автордың кітабын онлайн тегін оқу Qizil toshbo'ron
Муқаддима ўрнида
ИШНИНГ АВВАЛИ
Кучларимни қора кунларга сақлай олмадим,
Кунларимнинг ҳеч бирин ҳам, чунки оқлай олмадим.
Учради йўлда тўсиқ, итдан кўпайди душманим,
Чунки золимларни, устунларни ёқлай олмадим.
Олмадим ўч, битди куч, синди қилич, шул бўлди иш:
Кирланиб битдим ўзим, дунёни поклай олмадим.
Абдулла Тўқай
Бедарвоза, мол-ҳоли яйловга ҳайдаб кетилган қўтонда битта ўзим ғалтак-аравада гўнг-чириндиларни ташқарига ташиб, тозаловни охирига етказиб, ғанак қилиб қўйилган пичан четига нафас ростлаш учун ўтирдим. Кўзларимни юмиб, пинакка кетган бўлсам керак, ёнимга келиб пичан устида ёнбошлаб олган одамни сезмай қолибман. Ғўнғир-ғўнғир товуш рўёда қулоғимга чалинаётгандек бўлди. Уйғониб кетдим. Лекин кўзларимни очмадим.
Қўтонга қоратўридан келган ўрта бўйли, ўрта яшар эркак кириб келган эди.
– Бесўроқ кириб келавердим, узр.
– Нима керак?
– Олий адабиёт курсини тугатдим.
– Нима бўпти?
– Ҳеч нима. Ақалли шох чиққанида мен ҳам молларга қўшилиб яйловга кетган бўлардим.
– Ҳали ҳам кеч эмас, супа ёнидан эниб борсангиз, Човкартовда ўтлаб юрган подага бемалол қўшилиб олишингиз мумкин.
– Шарт эмас. Шохим чиқса, ўзим қайга боришни яхши биламан.
– Нима керак, мавлоно?
– Девоналикдан бошқа мероси бўлмаган дайдига нима керак бўлиши мумкин?
– Ҳеч нарса.
– Ёш келса – ишга, деган гап бор.
– Хўш-хўш...
– Молхонани ўзингиз тозалаб қўйибсиз. Аммо «Қизил Тошбўрон»ни яна бир қур кўздан кечириш керак, шекилли.
Ўрнимдан турдим. Бошимни қашладим. Мириқиб эснадим.
– Менга қози керак эмас.
– Мен қозилик қилмайман, жамоатчилик асосида бепул адвокат бўламан, холос.
Чақирилмаган меҳмон ҳам пичан устида ёнбошлаб ётган жойидан туриб, менга қўл чўзди:
– Ҳаёт Шодмон, – деди. – Устоз Тўра Сулаймоннинг кенжа шогирди бўламан.
Сўрашдик.
Дарҳол ўзимни четга олдим ва меҳмонни бошдан-оёқ қайта-қайта кўздан кечирдим.
– Қаранг-а, Човкартовда Тўра буванинг тўқимтабиат шогирди бор дейишса, Худо ҳаққи, икки дунёда ҳам ишонмас эдим! – дедим ҳазиломуз ёқамни ушлаб. – Ўхшатмаса учратмас, дейдилар. Мавлоно, сиз Тўра бувага қайси гўрда рўпара бўлиб қолгансиз?
– Шаҳзоданинг ишқи тошбақага тушгани ҳам рост бўлса керак-да, оға!
– Кафан текин бўлса, ўлмоқ керак, деган экан машойихлар. Майли, сизни олдим адвокатликка. Юринг, ижодхонага борайлик, – деб Сундор укам тиклаб берган ўтов томон бошладим. – Тақризчи оғайним Насимхон Раҳмон яна шовқин қилса керак.
– Нега?
– Нега бўларди, «Хусрав, Бекниёз овчи қайси гўрдан Ҳамзага илакишиб қолди, деб жиғибийрон бўлганини кўрганингда, бўтам, бундай савол бермаган бўлардинг. Энди Ҳаёт Шодмон деган девона ҳам қўшилдими, ака», деб қўлёзмани Адабиёт музейининг архивига топшириб юборса, асло ажабланмайман, ука! Ҳа, майли, бўлар иш бўлди.
Ўтовга кирдик. Меҳмонни кўрпачага ўтқазиб, ўзим яйдоқ сандалга ўмганимни тираб, шолчага ўтирдим.
– Қани, кароматингни кўрсат, иним, – дедим.
– Шошманг, аввал чой-пой ичайлик, ахир.
Ноилож ўрнимдан туриб, дастурхон ёздим.
Чойлашдик.
– Абдулла Тўқай она томонидан тоғангиз бўладими? – дея ўсмоқчилаб сўрадим.
– Қайдан билдингиз? – Кўзлари чақнаб кетди. – Чинакам тоға бўлади Габдулла оға.
– Ҳм-м... – Яна яйдоқ сандалга ўмганимни тираб ўтириб олдим.
– Ҳм-м... – У лўлаболишни қўлтиғига тортиб, бамайлихотир ёнбош ташлади. Оёқларини мен томонга баралла узатиб юборди. – Кечирасиз, бизга Адабиёт Олий курсида одобнома бўйича сабоқ берадиган муаллима Ақида опа уч пара маъруза ўқигач, Ниятбой деган курсдошимиз билан Мўйноққа қочиб кетади: на эски эридан талоқ олади, на иш жойидан ҳисоб-китоб қилади. Қирқ кундан сўнг ўзини ИИВ орқали қидираётган эридан узр сўраб, интернет орқали талоқ талаб қилади. Шунақа ҳангомалардан кейин деканат одобнома дарсини умуман ўқув дастуридан чиқариб юборади. Икки ўртада биз беодоб бўлиб қолдик.
– Изоҳ бермасанг ҳам одоб кўчасидан кўзни юмиб ўтиб кетганинг яққол сезилиб турибди. Ҳамзахон дадага қай йўсин яқин қариндош бўладилар?
– Тиниб-тинчимас, изланувчан ижодкор сифатида битта фирқадан бўламиз.
– Ҳамзахоннинг жиянлари адабиётдан жуда узоқларда бўлган, шекилли.
– Ачахон опанинг зоминлик эридан бино бўлған арзандаси мен бўламан. Ҳўқанд қарапчилари биздан бошланған, десаям бўлади.
– Шунақами?
– Шунақа. Опоқ дадам Зоминдан Қозоқбойнинг подасини ҳайдаб, Ҳўқанд бозориға келтиради; молларни Сулаймон даллолга топшириб, Исфара гузар чойхонасида думалаб ётаверади. Ахийри зерикади-да! Беданавозлар ҳангамасида кимдир: «Ҳамзанинг Ачахон опаси эрдан ёлчимади, унга уйланмайсизми, меҳмон?» деб гап отиб қолади. Шу гап кимнинг оғзидан чиққанини аниқ билмаса ҳам: «Бўпти, уйланганим бўлсин, туринг энди!» деб чойхонада ўтирган эркакларни донг қолдиради. «Туринг энди, бойвачча, меҳмонни Ачахонға рўпара қилинг! Изма-из бирорта мулла ҳам етиб боради, иссиғида никоҳ ўқиб қўя қолади», дейди чойхоначи. Ўша куни опоқ дадамиз Ҳўқандға ичкуёв бўлади.
– Ижодкор халқининг бир қайнови кам бўлади, чунки дунёга келишининг ўзи фавқулодда ҳодиса-ку!
– Бўлмасам-чи!
– «Қизил Тошбўрон» нима бўляпти? Архив ҳужжатларига ҳам лаққа тушиб ишонавермаслик керак. Нима дейсиз?
– Эс-ҳуши жойида бўлган ўқувчи оқ билан қорани ўзи ажратиб олади. Луқма оғзига чайнаб солиб қўйилса, малол келмасмикан?
– Тўғри-ку, аммо...
– Бўпти, қани, ҳунарингизни кўрсатинг-чи! – дедим зардам қайнаб.
Компьютер мурватини босиб, «Қизил тошбўрон»ни экранга очиб қўйдим.
– Марҳамат, кўринг-чи! – Ўтовга кираверишида мовут қора пардани кўтариб: – Сарлавҳани тиниб-тинчимас укахоним Анвар Назир қизартириб берди. Қойил қолдим, Оллоҳ рози бўлсин.
– Қўлимда сертификатим йўқ, аммо қўйнимда юрак бор, унинг ич-ичида кўнгил бор, кўнгил эса мададга зор бўлган заҳоти бир толим нур билан Ўзига улангай, иншааллоҳ! – У кўрсаткич бармоғини ўтов туйнуги томон ниқтади.
– Омин, – деб ўнг қўлим билан соқол-мўйловимни силаб, ташқари чиқдим.
Яна пичан ғанак ёнига бориб, қуёшга терскай томонига ўтиб, меҳробдек жой ҳозирлаб, ўзимни ташладим.
Пичан ҳиди гуп этиб димоғимга урилди.
Кейин нима бўлганини билмайман. Воқеалар Ўзи йўналтириб қўйган маромда давом этади, Ҳўқанд қарапчилари сулоласидан бўлған Ҳаёт Шодмон эса дастёрлик қилиб ўтиради, холос.
Адвокат билан муноқаша даҳанаки жанг тусини олган бўлса-да, ҳужжатли романимизнинг битмаган ярасини баттар яллиғлаб юборади. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Гапни айлантирмайлик, орқага қайтамиз, ишнинг аввалида 95- ва 96-иш варақасини қайтадан кўздан кечирамиз.
ҲАР КИМДА ҲАР ХАЁЛ
Ҳамза Шоҳимардондан (1929 йил 9 март) Ҳўқандга кетганидан кейин дарҳол мазкур хўжалар Ғиёсхўжа Салоҳиддиноф билан бирликда Ҳамза Ҳакимзодани ўлдириш планини кўра бошлаган. Бу тўғрида Марғилон хўжалари билан хат ёзишиб, улардан маслаҳат сўраганлар.
Иброҳимхўжа ва Турсунқори Муҳаммадхўжаефлар Марғилон хўжалари номидан Шоҳимардон хўжаларининг каттаси бўлган Маъруфхўжа Эшонхўжаеф ва Ҳидоятхўжа Дадахўжаефлар исмига жавоб хат ёзиб: «Бу ишни эҳтиёт билан ишлаш керак, ғишт қолипдан чиқмасун, биз хўжаларни арзон баҳолар билан сотмасунлар ва биз хўжалар қурбон бўлмайлук», деган маслаҳатни берганлар.
Қаллоблик бундан ортиқ бўлмас! Кашмакашлик бундан ортиқ бўлмас! Қонун назоратчиси бўлган прокуратура моҳиятан қаллоб эди. Давлатнинг ўзи прокуратурадан қаллобликни талаб қилади.
95- ва 96- иш варақасида қисқартириб келтирилган машъум мактуб 22,5 х 21 см ҳажмдан иборат бўлиб, матн бундай экан:
«Киром ул мартаба акамиз Маъруфхўжа эшон ва зул эҳтиром мулла Ҳидоятхўжаға
Дуодан сўнг маъруфимиз шуки, мунда сизларнинг тарафларингиздан ҳар хил паст-баланд гаплар келадур. Барча бу тариқа муомалаларингиз хўб эрмас. Нима қилсинларки, оқибатини яхшиламоқ ва охирини яхши қилмоқ маслаҳатида бўлинглар. Албатта, ҳеч ким ўзига Оқсарой бино қилгани йўқ. Ҳазрати Алининг мозорини ҳеч кимға васиқа қилиб берғани ҳам йўқ. Иш қилингларки, ғишт қолипдан кўчмасун. Сўзимиз кўчага чиқмасун. Ушбу хатни киром ул мартаба қариндошларимизға ўқиб беринглар, албатта. Иш қилингларки, арзон сотилиб кетмайлик. Ва сизларнинг нафсингизни деб ўзимизни қурбон қилмайлик яна.
Соҳиби ихтиёр ва соҳиби мўътабар ўзларинг деб, қариндошларинг Иброҳимхўжа ва Турсунхўжа қори».
1925 йилда ушбу мактуб ёзилган пайтларда Ҳамзахон Хўжайлида шаърий никоҳига жон-жоним деб олган Зайнабхон исмли сариққа мойил бир тусли, лекин кесдириб сариқ деб бўлмайдургон бу гўзал қизни оч раъно гулининг тусида ё оқ-сариқ тусдаги яна қайси гулга ўхшатишни билмасдан Мажнун бўлган эди. Ишқ дардиға мубтало бўлғон эди Ҳамзахон. Ўзиға Шоҳимардонда кафан бичилаётганини етти ухлаб тушида ҳам кўрмайди. Қаттол ГПУнинг Фарғона вилоятидағи хожалари Қашқаров билан Зайнуллин мўмайгина натижа чиқаришдан ўзга нарсани хаёлига ҳам келтирмасди.
Ҳамзахон не хаёлда эди?
Миллат қотиллари не хаёлда эди?
* * *
Тубандаги ҳикоя Зулфиқор Қилич тилидан баён қилинади:
– 1929 йилнинг Наврўз байрами арафасида эмас, 1917 йилнинг эрта баҳорида Николай подшо тахтдан мосуво бўлиб, Муваққат ҳукумат томонидан ҳуррият эълон қилинған заҳоти Ҳамзани Ҳўқанднинг ўзида – Ғишткўприкда тошбўрон қилмоқ лозим эди. Афсуски, Эргаш қўрбоши сусткашлик қилған. Агар уч йил кейин ғайрат кўрсатиб, етмиш беш яшар Завқий домлани дарраға ётқизиб дўппослатиб ич-ичини тўктириб ташлағандан кўра, босар-тусарини билмайдурғон йигирма саккиз яшар Ҳамзани вокзалдан тутиб келтириб, тошбўрон қилдирганда олам гулистон бўларди!
– Тақсир, 17-йил баҳорида Эргаш қўрбошида ҳокимият йўқ эди-да!
– Бор эди ҳокимият, бор эди! Оқпошшо тахтдан ағдарилгач, Ҳўқанд боёнлари ҳам, ўрис тўралар ҳам довдираб қолади. Ит эгасини танимай қолған оралиқда мулла Эргаш Ҳўқандни қўлға олиб қўйған, елкасиға милтиқ осған отлиқ йигитлари билан Ўрдаға шовқин солиб кириб бориб, Худоёрхоннинг саломхонаси меҳробиға етти қават кўрпа тўшатиб, қўнжи тиззасини қоплаб турадиған хиром этиги билан баралла чордана қуриб ўтириб олади.
– Оббо, ўзимизди Эргашбой эрта кунда йўқсуллар диктатурасини ўрнатиб олған экан-ку! Бундан Лениннинг хабари бормиди?
– Домла, кесатманг-да! Агар сизга ўхшаған илмли одамлар томошабин бўлиб, ўзининг тинчини кўзлаб чекка-чеккада писиб юрмасдан Эргаш қўрбошининг қаватиға кириб тўғри йўлни кўрсатиб турганда ва уламолар билан бойларимиз фирқа-фирқаға бўлиниб, даҳанаки жанг қилавермасдан, бўладиған иш билан машғул бўлғанда борми, Ҳўқанд халқи армани-дашноқларға ем бўлмасди!
– Ўнгу терсга пала-партиш қилич солиб юборасиз-да, тақсир! Ҳамзани 17-йилдаёқ Ғишткўприкда тошбўрон қилишдан гап бошлаб, Эргаш қўрбошини Ленинга устоз қилиб юбордингиз-ку! Энди Ҳамза қайда қолди? Ҳамза Эргаш қўрбошининг арпасини хом ўрадими? Гуноҳи нима?
– Икки пардали «Мухторият ёки автономия» номли комедия ёзиб, Ғишткўприкда жойлашган Маҳмуд тарашанинг меҳмонхонасида саҳна ясаб, томоша кўрсатади-ку! Мухторият ғоясини ўшанда расво қилғон, ул нобакор!
– Шошманг, тақсир, шошманг! Аввалбошдан сўз эркинлиги, ижод эркинлиги бўлмаса, Мухторият ҳам бир ҳовуч амалдорларнинг назоратсиз ҳокимиятига, аёвсиз қуролига айланиб қоларди-ку! Миллий ҳурриятни бир ҳовуч ебтўймас уддабуронлар ўшандаёқ хусусийлаштириб олармиди?
– «Мухторият ёки автономия»да Ҳамза ҳокимият қайғусида юрган одамларнинг қиёфасиға ойна тутиб кўрсатқан. Аввал бир кўринг, кейин мен билан баҳс қиласиз!
* * *
Ҳамза «Мухторият ёки автономия» комедияси учун хамиртуриш ва прототипларни қаердан олган? Ўзи ўша воқеалар ичида юради; ўз кўзи билан кўради, ўз қулоқлари билан эшитади. Хусусан, «Шўрои ислом» мажлисларида қатнашиб, ҳафсаласи пир бўлган, шекилли.
«Шўрои ислом» таклифномалари Ҳамзанинг шахсий архивида сақланиб қолган.
«Муҳтарам Ҳамзахон Ҳакимзода афанди!
Ушбу кун соат 2да «Шўрои ислом» мажлисина ташриф буюрғайсиз.
Сана 1917 йил 3 апрел».
«Соат 4 да. Муҳтарам мулла Ҳамзахон Ҳакимзода!
Ушбу кун «Шўрои ислом» идорасиға албатта келғайсиз.
Идора. 1917. Апрел, 13-ида».
«Ҳурматли Ҳамзахон Ҳакимзода жаноблариға!
13-майда шанба куни соат 2га «Шўрои ислом» мажлисиға ташриф буюрмоқингиз маржудур.
Ҳўқанд. «Шўрои ислом» идораси. Сана 331 ҳижрий».
«Ҳурматлу Ҳамзахон Ҳакимзода жаноблариға!
27-июнда сешанба куни соат 3га «Шўрои ислом» маҳалласиға ташриф буюрмоғингиз маржудур. Зарурий масалалар қоралур. Ҳўқанд «Шўрои ислом» идораси.
Сана 1335-нчи ҳижрий 21-нчи рамазонда».
«Даъватнома
Муҳтарам иззатлувимиз мулла Ҳамза Ҳакимзода жанобларига!
Ёғ бозоридаги мактаб «Милжа ус сибиён» шогирдларининг имтиҳонига 24-нчи май душанба куни лутфан ва марҳаматан келиб маъсум болаларни сарафроз этсалар.
Соат 8дан Пиён бозорида Муҳаммад Амин бойбача Аваз Муҳаммадбой ўғлининг ҳовлисида.
Муаллим: Ашурали Зоҳирий».
«Ходим ул миллат, фозили муҳтарам Ҳамза афанди Ҳакимзода ҳазратларина!
Улуғ «Ҳуррият» ила жанобларингизни қўлларини қисиб табрик қилғондин сўнг жанобларингиздан тубанчилик ила рижо эдиюрамки, мўътабар «Ҳуррият» журналингизни равшан адресларини ёзуб, обуна баҳосини билдириб каминани мамнун қилсангиз, ман фул юборар эдим, адреси равшан бўлмасдан йубора олмадим.
Камоли эҳтиром ила Ҳакимжон бин Аҳмад (имзо). 25.05.1917.
Сонияи кўфдан-кўф ўтинаман, жанобингизни ҳур қалами-ла ёзилғон «Миллий ашулалар»ини 1-нчи бўлимдан қайси қайси бўлимға қадар табъ этилиб нашр этилганларини билдирувингизни (имзо).
Жанобингиз тарафиндан ёзилмиш. Мактуб тубандаги адресқа ёзилсун: Х.А.Азизуллину. В.Джаляль-Абад. Ферг. Обл.»
«Муҳтарам Ҳамза афанди!
Ҳўқандда йўлиқғанимизда «Ҳуррият» журналингиздан йиборуб турувингизни ўтинган эдим, ваъда-да қилмиш эдингиз. Сабаби нарсадур? Ушбу вақтғача олмадим. Ўтинаман йубориб турувингизни. Обуна ҳаққин йуборурман, ҳақин билгач.
Журнал сотилуви қандай? Қанча босилди? Китобхонангиз очилдими? Савдоси қандай?
Хўш ҳозирға. Саидносир Миржалилов».
Зулфиқор Қиличнинг гапларида жон борга ўхшайди. Фақат Ҳамза Ҳўқандда Туркистон мухторияти эълон қилинишидан тўрт-беш ой олдин кетган бўлса, 1918 йил баҳорида мухторият қизил аскарлар ва армани дошноқлари томонидан қонга ботирилади-ю, бироқ аввал ҳарбий қўмондон этиб тайинланган мелиса-миршаблар қўрбошиси Катта Эргаш Ҳўқанддан Бачқир томонга чекиниб, бориб ўзини олий ҳукмдор – хон деб эълон қилади. Ҳамза эса 1918 йил ўрталарида Ҳўқандга бемалол келиб кетади. Нима учун «Мухторият» комедияси учун қидирув эълон қилинган ёзувчини Эргаш қўрбоши таъқиб этишни тўхтатади?
Халқ номидан гапиришни ва ҳукм чиқаришни яхши кўрадиган Зулфиқор Қилич эса 1917 йил баҳорида «Мухторият» комедиясини ҳаваскор труппа томонидан саҳналаштириб, шов-шув кўтарган Ҳамзани ҳамон қилмишига яраша жазоланиши керак, деб ҳисоблайди. Ҳамза эркин ижодкор сифатида комедия ёзган бўлса, жазоланиши керакмиди? Нега?
Муҳтарам Мунавварқори гарчи шўро ҳокимияти мустаҳкамланган даврда (1927 йилда) ўпкаланиб хафа бўлганидек: «Ўша вақтда жадидларнинг отаси бўлиб ҳисобланган мен ўзим лоақал «Миллат мажлиси»га аъзо бўлиб ҳам сайланмадим. Жадидлардан Ҳўқанд мухториятига қисман аралашган кишилар бўлса ҳам, кўпчилик четда турғон», деган гаплари бекорға айтилмаган экан-да! Демак, Ҳамза ижтимоий ҳаётга доим фаол аралашиб юрадиган ижодкор сифатида «Туркистон мухторияти» исмли чақалоқ ҳали вояга етмасидан олдин дунёга келиши мумкинлигини ижодкор ўлароқ ҳаммадан олдинроқ пайқаган экан-да! Ваҳоланки, Мунавварқори ҳам, Ҳамза ҳам Туркистон ҳеч бўлмаса мухтор-автоном ўлка бўлишини жон-дилдан истар эди.
Эллик йил муқаддам аросатга тушиб қолган Туркистонда чинакам халқ ҳокимияти ўрнатилишини орзу қилишарди. Яъни ёмғирдан қочиб қорга тутилиш мумкинлигини ҳам жуда яхши билишарди: чор ҳукумати зулмидан қочиб, янада ваҳшийроқ миллий зулмға дучор бўлиш қанчалар оғир эканини вассал Бухоро ва Хива сарҳадларидан яширинча ўтиб, Тошкенга қочиб келган миллатдошларимиз фиғонидан дуд буруқсиниб чиқаётганини улар кўриб турарди. Миллий зулм чек-чегарасиз бўлар эмиш, бедодликнинг жилови бўлмас эмиш...
* * *
Миён Қудрат ҳазрат раҳнамо бўлиб Туркистон ўлкаси, Бухоро ва Хивадан келган вакиллар иштирокида ўтган Туркистон муваққат ҳукумати мажлисида Эргаш қўрбошини амирлашкар этиб, уни шаҳарга олиб кириш ҳақида қарор қабул қилганлиги, Исломхўжа, Камол қори ва Тўхтахўжа эшонлардан иборат аркони давлат унинг ҳузурига боришга отланганини эшитиб, қўрбоши ҳам учрашувга астойдил тадорик кўра бошлайди. Ҳўқанд атрофидаги Ҳазратшоҳ мозори зиёрат мавсуми боис ниҳоятда гавжум эди. Эргашбой тайинлаб қўйган йигитлар азиз меҳмонлар ташриф буюришини кутиб туришар эди. Ана, Ҳўқанднинг атлас капа гумбур аравасида эгниларига оқ банорас тўн, бошларига салла қўндирган уламо кўринади. Отлиқ йигитлар араванинг олди-орқасидан тантанавор кузатувни бошлайди. Қўрбошилар Кичик Эргаш, Эшмат бойвачча, Ислом полвон, Мирза Ғофир, Мадумар чўли, шайх Исмоил меҳмонларга пешвоз чиқади. Аравадан тушган вакиллар билан кўришилгач, меҳмонхонага таклиф этилади. Эргаш қўрбоши уларни меҳмонхона остонасида кутиб олади. Зиёфат бошланади. Маҳрам гаплар тор доирада бўлади. Алалхусус, йўқсуллар диктатураси – болшовойлар ҳукумати тан олинмайди; калтадум мухторият ҳукумати номи улуғ-у, супраси қуруқ эканини хўб аския қиладилар; Эргаш қўрбошини Ҳўқанд халқи мунтазир бўлиб кутавериб, эҳ-ҳе, юзлари сомондек сарғайиб кетди-ку, тақсир!
Катта Эргаш анойи эмас эди. Вакилларнинг муболағали гапларга дастлаб ишонқирамай ўтиради.
– Ростданму? – деб соқолини силайди. Кўз остидан меҳмонларга разм солади. – Ажаб замонлар бўляптими-а?
– Мана, Қуръони Каримни ўпиб, онт ичамиз! – деб вакиллар бир-бир ўринларидан туриб, Каломуллоҳни боши узра кўтариб, беихтиёр кўз ёш тўкиб тавоф қиладилар.
– Майли, Ҳўқандға хон бўламан, – деб розилик билдиради Эргаш.
Уламолар шу жойда Эргашни оқ кигизга ўтирғизиб хон кўтарадилар; эгнига зарбоф чопон ёпилади, белига тилло камар тақилади. Миён Қудрат ҳазратлари оқ фотиҳа беради ва тўрт оғиз насиҳат қилади:
– Атрофингизга қаттиққўл одамларни тўпласангиз, кам бўлмайсиз. Худоёрхон нега уч марта тахтга ўтиради? Чунки атрофида Мусулмонқул, Қосим мингбоши, Абдураҳмон офтобачи каби бағритош одамлар бор эди. Худоёрхон бировнинг бош кўтаргани қўймасди. Агар Худоёрхон фақат қипчоқларни қатлиом қилган бўлса, иншааллоҳ, Эргашхон ўрисларнинг тухумини қуритиб юборади. Ҳокимият асалга ўхшайди; қайда асал бўлса, унинг ҳидига пашша тўпланади.
Қора Қоплонни дастлаб қўрбоши-хон йўқлатади. Асал ҳидини сезган заҳоти ем-охур атрофида ўралашиб юрган полвон уч-тўртта ёвқур йигитни ёнига олиб Ҳўқанд кўчаларида отлиқ айланиб юрганда одамлар орасида бўлаётган шов-шув қулоққа чалинади: Ғишткўприкда «Мухторият ёки автономия» томошаси намойиш этилибди, унда «Шўрои ислом» раҳнамолари ҳажв қилинган эмиш...
Ҳар эҳтимолга қарши томошада қатнашган битта масхарабоз дудуқланади, қўлларини орқасига боғлаб қўрбоши-хон ҳузурига етказиб борилади.
– Бу ким? – деб сўрайди Эргаш.
– Умар полвон эмиш.
– Полвон бўлса нима бўпти?
– Ҳамзанинг ошнаси у.
– Хўш?
Қора Қоплон каловланиб қолади.
– Ҳамза доим театр қўйиб, сувни лойқалатиб юради. Яқинда «Мухторият» номли томоша кўрсатди, унда Миён Қудрат ҳазрат масхара қилинди.
– Хўш?
– Умар полвон ўша томошада ҳазрат қиёфасида саҳнага чиқиб, ҳаммани кулдиради.
– Оббо ярамас-эй! Гуноҳи азим қипти-ку! – деб соқолини силайди қўрбоши. – Ҳамзанинг ўзи қайда экан?
– Кўринмайди. Лекин топамиз, – деб ваъда беради Қора Қоплон.
– Йўқ, сизлар ўз ишларингни қилинг. Ҳамзани Умар полвон топиб келади. Нима дейсан, полвон?
– Хўп бўлади, – деб қўлини кўксига қўяди Умар полвон.
– Менга Ҳамзанинг бошини келтирасан. Тушундингми? – деб таъкидлайди Эргаш. – Ишни бош кесишдан бошламасам, хонлигим қаёқда қолади.
Умар полвон тахта бўлиб қолади.
– Уқдингми, полвон?
– Уқдим.
– Саҳнада ҳазратни қандай масхара қилдинг?
– Масхара қилганим йўқ, шунчаки ҳазиллашдим, холос.
– Нима деб ҳазиллашдинг?
– «Хотун гўфтаги ноқисул ақл як аз жумлаи ҳайвони нотиқ-да! Хотунликдан бошқаға ярамайди. Бо тағин у тароқчими-пароқчими деган даҳрий жувонмарглар хотунларни ҳам ҳуқуқи, фалони бор, Шўрои исломияға қўшамиз, дейдилар. Ин ажойиб!»
– Тўғри-ку, хотун зоти гапирадиган ноқис ҳайвондан фарқ қилмайди-да!
Қора Қоплон қаҳ-қаҳ отиб кулади.
– Майли, Ҳамзанинг бошини неча кунда менга келтирасан? – деб кулимсираб савол беради қўрбоши.
– Қирқ кунда келтирсам керак, – деб тусмол қилади Умар полвон.
– Яхши. Қирқ кунда бош келтирмасанг, Қоплонбек сенинг бошингни келтиради.
– Хўп бўлади, – деб қўлларини кўксига қўйиб, таъзим бажо келтиради Қора Қоплон.
Умар полвон Бачқирда қалъа ташқарисига ҳайдаб чиқарилади. У тўхтовсиз Ҳўқандға равона бўлади.
Равшанки, Умар полвон Чорсу масжидига етиб борган заҳоти Эргаш қўрбоши Ҳамзанинг боши учун қирқ тилло ваъда қилганини имомга пинҳона шипшийди.
– Полвон, шу гапингизни Исфара гузар масжидига бориб ҳам жамоатга баралла айтинг, – деб маслаҳат беради имом.
Умар полвон Исфара гузарга бораётиб, йўл-йўлакай Ҳамзанинг ҳовлисига кириб Ҳаким отани ҳам огоҳлантириб қўймоқчи бўлади. Дарвоза зулфини шиқирлаганини эшитиб, ҳайҳот, Ҳамзанинг ўзи жомадонини кўтариб чиқади.
Умар полвон яна тахта бўлиб қолади.
Ҳамза полвоннинг белбоғига осилган пичоқни қинидан чиқариб:
– Сўясанми ё бошимни узиб оласанми? – деб тиғидан ушлаб дастасини унга узатади.
– Ҳожи ака, ҳазиллашманг, – деб ютинади Умар полвон. – Қочиб кетяпсизми?
– Ҳа, Бачқирдан қачон каллакесар келар экан, деб кутиб ўтиришим керакми? – Ҳамза пичоқни полвон белбоғига осилган қинга тиқиб қўяди. – Ўзингиз ҳам Исфара томонларга кетиб, Ҳўқандда кўринмай туринг.
– Сиз яна ҳажга кетяпсизми? – деб жомадонга ишора қилади. – Келинг, ўзим вокзалгача кузатиб қўяман.
Жомадонни кўтариб олди ва вокзал томонга қараб кетишди.
– Тошкентга борай-чи, кейин бошим оққан тарафга кетаман, – деди Ҳамза. – Ўрдаға Эргаш қўрбоши ҳужум қилиб эгаллаб олса, у янги хон деб эълон қилинар эмиш. Қизиқ, мен «Шўрои ислом» фирқаси раҳбарлариға дўстона ҳазил-кулги қилған бўлсам, бундан Эргашбойга нима ғам экан, ҳайронман.
– Билмадим, ҳожи ака, бошингизни келтирасан, деб менга қирқ кун муҳлат берди.
– Муҳлатни ўзингиз сўраб олмадингизми? – деб кулди Ҳамза.
– Узр, ўзим сўраб олдим, – деди Умар полвон хижолат бўлиб. – Жон кўзга кўриниб қолса...
– Майли, майли, – деб Ҳамза полвоннинг елкасига қоқиб қўяди. – Хон ишни бош олишдан бошласа, узоққа боради, – деди пичинг аралаш.
– Сиз қайдан биласиз? – деб ғазабланади Умар полвон.
– Хон бўлсам, ўзим ҳам Эргаш қўрбошининг бошини олишдан ишни бошлаган бўлардим. Жоҳил одамға ҳокимиятни бериб қўймаслик керак. Лекин тахт пояси ҳам доим қон билан суғориб турилади.
Ҳамза шошилинч поездга чиқиб, Тошкентга жўнаб кетди.
Кеч кузга бориб Ҳўқандда Туркистон мухторияти эълон қилинди. Эргаш қўрбоши хон бўлиш учун қулай фурсат келишини кутишга мажбур бўлди. Туркистон мухторияти ҳукумати раҳбарияти Эргаш қўрбошининг ниятидан хабардор эди.
Ҳокимият учун бошланган аёвсиз курашларда ўз ўрнини аниқ билмайдиган жангчилар олдинги сафларда қурбон бўлиб кетади...
УЙЛАНИШ
Аксиня Уварова осмондан тушмаган, уни Ҳамза қаердандир опқочиб ҳам келмаган. У 1894 йилда Ҳўқанднинг «город» қисмида туғилган.
Отаси Максим – Рус Осиё банкида ҳисобчи бўлиб ишларди. Онаси Магдалина касалхонада ҳамшира эди. Ўртаҳол ҳаёт кечиришарди. Банкнинг ходимлари учун қуриб берган уч хонали уйида истиқомат қилишарди.
Ҳўқанд – Аксинянинг киндик қони тўкилган ватани. У отасига эргашиб юриб, Ёғбозор, Ёғочбозор, Тузбозор, Молбозор, Жўхорибозор, Қовунбозор, Отбозор, Тўпқатор, Дўппиқатор қаердалигини билиб олган. Катта Гўристон ёнидан доим ҳадиксираб ўтар эди.
Ҳамза янги жадид мактаби очиб, Ўрис-туб жой мактабида ҳам соатбай дарс бериб юрган кезларида Аксиняни учратиб қолади: Аксиня Ўрис-тубжой мактабининг юқори синф талабаси бўлса, Ҳамза ёш муаллим эди. Аксиня ўн олти яшар эди, сочини икки ўрим қилиб орқасига ташлаб, ям-яшил рўмол ўраб юрарди. Йигирма яшар Ҳамза эса қалин қора мўйловини ўстириб, соқолини қиртишлаб, сочини эса тўлқинлантириб гоҳ ихчам салла остига бостириб юрса, гоҳида ўнг томонига силлиқ тараб юрарди.
Ғиштли масжид каби асосан алмисоқдан қолган чоллар танда қуриб олган жойлардан ўтиб қолса: «Ана, жадид ўтиб кетди! Ҳойнаҳой, диндан чиққан бўлса керак!» деб қўлларини бигиз қилиб кўрсатишарди. Айнан шу жойлардан яшил рўмол ўраб, узун кўйлак-лозим кийиб олган Аксиня ерга қараб салом бериб ўтиб қолса: «Барака топсин, ўрис қиз! Бу ҳадемай муслима бўлади, жадидлар диндан чиқса, ўрислар динга киради. Худойим тарози посангисини доим тўғрилаб қўяди», деб мулоҳаза юритишарди чоллар.
Қиличдай йигит эди Ҳамза. Кўзлари найзага ўхшарди; тик қараган одам ўзини қўярга жой тополмай қоларди, ўзига нигоҳи қадалганини сезган инсон кўнгил кўчаларида Ҳамза бемалол сайр этиб юрганини яққол ҳис этар эди. Қирра бурун бўлса эди, бир қараган одамни оҳанрабодек жалб этмасди, моҳир сангтарош томонидан йўнилган тош каби совуқ таассурот қолдирарди, йўқ, заргар меҳрини бериб ишловини маромига етказган Бадахшон лаъли каби жозибадор эди бурун тушмагур.
Ўрта бўйдан тикроқ, қотмадан тўлароқ кўринарди. Лекин ҳеч семирмайдиган инсонлар тоифасига мансуб эди.
Овози қалинроқ бўлса-да, дағал эмасди. Овозига сайқал берилган, аммо табиий хусусиятини йўқотмаган. Жонли оҳанги, оҳанг мароми ҳар қандай шароитда ҳам аслиятда сақлаб қолинади. Жаҳли чиқса ёки қувонган чоғларида тембр-сакратма ўзгариб туриши ҳам жибиллийдир.
Чолларнинг гапларида жон бор эди.
Жон шундан иборатки, Ҳамза Аксиняга калимаи шаҳодатни ўргатади. Қизгина равон тилда имон келтиради: «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ» («Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг Пайғамбаридир. Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган (илоҳ) йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг қули ва элчиси эканига иқрорман»).
– Аяжон, ман имон келтирдим, муслима бўлдим! – деб онасига қувончли хуш хабарни олиб келади Аксиня.
Магдалина ҳайратда донг қотади.
Қизи калимаи шаҳодатни астойдил такрорлаганидан сўнг:
– Муборак бўлсин, қизим. Аллоҳ рози бўлсин! – деб йиғлаб юборади онаизор.
Она-бола бир-бирини қучоқлаб хўб йиғлайди. Йиғлаб-йиғлаб чарчаган чоғлари Максим ота ишхонадан қайтади. Воқеадан хабар топгач:
– Мустақил қароринг жиддий бўлса, табриклайман, қизим, – дейди. – Эътиқод масаласи Ҳўқандда ё ҳаёт, ё мамот демакдир. Шу нарса мудом эсингда бўлсин. Худосиз яшаб бўлмайди, қизим.
Севги оташига мубтало бўлган Ҳамза дори тайёрлаб ўтирган дадасига уйланиш масаласида оғиз очганида: «Мўйлов қўйиб олдим, энди бемалол хотин олавераман, деб ўйлаяпсанми? Гап мўйловда бўлса, болам, мушук бола ҳам мўйлови билан туғилади. Лекин туғилган заҳоти хотин оламан демайди, шекилли», дейди ишдан бошини кўтармасдан.
Бошқа гапга ҳожат қолмайди. Дадаси тажанг бўлиб турган чоғида бемаврид уйланиш масаласида гап қўзғаб қўйганини кейин билиб қолади. Аммо айтилган гап – айтилди, энди қайтариб ололмайди. Гапидан қайтса, нияти жиддий эмас экан, деб ўйлайди.
Оилавий ҳаёт йўлидаги биринчи мустақил қадами билан қовун туширган Ҳамза иккинчи қадам ташлайди: Серовободга бориб, эски танишлари Рўзиқул домла билан Иброҳим қозини шаҳарга бошлаб келиб, Афғонбоғ чойхонасида девзира гуручга палов буюртма бериб қўйиб, уларни ўрис қизи Аксиня хонадонига совчиликка юборади. Улар бирпас: «Ўрисча билмаймиз-ку!» деб тайсаллайди. «Мен сизларни совчиликка юборяпман! Сизлар ўзбекча гапираверасиз. Керак бўлса, ўзлари тушуниб олаверади! – дейди куёв бола. – Лекин гапни кўп чўзманглар, палов ланж бўлиб кетмасин тағин!» деб огоҳлантиради.
Хайрият, совчилар боши билан бориб, оёғи билан қайтиб келишади. «Бўрими, тулки?» деб сўрайди чойхона четидаги сўрида лўлаболишни қучоқлаб ётган Ҳамза.
– Ихтиёр қизимизда. Агар ёшлар бир-бирини хоҳлаб қолган бўлса, бизнинг зоримиз бор-у, зўримиз йўқ, деб жавоб бердилар, вассалом! – дейди совчилар.
– Изначит, всё! Ғишт қолипдан кўчди! – деб Ҳамза ўрнидан сапчиб туради.
Дарҳол қулинг ўргилсин палов гумбаз қилиб улкан сопол товоққа бостириб келинади. Кўйлак енглари тирсакдан юқорига ҳимарилиб, икки қадоқ девзира гуручнинг ёғли паловидан кўз очиб юмгунча ном-нишон қолмайди. Устига-устак, Ҳамзанинг ўзи товоқ остига иссиқ чой қуйиб чайиб ичиб қўяди.
Уч кундан кейин чоршанба оқшомида куёвнинг ўзи бош эгиб Аксинянинг қўлини сўраб Максим ота хонадонига саккизта ширмой нон кўтариб боради.
Суқсурдай бўлажак куёвни кўрган Магдалина шошиб қолиб, дастурхонга қўйилган нондан бир жуфтини синдириб, ҳар кимнинг олдига бурдаларни териб қўяди.
Карам шўравадан ярим косадан сузиб келтирилади. Ҳар соҳадан бир шингил гапирилиб овқатланадилар.
Ота-она Ҳамзани зимдан кўздан кечириб:
– Аксиня баҳорда мактабни битиради, балоғат ёшига етиб қолди, унинг мустақил қарорини биз олқишлаймиз, холос, – дейди ота. – Бахтли бўлинглар.
Қизнинг пешонасидан ўпадилар.
– Агар, куёв, бизникида яшайдиган бўлсангиз, ҳафтанинг охирида битта хонани сизларга бўшатиб берамиз, – дейди Магдалина.
– Ҳатто иккита хонани сизларга бўшатиб берамиз. Фарзанд кўрсангизлар, Худо хоҳласа, битта болохона керак бўлади, – дейди Максим ота.
– Раҳмат, ота. Келинни Тароқчилик маҳалласидаги ҳовлимизга олиб кетаман, – дейди Ҳамза.
– Майли, биз ички ишларингга аралашмаймиз, ўзларинг биласизлар, – дейди Максим ота.
Чоршанба куни Аксинянинг ота-онасидан розилик олган Ҳамза шанба куни ихчамгина тўй қилиб, Аксиняни ўз уйига олиб келади.
* * *
– Падари бузрукворим, танишинг, бу қиз Аксиня бўлади, келинингиз, – деб таништиради келинчакни Ҳамза отасига. – Аксиня, бу киши қайнотанг бўлади.
– Ассалому алайкум, – ерга қараб уялинқираб салом беради бошига яшил шол рўмол ташлаб олган Аксиня.
Тажанг бўлиб турган пайтида уйланиш масаласида гап очиб дакки еган ўғли ўзбошимчалик қилгани учун ота тўнини тескари кийиб олади: ўчини кимдан ё нимадан олишини билмасдан беихтиёр нос чекишни ўрганади, аммо ўзи истамаган шу ишни ўрнига қўя олмайди.
Ишком остидаги чорпояда нос чекиб хаёл суриб ўтирган Ибн Ямин нима бўлаётганини тузукроқ англамасдан, оғзида атала бўлиб кетган носвойни орқа тарафга туфлаб юборади; Ҳамза жадал бориб айвонда турган обдастани келтириб отасининг қўлига сув қуяди. Ибн Ямин ҳовучига сув тўлдириб оғзини уч марта чайиб, охирида ғарғара қилиб тупуриб юборади. Дастрўмолига лаб-лунжини артади.
– Хутба ўқилдими? – деб сўради Ибн Ямин. – Кимлар гувоҳ бўлди?
– Икромхон, Бўронбой, Яҳёхон домла гувоҳ бўлдилар.
– Яхши, учта гувоҳ етади, – деди ота. – Ҳеч бўлмаса, икки қадоқ пешноб ташлаб шўрва осиб қўймайсанми? Ёки тўрт товоқ палов пишириб ён қўшниларни меҳмонга чақирасанми?
– Сиз нима десангиз – шу, падари бузрукворим, – итоаткорлигини намоён қилди Ҳамза.
Ибн Ямин мийиғида кулимсираб:
– Аввал бурчакдаги уйга чимилдиқ тортиб келинни жойлаштиргин, қўни-қўшни чиқса, кўрмана бериш баҳонасида келинни томоша қилишади, битта-яримтасининг кўзи тегиб, тобини қочириб қўйишмасин. Рўмолининг устидан кўзмунчоқ тақиб қўйгин, – деди. – Хутбани Муҳаммад Ражаб ўқидими?
– У киши Яйпанга Нуруллоҳ домланикига кетган экан, хутбани дегрезлик масжидига бориб, Иқболжонга ўқитдик.
– Дуруст, Иқболжон ҳам худосизларға сотилмаган Ҳўқанддағи тўртта имомдан биттаси бўлади, – маъқуллади ибн Ямин. – Бу келин ўрисми ёки татарми?
– Ўрис, падарим, аммо ўзбекчани ўзимиз қатори билади.
– Намозни-чи, намозни ҳам ўзимиз қатори билармикан?
– Имон келтирди, иншааллоҳ, намозни ҳам бир ҳафтада ўрганиб олади. Аксинянинг зеҳни жуда ўткир.
– Ишқилиб, чимилдиқда намоз ўзингни ҳам эсингдан чиқиб кетмасин-да, Ҳамзахон.
– Йўғ-э, падари бузрукворим, эсимдан чиқмаса керак, – деб Ҳамза келинчак билан бурчакдаги уйга чимилдиқ тортгани кириб кетишади.
Хуллас, Ҳамзахон 21 яшар чоғида 17 яшар Аксиняга яшин тезлигида уйланиб олади, келин-куёвнинг қирқ кунлик катта чилласи чиққунча кўчага қадам босмайди.
Аксиня ибн Яминни папалаб, гарданига гард ҳам юқтирмасди. Қайнотасини ҳайратга солган кутилмаган янгилик шундан иборат бўлдики, келини Ҳўқанд тарихини аксарият чаламуллалардан яхшироқ билар ва билгани билан қаноат қилмасдан, бекор қолди дегунча ҳовлининг бир четига эски шолча ташлаб олиб бирорта тарихий китоб мутолааси билан машғул бўларди; ибн Яминнинг шарпасини сезган заҳоти жадал ёнига бориб: «Ота, нима қилай?» деб бошини эгиб турарди.
– Нималарни ўқияпсан ҳар куни? – деб сўрайди ибн Ямин.
Аксиня ўқиган ва ўқиётган китобларини чорпояга териб қўяди. Улар: «Вестник русского географического общества, том 6, СПб 1856», «Вестник Русского Географического Общества, том 17, СПб, 1856», «Н.А.Северцов. Месяц плена у кокандцев. С картой низовье Сыр-Дарьи. СПб, 1856», «А.П.Федченко. Путешествие в Туркестан. СПб, 1877», «Таҳорат. Намоз ва дуолар».
Ибн Ямин китобларни бир-бир кўздан кечириб бағоят мамнун бўлади. Қайнота-келин бир-бирига руҳан боғланиб қоладилар.
Ҳамза беором ҳаётини оромбахш оилавий бахт-саодатдан ҳам азиз билади: куёв-келиннинг катта чилласи чиққан заҳоти жадид мактабидан тўпланган олтмиш сўм ақчани чўнтагига солиб, дунё бўйлаб саёҳатини бошлаб юборади: Кошғар орқали Ҳиндистон – Ҳинд уммони – Арабистон – Ҳижоз – Қуддуси шариф – Тоиф – Мадина – Макка – Қоҳира – Ўрдун – Шом – Истанбул...
Ибн Ямин Аксиня келинини еру кўкка ишонмасди, оғзидан бол томиб: «Ўрис келинимнинг зиёси бор», деб алқашдан, дуо қилишдан чарчамасди.
Ҳамза ярим дунёни кезиб қайтганидан сўнг Аксиня билан узоқ яшамайди. Улар ажрашади. Ибн Ямин орзу қилган невара ҳам узоқ турмайди.
Ибн Ямин ўн йиллар – вафотига қадар, «Ўрис келинимнинг зиёси бор эди», деб алқаб ўтади.
РЎЗҒОР
Ҳўқанд. Эски шаҳар. Тароқчилик маҳалласи. Дўкон ва устахоналар кўзга ташланади.
Ҳамза шом намозидан кейин даҳлизда сандалга ўмгагини бериб ўтирганча қоғоз қоралайди. Хуфтон намозини адо этиб, яна ёзув ишини давом эттиради. Сандал тафти сўнмайди. Аёли Кароматхон ётоқхонадан ўғилчаси Аббосни довдиратиб етаклаганча ташқарига олиб чиқиб, пешоб қилдириб қайтади. Уйқуси очилиб кетган Аббос дадасининг пинжига тиқилиб олади, Кароматхон қўлидан тортиб қистаса ҳам унамайди.
Ташқаридан тўлғоқ тутаётган ер ҳиди ёпирилиб ичкари киради. Ер уйғонганини Ҳамза шу тобда аниқ ҳис этади.
– Майли, сиз ётоққа кираверинг, кўзи илинганидан сўнг ўзим опкириб бераман, – деди Ҳамза ва узаниб, сандал устида тахтакачга ўрнатилган фонус пилигини хиёл пасайтириб қўйди.
Кароматхоннинг кўланкаси деворга тушиб лоппилайди.
– Ишингизга халақит бермадикми, ишқилиб? – Кароматхон истиҳола билан сандалнинг нариги тарафидан жой олди.
Ҳамза ўғилчасини бағрига олиб, устига сандал кўрпасини тортди.
– Яна озгина қолди, бир қур таҳрирдан чиқариб қўйсам, бас. Хаёлга толдим, шекилли, баҳорни соғинибман, – деди. – Хоҳласангиз, сандал ёнига чўзилинг. – Деворга суяб қўйган орқасидаги ёстиқни олиб узатди. – Олингиз.
– Вой, ўзингиз совуқ деворга суяниб ўтирасизми, қўйинг! – дея Кароматхон ёстиқни қайтаради. – Ухлаб қолдими? – деб ўғилчасига кўзи билан ишора қилади.
– Ҳа, – деб Ҳамза ўғилчасининг пешонасидан ўпди.
– Қани, – деб Кароматхон ўрнидан туриб, Ҳамзанинг ёнига ўтиб тиз чўкди. – Ҳали уйқуси пишмаган.
– Сиз ўринни тўғрилайверинг, ўзим опкираман.
– Барибир овора қипқўйдик, – Кароматхон хижолатомуз жилмайиб ётоқхонага йўл олди.
Ҳамза ўғилчани опичлаб ўрнидан тураркан, энгашиб фонусни пуфлаб ўчирди ва ётоқхонага астагина кириб кетди.
Сандал устида қолган қоралама қоғозга тўлин ой сутдек оппоқ нур сочиб турарди.
«Маълумки, ҳар бир элнинг донғини сақлаған ўз адабиётидур. Шу адабиётнинг жонлик ва энг нафис кўрсатадурган ери – саҳнасидур. Яна шул адабиётнинг жон йўсунида танасиға ўрнашадурган, шубҳасиз, мусиқий қўшиғидур ва шул мусиқани ҳар ёнга ёйилиши учун ҳар элнинг ўз шевасида дардлик шоири билан ўз оҳанги йўсунида қўшиқ чиқарувчи бастакори бўлуви керакдур. Мана шул юқоридағи жумлалар билан шоядки узун бир муддаони тушунтира олгандирман...
Хусусий мурожаатлар билан ўн йилдан бери тобора руҳим сўниб, қобилиятим йўқолишга бошлади. Ҳатто ишдан чекинишга мажбур бўлдим. Ахийри дардимни матбуот саҳифасида ошкор этиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлашдан бошқа иложим қолмади. Агар бунга ҳам илтифот бўлмаса, тарихий бурчимни бўйнимдан соқит қилиб, бошимни олиб бир сориға кетурман, вассалом.
Аризачи Ҳамза Ҳакимзода
Ҳўқанд. Санаи ҳижрий...»
* * *
Туркистонда ўқтин-ўқтин маҳаллий қўзғолонлар содир бўлиб турган чоғларда Ҳамзани шубҳали бир киши излаб келади. Исфара гузарда чойхонада рўпара келади:
– Афандим, маъзур тутасиз, «Миллий ашула» китобингиз ноширидан саломлар келтирдим, – деди у.
– Ваалайкум ассалом, – деб Ҳамза бир қадам орқага чекиниб, мезбонга бошдан-оёқ синчиклаб назар солади. Ажабланади.
– Хавотирланманг, дўстингизнинг дўсти бўламан.
– Ажабланяпман, чунки дўстимнинг дўстлари орасида сизга ўхшаган шубҳали кимсаларни учратмаганман. Полис хуфиясига ўхшар экансиз. Хизмат, афандим.
Мезбон тасдиқ маъносида бош силкитиб кулади.
– Қойилман, адашмадингиз. – Нигоҳи билан имо қилиб: – Маъдалихон мадрасасида иккинчи ошиёндан битта ҳужрани вақтинча ижарага олдим. Мударрис ошнам ёрдам берди, – деди. – Буюринг. – Чап қўли билан йўл кўрсатди.
– Кетдик.
Ёнма-ён Ғишткўприк томон йўл олдилар.
Хуфия қиёфасини хотирасига муҳрлаб олишга қанча ҳаракат қилмасин, лекин бунинг уддасидан чиқмади.
– Дўстингизнинг дўстиман, дедим. Лафзимга ишонаверинг, – деб кулимсиради. – Асабийлашманг.
– Шубҳали одамни кўрсам, узр, барибир асабийлашаман.
Мадраса сув қуйгандек эди. Илм толиблари сабоқ оляпти, шекилли.
Иккинчи ошиёнга тахта зинапоядан кўтарилишди. Ҳужрага кирдилар. Хонтахта атрофига ўтиришди. Юзларига фотиҳа тортдилар.
– Сиз бемалол шу нарсага кўз югуртириб чиқинг, мен унгача чой-пойга уннайман.
Хуфия ташқарига чиқади.
Ҳамза хонтахта устида турган қора матони очадию ўрис тилидаги расмий бланк-қоғозга кўзи тушади: «Тушунарли, ўрис тилини яхши билишимдан хабардор экан», деб ўйлайди.
Расмий қоғозга кўз югуртиради:
«Секретно (махфий).
Департамент Полиции
Начальникамъ Жандармскихъ Управлений
Политсия томонидан хуфиёна назорат қилиш тўғрисидаги Низомга кўра, рўйхат бўйича назорат остида турган шахсларни Империя ҳудудида бир хил тартибда амалга оширилмаяпти. Бутун империя бўйича Низомни бир хил талқин қилиш учун аввалам бор хуфиёна назорат ва хуфиёна кузатув тушунчаларини аниқ белгилаб олмоқ зарур. Хуфиёна назорат дегани «есть одна из меръ предупреждения государственныхъ преступлений посредствомъ наблюдения за лицами сомнительной политической блогонадежности». Хуфиёна кузатув эса «имея характер меры исключительно розыскной, учреждается Департаментомъ, илиместными властями, временно, для проверки полученных сведений о вредной деятельности данного лица, его связей, а также для обнаружения розыскиваемыхъ лицъ, которыя, по имеющимся указаниямъ, могли войти съ нимъ въ сношение. О результатахъ наблюдения подлежащия жандармския управления доносятъ, по мере поступления сведений, Департаменту Полиции, но къ лицамъ, состоящимъ подъ наблюдениемъ, порядокъ регистрации, указанный въ Положении неприминяется и следовательто: указанныя параграфе 7-мъ дела не заводится, въ алфавитные списки под лит. А они не вносятся, также не помещаются въ полугодовыя ведомости, представлемыя въ Департаментъ на основании Положения.
Без испрошения предварительнаго разрешения Департамента, негласный надзор, на основании циркулярных распоряжений: а) за воспитанниками, исключенными учебнымъ начальством изъ высшихъ учубныхъ заведений; за неодобрительное поведение и невзносъ учебной платы и изъ среднихъ учебныхъ заведений (достигщихъ 16-ти летъ) и учительскихъ семинарий – только за неодрбрительное поведение и б) за лицами, возвращенными изъ административной ссыки и освобожденными от гласного надзора полиции. Это последнее правило, согласно пун. 5-му циркуляра МВД, относится лишъдо лица, высланныхъ и подчиненныхъ гласному надзору за совершений государственныхъ преступлений и политическую неблагонадежность, къ лицамъ, выланнымъ и подчиненнымъ гласному надзору: за порочное поведение, крестъянские безпорядки, подстрекательство къ неповиновению властямъ, совращение въ расколъ и т. п. За лицами означенныхъ категорий местное начальства могутъ, если признаютъ это нужнымъ, учредить на некоторое время местное наблюдение, но регистрационному негласному надзору они не подлежать и не должны включаться въ списокъ лит. А и ведомость лит. В.
Лица, подвергнутыя тюремному заключению на известный срок за государственныя преступления подчиняются, по отбытии наказания, регистрационному негласному надзору.
Порядок прекращения негласному надзора, согласно указаниям опыта, вызывает необходимость въ некоторых измененияхъ.
Существующий ныне порядок сводится въ общихъ чертахъ къ следующему:
а) Лица, за коими негласный надзоръ учрежденъ по непосредственному роспоряжению Департамента Полиции, состоятъ под этимъ надзоромъ безсрочно и освобождаются отъ него лишь по особому, въ каждомъ отдельномъ случае, предписанию Департамента;
б) воспитанники высшихъ учебныхъ заведений, уволненные за неодобрительное поведение и невзносъ учебной платы и воспитанники среднихъ учебныхъ заведений (достигшие 16-ти летъ) и учительскихъ семинарий уволненные за неодобрительное поведение, остаются подъ негласнымъ надзором полиции до принятия ихъ вновь въ учебныя заведения, если-же они не поступаютъ вновь въ заведение, а избираютъ себе другия занятия, то надзоръ съ нихъ не снимается и они числятся состоящими под надзором безсрочно;
в) лица, возвратившияся изъ административной ссылки и освобожденная отъ гласного надзора, подчиняются негласному надзору на одинъ годъ и, по истечении этого срока, освобождаются от надзора и весьма часто ускользаютъ от всякаго наблюдения, причемъ объ освобождении ихъ отъ надзора нередко не поступаетъ особыхъ донесений и о томъ отмечается въ полугодовыхъ ведомостяхъ;
г) лица, отбывшия срок тюремнаго заключения за государственныя преступления, если о томъ не последуетъ особого распоряжения Департамента, негласному надзору не подчиняются вовсе и;
д) объ умершихъ, нередко не поступаетъ отдельныхъ донесений и некоторые Начальники Жандармскихъ Управлений ограничиваются отметкой въ полугодовыхъ ведомостяхъ лит. В.
Подобный порядок вызвалъ неудобныя последствия, а именно…
Настоящий циркуляръ, вместе с симъ, разсылается для сведения и руководства Гг. Губернаторамъ, Градоначальникамъ, Обер-Полициймейстерамъ и Начальникамъ Жандармскихъ Округовъ: Варшавского и Сибирского.
Подписал: За Министра, Товарищъ его,
Генерал-лейтенантъШЕБЕКО.
Скрепилъ: Директоръ П. Дурново,
Верно: За Помощника Делопроизводителя Чернов».
Полиция Департаментининг махфий ҳужжатини шошилмасдан икки марта ўқиб чиқди. Ўзи ҳам, маслакдошлари ҳам аллақачоноқ жандармнинг хуфиёна назорати остида яшаётганини ҳис этиб, аъзойи баданида сон-саноқсиз чумоли ўрмаларди.
– Лаънатилар, – деди тишларини ғиширлатиб. – Барибир сенларнинг айтганинг бўлмайди, чучварани хом санаяпсанлар!
Ҳужрада ўзи билан ўзи олишиб ўтирган пайтда хуфия-дўст шарпасиз кириб келди. Орқасидан кумуш патнис кўтарган дастёр кўринди: патнисда иккита чойнак, иккита пиёла, икки тақсимчада парварда бор эди.
Дастёр хонтахтага патнисни қўйиб, ўзи тисарилиб ҳужрадан чиқади.
Битта чойнак-пиёлани, тақсимчани Ҳамзанинг рўпарасига қўйди.
Хуфия чойни қайтариб, бирпас дам едириб, тўлдириб қўйди. Парвардани ҳузур қилиб шимиб ўтирди. Пиёлани бўшатиб, яна тўлдириб қўйгач:
– Тушундингизми? – деди парвардани оғзига солиб.
– Тушундим, – деди Ҳамза.
– Тушунган бўлсангиз, ҳожи ака, шунга қараб аравангизни тортаверинг. Хуфиёна назорат остида эканингизни эсдан чиқарманг.
– Сиз назорат қиласизми мени?
Хуфия чой ҳўплаб, бош чайқади.
– Мен эмас... Ҳар куни ким сизни кўриб туради?
Ҳамза пешонасини тириштирдию бирдан кўзларини ола-кула қилиб:
– Ижодга астойдил шўнғиб кетсам, уч-тўрт кун кўчага чиқмайман... Ҳеч ким билан кўришмайман...
– Ҳеч ким билан кўришмайсизми? – деб ўсмоқчилаб савол берди хуфия.
– Рўпарамиздаги Эшон дада ҳаммомида хуфтондан кейин серовалик Шириной билан кунора учрашиб турамиз... Тўғри маънода устоз-шогирдмиз...
Хуфия мийиғида кулади.
– Эридан ажрашганми?
– Йўқ.
– Тушунарли.
– Нимаси тушунарли?! – деб ўшқириб юборди Ҳамза. – Шариф гўлахнинг ёнида ўтхонага ўтин-пўтин ташлаб гаплашиб ўтирамиз, холос.
– Тушунарли, дедим-ку.
– Жандармнинг айғоқчисими Шириной?
– Билмадим.
– Хотиним ҳам айғоқчи бўлиши мумкинми?
Хуфия кулиб юборди.
– Замон қалқиб турибди, ҳожи ака. Кутилмаганда инқилоб бошланиб кетиши ҳам мумкин. Хонаси келиб қолса, Полиция Департаментида ҳам инқилоб тарафдорлари борлигини эслаб қўярсиз. Ҳозирча ҳокимиятнинг қора рўйхатида номингиз бор. Сиз назорат остида яшаяпсиз. Қўлимдан келадиган ёрдамим – сизни огоҳлантириб қўяман, холос.
– Раҳмат. – Ҳамза оғирлашиб ўрнидан қўзғалади.
– Худо ҳофез, ҳожи ака.
– Худо ҳофез.
АВВАЛРОҚ...
Ҳамза падари бузрукворининг оғзини пойлайди. «Болам, Галабоққолдағи Усмонжон домланинг Ҳалима исмли қизиға совчи юборсак нима дейсан? Бўлажак қайнонанг Дилбархон отинойи ҳам сен каби ашъор битар эмиш; ҳойнаҳой, қизиға ҳам қалам тебратишни ўргатган бўлса керак. Агар Ҳалимахон қалам тебратишқа уқувсиз бўлса, ўзинг анга бешик тебратишни бот-бот ўргатасан, ўғлим!» дейилишини хўб кутади. Отасидан тайинли гап чиқмагач, дард устига чипқон деганларидек, Кавсархон Дегрезлидағи Тоштемир тақачиға эрга тегиб, ҳадемай қорнини чачвон билан ҳам ихота қилолмайдиган ҳолатга етказганини орқаваротдан эшитади.
Усмонжон домла Каппонға келиб, икки хуржунға сиғмайдиган миқдорда сабзи-пиёз харид қилиб қўйиб, не қиларин билмай гаранг бўлиб, бешиктебратар мисоли қассобхона олдида нари бориб-бери келиб юрган пайтида жонига ора киради. Аъзамжон дўстининг эшак-аравасини сўраб олиб, домланинг оғирини енгил қилади: бозор-ўчарини аравага юклаб Галабаққол маҳалласига савоб учун элтиб беради. Юкни дарвозахонага тушириб: «Тоға, бошқа хизмат йўқми?» деб қўл қовуштиради. Холис хизмат қилган йигитга қандай миннатдорлик билдиришни билмай турган домла ташқи ҳовлига мўралаб завжасини чақиради: «Хотин, қаравор бу ёққа!» деб қичқиради.
Ҳамза хуржунларни бирин-кетин ташқи ҳовлига судраб киритади. Дилбархон отинойи бошига оқ рўмол ташлаб кўриниш беради, орқасидан бўй етиб қолган қорамағиз қизи ҳам нохос ички ҳовлидан чиқиб қоладию уялинқираб аясининг орқасига яшириниб олади. Ноқулай вазият содир бўлади. Усмонжон домла эса оғиз танобини йиғиштира олмасдан: «Хотин, киройи куёвинг шундай бўлса, Ҳалимани ҳам узатиб, бир йилдан кейин неварамизни еру кўкка ишонмасдан папалаб ўтирармидик!» деб хитоб қилади.
Ҳамза дув қизариб кетади-ю, лекин Ҳалимаға ўғринча тикилиб-тикилиб қараб олишдан ўзини тия олмайди. Шу тобда роса куйиккан Ҳалиманинг ҳам, Ҳамзанинг ҳам аъзойи бадани оташ бўлиб ёнмоққа бошлайди. Ҳамза тезда кўчага отилиб чиқмаса, уни ички ҳовлига кўкрагидан итариб-итариб киргизишиб, Ҳалима икковини чимилдиқ орқасига ўтказиб юборишса, шайтонлаб қолажагини кўз олдига келтириб бўшашиб кетади. Қочиб дарвозахонага чиққан чоқда Дилбархон аянинг: «Уятчангина экан-ку куёв бола! – деган янгроқ товуши қулоғига чалинади. – Суқсурдай йигит экан, кўз тегмасин».
Орадан икки ҳафта ўтгач, отаси жума намозидан гап топиб келади:
– Галлабаққолдаги мактабдор ошнам Усмонжон домла сени куёв қилмоқчи бўляпти-ку, Ҳамзахон!
– Қўйсангиз-чи, падарим, ҳазиллашган бўлса керак. Қизлари ёш ҳали.
– У ёғини билмайман, аммо Исфара гузар чойхоначисидан ҳам сен тўғрингда анча-мунча сўраб-суриштирибди. Айқириб ашула айтадиган, Аъзамжонга ўхшаб дастурхончиларни ҳажв қиладиган ўртоқларингдан вақтинча андак ўзингни тортиб юрсанг яхши бўларди, ўғлим.
– Бировга яхши кўринаман деб иккиюзламачилик қиламанми, падар?
– Иккиюзламачи бўл, демайман, фақат у ёқ-бу ёғингни йиғиштириб юргин, дейман.
– Сизни ким айтади Ҳўқанди латифнинг энг олди Маснавийхон зиёлиси деб, падар! Мавлоно ҳазрат: «Қандай бўлсанг шундай кўрингин, қандай кўринсанг шундай бўлгин!» деб айтган ҳикмати бекор бўлдими?
– Бекор бўлмайди мавлононинг бирор калимаси! Ўзи сенга гапирган одам барака топмайди! – дея зарда қилиб ичкарига кириб кетади отаси.
МАКТАБДОР
Ҳамза 1910 йилда Ҳўқандга қайтиб Қашқар дарвоза маҳалласида биринчи марта усули савтия мактабини очади. Муаллимлик фаолиятини бошлайди.
1911 йилда Ҳўқандда савтия усул мактабини очиб, бир йил фаолият кўрсатади. Камбағал оилалардан бўлган болалар беғараз ўқиши учун «Ёрдам» жамиятини ташкил этади. Бироқ болаларни йиллар давомида ўқитиб, шу орқали рўзғор тебратадиган эски усул мактабдорлари уюшган ҳолда Ҳамзага ҳужум бошлайди.
Ўзини мактабдорликдан панага тортиб, «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби» дарсликларини нашр эттиради. Педагоглик фаолиятида собитқадам эди: «Ўзимиз бидъатларга мубтало бўлганимиз етар. Кейинги авлодимизнинг хуршиди саодатларин заволға еткурмайлик. Бундан кейин бидъат ва мажусият одатларини йўқ қилмоқ учун ёлғиз икки калима сўзни яхши тушунмоқ лозим: ўқимоқ ва уқимоқ».
Ҳамза қаттиқ қаршиликларга қарамай, бир йил мактабдорлик қилади. Бу орада 60 сўм ақча тўплайди ва жаҳон бўйлаб саёҳатга чиқади: «Афғонистон, Ҳиндистон, Макка, Мадина, Шом, Байрут билан айланиб ўтиб, Истанбулға ўқишға келган бўлсам ҳам ўзим билетсиз қочиб борғоним учун, отам ва бир ўрис қизидан уйланған оилам юборған ачулик хатларидан қўрқиб қайтдим», деб иқрор бўлади.
1914 йилнинг охирларида «Фарғона» газетасининг муҳаррири ўртоқ Охундийнинг ғайрати билан Марғилонда «Дор ул айтом» мактабини очади. Саккизинчи ойға бормай Андреев исмидағи Искобил маориф раҳбари томонидан мажбурий ёпилади. Бунга сабаб Марғилонда аввалдан давом этиб турган мактаб ҳамда туземний (маҳаллий) – ўрис мактаби муаллими Қудратилла қорининг Андреевга бериб турган чақувномасидир.
Ундан яна Ҳўқанд келиб, бир қанча ўзига яқин кишиларни тўплаб, уларнинг ёрдами билан йўқсул болалар учун пулсиз ўқитиш мактаби очади. 20 – 30, кейин 15 – 16 киши бир ойгина ёрдам беради. Тўрт ойча давом эттиргандан кейин уезд бошлиғи Мединский томонидан тинтув бўлиб, ёпилади.
Ундан сўнг 1915 йилда яна мажлис чақириб Китобхона, Қироатхона каби масалаларни ҳал қилиб, «Ғайрат» исминда Китобхона очдиради. «Бундан мақсад – бугунгача ёзилған асарларимнинг баъзиларин ўз сармоям билан босдирған бўлсам ҳам, улар майдароқ бўлиб, бошқаларин шу Китобхона исминдан босдириш эди. Лекин Китобхонамиз очилғонидан сўнг 1910 йилдан бери меним мажлис ва мактабларимға бутун кучи билан қарши келиб турған бойвачча унсурлар кириб қолиб, асарларим у ёнда турсин, ўзимни ҳам суриб чиқардилар...»
* * *
Шу ўринда Зарифа Саидносир қизининг ёзганларини келтирамиз:
«Ҳамза ўз мўлжалидан уч йил ўтказиб барибир ниятига етади: Аксиня исмли кўҳликкина ўрис қизни никоҳига олиб, ундан дастлаб Савдохон исмли қизалоқ дунёға келиб, ёшиға етмасдан Эгасиға топширади; сўнг ўғил фарзанд кўради. Илёс деб исм қўйилади чақалоққа. Чақалоқнинг қулоғига ўзи азон чақиради.
Ҳамёнида 60 сўм сармоя тўплангач, рўзғорга ажратилган ақчани хотиниға бериб: «Агар мени ўлди деб хабар келса, қирқ кун кут, кейин бошинг очиқ, мендан рози бўл!» деб хайрлашади. Отасига: «Ҳажга кетяпман, фотиҳа беринг», дейди. Отаси унга бошдан-оёқ қайта-қайта тикилиб, кўзойнагини ечиб қўйиб: «Шошма, бачам» деб таҳоратини янгилагани чиқиб кетади. Бирпасдан сўнг белбоғига юз-қўлларини артиб меҳмонхонага кириб ўтириб Ҳамзани чақиради, астойдил «Ихлос» сурасини тиловат қилади, юзига фотиҳа тортиб: «Ой бориб омон келгин», деб гузаргача орқасидан кузатиб бориб, изига қайтади.
Ҳаж зиёратини адо этган Ҳамза Истанбулда ушланиб қолади. Ҳўқандға қайтишини ўйласа, юраги зирқирарди. Лекин барибир ватанга қайтади. У Ҳўқандга қайтанда Аксиня ўз ватанига – Русияга кетган экан.
Қулоғига чалинган миш-мишларға қараганда, қоратўри Ҳалимахон (Усмонжон домланинг арзандаси) икки йил рўзғор қилиб бола кўрмасдан эридан ажралиб келади. Уйига келиб тўполонни бошлайди: «Мактабдорликни тўхтовсиз Ҳамза акаға топширасиз, уни ичкуёв қилиб оласиз!» деб отасиға шарт қўяди. Усмонжон домла пўчтахонаға бориб, Ҳамза Чукуровада шаҳид бўлғанлиғи тўғрисида таъзиянома уюштиради. Таъзиянома нусхасини хотини орқали Ҳалимаға кўрсатилади. Ўн кун йиғлаб-йиғлаб ҳовуридан тушган Ҳалима ўша пайтлари Ҳўқандда тентираб юрған қарапчи Ҳаёт Шодмонни ичкуёв қилади.
* * *
Тошкент вокзалида оломон гавжум, ит эгасини танимайди: Туркистон эркаклари мардикорликка сафарбар этилган, улар биринчи дунё урушида бевосита жанг майдонида эмас, жабҳа ортида қора меҳнат билан машғул бўлажак экан. Йиғи-сиғи, дод-фарёд қулоқни қоматга келтирарди.
Ҳамза хуржунини елкасига ортиб, арзонга сотиб олган кўкимтир бахмал дўпписини қошига қадар бостириб кийиб олиб, оломон орасига шўнғийди. Терлаб-пишиб кетган одамларнинг иссиқ нафаси гуп этиб юзига урилади; қулоғига чалинаётган ғам-андуҳ жони-жаҳонини сирқиратиб юборади.
«Қулоқ нота»лари ила эшитилиб келмиш миллий табаррук ашулаларимизнинг ўрни йўқолмасин учун баъзи қабеҳа шеърлар ўрнига миллий шеърлар тартиб бериб, ҳамма оҳанг ва куйларимизни топиб бир неча бўлимда нашр этмак ниятидамиз...» деб иқрор бўлади куюнчак Ҳамза.
Шундоқ қолурму, қолурму?
Ҳамон ваҳшатда қолурму?
Нафси шаҳват қурбонлари,
Сизға ишониб бўлурму?
Туркистоннинг истиқболи
Сиз хоинларға қолурму?
Қафасдан бўшалган ҳар қуш
Қайтиб ўзини солурму?
Қонхўр золимлар, ўйлайсиз,
Мазлумлар сизға қолурму?
Филҳақиқат, даррандалар
Ўз касбидан уялурму?
Шундоқ қолурму, қолурму?
Ҳамон ваҳшатда қолурму?
Нафси шаҳват қурбонлари,
Сизға ишониб бўлурму?
Туркистоннинг истиқболи
Сиз хоинларға қолурму?..
Ҳамза ўзи ғарқ терга ботган ҳолатда овозини ён-веридаги одамлар эшитадиган даражада қалин товушда хиргойи қилиб, чанг кўчанинг ўртасида ўрислар ибодатхонаси томон борарди. Шу тобда қаердан қаерга бораётганини ҳам ўзи билмасди. Унинг бор вужудини Туркистон қайғуси чирмаб олган эди...
Кейин нима бўлади?
* * *
Мамлакат нотинч эди. Уч юз йиллик Русия империясининг подшоси Иккинчи Николай тож-тахтдан воз кечади. Бесоҳиб қолган ҳокимиятни Муваққат ҳукумат қўлга олади. Салтанат пойтахти Петроградда намойишлар узлуксиз давом этаверади, халқ ғалаён кўтаради. Жонидан тўйган халқ Биринчи жаҳон уруши тўхтатилишини қатъиян талаб қила бошлайди.
Олмония разведкасиға сотилған болшевиклар душман сармояси билан давлат тўнтариши ясайди.
Туркистон ўлкасида ҳам жабҳа орқасида қора ишларни бажариш учун маҳаллий халқдан мардикор олинишига қарши оммавий норозилик бошланиб, қуролли қўзғолонлар авж олади. «Шўрои ислом», «Уламолар жамияти» каби фирқалар бош кўтариб, маҳаллий халқ манфаатларини ҳимоя қилишга астойдил ҳаракат қилади.
Мазлум халқ сиёсат билан шуғуллана бошлайди. Халқ уйғонади, оқ-қорани ажратадиган бўлади.
Шу пайтгача фақат ўқув-оқартирув ҳамда маърифатпарварлик билан машғул бўлган жадидлар мухторият ғоясини кўтариб чиқади: Туркистон федератив Русия таркибида ўзини ўзи бошқарадиган субъект бўлиши керак. Яъни Туркистон мухтор жумҳурияти эълон қилиниши лозим.
Туркистонга ким мухторият мақомини беради? Ўз-ўзидан равшанки, Петроградда Русия Давлат Думаси ҳеч қачон қонунан Туркистонга мухторият мақомини бермайди.
«Ҳақ олинур, берилмайдур!» дейди миллатимиз раҳнамоларидан бўлмиш Маҳмудхўжа Беҳбудий.
«Миллат қалби» унвони билан халқ томонидан тақдирланган Мунавварқори ажойиб кунларнинг бирида Туркистон шаҳриға ташриф буюради: у Саидносир Миржалил ўғли билан яккама-якка учрашади. Ҳамза қўноқ бўлган Саидносирнинг кенг-мўл меҳмонхонасида бир ҳафта мобайнида Мунавварқори билан Саидносир ёнбошлаб олиб нималарни муҳокама қилади? Улар атрофлича муҳокама қилмаган бирорта мавзу қоладими?..
Икки улуғ зот Ҳамзага ишонар эди. Шоир аксарият суҳбатларда иштирок этади. Аммо ўта маҳрам мавзуларда гап очилган заҳоти Ҳамза тилининг остига нос ташлаб ташқарига чиқиб кетади. Меҳмонхона даҳлизида гоҳ тошоба пайновини тозалаётган, гоҳ сочиқни елкасига ташлаб, обдаста кўтариб турган, хуллас, доим бирорта юмуш билан куймаланиб юрган ҳолатда учрайдиган Мадҳий деган хизматкор бола ҳаргиз:
– Дода, менга хизмат йўқми? – деб гуноҳкорона жилмайиб, ерга қарарди.
Бир ярим ойдирки, Ҳамза шу хизматчи боланинг кўзга тик қараб гапирганини ёки гапга жавоб қайтарганини ҳеч кўрмади; доим гуноҳ иш устида қўлга тушган ўғридай кўзларини яширади, доим бош эгиб туради.
Хизматчи бола ким?
Меҳмонхона тўрида тўрт қават кўрпача устида қучоққа аранг сиғадиган лўлаболишни қўлтиғига олиб ёнбошлаганча Саидносир афанди билан Туркистон тақдири борасида кеча-кундуз жон куйдириб гоҳ баҳслашаётган, гоҳ жон қулоғи билан жўяли йўл-йўриқларни тинглаётган зоти шариф Мунавварқори роппа-роса ўн уч йилдан сўнг ГПУ қамоқхонасида ўта хавфли жиноятчи сифатида тутқун бўлган чоғларида ҳам ХИЗМАТЧИ БОЛА кимлигини танимайди, бироқ унга ўшанда ҳам иши тушади. Мана, садрул миллат иқрорномасидан:
«Бугун ман маҳбусларнинг гуноҳкори ва энг ҳақсизи сифатинда ҳар ҳуқуқдан маҳрум ва ҳатто энг оғир гуноҳлилар ҳам фойдаланадурғон холи жой ва ювинишға ҳам чиқарилмасдан ёлғиз яшайман. Бунга сабаб, эҳтимолким, кўрсатмаларимға ишонилмағонлиғи, нотўғри деб гумон қилинмоғлиғи бўлса керак. Ҳолбуки, ман ҳар нима сўроқлар бўлса ҳам тўғри ва очиқ жавоб бера бошлағонимдан, бошқаларға ўхшаб ойлаб айбимдан тониб, сизни ва ўзимни (масалан, Салимхон) қийнаб турғоним йўқ. Бунинг учун сиздан олғон мукофотим – бу кунги ёлғизлик қийноғи бўлди. Ушбу аризам билан баробар сизга Наманган ва Тошканд ташкилотлари тўғрисида энг сўнгғи маълумотимни топшираман. Эҳтимолки, бу ёзганимга ҳам инонмассиз, нотўғри гумон қиларсиз, арестантлик ҳуқуқимни бундан ҳам озайтирарсиз, лекин чорам йўқ, асирман сизнинг қошингизда. Бир пашша қадар қувватга эга эмасман. Бир бармоғингиз билан андак боссангиз, эзилиб ҳалок бўлишимға кўзим етадир. Шу ҳолимни била туриб, нима мақсадда сизга нотўғри маълумот бераман? Ўлимдан қўрққаним йўқ. Чунки ҳозирги ҳаётдан ўлимни минг мартаба яхши деб биламан. Ҳар минутда ўзимга ўлим тилайман. Фақат ҳозир ўлим ҳам мандан ҳазар қиладур. Нотўғри маълумот билан сиёсий идорани (ГПУ) алдаб, ўзимни оқлаб, қутулмоқчи бўламанми? Йўқ. Ёлғон билан сиёсий идорани алдолмаслиғимни ва ҳар бир ёлғоннинг мани айб ва гуноҳ ботқоғига ортиқроқ ботира боришлиғини жуда яхши англайман.
Бунда ўтирғон наманганлик ўртоқлар: «Бизнинг сиримизни бошлаб очқан шу бўлди», деб манга қарши тиш қайраб ўтирадурлар. Салимхон кўп сизга яхши кўринмоқ учун манга хат ёзиб, хизматчи бола орқали камеранинг тешигидан манга ташлағондир. Ва шу Бола орқали икки кун қистаб, мандан жавоб ёздириб оладур. Ва ул жавобни тўғри сизға чиқариб берадур. У мани ҳозирғи положениеға тушишимға, балки сабаб бўладир. Маним сизга берган маълумотимни қувватлайтурғон «дўст»ларим шуларми? Буларнинг ҳар бирлари, мумкин бўлса, ўзлари учун мани қурбон қилишқа ва ўз айбларин ҳам маним устимға ағдаришқа тайёрдурлар...»
Ҳамза хизматчи болага бошдан-оёқ синчиклаб назар солиб, истиқболига бориб бошини силайди:
– Оллоҳ рози бўлсин! – деб алқайди.
Даҳлиздан сиртга чиқади. Ҳовлида эни икки қулоч чамаси, узунлиги ўн қадам келадиган чуқургина ҳовуз бор. Ҳовуз атрофига икки эгат жамбил, райҳон, чиннигул саф-саф қилиб экилган. Ҳовузга доим ёғоч пайновдан бир маромда жилдираб тўкилиб турадиган сув эгатлар оралаб ўтиб, ташлама ариқча орқали дарвозахона остига пишган ғишт қалаб ясалган ва усти серсомон сувоқ қилиниб, кўмилган тарновдан кўчага чиқиб кетарди.
Ҳамза гулзор атрофини аста-секин сайр этиб юрди. Қадам шабадасига райҳону жамбил ифор таратарди, бирпасда ҳовлини муаттар ҳид тутиб кетди.
Ажиб ифордан маст бўлибми, кўзларини юмиб оҳиста кетаётган чоғида қулоғига шарпа урилади. Киприклари орасидан рўё кўринади. Беихтиёр кўзларини очса, рўпарасида хижолатдан кўзларини пир-пиратиб, тирсакдан букиб олган қўлларини икки ёнга ёзиб, гоҳ жилмайиб, гоҳ лабларини буриб бир қиз турарди.
– Мен Мадҳийни излаб чиқдим, – деди қимтинибгина.
Товуши қўнғироқдай экан.
Ўзи... ўзи... ўзи... Ўзини таърифлашга ожиз эди Ҳамза. Сўз тополмай қолади шоир.
– Майли, хижолат бўлманг. Мен сизни биламан.
– Вой, ростданми? – деди астойдил жилмайиб. – Мен ҳам сизни биламан. – Бу гапи ортиқча бўлгандек кўзларини олиб қочди. – Зулфия билан Зарифа сиз ҳақда кўп ва хўб гапиради.
– Сизни ҳам кўп гапиришади, лекин хўб гапиришмас экан.
– Нега унақа дейсиз? Улар доим ошириб-тошириб гапиради-ку! Хўб гапиришган бўлса керак.
– Йўқ, хўб гапиришмас экан. Аслидан ортиқ эмас айтганлари.
– Муболаға қилдингиз, хўжам, – кўзларини гулзор томон тикиб, жилмайди:
«Ер яшармас, гул очилмас тушмаса кўк томчиси,
Қайдан олсин шеърни шоир, бўлмаса илҳомчиси».
– Мен ҳам доим шеър машқ қиламан. Лекин устоз кўрмаганман:
«Бу татар шоирларин мумкин кейинга қолдириш,
Олға сурсин шоири ёлғиз муҳаббат қамчиси».
– Хўб айтибсиз.
– Устоз Габдулла Тўқай хўб айтиб кетган экан.
– Ўзингиз шу тобда айтдингиз деб хаёл қилдим.
– Тилим калимаға қовушмай қолди-ку, байт айтмоққа истеъдод қайда!.. Кўлмак каби тўхтаб қолған идрок фақат қурбақадек вақиллайди, холос.
Орқа томондан хизматкор Мадҳийнинг товуши эшитилади:
– Ҳожи дода сизни сўраяптилар...
– Ниҳоят, кўриниш берди! Маддоҳча, яна гап пойлаб ўтирдингми? Нима иш билан юборилганинг ҳам паққос эсингдан чиқиб кетдими? – ҳамла қилди қиз.
– Ҳанифа опа, ўлай агар, гап пойлаганим йўқ! Нима деяётганини тушунмасам, нима фойда гап пойлашдан! Уларнинг гапини ҳатто ҳожи додам ҳам тушунмади-ку! – деб кўрсаткич бармоғини бигиз қилди.
– Уялмайсанми, Ҳамза акани ўзингга тенглаштиряпсанми!
– Ўлай агар, тенглаштираётганим йўқ! – деб икки қўли билан томоғидан ғиппа бўғди. – Лекин у киши ҳам бобойларди алмойи-жалмойи гапларидан безор бўлиб, зерикиб, ташқарига чиқиб қочди-ку! Тўғрими, дода? Ҳанифа опамга ўзингиз айтинг!
Ҳанифа бошини чайқаб, кула-кула Мадҳийнинг ёнига келиб хўжакўрсин учун бошига секингина шапатилади.
– Мана шунақа шарманда бу! – деб кулди Ҳанифа. – Биз буни меҳмонларнинг чой-пойидан хабар олиб келишга жўнатган эдик.
– Хабар олдим, уларга чой ҳам, пой ҳам керак эмаслигини билганимдан сўнг жон опа, додам иш буюриб қолармикан деб даҳлизда мунтазир бўлиб ўтирдим-да! – деб эгнини қисди Мадҳий.
Ҳанифа бу сафар қўлини кўтарди-ю, Мадҳийни урмасдан бошини силади.
– Ана шунақа бу! – деб елкасидан енгилгина қучиб ички ҳовли томон йўналди. – Тушлик тайёр бўлгани қачо-он эди. Ҳозир патнисга тузалган таомларни ўзим эшикдан узатиб тураман, сиз даҳлизда туринг, илтимос, бу зинадан кўтариламан деб тағин юзтубан йиқилмасин! – Кулимсиради. – Қани, кетдик.
– Хўп, – деб бош силкитди Ҳамза.
Ташқи ҳовли билан ички ўртасида кичик эшик бўлиб, бу эшик қора мовутдан қават-қават этиб тикилган оғир девор-парда билан тўсилган эди. Ҳанифа нариги томон ўтаётиб парда четидан кўтариб турди, Мадҳийни ичкарига ўтказиб юбориб, тиззаларини хиёл букиб Ҳамза томон эгилиброқ таъзим қилиб кулимсираб қўйди. Ҳамза ўнг қўлини кўксига қўйиб, бошини эгади.
Ҳанифа парда орқасига ўтиб ғойиб бўлди.
* * *
Воқеалар бўлаётган даврда Саидносир бойнинг учта қизи бор эди . Аммо оилада тўнғич қиз мақомида бўлган Ҳанифа бўйи етиб қолган ўн етти яшар гўзал эди. У Саидносир бойнинг ўгай онасидан бўлган катта акаси Абдуғафурнинг қизи. Абдуғафур савдо ишлари билан Қарқарага борганида Азиза исмли татар қизга уйланиб қайтади. Азиза иккичи хотин бўлса-да, лекин суюкли рафиқа ҳисобланарди. Ҳанифа дунёга келгач уч яшар бўлганда Азиза қандайдир касалга чалиниб вафот этади. Хотини дафн этилганидан сўнг Абдуғафур кўкрагини захга бериб икки ҳафта ётади ва ўзи ҳам оғир бетоб бўлади. У Ҳанифани ўгай она қўлида – яъни катта хотинида қолдиришни истамасдан Саидносир оиласига васият қилиб қолдиради. Шундай қилиб, Ҳанифа бу оилада хонпошодек вояга етади.
«Тангрим, Ўзинг ёрлақа, ёлғизимни қайда бўлса ҳам омон қил! Соғ-саломат дийдор кўришмоқни ато қил, Парвардигорим!» деб онаизор кеча-кундуз Саидносирни дуо қиларди.
Миржалил отанинг катта хотини вафот этгач, Иқондан ёшгина қизга уйланади. Ундан икки қиз ва бир ўғил кўради. Саидносир ягона ўғил эди. Ўғил тўққиз яшар бўлганда Миржалил ота бир ҳамроҳи билан ҳаж сафарига жўнайди. Аввал Мадинани зиёрат қилиб, кейин Макка сафарига чоғланади. Шунда у: «Қандай қилиб Расулуллоҳ қабрига орқа ўгириб, Маккага кириб бораман», деб ўзига ўзи савол беради. Лекин саволига жавоб топа олмасдан, хўб йиғлайди. Ахийри орқамачоқ тескари юриб, Маккага равона бўлади. Икки муқаддас шаҳар орасидаги масофа 600 чақирим. Туркистон – Тошкент – Бекобод – Хўжанд – Қўқон – Марғилон – Асака – Андижон – Ўш қадар орқамачоқ юриб боради. Бизда 600 чақирим масофа водий оралаб ўтади. Мадина билан Макка орасидаги масофа эса саҳро бўйлаб кетади. Аллоҳ учун йўлга чиққан Миржалил ота чорак масофани босиб ўтар-ўтмас ҳолдан тойиб йиқилади, қайтиб ўзини ўнглай олмасдан Аллоҳга омонатини топширади. Ҳамроҳи уни Арабистон чўлларига дафн этади. Марҳумнинг қўпол қозоқи чопонини, оқ суруп кулоҳ-дўпписини ва битта Қуръонини садоқатли ҳамроҳи келтириб Саидносирнинг онасига эҳтиром билан топширади. Жилдга солинган, оғиргина битма ўша Қуръонни кампир кейинчалик Саидносирнинг иккинчи қизи – Зарифага тақдим этади.
САЛАВОТ
Бизнинг динимиз – ислом, ўзимиз мусулмондирмиз. Бизга ислом динини ўргатган ва мусулмонлигимизга сабабчи Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратларидир. Бу зот Аллоҳ таолонинг энг яқин ва энг суюкли бандаси эдилар. Шу сабабли бошқа бандаларига тўғри йўлларни кўрсатмак ва эгри йўллардан қайтармак учун бу зотни элчи қилиб юборди ва ҳамма бандаларига бош ва пайғамбар қилди. Бу зот ҳам ниҳоятда тўғрилик ва Аллоҳ таолонинг ҳамма буйруқларини саҳобаларига ўргатдилар, саҳобалар боболаримизга ва боболаримиз бизга еткурдилар. Шу йўл ила биз мусулмон бўлдик. Мана шул Муҳаммад алайҳиссалом бизнинг пайғамбаримиз ва биз шул зотнинг умматларидурмиз. Шунинг учун бу зотнинг ўзларига ва барча авлод, қариндош ва саҳобарига Аллоҳ таолодан раҳмат тиламак ва бу зотнинг кўрсатган йўлларидан ва айтган сўзларидан заррача чиқмаслик ҳар бир мусулмонман деган кишига лозимдур.
ИЛМ
Илм – билмаган нарсаларини билганлардан ўрганмоқдир.
Одам боласи туғилган замонда ҳеч нарсани билмас. Ҳаттоки сўзламоқ, ёзмоқ, яхшини ёмондан, оқни қорадан айирмак каби энг керакли нарсалардан маҳрумлик ҳолда дунёга келур. Сўнгра оз-оз ўрганмоқ ила ҳар нарсани билур.
Оталаримиз, оналаримиз, улуғларимиз ва муаллим афандиларимиз ушбу билган нарсаларимизни ўргатмаган бўлсалар эди, ҳозирда биз ҳам ҳеч нарсани билмас эдик. Шунинг учун одам болаларига зиёда лозим бўлган нарса – билмаганларини билганлардан сўраб ва ўқиб ўрганмак, яъни илм деган азиз ва фойдали нарсани қўлга олмак учун ҳаракат қилмоқдир. Илм – одамнинг зеҳнини очар, ақлини орттирар, билмаган нарсаларини билдирур, дунёда бахтли ва иззатли қилур.
Байт:
Илмдур дунёда энг яхши ҳунар,
Илмсиздан яхшидур гунг ила кар.
Масалан, йигирманчи юзйилликда Туркистон толеига Биру Борнинг марҳамати ила битилган фидокор даҳо Абдурауф Фитратнинг «Раҳбари нажот» рисоласидан «Аҳволимиз баёнида» зикр қилмишким:
«Ҳаётнинг яккама-якка кураш майдонида ва жаҳон халқлари орасида ислом оламининг фарсах-фарсах орқада қолганлигини баён қилишга эҳтиёж йўқдир. Биз туркистонликлар эса бошқа исломий жамиятларга нисбатан дунёи жаҳон паришонликка тушиб, йўлимиздан адашганмиз. Ажабо, бу паришонликнинг сабаби недир?
Туркистонлиларнинг аксарияти бу саволга жавоб беришда икки тоифага бўлинади. Миллат ва ватанлари учун қайғурган бир тоифа бу паришонликни илмсизлик ва танбаллик оқибати деб билади. Ҳақиқатан ҳам, тушкунлик ва хароблигимизнинг сабабларидан бири илмсизлик ва ҳаракатсизликдир.
Абдурауф Фитрат афандимиз биз туркистонликларга дастуруламал бўладиган «Раҳбари нажот» рисоласини бундан бир юз беш йил муқаддам яратиб, Русия империяси пойтахти бўлмиш Петроградда 1915 йилда нашр эттирган эди.
Садрул миллат Мунавварқори билан Саидносир афандимизнинг бир ҳафтадан буён давом этаётган суҳбатида Фитрат домланинг рисоласи ва Туркистон таназзули масаласи қайта-қайта муҳокама қилинганини гап пойлаб ўтирган хизматкор бола Мадҳий соатлаб эшитган бўлса ҳам, бироқ илмсизлиги оқибатида кар ва кўр бўлгани учун хотирасига на бирорта калом, на бирорта гап муҳрланиб қолади.
Чор ҳукумати Туркистонда янги усул-жадид мактаблари очилишига дастлаб рухсат бермайди. Шу боис Саидносир катта қизи Зулфияни рус-тубжой мактабига ўқишга беради. Бироқ у ичкари ҳовлисининг орқасига ёпиштириб ташқарида мактаб қурдиради. Бу мактабда ишлаш учун Қозон тарафлардан Шокиржон Иброҳимов деган татар муаллимни оиласи билан кўчириб келтиради. Шокиржон машҳур татар адиби Олимжон Иброҳимовнинг биродари экан.
Мактаб каттагина битта хонадан иборат эди. Ёнма-ён беш-олти ўқувчи бемалол ўтириб, дарс қиладиган узун-узун парталар қўйилади. Мактабхонадан муаллимлар яшайдиган уйга ўтиладиган эшик бор; уларнинг уйидан ҳар эҳтимолга қарши Саидносирнинг ички ҳовлисига кириладиган эшик қўйилган. Ҳукумат томонидан мактабни текшириб кўриш учун тўсатдан бирорта одамни юборса, ташқарида доим қоровул бўлиб турадиган кишилардан бирортаси дарҳол бу ҳақда ичкарига хабар етказади. Қоровул муаллимнинг хотини Обистой билан ўзларини ички ҳовлига урарди.
Мактабда салла ўраган, узун чўп-калтак ушлаган битта халфа ҳам бўларди. Бу нусхани кўрган одам мактабни эски усулда ўқитиладиган илм ўчоғи деб ўйлаши мумкин эди. Дарсларда она тили, ҳисоб, жуғрофия, тарих бўйича сабоқ бериларди. Барча дарсликлар татар тилида эди. Дарслик китоблари Оренбург ва Қозон шаҳарларидан келтириларди.
Муаллимнинг хотини Обистой Саидносирнинг хотини Қумри билан Ҳанифага уй ичкарисига кириб сабоқ беради. Ҳанифа ўқиш ва ёзишни яхши ўрганиб олади; Қумри хоним эса фақат ўқишни ўрганади, кейинчалик ҳуснихатни қунт билан машқ қилади.
Ҳанифа зеҳни ўткир ўқувчи эди; ўқиш-ёзишдан ташқари, ҳар хил китобларни севиб мутолаа қиларди, ўзи ҳам мустақил шеър ёзишни тинимсиз машқ қила бошлайди. Зулфия билан Зарифага ҳам шеър ёзишни ўргатади. Зулфиянинг бошланғич таълими ўрисча бўлгани учун қофиябоп сўз топишга, ҳижо, вазнларни маромига етказишга қийналарди; сўзнинг маъно-моҳиятини нари суриб арифметик ҳисоб-китобни олдинга чиқариб ўзини кулгига қолдирарди. Зарифа синглиси билан қиёслаганда шеър баҳси борасида хийла орқада қолаётганини тан олади-ю, бесамар машғулотнинг баҳридан ўтади. Зарифа эса Ҳанифа билан сирдош дугона бўлиб қолади. Улар ўзаро мушоира уюштирадиган бўлади.
Мана:
Зарифа
Юрсана энди опа,
Шунча турғонинг етар,
Энди чиқ саҳроға,
Ер қайғини ташлағил...
Ҳанифа
Бу турувингиз ахир хўрлик,
Ўқунг сизлар эмас сабий,
Очилғондур кўзларингиз,
Ғайрат этсанг алар каби.
Яна Зарифа
Жоним фидо эй дўстлар,
Бу миллатнинг йўлина,
Жонимдан кечиб кетам,
Бу миллатни ўйласам...
Ҳанифа
Саҳрони мен не қилай,
Ўзум қафас ичинда,
Эшиттим сандувочнинг
Мунг-мунг йўғон товушин.
Албатта, опа-сингил ўртасида ўн ёш фарқ бор эди, мушоира мавзуси ҳам шунга яраша жўнроқ тузиларди. Лекин улар туғма миллатпарвар эканини жўнгина мушоира мисраларидан ҳам пайқаш мумкин:
«Жоним фидо, эй дўстлар,
Бу миллатнинг йўлина,
Жонимдан кечиб кетам,
Бу миллатни ўйласам».
Наҳотки, ўн яшар Зарифа ростдан ҳам миллат учун жонини фидо қилишга рози бўлса, деб ёқангизни ушлайсиз. Қизалоқ ҳеч иккиланмай миллат учун ўзини қурбон қилажагига қатъий ишонгани каби биз ҳам унинг самимийлигига асло шубҳа қилмаймиз.
Уларнинг мактаб дарсликлари татар тилида ёзилгани ва муаллималари Обистой хоним ҳам татар аёли бўлгани учун шеърий машқлар ҳам мулойим татар тилида ёзилади.
Ёш бола билан гаплашаётганда катталар атайлаб тилни чучук қилиб, «р» ўрнига «й» талаффуз қилинади. «Топағон» катталар шу қилиғим болакайга маъқул бўляпти деб ўйлайди, албатта. Таптортмас болакайга дуч келиб қолинса, вай-вай, шунақаям бўралаб сўкадики, катта киши қаёққа қочишини ҳам билмай қолади.
Ҳамза ҳам гўё тилини чучитиб Туркистонда бири-биридан гўзал туркум татарча рубоийлар ёзади.
Дил билан суйган киши,
Чин суйиб куйган киши,
Бошқаға қўймас кўнгул,
Ўлганига розидур.
* * *
Гул экансен, билмадим,
Дилдор экансен, билмадим,
Кашмирий тилинг билан
Сўзлар экансен, билмадим.
* * *
Бизнинг овул зўр овул,
Ўромлари тор овул,
Балки роҳат кунлар бўлур,
Ҳозиргиси бик овур.
Мумкин ўлурса эрди йўлингда вермакка бош,
Билло Ниёз эдурам бўлса танимда минг бош,
Лойиқ эмам агарчи ёзмиш азалда наққош,
Хайфи жамолим ул деб кўрганда чертмагил қош.
* * *
Биринчи дунё уруши бошланғач, энди ҳаммаси тугади, заҳмат чекиб тартиб берганим Девон ҳам бир пулға қиммат бўлған бир уюм қоғозға айланди-қолди, деб ўйлаган эди. Исфаралиқ Одилхон ошнаси Худонинг зорини қилдики, орифона ғазалларинг гўзал китоб бўлади, сен қўлёзмани кўздан кечириб бергин, ўзим Ғафур Афғоний матбаасида чоп эттириб келаман, деб. Аммо қунт қилмади, ошнасининг гапларига қулоқ солмади. Қулоғига гап кирармиди! У ёқда дунё уруши авж олаётган бўлса, бу ёқда Ҳўқанд боёнлари кўз очирмаётқан бўлса! Ўзиға сичқоннинг ини минг тилла бўлиб ётибди, қаёққа қочишини билмасдан, бирор томондан имдод келишиға ақли бовар қилмасдан кун санаётган бўлса-ю, Девонға кўз югуртиришқа ҳафсала қилармиди...
* * *
Маҳвашо, ман хастани бағрини кўп қон этмагил,
Оташи ҳижрон ила жисмимни сўзон этмагил.
Нисфи кўнглум шод этуб, ҳасратга қўйма нисфини,
Бир йўли кўрсат юзингни ним намоён этмагил.
Розиман ҳар дамда солсанг бошим узра минг бало,
Зуннор ипин кўрсатиб, ваҳ, нуқси имон этмагил.
Остонангда ватан тутган итингман, эй пари,
Меҳру шафқат этмасанг ҳам хонавайрон этмагил.
То ҳарамдин силкинуб чиққонда солғил бир назар
Кофирдур, аммо ниқоб остида пинҳон этмагил.
Бу ғарибни мунда ташлаб, бинг наво афғон ила
Шум рақибларни боруб базмингда хандон этмагил.
Бу Ниҳонийни агар озода ғам айлай десанг,
Ғайр элини тонгла кун васлингга меҳмон этмагил.
«Бу ғарибни» деган жумлаға дуч келган Ҳанифа, илло, неча замондан буён уй қамоғида ўтирган бечораҳол Ҳамзани кўз олдига келтиргай ва юм-юм йиғлаб олғай.
«Остонангда ватан тутган итингман» деб иқрор бўлган Ҳамза қалбида нақадар буюк муҳаббат ин қурганидан жумлаи жаҳонни огоҳ қиляпти!
Изҳори дил мундин ортиқ бўлмас.
Ҳамза беихтиёр қопқонға тушганини юрак тубига қайд этиб қўяди. Юракка қозиқ қоқилади. Арқонни узун ташлаб қўяди. Ҳанифа серҳаяжон ёшда ҳозир, тезда ўзига бошқа овунчоқ топадию сингиллари билан кўнгилочар мушоираларини давом эттириб яйраб-яшнаб юраверади, деб хомчўт қилади.
Йигирма кун ўтади. Баҳорда ўз-ўзидан кўкариб бўй кўрсатган ниҳолча қовжираб қолмайди. Аксинча, ўзига шароит яратиб олиб, расмана япроқ ёзиб юборади. Яъни садрул миллат Мунавварқори билан Саидносир афанди меҳмонхонада икки ҳафта тўлиқ машварат қилгач, ниҳоят, гаплари қовушиб қолади, шекилли, Тошкентга жўнаб кетишади.
