автордың кітабын онлайн тегін оқу Мантиқий хато: Тўғри фикрлаш қўлланмаси
Салом, ўқувчи!
Биз халқчил банк сифатида мижозларимиз мушкулини осон қилиш, мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиш мақсадида қарийб бир ярим асрдан бери халқ хизматидамиз. Тараққиёт илмсиз мукаммал бўлмайди, илмнинг азалий манбаси эса китобдир.
Юртдошларимизга жаҳон адабиётининг сўнгги намуналарини ўзбек тилида етказиш учун биз “Asaxiy Books” лойиҳаси билан ҳамкорликни йўлга қўйдик ва ушбу лойиҳа доирасида чиқадиган 20 та китоб нашрига кўмак беришга аҳд қилдик. Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини оширишга, уларнинг китобга ошно бўлишига имкон қадар ҳисса қўшишдан бахтиёрмиз.
Ҳамкорлигимизнинг навбатдаги маҳсули – Бо Беннеттнинг “Мантиқий хато: тўғри фикрлаш қўлланмаси” номли илмий-оммабоп асари. Ўзига хос форматга эга ушбу китоб тўғри фикрлаш ва мулоҳазадаги хатоларни аниқлаш қўлланмасидир. Муаллиф келтирган ҳаётий мисоллар ва кулгили диалоглар бизни зериктирмайди. Асар услубида ўқувчига нисбатан самимийлик намоён бўлиб, у бизга илм-фан, мантиқ ва фалсафанинг ажойиб оламини турфа ранглар билан тасвирлаб беради.
Ёқимли мутолаа тилаймиз!
Муқаддима
Бир неча йил муқаддам қандайдир интеллектуал, шунингдек, ўрта ёш инқирозига тушиб қолганимда фан, фалсафа ва дин мавзуларига иштиёқманд бўлиб қолгандим. Бу эса “DebateGod” (http://www.debategod.org) номли мунозара сайтини очишимга туртки берган. Бу сайт менга ўзгаларнинг тафаккур ва хулоса чиқариш тарзини тушунишга ёрдам берарди. Ушбу кичик лойиҳа сабабли ҳар куни аргументлар, мулоҳазалар ва мантиқни соатлаб баҳолайман ҳамда хато фикрлардан сўқирлашган кўзларимни очиб, ҳақиқатга боқаман, деб тасаввур ҳам қилмагандим.
Аммо бу бир кечалик кашфиёт эмас. Қарашларимни йиллаб сўзамолларча ҳимоя қилганимдан сўнг, келтираётган фактларим тўғрилигига қарамай, баҳсларда арзирли натижага эришмаётганимни англадим (сабаблардан бири рақибларим мантиқ ва ақлни қадрламаслиги эди, лекин бу ҳақда кейинроқ гаплашамиз).
Ишонч билан ёқлай оладиган фикрларим рақибларнинг аргументлари соясида қолиб кетаётганди. Уларнинг аргументлари пухта ва бенуқсон кўриниб, гапирувчи илон мавжуд бўлгани, коинот 6000 йиллик тарихга эгалиги ва ҳатто Ер яссилиги ғоясини қўллаб-қувватларди. Гоҳида ўзимни чиндан ҳам “Twilight Zone”га [1] тушиб қолгандек ҳис қилардим. Лекин нимадир нотўғрилигини сезардим, чунки ростдан шундай эди.
Ўзингиз биласиз, илонлар гапирмайди, коинотнинг ёши 6000 йилдан каттароқ (тахминан 13.7 миллиард йил), Ерни текис дейиш эса Долли Партоннинг кўкракларини текис дейишдек гап. Бундай иддаолар марҳум Майкл Жексоннинг бурнидек нуқсонлидир, бироқ мен нега бундайлигини тушунмасдим.
Бир куни аргументлаш дарслигини қўлимга олдим. Бу мени янги изланишларга бошлади: мантиқ (ҳам формал, ҳам ноформал), мулоҳаза, ишонтириш, танқидий фикрлаш, рационаллик, риторика, когнитив тарафкашлик ва янглиш мулоҳаза мавзуларини ўргандим. Кунг-фуни ўрганаётган Неодек янгиликка чанқоқ эдим. Ишонинг, ҳаётимнинг дастлабки 38 йилида эътиборсиз қолдирган нарсаларимни энди кўраётгандим. 38 йил ўзимнинг ва бошқаларнинг ёлғони, хато фикрлари ҳамда нотўғри мулоҳазаларини сезмаган эканман.
Янги билимларимдан фойдаланиб, қарашларим ва уларнинг сабабларини таҳлил қилдим. Сизга айтсам, бу кишини осмондан ерга туширар экан. Ўз эътиқодини мантиқсиз важлар билан ёқлайдиганларга нисбатан муносабатим ўзгарди. Ахир миямиз воқеликка ҳиссиёт билан, кўпинча иррационал, асоссиз ва мантиқсиз ёндашишини англадим. Бу ҳамма билиши керак бўлган “сир”дир. Миямизнинг алдамчилигини билиб олганимиздан сўнг ёлғонларининг тагига етишни ўрганамиз ва мантиғу ақлни шоҳсупага чиқарамиз.
Шунча вақт хурофот ва иррационал эътиқодларни енгишга ҳаракат қилдим. “Одамга балиқ берсанг, бир кун тўяди, балиқ овлашни ўргатсанг, ҳар кун”, дейишади. Баҳсларим “ақлий балиқ” бериш бўлиб, аслида “ақлий балиқ тутиш”ни ўргатишим керак эди. Шунда тушуниб етдим:
Бировга иррационал ишончни фош қилиб берсангиз, бу кишини бир кунга рационал қиласиз. Агар иррационал фикрлаш тарзини очиқлаб берсангиз, бир умрга рационал қиласиз.
Бу китоб – сизни бошқа дунёга олиб борадиган қўлланма. Унда барчаси сиз ўйлагандек эмас, аслича кўринади. Китобда мантиқий хатоларга эътибор қаратилган бўлиб, уларни мулоҳазадаги хатолар дейиш мумкин. Саҳифа сайин фикрлаш ва қарор қабул қилиш қобилиятингиз яхшиланади. Гаровга 1 доллар тикиб айтоламан: китобни ўқий бошлаганингиздан кейин тўхташ қийин бўлади. Гаровда мен ютсам, пулингизни сақлаб қолинг ва маърифатдан ҳузурланинг. Агар бу китоб сизни қизиқтирмаса, менга почтадан 1 доллар юборишингиз мумкин. [2] Мароқли мутолаа!
[1] Йўқ, болалар, католиклардек қон ичиш маросимларига ўч чиройли вампирларни назарда тутмаяпман. Гап “Зулмат остонасидаги муҳаббат” асари ҳақида эмас. Мен айтаётган “Twilight Zone” бу ‒ 1960-йиллардаги қойилмақом илмий-фантастик сериал. Унда қаҳрамонлар ғалати, баъзан эса қўрқинчли вазиятларга тушиб қолишарди.
[2] Чув тушган бўлсангиз, мантиқий фикрлашингиз бу китоб берадиган ёрдамдан кўпроғига муҳтож.
[2] Чув тушган бўлсангиз, мантиқий фикрлашингиз бу китоб берадиган ёрдамдан кўпроғига муҳтож.
[1] Йўқ, болалар, католиклардек қон ичиш маросимларига ўч чиройли вампирларни назарда тутмаяпман. Гап “Зулмат остонасидаги муҳаббат” асари ҳақида эмас. Мен айтаётган “Twilight Zone” бу ‒ 1960-йиллардаги қойилмақом илмий-фантастик сериал. Унда қаҳрамонлар ғалати, баъзан эса қўрқинчли вазиятларга тушиб қолишарди.
Кириш
Ушбу китоб номутахассисларга мўлжалланган. Шунинг учун аввало баъзи тушунчаларга изоҳ бермоқчиман. Улар фикрлашда ғоят муҳим. Шунингдек, айрим огоҳлантиришларни билдириб ўтаман ва китоб тузилишини тушунтираман. Сарлавҳадан бошлайлик.
Ғайритабиийлик тўғрисидаги даъволарга қарши мунозара қилар эканман, деярли барча вазиятларда мўъжиза аргумент сифатида келтирилади. Бу мантиқан хато – тўғри мушоҳадада мўъжизага ўрин йўқ. Янглиш мантиқ ва нотўғри мулоҳазага берилганлар “мўъжиза”ни баҳона қилиб беқиёсдек кўринадиган аргумент ўйлаб топаверади. Ваҳоланки, бу ерда оқилона хулоса бундай аргументнинг нотўғрилигидир. Ақл талаб этиладиган барча соҳаларни қамраган китобимга мос ном танлай олдим. Бунинг устига, олдин ҳеч ким бу номдан фойдаланмаган.
Мулоҳаза
Биз фактларни аниқлаш ва текшириш, қарашларимизни ўзгартириш ва асослаш, умуман олганда, англаш қобилиятига эгамиз. Бу ақлий жараён мулоҳаза дейилади. Деярли барча соғлом одамлар мулоҳазага қодир бўлса-да, озчилик самарали фикрлайди. Сабабларни китоб давомида тадқиқ этиб борамиз.
Аргумент
Инглизчада “argument” деганда кўпинча салбий ҳиссиётларга тўла майда тортишув тушунилади. Лекин биз тўхталадиган “argument” у эмас. Умуман олганда, аргумент бу – ишонтиришга уриниш. Биз ҳар куни аргументлар эшитамиз ва келтирамиз, аммо кўпинча уларга эътибор бермаймиз. Бизни аргументлар билан бомбардимон қилишади, натижада ғайришуурий тарзда турли хулосаларга борамиз. Баъзан ишонтириш сезилар-сезилмас бўлади, гоҳида сабабларни ўзимиз англашимиз ва тахминан хулоса чиқаришимизга тўғри келади. Ўзимиз ва бошқаларнинг аргументларини тушунишимиз керак, ушбу китобнинг мақсади эса буни ўргатишдир.
Аргумент асос ва хулосадан иборат. Асосни сабаб, далил ёки иддао ҳам дейишади. Баъзида мисолларимиз шунчаки таклиф ёки даъво (қабул қилиниши керак бўлган баёнот) бўлиши мумкин.
Аргумент ташлаганни аргументчи, уни кўриб чиқаётганларни эса рақиб ва аудитория деб атайман. Аргументчи сиёсий номзод, Иегова шоҳиди, турмуш ўртоғи, маҳсулотни дўконга қайтариш ниятидаги 17 ёшли бола ёки рационал мулоқотга қодир ҳар қандай одам бўлиши мумкин. Рақиб/аудитория полиция ходими, қалин дўст, турмуш ўртоғи ёки, юқорида таъкидланганидек, рационал мулоқотга қодир ҳар қандай инсон бўлиши мумкин.
Дедукция мулоҳаза ва аргументлаш шакли бўлиб, унда хулоса келтирилган асослардан муқаррар келиб чиқади. Классик мисол:
1-асос: Инсон фоний.
2-асос: Суқрот – инсон.
Хулоса: Суқрот фоний.
Агар асослар чин бўлса, хулоса ҳам чин бўлади. Бу дедуктив аргумент. Шунингдек, у формал аргумент ҳам дейилади.
Хулосаси эҳтимолга асосланган аргументлар индуктив деб аталади. Улар, одатда, индуктив мулоҳаза ёрдамида тузилади. Индуктив мулоҳаза специфик ҳолатлар йиғиндисидан хулосалар чиқаришдир. Масалан:
Асос: Бугунгача қуёш ҳар куни чиққан.
Хулоса: Эртага ҳам қуёш чиқади.
Бугун кечқурун қуёш портлаши эҳтимоли йўқ эмас. Шундай экан, бу хулоса аниқ эмас, шунчаки эҳтимолийдир. Бу индуктив ёки ноформал аргументдир.
Мен бу атамалардан фойдаланаман. Агар уларни ҳали тушунмаган бўлсангиз, тез орада англайсиз.
Баъзида ҳатто факт баёни аргумент сифатида кўрилиши мумкин. Аниқроғи, фактни аргументга айлантирамиз. Масалан:
Одамлар яшаш учун озиқ-овқатга муҳтож.
Умуман, бу гап аргумент эмас, чунки унда нимагадир ишонтириш кўзланмаган. Ушбу фикр ва унда пинҳон хулоса ҳаммага маъқул, деб тахмин қилинади. Бироқ кимдир “Жунунвашмисан?” деб қолса-чи? Аввало “жунунваш” сўзи ишлатилган замонга қайтмаганингизга амин бўлинг. Кейин фактни тушунарлироқ аргумент шаклида ифодаланг. Бу оддий бўлиши мумкин: “Ейишни тўхтатсангиз, очликдан ўласиз”. Ёки аргументни субаргументларга бўлишингизга тўғри келиши мумкин. Масалан, “озиқ-овқат”, “яшаш” сўзлари ва ҳоказоларни изоҳлайсиз.
Аргументлар ҳамма ерда учрайди. Сиз ҳар куни аргумент келтирасиз ва бошқаларникини эшитасиз. Нотўғри аргументлар бўлиши ҳам тайин. Улар нотўғри мулоҳазаларга етаклайди.
Эътиқод
Эътиқод психологик ҳолат бўлиб, унда шахс бирор фикр ёки даъвони ҳақиқат деб ҳисоблайди. Эътиқодлар турлича шаклланади, бу ушбу китоб мавзуси эмас. Шунчаки кўплаб эътиқодлар ақл ва танқидий фикрлаш ёрдамида шаклланмаслигини айтиб ўтай. Китобда эътиқодларнинг иккита жиҳати ёритилган: 1) янги эътиқодни шакллантиришдаги фикрлаш;
2) эътиқодимизни баҳолашдаги фикрлаш.
Эътиқод кўпинча шунчаки ишонч дея илгари сурилади, фикр ўлароқ ифодаланади ёки такаббурларча фактдек кўрсатилади. Мисоллар:
Яккашохлар мавжудлигига ишонаман.
Фикримча, ҳеч ким турмуш қурмаслиги керак.
Ҳот-дог кукунга айлантирилиб, бурун ичига тортилса, мазали бўлади.
Вояга етгунча, чўқинтирилмаган бўлсанг, дўзахга тушасан!
Эътиқод ажойиб бўлиши ҳам мумкин. Масалан, инсониятнинг эзгулигига ишониш. Беозор бўлиши мумкин. Масалан, “Red Sox” жамоаси “Yankees”дан яхшироқ, дейиш. [1] Ва эътиқод ҳалокатли бўлиши мумкин. Масалан, худо самолётни бинога учиришимни хоҳлайди, деб ўйлаш. Аммо эътиқод берадиган ҳузур ёки эҳтимолий яхши натижа уни ҳақиқатга айлантириб қўймайди. Ушбу китоб нотўғри мулоҳазаларни текшириб, эътиқодларнинг қанчалик ҳаққонийлигини аниқлашга ёрдам беради.
Мантиқий хато
“Хато” сўзининг маънолари кўп, лекин мен яхшироқ мулоҳаза учун уни учта маънода қўллайман.
1. Нотўғри аргумент. Нотўғри аргумент фактга оид бўлмаган хатолардан тузилади.
Аёл татуировка чиздиришга ҳақли бўлганидек абортга ҳам ҳақли. (Заиф аналогия)
2. Нотўғри мулоҳаза. Аргумент, иддао, фикр ёки эътиқодни баҳолашда ё уларни келтиришда нотўғри фикрлаш (жумладан, ақлни четлаб ўтиш).
Илгари аборт ҳуқуқи тарафдори эдим, бироқ маърузачи олдирилган ҳомиланинг суратини кўрсатганида йиғлаб юбордим. Энди абортга қаршиман. (Ҳиссиётга мурожаат)
3. Нотўғри тактика. Аргументингизни ҳақиқат сифатида қабул қилишлари учун рақибингиз ёки аудиторияни нотўғри мулоҳазага ундаш.
Олдирилган ҳомила фотосуратини кўрсатиб, уларни ноғорамга ўйнатаман. Туйғуларнигина тинглаб ақл ва танқидий фикрлашни четга суришади. (Ҳиссиётга мурожаат)
Эҳтимол, тўртинчи маъно ҳам бордир: ўзига хос нотўғри аргумент (“нуфузга мурожаат хатоси”дагидек).
Мантиқий хато хавфли, чунки уни аниқлаш доим ҳам осон эмас, айниқса, тажрибасиз онг учун. У танқидий фикрлаш қобилиятимизни четлаб ўтиб, бизни оптик иллюзиядек аврайди. Шунга қарамай, баъзи иддаолар нотўғрилиги яҳудийлар чўчқа гўштини емаслигидек равшандир. Масалан:
“Мўйлов ўстирманг, чунки Ҳитлернинг мўйлови бор эди. Мўйлов ўстирсангиз, Ҳитлерга ўхшаб қоласиз!”
Китобни ўқиб чиққандан сўнг, эҳтимол, ўнлаб мантиқсиз фикрларни юқоридаги аргумент билан таққосларсиз. Бу мулоҳазадаги хато аниқ – кўринишингиз фашист диктаториникига ўхшаши сизни фашист диктаторга айлантирмайди.
Аммо мен Қуёш Ердан 30 миль узоқликда ва катталиги футбол стадионига тенг, десам, бу мантиқий хато ҳисобланмайди. Шунчаки галварслигимни англатади. Мантиқий хато билан фактга оид хато бир эмас.
Кўп ҳолларда аргументчи ёки аудитория, ёхуд иккаласи ҳам янглишади. Масалан, “тез гапириб аргументлаш хатоси”да сўзловчининг нутқи табиатан тез бўлишига қарамай, бу уни ақлли ва ўзига ишонган, даъволарини эса ҳақиқат қилиб кўрсатиши мумкин. Қарши аргумент топишга улгурмаслигингиз учун аргументчи атайлаб тез гапириши ҳам мумкин. Бу нотўғри тактика ҳисобланса-да, доим ҳам нотўғри мулоҳаза бўлавермайди. Мулоҳаза хато эмас экан, аргумент ҳам нотўғри ҳисобланмайди.
Ақл ва рационаллик ҳақида
Фарзандингиз бўлса, иррационал ва мантиқсиз фикрлайдиган одам билан тортишиш қанақалигини биласиз. Мантиқ ва ақлдан фойдаланишга уринишлар ота-онанинг бола даражасига тушиб қолиши билан тугайди. Ота-она ҳам аргументларни ҳиссиётлар асосида шакллантира бошлайди. Болага ширинлик беради ёки кетига шапалоқ туширади (вазиятга қараб). Афсуски, кўп одамлар муваффақиятга тўғоноқ бўладиган одатларни балоғатда ҳам сақлаб қолишади. Мулоқот, ҳамкорлик ва фаровонликни таъминлаш муаммога айланади.
Биласиз, мантиқсиз ўйлайдиганлар ё аргументларининг нотўғрилигини тушунмайди, ё тан олишни истамайди. Уларнинг даражасига тушиб, ҳис-туйғуларига таъсир ўтказишингиз ва когнитив тарафкашлигидан фойдаланишингиз мумкин, лекин бу манипулятив истеъдодни талаб этади. Бунинг устига, ахлоққа ҳам унчалик тўғри келмайди. Сиз шунчаки таслим бўлиб, баҳсни давом эттиришдан бош тортишингиз мумкин, мен баъзида шундай қилганман. Ёки иложи бўлса, рақибларнинг аргументлари ва эътиқоди бошқа эътиқодларига зидлигини кўрсатишингиз мумкин. Мен шу стратегияни афзал кўраман, чунки унда манманлик ва қизишиш йўқ. Рақиб аргументларининг нотўғрилигини изоҳланг, кейин шу мантиқий хатога бошқа мисол келтиринг. Масалан:
Саймон: “Нуҳ кемаси ҳақиқатда бўлган!”
Анна: “Қандай қилиб Нуҳ дунёдаги барча ҳайвонларни йиғиб, уларни ҳамкорликка кўндирди?”
Саймон: “Менимча, ҳар нарсага қодир Худо ўз қудратини кўрсатган”. (Ad hoc хатоси)
Анна (бу гап мантиқсизлигини тушунтириш ўрнига): “Унда нега қудратли Худо барча ҳайвонларни асраб қолмади-ю, кучини ҳар турдан бир жуфтни қутқаришга сарфлади?”
Саймон: “Унисини билмадим”.
Мантиқий хатоларни тўплаш
Болалигимда бейсбол карточкаларини йиғардим. Улғайгач, мантиқий хатоларни тўплашга ўтдим (билағонман-а?). Мантиқий хатолар ҳар хил: машҳурларию нотанишлари, қадимийларию замонавийлари, оддийларию мураккаблари бор. Астрономик объектлар сингари янгидан-янги мантиқий хатолар “кашф этилмоқда”. Сиз ҳам кашф қилсангиз, хатога ном бероласиз. Мен йиллаб тўплаган 300 дан ортиқ мантиқий хатога қўшиб ўзим кашф қилганларимни ҳам фахр билан улашмоқчиман. Ўзим топганларимнинг номидан кейин * белгиси қўйилган. Улар Арасту кашф этган мантиқий хатолардан қолишмайди.
Мен бу каби изчил бўлган бошқа тўпламни ҳали кўрмадим. Умид қиламанки, меҳнатимни қадрлайсиз ва китоб учун кўпроқ тўлашга қарор қилиб, менга чек ёзиб юборасиз.
Билағонлик
Рақибингизга хатосини кўрсатишнинг иккита ёндашуви мавжуд. Бир томондан, мантиқий хато номини айтмасдан фикри нега нотўғрилигини чиройли тушунтиришингиз мумкин (билағонлигингиз учун бир балл). Бошқа томондан, фикри нотўғрилигини таъкидлаб (билағонлигингиз учун бир балл), мантиқий хато номини айтишингиз (билағонлигингиз учун яна бир балл) ва уни изоҳлашингиз (билағонлигингиз учун яна бир балл), охирида эса ўлганнинг устига тепгандек “Айтганча, лотин тилида бу [хатонинг лотинча номи] деб аталади”, дейишингиз мумкин (билағонлигингиз учун ўн балл)! Албатта, ҳаммасини айтиш шарт эмас. Бироқ тайёр туринг – рақибларингиз ўзингиздаги мантиқий хатоларни кўрсатиши мумкин ва улар тўғрисида тушунчангиз бўлса, ўзингизни ҳимоя қилоласиз.
Огоҳлантирай, рақибингиз кўрсатган мантиқий хато номини тузатманг. Ушбу китобни ўқиб, хатолар турлича аталиши ва таърифланишини билиб оласиз. Арасту давридан мавжуд бир нечтасигина мустасно. Аксарияти узлуксиз қайта таърифланиб, хатонинг номи ёки маъноси ўзгариши мумкин. Хуллас, мулоҳазангизда қандай нуқсон борлигини таъкидлашаётганига эътибор қаратинг ва таъриф ёки номни эмас, балки мулоҳазангизни ёқланг.
Китоб формати ва услуби
Агар ҳалигача пайқамаган бўлсангиз, айтишим жоиз, мен ёзиш ва ўрганиш чоғидаги кўнгилхушликни яхши кўраман. Тушунаман, ҳазилларим кимнидир хафа қилиши муқаррар, лекин ҳаёт шунақа.
Ёзганларим қўлланмадек хизмат қилиши мумкин бўлса-да, умид қиламанки, китобни романдек бошдан охиригача ўқиб чиқасиз. Мантиқий хатоларни келтирар эканман, ўқувчига нотаниш атамалар учраши мумкин – уларни изоҳлайман. Мантиқий хатоларни тартиб бўйича ўқисангиз, тушунчалар мазмуни керакли пайтда ойдинлашади. Қизиқроқ чиқиши учун шу усулни қўлладим.
Берилган мантиқий хатолар жуда кўп туйилса-да, китобни қизиқарли ва фойдали қилиш учун кучимни аямадим. Кам учрайдиган, мантиқий хато таърифига унча тўғри келмайдиган ва кенг ёритилиши шарт бўлмаган ҳолатларни охирида қисқача изоҳладим.
Мантиқий хатоларни таснифлашга кўп уринишган. Айрим таснифлар тушунишни осонлаштиради. Аммо мен мантиқий хатоларни энг машҳур номлари билан алифбо тартибида сараладим. Бунга учта сабаб бор:
• Мантиқий хатоларнинг расмий классификацияси йўқ, ҳатто уларни таснифловчиларнинг кўпчилиги қабул қилган умумий тизим ҳам мавжуд эмас.
• Аксарият мантиқий хатолар мавҳум ва бир нечта турга мансуб бўлиши мумкин.
• Сохта таснифлашга эътибор қаратиш мантиқий хатоларнинг ўзидан чалғитиши мумкин.
Мантиқий хато номлари. Олдин энг кўп қўлланадиган, сўнг (агар бўлса) лотинча ном келади. Кейин бошқа номларни санаб ўтаман. Баъзида бошқа номлар мазмунни озгина ўзгартириши мумкин. Бироқ бу тафовутларни таъкидлаш лозим деб топмасам, уларни шунчаки бир мантиқий хатонинг турли номлари сифатида кўрсатаман. Ёдда тутингки, мантиқий хатоларнинг асосан кенг тарқалган номлари тилга олинади. Ҳар хил номларни санаб ўтишдан мақсад ёдлатиш эмас, шунчаки улар сизга нотаниш бўлмасин.
Тавсиф. Тавсифларим қисқа ва мазмунли бўлиб, зарур маълумот беради. Баъзи-баъзида эса қўшимча шарҳлар билан тўлдирилади.
Мантиқий шакл. Айрим мантиқий хатоларнинг, айниқса, формалларининг мантиқий шакллари бор. Яъни умумий мантиқий хато рамзий тилда ифодаланиши мумкин. Мантиқий шаклларни санаб ўтишим хатоларни яхшироқ тушунишингизга хизмат қилади. Ноформал мантиқий хатоларга келганда эса мантиқий шакл яратиш учун озгина ижод қиламан (бу хатони яхшироқ тушунишингизга ёрдам берсагина).
Мисоллар. Мисолларни ҳаётдан олишга ҳаракат қиламан. Аслида кўпи ҳақиқий баҳсларимдан олинган (исмлар ҳақиқий эмас). Ўйлайманки, реал мисоллар сизга ҳаётий вазиятларда хатоликларни аниқлашга ёрдам беради (айтиш лозим, одамлар кўплаб мисолларда тасвирланганичалик аҳмоқ эмас). Мантиқий хато талаб қилса, мен уни тушунтириш учун кескин мисоллардан ҳам фойдаланаман, кейин эса ҳаётга мосроқ иккинчи, баъзида учинчи мисолни келтираман.
Кўп мисоллар креационистик аргументлардан иборат. Креационист бу – Муқаддас Китобдаги яратилиш ҳикоясининг сўзма-сўз талқини (Одам Ато, Момо Ҳаво, гапирувчи илон)га ишонувчи киши. Ёш ер креационисти – Библияга кўра, коинот тахминан 6000 йилдан бери мавжуд, деб ҳисоблайдиган одам. Бу мисолларни тез-тез ишлатишимга сабаб шуки, улар мантиқий хатоларни излаётган мутафаккир учун наркотикдек гап. Келинг, очиқроқ сўзлайман. Балки коинот ёши чиндан ҳам 6000 йилдир ва олимларнинг 97 фоизи даҳшатли хатога йўл қўяётгандир. Аммо бу бизга муҳим эмас. Мантиқий хатолар доим ҳам аргументнинг ҳаққонийлигига боғлиқ бўлавермайди. Улар кўпроқ аргумент шаклига боғлиқ.
Истиснолар. Мантиқий хатолар ва нотўғри мулоҳазалар кўпинча фактга эмас, балки эҳтимолга таянади. Деярли барча хато деб ҳисоблайдиган ноформал ёки индуктив аргументни олайлик:
“Мўйлов ўстирманг, чунки Ҳитлернинг мўйлови бор эди. Мўйлов ўстирсангиз, Ҳитлерга ўхшаб қоласиз!”
Балки баъзи психологлар мўйлов, айниқса, ҳитлерча мўйлов қўйганлар геноцидга мойилроқлигини тасдиқловчи маълумотга эгадир. (Жон деб ўша тадқиқот тафсилотларини ўқиб чиқардим!) Бу вазиятда аргумент янглиш эмас, балки кучли, мулоҳаза эса оқилона, дейдиганлар топилар. Уларга аргументнинг нотўғрилигини кўрсатиш ҳам аргумент бўла олади. Ҳаммаси кучли далил ва оқилона мулоҳазага боғлиқ.
Баъзи аргументлар формал ёки дедуктив тузилиш ва нотўғри шаклга эга, яъни объектив хатодан иборат. Улар ҳар қандай вазиятда нотўғри. Масалан:
1-асос: Инсон фоний.
2-асос: Филипп фоний.
Хулоса: Демак, Филипп – инсон.
Аслида Филипп суғурнинг оти эди. Бу силлогистик хато бўлиб, бундай мулоҳаза ҳар қандай вазиятда янглишдир. Филипп бу ерда инсоннинг исми бўлганида ҳам, шакл туфайли аргумент мантиқан хато ҳисобланарди. Формал мантиқда асослар чинлиги хулоса чинлигини кафолатлаши керак.
Хуллас, ноформал аргументнинг аниқ нотўғрилигини таъкидламанг, ундан кўра ўз аргументларингизни ҳимоя қилишга тайёрланинг.
Маслаҳат. 2004 йилда “Муваффақият сари бир йил” (“Year To Success”) номли китоб ёзганман. Дональд Трамп уни “илҳом бағишловчи” деб мақтаган. (Бу ерда ҳақиқий исмни ёзмасликнинг иложи йўқ!) У китобда муваффақиятни қиморга ўхшатганман: муваффақиятдан узоқлаштирадиган хатти-ҳаракатларингизни муваффақиятга яқинлаштирувчи ҳаракатлар билан алмаштириб турасиз. Кези келганда мен мантиқий хатолар борасида маслаҳат ҳам бераман. Маслаҳатларимнинг аксарияти жиддий, баъзилари... унчалик эмас (фарқни китобни ўқиб англайсиз).
Вариантлар. Турли номлар билан келтирилган мантиқий хато ҳар хил тур ёки шаклларга эга бўлиши мумкин. Уларнинг тафовутини озгина тушунтириб ўтиш жоиз деб ўйлайман.
Бошладик!
[1] “Red Sox” “Yankees”дан кучлироқ, деган ёзувни автомобилингиз бамперига ёпиштириб, шу ёзув туширилган футболка ёки шляпа кийиб Нью-Йоркка келмасангиз, албатта.
[1] “Red Sox” “Yankees”дан кучлироқ, деган ёзувни автомобилингиз бамперига ёпиштириб, шу ёзув туширилган футболка ёки шляпа кийиб Нью-Йоркка келмасангиз, албатта.
МАНТИҚИЙ ХАТО:
Тўғри фикрлаш қўлланмаси
▾
Умумлаштириш
хатоси
a dicto simpliciter ad dictum secundum quid
(Бошқа номлар: истиснони йўққа чиқариш; dicto secundum quid ad dictum simpliciter; dicto simpliciter; қарама-қарши вазият; тескари вазият; умумий қоида хатоси; юзаки умумлаштириш.)
Тавсиф: Истиснолар мавжудлиги аниқ бўлса-да, умумий қоидани барча ҳолатларга татбиқ этиш. Соддалаштирилган қоида ёки қонунлар камдан-кам ҳолларда истисноларни ҳисобга олади. Истисноларга эътибор бермаслик қоида ёки қонуннинг мукаммаллиги иллюзиясини яратади. Одамлар соддаликни ёқтиради ва кўпинча унинг эвазига рационалликни қурбон қилишади.
Мантиқий шакл:
Асос: Х – умумий ва қабул қилинган қоида.
Хулоса: Шунинг учун Х нинг истисноси йўқ.
1-мисол:
Бировга озор бермаслик керак, деб ҳисоблайман, шунинг учун жарроҳ бўлолмайман.
Изоҳ: Жарроҳликни “озор бериш” деб билиш жарроҳликнинг фойдасини эътиборсиз қолдиришдир. Бундай кескин қарашлар камдан-кам ҳолларда ақлга таянади.
2-мисол:
Муқаддас Китобда “Ёлғон гувоҳлик берманг” дейилган. Демак, остонада турган, хотинини ўлдирмоқчи бўлган қуролланган маст қўшнингизга хотини ертўлангизда яширинганини айтиш масиҳийлик бурчингиздир. Акс ҳолда, Худога қарши чиқаётган бўласиз!
Изоҳ: Ҳар қандай қонун, у илоҳий бўлса-да, барча инсонлар учун, ҳамма замонда ва ҳар қандай вазиятда амал қилади, деб ҳисоблаш (бу очиқ таъкидланмаса ҳам) асоссиз тахмин ва нотўғри мулоҳазадир.
Истисно: Муайян ҳаракат қоидани бузиш эканлиги борасида яхши аргумент келтиролсангиз, умумий қоидани қўллаш нотўғри ҳисобланмайди.
Муқаддас Китобда “Қотиллик қилманг” дейилган, шундай экан, масиҳий сифатида электр аррани ерга қўйиб, боғлаб қўйилган боланинг қўл-оёғини ечиб юборсангиз яхши бўларди.
Маслаҳат: Ўзингиз тушунмайдиган ёки келишмайдиган қонунларга шубҳа билдириш сизнинг ҳуқуқингиздир.
▾
Ad Fidentia
argumentum ad fidentia
(Бошқа ном: дадилликка қарши чиқиш.)
Тавсиф: Аргумент ёки далилга ҳужум қилиш ўрнига рақибнинг ўзига бўлган ишончига ҳужум қилиш.
Мантиқий шакл:
I шахс Y чин, деяпти, лекин бунга ишончи комилми?
Ишончи комил бўлмаса, Y ёлғон.
1-мисол:
Рик: “Кеча тушимда лотерея ютдим! Жамғарган 1000 долларим бор, шунга 1000 та чипта сотиб олмоқчиман!”
Вик: “Туш талқини башоратнинг оқилона усули эмас. Туш шунчаки тасодифий нейронлар ҳаракати натижасида юзага келади”.
Рик: “Кеча невролог ёки психолог эмасдинг. Бугун бир ухлаб туриб, неврологга айландингми? Тушимда келажакни кўрмаганимга ишончинг қанчалик комил?”
Вик: “Тушингда келажакни кўрганинг эҳтимоли ҳам йўқ эмас”.
Изоҳ: Вик мулоҳаза юритмоқчи бўлса-да, Рик дўстининг ишончини сўндириш орқали унинг аргументини заифлаштирмоқчи. Рик нотўғри тактика қўллаяпти ва Вик буни тушунмаса, ўзи ҳам нотўғри мулоҳаза, яъни мантиқий хатога йўл қўяди.
2-мисол:
Крис: “Сен танамизга кириб-чиқиб юрадиган руҳлар борлигига ишонмайсан. Лекин қаердан биласан? 100% аминмисан?”
Жо: “Албатта, йўқ, қандай қилиб 100% амин бўламан?”
Крис: “Ана, кўрдингми? Бу гапим тўғрилигини исботлайди! Калтафаҳм!”
Жо: “Нима-нима?”
Изоҳ: Бу хато ғайритабиий ёки нотўғрилигини исботлаб бўлмайдиган ҳодиса борасидаги баҳсларда учрайди. Жо унчалик ақлли бўлмаса, ўз позициясининг тўғрилигига шубҳа қила бошлайди. Янги аргументлар эмас, балки дадиллигига қилинган ҳужум туфайли. Яхшиямки, Жо ақидапараст эмас, у мумкинлик ва эҳтимол ўртасидаги фарқни билади (мумкинликка мурожаат хатосига қаранг).
Истисно: Кимдир аниқлигини билиб бўлмайдиган нарсанинг аниқлигига даъво қилса, хатосини унга тушунтириш бурчингиздир.
Маслаҳат: Ҳақлигингизга ишончингиз комил бўлсин, лекин исботлаб бўлмайдиган нарсаларга келганда, ақидапарастликдан тийилинг.
▾
“Ad hoc” паноҳи
ad hoc
(Бошқа номлар: сафсата сотиш*, СС хатоси*.)
Тавсиф: Далилларга қарамай, кўпинча ҳақ бўлиш ва муайян эътиқодларимизга содиқ қолишни жуда хоҳлаймиз. Натижада эътиқодимиз ҳимоясига баҳоналар тўқиймиз (ўйлаб топганларимизни тасдиқловчи далил бўлмаса-да).
Мантиқий шакл:
Х даъвоси Y далили туфайли ҳақиқатдир.
Y далил бўлолмаслиги кўрсатилди.
Демак, Z тахмини тўғри бўлиши керак (Z тахминига далил бўлмаса-да).
1-мисол:
Фрида: “Сезиб турибман, Раймонд мени учрашувга чақирмоқчи”.
Эдна: “У 3 ойдан бери Роза билан учрашиб юрибди”.
Фрида: “У шунчаки рашкимни келтириш учун Роза билан юрибди”.
Эдна: “Улар унаштирилган”.
Фрида: “Раймонд уларнинг муносабатидан хабар топишим ва рашк қилишим учун шундай йўл тутган”.
Изоҳ: Бечора Фрида нафақат хаёлпараст, балки ёқимсиз ҳақиқатга етаклайдиган далилларни рад этади ҳам. Дастлабки даъвосини ҳимоя қилиш учун у баҳона ўйлаб топди.
2-мисол:
Марк: “Худо бизни шунчалик яхши кўрадики, гуноҳдан халос бўлишимиз учун ягона ўғли Исони қурбон қилди! Исога ҳамду санолар!”
Сэм: “Худо бизни шунчаки кечиролмасмиди? Исони қурбон қилиши шартмиди?”
Марк: “Эҳтимол, энг тўғри йўл шу бўлгандир”.
Изоҳ: Муқаддас Китобда тайинли жавоб бўлмагани учун янги важ ўйлаб топилди. Бу важ ҳақиқат бўлиши мумкин, лекин уни ҳақиқат сифатида қабул қилишга асос йўқ.
Истисно: Аргумент биттагина ечим борлигини таъкидласа, бошқа эҳтимолий ечимларни таклиф қилиш оқилонадир (айниқса, хаёлий вазиятларда). Масалан:
– Худо йўқ бўлса, ҳаёт маъносиз.
– Йўқ, ҳаётимиз маъносини белгиловчи Худо бўлмаса, эҳтимол, ҳаётимиз маъносини ўзимиз белгилармиз.
Маслаҳат: Кимдир далил келтириш ўрнига уйдирма тўқияпти, деб гумон қилсангиз, ундан “Даъвонгизни тасдиқлайдиган қандай далиллар бор?” – деб сўранг.
▾
Ad hominem
(таҳқирловчи)
argumentum ad hominem
(Бошқа номлар: шахсиятни таҳқирлаш; шахсиятга ҳужум; ҳақорат хатоси; манбани лаънатлаш; масхара; игна санчиш; киши характери туфайли даъвони
рад этиш.)
Тавсиф: Аргументнинг ўзига эмас, балки аргумент келтираётган шахсга ҳужум қилиш (бундай ҳужум аргумент мазмунига бевосита алоқадор бўлмаса).
Мантиқий шакл:
1-асос: I шахс Y ни даъво қилмоқда.
2-асос: I шахс аҳмоқ.
Хулоса: Шунинг учун Y нотўғри.
1-мисол:
Рақибим солиқларни камайтиришни таклиф этмоқда. Шу ҳам гап бўлибдими?! Ҳар кеча “Ben and Jerry” музқаймоғини ейдиган аёлнинг гапини қаранг-а!
Изоҳ: Аёлнинг музқаймоқни яхши кўриши солиқларга алоқадор эмас, шундай экан, бунинг аргументга дахли йўқ. Одатда муносиб қарши аргумент топилмаганда умидсизликдан ad hominem ҳужумларига ўтилади.
2-мисол:
Тони бизни ҳаётнинг келиб чиқиши “тасодиф”лигига ишонтирмоқчи. Тони – худосиз итвачча. У черковдан кўра қамоқда кўпроқ вақт ўтказган. Ундан автомобиль рақамларини сохталаштиришнигина ўрганоласиз.
Изоҳ: Тони “худосиз итвачча” бўлиши мумкин. Эҳтимол, у черковга қараганда қамоқхонада кўпроқ вақт ўтказгандир. Аммо булар ҳаёт келиб чиқиши борасидаги даъвонинг ҳаққонийлигига алоқадор эмас.
Истисно: Шахсиятга қилинган ҳужум аргумент доирасида бўлса, бу хато ҳисобланмайди. Биринчи мисолимизга қайтайлик. Агар фақат “Ben and Jerry” музқаймоқлари учун солиқларни бекор қилиш таклиф этилган бўлса, аёлнинг ҳар кеча музқаймоқ ейишини таъкидлаш тўғридир. Бу унинг ўз манфаатларини кўзлаётганига кучли далил бўлолади.
Маслаҳат: Одамлар фикрингиз қолиб, шахсиятингизга ҳужум қилса, буни аргументингиз кучлилигининг эътирофи сифатида қабул қилинг. Одатда баҳсда чорасиз қолганлар шахсиятга ўтишади.
Вариант: Игна санчиш бу – мунозара чоғида рақибнинг жаҳлини чиқаришга уриниш ва асосий эътиборни баҳсдан четлатиб, рақибни аҳмоқ қилиб кўрсатиш.
