Qaynona va kelin
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Qaynona va kelin


Аҳмад Муҳаммад Турсун

 

ҚАЙНОНА

ВА

КEЛИН

 

«Наманган» нашриёти

 

 

МУҚАДДИМА

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

 

Холиқимиз Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту дурудлар бўлсин.

Ҳаётимизнинг қайси соҳасида бахту саодатни, хусусан, оиладаги тотувлик-иқболни, фароғатни изласак, уни албатта шарқона ахлоқ-одобимиздан топамиз. Шу боиски, турмуш тарзи бузуқ ақидалар асосига қурилган қавмлар мусулмонларнинг оилавий ҳаётига, ундаги аҳиллик ва фароғатга, ахлоқ ва одобга ҳавас билан қарайдилар. Шарқона ахлоқдан чекинилган хонадонларда эса оила тотувлигига путур етиб, муносабатлар кескинлашиб борган. Эр ва хотин, ота-она ҳамда фарзандлар ўртасида, оила ва қариндош-уруғлар орасида арзимас сабаб-баҳоналар билан уруш-жанжаллар, муросасизликлар келиб чиққан. Баъзи ҳолларда булар янада жиддийлашиб, ўзаро адоват, душманчилик даражасига етиб боради. Айниқса, бу ҳол бутун дунёда маълуму машҳур «қайнона ва келин» муносабатларида кўпроқ кўзга ташланади.

Хўш, ана шундай муросасизликларнинг, келишмовчиликларнинг олдини олиш мумкинми? Бунинг учун қайнона ва келин, оиланинг бошқа аъзолари нима қилишлари керак? Бу ҳақда Ислом динининг қандай кўрсатмалари, танбеҳлари бор? Қўлингиздаги ушбу камтарона уринишга ана шу саволларга бир қадар жавоб топмоқ ниятида тартиб берилди. Агар мақсадга эришолган бўлсак, бу улуғ Раббимизнинг лутфу марҳаматидан, аксинча бўлса, ўқувчиларимиз маъзур тутгайлар. Аллоҳ таоло барчамизни тавфиқ ва ҳидоят нурлари ила нурлантирсин, оилаларимизга тинчлик, фароғат ва тотувлик ато этсин, омин!

 

СИЗ ҚАЙНОНА БЎЛДИНГИЗ...

 

Мана икки ёшга никоҳ ўқилди, тўй ҳам ўтди. Мана сиз неча йиллик орзуингизга эришдингиз. Аллоҳ таоло хонадонингизга муборак бир келинни туҳфа этди. Ўғил фарзанд кўргандаёқ юрагингиз қатларига битилган «бир муносиб келин олиш», «келин эмас, қиз олиш» ҳақидаги ёқимли истаклар, ширин илинжлар рўёбга чиқди. Йиллаб емай йиққанларингизни эл олдига дастурхон қилиб ёздингиз. Йиллаб киймай асраганларингизни - қўлингизга тушган бир парча матоми, бирорта зиракми - барини «егаси»га топшириб хотиржам бўлдингиз. Бугун сиз - қайнонасиз.

Маҳаллама-маҳалла кезиб келин ахтарганингизда, қариндош-уруғлар даврасида «Бу йил келин олмоқчиман», деб қизи борнинг юрагига ширин ғулув солганингизда, кўчадан ўтиб бораётган қақажон қизларнинг ортидан маъюс термулиб ер-у кўкка ишонмайдиган ўғлингизга муносиб жуфт излаганингизда, ниҳоят мос келинни топиб тўй тадоригини кўраётганингизда ҳам фақат бугунги қайноналик бахтини, нашъасини ўйлаб елиб-югургансиз. Энди сиз - қайнонасиз.

Ниятларингизнинг, хаёлларингизнинг чек-чегараси йўқ. Келинингиз одоб-ахлоқда, шарму ҳаёда, муҳаббат ва садоқатда, иффат ва назокатда ягона бўлади. Ўғлингиз билан ниҳоятда аҳил-тотув, ширин турмуш кечиради. Эрининг соясига кўрпача солади, имосига ҳушёр, хизматига тайёр туради. У билан гап талашмайди, ҳар ишга илашмайди.

Қайнона-қайнотанинг ҳурматини жойига қўяди: лабидан салом, қўлидан таом тушмайди. Ҳали чой кўтариб югуради, ҳали таҳоратингизга сув. Бир оғиз сўзингизга маҳтал, биргина томоқ қиришингизга шай. Бир ёқда ўғил-қизларингиз ҳам келиннинг «хизмати»дан умидвор бўлиб туришибди. Янги келинингиз бировининг шимини дазмоллаб, бирисининг туфлисини мойлаб бериши, қайнсинглисининг сочини ҳам турмаклаб қўйиши керак. Хуллас, барча хонадонларда бўлгани каби тўй олдидаги ширин илинжлар, ҳавойи хаёллар сизга ҳам бегона эмас. Келин тимсолида ўғлингизга бир жуфти ҳалол эмас, гўёки бир хизматкор, бир «қул» қабул қилдингиз.

Аммо орадан кўп ўтмай, қат-қат орзуларингиз сароб чиқиб қолди. Не-не умидлар билан, маблағ сарфлаб катта тўйлар билан олинган келинингиз «олтин» эмас, «мис» чиқиб қолди. Наздингизда ҳамманинг келини хизматни, ҳурматни, ҳимматни дўндириб қўйяпти-ю, сизники ҳеч нарсага улгуролмайди. У танбал, ишёқмас ҳам эмас, қўлини совуқ сувга уришга эринадиганлардан ҳам эмас.

Унда гап нимада? Кечагина хонадонингизга келин бўлиб тушган қиз учун эрининг юмушлари, унинг кўрсатмалари устунроқ туюлади. У шунинг учун аввал эрининг кам-кўстини тўғрилаб, ишга жўнатволишга интилади. Оқибатда бу ёқда сизнинг юмушларингиз чала қолади. Нариги томонда эрингиз «Дастурхонни йиғиб олмайсизми?» деб бақиришга тушади. У кишини тинчитай, деб чопса, бу ёқда қайнини, қайнсингиллар тўнғиллашни, ғинғиллашни бошлаб юборишади. Ҳеч ким «Шу келин бечоранинг биттагина жони бор, эҳтимол шунча одамнинг хизматига улгурмаётгандир, бунинг устига хонадонимизга янги меҳмон, биздаги тартиб-муомалотларни, оила аъзоларининг феъл-атворини ҳали тушуниб ололмагандир?» демайди. Ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилиғидан нуқс топиб, «ўтирса - ўпоқ, турса - сўпоқ» қилаверади. Оқибат эса бир куни келиннинг бардоши тугаб, иш катта можарога айланади. Энди шу ерда диққатингизни бу ҳақдаги исломий тартибларга қаратмоқчимиз. Динимиз талабига кўра, келинингиз ўғлингизга никоҳлаб берилган ва унинг зиммасига фақат ўғлингиз олдидаги бурчларгина юкланган. Ана шу бурчлар ҳақида қуйироқда батафсил тўхталиб ўтамиз. Шундай экан, келиннинг эрнинг ота-онаси, ини-сингилларига хизмат қилиши эрга бўлган ҳурмати, муҳаббати туфайлидир, холос. Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги «Парвардигорингиз ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди», деган кўрсатмасига биноан, у эрининг ота-онасига хизмат қилади, юмушларини бажаради. Шундай бўлгач, уни қул ўрнида кўриб рўзғорнинг ҳамма юкини елкасига ортиб қўйиш, барча оила аъзоларининг истак-хоҳишларини бажартиришга уриниш ёш жувонга зулмдан бошқа нарса эмас. Ҳозирги пайтга келиб исломий қоидалар, тартиблар унут бўлаёзган хонадонларда келинга паст назар билан қараш, бўлар-бўлмасга хўрлаш, «хизматкор» сифатида унга рўзғорнинг барча оғир-енгил юмушларини қўш-қўллаб топшириб қўйиш ҳолларининг кўпайгани ҳам шундан. Бу ишда айниқса сиз - қайноналарнинг бемеҳрларча бош-қош бўлаётганингиз ачинарлидир.

РИВОЯТ. Ота-она улуғ зот, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Жаннат - оналарнинг оёғи остидадур», деганлар. Мусовия ибн Ҳаййида (р.а.) Расулуллоҳдан «Яхшилигимни кимга қилсам бўлади?» деб сўраганларида, уч мартагача «Онангга», деганлар ва тўртинчи маротаба сўраганларида, «Отангга ва яқин бўлган қариндошларингга», деганлар. Онасини опичлаб Хонаи Каъбани тавоф қилдириб юрган бир яманлик киши Абдуллоҳ ибн Умардан «Онамнинг ҳаққини шу хизматим билан адо қила олдимми?» деб сўраганида, у киши: «Йўқ, бу хизматинг сени туғиш пайтида онангни қийнаб тутган тўлғоқларнинг биттасига ҳам тенг келолмайди», деган эканлар.

Хўш, она шунчалик табаррук, улуғ зот экан, ота-онага оқ бўлиш Аллоҳ таолога ширк келтириш билан баравар оғир гуноҳ экан, унда нега «она» сўзи олдига «қайн» қўшимчаси қўшилиши билан у энди ёвуз бир кимсага айланиб қолиши керак? Нега келинлар бу сўзни эшитиб ранглари ўчиши, ғазабга минишлари керак? «Келин билан қайнона бир қозонда қайнамас», деб биринчи кунларданоқ душманлик уруғлари сепилиши керак? Бу тарбия кўрмаганлик, нодонлик, жоҳилликдан бошқа бир нарса эмас. Яхши ниятлар билан келин олиб, кўзингизнинг оқу қораси бўлмиш суюкли ўғлингизни унга топшириб қўйиб, энди ўша азиз келин билан ёвлашиб, олишиб юриш сизнинг оналик фитратингизга мос тушармикан?

Бир дўстим «Агар келини билан опоқ-чапоқ яшайдиган, ўз қизи қаторида кўрадиган қайнонани топиб берсанг, бошидан сув ўгириб ичардим, оёғидан ўпардим», деган эди. Бу гапга унча эътибор брмагандим. Кейин хорижий ўлкаларда қайноналар ҳақида кўпгина масхараомуз сўзлар юрганини эшитиб ҳайрон бўлдим. Аслида бу ҳам холва экан. Хизмат тақозоси билан «Қайнона-келин» мавзусида юзлаб кишилар билан гаплашишга, уларнинг турмуш тажрибаларини ўрганиб тадқиқ қилишга тўғри келди. Натижалар дилга ғашлик солади: эмишки, оиладаги жанжалларнинг 60-70 фоизи қайнона «шўрлик»нинг айби билан содир бўлармиш. Бу гапларга ишонгим келмаса-да, на илож, рақамлар жудаям ўжар бўларкан. Унда нима қилиш керак? Унда исломий муносабатларга ўтиш, шариат кўрсатмаларига бўйсуниш керак, холос. Бу хушхулқли бўлиш, ўзгаларга раҳмдиллик кўрсатиш, бировга озор етказмаслик ва зулм қилмаслик борасида Аллоҳ таолонинг амрларини, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларини сўзсиз бажаришга киришиш керак, деганидир.

Eнди ўзингиз тасаввур қилиб кўринг. Ана шу кўзингизга мўлтираб, илиги қалтираб турган аёл - ўзга бир ота-онанинг ўн саккиз йил авайлаб, «папа»лаб, ўзи емай едириб, ўзи киймай кийдириб, еру кўкка ишонмай вояга этказган арзанда қизи. Унинг шаъни, иффатини асраш, яхши тарбия бериш, одоб-ахлоқини ўнглаш, рўзғор ишларига ўргатиш учун қанча оромидан кечган. «Ўксийди», «бировнинг хасми», «уйда меҳмон», деб ҳатто қаттиқ гапирмаган, тергамаган. Сизнинг «Қудачилик – минг йилчилик, ўз қизимдай кўраман», деган ваъдаларингизга ишониб ана шу қалбининг бир парчасини сизга қўш-қўллаб тутган.

Ўн саккиз яшар қиз ҳали тажрибасиз, ғўр, ҳаётнинг паст-баландини илғамайди, эҳтимол катталарни ҳурмат қилишни ҳали ўрганмаган, балки хонадонингизда йиллар мобайнида таркиб топган тартиб-қоидаларни, анъаналарни у ҳали тушуниб етмагандир? Оила аъзоларининг табиатини тушуниб, кўнглини тополмагандир? Шундай экан, нега сиз бағрикенглик қилиб, раҳм-шафқат кўрсатиб, яхши гапириб, алқаб ва алдаб, айланиб-ўргилиб йўлингизга сололмайсиз?

Хўп, у хато қилибди, адашибди. Бирор юмушни сиз айтгандай, сиз хоҳлагандай қилмабди. Бундан қиёмат қоим бўлмагандир? Ахир сиз ҳам қирққа, элликка, олтмишга кириб энди тажриба орттирдингиз, ҳозирги ақлингизни топдингиз. Шундай экан, унга ҳам ўргатинг, насиҳат қилинг, ҳолатига тушунинг, йўлингизга солинг. Қизингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг. Борди-ю, қизингиз, жигарбандингиз ўзга хонадонга келин бўлса, унга қандай муомала қилишларини хоҳлардингиз? Шу ҳақда бир тасаввур қилиб кўринг.

Йўқ, бу тўғрида ўйлаб ўтирмаймиз. Дарров айб қидиришга ўтамиз. Битта камчилигига ўнтасини қўшиб шиширамиз. Ҳатто қўшнилар-у таниш-билиш, қариндош-уруғларгача ҳасрат қилиб чиқамиз. Бунга аччиқланган келинни «Қовоғини уйди, тўнини тескари кийиб олди», деб ҳайдашга уринамиз. Не-не умидлар, қанча қийинчиликлар билан тикланган оила қасрини вайрон қилишга чоғланамиз. Агар эр-хотиннинг муросалари бўлмаса ҳам гўргайди, аксинча ўғлингиз билан келинингиз ўртасидаги муносабатлар ҳавас қилгудай: бир-бирига муҳаббатли, садоқатли, оқибатли.

ВОҚEА. Тўй бўлганидан бир йил ўтмаёқ, ёшгина оила бузилиб кетди. Келиндан ноаҳилликнинг сабабини сўрашувди, анчагача сукут сақлаб турди-да, кейин секингина: «Eр-хотин яхши эдик. Аммо хонадондагилар билан муросамиз келишмади», дея олди. Кейин куёвдан уриш-жанжалларнинг сабабини сўрадик. Унинг жавоби қуйидагича бўлди: «Уйланганимнинг тўртинчи ойи эди. Онам бўлар-бўлмасга ҳаётимизга аралашиб, уни заҳарга айлантира бошладилар. Гарчи турмуш ўртоғимни севиб, ҳурмат қилсам-да, уни ҳимоя қилишга ўзимда журъат тополмадим. Ахир онага «Сиз ноҳақсиз», деб қайси ўғил айта олади? Жанжал, бақир-чақир тинмай қолди. Хотинимни, десам, у ёқда боқиб катта қилган онам, у кишини, десам, бу ёқда хотиним. Икки ўт орасида қолдим. Охири турмушдан файз кетди, можаролар жонимга тегди. Хотинимнинг жавобини бериб юборишга тўғри келди. Уни севиб олгандим, ҳозир ҳам севаман, шунинг учун онам янги келин ҳақида гап очсалар, эшитгим ҳам келмайди. Дадамнинг йўқликлари жуда билиниб қолди, балки онамга тушунтириб йўлга солармидилар?»

«Келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин», дейишган момоларимиз. Бу келин келиши билан қайнона ҳамма юмуш-ташвишлардан фориғ бўлиб роҳат-фароғатга ўтади, дегани эмас. Аксинча унинг зиммасига ўзга хонадоннинг фарзанди ўз оиласида палак отиши, не машаққат билан тикланган оиланинг камол етиши, ўғли ва келини тотув турмуш кечириши йўлида катта масъулият юкланди, дегани. Ахир «Катталар - ёшлар учун бир кўприк», деб бежизга айтишмаган. Ахир бекорга келинни бир ердан бошқа бир ерга кўчириб ўтқазилган ниҳолга ўхшатишмаганки, унга алоҳида меҳр-муҳаббат, алоҳида парвариш керак.

 

АҲИЛЛИККА НE EТСИН!

 

Хўш, келин билан аҳил яшаш, оилада тотувлик ва фароғат бўлиши учун қайнона нималар қилиши керак? Бу ҳақда алломаларимиз, машойихларимиз жуда кўп панду насиҳатлар қилишган. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган момоларимизнинг айтганлари, қилганлари ҳозирги қайноналаримиз учун бир ибрат мактабидир. Қуйидаги ана шундай ҳаёт тажрибалари, яхши қайнона бўлиш қоидалари ёрдам беради, деган умиддамиз:

 

ҚАЙНОНАЛАРГА ЎН МАСЛАҲАТ

 

1. Келинингизни ўз болангиздан устун кўриб «қизим-қизим»лаб меҳр кўрсатинг, уй-рўзғор ишларини эринмай ўргатинг, айбу хатоларини яширинг. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Ким бу дунёда қийналган бир мусулмоннинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг қиёматдаги оғирини енгил қилади, кимки бу дунёда бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё ва охиратда унинг айбини яширади», деганлар.

2. Келин билан ўғлингизнинг муносабатлари биринчи кунданоқ самимий бўлишига ҳаракат қилинг. Келинга ўғилни, ўғилга келинни мақтанг, асло шикоят қила кўрманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сизларнинг яхшиларингиз - хушхулқли, ширин суҳбатлиларингиздир», деб уқтирганлар.

Фарзандларингиз олдида келиннинг шаъни ва обрўсини кўтаришга ҳаракат қилинг, чунки оилада бошқаларнинг келинга муомаласи сизга қараб бўлади. Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.): «Кимки ёши кичикларимизга раҳмдил бўлмаса ва катталаримизнинг қадр-қиммати ва ҳаққини билмаса, у одам бизнинг қавмдан эмас», деганлар.

Eр-хотин ғижиллашиб ёки уришиб қолса, сиз келиннинг тарафини олинг. Чунки ўғил ўзингизники - гапингиз ботмайди, аксинча ўша пайтда келинга айтган бир оғиз қаттиқ гапингиз можарони кучайтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Одамлар билан хушмуомала бўлинглар, уларга қаттиққўллик қилиб беҳаё сўзламанглар!» деб таълим берганлар.

Ёш келин ота-онасини соғиниб қолса, дарров рухсат беринг, чунки янги келинликда унинг бошқа хонадонга кўникиши, яқинларидан узилиб қолиши анча қийин кечади. Кейинчалик ўзидан ортиб кўпда боравермайди. Жаноби Расулуллоҳдан «Ким меҳрибонлик қилмас экан, меҳрибонлик кўрмагайдир!» деган ҳадиси шариф ворид бўлган.

Келинингиз олдида бошқа келинларнинг ҳуснини, кийим ва тақинчоқларини, эпчиллиги ва эплилигини, ўзга қудаларнинг сарфу харажатларини асло мақтаманг, чунки уни камситган, озор берган бўласиз. Фақат бошқаларнинг одоби, муомаласини ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Хотинларнинг баракалироғи сарф-харажатни камроқ талаб қилганидир», деганлар.

Келиннинг хизматидан, овқатидан, юриш-туришидан айб топаверманг. Ўзингиз янги келин бўлган даврларни бир эсга олинг. Айби бўлса, малол келмайдиган қилиб ўзига айтинг. Чунки олий хулқ соҳиби жаноби Расулуллоҳ ҳеч кимни юзига ёмонламас, орқасидан айбламас, айбини ахтармас эдилар.

Агар ўғлингиз хотинига совға олиб келса, «Нега менга ёки синглингга қўшиб келмадинг?» деб жанжал чиқаришга шошилманг. Балки пули етмагандир ёки фаросати! Кейинчалик буни ўзига тушунтиринг. Расули акрамнинг (с.а.в.) «Одамлар ичида хотин кишига нисбатан ҳақлироғи унинг эридир», деган ҳадисларини бир эсланг.

Қайноталар келин олиш харажатларини қилган, шунинг учун кўпинча келиннинг ёнини олиб мақтаб туришади. Бундан сиз «Демак, эрим уни яхши кўриб қолибди», деган нотўғри хулоса чиқариб жанжал кўтарманг. Бу ғирт бемаъниликдир. Жаноби Расулуллоҳнинг «Ким бировнинг ёки ўз ходимининг оиласида можаро ёки низо чиқишига сабабчи бўлса, у Ислом аҳлидан эмас», деган ҳадисларини дарров ёдга олинг.

Ҳеч қачон келиним ёмон чиқиб қолди, ўғлимни қайта уйлантираман, деб ўйламаслик керак. «Яхши сўз билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан қилич қинидан чиқади». Қолаверса, яна тўй қилиш учун қанча ҳаракат ва харажат керак бўлади. Ахир олий хулқ соҳиби жаноби Пайғамбаримиз бировни асло ранжитмасдилар, инсонларнинг хушхулқлиги эдилар.

Ҳа, муҳтарам онажон ва опахон, қайноналикнинг иши оғир, юмуши мушкул! Ўзга бир хонадонда, бегона бир муҳитда ўсган қизни ўз оилангиз аъзоси, ўз болангизга айланиши учун, ўғлингиз билан бахтли, саодатли ҳаёт кечириши учун сиздан анча-мунча бағрикенглик, кечиримлилик, меҳр-муҳаббат талаб қилинади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Сизлар мусулмони комил бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Мусулмони комил бўлиш учун эса бир-бирингизга муҳаббат қўймоғингиз шарт», деганлар.

Жаннат - ҳар бир мўминнинг энг улуғ орзуси. Сиз жаннатга киришни хоҳлайсизми? Унда Расулуллоҳнинг ўгитларига амал қилинг, ўғлингизнинг эт-тирноғига, оилангизнинг аъзосига айланган келинингизга ҳам муҳаббат қўйинг, хато-нуқсонларини кечиринг, билмаганларини ўргатиб йўлингизга солинг, унинг обрўсини асранг. Ана шунда сиз комил мусулмон бўласиз, оилангизга тинчлик, тотувлик, файзу барака, фароғат ошён қуради.

 

СИЗ КEЛИН БЎЛДИНГИЗ...

 

Eгнингизда оппоқ тўй либоси - бугун сиз келин бўлдингиз. Ўзга бир хонадон сизни қучоқ очиб кутиб олди, бошингиздан гуллар сочиб қаршилади. Йигирма йил боқиб-тарбиялаб вояга етказган ўғилларининг тақдирини сизга ишониб топширди. «Ҳовлимизга келин келди, қут-барака келди, хурсандчилик келди, қадами қутлуғ бўлсин!» деб дуолар қилди. Энди сиз учун янги бир ҳаёт бошланади. Ўн саккиз йил яшаган хонадонингизни тарк этиб, бегона кишилар билан тил топишиб, эл бўлишингиз керак. Яқинларингиздан, меҳрибон ота-онангиздан узилиб эрингизнинг, қайнона-қайнотангизнинг энг яқин кишиси бўлиб қолишингиз керак. Акс ҳолда икки оилада ҳам ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик бўлмайди. Бунинг учун нима қилиш керак?

РИВОЯТ. Ҳориснинг қизи Асмо келин бўлиб куёвникига кетаётганида онаси Умома унга шундай насиҳат қилган экан: «Болажоним, севикли қизим, мени яхшилаб тингла! Агар бир қиз она ва отасининг камбағаллиги учун эрга берилиши керак бўлсайди, сен асло узатилмаган бўлардинг. Чунки отанг жуда бадавлат, катта шуҳрат ва мартаба эгасидир. Лекин ҳаёт бошқачадир. Аллоҳ бизларни яратган ва биз учун ҳаёт қонунларини берган. Ҳар бир ёшдаги инсон ана шу қонунлар чегарасида турмуш кечиради. Аллоҳ берган қонунга кўра, ҳаётга қадам қўйиш вақти келганда ҳар бир қиз бир эркакка, хожага, у эса аёлга муҳтож бўлади. Эркаклар хотинлар учун, хотинлар эркаклар учун яратилгандир. Бу - Аллоҳнинг қонуни, уни ҳеч ким буза олмайди, у қиёматгача давом этади. Шу сабабки, сен, қизим, туғилиб ўсган ва вояга етган уйингдан, яйраб-яшнаб ўйнаб юрган ерингдан ўзинг ҳам билмайдиган бир нотаниш уйга борасан, шунга қадар ўзинг яхши билмаган инсон уйига, ўз уйинг бўладиган жойга борасан.

Eй менинг жигарпорам, сен эрингга шундай хизмат қилки, у ҳам сенга қул бўлсин. Сен унга ер бўлки, у сенга осмон бўлсин! Айтганларимга амал қилсанг, эринг билан гўзал ҳаёт кечириб, масъуд, бахтиёр турмуш кўрасизлар. Айниқса, эрингнинг қариндош ва яқинларига ҳурмат кўрсат, чунки уларни ҳурмат қилиш эрнинг эътиборини, меҳр-муҳаббатини қозонмоқ, демакдир. Уларни ҳурмат қилиш - эрни ҳурмат қилиш, қадрлашдир».

Умома қизига қилган насиҳатларида эрнинг яқинларига алоҳида ҳурмат кўрсатишни таъкидлайди. Эр учун энг яқин инсон ким? Албатта уни туғиб, оқ сут бериб, қанча тунларини бедор ўтказиш эвазига авайлаб катта қилиб, мана шундай кўркам, ақлли, соғлом, бақувват йигит ҳолига келтирган она эрнинг энг яқин кишисидир. Демак, эрнинг онаси, яъни қайнонанинг ҳурматини жойига қўйиш, кўнглини олиш, хизматини қилиш лозим бўларкан.

Бу ақлли, доно қизлар учун, келинлик мажбуриятларини бошданоқ тўғри англаб олган қизлар учун энг тўғри йўлдир. Ота-боболаримиз «Гулни севган тиконини ҳам эъзозлайди», дейишади. Тиконини иззат қилмаган гул исидан бебаҳра қолади. Эрнинг борлиги, сизни суйиб-еркалаши, айтганингизни муҳайё қилиши яхши-ю, унинг ота-онаси, яқинлари «пуф сассиқ» бўлиши мумкинми? Эрнинг хешларини, айниқса, ота-онасини ҳурмат қилолмаган келин хожасининг кўнглини ололмайди, меҳрини қозонолмайди, нафратига учраб, муҳаббатидан бебаҳра бўлади. Бора-бора эрининг кўзига хунук кўриниб, оила бахтига дарз кета бошлайди. Келин - қайнонанинг маънавий қизи, қайнона - унинг иккинчи онаси, дейишади. Биринчи онангиз ўз уйингизда қолдими, демак, куёв хонадонида сиз учун энг яқин, меҳрибон, ғамхўр киши қайнона бўлади. Қайнона -ҳаётдаги йўлдошингизнинг, суюкли эрингизнинг туққан онаси, танасининг бир парчасини сизга тортиқ қилган саховатпеша, бағрикенг бир инсон. Агар у эрингизни туғиб бермаганида бу яхши инсонга завжа бўлолмасдингиз. Агар у хоҳламаганида совчи юбориб сизни келин қилмасди. Демак, сиз учун эрни қанча ҳурмату иззат қилиш лозим бўлса, унинг онасини (отасини) ҳам ардоқлаш, таъзиму риоят қилиш шунчалик зарурдир. Агар уни қайнона сифатида иззат қилолмасангиз, ҳеч бўлмаса, ёши улуғлиги учун ҳурмат кўрсатишга мажбурсиз. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом «Кимки кичикларга раҳму шафқатли, катталарга иззат-икромли бўлмаса, у бизлардан эмас», деб таълим берганлар. Мана сиз куёв хонадонига келин бўлиб тушдингиз. Қайнонангиз биринчи кунларданоқ «қизим-қизим»лаб ҳурматлаб турибди. Сиз ҳам ўша ҳурматга яраша итоат кўрсатинг, гапини қайтарманг. Унинг ёши улуғ, ҳаётда кўпни кўрган. Нима яхши-ю, нима ёмон, англаб етган. Шундай бўлгач, билмаганларингизни ўргатади, рўзғорни юритиш сирларидан воқиф қилади, эпли, тежамли, саришта бўлишдан сабоқ беради. Унинг айтганларини жон қулоғингиз билан тингланг, сизга ёқмаса ҳам, бурнингизни жийириб, лабингизни бурманг. Хўп бўлади, деб бажаришга шошилинг. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-онага яхшилик қилишни, уларга қараб «уф» тортмасликни, уларнинг сўзларини қайтармасликни буюрган. Улар олдида ўзини хокисор тутишга амр қилган. Қайнона ҳам - она, она бўлганда ҳам эр-хотин - икковингизнинг онангиз. Қайнонангиз сизни келин қилаётганида сиз билан дарров ёвлашиб қоламиз ёки душманимга айланади, деб ният қилмайди. Ҳар қандай «маршал» қайнона бўлмасин, итоатли, одобли, ҳаёли келин қаршисида қиличи синиб, сўзи тиниб қолаверади. Унинг ёшини, эрингизнинг онаси эканини, рўзғор юритишдаги катта тажрибасини инобатга олиб муомалада бўлсангиз, фақат ютасиз.

Қайнонанинг хайрихоҳлик билан ўргатган ишларига жаҳлингиз чиқмасин. Чунки у сизни камситмоқ ёки билмаганингизни таъна қилмоқ учун эмас, ўз билганини сизга кўрсатмоқ учун ўргатяпти. Бунга раҳмат айтиб қабул қилинг. Қаричилик ортиданми ёки жаҳли чиқиб турганиданми, қизишиб танбеҳ берса, аразламанг, мулойимлик кўрсатинг, сабр қилинг. Акс ҳолда муроса бузилади, дилидан қоласиз. Оилада нотинчликлар, совуқчиликлар шамоли эсиб қолади. Орада эрингиз бечора эзилади. Чунки у икки ўт орасида қолади. Бир томонда - оқ ювиб-оқ тараган, вояга етказган онаси, иккинчи томонда - ўз хонадонини тарк этиб, қолган ҳаётини эрига бахшида қилишга онт ичган суюкли ёри.

Онангиз сизга бахт тилайверса-ю, сизни турмуш, дея аталмиш катта ҳаёт синовига тайёрламаган бўлса, ҳаёт сабоқларидан таълим бермаган бўлса, овқат пишириш, нон ёпиш, кир ювиш, бола тарбиялаш каби турмушнинг зарурий юмушларини ўргатмаган бўлса, қайнонангиз айбдор эмас-ку! Қайнона ва келин можароларининг аксариятига бўлғуси келинларимизнинг енгилтаклиги, тарбиясизлиги, турмуш синовларига тайёр эмаслиги сабаб бўлмаяптимикан?

Ўзбек хонадонида, исломий тарбия кўрган оилаларда қадим-қадимдан қизларни борадиган еридаги иссиқ-совуққа, аччиқ-тизиққа кўникишга ўргатадилар. «Eнди уйинг ўша ер, у жойдан гап ташиб келма, қайнонанг билан муроса қил, сен яхши бўлсанг, хизматингни аямасанг, улар ҳам бошга кўтариб юради» қабилида насиҳатлар қилинган.

ВОҚEА. «Мен 1996 йили турмушга чиқдим. Эрим билан жуда аҳил ва иноқ эдик. Қайнонам эса ўз қизидай севарди. Аммо арзимас бир воқеа бахтимни поймол қилди, ширин турмушга оғу солди.

Ўша куни эрим ишхонасидан мукофот пули олиб, онасига кўйлак олиб келган эди. Буни кўриб феълим бузилди. «Турмуш қурганимизга уч йил бўлибди-ю, ҳали менга тузукроқ бир совға қилмади», деб ўйладим. Эримга айтувдим, «Фарзанд кўрганимизда кўйлак олиб бердим-ку», деди у бамайлихотир. Хунобим ошди. Кейин уйга борганимда ойим ярамга туз сепдилар: «Ўзи эринг орзу-ҳавасни билмаган йигит экан... Мункиллаган онасини ясантириш ўрнига оиласини ўйласа бўлмайдими? Ахир сен ёшсан, авжи ўйнаб-куладиган давринг. Ҳозир киймасанг, қачон киясан? Адашдим, адашдим, бўлмаса, ўша таги пастларга қиз берармидим...» Ойимнинг гаплари мени тамоман йўлдан оздирди. Тўнимни тескари кийиб олдим. Эрим ва қайнонам ҳайрон. Она-бола насиҳат қилишса - кар, йўл кўрсатишса - кўр бўлиб олдим. Гўё иззат-нафсим поймол, қадрим ер билан яксон, обрўйим бир пул, дилларим вайрон. Аммо қаттиқ янглишган эканман.

Хуллас, эрим ва қайнонамнинг ялиниб-ёлворишлари, панду насиҳатлари кор қилмади, ажрашиб кетдим. Ишга кириб дил яраларим тузалгандай бўлди. Аммо ўғлим «дада, дада»лаб йиғлаганида, «Тор қорнимга сиққан, кенг уйимга ҳам сиғади», деб мени ажратиб олган онамнинг энди малол кўргандай қовоқ-тумшуқ осилтириб олганида нақадар машъум хатога йўл қўйганимни тушуниб етдим. Бир парча матоҳ, деб шундай меҳрибон, яқин кишиларимдан юз ўгирганимни ўйлаб туни билан оҳ чекаман, кўз ёшларим жаладай қуйилади».

Ҳа, қайнона - хонадоннинг энг катта бекаси, хоними, эрингизнинг меҳрибон, сахий онаси. Эрингизнинг муҳаббати ва ҳурмати бошингизни айлантириб қўймасин, уйда ўзингизни хўжайин ҳис этиб ҳукм юритмоқчи бўлманг. Бу билан қайнонангиз ва ўзингиз ўртангизга совуқчилик туширасиз, чоҳ пайдо қиласиз, эрингиз ва яқинларингизнинг назаридан қоласиз.

РИВОЯТ. Алқама исмли диндор бир йигит бўлиб, у намоз ўқир ва садақа берарди. Кунлардан бир куни унинг тоби қочиб хотинини Расулуллоҳга (с.а.в.) юборди. Йигитнинг аҳволи жиддийлигини эшитиб Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрат Билол, ҳазрат Али, Салмон Форсий ва Амморларни унинг ҳузурига юбордилар. Боришса, бемор оғир аҳволда, ҳатто тавҳид калимасини айтолмай тутилиб, ғўлдираб ётибди. Ҳазрат Билол аҳволни Расулуллоҳга тушунтирди. У зот: «Ота-онаси ҳаётми?» деб сўрадилар. Ҳазрат Билол: «Отаси ўлган, кекса онаси бор», дедилар. Расулуллоҳ онасини кўриб суриштирдилар. Ниҳоят сир ойдинлашиб шу нарса маълум бўлдики, ўғил хотинининг гапига кириб онасини қаттиқ оғринтирган, хотинини онадан афзал кўриб дилини вайрон, кунини хуфтон қилган экан. Шу боис тавҳид калимасини айта олмай тили тутилган. Расулуллоҳнинг аралашувлари билан она ўлим тўшагида ётган ўғлидан рози бўлди ва у шаҳодат келтириб жон таслим қилди. Расулуллоҳ жаноза намозини ўқиганларидан сўнг қабр бошида ашобларга шундай дедилар: «Eй ашобим! Ҳар ким хотинининг сўзи билан онасини хафа қилса, хотинини онасидан устун тутса, ул одамга Аллоҳнинг лаънати бўлади. Унинг фарз ва нафл намозлари қабул бўлмайди. Ул одамнинг борар ери жаҳаннамдир». Муҳтарам келинлар, ўзингизнинг ҳузур-ҳаловатингизни деб эрингизни онасидан юз ўгиришга мажбурламанг, тантиқлигингиз ва иззатталаблигингиз билан унинг иймондан, диёнатдан ажралиб, ота-онасига осий бўлиб қолишига сабабчи бўлманг. У ҳолда сиз ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига дучор бўлишингиз аниқ!

 

ҚИЗИМ, СEНГА АЙТАМАН...

 

«Ойнаи жаҳон» орқали намойиш этилган кўрсатувлардан бирида турмуш қурганига эндигина уч ой бўлган бир келин ҳеч истиҳоласиз, уялмай-нетмай куёв хонадонидагилар унга жабр-ситам ўтказганликлари ҳақида гапирди. Ҳақли суратда шундай савол туғилади: «Сен уч ойгина турмуш қурган бўлсанг, не-не орзулар билан сени келин қилган ота-онанинг, ширин илинжлар билан сенга уйланган йигитнинг орзуларини рўёбга чиқариш, кўнглини топиш учун нима қилиб улгурдинг? Уларни қайси хизматларинг билан рози қилолдинг?»

Ўзбек хонадонида келинни қадрлайдилар, авайлайдилар. «Бировнинг боласи, кўниксин, ўргансин», дейдилар. Сен қандай келин бўлдингки, ана шу уч ойдаёқ кўникиш, кўнгил овлаш, янги хонадонга мослашиш ўрнига зулм кўрдим, дея жар солиб юрибсан? Ахир келинчаклик даври кўникиш, меҳр қозониш, уйнинг оғирини енгил қилиб, катталарнинг ва эрингнинг муҳаббатига сазовор бўлиб олиш даври эмасми? Билмаганларингни ўрганиш, танбеҳ берсалар ёки танқид қилсалар, ундан тўғри хулоса чиқариб, ўзингни оила бекалигига тайёрлаш даври эмасми? Оила бахтини ушлаб асраб қолиш кўп жиҳатдан келинларимизга боғлиқ. Аммо эри ёки қайнонаси билан орият ё «ҳуқуқ» талашадиган, биринчи кунларданоқ қайнонага ақл ўргата бошлайдиган, панду насиҳатини назарга илмайдиган, энг даҳшатлиси, беҳурмат қиладиган келинлар ўзлари билмаган ҳолда ўз бахтларига зомин бўлиб қоладилар. Ширин турмушлари заҳар-заққумга айланади. Кейин афсус-надоматлар ичра идорама-идора «ҳақиқат излашга» тушадилар.

Кўпинча ёш келинчаклар зорланиб қолишади: «Нима қилсак, қайноналаримизга ёқарканмиз, уларнинг таъна-дашномларидан, маломатларидан қутиларканмиз?» Ҳамма учун бирдай ёқишнинг иложи йўқ. Катталар ва ёшлар ўртасидаги авлодлар ихтилофи туфайли қайнонангиз билан дарров, осонгина тил топишиб кетишингиз қийиндир. Аммо сиз бировнинг хонадонига келин бўлиб, бегона бир аёлни она ўрнида қабул қилмасангиз, у билан муроса қилиш йўлларини ахтармасангиз, асло бахтли бўлолмайсиз. Эрингиз сизни қанчалик севмасин, айланиб-ўргилмасин, қайнонангизга ёқмас экансиз, оилангизда фароғат ва саодат бўлмайди. Бунинг учун нима қилиш керак? Қайнона билан тил топишиш, унга ёқишнинг ҳеч қандай яширин йўллари, сир-синоатлари йўқ. Фақат донишмандларнинг пандларига қулоқ солиш, катталарнинг насиҳатига кўникиш, қайнонани она ўрнида кўриб у билан низо чиқаришдан, ихтилофга боришдан қочиш керак. Келинг, манави ўнта ўгитни яхшилаб эслаб, унга риоя қилишга урининг:

 

КEЛИНЛАРГА ЎН МАСЛАҲАТ

 

Қайнонангиз она бўлгани, ёши улуғлиги, тажрибаси катталиги, сиздан донороқ, тадбирлироқ бўлгани учун ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйинг. Ўзингизни асло катта тутманг, итоатсизлик кўрсатманг. Чунки онанинг ўғлидаги ҳақлари бисёр. Бир киши Абу Дардонинг (р.а.) ҳузурига келиб: «Онам хотинимни талоқ этишимни талаб этяпти», деди. Абу Дардо унга бундай жавоб қилди: «Расулуллоҳ (с.а.в.): «Она жаннатнинг ўртасидаги бир эшик. Хоҳласанг, ўша эшикни бой бер, хоҳласанг, сақлаб қол», деб айтганлар».

Рўзғорнинг бор-йўғига чидамли, сабрли, қаноатли бўлишга ўрганинг, айтганингиз бўлмай қолса, жанжал кўтаришни одат қилманг. Пайғамбар алайҳиссаломнинг завжаи мутаҳҳаралари Оиша онамизнинг гапларини эсланг: «Муҳаммад (с.а.в.) хонадонидагилар Мадинага келгандан то ул зот вафот қилгунларига қадар ҳам лоақал уч кеча тўйиб буғдой нони ейишмаган. Расулуллоҳ хонадонидагилар бир кунда икки маҳал таом емагандирлар. Биз бир ойда бир марта бўлса ҳам, ўчоққа ўт ёқолмас эдик, агар аҳёнда ҳадя қилинадиган озроқ гўштни ҳисобга олмасак, ейишимиз нуқул хурмо, ичишимиз сув эди».

Ота-онангизга гап ташиб боришга, уйдаги сирларни кўчага чиқаришга одат қилманг. Бу билан қудалар ўртасидаги ҳурмат-оқибатни барбод қиласиз, турмушингизга совуқлик тушириб, эрингиз хонадонига хиёнат қилган бўласиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Барча (кишиларга дилозорлик қилиб, чақимчилик билан уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган) бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлғай», дейди. Ҳузайфадан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Чақимчи жаннатга кирмайди», деганлар.

Нима иш қилмоқчи бўлсангиз, қайнона билан маслаҳатлашинг, маблағингизни қайнона билан келишиб харжланг, тежамкор бўлинг. Чунки у рўзғорнинг паст-баландини, оила сарфиётини, қаттиқ-

қуруқни сизга қараганда яхшироқ билади. Ўзбошимчалик, итоатсизлик, пала-партишлик ўртадаги муҳаббатни барбод қилади.

Тилингизга эҳтиёт бўлинг, ёлғон сўзлашга ўрганманг. Катталарнинг иззат-нафсига тегадиган ботил сўзлар билан тилозорлик қилманг. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.): «Одамларни юзлари билан дўзахга ташланишларига фақат тиллари сабаб бўлади!» деганлар. Бир марта ёлғон гапириш билан бир умрга ишончдан чиқиб қолишингиз мумкин.

Ота-онангизни соғиниб уйингизга ёки бирор маъракага бормоқчи бўлсангиз, аввал қайнонангиздан (қайнотангиздан), сўнгра эрингиздан ижозат сўранг. Бу билан катталарни ҳурмат қилган, уларнинг кўнглини топган бўласиз. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ота-онага итоат этмоқни намозни вақтида ўқишдан кейинги Аллоҳ таолога энг маҳбуб (севикли) амал, деб ҳисоблаганлар.

Бирор ножўя иш қилиб қўйсангиз ёки қайнонангизнинг бирор топшириғини бажармаган бўлсангиз, дарров узр сўрашга одатланинг. Халқимизда «Eгилган бошни қилич кесмайди», деган нақл бор. Кечирим сўраш билан обрўингиз тушиб, мартабангиз пасайиб қолмайди. Аксинча, янада ардоқлироқ, суюклироқ бўласиз.

Қайнонанинг хизматидан асло бўйин товламанг. Чунки кўп ҳолларда жанжал-можаролар ана шу «қилди-қилмади»лардан келиб чиқади. Ахир сиз ёшсиз, ғайратингиз жойида, хизмат қилиш билан бирор жойингиз камайиб қолмайди. Бир саҳоба Пайғамбар алайҳиссаломдан «Eй Расулуллоҳ, менинг касалманд онам бор, уни ўзим овқатлантираман, сув ичираман, таҳорат қилдириб қўяман, орқамда опичлаб юраман, ҳаққини тўла адо қилибманми?» деб сўраганида, Расулуллоҳ: «Йўқ, юздан бирини адо этибсан, холос», деган эканлар.

Қайнона кўз ўнгида эрингиз билан асло апоқ-чапоқ бўлиб кўринманг. Ўғлининг сизнинг пинжингизга кириб кетаётганини сезса, «Болам иккита бўлди», деб қувонган она ўзини камситилган ҳис этади, бу унга оғир ботади. Бунинг «сабабчиси» бўлган, ўғлини «оғдириб олган» келинини ёқтирмай қолади.

10. Хонадондаги қайнсингилларингиз, овсинларингиз билан аҳил бўлишга, уларнинг кўнглини топишга ҳаракат қилинг. Қайнонага ёқишни ўйласангиз-у, аммо унинг суюкли қизларига, сиздан олдин келиб қадрдонлашиб қолган келинларига нописанд муомалада бўлсангиз, мақсадга эришармикансиз? Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Одам фарзанди учун намоз, муросасозлик ва хушхулқликдан афзал иш йўқдир». «Қизига жони ачиган келинини қарғайди», деган мақол ҳам бор. Бахт ва фароғат чўғлари устига кул тортмай, эримникида иззат ва ҳурмат кўрай, ҳаётим осойишта ўтсин, десангиз, юқоридаги ана шу панд-у насиҳатларни қулоққа олиб, бугунданоқ бажаришга киришинг. Эҳтимол, сиздан кўнгли совиб, бошини қаёққа уришни билмай юрган эрингиз учун бахт-иқбол эшикларини яна очиб бераётган бўларсиз?! Эҳтимол, келиндан ёлчимадим, дея хафсаласи пир бўлаётган қайнонангизнинг қалбида умид шулъаларини учқунлантириб юборарсиз?! Аллоҳ таоло қайнона ва келин - икковингизнинг юлдузингизни бир-бирингизга иссиқ кўрсатсин, қалбингизга меҳр-муҳаббат, ишонч, оқибат уруғларини сепиб, ризқлантирсин!

 

ИХТИЛОФ АБАДИЙМИ?

 

Нега қайнона ва келин муаммоси минг йиллардан буён инсонларнинг бошини қотириб келяпти? Нима учун хилма-хил давлатлар, бутун-бутун халқлар бир-бири билан тил топишиб, аҳил яшаётган бир пайтда бир хонадондаги икки аёл ўзаро муроса қилолмайди, бири иккинчисининг ҳаётини заҳарлайди? Бу ихтилоф абадийми? Унинг не сабаблари, омиллари, баҳоналари бор? Ана шу ихтилофга барҳам бериб, муросага келиш мумкинми?

Одамларимиз ҳали бу саволларга тўла жавоб топишганича йўқ. Бунинг сабаби - ҳаммамиз оила, никоҳ, эр-хотин муносабатлари, катталар ва кичиклар борасидаги исломий ҳақиқатлардан чекиниб кетганмиз. Шарқона ахлоқ-одобдан «ескилик сарқити», деб воз кечиб юборганмиз. Катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилмай қўйганмиз. Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичмас эканмиз, токи оиламизда чинакам муносабатларга - раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтмас эканмиз, бу ихтилофлар, жанжал-можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади.

Хўш, қайнона ва келин ўртасидаги азалий можароларга, ихтилофларга асосан нималар сабаб-баҳона бўлади? Уларни бартараф этишнинг, йўл қўймасликнинг имконлари, йўллари борми? Келинг, энди шулар ҳақида бир гаплашиб олайлик.

 

МАЪНАВИЙ ҚАСОС

 

Айтайлик, хонадонга янги келин келди. Уч кун ўтмаёқ у ўзини хизматга уради. Қайнонанинг кўнглини олиш, қайнотага ёқиш, икки ўртада эрини хурсанд қилиш учун субҳи содиқдан ярим тунгача тинмайди. Оғзидан «лаббай», «хўп бўлади», «кечирасиз» тушмайди. Қайнонасини «ойи-ойи»лаб, енгидан кириб ёқасидан чиқади, ўтқазгани жой тополмайди. Қайнсингиллари, қайнинилари ҳақида оғзидан бол томиб гапиради. Лекин ўзини минг алфозга солмасин, айланиб-ўргулмасин, барибир қайнонасига ёқмайди. Унинг мулозаматини, тили ширинлигини кўриб қайнона бир ўқраяди: «Илоннинг ёғини ялаган, айёр-да!» Елиб-югуришини кўриб яна хуноби ошади: «Шапилламай ўл, бирам шошилиб уринадики, худди ёв қувгандай». Хуллас, ўтирса - ўпоқ, турса - сўпоқ, юрсаям - ёмон, турсаям -ёмон. Нима қилиш керак? Келин бечоранинг гуноҳи нима? Асло тушунолмайди. У ёқда эр бечора ҳайрон. У-бу деса, онаизорнинг дили оғрийди. Демаса, бу ёқда айбсиз бир жувон ноҳақ зулм кўряпти.

ВОҚEА. «Турмуш ўртоғим ўз маишатлари билан бандлар. Туриб-туриб жаҳлим чиқади. Эркакларга қандай яхши! Улар эркин қуш, ҳеч ким билан ҳисоблашиб ўтиришмайди. Ҳафтада чойхонада ош. Таниш-билишлариникида тўй бўлиб қолса, икки-уч кунлаб қолиб кетаверадилар. Ойига бир марта «гап» ўйнашади. Бундан ташқари тез-тез шаҳар четига чиқиб, бошқа шаҳарларга бориб «ҳаво алмаштириб» келадилар. Оила-чи? Оила билан мутлақо ишлари йўқ. Нима бор-у нима йўқ, кимга нима керак - хаёлларига ҳам келмайди. Рўзғорга қарамайдилар. Мен ва болаларим ўзимизни ўзимиз боқишга мажбурмиз. Бир-икки бор қайнонамларга ҳасратимни очдим. Парво ҳам қилмадилар. Қайтанга аҳволимизнинг танглигидан ҳузур қилгандай эрмакладилар: «Қўяверинг, эркак киши-да! Дадангиз ҳам ёшликларида шунақа эдилар, уйга бирорта чўп кўтариб келмасдилар. Рўзғорнинг бутун ташвиши хотин бошимда менинг зиммамда эди. Аёл киши ҳамма нарсага чидаши керак. Бир кун ақли кириб қуюлиб қолар!» Ўттиздан ўтган кап-катта киши қачон қуюларкинлар? Кун ора маст-аласт келиб ўринга таппа ташлайдилар, ҳатто болаларни кўришга, улар билан гаплашишга ҳам тоқатлари йўқ. Масаланинг нима эканини тушуниб ҳам кўрмай, қайнонамнинг «аниқ маълумотлари» асосида кунда жанжал кўтарадилар, ноҳақ ҳақоратлайдилар. Баъзида калтаклайдилар. Тинчлигим йўқолиб ҳаётдан ҳам тўйиб кетдим».

Бу бир бечора келиннинг газетага ёзган арзи-додлари. Унинг айби нима? Эрнинг, қайнонанинг зулмига «миқ» демай чидаганими? Ўғлининг хурмача қилиқларидан нега қайнона хижолат бўлмайди, келинига раҳм-шафқат кўрсатиб тасалли бермайди? Ўғлини тергаш, яхши бўлишга ундаш ўрнига хотинини хўрлашга лоқайд томошабин бўлиб туради, ич-ичдан пинҳона ҳузурланади.

Бу ҳолни оддийгина қилиб «маънавий қасос», деб аташ мумкин. Бу нимаси дерсиз? Афтидан шундай қайноналар янги келин бўлиб тушганларида ё золим эрларининг ёхуд тошбағир қайноналарининг жабр-ситамларини хўп тортишган. Хизмат ва ҳурмат эвазига улардан ҳақорат ва надомат кўришган. Алам ва ситамларни чорасизликдан ичга ютишаверган. Юраклари зардобга тўлган, диллари хун бўзлаган. Аммо бирор кимса уларнинг ёнини олмаган, тасалли бермаган, кўнгил кўтармаган. Мана энди унинг ўзи қайнона бўлиб, янги келинга «ҳукмронлик» қилиш имконияти туғилганида ана шу алам ва армонлар «исён» кўтарган, ташқарига ёриб чиққан.

Бундай қайноналарнинг ўғилнинг ўз хотинига ширин муомаласини кўриб бир алами ўн бўлади: «Ахир эримнинг қамчисидан қон томарди, келинлигимда бошимга не азобларни солмаганди. Бу сўтак бўлса, хотинчасини ер-у кўкка ишонмайди, бошидан сув ўгириб ичади. Бунга йўл қўйиб бўлибман, чучварани хом санабсанлар!» Кейин келиннинг шинам, қулай ошхонада хотиржам уриниб юрганини кўриб яна алами ортади: «Таппи тутатиб, чойдиш қайнатиб роса қийналганмиз. Сувни уч чақирим наридан ташиб келардик. Булар бўлса, тайёр крандан сув олишга эринади, кир юв, десанг, қанча ноз-у фироқ. Ўлиб бўлдим бу дангаса келиннинг дастидан».

Ҳасрат-надоматларнинг чеки йўқ. Гўёки қайнонанинг келинликда чеккан машаққатлари ва азобларига ана шу ҳали она сути оғзидан кетмаган келини айбдордай. Бундай қайноналар «Аллоҳ тақдиримни шундай яратган, шукр қилайин, ҳозирги ёшларнинг бахти бор экан, биз кўрмаган кунларни кўряпти», деб қисматига рози бўлмайди, тақдирига кўнмайди. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссаломдан «Она қорнидан сизга нима тақдир қилинган бўлса, ўша бўлади», деган ҳадис бор.

 

БОЙЛИККА УЧМАНГ

 

Расулуллоҳдан (с.а.в.) ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда келтирилишича, «Келин танлаш вақтида тўрт нарсага албатта қизиқилади: қизнинг молига, ҳусну жамолига, насаб-ҳасабига (келиб-чиқишига) ва тўртинчиси - дину диёнатига. Шу охиргиси - диндорини танлагин». Ҳадисдан кўриниб турибдики, оила қурмоқчи, келин олмоқчи бўлганлар энг аввало унинг иймонли, эътиқодли, ҳалол-пок, ҳаёли ва иболи, садоқатлисини танлашлари керак. Аммо кўпинча жаноби Пайғамбаримизнинг кўрсатмалари унутиб қўйилади. Баъзилар келин хонадонининг мол-дунёсига учади. Билишмайдики, бойлик - вақтинча нарса, бугун бор, эртага йўқ бўлиши мумкин. Ота-онасининг наслу насаби ҳам келиннинг уйида қолади, янги жойига кўчмайди. Ҳусну жамол ҳам боқий эмас, йиллар уни ҳам йўқотади. Демак, келин билан келадиган нарса - унинг дини, иймони, одоб-ахлоқи, ҳаёси! Ана шундай келин олган одам, иншааллоҳ, мамнун бўлади, оиласида тотувлик, фароғат ҳукм суради. Бизлар нима қиляпмиз? Бирор жойга совчиликка борсак, энг аввало ҳовли-жойининг шоҳоналигига эътибор берамиз. Қудаларнинг бойлигини суриштирамиз. «Қизига қайси мамлакатнинг мебел-жиҳозларини сеп қиларкин?» дея бош қотирамиз. «Ўғлимизга машина миндириб қўярмикин?» деб орзулаймиз. Қизнинг хулқ-атвори қандай, дину диёнати, одоб-ҳаёси борми - бу ҳақда сўраб-суриштиришга вақт тополмаймиз. Чунки миямиз юқоридаги ҳисоб-китоблар билан банд. Кўзимизни қуданинг уйидаги жиҳозларнинг жим-жимаси тўсиб қўйган. Қулоқларимизда куёвга (яъни, ўғлимизга) қилинадиган совғаларнинг рўйхати жаранглайди. Ана шундай хонадондан не-не умидлар билан келинни ҳам тушириб келасиз. Аммо тезда ширин орзуларингиз сароб чиқиб қолганини англайсиз. Бойлигига учиб бир дарди бедавога мубтало бўлганингизни тушуниб етасиз. Келинингизнинг рўзғор юмушларига мутлақо уқуви йўқ экан. Пиширган овқатининг ҳузурини маҳалла кучуклари ва мушуклари кўряпти. Кир ювиш машинасининг носозлиги баҳона бу иш ҳам қайнона зиммасида. Уй тутишни гапирмаса ҳам бўлади - хонасига кириб бошингиз айланади. Ўргатмоқчи бўлсангиз, ғалвага қоласиз - «Вой-дод, қайнонам тергаб менга кун бермаяпти». Индамай ўзим қилаверай, десангиз, яна жанжал - «Вой-дод, қайнонам менга ҳеч нарсани ишонмайди, ҳатто ошхонага ҳам йўлатмайди». Нима қилишга ҳайронсиз. «Ҳўл бало», «ёрилмаган яра», деганлари шу бўлса керак-да!

Бу ҳам майли-я, катта охурдан «ем» еб ўрганган келин унча-мунча нарсани назарга илмайди, кеккаяди. Ўғлингиз келтирган кўйлакни «Шу ҳам мато бўлдими?» деб бир четга отади. Бир ҳафталик гўштни қозонга ташлаётганини кўриб «Қизим, сал тежамли бўлайлик, қайнотангиз ва эрингизнинг топиши ўзингизга маълум», деб гап очишингиз билан бобиллаб беради: «Вой, мунча қурумсоқ бўлмасаларинг, уйимизда қозонга тушадиганининг ярмини соляпман-ку!» Хуллас, оиладаги ҳамма нарсани пул билан ўлчайди, ўз хонадонидаги тартиблар билан тенглаштиради. Кўнглидаги иш бўлмаса, жанжал-ғавғога зўр беради.

РИВОЯТ. Бир вақтлар Бағдодда юз берган кучли ёнғинда бир бойнинг ҳамма топгани, мол-мулки ёниб кул бўлди. Бутун мол-дунёсидан бир зумда ажраб қолган бой Бағдод кўчаларида фарёду фиғон чекиб йиғлаб юрибди. Унинг ҳолатини кўрган бир оқил киши уни тўхтатибди: «Кап-катта одам йиғлаб юргани уялмайсанми?» Бой: «Ахир барча мол-мулким бир пасда ёниб тамом бўлди, мен йиғламай, ким йиғласин!?» дебди. Кўпни кўрган оқил киши сўрабди: «Уйдаги умр йўлдошинг яхшими, кўнглингдаги аёлми?» Уйи ёнган киши жавоб қайтарибди: «Ҳа, бу жиҳатдан бахтим бор. Аллоҳга шукрки, фаросатли, солиҳа, эпли хотиним бор!» Шунда ҳалиги оқил киши хитоб қилибди: «У ҳолда нега йиғлайсан, нодон?! Сен-ку озгина ҳаракат қилсанг, йўқотган бойлигингни қайта топарсан, мен каби бир ақли калта, тили узун, жағи тинмас, бефаросат хотинга уйлангин, ана ўшанда биласан ҳақиқий фалокат нималигини!»

Ҳа, муҳтарам онахонлар, келин излаб юрганингизда уни бой-бадавлат хонадондан топсам, ўғлим бахтли бўлади, деган хаёлга борманг. Бойлик, мол-давлатнинг ўзи ҳеч қачон бахт-иқбол эшикларини очиб беролмайди. Келинингиз оқила, одобли, саранжом-саришта, яхши фазилатли бўлсагина, у билан хонадонингизга хотиржамлик, роҳат-фароғат кириб келади.

 

КАМБАҒАЛЛИК АЙБ ЭМАС!

 

Гоҳо ҳаётда юқоридаги воқеаларнинг тескариси ҳам бўлиб туради. Сиз анча ўзингизга тўқ, тўрт ёнингиз тугал хонадоннинг бекасисиз. Аммо келинни олган жойингиз рўзма-рўз кун кўрадиган, рўзғорини қўл учида тебратиб юрган оила чиқиб қолди. Одатда бундай хонадонлардан олинган қизлар эсли-ҳушли, оилам, эрим, рўзғорим, деб жон куйдирадиган, борган жойига тошдай чўкадиган, хизматни дўндириб, йўқни йўндириб, барчанинг кўнглини оладиган эпчил ва уддабурон келинларга айланишади. Фақат уларнинг камхаржлигини, ночорлигини бетига солмасангиз, арзимас майда-чуйдалар деб иззат-нафсини койитмасангиз, ҳар бир ишда икки хонадон ўртасидаги фарқни сездирмасликка уринсангиз, иншааллоҳ, унинг оиладагиларга бўлган меҳр-муҳаббати ортаверади. Қудаларингиз янада яқинлашиб боришаверади. Хонадонингизни уриш-жанжал, баҳс-можаро тарк этади.

РИВОЯТ. Ҳазрати Умар (р.а.) Мадина кўчаларини айланиб юрар экан, бир хонадонга яқинлашганда аёл кишининг шундай деганини эшитиб қолибди: «Қизим, озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўриняпти». Қизи: «Вой онажон, нималар деяпсиз, амирал-мўминин сутга сув қўшманг, деб буюрган-ку!» - дебди. Онаси айтибди: «Қизим, биласанки, тирикчилигимиз сут билан ўтади, уни кўпайтирсак яхши бўлади. Мен бир беваман, бошқа даромадимиз йўқ». Қизи: «Гапингизни халифа эшитса, нима бўлади?» дебди таажжубланиб. «Қизим, кечаси бу вақтда халифа ухлаб ётган бўлади, сув қўшганимизни қандай кўради?» дейди онаси. Шунда доно қиз онани шу сўзлар билан гуноҳдан қайтаради: «Онажон, бугун сизга бир нарса бўлибди, агар сиз айтган ҳийлани халифа кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ кўриб, билиб турибди-ку! Наҳот сиз гуноҳга йўл қўйсангиз?!»

Ҳазрати Умар бу суҳбатни охиригача эшитди. Эртасига эрталаб ўша хонадонга бориб Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғлига сўради. Бутун мусулмон оламининг амири бўлмиш ҳазрати Умар ўғлини фақир қизга уйлантирди. Ўша муборак келиндан шундай фарзандлар дунёга келдики, улардан бири бобоси каби адолатни севувчи, Аллоҳдан қўрқадиган, тарихда «Иккинчи Умар» номини олган Умар ибн Абдул Азиз эди.

Кўрдингизми, келиннинг яхши чиқиши, авлодларингизнинг рисоладаги инсонлар бўлиб етишуви мол-дунё, бойлик, аллақандай латта-путталар билан ўлчанмас экан. Аммо ҳозирги кунимизга назар ташласак, бунинг ғирт аксини кўряпмиз. Ҳали хонадонингизга келинни тушириб келмай туриб, қудаларингизнинг қизига қилган сеп-сидирғаси ўртага ташланади. Маҳалла-кўй, қавми-қариндош ҳисоб-китобга тушиб кетади: «Бу кўйлаги арзон матоҳ экан». Бирови ҳасаддан, бирови кўролмасликдан, бирови тушунмаганликдан, яна бошқаси сизга душанликдан ичингизга ўт ёқади, гиж-гижлайди: «Вой, паст бўлмай ўлсин, куёвга қилган сарпосини қаранг», «Нима бало, мебелни арзон моллар дўконидан олганми?», «Сизни ҳурмат қилмас экан-да, манави кўйлакнинг аҳволини кўринг!» Шунақа гаплар билан тўй ҳам татимайди, келиндан ҳам ичингиз чиқмайди. Бу кайфият тез орада ўртадаги муносабатларга ҳам кўчади. Қилдан қийиқ қидириб келинингизга заҳрингизни соча бошлайсиз, уйидагиларни ёмонлайсиз. Оқибатда можаро-ғишава, ҳамманинг дили хуфтон.

Қизининг тинчимаётганидан ташвишга тушган қудаларингиз энди типирчилаб қолишади. Ҳамма нарсани ўз ўлчовлари, ўз дунёқарашлари, ўз идроклари билан баҳолаб юрган қудалар сизнинг тушунчаларингиз бошқача эканини тушуниб етишгач, энди ўша «бой берилган» кемтикнинг ўрнини тўлдириш ҳаракатига тушиб қолишади. Зир югуриб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, машғулотларини ташлаб, Аллоҳ буюрган ибодатларни ҳам эсдан чиқариб, пул топишга киришиб кетишади. Пул топишолмаса, қарз-ҳавола қилиб бўлсаям, қизларига янги сарполар қилишга, хорижий мебел топишга, ҳайит-байрамларда қўша-қўша сават-тоғоралар тўлдиришга уннашади. Бирор баҳона топиб турли «йўқлов»ларни ташкил этишади. Кечагина «Қиз бахти молда эмас», деб юрган бечоралар энди сизнинг ноғорангизга ўйнашга, сиз ўргатган ашулани айтишга мажбур. Шундай қилмаса, қизининг турмуши татимайди, боши ғавғодан бўшамайди, оромлари йўқолади.

Ваҳоланки, Ислом динимиз бундай ёмон илатларни қоралайди. Ҳар бир ишда инсоф, адолат бўлишини талаб этган. Фақирликни, қўли қисқаликни айб санамаган.

 

МОЛПАРАСТЛИК ИЛЛАТИ

 

Ота-оналар қизларини турмушга узатишга тайёргарлик кўрар эканлар, аввало унга сеп йиғишади. Қўша-қўша кўрпа-тўшаклар, қимматбаҳо хорижий мебел тахламлари, тилло тақинчоқлар, бир неча сидирға кийим-кечаклар, хуллас, ҳар қандай бақувват оила бошлиғининг белини синдириб, елкасини қайиштириб юборадиган сарф-харажатлар керак. Биз келин-куёвнинг янги рўзғорини тиклаб олиш учун зарур бўлган бир сидирға кийим-кечак, энг керакли рўзғор буюмлари ҳақида сўз юритаётганимиз йўқ, бу ишда «мен сендан ўтаман» қабилида исрофгарчиликка йўл қўйиш, керак-нокерак, ортиқча буюмларни сотиб олиш учун қанча вақт оилани ҳамма нарсадан қантариш, номчиқарга, дабдабавозликка интилиш мақбул эмаслигини айтмоқчимиз. Ваҳоланки, ана шу қўша-қўша анжом-буюмлар ҳеч қачон қизингизни бахтли қилолмайди, оилада пайдо бўладиган келишмовчилик, ихтилофларнинг олдини ололмайди. Аксинча, мол-давлат кўпинча ёшлар орасини бузади, кўнгилсизликларни келтириб чиқаради. Кўпинча, ҳатто тўй бошланмасдан туриб «манави нарсани қилмабди» ёки «оз қилибди», «сифатсизини қўйибди», деган бемаъни даъволар билан қанча кўнгилхираликлар бўлганига, қудаларнинг ёвлашиб қолганига, энг ачинарлиси тўйлар бузилиб, икки ёшнинг бахт-иқболига зомин бўлинганига нима дейсиз?! Ахир келин-куёвнинг аҳиллиги, бир-бирига муҳаббати, оқибати қайси замонда, қайси юртда мол-мулк, бойликка боғлиқ бўлган?

РИВОЯТ. Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак одатларидан бири - ҳар гал сафардан қайтганларида энг севикли қизлари ҳазрати Фотиматуз-Заҳрони кўргани, ҳол-аҳвол сўрагани борганлар. Бир куни ана шундай сафардан қайтганларида ҳазрати Фотимани кўргани уйига келибдилар. Қарасалар, қизлари ўз болаларига кумуш узуклар, билагузуклар тақиб, уйининг деворларига чиройли пардалар осиб қўйибди. Шунда жаноби Пайғамбаримиз уйда тўхтамай қайтиб кетибдилар. Фотима онамиз муҳтарам оталарининг нима сабабдан кетиб қолганларини тушунибдилар. Дарҳол пардаларни, безакларни соттириб, пулини камбағалларга садақа қилибдилар. Демак, Пайғамбар алайҳиссаломнинг уммати бўлган ҳар бир мусулмон ана шундан ибрат олиши, мол-дунё васвасасига учмаслиги, молпарастлик орқасидан фарзандларининг турмушига оғу солмаслиги керак. Ўткинчи дунё истаклари, ялтироқ кийимлар, шоҳона уй-жойлар, анвойи жиҳозлар, олтин занжирлар севги аломати эмас, балъакс фарзандларни маънавий жиҳатдан ўлдириш демакдир. Ахир ҳазрати Пайғамбаримиз севикли қизларига қарата: «Ё Фотима, бу ипакларни кийганлар, олтинларни таққанлар охиратни кўрмайдилар», деганларини бир эсланг! Айниқса, ҳозирги бозор шароитида молпарастлик, бойликка ружу қўйиш, кимўзарга дунёсини кўз-кўз қилиш халқимизга қимматга тушяпти. Қанча оилалар арзимас матоҳлар, деб бошланган жанжаллардан пароканда бўляпти. Қанча келинларимиз бошида маломат ва зулм қамчилари ўйнаяпти. Қанчалаб ота-оналарнинг бир маромдаги ҳаётлари издан чиқяпти, куёвларнинг дунёсини қоронғу қиляпти. Наҳот ана шундай кулфатларга сабаб бўлувчи молпарастлик балосидан қутилиш, исломий талабларга кўра ҳар ишда қаноатли, камтар бўлиш шунчалик мушкул иш бўлса?!

ВОҚEА. Яқинда таҳририятларнинг бирига 20-22 ёшлардаги бир жувон кўз ёши қилиб келиб қолди. Нима воқеа бўлганини суриштиришди. Маълум бўлишича, бу қиз бундан уч йил муқаддам Акрамжон исмли йигитга турмушга узатилибди. Тўйдан кейин билса, эри бундан аввал ҳам уйланган, кейин онасининг зуғуми туфайли ва оиладаги жанжаллардан безор бўлиб хотинини битта боласи билан уйдан ҳайдаган экан. Эридан ажралиш сабабини сўраса, «Жа бой хонадон эди, бирортамизни менсимай қўйди. Ғиринг, десак, дадаси ўғилларини етаклаб келиб дўқ қилади. Охири онам «Қўйсанг ҳам, қўясан, қўймасанг ҳам», деб ҳайдатиб юбордилар. ЗАГС ҳам қирқилди, алимент тўлаяпман. Мана сени топиб уйлантириб ҳам қўйдилар», дебди. Уч йилча эри билан жуда аҳил яшашибди, бир ўғилли бўлишибди. Кичик уканинг уйлатилиши баҳонасида ярим йил муқаддам ижарага уй олиб чиқиб ҳам кетишибди. Бу ёқда бозор-бозор, деган гаплар чиқиб, эри тижорат билан ҳафталаб бошқа шаҳарларга кетаркан. Яқинда эрдан дарак бўлавермагач, қайнонасиникига борибди. Не кўз билан кўрсинки, эри эски ҳовлида аввалги хотини билан ярашиб олиб бемалол яшаётганмиш. Ҳайрон бўлиб бунинг сабабини қайнонасидан сўраса, «Ўғлим сизга уйлангандан буён косаси оқармади. Бунақа камбағал эканликларингни билганимизда келин ҳам қилмасдик. Манавинақа турмуш оғирлашиб кетди, аввалги эркак қудамиз ўғлимни ёнларига олиб қўллаб турмоқчи бўлдилар», деб бепарво тураверибди. «Eнди мен қайга бораман, дардимни кимга айтаман?» дейди жувон кўз ёшларини дув тўкиб. Дарҳақиқат, кимга? Ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган қайнонагами? Ўғли ва хотинини беш кунлик дунё матоҳига алмаштириб юборган бемеҳр эргами? Ёки сўраб-суриштирмай ёшгина қизини шундай молпараст кишиларга ишониб бериб юборган ота-онагами? Кимга?! Илгари ота-оналар янги турмуш қурган фарзандларининг рўзғорини ажратишар экан, бир сидра уй-рўзғор анжом-асбоблари, ун, гурунч, ёғ каби масаллиқлар билан таъминлашган. Шу тариқа ёш оила ўзини тиклаб олган, сармоясига барака кирган. Ҳозирда-чи? Ота-оналар болаларига қимматбаҳо мебеллар, ҳатто машиналар совға қилишяпти, шоҳона уйлар қуриб беришяпти. Аммо рўзғор тебратиш, маблағни тасарруф этиш, қизларга уй тутиш, овқат пишириш, нон ёпиш, бичиш-тикиш каби энг зарур юмушларни ўргатишмаяпти. Оқибатда ёш келин-куёв турмушнинг арзимас муаммолари олдида довдираб, сан-манга боришяпти, ҳатто ажралиб кетишяпти. Ҳайит, байрам арафаларида қуданикига «Ҳайит йўқлов» жўнатишдаги исрофлар, кимўзарга беллашувлар, бир-бирига солиштириб кўриб чиқаётган ғавғо-дилхираликлар, «Қизим тинч ўтирса бўлди», деб бор-будини совуриб, қарзларга ботиб қилинган йўқловлар қизга ҳеч қачон бахт келтирмаслигига тушуниб етиш ва булардан воз кечиш пайти келмадимикан?

 

ВАЙРОН ҚАСР

 

Хонадонингизга келин келди. Балоғатга етган, ота-онасига ардоқли, суюкли бир қизнинг ўз ошёнини ихтиёрий тарк этиб, сизнинг уйингизда яшай бошлашга нима мажбур қилди? Бундан мурод - у сизнинг ўғлингиз билан турмуш, деган улкан қасрни бирга қурмоқчи, ҳаёт давомийлигини таъминламоқчи. Бу Аллоҳнинг амри, Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига бўйсунган муслима аёлнинг фидойилиги, садоқати. У эр олдидаги бурчларини бажармоқ учун эри ва яқинларининг хизматига ҳозиру нозир. Бу йўлда ҳар қандай қийинчилик ва синовларга чидайди. Ана шу эр туфайли қайнона ва қайнотани ўз ота-онасидан аълороқ севади ва ҳурмат қилади. Эрига эҳтироми сабабидан унинг ини-сингилларини иззат қилади. Бу унинг мазлумалигидан ёки тили қисиқлигидан эмас, балки оилага, эрига ишқи ва садоқатидандир. Эр бўлмаса, унинг учун бу хонадон ғамхонага, унинг ота-онаси-ю яқинлари шунчаки ҳамхонага айланади. Эр бўлмаса, унга турмушнинг қизиғи қолмайди, ҳаётнинг маъниси кетади. Аммо айрим хонадонларда қайноналар тўйдан кейиноқ ўғилларини келиндан қизғанадилар. Тўғри, уларнинг аҳволини тушуниш керак. Кечагина онасини ўтқазгани жой тополмаётган, меҳрибонлик кўрсатаётган ўғил бугун бошқа бир аёлни ардоқлай бошлади. Демак, меҳр иккига бўлинади. Бу эса қайнонанинг иззат-нафсига тегади, ўзини камситилган ҳис этади. Буни англаган айрим ҳушёр йигитлар оналари ҳузурида хотинга нисбатан сал «қировида» туришади. Муомалада кўпда рўйхушлик кўрсатишмайди. Оналарига асло хотинларини, унинг уйидагиларни мақташмайди. Аксинча, камситиб туришга ҳаракат қилишади. Бу аҳволни кўрган она келини томонга ўтиб олади. Сал кўнгли бўшроқлари хотинига «қўполлик» қилаётган ўғилларини тергашга, танбеҳ беришга киришадилар. Оиласи бузилиб кетмасин, деб кўз-қулоқ бўлиб туришади. Аммо баъзи йигитларимиз бор: биринчи кунларданоқ ота-она олдида хотинга алоҳида илтифот, иззат-икром кўрсата бошлайдилар. Тўғри, уни севасан, у сенинг жуфти ҳалолинг. Ҳурматини жойига қўйиб, айбини яшириб, хулқини ошириб кўрсатишинг шарт. Лекин бу иш, айниқса, қайнона ҳузурида бўлмаслиги керак. Айрим оналарнинг ўз ўғилларини келиндан қизғаниши улар табиатига хос нарса эканини бир дам ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Шунинг учун, муҳтарам куёвлар, она ва хотин ўртасида муносабатлар издан чиқмаслиги учун сиз бироз «иккиюзламачироқ» бўлишингиз, эркаклик ролингизни қиёмига етказиб ўйнашингиз керак. Хотинингизни майда-чуйда ишларда ҳам онангиздан маслаҳат сўрашга, унга доимо итоатда бўлишга ўргатинг. Ҳеч қачон катталар ҳузурида унга алоҳида эътибор, илтифот кўрсатманг. Сал «виқор билан» туринг. Бирор совға ҳадя қилмоқчи бўлсангиз ҳам, уни ўзига топширмай, онангизга беринг. «Шуни келинингизга атаб олувдим, хоҳласангиз, берарсиз, бўлмаса, ўзингизга қолдирарсиз», деб бемалол айтаверинг. Ҳар бир қайнона ана шу гапдан кейин совғани ўзи олмай, келинига топширади. Чунки келин олдида тили қисилишини хоҳламайди.

ВОҚEА. Ҳидоят хола ўғли Эркинни отасиз катта қилди. Ёлғиз ўғил бўлгани учун ер-у кўкка ишонмасди. Икки қизини аллақачон узатиб қутилган. Ўзи емай, ўғлига илинди, кийим-кечакда ўкситмади. Сут заводида оддий ишчи бўлишига қарамай, кўчадаги тенгдошлари ичида унга биринчи бўлиб велосипед олиб берди. Мактабни тугатиши биланоқ югу-югур қилиб политехника институтига жойлаб қўйди. Иккинчи курсда бир ҳамкасбининг сулувгина, сарвқомат қизига уйлантириб ҳам қўйди. Тўйдан кейин икки-уч ой ўтмаёқ Ҳидоят хола келин олиб кўнгли тўлмай, ҳасратини кимга очишни билмай, боши қотиб қолди. Сабаби келин ҳали боши кириб келмай, хонадонда ўз тартибларини ўрнатишга киришди. Биринчи кунлари ёшлар оналари билан чой ичишар, кечқурунлари алламаҳалгача ўтган-кетганлардан гаплашиб, телевизор кўриб ўтиришарди. Орадан кўп ўтмай, келин-куёв алоҳида нонуштага ўтиришни бошлади. Кечқурун ҳориб ишдан қайтган холанинг олдига келин «дўқ» этказиб косадаги овқатни қўйиб чиқиб кетарди. Телевизор ҳам уларнинг хонасига «кўчди». Ёшлар қўлтиқлашиб ҳали кинога, ҳали меҳмондорчиликка жўнашади, ҳали шаҳар ташқарисига бориб ҳордиқ чиқаришади. Бу мустақиллик эмиш, ёшлар мустақил яшаши керакмиш. Хола аввалига чидади, «Кел, инсофга келиб қолар», деб ўзини овутди. «Ҳеч бўлмаса, ўғлим онасини унутиб юбормас», деб умидвор бўлди. Қаёқда дейсиз? Кундан-кун баттар, деганларидек аҳвол яхши томонга ўзгармасди. Шунда Ҳидоят холанинг бардоши тугаб, тўнини тескари кийиб олди. Келинни ёмон кўриб қолди. Ҳар бир ишидан нуқс топди, уйдан бездириш ҳаракатига тушиб қолди. Ишнинг пачаваси чиққанини кўриб келин шошиб қолди. Ўғли тавба-тазарру қилиб онасининг дилини юмшатмоқчи бўлди. Маҳалла-кўй, қудалар ўртага тушишди. Йўқ, хола асло ён бермади. Қанчалик оғир бўлмасин, ўғлини ўзига ағдариб олган келинни ҳайдатиб тинчиди. Кўрдингизми, бечора қайнонанинг кўзига не-не умидлар билан олинган келин ҳам, қанча сарфу харажатлар билан қилинган тўй ҳам, ўзининг маҳалла-кўйдаги обрўси-ю, ўғлининг бахт-саодати ҳам кўринмади. Чунки у энг катта бойлиги - кўз қорачиғидай авайлаб вояга етказган ўғлидан ажраб қолганини тушуниб етганди. Келин бола она учун ёлғиз ўғил ҳамма нарсадан азиз, ардоқли эканини англолмай, катта хатога йўл қўйганди. Бу хато эса турмуш, дея аталмиш фароғат қасрини вайрон қилиб ташлади. Вайроналарда эса чинакам бахт ҳеч қачон ошён қурмайди.

 

РАШК БАЛОСИ

 

Қайноталарни оилада келинларнинг ҳимоячиси, ёш оиланинг посбони, дейиш мумкин. Сабаби никоҳ тўйининг қиз танлаш, сеп-сидирға томонлари аёл зиммасига тушса, тўйнинг асосий харажатлари, уни уюштириш, келин-куёвни уй ва жиҳозлар, рўзғор буюмлари билан таъминлаш оиланинг хожаси ҳисобланган эркакнинг чекига тушади. Шунинг учун ҳам у оиланинг мустаҳкам, келин-куёвнинг аҳил, тотув бўлиши учун қайғуради. Шу мақсадда кўпинча оилавий можароларда келинни ҳимоя қилишга уринади. Қайнона ва келин можароларида адолат тарозиси билан иш кўради. Эрларнинг бу «қилиғи» кўпинча қайноналарга ёқмайди. Ўттиз йил, қирқ йил бирга яшаган, ҳамма ишда сирдош ва ҳамкор бўлган кишининг бирданига кеча келган келин томонга ўтиб олиши, ғишаваларда кўпроқ унинг ёнини олиши, гоҳида эса келинни ҳимоя қилмоқ учун ўз хотинига қаттиқ-қуруқ тегиши ўз-ўзидан қайнонанинг иззат-нафсига тегади. Ўзини хўрланган ҳис этади, ҳимоясиз қолгандай туюлади. У бунинг сабабларини юқоридаги ҳолатлардан изламайди-ю, бошқа «далиллар»ни ахтаришга тушади. Бу «далиллар»нинг таги пуч бўлса ҳам, қайноналар унга маҳкам ёпишиб олишади. «Ёнини оляптими, демак, унда кўнгли бор» ёки «Шунча йил турмуш қуриб, бир-биримизга сирдош бўлиб, қариган чоғимда ёқмай қолибман-да, шу зумраша мендан азиз бўпти-да» ёхуд «Бир балоси борки, келинига ширинсўз бўлиб қолди, менга бирор марта бунақа меҳрибонлик кўрсатмаганди» ва шунга ўхшаш «таҳлил»лар, шубҳалар, ғашликлар уларнинг қалбини кемириб, ниҳоят «барча кулфатларда келин айбдор», деган хулоса чиқаришга олиб келади.

ВОҚEА. Маҳалламиздан узатилган Машкура исмли қизнинг турмуши ярим йилга бормай бузилиб кетди. Бунинг сабабини сўраганларга шўрлик ота-она нима деб жавоб қайтаришга ҳайрон. Уларнинг ялиниб-ёлворишлари ҳам, маҳалладаги баобрў одамларнинг ўртага тушишлари ҳам - ҳеч нарса ёрдам бермади. Охири келиннинг кўч-кўронини куёвникидан йиғиштириб келишди. Машкуранинг ўзи ҳам ҳайрон, «Орамиздан ҳеч гап ўтмаганди, Анвар акам билан жуда аҳил эдик, ота-оналарини ҳам жуда ҳурмат қилардим», деб йиғлармиш, холос. Кейин суриштиришса, қайнона келинини ёқтирмай қолибди. Оиланинг эркакларига «Ё шу келин туради бу уйда, ё мен», деб кескин шарт қўйибди. Куёв бечора «Келинингизнинг айби нима ўзи?» деб сўраб балога қолибди. «Ё хотинни қўясан, ё дуоибад қиламан, оқ қиламан, бир умр рози бўлмайман», дебди она. Эри ҳам ҳайронмиш. «Ҳеч бўлмаса, нима гап ўтганини мен билиб қолай, ахир қудаларимизга бирор баҳона айтиш керак-ку!» деб сўраса, «Қўли эгри, денг, ёлғончи, денг, хуллас, бирор гап топинг. Агар у қоладиган бўлса, унда мен кетаман», деб қўрқитибди. Хуллас, оила бузилиб кетди, ширингина турмушга оғу томди. Бу машмашаларнинг ҳаммасига қайнота шўрлик ўзи билмаган ҳолда «айбдор» бўлиб қолган экан. Хушрўйгина, доногина, эпчилгина келинни у оталарча меҳр билан яхши кўрган, «сиз-сиз»лаб эркалаган, юмуши кўпайиб кетса, хотинини турғизган. «Ахир бировнинг боласи, янги келин, жа зулм қилиб юбормайлик, сен ҳам мундай қарашвор», деб ёнини олган. Оила даврасида «Келиним зўр-да, саранжом-саришта, имога дик этиб югуради», деб мақтаган. Буларнинг ҳаммаси тошни тешган томчи янглиғ аста-секин қайнонанинг асабини пармалай бошлаган. Аввал шунчаки ғаши келган. Кейинчалик ҳасад ўти, рашк балоси чирмай бошлаган. Бу оғриқлар чидаб бўлмас ҳолатга етиши билан ҳеч бир гуноҳсиз ёшгина келин унинг ёвуз душманига айланган. Икки ёвнинг бир жойда туриши мумкин эмас. Ҳар жиҳатдан ҳимоясиз, содда жувон шундай қилиб рашк балосининг қурбони бўлган. Қайнона эрини келинидан қизғаниб нима қилиб бўлса-да, уни йўқотиш пайига тушган ва бунга эришган ҳам. Демак, юқоридаги воқеадан қайноталар ҳам, қайноналар ҳам, келин-куёвлар ҳам бараварига тўғри хулоса чиқариб олишлари керак бўлади.

 

ҲАММА ҚИЗЛАР ЯХШИ-Ю...

 

ВОҚEА. Назокат оилада ёлғиз қиз. Дадаси Абдусамад ака қурилиш трестида бош ҳисобчи, онаси Манзура опа савдо уйида иқтисодчи. Гоҳида Абдусамад ака хотини билан ғижиллашиб қолса, бунинг сабабчиси албатта Назокат бўлади. - Қизингни жуда эркалатиб юборяпсан, ҳали бир жойга борса, юзимизни ерга қаратади, - дейди дадаси куюниб. - Сизнинг ишингиз бўлмасин. Ёлғиз қизимни хўрлатиб қўймасман. Тўйигача уч-тўрт кун ўйнаб олсин, - деб овутади онаси. Бахтини қарангки, Назокат Умида хола деган тул аёлнинг якка-ю ёлғиз ўғли Аброрга турмушга чиқди. Қайнонаси уч боласини ерга қўйгани учун «Болам иккита бўлди», деб Назокатни ер-у кўкка ишонмас, Аброр бўлса, шундай қизга рўпара бўлгани учун тақдирига шукрона айтарди. Қайнона келини билан ўғлига кўз тегмасин, дея тинмай исириқ тутатарди. Келин-куёв ишга бирга кетиб, бирга қайтишади. Ҳаммалари бахтиёр эди. Бир куни Аброр ишдан эртароқ қайтса, онасининг кўзидан ёш қуйилиб, пиёз тўғраб ўтирибди. - Ҳа, онажон, ўзингиз уриниб қолибсиз? - сўради ўғил. - Болам, сизларга бир манти қилиб берай, деб ҳаракатга тушиб қолдим-да. - Ҳадемай келинингиз келиб қилар. Қўйинг, сиз уринманг. Она бир дам сукут қилди, кейин мийиғида кулиб шундай деди: - Одам қариганида у-бу овқатни қўмсайдиган бўлиб қоларкан. Бир-икки бор манти қилайлик, десам, гапим эътиборсиз қолди. Болам бечора манти қилолмаса керак, деб ўзим уннай қолдим. Ҳозирча куч-кувватим бор, худога шукр. Аброр ичкарига кирди-ю хаёл суриб қолди. Ойиси бечора келин олиб ҳам тинчимаса! Ахир келин олсам, хизматимни бажарса, деб орзу қилмаганмиди? Назокат келганида Аброр мулоҳазаларини айтди. Айтди-ю балога қолди. - Нима, мен ўйнаб юрибманми? Эртадан-кечгача уйда бекор ўтирадилар. Нима қипти овқат тайёрласалар, осмон узилиб тушиптими? - Ахир тушунгин, Назокат! Ёшлари бир жойга бориб қолган, бунинг устига касалмандлар. - Бунақа экан, ишлатмасинлар эди. - Ҳеч ким ишлашингга қарши эмас. Аммо ишлаганлар уйида меҳмондек юрмайди-ку! - Ҳа, мен шунақаман, чидасанглар, шу, бўлмаса... Шунчаки бошланган гап жанжал билан тугади. Не машаққатлар билан тайёрланган овқат ейилмай қолиб кетди, келин «Ўғлингга шикоят қилгунча ўзимга айтмайсанми?» деб она бечоранинг дилини хуфтон, кўнглини вайрон қилди. Бунга ҳам чидамай уйига аразлаб кетиб қолди. Бир ҳафтагача келмади. Сўроқлаб борган Аброрни қайнонаси роса «тузлади»: - Ҳа, шунча вақт ёққан энди «пуф сассиқ» бўлиб қолдими? Сизларга тушиб қолган қизимиз йўқ. Не қийинчилик билан катта қилганмиз, яна боқиб олишга қурбимиз етади. Маҳалла-кўй аралашиб Назокатни олиб келишди. Лекин у икки ой ўтмаёқ, яна жанжал чиқарди. Яна машмаша, яна пўписалар, панд-насиҳатлар... Аммо Назокатнинг кўзи очилмади. Ажралишга ариза берди. Аброрнинг «Болани тирик етим қилмайлик», деган илтижолари ҳам қулоғига кирмади. Орадан кўп вақт ўтмай, Аброр қайта уйланди. Назокат ҳамон ишлаяпти, ўғли боғчага қатнаяпти. Эҳтимол турмуши яхши ҳам бўлар. Лекин ўғли-чи? Энди у кимни дада, дейди, қачонгача унинг «узоқ сафардан қайтишини» интизорлик билан кутади? Ахир у улғаяди, ҳамма нарсани тушуниб олади. Унда кимни айблайди? Ҳаётга, оилага енгилтаклик билан қараган, ҳамма нарсани ўз роҳатидан устун қўйган онасиними ёки оиласи учун қатъият, тадбиркорлик кўрсата олмаган отасиними? Мана битта оила бузилиб кетди. Агар келинимиз бир гапдан қолганида, уйдагилар билан муроса қилиш йўлларини ахтарганида, ёши улуғ қайнонасини ҳурмат қилиб, хизматини аямаганида оила инқирозга учрамас, ўртада бола тирик етим бўлмас, эр қайта уйланмас эди. Жиндай муросасизликнинг баҳоси ана шундай қиммат бўлди. Халқимиз «Оила қуриш - нина билан қаср барпо қилишга тенг», дейди. Дарҳақиқат, оиланинг, турмушнинг, рўзғорнинг минг бир машаққати, синовлари бор. Унга тайёр бўлмаган, уйларида эрка, тантиқ, ишёқмас бўлиб ўсган қизларимиз келин бўлган жойларида дарров «фош» бўлиб қолишади. Ўз камчилик-нуқсонларини тугатиш, билмаганларини ўрганиш, оиладаги икки-уч кишининг кўнглини олиш ўрнига дарров «ҳуқуқларини» талаб қилишга, ўз «ҳукмронликларини ўрнатишга», бўлар-бўлмасга можаро-жанжал чиқаришга ҳаракат қиладилар. Билмайдиларки, турмушга чиқишнинг ўзи бахтлилик, фаровонлик асоси эмас. Бахт машаққат, сабот, қаноат, фидойилик билан қўлга киритилади. Яқинда олий ўқув даргоҳларидан бирининг талаба қизлари ўртасида «Сиз қандай йигитга турмушга чиқишни хоҳлардингиз?» деган савол билан сўров ўтказишибди. Берилган жавобларда улар бўлажак эрларининг бўйи узун, қомати келишган, оқмағиздан келган, ҳинд киноартистларига ўхшаган, севадиган, мард, бақувват, пулдор каби фазилатларга эга бўлишини исташган. Аммо жавоблар орасида «Eрим ақлли, эсли-ҳушли, одобли, диёнатли, оилага вафодор, ота-онасига меҳрибон бўлсин», деган гапларни деярли учратмайсиз. Тўғри, инсоннинг ташқи қиёфаси, чеҳраси ҳам муҳим нарса. Аммо унинг ички дунёси, сизга аталган ҳис-туйғуларининг аҳамияти йўқми? Унинг оилага муҳаббати, сиз ва қайнонангиз ўртасидаги муносабатларни яхшилашдаги иқтидори шарт эмасми? Эрини фақат ташқи кўринишига қараб танлаган қизларимиз эртага том маънода бахтли бўла олармиканлар?

РИВОЯТ. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом тўнғич ўғли Исмоил алайҳиссаломни кўргани Маккага келди. Ўғлининг уй эшигини тақиллатганда бир хотин эшикни очиб қўполлик ва зарда билан сўради: -Кимсан, кимни сўраяпсан? - Сиз кимсиз? - дея сўрадилар Иброҳим алайҳиссалом. - Мен Исмоилнинг хотиниман, - деди аёл ўшқириб. -Исмоил қаерда? - сўрадилар оталари. - Уйда йўқ, овга кетган. Исмоил алайҳиссаломнинг бу хотини қўпол ва совуқ аёл эди. Тарбияси ҳам ёмон, ўзи ярамас ахлоқли эди. Унинг ақли паст, қалби кир бўлганидан қариянинг кимлигини ҳам сўрамади. Иброҳим алайҳиссалом отдан ҳам тушмай, уларнинг аҳволини сўрадилар. Бунга жавобан хотин: «Жуда қийинчилик билан яшаяпмиз», деб айтди. Иброҳим алайҳиссалом ўғлининг бундай нонкўр, қўпол, ахлоқсиз аёлга уйланганидан ранжиб, кетар чоғида: - Эринг келиши билан унга айтиб қўй, уйининг остонасини алмаштирсин, - деб тайинладилар. Кунлардан бир кун Иброҳим алайҳиссалом яна ўғилларини кўргани келдилар. Бу гал эшикни ёшгина аёл очди ва «Eрим уйда йўқ, овга кетганди», деди. Иброҳим алайҳиссалом уларнинг аҳволини сўрадилар. Хотин: - Аллоҳга шукр, жуда яхши, ташвишимиз йўқ, - деб жавоб қилди ва яна, - ҳазратим, узоқ ердан келаётган кўринасиз, уйга кириб бироз дам олинг, овқат ила меҳмон қиламан, - деб Аллоҳнинг пайғамбарига илтифот, ҳурмат кўрсатди. Қўярда-қўймай у кишининг отда турган ҳолларида оёқларини ювиб, кийимларини тозалаб берди. Иброҳим алайҳиссалом эгилиб бу одобли, чиройли, гўзал хулқли келинларининг бошидан ўпдилар ва кетарда ташаккур айтиб, унга тайинладилар: - Хожангга кўп салом айт, уйининг остонасини яхшилаб муҳофаза қилсин, қўриқласин. Исмоил алайҳиссалом оталарининг тавсиялари билан аввалги бадфеъл, бадахлоқ хотинларини ҳайдаб, кейинги хушхулқ, тавозеъли, меҳмондўст, серҳиммат хотинларига кўп миннатдорчиликлар изҳор қилдилар. Дарҳақиқат, яхши, солиҳа, хушахлоқ хотин эр учун бир жаннат мисолидир. Тарбиясиз, ахлоқсиз, жанжалкаш хотинлар эса дўзахдан ҳам баттар. Бир куйган эр: «Ҳамма қизлар яхши-ю, ёмон келинлар қаёқдан пайдо бўлар экан?» деб ҳайрон бўлган экан. Чунки ота-онангиз барча эркалик, ноз-фироқларингизни кўтаради, нуқсонларингиздан кўз юмади. Ўзга хонадонда эса бу тезда ошкор бўлиб қолади. Шунинг учун тўйдан кейин барча ёмон қилиқларингиздан воз кечиб, чиройли амаллар қилишни бошласангиз, фақат ўзингизга яхши бўлади. Ислом умматининг пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломдан яхши ва ёмон хотинлар хусусида бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган, янги турмуш қураётган ва қурган йигит-қизлар ана шу кўрсатмаларни яхши билмоқлари мақбул эди. Жаноби Расулуллоҳ дедилар: «Умматим хотинларининг афзали хушрўй бўлгайлар ва қаҳрлари кам бўлгай!» Яна бир ҳадиси шарифда эса: «Мўмин киши душманининг зўрроғи ёмон хотиндир», дейилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Уч хил ёмон сифат бордирки, улар (маънавий) фақирликдандир, буларнинг учинчиси ёмон хотиндирким, бирга бўлсанг, озор беради, йўқ бўлсанг, хиёнат қилади». Пайғамбаримизнинг куёвлари ҳазрати Али (р.а.) ёмон хотинлар ҳақида шундай деганлар: «Ёмон хотинлар ясаниб, оро бериб, барҳана (яланғоч) юрадиган бўлгайлар, диндан, яъни мусулмонликдан яланғоч бўлгайлар, дин ва шариат, мусулмончилик қандай эканини билмагайлар. Фитналарга, яъни йўлдан оздирадиганларга дохилдирлар, шаҳватга мойилдирлар, лаззатга шитоб қиладигандирлар, яъни ширин ва мазали нарсаларга тез боргувчилардир. Ҳаром нарсаларни ҳалол билгувчилардир. Булар жаҳаннамда доим ва ҳамиша бўлғувчидирлар». Дарҳақиқат, ёмон келинлар эрларига ва унинг яқинларига қўпол, дағал муомалада бўладилар. Хонадон юмушларидан бўйин товлайдилар. Эрнинг мол-мулкига бепарво бўлиб, асраб-авайламайдилар ва исроф қиладилар. Ёлғон гапиришдан, чақимчиликдан, ҳаёсизликдан уялмайдилар. Оиланинг тинчи, фароғати, фаровонлиги ҳақида ўйламай, ҳар куни - кун оша оила аъзоларининг оромини бузиб жанжал кўтараверадилар. Уларга на панду насиҳат, на катталарнинг йўл кўрсатиши, на қонун-тартиблар, на фарзандлар қисмати - ҳеч нарса кор қилмайди. Улар ана шундай бадбахт кимсалардир.

 

ЭНГ ЯХШИ ЙЎЛ – МУРОСА

 

Кўпинча қайнона ва келин муносабатлари ҳақида сўз борар экан, ана шу абадий муаммони ҳал этишни ҳар ким ўзича ҳар хил шарҳлайди. Кимдир бутун айбни «золим» қайноналарнинг «ёвузлиги»га, кимдир «маккор» келинларнинг «ўткирлиги»га, яна бошқаси ҳар икки томонни келиштира олмаган «лапашанг» куёвга тўнкайди. Аслида ким айбдор? Бу ғавғо-ю машмашаларда муроса-ю мадора иўлини тутолмаган, исломии ахлоқ-одоо кўрсатмаларини тан олмайдиган ҳар бир киши айбдор бўлса керак! Қайнона «Мен каттаман, кечиримли бўлай, ёш, ғўр келинни яхши гапириб йўлга солай!» демаса, келин бола «Қайнонам оиланинг бекаси, каттаси, севган эримнинг оқ сут берган, тарбиялаган онаси бўлса, нега уни ҳурмат қилмайин, нега хизматидан бўйин товлайин?!» демаса - икки ўртада можаро чиқаверади. Қайнота ва куёв бу ҳангомаларга томошабин бўлиб тураверса, адолат қилмаса, можаро катта жанжалга, қўйди-чиқдиларга, ширин турмушларнинг кушандасига айланаверади. Шайх Муҳаммад Абу Заҳра оилани уч қисмга бўладилар: биринчи қисм - эр-хотин, иккинчи қисм - фарзандлар, учинчиси эса - яқин қариндошлар (яъни, ота-она, ака-ука, опа-сингил ва бошқалар)дир. Ана шу уч қисм аҳил-тотув бўлгандагина оила тинч-осойишта ва файзли бўлади, акс ҳолда уриш-жанжалдан боши чиқмайди. Тўй вақтида ва оилавий ҳаётнинг аввалида келин-куёвга турли маслаҳатгўйлар, ғамхўрлар кўпайиб кетади. Умр йўлдошини «гаҳ, деса, қўлига қўнадиган қилиб олиш» ҳақида маслаҳатлар беришади. Ваҳоланки, уларнинг ўзи тажрибасиз, маслаҳатга муҳтож, фикри тор кишилардир. Уларнинг «жайдари» йўл-йўриқлари оилага фойда келтириш ўрнига раҳна солади. Исломий тарбияга кўра, эр - оиланинг раҳбари, унинг ҳамма томонига масъул ҳисобланади. Аммо бу айримлар ўйлаганидек, «деганим деган» қабилида иш тутиш, оиланинг бошқа азоларига зулм ўтказиш ҳуқуқи берилгани эмас. Аксинча, у хотинининг ҳақларини тўла адо этади, ота-онани ўзи ва хотини томонидан ҳурмат-еҳтиром қилинишини таъминлайди, рўзғор таъминоти билан шуғулланади, оиласини ҳалол ризқ билан боқади. Бу дегани - ўзи еганини оиласига едиради, ўзи кийганини кийдиради, рўзғорнинг керакли жиҳозларини харид қилади. Хотинига яхши муомалада бўлади, унинг Ислом шариати белгилаб берган ҳақларини тўла адо этади, агар аёл тарбиясиз, ахлоқсиз бўлса, уни панд-насиҳатлар, танбеҳлар билан йўлга солади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Хотинларингиз билан яхшиликда яшанг, агар-чи уларни ёқтирмасангиз ҳам. Шоядки, сизга ёқмаган нарсанинг ортидан Аллоҳ сизга кўп яхшиликларни раво кўради», деб марҳамат этган. Эрларнинг яна бир вазифаси - хотинлари хато ёки камчиликка йўл қўйса, кечиримли бўлиб уларни тузатиш, уларнинг айбини беркитиш, хотини ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида ихтилоф чиқса, буни ислоҳ қилиш ва муросага келтиришдир.

РИВОЯТ. Хотини билан ноилож ажрашаётган бир солиҳ кишидан унинг нима айби борлигини сўрашибди. Шунда у: «Бировнинг айбини сўраб нима қиласиз? Агар у билан қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимнинг айбларини бошқаларга фош қилган бўламан. Ярашмасам, бегона бир аёлнинг айбини очиб шарманда қилган бўламан. Униси ҳам, буниси ҳам одобдан эмас», деган экан. Кўрдингизми, аждодларимиз ҳатто ажралишиб кетаётганда ҳам бир-бирларига ёмон гапирмаганлар, айбларини яширганлар. Чунки улар Расули акрамнинг (с.а.в.) «Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганингиздир», деган ҳадисларига риоя этишган. Эрга шундай талаблар қўйилган экан, оила фароғатида, тотувлик ва аҳиллигида келинларимизнинг ҳам алоҳида бурч ва вазифалари бор. Келинг, яхшиси юқорида тилга олинган Ҳориснинг қизи Асмога онаси Умома томонидан куёвникига жўнатиш олдидан қилинган ўнта насиҳатни келтириб ўтайлик:

«1. Қаноат соҳибаси бўл. Ўз ҳолингга шукр қил. Яъни, эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол! Эрингга ташаккур айтиб хушнудлик кўрсат. Зеро, бахтли ҳаёт кечирмоқнинг бир йўли ўз ҳолига шукр этмоқликдир. Ҳолига шукр этмаган, ўз нафсини тиймаган кишида кўнгил ҳузури, қалб роҳати бўлмайди!

2. Эрингга итоат эт, қил, деган ишларини қил, қилма, деганини қилма!

3. Эрингнинг кўзи тушадиган жойларга яхши эътибор бер! Яъни, уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут. Шундай қилки, хожангнинг кўзига бир чиркин ер кўринмасин.

4. Уст-бошингни тоза тут. Эринг фақат хушбўйни сезсин, димоғига ёмон ҳид келмасин. Чунки ёмон ҳидлар эринг кўз ўнгида сенинг обрўйингни туширади. Сендан ирганишига сабаб бўлади. Шуни яхши билгилки, тозалик ва заифлик энг яхши нарсалардир, инсон кўзига хуш кўринишлик шулар биландир.

5. Овқатни вақтида тайёрла. Яъни, овқатланиш вақтини ҳеч қачон кечиктирма. Эринг қачон овқатланишга ўрганган бўлса, ўша пайтга овқатини тайёрлагин. У келиши билан дарҳол дастурхон сол. Шуни яхши билгинки, очлик инсоннинг жаҳлини тез келтиради.

6. Уйқу вақтини, уйғониш пайтини яхши билиб ол! Яъни, унинг қачон уйқуга ётиш пайти бўлса, ўрнини тайёрлаб қўй. Зеро, уйқусизлик инсонни хафахон этади. Асаблари бузуқ, хафахон одамларнинг эҳтироси муҳаббатини секин-секин сўндиради.

7. Хожангнинг моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл! Яъни, хожангнинг мол-дунёсини яхши сақла, ашёларини авайла, муҳофаза қилгин. Чунки унинг мол-дунёси сеникидир. Эрнинг мол-дунёсини исроф этмаслик - иш билиш ва қадрига етиш, демакдир.

8. Эрингнинг қариндоши ва яқинларига ҳурмат кўрсат! Яъни, хожангнинг қариндошлари ва яқинларига ҳурмат хожангнинг эътиборини қозонмоқ, демакдир. Уларни ҳурмат қилиш хожангни ҳурмат қилиш, демакдир. Бу эса қадр ва эътибор қозонишингдир.

9. Эрингнинг сирини бошқаларга айтма! Яъни, эрингнинг баъзи сирларини билган вақтингда эҳтиёт бўлиб уни сақла, бировларга айтиб юрма. Агар айтиб қўйсанг, унинг ғазабини келтириб қўясан, ишончини йўқотасан. Бунда тузаётган оилангиз бузилади.

10. Эрингнинг динга тўғри келадиган барча буйруқларини адо қил! Яъни, хожангнинг динга уйғун бўлган буйруқларини бажаришда танбал бўлма. Ҳеч қачон унга нисбатан итоатсиз бир ҳаракат бўлмасин. Агар шундай бир ҳаракат бўлса, сенга кин сақлаб охири душман бўлади. У сенга душманлик йўлини тутса, сен кўп зарар кўрасан ва қўлингдан ҳеч нарса келмайди. Шуни яхши билиб олгинки, хожанг хафа бўлганда сен нашъали, хурсанд бўлишдан, у хурсанд бўлганда сен хафа кўринишдан жуда эҳтиёт бўлгин. Чунки унинг хафа бўлган пайтида сенинг хурсанд кўринишинг, унинг қувончли бўлган вақтларида сенинг ғамгин бўлишинг унга ҳамдард бўлмаслик каби бир қусурни ўртага туширади. Бу эса фаҳмсиз ва тарбияси ёмон одамларга мансуб ишдир. Бу сен каби юксак бир тарбия кўрган ақлли ва оқила хотинларга мансуб эмас. Болажоним! Эрингга қанчалик кўп севги ва ҳурмат кўрсатсанг, ўзинг шунчалик муҳаббат ва ҳурматга эришасан. Айтганларини қандай бажарсанг, сўзларини тингласанг, шу даражада муҳаббат ва ҳурматга сазовор бўласан». Бу доно ўгитларга, насиҳатларга қўшимча қилиш, изоҳ беришнинг ҳожати бўлмаса керак!

 

СEПЛИ БЎЛГУНЧА...

 

Янги келин ҳар қанча гўзал ва хушқомат бўлмасин, ҳар қандай бой-бадавлат, обрўли хонадондан келмасин, доно ва одобли бўлмасин, рўзғор юмушларини билмаса, саранжом-саришта иш тутмаса, хуллас, эпли бўлмагунча борган жойида обрў қозонолмайди. Бекорга халқимиз «Сепли бўлгунча, эпли бўл», деб айтмаган. Аммо кўпинча қизларимизнинг турмуш, дея аталган синовга ҳеч қандай тайёргарлик кўрмаганлари тўйдан кейиноқ очилиб қоляпти. Нон ёпишни, овқат қилишни, ҳатто оддийгина тухум қовуришни ҳам эплай олмайдиган қизлар борлигига балки ишонмассиз? Ахир бўлажак келиннинг ўзи тушган оилага маҳкам илдиз отиши, обрў топиши, эр-хотиннинг муҳаббати янада аланга олиши кўп жиҳатдан келиннинг пазандалигига ҳам боғлиқ-ку! Аксарият оилаларда жанжал, ғишаваларнинг келиб чиқиши кўпинча овқатга бориб тақалади. Ёш келинлар нон ёпиш, мазали таомлар тайёрлашни ўз уйларида ўрганиб олишлари лозим. Овқат қилишдан олдин энг аввало катталарнинг истак-хоҳишлари инобатга олинади. Улардан «Нима овқатни хоҳлайсизлар?» деб сўраш ҳам одобга киради. Катталар кўпроқ юмшоқ, хушхўр, суюқ овқатларни исташади. «Менга бу ёқмайди», «Мен бу овқатни билмайман» қабилида зарда қилиб уларни оғринтириш инсофдан эмас. Ёш уй бекаси аввало ҳар ишда саранжом-саришта, тежамкор бўлиши керак. Келинчак бу фазилатни эгалласа, рўзғор ишларида қоқилмайди, биринчи кунларданоқ атрофдагиларнинг ҳурмат-еътиборини қозонади. Аксинча, у рўзғор юмушларини пала-партиш, совуққонлик билан бажарса, ўзи озода, дид билан кийинмаса ёки ўзига оро бериб қарамаса, меҳмон кутишни билмаса, уйни покиза, озода тутмаса, эрининг катта-кичик юмушларига бепарволик қилса, бундай келинчак асло оиладагиларга ёқмайди. Бу ҳолнинг тузалишидан умидини узган қайнона- қайнота охири сабри тугаб, бундай эпсиз келиннинг баҳридан ўтиш ташвишига тушиб қолади ёки бу келиннинг бутун умри таъна-маломатлар, можаро-тортишувлар билан ўтади. Келинларимизнинг оиладаги ҳисоб-китоб ишларига бефарқлиги ҳам қимматга тушиши мумкин. Электр чироқларини заруратсиз ёқиб қўядиган, масаллиқларни исроф қилиб юборадиган, рўзғор юритишда тежамкор бўлмаган келинлар ҳам хонадонга суюмли бўла олмайдилар. Яқинда маҳалламизда қайнона-қайнота ҳовлининг чиқимларини тўлаймиз, деб ажратиб қўйган пулларига ўзбошимчалик билан қандил харид қилган келиннинг сал бўлмаса турмуши бузилиб кетай, деди. Ёки журналист М. Аҳмадбоева ҳикоя қилган мана бу ҳолатга нима дейсиз:

ВОҚEА. ...Тунов куни автобусда кетаётган эдим. Ёнимдаги ўриндиқда ўтирган қиз ҳозиргина бекатдан чиққан қиз билан қучоқлаша кетди: - Вой, Маҳбу, бормисан? - Ўзингмисан, Раъно? - Очилиб кетибсан. Поччам яхши йигитга ўхшайди! - Ҳе, ўлсин, - деди қўл силтаб Маҳбуба исмли қиз. -Нега? Уришиб қолдиларингми? - Ажрашдик. - Вой, нималар деяпсан, Маҳбу? Бир ой бўлмасидан-а? - таажжубланди Раъно. - Ахир уни севардинг-ку? - Онаси ўлгур ёмонлигини мен қаёқдан билай? Эрталаб барвақт турилган уйда фаришта бўлармиш. Келин келиндек бўлиши керакмиш. Эшикдан ким кирса, салом берармишман, ўн марта бўлса ҳам. Кечқурун албатта қозон-товоқни ювиб қўйишим шартмиш. Эрталаб юваманми, обедда юваманми - бу менинг ишим, тўғрими? Хуллас, ҳиқилдоғимга келди. Онаси билан уришиб қолувдим, ўша куниёқ масалани ҳал қилдим: «Ё мени денг, ё онангизни», десам, эрим нуқул ҳиринглаб кулади: «Ҳам сизни дейман, ҳам онамни». «Бўлмаса, бор ўша онанг билан қўшмозор бўл!» дедим-да, хайр-маъзурсиз уйга жўнавордим. Дугоналар кейинги бекатга тушиб қолдилар. Негадир ўзининг ҳаётига енгил-елпи қараётган Маҳбубанинг гапи мени ҳайратга солди. Ҳали келинлик либосини ечмай туриб оила, ўзи севган, кўнгил берган эрининг баҳридан ўтиш уни заррача ташвишлантирмаётганлигига ажабланасан киши. Хўш, энди у нима қилмоқчи? Очиғини айтганда қайнона айтган гапларнинг ҳаммаси тўғри-ку. Барвақт эшик очилган уйда файз бўлиши аниқ. Хўш, келин уйда рўмол ўраб юришининг нимаси ёмон? Эшикдан кириб келган одамга эса салом бермаслик одобсизлик эмасми? Яна қозон-товоқни ювмаган келин қанақа келин ўзи? Қайнонанинг ўгитларини ножўяликка олган Маҳбубахон қаттиқ янглишади. Ким билсин, ҳали орадан анча вақт ўтар, Маҳбубахон яна оила қуриб қайнонали ҳам бўлар, лекин ишончим комилки, у ўзининг қилмишидан афсусланади... Унда кеч бўлади, жудаям кеч. Ёшликнинг қадрига етмай, биринчи турмушидан сабабсиз ажралгани учун бир умр пушаймон бўлиб яшайди. Турмушда учрайдиган икир-чикирлар туфайли муросаси қочиб, ажралишаётганлар қанча?». Назаримда, оилада қиз боланинг ор-номусли, иффатли, гўзал хулқли қилиб тарбиялашдан ташқари уни келажакда оила тебратиб кетиши учун лозим бўлган бошқа бир қатор фазилат эгаси ҳам қилиб тарбиялаш керакдек кўринади. Кечиримли, катталарга ва турмуш ўртоғига ўта ҳурматли бўлган, озода, ширинсўз, қолаверса, турмушнинг бор-йўғига сабр қилиб, тежамкор, тадбиркорлик фазилатларига эга бўлган келинларгина ўз турмуш ўртоқларига муносиб ёр, қайноналарига суюкли келин бўла оладилар.

 

КEЛИНЛАР, ҲУШЁР БЎЛИНГ

 

ВОҚEА. Неъматжон тўй қилиб ўғлини уйлади. Тўйда, табиийки, оиланинг эски қадрдони Алижон ҳам бошқалардан кўпроқ елиб-югуриб хизмат қилди. Янги келин тушган хонадон файзли бўлади, дейишади. Неъматжоннинг янги келини ҳам эпчилгина чиқиб қолди, эрта тонгда туриб ҳовлини, кўчасини чиннидай супуриб-тозалайди, сув сепади. Ёш, хушрўй келиннинг ўз кўчасида пайдо бўлиши Алижоннинг тинчини ўғирлади-қўйди. Шайтон васваса қилиб кўнглига не-не қабиҳ, ифлос режаларни солди. Шофёр эмасми, ишга барвақт кетади, ҳар гал кўча супуриб юрган қўшнининг келинини кўриб илмоқдор гаплар отади, тагдор қочиримлар қилади. Бу ҳол такрорланавергач, келин бор гапни турмуш ўртоғига айтади. У ҳам ҳайрон: «Қўшни бўлса, отасининг узоқ йиллик қадрдони бўлса! Ўзи келинли, набирали одам, наҳотки хотинининг гапи чин бўлса? Балки хотини адашаётгандир, унинг самимий гаплари шилқимлик бўлиб туюлаётгандир?» Хуллас, бунга бошқа ҳеч ким унча эътибор бермади. Кунларнинг бирида уйда келиндан бошқа ҳеч ким қолмаганини билган Алижон анчадан буён диллаб юрган режасини амалга оширмоқчи бўлди. Неъматжонни сўроқлаб унинг хонадонига кириб боради ва ёш келинни зўрламоқчи бўлади. Яхшиямки, унинг бахтига қайнонаси кўчадан келиб қолади. Шарманда бўлишдан қўрққан Алижон девор ошиб кўчага чиқади ва ишхонасига жўнаворади. Бечора келин бор воқеани қайнонасига оқизмай-томизмай айтиб беради. Қўшнининг ҳеч қайси қуюшқонга сиғмайдиган, на қонунларга, на шариат ҳукмига, на ахлоқ-одобга тўғри келадиган бу қабиҳ қилиғи унинг ишхонасига-ю маҳалла-кўйга маълум бўлди. Бундан қаттиқ ғазабланган маҳалла аҳли унинг бу ердан кўчиб кетишини қатъий талаб қилди. Яқинда эшитганимиз яна бир воқеа олдида буниси ҳам ҳолва экан. Танишларимиздан бирининг тоғаси яхшигина хонадонга қиз узатган экан. Бир йилча муқаддам қизнинг қайнонаси вафот этиб, қайнота сўққабош қолибди. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар маслаҳатни бир жойга қўйиб «Ҳали бардамсиз, уйлаб қўяйлик», дейишса, у сира кўнмабди. Хотин топишса, рад қилаверибди. Косанинг тагидаги нимкоса яқинда аён бўлиб қолибди. Қайнота ўғлининг Россияга савдогарчиликка кетганидан фойдаланиб анчадан буён режа тузиб юрган ниятини амалга оширмоқчи бўлди. Аввал келинини ўзи билан бирга ётишга кўндириш учун аврайди, хотинидан қолган тилла тақинчоқларни ҳадя қилади, ширин ваъдаларга кўмиб ташлайди. Қатъий рад жавобини олгандан кейин унга пўписа, туҳмат қилишга ўтади. «Сен суюқоёқсан, ўғлим йўқлигида бошқа йигитлар билан дон олишгансан, сафардан келиши билан сени ҳайдатаман», деб роса қўрқитган. Болаларининг етим бўлишидан, суюкли эридан ажраб қолишдан қўрққан ёш келин аввалига қайнотасининг талабига кўнмоқчи ҳам бўлган. Бироқ Худо дилига солиб уйига қочиб борган ва бор гапни ота-онасига айтиб берган. Бечора ота-онанинг боши қотган: бу гапни овоза қилайлик, деса, ҳар томонлама шармандалик! Қудасининг қилиқларига индамасликка эса виждон ҳам, эътиқод ҳам йўл қўймайди. Наҳотки ота ўрнидаги киши, иккинчи падари ўз фарзандининг номусига тажовуз қилса, ўғлининг ҳамиятини поймол қилиб, унинг ҳалол-пок хотинига кўз олайтирса? Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз ҳаром қилинди)», деб амр этиб қўйган-ку! Мана шунда миянгни бир савол тинмай кемиради: бизга ўзи нималар бўляпти, нега бу қадар тубанлашиб кетяпмиз? Қўшнининг келинига кўз олайтирган, ўз келини билан тўшакни баҳам кўришни истаган бу ёвуз ва виждонсиз кишилар қаёқдан пайдо бўлиб қолди? Узоқ йиллик истибдоднинг асоратлари, мустабид мафкуранинг минг йиллик қадриятларимиздан узоқлаштириб юборгани оқибатида халқимизнинг турмушига кириб келган беҳаёлик, фаҳш, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик каби ярамас иллатлардан иложи борича тезроқ қутулиш пайти келмадимикан? Ёки ана шундай қабиҳ, разил воқеаларнинг содир бўлишига телеекранлар, видеолар орқали хонадонимизга кириб келаётган ғарбона «ахлоқ» ва оилавий можароларнинг кўринишлари сабаб бўлмаётганмикан? Яна бир мулоҳаза: ўзга бир хонадонга келин бўлиб тушган қизларимиз ўз иффатлари, ҳаёларини асраш ҳақида жиндай ўйлаб кўрсалар ёмон бўлмасди. Сир эмаски, айрим хонадонларда ёш келинларимиз қариндош -еркаклар, куёвнинг дўстлари, қўни-қўшнилар ҳузурида бадан кўриниб турадиган харир либосларда, кўкси очиқ кўйлакларда, хушбўй атирларга «чўмилиб» бемалол юришаверади, бир дастурхонда ўтиришаверади. Ҳатто ўпишиб, қучоқлашиб кўришишлар расм бўлиб қолган хонадонлар ҳам бор. Ахир «Шайтон ҳамиша ҳамроҳ», дейди халқимиз. Табиатан қизиққон, эҳтиросли бўлган ўзбек йигитлари бундай ҳолатлар олдида ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олишлари мушкул эмасми? Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «Икки номаҳрам эркак-аёл ёлғиз қолсалар, учинчилари шайтон бўлади», деган ҳадиси шарифлари бор. Шунинг учун мукаммал динимиз келинларни (барча хотин-қизларни ҳам) ҳаёли бўлишга, ўзларини очиқ-сочиқ, беҳаёларча тутмасликка, номаҳрам кишилардан четланиб туришга даъват этадики, бунда энг аввало ўша қизнинг, жувоннинг шаъни-обрўсини асраш, оила бахт-иқболига раҳна солмаслик, турли фитналарга дучор бўлмаслик кўзда тутилган. Шу боисдан келинларимизни «Ҳамиша ҳушёр бўлинг, ҳаё-иффат пардасини асранг, чунки инсонга шайтон доимо ҳамроҳ», деб огоҳлантиргимиз келади.

 

* * *

 

Мана, муҳтарам китобхон, оила фароғати, хусусан, қайнона-келин муаммоси ҳақида имконият қадар сўз юритдик, доноларнинг панд-насиҳатларидан воқиф этдик. Тўғри, биргина бу рисола оила, қайнона-келин муносабатларидаги барча саволларга жавоб беради, деган фикрдан йироқмиз. Юқорида ўқиганларингиз сизларга оилангизни фароғат қасрига айлантиришга, содир бўлиб турадиган можаро-жанжаллардан четланишга, оилада тотувлик, муҳаббат, аҳиллик, оқибат ниҳолларини ўстиришга бир оз бўлса-да кўмак берса, мақсадимизга эришган бўлардик. Илоҳо, барчаларимизга бир-биримизга меҳр-оқибатли, раҳм-шафқатли бўлиш, оилаларимизда тинчлик-хотиржамлик ва тотувлик ошён қуришига эришиш насиб этсин, Ҳақ таоло Ўзининг ҳидоят йўлидан адаштирмасин. Омин, ё Роббал оламийн!