автордың кітабын онлайн тегін оқу She'riyat – izlanish demak
ШЕЪРИЯТ – ЁНИБ ЯШАШ
Бизнинг замонамиз фаол одамлар, фаол ҳаракатлар замони. Биз ижтимоий фаолликни жуда юқори англаймиз ва жуда баланд қадрлаймиз. Ижтимоий фаоллик бизнинг қарашларимизда инсоний маънавият гўзаллигининг зарур белгиси каби гавдаланади.
Инсоннинг ижтимоий фаоллиги деганда биз сўз ва ишнинг юксак савиядаги бирлигини англаймиз. Биз фаол одам деганда ҳар томонлама ривожланган, истеъдодга, инсоний олижаноб хусусиятларга, маънавиятга бой кишини назарда тутамиз. Ва бугунги кунда инсоннинг моҳияти ҳақида сўзлаганда, аввало, мана шу сифат белгиларини эътиборда тутамиз. Бизнинг ижобий қаҳрамон ҳақидаги тушунчаларимиз ҳам ХХ аср дунё кишисининг худди шундай яшовчан ва ёрқин хусусиятларидан ташкил топади.
Биз ижтимоий фаол инсон ҳақида сўз юритарканмиз, фақат бугунги кун, ҳозирги соат учун масъул кишинигина эмас, инсоният ва унинг келажаги учун ҳам жавобгар инсонни англаймиз. Шундай жавобгарликни етук онг ва етук юрак билан англаган кишиларгина катта ижодий жасоратларга қобил ҳамда қодир бўладилар.
Шоир, санъаткорнинг ижтимоий ва ҳаётий фаоллиги – унинг ижодий интилишларида намоён бўлади. У ижодий фаолликни халқ манфаатлари билан яшаш деб англайди, шу манфаатлар учун тинмай кураш деб тушунади. Шунинг учун давримиз шеъриятида ёниб яшаш шиори лирик қаҳрамонларнинг қалбида эътиқодга айлангандир.
Асрни мафтун қилган «ёниб яшаш» шиори нима? У:
Ватан билан юзма-юз турмоқ,
Тарих билан юзма-юз турмоқ,
Вақт билан юзма-юз турмоқ,
Замондошлар билан юзма-юз турмоқ!
Бунёдкорлик психологияси билан яшаш, ҳаёт ҳақиқатларини, улуғ адиблар ва мутафаккирлардан мерос бўлиб келаётган инсонпарварлик идеалларини тасдиқлаш мана шундай турмоқни талаб қилади.
Шеърият ижтимоий ҳаётда рўй бераётган барча янгиликлар, ўзгаришларга тийрак қулоқ тутади. Бу янгиликлар ва ўзгаришларни ўзида акс эттириб боради. Шеърият ва унинг ғоятда таъсирчан шакли бўлган лирика жамиятдаги содир бўлаётган янгиликлар, инсон ҳаётида, руҳий оламида рўй бераётган барча тебранишларни ўсиб-ўзгаришда ёритади. Бу ўзгаришлардан илҳомланади, уларга кўтаринки руҳ бағишлайди.
Кейинги ўн беш-йигирма йил ичида ўзбек шеъриятидаги тирик ва беҳад ранг-баранг, серқирра жараёнлардаги изланишлар, бизнинг назаримизда, лириканинг чинакам ижобий қаҳрамонини яратиш йўлидаги изланишлар деб баҳоланмоғи керак. Бу – ижобий қаҳрамонда янги жамият қурувчисининг барча етук хусусиятлари жамлашган ҳолда кўринади. Бугунги куннинг шундай таъсирчан ва ҳаққоний образларини яратиш – ҳаётимизнинг ижтимоий ҳамда маънавий идеалларини ғоятда равшан, беҳад теран, тўлақонли тасаввур қилиш билан чамбарчас боғланиб кетади. Ўзбек шеъриятининг асосчилари Фитрат, Чўлпон, Ҳамза ижтимоий фаол инсон сиймосини яратганда мана шундай тасаввур ва шундай изчил дунёқараш, курашчан фикрлаш доирасига эга бўлган эдилар. Ўзбек шеъриятининг улкан намояндалари – Ғ.Ғулом, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Ғайратий, М.Шайхзода, Миртемир яратган ХХ аср кишиларининг бадиий етук образлари мана шундай тасаввур қувватидан пайдо бўлган. Бугунги кунда ғайрат билан ижод қилиб турган Уйғун, Зулфия, А.Мухтор, Р.Бобожон, Шукрулло, Т.Тўла, Э.Воҳидов, Ж.Жабборов, И.Юсупов, А.Орипов, Х.Шарипов, О.Матжон сингари шоирларнинг энг ёрқин асарларида гавдаланаётган ижобий лирик қаҳрамонлар – замонамиз кишиларининг образлари шундай ижтимоий тиниқ тасаввурлар, равшан идеаллар асосидаги изланишлардан туғилгандир. Бу шоирлар билан ёнма-ён ўзбек шеъриятида яна жуда кўп ранг-баранг истеъдод эгалари ҳаракат қилмоқдаларки, уларнинг ижодларида ҳам замонга, даврнинг етакчи идеалларига ҳамоҳанг интилиш анча кучли намоён бўлмоқда.
Даврнинг ўзи (1970 – 1990 йиллар) шеърият олдига ижтимоий фаолликни кучайтириш вазифасини қўйди. Бу вазифани адо этиш тўғридан-тўғри замондошларимизнинг ҳаққоний ва теран образларини яратиш, уларнинг кундалик жасоратларини акс эттириш билан узвий боғлангандир. Давр лирика жамиятга бениҳоя керак деган фикрни ўртага ташлади. Шу билан бирга кейинги йилларда лирик ижодда кўзга ташланаётган камчиликлар – бачканалик, туйғуларнинг хира тортиши, халқ ҳаёти ичига чуқур кириб бормаслик каби умумий нуқсонлар ҳам йўқ эмас. Давр ҳаётига ҳозиржавоб, аср ҳақиқатини эҳтирос ва эътиқод билан куйлайдиган лирик шеъриятга талаб ва эҳтиёж катта.
Лирикага шундай эътибор, ўзбек шеъриятида бўлаётган жонли изланишларнинг узлуксиз жараёнлари, ранг-баранг адабий-бадиий тажрибалар – ҳаммаси «давримиз ҳақиқатларини кишиларга юксак таъсирчан шаклда» етказиш мақсадларида рўй бермоқда.
Биз рисоламизда ўзбек лирикасининг кейинги ўн беш-йигирма йил ичидаги (1970 – 1990 йиллар) тараққиёт тенденцияларини худди мана шу юксак вазифалар нуқтаи назаридан ёритишни кўзладик. Лирикамизда давримизнинг илғор кишиси – янги жамият қурувчисининг образини яратишда эришилган муваффақиятларни умумлаштиришга интилдик. Лирикамиздаги жуда характерли шеърий фикр йўналишларини ҳам давр қаҳрамонининг ички дунёсини гавдалантириш муаммоси билан чамбарчас боғлиқликда олиб тадқиқ этишни истадик. Шунингдек, инсон бой маънавий оламини бадиий ва ҳаётий таъсирчан гавдалантиришда ижтимоий-тарихий оптимизмнинг ҳаётбахш қудратига алоҳида эътибор бердик. Ижтимоий оптимизм ғояси билан барча муҳокамаларимиз ҳамда таҳлилларимизга яхлит тус бердик. Бу масалалар ўзбек шеърияти тимсолида кам ўрганилгани учун уларни кенгроқ таҳлил қилиш бизга ғоятда аҳамиятли бўлиб кўринди. Шунинг учун ҳам уни тадқиқотимизни ягона мақсадга йўналтиришдаги асосий таянч нуқта сифатида алоҳида таъкидлашга ҳаракат қилдик.
Биз ўзбек шеъриятидаги характерли тенденцияларни кўздан кечирарканмиз, ўз таҳлилларимизда жаҳон шеъриятининг бой тажрибаларига суянишга интилдик.
Ўзбек миллий шеърий тафаккурининг узлуксиз ривожланиш ва бошқа миллий адабиётлари билан чамбарчас алоқада гуллаб-яшнаши қонуниятларини очиш ҳаётбахшдир.
Бу борада ХХ аср адабиётшунослиги ранг-баранг тажрибаларни умумлаштириб берган, жонли жараёнларда ижодий мактаблар очган.
Кўпдан-кўп олимлар ва тадқиқотчиларнинг изланишлари илмий-назарий – адабий тафаккурнинг ўсишига хизмат қилмоқда. Улар янги-янги изланишлар олиб боришга, тадқиқотлар қилишга йўллар очмоқда.
Рисоламиз ҳам мана шу долзарб илмий кузатишларнинг давоми бўлади, деб умид қиламиз. Биз таҳлилларимиз ва илмий кузатишларимиз, хулосаларимизда янги йўллардан боришга интилдик. Замонавий ўзбек шеъриятининг жуда характерли ва ўзига хос ҳодисаларини очиш, умумлаштириб беришни мақсад қилдик. Шундай яхши ният билан бу унчалар осон бўлмаган ишга журъат этдик.
I. ЛИРИК ШЕЪРИЯТНИНГ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА ТАРАҚҚИЁТИ
Лирикада ҳаёт ва инсон характерлари
Тўлғин ижодий жараёнлар билан яшаётган ва нафас олаётган ҳар бир миллий адабиётнинг сифати ҳамда савияси, унинг замонавий даражаси шу адабиёт кўтариб чиқаётган, яратаётган инсон характерларининг руҳий бойлиги, инсоний ранг-баранглиги, ижтимоий қиммати ва бадиий салмоғи, шу характерлар орқали ифодаланган ҳаёт ҳақиқатининг теранлиги билан белгиланади.
Инсон характери нима ва ўз ичига нималарни қамраб олади, деган муаммо устида жуда қадимдан санъаткорлар, олимлар, донишмандлар, файласуфлар фикр юритиб келадилар. Улар инсон табиатининг мағзида нималар ётишини, инсонликнинг асосини нималар ташкил қилишини билишга, уни равшан тасаввур қилишга уринганлар. Улар инсон хатти-ҳаракатлари, ижтимоий муносабатларининг асосини белгилайдиган бош йўналтирувчи куч нимадан иборат эканлигини аниқлашга ҳаракат қилганлар. Чунончи, қадим файласуф Аристотель инсон характери нима деган саволга жуда қисқа ва лўнда қилиб: у муайян ирода йўналиши [1] деб жавоб беради. Ва ушбу ғоятда лўнда таърифи билан инсон характерининг туб моҳиятига назар ташлагандай, бу моҳиятни очгандай бўлади. Аристотелнинг таърифи: инсон ўзини, ўз табиатини, ички моҳиятини ҳаракатда, фаолиятда намоён қилади, деганидир. Инсон характери ҳақидаги тасаввур кейинроқ янада равшан тортди. Айниқса, Гегель Аристотелга суянган ҳолда характер тушунчасини янада тўлароқ ва кенгроқ қилиб ифодалади.
«Характер, – дейди Гегель, – ирода ва қизиқишнинг муайян шаклидир, шулар билан у қимматга эга бўлади». [2] Сўнг Гегель ўзининг характерга берган ушбу таърифини унинг мағзи ва мазмунини ўзгартирмаган ҳолда бир неча маротаба такрорлайди. Айрим ҳолларда эса унинг муайян бир томонини бўрттириб кўрсатади. Инсон унинг қатор қилиқларида намоён бўлади, дейди Гегель яна бошқа бир ўринда. Ҳаракат бўлмоғи учун, асосан, характер талаб қилинади, дейди у яна.
Янги замон адабиёт назариялари эса адабий характер инсон ҳаётининг қонуниятларини акс эттиради, деб таъриф беради. Ва даврнинг белгиларини ўзида акс эттирадиган характерларни бадиий ҳодиса сифатида жуда юксак баҳолайди.
Характерга берилган мана шу таърифларнинг жамики хусусиятларини инкор этмаган ҳолда уларнинг барчаси учун умумий нуқта мавжудлигини ва ушбу нуқтада таърифлар бирлашиб, бир-бирларини тўлдирганлигини кўрамиз. Яъни таърифларнинг ҳаммаси характер билан ҳаракатни ёнма-ён қўяди, характер дейилганда ҳаракат эсга олинади. Бу бежиз эмас, албатта. Характер ўз қимматини ва моҳиятини онгли ижтимоий фаолиятда, одамлар орасидаги хатти-ҳаракатларида очади. Лекин характер юзага келиши учун унинг барча ҳаракатлари изчил ва мунтазам йўналишга эга бўлмоғи даркор. Бошқача қилиб айтганда, характер инсон хулқининг изчил ва яхлит кўринишларидир.
Бу изчиллик ва бутунлик ички қарама-қаршиликлар асосида юзага чиқади. Зиддиятли характерлар, бутун (яхлит) характерлар деган ифодалар мана шунга ишора қилади.
Шу изчиллик ва ички зиддиятлар санъатда устувор бадиий қонуният каби намоён бўлади.
* * *
Алишер Навоийнинг эҳтиросли ва фидокор ишқни улуғлаган «Лайли ва Мажнун» асарида Қайснинг ишқ жунунидан халос бўлмоғидан умидларини узган ота-она сўнгги чора деб уни Каъбага тавоф этгани олиб бордилар. Қайс Каъба эшигининг халоскор ҳалқаларини ушлаб, мени ишқдан халос эт, деб илтижо қилиши мумкинмиди? Ахир у Каъба ҳалқаларини ушлагунча не-не савдоларни бошидан кечирди, не-не ишқ шиддатларини кўрди. Яқинларининг бошларига қанчадан-қанча уқубатларни келтирди. Ҳозир ҳам унинг қошида яқинлари кўз ёши тўкиб, сўнгги умид билан унга кўз тикиб турибдилар. Қайс кўр эмас, кўради, бағри тош эмас, ҳис қилади. Шуларнинг ҳаммаси баробарида ҳам барибир у, мени ишқдан халос эт, деб илтижо қилмайди. Бунинг сабаби нимада экан? Агар у ўзини ишқ шиддатларидан халос этишни сўраса, Мажнун бўлармиди?
Мажнун – ишққа мубталоликнинг буюк тимсоли. Шу мубталолик уни қандай ҳолларга солмасин, бу ҳолларнинг ҳаммасида у ўз характерига содиқ. Ўз характерига изчил суратда тобе. Унинг ирода йўналишини мана шу мубталолик белгилайди. Шунинг учун унинг ишқдан воз кечиши, ишқдан халос истамаги сира мумкин эмас. Ишқнинг поёнсиз тарзда ҳукмрон кучга айлангани – Қайснинг характерини ҳар жиҳатдан шакллантиради. Ишққа мубталолик характернинг мазмуни ва мундарижасига айланган. Қайснинг ишқи унинг характерига қараганда бепоён, катта. Шунинг учун характер ишққа бардош беролмади, ишқ қудратига таслим бўлди. Бунда ишқ туйғусининг аллақандай космик чексизлиги зуҳур этаётганга ўхшайди.
Ҳар қандай поёнсизлик билан соғлом ақл ўртасида зиддият бор. Соғлом ақл поёнсизлик билан чиқишолмайди. Соғлом ақл ҳамма нарсани ўз меъёри, уйғунлиги, чегараси билан қабул қилади. Қайснинг ишқи ва истеъдоди поёнсиз. Шунинг учун у мажнунга айланди. Қайс ўз мажнунлигида беҳад даражада изчил ва бутун, яъни бадиий характер сифатида баркамол. Мажнунлик унинг ирода йўналишини белгилайди. Мабодо Қайсни шамчироқ деб тасаввур қилсак, ишққа мубталолик унинг муттасил ёниб турган пилиги. Ҳамма воқеалар, ҳамма сюжет чизиқлари шу пилик атрофида уюшади. Шу маънода бадиий образ ҳам мисоли шам, характер йўналиши эса шу образни образ қилиб турган пилик.
Худди мана шундай характер йўналишига, ундаги ҳукмрон қудратнинг юзага чиқишига кўра Фарҳоднинг тоғ қазимаслиги, Ленскийнинг дуэлга чиқмаслиги, Дон Кихот Ломанчийнинг шамол тегирмонларнинг парраклари билан жанг қилмаслиги сира мумкин эмас. Зотан, буларнинг бари – ирода йўналишининг намоён бўлмоғидир. Мана шу эслаб ўтилаётган классик адабиёт қаҳрамонлари орқали улуғ адиблар чуқур инсоний ғояларни илгари сурганлари, салмоқли ҳаёт концепцияларини кўтариб чиққанлари равшан кўзга ташланади. Юқорида, бадиий характер даврнинг белгиларини акс эттиради, дедик. Энди бунга, характер даврнинг етакчи ғояларини ҳам ўзида ифодалайди, деб қўшимча қиламиз. Одиссей, Онегин, Печорин, Корчагин, Йўлчи, Ойқиз, Саидалар даврнинг мазмуни ва ғояларини ҳам ўзларида ифодалайди деб қўшимча қиламиз. Данте қаҳрамонлари, Онегин, Печорин, Корчагин, Йўлчи, Ойқиз, Саидалар даврнинг мазмуни ва ғояларини акс эттирадилар. Булар эпик миқёслардаги инсон характерларининг намоён бўлиши, бинобарин, уларнинг тасвирлари ҳам кенг, батафсил ва изчил. Прозада шундай. Йирик эпик поэмаларда шундай.
Қадим буюк адиблар ирода йўналишини маълум бир ғояга, маълум бир тарзда яшаш усулига мубталолик тарзида тушунадилар. Шундай мубталоликни инсон характерининг жуда ҳам ёрқин суратда намоён бўлиши деб англайдилар. Инсон характерини шундай англаш эстетик концепцияга айланади. Шулар кузатилган: Шарқ классик достонларида, хусусан, Низомий, Руставели, Фирдавсий, Хусрав Деҳлавий, Алишер Навоий, Фузулий асарларида мубталолик инсон характери, шу характер ирода йўналишини юзага чиқарувчи куч каби талқин этилади. Алишер Навоийнинг Шоҳ Баҳром («Сабъаи сайёр»), Искандар («Садди Искандарий»), Фарҳод («Фарҳод ва Ширин»), ҳақиқат изловчи қушлар («Лисон ут-тайр») каби образлари характер эътибори билан ғоя ва қудратли эҳтиросга мубтало бўлгандирлар. Шоҳ Баҳром лаззатпарастликка муккасидан кетган, лаззатпарастлик унинг ҳаётида ва инсоний интилишларида муҳаббатдан, давлат, халқ манфаатларидан кучли. Лаззатпарастлик эҳтироси унинг қонида ғолиб чиқади. Лаззатпарастлик ҳавойиликка олиб боради. Шу эҳтирос унинг характерида психологик асосга айланади. Баҳром характер сифатида типга айланган. Баҳром характеридаги асосий йўналиш – халқни ва давлатни ҳалокат ёқасига олиб келади.
Алишер Навоий Фарҳод образида ғоя ва эҳтиросга мубталоликнинг қудратли кучини очади. Инсон характерларини улуғвор ва ўлмас юксакликка кўтарган мана шундай доминанта аҳамиятига эга мубталолик Шекспир яратган Гамлет, Отелло, Лир сингари қаҳрамонларнинг ирода йўналишини бошқариб туради. Ф.М.Достоевский ҳам улкан инсон характерларини яратганда мана шу эстетик принципга амал қилади. Хусусан, Родион Раскольников, Настасья Филипповна, князь Мишкин, Рогожин, Ставрогин, Федор Карамазов сингари қаҳрамонлар оламида ғояга ва инсоний эҳтиросларга мубталолик ҳамма нарсадан қудратлироқдир. Бу қаҳрамонларнинг ҳаёт кемасини ғояга мубталолик бошқариб боради. Шу мубталолик улар характеридаги инсоний трагизмни белгилаб келади.
Ф.М.Достоевский ёзади: «Мен тўла реализмга амал қилган ҳолда инсондан инсон топишга интиламан... Мени психолог дейишади. Ундаймас, мен энг юксак маънодаги реалистман, яъни инсон қалбининг барча теранликларини акс эттираман». Улуғ ёзувчи гарчи ўзининг эстетик қарашлари ва бадиий принципларини айтаётган, ўз ижодий методининг моҳиятини ифодалаётган бўлса-да, бу ажойиб фикр кенг маънода бадиий адабиётнинг ҳамма жанрлари, барча турлари учун бениҳоя муҳимдир. Адабиётнинг бош мақсади ҳам инсон руҳий дунёси, ички оламининг теран ҳақиқатларини гавдалантиришдадир.
Инсондан инсонликни топиб тасвирлаш, унинг қалб оламига чуқур кириб бориш шеъриятнинг, унинг гўзал тури бўлган лириканинг ҳам биринчи даражали вазифасидир. «Чинакам лирика, – деб ёзади Гегель, – бошқа ҳар қандай ҳақиқий поэзия каби инсон юрагининг чинакам мазмунини ифода қилиб бериши керак. Бироқ ҳамма нарса ва ҳатто энг холис, энг асосли ва энг моддий ҳодисалар ҳам лирик мундарижа касб этаркан, шахсан ҳис қилинган, кўнгил кўзгусида йўғрилган, тасаввур қилинган ва ўйланган ҳолда гавдаланмоғи лозим». [3]
Кўриниб турибдики, бадиий адабиёт нимани қандай тасвирлаш керак деган масалада улуғ адиб билан мутафаккирнинг фикрлари бир ердан чиқади. Лирика инсон қалбининг ҳақиқий мазмунини акс эттириши керак. Қалб оламининг ҳақиқий мазмуни эса такрорланмас, ранг-баранг инсон характерларининг ифодаси демакдир. Лекин шеърият ва айниқса, лирика проза жанрларида, йирик шеърий асарларда бўлгани каби кенг қамровли, ҳар томонлама батафсил ишланган, гавдалантирилган характерлар ва типлар яратмайди. Эҳтирослар ва ҳаяжонларни жуда лўнда ифодалашга қаратилган лириканинг бундай имкониятлари йўқ. Лирика поэтик характернинг яхлит қирраларидан дарак беради. Ҳар бир шеърда тугал характернинг маълум бир қирраси намоён бўлади.
Лирика миллий характерлар яратмасдан туролмайди. Лекин миллий характерлар яратишда тамомила ўзига хос йўллардан боради. Унда миллий онг яхлит тарзда намоён бўлади. Лириканинг поэтик характер яратиш йўллари ғоятда ранг-барангдир. Бу йўлларнинг ҳаммасини бир жиддий, универсал қоида билан қамраб олиш мушкул, балки мумкин бўлмаган, эҳтимол, илмий-амалий жиҳатдан унчалар ҳожати ҳам бўлмаган ишдир.
«Марина Цветаеванинг шеърларида, – деб ёзади таниқли олим Вл.Орлов, – муаллиф образи поэтик характер даражасига ўсиб чиқади. Бу тушунчанинг маъносини келишиб олайлик. Поэтик характер – ўз асарларида «биографик талқин этилган муаллиф шахси бўлиши шарт эмас». [4] Бу тўғри кузатишда поэтик характернинг мазмуни ва чегараси аниқ таъкидлаб ўтилган. Ҳар бир йирик шоирнинг эҳтирослар ва ғоялар чуқур ифодаланган ижодида муаллиф образи доимо поэтик характер даражасига ўсиб кўтарилади ва ўзининг ранг-баранг қирралари билан яхлит тарзда кўринади. Вл.Орлов сал кейинроқ ўзининг поэтик характер ҳақидаги кузатишларини янада тўлароқ баён этади: «Поэтик характерда, – деб ёзади у, – шоирнинг шахсий ҳаёти эмас, «қалбининг қурилиши» очилади ва у барча асарларида нурланиб туради. Шеърий нутқ қурилишининг барча стилистик воситалари шу вазифани ҳал этишга хизмат қилади». [5] Демак, поэтик характернинг замири «қалб қурилиши»га кўра белгиланади. Вл.Орловнинг фикри нечоғлик тўғри эканлигини Марина Цветаеванинг: «... поэт – прежде всего строй души» («Шоир – аввало қалб қурилишидир») деган ажойиб сўзлари тасдиқлаб туради. Бу қалб қурилиши Аристотелнинг «ирода йўналиши»га қанчалар яқин, унга қанчалар оҳангдош.
Бироқ поэтик характер миқёси шунинг ўзи билангина чекланмайди. Лирика ва айниқса, ривоят қилувчи лирика шундай инсон типлари ва характерларини гавдалантирадики, улар муаллиф образидан холис ва мустақил қурилишга эга бўлади. Бундай лирикани йирик олим Г.Н.Поспелов «персонаж» лирикаси деб атайди. Шу билан бирга Г.Н.Поспелов «лирик субъектларда ижтимоий онгнинг ўзига хосликлари типиклашади», [6] деган фикрни ҳам айтиб ўтадики, бу лирик характер ҳақидаги Гегелдан олинган тасаввурни янада бойитади, унга замонавий салмоқли оҳанг бағишлайди. Поэтик характернинг табиати ҳақида сўзлаб ўтаётган эканмиз, шуни ҳам таъкидлаб ўтайликки, Г.Н.Поспелов «лирик қаҳрамон», «лирик персонаж» деган тушунчалар кўп қўлланилишига қарамай предметнинг хусусиятларини унчалар тўлиқ акс эттирмаслиги, уларга у қадар мос эмаслигини таъкидлайди: «Лирик медитация субъекти ўз терминологик атамаси бўлишини талаб этади. Уни кўпинча «лирик қаҳрамон» деб юритадилар. Лекин бу атама предметнинг ўзига хосликларига мос эмас. Қаҳрамон – сўзнинг кенг маъносида – асарда ҳаракат қилувчи шахс, медитатив лирика эса муайян «маиший» бир ҳаракатни тасвирламайди. Бунда «лирик персонаж» термини ҳам қулай эмас. Персонаж – «маиший» индивидуаллашган шахс, медитатив лирикада эса бундай индивидуаллаштириш йўқ. Гегель изидан бориб, лирик медитация субъектини «лирик субъект» деб атаймиз». [7]
Лекин бу муҳокама қанчалар асосли ва жозибали бўлиб кўринмасин, «субъект» деганимиз шахс демакдир. Шахснинг хусусиятларидан бадиий адабиётда образ-қаҳрамон хусусиятлари шаклланади. Қаҳрамон сўзига «лирик» аниқловчининг берилиши бу қаҳрамоннинг нимага тегишли эканлигини, унинг ўрнини равшанлаштиради. «Лирик қаҳрамон» тушунчасининг тарафдорлари қанча кўп бўлса, бу тушунча билан унчалар келишолмайдиганлар ҳам, эҳтимол, шунчалар бор. Балки «лирик қаҳрамон» тушунчасига тарафдор бўлганлардан анча камроқдир. Лекин тушунчалар замонлар ўтиши билан ўзгариб туради. Улар ўлик ҳодиса эмас. Энг яхши термин илмий жиҳатдангина эмас, ҳаётий-амалий жиҳатдан ҳам қулай, ҳодисанинг асосий моҳиятини ифодалашга қобил бўлган терминдир. Назаримизда «лирик қаҳрамон» тушунчасида шундай илмий-амалий қулайлик бор. Шунинг учун ҳам у тобора кенгроқ суратда истеъмолга кириб бормоқда.
Кўпгина муаллифларнинг адабиёт назариясига бағишланган китобларида лирик қаҳрамоннинг моҳияти ва мазмуни очиб берилмоқда, ўрни, вазифаси, хусусиятлари кўрсатилмоқда. Хусусан, атоқли олим Иззат Султон: «Лирик қаҳрамон – лирик асарда кечинмалари тасвирланаётган киши, шоирнинг умумжамият учун қимматли ҳис ва фикрларини ташувчи шахсдир. У шоир шахси билан эстетик идеалнинг қуймасидир», [8] деб ёзадики, бу таъриф лирик қаҳрамон мазмунини тўлароқ, кенгроқ, ҳаётийроқ англашга хизмат қилади. Иззат Султон таърифидаги: «Лирик қаҳрамон... – шоирнинг умумжамият учун қимматли ҳис ва фикрларни ташувчи шахс» сўзлари бу қаҳрамоннинг реализм адабиётидаги янги моҳиятидир. Г.Н.Поспелов, Л.И.Тимофеев сингари йирик адабиётшунослар ҳам шеърият қаҳрамонининг мана шундай ижтимоий аҳамиятли жиҳатларини алоҳида бўрттириб кўрсатадилар.
Албатта, айтиб ўтилганидек, лирикада инсон характерини худди насрий асарларида бўлгани каби ҳар жиҳатдан кенг, батафсил ва мукаммал тасвирлашнинг имкони йўқ.
Лирикада инсон характерини тасвирлаш йўллари ва усуллари беҳад ранг-баранг бўлганидек, поэтик характерларнинг ўзи ҳам бениҳоя ранг-баранг, такрорланмас қиёфаларга эгадир.
Лирикада характер ўз ички дунёси ва қалб интилишларини ошкор қилиш йўли билан намойиш этади. Лекин лирикада инсон характерининг шаклланиш жараёнлари, тадрижий такомили эмас, характернинг тайёр ўзи ўй ва кечинмалар ичида, ташқи дунёга, уни қуршаган муҳит ва нарса-ҳодисаларга муносабатда, яъни ўзининг дунёни тушуниш меъёри – концепцияси билан очилади.
Шоирнинг ҳаётий ҳодисаларга, ижтимоий воқеликка муносабати қанчалар кучли ва чуқур бўлса, поэтик характернинг шаклланиши ва намоён бўлиши шунчалар таъсирчан ва қудратли кечади.
Лириканинг шакли ва мундарижаси бошдан-оёқ ва тугал суратда лирик шахс – лирик қаҳрамонга, унинг кечинмалари дунёси, бадиий қиёфасига боғлиқдир. Йирик адабиётшунослар лирик қаҳрамон, лирик шахс, лирик характер, лирик персонаж, лирик «мен» деган тушунчалар гарчи ташқаридан бир ҳодисани ифодалайдигандек бўлиб кўринсалар-да, лекин уларнинг ҳар қалай нозик фарқлари бўлиши мумкинлигига ишора қиладилар. Бу тушунчаларни улар, хусусан, Г.Н.Поспелов, Лидия Гинзбург, Вл.Орлов сингари тадқиқотчилар муаллиф онгини ифодаловчи бадиий воситалар сифатида талқин қиладилар. «Ҳеч шубҳасизки, лирик қаҳрамон атамасига ҳаддан ташқари кўп маъно берадилар, – деб ёзади катта олим Лидия Гинзбург. – Лирик қаҳрамон категорияси бирлиги остига муаллиф онгини ифодалашнинг турли-туман воситалари киритилаверади ва натижада, уларнинг ўзига ярашалиги, маънодорлиги йўқолади. Ҳақиқий лирикада доимо шоир шахси иштирок этади, лекин лирик қаҳрамон ҳақида у устувор биографик, воқеий белгилар билан қуршалган чоғдагина сўзлаш ўринлидир». [9] Албатта, муаллиф онгини ифодалайдиган бошқа бой воситалар ҳисобига ҳам фақат лирик қаҳрамон бўлсин деб қараш масалани торайтириб ва чеклаб қўйиш билан баравар бўларди. Лекин шу билан бирга фақат устувор биографик ва сюжет чизиқлари бўлган тақдирдагина лирик қаҳрамон ҳақида гап кетиши мумкин, дейиш ҳам, ўз навбатида, тушунча доирасини ҳаддан ташқари торайтириб юборади. Шеърият шундай намуналарга эгаки, уларда гарчи устувор биографик ва сюжет чизиқлари кўринмаса-да, лекин тасвирланган қаҳрамонни лирик қаҳрамон деб аташ ўринли бўлиб қолади. Бадиий амалиёт бу жиҳатдан турли назарий қоидалар ва таърифлардан беҳад кенгроқ ва бойроқ майдонга эгадир.
Чунончи, Ҳамид Олимжоннинг «Ўрик гуллаганда» ва Уйғуннинг «Назир отанинг ғазаби» шеърларидаги қаҳрамонларни кўз ўнгимизга келтирайлик. Ҳамид Олимжон теран инсоний кечинмалар асосида ўзининг ҳаёт ва бахт ҳақидаги бунёдкорлик ғоясини илгари суради. Баҳор палласи шоир деразаси олдида оппоқ бўлиб гуллаган ўрик унда юксак шоирона ҳиссиётлар уйғотади. Ўрик гулига нисбатан шоирнинг ҳаяжонга тўлиқ муҳаббатли муносабати гуллаб-яшнаган ҳаёт ва табиатга муносабатига айланади. Бунда инсон, табиат, баҳор, ўрик гули, яшнаган ҳаёт – ҳаммаси бир-бирига гўзал тарзда уйғун ҳамда чамбарчас бўлиб кетгандир. Бу уйғунлик асосида шоирнинг ҳаётга бўлган ўта теран умидбахш қараши ётади. Ҳамид Олимжоннинг бу шеъридаги қаҳрамонни тўлақонли лирик қаҳрамон деб аташ ва шундай сўз юритиш бениҳоя ўринлидир. Уйғуннинг шеърида эса бутунлай бошқача образ, бошқача ифодага дуч келамиз. Назир ота муаллиф «Мен»идан мустақил ҳаёт стихиясида ҳаракат қилади. Назир ота образининг ички моҳиятига шоир шахси аралашмайди. Назир ота ўз характерли миллий қиёфаси ва ҳаётга ўзига хос муносабати билан кўзга ташланади. Шунга қарамасдан Назир отани лирик характер деб аташ керак бўлади. Назир ота ўз шахсини намойиш қилиб кўрсатишга интилади. Унинг ҳодисаларга муносабати ҳам ўзига хос, унинг қалбини тўлдирган ва юрагидан отилиб чиқишга тайёр турган ҳиссиётлар ҳам такрорланмас ҳаяжонли қувватга эга. Назир отанинг авзойи бузилган ҳавога муносабати ва тош ёғса ҳам пахтани теришга аҳд қилгани – соф лирик муносабатдир. Лирик характернинг хусусиятлари мана шундай муносабатларда ўз индивидуал рангинлиги билан намоён бўлади. Назир отага нисбатан лирик характер, лирик қаҳрамон, лирик персонаж истилоҳларини бемалол қўллаш мумкин. Назир отада шуларнинг моҳиятига жавоб берадиган жиҳатлар, чизиқлар бор.
Жамбулнинг «Атир» деган шеърини кузатайлик. Сартарош, Жамбулнинг ёқасига атир сепиб овора бўлма. Сенинг эски курсингда ўтирган одам ёш эмас, қария. Бир вақтлар навқирон эдим, чўяндай чўнг эдим. Энди белим букилди, мўйларим оқарди. Менинг ёшлигимни кўрганлар ҳам энди ҳаммалари оламдан ўтиб кетганлар. Темирни қанча қайрама, қилич бўлмас. Қирчанғини қанча парвариш айлама, тулпор бўлмас. Шеър тўқиб ўтирган ушбу Жамбулга қанча атир сепма, йигит бўлмас. Бунда шоир ўзини қуршаган реал муҳит ичида.
Ҳаммаси атирга муносабатдан бошланди. Атир шоирнинг хотирасига йигитлик чоғларини туширди. Йигитлик чоғларини эслаган шоирнинг хаёллари умр ҳақидаги фалсафага айланди. Умр ҳақидаги медитациялар драматик оҳанг касб этди. Шоир драматик оҳангни яна ҳаётбахш киноя билан юмшатмоқда. Шеърни Жамбул ўзи ҳақида, ўзининг ўткинчи умрга муносабати ҳақида ёзган. Лекин шу билан бирга бу шеър Жамбулнинг ўзи ҳақидагина эмас. Шеър умуман қариликнинг уқубати, умр онларининг қайтарилмаслиги ҳақида. Шу маънода бу шеър Рудакий ва Ҳувайдонинг қарилик ҳақидаги машҳур шеърлари билан ҳамоҳанг. Шеър унда тасвирланган кечинмалар, ҳиссиётларнинг ҳаққонияти билан тор шахсий доирадан чиқиб, умуминсоний аҳамият касб этган. Бунда лирик қаҳрамон равшан ифодаланган биографик чизиқларга эга. Лирик қаҳрамон ўзига хос қарашга ва муносабатга эга бўлган характер сифатида ҳам кўринади. Характер, айниқса, метафораларда, параллел ишлатилаётган образларда яхши сезилади. Улар бизнинг кўз ўнгимизда бағри кенг, кескин, жўмард, ўз сўзида устувор ва мард, ҳаётга матонат билан қарайдиган кишини гавдалантирмоқда.
Рудакийнинг «Қариликдан шикоят» қасидасида эса бутунлай бошқача бир инсон гавдаланади. Рудакий инсон умрининг диалектикасини гўзал бир тарзда гавдалантиради. У ёшликнинг ҳаёт ишқи билан тўлган жўшқин онларини тасвирлайди. Ўша шодлик, муҳаббат, шўхлик, сурон билан тўлган дамлар ўтиб, энди қарилик айёми етиб келган. Ёшликнинг қудрати кетиб, қариликнинг ожизлиги қолган. Гулистонлар кимсасиз саҳроларга, саҳролар гулистонларга айланди. Бизга янги бўлиб туюлган ҳамма нарсаларни вақт қаритди, лекин шу билан бирга замон ўтган шонли ишларга сурур ва навқиронлик бахш этди. Рудакийнинг қўлида икки ойна бор: у ёшликнинг чароғон, ярқироқ кўзгусини қариликка, қариликнинг дониш, қарилик ҳикматлари билан ёришган кўзгусини ёшликка тутиб кўради ва шунда инсон умри фаслларининг ўзига хосликларини жуда ёрқин гавдалантиради.
Жамбул ўз мақсадига жуда лўнда, содда, ёрқин, чўл шамолларидай сарин ва шўх сўзлар билан етган бўлса, Рудакий шеърида умрнинг жуда катта маданий қатлами тасвирланади. Гўзал ва теран шеърий образлар силсиласи шеърнинг мазмунини янада чуқурлаштиради. Унга таъсирчанлик бағишлайди. Лекин Жамбул билан Рудакий шеърида ўхшаш томонлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ҳар иккиси ҳам индуктив фикрлайдилар, яъни айрим хусусий ҳодиса ҳамда фактлардан умумий кенг хулосалар, ҳаёт манзараларини чизишга томон борадилар. Рудакийнинг шеърида ҳамма нарсалар «Тишларим тушди» деган хусусий ҳаёт фактидан бошланади. Жамбул шеърида эса лирик ҳолат атирдан тугун олади. Ҳар иккала шоирда ҳам интроспекция жуда кучли тарзда намоён бўлади. Лекин Жамбул шеърида интроспекция лўнда ва қисқа хулосалар чиқаришга сабаб бўлади. Рудакийда ўз-ўзини жуда изчил кузатиш, ўз ҳолатларини зийраклик билан чизиш, умрнинг қиссасини яратишга қудратли бир интилишни сезиб турамиз. [10] Ҳувайдонинг қарилик ҳақидаги шеърида эса фикрлар тизмаси майдан, «йигитликда май ичмаклик не хуш бахту саодатдир», [11] деб бошланади. Сўнг умрнинг икки фаслига хос хислатлар очилади. Рудакий учун тиш тушиши, Жамбул учун атир сепилиши қандай фикр занжирларини бошлаб берган бўлса, Ҳувайдо ғазалида май ҳам шунга ўхшаш образли фикр занжирларини юзага чиқаради. Шоирлар хусусий фактдан катта бадиий умумлашмалар сари борадилар. Рудакийнинг шеърида ҳам, Жамбул шеърида ҳам қаҳрамон шоирнинг ўзи. Уларда реал биографик фактлар тилга олинади ва тасвирланади. Шоирлар умрнинг мардона ва олижаноб чуқур инсоний фалсафасини яратадилар ҳамда шундай ҳаётий фалсафа бу шеърларни тор доирадан кенг умуминсоний доирага олиб чиқади, уларни ўлмас асарларга айлантиради.
Лирика инсон қалбининг чинакам мазмуни ва мундарижасини ифодалаш, беҳад ранг-баранглиги миллий ҳаётнинг чексиз ўзига хосликлари ва йўналишларини акс эттира олиши [12] билан жуда қимматлидир. Ғафур Ғуломнинг машҳур «Сен етим эмассан» шеърини юқорида кўриб ўтилган асарлар қаторида тасаввуримизга келтирайлик. Қанчалар ранг-баранг ва сира ҳам бир-бирига ўхшамаган бадиий ҳодисалар! Ғафур Ғуломнинг шеъри нотиқона юксак патетика, зўр ҳаётий қарашни тасдиқлаш ва устувор қилиш билан бошланади. Бу шеърда шоир образи ҳам ота, ҳам қудратли Ватаннинг илғор кишиси, инсонпарварлик ғояларининг эътиқодли ва қатъий курашчиси қиёфасида гавдаланади. Лирик қаҳрамон ғоятда катта ижтимоий мазмун касб этади. Бу мазмун шу қадар чуқурки, унинг дунёқарашидан ўсган ва етилганлиги ҳар бир сатр, ҳар бир сўздан билиниб туради. Мазмуни чуқурлигидан, ота овози – даврнинг, янги дунёнинг овозига айланади. Лирик характерда инсонийлик концепцияси ўз юксак бадиий тажассумини топади. Лирик характер кучли бадиий умумлашма туфайли типиклик касб этади, муайян давр характери сифатида намоён бўлади! «Сен етим эмассан»даги лирик характер ўз бадиий қиммати ва миқёсига кўра Владимир Маяковскийнинг «Ҳайқириқ» асарида гавдаланадиган лирик қаҳрамон билан ҳамоҳанглик топади. ХХ аср кишиси қарашларидан туриб сўзлаш ва ҳар сўзда, ҳар интилишда инсон ва юрт манфаатларини ҳимоя қилиш, ёқлаш бу ҳамоҳангликни ўзгача маъно билан тўлдиради.
Мана шу кўриб ўтилган шеърларда гавдалантирилган қаҳрамонларга назар ташлаб, шунга яна бир карра амин бўлиш мумкинки, лирикада ҳаракат қилувчи шахсларни – лирик шахс, лирик персонаж, лирик қаҳрамон, лирик «Мен», лирик характер сингари тушунчалар доирасида аташ ва уларнинг ҳар бирига ўзига хос таъриф ва чегара топишга уриниш, албатта, жуда шартлидир. Уларнинг аниқ белгиланган чегаралари йўқ. Уларнинг хусусиятлари ўзаро бир-бирларига ўтиб туради. Шунга қарамасдан, уларнинг жуда нозик фарқланадиган жиҳатлари ҳам йўқ эмас. Бу фарқлар лирик шеърларнинг муайян контекстларига кўра юзага чиқади.
Характер яратиш юксак бадииятнинг мезони ва асосий шартларидан бири бўлганидек, лирикада характер орқали инсон ҳаётининг фалсафаси ҳамда ички кечинмаларининг мазмунини бериш биринчи даражали аҳамият касб этади. Ёзувчи Константин Федин «Сюжет қуришда характерга суяниш керак», деган эди. Гарчи проза қонуниятларини лирика учун қўллаш ва татбиқ этиш ўринли бўлмаса ҳам, лекин Фединнинг фикрини бошқачароқ тарзда лирика учун ҳам айтиш мумкин. Яъни лирикада шоирнинг кечинмалар оламига муайян характернинг ирода йўналиши орқали кириб бориш мумкин. Кечинмалар, оламга муносабатлар, қалб ва фикр йўналишлари характернинг ўзига хосликларидан туғилади ҳамда шу ўзига хосликлар атрофида уюшади. Шеър инсон қалбини очишда лирик характерга суянади.
* * *
Кейинги йиллар ўзбек лирикаси (биз олтмишинчи йиллардан бошланадиган ва шу йилларда ижтимоий ҳаётда рўй берган катта ўзгаришлар ва янгиликлардан озуқланадиган ва илҳомланадиган лирикани янги давр лирикаси деб аташни маъқул кўрамиз ва нима учун шундай деб атаганлигимизни шеърият намуналарини таҳлил қилиш давомида аниқлаштириб борамиз) инсон характерлари оламига ва демак, унинг ички дунёсига, руҳий-маънавий интилишларига тобора чуқурроқ кириб бормоқда. Муайян ҳаётий инсон характерлари орқали жуда катта фикрларни ўртага ташлаш анъанаси кучаймоқда. Замоннинг катта ғояларини ифодалашга қодир бўлган лирик характерлар яратишга интилиш, айниқса, Зулфия, Асқад Мухтор, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Гулчеҳра Нуриллаева, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева сингари шоирлар ижодида сезиларли даражада юксак бадиий мавқега эга бўлмоқда. Бу замонавий воқеликни унинг характерли теденциялари билан биргаликда чуқур фалсафий ўзлаштириш ва идрок қилиш, бадиий ҳаққоний инъикосини топишнинг самарали натижасидир.
Эркин Воҳидов шеъриятда даврнинг ҳақиқатларини ифодалаб беришга қодир бўлган лирик қаҳрамон образини яратишга интилмоқда. У ўзининг «Руҳлар исёни», «Бизлар ишлаяпмиз», «Оқсоқол», «Манфаат фалсафаси», «Арслон ўргатувчи» сингари асарларида катта ижтимоий воқеликнинг ўртасида турган, ўз маънавий-руҳий олами билан шу ижтимоий воқеликнинг характерли томонларини акс эттирадиган ва гавдалантирадиган инсон образларини яратди.
«Бизлар ишлаяпмиз» шеърининг қаҳрамони бугуннинг кишиси. Унинг қиёфасида даврнинг ўзига хос белгилари равшан акс этади. Эркин Воҳидов фикрчан деҳқон образини яратди. Бу образни замоннинг илғор кишиси даражасига кўтариб тасвирлади. Фикрчанлик, фикрчан бўлганда ҳам даврнинг энг илғор вакили каби фикр юритиш бу образ – характернинг асосини ташкил этади. Пахтакор деҳқон образи унинг мухбир билан суҳбатида очилади. Бу суҳбатни деҳқон мунозара тарзида олиб боради. Шу мунозара-баҳс давомида у ўз ишини, умумхалқ ишининг давоми ва узви деб талқин қилади, қилаётган меҳнатига теран инсоний позициядан туриб баҳо беради. Деҳқон ўз таҳлил қобилияти билан меҳнатга янгича қаровчи киши сифатида ҳам гавдаланади. Бу одам жуда камтарин. Лекин бу камтаринликда ҳам ўзига хослик бор: яъни бу ишчан, ўз ишини дўндираётган ва ишга умумхалқ ҳамда давлат нуқтаи назаридан қарайдиган кишининг камтаринлиги. Баъзан камтаринлик камсуқумликка айланиб, ўзни паст кўрсатишга, ҳеч нарсага кучи етмайдиган заиф одам таассуротини қолдиришга, менинг кучим нимага етарди, мен нима қила олардим деб қўл қовуштириб ўтиришга, сусткашликка олиб келади. Бундай камтарлик кони зиён. Лекин Эркин Воҳидов тасвирлаган қаҳрамонидаги камтарлик деҳқон одамнинг, ишнинг, вақтнинг, меҳнат самарасининг, одам умрининг қадрини чуқур англайдиган шахснинг камтарлиги. Бу камтарлик, атоқли адиб Шароф Рашидов айтганидай, замонамиз кишисининг – ижодкор инсоннинг олижаноб фазилати. [13]
Эркин Воҳидовнинг қаҳрамони керилишни, мақтанчоқликни ёқтирмайди. Ортиқча шон-шуҳратларга, сўзбозликларга қизиқмайди. «Мен учун темирга сўзлашдан кўра, эртадан кечгача ер чопган осон», дейди микрофонини кўтариб суҳбатга чоғланиб келган мухбирга. Лекин бу одам юқорида айтганимиздек, эртадан кечгача ер чопиш, пахта териш, трактор ҳайдаш, далага ўғит чиқариш билан бўлиб кетган эмас. У ўз ишининг қадри ва аҳамиятини яхши англайди ва бу қадрни баланд тутади. Шунинг учун ҳам мухбир йигитчанинг деҳқон ҳунари боисидан айтган ҳашаматли, йилтироқ, «радиоусул»даги сўзларига кескин муносабатда бўлади.
Эркин Воҳидов фикрчан давр кишиси образини яратаркан, эътиборини унинг фикр оқимидаги шиддат ва мазмундорликни очишга қаратади. Шунда кўз ўнгимизда онги чиндан юксалган, яъни онг кишисига айланган характер намоён бўлади. Рудакий қаҳрамонида кўрилган интроспекцияга мойиллик Эркин Воҳидовнинг деҳқон образида ҳам учрайди. Деҳқон ўз ишини, ўз ҳаётини яхши таҳлил қилади. Унинг мухбир йигитчага айтган сўзлари танбеҳ каби эшитилса ҳам, лекин бу танбеҳлар элнинг чинакам қаҳрамони оғзидан чиқаётгани учун оғир ботмайди, ғашга тегмайди. У меҳнатнинг моҳиятини тушунмайдиган, юзаки, баландпарвоз сўзлар билан баҳолайдиган, фикрлаши тор одамларнинг сўзларига қарши мунозара олиб боради. Ва ўз мунозарасида деҳқонча пишиқ мантиқ ишлатади. Реалистик дунёқараш кишиси сифатида кўринади:
«Улкан мажбурият»,
«аҳду паймонлар» –
Деҳқон сўзимас, –
биз кўкрак кермаймиз.
Ҳисоб-китоблидир бизнинг планлар,
Кўзимиз етмаса, ваъда бермаймиз.
Ҳар бир режамизда тажриба – ҳаёт,
Ҳар сўзимизда бор бир илмий асос.
Қилмоқда эмасмиз
«афсона бунёд»,
Бизлар ишлаяпмиз,
Бу – меҳнат, холос!
Меҳнатга муносабат соф маънавий масала. Меҳнатга муносабатда инсон характерининг энг қимматли, камёб қирралари очилади. Меҳнатга муносабат бу – давр илғор кишиси қиёфасини очадиган яхлит бир концепция. У «ирода йўналиши», «қалб қурилиши»нинг муҳим томонларини ташкил этади. Эркин Воҳидов ҳам, унинг ўз иши ва ҳаётининг мағзини очаётган, масала ечаётган фикрчан қаҳрамони ҳам буни яхши ҳис қилади. Лекин қаҳрамон ўзининг илғор, содда, самимий, мардона қарашлари билан типик характер даражасига кўтарилади.
Шуниси эътиборга сазоворки, Эркин Воҳидов қаҳрамонининг нутқи ўзининг бутун пафоси билан баландпарвозликка қарши қаратилган. Эркин Воҳидов ҳамда Абдулла Орипов яратган лирик характернинг дунёқарашида танқидий йўналиш анча равшан тус олади. Улар фикрий йўналишидаги бу фактни танқидий пафос деб аташ ҳам мумкин. Уларнинг нутқлари ва ҳаёт ҳодисаларига муносабатларида шундай пафос устун мавқеда кўринадиган ҳоллар мавжуд.
Абдулла Ориповнинг «Бир танишим ҳақида баллада», «Улкан чорраҳа...», «Учинчи одам», «Номаълум одам», «Темир одам», «Тарбия» сингари асарларида, «Юзма-юз», «Жаннатга йўл» достонларида оригинал, «ғалати» ирода йўналишига эга бўлган инсон образлари гавдалантирилади. Бу асарларда характерлар анча кескин чизиқлари билан кўзга ташланади. Бу чизиқларда замоннинг таъсири аён. Мана, шоир аниқ ном бериб атаган ва ҳар жиҳатдан ўз номига муносиб Темир одам. У на ёмонликдан нафратланади, на яхшиликдан хурсанд бўлади. У на дўст меҳридан баҳра олади, на гул исидан. Лекин у худди Манфред каби дунёнинг барча сир-асроридан хабардор, унинг учун ҳал бўлмаган бирорта муаммо қолмаган, у муаммоларни алжабр усулида формулага солиб чақиб ташлаган. Илм-фанда шунчалар камолотга эришган зот ўзга инсонларнинг дардларини, кўз ёшларини англамайди, ҳис қилмайди, билишни истамайди. Барча илмлар нақш қилинган тошга айланган. Шоирни бу одам ғоятда таажжубга солади. У шеърининг ичида ҳаракат қилаётган кимсанинг сифатларидан, қилиқларидан ҳайратга тушади ва ўзига ўзи устма-уст саволлар беради:
Кимдир у?
Кимдир у?
Бирдан кутилмаган ҳайратомуз жавоб келади бу қисқа сатрларга:
Балки у менман?!
Балки у сиздирсиз?!
Балки у бошқа...
Бу ўзи топган ғалати одамни кашф қилаётган ва унинг моҳияти ҳақида ўйлаган сари таажжуби ортиб бораётган, кўнглида ажиб инсоний иштибоҳлар уйғонаётган шоирнинг – муаллифнинг товуши. Шоирнинг характерни англашга бўлган шундай интилишларида Темир одамнинг янгидан-янги қирралари очила бошлайди. Шоир «одам» деб таништираётган шахс ижтимоий умуминсоний тип даражасига кўтарилади. Манфреднинг худкаш маърифати билан Темир одамнинг маърифати ўртасида фарқ йўқ. Лекин Байроннинг романтик қаҳрамони ўта исёнкор ва ҳаракатчан. Унинг исёнкорлиги ва эҳтироси ҳалокат сари олиб боради. Фалокат уруғлари яширинган бу худписанд исёнкорликда. Лекин Темир одам Манфреддай романтик ҳаракатчанликдан маҳрум. У жуда ҳам турғун. Бу одамнинг қандай, нима бўлиб темир одамга айланганлиги, типнинг гносеологияси маълум эмас. Типнинг қиёфаси унинг асосий хусусиятлари билан тайёр ҳолда намоён бўлади. У фикрлаётган шоир тасаввур оламида жонланади. Шоир бундай одамларни ҳаётда анча учратган. Уларнинг борлиғи ҳақида фикрларкан, ахир бу янги даврда туғилган тип-ку, деган хулосага келган. Мана энди темир одамни – илм-маърифатли, ҳиссиз, меҳрсиз махлуқларни тавсифлаб бермоқда. Абдулла Орипов характерни унинг тугал шаклланган, воқеликка айланган ҳолатида кўрсатади. Илм-фан, техника тез суръатлар билан тараққий қилмоқда. Шу тараққиётнинг ичида, унинг шиддатли оқимида, тўғрироғи, унинг забти билан «жонли темирлар», «ғариблар» дунёга келмоқда. Юраги тошга айланиб кетган бундай одамлар қўрқинчли. Илмий техника асри ва унинг тараққиёти ҳақида сўз юритганда, шу тараққиёт туфайли, унинг тўғридан-тўғри таъсири ҳамда атмосферасида юзага чиқаётган инсон характерларини ҳам назардан қочирмаслик керак бўлади. Шунинг учун шоир, илм-фан соҳасида катта натижаларга эришган устозга мурожаат қиларкан: «Темир одам ясаб юргунча, кўпроқ жонли темирларни ўйлангиз, устоз», деб даъват этади.
Абдулла Орипов жонли темирларга кейинроқ «Самовий меҳмон, беш донишманд ва фаррош кампир ҳақида қисса» асарида яна қайтди. Фантастик сюжет воситасида инсонга ва ҳатто ўзга сайёралардан келган самовий меҳмонга оддий инсоний меҳр қанчалар зарур эканлигини шоирона таҳлил қилди. Ҳар қандай юксак тараққиёт инсоний туйғуларсиз совуқ, қонсиз, жуда ҳам ожиз ва шўрлик бир ҳодисага айланиб қолиши мумкинлиги ҳақида фикр юритди. Умуман мана шу – инсон ва меҳр мавзуси Абдулла Ориповнинг кейинги йиллар ичида ёзган асарларида чуқур ишланмоқда. Инсонда инсонлик учун кураш шоирнинг ижодида жуда характерли тенденция тусини олмоқда, изчил ғоявий-бадиий йўналиш касб этмоқда.
Абдулла Ориповнинг лирик характерлари умумлашма қиёфа касб этади, улар типик чизиқларга эга. Албатта, шоир ўзи яратган бундай образларни «характер» деб атамайди. Уларни «одам» деб юритади. Учинчи одам. Номаълум одам. Темир одам. Шоир бу «одам»ларда инсонликнинг маълум бир ўзига хос хусусиятларини жамлаб, типиклаштиради. Тўғрироғи, лирик характерларни жамлама образ даражасига кўтаради. Абдулла Орипов, айтганимиздек, инсон меҳри ҳақида кўп ўйлайди ва ўз эътиборини муттасил суратда шу масалага қаратиб келади. У инсон меҳр туйғуси билан мукаммал ҳамда шу туйғуси билан табиатнинг гултожи деган ақидага ишонади. Меҳрсизлик инсонни нотугал, ночор махлуққа айлантириб қўйиши ҳеч гап эмас. Шоир меҳрни улуғлаш билан инсонпарварликни улуғлайди. Абдулла Ориповнинг характерлари унинг мана шундай ақидасидан туғилгандир. Одамнинг яшовчанлик илдизларидан бири – шу меҳр. У йўқ бўлса, одамзод ўз илдизидан айрилади. Оламда меҳр нотугал экан, «учинчи одам»лар пайдо бўлади. Меҳр нотугал экан, қондошликнинг миллион йиллик ришталари узилади. Бола отага, ота болага бегона бўлади:
Учинчи одам бу – ўзи бир хилқат,
Ўшадир дунёга илк қўйган қадам.
Икковлон ўлжани келтирган фурсат
Ўчоққа ўт ёққан учинчи одам.
Пайғамбар шаклида у соҳиб қутқу
Бандага тангрини далолат этган.
Не ўжар шоҳлардан элчи бўлиб у
Гоҳо бош келтирган, гоҳ боши кетган!
Бу жуда ғалати феъл-атворга эга бўлган, лекин муайян инсон қиёфасида кўринмайдиган, лекин ғалати феълини барча одамларга бирма-бир улашиб чиққан Учинчи одамда ҳоким куч нимадан иборат? У ғанимни дўст, дўстни ғаним қилиб қўяди. Дунёга ғулув солади. Қаердаки икки одам пайдо бўлса, Учинчи одам ҳам уларнинг ўртасида. Оламнинг, инсон боласининг ишлари доимо битмаган, чала. Учинчи одам шундан усталик билан фойдаланади. Ҳеч қачон битмайдиган ишлар, нотугаллик Учинчи одамни рўёбга чиқарган. Одамлар ўзларининг ишларини ўзлари битиролмайдиларми? Ўзлари ўзаро чиқишолмайдиларми? Ахир шоир ҳам шеърини шу фикр билан боғлайди: «Инсонлар бир-бирин юрса ардоқлаб, Ўртада восита асли зиёда». Лекин баъзи одамлар ҳали бу қадар мукаммал онгга, тушунчага, психикага эга бўлганларича йўқ. Шунинг учун шоир учинчи одамларга – ўзи топган, кашф қилган ва хулқининг белгиларини, шу хулқ шаклланадиган муҳит ва ҳолатларни аниқ чизиб беради-да, яна унга андак қўрқинч билан боқиб туради:
Қўлларим кўксимда, бетинч, бетоқат
Таъзимлар қилурман сенга ушбу дам.
У – менми, у – сенми, ким бўлма, фақат,
Сенга инсоф берсин, Учинчи одам!
Учинчи одам инсон ожизлигидан туғилган психологик феномен. Инсон борки, унинг темир одамга айланиб қолиш хавфи бор. Инсон борки, унинг Учинчи одамга айланиш имкони бор. Шунинг учун шоир «Темир одам»да бу хусусиятлар барчага ҳам тегишли бўлиши мумкинлигини назарда тутиб: «Балки у менман?», «Балки у сиздирсиз», «балки у бошқа», деб тип имкониятларини умумлаштирган эди. «Учинчи одам» шеърида ҳам у шу воситадан фойдаланади. Яъни, «одамлар» типларини гавладантиришда маълум бир поэтик принципларга амал қилади. («У – менми, у – сенми, ким бўлма, фақат...»)
Учинчи одам психологияси, тўғрироғи, Абдулла Орипов кашф этган ва илгари шеъриятда учрамаган бу феномен – алоҳида ва конкрет бир одамгагина хос бўлган ёки маълум бир гуруҳ одамлар тоифасига хос белги эмас. Учинчи одамлик хислати, умуман, одам боласига хос. Маълум бир шароит тақозоси билан ким бўлмасин, Учинчи одам бўлиш вазифасини ўтайди. Буни хоҳ англасин, англамасин, Учинчи одамлик ҳар биримизда мудраб ётади. У шароит тақозоси билан юзага чиқади. Шу шароит психологияси билан бевосита боғлиқ ҳодисадир. Маърифатли ва комил одамлар шу заифлик психологиясини жиловлашга, уни яхши томонга буришга, шароитдан устун туришга йўл бермай келадилар. Шоир оригинал типлар ва уларга хос такрорланмас хусусиятларни, уларни юзага чиқарадиган шароитларни жуда равшан ва жуда аниқ тасаввур қилади.
Абдулла Орипов поэтик типларни шоирона тавсифлар воситасида гавдалантиради. Типларнинг характерли белгиларини улар намоён бўладиган ҳаётий ҳолатларда очади. Лекин бу ҳолатларни ниҳоятда ихчам тасвирлайди. Бундай типлар яратишга бўлган интилиш Абдулла Орипов шеъриятидаги қудратли дидактик йўналишдан туғилади, пайдо бўлади. Шеърлар ёрқин маънавий хулосалар билан якунланади. Шоир очиқдан-очиқ тарбия билан шуғулланади. Шеърият тарбия билан ҳам жиддий ва қатъий шуғулланиши керак, деб ишонади. Мана, чорраҳада бир гадо тиланиб ўтирибди. Лекин у нон берсалар олмайди. Пул берсалар олмайди. Уй-жой берсалар кўнмайди. Кийим-кечак берсалар рози бўлмайди. Қандай ғаройиб гадо бу ўзи? Чорраҳада ўтирган бу одамнинг ҳеч нарсадан ғами йўқ. Ҳаёти бут, тўкис. Унинг тўқлиги ва тўкислиги шу даражага етганки, ҳатто ҳаёт ўз маъносини йўқотиб қўйган. Тўқликнинг қадр-қиммати қолмаган унинг учун. У ҳаёт ва тириклик шукронасини унутган. Дунёда шод-хуррам яшай олмайди. Шундай одам ҳам бўлиши мумкинми? Ахир нимани истайди бу «одам?» Шоир бизга кутилмаган ва ғоятда фавқулодда фикр беради. Бу одамнинг бирдан-бир илинжи – мукофот! Мукофотни ўйлайвериб, унинг юзи заҳил бўлиб кетган. Кўзларида инсонлик ўти сўнган. Унда энди фақат илинж ва тама ўти милтиллаб туради. Унинг бутун вужуди изтиробга айланган, унинг инграгани инграган: «Мукофот берингиз, фақат мукофот!» Шоир шу тариқа руҳан ва маънан ғоятда қашшоқ одам типини яратади ҳамда уни эҳтирос билан фош қилади.
Абдулла Орипов шеъриятининг эҳтироси маънавий қашшоқликни фош қилишга, унга қарши ўтли курашга чорланган. Шунинг учун ҳам биз буни танқидий пафос деб атаган эдик. Бу пафос шоир ижодида изчил намоён бўлади. Абдулла Ориповнинг «Тарбия» деб аталган асарида гавдалантирилган қаҳрамон ҳам жуда ғалати феъл соҳиби. Абдулла Ориповнинг кўриб ўтилаётган қаҳрамонлари табиатида «ғалатилик», атроф-муҳитдаги одамларга ўхшашлик ва ўхшамаслик изчил бир нарса тусини олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишга тўғри келади. Шу «ғалатилик»ни, шеър қаҳрамонининг бошқа хусусиятларини жуда бўрттириб кўрсатади. Уларга ўзгача ўзига хослик бағишлайди. Характер яратишда ғалатиликка урғу бериш умуман дунё адабиётида қўлланган яшовчан ва бадиий жиҳатдан беҳад самарадор эстетик принциплардандир. «Ғалатилик» классик адабиётнинг шоҳ намуналарида мубталолик тариқасида рўёбга чиққанлигини юқорида кўриб ўтган эдик. [14] Абдулла Орипов яратган поэтик характерлардаги «ғалатилик» мубталоликнинг бошқачароқ бир кўриниши сифатида юзага чиқади.
«Тарбия»даги домлажон ҳам маънавий қашшоқликда мукофот гадосидан қолишмайди. Бу «одам» ҳам гул ҳидламаслардан. Шоир уни «домлажон» деб атайди. Домлажон ўз манфаатидан бошқа ҳамма нарсаларни унутган. Ўз манфаатига тўсиқ бўладиган нимаики бор, барини янчиб, босиб, топтаб, мажақлаб ўтишга тайёр. Ўз манфаатига берилиш уни беҳад худбин қилиб қўйган. Унинг кўзи ожиз, юраги ғаш. У гулдурос билан ўтиб бораётган оламга фақат ўз манфаати нуқтаи назаридан қарайди ва баҳо беради. Бошқа ҳеч нарса билан иши йўқ. У кучи етса-етмаса каттароқ бир нарсани кўришга, ўмаришга, нафсига уришга одатланган. Шуларнинг ҳаммаси билан бир қаторда у бошқаларнинг гуллаб-яшнашини кўролмайди. Кўролмасликнинг қуроли – иғво ва фитна. У фитна қуролини ишга солади, бекордан бекорга ғавғо кўтаради, доимо дунёдан норози бўлиб юради. Домлажоннинг характери бирмунча зиддиятли. У бир қарашда «закий зот», «бир қарашда доно» бўлиб кўринади. Шундан унинг маънавий қашшоқлиги янада аянчлироқ тус олади. Шоир «Домлажон»нинг характерини жуда характерли ҳаётий ҳолатлар, тасвирларда очади. «Домлажонлар» янги замонда шаклланиб келаётган характерлар, улар янги ҳаёт материали асосида, заминида юзага чиқмоқда. «Домлажон» – тусни ўзгартирган, нозиклашган иллат. Абдулла Орипов шундай иллатлар илм-маърифатли, билимдон, лекин маънавий-руҳий дунёси қашшоқ одамлардагина пайдо бўлаётганлигини яхши илғаб олади. Янгича материални янгича шакллар воситасида ўзлаштиради. Шу жиҳатдан М.Храпченко мулоҳазаларида ҳақ: «Кўпинча янги ҳаётий материал кучли услубий изланишларга туртки беради, аксар пайтларда шаклланиб етган услуб системасига у ёки бу ўзгаришлар киритилишига сабабчи бўлади». [15] Абдулла Орипов учун «домлажонлар»нинг ҳаёти мана шундай янги ҳаётий материал бўлиб хизмат қилди, уларнинг ҳаёти ва характерини ёритиш учун шоир янги йўллар, янги ифода воситалари излади, янгича шакллар ахтарди.
Абдулла Ориповнинг кўриб ўтилаётган асарлари чиндан ҳам ўзбек шеъриятида тамомила янгича шаклда яратилгандир, характер яратишда янгича ижодий принциплар қўллангандир. Хусусан, шоир бу асарларида ёрқин тасвир йўлини танлайди, соф ривоят йўлидан боради. Шунинг учун у кўпинча бундай асарларини ҳикоят ёки қисса деб атайди. Шеърий қиссанинг воқеага бой, таъсирчан, шу билан бирга характерни ҳаётий қилиб гавдалантиришга тўлиқ имкон берадиган лўнда шаклини ишлайди. Қисса ва ҳикоятларнинг сюжет қурилиши киноя заминига қурилгани ҳам эътиборни жалб этади. Хуллас, Абдулла Ориповнинг «Тарбия», «Самовий меҳмон», «Учинчи одам», «Темир одам», «Шарқ ҳикояти», «Тулки фалсафаси», «Номаълум одам» сингари шеърлари ўзбек шеъриятида янгича ҳаёт материалларини янгича бадиий ўзлаштириш, характер яратишнинг ёрқин намуналаридир. Ўзбек шеъриятида илгари шеърнинг мана шундай ҳикоят ва қисса шакллари жуда кам ишланган, кам ўзлаштирилган эди. Лирик характер яратишда шеърий ҳикоя ва қисса, ривоятга интилиш янги даврнинг Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон сингари шоирларида, айниқса, кучли тарзда намоён бўлаётганлигини таъкидлаб ўтишни истаймиз.
Характерни сюжет қурилмаси ичида, унинг етакчи бир хусусияти орқали очиш Эркин Воҳидовга ҳам хос. Унинг «Сен менга тегма», «Манфаат фалсафаси», «Оқсоқол», «Чумолилар жанги», «Тоғ лочини», «Матмусанинг дутори», «Ихлос» сингари асарлари ҳикоя ва қисса йўлида яратилгандир. Шуниси қизиқки, бу асарлар сюжетининг замирида жуда нозик киноя ётади. Шеър воқеасига, унда гавдалантирилаётган образларга кинояли тус бериш, айниқса, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов ижодида ёрқин намоён бўлади.
Шеърда характер яратиш нуқтаи назаридан Эркин Воҳидовнинг «Оқсоқол» шеъри алоҳидалик касб этади. Шоир асарда оқсоқол характерини ҳам, уни ҳаётга олиб чиққан тарихий шароитни ҳам усталик билан чизади. Очлик, юпунлик, оғир уруш йиллари. Одамлар тонг қоронғисидан навбатга тизиладилар. Лекин нон дўкони очилиши билан болалар одамлар устидан ошиб нонга интиладилар. «Навбат узун эди, бўйимиз қисқа. Нон кам. Халойиқ кўп. Не қилар эдик». Лекин шу пайт толдан ясалган хивичини одамлар бошида ўйнатиб «оқсоқол» етиб келади. Одамлар унинг қамчисидан қўрққанларидан яна навбатга тизиладилар. Бўлмаса «оқсоқол» уларни бир кунлик нондан маҳрум қилиши мумкин. Мана шу картинадан сўнг шоир «оқсоқол»нинг қиёфасини чизади. «Тартибни кўрарди бир бор. Айланарди парад қабул қилгандек. Сўнгра қўлларини тиқиб камарга, Қора оломондан қилгандек ҳазар, Тепаликда туриб пастдагиларга Ғазаб, нафрат билан ташларди назар». Оқсоқолнинг ҳаракатларида ўз ҳукми натижасидан лаззатланиш жуда сезилиб туради. Унинг ҳаракатлари ночорликдан навбатда турган оч-наҳор одамларнинг устидан, уларнинг вазиятидан фойдаланиб ҳукм юритиш машқини олганлигидан шаклланган. «Оқсоқол» характери ҳақида чуқурроқ ўйланарканмиз, у ҳам ўзига хос «Учинчи одам» эканлигига амин бўламиз. У нон билан одамлар ўртасида туради.
«Оқсоқол» – одамлар аро муносабатлардан шоир ҳайратда. Шоирнинг Темир одам ва Учинчи одам, Номаълум одам қошида ҳайрат билан бармоғини тишлаб турганлигини эслайлик. Ориповнинг ҳайрати билан Воҳидовнинг ҳайрати ўртасида ажиб яқинликлар бор. Воҳидовнинг ҳайрати ҳаёт юзага олиб чиққан инсон типининг моҳиятини чуқурроқ билиб олиш, чуқурроқ англаш истагидан туғилган. «Мен ҳайрон бўлардим, ажаб не учун, Шу мушуккўзликка тобе одамлар? Ахир уларники дўкондаги нон, Тартиб билан бориб олсалар нетар?» Бу ажабланиш тўданинг кимгадир кўр-кўрона эргашиш майлидан норозилик кайфиятида пайдо бўлади. Умуман шоир «тўдачилик психологияси»га ёқтирмай қарайди. Буни онгсизликдан, онгнинг маънавий камолотга етмаганидан деб билади ва буни ғоятда зарарли ҳодиса каби баҳолайди. Хусусан, «Қумурсқалар жанги» шеърий ҳикоятида бундай психологияни жуда эҳтирос билан фош қилади. Одамлар ўз онглари, идрок, иқтидорларининг измини «учинчи одам»ларга бериб қўймасликлари керак. Измларини бериб қўйсалар, шундан фойдаланиб «оқсоқол»га ўхшаган ёлғон, сохта даҳолар майдонга чиқади ва одамлар устидан ҳукмронлик қила бошлайди. Шоирлар маълум бир тарихий шароитнинг натижаси ўлароқ пайдо бўлган шундай ижтимоий типларни уларнинг жуда характерли хусусиятлари билан тасвирлар эканлар, катта ғоявий-тарбиявий мақсадни ўз олдиларига қўядилар ва уни муваффақият билан бадиий ҳал этадилар. Лекин «оқсоқолчилик»ни туғдирган кунлар орқада қолди. Одамлар обод, тинч-бехавотир яшай бошладилар. Аммо «оқсоқол» ҳамон дўкон олдида, чорраҳада термилиб ўтиради. У ўша ўтган замонларни қўмсармикин, яна шундай кунлар келишини орзу қилармикин? Шоир бу масалани очиқ қолдиради. Лекин одамлар энди «оқсоқол»нинг мағзини «чақиб» олганлар. Унинг қандай одам эканлигига тушуниб етганлар. Ва ҳеч ким энди бу қариб, соч-соқоллари оқарган одамни «оқсоқол» деб чақирмайди. Энди унинг замони ўтган:
У мудраб ўлтирар,
Янграр атрофда
Шодон қўшиқлару
қувноқ хандалар.
Шоир Миртемир ҳам ўзининг эсда қоладиган поэтик характерларини ривоят элементи кучли бўлган шеърларида, айниқса, батафсиллик билан яратади. Миртемир яратган характерлар халқ ҳаётидан олинган, халқ ҳаётининг мазмунини, унинг яшовчанлик кучларини акс эттиради. Қонли уруш бошланиб, ҳали турмуш қуриб қовушмасларидан Паттининг ёри Ўроқ урушга кетди. Хайрлашаркан, Паттига чиройли сўзлар айтмади, кут деди, холос. Яна жиндек қўшимча ҳам қилиб қўйди: агар кутолсанг деб! Патти кута олиш маънавиятига эга экан. Кута олишнинг замирида чуқур инсоний туйғу – вафо ётаркан, кучли ирода эгаларигина эмас, юрагида кучли севги ҳоким бўлганлар кута олар эканлар. Биз Патти тимсолида ирода севгидан туғилганлигини кўрамиз. Ирода Патти камолида инсоний маънавиятнинг сифат белгиси каби англанади. Бу маънавият, шунингдек, кута олиш иродаси билан бирга вафони ҳам назарда тутади. Лекин Паттига ёри Ўроқнинг висолига етиш насиб этмади. Унинг севгани урушдан қайтмади. Ҳалок бўлди. Паттининг ишончида нимадир дарз кетди. Лекин унинг севгиси сўнмади. Қизнинг бардоши кучли эди. Бардош севгини тошга айлантирди. Паттининг севгиси – юракда тош қотган, куртакламайдиган, новда чиқармайдиган севги. Патти Ўроқнинг ҳалок бўлганлигига, энди бутунлай қайтиб келмаслигига асло ишонмади. Бокира севги бокира умид билан бирлашиб кетди. Патти умид билан кута бошлади. Умид билан Ўроққа ҳадялар тайёрлади, кўйлаклар, шоҳи рўмолчалар тикди.
Патти шунча бардош, садоқатни қаердан олган? Наҳот Ўроқнинг хаёли уни шунчалар ўзига сеҳрлаб, боғлаб қўйган бўлса? Лекин Патти билан Ўроқ ўртасида куртаклаган севги на сирли учрашувлар, на тотли бўсалар, на никоҳ аҳди билан боғланган. Улар ҳали қовушмаганлар ҳам. Ўрталарида пок севгидан, содда, иболи деҳқонча самимий аҳд-паймондан бўлак ҳеч нарса йўқ. Ўроқ урушдан қайтмагач, Патти инсонлик бурчига кўра турмушга чиқиши, оила қуриши, бола-чақа орттириши, катта хонадоннинг соҳиби, инсоф-адолат бекаси бўлиши мумкин эди. У нега шундай қилмади? Нега атрофдан келиб турган совчиларни қайтараверди? Нега турмуш қуришга раъйи бўлмади? Миртемир қаҳрамоннинг ички дунёсини мана шундай ғалати бир лирик-драматик вазият ичида тадқиқ қилади.
Наҳот Паттининг эрга тегмасликка аҳд қилгани урушларга, уларнинг ғайриинсоний ваҳший моҳиятига қарши исён бўлса?
Патти муҳаббат билан яшайдиган, тирикликни муҳаббатнинг мазмуни билан ўлчайдиган, умрнинг маъносини муҳаббатли ҳаёт кечириш деб англайдиган қиз. Унинг юрагига ошён қурган илк муҳаббат орзуси ушалмай, адоқсиз армонга айланди. Сўнг бу аҳди қаттиқ юракка бошқа, иккинчи муҳаббат сиғмади. «Ҳаммасини бошқатдан бошла!» деб ўргатади оптимистик қўшиқ, лекин Патти ҳаммасини бошқатдан бошламайди. Ўлганнинг ёди унинг ҳаётида қудратли кучга айланган! Хотира йўл бермайди ҳаммасини қайтадан бошлашга. Лекин биз ҳали Патти ҳақида ҳаммасини айтганимиз йўқ. Қиз қалбида ёниқ армонлар ҳоким. Патти обод, бола-чақалар чувиллашиб шўх ўйнаган, ҳовлисини болалар тўлдирган хонадонни орзу қилади. Унинг тушларига ҳовли тўла ўйнаб, сурон солиб юрган болалар кириб чиқади. Тушларида у ўзини кайвони она, хонадон бекаси ҳолида кўради. Тушларида у оналик бахтига муяссар бўлади. Оналикнинг ёрқин ҳаяжонларини, ҳиссиётларини бошидан кечиради. Лекин уйғониб, реал ҳаётга қайтиб, яна ўзининг тош қотган армонига дуч келади.
Кимга ўпкам, зорим, бу мунг, бу ғаним?
Қонларимда қолди не болагинам...
Орзу-ҳавасларим, о, армонларим,
Ёруғлик кўрмаган болажонларим.
Ҳислар мисоли қора қуюнга айланган бу инсонликнинг драмаси нимадан туғилди? Нега бу ҳасратларнинг адоғи йўқ? Ким айбдор бунга? Айбдор... Уруш! Унинг қабоҳати! Қанчадан-қанча реал прототиплари бор паттиларнинг! Шоир уларнинг юрагидаги дарднинг кучини, армоннинг драмасини чуқур ёритиб беролган.
Миртемир шеърда лирик кечинмаларни эпик – ривоят қилувчи тасвир билан қўшиб олиб боради. Инсон ҳаёти тарихининг жуда таъсирчан бадиий лавҳасини яратади. Миртемир лирик характер яратишда мана шундай усулни қўллайди ва муваффақият қозонади. Ривоят йўли билан ҳикоя қилиш қаҳрамоннинг ички дунёсини, унинг қалбидаги интилишларни очиш учун хизмат қилади. Туш ҳам Патти ички дунёсидаги драмани янада бўрттириб кўрсатади Уруш туфайли тушга айланган ҳаёт, рўёбга чиқмаган инсон орзулари, имкониятлари...
Миртемир ўз лирик қаҳрамонининг характеридаги асосий иродавий йўналишни, хусусан, унинг бардоши, садоқатини, муҳаббатини ва шулар воситасида маънавиятини чуқур очади. Миртемир лирик характер яратишнинг мана шундай ҳикоят-ривоят усулидан бошқа қатор шеърларида ҳам усталик билан фойдаланади.
Миртемирнинг «Тошбу» шеъри «Патти»да очилмай қолган инсон ҳаёти томонларини тўлдиради. Тошбу билан Патти тақдирдош. Тошбунинг эри фронтга кетган. Шу билан боғлиқ ҳолда туғилган қийинчиликларда Тошбу характерининг энг олижаноб қирралари ярақлаб кўринади. Тошбу эркаксиз қолган хотинларни колхоз ишига жалб этиб, ўзи бошлиқ уларни далага олиб чиқади. Ўн чоғлик аламзада хотинларни бошқариш осон эмас. «Хотинлар салтанати»нинг ўзига хос инжиқликлари, чигалликлари мавжуд. Тошбу бунда энг тўғри йўл тутади. У ҳаммадан ошириб, ҳаммадан кўпроқ меҳнат қилади. Одамлар унга ишонадилар. Ишонч билан бирга меҳр пайдо бўлади. Тошбунинг меҳри аёлларни бирлаштиради. Шу меҳр туфайли улар елкадош, дарддош, бир жон, бир тан кишиларга айланадилар. Шоир Тошбунинг қилаётган ишларидан фахрланаркан, унга мурожаат қилиб айтади:
Эркак меҳнатига кўникдинг кам-кам,
Бу ҳам жанг эди-да, қаттол жанг, Тошбу!
Ҳар қалай қайнашдан қолган йўқ қозон,
Ўртада қуюқми, суюқми – ёвғон.
Бувак ҳам, гўдак ҳам бўлмади хазон,
Бадном этолмади бирон қинғир жон...
Шоир ўзини ҳам, икки фарзандини ҳам ҳалол, фидокор меҳнат қилиб кун кечиришга ўргатган, иш билан одамийлик қон-қонига сингиб кетган ўзбек аёлининг образини яратаркан, конкрет-ҳаётий, Тошбу каби аёлларнинг ички дунёсини, инсонлик даражасини очишга хизмат қиладиган деталларни ишлатади. Тошбу фақат жамоат ишини қилиб, уй иши, оила ишини ўз ҳолига ташлаб қўядиганлардан эмас. Унинг хонадони ҳам покиза, файзли: «Косанг тоза, ҳалол, бутун ва беюқ. Қорахат, ним қаҳат сололмади чанг». Шоир Тошбу табиатидаги олижаноблик ва нафислик, назокат табиий эканлигини бўрттириб кўрсатади.
Тошбунинг эри урушдан қайтади. Лекин уни уруш мажруҳга айлантирган. Унинг ўпкасида мошдек ўқ қолган. Тошбу мажруҳ эрини қучоқ очиб қарши олади. Унинг қайтганидан ўзини бахтли деб ҳис қилади. Миртемир она – аёл – хотин образини ўзининг миллий ижобий идеаллари асосида мана шундай ҳаққоний гавдалантиради. Тошбу характери учун ҳоким ҳаётий кучларни ишонарли ва бадиий таъсирчан қилиб очади. Миртемир ўзи яратган поэтик характерларда уларнинг ижобий хислатларини, ёрқин инсоний хусусиятларини шоирона гавдалантиришга, миллий типлар яратишга алоҳида урғу беради. Шу билан бирга Миртемир ҳам характер-образни акс эттираркан, унинг «ғалати» томонларига эътиборни жалб қилади. Яъни, у характерини «ғалатилик»дан, ўзига хосликдан, такрорланмас белгиларидан маҳрум қилиб қўймайди. Бу «ғалатилик» Паттининг ҳам, Тошбунинг ҳам ўзгача инсоний тақдирида, қалб амри билан иш юритишларида, садоқат ва ҳалолликни жуда юксак англаганликларида намоён бўлади.
Гегель шеъриятнинг мундарижаси ва предметини аниқлаб ёзади: «Поэзиянинг ҳақиқий предметини қуёш, тоғлар, ўрмонлар, манзара ва инсоннинг ташқи белгилари, қони, томири, мушаклари эмас, руҳий-маънавий қизиқишлар ташкил этади». [16] Нарсалар олами Гегель назарида шеърият тўқимаси ичига кириб боради. Лекин нарсалар талқини инсон руҳий оламини очишга хизмат қилиши, қилмаслигига кўра шеърдан ўрин олади. Яъни нарсалар «руҳнинг фаолиятига материал ва туртки беришига қараб шеъриятга кириб келадилар». [17] Улуғ мутафаккирнинг ушбу нозик кузатишида шеъриятнинг предмети ва мундарижаси равшан ифодалаб берилган. Нарсалар, унсурлар олами инсон руҳининг мазмуни ва моҳиятига кўра тасвирий аҳамият касб этади. Нарсалар олами инсон ички дунёси ва кечинмаларининг ҳаракат йўналиши ва маъносини очиб, бўрттириб, таъкидлаб кўрсатади.
Шоира Зулфиянинг «Ўкинч» деб аталган шеърида лирик характернинг намоён бўлиши, руҳий кечинмалар, «руҳий қизиқишлар» ва шу қизиқишлар атрофида уюшган ҳамда акс этган нарса-ҳодисалар доирасига назар ташлаб кўрайлик.
Шеър шоир образида тажассум қилган лирик қаҳрамоннинг: «Очинг деразани!» деган нидоси билан бошланади. Шеър қаҳрамони қишнинг дилгир, тўрт девор билан чекланган хонасида ётавериб юраги зориқиб кетган. Лекин оғир қиш ўтиб, мана, кўклам келди. Илиқ кунлар бошланди. Хона асираси бўлиб қолган лирик қаҳрамон бутун вужуди билан уйғонаётган табиат сари талпинади. Унинг ўртанган юраги кенгликларни, кўкликларни қўмсайди. Қудратли баҳор хаста инсон ички дунёсида ҳам ғулув бошлаган. Уни бутунлай ўз илиқ бағрига олган. Шоир баҳорнинг шиддатли, ҳаётбахш қадамларини ҳаяжонланиб тасвирларкан, шу тасвирнинг мағзига ўзининг руҳий кечинмаларини сингдириб юборади. Шеър композицион жиҳатдан икки қисмдан ташкил топган. Шеърда ҳам баҳорнинг замин бўйлаб табиат ичра ташлаётган янгиловчи қадамлари, ҳам инсоннинг яшариб бораётган кенгликларга, табиат қучоғига интилишлари тасвирланади. Шеърнинг образли қурилмалари аёл кишининг нозик психологиясини суратлантиради. Шоирага дарахтлар «ювиниб, таранган қизлардай» бўлиб кўринади. Дарахтларнинг таналари силлиқ
