автордың кітабын онлайн тегін оқу Dil erkinligi
ИШҚ ШИДДАТИНИНГ ПОҒОНАЛАРИ
Ҳумоюнга
НАВОИЙ «ХАМСА»СИНИ БУГУН ЎҚИРКАН...
«Ота, мен «Лайли ва Мажнун» қиссасини ўқидим. Ота, айтинг, нега Мажнун бунчалар фарёд чекаверади, нега Лайли бунчалар нола қилаверади?
Ота, ахир ёшли кўз, нолали кўнгил билан дунёни тўғри кўриш ва тўғри англаш жуда қийин бўлса керак? Ота-бобо адабиётимиз нега кўз ёшларига, мунгга, ғам-қайғу, аламларга тўлган. Ўқиб юрагим эзилади. Шундай ишқ ҳам бўладими?»
Бир нозиккўнгил, таъсирчан ўсмир йигитчанинг отасига ёзган мактубларидан
Сизга нима деб жавоб берсам бўлади? Ҳозир биз беш юз йил оша қараб турган замонлар ҳақиқат изловчиларнинг нолаларига тўлган эди. Буни замоннинг ноласи, турли инсоний, ижтимоий адолатсизликлардан фарёди деб тушунинг.
Бу ўзи бир севги қиссаси эди. У араб қабилалари ичида жоҳилият замонларида тўқилганди. Лекин Алишер Навоий севги қиссасига жуда теран ижтимоий мазмун берди. Ва шу орқали ўша давр инсон, жамият ҳаётининг ғалати фожиаларини очиб ташлади.
Икки араб қабиласи бир водийда кўчиб юрар эди. Бирининг номини Омир, иккинчисининг номини Ҳай деб атардилар. Омир қабиласининг бошлиғи жуда давлатманд, доно одам эди. Лекин унинг фарзанди йўқ эди. У тақдирдан нолалар қилиб, тинимсиз фарзанд, ўзига ворис тилайди. Кўп замонлар ўтиб у ўғил кўради. Жуда кўп ўзбек достонлари ва афсоналаридан ота-она ва айниқса, подшоҳ хонадони фарзандсиз бўлиб, сўнг фарзанд кўрганлиги ҳақидаги мотив сизга таниш. Шу коллизия жуда кенг ишланганлигига андак эътибор бериб қўйинг. Фарзандга Қайс деб ном қўйдилар.
Қайс жуда тийрак ва фавқулодда инсоний қобилиятларга эга бола бўлди. Ота-онаси уни қўшни Ҳай қабиласидаги мактабга бердилар. Қайс мактабда сабоқларни жуда тез ўзлаштирди ҳамда ўзининг ўткир фазли, иқтидори, ҳофизаси билан ҳаммани ҳайратга солди. Сабоқларни ташналик билан ўзлаштириш то бу пайтда хаста бўлган Лайлининг тузалиб, мактабга чиққанига қадар давом этди. Лайли мактабга чиққач, унга Қайснинг кўзлари тушди. Ва қаттиқ титраб кетди. Гўё жигарига елдирим ўти теккандай бўлди. Навоий шу онда унинг гўзал чеҳраси қаҳрабодай сарғайиб кетганлигини алоҳида таъкидлаб ўтади. Лайли ҳам унинг ҳолатини сезди, эътибор берди ва бу ҳолат атрофдагиларга ошкор бўлмасин деб, ҳамсабоқларини гул сайрига таклиф этди. Болалар Лайлини чувиллаб қуршаганча даштга чопдилар. Қайс уларга эргашди. Лекин юрагида аллақандай номаълум нарса шиддат билан қўзғалиб, унинг оромини олиб қўйди. У бу ширин азобнинг ўтига тоб беролмай, гуллар орасига кириб яширинди. Навоий севган одамнинг ёлғиз қолишга бўлган майлларини жуда нозик кузатади ва чизади. Лайли уни шу гуллар орасидан топди. Ва Қайснинг аҳволини билиб билмаганга олиб сўзлай бошлади. Бу ерда ҳам Навоий жуда нозик психологик кузатишлар қилади. Лайлининг билиб билмасликка олиб сўзлаши унга, навраста ёшдаги гўзал қалбли қизга нақадар ярашади. «Кел-эй, турфа йигит, не ҳолинг бор?» – дейди у ўз билиб турган нарсасини яшириб. «Ким бўлди бу шиддатингга боис?» – деб саволини яна такрорлайди. Лайлининг бу қадар нафис лутф ва фусункорлик билан сўзлаши Қайс юрагида рўй бераётган шиддатли кечинмаларга яна шиддат қўшади. Унинг жавоби юрагида аланга нечоғлик юксалиб бораётганлигини яхши ифода қилади:
Қилғонни ёшурмоғинг не эрди?
Мендин яна сўрамоғинг не эрди?
Ўт Қайснинг бутун вужудига туташади. Сўзлари ҳам яшиннинг тиллари каби:
Сендан етибон бу шиддат охир!
Қайс шу сўзларни айтиб ҳушидан кетади. Бу унинг биринчи ҳушидан айрилиши эди. Лайли беҳуш Қайс бошини бағрига олди. Йиғлаб уни ҳушига келтиришга уринди. Уни икки канизи қидириб келдилар ва бу ғалати алпозда кўриб, ҳайратдан ёқаларини ушладилар. Лайлини уйга жўнатдилар. Қайсни мулозимга топширдилар. Мулозим унинг ота-онасига хабар қилди. Қайсни маҳмилга солиб олиб кетдилар.
* * *
«Ота, нега Қайс тез-тез ҳушидан кетиб қолаверади? Одам шунчалар кўп ҳушидан кетиши мумкинми? Мен ҳеч ҳушидан кетган одамларни кўрмаганман. Айтинг, нега шундай?!
Ўғилнинг мактубидан
Ҳушдан кетиш фавқулодда руҳий ҳолат. У фақат жуда қаттиқ кечинмаларга берилгандагина, одам дилида мубталоликнинг ўчмас олови бўлгандагина рўй берса керак. Навоий достонида Қайс, агар эътибор қилган бўлсангиз, беш маротаба ҳушдан кетиб қолади. Унинг ҳар бир ҳушдан кетиши Лайли қаршисида содир бўлади.
Лайли мубталоси бўлган Қайсни энди ҳеч қандай куч билан уйда тутиб бўлмайди. У тинимсиз Ҳай қабиласи, Лайли томон интилади. Ҳай қабиласининг чироғи, Ҳай қабиласининг оти унинг ошиқ дилида бепоён туғёнлар тўфонини қўзғайди.
Бир куни кечаси у Лайли қабиласига йўл олди. Қабила қораси кўриниши билан унинг оёқлари чалишиб йиқила бошлади. Шунда у иккинчи бор ҳушидан айрилади. Унинг ҳазин янграган овози Лайли қулоғига етиб боради. Лайли гўшадан шу изтиробда товушга пешвоз чиқди. Улар бир-бирларини кўргач, ўтли оҳ уриб, беҳуш йиқиладилар. Бу Қайснинг учинчи бор ҳушидан айрилиши эди. У ўз муҳаббати тимсоли бўлган Лайлининг жамолига тоб беролмайди. Лайлининг гўзаллиги унинг назарида беҳудуд қудратга эга бўлган мўъжиза ва сеҳрга айланади. Бу ишқ сеҳри олдида инсон онги ожизлик қилади.
Қайсни яна олиб кетдилар. У яна Лайлини излаб шамолдек елди. Болалар энди уни кўрганда, «Мажнун, Мажнун!» дейдиган бўлдилар. Унинг ёдидан Лайлидан ўзга ҳамма нарса чиқди. Қайс шундан бошлаб Мажнунга, ишқ девонасига айланди.
Қайснинг ошиқлигини Лайли отасига яқинлари хабар бердилар. Қиз отаси дарғазаб бўлди. Омир қабиласини огоҳлантирди. Ўғлингни занжирлаб қўй, йўқса, уни ўлдираман, қабилангни даштдан қуваман, деб дағдаға қилди. Қайсни ночор тутиб келтириб занжирга солдилар. Қайс ўз аҳволини жуда теран англайди. «Мени қора босди, кўҳи ғаму бало босди», дейди у. Занжирда ўтираркан, бу адолатсизликка қарши юрагида чексиз исён қўзғалади. Ўтга ташланадиган одамни кишандан озод қилар эдилар. Мен бошдан-оёқ ўт ичида ёнмоқдаман. Лекин шунга қарамасдан мени бандга солдилар, деб нола чекади. Ва жон ришталарини бир ҳаракатга келтирганда, темир занжирлар тилка-тилка узилиб кетади.
Қайс яна саҳрога йўл олади. Ота-она тадбир билан бу балонинг олдини олишга уринади. Улар Лайли отаси ҳузурига совчилар йўллайдилар. Лекин Лайлининг отаси аввал ўғлингни жунун шиддатидан тузат, сўнг ўйлашиб кўрамиз. Ўғлинг ҳозир уйланишга муносиб эмас, деб жавоб беради. Қайснинг юрагидаги муҳаббатни ҳеч ким ва аввало Лайлининг отаси тушунишни истамайди. Худди бошқалар каби унга ҳам бу муҳаббат телбалик бўлиб кўринади. Албатта, одмиликнинг кўз ўнгида муҳаббат доимо ва ҳар қачон, ҳамма замонларда телбалик. Ва доимо одмилик билан муҳаббат улуғ зиддиятлар ичида яшайди. Тарих ва ҳаёт уларнинг аёвсиз, шафқатсиз тўқнашувларига тўла. Навоий даҳо назари билан шу тўқнашувга қудратли ижтимоий тус беради. Асарда одми реаллик психологияси билан чинакам муҳаббат психологияси бадиий жиҳатдан беқиёс талқин қилинади. Ҳар икки ҳодисанинг ўзига хос жуда теран психологик хусусиятлари очиб ташланади. Қайс Каъба эшиги ҳалқаларини тутиб, ишқимни зиёда қил, деб нола-фарёд чекаётган чоғда одмиликнинг не кўзлар билан уни кузатиб турганлигини бир эслайлик. Ҳар икки томон ўртасида қанчалар улуғ фарқлар бор. Ишқ қудрати билан одмилик, одми онг, ўрганиш, одатлар қудрати тўқнашганда, одмилик ишқ устидан ғалаба қилгандай бўлади. Лекин бунда маънан ва руҳан ишқ қудрати ғолиб кучдир. Уни ҳеч нарса енголмайди, тиз чўктиролмайди, хўрлай олмайди. Бу ишқ тупроққа қоришиб ётганда, Лайли қабиласининг ити билан сўзлашганда, шу қўтир итнинг олдида таъзим қилганда (ахир, ит қадимдан шарқ халқлари ўртасида вафо тимсоли, дўст тимсоли), унинг яраларидан ўпганда ва уларга малҳам қўйганда, саҳро ваҳшийлари билан улфат тутинганда, ҳамма-ҳамма ҳолларда мутлақ ғолибдир. Навоий ғолиб ишқнинг қўшиғини яратади.
«Ота, нега Қайс одамлар жамиятини тарк этиб, саҳро ваҳшийлари билан улфат тутинди? Бу одатга хилоф иш эмасми? Ундан кейин нега Мажнун Лайлига интила-интила, унинг висолига етганда бир-бирлари билан севишганлардай сўзлашмайдилар. Унда бу висолнинг маъноси нима?»
Ўғилнинг мактубидан
Инсон шахси билан одамларнинг тор қарашлари, шаклланиб қолган урф-одатлар доирасидан чиқиб кетолмасликлари ўртасида келиштириб бўлмайдиган зиддият чиқди. Қайснинг мубталолигини улар телбалик, деб тушундилар ва шу тушунганларига кўра Қайсни банди қилдилар. Қайс саҳрога бош олиб чиқиб кетди. У табиат ва унинг кучлари билан унсият топди. Юрагида қудратли ишқ ҳоким бўлган одамлар табиатни ҳаддан ташқари теран англайдилар ва ўз интилишларида табиатга яқинлашиб борадилар. Одам ишқнинг қудрати таъсирида табиат ва унинг турли кучлари билан бемалол сўзлашадиган, уларга ўз тенги, ўзи каби жонли ҳодиса каби мурожаат қиладиган бўлиб қолади. Мажнун ўз ишқи билан табиатга сингиб кетган. Навоий унинг табиатга мурожаатларида ишқнинг нозик психологиясини очиб беради. Бундай табиатга мурожаатлар Мажнунни ҳам, Лайлини ҳам, кўз ўнгимизда ички дунёси, ҳиссиётлар олами, қарашлари, инсоний маънавиятлари ғоятда бой инсон даражасига кўтаради.
Мажнун Фарҳод каби фаолият кишиси эмас. У хаёл фарзанди. Хаёл эса ишқнинг меваси.
Мажнуннинг Лайлига бўлган интилишлари вужудий интилиш, майллар вужудий майллар эмас. Асло! Лайли ишқ ғоясининг тимсоли, Мажнун шу етиб бўлмас ёки етиш беҳад мушкул бўлган энг олий ғояга интилади. Нега шундай? Бу ишқнинг, Навоий яратган ишқнинг ечиб бўлмас, очиб бўлмас сиридир. Мажнуннинг ўзи ҳам буни англаб етолмайди. У улуғ насиҳатлар қилиб, ўғлини бу йўлдан қайтаришга уринган шўрлик отасига айтади: «Бу нав бало бўлурға жорий, Бўлмас кишининг ўз ихтиёри». Мажнун ўз ихтиёридан ташқаридаги аллақандай ноаён қудрат туфайли шундай қутулиб бўлмас ғамга дучор бўлганлигини билади. Лекин одамлар соғлом ақл билан ҳар нарсанинг келиб чиқиши ва сабабини, нега шундай бўлганлигини билишни истайдилар. Сабабсиз юз берган ҳодиса уларни ишонтирмайди, ҳайратга солади. Навфалнинг Қайс олдида ҳайрат ичида туриши шундан. Навфал муҳаббат можаросидаги учинчи одам. Воситачилик тимсоли. Соғлом ва одми ақл тимсоли. У Мажнуннинг дардига уруш очиб даво топиш пайига тушади. Ишқ мушкулотини зару зўрлик билан ҳал қилиш йўлига киради. Лайлини қандай бўлмасин олиб беролмаса, Қайсни ҳатто ўзига куёв қилмоқчи. Шунчалар олижаноб бу Навфал! Ёрга етиш ниятинг бўлса, бекорга саҳро кезмай, ҳаракат қилиш керак, дейди Навфал. Лекин Қайс ишқдан бундай ғараз қидирмайди. Унинг бутун ҳаракатлари ва интилишлари ғараздан мутлақ холи. Бу инсонлар ўртасида ҳар қандай ғараздан тугал холи бўлган ягона ҳодиса. Мажнун ғараз билан муҳаббат дардига чора топиб бўлмаслигини билади. Билиб туриб васл сўзининг буюк ҳурмати учун Навфалнинг маслаҳатига рози бўлади. Лекин барибир охирида Мажнун яна саҳро билан қолди. Дарднома чигалларини зўравонлик ечолмади. У ишққа мурожаат қилиб, мени ишқ билан ҳамишалик ошно қилиб, андишаи ақлдан жудо эт, дейди. Шу интилишга ҳеч нарса тўсиқ бўлолмайди. Мажнун учун васлнинг вужудий лаззатларидан кўра васлга соф интилиш ва фақат шундай юксак интилиш лаззати билан яшаш, нафас олиш хос. Шунинг учун Навоий унинг интилишларига хулоса ясаб айтади: «Ошиқки муроди ком бўлғай, Ошиқлик анга ҳаром бўлғай». Шуни ҳам ҳеч қачон унутмаслик керакки, Лайли ҳам, Мажнун ҳам ҳали мактаб ёшидан ўтмаган норасталардир. Улар қалбидаги ишқ ниҳолининг чексиз поклиги учун бу ҳодиса муҳим аҳамиятга эга.
«Ота, нега Шарқнинг қадим улуғ шоирлари достончиликда янги-янги асарлар яратиш ўрнига бир-бирларига «жавоблар» ёзишни афзал билганлар? Бунинг сабаби нима? Ундан сўнг Мажнунни машҳур шоир ўтган дейдилар. Унинг шеърлари сақланиб қолганми?»
Ўғилнинг мактубидан
Улуғ асарларга «жавоб» ёзиш фақат Шарқдагина жорий бўлган эмас. Бу ҳодиса жуда қадим замонлардан бери бор. Унинг энг улуғ ва илк намуналаридан бири Ҳомердан кейинги иккинчи буюк шоир Вергилийнинг «Энейнома» асаридир. Вергилий бу асарни Ҳомернинг «Илиада» ва «Одиссея» достонларига жавоб тариқасида яратган. «Энейнома»га ҳам ўз навбатида юзлаб жавоблар яратилган. Бундай ҳодисаларни санаб адо қилиш қийин. Қадим ва Ўрта аср уйғониш адабиётининг буюк намояндалари доимо анъаналарга таяниб ижод қилишга интилганлар. Ўзларидан аввал ёзилган асарлар билан мусобақалашганлар, уларга жуда юксак ҳурмат билан қараганлар. Жавоб ёзишни энг фахрли иш деб билганлар. Низомий «Хамса»сига жавоб ёзишлар ҳам мана шу ҳоллар билан изоҳланади [1].
Навоий ўзидан илгари ўтган шоирларнинг асарларига жавоб ёзаркан, традицион сюжет чизиқларини сақлаган ҳолда ғоявий-фалсафий жиҳатдан тамомила янги оригинал асарлар дунёга келтирди. Ўз буюк ўтмишдошларидан тугал фарқли ўлароқ концептуал асар яратиш йўлини тутди. Навоий асарларида инсонпарварлик ғояси энг юксак нуқтада туради. Хусусан, бу «Лайли ва Мажнун» қиссасида Қайснинг ота-онага бўлган фарзандлик муносабатларида, уларга буюк шафқат кўзи билан қарашида, ҳеч қачон одоб-икром, футувват чегарасидан чиқмаслигида кўринади. Қайснинг юраги ота-онага меҳр билан тўла. Низомийда Мажнун отасига нисбатан анча шафқатсиз. Унинг сўзига кирмайди. Мен сени йиғлаб, сўнгги йўлга кузатолмайман, дейди. Низомий ҳар қадамда Қайснинг жиннилигини зўр урғу бериб таъкидлаб боради. Навоий эса унинг телбалигига эмас, ишқининг қудрати зоҳир бўладиган томонларга эътиборни қаратади. Навоий Мажнуни маърифатли киши. Гуманист, Низомийда Мажнун образида бундай сифат белгиси йўқ. Унда Қайс – қайсар. Ҳаддан зиёда қайсар. Низомийнинг Мажнуни таъна қилишни ҳаддан ташқари яхши кўради. Таъна билан яшаш унинг характерининг кучли томонларидан бири, унинг Навфалга, отасига, Лайлига таъналари жуда қаттиқ. Булар Низомий Мажнуни характерига кескин йўналиш беради. Навоий Мажнунида эса ҳилм кучли. У таъналардан юксак, у бир мартагина Лайлига мактубида таъна қилади. Лекин бу таъна шунчалар ошиқона ва унинг табиатига беҳад ярашган. Низомий ғоясига кўра фақат фироққа интилувчи ишққина чинакамдир. Навоий ғоясида эса фақат висолга интилувчи ишқ ҳақиқийдир. Худди шундай жуда ажойиб ўзига хосликлар ва оригинал ҳодисалар Лайли образини очишда ва гавдалантиришда тўла намоён бўлади. Умуман, Навоий асарларида завқ ва шиддат ҳаммадан ҳам қудратлироқдир. Низомий давридаги ўзгача қарашлар билан Навоий даврининг ўзгача қарашлари бу достонлар тўқимасига кирганда ажиб сирларини намоён қила бошлайди. Низомий Қайсни оташин шоир даражасида кўрсатади. Унинг шоирлигини очишга алоҳида ўрин ажратади. Навоий Қайснинг шоирлигини икки-уч ўринда таъкидлаб ўтади ва бунга кўп тўхталмайди.
Шарқ адабиёти хазиналари устида бебаҳо тадқиқотлар қилган улкан олим Е.Э.Бертельс Низомий, Навоий, Деҳлавий достонлари ўртасидаги ўзига хосликларни очишга ҳаракат қилган эди. Мажнуннинг шоирлиги хусусида сўз юритаркан, у бир ўринда шундай дейди: «Ҳаж воқеаси Низомийга анча яқин берилган бўлса ҳам, лекин бу ўринда ҳам Навоий асарини (гап «Лайли ва Мажнун» устида бормоқда – И.Ғ.) салафларидан, шу билан бирга араб традицияларидан фарқлаб турадиган бир детал бор. Фақат ҳаждан кейингина Мажнун шоирга айланади. Шоирлик талантининг мана шундай кутилмаганда намоён бўлиши ташқи томондан олиб қараганда энди Мажнун ўзини фақат ишққа тамомила бағишлаганлигини кўрсатади, энди ортга йўл йўқлигини ифодалайди» (Е.Э.Бертельс. Танланган асарлар. – М.: 1965. 128). Навоий Низомийдан тамомила бошқача йўл тутади. У Мажнуннинг шоирлигига оз тўхталади. Лекин ҳурматли олим фикрига кичкина тузатиш киритиб кетайлик. Қайс Навоийда ҳали ҳажга бормасданоқ эл ўртасида танилган шоир. Достоннинг ХVI бобида, Каъба бобидан тўрт боб олдин бу маълум бўлади. Лайли отасига Қайс аҳволидин нақл қилувчилар қуйидагиларни ҳам айтадилар:
Таъби хушу назми равондур,
Андоқки, санга доши аёндур,
Назмида бори бир исм мазкур,
Ким эрмас зикри бизга мақдур.
Демак, Қайс ҳажгача ҳам ўз назмлари билан танилган. Назмларида севган ёрининг исмини ҳам зикр қилган.
Улуғ шоирларнинг шу каби бир анъана асосида ёзилган асарларини қиёсий ўрганганда, уларнинг гениал кашфиётлари яна равшанроқ кўзга ташланади. Ва бу кашфиётлар «жавоб» тариқасида эмас, кўпроқ мусобақа – даҳолар мусобақасида яратилгани аён бўлади. Навоий ўзининг ишқ ҳақидаги достонини дарднома деб атайди. Бу дарднома – инсонга хос. Инсон ўз интилишларида қанчалар буюк бўла олишига кўзгу ва рамз.
[1] Бу жиҳатдан Иоганн Вольфганг Гётенинг шоирлар илгари яратилган ва ишланган сюжетларига мурожаат қилиб туришлари керак, деган фикри эътиборлидир (Қаранг: Иоганн Петер Эккерман. Гёте билан суҳбатлар. – М.: Художественная литература, 1981, 74). Гёте, хусусан, шундай деган: «Тайёр сюжет бўлса, иш осонроқ кўчади. Бунда фактлар ва характерлар берилган бўлади, шоир яхлит бир нарсага руҳ бағишлаши керак, холос... Мен илгари ишланган сюжетларга мурожаат қилиб туришни маслаҳат бераман. Қанчадан-қанча Ифигениялар ёзилган, уларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшамайди, чунки ҳар бир ижодкор бошқача, ўз ҳолича кўради ва яратади» (Ўша асар, 74). Навоий эса Шарқ халқларининг қадимдан қолган афсоналарига бир бутун ва беҳад улуғвор инсоний ва ижтимоий руҳ бағишлай олгандир. У инсон шахсини фалсафий-бадиий идрок қилишни янги, илгари кўрилмаган нуқталарга олиб чиқди.
ТАФАККУР ВА ҲИССИЁТНИНГ ОЛИЙ НУҚТАЛАРИ
Хирад деҳқони мундоқ нуқтае дер:
«Ки дона сочқали яхши керак ер».
Ақл ўлкасида
Бу асарнинг дунёга келишига реал тарихий воқеа сабаб бўлди. Улуғ шоир ўз бошига тушган бир дардли ишқ ҳақида куюниб, алам билан ҳикоя қилади. Бу ишқ уни қаттиқ азобга солди. Бу сирли бир ишқ эди. Шоир ундан бахтиёрлик ҳамда вафо умид этмасди. Лекин барибир унинг вужуд хирмонига ўт туташганди. Мана шундай бир вазиятда у ўз дардига ҳамоҳанг воқеа, ҳамоҳанг тарих, ҳамоҳанг қаҳрамонлар излайди. Ишқига таскин қидириб, жуда қадим севги афсоналарини варақлайди.
Ўзидан бир неча аср илгари ўтган буюк шоирларнинг севги ҳақидаги достонларини қайтадан қўлга олади. Кўҳна тарих китобларига мурожаат қилади. Ишқ уни тушкунликка эмас, жасорат кўрсатишга, зўр фаолият майдонларига ундайди. Улуғ юракка тушган ишқ шуълалари улуғ ишларни юзага келтиради. Навоий қалбидаги мана шу ишқнинг фаоллигига доимо жиддий эътибор бериб ўтмоқ зарур. Ишқ қанчалик фожиали ва умидсиз бўлмасин, Навоий ундан фаолият учун улуғ илҳом, рағбат ва йўналиш олади. Бу улуғ шоиримиздаги битмас-туганмас ҳаётсеварликнинг бир қудратли белгисидир.
Шоирнинг ишқ жафолари билан бойиган ва юксак маърифатли бўлган юраги куйга тўлади. Унинг куйга тўлган юрагида, онгининг нурли қаватларида: «Ёз! Ёз!» – деган садо тинимсиз такрорланади. У юрагининг шу гўзал амрига бўйсунади. Зотан, умр ўткинчи, халққа эса маърифатли юракдан асрларга татийдиган муносиб ёдгорлик қолдирмоқ даркор. Халқни маънавий чаманзорлар эгаси қилмоқ даркор.
Навоийда умидсиз ишқдан мана шундай улуғ ниятлар туғилади. Шунда у ўзидан илгари ўтганларнинг тафаккур меваларига бошқача бир кўз билан назар солади. Буюк Низомий ва буюк Деҳлавий достонларига ажиб шарҳлар ёзади. Нияти тобора ойдин тортади. Лекин нияти тугал етилган чоғда ҳам ҳали қўлига қалам олиб иш бошламайди. Ҳали унинг олдида яна бир вазифа турибди. Уни бажармагунча кўнгли тинчимайди. Қилажак ишининг тўғрилигига ёки муваффақиятли чиқишига ҳали иштибоҳ билан қарайди. У улуғ ниятини устоди Жомийга айтишга, унинг фикрини билишга ва ундан катта ишга розилик олишга қарор қилади. Буюк инсон бўла туриб, ўзини доимо буюкликка шогирд сезмоқ ва доимо шогирдликни энг олий маънавий нуқтага етказиб адо этмоқ Навоий маънавиятининг жуда азиз ва порлоқ белгисидир. Навоий шогирдликни улуғлик нуқтасига олиб чиқди. Улуғ бўла туриб, улуғ шогирд бўла билиш ибратини тарихга берди. Бу фазилат ноёб одамларгагина насиб этгандир.
Жомий шогирд фикрини маъқуллади. Унинг ниятига оқ фотиҳа берди. Навоийнинг кучига куч қўшилди. Қалбидаги куй тобора шиддат билан садо бошлади. Қалбининг садоларини у кўкнинг садолари каби қабул қилди. Юрагида туғилган куй ғойибдан келган куй ва эътибор бўлиб туюлди унинг беҳад пок назарида.
Навоий ўзидан илгари яратилган ишқ достонларининг барча гўзал ва тенгсиз моҳир томонларини тан олди ва бутунлай янги бир достон яратишга аҳд қилди. Низомийнинг ҳам, Деҳлавийнинг ҳам қаҳрамонлари Фарҳод, Ширин деб аталади. Навоий ҳам ўз қаҳрамонлари номини Фарҳод ва Ширин деб қўйди. Лекин унинг Фарҳоди ҳам, Ширини ҳам, Меҳинбону, Шопури ҳам бутунлай бошқача характер, бошқача қиёфа, бошқача мақсадга эга қаҳрамонлардир. Уларнинг номларигина ўхшаш, холос. Бошқа ҳамма ҳолларда Навоий ҳар жиҳатдан оригинал, янгича концепциядаги қаҳрамонлар яратади.
Асар Навоийнинг реал ва бизга ҳануз сирли бўлиб келаётган ишқидан туғилганидек, қаҳрамонларнинг фазилатлари ҳам улуғ шоир ва инсон, мутафаккир Навоийнинг табиатига, характерига, қарашларига хос бўлган фазилатлардан туғилгандир.
Навоий, гарчи ўзидан минг йил илгари бўлиб ўтган ва эндиликда афсонавий туюладиган воқеаларни қаламга олган бўлса-да, лекин барча ҳолларда у худди ўзини ёзгандек, ўзи ҳақида ёзгандек ёзади!
Чин хоқонининг фарзандсизликдан чеккан ранжу аламлари – Навоийга бегона бўлмаган ранж ва заҳматлар эмасми?
Хоқоннинг саховати, элга адолат қилиш, барча нарсаларга маърифатли назар ташлаши, жамият ҳодисалари ва инсон тақдирларига ақл-идрок ва фаросат нуқтаи назари билан муносабатда бўлиши – Навоийга жуда яқин, Навоий ўз ижтимоий фаолиятида амал қилган ҳодисалардир.
Навоий ўз қаҳрамонлари образларига бошидан ўтганларни, бениҳоя бой ҳаётий тажрибаларини сингдириб, едириб юборади. Маълум даражада шунинг учун ҳам унинг қаҳрамонлари бизга ҳаётий бўлиб туюлади. Хоқоннинг етимпарварлиги ва ҳақпарварлиги ҳам Навоий севган ва амал қилган фазилатдир.
Зўр инсоний тилаклардан дунёга келган Фарҳоднинг камолга етиш нуқталарини кузатиб кўрайлик.
Навоийнинг ўзи уч-тўрт ёшлигидаёқ анча улуғ тафаккур эгаларининг китобларини ёд олган, шариллатиб ўқир ва ўзи ҳам сўз тўқир эди. Навоийнинг ўз шахсиятида ёрқин намоён бўлган шу ҳодиса – унинг энг севган қаҳрамони Фарҳодга кўчади.
Фарҳод уч яшар чоғида мусҳафни ёд олади ва кўп илмлардан бохабар бўлади. Жуда эрта камолга етиш ҳодисасига Навоий Қайс образини яратганда ҳам алоҳида эътибор беради. Болалик чоғи унга нурафшонлик чоғи, поклик булоғи бўлиб кўринади.
Фарҳод илм ўрганишга қаттиқ берилди. Унинг хотираси худди Навоий хотираси каби тоза ва неча юзлаб байтларни бир кўрганда сақлаб, миянинг нур чизиқларида нақшлаб қолдиради. Навоий Фарҳоднинг илм ўрганишини тасвирларкан, худди ўз юрагига қараб туриб ёзгандай бўлади:
Ўқуб ўтмак, уқуб ўтмак шиори,
Қолиб ёдида сафҳа-сафҳа бори.
Кўруб чун ишқу ошиқлик мақолин,
Топиб ошуфта маҳзун кўнглин ҳолин.
Анинг шарҳини такрор айлабон кўп,
Ўқурда нолаю зор айлабон кўп.
Бўлуб ошиқ ғами шарҳида ғамнок,
Яқо чокин ўқуб, айлаб яқо чок.
Фарҳоднинг мана шундай фавқулодда нозиклиги ва таъсирчанлиги, сўзни сертуғён ўқиши ва сертуғён қабул қилиши айни Навоий табиатида реал бўлган хусусиятлардандир.
Қайс ва Фарҳоднинг болаликдаёқ улуғ маърифат орттиришига ўхшаш ҳодиса кейин Гётенинг Вилгельм Мейстери ва Ф.Достоевскийнинг князь Мишкинида ҳам характернинг маърифатли қирралари шаклланишида намоён бўлади.
Навоий тасвирида Фарҳод ўн ёшга етганда билмаган, эгалламаган илм қолмади. Бу муболаға эмас, чин ҳақиқатдир.
Ўн яшар Фарҳоднинг қадди-қомати йигирма яшар йигитдай паҳлавонкелбат бўлиб етилганди.
Навоий ўз қаҳрамонининг туғилиши, болалиги, камолга етиш паллалари, зўр қудрат касб эта бориши, қийинчиликларни енгиши, қаҳрамонликлар кўрсатиши каби ҳодисаларда жуда қадим оғзаки ва ёзма анъаналарга, халқнинг тажриба ва тасаввурларига суянади. Фарҳоднинг боласизликдан қаттиқ азоб чеккан хонадонда туғилишини олайлик. Алпомиш ҳам шундай туғилмадими? Манас ҳам шундай оламга келмадими? Улар ҳам худди шундай зўр қаҳрамонликлар кўрсатмадиларми? Фарҳоднинг қаҳрамонликлари билан Геракл, Одиссей, Энкиду, Ғолиб Георгий ва бошқа талай қаҳрамонларнинг қилган ишлари ўртасида ғоятда яқинликлар мавжуд.
Лекин Фарҳоднинг қаҳрамонликлари асосида халқпарварлик ётади. Халқ ғамини емоқдан, унинг оғирини енгил қилиш истагидан Фарҳодда қаҳрамонлик истаги туғилади. Тўғрироғи, қаҳрамонлик – халқпарварлик, инсонпарварликнинг тўғридан-тўғри натижасидир.
Навоий достонда илгари сурган қисмат концепцияси ғоятда эътиборга сазовор. Гуманист шоир дунёда ҳеч нарса тасодифан юз бермайди, ҳамма нарсанинг ўз асоси, сабаби ва ўз белгиси, қонуни бор, деган ғояни ёқлайди. Қаҳрамонлари тақдирларини шу ғоя асосига қуради, ривожлантиради ва якунлайди.
Не ишким, чарх этар изҳори онинг,
Бурунроқ кўргузур осорин онинг.
Иситмоқ-чун шарорат зоҳир айлар,
Баданда ул ҳарорат зоҳир айлар.
Чу яфроғни тўкар боди хазоний,
Бурун рангини айлар заъфароний.
Ангаким, бир бало еткурса тақдир,
Етар аввалроқ аҳволига тағйир.
Навоий ўз қаҳрамони бошига тушадиган заҳматлар ва ситамлардан мана шундай башорат қилади.
Фарҳод ўқиган асарлар таъсиридамикин маълум маънони ёки бошига келадиган балоларни юракдан сезганиданми, доимо маҳзун, хаёлчан юради. Худди ҳали ҳеч ким чекмаган, ҳеч ким билмаган, дард вулқони устида тургандек. Бу вулқон ҳали отилгани йўқ. Лекин унинг борлигини ва ҳадемай ўтли лавалар сочиб отилажагини фақат Фарҳоднинг ўзигина ҳис қилиб туради.
Фарҳод маърифатли бўла боргани сайин одамларнинг дардлари унинг ички дунёсида чидаб бўлмас дард қўзғайди. Унда дардкашликнинг улуғ белгиси пайдо бўлади.
Шундай дардкашлик князь Мишкин характери йўналишининг асосини ташкил этганлигини Фарҳод баҳонасида яна бир эслаб ўтайлик. Дардкашлик улуғ адиблар ижодида гуманизмнинг фаол қирраси.
Эл-юрт Фарҳоднинг камолотидан ҳайратга тушади ва қувонади. Лекин у камолга етаётган вужудда қанчалар дард қайнаётганлигини билмайди ва тасаввур қилмайди. Отаси ҳам ўғлининг маҳзунлигидан қайғуради.
Ки невчун дойим шод эрмас эркин,
Ҳамиша ғамдин озод эрмас эркин?
Фарҳод жуда безовта. У етилган кучини қаерга қўйишни билмайди. У ҳарбу зарб санъатида ҳам ўз замонасининг ягонаси бўлди. Навоий ўз қаҳрамони вужудини чирмаб келаётган безовталикни жуда теран гавдалантиради. Фаолиятга айланмаган безовталик – ғамга айланади.
Хоқон тадбиркор шоҳ. У ўғлининг дардига чора излайди. Ва доно вазир Мулкоро билан маслаҳатлашиб, йилнинг тўрт фаслига мос тўрт қаср қуришга қарор қилади.
Навоий Ҳиротда улуғ қурилишлар олиб борганлиги яхши маълум. Уларнинг тажрибаси достон тасвирига кўчади. Навоий Фарҳод қурилишларини беҳад ҳаётий деталлар билан тасвирлайди. Меҳнатнинг жонли манзараларини гавдалантиради. Қасрлар қурилишини жуда усталик билан қаҳрамон тақдирига боғлайди. Фарҳод бу ерда тошйўнар уста Қоран билан танишади. Монийдан мўйқалам сирларини ўрганади. Яъни, Фарҳоднинг ҳар томонлама камолга интилувчи инсон каби шаклланиши давом этади.
Билиш истаги – Фарҳодда етакчи истаклардан. Билиш – безовта дардга айланган, дейиш мумкин.
Маълум бир пайтгача Фарҳодни ҳунар ўрганиш иштиёқи ўзига қаттиқ ром қилди. Сўнг қасрлар битгач, Фарҳод ҳар бир фаслнинг ўзига хос лаззати ва неъматларидан баҳраманд бўлди. Меҳнатни кўргандек, фароғат ва айшу ишратни ҳам кўрди.
Навоий ўз севикли қаҳрамонини инсон ҳаётининг турли маънодор пиллапояларидан аста олиб ўтади.
Лекин Фарҳод жисмида ҳам, дилида ҳам безовталик заррача бўлсин камаймайди, балки орта боради.
Дард ҳам ортади.
Бировким зор йиғлаб, йиғлаб ул зор,
Топиб кўнгли эл озоридин озор.
Навоий бу сатрларда биринчи маротаба Фарҳод дардини эл дарди билан чамбарчас боғлайди. Сал ўтгач, бу фикрини янада кучайтириброқ айтади:
Бўлуб эл андуҳидин кўнгли ғамнок,
Яқо чокин кўруб, кўксин қилиб чок.
Фарҳод билан бирга адабиётга – жаҳон адабиётига халқ билан бир жону бир тан бўлоладиган, ўз ҳаракатларида демократизмга интиладиган қаҳрамон кириб келди.
Хоқоннинг ҳеч бир чораси Фарҳоднинг ярали дилига малҳам бўлолмади. Шоҳ буни кўриб, яна эзилади, яна янги чоралар ахтаради. Унинг кўраётган тадбирлари ақл-идрок, режа-равишга асосланади. Бундай одми реаллик чоралари Қайсга нисбатан қанчалар ожиз эканлигини эслайлик. Навоий, шоҳ шундай бўлиши керак, дегандай. Лекин хоқон ўғлининг юрагига киролмайди, уни англолмайди. У фақат ташқи томондан таъсир қилиши мумкин бўлган чоралар излайди.
Энди у Фарҳодга шоҳлик мулкини топширмоқчи. Навоий унинг умр ҳақидаги, шоҳлик ҳақидаги ўйларини жуда таъсирчан ва ҳаётий ёритади. Бу ўйлар ақл-идрокдан нишона. Лекин ақл-идрокнинг чоралари Фарҳод дарди олдида ожиз. Ҳатто хасча қиммати йўқ.
Фарҳод шоҳга ўз илтимосини яна қайта такрорлагач, ота раъйини синдирмаслик учун у ишни кичикроқ вазифадан, тажриба орттиришдан бошламоқчи бўлди. Хоқонга унинг таклифи маъқул тушди.
Бошданоқ шуни айтиб қўяйликки, Фарҳод инсонлар билан муносабатларида жуда юксак одобга риоя қилади. Ҳилм – унинг қон-қонига сингиб кетган. Унинг одоби реал кўринишларга эга ва бу ҳилмнинг даражаси ҳайратомуздир.
Хоқон Фарҳодни сарой ишлари билан таништира бошлади ва унга шоҳлик хазиналарини кўрсатди. Шунда улар ҳеч ким очиб, нима эканлигини билиб кўрмаган биллур сандиққа дуч келдилар. Фарҳод сандиқда нима борлигини билишни истайди. Хоқон уни бу раъйидан қайтаради. Фарҳод ўз сўзида туради ва ўзининг мустақил, дастуриламал қимматига эга бўлган фикрини айтади:
Деди: «Ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.
Улум ичра манга то бўлди мадҳал,
Топилмас мушкуле мен қилмағон ҳал».
Сандиқдан Искандар ойнаси чиқди. Унинг орқасида сирли хат, хатда Юнон мулки сари йўл олиш хабари битилган эди. Фарҳодга қаҳрамонлик кўрсатишнинг уч йўли кўрсатилганди. Фарҳод буни кўриб суюниб кетди. Унда тезлик билан йўлга тушиш ҳаваси уйғонди. Билиш йўли, билиш манбаи очилди.
Навоий шу ердан, яъни тўққизинчи бобдан бошлаб асар тўқимасига фантастик, афсонавий воқеаларни киритади.
Фарҳод кўзгуда кўрсатилгандек, Юнон сари йўл олиб, ажиб воқеаларни бошидан кечиради.
Фарҳодга кўзгу биринчи йўл кўрсатувчи бўлди. Биринчи йўл кўрсатувчи орқали Фарҳод иккинчи йўл кўрсатувчи – раҳнамо Суҳайлони топди.
Суҳайло орқали у ҳали минг ёшли қария – пир Суқрот ҳакимни топади.
Суқротгача унга яна Хизр йўл кўрсатади.
Бир раҳнамонинг таълими иккинчи раҳнамога йўл очади.
Навоий шу тариқа ўз қаҳрамонини янги оламга – ҳаётнинг янги поясига – хаёлот ва қаҳрамонлик кўрсатиш ва булар орқали энг муҳими, тозариш оламига олиб киради.
Ишқ оламига киргунча ошиқ мана шу орадаги оламларни раҳнамолар таълимида босиб ўтади. Ва шундай тозармагунча, олам сирларини билмагунча, жаҳонни нафс ва тирикликнинг девлари ҳамда аждаҳоларидан озод қилмагунча инсонга энг юксак сирлар эшиги очилиши мушкул. Фарҳод девларни енгиб, хаёлот оламининг хазиналарини очиб ва уларни отаси ҳамда эл-юртга улашибгина, ўбчин – ҳайкалларнинг тилсимини ечади. Сулаймон узуги ва Жамшид жоми нималигини кўради.
Хаёлот оламида бўлган учрашувларнинг энг юксак нуқтаси – Суқрот ҳаким билан Фарҳоднинг учрашувидир. Суқрот ҳаким бу учрашувни неча юз йиллардан бери кутиб ётганди. Фарҳод келгач, унга ишқи ҳақиқий ва ишқи мажозийдан таълим беради. Шу икки ишқни нозик фарқлари билан унга тушунтиради. Фарҳодга бир ишқдан иккинчисига ўтиш йўлини кўрсатади ва унинг тақдирини башорат қилади.
Фарҳод Суқрот ҳаким айтгандай, Чин мамлакатига қайтди ва келиб яна кўзгуга боқди, шунда ўз тақдири намоён бўлди.
Навоий хаёлот олами воқеаларига бизни юксак реалистик тасвир билан ишонтиради. Биз унинг хаёлот олами тасвирларини худди ҳаётий олам тасвирлари каби қабул қилиб борамиз. Навоий, айниқса, Искандар кўзгусида Фарҳод тақдирининг намоён бўлишини тасвирлаганда, беҳад маҳорат кўрсатади. Ғалати, ақлни лол қилиб қўядиган тасвир қаватларини яратади. Кўзгуда тоғ қазиётган кишилар, сўнг улар ишини томоша қилишга келаётган от минган пари намоён бўлади, сўнг Фарҳод. Кўзгу томоша қилаётган Фарҳод эса парининг жамолини кўришга ҳаракат қилади ва кўзи унинг чеҳрасига тушиши билан ҳушдан кетади. Бу тасвир дунё адабиётларида кўрилмаган ноёб ҳодисадир.
Кўзгунинг ўзи ҳам ғаройиб. У инсон тақдирини фақат бир мартагина намоён қилади. Иккинчи марта қараган кишига у хира бўлиб кўринаверади. Навоий бу билан ҳар бир инсоннинг тақдири битта ва у такрорланмас моҳиятга эга демоқчи бўлади.
Мана шундан Фарҳоднинг ишқий савдоси бошланади. Фарҳод тили билан айтганда, «ақл ўлкаси»нинг воқеалари тугаб, энди ишқ ўлкасининг фоже сабоқлари юзага чиқади.
Ишқ ўлкаси
Лекин ҳали ишқ ўлкаси – Ширин диёрига етгунча ва унинг жамолига етишгунча Фарҳод оғир бетобликни ва ниҳоят, денгиз сайлига чиққанларида кемалар фалокатини бошидан кечиради. Хоқон ва унинг вазири кемасини тўфон орқага – Чин соҳилларига суриб кетади. Фарҳод тушган кема эса ғарқ бўлиб, шаҳзода кичик бир сол устига чиқиб омон қолади. Уни беҳуш ҳолда ётганда савдогарлар кемасининг одамлари қутқарадилар ва ўзлари билан бирга Яманга олиб кетадилар.
Фарҳод кўзгуда кўринган мамлакат ва ўша пари хаёли билан нафас олади. Яманда у хитойлик мусаввир Шопур билан танишади. Шопур Фарҳоднинг дардини билишга қизиқади. Фарҳоднинг бошига аламли савдо тушганини билади ва унга Арман ўлкасининг суратини чизиб кўрсатади. Фарҳодга бу тасвир таниш туюлади. Ва Шопурдан бу Армания эканлигини билади. Ундан бирга Арманияга боришликни илтимос қилади.
Улар йўлга отланадилар. Фарҳод Арманияга келиб, бу тилсимда намоён бўлган ер эканлигига амин бўлади.
Тошкесарлар билан учрашадилар. 200 тошкесар уч йилдан бери тош кесиб, икки юз-уч юз қарич ариқ қазишга эришганлар. Чашмагача эса ўн йиғоч, яъни етмиш километр йўл босиш керак.
Фарҳод усталар меҳнатига қаттиқ ачинади. Уларнинг оғирини енгил қилишга аҳд қилади. Ўз ихтиёри билан ишга киришади. Ўн-ўн беш теша ва метиндан бир теша ҳамда бир метин ясайди. Уларга Қоран ўргатган каби яширин йўл билан сув беради. Шундай қилинганда, теша ва метин тошларни худди сувдай кесиб ўтади. Фарҳод ўз меҳнати ва ҳунари билан ҳаммани ҳайратга солади. Унинг овозаси Меҳинбону ва Ширинга бориб етади. Икковларида ҳам Фарҳодни кўриш истаги жўш уради. Ширин Меҳинбонуга айтади:
Деди: «Ул ён жанибат сургулукдур,
Бу иш гар воқе эса кўргулукдур».
Навоий Фарҳоднинг тоғ қазишини унинг тенгсиз бир уста эканлигини деталлаштириб, нозик кузатишлар асосида тасвирлайди. Меҳнат ва унинг самараси нақадар гўзаллигига ишора қилади. Профессор Алибек Рустамов Фарҳодни худди Навоийдек маъно аҳлига тегишли деб айтади. Уларни сурат аҳли, яъни подшоҳлар, амалдорлар, нафсоният билан кун кўрадиганлардан шу билан фарқлайди.
Маъно аҳлининг бир фазилати – меҳнатни улуғлаш, Фарҳод халққа ва меҳнатга интилади. Унинг бу икки интилиши бир-бирига боғлиқ.
Навоий ўз қаҳрамонининг ёвуз кучлар билан жангини қандай мароқланиб кузатган ва унинг раҳнамолар билан бўлган эъзоз тўла суҳбатларини қандай муҳаббат билан завқланиб тасвирлаган бўлса, унинг ҳунарлар ўрганиши, мазлумларни ҳимоя қилиши, халқни деб ўзини оғир меҳнатга чоғлаши – меҳнат қилишини ёритганда ҳам ўз меҳр-муҳаббати, ҳайратини яшириб ўтирмайди.
Навоий ўзининг ёвузликка, олчоқликка, хиёнатга, нафсониятга муносабатини ошкора билдириб боради. Яхшиликни қутлайди, ёмонликдан озурда бўлади. Ёмонлик жазосиз қолмаслигини қатъий таъкидлаб боради.
Навоийнинг ҳодисаларга муносабати билан Фарҳоднинг оламга қараши ўртасида тўла уйғунлик ҳокимдир.
Ширин – Фарҳод интилган гўзаллик ва ишқ ҳақиқатининг энг олий тимсоли. Шунинг учун ҳам, кўзи унинг жамолига тушганда, гўзалликнинг шиддатига тоб беролмайди ва ҳушидан кетади. Шуниси ғаройибки, у ҳушига келтирганларидан сўнг ўзининг беҳуш бўлиб қолганидан ғоятда уялиб юради. Бу ҳол ўзига ёқмайди. Лекин энди ҳушдан кетиш-кетмаслик унинг ихтиёрида эмас.
Фарҳод қазо ҳукмини ўзгартириб бўлмайди деб ишонади. Кишининг ҳукми ер юзига етиши мумкин. Лекин у қазойи осмонийга итоат қилади. Инсон гардун фунунига тобе ва забун. Килки тақдир нени битган бўлса, мен уни ўзгартиролмайман, тадбир билан тақдирни ўзгартиришга уриниш сув юзига хат ёзмоқ билан баробар, деб ўйлайди Фарҳод. У ўз пешанасига ишқ балоси ёзилганлигини билади ва шунинг учун ҳам тинмай ўзини офатларга уради. Унинг учун Ширин тили билан айтганда, «бало билан меҳнатнинг поёни йўқ».
Фарҳоднинг тақдир ҳукми ўзгармас деб қараши билан унинг «мен ҳал қилмайдиган мушкул топилмайди», деган машҳур сўзлари, унинг билишга, ҳунарга, меҳнатга, элга муҳаббати ўртасида бирмунча қарама-қаршилик пайдо бўлгандай бўлиб кўринади.
Фарҳод шоҳликдан, туганмас бойликлардан, хазиналардан воз кечди. Хусрав Ширин ўлкасига бостириб келганда, қалъа ичига кириб яшириниб ўтирмади. Буни ўзига ор деб билди. Қалъа ташқарисида қолди.
У маккор Хусравни осонгина ўлдириши, тош отиб мажақлаши, унинг аскарларини қириб ташлаши мумкин эди. Лекин бундай қилмади. У тош отиб Хусрав дубулғасининг тожини учириб юборди. Такаббур шоҳни огоҳлантирди. Унинг идрокига, соғлом фикрига ишонди.
Нима учун Фарҳод Хусравни ўлдирмади? Хусравнинг ёв эканлигини биларди-ку?
Фарҳод мислсиз қудратга эга бўла туриб, зўравонлик қилишни, қон тўкиш ва айниқса, инсон қонини тўкишни кишилик шаънига ярашмайдиган разолат деб билади. Инсон қанчалар илму камолатда юқорилаган сари, қудратли бўлган сари, у шунчалар ҳилмга яқинлашади. Ҳар бир инсон, ҳар бир мавжудот – яратилиш жиҳатидан ноёб ва такрорланмас. Шунинг учун ҳам у энг олий эъзоз, эътиборга лойиқдир.
Фарҳодда биз борлиқ мавжудотга шундай олий маънавий пок муносабат намунасини кўрамиз.
Денгиз қароқчиларига дуч келинган ҳолатни эслайлик. Қароқчилар савдогарларнинг кемасини нефть тўлдирилган идишлар отиб ёқиб юбориб, сўнг кемани талаш фикрида бўладилар. Фарҳод чорасиз қолган кемачиларга мадад беради. Лекин у қароқчиларни ўқ отиб ўлдирмайди. Камон ўқи билан уларнинг қўлларидаги нефть тўлдирилган идишни уради. Идиш портлаб, қароқчиларнинг қайиқларига ўт тушади ва улар ваҳима ичида қочадилар. Фарҳод бунда ҳам қон тўкишни истамайди.
Фарҳод Хусравнинг қарашларидан ҳайратга тушади. Ўз севгилисининг ҳам мамлакатига бостириб кириш, унинг қўрғонларини қамал қилиш, халқини ўлдириш мумкинми? Бу севги билан қандай чиқишади?
Хусрав Арманияга қон тўкиб, Фарҳод ёруғлик олиб келди. Шунинг учун ҳам, Хусрав Фарҳод олдида ўзини ғоятда ожиз ва тубан сезади. Фарҳодни ҳийла-найранг билан тутиб, уни ўлимга маҳкум этади. Мана шу ерда Фарҳоднинг Хусравга қарата айтган сўзлари Шарқ адабиётининг гултожларидан, ноёб, юксак чўққиларидандир. Шуниси ажойибки, халқ Фарҳодни тушунади, унга беҳад муҳаббат қўйган. Навоий шу муҳаббатни жуда ёрқин эпизодларда гавдалантириб беради ва унинг гарчи шаҳзода бўлса-да, лекин халқ фарзанди, халқ қаҳрамони эканлигига ишора қилиб боради.
Фарҳод уйғоқ виждон каби кезиб юради заминни. Уйғоқ виждон каби бир зум тиним билмайди, безовталик ичра ҳақиқат ва яхшилик ахтаради.
Виждон деганда, Ширин эсга тушади.
Эслайсизми, Ширин ўз муҳаббати туфайли халқ қамалда, уқубатда қолганлигидан қанчалар оғир изтиробларга тушади. Унинг ҳам виждони худди Фарҳод виждони каби доимо уйғоқ. Яхшиликка, ёруғликка уйғоқ. Унинг тоғ-тошлар оша ариқ қазиб сув келтиришни ният қилганлигининг ўзи қанчалар гўзал, олижаноблик. Унинг ниятлари ва қадамларидан яхшилик, ёруғлик унади.
Шириннинг Фарҳодни англаши-чи?
Ўз ёрини шунчалар теран англаганлар бахтсиз бўлиши мумкинми? Фарҳод унинг ишқида ақлу ҳушидан айрилаётганлигини, ишқда покликда, мардлик, фидокорликда ягона эканлигини хўб англайди ва шунга яраша кўксида илоҳий бир ишқни тарбиялайди. Унинг Фарҳодга ёзган мактубидаги жавоб бериш шарт бўлмаган ишқ офатларига тўла саволлар одамни титратиб, қалбга туганмас ҳаяжонлар солади.
Навоий ўзининг бу ажойиб қаҳрамонлари билан инсон қандай бўлиши керак, нимани ахтариши, нимага интилиши керак каби дунёни ўртаб келган саволларга жавоб топишни мақсад қилиб қўйди. Туғилмоқ ва яшамоқнинг шарафи нимада эканлигини англаб етмоқчи бўлади.
Жавобида дунёни яхшилик томон ўзгартириши мумкин бўлган, шундай потенциал имкониятларга эга инсон образини яратди.
Фарҳод – маънавият ва руҳиятнинг юксаклигидир. Демак, у доимо тирик ва безовта тафаккурнинг порлоқ тимсолидир.
Фарҳод эккан яхшилик, инсонпарварлик, адолат уруғлари доимо инсониятнинг дилида мавжуддир.
КАТТА ШАРҚДАН КАТТА ҒАРБГА ЙЎЛ
Сени халос этар янги йўл аён –
Қўрққанимни кўриб сўз бошлади у, –
Ваҳшатли уяга қайтма ҳеч қачон...
Данте, «Дўзах», 91-банд
Ҳа, бу достон совуқ мулоҳазалардан эмас, одмигина ижодий ниятлар ҳамда ҳисоб-китоблардан эмас, ишқдан, шоирнинг чинакам ишқидан туғилди. Навоий «Фарҳод ва Ширин»ни ёзишга ўтирганда қирқ уч ёшни тўлдирган эди. Мана шу паллаларда шоир ўз бошига «ишқи бало шўр» тушганлигини ва у жонини қийнаганлигини ёзади:
Яна боис шуким, ишқи бало шўр
Бир ўтдин айлаб эрди жонима зўр,
Тилим худ бор анинг таърифида лол,
Қилай хомам тилидан шарҳи аҳвол,
Ҳазин жонимда бор эрди, балое
Балолиғ ишқ ила ҳар ён ҳавое,
Бироқ ишқи солиб жонима андуҳ,
Машаққат тоши юклаб кўҳ то кўҳ...
Шоир бу паривашдан дев зулмини кўрганлигини, юраги ишқ меҳнати жафолари, ғамларида ўртанганлигини ва бир ойдан бери шу ҳол давом этаётганлигини куюниб ёзади. Маъшуқанинг раҳмсиз қилиқларини чизади, «чу маъшуқ аҳл эмастур, чора хуштур», деган хулосага келади. Ва шоир инсон маънавиятининг ҳаракатчан қудрати ҳақида улуғ достон ёзади.
* * *
Бу руҳий диққинафасликка қарши достон. У диққинафас дунёдан, торликдан, биқиқликдан кенгликка, ҳурликка, баркамол инсонни сарафроз этувчи ният ҳамда мақсадлар билан яшашга чорлайдиган ва шунга ўргатадиган, эпик хаёл билан битилган достон. У оламни, руҳ дунёсини билиш достони.
Инсон дунёдан маънавий кўр бўлиб ўтмаслиги керак.
Кўрмоқ, билмоқ, ҳаракат қилмоқ, ҳамма ерда эзгулик уруғларини экмоқ – достоннинг шиори шу.
Фарҳод нафсоният нуқтаи назаридан қараганда, ҳамма нарса исталганча муҳайё бўлган муҳит ҳамда шароитда дунёга келди. Чин хоқонининг мамлакати ҳам, қўшин, қўрбисоти ҳам чексиз. Шундай нафсоний имкониятлар ичида Фарҳод ўзини доим бўғилгандек сезади. Доим ғам ичида ношод юради.
Асли бу диққинафаслик парвоз дарди. Фарҳоднинг маърифатли, пок юраги парвоз тилайди, парвозга интилади. Тилаги ҳадеганда рўёбга чиқавермагач, унинг дилига ҳеч кетмас бўлиб парвоз дарди ўрнашади.
Фарҳод хоқон мулкида қанча имконида бўлса, шунча илмларни ўрганди, турли ҳунарларга қизиқди. Ҳар ҳунарда тенгсиз моҳир бўлди. Тарих китобларини, жаҳонда битилган ишқ достонларини ўқиди ва ёд олди.
Дарди лекин енгиллашмади, аксинча, баттар чуқурлашди. Энди парвоз дардига ишқ дарди ҳам қўшилди. Бу номаълумлик ишқи. Ҳали ҳеч нарса маълум эмас. Лекин Фарҳоднинг жонини номаълумлик ўртайди. Унга бир зум бўлсин тинчлик бермайди. Шоҳ мулкининг айшу фароғатларидан юраги тарс ёрилай дейди. Зотан, бу айшу фароғат одами эмас. Унга айш, лаззатпарастлик диққинафасликдан бошқа нарса етказмайди.
Шунда Фарҳоднинг кўзлари отасининг хазиналарида Искандар кўзгусига тушди ва кўзгу орқасидаги ёзувни ўқиди. Бу Фарҳодга аталган, Фарҳоднинг ёзуви. Унинг умрида биринчи дуч келган сирли тақдир ёзуви. Бундан сўнг у ҳали яна бир неча маротаба бундай тақдир ёзувларига дуч келади... Ёзув Фарҳодни йўлга чорлади.
Фарҳод олдида мақсад йўли очилди. Унинг юрагига мақсад ўрнашди.
Мана шундан бошлаб, у мақсад кишисига айланди. Энди у ўз мақсади йўлида ҳеч нарсадан қайтмайди, орқага чекинмайди. Ёзув унга уч офат ва уни енгиш йўлини кўрсатди.
Бу маърифатнинг азалий йўли. Шарқдан Ғарбга борадиган йўл. Катта Шарқдан – Катта Ғарбга, Фарҳоднинг йўли Юнон сари. Нега бошқа бирон мамлакат эмас, айни шу Юнон? Ўрта аср Шарқ мамлакатларининг гуманистлари наздида Юнон маърифат ҳамда ҳикмат ўлкаси эди. Жаҳонга Суқрот, Платон, Аристотель, Зенон, Фалес, Гесиод, Ҳомер сингари гениал ҳакимлар ва Александр Македонский каби тарихда ўчмас из қолдирган кишиларни етказиб берган нурафшон диёр эди. Навоий Платон ва Аристотель фалсафаси теранликларини чуқур билган ва юрагида юнон маданиятига улуғ ҳурмат тарбиялаган умумжаҳон кенгликларда фикрловчи зот эди.
Ҳикмат ўрганиш эса унинг идеали эди. Шунинг учун ҳам унинг севимли қаҳрамони Фарҳод ҳикматнинг ипак йўлидан Юнонистон сари боради. Сирлар оламини Юнон томонларда очади ва кашф қилади.
Унинг юраги шундай сирларни очишга даъват этилган эди. Фарҳоднинг истаги ва мақсади жуда кучли истак. Лекин у истагим шу деб, адабсизликларга йўл қўймайди. Отасига кўнглидаги ниятни тўғридан-тўғри айтмайди, балки доно вазир Мулкоро орқали айттиради. Бунда шарқона муомала этикетига жуда нозик риоя қилинганлигини кўрамиз. Фарҳод ўз замонасининг одоб илмини теран эгаллаган зот. У «атолиқ ҳаққи орада бор» эканлигини унутмайди. Ва мабодо отаси унинг йўлга чиқишига розилик бермаган тақдирда ҳам, ўртада одоб пардаси кўтарилмаслигини истайди. Ота юзига тик боқиш унинг табиатига бутунлай зид. Шунинг учун ўртага Мулкорони қўяди.
Лекин шу билан бирга тақдир ҳукмини ота ҳукмидан, ризолигидан юқори деб билади.
Олиб бошим, демай обод ила чўл
Ҳам ул мақсад сари тутқум дурур йўл
Йўлумда девдур, гар аждаҳодур,
Тилсим ичра агар юз минг балодур,
Юмуб барча таҳошидан кўзумни,
Ул офатларга ургумдир ўзумни...
Мана шундай ҳолатда ота ўғилга, ўғил отага муносиб йўл тутадилар. Хоқон ўғлига сафарда ҳамроҳ бўлишга қарор қилади. Мулкоро ота муддаосини Фарҳодга етказади. Худди мана шу ерда Навоий достонда биринчи маротаба мурувват сўзини ишлатади.
Билибким, гар деса, ёлғуз борурмен,
Бу ишни ўз қошимдин бошқарурмен.
Эмас ул иш мурувват иқтизоси,
Бўлур ул ғамда мустаъсил атоси...
Фарҳод тақдир тақозоси тайинлаган йўлдан бориб уч офатни маҳв этади. Аждарҳони енгиб, Афридун хазиналарини, сирли қилич билан қалқонни қўлга киритади. Эслатиб ўтмоқ ўринлики, бу қилич ҳам Навоий идеалларига жавоб беради. У фақат золимларнинггина бошини кесиб, киши бегуноҳ бўлса, тиғ унга асар қилмайди... Сўнг Фарҳод Аҳраман девни унинг машъум ўрмонида енгади ва Сулаймон узугини топади. Ниҳоят, у Искандар тилсимининг сирини очади. Биз бунда Навоийнинг буюк фантазияси ҳозирги мураккаб роботларга ўхшаш ғоятда мўъжиза махлуқ образини яратганлигига гувоҳ бўламиз. Навоий бу темиртан роботларни ўпчин деб атайди. Ўпчинларнинг кўкракларида ғалати чироқ ёниб туради. Фарҳод шу чироққа ўқ отиб, сирли қаср эшикларини очишга ва Жамшид жомини кўришга муяссар бўлади.
Фарҳод буларнинг барига юрагида мушкулларни ҳал қилиш иштиёқи ёниб тургани учунгина эришди.
Ҳа, худди шундай! Инсон олдида туриши мумкин бўлган мушкулларни ҳал қилиш иштиёқи. Бу қаҳрамонликларни одатий диний мистик мўъжиза кўрсатиш деб қараш – Навоийнинг улуғ ғоясини англамаслик, унинг ижодий даҳосини бирёқлама тушуниш бўлур эди.
Фарҳоднинг йигирма ёшида бундай мўъжизалар очиш иштиёқи нақадар табиий. Навоий қаҳрамонининг романтик табиатидаги шу иштиёқни беҳад теран англайди. Ҳақиқатан ҳам, одам боласи бу ёшда узоқ ўлкаларнинг романтик хаёллари билан яшайди, ғалати мўъжизаларга тўқнаш келишни истайди, кашфиётлар қилгиси, қаҳрамонлик кўрсатгиси келади! Навоий Фарҳоднинг ёшлик иштиёқини психологик жиҳатдан нозик асослайди. У ўзини, ёшлигини, куч-қувватини, ғайратини қаерга қўйишликни билмай турган бир паллада тақдир унга сафарлар йўлини кўрсатди.
Фарҳодинг йўли жасорат йўли. Йўқ, бу жасоратдан кўра ҳам муҳимроқ одамийлик йўли. Одамийликнинг энг асосий белгиларидан бўлган, инсонни инсон қилган Мурувват йўли. Унинг аждаҳони енгиши – мурувват. Девни қатл этиши – мурувват. Тилсимни очиши – мурувват. Зотан, Фарҳоднинг бу ишлари инсоният манфаатларига хизмат қилади. У инсон ақли идрокининг мўъжиз самараларини жаҳолат ҳамда разолат асоратидан халос этади. Бинобарин, аждаҳо – аждаҳо эмас – жаҳолатдир. Дев – дев эмас – разолатдир. Фарҳод инсон ақлининг улуғ меваларини улар қўлидан қутқарди ва яна оддий халққа қайтарди.
Навоий Фарҳодни хаёлот олами ичига олиб кираркан, бу оламни гавдалантириш ва тасвирлашда ўзгача образлар ва бадиий воситалардан фойдаланади.
Фарҳод учун сирли олам отасининг хазинасида кўзгуга дуч келиши ва унинг орқасидаги битикни ўқишидан бошланган эди. Навоий шундан сўнг қаҳрамонининг бундан кейинги тақдири ва хатти-ҳаракатларини ёзувлар билан чамбарчас боғлаб боради. Ёзувлар фақат хаёлот олами картиналаридагина учрайди. Булар: 1. Искандар кўзгуси орқасига ёзилган битик. У Фарҳодга Юнон йўлини кўрсатди. 2. Аждар ғоридаги тош устига битилган биринчи ёзув. У Фарҳодга яширин хазинани очиш йўлини кўрсатди. 3. Хазина ичидаги сирли қилич ҳамда қалқон тепасидаги ёзув. У Фарҳодга қилич билан қалқон хосиятидан хабар беради. Аҳраман девни маҳв этишга ишора қилади. 4. Дев қасри эшигининг четларига битилган ёзув. У Фарҳодга Сулаймон узугининг сирини маълум қилди.
Бу сирли ёзувлар фақат хаёлот оламидагина мавжуд. Достоннинг бошқа реалистик картиналарида учрамайди. Навоий улардан воқеанинг сирлилигини бўрттириш учун фойдаланади. Уларга мўъжизавий тус беради. Шу билан бирга туҳфалар йўлини очгувчи бу ёзувлар Фарҳодга маълумотнома бўлиб хизмат қилади.
Навоий хаёлот оламида яна жуда ҳам характерли бўлган раҳнамо чоллар образларини олиб киради. Булар достонда Суҳайло ҳаким, Кўк кийган киши, Суқрот ҳакимдир. Уларнинг ҳар бирлари олам сирларини унинг маълум бир нуқтаси, тўғрироғи, чегарасигача биладилар ва шу чегарадан нари ўтмайдилар. Улар Фарҳодга ҳақиқатни очиш, мўъжизаларни кашф этиш, жаҳолат ва разолатни енгиш ва ниҳоят ҳақиқий ҳамда мажозий ишқ йўлларини кўрсатиб, шу йўллардан боришга ундаб, раҳнамолик қиладилар.
Буларни бош қаҳрамонни огоҳ қилувчи образлар деб аташ тўғрироқ бўларди. Улар Фарҳоднинг билиш даражасини беҳад кенгайтирадилар, унинг хатти-ҳаракатларига маданий савия бағишлайдилар.
Зотан, Фарҳод яна бир маънода маданият ҳамда ободлик элтувчи қаҳрамондир.
У гўзал Арманияда ишқининг оҳларини чекибгина юргани йўқ. Фарҳод бу ерда тоғу тошлар орасидан етмиш чақиримлик ариқ ўтказди. Нажот ҳавзасини қурди. Ширинга қасри олий бино қилди. Сувсиз, қақроқ ерларни неъмат билан обод этди, рўшнолик ва ёруғлик келтирди. Оддий халқнинг меҳнатини енгиллаштирди. Булар унинг иккинчи улуғ мурувватидан туғилган маданий ишлардир. Шу мурувват қудрати билан унинг ишқи янада жозибалироқ, ишлари эса маданий қаҳрамон ишлари каби сербарроқ бўлиб кўзга ташланади.
Ширин ҳам уни фақат гўзал йигит бўлгани учун эмас, улуғ ҳунарга, маҳоратга, маҳоратида тенгсиз шижоатга эга бўлгани учун ҳам севиб қолди. Фарҳоднинг таъсирида унинг гўзал қалбида шундай фалсафа туғилди:
Менга не ёру не ошиқ ҳавасдур,
Агар мен одам ўлсам, ушбу басдур.
Бу фалсафа – яшамоқлик концепцияси Фарҳоднинг яшашдан кузатган мақсадлари ва қидирган маъноларига ғоятда уйғундир.
Фарҳоднинг учинчи муруввати Ширин юртига бостириб келган Хусравга муносабатида намоён бўлади. Фарҳод ишқ йўлида босқинчилик қилиш мумкинлигини ақлига сиғдиролмайди. У Хусравни ҳам, унинг сон-саноқсиз қўшинларини ҳам енгиш мумкинлигини билади. Бир тош отганда у Хусрав дубулғасининг туғини учириб юборади. Иккинчи тош билан унинг байроғини қулатади. Шу билан у ёвни бутунлай қириб ташлаши мумкинлигига ишора қилади. Лекин ёв кетмайди. Фарҳод эса одам ўлдиришни ҳатто хаёлига сиғдиролмайди. У ёвузлик билан омонсиз жанг қилмоғи мумкин. Лекин одам билан эмас. Инсон унинг наздида шарафли зот. Унинг қонини тўкиб бўлмайди. Шунинг учун Фарҳод душманни Ширин қалъасига яқин келтирмаслик билангина чекланади. Шунда жаҳолат ва разолат ҳамкорликда ҳужумга ўтадилар. Ишқ ҳамда олий висол йўлига ғов бўладилар.
Фарҳод инсонга зўравонлик қилишдан ўзини тияди. Бу тийилиш асло ожизлик, заифлик белгиси эмас. Аксинча, инсон эришиши мумкин бўлган энг юксак қудрат ва камолотнинг даражасидир [2].
Фарҳод ўзи эришган ва биз йигирманчи аср одамларига ҳам ибрат фазилатлари билан ғоятда мароқли қаҳрамондир.
У достон сўнгида табиат билан бирлашиб кетди. Унинг сўнг дамларда табиат кучларига – юлдузлар, сайёралар, шамоллар, оҳулар, тоғу тошларга мурожаат қилиши, улар билан тирик мавжудот каби мулоқотда бўлиши – табиат билан бирлашиб кетиш, космик вужудга айланиш натижаси эди. Унинг эҳтиросида маърифат ва маърифатида олий эҳтирос мужассамдир. Фарҳод ишқнинг абадий сўнмас тирик алангаси. Ширини эса шу аланганинг қизил ғунчасидир.
Не бахтки, улар бизга, адабиётимизга ХХ асрда ҳамон фусункор шуълаларини ёғдириб турадилар. Шуъла умри барбод бўлмагай.
[2] Озарбайжон низомийшунос ва хамсашунос олими Ғазанфар Алиев Шарқ хамсачилиги анъаналарига бағишланган тадқиқотларида Навоий «Хамса»сидаги образларнинг ижтимоий йўналиши ва салмоқдорлигини алоҳида таъкидлаб ўтади. Чунончи, Навоийда Мажнун ҳақидаги афсона бошқаларга қараганда, аниқ ижтимоий йўналиш касб этганлигини қайд этади (Ғазанфар Алиев. Шарқ халқлари адабиётларида Низомий темалари ва сюжетлари. – М.: Наука, ГВЛ, 1985. 158). Олим, Навоий Фарҳод образини яратганда, унга бошқа шоирларга қараганда кучли ижтимоий урғу берганлигини қайд этади: «Ўзбек шоирининг Фарҳодга берган ғоявий-бадиий баҳосини адабиётда жуда кенг тарқалган бу образ тараққиётида сифат жиҳатидан тамомила янги босқич деб тан олмоқ керак. Навоий ҳаммадан олдин Фарҳод хатти-ҳаракатларининг ижтимоий салмоғини кучайтиради...» (Ўша китоб, 59)
ДУНЁ КЕЗУВЧИЛАРНИНГ ДОНОЛИКЛАРИ
Алишер Навоийнинг улуғвор достонларидан бири «Сабъаи сайёр» (Етти сайёра эмас, Етти сайр этувчи) қудратли ижодий тўлғоқлар, безовталиклар натижасида юзага келди. Саккизинчи бобдан эътиборан шоир достоннинг воқеалари ичига оҳиста кириб бораркан, тасвирни ижодий ният туғилган, тўғрироғи, бу ниятнинг қандай ва ниманинг таъсирида туғилганлигидан бошлайди. У фалакдаги мислсиз ҳаракатлар ва бу ҳаракатлар ичра бораётган мислсиз ўзгаришларни руҳнинг буюк кўзи билан кузатади. Унда Руҳ кўзи тасаввур кўзи билан кучаяди. Улар бир-бирларидан қувват оладилар ва натижада, оддий одам кўзига бениҳоя сирли бўлиб кўринадиган ҳодисаларнинг яширин замирларини оча бошлайдилар.
Навоий учун чарх – шуъбадабоз, яъни найрангбоз. У тинимсиз суратда найранглар тўқиб чиқаради. У тўхтамай айланади, ҳолатлари дам сайин ўзгаради. Навоий чархнинг худди мана шу унинг назарида энг асосий белгиларидан бирини ифода қила оладиган сўзларни байтларга маржондай тизади: муҳра, гуногун, талаввун, буқаламун, таъб, найранг, булажаблик, оҳанг, фитна – бу сўзлар чархнинг найрангларини бўрттириб, турли рангларга қориб кўрсатади. Ҳиссиётга жуда кучли таассурот ўтказади. Сипеҳр, яъни фалак ўз найрангбозлигида ғоятда ҳаракатчан ва фаол. Гоҳ у бир ҳодисани пайдо қилади, гоҳ уни сирлар пардасига ўраб ниҳон қилади. Унинг фитналарига чек йўқ. Албатта, бунда сўзлар Навоийнинг даҳосидан қувватланиб, ўз асл маъноларидан бошқа, кенгроқ, мавҳумроқ, мужаррадроқ (абстрактроқ) маъноларни ифодалашга ўтадилар. «Фитна» шу тариқа оламдаги ўзгаришлар, ғавғоларнинг моҳиятини ифодалашга хизмат қилади. Найранг ва Фитна ичида азалий қарама-қаршилик мавжуд. Найрангларда ҳодисотларнинг сифати ҳамда моҳияти очилади. Яъни, Навоий айтмоқчи, уларнинг бирига наҳслик, яъни, пастлик, тубанлик хос, бошқаси эса саодат машъалига айланади.
Ҳа, Навоий ўз сўзини коинот тасвиридан бошлайди. Ҳа, унинг тасаввур ва тушунчаларида макон доимо коинотдан бошланади, юксак қаватлардан пастга томон, замин сари тушиб келади. Сўнг контекстда ҳодисотнинг сифат ўзгариши рўй беради ва энди бошқа бир сўз ва унинг яқин маънодошлари марказга чиқади. Мазмуннинг янги давраси бошланганда, марказга луъбат сўзи кўтарилади. Бу сўзнинг маънолари кўп. Уларнинг асосийлари: ўйинчоқ, қўғирчоқ, ҳийла, гўзал севгили ва бошқалар. Луъбат сўзи атрофига унга муносиб қўшни сўзлар: жилванамой, пайкар, сиймин ниқоб, юз ноз, жилваи ҳусн, хушрабой, парда, хаёл, фикрат, ҳайрат, ваҳм, мабҳут... жойлашади. Шоир чексизликнинг турфа ўйинларининг асл мазмунини кашф қилишга уринади. Ақл эса ўйинлар ҳақиқатини идрок қилолмайди, «фикр ила насиҳатни» тополмай қийналади. Кўнглига қайғу ёпирилади. Қайғу эса уйқу келтиради. Шундай трансценденталь ҳолатда шоир ўзини сирли мақом ичра кўради:
Кўрдум ўзни ажиб мақом ичра,
Бир фазо тавфида хиром ичра.
Шоир тушида етти айланиб турувчи гумбази давворни сайр этади. Сайр етти кун давом этади. Ҳар гумбаз унинг кўзларига ўзига махсус рангда кўринади: қора, сариқ, кўк, қизил, мовий, сандалий (жигарранг), кофурий (оқ). Ҳар иқлимда бир сирли афсона тинглайди. Уларни жон саҳифасига нақшлайди. Шунда яна унинг қаршисида хизрваш пир пайдо бўлади. Бу ажойиб пир бизга Навоийнинг бошқа улуғ достонларидан ошна ва таниш. У ўз олижаноб табиатига кўра шоирга йўл кўрсата бошлайди.
Бу ғалати образ, сиймо ким?
Ҳақиқатан ҳам хизрваш пирми?
Тилга кириб, Навоийнинг қулоғига эҳтирос ва донишмандлик билан шивирлаётган, аслини олганда, унинг ҳақиқий даҳоси эмасми? Фақат Навоий уни даҳо дегиси келмайди. Улуғ ниятларни унга шивирлаб айтгувчи даҳога у Хизрваш пир деб ном беради. Ўз даҳосини шу тимсолда тасвирлайди. Бу даҳо унга доимо сирлар эшигини очади, ҳақиқатга етиш ва бунёдкорликнинг энг оқил йўлларини кўрсатади. Булар бари космик мулоқот йўлларини соғиниш туфайли туғилмаганмикин? Навоий ўз юраги ва шуурида мустаҳкам макон қурган бу ижод даҳосига эҳтиром билан қулоқ тутади. Навоий ўз даҳосини шахслантиради ва у билан мудом кенгаш тузади, баҳс юритади. Унинг қошида ўзини камтар тутади. Бу руҳнинг ички даҳоси кўпинча унга энг осуда дамларда – туш чоғларида ва ёки энг қийин дамларда шивирлай бошлайди. Навоий ўз даҳоси билан баҳслаша бошлаган пайтларда улуғ асарларнинг нияти туғилади. Сўнг шоир бу ниятларини реал ҳаётдаги устоди билан баҳам кўради. Даҳонинг шивири билан устоднинг кенгашлари ажиб бир тарзда доимо уйғун, бир-бирига муносибдир. Шоирнинг даҳоси ҳам, реал устоди ҳам унга юксак бино солиш, етти дунё кезувчи, етти гўзал образларини яратишни уқтирадилар ва уни шу улуғ мақсадга рағбатлантирадилар.
Шундан сўнг шоир ўзидан анча илгари ўтган Низомий ва Деҳлавийни эслайди. Уларга буюк ҳурмат билдиради. Сўнг адабий маҳорат ҳақида ғоятда қимматли фикрларини ўртага ташлайди. Ўзини мутафаккир танқидчи сифатида кўрсатади.
Дур тешадиган моҳир усталар бора-бора ўз моҳирликлари ва маҳоратларидан мағрур бўладилар. Мағрурлик ёмон оқибатларга олиб келади. Улар дурни тешаётганда кўп хатоликларга йўл қўядилар.
Ким маҳорат ани қилиб мағрур,
Воқиф ўлмай тушар ишига қусур.
Лекин истеъдодли шогирд хато қилишдан қўрқиб, эҳтиётлик ва қунт-идрок билан ишлайди. Навоий ўзидан олдин яратилган шу сюжетдаги асарларга Уйғониш даврининг улуғ намояндаси сифатида танқидий нуқтаи назар билан қарайди. Маълумки, Уйғониш даврининг барча намояндаларида тил, адабиёт, маданият масалаларида танқидий илғор қарашлар ҳокимлик қилади. Навоий ўз танқидининг кучли ва адолатли эканлиги билан ҳам Уйғониш даврининг ғоятда муносиб вакилларидандир. Бу жиҳатдан у академик Конрад жуда тўғри топиб айтганидек, италян санъаткори Данте ва француз маърифатпарвари Де Белле билан бир мавқеда туради.
Навоийнинг илгари яратилган шу сюжетдаги асарларга нисбатан асосий танқидий мулоҳазалари қуйидагилардан иборат:
аввал ёзилган асарларда фусункорлик ва фириб устун. Шунинг учун уларни қабул қилиш оғир;
уларда дард билан ишқ бир-биридан бегона. Яъни «мояи дард» йўқ;
мояи дард бўлмаган асар эса ёлғонга яқиндир, демак, бемазадир;
уларда баъзи воқеалар «номуносабат» ёзилган, яъни бадиий ва ҳаётий мантиқ бузилган ўринлар учрайди.
Чунончи, шоҳ Баҳром етти қаср қурдиради. Етти иқлим подшоҳининг етти қизини келтиради. Ҳафтанинг бир куни уларнинг махсус бири билан айш, яъни «ком» суради. Эрталабдан оқшомга қадар майпарастлик қилади. Уйқу олдидан ўзи тамомила маст ҳолда шоҳ қизларига афсона айтишни буюради. Навоий қаттиқ ажабланади. Улар ахир, шоҳ қизлари-ку! Қандай қилиб шоҳ қизлари қисса айтадилар!
Бу ажабким алар доғи дедилар,
Қиссахон қизлари магар эдилар?
Навоий «қиссахон қизлар» билан «шоҳ қизлари» ўртасида ижтимоий поғонада фарқ борлигини ва бундан кўз юмиб бўлмаслигини айтади. Шоҳ қизлари ҳеч қачон қиссахон қизлар қиладиган ишларни бажармайдилар. Навоий назарида бу биринчи «номуносабат»лик. Иккинчи номутаносиблик Баҳромдай оқ-қорани яхши таниган ва фарқлайдиган одам ўз хотинларига мен ухлаганимда сиз ухламай эртак айтиб ўтиринг дермикин?
Буйла таклиф кимса қилғайму?
Одамидин бу сўз очилғайму?
Навоий бундай бадиий жиҳатдан «бул ажаб» ишдан қаттиқ ҳайратга тушади. Агар шунчалар бўлса, Баҳром фариди замон ва воҳиди замон шоирларнинг бунчалар таъриф-тавсифларига муносибми?
Устоди замонларнинг айрим шундай камчиликларидан ҳам ўрганади, зўр эҳтиёткорлик ва зўр иштиёқ билан ишга киришади. Устодларнинг ҳаётбахш руҳларидан мадад олади:
Мунда доғи ишимга етса кушод,
Ҳам алар руҳидиндур ул имдод.
Навоий ўз олдидаги мушкул вазифани чарх томига нарвон қўйишдек оғир эканлигига зийрак ҳисоб беради. Устодларнинг улуғ хизматларига мислсиз эҳтиром билдираркан, ўз олдига уларни такрорламасликни қатъий вазифа қилиб қўяди. Навоийнинг адабий такрорларга муносабати доимо аниқ ва ғоятда равшан. Бу унинг эстетик қарашларида муҳим нуқталардан бири.
Бир деганни икки демак хуш эмас,
Сўз чу такрор топти дилкаш эмас.
Шоирнинг ўзидан олдинги тажрибаларга маълум даражада танқидий муносабати – унинг ахлоқий-маънавий қарашлари, шу масалалардаги ҳаётий принциплари билан чамбарчас боғлиқ. Унинг назарида илгариги асарларда кўринган шубҳа уйғотадиган ҳолларни айтиб ўтмаслик гуноҳ. Инсон айбларни кўпайтириш устида эмас, уларни камайтириш ва йўқотиш учун ғамхўрлик қилмоғи лозим. Шоир ҳеч бир иш айблиғ бўлмасин, деб ўйлайди ва шунга яраша иш тутади. Бу Уйғониш даври намояндаларининг маънавий ва ижтимоий фаолиятда юксак мукаммалликка интилганликларини кўрсатади.
Навоий шоҳ Баҳром образини яратаркан, жуда кўп қадим тарихий манбаларга, Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий асарларига суянади. Лекин у бунда яна бир жиддий эстетик принципга риоя қилади. Бу принципни биз бадиий лўндалик деб аташга журъат қиламиз. Навоий буни шундай ифода қилади:
Ҳар бир достонга солди садо,
Мунда бир байт бирла топқай адо.
Шоҳ Баҳромдек тарихий мифологик шахснинг ҳаёти ғаройиб воқеаларга шунчалар бойки, уларнинг ҳар бири ҳақида бутун-бутун достонлар яратиш мумкин. Лекин Навоий буларни бадиий жиҳатдан ғоятда лўнда баён қилади. Барча тарихий фактлар ва ҳақиқатларни асарга тиқиштиравермайди. Ўзининг ғоявий-бадиий ниятидан келиб чиққан ҳолда энг характерли хусусиятлар ва тафсилотларга ўрин ажратади ва тўхталади. Баҳромга оид тарихий фактларни ғоят қисқа баён этади. Уларга ўз даврининг қарашларидан келиб чиқиб жуда талабчанлик билан муносабатда бўлади. Зотан, у ўзини муаррих деб эмас, бу ўринда санъаткор каби ҳаракат қилиши кераклигини чуқур англайди.
Тарихий манбаларга ва адабий анъаналарга кўра шоҳ Баҳром характерида лаззатпарастлик етакчи мавқеда туради. У ҳаммадан кўпроқ овга, санъатларга, гўзалларга қизиқади. Урушда мард ва беҳад жасур. Лекин у лаззатпарастликни мақсад қилган, унга ҳамма имкониятларни яратмоқ учун урушларга кирган ва ғолиб чиққан. Унинг мақсади уруш эмас, лаззатпарастлик. Ҳиндистонда, 5000–7000 йиллик ёзма маноқибларнинг маълумотларига кўра аждаҳо ёки девни биринчи ўлдирган кимсани Виртрахан деб атаганлар. «Виртра» деб девни айтганлар. Виртрахан – дев ёки аждаҳони даф қилувчи демакдир. Жуда қадимги Эрон худоси Виртрагна ҳинд худоси Индра билан чамбарчас боғланган. Виртрагна – музаффар, ғолиб чиқувчи, енгувчи дегани. «Авесто»нинг «Яшт» фаслида Виртрагнанинг худди мана шундай енгувчилик хусусиятлари мадҳ этилади. Виртрагна Зардўштга қавийлик бахш этди, эрлик қудрати берди, билакларига, жуссасига куч-қувват ато қилди, кўзини ўткир этди. Виртрагнанинг енгувчилик хусусиятлари, овга интилиши кейинги давр адабий маноқибларида Вархран, Вахрам, Баҳром образларида акс этди. Навоий Баҳромидаги овга ўчлик, овдан лаззат олишнинг тарихи мана шундай узун. Навоий ўз қаҳрамони генеалогиясидаги асосий хусусиятларни сақлайди. Фирдавсий ўз эпосида Баҳромнинг отаси Яздигирдни сув оти тепиб ўлдирганлигини тасвирлайди ва Яздигирдни қайсар ва дағал журъатга эга одам қилиб кўрсатади. Навоий «Тарихи мулки Ажам» асарида Баҳромшоҳ тарихига анча батафсил тўхталади ва хусусан, Яздигирдни асов от тепкилаб ўлдирганлигини ҳам қайд этиб ўтади. Яздигирддаги мана шу қайсар журъат, ҳеч ким қилолмайдиган ишни қилишга уриниш, овга берилиш унинг ўғли Баҳромга ҳам ўтган, Навоий Баҳромни Яздигирдга қондош қилиб турадиган жиҳатларни нозик тасвирлаб ўтади. Лекин Баҳром золим отасидан анча фарқланади. Унда араб маърифатининг кучли таъсири сезилади. Отаси ўлимидан сўнг мамлакатда адолат ўрнатади. Эл-юртни шод ва бахтли қилиш йўлидан боради.
Элни шод айламак керакдурман,
Адлу дод айламак керакдурман.
Комсиз комни айламак ҳосил,
Бенаволарни айламак хушдил...
Баҳром соз, суруд, ишрат, сайддан ниҳоят андак ором олгиси келган пайтларда мана шундай хаёлларга ҳам берилади. Навоий унинг бундай ишлари ва ўйларини алоҳида бир муҳаббат билан тасвирлайди. Зотан, бу хусусиятлар унга бошқа бир томондан ғоятда яқин ва қадрли эди. Навоий олийнасаб дўсти Ҳусайнда ҳам шу хусусиятларни кўради. Уни бир неча ўринда Баҳромга ўхшатади. Адл ва хайсиятда уларни тенг қўяди. Мисол тариқасида Ёдгор Мирзони мағлубиятга учратиш воқеасини келтиради. Навоийнинг қиёси жуда теран маънога эга. Ҳусайн ҳам бора-бора ишратга, лаззатга, созу сурудга берилиб кетмадими? Навоий беҳад нозик бир ишора билан Ҳусайнга Баҳромнинг қонлар ичра фожиона ғарқ бўлганлигини бекорга кўрсатмайди. Ҳушёр бўл, демайди-ю, аслида ҳушёр бўл, деб фарёд чекади.
Жамшид қайсар журъат, мағрурликдан ҳалок бўлди,
Яздигирд дағал журъат, мағрурликдан ҳалок бўлди.
Баҳром қайсар лаззатпарастликдан қон ботқоғига ботди...
Навоий эслатади, ҳушёр бўлишга ундайди.
Асар персонажи Моний «Сабъаи сайёр»да воқеаларни янги босқичга олиб чиқади. Бу фусункор қаҳрамон сюжетга кучли ҳаракат бағишлайди. Моний воқеаларни боғловчи ва енгил ҳаракат нуқтасига олиб чиқувчидир. Моний ҳам асли тарихий мифологик шахс. Моний динининг – монизмнинг асосчиси. Моний 216–277 йилларда яшаган. Сурияликлар уни «Моний ҳувва» дейдилар, яъни «Моний тирик» дегани. Баҳром Гўр Монийдан икки юз йил кейин ўтган. Лекин уларни бир асрда яшагандек тасвирлайди [3]. Навоий афтидан «Моний тирик» деган ғояга суянади.
Моний улуғ мусаввир, наққош. Унинг чиний нигорхонаси мислсиз машҳур. Навоий Монийни олижаноб мусаввир ва хабар берувчи, ишқ ришталарини боғловчи шахс каби тасвирлайди. Моний тенгсиз мусаввир каби бир гўзални иккинчи гўзалга оғушта ва ҳамроҳ қилади. Тирик суратлар яратади. Баҳром Монийнинг Дилором ҳақидаги сўзларини эшитганда яшнаб кетади, суратини кўриб ҳушдан айрилай дейди.
Бу соддалиги ва миллийлиги билан беҳад гўзал мисрадир. Шу ўринда боғ (Навоий барча яшнаган, ҳаётсевар ҳодисаларни боғга қиёс қилади) каби очилиш Баҳромга нечоғлик ярашади.
Шунда Баҳром юрагига мояи дард тушди. Ишқ қудрати шоҳни тамомила бечора қилиб қўйди. У Дилоромни Хитойнинг бир йиллик хирожи эвазига тилаб олди.
Навоий Баҳром бошига ишқ изтироби тушган онларни, унинг беҳуда соғинчларини, ишқининг бесабрлигини, беқарорликни ғоятда реалистик манзараларда тасвирлаб ўтади. Баҳромда мубталолик бошланди. Навоий унинг мубталолигини улуғ даражага етказиб тасвирлайди. Шу билан ҳам у Уйғониш даврининг кўпгина намояндаларидан анча илгарилаб кетди. Чунки ишқ мубталолигини Навоийгача ҳеч ким бунчалик қудрат билан ёритолган ва айни ҳолда буни ижодий мақсад, концепция қилиб қўйган эмас. Навоий ишқнинг банду мубталолигини тасвирлашда тенгсиздир.
Баҳром ва Дилором уч-тўрт йил ошиқ-маъшуқлик, май ва ов гаштини сурдилар.
Навоий ажиб лутф ва зарифлик билан ёзди:
Нечаким шоҳ сайд этар эрди,
Шоҳни ул моҳ сайд этар эрди.
Мулк хароблик сари йўл тутди. Эл-юрт норози. Шикоятлар авж олди. Баҳром мулк тақдирини ўйлашга мажбур. Ишқдан ҳам зериккан. Энди ишқни тарк этишга баҳона қидиради: «Кўнгли чун мулк ила хизона тилаб, Ишқ тарк этгали баҳона тилаб»... Навоий баҳона топиш психологиясини ғоятда моҳирона очади. Баҳром ўз моҳирлиги билан мақтанади. Кийикни Дилором айтганча шикастлайди. Дилором ғурури устун келиб, билан унинг моҳирлигига етарли баҳо бермади. Бу тажриба билан қилса бўладиган иш деди. Баҳром ғазабга минди. Уни ўлдирмоқчи бўлди. Лекин аёлни ўлдириш яхшимас деб, уни бу йўлдан қайтардилар. Унинг гўзал сочлари билан қўл-оёқларини боғлаб, биёбонга ташлаб кетдилар.
Дилоромнинг жавобидан сўнг Баҳром Гўрнинг унга муносабати тасвирида турли давр шоирларида турлича талқинлар берилади. Уларнинг айримларини кузатиш мароқлидир. Фирдавсийнинг ҳикоя қилишича, Баҳром ўзининг овчилик санъатига ғоятда менсимай қараган ва унга мағрурлик билан баҳо берган ўз чангчи гўзал канизагини туясининг тагига ташлаб мажақлаб ўлдиради. Шунгача Баҳром ва гўзалликда тенгсиз канизак доимо туяда ўтириб ов қилардилар. Баҳром Гўр сайд билан машғул бўлганда канизак чанг чалиб борарди. Фирдавсий шоҳнинг ваҳш табиатини ўз даврига кўра тўғри, рўйи рост кўрсатиб ўтган.
Низомий эса «Ҳафтпайкар» («Етти гўзал»)да Баҳромнинг чўриси Фитна образини яратади. Баҳром Фитнага ўз моҳирлигини кўрсатганда, Фитна бундай ишга куч ва моҳирлик эмас, кўпроқ тажриба зарур, дейди. Дарғазаб бўлган Баҳром чўрини ўлдирмоқчи бўлади. Лекин ўз қўли билан аёл зотининг қонини тўкишни истамайди ва бу ишни ўз лашкарбошисига топширади. Лашкарбоши Фитнанинг илтижоси билан уни ўлдирмайди. Олис қишлоққа элтиб ташлайди. Қишлоқда баланд минора бор. Фитна шу баланд минорага эндигина туғилган бузоқчани кўтариб чиқади, кўтариб тушади. Ҳар куни шуни машқ қилади...
Навоий «Сабъаи сайёр»да бу эпизод тарихини сақлаган ҳолда унга бутунлай бошқача ёндашади. Баҳром Дилоромни ўлдирмоқчи бўлади. Лекин аъёнлари уни бу йўлдан қайтарадилар. Сўнг беҳад узун ва гўзал сочлари билан банд қилиб, кимсасиз биёбоннинг ичкарисига элтиб ташлайдилар. Шу эпизоддаёқ даврнинг ўтиши билан гуманистик қарашларнинг қанчалар ўзгариб борганлигини кузатиш мумкин. Тарихий мифологик сюжетга муносабатда даврнинг ўзига хос хусусиятлари, одамларда ўзгараётган онг ҳаракати яхши намоён бўлади. Сюжетнинг асосий тархи ўзгармаган ва қимматини йўқотмаган ҳолда унинг талқинида ўзгачаликлар зоҳир этилади.
Бундай ажойиб ҳодисаларга Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий, Навоий достонларини қиёсий кузатганда кўплаб дуч келиш мумкин. Айтайлик, Низомий Баҳромнинг урушлари, саргузаштлари тасвирига кенг ўрин беради. Навоий эса асосий диққатини Баҳромнинг Дилоромдан айрилгандан кейинги ишқ изтиробларини тасвирлашга, ишқнинг айрилиқ азобини ёритишга қаратади. Фирдавсий ҳам, Низомий ҳам ўз қаҳрамонларининг ҳиссий изтироблари тасвирига бир-икки мисра ажратишлари мумкин. Уларни воқеаларнинг эпик тараққиёти ва кўлами кўпроқ қизиқтиради. Навоий учун ҳиссий-эмоционал кечинмаларни тасвирлаш, уларни оқим тарзида ифодалаш биринчи даражали аҳамият касб этади. Унда ҳамма нарсага қудратли ҳиссий муносабат ҳоким. У ишқ дардини ва шу билан боғлиқ ҳолдаги гуманистик концепцияларни биринчи ўринга олиб чиқади. Навоийнинг ўзидан олдин ўтган даҳо шоирлардан ва ўз даврининг даҳоларидан кескин ажралиб турадиган фарқи мана шунда. У гуманистик дард шоирига айланди. Нолакорлик ва дард унинг беш буюк достонида бошқа барча хамсачилик достонларидагига қараганда ғоятда кучлироқдир. У Фарҳод, Ширин, Лайли, Мажнун образларини яратганда ҳам худди шу нарса устун мавқеда эканлигини кузатган эдик. Зотан, Навоий сўзон ишқ тадқиқотчисидир. У Дилоромдан айрилиб қолган Баҳромнинг ҳолатларини тасвирлаганда гўзал, реалистик ва ажойиб психологик бўёқлар ишлатади. Ҳушёр бўлиб ўзига келган Баҳром йўқотиш аламига чидолмайди. Ўз бошига тушган мусибатни чархдан кўради. Шунда Баҳром чархга қарши исён кўтаради. Бу исён унинг фарёдларида ғоятда теран ифодаланган. Баҳром ўзини ўлдирмоқчи бўлади. Биёбонларга бош олиб чиқиб кетади. Навоий шунда яна достон бошланишидаги чархнинг найрангбозлиги ҳақидаги фикрларига қайтади. Уларни Баҳром ҳолатига боғлиқ тарзда тўлдиради.
Йўқ эди шаҳру мулкдин огоҳ,
Бодия ичра этти манзилгоҳ.
Навоий ўзининг Қайс, Фарҳод, Баҳром сингари қаҳрамонларидаги исёнкорликни тасвирлашга алоҳида аҳамият беради. Бу исён ишқ дардининг қудратидан кўтарилади. Исён ва бодия... Навоий достонларида биёбон, бодия образлари қайта-қайта ишланади. У олам биёбони образига айланади. Замонамизнинг улуғ адиби Чингиз Айтматовнинг «Юз йилга тенг кун» ва «Қиёмат» романларидаги биёбонлар тасвирига қиёсланг.) Исён кўтарган, дардини ҳеч қаерга сиғдиролмаган қаҳрамонга олам биёбони ёлғиз макон бўлиб қолади. Энг мушкул дамларда, исён ўз чўққисига кўтарилган чоғларда олам чўли инсонга мадад беради. Олам дашти билан қалб дашти туташади. Ер дашти, дил дашти, азал коинот даштлари шу тариқа қўшилиб кетади. Лекин маърифатли инсон даштда бир умр қолиб кетолмайди. Баҳромни тузатиш чорасини кўрадилар. Унга атаб оламнинг етти иқлимини ифодаловчи етти мўъжиза қаср қурадилар. Етти қасрга етти иқлим мамлакати подшоҳларининг қизларини келтирадилар ва уларни Баҳромга никоҳлаб берадилар. Моний бу қасрларни оламнинг етти ранги билан безайди, тенгсиз гўзал суратлар чизади. Баҳром ҳафтанинг ҳар бир куни ўзига мувофиқ қасрда бўлади. Гўзаллар билан суҳбат қуради. Бу суҳбатлар юнон файласуфларининг жуда пок суҳбатларига ўхшайди. Қасрлар оламнинг етти иқлимига олиб борадиган йўлларда жойлашган. Баҳром ҳар куни оқшом шу йўллардан бошлаб келинган мусофир – сойир – сайёрларнинг афсоналарини, саргузаштларини тинглайди. Дунё ишларидан хабар топади. Шунда Навоий бизни етти ғоятда мазмундор афсона билан таништиради. У бутун оламни афсона орқали қабул қилиш ва афсона орқали тушунтиришга интилади. Афсоналарда ажиб маъно қаватларини яратади. Ўз тили билан айтганда, уларни рангин лутфлар билан бойитади.
Шанба куни.
Биринчи иқлимдан келган мусофир ҳикояти.
Ҳикоят жойи – қадим Сарандиб, ҳозирги Шри Ланка.
Сарандиб хони Жасратхоннинг ўғли Фарруҳ тушида қора маофада бир паричеҳрани кўрди. Унинг ишқига мубтало бўлди. Шоҳлик, мулку масаррат, қари хон отасини ташлаб юртдан бош олиб чиқиб кетди. Кўп замон кўп диёрларни кезди. Охири тушида сен ўзинг излаган моҳрўйни Ҳалабдан (ҳозирги Алеппо, Сурия) топасан, деган хабар бўлди. Ҳалабдан чиндан ҳам излагани моҳрўйни баногоҳ худди ўшандай қора маофа ичра кўрди-ю, яна дарҳол йўқотди. Ишқ Фарруҳни хароб қилди. Ахий исмли бир хайрпаноҳ хожа уни бир вайронадан топиб ўз уйига олиб кетди. Неча кунлар ўтгач, хожа унга май ичириб, оҳиста ичини ўртаган дардни билди. Фарруҳ ўзи қидириб юрган малакнинг қиёфасини тасвирлаб берди. Барча белгилардан Ахий Фарруҳ тасвирлаб берган моҳ ўз гўзал хотини эканлигини билди. Хотинини нақадар севмасин, уни талоқ қилди ва Фарруҳга никоҳлаб берди. Фарруҳ паридан асл воқеани билди ва уни ўзига сингил ўрнида кўрди. Мамлакатига олиб кетди. Отаси ўлиб Сарандибга шоҳ бўлди. Бу орада Ахийдан омад кетди. Мол-мулки талонда қолди. У Фарруҳнинг эски қишлоқ палоси ва чопонини олиб, Ҳалабдан чиқиб кетди. У дунё айланиб, Сарандибга келиб қолди. Баногоҳ Фарруҳ билан учрашди. Фарруҳ уни зўр иззат-икром қилди ва уни ўз тутинган синглисига уйлантириб қўйди. Ахий шу тариқа ўз хотинига иккинчи маротаба уйланди. Лекин Ахий бутун хатти-ҳаракатида ахийлик оқими ақидаларига риоя қилади. У чин ахий, Навоий бу ҳикоят орқали мурувват ҳамда футувват ғояларини илгари сурди. Ахийнинг ғариб, хаста, номурод, маҳрум ва овораларга муруввати чексиз. У одамларнинг ғамларини бўлишишни ҳаётининг дастурига айлантирган. Унинг муруввати Фарруҳдек маърифатли, мубтало йигитнинг кўнглига тушиб, ундан ҳам ўтказиброқ мурувват кўрсатиш истагини уйғотади. Навоий мурувватдан мурувват уйғонади, у ажиб поклик ва ҳалолликка олиб боради демоқчи бўлди. Фарруҳ Гулруҳ қошида «нафси зулмоний»ни енгади. Навоий Гулруҳнинг изтиробларини жуда гўзал реалистик картиналарда чизади. Ҳикоятлар унинг тасвирида ажиб бир тарзда қиссаларга айланиб, кўламли маъно касб эта боради. Бу ҳикоят иффат, мурувват, дўстлик, покравликни улуғлайди. Улар ғолиб ҳиссиётлар каби тасвирланади. Бу ҳикоятни Баҳромга Ахий авлодининг яқини сўйлаб беради. Навоийнинг барча ҳикояларида уларни сўйлаб берувчилар огоҳ, яқин (муқарраб) одамлардир. Навоий шу билан ҳам ҳикояларга реалистик ҳаётий асос яратади.
Иккинчи оқшом. Якшанба. Сариқ либослар. Сариқ сарой.
Навоий иккинчи ҳикоятни Жамшид замонларидан айтади. Бизни қадим Рум мамлакатига олиб киради. Зайд Заҳҳоб деган қаллоб заргар ҳақида қисса сўзлайди. Зайд ҳунарда мислсиз уста. Лекин қўли мислсиз эгри. Зўр ҳаким. Шоҳ олдида туганмас эътибор қозонган. Шоҳнинг маразини ундан ўзга ҳеч ким даволай олмайди. Шуни билиб, у қаллобликни авжга миндиради. Ҳеч ким бир оғиз сўз айтолмайди. Охир унинг ярамасликларини шоҳ олдида ошкор қилиш йўлини топадилар. Зайд зиндон қилинади. Лекин зиндондан ҳам бениҳоя усталик билан қочади. Қустантияга (Фаранг ўлкаси) келиб ғоятда бой бутхона аҳлини ўзига ром қилади. У ердаги барча олтин бутларни оддий темир бутлар билан алмаштиради. Сўнг кемада ўз диёрига олиб кетади. Яна аста зиндонга кириб ётади. Шоҳнинг оғир маразини тузатади ва яна унинг ишончига киради. Душманларидан ўч олади. Навоий Зайднинг характерини жуда нозик ва ғоятда изчил, ажиб реалистик деталлар ва тафсилотлар воситасида кузатади. Зайд учига чиққан ёлғончи, Навоий унинг ёлғончилигини ҳаққоний ва ҳаётий қилиб очади. Зайд бутхонадан келтирган беҳисоб олтинларни шоҳ оёғига ташлайди. Эл олтинга сероб бўлди. Навоий олтинга интилиш билан боғлиқ фожиалар ва қаллобликларни кўрсатади. Ёлғончилик, риёкорликни қоралайди.
Учинчи оқшом. Учинчи иқлим. Душанба. Яшил сарой. Яшил либослар.
Воқеа яшил саройга монанд тарзда Шаҳрисабзда (Кўк шаҳрда) кечади. Бу Саъд деган йигитнинг ғаройиб ҳикояти. Саъд дайри муғон ичра ғалати туш кўрди. Унга тушининг таъбирини ёруғ оламда ғор ичра етти юз йил яшаган нуроний пир Пайлақус ҳаким тушунтириб берди. Ўз ғаройиб тарихини Саъдга сўзлади. Қийинчиликларни енгиб ўтиш йўлларини кўрсатди. Саъд унинг кўрсатмалари билан Шаҳрисабзга келди. Мушкулликларни енгиб, хоннинг қизига етишди. Ҳикоятда афсона элементлари, қадим мифологик ҳолатлар анча кучли ифода топади. Сеҳрли манзара ҳамда воқеалар, мўъжизалар, девни енгиш, сирларни очиш – сирлилик ва саргузаштлилик бу ерда ҳоким мавқеда. Навоий тоғлар орасидаги сирли қалъаларни, Пайлақус яшаган ғорли масканни, дайри муғонни худди ўзи кўриб тургандек реалистик деталлар билан тасвирлайди. Нореалликни реаллик каби киши кўз ўнгида гавдалантиради. Ҳикоятни Баҳромга Саъднинг хонаводаларидан бўлмиш сайёҳ сўйлаб беради.
Тўртинчи оқшом. Гулнорий қаср. Гулгун либослар. Сешанба.
Баҳромга тўртинчи иқлим йўлидан келган мусофир ҳикоя айтади. Бу ҳикоятда киши рост сўзласа, ёришувчи ва ёлғон сўйласа, қораювчи ажойиб кўзгу бор. Ҳиндистон шоҳи Жуна шу кўзгу воситасида ер юзида ўзидан ҳам сахийроқ Масъуд деган кимса борлигидан хабардор бўлади. У Масъуд билан учрашгач, кўзгунинг ҳақ эканлигига ишонади. Жуна Масъудни ҳоким қилиб тайинламоқчи бўлади. Шунда Жайпур ва Баллу деган золим кимсалар Масъудни йўқотиш пайига тушадилар. Охир Масъуд Жуна кўмагида уларни енгади. Навоий ҳикоятда ажиб учрашувлар, одамшавандалик, улфатийлик ҳиссиётлари билан тўла меҳмоннавозликлар, сахийлик ҳақида тўлиқиб сўйлайди ва ҳикоят сўнгида ўзининг машҳур байтларии айтади:
Хушдурур боғи коинот гули,
Борчадин яхшироқ ҳаёт гули...
Навоий «Сабъаи сайёр»нинг бошқа ҳикоятларини ҳам худди мана шундай гўзал симметрия, уйғунлик, теран маърифатли фикрлар асосига қуради. Чунончи чоршанба куни воқеалари мовий саройда ўтади. Ҳикоят сюжети мовий муҳит – денгиз билан чамбарчас боғлиқ. Навоий денгиздаги жанг манзараларини, қароқчи Жобирнинг характерини, у яшайдиган оролни, Жобир билан Суҳайл ўртасидаги курашни ғоятда эҳтирос билан тасвирлайди. Сюжет чизиқларида афсонавийликдан кўра реалистик ҳаётийлик кучли. Олтинчи иқлимдан келган мусофир пайшанба куни машҳур Муқбил ва Мудбир қиссасини сўзлайди. Навоий қиссага тўғрилик ва эгрилик ҳамда уларнинг оқибати ҳақидаги ўз қарашларини сингдиради, сюжетни оригинал воқеалар билан бойитади. Бунда ҳам айрим воқеалар денгизда кечади. Шуни айтиб ўтиш керакки, Навоий ўз эпик тасвирига монанд эпик кенг маконларни – биёбонлар ва денгизларни тасвирлашга бениҳоя қизиқади. Биёбон каби денгиз – баҳри муҳит ҳам унга ғоятда сирли бўлиб кўринади. Чексизлик муҳитидан азал сирларни ахтаради. Унинг қаҳрамонлари азал чексизлик узра ўз инсоний ҳақиқатларини топадилар. Навоий сариқ муҳит – биёбонни тасвирлаганда қанчалик уста мусаввир бўлса, мовий муҳит – денгизни тасвирлаганда ҳам шунчалар моҳирдир. Еттинчи иқлимдан келган мусофир жума куни ҳикоятидан биз Дилором ҳолидан огоҳ бўламиз. У Хоразмда яна ўз хожаси билан ғоятда сирли яшайди. Хожаси уни саҳродан қутқарган. Дилором фақат бир одамга ўз сирини айтади. У келиб сирни Баҳромга сўйлаб беради. Баҳром ва Дилором яна топишадилар. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Дилоромнинг Хоразмдаги ҳаёти ва унинг бошидан кечирганлари ҳақидаги ҳикоя ўзининг реалистик гўзаллиги, тиниқлиги, жозибадорлиги, рангинлиги билан ақлни лол қилади. Бу ҳикоятларни кенг ва батафсил таҳлил қилишни кейинроққа қолдириб, шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, Навоий ўз қаҳрамонларини бой фаолият майдонида кўрсатади. Уларнинг ҳаракатига кенг, ранг-баранг жозибадор муҳит яратади. Олам кезиб, олам кўриш, оламни билиш ва англаш, яхшилик учун кураш ва уни устувор этиш, энг яхши қаҳрамонларини ҳозирги замон кишилари кўз ўнгида ғоятда олижаноб ва доно қилиб кўрсатади. Навоий мақсадсиз, бемаъни қон тўкиш, урушлар қилиш, мазмунсиз лаззатпарастликда яшамоқликнинг фожиаларини бутун даҳшати билан очиб ташлайди.
Баҳром ҳаётининг сўнгги дамларида ер юзини оҳулар ва қулонлар, тирик махлуқларнинг қонига ботирди. Навоий ер юзини қонга ботириш картинасини бутун машъумлиги билан чизади. Улуғ символ яратади. Ўз даври одамларини ҳам, келажак наслларни ҳам огоҳ, ҳушёр бўлишга даъват этади. Унинг назарида қон тўкувчи ғолиб эмас, қон тўкувчи – қонга ботувчи, қон ботқоғида дом-дараксиз ғойиб бўлувчидир. Бу дунё адабиётидаги огоҳликка чорловчи ноёб саҳифалардандир. Улуғ ватандошимиз Абу Бакр Муҳаммад Ибн ал-Аббос ал-Хоразмий: «Муҳаббат ҳар қандай қиммат нарсанинг баҳосидир ва ҳар қандай юқори нарсанинг шотисидир. Давр хоинлик қилгандан кейин вафо қилади, синдиргандан кейин тузатади, гуноҳдан кейин тавба қилади, ҳақорат қилгандан кейин тақдирлайди», деб ёзган эди минг йиллар бурун. Навоийнинг қаҳрамонлари тақдирида худди мана шундай қарама-қаршиликлар йиғиндиси ва бирлигини кузатамиз. Навоий ҳам ҳар қандай нарсанинг чин баҳосини дардли муҳаббатдан қидиради ва айтиш керакки, топади. Шу билан инсон умрининг, интилишларининг мазмуни ва маъноси нимада эканлигини кашф этади. Навоий ўз достонини тугатаркан, Баҳром умрининг, интилишларининг мазмуни ва маъноси нимада эканлигини кашф этади. Навоий ўз достонини тугатаркан, Баҳром умрининг маъноси ҳақидаги теран ўйлар ва изланишларнинг натижаси сабабли туш кўради. Тушида Баҳром ва саккиз гўзал намоён бўлади. Баҳром шоирга кўп гапларни айтади, ўзининг «уятлиғ» эканлигидан ёзғуради ва сўзини охирларкан, шоир ҳақида шундай башорат қилади:
Сен мустаҳсан ўтти авқотинг,
Яхшиликка чиқибдурур отинг,
Минг йил уммид эрурки, қолғайсан,
Яхши от-ўқ жаҳонга солғайсан...
Навоий номи беш юз йиллар оша яхшилик рамзи бўлиб қолганлиги ва бу жаҳон халқлари томонидан эътироф этилганлиги, унинг жовидон умри эпик вақт чексизлигига кўчганлиги Баҳром сўзларига далолатдир.
[3] Навоий ўз асарларида эпик вақтга амал қилади. Шунинг учун даврлар ва қаҳрамонлар бошқа даврлар ва қаҳрамонлар ичига бемалол, эркин кириб боради. Навоий сўзи ҳам худди шундай, у доим эпик кенгликдадир. Рус олими Н.Я.Берковский Велемир Хлебников ҳақидаги теран тадқиқотида «Хлебников поэзиясида сўз – эпик сўз, унда кенглик, эпоснинг бепоёнлиги бор. Хлебников сўз маъноларининг тор қобиқларини ёриб ўтади, сўзда кенглик яратади, унинг устидаги осмонни очади», деб ёзади (Н.Берковский. О русской литературе. 1985. 364). Навоий сўзлар учун мана шундай кенглик яратиш ва кашф қилишда моҳир эпик санъаткор, эпик сўз устаси бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтайлик. – И.Ғ.
АВВАЛБАҲОРДА
Завқий
Қўқон нотинч эди. Бутун Фарғона ўлкаси безовта тўлғоқлар ичида нафас оларди. Бу ерларда дам очарчилик, дам вабо, дам жондан тўйган халқнинг
