Zardo‘sht tavallosi
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Zardo‘sht tavallosi

Фридрих Нитше

ЗАРДЎШТ ТАВАЛЛОСИ

БИРИНЧИ ҚИСМ

ДЕБОЧА



АЪЛО ОДАМ ВА ОХИРГИ
ОДАМ ЗИКРИ

1

Зардўшт ўттизга тўлганда, ўз юртини ва ўз юртининг ойнакўлини тарк этди-да, тоғларга чиқиб кетди. Бу ерларда у ўз руҳи ва ўз ёлғизлигининг лаззатини сурди ва ўн йил ўз бахт-иқболидан ўксинмади. Лекин кунлардан бир кун унинг қалби безовталанди – саҳар-мардон ўрнидан туриб, қуёшга тўғри рўпара келди ва унга шундай сўзлар билан тавалло қилди:

«Эй, Машриқ шаҳи! Агар мунаввар шуълаларингга интизорлар бўлмаса, сенинг бахт-иқболинг нимага ҳам арзирди!

Ўн йил мағорам узра балқиб турдинг: агар мен бўлмасайдим, менинг илоним ва менинг морим бўлмасайди, сен ўз нурларингдан ва ўз йўлларингдан ўзинг илон безган ва тўйган бўлардинг.

Лекин биз ҳар тонгда сени мунтазир кутардик, сенинг саховатингни жонимизга жойлардик ва сенга ҳамду сано ўқирдик.

Боқ! Мен ҳаддан ортиқ бол тўплаган асалари сингари ўз донолигимдан ўзим тўйиб кетдим; менга томон илтижо бирлан чўзилган қўллар бўлишини истайман.

Мен қўшқўллаб тортиқ қилиш ва саховат ёғдиришни истайман, токи одамларнинг ақллилари ўз телбаликларидан қувониб юрсинлар ва қашшоқлари – ўз бойликларидан шоду хандон ўлсинлар.

Шунинг учун мен пастга инмоғим керак; сен ҳам ҳар оқшом шундай қиласан, денгизга чўмасан ва дунёнинг у бетига ёруғлик элтасан, о, зарафшон сайёра!

Мен-да, худди сен каби ботмоғим керак. Мен ҳузурларига тушмоқчи бўлган одамлар буни шундай деб атайдилар.

Шунинг учун менга оқ фотиҳа бер, эй, сокин кўз, сен ҳаду поёнсиз бахту иқболга ҳам ҳеч қачон ҳасад қилмайсан!

Тўкилай деб турган жомни алқа, токи олтин шарбат оқиб, ҳар томонга сенинг шукуҳинг шуълаларини ёйсин!

Боқ, жом яна бўшамоқчи ва Зардўшт яна одамга айланмоқчи».

Зардўштнинг ботиши ана шундай бошланди.

2

Зардўштнинг ёлғиз ўзи тоғдан тушди, унга йўлда ҳеч ким дуч келмади. Лекин у ўрмонлиққа кирган чоғда, ўз муборак ҳужрасини ўтин териш учун тарк этган қари чол йўлиқди. Пир Зардўштга шундай сўзларни айтди:

«Бу мусофирни мен танийман: бир неча йил илгари бу ердан у ўтган эди. Ўзини Зардўшт деб атаган эди; лекин ортиқ у ўзгарибдир.

Ўшанда сен ўз хокингни тоғларга олиб чиқиб кетган эдинг: наҳот сен энди ўз оловингни водийларга элтмоқни хаёл қиласан? Наҳот сен ўт қўйгувчиларга бериладиган жазодан қўрқмайсан?

Ҳа, мен Зардўштни танидим. Унинг нигоҳи тоза ва забонида нафрат йўқ. Шу боисдан эмасми, у худди рақс тушаётган каби елиб боради.

Зардўшт эврилмиш, болага айланмиш Зардўшт, хобидан Зардўшт уйғонмиш: уйқуда ётганлардан сен энди нима истайсан?

Сен ёлғизликда худди денгиз мисол яшадинг ва денгиз сени ўз тўлқинларида кўтариб юрди. Эвоҳ! Сен ахир қуруқликка чиқишни хоҳлайсанми? Сен яна ўз лошингни ўзинг кўтариб юрмоқчи бўласанми?»

Зардўшт жавоб берди: «Мен одамларни севаман».

«Шунинг учун эмасми, – деб айтди пир, – мен ўрмон ва даштга чиқиб кетмишдим? Ахир шунинг учун эмасмиди, одамларни шунчалар севганим?

Энди мен Худони суяман. Суймайман мен одамларни. Наз­димда одам боласи бағоят чала. Одамга муҳаббат мени ўлдирган бўлур эди».

Зардўшт жавоб айлади: «Муҳаббат ҳақида мен нима дебман! Мен одамларга тортиқ олиб бораман».

«Уларга ҳеч нарса берма, – деди пир. – Яхшиси, уларнинг бирон нимасини ечинтириб ол ва улар билан бирга кўтариб бор – уларга шундан кўра авлоси йўқ: магар сенга ҳам худди шу авло бўлса!

Магар сен уларга тортиқ қилмоқчи бўлсанг, садақадан ортиқ тортиқ қилма ва яна мажбур қил, токи сендан тилаб олсинлар!»

«Йўқ, – деб жавоб айтди Зардўшт, – мен садақа бермайман. Бунинг учун унчалар қашшоқ эмас­ман».

Пир Зардўшт устидан кулди ва шундай деди: «Унда бир илож қил, токи сенинг ғазналарингни қабул қилиб олсинлар! Улар дарвешларга ишонмайдилар ва бизни тортиқ қилишга келган деб ўйламайдилар.

Бизнинг йўллардаги қадам товушларимиз уларга ҳаддан ортиқ мискин эшитилади. Улар ўз тўшакларида ётиб ҳали қуёш чиқмасдан бурун қадам сасларини эшитсалар, ўзларига ўзлари савол берадилар: қаерга бораяпти бу ўғри деб?

Ахир одамлар ичига борма, шу ўрмондаёқ қол! Яхшиси махлуқлар билан бўл! Нега сен мендек бўлишни истамайсан – айиқлар ора айиқ, қушлар ичра қуш?»

«Пирнинг ўзи ўрмонда нима қиляпти?» – сўради Зардўшт.

Пир жавоб айлади: «Мен қўшиқлар тўқиб айтаман: мен қўшиқлар тўқиётганимда куламан, йиғлайман ва ўз-ўзимга шивирлайман: мен Худога шундай ҳамду сано айтаман.

Бахши бўлиб, кулиб, йиғлаб, шивирлаб мен Худога сано айтаман, Худойимни улуғлайман. Лекин айт-чи, сен бизга нимани тортиқ қилмоқчисан?»

Зардўшт бу сўзларни эшитиб, пирга таъзим қилди ва шундай сўзларни айтди: «Сизга нимани ҳам берардим! Ижозат этинг, тезроқ кетайин, токим, сизнинг бирон нимангизни олиб қўйма­йин!» Шундай деб улар – қари пир ва одам ўз йўлларига кетдилар ва худди болалардек кула-кула айрилдилар.

Лекин Зардўшт ўрмонда ёлғиз ўзи қолгач, дилининг тубида шундай деди: «Шундай ҳам бўлиши мумкинми! Бул пири муборак ўз ўрмонида юриб ҳали эшитмаган экан-да, ахир аллақачон, худо ўлган!»

3

Ўрмон орқасидаги шаҳарга етиб келиб Зардўшт бозор майдонида йиғилган жуда кўп одамлар устидан чиқди: зотан, дор ва дорбоз ўйини ваъда қилинмиш эди. Шунда Зардўшт халойиққа қарата шу сўзларни айтди:

«Мен сизларга аъло одам ҳақида таълимот келтирдим. Одам шундайин бир хилқатдурким, ундан ошиб ўтмоқ керак. Сиз уни ошиб ўтмоқ учун нима қилдингиз?

Шу дамгача барча хилқатлар ўзларидан юқорироқ ниманидир яратдилар. Сизлар шу улуғ тўлқиннинг қайтиши бўлиб ўтирдингизларми? Одамдан ўтиш ўрнига тезроқ яна ваҳший ҳайвон қиёфасига киришга ошиқдингларми?

Одамнинг қошида маймун нима деган нарсадир? Кулги ёхуд азоби кўп шармандалик. Одам аъло одам қошида худди мана шундай ҳолатдадир: ё кулги ва ё азобингиз шармисорликдир.

Сизлар қуртдан одам бўлдингиз, лекин ҳамон кўп ҳолда қурт қобиғидан қутулмагансиз. Бир замон сиз маймун эдингиз ва ҳатто ҳозир ҳам аксар маймунлардан кўра кўпроқ маймундир?

Ичларингизда бўлмиш энг ақллиларингиз ҳам ҳатто ўсимлик билан хулё-шарпа ўртасида теб­раниб турган нораво бир шаклдир. Лекин мен ахир сизларга ўсимлик ёки шарпа бўлингиз деб айтаётирманми?

Қаранг, мен сизларга аъло одам ҳақида таълимот беражакман.

Аъло одам – заминнинг мазмуни. Сизнинг иродангиз айтсин: «Майли, аъло одам заминнинг мазмуни бўлсин!»

Биродарларим, мен сизга илтижо қилиб айтурман: заминга содиқ бўлингиз ва ер узра умид тўғрисида сизга сўзлаётганларга ишонмангиз! Ўзлари биларларми-билмасларми, барибир, улар заҳарлагувчилардир.

Улар ҳаётдан нафратланурлар, улар ўзларини ўзлари заҳарламишлар ва ўлимлари сари йўл олмишлар, ер улардан чарчамишдир: ўлим уларга!

Аввалда худобезорилик энг мудҳиш безорилик эрди. Аммо худо ўлди ва у билан бирга бу худобезорилар ҳам ўлдилар. Энди ерни ёмонлаш – энг мудҳиш жиноятдир, баайни билиб бўлмаснинг моҳиятини ер мазмунидан юксак билмоқ ҳам худди шундайдир.

Бир замон дил вужудга шундай нафрат билан қараган эди: ўшанда шу нафратдан кўра юксак­роқ ҳеч нарса йўқ эди; – у вужудни ориқ, манҳус ва оч кўришни истаган эди. У вужуд ва заминдан қочишни шундай кўзламиш эди.

У, бу дилнинг ўзи шунчалар ориқ, манҳус ва оч эди; шафқатсизлик бу дилнинг роҳати эди!

Лекин, эй, биродарларим, айтингиз: сизнинг вужудингиз дилингиз ҳақида нималар дейдир? Ахир сизнинг дилингиз қашшоқлик, лойқа сел ва ўз-ўзидан мамнунликдан ўзга нимадир?

Чиндан ҳам, одам бу – лойқа селдир. Бу лойқа селни ўзига ютиб яна тоза қолмоқ учун фақат денгиз бўлмоқлик керакдир.

Қарангиз, мен сизга аъло одам тўғрисида сўйлаяпман: у – ўша денгиз, унда сизнинг улуғ нафратингиз чўкиб кетгай.

Сиз бошингиздан кечиришингиз мумкин бўлган энг олий нарса нимадир? Бу – улуғ нафрат соатидир. Ўша соатда сизнинг бахт-иқболингиз кўзингизга манфур бўлиб кўрингай, манфур бўлиб кўрингай сизнинг ақлингиз ва сизнинг яхшилигингиз ҳам.

Ўша соатда сиз айтурсиз: «Менинг бахтим нимадур! У – қашшоқлик, ифлослик ва ўз-ўзидан ожизона мамнунликдир. Менинг бахтим менинг борлиғимни оқламоғи керак эди».

Ўша соатда сиз айтурсиз: «Менинг ақлим нимадур! Арслон ўлжа қидиргандай, у ҳам билим қидирармикин? У – қашшоқлик, ифлослик ва ўз-ўзидан ожизона мамнунликдир!»

Ўша соатда сиз айтурсиз: «Менинг яхшилигим нимадур! У мени телбавор қилмади. Мен қанчалар толдим ўз яхшилигимдан ва ўз ёмонлигимдан! Буларнинг бари қашшоқлик, ифлослик ва ўз-ўзидан ожизона мамнунликдур!»

Ўша соатда сиз айтурсиз: «Менинг адолатим нимадур! Кўрмайман мен – аланга бўлдимми ё чўғ бўлдим? Одил эса бу – аланга ва кўмирдир!»

Ўша соатда сиз айтурсиз: «Менинг шафқатим нимадур! Ахир шафқат – одамларга муҳаббат қўйганлар михланадурган салиб эмасми? Лекин менинг шафқатим хочга михланиш эмасдир».

Сиз аввал шундай сўйлаганмисиз? Сиз аввал шундай нидо қилганмисиз? Оҳ, қанийди, сизнинг шундай нидоларингизни эшитган бўлсам!

Сизнинг гуноҳингиз эмас – сизнинг такаббурлигингиз кўкларга фарёд соладур; гуноҳларингизнинг тубанлиги кўкларга фарёд кўтарадур!

Лекин сизни ўз тили билан ялайдирган чақмоқ қани? Сизга эм қилинадурган телбалик қани, қайда?

Қарангиз, мен сизга аъло одам ҳақида сўйлаб турибман: У чақмоқ, у телбалик!»

Зардўшт шуларни айтаркан, аллаким издиҳом ичидан қич­қирди: «Биз дорбоз ҳақида кўп эшитганмиз; бизга унинг ўзини кўрсатсинлар!» Бутун халойиқ Зардўшт устидан кулгани турди. Дорбоз эса бу гапларни ҳойнаҳой менга айтишяпти-ку, деб ўртага тушди.

4

Зардўшт эса халойиққа қараб таажжубга ботарди. Кейин у шундай деди:

«Одам бу – ҳайвон билан аъло одам ўртасида тортилмиш ар­қон, – у тубсиз чоҳ узра осилиб туради.

Ўтмоқ хатарли, ярим йўлда қолмоқ хатарли, орқага ўгирилиб қарамоқ хатарли, қўрқиш ва тўхташ хатарли.

Одам мақсад эмас, кўприкдир, ана шуниси муҳим: одам ўтиш ва маҳв бўлишдир, одамнинг шунисинигина севиш мумкин.

Мен ҳалок бўлишдан ўзгача яшай билмайдиганларни севаман.

Мен буюк манфурларни севаман, зотан, улар ўзга соҳилларга буюк иштиёқманд ва истакнинг ўқидирлар.

Мен шундайларни севаманки, улар ҳалок бўлиш ва маҳкумлик учун юлдузлар ортидан асос изламайдилар: аксинча замин қачонлардир аъло одам заминига айланмоғи учун ўзларини ерга қурбон қиладилар.

Мен шундай одамни севаманки, у билиш учун яшайди ва қачондир ер юзида аъло одам яшамоғи учун билишни истайди. Зотан, у шу тарзда ўз ҳалокатини истайди.

Мен шундай одамни севаманки, у аъло одамга макон қурмоқлик учун заҳмат чекади ва ихтиролар қилади ва унинг келмоғи учун ер, махлуқлар ва набототни ҳозирлаб қўяди: зотан, у шу тарзда ўз ҳалокатини истайди.

Мен шундай одамни севаманки, у ўз яхшилигини севади: зотан, яхшилик ҳалокатининг иродаси ва ўзга соҳиллар истакларининг ўқларидир.

Мен шундай одамни севаманки, у ўзи учун бир қатра руҳ асрамайди, лекин ўзи бутунлай ўз яхшилигининг руҳи бўлмоққа интилади: зотан, у худди мана шундай руҳ сингари кўприкдан ўтиб боради.

Мен шундай одамни севаманки, у ўз яхшилигидан ўз интилишлари ва ўз толеини ясайди: зотан, у худди мана шундай ўз яхшилиги учун яшашни истайди ва бошқа яшашни истамайди.

Мен шундай одамни севаманки, у ҳаддан ташқари кўп яхшиликларга эга бўлишни истамайди. Битта яхшилик яхшидир иккита яхшиликдан, зотан, у толени тутиб турувчи тугундан кўра каттароқдир.

Мен шундай одамни севаманки, у қалбини тортиқ этади, у миннатдорчилик кутмайди ва миннатдорчилик қилмайди: зотан, у мудом ўзини тортиқ этади ва аямайди ўзини.

Мен шундай одамни севаманки, у ўйин омади ўзига келганда бундан уялгай ва ўз-ўзидан сўроқлагай: «Наҳот мен ғирром ­ўйинчи бўлсам?» – зотан, у ўз ҳалокатини истагай.

Мен шундай одамни севаманки, у ўз амалидан бурун олтин сўзларни айтади ва доимо айтганидан кўра кўпроқ ишни қилади: зотан, у ўз ҳалокатини истайди.

Мен шундай одамни севаманки, у келажак одамларни оқлайди ва ўтмиш одамларни халос этади: зотан, у ҳозирнинг одамларидан ҳалокат истайди.

Мен шундай одамни севаманки, у ўз Худосини суяди ва ўз Худосига жиддий қарайди: зотан, у ўз Худосининг қаҳридан ҳалок бўлмоғи керакдир.

Мен шундай одамни севаманки, унинг қалби ҳатто жароҳатларда ҳам терандир ва у салгина синовдан ҳалок бўлмоғи мумкин: шу боис у ўзи хушлаб кўприкдан ўтиб боради.

Мен шундай одамни севаманки, унинг қалби лиммо-лимдир, шу боис у ўз-ўзини унутади ва барча нарсаларни ўзида сақлайди: ана шундай қилиб барча нарсалар унинг ҳалокатига айланади.

Мен шундай одамни севаманки, унинг руҳи озоддир ва унинг қалби озоддир: зотан, унинг боши қалбининг ичгинасидир, унинг қалби эса уни ҳалокатга етаклайди.

Мен шундайларни севаманки, улар одамзод боши узра осилиб турган қора булутдан бирин-сирин сизилиб тушаётган оғир томчилардирлар: чақмоқ яқинлашаётир, деб башорат қиладилар ва худди кароматгўйлар сингари ҳалок бўладилар.

Қарангиз: мен чақмоқ даракчиси ва булутдан томаётган оғир томчиман: лекин бу чақмоқнинг номи аъло одамдир».

5

Зардўшт шу сўзларни айтиб, яна халойиққа қаради ва жим бўлиб қолди. «Мана улар қараб турибдирлар, – деди у ўз дилига, – мана улар кулиб турадирлар: улар мени тушунмайдилар, менинг сўзларим уларнинг қулоғига кирмайди.

Наҳот улар кўзлари билан тингламоқлари учун аввал уларнинг қулоқларини чўзиш керак бўлса? Наҳотки ноғора қоқмоқ керак ва наҳот тавбаларга таянтирмоқ керак? Наҳот улар фақат дудуқларгагина ишонадилар?

Уларнинг бир нималари бор, шу бир нималари билан ғурурланадилар. Лекин уларни мағрур қилган нарсани улар нима деб атайдилар? Улар буни маданият деб атайдилар, маданият уларни подачилардан ажратиб туради.

Шунинг учун улар ўзлари ҳақда «манфур» сўзини эшитишни истамайдилар. Мен уларнинг ғурурига сўйлайман.

Мен уларга энг манфур хилқат ҳақда сўйлайман: у хилқат энг охирги одамдир».

Зардўшт халойиққа яна шуларни айтди:

«Одам ўз олдига ўз мақсадини қўядиган вақт келади. Одам ўз умидининг энг олий донасини экадиган вақт келади.

Бунинг учун унинг замини ҳали етарлича бой. Аммо бу ер бир кун келиб ориқ ва беҳосил бўлиб қолгай ва унда битта ҳам баланд дарахт ўсмагай.

Вовайлато! Шундай бир вақт келаётирки, унда одам энди истак ўқларини одамдан кўра юқори отолмагай ва унинг камон ипи ўқтираш нималигини билмаяжак.

Сизларга айтаман: рақс тушаётган юлдузни туғмоқ учун ўз жонингизда фазони олиб юрмоғингиз керак. Мен сизга айтаман: ҳали сизда фазо бор.

Вовайлато! Одам энди юлдуз туғмайдиган замонлар келаётир. Вовайлато! Энг манфур одамнинг замонаси келаётир, у энди ҳатто ўзини ўзи нафратга ботиролмайди.

Қарангиз! Мен сизларга энг охирги одамни кўрсатаман.

«Муҳаббат нимадир! Яратмоқлик нимадир? Интилмоқлик-чи? Юлдуз дегани нимадир?» – охирги одам ана шундай деб сўраб туради ва кўзларини пирпиратади.

Ер кичкина бўлиб қолди ва ер узра ҳамма нарсани кичкина қилиб қўйгувчи кичкина одам сакраб-сакраб юрибди. Унинг уруғи суварак каби қирилиб битмагай; охирги одам ҳаммадан кўпроқ яшайди.

«Бахт-саодатни биз топганмиз», – дейдилар охирги одамлар ва кўзларини пирпиратадилар.

Улар яшашга совуқ мамлакатларини тарк этдилар: зотан, уларга ҳарорат керак. Улар қўшниларини ҳам суядилар ва унга суйкаладилар: зотан, уларга иссиқ керак.

Касалланмоқ ва шубҳаланиб юрмоқни улар гуноҳ санайдилар: зотан, улар эҳтиёткорона қадам босадилар. Фақат телбаларгина одамлар ва тошларга қоқилиб юрадилар!

Вақти-вақти билан андак заҳар ютадилар: шундан яхши тушлар кўрадилар. Охирида заҳарни кўпроқ ютмоқ керак: ўлим қийин бўлмагай.

Улар ҳали меҳнат қиладилар, зотан, меҳнат – роҳат. Лекин улар роҳатдан чарчаб қолмаслик чорасини кўрадилар.

Энди бошқа бойлар ҳам, камбағаллар ҳам бўлмагай: униси ҳам, буниси ҳам анча оворагарчилик. Яна ким бошлиқ бўлишни хоҳлайди? Ким бўйсунишни истайди? Униси ҳам буниси ҳам анча овора қилади.

Чўпон йўқ, ҳаммаси пода! Ҳар ким тенглик истайди, ҳамма тенг: кимда-ким бошқача англаса, у ўз ихтиёри билан жиннихонага йўл олади.

«Илгари бутун олам телба эди», – дейишади уларнинг энг ақллилари ва кўзларини пирпиратишади.

Ҳаммалари ақлли ва улкан ҳамма нарсаларни билишади: шунинг учун ҳеч тўхтамай кулавериш мумкин. Улар ҳали жанжаллашиб туришади, лекин тез ярашиб оладилар – бўлмаса, қоринлари оғриб қолади.

Уларнинг тунга аталган ўз кичкина роҳатлари бор, уларнинг кундузга аталган ўз кичкина роҳатлари бор: лекин соғлиқ – ҳаммасидан кўра афзал.

«Бахт-иқболни биз топганмиз», – деб айтишади охирги одамлар ва кўзларини пирпиратишади».

Шу ерда Зардўштнинг илк сўзи тугади, уни «Дебоча» деб ҳам атайдилар, зотан, худди шу ерга келганда издиҳом шодиёна қичқириб, унинг сўзини бўлди. «Бизга ўша охирги одамни келтириб бергил, о, Зардўшт, – деб қичқирдилар улар, – бизни ўшал охирги одамларга ўхшатиб қўйгил! Ўшанда биз сенга аъло одамни тортиқ қиламиз!» Бутун халойиқ шод-хуррам бўлиб, тилларини такиллатишарди. Аммо Зардўшт маъюсланиб қолди ва ўз дилига ўзи шундай деди:

«Улар мени тушунмайдилар: сўзларимни қулоқларига олмайдилар.

Афтидан дарахтларга кўпроқ қулоқ тутганга ўхшайман: энди уларга мен худди подачиларга сўйлагандай сўйлайман.

Тонгги тоғлар каби дилим матонатли ва нурафшон. Лекин улар мени совуқ деб ўйлайдилар, гўё мен оғир ҳазил-мазахлар қиламан.

Кўрингиз: улар менга қараб туриб, куладилар: кулиб туриб яна мендан нафратланадилар. Уларнинг кулгилари музга ўхшайди».

6

Шунда барчани ҳайрону лол қилиб қўйган бир воқеа рўй берди. Бинобарин, бу орада дорбоз ўз ўйинини бошлаган эди: у кичкинагина эшикчадан чиқиб келди-да, бозор майдони ўртасида икки минора ўртасида халойиқ узра тортилган арқонда юриб кетди. У ўз йўлининг ўртасига етганда, кичкина эшик яна очилиб, худди масхарабоз каби алвон либослар кийган барзанги кимса ундан отилиб чиқди-да, шитоб билан биринчи дорбоз кетидан юрди. «Тез юр, чўлоқ, – деб қичқирарди у ўзининг қўрқинчли овози билан, – тез-тез бўл, танбал қорамол, хуфия савдогар, башараси пес! Тепиб абжағингни чиқариб қўймай тағин! Сен бу миноралар орасида нима қилиб юрибсан? Сен минордан чиқдинг, сени ўша ерга қамаб қўйиш керак эди, сен ўзингдан кўра яхшироқнинг йўлини тўсяпсан!» – У қичқира-қичқира дорбозга яқинлаб борарди: унга етишига бир қадамгина қолганда, жуда ҳам қўрқинчли бир нарса бўлди, йиғилган барча халойиқ ҳангу манг бўлиб қолди: у иблисона бир ҳайқирди-да, йўлини тўсиб турган дорбоз устидан сакради. Биринчи дорбоз рақибининг устун келаётганини кўриб, бошини йўқотиб қўйди, арқонни кўрмай қолди, у ўз лангар чўпини ташлади ва ўзи ҳам лангар чўпидан ҳам тез пастга учиб кетди, оёқлари ва қўллари қуюндай чарх урди. Бозор майдони ва одамлар бўрон турган денгиз янглиғ чайқалдилар: ҳамма саросимада ҳар томонга қочди, кўплар дорбоз қулаётган ёққа ўзларини урдилар.

Аммо Зардўшт жойидан қимирламади, дорбоз унинг оёқлари остига тушди, мажақланиб, илвираб кетди, лекин ҳали унинг жони узилмаган эди. Андак ўтмай бечора кўзини очди ва ўз олдида тиз чўкиб ўтирган Зардўштни кўрди. «Сен бу ерда нима қилиб юрибсан? – деб сўради у ниҳоят. – Мен аллақачон билардим жин чалишини. Энди у мени жаҳаннамга қараб судраяпти: уни бу йўлдан қайтаролмайсанми?»

«Виждоним-орим билан қасам ичаманки, эй, биродарим, – деб жавоб қилди Зардўшт. – Сен айт­ган нарсалар ҳеч қачон бўлган эмас: на жин бор ва на жаҳаннам. Тананг совимай туриб, руҳинг учиб кетгай. Ҳеч нарсадан қўрқма!»

Дорбоз унга ишонқирамасдан боқди. «Агар гап­ларинг рост бўлса, – деди у, – ҳаётимни йўқота туриб мен ҳеч нарса йўқотмайман. Оч қолдириб, калтакланиб, ўйинга ўргатилган ҳайвонга қараганда, мен бир оз каттароқман».

«Унчалик эмас, – деди Зардўшт. – Сен хатардан ўзингга ҳунар ясагансан, бунинг нафратланадиган жойи йўқ. Энди сен ўз ҳунарингдан ҳалокатга учрадинг: шунинг учун мен сени ўз қўлларим билан ерга кўмишни истайман».

Зардўштнинг бу сўзларига ўлаётган дорбоз ҳеч нарса демади, у қўлларини қимирлатди, миннатдорчилик билдирмоқчидай Зардўшт қўлларини қидирди.

7

Орада оқшом тушди ва бозор майдони тун зулматига ғарқ бўлди: халқ тарқалди, зотан, одам қўрқиб ва томоша қилиб ҳам ҳоради. Аммо Зардўшт ҳамон мурда ёнида ўтирар, ўз хаёлларига чўмган эди: у вақтни унутиб қўйган эди. Тун кириб, унинг совуқ шамоли ёлғиз ўтирган кимсага асар қилди. Шунда Зардўшт ўрнидан қўзғалди ва ўз қалбига ўзи деди:

«Чиндан ҳам, бугун Зардўштнинг ови бароридан келмиш. У одамни тутиб қололмади, бироқ у мурдани қўлга туширди.

Одамнинг туриш-турмуши безовталик ва боз устига доимо бемаъни: унинг толеига масхарабоз бўлмоқлик ёзилмишдир.

Мен одамларга туриш-турмушнинг маъносини англатмоқчиман: бу маъно аъло одамдир, қора булут ичидан чиққан чақмоқ-одамдир.

Лекин мен ҳали одамлардан узоқман ва менинг фикрим уларнинг фикрига сўзламай туради. Мен одамлар учун телба билан мурданинг нақ ўртасидадирман.

Тун қоп-қоронғи, Зардўштнинг йўллари қоп-қоронғи. Борайлик, совуқ, музқотган биродар! Сени кўмгали олиб борайин ва ўз қўлларим ила кўмайин».

8

Буларни Зардўшт ўз дилига ўзи сўйлаб, мурдани елкасига олди-да, йўлга тушди. Лекин у ҳали юз қадам ҳам юрмаган эди, аллаким орқасидан биқиниб-пусиб келди-ю, унинг қулоғига алланарсаларни шипший бошлади. Шипшиётган минорада кўринган масхарабоз эди. «Бу шаҳардан жўнаб кетгил, о, Зардўшт, – дерди у. – Сени кўплар бу ерда ёмон кўришади. Яхшилар ҳам, ёмонлар ҳам ёмон кўришади, улар сени ўзларига манфур душман деб билишади; сени мўминлар ҳам ёмон кўрадилар, сени халойиқ учун хатарли деб билишади. Устингдан кулганлари сенинг бахтинг: чиндан ҳам, сен худди масхарабоз каби сўз айтдинг. Итнинг ўлигига дуч келганинг сенинг бахтинг; шундай таҳқирлаб сен ўзингни қутқардинг. Лекин бу шаҳардан тезда чиқиб кетгил – акс ҳолда мен эртага сенинг устингдан худди тирик ўликнинг устидан сакрагандай сакрагайман». Шуларни айтиб, шарпа ғо­йиб бўлди; Зардўшт эса яна қоронғи кўчалардан йўлга тушди.

Шаҳар дарвозасида унга гўрковлар йўлиқишди; қўлларидаги машъалани унинг юзига тутишди; Зардўштни таниб, анчагача уни масхара қилиб турдилар. «Зардўшт итнинг ўлигини олиб кетаяптими? Баракалла, Зардўшт энди гўрковликни касб қилибди-да! Зотан, бизнинг қўлларимиз бундай ҳаром мурдадан ҳазар қилади. Зардўшт мабодо жиннинг луқмасини ўғирлаб кетмоқчи эмасми? Майлига! Иштаҳаси карнай бўлсин! Лекин жин ўғирликда ҳали Зардўштни ора йўлда қолдириб кетади! – у икковингни ўғирлаб кетади, у икковингни еб битиради!» Улар шундай деб кулишар ва бир-бирларига нималарнидир шипшир эдилар.

Зардўшт уларга жавобан ҳеч нарса демади ва ўз йўлига кетаверди. У икки соат ўрмонлар ва ботқоқлардан ўтиб борди, қулоқларига тинмай бўриларнинг оч увиллашлари эшитилиб турди. Ниҳоят у қаттиқ очқади. У жинчироқ, шуъла таратиб турган ёлғиз бир кулба олдида тўхтади.

«Очлик менга худди қароқчидек ташланмоқда, – деди Зардўшт. – Ўрмонларда ва ботқоқларда ташланади менга бу очлик, зулматли кечаларда менга ташланади бу очлик.

Менинг очлигимнинг ажиб инжиқликлари бор. Кўпинча у тушдан сўнг мени ҳол-жонимга қўймайди, бугун эса кун бўйи мен очлигимни сезмадим: қайси гўрларда тентиб юрган экан ул?!»

Шу сўзларни сўйлаб Зардўшт кулбанинг эшигини қоқди, қари чол чиқди, у қўлида чироқ кўтариб олган эди: «Келаётган ким ва ким менинг фаромуш тушларимни тўзғитган?»

«Тирик ва ўлик, – деб жавоб берди Зардўшт. – Нон-туз тотганим йўқ. Кундуз эсимдан чиқиб кетибди. Очни кимда ким тўйғизса, ўз дилини тўйдирган кабидир: ҳикматда шундай келган».

Чол ичкарига кириб дарҳол Зардўштга чавати нон ва шароб олиб чиқди. «Бизнинг томонларда очларнинг ҳоли ёмон, – деди у, – шунинг учун ҳам мен бу ерда яшайман. Одам болалари ва махлуқлар менинг дарвеш кулбамга келадилар. Бироқ чақир ҳамроҳингни у ҳам есин, ичсин, у сендан кўра ҳам чарчаган кўринади». Зардўшт бунга жавобан деди: «Ҳамроҳим ўлган, овқат егани кўндириш қийин». «Бунинг менга дахли йўқ, – деб тўнғиллади чол. – Кимда-ким менинг эшигимни қоқиб келаркан, мен берган нарсани қабул қилмоғи керак. Енглар, ичинглар, саломат бўлинглар!»

Шундан сўнг Зардўшт юлдузларга қарай-қарай яна икки соат йўл босди: зотан, у кечалари йўл босишга ўрганган эди ва уйқуга чўмган нарсаларнинг юзига назар солмоқни яхши кўрарди. Лекин тонг ёриша турганда, Зардўшт ўрмоннинг энг хилват ерига етди, у ёғига йўл йўқолди. Шунда у мурдани одам бўйи баландлигидаги дарахтнинг кавагига ўрнатди-да, – бинобарин, уни оч бўрилардан сақлаган бўлди, – ўзи ерга, юмшоқ хас-хашак устига чўзилди. Шу заҳоти уйқуга кетди, унинг вужуди ҳорган, лекин юраги метиндай мустаҳкам эди.

9

Зардўшт узоқ ухлади, тонг ёришди, кун пешин бўлди, мана, ниҳоят у кўзларини очди: Зардўшт ўрмон ва сукунатга ҳайратланиб боқди, у ўз-ўзининг ички дунёсига ҳайратланиб қаради. Ке­йин у қуруқликни кўрган маллоҳ каби шахт билан ўрнидан турди ва шодмон бўлди: зотан, у янги ҳақни кўрмиш эди. Шунда у ўз-ўзининг дилига айтди:

«Рўшнолик нури тушди менга: менга изимдан борувчи муридлар керак, тирик муридлар керак, мурда муридларни не қилай, уларни елкамга кўтариб истаган еримга элтаман.

Менга изимдан эргашгувчи тирик муридлар даркор, шундай қилсалар, улар ўзларига ўзлари эргашган бўлажаклар, улар мен истаган ёққа эргашиб боргайлар.

Менга рўшнолик нури тушди: Зардўшт халойиққа эмас, муридларга сўйламоғи керакдир! Зардўшт подачи ва поданинг ити бўлмагай!

Кўпларни мен подадан айириб олгали келдим. Халойиқ ва пода мендан норози бўлгай: Зардўшт подачилар ўртасида қароқчи деган ном қозонмоқчи.

Мен подачи деб айтяпман: лекин улар ўзларини яхши мўмин одам деб атайдилар. Мен подачи деб айтяпман: лекин улар ўзларини имонли деб атайдилар.

Қарангиз: яхши ва имонли одамларга! Улар кимни ҳаммадан кўпроқ ёмон кўрадилар? Улар ўзларининг тош лавҳаларини синдирувчиларни, вайронгарчилик келтирувчиларни, жинояткорларни ёмон кўрадилар улар: – лекин шулар эмасми яратувчилар.

Қарангиз: мўминларга! Ҳаммадан кўра кўпроқ кимни ёмон кўрадилар улар. Тош лавҳаларини синдирувчиларни, бузғунчилар, жинояткорларни ёмон кўрадилар: – лекин шулар эмасми яратгувчилар.

Яратгувчи мурдаларни эмас, шунингдек, подалар ва мўминларни эмас, муридларни ахтаради. Яратгувчи худди ўзига ўхшаш яратгувчиларни ахтаради, янги тошбитикларда янги нарсаларни ёзадиганларни излайди яратгувчи.

Яратгувчи муридларни ахтаради ва яна ўзи билан бирга ўрим ўргувчиларни ахтаради яратгувчи: зотан, унинг ҳамма нарсалари ўримга келган. Лекин унга юз дона ўроқ етмайди: шунинг учун у бошоқларни қўли билан юлади ва ғазаб отига минади.

Яратгувчи муридларни ахтаради ва яна ўз ўроғини яхши чархлайдиганларни ахтаради яратгувчи. Уларни бузғунчилар деб атайдилар, яхшилар ва ёмонлардан нафрат қилгувчилар деб атайдилар уларни. Лекин улар ҳосилни ўриб оладилар ва байрам қиладилар.

У билан бирга яратгувчиларни ахтаради Зардўшт, у билан бирга ҳосил ўрадиганлар ва байрам қиладиганларни ахтаради Зардўшт: подалар, подачилар ва мурдалар билан бирга нимани яратарди Зардўшт?

Сен, эй, менинг тўнғич муридим, хуш қол! Мен сени дарахтнинг кавагига яхшилаб беркитдим, бўрилардан сақладим.

Биз айриламиз, вақт келди. Тонгдан тонгга қадар мен ҳақ нималигини билдим.

Мен на подачи ва на гўрков бўла билгайман. Мен энди ҳеч қачон халойиққа сўйламасман: мен сўнгги марта мурда билан сўйлашдим.

Яратгувчилар, ҳосил ўргувчилар ва байрам қилгувчиларга қўшилгим келади: уларга мен камалакни кўрсатгим келади ва яна аъло одамга етакловчи барча пиллапояларни кўрсатгим келади уларга.

Мен ўз қўшиғимни дарвешларга айтаман ва жуфт-жуфт бўлиб яшайдиганларга айтаман мен ўз қўшиғимни. Ҳеч эшитилмаган нарсаларни эшитишга қулоғи борларнинг юракларини мен ўз бахтим билан вазндор қилмоқчи бўламан.

Ўз мақсадим сари интиламан мен, ўз йўлимдан йўллаб бораман мен. Ивирсиганлар ва ялқовланганлар устларидан сакраб ўтиб кетаман мен. Майлига! Менинг йўлим уларга ҳалокатли бўлгай!

10

Ўз дили билан ўзи шундай сўйлашарди Зар­дўшт, чошгоҳ бўлди: шунда у осмонга ажабсиниб қаради – зотан, боши узра қушнинг қаттиқ қичқирганини эшитди. Кўз қирини ташлаб, у лочинни кўрди: у кўкда кенг доира ясаб учарди, унинг билан бирга илон бор эди, лек ўлакса эмас, дугона эди: зотан, илон лочиннинг бўйнига маржондек ўралмиш эди.

«Мана менинг махлуқларим!» – деди Зардўшт ва кўнгли сурурга тўлди.

«Ер куррасидаги энг мағрур хилқат ва энг ақлли хилқат курраи арздаги – улар изқуварликка отландилар.

Улар Зардўшт тирикми, йўқми, билишни истайдилар. Чиндан ҳам, мен ҳали тирикманми ўзи?

Ваҳшийларга қараганда одамлар орасида бўлиш хатарлироқ экан. Зардўшт хатарли йўллардан юради. Майлига! Мени менинг махлуқларим йўллаб борсинлар!»

Зардўшт шундай деб ўрмонда учраган пирнинг сўзларини эслади, хўрсинди ва ўз дилига ўзи шундай деб айтди:

«Кошкийди мен донороқ бўлсам! Мен худди менинг илоним каби бирмунча доно бўлганимда эди!

Лекин мен ақл бовар қилмас ишни истайман: мен ўз ғуруримни ўз донолигим билан бирга бўлишини истайман доим!

Агарда қачонлардир донолигим мени тарк эта кўрса: – оҳ, у учиб кетишни севади! – ана унда майлига, менинг ғурурим менинг телбалигим билан бирга учиб кетсин!»

Зардўштнинг ботиши шундай бошланди.

ЗАРДЎШТ НОЛАЛАРИ


Уч бора эврилиш

Мен сизга руҳнинг уч бора эврилишини айтай: руҳнинг туя, туянинг арслон ва ниҳоят арслоннинг болага айланишини айтиб берайин.

Руҳнинг қийинчиликлари кўп, теран ибодатга қобил, қавий ва чидамли руҳ учун мушкулликлар кўп: энг оғир ва энг қийин нарсаларга интилади унинг салоҳи.

«Оғир нарса нимадир? – деб сўрайди чидамли руҳ ва худди туя сингари тиз чўкиб, устига яхшилаб юк ортишларини истайди.

«Энг оғир нарсанинг ўзи нимадир?» – деб сўрайди чидамли руҳ. Қаҳрамонлар, айтингиз, мен буни ўз устимга олай ва ўз кучимдан ўзим қувонай.

Қандай бўларкин бу: ўз кибрини азобга солиш учун ўзини ерга уриш, камситиш эмасмикин? Ўз донолигини масхаралаш учун ўз телбалигини кўз-кўз қилишга мажбурлаш эмасми?

Шундай эмасмикин бу: ғалабасини байрам қилаётганда бу ўз ишини ташлаб кетиш эмасми? Васвосни васвасага солиш учун баланд тоғларга кўтарилиш эмасми?

Шундай эмасмикин бу: болут ёнғоқлари ва билим ўт-ўланларини еб ҳақ учун кўнгил очлигига чидаш эмасмикин?

Шундай эмасмикин бу: касал бўлиб, таскин-тасалли берувчилардан воз кечиб, сенинг нима исташингни ҳеч қачон эшитмайдиган кар-гаранг­лар билан дўст тутиниш эмасмикин?

Ёхуд бу шундай эмасмикин: ҳақиқат сувига лойқа бўлса ҳам тушиб, олдига келган совуқ қурбақалар ва иссиқ чўл бақаларини эркалаш эмасми?

Ёки бу шундай эмасмикин: бизни ёмон кўрганларни севиб, бизни қўрқитмоқчи бўлган шарпаларни қучоқ очиб қаршилаш эмасми?

Матонатли руҳ ҳамма қийин нарсаларни ўз устига олади: устига юк ортилган, саҳрога ошиққан туя сингари у ҳам ўз саҳросига чопади.

Лекин саҳронинг энг хилват ерида иккинчи эврилиш рўй беради: руҳ бу ерда арслонга айланади, озодликка эришмоқни ва ўз саҳросида ўзи эга ва хўжа бўлмоқни истайди. Бу ерда у ўзининг сўнгги хўжасини қидиради: унга ва ўзининг сўнгги худосига душман бўлишни истайди, зафар қозонмоқ учун ҳайбатли аждар билан жанг қилсам дейди у.

Руҳ боқий хўжа ва худо деб аташни истамаган ўша ҳайбатли аждарнинг ўзи ким? «Сен қилишинг керак» – ҳайбатли аждарнинг исми шундай. Бироқ арслоннинг руҳи айтадирки: «Мен шуни истайман».

Пўстининг тангачалари ялтираган «Сен қилишинг керак», деган махлуқ олтин чизиқлари жимир-жимир этиб унинг йўли устида ётади ва ҳар ярқироқ тилла каби тангачасига «Сен қилишинг керак», деб ёзилган бўлади!

Минг йиллик қадрли нарсалар ярқирайди бу тангачаларда ва аждарларнинг ичида энг кучлиси шундай деб айтади: «Барча нарсаларнинг қадр-қиммати – менинг устимда ярқирайди».

«Қадр-қиммати бор нарсаларнинг бари яратиб бўлинган ва ҳар қадр-қиммати бор нарса бу – менман. Чиндан ҳам, «Мен истайман», деган нарса энди бўлмаслиги керак!» Шундай дейди аждар.

Биродарларим, инсон руҳига арслоннинг нима ҳожати бор? Тобе бўлган, тилини тийган ва тавозекор махлуқнинг нимаси қониқтирмайди?

Янги қадр-қимматлар яратишликми – бунга арс­лон ҳали қодир эмас. Аммо янги яратувчилик, эркинлик яратиш – бунга арслоннинг қудрати етади.

Курашиб эркин бўлиш ва ҳаттоки ўз бурчи қошида ҳам «Йўқ» деб айтолмоқлик – бунинг учун, биродарларим, арслон бўлмоқ керакдир.

Ўзи учун янги қадр-қимматлар ҳақини қозониш бу чидамли ва тавозекор руҳ учун энг даҳшатли музаффариятдир. Чиндан ҳам, бу унга талончилик бўлиб туюлади, фақат ваҳший ҳайвонларгина унга қодирлар, деб ўйлайди.

У қачонлардир «Сен қилишинг керак» деган нарсани ўз муқаддас саждагоҳи каби севарди: эндиликда шу саждагоҳда ҳам у бедодлик ва армонларни кўради. Ўз севгингдан ўз эркингни қозонмоқ истасанг, шу ғалаба учун арслон бўлмоғинг керакдир.

Лекин айтинглар-чи, эй, менинг биродарларим, ҳатто арслон қилолмаган нарсани сабий бола қила олурми? Нега ваҳший арслон яна бола бўлмоғи керак?

Бола маъсумлик ва унутишдир, янги иш, янги ўйин, ўз-ўзидан ғилдираб борувчи ғилдирак, илк ҳаракат, тасдиқнинг муқаддас сўзи.

Шундай, биродарларим, яратувчилик ўйини учун тасдиқнинг муқаддас сўзи керакдир: энди руҳ ўз иродасини истайди, ундан ажралган ўз дунёсини топади.

Мен сизга руҳнинг уч эврилишини айтдим: руҳ аввал туя бўлди, туя арслонга айланди ва ниҳоят, арслон бола бўлиб қолди.

– Зардўшт шундай деб нидо қилди. Ўшанда у «Ола сигир» деб аталмиш шаҳарда тўхтаган эди.

ЯХШИЛИКНИНГ МЕҲРОБЛАРИ

Зардўштга бир донишмандни мақташди: у тушлар ва яхшиликлар ҳақида сўйлашни билар экан. Шунинг эвазига у бағоят ҳурмат-эътибор қозонган, тақдирланган ва барча ёш-яланглар унинг меҳроби атрофига йиғилиб тиз чўкишарди. Зардўшт донишманд қошига йўл олди ва бошқа ёш-яланглар билан унинг меҳроби атрофига ўтирди. Донишманд шу сўзларни айтди:

«Уйқу олдидан номус-ор бўлсин! Биринчи шарт шу! Ёмон ухлайдиганлар ва тунда кўз юммайдиганлардан қочинглар!

Уйқу олдида ўғри ҳам уятлидир: тунда у жуда оҳиста қадам қўяди. Лекин тун қоровулининг уяти йўқ, уялмай ўз бурғусини чалади.

Ухлашни билиш – арзимаган нарса эмас: яхши ухлаш учун кун бўйи уйғоқ бўлишлик керак.

Кундуз сен ўн маротаба ўз-ўзингни енгмоғинг лозим: шундай қилсанг, яхшигина ҳорасан, бу кўнгилнинг банг лоласидир.

Ўн маротаба сен ўз-ўзинг билан муроса қилмоғинг керак. Чунки ўз-ўзини енгиш хафагезаклик – шу боис муросага келмаган ёмон ухлайди.

Кундуз чоғи сен ўн ҳақиқатни топмоғинг жоиз: акс ҳолда сен тун чоғи ҳам ҳақиқат қидирасан ва шунда кўнглинг оч қолади.

Кундузи сен ўн маротаба кулишинг жоиз ва қувноқ бўл: акс ҳолда тун чоғи сени қурсоғинг безовта қилгай, у эса қайғуларнинг отасидир.

Буни кўп одам билмайди. Лекин яхши ухлаш учун барча яхшиликларнинг эгаси бўлмоқлик керак. Ёлғон гувоҳликка ўтмадиммикин? Никоҳимга хиёнат қилмадиммикин?

Ўз яқинимнинг чўрисини хоҳлаб қолмадиммикин? Буларнинг бари яхши ухлагани халал беради.

Барча яхшиликларга эга бўлганда ҳам, яна бир нарсани унутмаслик жоиздир: барча яхшиликларни ўз вақтида уйқуга жўнатмоқ жоиз.

Бу дилбар аёллар бир-бирлари билан талашмасинлар! Сени деб эй, бадбахт!

Худо билан ва қўшнинг билан яхши муносабат қил: яхши уйқу шуни талаб этади. Яна қўшнининг шайтони билан ҳам тотув бўл! Акс ҳолда у тунда сенинг ётоғингга киради.

Бошлиқларни ҳурмат қил ва уларга бўйинсун, ҳатто бош­лиғинг чўлоқ бўлса ҳам, бўйинсун! Яхши уйқунинг шарти шу. Ахир менинг айбимми, агар бошлиқ чўлоқланиб юришни ёқтирса?

Ўз подаларини бўлиқ ўтзорларда боққан подачи энг яхши подачидир: бу ҳам яхши уйқунинг яна бир шарти.

Менга на катта шон-шараф ва на катта бойлик-хазина керак: униси ҳам, буниси ҳам қора талоқни ғаш қилади. Бироқ яхши номинг бўлмаса ва давлатинг етмаса, уйқунг ҳам етмайди.

Кўп ёмон ичида юргандан кўра оз яхшининг ичида бўлганинг маъқул. Лекин дўстларинг ҳам ўз вақтида келиб, ўз вақтида кетганлари соз. Бу ҳам яхши ухлашнинг бир шарти.

Менга яна руҳлари қашшоқ бўлганлар маъқул кўринади: улар уйқу келтирадилар. Агар ҳурматларини жойига қўйсанг, улар доим рози-ризоликдадирлар.

Яхшилик қилгувчи одамнинг куни шундай ўтади. Аммо тун кирганда, мен, албатта уйқуни чақиришдан ўзимни эҳтиёт қиламан! Уйқу ўзини чақиришларини истамайди, ҳолбуки у барча яхшиликларнинг хўжасидир.

Лекин мен кун бўйи нима қилганим, нима тўғрисида ўйлаганимни фикрлайман. Худди сигир каби кавш қайтариб, мен сабр-тоқат билан ўзимдан сўрайман: бироқ сенинг ўн тўсиқдан ўтишинг қандай бўлди?

Ўша ўн муроса, ўн ҳақиқат ва ўн маротаба кулги қандай бўлди? Улар ахир юрагимнинг сурури эдилар.

Қирқ фикрни бундай мулоҳаза этганда ва тарозига солиб кўрганда мени дарҳол кутилмаган уйқу ўз забтига олади, ахир у барча яхшиликларнинг хўжасидир.

Уйқу менинг кўзларимга ниш уради: кўзларим оғир тортади. Уйқу лабларимга қўнади ва улар ланг очилганча қолади.

Ҳақиқатан, ўғриларнинг яхшиси товушсиз қадамлар билан менга яқинлашади ва менинг фикрларимни тортқилаб кетади: ўшанда мен худди мана шу меҳроб каби тўнгакка айланаман. Лекин мен бу аҳволдан узоқ қолиб кетмасман: кейин мен чўзилиб ётаман».

Донишманднинг бу сўзларини эшитиб Зардўшт кўнглида куларди: зотан, унга рўшнолик нури тушган эди. У ўзига ўзи шундай дерди:

«Қирқ фикр ҳақида гап сотаётган бу донишманд чол менга телба бўлиб кўринади; лекин мен ишонаман, унинг уйқуси сокин ва осуда.

Бу донишманднинг ёнида яшамоқликнинг ўзи бахтиёрликдир! Бундай уйқу тез юқади. Ҳатто қалин деворнинг орқасидан ҳам юқади.

Меҳробининг ўзиёқ маҳлиё қилади. Ёш-яланг яхшилик жарчиси қошига йиғишлари бежиз эмас.

Унинг ҳикмати шундай: шундай кўз очиқ яшамоқ керакки, уйқу ором келтирсин. Чиндан ҳам, агарда ҳаётнинг маъноси бўлмаганда эди ва мен бемаъниликни танлашга мажбур бўлганимда эди, унда худди мана шу бемаънилик танлаб олиш учун энг лойиқ нарса бўлиб кўринган бўларди.

Мен энди равшан тушундим, илгари ҳаммадан олдин бир нимани қидирган бўлсалар, аввало яхшиликнинг мураббийларини қидирган эканлар! Ўзларига яхши уйқу қидирганлар ва банг лолалардан чамбар тутган яхшиликни излаганлар!

Шон-шарафларга чулғанган ушбу барча меҳроб донишманд­лари учун донишмандлик тушсиз уйқу билан баробар бўлган: улар ҳаётнинг шундан ортиқ маъносини билмаганлар.

Ҳозирда ҳам мана шу яхшилик жарчисига ўхшаган одамлар учраб турадилар, бироқ улар ҳар доим ҳам ҳалол бўлавермайдилар: аммо уларнинг вақти ўтган. Улар кўп турмайдилар, дам ўтмай чўзилиб ётажаклар.

Уйқу босганлар фароғатдадирлар: зотан, улар тезда ухлаб қолажаклар».

Зардўшт шундай нидо қилди.

НАРИГИ ДУНЁЧИЛАР ЗИКРИ

Бир куни Зардўшт ҳам барча нариги дунёчилар каби ўз хаёлларини одамнинг нариги дунёсига қаратди. Ўшанда менга дунё азоб чекаётган ва абгор бўлган Худонинг аъмоли бўлиб туюлди.

Ўшанда менга дунё туш ва Худонинг шоирона ижоди каби кўринди: илоҳий норизонинг кўз ўнгидаги ранго-ранг тутун мисоли гўё.

Яхшилик ва ёмонлик, шодлигу азоб, мену сен – бари менга Яратганнинг кўз ўнгидаги ранго-ранг дуд бўлиб кўринди. Яратган ўзидан ўз назирини эвиришни истади ва ўшанда у оламни бино қилди.

Азоб чекаётган кишига ўз азобидан юз эвириш ва ҳаммасини унутиш мастона шодиёна бўлиб хизмат қилади. Бир пайтлар менга дунё мастона шодиёна ва ўз-ўзини унутишдай кўринган эди.

Мангу зиддиятнинг акси ва нотамом тимсол, мангу нотамом бу дунё – унинг нотамом яратгувчиси учун мастона шодиёна, – бир маҳаллар дунё менга шундай бўлиб туюлди.

Шундай қилиб бир куни мен барча нариги дунёдагилар мисоли ўз хаёлларимни инсоннинг нариги томонига йўлладим. Ростдан ҳам, одамнинг нариги томонига?

Оҳ, биродарларим, мен билган ушбу худо барча бошқа илоҳлар сингари инсоннинг ижоди ва инсоннинг телбалиги эди!

У инсон эди ва бунинг устига инсоннинг ҳамда менинг менлигимнинг фақат қашшоқ бир бўлаги эди: Менинг ўзлигимнинг хоки туроби ва алангаи оташидан менга дуч келди ушбу хулё-шарпа! Чиндан ҳам, у менга нариги дунёдан кўрингани йўқ!

Нима бўлди ўзи, биродарларим? Мен азоб чекаётган ўзлигимни енгдим, мен ўзлигимнинг хоки туробини тоққа олиб чиқдим, ўзимга ортиқ нурафшонроқ аланга топдим. Қаранг энди! Шарпа мендан узоқлашиб кетди!

Энди бу менга азоб бўлмоғи мумкин ва соғаяётган одам учун қийноқ – шундай шарпаларга ишониш; энди бу менга азоб ва хўрлик бўлиши мумкин. Мен нариги дунёчиларга қараб шундай нидо қиламан:

– Нариги дунёларнинг бари азоблар ва ожизлик­лардан яралган ва фақат ҳаммадан кўра кўпроқ азоб чекувчигагина муяссар бўладиган ўша қисқа бахт телбалигидан яралган.

Ўлимга сакраган каби бир сакраб сўнгги нуқтага етишни истаган чарчоқ, нима қилишини билмай қолган чарчоқ, бошқа ҳеч нарсани хоҳламаган чарчоқ: ана ундан туғилди барча худолар ва нариги дунёлар.

Менга ишонинглар, биродарларим! Жисмдан умидсиз бўлган жисм алданган руҳнинг сўнгги деворларини қўллари билан пайпаслар эди.

Менга ишонинглар, биродарларим! Заминидан умидсизланган жисм борлиқнинг комидан чиқаётган товушларни эшитар эди.

Ана шунда у охирги деворларни боши билан ёриб ўтишни истади ва «ўзга дунё»га алҳол бутун жисми билан ўтмакни истади.

Лекин самовий ҳеч нарсанинг таркибига кирувчи ўшал инсондан холи, одамликдан йироқ дунё, «ўзга дунё» инсонга бутунлай берк эди; борлиқнинг номи ҳам одамга фақат одам саси билан сўзлайди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳар қандай борлиқни далиллаш ва уни сас бермоққа мажбур қилиш қийин.

Биродарларим, менга айтинглар-чи, барча нарсалардан аълороқ нарса энг яхши маънода исботини топган эмасми?

Ҳа, бу Мен ва унинг зиддиятлари ҳамда чалкашликлари ўз борлиғи ҳақида энг ҳаққоний сўзларни айтади, ҳа, бу ўша яратувчи, истовчи ва баҳолагувчи Мен – ҳар нарсанинг ўлчови ҳам қиммати.

Бу ҳаммадан ҳам ҳаққонийроқ борлиқдир. Мен – у ҳатто яратаётганда, орзуларга берилганда ва мажақланган қанотлари билан патирлаганда ҳам жисм ҳақида сўзлайди ва жисмга интилади.

Бу Мен тобора ҳаққонийроқ сўзлайди; у қанча кўп ўрганган сари жисм ва заминни улуғлашга шунча кўпроқ сўзлар топади.

Менинг ўзлигим Мен мени янги ифтихорга ўргатди: уни мен одамларга ўргатаман: бошингизни самовий нарсаларнинг қум-тўзонига тиқманг, уни баланд тутинг заминий бошингизни, у ер-тупроқнинг мағзи-маъноси дейман!

Янги иродага ўргатаман мен одамларни: инсон кўзларини юмганча ўтиб бораётган йўлдан юринг­лар ва уни мадҳ этинглар ва эндиликда мисоли беморлар ва ўлим ёқасида турганлар каби ундан четга чиқманглар асло дейман!

Тану тупроқни ёмон кўрганлар ва самою халоскор қон томчиларини кашф этганлар – улар беморлару ўлимни ёқалаб қолганлар эди; лекин ўшал ширин ва тунд оғуларни ҳам улар жисм ва тупроқдан олмишлар эди!

Улар ўз қашшоқликларидан қутулмоқчи бўлдилар, юлдузлар эса улар учун кўп йироқ эди. Ўшанда улар хўрсиниб ўкиндилар: «О, бўлсайди агар самовий йўллар ўзга борлиқ ва бахт сари ўтмасмидик биз!» – ана ўшанда улар ўз чўпчакларию қонли аталаларини ўйлаб топдилар!

Ул ношукрлар хаёл қилдиларким, гўёким ўз жисмларидан ва ушбу тупроқдан воз кечдилар, лекин ким олдида қарздорлар бу талвасалардан ва воз кечиш фароғатидан? Ўз жисмларию ушбу тупроқ олдида эмасми?!

Зардўшт беморларга шафқатли. Чиндан ҳам, уларнинг бу каби тасалли излашларию бундоқ кўрнамакликларидан озурда эмас. Майли, улар соғаювчию енгиб ўтувчилар бўла қолсинлар ва майлига ўзларига олий жисм ярата қолсинлар!

Соғайиб борувчидан Зардўшт хафа бўлмас, майли, соғаювчи суйиб ўз орзусига тикилсин ва қоқ ярим тунда ўз Худосининг қабрига ўғринча пусиб ўтсин; лекин мен учун унинг кўз ёшлари касаллик ва носоғ жисм бўлиб қолаверади.

Хулёларга берилган ва худога мафтун бўлганлар ичида доим бемор халқи кўп бўлган; улар билишни истаганга қаҳр қиладилар ва яхшилик­ларнинг энг кичкинаси бўлмиш, аталмиш ҳақгўйликдан нафратланадилар.

Улар ҳар доим орқага қоронғи замонларга қарайдилар: у замонларда ҳақиқатан ҳам, орзу ва ишонч бошқа-бошқа нарсалар эди, онгнинг исёнкорлиги тангриёна эди, шубҳа эса гуноҳ саналарди.

Жуда яхши биламан мен бу тангриёналарни: уларга ишони­­­­­­ш­­-­­
­­­­­­ларини ва боз устига шубҳа гуноҳ саналишини хоҳлашади яна уларнинг ҳаммадан кўра кўпроқ нимага ишонишларини ҳам яхши биламан.

Ҳақиқатан, нариги дунёлар ва халоскор қон томчиларига эмас, улар жисмга ҳаммадан кўпроқ ишонадилар ва ўз-ўзларининг жисмларига худди баайни нарса ўзида деб қарайдилар.

Лекин нарса ўзида уларга ғоятда касалманд нарса каби – шунинг боис улар ўз пўстларини жон-жон деб ташлаб чиқишни хоҳлайдилар. Шу боис улар ўлим тарғиботчиларига жон-жон деб қулоқ тутишади ва ўзлари ҳам нариги дунёларни тарғиб қилишади.

Яхшиси, биродарларим, соғлом жисм сасини тинглангиз: у ростгўйроқ ва мусаффороқ овоздир.

Баркамол ва тўртбурчак жисм, соғлом жисм ҳақ ва соф сўзлайди; у тупроқнинг маъноси ҳақида ҳикоя қилади…

Бу Зардўшт нидоси.

ЖИСМДАН ЖИРКАНУВЧИЛАР ЗИКРИДА

Вужуддан нафратланувчиларга мен ўз сўзимни айтай. Улар мени қайта-қайта ўқиб, қайта-қайта ёдлаб олмасинлар, улар фақат ўзларига мансуб вужуд билан хайру маъзур қилсунлар ва шу тариқа тилсиз гунгга айлансинлар.

«Мен тан ва жонман», – деб айтмиш болакай. Нега энди худди болалар каби, деб айтмаслик керак?

Лекин уйғоқ, билгич айтади: мен – танман, фақат тан, бошқа ҳеч нарса; жон эса тандаги нимадир ҳақида айтилган сўз, холос.

Тан – бу жуда катта ақл, бир онгдан кўпайган кўплик, уруш ва тинчлик, пода ва қўйчивон.

Танангнинг кичкина қуроли бу сенинг онгинг, укажон; сен бу кичкина аслаҳани «руҳ» деб атайсан, у эса сенинг каттакон онгингнинг ўйинчоғи.

Мен деб айтасан ва ғурурга тўласан бу сўздан. Ундан каттароқдир. Сен у балки бунга ишонмассан – сенинг каттакон онги бор танинг; у Мен деб айтмас, лекин Мен қилади.

Ҳис нимани ҳис қилар ва ақл нимани билар – ўзида ҳеч қачон ўз мақсади бўлмас. Лекин ҳис ва ақл сени ишонтирмоқчи бўлиб уринарларки, улар ҳамма нарсаларнинг мақсади деб: улар шунчалар қайсардирлар.

Ҳис ва ақл аслаҳа ва ўйинчоқдирлар: улар ортида яна ўзи ётади. Ўзи кўзлари билан ҳисни излайди, шу билан бирга ўзи руҳнинг қулоғи ила эшитади.

Ўзи мудом тинглайди ва қидиради. Ўзи қиёслайди, босиб олади, вайрон қилади, ўзи ҳукмрон, у ҳатто Меннинг ҳукмрони.

Биродарим, сенинг фикратинг ва ҳиссиётларинг узра янада қудратлироқ ҳукмдор, номаълум бир ҳаким қад ростлаб туради – унинг исми ўзидир. У сенинг танангда яшайди; у айнан сенинг вужудингдир.

Сенинг вужудингдаги онг сенинг олий ҳикматингдан кўра каттароқдир. Ва яна ким билсин, сенинг вужудингга сенинг олий ҳикматинг нимага ҳам керак?

Сенга тегишли ўзи сенга мансуб Мен устидан ва унинг мағрур (ҳакалак отишларидан) сак­рашларидан кулади. «Нима менга бу сакрашлар ва фикр парвозлари – деб айтади ўзига ўзи. – Менинг мақсадим сари айланма йўл. Мен Мен учун қайиш бўлиб хизмат қилади (чақимчиси) ва унинг тушунчаларининг тақлидчисидир».

Ўзи яна Менга айтади: «Бунда шодликни ҳис қил!» Мана, у хурсанд бўлур ва яна кўпроқ хурсанд бўлишни ўйлайди, – у худди мана шунинг учун ҳам ўйлаши керак.

Вужуддан нафратланувчиларга айтаман мен сўзимни. Улар нафратланган нарсаларини қўриқламасдан қўймаслар. Нима яратди қўриқламоқ ва нафрат ва қадрият ва иродани?

Яраттирувчи ўзи ўзи учун қўриқлаш ва наф­ратни тузди, у ўзига шодлик ва ғамни яратди. Яраттирувчи вужуд ўзи учун руҳ яратди мисоли иродасининг узун қўли каби.

Ҳаттоки ўз телбалигингиз ва нафратингизда ҳам, эй сиз тандан нафрат қилгувчилар, сиз ўз ўзи учун хизмат этурсиз. Мен сизга айтурман: Сизнинг ўзингиз ўлишни истайди ва ҳаётдан юз ўгиради.

У ўзи баридан кўпроқ истаган нарсани қилишдан ожиз, – ўзини бундан буён яратишдан ожиз. У буни баридан ортиқ истар, унинг бутун ҳирсу эҳтироси худди мана шунда.

Лекин энди унга ҳаддан зиёд кеч бўлди – шунинг учун сизга мансуб ўзи ўзига ҳалокат истайди, эй, тандан нафрат қилгувчилар.

Сизга мансуб ўзи ўлим истайди. Шунинг учун ҳам сизлар тандан нафрат қилгувчи бўлдингиз! Зотан, сиз бундан буён ўзингизни қайта яратолмассиз.

Шу боис ҳаёт ва еру тупроқдан сиз дарғазабсиз. Нафратингизнинг ғилай нигоҳида онгсиз ҳасад ғилдиллаб туради.

Сизнинг йўлингиздан юрмасман – эй, тандан нафрат қилувчилар! Мен учун сиз кўприк эмасдирсиз аъло одам сари олиб боратурғон!

Зардўшт шундай зикру нидо қилди.

ШОДЛИК ВА ЭҲТИРОСЛАР ЗИКРИДА

Биродарим, агар сенда яхшилик бўлса ва у сенинг яхшилигинг бўлса, унда сен бу яхшиликка бошқалар билан биргаликда эгалик қилолмайсан.

Албатта, сен унинг отини айтиб чақиришни истайсан, уни эркалагинг келади: сен унинг қулоғидан тортиб у билан ўйнашмоқни хоҳлайсан.

Ўзинг бир қара! Энди сен халқ билан бирга унинг номига эгалик қиласан, сенинг ўзинг ҳам ўз яхшилигинг билан биргаликда халқ бўлдинг, подага айландинг!

Сен яхшиси шундай десанг маъқул эди: «Қалбимнинг азоби ва лаззати, шунингдек, қурсоғимнинг очлигини ифодалашга сўз йўқ ва бунинг номи ҳам йўқ».

Майлига, сенинг яхшилигинг шунчалар юксак бўлсин, унинг номига ишонайлик ва мабодо сен унинг зикрини қилмоқчи бўлсанг, унда гувраниб, бидирлаб сўзлашдан тортинма.

Гапир бидирлаб: «Бу менинг яхшилигим, уни қандай яхши кўрсам, қандай менга бошдан охир ёқса, уни фақат шундай истайман.

Мен уни илоҳий қонун бўлсин деб, истамайман, мен уни инсоният низоми ва инсоният эҳтиёжи бўлсин деб, истамайман: майлига, у менга кўкка йўл кўрсатмасин, майлига, у менга жаннатга йўл кўрсатмасин.

Мен фақат ердаги яхшиликни севаман: унинг донишмандлиги озроқ ва барча одамларнинг ақлу онгидан кўра кичикроқ.

Лекин бу қуш менда ўзига ин қўйди, шунинг учун уни севаман ва кўксимга босаман – энди у менда олтин тухумларин босиб ўлтирар».

Сен шундай бижирлашинг ва ўз яхшилигингни мақташинг керак.

Бир маҳаллар сенинг эҳтиросларинг бор эди ва сен уларни золим деб атардинг. Энди сенинг ёлғиз яхшиликларинг бор: улар сенинг эҳтиросларингдан ўсиб чиқдилар.

Сен бу эҳтиросларга ўзингнинг олий аъмолларингни қўйдинг: Мана энди улар сенинг яхшиликларинг ва сенинг шодликларинг бўлиб қолди.

Мабодо сен гув этиб ёнадиган тажанглардан ва ёхуд лаззатпарастлар уруғидан, ёхуд жаҳолатпараст ва ёхуд қасоскорлардан бўлганингда эди:

Барибир охир-оқибат сенинг эҳтиросларинг яхшиликларга ва барча жину алвастиларинг – фаришталарга айланарди.

Бир маҳаллар сенинг қазноқларингда ёввойи итлар бўларди, лекин охир-оқибат улар қушлар ва хушлаҳжа куйчиларга айландилар.

Сен ўз заҳарларингдан ўзингга малҳам тайёрладинг; сен ўз сигиринг – қайғу-ҳасратларингни соғдинг – энди сен унинг кўк­ракларидан ширин сутлар ичасан.

Энди сендан ҳеч қандай зулм ўсиб чиқмас, фақат сенинг яхшиликларинг ўртасидаги курашдан бошқа бир зулм ўсиб чиқур.

Биродарим, мабодо сен бахтиёр бўлсанг, бу сенда битта яхшилик борлигини англатади, бундан ортиқ эмас: унда сен кўприкдан оппа-осон ўтиб кетасан.

Кўп яхшиликларга эгалик шарафли, лекин бу оғир қисмат ва қумлар саҳрога қочиб, ўзларини ўлдирдилар, зеро, улар яхшиликларнинг жанги ва жанг майдони бўлмоқликда ҳолдан тойиб қолдилар.

Биродарим, уруш ва жанглар ёмонми? Лекин бу ёмонлик зарурат, сенинг яхшиликларинг аро ҳасад ҳам, ишончсизлик ҳам, туҳмат-бўҳтон ҳам зарурат.

Ўзинг қара: Сенинг ҳар бир яхшиликларинг олий бўлишни истайди: у сенинг бутун руҳингни истайди, у менинг жарчим бўлсин дейди, у ғазаб, нафрат ва муҳаббатда сенинг бутун кучинг бўлишини хоҳлайди.

Ҳар бир яхшилик бошқасига нисбатан ўта рашкчи, рашкчилик эса ғоят ёмон нарса. Ҳатто яхшиликлар ҳам рашк боис ҳалокатга учрашлари мумкин.

Кимниким рашк ўти ёндирибди, у охир-оқибат худди чаён каби заҳарли нишини ўз-ўзига санчур.

Оҳ, биродарим, сен наҳот ҳеч қачон кўрмаган бўлсанг яхшиликнинг ўзига ўзи қандай туҳмат қилгани ва қандай ўзига ўзи ниш урганини?

Инсон рўй бергувчи бир нарса, шунинг учун сен ўз яхшилик­ларингни сев – зотан, сен улардан ҳалок бўлурсен.

Зардўшт шундай зикр қилди.

БЎЗАРГАН ЖИНОЯТКОР ЗИКРИДА

Ҳей, сиз, қозилар ва қурбонлик келтирувчилар, ҳайвон ўз бўйнини тутмагунча сиз ўлдиришни истамайсизми? Кўринг, бўзарган жинояткор бошини қуйи солди, унинг кўзларида улуғ нафрат сўйлаб туради.

Менга мансуб Мен рўй бергувчи алланима шайдир: «Менга мансуб Мен инсонга чексиз нафрат билдиришга хизмат қилади» – унинг кўзлари шундай деб туради.

Унинг ўзини ўзи қоралагани унинг энг олий дақиқаси эди; кимда-ким кўтарилган бўлса, унинг яна ўз тубсиз жарларига қулаб кетишига йўл қўйманг!

Ўз ич-этини еб азоб чекаётган одамга тез ўлимдан ўзга халос йўқ.

Қозилар, сизнинг қотиллигингиз қасос-хусумат эмас, раҳм-шафқат бўлсайди. Қатл қиларкан, буюринг, сиз ҳам ўз ҳаётингизни ўзингиз оқлангиз!

Ўзингиз ўлдираётган мақтул билан ярашиб олишингизнинг ўзигина етмайди. Сизнинг ғам-ҳас­ратингиз аъло одамга муҳаббат бўлсин: шундагина сиз ўзингизнинг ҳамон ҳаёт деб аталгувчи ҳаётингизни оқлайсиз!

«Золим» деб эмас, «душман» деб айтинг, «муттаҳам» деб эмас, «касал» деб айтинг, «гуноҳкор» деб эмас, «телба» деб айтинг.

Ҳей, сен, тажрибали қози, агар сен хаёлингда бўлса ҳам бажарган ишларни овозингни баланд чиқариб айтганингда эди, ҳар бир дуч келган бақириб юборарди: «Йўқотинг бу мурдорни, даф қилинг бу заҳарли илонни!»

Лекин фикр бошқа, иш бошқа, ишнинг кўзини билиш бошқа. Улар орасида сабабият ғилдираги айланмайди.

Ишнинг тимсоли бу бўзарган одамни бўзартирди. У ўз ишини адо этган чоғда юксакка кўтарилмиш эди, лекин иш рўй берганда, унинг тимсолини кўтаролмади.

У ҳамиша ўзига БИТТА адо этиладиган ишнинг адо этувчиси деб қарарди. Мен буни телбалик деб атайман: истисно унинг учун моҳиятга айланди.

Чизиқ товуқни ром қилиб қўяр; у ўзини бағиш­лаган шайтонийлик унинг шўрлик ақлини эласлаб қўяди – буни мен ишдан КЕЙИНГИ телбалик деб атайман.

Тинглангиз, ҳей қозилар! Яна бошқа бир телбалик ҳам бор – бу – иш ОЛДИДАГИ телбаликдир. Оҳ, сиз бу жон ичига унчалар ҳам чуқур судралиб кирмабсиз!

Тажрибали қози шундай сўйлар: «Ахир нима учун ўлдирди бу жинояткор? У талончиликни истади».

Лекин мен сизга айтай: унинг кўнгли талон-торожни эмас, қон тўкишни хоҳлади – у ханжар бахтига муштоқ эди!

Аммо унинг шўрлик ақли бу телбаликни тушунмади-да, уни ишонтирди. «Қондан нима фойда! – дерди у. – Сен ҳеч бўлмаганда бу орада талончилик қилишни хоҳламайсанми? Ўч олмайсанми?»

Шундан сўнг у шўрлик ақлининг сўзига қулоқ солди: унинг сўзи қалбига қўрғошиндай ботди ва мана ҳам ўлдирди ва ҳам талади. У ўзининг телбалигидан уялиб ўтирмади.

Энди яна гуноҳининг қўрғошини унинг елкасидан босади ва яна унинг шўрлик ақли шундай суюлиб, шундай беҳол бўлиб, шундай оғирлашиб қолди.

Агарда у бошини бир силкита олганда эди, унинг оғирлиги пастга думалаб кетган бўлур эди; лекин ким ушбу бошни силкита олади?

Ушбу одам нима дегани ўзи? Руҳ орқали дунёга ўтиб борувчи бир талай касалликлар: улар бу ерда ўзларига ўлжа қидирадилар.

Нима дегани ўзи ушбу одам? Ваҳший илонлар ўрами, улар бир-бирларига ўралиб ҳеч тинч туролмайдилар, – мана, улар ўрмалашиб бориб, дунёдан ўз ўлжаларини излашади.

Бу шўринг қурғур вужудга бир қаранг! Бечора бошига қандай азоблар тушгани ва нималарни истаганлигини бу шўринг қурғур бечора кўнгил ўзига ўзи тушунтирмоқчи бўларди – буни у қотилликнинг шодиёнаси ва ханжар бахтига бўлган чанқоқлик деб тушунтиради.

Кимки энди касал бўлса, унга ёмонлик ҳужумга ўтади, энди бу ёмонлик деб ҳисобланади: у ўзига азоб бераётган нарса билан азоб беришни истайди. Аммо бошқа замонлар эди ва бошқа эди ёмонлик ва яхшилик.

Бир маҳаллар шубҳа ва ўзингга қаратилган ирода ёмонлик эди. Унда бемор муртад ҳамда фолбинга айланарди: у бамисоли муртад ва фолбин каби азоб чекар ва бошқаларни азобга қўйишни истарди.

БЎЗАРГАН ЖИНОЯТКОР ЗИКРИ

Лекин бу сизнинг қулоғингизга сиғмайди: бу сизнинг яхшиликларингизга зарар келтиради, дейсиз менга. Аммо сизнинг яхшиларингиз билан менинг нима ишим бор?

Сизнинг яхшиларингиздаги кўп нарсалар менда нафрат қўзғайди, лекин рости улардаги ёмонлик эмас. Рости, мен уларнинг телба бўлиб қолишларини истардим, улар бундан ҳалок бўлур эдилар, худди анов бўзарган жинояткор каби!

Рости, уларнинг телбалиги ҳақ деб, ёки садоқат ва ёки адолат деб аталишини истардим. Ҳолбуки, ўз-ўзидан аянчли тарзда мамнун бўлиб узоқ умр кечирмоқлик учун уларнинг ўз яхшилик­лари бор.

Мен олов оқим узра қурилган кўприк панжарасиман. Кимда ким менинг этагимдан тутмоқчи бўлса, этагимдан тутсин. Лекин сизга қўлтиқтаёқ бўлмайман.

Зардўшт шундай зикр қилди.