тўпинг қаерда?» деб айтганда эди, бу ёзувчи тасвирлаётган шум боланинг гапи, характерли белгиси бўлмаган, жонлилик ҳам, жозибадорлик ҳам четга сурилган ёки йўққа чиқарилган бўларди.
Шум бола «Шапағ...» деди-ю, картина жонланди, у жозибадорроқ бўлиб қолди. Негадир, оддий бир сўз ўз ўрнида ишлатилганда, кишида илиқ ҳиссиёт уйғотади, мабодо қизчанинг оти Шарофат бўлганда Шум бола унга «Шафоқ» дерди. Колорит яратиш ажойиб бўлади.
Ёки «Шапағ»нинг:
– «Ҳа, ўлгур... сен олгандирсан, ҳозир берасан, бер», – деб айтган сўзи, унинг болаларча содда қиёфасини, психикасини ортиқча изоҳсиз яққол кўз олдингизга келтириб қўяди.
Қизча аввал «У ерда йўқ-ку!» деган акасининг гапини одатий бир қитмирлик деб ўйлади ва аввало « – Ҳа...», – деб қолди. Сўнг бирдан тўпдан айрилиб қолиш хавфи босди-да: «...ўлгур, сен олгандирсан, ҳозир берасан, бер», деб юборди. Қизча айтган бу сўзларнинг биронтасини ҳам ўрнини ўзгартириш ёки бошқа сўз билан алмаштириш мумкин эмас. Ҳар икки ҳолда ҳам картинанинг жонлилигига путур етади.
«Сал-сал»дан бадиий жозиба бино бўляпти. Бу жозиба орқали маълум бир даврнинг миллий-тарихий ва ижтимоий-маиший картинаси гавдаланади.
«Шум бола» қиссасининг ҳаётий ғояси асарнинг чуқур мағзига сингдирилган, том маъноси билан халқ дардини баён қилган, бир маржон композицияга эга бўлган, руҳи халқ руҳини ифодалаган, «сўз сўзламоқда шаҳду шакардан латиф» бўлган халқнинг қилни қирқ ёрар тили билан зийнатланган асардир.
Ҳали ҳаёт ҳақида дурустроқ бир тасаввурга эга булмай туриб, Шум бола мураккаб, олижаноблик камнамо бўлган ҳаёт тўлқинига тушади. Бирин-кетин зарба устига зарба ейди. Лекин бу зарбалар уни букмайди, балки чиниқтиради. У аста-секин бойлар феъл-атворидан кулувчи чин Шумга айланади.
Лекин «Шум бола»нинг асл моҳияти бунда эмас. Назаримда, Шум бола бир фокус – халқнинг ўтмишдаги аҳволи ва умуман муҳит манзараси шу фокусда йиғилиб, ўз аксини топган.
Рамзи ишора
Машҳур ҳикоя «Ҳийлаи шаръий» шундай бошланади:
«Офтоб қўнғир сигирнинг сағрисига барқ уриб тушиб туради. Сигир жуда эринчоқлик билан кавш қайтаради. Ўсиқ киприклари орасидан катта, жигарранг, сузгун кўзлари аранг кўринади. Чочвоқли думлари билан қуймичига қўнган пашшаларни ҳайдайди. Узун тиллари билан чақич босилгандай тароватсиз бурунларини ялайди. Олдидан бирор шарпа ўтар-ўтмас тамагир, мусиқасиз овозлари билан мўнграйди».
Нурсиз ва ғариб, зерикарли ва сийқа ҳаётга рамзи ишора бўлса, шунчалик бўлар! Сигирнинг кавш қайтариши – шавқсизлик, лоқайдлик... Офтобнинг шу сигир сағрисига тушиб туриши – эринчоқлик билан кавш қайтаришнинг сабабчиси ёки шуни кучайтирувчи ва асословчи бир восита...
Буларнинг бари майда ва мунгли ҳисларга тўла ўша ҳаётнинг образда жамлашган ифодаси... Бу ҳаётдаги бирдан-бир нарса:
«Отхонанинг тарновига иккита мусича қўнган, кукулашади. Парт-парт уришади».
Зерикарли турмушнинг рамзи ишораси ёнига яна бир рамзи ишора қўшилди. Мусича нимадан уришади – зерикишдан. Нар мусичалар ўз-ўзини шундай қизитади. Жиғилдон тўлгандан сўнг шундан бошқа иш ҳам қолмайди. Уриш – зерикишнинг бир сифати, холос.
Образларга эътибор қилинг, улар ё бир-бирини тўлдиряпти, ё бир-бирини кучайтиряти. Ҳар икки ҳолда ҳам улар бирлашиб, ҳикоянинг руҳини белгилаяпти. Муҳитга олиб киряпти, муҳитга ишора қиляпти... Муҳит ва унинг атрибутлари ўртасидаги мана шундай нозик мутаносибликни ҳис қилиб, ёзувчи уни ҳикоянинг ғоят муҳим бир элементига айлантиради.
Муҳит
Ёзувчи ҳикоя воқеасининг тимсолини келтиргандан сўнг дарҳол айни жанжал чиқишига сабаб бўладиган вазиятни равон чизади:
«Отхонага қарши солинган ўн бир ёғочли айвоннинг лабида мулла Дилкаш жазлиқ ямаб ўтиради. Юқорида ўрта яшар хотин пўстакка ётиб, ёнбошига бурма болиш қўйган. Ўртароқда санамaрaстaдай бир жувон даст ойнага қараб ўсма қўяди».
Тасвирланаётган персонажлардан ҳеч қайсиси бирон бир нарса устида жиддий қайғураётгани йўқ. Улар мутлақо ташвишсиз кўринадилар. Мабодо ташвишлари бўлса ҳам, у ҳеч нарсага арзимайдиган, майда ташвиш. Бундай вазиятдан райҳон иси эмас, уриш-жанжал иси келади. Персонажларнинг бу ҳолати ўқлоғлик турган милтиққа ўхшайди. Ёзувчи эса ҳикояни давом эттириш учун унинг тепкисини босади...
Мулла Дилкаш жазлиқ ямаб ўтирибди. Ўрта яшар хотин ёнбошига болиш қўйиб, ястаниб ётибди.
Мулла Дилкашнинг жазлиқ ямаб ўтириши унинг катта хотинга ўшқиришига туртки бўлади.
Хотиннинг ёнбошлаб ётиши мулла Дилкашнинг қитиғига тегади. Чунки шу жазликни ямаб, саллани ювиб қўйганда, «олам соф, сен йўқ, мен йўқ» эди. Шу хотиннинг касофатига қолиб, мулла Дилкаш бозор-ўчардан кечга қолди. Наинки, эр бўла туриб бу ишлаб ўтирсину, хотин ёнбошлаб ётсин:
« – Сендан шу сигир авлороқ. У ҳеч бўлмаганда кавш қайтаради. Сен-чи, сен бўлсанг, чайнаб берганда ҳам миннат билан ютасан».
Мулла Дилкаш агар: «Сендан ҳайвон авлороқ» ёки «Сендан сигир авлороқ» деганда, назаримда, қаҳрамон, муҳит ва унинг гапи ўртасидаги мутаносиблик бузилган бўларди. Молхонада турган сигир бир қадар ортиқчароқ, балки ўринсизроқ ва нари борса, шунчаки бир тасвирдай бўлиб қоларди. Лекин мулла Дилкаш ўз сўзига «шу»ни қўшиши билан бутун вазият ўзгаради.
«Сендан шу сигир авлороқ». Гап тамом. Икки ҳодиса ўртасида боғланиш пайдо бўлди. Хашакка ўт тушди:
« – А, нима дейсиз, мендан сигир авлороқми?..»
Бу сўздан сўнг хотин нима дейиши керак. Юқоридаги вазиятда кичик хотин – «санамарастадай бир жувон даст ойнага қараб ўсма қўйиб» ўтирган эди. Наинки, ўз кундоши олдида ҳақорат эшитиб қолаверади, ахир, у ҳам ҳеч нарсани муҳайё қилиб қўяётгани йўқ-ку! Нега энди кичик хотин қилмаган ишни катта хотин бўла туриб, бу қилиши керак? Бундан ташқари, мулла Дилкаш хотинининг энг нозик жойига наштар уряпти. Хотин ўзини кичик хотиндан хунукроқ дейишларини асло-асло истамайди. Орият ва нафсоният кучли. Уйда қамалиб ўтиришини ҳисобга олинса, бу янада даҳшатлироқ кўринади. Шунинг учун у, табиий, кундошига ёпишади «...агар мендан сигир авло бўлса, мана бу суюклигингиздан шу, паррихта мусича авло. Негаки, у бўтакасида бўтқа сақлайди. Бунингиз бўлса, нонуштани еб, тушлигини пойлайди. Худо кўтарсин, ҳафтада қайнар қозону, чакса унсиз қўш танурни». Устига-устак нега энди жазликни у ямар экан. «Суюк хотин хотину, куюк хотин хотин эмасми? Қачон қараса, ўсма-тасма, ҳеч бўлмаса гўри-кафан, салла-чопонни ювсин».
Ана энди ҳикоя экспозициясидаги мусича ўзининг иккинчи вазифасини ўтади. У рамз маъносидан энди воқеа ҳаракатини кучайтирувчи воситага айланди. Кичик хотиннинг беозоргина ўсма қўйиб ўтириши, катта хотин киноясида асосий ўққа айланиб кетди. Бу ўз навбатида кичик хотиннинг бундан кейинги ҳолатини бошқаради:
«Суюк хотин зарда билан ойнани ерга урди. «Бир тақа қошига ўсма қўйган, қўлида пилик, уввос тортиб йиғлади:
– Отам ўлсин, мени кундош устига бермай. Ҳар куни жанжал, ҳар куни жанжал, наҳотки, бир кун мундоқ рўшнолик бўлмаса...»
Катта хотиннинг гаплари уришавериб, ҳаётни кўравериб, пих ёрган, ҳар қандай заҳриқотил гапга, юз чандон кучлироқ заҳриқотил сўз билан жавоб бериши ҳеч гап бўлмай қолган, энди йиғлайвериб ёшини қуритган аёлнинг сўзларидир.
Кичик хотин уввос тортиб йиғлаяпти. Унинг гапларидан йиғи овози келиб турибди. Хўрланиб таҳқирланган, аммо ҳали турмушнинг аччиқ-чучугини кўп тотмаган аёлларгина шундай сўзлайдилар: «Ҳар куни жанжал, ҳар куни жанжал... (Келинг, пауза қилайлик. Худди шу сўзлардан йиғи овози келяпти. Ўксиб аёл йиғлаяпти, ёш аёл йиғлаяпти.) Наҳотки бир кун мундоқ рўшнолик бўлмаса...» Жувон кўз ёшларини артиб ўксияпти... Бу гапларнинг тагида умрлар фожиаси ётибди. Лекин Ғафур Ғулом ҳикояда фожиа сўзини тилига ҳам олмайди. Ёки мулла Дилкашнинг қандай қилиб кичик хотинга ва қандай қилиб катта хотинга уйланганини тушунтириб ўтирмайди. Қаҳрамонларнинг сўзлари ва хатти-ҳаракатлари ва ҳатто характерларини ҳам изоҳлаётгани йўқ. У қаҳрамонларини саҳнага олиб чиқди ва чекилди, қаҳрамонлар ўз ролларини ижро эта бошладилар...
Лекин воқеанинг бир этапи тамом бўлди. Китобхон ром этилди. Энди асосий воқеага кўчиш пайти келиб етди. Воқеанинг бу бўлагида мулла Дилкаш асосий роль ўйнайди. Шунинг учун ёзувчи уни китобхонга таништиради.
«Мулла Дилкаш исми хулқига мос тушган бир киши. Қишлоқма-қишлоқ чорбозорлик қилиб юриб, дунёнинг пасти баландини кўп кўрган. Бу шахснинг бошида «Давлати бор одам ҳафтада бир уйланса қани энди»дан бошқа фикр йўқ. Унинг жанжали ҳам «учинчи хотин»дан бошқа нарса эмас. Мулла Дилкаш уйланаверай ҳам дейди-ю, аммо кўпчиликнинг таъна-тавбасидан қўрқади. Бироқ «учинчи хотин»лик бўлиш фикри устун чиқади:
«Уйланасанми, мулла Дилкаш? Ҳазрати Баҳовуддин руҳига қасам бўлсинким, уйланаман. Бас, бу ғавғодан нима фойда? Бирор пири комилни топиб маслаҳат сўра, ишнинг бўладиган томонини кўзла...»
Чорбозорчининг ўйига диққат қилинг. Унинг назарида турмуш савдо-сотиқдан бошқа нарса эмас. Ўйи ҳам шуни акс эттиради: «...Ишнинг бўладиган томонини кўзла...», «...нима фойда?» Кўринадики, чорбозорчи умрни ҳам чорбозорга айлантирган.
Мўлтони чорбозорчининг ниятини амалга оширишда шариат бозингари Мулла Абдулбоқи Марғилоний раҳнамо бўлади ёки тўғрироғи, «олди-сотти»да даллоллик қилади. «Учинчи хотин» олиш учун биринчи хотинни эмиб, «она» қилишдек разолат ва шаръий ёввойилик шунда юзага чиқади.
Чорбозорчи ҳам, Мулла Абдулбоқи Марғилоний ҳам бу разилликни киприк қоқмай амалга оширадилар.
«Мулла Абдулбоқи ярим газ миқдори ўрнидан ирғиб тушди:
– Эмиб қўйибсиз?!
– Ҳов, тақсир!
– Шундайми, ҳамшира?
– Рост, айланай...
Мулла Абдулбоқи соқолини қўли билан таради.
– Тавба, кўп чакки бўлибди. Энди сиз эр-хотин эмас, она-бола бўлибсиз».
Бу – шариат ҳукми! Бу – кўксов қўй юрагидаги қуртдай одат, саноқли сўзлар ва бутун бир аянчли, ўксик манзара! Сўнган ҳаёт ва хотинликдан ўз эрининг «разойи оқ сут берган онасига ўтишнинг осонлиги – тақдирнинг аянчли ўйинлари! Бунга қарши бечора хотин нима қила оларди. Унинг ҳатто «Илоё мен ўлай!» дейишга ҳам ҳаққи йўқ. Чунки: «Бас», – деди мулла Дилкаш, мусулмон диёнатича номаҳрам олдида овоз чиқаргани учун. Ҳа, «Бас!» Асрлар оша, одат туғилгандан бери «Бас!» бўлиб келган эди...
Нимадир етишмаяпти
Лекин ҳикоя «Бас!» билан тугамайди. Чунки нимадир етишмаяпти. Нимадир дилда турибди. Ҳозирги ҳолатида ҳикоя даҳшатли воқеани китобхонга етказди. Лекин воқеанинг ўзи яна ниманидир талаб қиляпти. Сал-сал... Сал-сал... Ва ёзувчи қалам урди:
«Мадрасанинг эшигидан чиқарда мулла Дилкаш хотинига қараб:
– Она, – деди, ўзингиз бош бўлиб, яна биронта хотин олиб берасиз-да, икки хотинга ўрганган киши...
– Ўлинг илоё, онангиз нимаси, ҳеч бўлмаса «опа» денг, – деди бечора содда хотин».
Хотин ва мулла Дилкашнинг қиёфаси сўнгги аломат билан тўлдирилди. Воқеанинг даҳшати ана энди ҳиссиётга кўчди. У жонланиб, киши кўз олдида улкан фожиа, юракни эзувчи қисмат сўнгги садоларини топди...
Иккинчи қирра
[3] Л.Н.Толстой. «Об искусстве и литературе», том І. М., 1958, стр. 292.
МЕҲНАТ ВА ИНСОННИНГ ИНСОНГА
МУҚАДДАСЛИГИ
Баҳрамандлик ҳақида
Ҳаётимиз нашъу намосиз бўлмас, умргузаронликда бошқа фазилатлар шу нашъу намо билан баҳо топади.
Меҳнат ва қаҳрамонлик, инсонпарварлик ва олижаноблик, садоқат ва муҳаббат, фидокорлик ва ватанпарварлик қуёш парваришидаги ҳаётимизнинг олмос қирраларидир. Яъни булар ғояларимизнинг ва идеалларимизнинг асл мағзидир. Олмос қирралар жам бўлиб қуёш бўлади. Инсон қалбининг ҳарорати қуёшчалик бор. Шу қуёшчалик ҳароратнинг ҳовури адабиётимиз саҳифаларидан гуркираб турмоғи керак.
Адабиёт ҳаётдан, ҳаёт адабиётдан баҳраманд бўлади. Ҳаётдан баҳраманд бўлмаган адабиёт ҳеч қачон адабиёт саналмаганидай, адабиётдан баҳраманд бўлмаган ҳаёт ҳам юксак маданиятга молик ҳаёт деб ҳисобланмайди. Баҳрамандлик – етишмоқ, қонмоқ, ҳар жиҳатдан юксалмоқ, улуғ ғоялар билан мумтоз бўлиб олға интилмоқдир. Чунки баҳраманд бўлган кишигина кураш ва ҳаққоният, гўзаллик ва олий идеалларнинг қадрига етади. Қадрига етади деган сўз – уларнинг амалга ошиши учун жон фидо қилди демакдир.
Улуғ ҳаёт ва санъатдан баҳрамандлик улуғликни туғдиради. Гўзалликдан баҳрамандлик гўзалликка доя бўлади...
Жамиятимиз ва халқимизнинг улуғлиги улуғ адабиёт бўлишини талаб қилади. Ғояларимиз ва мақсадимизнинг поклиги санъат ҳам адабиётнинг бениҳоя гўзал бўлмоғини тақозо қилади. Бизда шундай адабиёт ҳам, санъат ҳам бор!
Баҳраманд қилмоқлик учун баҳраманд бўлмоқлик зарурийдир. Халқнинг буюк ҳаракатидан четда турган, улуғ назарияни чуқур эгалламаган, даҳо сўз усталари яратган неъматдан, ўз замондошлари ижодидан бехабар бўлган ёзувчи кимга нимадан хабар бериши мумкин, кимни нима билан баҳраманд қилиши мумкин. Нари борса у сентиментал ишқ ёки бевафо ёрдан (у, албатта, «ёр» дейди, гўё «севган қизи» деса ғализ чиқадигандай) йиғлоқи дард ёки бахтсиз деб тасвирлаётган қаҳрамонига юзаки ва юракни сиқадиган ачинишдан ҳикоя қилади...
Йўқ, бундан баҳраманд бўлувчи топилмайди. Бундай ёзувчи ҳар жиҳатдан ўз китобхонидан орқада қолган, ўз китобхоничалик турмуш тажрибасига ва оташин ҳиссиётига эга бўлмаган ёзувчидир. У яратган қаҳрамон ҳам суст ва мижғов, яъни китобхонга бирон жиҳатдан ўрнак бўлишга арзимайдиган қаҳрамондир.
Ёзувчи дунёқарашининг кенглиги, закийлиги, инсонга ҳамдамлиги, муқаддас саналган халқ қалбининг уришидан баҳра олиши – у яратган асарнинг қийматини белгилайди...
Бизнинг гуманизм
Ҳар биримиз ўз ҳаётимизнинг ва ўзгалар ҳаётининг файласуфларимиз, яъни ҳар биримиз қўшнимиз, қардошимиз, дўстимиз, сафдошимизнинг, қўйинг-чи, ҳар бир киши тақдирининг парвоналаримиз. Ҳар биримиз халқимиз кафтидаги чизиқларда намоён улуғ саодатнинг бинокорларимиз. Ёзувчи ҳам ўшандай бинокор!
Шундай экан, инсоният бешигини тебратаётган халқ – буюк гуманизм дурини нисор этаётган халқдир. Бу халқнинг ҳаётини ҳаққоний акс эттираётган адабиёт эса гуманистик адабиётдир. Бу фикр янги эмас. Лекин у ҳеч қачон эскирмайди ҳам. Чунки инсон ҳаёти «доимо ям-яшил дарахт» бўлса, шу дарахтнинг ҳикояси ҳам доимо ям-яшилдир.
Инсоният тарихи давомида гуманизм ғояси турлича кўринишларда намоён бўлиб келди. Лекин шуниси характерлики, то XIX – XX аср дунёқарашлари майдонга келгунча гуманизм фақат инсоннинг инсонга яхшилиги маъносидаги тушунча бўлиб келди. Фақат XX аср фанигина бу масаланинг кенг ва чуқур мазмунини очиб берди. Инсониятнинг баркамол демократик жамият қуриш йўлида олиб борадиган кураши ва буюк ислоҳотчилик ҳаракатлари замирида ҳам гуманизм ётиши бунинг яққол далили бўлади.
Биз амал қилаётган гуманизм – қайта яратувчи, ҳаёт ҳақиқатига айланган, олижаноб, чуқур ижтимоий моҳиятга эга бўлган, инсонпарвар жамиятнинг мақсадидан келиб чиқувчи бош йўналтирувчи кучдир.
Назаримда, демократик гуманизм – жамоавий бир куч, жамоавий бир қарашки, у худди ана шу фазилати билан ўтмиш асрлар гуманизмидан фарқланади. Бу гуманизмнинг чин ва забардаст сифати унинг демократлиги бўлади.
Кишининг кишига бўлган олижаноблиги, яхшилиги – бу гуманизмнинг бир элементи, унинг бошланиши, субҳисодиғи... Умуминсоний манфаатлар билан чирмашиб кетган гуманизм эса унинг қуёшли, серзиё эртасидир.
Гуманизм – эркинлик ва демократия билан узвий боғлиқ. Демократия тамойили бузилиши ҳамона гуманизмнинг олижаноб моҳиятига путур етказилади.
Шахсга сиғиниш даврида гуманизмнинг худди шу томони камситилди, айрим ўринларда топталди ҳам. Қайси жиҳатдан? Узоққа бормай, буни Ўлмас Умарбековнинг «Севгим, севгилим» қиссасида тасвирланган воқеа мисолида кўриш мумкин. Бу қиссада характерли мантиқий бир боғланиш берилади.
Инженер Воҳидов нима учундир қамалади. Қамалиши – ноҳақ. Инженер Воҳидов қамалдими, демак, у билан яқин дўст бўлган Усмон ака ҳам қамалиши тақозо қилинади. У қамалади. Булар кимлар? Винтчаларми? Йўқ. Улар жамият манфаати учун жон куйдирган, софдил кишилар, қалби Ватани ишқида меҳру муҳаббат билан лиммо-лим инсонлар – одамларнинг уларга берган баҳоси шундай. Хўш, улар нима учун, қандай қамалди? Ёзувчи бунинг сабабини негадир айтиб ўтирмайди, балки қўрққандир. У ўз қаҳрамонлари қандай одам бўлганларинигина кўрсатиб ўтади. Софдил одам ўша пайтларда нима учун қамалиши мумкин эди? Бунинг сабаби, кўпинча, иғво ва ишончсизлик, душман деб қараш бўларди. Эҳтимолларни ўша замонга кўра жуда кўп келтириш мумкин. Лекин ҳар қалай, бир нарса равшанки, софдил киши ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ қамалади. Қонунсизлик.
Бу қамалишнинг ўзидан ҳам кўра унинг оқибатлари даҳшатлидир. Биринчи оқибат: кишиларда ишончсизлик туғдиради. Эртаги кунни таҳликали қилиб қўяди. Иккинчи оқибат: ишончсизликнинг туғилиши фожиага сабаб бўлади. Ойпопукнинг ўлими шубҳа билан бўлган қамалишнинг натижасидир. Учинчи оқибат: Ойпопукнинг ҳалокати унинг атрофида бўлган одамларнинг руҳини яралайди, яъни шубҳа билан қамаш – маънавий зарар келтиради. Кишидаги ижодкорлик руҳини фалажлаб қўяди. Ижодкорлик эса меҳнат билан боғлиқдир. Меҳнат эса кишини жамият билан боғловчи, жамиятдаги ўрнини кўрсатувчи воситадир. Шундай экан, киши руҳини бўғиш – унинг меҳнатини бўғишдир. (М.Шолоховнинг И.В.Сталинга хатини эсланг.)
Ахир, меҳнат ва унинг шарафи – бу гуманизм-ку!
Демак, гуманизмнинг топталиши кишига ишончнинг йўқолишидан бошланади.
Шахсга сиғинишнинг оқибатларига чек қўйилгандан кейин ўша давр кишиларининг ижодий фаоллиги бениҳоя ошди. Эндиликда инсонга ишонч ва ҳар бир кишини юксак инсоний идеаллар руҳида тарбиялаш учун кураш марказий масалалардан бўлиб қолди. Биринчи навбатда шу муборак ишга хизмат қилиши керак бўлган бадиий адабиётда эртанги куни порлоқ бўлган янги инсон ва унинг маънавий гўзаллигини тасвирлаш кучайди. Реалистик адабиётда гуманизм назокат белгиси эмас, ҳаққоний инсонпарвар жамият белгиси бўлиб қолди
