Vanya tog‘a (pyesa) (cyr)
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Vanya tog‘a (pyesa) (cyr)


Антон ЧЕХОВ

 

ВАНЯ ТОҒА

 

Қишлоқ ҳаётидан олинган тўрт пардали пьеса.

 

ҚАТНАШУВЧИЛАР:

 

Серебряков Александр Владимирович — истеъфога чиққан профессор.

Елена Андреевна — унинг хотини, 27 ёшда.

Софья Александровна (Соня) — Серебряковнинг биринчи хотинидан бўлган қизи.

Войницкая Мария Васильевна — махфий советникнинг тул хотини, профессорнинг биринчи хотинининг онаси.

Войницкий Иван Петрович — унинг ўғли.

Астров Михаил Львович — врач.

Телегин Илья Ильич — камбағал бўлиб қолган помешчик.

Марина — қари энага. Хизматкор.

 

Воқеа Серебряковнинг қўрғонида ўтади.

 

 

БИРИНЧИ ПАРДА

 

Боғ. Уй ва айвоннинг бир чеккаси кўриниб туради. Қари терак остидаги хиёбон ўртасига чой учун стол тайёрланган. Скамейка dа стуллар. Скамейканинг бирида гитара ётибди Столдан cал нарида ҳайнчоқ. Соат учлар чамаси. Ҳаво булут.

Марина (қариб мункиллаб қолган кампир, самоварнинг ёнида пайпоқ тўқиб ўтирибди) ва Астров (унинг ёнида у ёқдан-бу ёққа юрмоқда).

 

М а р и н а (стаканга чой қуяди). Ол, ич, отахон.

А с т р о в (истар-истамас стаканга қўл чўзади). Негадир кўнглим тортмайди.

М а р и н а. Балки ароқ ичишни истарсан?

А с т р о в. Йўқ. Мен кунда ароқ ичмайман. Бунинг устига ҳаво жуда дим бўлиб турибди.

 

Пауза.

 

Энага, танишганимизга неча йил бўлди?

М а р и н а (ўйлаб). Неча йил бўлди дейсанми? Эсим қурсин. Сенинг бу ерга, бизнинг томонларга келганингга қанча бўлди экан? .. Сен келганингда Сонянинг онаси, Вера Петровна ҳаёт эди. Сен у ҳаётлигида икки қиш қатнаган эдинг... Хуллас, ўн бир йилча ўтибди. (Ўйлаб.) Балки, бундан ҳам кўпроқдир...

А с т р о в. Ўшандан бери жуда ўзгариб кетдимми?

М а р и н а. Жуда ўзгариб кетдинг. Сен у вақтларда ёш, чиройли йигит эдинг, энди бўлса қариб қолдинг. Чиройинг ҳам сўнди. Бунинг устига ароқ ҳам ичасан.

А с т р о в. Ҳа... Ўн йил ичида бошқа одам бўлиб қолдим. Бунга нима сабаб? Иш еб ташлади, энага. Эртадан то қора тунгача юрганим-юрган, дам олиш нималигини билмайман, кечаси ўрнимда ётганимда ҳам, тағин битта-яримтаси касалнинг олдига судраб қолмасин, деб қўрқаман. Сен билан танишганимдан бери бирорта бўш куним бўлмади. Бу аҳволда қаримай бўладими? Бунинг устига турмушнинг ўзи ҳам зерикарли, бачкана ва ифлос... Турмуш ўз гирдобига тортиб кетади. Атрофга қарасанг, сени тентак одамлар қуршаб олганини кўрасан, уларнинг бари тентак; улар билан бир-икки йил яшасанг борми, тентак бўлганингни ўзинг ҳам сезмай қоласан, киши. Бу қисматдан қочиб қутулолмайсан. (Узун мўйловини бурайди.) Кўрдингми, мўйловим қандай узун... Бачкана мўйлов. Мен тентак бўлиб қолдим, энага... Ҳали ақлимни еб қўйганимча йўғ-а, худога шукур, миям жойида, лекин туйғуларим ўтмасланиб қолганга ўхшайди. Ҳеч қандай истак йўқ, кўнглим ҳеч нарсани хушламайди, ҳеч кимни севмайман... Ёлғиз сени яхши кўраман десам бўлади. (Унинг бошидан ўпади.) Болалигимда менинг ҳам худди сенга ўхшаган энагам бўларди.

М а р и н а. Балки бирор нарса егинг келаётгандир?

А с т р о в. Йўқ. Рўзанинг учинчи ҳафтасида мен Малицкое қишлоғига эпидемияга бордим... Терлама касали... Хонадонларда чўзилиб ётганларнинг саноғи йўқ... Ифлос, сассиқ, тутун, ерда беморлар билан бирга бузоқлар ётибди... Чўчқа болалари ҳам шу ерда... Кун бўйи овора бўлдим, ўтиришга қўлим тегмади, оғзимга ушоқ ҳам олмадим, уйимга келсам, нафасимни ростлаб олишга ҳам қўйишмади — темир йўлдан стрелкачини олиб келишган экан: операция қилмоқчи бўлиб столга ётқиздим, кейин хлороформ ҳидлатган эдим, ўлиб қолса бўладими... Керак бўлмаган пайтда, туйғуларим уйғониб кетди, мен уни қасддан ўлдиргандек виждон азобида қолдим... Ўтириб олдим, мана шундай кўзимни юмиб, хаёл суриб кетдим; юз — икки юз йил биздан кейин яшаган кишилар, уларнинг яшашлари учун биз йўл очиб бераётганимизни билишармикин, яхши сўз билан эслашармикин? Эслашмас-а, энага?

М а р и н а. Одам билмаса худо билади-ку.

А с т р о в. Раҳмат кампир, яхши айтдинг.

 

Войницкий киради. Войницкий (уйдан чиқади; у нонуштадан кейин ухлаган ва кўриниши сўлғин; скамейкага келиб ўтиради, ўзининг олифта галстугини тузатади).

 

Шундай...

 

Пауза.

 

Шундай...

А с т р о в. Калла пишдими?

В о й н и ц к и й. Ҳа... Роса. (Эснайди.) Профессор ўз рафиқаси билан бу ерда яшай бошлагандан буён турмушимиз ўз қолипидан чиқиб кетди... Ўз вақтида ухламайман, нонушта ва тушда маза-матрасиз овқатларни ейман, вино ичаман... Бу яхшилик аломати эмас! Илгарилари бир минут ҳам қўлимиз бўш турмас эди, Соня икковимиз ишлардик — нимасини айтасан; энди-чи, ёлғиз Сонянинг ўзи ишлайди, мен ухлайман, ейман, ичаман... Яхши эмас!

М а р и н а (бошини тебратиб). Хўп тартиблар расм бўлди-да! Профессор уйқудан соат ўн иккида туради, самовар бўлса азондан қайнаб ётади, ҳамма унинг туришини кутади. Булар келмасдан илгари, одамларга ўхшаб соат бирда овқатланар эдик, энди бўлса соат еттида. Профессор кечаси билан ўқиб, ёзиб чиқади, соат иккиларда тўсатдан қўнғироқ жаранглаб қолади денг... Нима бўлди, тақсир, деб югуриб борасан. Чой буюради. Уни деб ҳамма одамни уйғотасан, самовар қўйдирасан... Зап тартиблар бўлди-да!

А с т р о в. Улар бу ерда ҳали узоқ туришмоқчими?

В о й н и ц к и й (ҳуштак чалиб). Юз йил. Профессор бу ерда муқим туриб қолмоқчи.

М а р и н а. Мана ҳозир ҳам самовар икки соатдан буён столда, улар бўлса сайр-томоша қилгани кетишди.

В о й н и ц к и й. Келишяпти, келишяпти... Ташвишланма.

 

Овозлар эшитилади; боғнинг ичкарисидан сайр-томошадан қайтаётган Серебряков, Елена Андреевна, Соня ва Телегинлар кирадилар.

 

С е р е б р я к о в. Ажойиб, ажойиб... Гўзал манзаралар.

Т е л е г и н. Ғоятда гўзал, жаноби олийлари.

С о н я. Биз эртага ўрмонга борамиз, дада. Хоҳлайсанми?

В о й н и ц к и й. Жаноблар, чойга ўтиринглар!

С е р е б р я к о в. Дўстларим, малол келмаса, менга чойни кабинетимга олиб келинглар, менинг ҳали қиладиган ишларим бор.

С о н я. Ўрмон сенга жуда ёқади...

 

Елена Андреевна, Соня ва Серебряков уйга кирадилар; Телегин столга яқин бориб, Маринанинг ёнидан жой олади.

 

В о й н и ц к и й. Кун иссиқ, ҳаво дим-у, бизнинг улуғ олимимиз бўлсалар, пальто, калош кийиб олибдилар, қўлларида қўлқоп, зонтик кўтариб юрибдилар.

А с т р о в. Ўзини асраса керак-да.

В о й н и ц к и й. Елена қандай гўзал-а! Қандай гўзал! Умрим бино бўлиб бундан гўзалроқ хотинни кўрмаганман.

Т е л е г и н. Далада кетаётганимда ҳам, Марина Тимофеевна, салқин боғда айланиб юрганимда ҳам, мана бу столга назар ташлаганимда ҳам, мен таърифга сиғмайдиган лаззат оламан! Оби ҳаво жуда маромида, қушлар сайраган, ҳаммамиз тинч ва тотув яшаймиз, бундан ортиқ яна нима керак бизга? (Стаканни олиб.) Ғоят миннатдорман!

В о й н и ц к и й (хаёл суриб). Кўзларини айт... Ажойиб хотин-да!

А с т р о в. Бирор нарса гапириб берсанг-чи, Иван Петрович.

В о й н и ц к и й (истар-истамас). Нима гапириб берай?

А с т р о в. Янгиликлардан йўқми?

В о й н и ц к и й. Ҳеч бир.

...