автордың кітабын онлайн тегін оқу Sevgi afsonasi
ЯШАР КАМОЛ – ТАНИҚЛИ ТУРК
РОМАННАВИСИ
Яшар Камол (асл исми – Камол Содиқ Гўкчали) 1926 йилда Усмонли империясининг Қадрли туманига қарашли Ҳамита қишлоғида таваллуд топган [1]. Унинг туғилган йили баъзи манбаларда 1923 йил деб кўрсатилади. Яшар Камолнинг ота-онаси Туркиянинг Ван кўли яқинидаги Эрнис (ҳозирги Унсали) қишлоғида яшаган, Биринчи жаҳон уруши йилларида атрофдаги ҳудудларнинг босқинчи қўшинлар томонидан ишғол қилиниши туфайли ўз қишлоғини тарк этиб, Қадрли туманига кўчиб борган.
Яшар Камол ўрта мактабнинг охирги синфидан ўқишни ташлаб, батракбошилик қилади, домла вакили, кутубхона ходими, тракторчи, шоли даласида ҳисобчи бўлиб ишлайди. 1940 йилда Партав Ноилий Бўратав, Абидин Дино ва Ориф Дино каби сўл қарашли санъаткор ва ёзувчилар билан яқин ҳамкорлик қилади. 17 ёшида илк бор сиёсий сабаблар туфайли қисқа муддатга ҳибсга олинади. 1943 йилда халқ оғзаки ижоди намуналари тўпланган илк китоби – «Йиғилар» («Ağıtlar») тўпламини нашр эттиради. Ҳарбий хизматни ўтагач, 1946 йилда Истанбулга бориб, французларга тегишли Табиий газ ширкатида газ назорати ходими бўлиб ишлайди. 1948 йилда Қадрлига қайтиб, бир муддат шоли даласида назоратчи, фуқаро аризаларини расмийлаштирувчи ходим бўлиб ишлайди. 1950 йилда коммунизмни ташвиқ қилганликда айбланиб, яна ҳибсга олинади ва Козан қамоқхонасига ташланади. 1951 йилда озодликка чиққач, Истанбулга қайтади.
1951–1963 йилларда «Жумҳурият» газетасида Яшар Камол тахаллуси билан латифалар ёзади ва турли мавзудаги репортажлар тайёрлайди. Ўша йиллар, аниқроғи, 1952 йилда «Сариқ сижоқ» («Sarı Sıcak») номли ҳикоялар тўпламини, ундан кейин 1955 йилда «Инжа Мамад» («İnce Memed») романини нашр эттиради. Яшар Камол номини дунёга танитган «Инжа Мамад» романи бугунгача дунёнинг қирқдан ортиқ тилига таржима қилинган.
Адиб 1962 йилда Туркия Ишчи партиясига аъзо бўлади ва унинг бошқарув кенгаши, марказий ижроия қўмитаси аъзоси бўлиб ишлайди. Ёзган асарлари ва олиб борган сиёсий фаолиятлари туфайли кўп бора таъқиб остига олинади. 1967 йилда «Онт» («Ant») деб номланган ҳафталик сиёсий журнал таъсисчилари орасидан жой олади. 1973 йилда Туркия Ёзувчилар уюшмаси ташкил этилишида иштирок этади ва 1974–1975 йилларда уюшманинг биринчи раиси сифатида фаолият олиб боради. 1988 йилда ташкил этилган PEN Ёзувчилар жамиятининг биринчи раиси этиб сайланади. 1995 йилда «Der Spiegel» газетасига берган бир мақоласи туфайли Истанбул Давлат хавфсизлиги маҳкамасида судланиб, ўша жойда оқланади. Ўша йили «Index on Censorship»да нашр эттирган бир мақоласи учун бир йилу саккиз ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинади, аммо бу жазо ижроси кечиктирилади.
Ҳайратомуз истеъдоди, инсон қалбининг туб-тубида ётган кечинмаларни санъаткорона ифодалаш қобилияти, насрий назми билан нафақат турк романчилиги, балки жаҳон адабиётининг илғор намояндаларидан бирига айланган Яшар Камол нафақат Туркиядаги энг юксак мукофотлар, балки кўплаб халқаро адабиёт мукофотларига ҳам сазовор бўлган. Булар орасида халқаро «Cino del Duca», «Legion d’Honneur» медаллари, «Commandeur paye», Франция Маданият вазирлигининг «Commandeur des Arts et des Lettres» медали, Premi Internacional Catalunya, Франция Республикасининг «Legion d’Honneur», «Grand Officier» унвони, Германия Китобсеварлар жамияти Франкфурт китоб кўргазмаси «Тинчлик» мукофоти ва бошқа ўнлаб мукофотлар ҳам бор. Бундан ташқари, адиб Туркиянинг икки университети, бешта хорижий университетнинг фахрий доктори ҳисобланган. 2013 йил 9 ноябрда Норвегия Адабиёт ва ифода эркинлиги академиясининг (Bjonson Akademi) Норвег миллий шоири Bjornstjerne Bjonson шарафига таъсис этилган Bjonson мукофоти билан ҳам тақдирланган.
Яшар Камол 2015 йил 28 февралда 89 ёшида Истанбулда вафот этган.
Адибнинг 1970 йилда ёзилган ва қисқа вақт ичида халқ орасида машҳур бўлган мазкур асарида («Ağrıdağı Efsanesi») ўз муҳаббатини Маҳмудхондан ҳимоя қилган Аҳмад ва Гулбаҳор ҳақида ҳикоя қилинади. Афсоналар ва халқ оғзаки ижодига чин юракдан боғланган Яшар Камолнинг ушбу романи инсон психологиясининг энг теран торларини чертиб ўтади.
Ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларни теран фалсафий идрок этиш адиб ижодига хос хусусиятдир. У ўз асарлари орқали ҳаётдаги азалий ва абадий, ҳар доим ўзаро курашиб келган ҳаёт ва ўлим, муҳаббат ва нафрат, садоқат ва хиёнат, гўзаллик ва чиркинлик, шахс ва жамият каби азалий қарама-қаршиликлар мавзусига мурожаат қилади. Ана шундай ижтимоий муаммолар, жумладан, «ҳокимият ва халқ» муаммоси «Оғритоғ ноласи» асарининг ҳам марказида туради.
«Яшар Камол ўз ижодини Онадўлу халқ оғзаки ижоди намуналари билан омихта асарлар ёзиш билан бошлади. Ҳақиқий сўз устаси бўлган адиб турк тилининг ифода қудрати, нафосати, халқ оғзаки ижодининг ягона қаҳрамони бўлган турк халқи маданиятидан илҳомланди», деб ёзган эди тунислик олима Желиҳа Ҳафсия (La Press). Англиянинг «Manchester Guardian» журнали адиб ҳақида «Яшар Камолнинг романи Толстой романи каби кенг миқёсли, Диккенс романи каби жонлидир», Ирландиянинг «Irish Times» газетаси эса адибнинг тили ҳақида «Унинг бой, ранго-ранг услуби ва ёзган ҳар сўзи ўткир, сержило, сермаъно, буғдой дони каби тўқ, сермаҳсулдир», деб ёзган эди.
Мазкур асар ҳақида Англиянинг «Daily Telegraph» газетаси «Яшар Камол Шаҳризоданинг ҳикоялари, Толстой романлари каби кенг миқёсли, Диккенс романлари каби жонлидир», деб ёзган бўлса, «Sunday Telegraph» журнали «Китобнинг гўзаллиги бой назм услуби, афсона ва миф туйғусига таянади», деб таъкидлаган эди.
Турк адабиёти ихлосмандлари машҳур ишқ-муҳаббат достонини ўқиб, адиб истеъдодига ўзларининг муносиб баҳоларини берадилар, деб ўйлаймиз.
Хайрулла ҲАМИДОВ
[1] Yaşar Kemal, Ağrıdağı Efsanesi, Yapı Kredi Yayınları (YKY), 51.Baskı, İstanbul, 2018. S.1.
Оғритоғнинг тўрт минг икки юз метр қуйисида бир кўл бор. Уни «Куп [2] кўли» дейишади. Кўл унча катта эмас, бор-йўғи бир хирмон жойидек келади. Аммо жуда чуқур – кўл эмас, қудуқ, дейсиз. Кўлнинг тўрт томони, яъни қудуқнинг оғзи тўрт томондан қизил, учлари пичоқнинг дамидек силлиқ қоялар билан ўралган. Қоялардан кўл томон торайиб, эниб келган мисранг тупроқ сирпанчиқни эслатади. Тупроқ устида ҳар ер-ҳар ерда яшил майса ўсиб ётади. Майса тугаган жойда мовий кўл бошланади. Кўлнинг мовий ранги бўлакча. Бундай мовийликни бошқа ерда кўрмайсиз. Сув эмас, гўё мовийдан кўра қуюқроқ ложувард, юмшоқ духоба, дейсиз.
Ҳар йили тоғдаги қорлар эриб, баҳор кўз очиши билан, Оғритоғ узра қандайдир поклик кеза бошлайди, мусаффо ҳаводан инсоннинг кўнгли яйрайди. Юпқа қор қатламининг юзаси пакана дала чечаклари билан қопланади. Чечакларнинг ранги, порлоқлиги кўзни қамаштиради. Узоқдан энг майда чечаклар мовий, қизил, сариқ, бинафша ва бошқа рангларда товланиб, жилоланади, атрофга хушбўй ифор таратиб, димоқни қитиқлайди. Кўлнинг мовий товланган суви, ёқасидаги мисранг тупроқнинг хушбўй иси бошни айлантиради. Бу ифор, хушбўй ҳид узоқ-узоқларга таралади.
Ҳар йили Оғритоғда илк баҳор кўз очганда гуллар, ўткир ифорлар, турфа ранглар, мисранг тупроқ билан бирга Оғритоғнинг гўзал, қора кўзлари ғамгин боқувчи, барваста, узун бўйли, бармоқлари ингичка чўпонлари сибизғаларини олиб Куп кўли томон йўл оладилар. Қизил қоялар ёнига бориб, мингйиллик баҳорий мисранг тупроқ устига чакмонларини тўшаб, давра қуриб ўтирадилар. Ҳали қуёш чиқмасдан белбоғларига қистирилган сибизғаларини чиқариб, Оғритоғнинг эрта тонгда ҳануз ял-ял чақнаб турган юлдузли осмони остида «Оғритоғ ноласи»ни чала бошлайдилар. Бу нола қуёш чиқишидан бошланиб, уфққа бош қўйган чоғ ниҳоясига етади...
Кун ботиши билан қордай оппоқ, митти бир қушча кўл узра чарх ура бошлайди. Ўзи ингичка, бармоқдай келади. Узун, худди қалдирғочга ўхшайди. Кўл устида чарх уради, сўнгра мовий кўл узра устма-уст оппоқ ҳалқалар чизади... Бу оппоқ ҳалқалар тола-тола бўлиб, кўлнинг кўм-кўк сувлари устига тушади ва ёйилиб кетади.
Кун ботганда сибизғачилар куй чалишдан тўхтайдилар ва сибизғаларини яна белбоғларига қистириб, қадларини ростлайдилар. Шунда кўл узра чарх урган митти оқ қушча кўлга яшин тезлигида учиб келиб, гўё сувга санчилаётгандай бир қанотини мовий сувга теккизиб олади ва яна шиддат билан юқорига парвоз қилади. Бу ҳаракатни уч карра такрорлайди, сўнгра яна юқорига кўтарилади ва бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлади. Қушча ғойиб бўлгач, чўпонлар у ердан жимгина узоқлашадилар. Улар ҳам қоронғилик ичига шўнғиб, кўздан ғойиб бўладилар...
Кеча оқшомдан бери бир холдор от Аҳмаднинг ҳовли дарвозаси олдида турар, бўйнини чўзиб бурнини дарвозанинг ёрилган тахтасига теккизиб, искаб-искаб қўярди. Бу отни Аҳмаднинг дарвозаси олдида илк бор бир кекса чол – узун оппоқ соқоли кўксига тушган Сўфий бобо кўрганди. Отнинг устида кумуш безакли, нақшинкор, черкес усталар ясаган бир эгари бор, узангиси нақш солинган кумушдан ясалганди. Сўфий бобо букчайганча отнинг ёнига келиб, ундан бир-икки қадам нарида тўхтади. Отнинг олтин суви юргизилган жилови эгарнинг олтин, садаф қадалган қошига илдириб қўйилган, эгарнинг тагида, отнинг сағрисига қараб тушган, пишиқлиги узоқдан қараганда ҳам билиниб турадиган бир нақшли, қуёш расми солинган эски, аммо шоҳона кигиз ёпинч бор. Кигиз ёпинч устидаги оловранг қуёш расмининг ёнида баланд, ям-яшил ҳаёт дарахтининг расми ҳам кўзга ташланади, отнинг чап томонидан ўтиб қараганда ҳам худди шундай қуёш ва ям-яшил дарахт расмини кўриш мумкин.
Сўфий бобо бу расмни илгари ҳам қаердадир кўргандай эди. Аммо қаерда?.. У расмга қараб ниманидир хотирлади. Расм унга обрўли бир аширатнинг [3] тамғасини эслатгандай бўлди.
Ҳа, Сўфий бобо ниманидир эслаб, узоқ ўйланиб қолди, ҳатто сал безовта ҳам бўлди. Қалбининг туб-тубида қандайдир ҳадик, қўрқув пайдо бўлди. У шу алфозда бирпас туриб қолди. Аҳмадникига келган машҳур, обрўли меҳмон ким бўлди экан?.. Шуларни ўйлаб, яна жабдуқ устидаги тамғани эслатувчи расмга тикилди. Аммо унинг қайси ашират, қайси уруғ, қайси бей, қайси пошшонинг тамғаси эканини эслолмади. Тамғага тикилган сари унинг ичини ўша ҳадик, ўша қўрқув эгаллаб борарди. Бу тамға хайр аломати эмасди...
Атрофда бунақа шоҳона безатилган оти бўлган одам йўқ эди-да! Қолаверса, Сўфий бобо бу яқин атрофдаги барча ашират, уруғларнинг тамғасини яхши биларди.
Илк баҳор... Оғритоғ чўққисини қоплаган оппоқ қорлар эрий бошлаган палла. Пастда қизил қояларнинг усти очилиб, ердан сап-сариқ қор чечаклари ниш ура бошлаган. Узоқ-узоқлардан турналар арғамчи бўлиб учиб ўтиб қолади. Турналар тутган манзил – Ван кўли.
Аҳмаднинг ҳали ҳеч гапдан хабари йўқ…
Тонг палласида ичкаридан бир сибизға товуши келади. Бу гўзал оҳанг Сўфийга кўп йиллардан буён яхши таниш. Аҳмаднинг бобоси Султон оға ҳам, отаси Расул ҳам шунақа сибизға [4] чалишарди... Оғритоғда, балки бу оламда Султон оға сулоласи эркакларидан ўтказиб сибизға чаладиган одам ҳали дунёга келмаганди. Агар буни Сўфий бобо тан олган бўлса, икки баробар ҳақиқат, дейиш мумкин эди. Чунки Сўфий бобо бутун Шарқ, Кавказ, Эрону Туроннинг энг машҳур сибизғачиси эди-да.
Сўфий бобо отнинг ёнига келиб, тамғани яқинроқдан кўрмоқчи бўлди. Синчиклаб кўздан кечирди. От қулоғини диккайтириб, гўё ичкаридан келаётган сибизға оҳангини тинглаётганга ўхшарди. Аҳмад ичкарида Оғритоғнинг бир қадимий куйини чаларди. Бу Оғритоғнинг юрагидан сизиб чиқаётган изтироб – нола эди. Бу куйни Оғритоғнинг барча сибизғачиларига Сўфийнинг шахсан ўзи ўргатган.
От бўйнини мусиқа оҳанги келаётган томонга бурди. Сўфий ҳам... Бу мусиқани чалмагани, эшитмаганига анча йил бўлганди. Оғритоғдай улкан тоғ бир ингичка сибизғадан чиққан ноладан қандай қилиб ларзага келиши мумкин, ахир? Сўфий бобо ана шу ғалати, ҳайратомуз нарсаларни ўйлаб, «Бу инсон деган зотни англаб етиш мушкул», деди ўзича. Ажабо, қандай қилиб бир ингичкагина найчадан чиқаётган нозик товушдан шундай баҳайбат тоғ ларзага келиши мумкин?
Ер юзида инсон бор экан, ҳамма нарса унинг заковатига тобе бўлар экан: бургутнинг осмонда қандай учаётганию чумолининг ер остида қандай ин қураётгани, қуёшнинг ботишию ойнинг чиқиши, ҳаёт ва ўлим, хуллас, ҳамма нарсанинг сиру синоати унга маълум экан. Қоронғи тушишию кун ёришиши, ҳамма-ҳамма нарсага унинг ақли етар экан. Аммо буларнинг ҳеч бири инсон зотининг қандай хилқат эканини тушуна олмас, буларнинг ҳеч бири инсоннинг не сир-синоат эканини англай олмас экан. Шунинг учун баҳайбат тоғ бир нозик сибизға ноласидан ларзага келиши, эриши мумкин экан.
Улкан тоғ сибизға товушига монанд юриб бораётгандай. Жарликлар, қор кўчкилари, аёзли кеча, осмон тўла юлдузлар сибизға навосидан маст. Ой нур сочади. Ва тоғ бутун шиддати билан илгарилайди. Қора терга ботади, нафаси бўғзига тиқилади. Оғритоғ баҳайбат дев каби кўксини тўлдириб нафас олади. Сўфий бобо тоғнинг нафас олгани, дамини ростлаганини бутун вужуди билан ҳис қилиб туради. Узун, чуқур нафасидан дунё ларзага келади, тоғ яна илгарилайди. Аҳмад чалаётган сибизғанинг ноласи авжга чиққан сари тоғ кўксидаги андуҳ ҳам юксалиб боради.
Шундай лаҳзаларда Сўфий қулоғини тоғнинг увиллаётган тошларига теккизиб, қулоқ солади. Тоғ борган сари ғамга ботади, нафаси чуқурлашиб, янада тезлашади, кейин ларзага келади, бутун оғирлиги билан дунё устига чўккандек бўлади. Сал ўтиб дунё яна сукунат қўйнига шўнғийди. Атрофни яна жимжитлик эгаллайди, худди бутун олам бўм-бўш бўлиб қолгандай. Гўё Оғритоғ бу оламни тарк этиб, мажҳул бир маконга бош олиб кетгандай.
Бўрию тулкиси, қурту қумурсқаси, паррандаю даррандаси, ойу юлдузи, қуёшу шамоли, қору ёмғири, гулу бутаси, инсонларини ҳам ўзи билан бирга олиб бу маконларни абадийга тарк этгандай. Гўё у бу дунёдан қўлини ювиб қўлтиғига ургандай... Гўё чўлу биёбонларни тўлдириб, сурув-сурув юрган жайрону оҳуларини ҳам ўзи билан олиб кетгандай. Кимсасизлик, сукунат, бўшлиқ гўё ана шу сибизға ноласида қотиб қолгандек...
Сўнгра бирданига бутун гулу чечаклари, юлдузлари, ифорлари, тиниқ сувлар остида сузиб юрган балиқлари, жайрону оҳулари чопиб юрган чўллари билан дунё Сўфийнинг кўз ўнгида қайтадан жонланади. Рўпарасида турган от бирдан ўзгаради. Отнинг кигиз ёпинчи устидаги қуёш расми ҳам бирдан жонланади. Ҳаёт дарахти япроқларини тўкади, гуллар очилади...
Сибизғанинг товуши бирпасга тинади, қуёш тоғнинг чўққиси узра бир тилим бўлиб қип-қизил рангга киради…
Сўфий ўзига келди. Бир отга, бир дарвозага қаради. От бошини кўтариб, катта-катта ғамгин боқувчи кўзларини Сўфийга тикди. Шунда Сўфийнинг юрагидаги ҳадик яна янгиланди.
– Аҳмад, ҳўв Аҳмад, – деб уй эгасини чақирди. Сўфийнинг товушини эшитган Аҳмад аста юриб келиб, эшикни очди.
– Келинг, Сўфий тоға, – деб чолни ичкарига таклиф қилар экан бирдан кўзи отга тушди. У аввал ҳайрон бўлиб, бир отга, бир Сўфий бобога қаради.
– Меҳмонинг ким, Аҳмад? – деб сўради Сўфий бобо.
– . . .
– Майли, ким бўлса ҳам хуш кўрдик.
– Қанақа меҳмон? – деди Аҳмад ажабланиб.
Шунда иккаласи ҳам бирдан отга юзландилар. Баланд, яғриндор от эшикдан узоқлашиб, ҳовли девори ёнидан ўтди ва орқасига қайтиб, қулоқларини диккайтирганча яна эшик ёнида тўхтади. Кейин бирдан ингичка бошини кўтариб, кишнамоқчи бўлди, аммо кишнамади.
Аҳмаднинг уйи катта қоя тагида эди. Атрофи йўнилмаган қизил қоя тошлар билан ўралган бу уйнинг эшиги кенг, деразаси эса битта эди.
Сўфий ўйланиб турди, Аҳмад ҳам сукут сақлади. Сўфий жимликни бузиб:
– Бу от сенинг қисматинг, ўғлим! – деди.
– Шунақага ўхшайди, Сўфий тоға, – деди Аҳмад, – Модомики, менинг эшигимга келибди, демак, у менинг меҳмоним. Аммо эгаси ким, ҳайронман...
Сўфий бобо:
– Устидаги кигиз ёпинчиқда тамға бор. Бу тамғани қачонлардир қаердадир кўргандайман. Аммо қаерда кўрганимни эслай олмаяпман. Кўзимга жуда таниш кўриняпти. Бу тамға бир таҳликадан хабар бераётгандай туйиляпти менга. Аммо қаердан келган бўлса ҳам бу от энди сеники. Яратганнинг ўзи бу ҳадяни сенинг эшигинг олдига келтириб қўйибди, – деди.
– Ҳа, Яратганнинг ўзи жўнатди бу отни, – деди Аҳмад унинг сўзини маъқуллаб. Аммо бу бир бахтми ёки бахтсизлик?
Аҳмаднинг юзидаги шубҳа кўланкаси Сўфий бобонинг назаридан қочмади.
– Илгари кимники бўлгани муҳим эмас, муҳими – бу от энди сеники. Фақат шу тамғани илгари қаерда кўрганимни ҳечам эслай олмаяпман-да... Қадимдан қолган бир тамға бу. Қолаверса, бу от оддий чопқир отларга ўхшамайди. Бу оддий одамнинг оти эмас.
– Кўп ўйлаб ўтирмасдан, отни ол ва катта йўлнинг нариги бетига ўтказиб, қўйиб юбор. Агар у яна қайтиб, эшигинг олдида тўхтаса, яна бир марта олиб бориб, ундан ҳам узоқроқ ерга қўйиб кел. Уч марта шундай қил, – деди Сўфий бобо. – Агар уч карра шундай қилганингдан кейин ҳам қайтиб эшигинг ёнига келиб тўхтаса, демак, бу от тамоман сеники бўлади. Унинг эгаси сен бўласан. Майли, отнинг собиқ эгаси бей бўладими, пошшоми, Усмонли султони ёки Ажам мулкининг подшоси бўладими, Гўрўғли бўладими, бошингни ўртага қўясан, аммо отни эгасига қайтариб бермайсан. Бу бизнинг одатларга тўғри келмайди!..
Тонг отди. Мусаффо осмондаги зангори булутлар дилни яйратди. Оппоқ қор қуёш нурида товлана бошлади. Аҳмад отнинг жиловидан тутд
