Urush va tinchlik 2
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Urush va tinchlik 2

БИРИНЧИ ҚИCМ

I

1811 йилнинг охиридан бошлаб Ғарбий Европа зўр бериб қуролланишга ва куч тўплашга киришди, 1812 йилда эса миллионларча кишидан иборат бу куч (армияни ташийдиган, уни боқадиганлар) Ғарбдан Шарққа, Россия чегараларига қараб юриш қилди. Худди шунингдек, 1811 йилдан бошлаб Россия кучлари ҳам чегарага тўплана бошлаган эди. Ўн иккинчи июнда Ғарбий Европа кучлари Россия чегарасидан ўтди ва уруш бошланиб кетди, яъни инсоннинг ақл-идрокига ва табиатига сира тўғри келмаган воқеа юз берди. Миллионларча кишилар бир-бирларига шу қадар кўп жабр-зулм қилдилар, бир-бирларини алдаб, бир-бирларига хиёнат этдилар, қалбаки пуллар чиқариб, бир-бирларини таладилар, ўт қўйдилар, шу қадар кўп одам ўлдирдиларки, дунёдаги барча судлар солномаси ҳам бутун бир аср бўйи бунчалик кўп воқеани қайд қилолмаганди, аммо бу ишларни қилган кишилар ўша даврда ўз қилмишларини сира жиноят деб билмаган эдилар.

Бу фавқулодда воқеани юзага келтирган нарса нима эди? Бунинг сабаблари нима? Соддадил тарихчилар бунинг сабаби Ольденбург герцогининг ранжитилганлиги, континентал системага риоя қилинмаганлиги, Наполеоннинг ҳокимиятпарастлиги, Александрнинг қаттиқ туриши, дипломатларнинг хатолари ва ҳоказолар деб айтишади.

Бинобарин, Меттерних, Румянцев ё Талейран тантанали қабул маросими ва ё зиёфатлар орасида уриниб усталик билан номлар ёзишса ёки Наполеон Александрга Monsieur mon frère, je consens a rendre le duché au due d’Oldenbourg [1], – деб мактуб юборса гўё уруш бўлмас эмиш.

Албатта, ўша вақтдаги одамларга аҳвол мана шундай кўринган. Албатта, Наполеоннинг назарида урушнинг бошланишига Англиянинг иғвоси сабаб бўлган (св. Елена оролида шундай ҳам деган эди); албатта, Англия палатасининг аъзолари назарида урушнинг сабаби Наполеоннинг ҳокимиятпарастлиги бўлган; Ольденбург герцоги назарида эса урушнинг сабаби унга нисбатан қилинган зўравонлик; савдогарларнинг назарида эса, урушнинг сабаби Ғарбий Европани хонавайрон қилган континентал система; эски солдат ва генералларнинг назарида эса, уруш бошланиб кетишининг асосий сабаби уларни ишга солиш зарурияти; ўша замондаги монархия тарафдорларининг назарида эса les bons рrincipes [2] тиклаш зарурияти, ўша даврдаги дипломатларнинг назарида эса уруш бошланиб кетишининг сабаби Россиянинг 1809 йили Австрия билан тузган иттифоқи Наполеондан усталик билан сир тутилмаганлиги, 178-сон меморандум нобоп ёзилганлиги эди. Албатта, ўша даврдаги одамларнинг назарида уруш мана шу сабаблар натижасида бошланиб кетди. (Бу беҳисоб сабаблар миқдори хилма-хил нуқтаи назарларнинг сонига боғлиқ бўлган.) Аммо рўй берган ўша ҳодисани бутун улуғворлиги билан мушоҳада этадиган ва унинг оддий ҳамда даҳшатли маъносини уқадиган ҳозирги авлод учун, биз учун бу сабаблар кифоя қилмайдиган кўринади. Биз, Наполеоннинг ҳокимиятпарастлиги, Александрнинг қаттиқ туриб олиши, Англиянинг маккорона сиёсати, Ольденбург герцогининг ранжигани учунгина миллионларча насронийлар бир-бирини ўлдиргани, бир-бирини қийнаганига тушунолмаймиз. Буларнинг қатл ва жабру зулмларга нима алоқаси борлиги ақлга сиғмайди; герцог ранжитилганлиги туфайли Европанинг нариги бурчагидан келган мингларча одамлар нима учун Смоленск ва Москва губерниясининг одамларини ўлдиришди, ғорат қилишди ва ўзлари ҳам уларнинг қўлида ҳалок бўлишди?

Бизга, тарихчи бўлмаган, тадқиқот жараёнига берилиб кетмаган, шунинг учун ҳам бу воқеани соғлом ақл билан мушоҳада этадиган наслга бунинг сабаби ниҳоят; даражада кўп бўлиб кўринади. Бу сабабларни биз нақадар чуқурроқ ахтарсак, шу қадар кўпроқ топамиз ва ҳар бир алоҳида сабаб ёки бирмунча сабабларни алоҳида олсак, ҳар қайсиси ҳаққонийга ўхшаб кўринади ва айни замонда, ўша улуғ воқеаларга нисбатан жуда арзимас, ҳамда ўша воқеанинг юз беришига сабаб бўлиши (бир вақтда содир бўлган бошқа сабаблар назарда тутилмаганда) ҳақиқатдан йироқ нарсадек туюлади. Наполеон ўз қўшинини Висланинг нариги томонига олиб ўтишдан бош тортганлиги ва Ольденбург герцоглигини қайтариб бермаганлиги биринчи француз капралининг ҳарбий хизматга иккинчи мартаба киришни хоҳлагани ёки хоҳламаганидек бир гап. Зеро, ўша ва ўшанга ўхшаш иккинчи, учинчи ва мингинчи капрал ва солдатлар ҳарбий хизматга киришдан бош тортса, Наполеон қўшинида шунча одам кам бўлар ва уруш ҳам рўй бермас эди.

Агар Висланинг нарёғига чекин, деган талаб Наполеонга ҳақорат бўлиб тушмаса ва қўшинларига ҳужум бошлашни буюрмаса уруш бўлмас эди; лекин барча сержантлар иккинчи мартаба ҳарбий хизматга киришдан бош тортган тақдирда ҳам уруш бўлмас эди. Англия иғво қилмаганда, Ольденбург герцоги бўлмаганда ва Александр ўз иззат-нафсини таҳқирланган ҳисобламаганда Россияда мутлақ ҳокимият бўлмаганда, Францияда инқилоб бўлиб, оқибатда диктаторлик ва империя вужудга келмаганда, Франция инқилобини вужудга келтирган ўша нарсаларнинг ҳаммаси рўй бермаганда уруш бўлмас эди. Бу сабабларнинг биронтаси бўлмаганда ҳеч нима юз бермас эди. Демак, ана шу миллиардларча сабаблар бир-бирига тўғри келиб қолгани шу ҳодисани юзага чиқарди. Бинобарин, бу воқеанинг юз беришига бирдан-бир сабаб фалон нарса деб бўлмайди, бу воқеа содир бўлиши зарур бўлгани учунгина содир бўлди. Бир неча аср муқаддам Шарқдан Ғарбга бориб, ўзига ўхшаганларни ўлдирган оломон сингари, инсоний туйғу ва ақлу идрокини йўқотган миллионларча кишилар Ғарбдан Шарққа қараб йўл олиб, ўзига ўхшашларни ўлдириши керак эди.

Сиртдан қараганда урушнинг бўлиш-бўлмаслиги Наполеон билан Александрнинг бир оғиз сўзига боғлиқдай кўринса ҳам, аслида буларнинг ҳам ихтиёри худди сафарбар қилинган ёки солдатлик чекига тушган солдатнинг ихтиёрига ўхшаб ўз измида эмас эди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди, чунки Наполеон билан Александрнинг (бу воқеанинг рўй бериши гўё шуларга боғлиқ эди) хоҳиши рўёбга чиқиши учун сон-саноқсиз шарт-шароит бир-бирига мос келиши керак, буларнинг биронтаси бўлмаса бу воқеа юз бермас эди. Чинакам куч қўлларида бўлган миллионларча кишилар, – ўқ отадиган, озиқ-овқат ва тўп ташийдиган солдатлар, – бармоқ билан санарли бу ожиз одамларнинг иродасини бажо келтиришга рози бўлиши керак эди, шу билан беҳисоб мураккаб ва хилма-хил сабаблар кўрсатилиши керак эди.

Ақлга сиғмайдиган (яъни – англагани ақлимиз ожизлик қиладиган) ҳодисаларни изоҳ этмоқ учун тарихда тақдирга тан беришдан бошқа илож йўқ. Биз тарихда бу ҳодисаларни қанчалик ақлга мувофиқ бир тарзда изоҳлашга уринмайлик, улар биз учун шунчалик ақлга сиғмайдиган ва англашилмайдиган бўлиб қола беради.

Ҳар бир одам ўзи учун яшайди, шахсий мақсадларига эришмоқ учун ўз эркидан фойдаланади, бирон ишни ҳозир қила олиши ёки қила олмаслигини бутун вужуди билан сезади; бироқ бу иш қилиниши биланоқ маълум бир вақтда содир бўлган бу ишни қайтариб бўлмайди, у энди тарих мулкига айланади, ихтиёрий равишда қилинган иш эмас, зарурат оқибати бўлиб чиқади.

Инсоний ҳаётнинг икки томони бор: манфаати нақадар мавҳум бўлса шу қадар эркин бўлган шахсий ҳаёт белгилаб қўйилган қонун-қоидаларни бажаришга мажбур бўлган, шуурсиз ҳолда ғуж бўлиб яшаган инсонлар ҳаёти.

Инсон ўзи учун онгли равишда яшайди-ю, лекин тарихий мақсадларга, умумбашар мақсадларига эришмоқ учун онгсиз қурол бўлиб хизмат қилади. Содир бўлган ишни қайтариб бўлмайди, бу иш бошқа миллионларча одамларнинг иши билан бир вақтга тўғри келиб қолиб, тарихий аҳамият касб этади. Инсоннинг жамиятдаги мавқеи нақадар юксак бўлса, одамлар билан муносабати қанчалик кенг бўлса, бошқалар устидан ҳукмронлиги шунча кучли бўлади, унинг ҳар бир ҳаракати азалдан белгиланган ва ҳар бир ҳаракати шунчалик зарурий бўлади.

«Подшонинг қалби худонинг ихтиёрида».

Подшо – тарихнинг қули.

Тарих, яъни шуурсиз ҳолда ғуж бўлиб яшаган башариятнинг ҳаёти подшолар ҳаётининг ҳар бир дақиқасидан ўзи учун, ўз мақсадига эришмоқ учун қурол тариқасида фойдаланади.

Налолеоннинг назарида ҳозир, 1812 йили verser ёки nevers еr le sang de ses peuples [3] (Александр сўнгги мактубида шундай деб ёзган эди), ҳеч қачон ўзига бунчалик боғлиқ бўлмагандай туюлса ҳам, аслида умумий иш учун, тарих учун содир бўлмоғи керак бўлган ишни қилишга мажбур этадиган зарурий қонунларга ҳеч қачон ҳозиргидай тобе бўлмаган эди (назарида бу ишни ўз ихтиёри билан қилаётгандек эди).

Ғарбликлар бошқаларни ўлдирмоқ ва ўзларини ҳалок қилмоқ учун Шарққа қараб йўл олди. Сабабларнинг бир-бирига мос келиш қонунига кўра бу ҳаракат ва урушнинг бошланиши учун мингларча майда сабаблар бир-бирига тўғри келиб қолди: континентал системага риоя этилмади деб гинахонлик қилишлар, Ольденбург герцоги; қуролли сулҳ ўрнатиш учун (Наполеонга шундай кўринган эди) қўшинларнинг Пруссияга томон юриши, Франция императорининг урушқоқлиги ва бунинг халқ кайфиятига мос келиши, катта урушга тайёргарлик кўриш завқи, тайёргарлик кўриш учун қилинган сарф-харажатлар, бу харажатларни қоплайдиган фойдани қўлга киритиш зарурияти, Дрезденда калласини ғовлатиб қўйган иззат-ҳурмат, ўша вақтдаги одамларнинг нуқтаи назарига кўра тинчлик ўрнатишни чин кўнглидан истаб олиб борилган, лекин ҳар икки томоннинг ҳам иззат-нафсига теккан дипломатик музокаралар, юз бериши керак бўлган воқеага тўғри келиб қолган, унга мослашган бундан бошқа миллион-миллион сабаблар бор эди.

Олма пишса тагига тушади, нима учун тушади? Ер ўзига тортгани учунми, банди қуригани учунми, офтобда сўлигани, оғирлашгани учунми, шамол силкитгани учунми, ёки тагида турган бола олма емоқчи бўлгани учунми?

Буларнинг ҳеч бири сабаб эмас. Буларнинг ҳаммаси ҳар қандай ҳаётий, узвий, табиий воқеалар рўй берадиган шароитларнинг бир-бирига мос келиб қолишидан иборат, холос. Олма ҳужайранинг бузилиши ва ҳоказолар натижасида тўкилади дейдиган ботаник ҳам, дарахт тагида туриб «Мен олма егим келиб худодан тилаганим учун тушди» деб даъво қиладиган гўдак сингари ҳақли. Ости ўйилиб қўйилган – миллион пудли қоятош энг охирги ишчининг сўнгги зарбидан қулади деган киши ҳам ҳақ ва ҳам ноҳақ бўлгани сингари, Наполеон Москвага ҳужум қилишни хоҳлаб қолгани учун ҳужум қилди, Александр унинг ҳалокатини истагани учун ҳалок бўлди дейдиган киши ҳам ҳақ ва ноҳақдир. Буюк киши деб аталадиган одамлар тарихий воқеаларда ўша воқеага ном берадиган бир ёрлиқдирки, булар ёрлиқ сингари ўша ҳодисанинг ўзига камдан-кам алоқадор бўлади.

Уларнинг ўз изми-ихтиёрларига боғлиқдай кўринган ҳар бир фаолиятлари тарих нуқтаи назаридан қаралса, уларга боғлиқ бўлмаган, балки тарих жараёнига боғлиқ ва азалдан белгилаб қўйилган фаолиятдир.

II

Наполеон шаҳзодалар, герцоглар, қироллар ва ҳатто бир нафар императордан иборат сарой аҳли қуршовида уч ҳафта Дрезденда туриб, 29 майда жўнаб кетди. Жўнашдан олдин навозишга сазовор бўлган шаҳзодалар, қиролларга ва императорга дўстона муомала қилди, ўзига ёқмаган қирол ва шаҳзодаларни койиди; Австрия қироличасига ўзининг, яъни бошқа қироллардан олган марварид ва бриллиантларини инъом қилди, қиролича Мария-Луизани меҳр билан қучоқлаб, тарихчиси айтгандек, уни доғи-ҳижронда қолдирди. Парижда бўлак хотини бўла туриб, рафиқаси ҳисобланган Мария-Луиза бу айрилиққа бардош беролмагандай эди. Дипломатлар, гарчи ҳали сулҳ бўлишига қаттиқ ишониб, шу мақсад-йўлида жонбозлик қилаётган бўлсалар ҳам, император Наполеон император Александрга Monsieur mon frère [4] деб мактуб ёзганига, урушни истамайман, ҳамиша сени севаман, деб уни ишонтирганига қарамасдан, армияга томон йўл олди ва ҳар бир станцияда армиянинг Ғарбдан Шарққа қараб юришини тезлатадиган буйруқлар берди. У олти отли каретада маҳрамлар, адъютантлар, соқчилар қуршовида Позен, Торн, Данциг ва Кенигсберг йўлидан борар эди. Бу шаҳарларнинг ҳар бирида мингларча одам уни ҳаяжон ва хурсандлик билан қаршилади.

Армия Ғарбдан Шарққа томон юрмоқда, манзилларда отларини алмаштириб карета ҳам уни Шарққа қараб олиб кетмоқда эди. Ўнинчи июнда Наполеон армияга етиб келди ва Вилковисский ўрмонида, поляк графининг қўрасида, махсус ҳозирланган уйда тунади.

Эртасига Наполеон, армиядан ўзиб, коляскада Неман дарёси бўйига келди-да, полякча мундир кийиб, кечикни кўриш учун дарё бўйига кетди.

Дарёнинг у юзидаги (les Cosaques) казакларни ва ўртаcида Искандар Зулқарнайн истило қилган Скиф давлатининг пойтахти Moscou la ville sainte [5] турган бепоён чўлларни кўриб Наполеон кутилмаган ва стратегик жиҳатдан ҳам, дипломатик нуқтаи назардан ҳам бемаъни бўлган буйруқни, яъни ҳужум бошлаш ҳақидаги буйруғини берди, эртасига эса қўшин Немандан ўта бошлади.

12 июнда эрталаб Наполеон Неманнинг сўл томонидаги тик қирғоғига тикилган чодирдан чиқди ва Вилковисский ўрмонидан оқиб чиқаётган, Неман устига қурилган уч кўприкдан ўтаётган қўшинларни дурбиндан кузатди. Қўшинлар император шу ердалигини билишар, уни кўзлари билан қидиришар, тепаликдаги чодир олдида шляпа ва сюртуги билан мулозимларидан ажралиб турган Наполеонни кўргач, шапкаларини осмонга ирғитиб «Vive l’Empereur!» [6] – деб қичқиришар ва катта ўрмондан кети узилмай оқиб келаётган бу аскарлар сафларини бузиб, уч кўприкдан у томонга ўтишар эди.

Ёшу қари, табиати ва жамиятда тутган мавқеи ҳар хил бўлган одамлар:

– On fera du chemin cette fois-ci. Oh! quand il s’en mêle lui-même ça chauffe... Nom de Dieu... Le voilà!.. Vive l’Empereur! Les voilà donc les Steppes de l’Asie! Vilain pays tout de même. A revoir, Beauché; je te réserve le plus beau palais de Moscou. A revoir! Bonne chance... L’as tu vu, l’Empereur? Vive 1’Empereur!.. preur! Si on me fait gouverneur aux Indes, Gérard, je te fais ministre du Cachemire, c’est arrête. Vive 1’Empereur! Vive! vive! vive! Les gredins de Cosaques, comme ils filent. Vive l’Empereur! Le voilà! Le vois tu? Je l’ai vu deux fois comme je te vois. Le petit caporal... Je l’ai vu donner la croix à l’un des vieux... Vive l’Empereur [7] дер эдилар. Бу одамларнинг юзида кўпдан бери кутилган юришнинг бошланишидан ҳосил бўлган умумий севинч ифодаси ҳамда тепаликда турган кулранг сюртукли кишига нисбатан садоқат ва муҳаббат ифодаси барқ урар эди.

Ўн учинчи июнда Наполеонга чоғроқ зотли араб отини келтириб кўндаланг қилишди. У отга миниб, Неман кўприкларидан бирига томон йўрттириб кетди, севинч тўла суронлардан қулоғи қоматга келаётган Наполеон, афтидан, ўз императорига бўлган муҳаббатини ҳайқириқ билан ифода этаётган қўшинга бақиришни ман қилиш яхши эмаслиги учунгина зўрға чидаб турар, бироқ ҳамма ёқдан эшитилаётган бу қичқириқ унга малол келар, армия қошига келгандан бери унинг бутун фикру зикрини банд қилган ҳарбий ишлардан унинг диққатини чалғитар эди. У қайиқлар устида лапанглаб турган бир кўприкдан нариги қирғоққа ўтиб, отини бирдан сўлга бурди ва Ковнога томон йўрттириб кетди. Императорни кузатиш шарафига нойил бўлишдан беҳад хурсанд ва хушнуд бўлган гвардиячи суворий егерлар ундан сал олдинда, қўшинлар орасидан йўл очиб, от чоптириб боришарди. Кенг Вилия дарёсига етгач, соҳилда манзил қурган поляк найзадор отлиқ аскарлар полки олдида тўхтади.

Поляклар ҳам уни кўриш учун сафларини бузиб, туртиниб-суртиниб завқ-шавқ билан:

– «Виват! – деб қичқиришди.

Наполеон дарёни кўздан кечирди-да, отдан тушиб, қирғоқда турган бир ёғочга ўтирди. Имо қилиши билан унга дурбин беришди. У дурбинни терисига сиғмай чопқиллаганича келган маҳрамнинг елкасига қўйди-ю, нариги томонга қарай бошлади, кейин ёғочлар устига ёйилган харитани диққат билан кўздан кечирди. У бошини кўтармасдан, бир нима деган эди, икки адъютанти найза билан қуролланган поляк отлиқ аскарлари томон от чоптириб кетди.

Адъютантлардан бири яқинлашиб келганда поляк отлиқлари сафидан:

– Нима? У нима деди? – деган товуш эшитилди.

Саёзроқ бир жойни топиб, нариги томонга ўтишга буйруқ берилган эди. Поляк отлиқларининг полковниги, чиройли бир мўйсафид, ҳаяжондан қизариб ва тутилиб, адъютантдан: саёз жойни излаб ўтирмасдан, найзадорларим билан дарёдан кечаверсам бўлармикан деб сўради. У илтимоснинг рад этилишидан қўрқиб, от мингани ижозат сўраган ёш боладек, императорнинг кўз олдида дарёдан сузиб ўтишга ижозат сўради. Адъютант унга: бундай жонбозликдан император норози бўлмасалар керак, деб жавоб берди.

Адъютант шундай дейиши биланоқ мўйловли кекса офицернинг юзи ёришиб, кўзлари парпираб, қиличини кўтарди-да: «Виват!» деб қичқирди ва орқамдан юринглар, деб найзадорларига команда берди-ю, отини қамчилаб дарё бўйига тушиб кетди. Ҳуркиб турган отини ғазаб билан бир ниқтаган эди, от шалоплаб сувга тушиб, дарёнинг тез оқар жойига кириб кетди. Унинг кетидан юзларча отлиқлар от қўйишди. Дарёнинг суви совуқ, оқимининг тезлиги кишига даҳшат солар эди. Найзадорлар бир-бирига тармашиб отдан қулаб турарди. Баъзи отлар, одамлар сувга ғарқ бўлди. Қолганлар нариги қирғоққа чиқиш учун интилар, ярим километр нарида кечув бўлишига қарамай, хода устида ўтирган (ҳатто буларга эътибор қилмаётган) киши кўз олдида сувга чўкаётганлари ва сузаётганлари учун фахрланишарди. Қайтиб келган адъютант қулай фурсатни топиб императорнинг диққатини полякларнинг садоқатига жалб қилганда кулранг сюртук кийган кичкина одам ўрнидан турди ва Бертьени чақириб, амр-фармон бераркан, дарё бўйида у билан у ёқдан бу ёққа юриб сувга чўкаётган ва унинг диққатини чалғитаётган найзадорларга ҳар замонда норози назар ташлар эди.

Бутун ер юзида, Африкадан бошлаб Москва чўлларигача – ҳамма ерда одамлар уни кўрганда ҳайратда қолиб, ўзларини йўқотиб қўйишлари унинг учун янгилик эмас эди. У от келтиришни буюрди-да, отланиб қароргоҳига томон кетди.

Ёрдамга қайиқ юборилган бўлса ҳам, қирқтача отлиқ ғарқ бўлди. Кўпчилик қирғоққа қайтиб чиқди. Полковник билан бир неча киши сузиб нариги қирғоққа зўрға ўтиб олишди. Улар, шалаббо бўлиб, қирғоққа чиқишлари биланоқ боя Наполеон турган, ерга қараб ва шу дақиқада ўзларини бахтиёр сезиб, «Виват!» деб қичқиришди, лекин Наполеон у ердан кетиб қолганди.

Кечқурун Наполеон икки фармон орасида (бири, Россияга олиб бориладиган қалбаки қоғоз пулларни тезроқ келтиришни, иккинчиси, ўз мактубида француз армиясига берилган амру фармонлар ҳақида маълумот юбориб қўлга тушган саксониялик бир одамни отиш ҳақидаги фармон орасида) учинчи фармон берди, бу фармонга мувофиқ зарур бўлмаса ҳам ўзини дарёга ташлаган полковник Наполеоннинг ўзи бош бўлган шараф Легионига (Légion d’honneur) ёзилиши керак эди.

Quos vult perdere – dementat [8].

III

Рус императори, армияни кўздан кечириш ва маневрлар ўтказиш билан машғул бўлиб, бир ойдан бери Вильнода яшамоқда. Александр Петербургдан урушга тайёргарлик кўргани келган, ҳамма уруш бошланишини кутаётган бўлса ҳам, ҳали ҳеч нарса тайёр эмас, уруш ҳаракатининг умумий режаси ҳам йўқ тавсия этилган режалардан қайси бирини қабул қилиш тўғрисидаги иккиланишлар император армиянинг бош қароргоҳида бир ой турганидан кейин яна ҳам кучайди. Уч армияда алоҳида-алоҳида бош қўмондон бўлса ҳам, бутун армияга бош бўладиган: киши йўқ ва император бу лавозимни ўз бўйнига олмас эди.

Император Вильнода қанча кўп турса, уруш бошланишини кутавериб толиққан кишилар шунча кам ҳозирлик кўрарди. Подшо атрофидаги одамларнинг бутун-фикру зикри, қандай бўлса император ўз вақтини хурсандлик билан ўтказиб, бўлажак урушнинг ташвиши хаёлига келмас экан, деган фикр билан банддай эди.

Поляк мулкдорлари, сарой аҳллари ва подшонинг ўзи берган жуда кўп зиёфат ва сайиллардан кейин, июнь ойида, императорнинг бир поляк генерал-адъютанти генерал-адъютантлар номидан император шарафига зиёфат бериш керак, деган фикрга келди. Бу фикр ҳаммага маъқул бўлди, подшо ҳам розилик берди. Генерал-адъютантлар пул йиғишди. Балнинг бекачлигига подшога кўпроқ хуш келиши мумкин бўлган бир хоним таклиф қилинди. Вильно губерниясидаги мулкдор граф Бенигсен бу зиёфат учун шаҳардан ташқаридаги боғини берди, 13 июнда граф Бенигсеннинг Закретдаги боғида зиёфат, рақс, мушакбозлик ва қайиқ сайри бўладиган бўлди.

Наполеон Неман дарёсидан ўтиш ҳақида буйруқ берган ва унинг илғорлари казакларни қисиб, Россия чегарасидан ўтган куни Александр оқшомни генерал-адъютантларнинг зиёфатида, Бенигсеннинг шаҳардан ташқаридаги боғида ўтказмоқда эди.

Зиёфат жуда хурсандчилик билан ўтмоқда, ҳусншуносларнинг айтишига кўра, шунча гўзал хонимлар камдан-кам бир жойга йиғилар эди Подшони олиб кетгани Петербургдан Вильнога келган рус хонимлари орасида графиня Безухова ҳам бор эди, у рус аёлларига хос гўзаллиги билан зариф поляк хонимларининг ҳуснига соя солиб ўтиргандек эди. У подшонинг диққатини жалб этиб қолди ва Александр уни бирга рақс этмоқ шарафига нойил қилди.

Хотинини Москвада қoлдиpиб, ўз таъбирича en garсon (бўйдоқ) бўлиб келган Борис Друбецкой ҳам шу балда эди. У генерал-адъютант бўлмаса ҳам зиёфат учун катта пул берганлар қаторида эди. Борис давлатманд, хийла шуҳрат қозонган, бировнинг ҳимоятига эҳтиёжи қолмаган, тенгқурлари орасида юксак мавқедаги кишилар билан беллашадиган бир йигит бўлиб қолган эди. Кечаси соат ўн иккида ҳам рақс давом этмоқда эди. Элен танцада муносиброқ шерик топилмагани учун ўзи Борисни мазуркага таклиф қилди. Улар, учинчи марта ўз навбатларини кутиб ўтиришарди. Борис графинянинг қорамтир ҳарир кўйлаги остидан кўриниб турган чиройли елкаларига ҳар замонда бир лоқайд қараб, эски таниш-билишларидан гапириб ўтираркан, шу залда турган подшони бирон сония ҳам назардан қочирмади. Подшо рақсга тушмасдан эшик олдида турар, фақат ўзига хос ширин сўзлар билан гоҳ уни, гоҳ буни тўхтатиб гапга тутар эди.

Мазурка бошланганда Борис подшонинг энг яқин одамларидан бўлмиш генерал-адъютант Балашев сарой таомилига хилоф ўлароқ бир поляк хоним билан сўзлашаётган Александрнинг қаршисига келиб тўхтаганини кўриб қолди. Император хоним билан сўзини тугатгач, Балашевга савол назари-ла қаради ва бундан беодобликка муҳим бир сабаб борлигини англади шекилли, хонимга хиёл бош ирғаб, Балашевга юзланди, Балашев гапира бошлаши билан подшонинг юзида таажжуб аломати пайдо бўлди. У, Балашевнинг қўлтиғидан олди-да, беихтиёр икки томонга қараб уч сажен орқага чекинган одамларнинг орасидан ўтиб кетди. Император Балашев билан кетаётган вақтда Борис, Арякчеевнинг юзида изтироб аломати пайдо бўлганини кўрди. Аракчеев, подшога ер остидан қараркан, қип-қизил бурнини пишиллатиб, император мени чақирармикин, деган умидда, халойиқ орасидан чиқди. (Аракчеевнинг Балашевга ғайирлиги келаётганини, алланечук муҳим бир хабар бўлак киши орқали подшога етганидан изтироб чекаётганини Борис пайқади.)

Бироқ Александр Аракчеевга эътибор қилмасдан, Балашев ҳамроҳлигида, орқа эшикдан чароғон боққа чиқди, Аракчеев, бир қўли билан қилични ушлаб, атрофга ғазабнок назар ташлаб, подшодан йигирма қадамча берида бораверди.

Борис мазурка фигураларини ижро қиларкан, бутун ўйин давомида, Балашев қанақа янги хабар келтирди, қандай қилиб буни бошқалардан олдин билсам экан, деб бош қотирарди.

Хоним танлаши керак бўлган бир фигурада Борис Эленга: «Мен графиня Потоцкаяни рақсга таклиф қилмоқчиман, у хоним айвонга чиқди шекилли», деб шивирлади-да, паркет полда сирғаниб, боққа очиладиган эшикка томон югурди ва Балашев билан айвонга чиқаётган подшони кўргач, тўхтади. Подшо Балашев билан эшикка томон келмоқда эди. Борис четланишга улгурмагандай гангиб қолди ва одоб билан эшик кесакисига қапишиб, бош эгди.

Подшо шахсияти таҳқирланган киши сингари ҳаяжон ичида шу сўзлар билан гапини тугатаётган эди:

– Уруш эълон қилмасдан туриб Россия тупроғига кирса-я! Мен тупроғимда биронта ҳам қуролли душман қолмагандагина ярашаман!

Бориснинг назарида подшо бу гапларни зўр мамнуният билан айтаётгандай бўлди: у ўз фикрини шу тарзда ифода қилганидан хурсанд, аммо бу сўзларни Борис эшитганидан норози эди. Император қовоғини солиб Балашевга:

– Бу гап шу ерда қолсин! – деди. Борис бу сўз ўзига тааллуқли эканини уқди ва кўзини юмиб, таъзим қилди. Подшо яна залга қайтиб кирди-да, ярим соатча балда ўтирди.

Француз қўшинларининг Неман дарёсидан ўтгани ҳақидаги хабарни Борис ҳаммадан олдин эшитди ва шу туфайли баъзи бир муҳтарам зотлар олдида, бошқаларга аён бўлмайдиган кўп нарсалар менга аён бўлади, деб гердайишга баҳона топди ва оқибатда ўша шахслар олдида обрў-эътиборини кўтариб олди.

Француз қўшинларининг Немандан ўтганлиги ҳақида тўсатдан келган хабар бир ойлик интизорликдан сўнг ва яна зиёфат вақтида келгани, айниқса, кутилмаган ҳодиса бўлди. Бу хабар келган замон подшо ғазаб ва таҳқиp таъсири остида, кейинчалик тилларда достон бўлган ва ўзига ҳам ёқиб, барча туйғуларини ифодалаган қимматли сўзларини айтган эди. Подшо балдан қайтгач, кечаси соат иккида муншийси Шишковни чақиртирди ва қўшинларга буйруқ, фельдмаршал князь Салтиковга ёрлиқ ёзишни, бунда рус тупроғида биронта ҳам қуролли француз қолмагандагина ярашаман деган сўзни илова қилишни амр этди.

Эртаси кун Наполеонга қуйидаги мазмунда нома ёзилди:

«Monsieur mon frère. J’ai appris hier que malgré la loyauté avec laquelle j’ai maintenu mes engagements envers Votre Majesté, ses troupes ont frаnchis les fontières de la Russie, et je reçois à l’instant de Pétersbourg une note par laquelle le comte Lauriston, pour cause de cette agression, annonce que Votre Majesté s’est considérée comme en état de guerre avec moi dès le moment où le prince Kourakine a fait la demande de ses passeports. Les motifs sur lesquels le duс de Bassano fondait son refus de les lui délivrer n’auraient jamais me faire supposer que cette démarche servirait jamais de prétexte à l’agression. En effet cet ambassadeur n’y a jamais été autorisé comme il l’а déclaré lui-même, et aussitôt que j’en fus informé, je lui ai fait connaître combien je le désapprouvais en lui donnant l’ordre de rester a son poste. Si Votre Majeste n’est pas intentionnée de verser le sang de nos peuples pour un malentendu de ce genre et qu’elle consente à retirer ses troupes du territoire russe, je regarderai ce qui s’est passé comme non avenu, et un accommodement entre nous sera possible. Dans le cas contraire, Votre Majesté, je me verrai forcé de repousser une attaque que rien n’a provoquée de ma part. Il dépend encore de Votre Majesté d’éviter à l’ humanité les calamités d’une nouvelle guerre.

Je suis, etc.

(signé) Alexandre» [9]

IV

13 июнь кечаси соат иккида подшо Балашевни чақириб Наполеонга ёзган мактубини ўқиб берди ва бу мактубни француз императорига шахсан топширишини буюрди. Балашевни жўнатаётиб у яна ўша сўзни – рус тупроғида биронта ҳам қуролли француз қолмагандагина ярашишини ва бу сўзни албатта Наполеонга етказишини тайинлади. Бу сўзларни Наполеонга ёзгани подшо истиҳола қилди, чунки ўз мулоҳазасига кўра, ярашиш учун сўнг дафъа уринаётган пайтда бундай сўзларни айтиш яхши эмас эди, лекин бу сўзларни Наполеонга албатта оғзаки етказишни Балашевга писанда қилди.

Балашев 13 июндан 14 июнга ўтар кечаси бир нафар удайчи ва икки казакни ёнига олиб, йўлга чиқди ва тонготарда Неманнинг бу томонидаги француз аванпостига – Виконта қирғоғига етиб келди. Француз отлиқ соқчилари уни тўхтатди.

Тўқ қизил мундир, пахмоқ шапка кийган гусар унтер-офицери отлиқ келаётган Балашевни кўриб, «Тўхта!» – деб қичқирди. Бироқ Балашев дарров тўхтамади, отини битта-битта юргизиб келаверди.

Унтер-офицер қовоғини солиб, алланималар деб тўнғиллаб, Балашев устига бостириб келаверди-да, қиличини ушлаб рус генералига: «Кармисан, нимага эшитмайсан», деб ўшқирди. Балашев кимлигини айтди, офицерга хабар бергани унтер-офицер бир солдатни юборди.

Унтер-офицер Балашевни назар-писанд қилмасдан, ўз ўртоқлари билан полк ишлари ҳақида сўзлаб кетди ва рус генералига қайрилиб ҳам қарамади.

Олий ҳокимият ва зўр қудратга яқин турган, бундан уч соатгина бурун подшо билан сўзлашган ва умуман катта мансабларда бўлиб, иззат-эҳтиромга ўрганган Балашевга бу ерда, рус тупроғида ўзига нисбатан бундай ғаддорлик, ҳаммадан ҳам кўра дағал куч томонидан кўрсатилган бу ҳурматсизлик ғоят ғайритабиий туюлди.

Офтоб булутлар орасидан мўраламоқда, ҳаво салқин, шабнам тушган эди. Қишлоқдан пода чиқди. Чўлда тўрғайлар бирин-кетин, худди сув юзида қалқиб ёрилаётган пуфакчалардай сакрашиб чуғуллашмоқда.

Балашев қишлоқдан офицер келишини кутиб, атрофига қарарди. У билан бирга келган икки рус казак ва бир удайчи француз гусарларига, француз гусарлари эса уларга ҳар замон бир замонда индамай қараб қўйишарди.

Афтидан, ҳозиргина уйқудан турган француз гусар полковниги йилт-йилт қилиб турган бўз отга миниб, икки гусар ҳамроҳлигида қишлоқдан чиқди. Офицер ва солдатлар мамнун ва олифта, отлари ҳам ўйноқи эди.

Бу – уруш бошланган дастлабки кунлар эди, қўшинлар худди тинчлик вақтида кўрикдан ўтгани чиққандай тўкис, фақат кийимларида жанговар зеболик, юзларида ҳамиша уруш бошланиши олдида бўладиган хурсандлик аломати бор эди.

Француз полковниги эснашдан зўрға ўзини тийиб, ҳурмат сақлаб турди. У, афтидан, Балашев нима учун келганини тушунарди. У Балашевни солдатлари сафидан олиб ўтиб, императорга учраш шарафига тезда нойил бўлсангиз керак, билишимча императорнинг қароргоҳи шу яқин ўртада, деди.

Улар Риконта қишлоғидан француз гусарларининг отлари боғланадиган ғов ва қозиқлар ҳамда ўз полковнигига честь бериб, рус мундирига ажабсиниб қараётган соқчи ва солдатлар ёнидан ўтиб, қишлоқнинг у четига чиқишди. Полковникнинг гапига қараганда, икки километр нарида дивизия бошлиғи бўлиб, Балашевни ўша қабул қилиши ва керакли жойга олиб бориши керак эди.

Офтоб анча кўтарилиб, кўм-кўк майсалар устида жилваланарди.

Улар майхонанинг орқасига ўтиб, энди адирга чиққанда, рўпарадан, адирнинг нарёғидан бир гуруҳ отлиқ кўринди; буларнинг олдида, абзаллари қуёшда ярқираётган қора от устида шляпасига жиға таққан, елкасига тушиб турган қора сочлари жингалак, қизил мантия кийган, узун оёқларининг тиззасини французларга ўхшаб олдинга чиқарган новча бир киши келмоқда эди. Бу одам порлоқ июнь қуёшида жиғасини, қимматбаҳо жавоҳиротлари ва зар уқаларини ярқиратиб Балашевга томон отини йўрттириб келаверди.

Жиға, инжу, билагузуклар тақиб, зар-зеварга ботиб, савлат тўкиб келаётган киши билан Балашев орасида икки найза масофа қолганда, француз полковниги Юльнер эҳтиром билан «Je roi de Naples» [10] деб пичирлади. Дарҳақиқат, бу одам Неапол қироли деб ном олган Мюрат эди. Нима учун Неапол қироли бўлиб олгани маълум бўлмаса ҳам, уни шундай деб аташар, қироллигига ўзи ҳам амин бўлгани учун илгаригидан кўра ўзини мағрур тутар, савлат тўкиб юрарди. У Неапол қироли эканлигига шу қадар ишонган эдики, Неаполдан кетишидан бир кун илгари хотини билан кўча айланиб юрганида, бир нечта итальян: «Viva il re!» [11] деб қичқирди, шунда у маҳзун табассум билан хотинига юзланиб: «Les malheureux, ils ne savent pas que je les quitte demain!» [12] деган эди

Бироқ Неапол қироли эканлигига буткул ишонса-да, ташлаб кетаётган фуқаросининг қайғуга ботгани учун афсусланса ҳам, сўнгги вақтларда, ҳарбий хизматга қайтадан киринг деб амр этилгандан кейин, айниқса, Наполеон билан Данцигда учрашгани ва қайниси император унга: «je vous ai fait Roi pour regner à ma maniere, mais pas à la vôtre» [13], – деганидан кейин у ўзига таниш бўлган эски йўлга тушиб олди, имкони борича қимматбаҳо ва ранг-баранг нарсалар билан ўзига зеб бериб боқилган бўлса ҳам, ёғ битмаган от шоти орасида қандай ўйноқиласа, шундай ўйноқилаб, қаерга ва нима учун бораётганини ҳам билмай, хушнуд ва мамнун кайфиятда Польша йўлларида от чоптириб юрган эди.

Рус генералини кўргач, у елкасига тушиб турган жингалак сочли бошини виқор билан орқага ташлади-да, француз полковнигига савол назари-ла қаради. Француз полковниги Балашевнинг кимлигини зоти олийларига зўр эҳтиром-ла баён қилди, лекин фамилиясига келганда тили келишмади.

– De Bal-macheve! – деди қирол (полковникка қийин кўринган нарсани ўзига хос қатъийлик билан енгиб), – charmé de faire vоtre connaissance, général» [14] – деб қўшиб қўйди қиролларга хос илтифот билан. Лекин баланд товуш билан тез-тез гапира бошлаган замон унинг барча қироллик фазилатлари йўқолди ва у ўзига хос соддадиллик билан такаллуфсиз сўзлай кетганини ўзи ҳам билмай қолди. У Балашев миниб келган отнинг яғринига қўлини қўйди ва худди вазиятга баҳо беришдан ожиз бўлгани учун афсуслангандай деди:

– Eh bien, général, tout est à la guerre, à ce qu’il paraît. [15]

– D Sire, – деб жавоб қилди Балашев, – l’Emреrеur mon maître ne désire point la guerre, et comme Votre Majeste le voit, [16] – votre Majeste [17] деган унвон Мюрат учун янги унвон эди, лекин Балашев сохта бир дабдаба билан бу иборани атайлаб бир неча мартаба такрорлади.

Мюрат monsieur de Balachoffнинг [18] сўзига қулоқ соларкан, юзи ёришиб кетиб, бемаъни бир мамнуният билан тиржайиб турар эди. Бироқ rovauté oblige [19] дегандан у ҳам қирол ва ҳам иттифоқчи сифатида Александрнинг элчи билан давлат ишлари тўғрисида сўзлашни зарур топди, у отдан тушиб, Балашевни қўлтиқлаб олди-да, ҳурмат сақлаб турган мулозимларидан бир неча қадам нарироққа борди ва маънодор қилиб гапиришга уриниб, у билан нари-бери юра бошлади. Пруссия тупроғидан аскарларини чиқариб олиб кетишни талаб қилиш император Наполеоннинг иззат-нафсига текканини, бу хабар ҳаммага маълум бўлиб қолганини, айниқса, Франция шаънига ҳақорат бўлиб тушганини эслади. Балашев, бу талабнинг ҳеч қандай ҳақорат бўлиб тушадиган жойи йўқ, чунки... деб гап бошлаган эди, Мюрат унинг сўзини оғзидан олди.

– Демак, урушни император Александр бошлагани йўқ демоқчисиз? – деди тўсатдан Мюрат бемаъни бир илжайиш билан:

Балашев урушни, дарҳақиқат, Наполеон бошлади деб ўйлашининг сабабларини айтиб берди.

– Eh, mon cher général, – деди Мюрат яна унинг сўзини бўлиб – je désire de tout mon cour que les Empereurs s’arrangent entre eux, et que la guerre commencèe malgré moi se termine le plutôt possiable [20]. Мюратнинг сўз оҳанги ҳўжаларининг оралари бузилган бўлса ҳам, меҳрибон дўст бўлиб қолишни истаётган хизматкорларнинг сўз оҳангига ўхшар эди. Улуғ князни, унинг соғлиғини сўради, у билан Неаполда завқ билан ўтказган яхши дамларини хотирлади. Сўнгра худди қироллик унвони бирдан эсига тушиб қолгандай керилиб, тож кияётган вақтда қандай вазиятда турган бўлса, худди ўшандай вазиятда туриб қоматини ростлади ва ўнг қўлини силкитиб: Je ne vous retiens plus général; je souhaite le succés de votre mission [21], – деди-ю, қизил зардўз мантия ва жиғасини ҳилпиратиб, қимматбаҳо дуру жавоҳирларини ярқиратиб, эҳтиром-ла кутиб турган мулозимларига томон кетди.

Балашев ҳам отланиб жўнади, Мюратнинг сўзига кўра, у тез фурсатда Наполеон ҳузурига киришни мўлжаллаган эди, бироқ тез фурсатда Наполеон билан учрашиш ўрнига, иккинчи қишлоққа етганда Даву пиёда корпусининг соқчилари, олдинги линиядаги сингари уни тўхтатишди ва корпус командирининг адъютанти Балашевни қишлоққа, маршал Даву ҳузурига бошлаб кетди.

V

Даву император Наполеоннинг Аракчееви эди, лекин Аракчеев сингари қўрқоқ бўлмаса ҳам, ўшанинг ўзидай тиришқоқ, бераҳм ва ўз садоқатини фақат шафқатсизлик билангина ифода қиладиган бир кимса эди.

Табиат оламида бўрилар нечоғли зарур бўлса, давлат идорасида ҳам бундай одамлар шу чоғли зарур, буларнинг ҳукумат бошлиғи ёнида бўлиши ва унга яқинлиги нақадар номувофиқ кўринса ҳам, булар доим ҳозир ва нозирдирлар. Гренадёрларнинг [22] мўйловини ўз қўли билан юлган, асабларининг заифлиги туфайли хавф-хатарга тоб беролмайдиган, бераҳм, маърифатсиз, сарой-зумрасига мансуб бўлмаган Аракчеевнинг Александр каби олижаноб ва мулойим кишининг саройида, шунча кучга эга бўлишини фақат шу билан изоҳлаш мумкин.

Балашев кирганда маршал Даву бир деҳқон ҳовлисининг омборхонасида, ёғоч бочка устида, счётларни кўриш-текшириш билан машғул эди, адъютанти эса тикка турарди. Қишлоқда бундан дурустроқ уйлар ҳам бор эди-ю, лекин маршал Даву қовоғини солиб юриш ҳуқуқига эга бўлиш учун атайлаб ўзини ёмон шароитга соладиган кишилар тоифасидан эди. Бу тоифа одамлар шунинг учун ҳамиша шошилиб, тинмасдан ишлайдилар. Маршал Давунинг юзида «одамга ўхшаб ҳаёт кечириш ҳақида ўйлагани фурсат қайда, кўриб турибсиз, ифлос бир омборхонада, бочка устида ўтириб ишлаяпман» деган ифода бор эди. Бу тоифа шахсларнинг бирдан-бир ҳузур-ҳаловати ва талаби шавқ-завқ тўла ҳаёт манзарасига дуч келганда кўнгилсиз ва тинимсиз фаолиятларини пеш қилишдан иборатдир. Ҳузурига Балашев олиб кирилганда Даву мана шу ҳузур-ҳаловатдан баҳраманд бўлди. Рус генерали кирганда у ўз ишига қаттиқроқ берилиб кетди гўзал тонгдан ҳамда Мюрат билан қилинган суҳбатнинг нашъасидан очилиб кетган Балашевга кўзойнак орқали бир қараб қўйди-ю, аммо ўрнидан турмади ва ҳатто қимирламади, баттар қовоғини солиб, заҳарханда қилиб қўйди.

Бу йўсинда қабул қилинишидан Балашев оғринганини унинг юзидан пайқаб, Даву бошини кўтарди ва совуққина қилиб, нима хизмат билан келганини сўради.

Балашев, мен император Александрнинг генерал-адъютанти эканлигимни, унинг номидан Наполеон ҳузурига ҳатто вакил бўлиб келганимни Даву билмаса керак, шунинг учун ҳам мени совуқ қабул қилди, деган хаёлга бориб, дарҳол ўз унвонини ҳамда нима мақсадда келганини айтди. Бироқ Балашев кутмаганда Даву унинг сўзини эшитиб, яна ҳам қовоғини солди ва жеркиб:

– Қани олиб келган номангиз? – деди. – Donnez-le moi, je l’enverra à l’Empereur [23].

Балашев, номани императорга ўз қўлим билан топширишим амр этилган, деди.

– Императорингизнинг амри ўз армиянгизда ўтади, бу ерда эса, – деди Даву, – бизнинг айтганимизни қилишингиз керак.

Даву худди рус генерали бу дағал кучга қанчалик тобе эканини яна бир марта билдириб қўймоқчи бўлгандай навбатчини чақириб келгани адъютантини юборди.

Балашев подшонинг номаси солинган пакетни столга қўйди (ошиқ-мошиғи узилиб кетган эшикни икки бочка устига қўйиб стол ясашган ёди). Даву пакетни олиб устидаги хатни ўқиди.

– Мени ҳурмат қилиш-қилмаслик ўз ихтиёрингизда, – деди Балашев. – Лекин шуни айтиб қўйишни лозим деб топаманки, мен ҳазрати олийларининг генерал-адъютанти бўламан...

Даву индамай унга қаради. Балашевнинг юзида бир оз ҳаяжон ва ташвиш ифодаси борлигини кўриб, афтидан, яйраб кетди.

– Сизни лозим бўлганича ҳурмат қиламиз! – деди ва конвертни чўнтагига солиб, омборхонадан чиқиб кетди.

Бир дақиқа ўтар-ўтмас маршалнинг адъютанти – жаноб де Кастре кирди ва Балашевни махсус тайёрланган уйга олиб кетди.

Балашев шу куни маршал билан бирга омборхонада, бочкалар устига қўйилган ўша тахтада овқатланди.

Эртасига эрталаб Даву отланди ва Балашевни чақириб, шу ерда кутиб туришини, амр бўлган тақдирда юклаp билан бирга йўлга чиқишини, жаноб де Кастредан бўлак ҳеч ким билан гаплашмаслигини таъкидлади. Балашев тўрт кунлик танҳоликдан, диққатбозликдан сўнг изму ихтиёри бировларнинг қўлида эканлиги ва ўзига яраша иззат-эҳтиром кўрмаганидан руҳи тушиб, бир неча кун бурун қудратли муҳитга яқин одам бўлгани учун ҳам изтироб чекиб, маршалнинг юклари, бутун қишлоқни эгаллаган француз қўшинлари билан бирга, бир неча манзилдан сўнг Вильнога келди; тўрт кун бурун у мана шу заставадан чиқиб кетган ва ҳозир уни французлар ишғол қилган эди.

Эрасига императорнинг камергери monsieur de Turenne [24] Балашевнинг олдига келди ва император Наполеон уни қабул қилишни истаганини билдирди.

Балашев тушган ҳовлининг олдида бундан тўрт кун муқаддам Преображенский полкининг соқчилари турган эди, энди эса пахмоқ шапка, тақаси очиқ кўк мундир кийган икки француз гренадёри, гусар ва уланлардан ташкил топган соқчилар басавлат адъютант, маҳрам ва генераллардан иборат мулозимлар Наполеоннинг чиқишига мунтазир бўлиб, зина олдидаги от ва унинг мамлуки [25] Рустанни қуршаб туришар эди.

Наполеон Балашевни Вильнода, бундан тўрт кун муқаддам Александр уни жўнатган ўша уйда қабул қилишди.

VI

Балашев, сарой дабдабаларига ўрганиб қолган бўлса ҳам, Наполеон саройидаги зебу зийнат ва ҳашаматни кўриб тонг қолди.

Граф Тюрен уни каттакон қабулхонага олиб кирди, бу ерда, анчагина генерал, камергер ва поляк магнатлари (буларнинг кўпини Балашев рус императорининг capoйида кўрган эди) Наполеонга мунтазир бўлиб ўтиришган эди. Дюрокнинг сўзига кўра император Наполеон рус генералини сайрга чиқиш олдидан қабул қилиши керак эди.

Кўп ўтмай навбатчи камергер каттакон қабулхонага чиқди ва одоб билан Балашевга таъзим қилиб, ўзи билан бирга юришни таклиф этди.

Балашев кичкина қабулхонага кирди, бунинг бир эшигидан кабинетга кириларди, рус императори Балашевни шу кабинетдан жўнатган эди. Балашев бир-икки дақиқа кутиб турди. Эшик орқасидан илдам қадам товуши эшитилди. Кейин эшикнинг иккала табақаси ланг очилди-ю, ҳамма ёқ жимжит бўлди ва кабинетдан бошқа одамнинг дадил ва шахдам қадам товуши эшитилди: бу Наполеон эди. У отлиқ сайр-томошага чиқишда киядиган либосларини ҳозиргина кийган эди. Думалоқ қорнига тушиб турган оқ жилеткаси устидан олди очиқ кўк мундир кийган, семиз, калта сонига кийик терисидан тикилган оқ шими таранг ёпишиб турар, оёғида қўнжи узун этик; калта сочлари афтидан, ҳозиргина таралган, лекин бир тутам сочи кенг пешонасининг ўртасига тушиб турарди, оппоқ тўла бўйни мундирининг қора ёқасидан ажралиб кўриниб турар, ундан атир ҳиди анқирди. Бағбақаси осилган ёш ва тўла юзида императорларга хос улуғворлик, лутф-карам ифодаси намоён эди.

У бошини хиёл орқага ташлаб, ҳар қадамида силкина-силкина тез-тез юриб чиқиб келди. Унинг гирдиғумдан келган гавдаси – кенг ва гўштдор елкалари олдинга чиқиб турган қорни ва кўкраги яхши маишат сурадиган қирқ яшар кишиларнинг қоматидек савлатли ва салобатли эди. Бундан ташқари, шу бугун унинг кайфи жойида эканлиги кўриниб турар эди.

У Балашевнинг эҳтиром билан қилган таъзимига бошини қимирлатибгина жавоб берди ва худди ҳар: бир дақиқа вақтини аяйдиган, айтадиган гапини олдин тайёрлашни ўзига эп кўрмайдиган, лекин ҳамиша керакли гапни айтишга кўзи етадиган гапдон киши сингари дарров:

– Салом, генерал! – деб гап бошлади Наполеон. – Император Александрнинг сиздан бериб юборган номасини олдим, келганингизга хурсанд бўлдим. – У катта-катта кўзларини бир дақиқа Балашевга тикиб турди-да, дарров бошини бошқа ёққа бурди.

Наполеон, афтидан, Балашевнинг кимлигига сира қизиқмас эди. Фақат ўз кўнглидан ўтаётган гапларгагина эътибор қилаётгани билиниб турар эди. Наполеон ўз шахсига алоқаси бўлмаган нарсаларга мутлақо аҳамият бермас, назарида, дунёдаги ҳамма нарса унинг иродасига боғлиқдай кўринар эди.

– Мен урушни истамайман ва урушмоқчи ҳам эмас эдим, – деди у. – Лекин мени шунга мажбур қилишди. Мен ҳозир ҳам (бу сўзга урғу бериб гапирди) сиз бера оладиган барча изоҳларни қабул этишга тайёрман, – деди ва рус ҳукуматидан нима учун норози эканлигини қисқа ва равшан баён этди.

Мароми билан дўстона тарзда гапираётган француз императорининг сўз оҳангидан Балашев, Наполеон сулҳ тарафдори ва музокара олиб боришга тайёр, деган қатъий фикрга келди.

Наполеон нутқини тугатиб, рус сафирига савол назари-ла қараганда, Балашев:

– Sire! L’Empereur, mon maître, [26] – деб олдин ўйлаб қўйилган нутқини бошлади, бироқ тикилиб қараб турган императорнинг назари остида ўзини йўқотиб қўйди. Наполеон Балашевнинг мундир ва қиличига хиёл жилмайиб қараб, гўё, сизни салобат босди, ўзингизни тутиб олинг, деб тургандек эди. Балашев ўзини қўлга олди ва сўзида давом этди. Куракиннинг паспортларни талаб қилиши, деди Балашев, император Александрнинг фикрича урушга сабаб бўлолмайди, Куракин императордан ижозат олмай ўзбошимчалик қилган, император Александр урушга қарши, Англия билан Россиянинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.

– Ҳозирча йўқ, – деб қўшиб қўйди Наполеон ва худди ўз ҳиссиётига берилиб кетишдан қўрққандай, қовоғини солди-да, давом эттираверинг, дегандай қилиб Балашевга хиёл бош ирғатди.

Балашев, тайинланган сўзларнинг ҳаммасини баён қилиб бўлгач, император Александр осойишталик тарафдори, лекин музокарани шу шарт билан бошлайдики... деб сўз тополмай қолди: император Александр номада ёзмаган бўлса ҳам Салтиковга рескриптга киргизишини буюрган ва Наполеонга оғзаки етказишни Балашевга амр этган сўзларни хотирлади. «Рус тупроғида битта ҳам қуролли душман қолмагандагина» деган сўзлар Балашевнинг эсида бўлса ҳам, лекин алланечук бир мураккаб туйғу оғиз очгани қўймади. Айтишга шунча жазм қилса ҳам айтолмади. Иккиланиб туриб: «Француз қўшинлари Неманнинг нариги томонига чекиниш шарти билан», – деди. Сўнгги сўзларни Балашев тортиниб айтганини Наполеон пайқади унинг ранги ўзгарди, сўл болдири титрай бошлади. У турган жойидан қимирламай, аввалгидан кўра баландроқ товуш билан тез-тез гапира кетди. Наполеон гапираётган чоғда Балашев бир неча мартаба беихтиёр унинг сўл болдирига кўзи тушди; Наполеон товушини баландлатган сайин болдири қаттиқроқ титрар эди.

– Мен ҳам император Александр сингари сулҳ тарафдориман, – деб гап бошлади у, – сулҳ ўрнатаман деб ўн саккиз ойдан бери жон куйдираётган мен эмасми? Ўн саккиз ойдан бери мен бунинг сабабини тушунтириб беришларини кутиб ётибман. – У қовоғини солди ва савол бераётгандай кичкина, оппоқ сўлқилдоқ қўли билан имо қилиб, деди: – Музокара бошлаш учун мендан нима талаб қилинади?

– Неманнинг нариги қирғоғига чекиниш талаб қилинади, жаноби олий, – деди Балашев.

– Неманнинг нариги қирғоғига? – деб такрорлади Наполеон. – Энди Неманнинг нариги қирғоғига чекин дейсизми? Фақат шуми? – деди яна Наполеон Балашевга тикилиб.

Балашев таъзим қилди.

Бундан тўрт ой муқаддам Померания тупроғидан чиқиб кетиш талаб қилинган бўлса, энди фақат Неманнинг нариги қирғоғига чекиниш талаб қилинмоқда эди. Наполеон шартта бурилди ва уйда у ёқ бу ёққа юра бошлади.

– Музокара бошлаш учун Неманнинг у қирғоғига чекинишингиз талаб қилинади, дейсиз. Ҳолбуки, бундан икки ой бурун музокара бошлаш учун Одер ва Висланинг у томонига чекинишим шарт қилиб қўйилган эди.

У индамай, уйнинг бу бурчагидан у бурчагига борди ва яна Балашевнинг рўпарасига келиб тўхтади. Унинг қаҳрли юзи ҳайкал сингари қотиб қолганга ўхшар, сўл оёғи илгаригидан кўра қаттиқроқ титрар эди. Чап болдири титрашини Наполеоннинг ўзи биларди. Бу ҳақда у кейинчалик: «La vibration de mon mollet gauche est un grand signe chez moi [27]», – деган эди.

– Одер ва Висладан чекинишни Бадей шаҳзодасидан талаб қилиш мумкин, лекин мендан эмас, – у қичқириб юборай деганини ўзи ҳам билмай қолди. – Петербург билан Москвани берганларингда ҳам мен бу шартни қабул қилмайман! Урушни сиз бошладингиз дейсизми? Лашкаргоҳга ким олдин келди? Мен эмас, император Александр. Мен миллионларча пулни сарф қилиб қўйганимдан кейин музокара бошлашни таклиф қиласизларми? Англия билан иттифоқ тузиб аҳволларинг танг бўлганда музокара бошлашни таклиф қиласизларми! Англия билан итифоқдош бўлишдан мақсадларингиз нима? Бу иттифоқдан нима манфаат кўрдинглар? – деди у шошиб-пишиб, бу сўзларни афтидан, сулҳ тузишнинг фойдаси ва имкониятларини муҳокама қилиш учун эмас, балки ўз иқтидори ва ҳақлигини кўрсатиш ҳамда Александрнинг ноҳақлиги ва хатосини исботлаш учун айтаётган эди.

Гапни бундай бошлашдан мақсади, афтидан, ўз вазиятининг устунлигини кўрсатиш ва бунга қарамасдан яна музокара олиб боришга рози эканлигини билдириш эди. Бироқ сўзга кириб кетди, гапирган сари ўз нутқини идора қилишдан ожизлик қила бошлади. Энди унинг нутқдан мақсади ўзини кўкларга кўтариб, Александрни ерга уриш эди. Балашев билан кўришган маҳалда бу сира кўнглига келмаганди.

– Турклар билан сулҳ тузган эмишсизлар, ростми?

Балашев тасдиқ қилгандек бош ирғади.

– Ҳа, сулҳ тузилди... – деб гап бошлади Балашев. Бироқ Наполеон унинг сўзини оғзидан олди. Афтидан, ёлғиз ўзи гапирмоқчи эди. У тантиқ одамларга хос маҳмаданалик, сабрсизлик, тажанглик билан сўзлаб кетди.

– Ҳм, биламан, сизлар Молдавия ва Валахияни ололмагач, Туркия билан сулҳ туздинглар. Мен бўлсам Финландия каби шу ўлкаларни ҳам подшоҳингизга берар эдим. Мен император Александрга Молдавия билан Валахияни бераман деб ваъда қилган эдимми, албатта берар эдим, лекин энди у шундай гўзал ўлкалардан маҳрум бўлди. Бу ўлкаларни у империясига қўшиб, ўз даврида Россияни Ботник кўрфазидан Дунай мансабигача кенгайтириши мумкин эди. Буюк Екатерина ҳам бундан катта иш қилолмас эди, – деди Наполеон борган сари қизишиб у ёқдан бу ёққа юраркан, у Тильзитда, Александрнинг ўзига айтган сўзларини Балашевга айтаётган эди. – Tout cela il l’aurait dû à mon amitié. Ah! quel beau règne, quel beau règne! – Бу сўзларни бир неча марта такрорлагандан кейин тўхтаб чўнтагидан олтин тамакидонини олди-ю, жон-жаҳди билан бурнига тортди

– Quel beau règne aurait pu être celui de l’Еmpereur Alexandre! [28]

У афсусланган бўлиб, Балашевга қаради. Балашев бир нима демоқчи бўлиб энди оғиз жуфтлаганда яна шошиб-пишиб унинг сўзини бўлди.

– Менинг дўстлигим соясида унинг қандай орзулари ушалмай қолган эди? – деди Наполеон таажжуб-ла елкасини қисиб. – Менга дўст бўлишдан кўра менинг душманларимни ўз теварагига йиғишни афзал кўрди. Яна кимларни денг? – деб давом этди. – Штейнлар, Армфельдлар, Бенигсенлар, Винцингероделарни. Штейн – ўз ватанидан бадарға қилинган бир хоин; Армфельд – фосиқ ва иғвогар, Винцингероде – Франциянинг қочоқ бир табааси, Бенигсен, – бошқалардан кўра ҳарбий ишни унча-мунча билади, лекин шундай бўлса ҳам 1807 йилда қўлидан ҳеч нарса келмаган, нўноқ киши, бу одам император Александрга даҳшатли нарсаларни эслатиши керак эди... Истеъдодли бўлган тақдирда-ку, улардан фойдаланиш мумкин бўлар эди, – давом этди Наполеон, ҳақли ёки кучли (унинг учун бари бир эди) эканлигини кўрсатадиган янгидан-янги мулоҳазаларни сўз билан ифодалашга аранг улгуриб, – лекин бу хислат уларда йўқ, улар шундай истеъдодсиз кишиларки, на урушга ярайди, на тинчлик даврга! Бошқаларга қараганда Барклай бирмунча дуруст дейишади: аммо мен унинг дастлабки ишини кўрганимдан кейин бундай дея олмайман. Хўш, булар, бу сарой аҳллари нималар билан машғул? Пфуль бир нарсани таклиф қилса, Армфельд у билан тортишади, Бенигсен мулоҳаза юргизади, ҳаракат бошлаши керак бўлган Барклай эса қандай карорга келишни билмасдан, фурсатни ўтказиб юборади. Фақат Багратион ҳарбий киши. Гарчи у аҳмоқ бўлса ҳам тажрибаси, кўз билан чамалаш қобилияти ва дадиллиги бор... Бу расвою раддибалолар орасида сизнинг ёш подшоҳингиз қандай роль ўйнайди? Улар подшоҳингизнинг обрўйини тўкишади ва рўй бераётган ҳодисанинг масъулиятини унга тўнкашади. Un souverain ne doit etre à l’armee que quarnd il est général [29], – деди у афтидан, рўй-рост Александрга таъна қилиб. Император Александр саркарда бўлиш орзусида эканлигини Наполеон биларди.

– Уруш бошланганига бир ҳафта бўлди-ю, аллақачон Вильнони қўлдан бердинглар. Кучларингиз иккига бўлиниб, Польша тупроғидан ҳайдалдингизлар. Армияларингиз нолияпти.

Наполеоннинг сўзларини хотирида сақлашга аранг улгураётган ва бу сафсата гапларни зўрға уқиб олаётган Балашев бунга жавобан:

– Билъакс, аъло ҳазрат, қўшинларимизнинг бирдан-бир хоҳиши, – деб гап бошлаган эди, Наполеон унинг сўзини бўлди.

– Ҳаммасини биламан, ҳаммасидан хабардорман, қанча батальонингиз борлигини ҳам беш бармоғимдай биламан. Сизларнинг қўшинларинг икки юз мингга ҳам етмайди, менинг аскарим эса уч баравар ортиқ; онт ичаманки, – деди Наполеон қасам деган нарсани бир пулга олмаслигини унутиб, – ma parole d’honneur que jai cinq cent trente mille hommes de ce côté de la Victule [30]. Туркларнинг сизга ҳеч қандай ёрдами тегмайди: улар ҳеч нарсага ярамайди, сизлар билан сулҳ тузиб буни исботлашди. Шведларнинг пешонасига жинни қирол битган. Уларнинг қироли жинни эди, унинг ўрнига Бернадотни қирол қилишди, бу ҳам дарров ақлдан озди, чунки фақат ақлдан озган швед Россия билан иттифоқдош бўлиши мумкин. – Наполеон заҳарханда қилди ва бурнакисини яна бурнига тутди.

Балашев Наполеоннинг ҳар бир сўзига эътироз билдирмоқчи бўлар ва нима дейишини ҳам биларди, лекин ҳар гал бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганида Наполеон унинг сўзини бўларди. Шведлар ақлдан озган деганда Балашев, Россия Швеция томонида бўлса Швеция оролга айланади, демоқчи бўлди, бироқ Наполеон унинг товушини босиш учун жаҳл билан бақириб гапирди. Зардаси қайнаган Наполеон шундай бир кайфиятда эдики, киши бундай ҳолатда фақат ўз ҳақлигини ўзига исбот қилиш учунгина ҳадеб гапираверади. Балашев оғир аҳволга тушиб қолди: у элчи сифатида ўз обрўйини йўқотиб қўйишдан қўрқар ва эътироз билдириш зарурлигини сезарди; аммо у одам сифатида, бекордан бекорга ғазабланиб ўзини унутган Наполеон олдида маънавий жиҳатдан қисилиб қолди. Ҳозир Наполеон айтган сўзларнинг аҳамияти йўқлигини, эс-ҳушини йиғиб олса бу сўзларни айтгани учун ўзи ҳам хижолат бўлишини Балашев билар эди. У ерга боқиб, Наполеоннинг қимирлаб турган семиз оёқларига қараркан, кўзига боқмасликка тиришарди.

– Мен сизларнинг иттифоқдошларингни икки пулга олмайман, – деди Наполеон. – Менинг иттифоқдошларим – поляклар: улар саксон минг киши. Ҳаммаси арслондай олишади. Буларни икки юз мингга етказаман.

Шу гапни айтиб, Наполеон ёлғонлиги муқаррар бўлган нарсани гапирганлигидан ва тақдирга тан берган Балашев ҳамон қаршисида лом-мим демай турганидан яна ҳам ғазабланди шекилли, бирдан орқага қайтди ва Балашевнинг рўпарасига келиб, оппоқ қўлларини пахса қилиб, жекирди:

– Шуни билиб қўйингки, агар сиз Пруссияни менга қарши қўйсангиз, мен уни Европа харитасидан ўчириб ташлайман, – деди ғазабдан ранги ўчиб, афт-башараси бужмайиб, кичкина қўлларини бир-бирига ураркан. – Сизларни Двина, Днепрнинг нарёғига улоқтириб ташлайман: Европанинг хиёнаткорлиги ва кўрлиги туфайли сиз бузиб ташлашга муваффақ бўлган ўша тўсиқни ўзларингга қарши тиклайман. Ўшанда ҳолларингиз нима бўлганини кўрамиз, мендан йироқлашиб нимага эришганларинг ўшанда маълум бўлади. – Шу сўзларни айтиб, индамай у ёқдан бу ёққа юраркан, тўла елкалари силкинар эди. У тамакидонини нимчасининг чўнтагига солди, яна олди ва бир неча мартаба бурнига тутгач, Балашевнинг қаршисига келиб тўхтади. Индамай туриб, Балашевнинг кўзига истеҳзо билан тик қаради ва паст товуш билан деди:

– Et cependant quel beau regne aurait pu avoir votre maître! [31]

Балашев эътироз билдириш заруратини сезиб, Россиянинг аҳволи бунчалик оғир эмас, деди. Наполеон унинг сўзларига қулоқ солмаётган бўлса керак, ҳамон индамай истеҳзоли табассум билан тикилиб турар эди. Балашев: «Россияда урушнинг охири бахайр бўлади, деб умид қилишади», деди. Наполеон худди «биламан, шундай дейиш сизнинг бурчингиз, лекин бунга ўзингиз ҳам ишонмайсиз, мен сизни ўз фикримнинг тўғрилигига ишонтирдим», дегандай қилиб лутфан бош ирғатди.

Балашев сўзини тугатганда Наполеон яна тамакидонини олиб ҳидлади ва худди сигнал бергандай полни икки мартаба оёғи билан депсиб қўйди. Эшик очилди: икки букилиб таъзим қилган камергер императорга шляпа ва қўлқопини берди, иккинчиси рўмолчасини узатди. Наполеон уларга қарамасдан, Балашевга юзланди:

– Император Александрга менинг номимдан шуни етказинг, – деди шляпани оларкан, – мен ҳамон аввалгидай унга содиқман, уни яхши биламан ва олижаноб хислатларига юксак баҳо бераман. Je na vous retiens plus, général, vous recevrez ma lettre à l’Empereur [32]. Шуни деб Наполеон тез-тез қадам ташлаб эшик томон юрди. Қабулхонада турганларнинг ҳаммаси унинг олдига ўтиб зинадан пастга югуриб тушишди.

VII

Наполеон ғазабнок бўлиб, шунча пасту баланд гапларни айтгандан кейин ва энг охир совуққина қилиб «Je ne vous retiens plus, général, vous recevrez ma lettre», деганидан сўнг Балашев; энди Наполеон мен билан учрашиш у ёқда турсин, таҳқирланган ва ўзининг ўринсиз ғазабланганини кўрган сафир билан кўришмасликка ҳаракат қилади, деб ишонган эди. Бироқ Наполеон Дюрок орқали Балашевни шу бугуноқ тушки овқатга таклиф қилиб, уни ҳайратда қолдирди.

Тушки овқатда Бессьер, Коленкур ва Бертьелар бор эди.

Наполеон хушнуд бўлиб Балашевни меҳрибонлик билан қаршилади. Эрталабки қилмишидан хижолат тортиш ва афсусланиш у ёқда турсин, аксинча, Балашевнинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилди. Мен ҳам хато қилишим мумкин деган фикрни аллақачонлардан бери хаёлига келтирмаслиги, мен нима иш қилсам ҳам таҳсинга сазовордир деб билганлиги Наполеоннинг қиёфасидан кўриниб турар эди.

Император отга миниб Вильнони айланиб келганидан кейин, жуда хушҳол эди, шаҳар аҳолиси уни хурсандлик билан қаршилаб, хурсандлик билан кузатди. Наполеон ўтган кўчаларда гиламлар, байроқлар унинг вензеллари билан безалган, поляк хонимлари рўмолчаларини силкитиб, уни табриклашган эди.

Наполеон овқат маҳалида Балашевни ёнига ўтқазиб, унга меҳрибонлик қилди, шу билан бирга, уни ўз саройига мансуб, ўз режаларига хайрихоҳ бўлган, муваффақиятларидан суюнадиган бир шахс ўрнида кўриб муомала қилди. Сўз орасида у Москвадан гап очиб, Балашевдан Россия пойтахти ҳақида баъзи нарсаларни сўради; фақат бормоқчи бўлган жойга қизиқсинаётган сайёҳ тарзида эмас, балки Балашев рус бўлгани учун менинг ҳар нарсани билишга тиришаётганимга қойил бўлсин, деган хаёлда Москвадан сўз очиб, жуда кўп саволлар берди.

– Москванинг қанча аҳолиси бор, Москвада нечта ҳовли бор? Москвани Moscou la sainte (Муқаддас Москва) дейишлари ростми? Москвада қанча черков бор? – деб сўради.

Москвада икки юздан ортиқ черков бор, деган жавобга у:

– Шунча черковнинг нима кераги бор? – деди.

– Рус халқи жуда тақводор, – деб жавоб қилди Балашев.

– Ҳа, айтгандай, монастирь ва черковларнинг кўплиги халқнинг орқада қолганлигини кўрсатади, – деди Наполеон ва бу фикримга қандай баҳо бераркан дегандай Коленкурга қараб қўйди.

Балашев француз императорининг фикрига назокат билан эътироз билдириб:

– Ҳар бир ўлканинг ўз урф-одати бор, – деди.

– Лекин Европанинг ҳеч қаерида бундай аҳволни кўрмайсиз, – деди Наполеон.

– Зоти олийларидан узр сўрайман, – деди Балашев, – Испаниянинг ҳам монастирь ва черковлари Россияникидан кам эмас.

Французларнинг яқинда Испанияда учраган мағлубиятларига ишора бўлган бу жавоб Балашевнинг сўзига кўра, император Александрнинг саройида катта баҳо олган бўлса ҳам, бу ерда, Наполеоннинг дастурхони устида эътиборсиз қолди.

Жаноб маршалларнинг лоқайдлик ва ажабсинишини ифода этган юзларида Балашев пичинг тарзида айтган бу гапнинг нимаси пичинг деган бир маъно бор эди. Уларнинг юз ифодаси пичинг бўлса бордир, лекин биз тушунмадик, ёки бунинг нимаси кесатиқ экан деб турар эди. Бу пичинг шу қадар билинмай ўтдики, Наполеон ҳатто уни пайқамади ва гўллик қилиб Балашевдан Москвага борадиган тўғри йўл қайси шаҳарлардан ўтади, деб сўради. Бутун меҳмондорчилик давомида сергак ўтирган Балашев: comme tout chemin mène à Rome, tout chemin mène à Moscou [33], йўл жуда кўп, ўша йўллар жумласида Карл XII юрган Полтава йўли ҳам бор, деб айтди ва жавобни дўндирганидан мамнун бўлиб, беихтиёр қизариб кетди. Балашев «Poltawa» деб сўзини тугатмасданоқ Коленкур Петербургдан Москвага борадиган йўлнинг ноқулайлиги, ўзининг Петербург хотиралари ҳақида гап очди.

Овқатдан сўнг қаҳва ичгани Наполеоннинг кабинетига киришди. Тўрт кун муқаддам бу хона император Александрнинг кабинети эди. Наполеон ўз ўрнига ўтирди ва қаҳва қуйган севр чинни пиёласига қўл узатаркан, Балашевни ёнидаги стулга ўтиришга таклиф қилди.

Овқатдан сўнг киши шундай бир кайфиятда бўладики, бу кайфият хушҳол бўлишга ва ҳаммани дўст кўришга ҳар қандай оқилона сабабдан кўра кўпроқ рағбатлантиради. Наполеон ҳозир мана шундай кайфиятда эди. Назарида уни ғоят эҳтиром қиладиган дўстлари орасида ўтиргандай эди. Наполеон овқатдан кейин Балашев дўстим ва муҳибим бўлиб қолди, деб ишонган эди. У, Балашевга ёқимли ва хиёл истеҳзоли табассум билан мурожаат этди:

– Бу император Александр турган ўша уй эмиш. Жуда ғалати-а, нима дедингиз, генерал? – деди Наполеон ҳамсуҳбатига бу сўз хуш келади деган хаёлда, чунки бу Наполеоннинг Александрдан устун туришини исбот қилар эди.

Балашев нима жавоб қайтаришини билмай, бош ирғатиб қўйди.

– Ҳа, бу уйда тўрт кун бурун Винцингероде билан Штейн кенгашган, – деди Наполеон ўша истеҳзоли табассум билан. – Мен бир нарсага тушунмайман, – деди у. – Нима учун император Александр менинг барча шахсий душманларимни ўз атрофига тўплади экан. Бунга мен сира тушуна олмайман. Шу иш менинг ҳам қўлимдан келишини ўйладимикин? – деб савол назари-ла Балашевга қаради ва афтидан, бу хотиралар ҳали буткул босилмаган эрталабки ғазабини яна қўзғатди. – Шуни билиб қўйсинки, мен шундай қиламан, – деди Наполеон ва чашкани нарироқ суриб ўрнидан турди. – Мен унинг барча қайин бўйинларини: Виртембергларни, Баденликларни, Веймарликларни Германиядан ҳайдаб чиқараман. Айтинг, уларга Россиядан бошпана тайёрлайверсин!

Балашев бошини қуйи солди, унинг юзи, мен-ку хайр-маъзурни насия қилиб кетардим-а, аммо менга қарата гапирилаётган сўзни эшитмай иложим йўқ, деб турар эди. Наполеон бу ифодани пайқамади. У Балашевга душманнинг элчиси деб эмас, балки энди ўзига буткул вафодор, собиқ хўжасининг тор-мор бўлишига суюнадиган киши деб қарар эди.

– Нима учун Александр қўмондонликини ўз бўйнига олди экан? Бунинг нима кераклиги борикин? Уруш менинг касбим, у подшолигини қилаверсин, қўмондонликни унга ким қўйибди. Нима учун бунақа масъулиятни ўз бўйнига олди?

Наполеон яна тамакидонини олди. Индамай, бир неча марта у ёқдан бу ёққа юргач, бехосдан Балашевнинг қаршисига жилмайиб келди, худди Балашев учун муҳимгина эмас, балки ёқимли бир ишни қилаётгандай тортинмай-нетмай қирқ ёшли рус генералининг юзига қўлини яқинлаштирди-да, лаблари билангина кулиб, унинг қулоғидан секин чўзиб қўйди.

Avoir l’oreille tirée par l’Empereur [34] француз саройида зўр шараф ва марҳаматга ноил бўлган киши ҳисобланар эди.

– Eh bein, vous nе dites rien, admirateur et courtisan de l’Empereur Alexandre? [35] – деди Наполеон худди ўзи турган жойда бошқа кишига courtisan ва admirateur [36] бўлиш кулгили бир ҳол бўлгандай. – Генералга от тайёрланганми? – деди Наполеон Балашевнинг таъзимига хиёл бош ирғаб, – бу кишига менинг отларимдан бирини беринглар, йўл узоқ...

Балашев олиб келган нома Наполеоннинг Александрга ёзган сўнгги номаси эди. Балашев Наполеон билан бўлган суҳбатининг тафсилотини рус императорига гапириб берди ва уруш бошланиб кетди.

VIII

Князь Андрей Москвада Пьер билан учрашганидан сўнг Петербургга кетди, уйдагиларга иш билан кетяпман деб айтган бўлса ҳам, бу сафардан мақсад, князь Анатоль Курагин билан учрашиш эди. Князь у билан албатта кўришиш зарур деб ўйлар эди. Петербургга келганидан кейин маълум бўлдики, Анатоль у ердан аллақачон кетиб қолган экан. Пьер ўз қайнисини князь Андрейнинг келаётганидан огоҳлантирган, Анатоль Курагин бу хабарни эшитиши биланоқ ҳарбий министрдан буйруқ олиб, Молдавия армиясига жўнаб кетган эди. Шу орада Князь Андрей уни ҳамиша ўзига яқин кўриб юрадиган собиқ генерали Кутузовни учратиб қолди ва Кутузов уни Молдавия армиясига бирга боришни (қари генерал ўша ерга қўмондон бўлиб тайинланган эди) таклиф қилди. Князь Андрей қароргоҳ штабига хизматга кириб, Туркияга кетди.

Князь Андрей Курагинга хат ёзиб, уни дуэлга чақиришни ўзига эп кўрмади. Ўша можаро учун дуэлга чақириш графиня Ростова шаънига ёмон бўлади деган мулоҳазага бориб, князь Андрей Курагин билан шахсан учрашмоқчи ва шу учрашишда дуэль учун бошқа баҳона топмоқчи эди. Бироқ Туркия армиясида ҳам Курагинни учратолмади, чунки князь Андрей Туркияга келиши биланоқ Курагин Россияга қайтиб кетган эди. Янги ўлка ва янги турмуш шароитида князь Андрей эркинроқ нафас ола бошлади. Қаллиғининг хиёнатидан сўнг князь Андрей бундан таъсирланганини одамлардан яширишга қанча уринса, унинг алами шу қадар ошар эди. Илгариги ширин ҳаёти заҳру заққумга айланди, илгари жонини берадиган эрк ва мустақиллик эса энди оғир юк бўлиб қолди. У Аустерлиц майдонида чалқанча ётганида биринчи мартаба хаёлига келган, Пьергагина очилиб гапирган, Богучаровода узлатда ётган чоқларида, Швецария ва Рим сафарларида уни овунтирган ҳамда порлоқ истиқбол очиб берган ўша фикрларни ҳозир эслаш у ёқда турсин, ҳатто хаёлига келтиргани қўрқар эди. Ҳозир уни илгариги фаолиятига сира алоқаси бўлмаган, энг яқин амалий ишлар қизиқтирар, илгариги фаолиятларидан нақадар узоқлашса, янгисига шу қадар жон-жаҳди билан ёпишар эди. Гўё илгари тепасида турган ўша баланд ва бепоён кўк гумбази бирдан пасайиб, уни босиб тургандай туюлди-ю, ундаги ҳамма нарса равшан бўлди. Лекин илгари абадий ва сирли кўринган нарсалардан асар қолмади.

Қўлидан келадиган ишлар орасида князь Андрей учун энг осони ва ўзига синашта бўлгани ҳарбий фаолият эди. У Кутузов штабида навбатчи генерал лавозимини адо этаркан, зўр қунт ва ғайрат билан ишлар, ишга бўлган ҳафсаласи ва иштиёқи билан Кутузовни тонг қолдирар эди. Князь Андрей Туркияда Курагинни учратолмай, унинг кетидан Россияга қараб югуришни ўзига нолойиқ кўрди; лекин орадан қанча вақт ўтмасин, мабодо Курагинни кўриб қолса, ундан нафратланишига қарамасдан, у билан тўқнашишдек паст ишга таназзул қилиш керак эмас деб, ўзини ўзи ишонтирмасин, оч одам овқатдан ўзини тиёлмаганидек, қачон бўлса ҳам уни учратиши билан дуэлга чақиришдан ўзини тиёлмаслигини билар эди. Князь Андрей Туркияда нақадар серғайрат, сертараддуд бўлмасин, қанчалик ўзини мансабпараст, шуҳратпараст қилиб кўрсатишга уринмасин ҳақорат алами ҳали босилмаганлиги, юраги ғазабга тўлиб юрганлиги унинг зоҳиран осойишта кўринган ҳаётини заҳарлар эди.

Ўн иккинчи йилда Наполеонга қарши уруш хабари Букарештга етганда (Кутузов икки ой шу ерда яшаб, вақтининг деярли ҳаммасини валахиялик хотин олдида ўтказарди) князь Андрей Кутузовдан Ғарбий армияга юборилишини илтимос этди. Болконский худди Кутузовнинг бекорчилигини таъна қилаётгандай ўз фаолияти билан унинг жиғига теккан эди, шунинг учун ҳам Кутузов князь Андрейнинг илтимосини дарров қондирди ва бир топшириқ билан уни Барклай де Толли армиясига юборди.

Князь Андрей май ойида Дрисса лагерида турган армияга жўнашдан олдин Лисие Горига борди. Лисие Гори йўл устида бўлиб, Смоленск катта йўлидан уч чақирим четда эди. Сўнгги уч йил мобайнида князь Андрей ҳаётида жуда кўп ўзгаришлар юз берди. У жуда кўп нарсаларни ўйлаб кўрди, кўп нарсаларни бошқача ҳис этди, кўп нарсаларга бошқа кўз билан қаради (у Шарқ ва Ғарбни кезиб чиққан эди), шунинг учун ҳам Лисие Горига келиб, эскича бир маромда кетаётган ҳаётни барча икир-чикири ва тафсилоти билан кўргач, ҳайрон бўлди. У Лисие Горидаги ҳовлининг хиёбонидан ўтиб, ғиштин дарвозага етгач, худди сеҳрланиб, уйқуда ётган қасрга киргандай бўлди. Уйда ҳамон ўша салобат, ўша озодалик, ўша сукунат ҳукм сурар, мебеллар ҳам, деворлар ҳам, эшитилган товушлар ҳам ўша, ўша ҳид, одамларнинг қиёфасида ҳам ўша илгаригидай журъатсизлик аломати бор эди, фақат улар бир оз қариганди. Княжна Марья ҳам ҳамон ўшандай журъатсиз, хунук, қариб бораётган қиз бўлиб, ҳамиша ваҳима ва маънавий азоб ичида яшар, умрининг энг яхши йиллари бекор ва кўнгилсиз ўтиб кетмоқда эди. Bourienne ўша илгаригидай умрининг ҳар бир дақиқасини шод-хурамлик билан ўтказадиган, қалби энг яхши умидларга тўлган, ўз-ўзидан мамнун ва сернозу серкарашма қиз эди. Князь Андрейнинг назарида у фақат аввалгидан кўра дадилроқ кўринди. Швецариядан олиб келинган мураббий Десаль русча сюртук кийиб олган, хизматкорлар билан русчага тили келишмай зўрға гапиришади, лекин ақли илгаридай ноқисроқ бўлса ҳам, ўзи таҳсил кўрган фазилатли ва майдакаш бир мураббий. Кекса князнинг жисмоний жиҳатдан қаригани шундан иборатки, битта тиши тушгани лабининг бурчидан кўриниб турарди; маънавий жиҳатдан эса ҳамон аввалгидай, фақат дунёда юз бераётган воқеалар унинг ғазаб ва шубҳасини яна ҳам орттирибди. Ёлғиз Николушка катта бўлиб ўзгарибди, ранг-рўйи кирибди, қўнғир сочлари ўсиб кетибди; у қувониб, кулиб, чиройли оғзини беихтиёр очиб, устки лабини кўтараркан, марҳум кичкина княгиняни эслатарди. Сеҳрланган, уйқуда ётган бу қасрнинг ўзгармас қоида-қонунларига фақат Николушка итоат қилмасди. Бироқ зоҳиран ҳеч нарса ўзгармагандай кўринса ҳам, ҳақиқатда бу одамларнинг ўзаро муносабати князь Андрей кўрганидан бери бошқача бўлибди. Оила аъзолари бир-бирига ёт ва душман икки гуруҳга бўлинган, ҳозир меҳмон князь Андрей туфайли кундалик ҳаёт тартибини бузиб, бир жойга тўпланишган. Биринчи гуруҳга кекса князь, Bourienne ва архитектор, иккинчи гуруҳга княжна Марья, Десаль, Николушка ва қолган энага ва эналар кирар эди.

Князь Андрей Лисие Горида бўлган кунлари бутун уй ичи бир дастурхондан овқатланса ҳам, ҳеч ким ёзилиб ўтирмас эди. Князь Андрей ўзини меҳмондек сезар, улар меҳмон туфайли кундалик ҳаёт тартибини бузаётганини, келиб буларнинг роҳатини бузганини пайқар эди. Князь Андрей келган куниёқ овқат маҳалида, беихтиёр буни сезиб чурқ этмай ўтирди, кекса князь ҳам ўғли ёзилиб ўтирмаганини кўриб, қош-қовоғини очмади ва овқатдан кейин дарров ўз бўлмасига кириб кетди. Князь Андрей кечқурун отасининг ҳузурига кирди ва уни гапга солиш ниятида ёш граф Каменский кампаниясидан сўз очди, шунда кекса князь тўсатдан княжна Марья тўғрисида гапириб, унинг хурофотга берилгани, ўзининг сўзига қараганда бирдан-бир содиқ дўсти бўлмиш m-lle Bourienneни ёқтирмаганлиги учун қоралади.

Мен касал бўлсам, деди кекса князь, фақат княжна Марья дастидан касалман; бу қиз атайлаб мени қийнайди, ғашимга тегади, ортиқча эркалаб, беҳуда гаплар билан кичкина князь Николайнинг тарбиясини бузяпти. Кекса князь қизига ўзи азоб бераётганини, княжнанинг ҳаёти оғирлигини яхши тушунар, лекин шу билан бирга, азоб бермай иложи йўқлигини ва қизи шунга сазовор эканлигини ҳам биларди. Кекса князь ўз-ўзича: «Нима учун князь Андрей шуларни кўриб туриб опаси ҳақида менга ҳеч нарса демайди? Ёки у мени бекордан-бекорга ўз қизидан совиб, француз аёлни ўзига маҳрам қилиб олган бадкирдор ва аҳмоқ бир чол деб ўйлайдими? У сиртдан воқиф эмас, шунинг учун ҳам буни тушунтириш, қулоғига қуйиб қўйиш керак», дер эди кекса князь. У қизининг бемаъни феълу атворига нима сабабдан чидаёлмаслигини тушунтира кетди.

– Агар мендан сўрасангиз, – деди князь Андрей отасига қарамасдан (умрида биринчи мартаба у ўз отасини қоралаётган эди), – мен-ку гапирмоқчи эмас эдим, лекин сиз сўрагандан кейин бу ҳақда ўз фикримни очиқ айтмоқчиман. Агар Маша билан орангиз бузуқ бўлса, бунинг учун Маша айбдор деб айтолмайман, чунки сизни нақадар яхши кўриши ва эҳтиром қилишини биламан. Модомики мендан сўраяпсиз, – давом этди князь Андрей тажанг бўлиб, чунки сўнгги қунларда ҳар бир нарса унинг ғашига тегадиган бўлиб қолган эди, – мен фақат бир нарсани айтаман: агар ораларинг бузуқ бўлса, бунинг бирдан бир сабабчиси Машага дугона бўлишга нолойиқ ярамас аёлдир.

Чол аввал кўзларини бақрайтириб ўғлига қаради, кейин кемшик тишини ғайритабиий тарзда кўрсатиб (князь Андрей бунга ҳеч ўрганолмаётган эди) илжайди.

– Қанақа дугона, а, чироғим? А? Дарров чақибди-да?

– Ота, мен қозилик қилмоқчи эмас эдим, – деди тутақиб кетган князь Андрей жеркиб, – лекин сиз мажбур қилганингиздан кейин ўз фикримни айтдим ва яна айтаманки, айб княжна Марьяда эмас, француз аёлда...

– Аллақачон ҳукм ҳам чиқарибсан-ку!.. Ҳукм чиқарибсан-ку! – деди чол князь Андрейнинг назарида мустар бўлгандай паст товуш билан, кейин бирдан тутақиб, ўрнидан сапчиб турди-да: – Йўқол! Йўқол кўзимдан! Бу даргоҳга минбаъд қадам қўйма!.. – деб бақирди.

Князь Андрей дарҳол жўнаб кетмоқчи бўлган эди, бироқ княжна Марья яна бир кунгагина қолишини сўради. Ўша куни князь Андрей отасининг кўзига кўринмади, чол ҳам уйдан чиқмади, m-lle Bourienne билан Тихондан бўлак ҳеч кимни олдига киргизмади, чол ўғли кетган-кетмаганлигини бир неча марта улардан сўради. Эртаси куни жўнашдан олдин, князь Андрей ўғлининг бўлмасига кирди. Соғлом, онасига ўхшаш сочлари жингалак ўғилчаси тиззасига ўтирди. Князь Андрей ўғлига Кўк Соқол эртагини бошлади-ю, бироқ тамом қилолмай, ўйланиб қолди, у тиззасига ўтирган ширингина ўғилчаси тўғрисида эмас, ўзи тўғрисида ўйлаб кетди. Отасининг жаҳлини чиқаргани учун пушаймон бўлмаётганини, умрида биринчи мартаба отаси билан уришиб кетаётганидан афсусланмаётганини сезиб, даҳшатга тушди. Ҳаммадан кўра уни ҳайратга солган нарса шу бўлдики, эркаламоқчи бўлиб тиззасига ўтқазган ўғилчасини илгаригидай суёлмади, кўксида меҳр пайдо бўлмади.

– Ҳа, гапирсангиз-чи, – дер эди ўғли. Князь Андрей ўғлига жавоб қайтармай, уни тиззасидан олиб ерга қўйди-ю, уйдан чиқиб кетди.

Князь Андрей кундалик машғулотларини тарк этиб, бахтли бўлган илгариги ҳаёт шароитига қайтадан тушиши биланоқ ғам-ғусса аввалгидай уни қамраб олди, князь Андрей бу хотиралардан тезроқ қутулиш ва тезроқ бирон машғулот топишга ошиқди.

– Чинакам кетадиган бўлдингми, Andre? – деди опаси.

– Худога шукурки, кетяпман, – деди князь Андрей, – таассуфки, сен кетолмайсан.

– Қўй шунақа гапларни, – деди княжна Марья, мудҳиш урушга кетаётганингда, отамиз қариб қолган чоғларида бунақа гапларнинг нима кераги бор! Сени йўқлабдилар, М-lle Bourienne айтди... – Шу гапни айтиши биланоқ княжна Марьянинг лаблари титраб, кўзларидан ёш томди. Князь Андрей юзини ўгириб, уйда у ёқдан бу ёққа юра бошлади.

– Ё Раббий! Ё Раббий! – деди князь Андрей, – икки пулга арзимайдиган махлуқлар одамларнинг бахтсизлигига сабаб бўлса-я! Бу гапни у шу қадар ғазаб билан айтдики, ҳатто княжна Марья қўрқиб кетди.

Князь Андрей икки пулга арзимайдиган махлуқлар деганда фақат княжнани бахтсиз қилган M-lle Bourienneни эмас, балки ўзининг ҳам бахтини қора қилган одамни кўзда тутган эди.

– Andre, фақат бир нарсани ёлвориб сўрайман, – деди княжна Марья князь Андрейни тирсагидан ушлаб ва ёш оқиб парпираб турган кўзларини унга тикиб, – мен ҳаммасига тушуняпман (княжна Марья ерга қаради). Бу кулфатни одамлар бошимга солди деб ўйлама. Одамлар фақат унинг қуроли холос. – У князь Андрейнинг бошидан баландроққа – киши суратнинг таниш нуқталарига қандай дадил ва ишонч билан қараса, шундай қаради. – Ғаму кулфатни одамлар эмас, унинг ўзи юборади. Одамлар унинг қўлида фақат бир қурол, айб уларда эмас. Назарингда биров ёмонлик қилгандай кўринса, буни унут, кечир. Бировни жазолашга бизнинг ҳақимиз йўқ, ўшанда афв этиш бахти нима эканлигини биласан.

– Хотин бўлганимда шундай қилар эдим, Marie. Бу фазилат хотинларга хосдир. Лекин эркаклар унутмаслиги, афв қилмаслиги керак, – деди князь Андрей, гарчи шу чоққача Курагин ҳақида ўйламаган бўлса ҳам, бирдан юрагида қондирилмаган ўч-алам жўш уриб кетди. «Модомики княжна Марья кечиришни сўраяпти, демак, мен аллақачонлар унинг жазосини беришим керак экан», – деди ўзича ва княжна Марьянинг сўзига жавоб бермасдан, Курагинни учратган пайтдаги (унинг армияда эканлигини биларди) ўша қувончли ва аламли дақиқани ўйлаб кетди.

Княжна Марья укасига ёлвориб яна бирон кун қолишини сўради, отаси билан ярашмай кетса, мўйсафид отаси қаттиқ азоб чекишини айтди, лекин князь Андрей эҳтимол армиядан тезда қайтиб келарман, отамга хат ёзиб, у кишини хотиржам қиламан, ҳозир бу ерда қанча узоқ турсам, бу яра шунча кўп маддалайди, деб жавоб қилди.

Хайрлашаётганида опасининг шу сўнгги сўзлари унинг қулоғига кирди:

– Adieu, Andre! Rappelez vous que les malheurs viennent de Dieu, et que les hommes ne sont jamais coupables [37]. Князь Андрей Лисие Гори хиёбонидан чиқиб кетар экан, ўз-ўзича ўйлар эди: «Ҳа, шундоқ бўлиши керак! Миясини еган чолга бу бечора муштипар қиз ем бўлади. Чол ўз қусурини билса ҳам, лекин феълини ўзгартиролмайди. Менинг ўғилчам ўсяпти, ҳаётни кўриб қувоняпти, лекин у ҳам бошқалар каби бу ҳаётда ё алданади ва ё алдамчи бўлади. Мен армияга кетяпман, лекин нима учунлигини ўзим ҳам билмайман, фақат истагим шуки, балодан баттар ёмон кўрадиган одамимни учратсаму мени ўлдириш ҳамда мендан кулиш учун унга имкон берсам!» Ҳаёт шароити илгари ҳам шундай эди, лекин илгари буларнинг ҳаммаси қовушиб турар эди. Энди эса парчаланиб кетди. Князь Андрейнинг тасаввурида буларнинг ҳаммаси бир-бирига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган, беҳуда ҳодисалардан иборат эди.

IX

Князь Андрей июнь ойининг охирида армия бош штабига етиб келди. Подшо бирга бўлган биринчи армиянинг қўшинлари Дрисса ёнидаги истеҳқом лагерига жойлашган; иккинчи армия қўшинлари эса биринчи армияга қўшилиш ниятида (французларнинг йирик кучлари уларни биринчи армиядан ажратиб қўйган дейишарди) орқага чекинмоқда эди. Рус армиясида уруш ҳаракатларининг умумий боришидан ҳамма норози бўлса ҳам, лекин душманнинг рус губернияларига бостириб кириш хавфи ҳақида ҳеч ким ўйламас, уруш ғарбий Польша губернияларидан нари ўтиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмас эди.

Барклай де Толли армиясига тайинланган князь Андрей у билан Дрисса қирғоғида танишди. Лагерь атрофида биронта дурустроқ жой ва ё каттароқ қишлоқ бўлмагани учун, армия қошидаги бирталай генерал ва сарой аҳиллари ўн чақиримча масофада, дарёнинг иккала қирғоғидаги энг яхши қишлоқ уйларига жойлашган эди. Барклай де Толли подшодан тўрт чақирим нарида қарор топган эди. У Болконскийни илтифотсизлик билан совуққина қарши олди ва сўзларни немисча талаффуз қилиб, келганингиз ҳақида подшога маълумот бераман, бирон вазифага тайинланарсиз, ҳозирча менинг штабимда хизмат қилиб туринг, деди. Князь Андрей Анатоль Курагин шу армияда бўлса керак деб ўйлаган эди, бироқ у бу ерда эмас, Петербургга кетган экан. Буни эшитиб князь Андрей қувонди. Зўр уруш марказидаги ишлари князь Андрейнинг фикру хаёлини банд қилди ва у Курагин ҳақидаги ўй-хаёллар туғдирган ташвишдан бирмунча вақт қутулгани учун хурсанд бўлди. Дастлабки тўрт кун давомида князь Андрейни ҳеч қаёққа чақиришмади, шундан фойдаланиб, у барча лагерь истеҳкомларини айланиб чиқди, ҳамда ўз билимига таяниб, бу ишлардан хабардор одамлар билан суҳбатлашиб, мустаҳкамланган лагерь ҳақида бирор тушунча ҳосил қилмоқчи бўлди. Лекин бу лагернинг қанчалик қулай-ноқулайлигини князь Андрей аниқлолмади. У ўз тажрибасидан шуни билар эдики, ҳарбий ишда энг чуқур ўйлаб тузилган режа ҳам иш бермаслиги мумкин (Аустерлиц сафарида буни ўз кўзи билан кўрган эди), ҳамма гап душманнинг қўққисдан ва кутилмаган жойдан қилган ҳужумини даф этишга ва бу ишни ким қандай олиб бораётганига боғлиқ. Князь Андрей сўнгги масалани ечиш учун ўз мавқеи ва таниш-билишларидан фойдаланиб армиянинг идора қилиниши, бунда иштирок қилаётган шахслар ва фирқаларнинг характерини тушуниб олишга ҳаракат қилди ва ҳозирги вазият ҳақида қуйидаги хулосага келди.

Подшо Вильнода экан чоғида армия учга бўлинибди. Биринчи армия Барклай де Толли қўмондонлиги остида, иккинчи армия Багратион, учинчи армия Тормасов қўмондонлиги остида эди. Подшо биринчи армия қошида бўлса ҳам, бош қўмондон эмас эди. Буйруқларда подшо қўмондонлик қилади деб эмас, балки армия қошида бўлади, деб ёзилганди. Бундан ташқари, подшо ихтиёрида бош қўмондон штаби эмас, балки император бош қароргоҳининг штаби бор эди холос. Унинг ҳузурида император штабининг бошлиғи генерал-квартирмейстер князк Волконский, генераллар, флигель-адъютантлар, дипломат мансабдорлар ва бир талай ажнабийлар бор эди-ю, аммо армия штаби йўқ эди. Бундан ташқари, подшо ҳузурида бирор лавозим эгаси бўлмаган кишилар: собиқ ҳарбий министр Аракчеев, энг баланд рутбали генерал граф Бенигсен, буюк князь шаҳзода Константин Павлович, канцлер граф Румянцев, собиқ Пруссия министри Штейн, швед генерали Армфельд, уруш кампанияси режасининг бош тузувчиси Пфуль, сардиниялик муҳожир генерал-адъютант Паулучи, Вольцоген ва ҳоказолар бор эди. Бу шахслар армия қошида бевосита бирон ҳарбий лавозимда бўлмаса ҳам, лекин ўз мавқеларига кўра нуфузлари бор эди: Бенигсен ё буюк князь, ё Аракчеев ва ёки князь Волконский ким сифатида ишга аралашяпти ё фалон маслаҳатни беряпти, бу фармон ва маслаҳатларни ўз номидан беряптими ё подшо номиданми, бу фармонни бажариш керакми, йўқлигини аксар вақт корпус бошлиғи ва ҳатто бош қўмондон сира билмас эди. Лекин бу фақат ташқи вазият эди, ҳақиқатда эса подшо ва барча сарой аҳли (подшо ҳузурида бўлгандан кейин ҳамма сарой аҳли бўлиб қолади) бу ерда бўлишининг моҳияти, сарой нуқтаи назаридан қаралганда, ҳаммага маълум эди. Бунинг туб маъноси шундан иборат эди: подшо бош қўмондонлик лавозимини расмий қабул қилмаган бўлса ҳам, лекин бутун армияга амру фармон бериш ҳуқуқига эга, атрофидаги одамлар эса унинг ёрдамчиси. Аракчеев тартиб-интизомга мутасадди бўлган содиқ нозир ва подшонинг шахсий муҳофазачиси; Бенигсен Вильно губерниясининг помешчиги бўлиб, гўё ўлкани les honneus [38] қиларди, аммо аслида эса ишбилармон генерал, яхши маслаҳатчи бўлгани учун истаган вақтда Барклайни алмаштирмоқ мақсадида сақланиб келмоқда эди. Буюк князь ўз истагига кўра армия қошида эди. Собиқ вазир Штейн фойдали маслаҳат бера билгани ва шахсий фазилатларига император Александр юксак баҳо бергани учун шу ерда эди. Армфельд Наполеонни бениҳоя ёмон кўргани ва ўзига ишонган генерал бўлгани учун Александрга ҳамиша таъсири зўр эди. Паулучи дадиллиги ва гапга чечанлиги учун подшога ёқар эди. Генерал-адъютантлар эса подшо қаерда бўлса улар ҳам ўша ерда бўлишлари керак бўлгани учун шу ерда эдилар, ниҳоят, Пфуль бу ердалигининг асосий сабаби шуки, у Наполеонга қарши уруш режасини тузган ва бунинг мувофиқ режа эканлигига Александрни ишонтира билиб, бутун уруш ишларига раҳбарлик қилаётган эди. Пфулнинг қўл остида Вольцоген ишларди. Вольцоген Пфулнинг фикрини ўзидан кўра тушунарли қилиб айтиб бера оладиган, ўзига бино қўйган, қўрс, ҳаммага нафрат кўзи билан қарайдиган кабинет назариячиси эди.

Номлари юқорида айтилган бу рус ва ажнабийлардан (айниқса, ёт муҳитда жуда серҳаракат бўлиб қоладиган кишиларга хос бир жасорат билан ҳар кун кутилмаган янги фикрлар таклиф қиладиган ажнабийлардан) ташқари яна армия қошида жуда кўп иккинчи даражали кишилар – бошлиқлари кетидан келган одамлар бор эди.

Мана шу улкан, серташвиш, ялтироқ ва мағрур киборлар оламидаги ҳукм сурган барча фикр ва товушлар орасида князь Андрей бир-биридан кескин тарзда ажралиб турадиган қуйидаги оқим ва гуруҳларни кўрди.

Биринчи гуруҳга Пфуль ва унинг маслакдошлари – уруш илми бор, бу илмнинг душманни айланиб ўтиш, орқадан зарба бериш қонуни деб аталган ўзгармас қонун-қоидалари бор деб маҳкам туриб олган уруш назариячилари кирар эди. Пфуль ва унинг маслакдошлари уруш назарияси деб аталган бу уйдирма назариянинг қонунига мувофиқ мамлакат ичкарироғига чекинишни талаб қилишар, бу назарияга риоя қилинмасликни жаҳолат, маърифатсизлик ва ёки ёвуз ният натижаси деб билишар эди. Бу гуруҳга немис шаҳзодалари, Вольцоген, Винцингероде ва бошқалар – кўпроқ немислар кирар эди...

Иккинчи гуруҳ биринчи гуруҳнинг тескариси эди. Одатда бир-бирига қарши икки оқим юз берганда бир оқимнинг вакилларига қарши бўлган иккинчи оқимнинг ҳам вакиллари бўлади. Бу гуруҳга мансуб бўлган кишилар Вильнони ташлаб чиққандан бери Польшага қараб ҳужум қилишни, олдин тузилган ҳар қандай режадан воз кечишни талаб қилишар эди. Бу гуруҳнинг вакиллари жасурлик билан ҳаракат қилиш тарафдорларининг намояндаси эди, бундан ташқари, булар яна миллат вакили ҳам эди ва бунинг натижасида мунозараларда яна ҳам бир томонламалик юз берди. Булар Багратион, кун сайин мартабаси ошиб бораётган Ермолов ва бошқа руслар эди. Шу кунлари Ермоловнинг бир ҳазили тилларга достон бўлган эди, гўё у подшодан лутф-марҳамат этиб, мени немис қилиб қўя қолинг деб илтимос қилган эмиш. Бу гуруҳга мансуб бўлган шахслар Суворовни эслаб, харитага нина санчиб, ўйлаб ўтириш керакмас, балки олишиш, душманни янчиш, Россия тупроғига киргани унга йўл бермаслик, қўшинлар руҳини тушишига йўл қўймаслик керак, дейишар эди.

Подшога кўпроқ манзур бўлган учинчи гуруҳга иккала оқим орасида битим ясаш билан овора бўлган сарой аҳиллари кирар эди. Асосан ғайриҳарбий кишилардан ташкил топган ва Аракчеев мансуб бўлган бу гуруҳнинг одамлари ҳеч қандай ақидага эга бўлмасалар ҳам, ўзларини бирор ақида эгаси қилиб кўрсатишга уринадиган шахслар тоифасидан эди. Уруш, дейишарди улар, айниқса Бонапарте (уни яна Бонапарте деб аташар эди) каби даҳога қарши уруш энг чуқур муҳокама, чуқур билим талаб қилади ва бу ишда Пфулдан донороқ киши йўқ, лекин шу билан бирга, назариячилар аксар бир томонлама бўлишини ҳам эсдан чиқармаслик керак, шунинг учун ихтиёрни батамом улар қўлига бермасдан, Пфулга қарши бўлганларнинг сўзига, яъни ҳарбий ишда тажриба орттирган, ишбилармон шахсларнинг сўзига қулоқ солиб, ўртача бир хулоса чиқариш керак, дейишар эди.

Бу гуруҳга мансуб бўлган кишилар Дрисса лагерини Пфуль режасига мувофиқ мудофаа қилиб, бўлак армияларнинг ҳаракатини ўзгартириш керак, дейишар эди. Гарчи бу йул билан ҳеч қандай мақсадга эришиб бўлмаса ҳам, бу тадбир шу гуруҳ одамларининг назарида дуруст кўринарди.

Тўртинчи оқимнинг энг кўзга кўринган намояндаси Аустерлиц майдонида таъзир еганини унутолмаган буюк князь, валиаҳд шаҳзода эди, буюк князь ўшанда худди кўрикка чиқаётгандай бошида каска, эгнида колет [39], гвардиячиларнинг олдига тушиб, французларни мардларча мажақлаб ташлайман деб Аустерлиц жанг майдонига борган ва тўсатдан биринчи линияга чиқиб қолиб, тўполонда аранг қочиб қутулган эди. Бу оқимга мансуб бўлган одамларнинг муҳокамадаги самимийлиги уларнинг ҳам фазилати, ҳам нуқсони эди. Улар Наполеондан қўрқишар, унинг зўр кучга эга эканлигини ҳам, ўзларининг заифлигини ҳам сезишар ва бунга ошкора иқрор бўлишар эди. Улар шундай дейишарди: «Бу ишнинг оқибати кулфат, шармандагарчилик ва ҳалокат бўлади! Мана, биз Вильнони ташлаб чиқдик, Витебскни ташлаб чиқдик, бугун-эрта Дриссани ҳам ташлаб чиқамиз. Қўлимиздан келадиган бирдан-бир оқилона иш – иложи борича, тезроқ бизни Петербургдан қувиб чиқармасларидан бурун сулҳ тузмоқдир!»

Армиянинг юқори доираларида кенг тарқалган бу нуқтаи назарни Петербургда ҳам, давлат ишларига доир сабаблар нуқтаи назаридан сулҳ тарафдори бўлган канцлер Румянцев ҳам ёқлар эди.

Бешинчи оқимга Барклай де Толли мухлислари кирар эди, унга яхши киши бўлгани учун эмас, балки ҳарбий вазир ва бош қўмондон бўлгани учун мухлис бўлган одамлар кирар эди. Қанақа одам бўлса ҳам (гапни ҳамиша шундай бошлашар эди) ҳалол, ишбилармон одам, бу лавозимга ундан мувофиқроқ одам йўқ. Ҳақиқий ҳокимиятни унинг қўлига топшириб кўринг (чунки бошлиқ битта бўлмагунча уруш муваффақият қозонмайди), ўшанда у Финляндиядаги сингари нималарга қодир эканлигини кўрсатади. Агар армиямиз яхши ташкил этилган ва кучли бўлиб, Дриссагача ҳеч қандай мағлубиятсиз чекинган бўлсак, бунинг учун фақат Барклайдан миннатдор бўлишимиз керак. Аммо ҳозир Барклай ўрнига Бенигсенни қўйишса ҳамма иш хароб бўлади, чунки Бенигсен ўзининг қобилиятсизлигини 1807 йилда кўрсатган эди, дейишарди бу гуруҳга мансуб бўлган шахслар.

Олтинчи гуруҳга мансуб бўлган бенигсенчилар эса аксинча, ҳарқалай, Бенигсендан уддабуро ва тажрибали киши йўқ, минг қилсанг ҳам яна ўшанга ялинасан, дейишар эди. Бу гуруҳга тааллуқли кишилар, Дриссагача чекинишларимиз энг шармандали мағлубият ва кетма-кет хатолар натижаси бўлди, деб жар солишар эди. «Қанча кўп хато қилинса, – дейишарди улар, – шунча яхши, лоақал, шу аҳволда иш олиб бориш мумкин эмаслиги аён бўлади-ку. Ахир бизга Барклайга ўхшаган эмас, балки 1807 йилда ўзини кўрсатиб, Наполеонни ҳам қойил қолдирган Бенигсендек одам керак, шундай одам керакки, унинг ҳукмига ҳамма бўйин эгсин ва шундай одам фақат Бенигсендир».

Еттинчи гуруҳга ҳамиша подшолар, хусусан, ёш подшолар атрофида бўладиган ва айниқса император Александр саройида кўп бўлган шахслар – генераллар ва флигель-адъютантлар – подшони император сифатида эмас, балки инсон сифатида яхши кўрадиган, Ростов 1805 йилда уни қандай яхши кўрган бўлса, шундай беғараз ва самимият билан севадиганлар, унинг сиймосида фақат яхши фазилатларни эмас, балки барча инсоний хислатларни кўрадиган шахслар кирар эди. Бу шахслар бош қўмондонликни ўз қўлига олишдан воз кечган подшонинг камтарлигига қойил бўлишса ҳам, лекин бу ортиқча камтарликни қоралашарди, уларнинг бирдан-бир истак ва талаби шу эди: муҳтарам подшо ўзига бўлган ортиқча эътимодсизликни йиғиштириб қўйиб, қўмодонликни ўз қўлимга олдим деб рўй-рост айтсин, ўз ҳузурида бош қўмондон штаб-квартирасини ташкил этсин, керак бўлганда тажрибали назариячи ва урушдан хабардор кишилар билан маслаҳатлашиб, қўшинларга ўзи қўмондонлик қилсин, ўшанда армиянинг руҳи ниҳоят даражада кўтарилади.

Саккизинчи гуруҳ, энг катта гуруҳ бўлиб, сонининг кўплиги жиҳатидан бошқа гуруҳларга нисбатан юздан 99 ни ташкил қилар эди, уларнинг уруш билан ҳам, сулҳ билан ҳам, ҳужум билан ҳам, Дрисса ва ё бошқа бирон жойда мудофаа истеҳкоми қуриш билан ҳам, Барклай ва подшо билан ҳам, Пфуль ва Бенигсен билан ҳам иши йўқ эди, буларнинг бирдан-бир тилаги бу урушдан ўзлари учун кўпроқ фойда чиқариш ва кайфу сафо суриш эди, холос. Подшо бош штабидаги бир-бирига чатишиб, чалкашиб кетган фитна-фасод оқимида бўлак вақтда эришиш амримаҳол бўлган кўп нарсаларга эришмоқ мумкин эди. Бири, қулай мавқеини йўқотишдан қўрқиб, бугун Пфулнинг фикрига қўшилса, эртага унинг муқобиллари фикрига қўшилар, индинига эса масъулиятдан қочиш ва подшога ёқиш мақсадидагина ҳаммага маълум бўлган нарса ҳақида ҳеч қандай фикри йўқлигини айтар эди. Яна бир хил тамакорлар, кеча подшо ишора қилган бирон нарсани баланд товуш билан айтиб, унинг диққатини ўзига тортар, кенгашда кўкрагига уриб, қизғин мунозара қилар, фикрига қўшилмаганларни дуэлга чақирар ва шу билан умумий манфаат йўлида ўзини қурбон қилишга тайёр эканлигини кўрсатган бўлар эди. Учинчи хиллари икки кенгаш орасида, душманлари бўлмаган пайтини пойлаб ҳамда ҳозир рад этишга фурсат йўқлигини билиб, қилган хизматлари учун подшодан бир йўла ёрдам сўрар эди. Тўртинчиси подшонинг кўзи тушиб қолган пайтда жон-дили билан ишга ёпишган бўларди. Бешинчиси кўпдан бери орзу қилиб келган нарсасига эришмоқ – подшога ҳамтовоқ бўлмоқ шарафига нойил бўлиш учун майдонга чиққан янги фикрнинг тўғри ёки нотўғрилигини куйиб-пишиб исботлар, бунинг учун ҳар хил, озми-кўпми, ҳаққоний далиллар кўрсатар эди.

Бу гуруҳга мансуб кишиларнинг ҳаммаси пул, нишон, рутбага тузоқ қўяр ва подшо лутф-карамининг флюгери [40] қайси томонга бурилганини кузатар, флюгер бирон ёққа бурилди дегунча армиядаги бу текинхўрлар ўша томонга қараб пуфлар ва шундан кейин подшо ўз флюгерини бошқа томонга йўналтиргани қийналар эди. Аҳволнинг дудмаллиги, ҳамма нарсага таҳликали тус берган хавф жиддий таҳдид қилаётган, фитна-фасод худбинлик ва тўқнашувлар кучайган маҳалда, одамлари турли қабилда, нуқтаи назар ва туйғулар мухталиф бўлган пайтда бу саккизинчи гуруҳ, ўз шахсий манфаатинигина кўзлайдиган энг йирик гуруҳ – умумий ишни чалкаштирар ва бузар эди. Бирон масала кўтарилди дегунча бу текинхўрлар эски масала устида ҳали ҳеч қандай фикр юргизмасданоқ дарров янгисига ёпишар, ғала-ғовур кўтариб, чинакам мунозара қилаётган кишиларнинг товушини бўғар, босар эди.

Князь Андрей армияга келган кунлари мана шу гуруҳлар ичидан яна бошқа бир гуруҳ – энди овоз чиқара бошлаган тўққизинчи гуруҳ ташкил топаётган эди. Бу гуруҳ қарама-қарши фикрларнинг биронтасига қўшилмасдан туриб, бот қароргоҳ штабида бўлаётган барча ишларга тамоман бошқа назар билан қарайдиган, иккиланиш мужмаллик, чалкашлик ва заифликдан қутулиш тадбирларини ўйлашга қодир бўлган, давлат ишларида тажриба орттирган кекса, мулоҳазали кишилар гуруҳи эди.

Бу гуруҳга мансуб бўлган кишилар: барча беҳудагарчиликлар асосан подшо ўз ҳарбий аркони билан армия қошида бўлгани туфайли юз беряпти; саройда жоиз бўлиб, армияда зарарли бўлган ўша ноаниқ шартли ва ноустувор муносабатлар армияга кўчирилган; подшо қўшинни идора қилмасдан, подшолик қилиши керак; бу аҳволдан қутулишнинг бирдан-бир йўли – подшо ўз аркони давлати билан армиядан кетишидир; подшонинг армияда бўлиши шахсий хавфсизлигини таъминлаш учун керак бўлган эллик минг аскарни банд қилиб қўяди, энг ёмон бўлса ҳам мустақил бўлган бош қўмондон, подшо итоатида ва ҳукмида бўлган энг яхши бош қўмондондан афзалроқдир, деб ўйлар ва шу фикрларини айтар эдилар.

Князь Андрей Дрисса истеҳкомида бекор юрган кунлари шу тўкқизинчи гуруҳнинг йирик намояндаларидан бири бўлган давлат муншийси Шишков подшога мактуб ёзди ва бу мактубга Балашев билан Аракчеев имзо чекишга розилик берди. Бу мактубда Шишков, умумий аҳвол тўғрисида муҳокама юргизмоққа подшо берган ҳуқуқдан фойдаланиб, пойтахт аҳолисини урушга руҳлантирмоқ заруратини баҳона қилиб, эҳтиром билан ҳукмдорга армиядан кетишни таклиф қилди.

Подшо халқни руҳлантириши, ватан мудофааси учун халққа мурожаат этиши, Россиянинг зафар қозонишига асосий омил бўлган ўша халқни руҳлантириши (подшонинг шахсан Москвада бўлиши халққа жуда катта таъсир этган эди) зарурлиги ҳақида ёзилган мактуб Александрга тақдим этилди ва ҳукмдор армиядан қайтишга баҳона бўлган бу таклифни қабул этди.

X

Бу мактуб подшонинг қўлига берилишидан олдин Барклай овқат маҳалида Болконскийга: шаҳаншоҳ шахсан сизни кўрмоқчи ва Туркия ҳақида баъзи бир нарсаларни сўрамоқчи, сиз соат олтида Бенигсен уйига марҳамат қилинг, деб қолди.

Шу куни подшо қароргоҳида Наполеоннинг армия учун хавф туғдирадиган ва кейинчалик нотўғри чиққан янги бир ҳаракати ҳақида маълумот олинган эди. Ўша куни эрталаб полковник Мишо подшо билан бирга Дрисса истеҳком-лагерини айланиб чиққан ва Пфуль томонидан тузилиб, шу маҳалгача тактиканинг chef-d’oeuvre [41] ҳисобланган, Наполеонни маҳв этиши лозим бўлган бу истеҳком икки пулга арзимаслигини ва рус армиясини ҳалокатга учратиши мумкинлигини исботлаб берган эди.

Князь Андрей генерал Бенигсеннинг уйига келди, Бенигсен дарё бўйида, бир помешчикнинг унча катта бўлмаган ҳовлисида турар эди. Болконский келганда ҳали Бенигсен ҳам, подшо ҳам йўқ эди: лекин шоҳнинг генерал-адъютанти Чернишев князь Андрейни қабул қилди ва подшо генерал Бенигсен ва маркиз Паулучи билан шу бугуннинг ўзида иккинчи мартаба Дрисса истеҳком-лагерини кўргани кетганини, бу лагернинг қулайлигига катта шубҳа туғилиб қолганини айтди.

Чернишев кўлида французча роман, олдинги уйнинг деразаси олдида ўтирган эди. Бу уй илгари зал бўлган бўлса керак, унда устида гиламлар уйилиб ётган арғанун (орган), бир бурчида Бецигсен адъютантининг буклама каравоти турарди. Адъютант ҳам шу ерда эди. У тунги базмдан, ё ишдан тинкаси қуриб келган бўлса керак, йиғиштирилган тўшак устида мудраб ўтирган эди. Залнинг бир эшиги илгари меҳмонхона бўлган хонага тўғри очилар, иккинчиси ўнгга, кабинетга очилар эди. Биринчи эшикдан немис, ҳар замон француз тилида гапираётган кишиларнинг овози эшитиларди. У ерда, илгари меҳмонхона бўлган хонада подшонинг хоҳишига кўра ҳарбий кенгаш эмас (подшо дудмалликни яхши кўрар эди) балки баъзи бир зотлар йиғилган эди, подшо олдида турган қийинчиликлар ҳақида буларнинг мулоҳазасини эшитмоқ истарди. Бу ҳарбий кенгаш эмас, балки баъзи бир масалаларни шахсан шоҳ учун аниқлаш мақсадида йиғилган мумтоз кишилар кенгаши эди. Бу кенгаш тахлит йиғилишга швед генерали Армфельд, генерал-адъютант Вольцоген, қочоқ француз табааси деб Наполеон лақаб қўйган Винцингероде, Мишо, Толь, ҳарбий ишга сира алоқадор бўлмаганлардан граф Штейн ва ниҳоят княз Андрейнинг эшитишига қараганда бутун бу ишларнинг la cheville ouvrière cu [42] бўлган Пфулнинг ўзи таклиф қилинган эди. Орадан кўп ўтмай, князь Андрейдан кейин Пфуль келди ва меҳмонхонага кираётганда тўхтаб, Чернишев билан гаплашиб қолди, князь Андрей, мана шу фурсатдан фойдаланиб, унга яхшигина разм солди.

Пфуль беўхшов тикилиб, масхарабоз кийими сингари ёпишмай турган рус генерали мундирида князь Андрейга (илгари кўрмаган бўлса ҳам), дафъатан қараганда танишдай кўринди. Пфуль гарчи князь Андрей 1805 йилда кўришга муваффақ бўлган Вейротерга, Макга, Шмидтга ва жуда кўп немис назариячи генералларга ўхшаб кетса ҳам, лекин уларнинг ҳаммасидан кўра типик генерал эди. Ўша немисларда бўлган барча хислатларни ўзида мужассамлаштирган бунақа назариячи немисни князь Андрей ҳеч қачон кўрмаганди.

Пфуль ўрта бўйли, жуда ориқ бўлса ҳам, лекин суяги йирик, қуймичи кенг, кураклари туртиб чиққан беўхшов гавдали немис эди. Унинг юзи буришган, кўзлари чўккан, чаккасидаги сочлари, афтидан, шошиб-пишиб чўтка билан силлиқланган, аммо орқа сочи ҳурпайиб чиқиб турар эди. У худди мана шу катта хонадаги ҳамма нарсадан ҳадиксираётгандай, атрофга хўмрайиб кириб келди. Беўхшов ҳаракат билан қиличини ушлаб, Чернишевга юзланди ва немисчалаб подшо қаердалигини сўради. Пфулнинг таъзим-тавозе ва салом-аликни тугатиб, дарҳол бу хоналардан ўтиб кетиш ва харита олдига бориб ўтиришни истагани билиниб турар, чунки ўшандагина унинг кўнгли жойига тушган бўлар эди. У Чернишевнинг сўзларига тез-тез бош ирғатиб, подшо Пфулдай одам ўз билимига таяниб қурган истеҳкомни кўргани кетди, деган сўзни эшитиб истеҳзо билан кулимсиради. У ўзига ишонган немисларга хос бир йўсинда йўғон овоз билан: Dummkopf... ёки: zu Grunde die ganze Geschichte... ёки s’wird was gescheites d’raus werden... [43] деб дўриллади. Князь Андрей унинг сўзини эшитмай қолди ва энди ичкарига кирмоқчи бўлаётган эди, Чернишев князь Андрей яқинда Туркиядан келганини, у ерда уруш муваффақиятли тугаганини айтиб Пфуль билан таништирди. Пфуль князь Андрейга бир кўз ташлади-ю, кулиб: «Da muss ein schöner taktischer Krieg gewesen sein» [44], – деди. Ва таҳқиромуз тиржайиб, гурунг чиқаётган уйга кириб кетди.

Ҳамиша сал нарсага зардаси қайнаб, пичинг қиладиган Пфуль афтидан, бугун жуда тажанг эди, чунки унинг ташаббуси билан қурилган истеҳкомни усиз қургани ва бу ҳақда мулоҳаза юргизишга жасорат этганлари унга ниҳоят даража қаттиқ ботганди. Князь Андрей шу қисқагина учрашиш вақтида Аустерлиц хотироти туфайли Пфулнинг шунақа одамлиги ҳақида аниқ бир тасаввур ҳосил қилди. Пфуль ўтакетган мағрур, айтган жойидан кесадиган қайсар кишилар тоифасидан эдики, немисгина шундай бўлиши мумкин; бунинг ҳам сабаби шундаки, фақат немис мавҳум ғоялар – мутлақ ҳақиқатни биламан деган ҳаёлий илмга суяниб мағрур, мутакаббир бўлади. Француз шунинг учун мутакаббир бўладики, у ақлу идроким ва жисмим билан эркак ва аёлларни маҳлиё эта биламан, деб ҳисоблайди. Француз шунинг учун мутакаббир бўладики, ўзини дунёда энг обод ва маъмур давлатнинг фуқароси деб ҳисоблайди ва шунинг учун инглиз сифатида ҳамиша нима қилиш кераклигини билади ва нимаики қилмасин, инглиз сифатида, сўзсиз яхши бўлади, деб билади. Итальян шунинг учун мутакаббир бўладики, у ҳамиша жонсарак, ўзини ҳам, ўзгани ҳам дарров унутиб қўяди. Рус шунинг учун мутакаббирки, у ҳеч нарсани билмайди, билишни ҳам истамайди, чунки бирон нарсани мукаммал билиб олиш мумкинлигига ишонмайди. Немис ҳаммадан ҳам ёмонроқ, ҳаммадан ҳам қаттиқроқ, ҳаммадан ҳам баттолроқ мутакаббир бўлади, чунки у ўзи ўйлаб чиқарган, ўзи учунгина мутлақ ҳақиқат бўлган илмни билгани учун керилади. Пфуль ҳам, афтидан, мана шундай одам эди. Пфуль Буюк Фридрих жанглари тарихидан хулоса қилиб чиқарган илмга – душманни айланиб ўтиш назарияси деган таълимотга маҳкам ёпишиб олиб, янги уруш тарихида нимани кўрса ҳаммасини маърифатсизлик, ваҳшийлик, аҳмоқона тўқнашув деб қарар, унинг фикрича бу урушда икки томон жуда кўп хатоларга йўл қўйгани учун ҳам бу урушларни уруш деб бўлмас, чунки улар бу назарияга тўғри келмас ва илмга мавзу баҳс бўлолмас эди.

Пфуль 1806 йили Иена ва Ауерштет билан тугаган урушнинг режасини тузганлардан эди, бироқ уруш оқибатини у ўз назариясининг нотўғри эканлигига исбот деб билмади. Аксинча, унинг назариясидан четга чиқиш, унинг фикрича, барча муваффақиятсизликларга бирдан-бир сабаб бўлди; у ўзига хос истеҳзо билан суюниб: «ich sagte ja, daβ die ganze Geschishte zum Teufel gehen wirde» [45] дер эди. Пфуль ўз назариясига жон-жаҳди билан ёпишиб, бу назариянинг асосий мақсади амалга татбиқ этиш эканлигини унутадиган назариячилардан эди; у назарияга тиш-тирноғи билан ёпишиб олгани учун ҳар қанақа тажрибани ёмон кўрар ва уни инкор этар эди. У ҳатто муваффақиятсизликдан суюнарди, чунки амалда назариядан четга чиқиш оқибатида юз берган муваффақиятсизлик, унинг назарияси тўғри эканлигини исботлар эди.

Пфуль князь Андрей ва Чернишевга шу урушнинг оқибати жуда ёмон бўлишини олдин билган ва бундан ҳатто норози бўлган одамдай уч-тўрт оғиз сўз қотди. Бўйнига тушиб ҳурпайиб турган бир тутам сочи ва шошиб-пишиб наридан-бери таралган чакка сочлари бундан далолат бериб турар эди.

У ичкарига кириб кетди ва дарҳол у ердан йўғон ҳамда ёқимсиз товуши эшитила бошлади.

XI

Князь Андрей Пфулнинг кетидан қарашга улгурмасдан уйга шошиб граф Бенигсен кириб келди ва Болконскийга бош ирғатиб, тўхтамасдан адъютантига аллақандай амру фармонлар берди-ю, кабинетга кириб кетди. Орқадан подшо келмоқда. Бенигсен уни қарши олгани ҳозирлик кўриш мақсадида олдинроқ келган эди. Чернишев билан князь Андрей ташқарига чиқишди. Подшо ҳоригандай отдан тушмоқда, маркиз Паулучи унга алланарса деяётган эди. Подшо бошини сўл томонга қийшайтириб, қизишиб гапираётган Паулучига норози тарзда қулоқ солаётган эди. Подшо гапни қисқа қилиш ниятида бўлса керак, олға қадам қўйди, бироқ қизарган ва ҳаяжонланган итальян одобни ҳам унутиб, подшонинг кетидан гапириб бораверди.

– Quant à celui qui a conseillé ce camp, le camp de Drissa, – деди Паулучи подшо зинадан чиқаётиб князь Андрейга кўзи тушган ва бу нотаниш ким экан деб унга зеҳн солаётган маҳалда. Паулучи худди ўзини тийишга ожизлик қилаётгандай, яна қизишиб давом этди:

– Quant à celui, Sire, qui a conseillé le camp de Drissa, je ne vois pas d’autre alternative que la maison jaune ou le gibet [46]. – Подшо итальяннинг сўзига қулоқ бермагандай бўлиб князь Андрейга қаради ва уни таниб, лутфан деди:

– Яхши қилибсан келиб, улар йиғилган уйга кириб тур. Ҳозир кираман. – Подшо кабинетга ўтди. Унинг кетидан князь Пётр Михайлович Волконский билан барон Штейн кирди-ю, эшик ёпилди. Князь Андрей подшонинг рухсатидан фойдаланиб, Паулучи билан (у билан Туркияда танишган эди) меҳмонхонага кирди, бу ерга кенгаш аҳли йиғилган эди.

Князь Пётр Михайлович Волконский гўё подшонинг штаб бошлиғи лавозимини адо этар эди. Волконский кабинетдан чиқиб меҳмонхонага бир неча харита олиб келди ва уларни стол устига ёзди-да, йиғилган зотларнинг муҳокамасига қўйиладиган масалани ўртага солди. Аҳвол шундай эди: шу бугун кечаси французлар Дрисса лагерини четлаб ўтаётгани ҳақида (кейинчалик бу хабар нотўғри чиқди) маълумот олинган эди.

Биринчи бўлиб генерал Армфельд сўзга чиқди. У юз бериши мумкин бўлган қийинчиликларга йўл бермаслик учун тўсатдан сира изоҳлаб бўлмайдиган (менинг ҳам фикрим бўлиши мумкин деган мулоҳаза билан) бир таклиф киритди, унинг фикрига кўра, армия бир-бирига қўшилиб, Москва ва Петербург йўлидан четроқда мавқе ишғол этиши ва душманни кутиши керак эди. Армфельд бу режани кўпдан бери ўйлаб юргани, уни ўртага ташлашдан мақсад қўйилган масалага жавоб беришдан кўра (бу режа унга жавоб бўлолмас эди) кўпроқ пайтдан фойдаланиб, ўзини кўрсатмоқчи бўлаётгани кўриниб турар эди. Уруш қандай характер касб этиши ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмасдан туриб қилинган миллионларча таклифлар қандай асосли бўлса, бу таклиф ҳам шундай асосли бўлиши мумкин эди. Баъзилар унинг таклифига эьтироз билдирди, баъзилар ёқлади. Ёш полковник Толь швед генералининг фикрига бошқалардан кўра кўпроқ эътироз билдирди ва мунозара чоғида ён чўнтагидан ёзиб-чизиб қоралаб ташланган дафтарини чиқарди-ю, ўқиб беришга рухсат сўради. Толь ўзининг муфассал лойиҳасида бошқа нарсани – Армфельд ва Пфуль режасига мутлақо зид бўлган бошқа уруш режасини тавсия қилди. Паулучи Толга эътироз билдириб, олға ҳаракат қилиш ва ҳужумга ўтиш режасини таклиф қилди, унинг фикрига кўра, ёлғиз шу ҳужум бизни мужмал аҳвол ва қопқондан (Дрисса лагерини у шундай атади) қутқариши мумкин эди. Бу мунозара вақтида Пфуль ҳам, унинг таржимони (сарой муносабатларида унинг воситачиси) Вольцоген ҳам лом-мим демади. Пфуль нуқул нафратомуз бурнини жийирар ва эшитаётганим бу бемаза гапларга эътироз қилишни ҳатто ўзимга лойиқ кўрмайман, дегандай қилиб юзини ўгирар эди. Бироқ мунозарани олиб бораётган князь Волконский унга мурожаат этиб, фикр баён қилишини таклиф қилганда у шундай деди:

– Мендан сўраб нима қиласизлар? Генерал Армфельд қўшин орқасини ҳимоясиз қолдирадиган ажойиб позицияни таклиф қилди-ку. Ёки von diesem italienischen Herrn, sehr schön! [47] Ё орқага чекиниш. Auch gut [48]. Мендан сўрашнинг нима ҳожати бор? – деди у. – Ўзларинг мендан кўра яхшироқ биласизлар-ку ахир. – Бироқ Волконский қовоғини солиб, сизнинг фикрингизни шоҳ номидан сўраяпман, деганда Пфуль ўрнидан турди ва тўсатдан жонланиб гапира кетди:

– Барча ишни расво қилишди, барча ишни чалкаштириб юборишди, ҳамма ўзини мендан донороқ кўрсатмоқчи бўлди. Мана энди, пировардида, бу аҳволдан қанақа қилиб қутулайлик деб менга маслаҳат солишяпти. Энди нимасини тузатасизлар. Мен айтган гапларни оғишмай бажариш керак, – деди қоқ суяк бармоғи билан столни чертиб. – Қийинчилик нимадан иборат экан? Бўлмаган гап, Kinderspiel [49]. – У харита олдига келди ва бармоғини харитага нуқиб, ҳеч қандай тасодиф Дрисса истеҳкоми мақсадга мувофиқлигини ўзгартиролмаслигини, ҳамма тадбирлар олдиндан кўрилганлигини ва душман четлаб ўтган тақдирда ҳам албатта тор-мор бўлиши кераклигини бидирлаб исбот қила бошлади.

Паулучи немисчани билмагани учун ундан французчалаб сўради. Пфуль французчани чала билгани учун Вольцоген ёрдамга келди ва шоша-пиша Пфулнинг сўзини таржима қила бошлади. Пфуль, тез-тез гапириб, фақат юз берган аҳвол эмас, балки юз бериши мумкин бўлган ҳap хил, ҳар қанақа тасодифлар менинг режамда назарда тутилган эди, агар ҳозир бирон қийинчилик туғилиб қолган бўлса, бунга бирдан-бир сабаб, мен тавсия этган режа айнан ижро этилмагани, деб бидирлай кетди. Пфуль ҳадеб истеҳзо билан кулар, ўзи ҳақлигига далил-исботлар келтирар эди, ниҳоят, математик бир мартаба ҳал этилган масалани яна турли йўллар билан текшириб кўришдан воз кечгандай, бирдан, нафратомуз тиржайиб, гапдан тўхтади. Унинг ўрнини Вольцоген олди ва ҳар замонда Пфулга «Niclit wahr, «Exellenz», [50] – деб мурожаат қилиб, унинг фикрини француз тилида давом эттирди. Пфуль урушда қизишиб кетиб, ўз одамларига ўқ отаётган киши сингари Вольцогенга ҳам бақирди.

– Nun ja, was soll denn da noch explizieft werden? [51] – Паулучи билан Мишо иккови баравар французчалаб Вольцогенга ёпишар, Армфельд немис тилида Пфулга мурожаат қилар, Толь русчалаб князь Волконскийга гап уқтирар эди. Князь Андрей индамасдан қулоқ солиб, буларни кузатиб ўтирарди.

Буларнинг орқасида князь Андрей, қалбида кўпроқ ачиниш ҳисси туғдирган киши чўрткесар, бемаъни мутакаббир, ғазабнок Пфуль бўлди. Бу ерда ўтирганлар орасида, афтидан, ёлғиз Пфуль ҳеч нарса таъма қилмас, ҳеч кимга кин-адоват билан қарамас эди. Унинг бирдан-бир тилак-орзуси, неча йиллик заҳматининг самараси бўлмиш назарияга асосланиб тузган режасини амалга татбиқ этиш эди холос. Истеҳзо билан гапирадиган Пфуль ёқимсиз, кулгили бўлса ҳам, лекин ўз ғоясига чексиз садоқати билан киши қалбида ўзига нисбатан беихтиёр ҳурмат ҳисси уйғотар эди. Бундан ташқари, Пфулдан бўлак ҳамма нотиқларнинг нутқида 1805 йилдаги ҳарбий кенгашда бўлмаган умумий бир хислат – Наполеон даҳоси қаршисида туғилаётган бир ваҳима бор эди. Бу ерда йиғилганлар гарчи бу нарсани яшираётган бўлсалар ҳам уларнинг ҳар бир эътирозидан шу қўрқув сезилиб турар эди. Булар Наполеон ҳамма ишга қодир деб тахмин қилар, истаган томондан хуруж қилиб қолишини кутишар, унинг даҳшатли номини тилга олиш билан бир-бирининг тахминини йўққа чиқаришар эди. Наполеонни, афтидан, фақат Пфуль ўз назариясининг барча мухолифлари сингари ваҳший ҳисоблар эди. Аммо Пфуль князь Андрейнинг қалбида ҳурмат ҳиссидан ташқари яна шафқат ҳиссини ҳам уйғотди. Сарой аҳлининг муомаласидан ҳам, Паулучи бояги сўзларни журъат қилиб подшога айтаётганидан ҳам, энг муҳими, Пфулнинг юзида зоҳир бўлиб турган ноумидлик ифодасидан ҳам унинг куни битганини бошқалар ҳам, ўзи ҳам сезиб тургани равшан эди. Пфулнинг мутакаббирлиги, немисларга хос пичингчилиги, эзмалигидан қатъи назар, чаккасидаги силлиқ сочлари, бўйнидан ҳурпайиб чиқиб турган кокиллари билан жуда аянч бўлиб кўринар эди. У ўз ожизлигини ғазаб ва нафрат ниқоби остида яширгандай бўлса ҳам ўз назариясини катта тажрибада синаш ва унинг тўғрилигини бутун оламга исботлаш имкониятидан маҳрум бўлаётгани учун умидсизликка тушмоқда эди.

Музокара ниҳоят даража чўзилиб кетди ва гап чўзилган сари баҳсу мунозара қизиб, ҳайқириқ ва шахсиятга тегиш даражасига бориб етди ва айтилган гаплардан бирон умумий хулоса чиқариш мумкин бўлмай қолди. Князь Андрей турли тилларда бўлаётган гап-сўз, таклиф, режа, раддия ва ҳайқириқларга қулоқ бераркан, булар нима деяпти ўзи, деб ҳайрон бўлар эди. Бир вақтлари, ҳарбий хизматда бўлган чоғларида унинг кўнглига ҳарбий илм йўқ, бўлмайди ҳам, шунинг учун ҳарбий даҳо деган нарсанинг бўлиши мумкин эмас, деган фикр тез-тез келиб турар эди. Ҳозир унинг учун шу фикр том ҳақиқатга айланди. «Қанақа шарт-шароит ва вазиятда рўй бериши аниқ бўлмаган ва аниқлаб бўлмайдиган, ҳарбий арбобларнинг куч-қувватини билиш бундан ҳам қийинроқ бўлган ишда назария ва илм нима қилади? Бир кундан кейин бизнинг армиямиз ёки душман армияси қай аҳволда бўлишини, у ёки бу қисмнинг қандай кучга эга бўлишини ҳеч ким билмайди ва билолмайди ҳам. Баъзан олдинги сафда бораётиб, «Биз қуршовда қолдик!» деб бақириб қочадиган қўрқоқ бўлмаса-ю, олдинда «Ура!» деб қичқирадиган хушчақчақ жасур аскар бўлса, Шенграбендаги сингари беш юз кишидан иборат қисм ҳам ўттиз минг кишидан иборат қисмнинг ўрнини босади, баъзан эса, Аустерлицдаги каби, эллик минг киши саккиз минг кишидан қочади. Ҳар қанақа амалий ишдаги сингари, ҳеч нарсани аниқлаб бўлмайдиган ва ҳамма нарсанинг моҳияти сўнгги дақиқада аниқланадиган ва бу сўнгги дақиқа қачон келишини ҳеч ким билмайдиган сон-саноқсиз шарт-шароитга боғлиқ бўлган бу ишда қанақа илм бўлиши мумкин? Армфельд армиямиз бошқа армиядан ажралиб қолган дейди, Паулучи эса биз француз армиясини икки ўт орасида қолдирдик дейди. Мишо Дрисса лагерининг ноқулайлиги шундан иборатки, дарё орқада қолган, дейди. Пфуль эса лагернинг ҳамма фазилати шундан иборат, дейди. Толь бир режа таклиф қилса, Армфельд бошқасини таклиф қилади, буларни яхши деса ҳам бўлади, ёмон деса ҳам бўлади, чунки ҳар қанақа таклифнинг тўғри-нотўғрилиги фақат воқеа содир бўлган дақиқадагина маълум бўлади. Бас шундай экан, нима учун ҳамма ҳарбий даҳо, ҳарбий даҳо деб жар солади? Наҳотки сухари етказиб беришни ўз вақтида буюра олган, бировга ўнгга, бировга сўлга юришини кўрсата олган киши даҳо бўла олса? Бунинг сабаби шуки, ҳарбий кишилар савлат ва салтанат эгаси бўлиб, бир тўда разиллар хушомадгўйлик билан бу салтанатга алоқаси бўлмаган даҳолик хислатларини нисбат берадилар, уларни даҳо деб атайдилар. Аксинча, мен таниган энг яхши генераллар ё маърифатсиз, ё паришонхотир кишилар бўлган. Генералларнинг ичида энг яхшиси Багратиондир, буни Наполеоннинг ўзи эътироф қилган. Бонапартнинг ўзи-чи? Аустерлиц жанг майдонидаги унинг мағрур ва маҳдуд сиймоси кўз ўнгимда турибди. Яхши саркардага даҳолик ҳам, бошқа бирон айрим хислат ҳам керак эмас, билъакс, яхши саркарда инсоннинг энг юксак, олижаноб фазилатларидан, яъни муҳаббат, шеърият, нафосат, файласуфона иштибоҳлардан маҳрум бўлиши шарт. Саркарда фикр доираси тор, қилаётган ишининг муҳимлигига қатъиян ишонадиган (акс ҳолда сабри чидамай қолиши мумкин) киши бўлмоғи керак. Ўшандагина у жасоратли саркарда бўла олади. Агар саркарда бўла туриб бировни севса, бировга раҳми келса, бу адолатми, адолатсизликми, деб ўйлаб ўтирса, ундай саркардадан Худо ўзи сақласин. Қадим замонларда улар учун даҳолик назарияси деган сохта бир назарияни тўқиб чиқарганлар, чунки ҳокимият ўшаларнинг қўлида бўлган. Ваҳоланки, ҳарбий ишдаги муваффақият capкардаларга эмас, балки сафдаги солдатнинг: «Ҳалок бўлдик», ёки «Ура!» деб қичқиришига боғлиқ. Фақат мана шу сафларда фойдали бўлишингга амин бўлиб, хизмат қила оласан!»

Князь Андрей шу нарсаларни ўйлаб, мунозараларга қулоқ солиб ўтирар эди. Одамлар тарқала бошлаб, Паулучи уни чақиргандагина ўзига келди.

Эртаси куни қўшинлар кўригида подшо ундан қаерда хизмат этишга майли борлигини сўради, князь Андрей шоҳ ҳузурида қолишни сўрамасдан, аксинча, армияда хизмат қилишга рухсат сўради ва шу билан сарой муҳитидан умрбод узоқлашди.

XII

Ростов уруш бошланишидан олдинроқ ота-онасидан мактуб олди. Бу мактубда улар Наташа бетоб, князь Андрей билан ора очиқ бўлди (Наташа тегмайман деб айтди) деб қисқача ёзган, Николайдан яна истеъфога чиқиб, уйга қайтишини сўраган эдилар. Николай мактубни олгандан кейин меҳнат таътили ёки истеъфога чиқишга ҳаракат қилмади, балки уларга: Наташанинг хаста бўлиб ётгани ва князь Андрей билан муносабати узилганига жуда-жуда афсусланаман, истакларингизни амалга ошириш учун қўлимдан келганча ҳаракат қиламан, деб жавоб қайтарди. Соняга эса алоҳида хат юборди.

«Қалбимнинг марҳами, жондан азиз дўстим, қишлоққа қайтишимга ҳамиятимдан бўлак ҳеч нарса моне бўлолмайди, – деб ёзди у. – Лекин ҳозир уруш бошланиши олдида, шахсий бахт-саодатимни ватан олдидаги бурчим ва ватанга бўлган муҳаббатимдан афзал кўрсам, ўртоқларим олдидагина эмас, балки ўз олдимда ҳам ҳамиятсиз бўлар эдим. Бу ҳижрон – сўнгги ҳижрон. Инонки, уруш тамом бўлиши биланоқ агар тирик қолсам ва сен мени ҳозиргидай севсанг, ҳамма ишни ташлаб учиб бораман ва умрбод сени алангали сийнамга босаман».

Ҳақиқатан ҳам Ростовнинг уйга қайтиши ва ўз ваъдасига кўра, Соняга уйланишга фақат уруш бошланиб қолгани моне бўлаётган эди. Отрадноеда куз фаслидаги ов қиш фаслидаги святки [52] байрами ва Сонянинг севгиси унга дворянларча тинч ҳузур-ҳаловат ва айшу ишрат истиқболи эшигини очмоқда эди. Ростов илгари бу нарсаларни билмас эди, аммо ҳозир булар уни ўзига жалб этаётган эди. «Ёқимтой хотин, бола-чақа, бир гала асил този ит, ўн-ўн иккита олғир овчи ит, рўзғор ишлари, қўни-қўшни, сайлов билан тайинланадиган хизмат». Бироқ, ҳозир уруш бошланган, полкдан кетишнинг иложи йўқ эди. Шундай бўлгандан кейин – Николай Ростов ўз табиатига кўра, полкда ўтказиладиган ўша ҳаётдан рози ва бу ҳаётни яхши ўтказиш доим қўлидан келарди.

Отпускадан қайтиб келгач, ёр-ошнолари севинч билан қаршилаган Николай армияга от келтиргани Малороссияга кетди ва у ердан шундай ажойиб отлар олиб келдики, бундан ҳам ўзи хурсанд, ҳам бошлиқларнинг мақташига сазовор бўлди. Ўзи йўқлигида унга ротмистрлик лавозимини беришибди, полк қўшимча куч берилиб, ҳарбий ҳолатга ўтгандан кейин, у яна аввалги эскадронига бошлиқ бўлди.

Уруш бошланди, полк Польшага қараб юрди, маошлар икки ҳисса ошди, янги офицерлар, янги одамлар келишди, янги отлар келтирилди, энг муҳими, урушнинг дастлабки кунларига хос ҳаяжон ва қувноқлик кайфияти ҳукм сура бошлади; Ростов полкда яхши мавқега эга эканлигини фаҳмлаб, бир кун эмас, бир кун булардан воз кечишга тўғри келишини билса ҳам, лекин жон-тани билан ҳарбий хизмат завқи, ҳузур-ҳаловатига берилиб кетди.

Қўшинлар ҳар хил мураккаб давлат ишлари, сиёсат ва тактика мулоҳазаларга кўра Вильнодан чекинди. Бу чекинишларнинг ҳар қадами бош штабда мураккаб манфаат, мулоҳаза ва эҳтиросларнинг тўқнашувини вужудга келтирар эди. Ёзнинг энг яхши фаслида чекиниш етарли озиқ-овқат билан таъминланган Павлоград гусар полки учун сайри саёҳатдай бир гап эди. Қайғуриш, ташвишланиш, иғво қилиш фақат бош штабда бўлиши мумкин, армия ўртасида эса қаёққа кетяпман, нима учун кетяпман деган савол ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Афсусланганлар ҳам фақат чекинаётганлари учун эмас, балки энди ўрганиб қолган манзил ва чиройли поляк қизларини ташлаб кетаётганлари учунгина афсусланар эди холос. Аҳвол чатоқлашиб кетяпти деган хаёл биронтасининг ақлига келиб қолса ҳам у одамшаванда ҳарбий кишига муносиб иш тутиб, ўзини хурсанд кўрсатишга, бунақа фикр-хаёлни бошидан чиқариб ташлашга уринар, умумий аҳвол тўғрисида эмас, балки ўзининг кундалик ишлари ҳақида ўйлашга тиришар эди. Бошда поляк помешчиклари билан танишиб, подшони ва бошқа олий рутба командирларнинг кўрикка келишини кутиб, кўрикдан ўтиб, хушчақчақлик билан Вильно ёнида туришди. Кейин Свенцянига қараб чекиниш, олиб кетиб бўлмайдиган озиқ-овқат маҳсулотларини йўқотиш ҳақида буйруқ келди. Свенцяни икки сабабга кўра гусарлар хотирида қолган эди: биринчидан маст лагерь деб ном чиқарган (бутун армия Свенцяни лагерини шундай деб атаган эди), иккинчидан, озиқ-овқат маҳсулотларини тортиб олиш ҳақидаги буйруқдан фойдаланиб, гусарлар озиқ-овқат билан бирга поляк панларининг от-арава ва гиламларини тортиб олган ва бу қилмишлари учун уларнинг устидан жуда кўп аризалар тушган эди. Ростовнинг хотирида Свенцяни шунинг учун ҳам ўрнашиб қолдики, у шу манзилга етиб келган биринчи кун вахмистрнинг ўрнини олган ва шу куни беш бочка эски пивони рухсатсиз олиб кетиб, улгудай ичган эскадрон одамларини ҳеч эплаёлмаган эди. Свенцянидан чекина-чекина Дриссага етишди, Дриссадан чекиниб рус чегарасига яқинлашиб қолишди.

13 июлда павлоградликлар илк дафъа катта жангда бўлишди.

12 июль жанг арафасида, кечаси жуда қаттиқ бўрон бўлиб, дўл-ёмғир ёғди. 1812 йил ёзида умуман бўрон кўп бўлган эди.

Павлоград полкининг икки эскадрони энди бошоқ тортган ва қорамол билан от пайҳон қилган қора буғдой пайкали ўртасида манзил қурган эди. Ёмғир селга айланди. Ростов ўз ҳомийлигига олган ёш офицер Ильин билан бирга, наридан-бери тикланган чайлада ўтирган эди Буларнинг полкдоши – узун мўйлови бетининг ярмини олган офицер штабга борган эди, қайтишда ёмғирда қолиб, Ростовнинг олдига кирди.

– Граф, мен штабдан келяпман. Раевскийнинг кўрсатган қаҳрамонлигидан хабарингиз борми? – Офицер Салтановскда бўлган жанг ҳақида штабда эшитган гапларини батафсил айтиб берди.

Ростов ёқасининг ичига ёмғир томаётгани учун бўйнини қисиб, оғзида трубка, офицернинг сўзига бепарво қулоқ соларкан, ёнида қунишиб ўтирган ёш офицер Ильинга ҳар замонда бир қараб қўяр эди. Яқинда полкка келган бу ўн олти ёшли офицер-бола етти йил муқаддам Денисовга Ростов қандай бўлса, ҳозир Николайга нисбатан шундай эди. Ильин ҳар ишда Ростовга тақлид этишга уринар ва унга хотин кишидай меҳр қўйган эди.

Қўшмўйлов офицер Здржинский Салтановск тўғони русларнинг Фермопили бўлганини, генерал Раевский бу тўғонда достон бўладиган қаҳрамонлик кўрсатганини, қандай қилиб икки ўғлини душманнинг мудҳиш ўти остида тўғонга олиб борганини ва улар билан бирга ҳужум қилганини жуда баландпарвоз иборалар билан ҳикоя қилиб берди. Ростов бу сўзларга қулоқ соларкан, Здржинскийни маҳлиё этган нарсани маъқуллаб бирон сўз демади, билъакс, эътироз билдирмоқчи бўлмаса ҳам, лекин бу гаплардан номуси келаётган кишига ўхшаб ўтирди. Ростов Аустерлиц воқеаси ва 1807 йилги уруш кампаниясидан кейин ўз шахсий тажрибасидан билар эдики, уруш ҳодисаларини гапириб берганда, унинг ўзи лоф ургандай, одамлар ҳамиша лоф урадилар; иккинчидан, Ростов катта тажрибага эга бўлгани туфайли урушда юз берадиган ҳодисалар биз тасаввур қиладиган ва гапириб берадиган нарсага сира ўхшамаслигини билар эди. Шунинг учун ҳам Здржинскийнинг ҳикояси ҳам, ўзи ҳам Ростовга ёқмаётган эди, ўз одатига кўра ҳамсуҳбати устида шопдай мўйловини осилтириб энгашиб гапирадиган Здржинскийнинг шу тор чайлада ўтириши Ростовга малол келаётган эди. Ростов индамай унга қараб ўтирар эди. «Аввало, тўғонга ҳужум бошлаганда у шу қадар алғов-далғов ва тиқин бўлган бўлса керакки, Раевский ўз ўғилларини ҳужумга бошлаган тақдирда ҳам бу иши унинг ўзи атрофида турган беш-ўнта одамдан бўлак ҳеч кимга таъсир қилмагандир» деб ўйлар эди Ростов. «Қолганлар эса Раевский кимларни бошлаб тўғонга ҳужум қилганини ҳатто кўриши ҳам мумкин эмас. Кўрган тақдирда ҳам жуда руҳланиб кетишлари даргумон, чунки ҳамма ўз жонини ҳовучлаб турган маҳалда Раевскийнинг оталик туйғуси билан кимнинг неча пуллик иши бор? Ундан кейин Салтановск тўғонини олиш-олинмаслиги ватан тақдирини ҳал қилмайди, ваҳоланки, Фермопил уруши ватан тақдирини ҳал қилган дейишади. Шундай бўлгандан кейин бунақа фидойиликнинг нима ҳожати бор? Урушга болаларни аралаштириш нима зарур? Мен укам Петяни эмас, ҳатто менга буткул бегона бўлган мана бу меҳрибон бола Ильинни ҳам ҳужумга олиб бормас эдим, иложи бўлса хавфсизроқ жойга қўяр эдим» деб ўйлар эди Ростов ҳамон Здржинскийнинг сўзига қулоқ солар экан. Аммо Ростов ўз мулоҳазасини айтмади: бу соҳада ҳам унинг тажрибаси бор эди. Бу гаплар қиролимизнинг шон-шуҳратини оширишга хизмат қилишини Ростов билар эди, шунинг учун ҳам ишонаётган бўлиб кўриниш керак эди ва шундай ҳам қилди.

– Тоқатим тоқ бўлди! – деди Ильин Здржинскийнинг гапи Ростовга ёқмаётганини фаҳмлаб. – Пайпоғим ҳам, кўйлагим ҳам шалаббо бўлди, бутунлай ивиб кетдим. Чиқиб бирон бошпана қидирмасак бўлмайди. Ёмғир пича тинди шекилли. – Ильин чайладан чиқди, унинг кетидан Здржинский ҳам жўнаб кетди.

Беш дақиқа ўтар-ўтмас Ильин шалоплаб лой кечиб, чайлага югуриб кирди.

– Ура! Ростов, қани, кетдик. Топдим! Икки юз қадамча нарида майхона бор экан, бизникилар ўша ерда йиғилишиб ўтиришибди. Ҳеч бўлмаса уст-бошимиз қурийди-ку. Марья Генриховна ҳам ўша ерда!

Марья Генриховна полк докторининг хотини бўлиб, доктор бу ёш ва чиройли немис қизга Польшада уйланган эди. Пули кам бўлганлиги важиданми ёки ёш хотинни ташлаб кетгани кўзи қиймаганданми, ишқилиб доктор хотинини гусар полки кетидан олиб юрар, унинг рашки гусар офицерлари орасида кундалик аския мавзуига айланган эди.

Ростов плашчни елкасига ташлаб, Лаврушкага нарсаларини орқадан олиб келишни буюрди-ю, ўзи Ильин билан чиқиб кетди; улар гоҳ лойга ботиб, гоҳ тинай деган ёмғирда шалоплаб, қоронғида боришар, узоқда чақнаётган чақмоқ ҳар замонда атрофни ёритиб юборар эди.

– Ростов, қаердасан?

– Бу ердаман. Чақмоқни кўр-а! – деб улар ўзаро гаплашарди.

XIII

Олдида докторнинг соябон араваси турган майхонага бештача офицер йиғилган эди. Тўладан келган малла соч немис жувон Марья Генриховна эгнида кофта, бошида тунги калапўш, кираверишдаги кенггина ўриндиқда ўтирар, орқасида эри, доктор ухлаб ётарди. Ростов билан Ильин уйга кирди, ҳаммалари қувониб, уларни қичқириқлар ва қаҳқаҳа билан қаршилади.

– Оҳо! Жуда маза қилиб ўтирибсизлар-ку! – деди Ростов кулиб.

– Ўзлари қаёқда қолиб кетдилар?

– Буларга қаранг! Шалаббо бўлиб кетибсизлар-ку. Меҳмонхонамизни ҳўл қилманглар.

– Марья Генриховнанинг кўйлагига сачратманглар! – дейишди улар.

Ростов билан Ильин иккаласи Марья Генриховнани безовта қилмасдан, тезроқ холи жой топиб, кийимларини алмаштириш ҳаракатига тушишди. Улар шу ниятда тахта девор орқасига ўтмоқчи бўлишди; бироқ тахта девор орқасида, катакдай қазноқчада битта шамни бўш яшикка қўндириб учта офицер қарта ўйнаб ўтирган экан, улар ўрнидан тургилари келмади. Марья Генриховна парда қилгани юбкасини берди. Ростов билан Ильин нарсаларини кўтариб келган Лаврушканинг ёрдамида, юбка-парда орқасига ўтиб, ҳўл кийимларини алмаштиришди.

Бузилиб ётган печкага ўт ёқишди. Битта тахтани иккита эгар устига қўйиб стол ясашди, столнинг устига ёпқич ташлаб, унга самовар, қутича, ярим шиша ром қўйишди-ю, Марья Генриховнадан бекач бўлишни ўтиниб, ўзлари уни қуршаб олишди. Биров чиройли қўлчасини артгани Марья Генриховнага тоза рўмолчасини, тутар, биров зах ўтмасин деб оёғи остига ҳарбийча кийимини ташлар, биров шамоллаб қолманг деб шинели билан деразани тўсар, биров уйғониб кетмасин деб эрининг юзидаги пашшасини қўрир эди.

– Қўяверинг, – дерди Марья Генриховна ҳам уялинқираб, ҳам ийиб кетганидан жилмайиб. – Кечаси ухламаган эди, жуда роҳат қилиб ётибди.

– Йўғ-э, Марья Генриховна, – дерди офицер унга жавобан, – докторга хушомад қилмасак бўлмайди. Ҳеч бўлмаганда, қўлимними, оёғимними кесаётганда раҳм-шафқат қилади-ку.

Ҳаммаси бўлиб учта стакан бор, сув шу қадар лойки, чой қуюқми, суюқмилигини билиш қийин эди. Самовардаги сув келса олти стакан келар эди холос, лекин ҳамма Марья Генриховнанинг тирноғи кирроқ момиқдай қўлчасидан унвонига қараб навбат билан чой ичишни ҳавас қиларди. Бу кеча офицерлар ҳақиқатан ҳам Марья Генриховнага ошиқ бўлиб қолганга ўхшар эди. Ҳатто тахта девор орқасида қарта ўйнаб ўтирган офицерлар ҳам, кўп ўтмай, ўйиннинг баҳридан кечишди-да, умумий кайфиятга берилиб, самовар олдига келиб ўтиришди ва буларга қўшилиб Марья Генриховнага хушомад қила бошлашди. Марья Генриховна манман деган шунча олифта ва назокатли йигитлар суҳбатида ўтирганидан гул-гул очилиб кетди ва бу кайфиятини билинтирмасликка минг уринса-да, орқасида ухлаб ётган эрининг ҳар бир уйқусираб қимирлаганидан қўрқаётгани билиниб турган бўлса-да, терисига сиғмай жилмайиб ўтирар эди.

Қошиқ фақат битта-ю, қанд жуда кўп, аммо битта қошиқ билан шунча қандни аралаштириш амримаҳол эди, шунинг учун ҳам Марья Генриховна ҳамманинг қандини, навбат билан аралаштириб берадиган бўлди.

Ростов ўз стаканини олиб, ром қуйгач, Марья Генриховнадан аралаштириб беришини сўради.

– Сиз қанд солмабсиз-ку, – деб Марья Генрихевна кулди, гўё унинг гаплари ҳам, бошқаларнинг гаплари ҳам жуда қизиқ бўлиб, остида яна бошқа маъно бордек.

– Менга қанд керак эмас, сиз қўлчангиз билан аралаштириб берсангиз бас, – деди Ростов.

Марья Генриховна унинг илтимосини қабул қилиб қошиқни излай бошлади, кошиқни эса кимдир олган эди.

– Марья Генриховна, бармоқчангиз билан аралаштириб қўя қолинг, яна ҳам ширинроқ бўлади, – деди Ростов.

– Иссиқ-да! – деди Марья Генриховна ийиб кетганидан қизариниб.

Ильин бир челак сув олиб келиб ром томизди ва бармоқчангиз билан аралаштириб беринг, деб Марья Генриховнанинг олдига келди.

– Менинг пиёлам шу, – деди Ильин, – бармоқчангизни тиқиб, ширин қилиб берсангиз, ҳаммасини ичаман.

Самовардаги чой тугагандан кейин Ростов қартани олди ва Марья Генриховна билан қирол ўйини ўйнаймиз деб таклиф қилди. Марья Генриховна билан ким ўйнайди, деб чек ташланди. Ростовнинг таклифига кўра ўйиннинг қоидаси шу эди: ким қирол бўлса Марья Генриховнанинг қўлини ўпади, кимки ютқизса доктор тургандан кейин унга самовар қўйиб беради.

– Марья Генриховна қирол бўлиб қолса-чи? – сўради Ильин.

– Марья Генриховна ҳозир ҳам қиролича, унинг амри фармони қонун.

Ўйин энди бошланди деганда бехосдан Марья Генриховнанинг орқасидан докторнинг сочи чувалиб кетган калласи кўринди. Доктор аллақачонлар уйғониб, буларнинг сўзига қулоқ солиб ётган, афтидан айтилган барча сўзларнинг ҳам, қилинган барча ишларнинг ҳам унинг учун ҳеч қандай қизиғи, куладиган ери йўқ эди. Докторнинг чеҳраси тунд, таъби хира эди. У офицерлар билан салом-алик қилмади, кийинди-да, ташқари чиққани рухсат сўради (чунки йўлни тўсиб қўйишган эди). Доктор чиқиб кетиши биланоқ офицерлар баланд товуш билан хахолаб кулишди; Марья Генриховна эса қип-қизариб офицерлар кўзида яна ҳам жозибалироқ бўлди. Доктор қайтиб кирди ва масъуд табассумини йиғиштириб, нима деркин деб эрига қўрқа-писа қараб турган хотинига юзланиб:

– Қани, юр, ёмғир тинибди; аравага бориб ётайлик, тағин бор-йўғимизни биронтаси кўтариб кетмасин, – деди.

– Мен дарров одам юбораман... Икки кишини юбораман! деди Ростов, – хотиржам бўлинг, доктор.

– Ўзим бориб қоровуллик қиламан! – деди Ильин.

– Йўқ жаноблар, сизлар уйқуни олгансизлар, аммо мен икки кечадан бери киприк қоққаним йўқ, – деб доктор хотинининг ёнига ўтирди ва қовоғини солиб, ўйиннинг тамом бўлишини кутди.

Хотинига хўмраяётган докторнинг қош-қовоғига қараб офицерларнинг яна кулгиси келар ва кўплари кулгидан ўзларини тия олмай, шошиб-пишиб кулгига қулайроқ бир баҳона излашар эди. Доктор хотини билан аравасига бориб ётгандан кейин офицерлар ҳўл шинелларини устларига ташлаб чўзилишди, аммо улар анчагача ухлашолмади, гоҳ докторнинг жони чиқиб кетай дегани, хотини вақтичоғлик қилиб ўтирганини эслашар, гоҳ югуриб эшикка чиқиб, аравада нима бўлаётганини айтиб кулишарди. Ростов бир неча мартаба бошини ўраб, ухламоқчи бўлди, бироқ ҳар гал яна биронтасининг гапи унинг уйқусини қочирар, яна бошқатдан гурунг, сабабсиз қувноқ кулги бошланиб кетар эди.

XIV

Кечаси соат иккидан ошганда ҳам ҳали ҳамма уйғоқ эди, Вахмистр Островно деган жойга қараб ҳаракат қилиш ҳақида буйруқ келтирди.

Офицерлар ҳамон ўша кайфиятда, ўша хилда чақчақлашиб кулишиб йўл тадоригини кўришди. Яна лойқа сув солиб самовар қўйишди. Лекин Ростов чойни кутмасдан эскадронга кетди. Тонг ёришмоқда, ёмғир тиниб, булутлар тарқамоқда эди. Ҳавонинг рутубати ва совуқлиги нам кўйлакда жуда сезилиб турар эди. Ростов билан Ильин иккаласи майхонадан чиқиб, тонг ғира-ширасида докторнинг ёмғирда ялтираётган чарм соябон аравасига қаради, араванинг пардаси остидан докторнинг оёқлари осилиб турар, ўртасидаги ёстиқда хотинининг каллапўши кўринар ва уйқуда пишиллагани эшитилар эди.

– Ҳақиқатан ҳам хотини жуда дилкаш-а! – деди Ростов ўзи билан бирга чиққан Ильинга.

– Жуда гўзал хотин, – деди Ильин ўн олти ёшли йигитчаларга хос жиддият билан.

Ярим соат ўтар-ўтмас эскадрон йўлга чиқиб, саф тортди. «Отланинглар!» деган буйруқ эшитилди, солдатлар чўқиниб, отга мина бошлади. Ростов отни олға суриб: «марш!» деб буйруқ берди ва гусарлар тўрттадан бўлиб саф тортиб икки томонига қайин ўтқазилган катта йўлдан олдинда бораётган пиёда ва батареялар кетидан аста гурунглашиб жўнашди, лой йўлдан кетаётган отларнинг туёғи шалоплар, қиличлар шиқирларди.

Тонг пайтида қизғиш тусга кирган бағри чок кўк-бинафша ранг булутларни шамол тез суръат билан суриб кетмоқда. Кун борган сайин ёришмоқда. Қишлоқ йўлидаги кечаги ёмғирда ҳўл бўлган майсалар кўзга яққол кўрина бошлади. Қайин дарахтларининг эгилиб турган ҳўл шохлари шамолдан силкинар, ён-верига шаффоф томчилар сочиларди. Солдатларнинг афти борган сайин аниқ кўрина бошлади. Ростов ажралмас йўлдоши Ильин билан бирга четроқдан икки қатор қайин, дарахтлар орасидан кетмоқда.

Ростов умумий қоидани бузиб, уруш вақтида ҳарбий отда эмас, балки казак отида бормоқда. Отни яхши танийдиган, отга ишқибоз Ростов яқинда дон наслли каттакон бир чиройли чавкар от сотиб олган эди, ҳеч ким ундан ўзиб кетолмас эди. Шу отни миниш Ростовга завқ бағишлар эди. Николай шу пайт қаршисида турган хавф-хатарни эмас, балки оти, тонг пайти ва докторнинг хотини ҳақида ўйлаб бормоқда эди.

Илгарилари Ростов урушга юрагини ҳовучлаб борар эди; ҳозир эса қўрқув деган нарса унинг хаёлига ҳам келмас эди. Бу жангга кўниккани учун эмас (хавф-хатарга кўникиб бўлмайди) балки хавф-хатар қаршисида ўз қалбини идора қила билгани учун қўрқмас эди. У жангга бораркан, ўзининг диққатини кўпроқ жалб қилиши керак бўлган қаршисидаги хавф-хатардан бўлак ҳамма нарса ҳақида ўйлашга ўрганиб қолган эди. Илгари жасур бўлишга қанчалик уринмасин, қўрқоқлиги учун ўзини қанчалик койимасин, бари бир бунга муваффақ бўлолмас эди, бироқ замон ўтган сари бу нарса унга ўз-ўзидан муяссар бўлди. У қайин дарахтлари орасидан Ильин билан ёнма-ён бораркан, баъзан қўли етадиган новдаларнинг баргини юлар, баъзан оёғи билан отнинг биқинига нуқиб қўяр, баъзан чекиб бўлган трубкасини кетидан кетаётган гусарга қайрилмасдан узатар, худди сайр-томошага чиққандай беғам-беташвиш, хотиржам бормоқда эди. Ростов жавраб келаётган Ильиннинг ҳаяжонли юзига қараркан, унга ачинарди, чунки қаршисида турган хавф-хатар ва ўлимдан корнет қанчалик изтироб чекаётганини Николай ўз тажрибасидан билар, фурсатдан бўлак ҳеч нарса жонига ора киролмаслигини англар эди.

Қуёш булут остидан чиқиб, бир парча мусаффо осмонда кўриниши билан шамол худди момагулдуракдан кейин очилиб кетган ёз тонгининг ҳуснини бузгани журъат этолмагандай тинди; ёмғир томчилаётган бўлса ҳам энди шовилламас, ҳамма ёқ жим бўлиб қолган эди. Қуёш қалқиб чиқиб жамолини бир кўрсатди-ю, яна уфқда турган бир парча узун булутнинг остига кириб кўздан ғойиб бўлди. Бир неча дақиқадан сўнг қуёш яна ўша булутнинг четини йиртиб, аввалгидан кўра ёруғроқ бўлиб кўринди. Олам ёришиб, ҳамма ёқ жилвага кирди. Шу ёруғлик билан бирга худди ўшанга жўр бўлгандай тўплар гумбурлади.

Ростов тўп гумбурлаган жойнинг узоқлигини чамалаб кўришга улгурмасдан Витебск томонидан граф Остерман-Толстойнинг адъютанти от қўйиб келди ва отларни йўрттириш ҳақида буйруқ бўлганини айтди.

Эскадрон жадаллаб юраётган пиёда аскарлар ва батареялардан ўтиб (батарея ҳам илдам юриб кетаётган эди), адир этагига тушди ва ҳувиллаб қолган кимсасиз бир қишлоқдан ўтиб, яна адирга чиқди, отлар терлаб, одамлар қизариб кетди.

Олдиндан дивизия командирининг:

– Тўхта, саф торт! – деган командаси эшитилди.

– Сўлга, марш! – деган садо янгради.

Гусарлар қўшин линиясидан ўтиб, марранинг чап қанотига чиқишди ва биринчи линияда турган отлиқ найзадор аскарларимизнинг орқасида тўхташди. Ўнг томонда пиёдалардан иборат эҳтиёт қисмларимиз зич саф тортиб турар, ундан сал нарироқдаги адирда эса уфқ чизиғида турган тўп ва тўпхоналаримиз соф ҳавода, эрталабки қуёшнинг қия тушган ёруғ нурида кўзга чалинарди. Олдинда, сойликнинг нарёғида турган душманнинг тўп ва колонналари кўзга ташланар эди. Сойликдан аллақачон душманга рўпара бўлиб, жанг бошлаб юборган аскарларимизнинг қасира-қусури эшитилиб турар эди. Ростов кўпдан бери қулоғига кирмаган бу садони эшитиб, худди ёқимли шўх мусиқа садосини эшитгандай қулфи дили очилиб кетди. Гоҳ бир неча ўқ бирдан ycтмa-уст қарсиллаб кетар, гоҳ яккам-дуккам ўқ товуши эштилар, яна ҳамма ёқ жим бўлиб қолар эди. Яна худди биров парсилдоқни босиб юборгандай қарсиллаб кетарди. Гусарлар бир соатча бир жойда туриб қолишди. Ниҳоят тўп отишмаси бошланди. Граф Остерман мулозимлари билан эскадрон сафининг орқасидан ўтаркан, тўхтаб полк командири билан гаплашиб олди-да, адирда турган тўплар томон ҳайдади.

Остерман кетгандан кейин кўп ўтмай, отлиқ найзадорлар орасидан:

– Колонна бўлиб ҳужумга чоғлан! – деган буйруқ эшитилди. Пиёда аскарлар суворийларга йўл бериш учун икки қатор бўлди. Отлиқ найзадорлар найзалари учидаги байроқчаларини ҳилпиратиб, адирнинг чап томонида пайдо бўлган француз суворийларига қараб от қўйди.

Суворий найзадор аскарлар адирдан тушиши биланоқ гусарларга адирга чиқиш ва замбаракларни мудофаа қилиш ҳақида буйруқ берилди. Гусарлар отлиқ найзадорлар ўрнига бориб турган чоғда цепдан дайди ўқлар визиллаб, чийиллаб ўта бошлади.

Кўпдан бери эшитилмаган бу садо Ростовга аввалги отишмадан ҳам кўпроқ завқ бағишлади ва ғайратини қўзғатиб юборди. У қоматини ростлаб, адирдан баралла кўринаётган жанг майдонини кўздан кечирди ва бутун қалби билан найзадор аскарларнинг ҳаракатида иштирок этди. Найзадор аскарлар француз драгунларига жуда яқинлашиб қолишди, ўша ерда, тутун ичида қоришиб кетишди ва беш дақиқа ўтар-ўтмас найзадорлар орқага, илгари турган жойларига эмас, балки чапроққа қараб от қўйишди. Жийрон от минган, тўқ-сариқ кийимли найзадор аскарлар орасидан ва кетидан бўз от минган кўк кийимли бир тўда француз драгунлари кўриниб қолди.

XV

Ростов найзадорларимизни таъқиб этаётган бу кўк кийимли француз драгунларини ҳаммадан олдин кўрди, чунки унинг овда пишган кўзи ниҳоят ўткир эди. Сафлари бузилиб кетган найзадорлар ва уларни таъқиб этаётган драгунлар борган сайин яқинлашмоқда эди. Узоқдан, адир этагидан, кичкина бўлиб кўринаётган бу одамларнинг бир-бири билан тўқнашаётгани, бир-бирини қуваётгани, қўли ёки қиличини ҳавода ўйнаётгани баралла кўриниб қолди.

Ростов този солиб ов қилаётган маҳалдагидек кўз олдида бўлаётган бу манзарага қараб турар эди. Ҳозир гусарларини бошлаб француз драгунларига ҳужум қилинса французлар тоб беролмаслигини, агар ҳужум керак бўлса шу оннинг ўзида қилиш кераклигини, бир дақиқа кечикса, фурсат қўлдан кетишини Ростов сезиб турар эди. У атрофга кўз югуртирди. Ёнида турган ротмистр ҳам пастдаги суворийлардан айнан шундай кўз узмай қараб турган эди.

– Андрей Севастьянич, – деди Ростов, – биз уларни мажақлаб ташлашимиз мумкин.

– Ажойиб иш бўларди, – деди ротмистр, – дарҳақиқат ҳам...

Ростов унинг сўзини охиригача эшитмай, от чоптириб эскадрон олдига чиқди ва ҳужум командасини беришга улгурмасдан айнан ўз командири ҳолатида бўлган эскадрон унинг кетидан от қўйди. Бу ишни нима учун ва қандай қилганини Ростовнинг ўзи ҳам билмай қолди. Буларнинг ҳаммасини у овдаги сингари ўйлаб-нетмасдан қилди. Николай драгунлар яқинлашиб қолганини, улар сафлари бузилган ҳолда от чоптираётганини кўриб турар, ҳужумга тоб беролмасликларини, қолган бир дақиқа фурсатни қўлдан бермаслик кераклигини, агар шуни қўлдан берса бундай қулай фурсат энди келмаслигини билиб турар эди. Ўқлар атрофида ғизиллаб, унинг ғайратини шу қадар оширар, оти шу қадар олға қараб интилардики, Ростов ўзини тутолмади. У отини ҳайдаб, команда берди-ю, ўша ондаёқ орқасидан ҳужумга шайланган эскадронининг тапир-тупурини эшитди ва адирдан тушиб, драгунлар томон от қўйди. Йўртиб келаётган отлар адирдан тушган замон беихтиёр чопа кетди. Найзадор аскарларимиз ва уларнинг кетидан от чоптириб келаётган француз драгунларига яқинлашган сайин чопишини тезлаштирди. Драгунлар яқинлашиб қолди. Олдинда келаётган драгунлар гусарларни кўргач, отларини қайтаришди, орқароқдагилари эса тўхташди. Ростов худди овда бўрининг йўлини тўсгандай зотли дон отининг жиловини қўйиб юборди ва пароканда бўлиб кетган француз драгунларининг олдини тўсишга интилди. Бир найзадор аскар тўхтади, бир пиёда аскар босиб кетмасин деб ерга қапишди, эгасиз қолган бир от гусарлар орасига кириб кетди. Француз драгунларининг деярли ҳаммаси орқага қараб қочди. Ростов кўк отли бир драгунни мўлжаллаб, орқасидан қувди. Йўлда Ростов бир бутага йўлиқди, от жонивор бутадан сакраб ўтди, эгардан учиб кетишига сал қолди. Ростов қараса, кўзлаган душманига етай деб қолибди. Мундиридан офицерга ўхшаган бу француз кўк отга қапишиб, қиличи билан уни ҳайдаб боряпти. Бир кўз юмиб очгунча Ростовнинг оти ўмгани билан француз отининг сағрисига урилди-ю, уни йиқитаёзди ва шу оннинг ўзида Ростов сабабини ўзи ҳам билмаган ҳолда қиличини кўтариб французга солди.

Ростов, шу ишни қилишга қилди-ю, лекин ўша ондаёқ ҳафсаласи пир бўлди. Офицер қилич зарбидан кўра (қилич унинг тирсагидан юқорироғини хиёл кесиб кетган эди) кўпроқ отнинг силкиниб кетгани ва қўрққанидан йиқилганди. Ростов отининг жиловини тортиб, мaғлуб қилган душманим қанақа одам экан, деб кўз югуртирди. Бир оёғи узангида илиниб қолган француз драгун офицери иккинчи оёғи билан ерда сакрамоқда эди. Офицер худди ҳар он янги зарбани кутаётгандай жонини ҳовучлаб, кўзларини қисиб, пастдан юқорига – Ростовга қараётган эди. Унинг оқарган, лой сачраган ёш юзида, кулдиргичли иягида, мовий кўзларида уруш майдонига ярашадиган ҳеч қандай аломат йўқ, бутун қиёфаси душман эмас, балки оддий «хонаки» йигитга ўхшар эди. Ростов ғанимини нима қилиши ҳақида ҳали бир қарорга келмасдан офицер: «Je me rends» [53] деб қичқирди. У шошиб, оёғини узангидан чиқаришга уринса ҳам чиқаролмас, така-пука бўлган мовий кўзларини Ростовдан олмас эди. От чоптириб келган гусарлар дарров унинг оёғини узангидан чиқаришди ва ўзини эгарга миндиришди. Ҳамма ёқда гусарлар француз драгунлари билан овора: драгунлардан бири ярадор бўлиб, юзи қонга беланган бўлса ҳам отини қўлдан бермас, иккинчи бир драгун гусарни маҳкам қучоқлаб, унинг оти сағрисида ўтирар; учинчиси бир гусарнинг ёрдами билан унинг отига минарди. Олдиндаги француз пиёда аскарлари ўқ уза ўқ уза қочмоқда эди. Гусарлар асирларини олиб, шоша-пиша орқага қараб от қўйишди. Юраги сиқилиб, алланечук бўлиб кетган Ростов бошқалар билан орқага қайтди. Шу офицерни қилич билан ургани, асир олганидан кейин Ростов ўзи ҳам изоҳлашдан ожиз бўлган ҳолатга тушиб, кўнгли хира бўлиб кетди.

Граф Остерман-Толстой қайтиб келаётган гусарларни қарши олди, Ростовни чақириб, унга ташаккур изҳор этди ва бу мардона жасорати ҳақида шаҳаншоҳга маълумот бериб, георгий хочига тавсия қилишини билдирди. Граф Остерман чақирганда Ростов буйруқсиз ҳужум бошлаганини эслаб, ўзбошимчалик қилганим учун бошлиғим жазо берса керак деб ўйлаган эди. Шунинг учун ҳам граф Остерманнинг таҳсин ўқиши ва мукофот ваъда қилишини эшитиб Ростов ниҳоят хурсанд бўлиши керак эди; аммо уни ҳамон ўша ёқимсиз, мужмал туйғу маънавий жиҳатдан кўнглини беҳузур қилаётган эди. У генерал ҳузуридан кетаркан: «Ажабо, мени нима қийнаяпти? – деб ўз-ўзидан сўради, – Ильинми? Йўқ. У соғ-саломат. Ё бирон ножўя иш қилиб шарманда бўлдимми? Йўқ, бундай бўлмаса керак. – Уни пушаймонга ўхшаш бир туйғу қийнамоқда эди. – Ҳа, ҳа, иягида кулдиргичи бор ўша француз бўлса керак. Бир қўл кўтариб, кейин шаштимдан қайтганим жуда яхши эсимда турибди».

Ростов олиб кетилаётган асирларни кўргач, иягида кулдиргичи бор ўша офицерни яна бир карра кўриш ниятида уларнинг орқасидан от қўйди. Беўхшов мундир кийган офицер зотли гусар отида ўтираркан, кўзларини жовдиратиб аланглар эди. Унинг қўлидаги яраси арзимаган яра эди. У Ростовга қараб ёлғондака илжайди ва саломлашган бўлиб, қўлини силкитди. Ростов ҳамон ўнғайсизланар ва нимадандир руҳан азоб чекар эди.

Ростовнинг ёр-дўстлари Николай ўша куни ҳам, эртаси ҳам гарчи хомуш ва хафа кўринмаса ҳам, лекин хаёлга чўмиб ўйчан юрганини пайқашди. У тилар-тиламас ичар, ёлғиз қолишга уринар ва нима тўғридадир ўйлар эди.

Ростов кутмаганида георгий хочини олишига ва ҳатто мард одам деб ном чиқаришига сабаб бўлган ўша қаҳрамонлигини ўйларкан, бир нарсанинг тагига етолмас эди. «Улар биздан ҳам қўрқоқроқ экан-ку, – ўйлар эди у, – қаҳрамонлик деб атаганлари шу экан-да? Наҳотки мен бу ишни ватан учун қилган бўлсам? Ияги кулдиргичли, кўзлари мовий бу йигитнинг гуноҳи нима? Бечора нақадар қўрқиб кетди! Мени ўлдиради деб ўйлади шекилли. Нима учун мен уни ўлдирар эканман? Қилич кўтарганимда қўлим титраб кетди-ю, булар менга геогрий хочини беришди. Мутлақо, мутлақо тушунолмайман!»

Николай бу масалаларнинг тагига бориб етмасдан ва нимадан руҳи азоб чекаётганини аниқлашга улгурмасдан, аксар вақт бўладигани сингари хизматда омади юришиб қолди. Островно жангидан сўнг Ростовнинг мартабасини оширишди. Уни гусар батальонига командир қилишди ва жасур офицер керак бўлиб қолса, унга топшириқ берадиган бўлишди.

XVI

Графиня қизи Наташанинг хасталиги ҳақида хабар келгандан сўнг тузалиб дурустроқ дармонга кирмаган бўлса ҳам, уй ичи билан Петяни ҳам бирга олиб Москвага келди ва Ростовлар хонадони Марья Дмитриевнанинг уйидан ўз ҳовлиларига кўчиб, бутунлай Москвада қолишди.

Наташа шу қадар қаттиқ бетоб эдики (ўзи ва ота-онасининг бахтига), унашиб қўйилган куёви билан муносабатини узгани ва касалига сабаб бўлган нарсалар иккинчи даражадаги ўринга тушиб қолди. Наташанинг касали шу даражада оғир эдики, содир бўлган ҳодисада унинг айби қанчалик зўр эканини ўйлаш мумкин эмасди, у на овқат ер, на ухлар, кун сайин озиб борар, йўталар ва докторларнинг шама қилишларига кўра, унинг соғайиши амри маҳол эди. Ҳозир фақат унинг дардини енгиллаштириш ҳақида ўйлаш керак эди холос. Докторлар якка-якка келар, биргалашиб консилиум ўтказишар, французчалаб, немисчалаб, лотинчалаб кўп гапиришар, бир-бирини мазаммат қилишар, ўзларига маълум бўлган барча касалликларга қарши минг хил дори-дармон ёзиб беришар, бироқ тирик жон мубтало бўладиган касалликларнинг биронтасини билиш имкониятдан ташқари бўлгани сингари, Наташа гирифтор бўлган дардни биз билмаслигимиз мумкин, деган содда ўй биронтасининг хаёлига келмас эди, ваҳоланки ҳар бир тирик жоннинг медицина оламида маълум бўлмаган, ўзигагина хос бўлган янги, мураккаб касали бор, бу тиббиётда ўпка, жигар, тери, юрак, асаб ва ҳоказо касаллиги деб ёзилган касаллик эмас, балки шу аъзолар чекаётган сон-саноқсиз изтиробнинг бир-бирига қўшилишидан вужудга келган касалликдир. Сеҳр қилолмаслик сеҳргарнинг хаёлига ҳам келмагани сингари, мана шу жўн фикр ҳам докторларнинг хаёлига келмас эди, чунки уларнинг ҳаётий вазифаси даволашдан иборатдир, чунки улар бунинг эвазига пул олишади, чунки улар ҳаётларининг энг яхши йилларини шунга бағишлаганлар. Лекин бу фикр уларнинг хаёлига келмаганлигининг энг асосий сабаби шуки, улар ўзларини шубҳасиз фойдали деб билишар ва Ростовларнинг бутун хонадони учун улар дарҳақиқат фойдали эди. Улар беморни кўпи зарарли бўлган (улар оз миқдорда берилгани учун ҳам зарари унча билинмас эди) дориларни ютишта мажбур қилаётганлари учун фойдали эмас, балки бемор ва уни севадиган кишиларнинг маънавий талабини қондираётгани учун ҳам фойдали ва зарур эди (сохта ҳакимлар, фолбинлар ва табибларнинг доимо мавжуд бўлиши ва бўлажагининг сабаби ҳам шунда). Киши изтироб чекаётган вақтда бу изтиробни бошқалар енгиллаштиришига ишонади, хайрихоҳлик ва кўмакка муҳтож бўлади. Докторлар инсоннинг мана шу доимий талабини қондиришади. Улар гўдакда энг ибтидоий шаклда бўлган эҳтиёжни – озор еган жойни силаб қўйиш эҳтиёжига ўхшаган ўша абадий инсоний талабни қондиришади. Гўдак йиқилган замон оғриган жойимни ўпгин, силаб қўйгин, деб онаси ёки энагаси олдига югуриб келади, оғриган жойини силаб ёки ўпиб қўйишса енгил тортади. Гўдак энг кучли ва энг ақлли деб билган бу одамлар унинг дардини енгиллаштирадиган восита тополмасликларига ишонмайди. Онаси лат еган жойини силаётган чоғда оғриғи босилишига бўлган умиди ва онасининг юзидаги ачиниш ифодаси гўдакка тасалли беради. Наташага докторлар шунинг учун фойдали эдики, улар тузалади деб оғриган жойини ўпар ва силар, кучер Арбатдаги дорихонадан бир сўму етмиш тийинга чиройли, қутичали кукун билан хапдори олиб келса-ю, Наташа бу дорини (оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас) ҳар икки соатда қайнатилган сув билан ичса, оғриғи ўша он босилади деб, уни ишонтиришар эди.

Соатга қараб берадиган хапдори, ичимликларни илитиб ичириш, товуқ гўшти котлети ва докторлар айтган яна бир қанча турмушдаги майда-чуйда нарсалар бўлмаса Соня, граф ва графиня нима қилар эди? Докторларнинг сўзига амал қилиб, бу нарсаларни ўз вақтида бериш уларни ҳам овунтирар, ҳам уларга тасалли берар эди. Агар граф Наташанинг бетоблиги мингларча сўмга тушганини, унинг соғайиши учун яна минг-минг сарф қилишга тайёр эканлигини билмаса, суюкли қизининг хасталигига қандай чидай оларди; қизи тузалмаган тақдирда яна минг сўмнинг юзига қарамай, уни чет элга олиб боришни, ўша ерда консилиум ташкил қилишини билмаса эди, Метивье билан Феллер Наташанинг касалини аниқлай олмагани ҳолда Фриз аниқлай олганини, Мудров яна ҳам яхшироқ белгилай олганини барча тафсилоти-ла, гапириб беришга имконияти бўлмаса нима қилар эди. Агар графиня докторларнинг деганларига тўла амал қилмагани учун баъзан қизи Наташа билан жанжаллашиб ўтирмаса ўзини қаёққа қўяр эди?

– Мунақада сира тузалмайсан, – дер эди графиня куйганидан ўз қайғусини унутиб, – докторнинг сўзига қулоқ солмаса, берган дорисини вақтида ичмаса киши тузаларканми! Касаллик билан ҳазиллашма. Пневмония бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас! – дер эди графиня ва ўзигина эмас, бошқалар ҳам тушунмайдиган бу сўзнинг талаффузидан юраги таскин топар эди. Агар Соня докторларнинг айтганини ўз вақтида бажо келтириш учун дастлабки кунлар, уч кеча ечинмасдан ётгани ва ҳозир ҳам, зарҳал қутичадаги унча зарарли бўлмаган хапдориларни ўз вақтида бериш учун кечалари ухламаганидан хурсанд бўлиб юрмаса нима қилар эди? Ҳеч қанақа дори-дармон шифо бўлмайди, буларнинг ҳаммаси бекорчи гап деб юрган Наташанинг ўзи ҳам бу қадар кўп пул сарф қилаётганларини кўриб, дориларини ўз вақтида қабул этаётганидан суюнар эди. У ҳатто докторларнинг айтганига амал қилмаслик билан муолажага ишонмаганлигини ва ўз жонига жабр қилаётганини кўрсата билганидан суюнарди.

Доктор ҳар куни келар, томирларини ушлаб кўрар, тилига қарар ва юзининг заҳарлигига эътибор қилмай, Наташа билан ҳазиллашар эди. Бироқ доктор нариги уйга чиқиши билан графиня шошиб-пишиб кетидан чиқар ва доктор дарров жиддий қиёфага кириб, ўйчан ҳолда калласини қимирлатиб дер эди: касалнинг аҳволи оғир бўлса ҳам бу сўнгги доридан умидим катта, бир оз сабр қилиб, оқибатини кутиш керак; бу касаллик – кўпроқ маънавий касалликдир, аммо...

Графиня бу ишини ўзидан ҳам, доктордан ҳам яширишга уриниб, бир тиллани секин унинг қўлига қистирар ва ҳар дафъа анча енгил тортиб, касалнинг олдига кирарди.

Наташанинг хасталиги шундан иборат эдики, у кам овқат ер, кам ухлар, йўталар ва ҳамиша руҳи тушкун эди. Докторлар беморни тиббий ёрдамсиз қолдириш мумкин эмас дейишди, шунинг учун Наташани димиққан шаҳарда олиб ўтиришди. Шундай қилиб Ростовлар 1812 йилнинг ёзида қишлоққа кўчиб чиқмадилар.

Наташа банкача ва қутичалардаги хапдорилар, томизиб ичадиган дорилар ва порошоклардан жуда кўп (дори-дармондан бўшаган банка ва қутичалардан мунақа нарсаларга ишқибоз бўлган madame Schoss катта коллекция йиққан эди) истеъмол қилган бўлса ҳам, ўрганиб қолган қишлоқ ҳавосидан маҳрум бўлган бўлса ҳам ёшлик енгди: Наташанинг ҳасрати эскириб, кечирган ҳаёти таассуроти остида қола бошлади, бағрини ортиқ ўртамай, кечирган кунлари аста-секин орқада қолиб кетди ва Наташа жисмоний жиҳатдан соғая бошлади.

XVII

Наташа аввалгидан кўра осудароқ кўринса ҳам, лекин хомуш эди. У хурсандликнинг ташқи тазоҳиротидан: бал, концерт, театр, сайр-томошадан қочарди. Шу билан бирга кулиб, кетидан кўз ёши қилмаган пайт бўлмас эди. У ашула айтмас эди. Кулди ёки ўз-ўзича ашула айтди дегунча кўз ёшлари томоғини хиппа бўғар эди: у пушаймон бўлаётганидан, қайтиб келмайдиган беғубор ёшлиги эсига тушганидан, жуда-жуда хушбахт бўлиши мумкин бўлган ёш умрининг очилмай хазон бўлганига йиғлар эди. Назарида, айниқса, кулги ва ашула ғам-ҳасратини таҳқирлайдигандай кўринарди. Илгаригидек таннозлик қилиш унинг хаёлига ҳам келмас, бу нарсадан ўзини тийишга ҳам ҳожат йўқ эди. Эркак жинси мен учун масхарабоз Настасья Ивановна қабилидаги бир гап бўлиб қолган дер, шу гапнинг тўғрилигини сезар эди. Ботиний посбони ҳар қанақа дилхушликни унга қатъиян ман қилар эди. Умуман илгариги беғам, умид-орзуга тўла қизлик даврининг шоду-хуррамлигидан қалбда ҳеч қандай асар қолмаган эди. У ҳаммадан кўра куз фаслини, овга борганини, амакисини, Nicolas билан Отрадноеда ўтказган святки байрамини эслаганида жуда кўп изтироб чекарди. Ўша кунлардан биронтаси яна қайтиб келса у нималарни фидо қилмас эди. Ҳайҳот, уларни қайтариб бўлмайди! Наташа шуни билар эдики, барча шоду хуррамликлар билан тўла бўлган илгариги эркин ва қувноқ ҳаётга қайтиб келмайди. Бироқ начораки, яшаш керак эди.

Илгари ўзимни бекорга бошқалардан яхши деб юрган эканман, ваҳоланки мен ҳаммадан, оламдаги барча кишилардан ёмон ва жуда-жуда ёмон эканман, деб ўйлаш Наташага бир оз тасалли берар эди. Лекин бу ҳам кам эди. Наташа буни билар ва ўз-ўзидан: «Хўш, ундан кейин нима бўлади?» – деб сўрарди. Ундан кейин эса ҳеч нарса йўқ. Ҳаётда қувонадиган нарса йўқ, умр эса ўтиб кетмоқда. Наташа, афтидан, фақат бировга оғирлигини туширмасликка ва халал бермасликка уринар, ўзига эса ҳеч нарса керак эмас эди. У уйдагиларнинг ҳаммасидан ўзини опқочар ва фақат укаси Петя билан бўлганда ўзини енгил ҳис этар эди. У бошқалардан кўра Петя билан кўпроқ ўтиришни хоҳлар, баъзан иккаласи ўтиргандагина кулар эди. Наташани остона ҳатлаб кўчага чиқмайди деса ҳам бўларди, келадиган кишилардан фақат Пьерни ёқтирар эди. Наташа билан ҳеч ким граф Безуховдай вазминлик, меҳрибонлик билан, айни замонда, жиддий муомала қилолмас эди. Наташа меҳрибонлик қилаётганини беихтиёр сезар ва шунинг учун унинг суҳбатидан баҳра олар эди. Бироқ Наташа Пьер кўрсатаётган меҳрибончиликдан ҳатто миннатдор ҳам бўлмас эди. Назарида, Пьер унга атайлаб яхшилик қилмаётгандай кўринар, ҳаммага меҳрибон бўлган Пьер учун бу нарса табиийдай туюлар эди. Баъзан Наташа бирга ўтирган чоғларида Пьернинг ийманаётганини ва ўнғайсизланаётганини пайқар, Пьер гап орасида Наташанинг эсига оғир хотираларни солиб қўймай деб, қўрққан чоғларида айниқса шундай ҳолатга тушар эди. Наташа буни пайқаса ҳам, уятчанлиги ҳамда менга қанчалик меҳрибон бўлса, бошқаларга ҳам шунчалик меҳрибон бўлгани учун шундай бўлса керак деб, ўйлар эди. Пьер бир гал Наташа қаттиқ изтироб чекаётган вақтида бошим очиқ бўлганда, тиз чўкиб қўлингиз ва муҳаббатингизни сўрар эдим, деган гапни айтиб қўйди-ю, кейин бу ҳақда бўлак оғиз очмади. Ўша маҳалда Наташага далда берган бу сўзлар кейинчалик Наташанинг назарида, йиғлаётган гўдакни овутиш мақсадида айтилган бемаъни гаплар қабилидан бўлиб қолди. Наташа Пьер хотинли бўлгани учун эмас, балки ўзи билан унинг орасида ниҳоят даража кучли бир ахлоқий парда борлигини сезгани учун ҳам (Курагин билан ўзи орасида бундай ахлоқий парда йўқлигини сезган эди) у билан бўлган муносабатидан ўзида ё Пьерда ёлғиз ишқу муҳаббат эмас, балки эркак билан аёл орасида бўладиган (бундай муносабат бўлишини Наташа билар эди) бирон зариф, шоирона дўстлик муносабати туғилишини сира хаёлига келтирмаган эди.

Пётр рўзасининг охирларида, Ростовларнинг Отрадноедаги қўшнилари Аграфена Ивановна Белова азиз-авлиёларни зиёрат қилгани Москвага келди. Ўша аёл Наташага рўза тутиб, ибодат қилишни маслаҳат берди ва Наташа бу фикрни хурсандлик билан қабул қилди.Саҳарда кўчага чиқишни докторлар ман қилган бўлсалар ҳам, Наташа ибодат қилишга, яъни уйдагилардай эмас (Ростовлар уйида одатда уч маҳал ибодат бўлар эди), балки Аграфена Ивановна каби бир ҳафта давомида рўза тутиб, ибодат қилишга, яъни биронта эрталабки, тушки ва кечки ибодатни қазо қилмасдан ибодатхонага боришга аҳд қилди.

Наташанинг бу ғайрати графиняга хуш ёқди; тиббий муолажа фойда қилмагандан кейин графиня дори-дармондан кўра тоат-ибодат кўпроқ фойда берар, деб умид боғлаган эди Шунинг учун ҳам қўрқа-писа докторлардан яшириб бўлса ҳам қизининг хоҳишини рад этмади ва уни Беловага топширди. Аграфена Ивановна кечаси соат учда Наташани уйғотгани келар ва кўпинча уни уйғоқ кўрар эди. Наташа ухлаб қолиб, эрталабки ибодатга кечикишдан қўрқарди. У наридан-бери ювиниб, энг ёмон кўйлак ва ўнғиган мантильясини [54] зўр ихлос билан кийиб, совуқдан қалтираб, тонг шафағи ёғду сочаётган кимсасиз кўчага чиқарди. Аграфена Ивановнанинг маслаҳатига кўра Наташа ўз маҳаллаларидаги ибодатхонага эмас, художўй Белованинг сўзига қараганда, кашиши тақводор вали бўлган бошқа бир ибодатхонага борар эди. Бу ибодатхонада доим одам кам бўларди; Наташа билан Белова ҳамиша сўл клирос [55] орқасига ўрнатилган Биби Марямнинг сурати қаршисида турар эди; Наташа бу эрта тонгда, рўпарадаги шамнинг нури ва деразадан тушаётган тонг шуъласи ёритаётган Биби Марямнинг қоп-қора юзига қараркан ва кашишнинг дуосини диққат билан тинглаб, англаб олишга тиришаркан, уни янги туйғу чулғаб оларди, бу туйғу – англашга инсон ақли ожизлик қиладиган юксак бир нарсанинг қаршисида тақдирга тан бериш туйғуси эди. Дуонинг маъносини англаган чоғларида унинг шахсий туйғуси ўқиётган дуосига қўшилиб кетар, англамаган чоғида эса, ҳамма нарсани билишга ҳавас этиш мағрурлик бўлади, ҳамма нарсани билиш мумкин эмас, шу он менинг қалбимга раҳнамолик қилаётган (у шу нарсани сезиб турарди) тангрига инонмоқ ва унга сиғинмоқ керак, деган фикр уни қувонтирар эди. У чўқинар ва қулоғига кираётган сўзларнинг маъносини англамаган чоғида, ўзининг бадкирдорлигидан даҳшатга келар, Худога ёлворар, гуноҳларини кечиришини сўрарди. Наташанинг ихлос билан қилган ибодати тавба-тазарру ибодати эди. Наташа азонда, ҳали ҳамма уйқуда ётган, кўчада фақат ишга кетаётган ғишт терувчилар ва кўча супураётган қоровуллардан бўлак ҳеч ким бўлмаган пайтда уйга қайтаркан, гуноҳдан пок, нуқсондан холи бўлиш мумкинлигини сезар, янги, бахтли ҳаёт қуриш мумкинлигига ишонч ҳосил этарди.

Бир ҳафта давомида шу тарзда ҳаёт кечирган Наташада бу туйғу кун сайин кучая борди. Аграфена Ивановна камоли хурсандлик билан таъриф қилган кунни, яъни дуоси қабул бўладиган кунни Наташа жуда буюк кун деб тасаввур қилар, назарида бу улуғ якшанбага етишолмайдигандай бўлар эди.

Ниҳоят, бу муборак кун келди. Наташа ўзи учун эсдалик бўлиб қолган шу якшанба куни, дока кўйлакда тавба қилиш маросимидан қайтиб келди ва бир неча ойдан бери биринчи мартаба ўзини осуда ҳамда олдида турган ҳаётнинг изтиробидан фориғ эканини сезди.

Шу куни келган доктор Наташани кўриб икки ҳафта бурун ёзиб берган порошок дорини ичаверишини буюрди.

– Албатта эрталаб ва кечқурун ичса, – деди доктор, афтидан, берган дориси наф қилганидан ўзи мамнун бўлиб... – Ўтиниб, сўрайман, албатта ўз вақтида ичсин. Хайр, яхши қолинг, графиня, – деди доктор ҳазиломуз, графиня узатган олтинни эпчиллик билан кафтига оларкан. – Ҳадемай тузалиб қолади, яна илгаригидай ялла қилади. Сўнгги дори хийла фойда қилибди, ранги рўйи кирибди.

Графиня чиройи очилиб, меҳмонхонага қайтиб кираркан, тирноғига қараб кўз тегмасин, деб туф-туф деди.

XVIII

Июль ойининг бошларида урушнинг бориши ҳақида Москвада кун сайин ваҳимали овозлар тарқала бошлади. Подшонинг халққа қарата чиқарган мурожаатномаси, унинг армияни тарк этиб, Москвага қайтиб келиши тўғрисида дув-дув гап юрарди. Бироқ ўн биринчи июлгача манифест ва мурожаатномадан дарак бўлмагани учун булар ҳақида, Россиянинг вазияти ҳақида ваҳимали овозалар тарқалди. Армия хавф-хатар остида қолгани учун подшо қайтиб кетаётган эмиш, қўшинларимиз Смоленскийни ташлаб кетган эмиш, Наполеоннинг бир миллион қўшини бор эмиш, Россияни фақат мўъжиза қутқариши мумкин эмиш, деган гаплар ёйилиб кетди.

Ўн биринчи июлда, шанба куни, манифест олинган бўлса ҳам ҳали босилиб чиқмаган, шу куни Ростовларнинг уйида ўтирган Пьер эртага, якшанба куни манифест ва мурожаатномани граф Растопчиндан олиб, тушки овқатга етиб келишни ваъда қилди.

Шу якшанба куни Ростовлар кундузги ибодат учун одатдагича Разумовскийлар хонадонига қарашли черковга кетишди. Июль ойининг иссиқ кунларидан бирида, эрталаб соат ўнда, Ростовлар ибодатхона олдида каретадан тушаётган маҳалдаёқ иссиқ ҳавода, газета сотувчиларнинг ҳайқириғида, оломоннинг ранг-баранг ёзли кўйлагида, бульвардаги дарахтларнинг чанг босган япроғида, оқ шалворда навбатчиликка бораётган батальоннинг мусиқа садосида, тош йўлнинг тарақа-туруғида ва жазирама офтобнинг порлоқ жилосида ёзги ҳорғинлик, ҳозирги вазиятдан розилик ва норозилик сезилиб турар, шаҳарда, ёзнинг мусаффо ва иссиқ кунида бу ҳолат яна ҳам кескинроқ билинарди. Разумовскийларнинг черковида Москва киборлари, Ростовларнинг барча таниш-билишлари йиғилган (шу йил худди бирон ҳодиса юз беришини сезгандай одатда боғларига кўчиб чиқадиган жуда кўп давлатманд хонадонлар шаҳарда қолишган эди). Наташа оломон орасидан йўл очаётган ливреяли лакейнинг кетидан, онаси билан ёнма-ён бораркан, бир ёш йигитнинг овоз чиқариб шивирлаганини эшитди.

– Бу Ростова, ҳалиги ўша...

– Озиб кетган бўлса ҳам, лекин чиройли!

Наташа булар Курагин билан Болконскийнинг номини тилга олганини эшитди, ё эшитгандай бўлди. Унга умуман ҳамиша шундай туюларди. Назарида ким уни кўрса албатта, ўша ҳодиса тўғрисида ўйлагандай кўринарди. Қора кружевали бинафша ранг шойи кўйлак кийган Наташа кўпчилик орасида ҳамиша изтироб чекиб ва юрагини ҳовучлаб хотинларга хос бир вазминлик билан оҳиста юриб борарди, қалби қанчалик мажруҳ, ўзи қанчалик мустар бўлса, шунча вазмин ва мулойим кўринар эди. У ўзининг гўзаллигини билар ва бу тўғрида янглишмаса ҳам, лекин бу нарса энди уни илгаригидай қувонтирмас эди. Билъакс, бу нарса сўнгги кунларда, айниқса шаҳарда, мусаффо, иссиқ ёз кунида уни кўпроқ қийноққа соларди. «Яна бир якшанба, яна бир ҳафта ўтди, – дер эди Наташа ўтган якшанба шу ерга келганини эслаб, – ҳамон ўша-ўша қувончсиз ҳаёт, ҳамон илгариги мен яйраб юрган ўша муҳит, афсуски энди булар менга ҳеч қанча роҳат бағишламайди. Мен ёш, гўзалман, ҳамда кўнглим оқ, аммо илгарилари ичим қора эди, энди эса шуни биламанки, оқкўнгилман, – деб ўйлар эди. – Ҳайҳотки, бировга ҳамдам бўлмасдан энг яхши чоғларим бекорга ўтиб кетяпти». У онасининг ёнига бориб тўхтади ва яқинроқда турган танишлар билан бош ирғаб саломлашди, одатга кўра хонимларнинг кийим-бошини диққат билан кўздан кечирди, яқинроқ турган бир хотиннинг tenue [56] ва қўл учида чўқинишини айб қилди-ю, шу чоқ одамлар мени айбситиб юрибди-ю, мен бировларни айбситаманми, деган ўй хаёлига келиб яна афсусланди ва бирдан ибодат садоси қулоғига кириб, ўзининг ярамаслиги, илгариги мусаффолигини яна қўлдан бергани учун даҳшатга тушди.

Нуроний, дилкаш бир мўйсафид сиғиниб, тантанали тарзда ибодат қилар, унинг товуши ибодат қилаётганларнинг қалбига таскин берар ва зўр таъсир қолдирар эди «Шоҳ эшик» ёпилиб, парда секин-аста туширилди; парда орқасидан ғудранган сирли паст товуш эшитилди. Негадир Наташанинг ўпкаси тўлди, хурсандлик бағишлайдиган ва зориқтирадиган ҳис

...