Dunyo yanada odil bo'lishi mumkin
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Dunyo yanada odil bo'lishi mumkin

РЕЖЕП ТАЙЙИП ЭРДОҒАН

ДУНЁ ЯНАДА ОДИЛ
БЎЛИШИ МУМКИН

Бугун бутун дунёда адолатга беҳад катта эҳтиёж сезилмоқда. Глобал адолатни таъминлашга масъул муассасалар, афсуски, катта лоқайдлик ичида қолиб кетмоқда. Шафқат қаҳат бўлиб турган замонда бизга адолат тимсоли, виждоннинг овози бўлишдек масъулият тушмоқда.

Ушбу асарда Туркиянинг бутун инсоният учун адолат истагини батафсил ифодалашга ҳаракат қилдик. Дунёдаги адолатсизлик, айирмачилик ва иккиёқлама ёндашувни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мисолида ошкор қилмоқчимиз. Айниқса, «вето ҳуқуқига эга бешта давлатнинг манфаатига хизмат қиладиган» Хавфсизлик Кенгашида кенг ислоҳот ўтказишга эҳтиёж мавжудлигига эътибор қаратяпмиз. Глобал адолатсизлик, миграция инқирози, халқаро терроризм ва исломга қарши бетоқатлик мавзуларида глобал сиёсатнинг камчиликларига ишора қиляпмиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг легитимлик, функционаллик, таъсирчанлик, инклюзивлик, вакиллик ва бошқарув муаммоларига тўхтал­япмиз. Шунингдек, вакилликда адолатга амал қилинган ва вето имтиёзи олиб ташланган БМТ учун принципиал, инклюзив, стратегик ва мослашувчан ислоҳотлар таклифи билан дунё янада адолатли бўлиши мумкин эканлигини таъкидлаяпмиз.

БМТ Иккинчи жаҳон урушидан сўнг глобал тинч­ликнинг таъминловчиси сифатида ташкил этилган эди. Аммо ҳозирги кунда у, афсуски, инсониятнинг тинчлик ва фаровонлик эҳтиёжини қондира олмаяпти, бутун дунёнинг эмас, кучлиларнинг манфаатини ҳимоя қилишга интилаётган бир ташкилот даражасига тушиб қолди. БМТ Босния-Герцоговина, Афғонистон, Ироқ, Ливия ва Сурияда рўй берган зулмларга томошабин бўлиб қолди, халқаро ҳуқуқ Исроилнинг золимона ҳаракатларини ҳеч қачон жазоламади. Хавфсизлик Кенгаши ҳақиқий маънода бутун дунёнинг ифодачисига айлана олганида бунчалик адолатсизлик ва вайронкорлик юз бермаган бўлар эди.

Мамлакатлар ва глобал барқарорликка хавф солаётган террористик тўдаларга қарши иккиюзламачилик муносабати бугунги кундаги энг муҳим муаммолардан биридир. Шунча муаммоларга қарамай, террористик тўдалардан мадад кутишгача бораётган бу номақбул зеҳният йўқолмагунча терроризмга қарши глобал кураш натижа бермаслиги ва инсониятнинг ҳеч қандай муаммоси ҳал қилинмаслиги аниқдир.

Ғарбда юксалаётган аксилисломизм, янада аниқ­роқ айтганда, мусулмонларга қарши душманликнинг кучайиб бораётгани ҳам ўтмишдан, мусулмонларга қилинган қатлиом даражасигача етиб борган зулмлардан сабоқ чиқарилмаганини кўрсатмоқда. Исломга қарши душманлик ҳаракатларининг қайсидир мамлакатларда давлат томонидан ҳимоя қилинаётгани ва қонунлар билан ҳимоя қилишга уринишларнинг кузатилаётганлиги ҳам қаршимиздаги хавфнинг даҳшатини кўрсатмоқда. Дунёда тинч­лик ўрнатиш ва инсониятга ҳузур-ҳаловатни таъминлаш учун БМТ бу муҳим масалада жиддий одим отмоғи, аниқ чора-тадбирлар кўриши шарт. Аммо ташкилотнинг ҳозирги муаммоли тузилмаси билан бунга эришишнинг имкони кўринмаяпти. Ўтмишнинг эҳтиёжига кўра шаклланган муассасалар билан бугунги кун муаммоларига ечим топиб бўлмайди. Ҳатто бу муассасаларнинг янги муаммолар келтириб чиқараётгани ҳам кундек ошкор.

Хавфсизлик Кенгашининг ҳозирги тузилмасига кўз ташлаб, дунё аҳолисининг тўртдан уч қисми эътибор ва эътирофсиз қолдирилганини кўриш мумкин. 8 миллиард инсоннинг тақдири ҳисоб беришга ҳам бўйни ёр бермаган беш давлатнинг инсофига, виждонига, манфаатига ва инжиқликларига ташлаб қўйилмаслиги керак. Бу ҳолатни адолатдан деб бўлмайди ва бунга чидаб туриш ҳам мумкин эмас.

Бизнинг фикримизча, дунёнинг мувозанати, озодлиги ва бахтиёрлиги адолат билангина қоимдир. Дунёнинг янада адолатли бўлишига умид ва ишонч берувчи тизимга эҳтиёж бор. Барча камчиликларига қарамай, зарурий ислоҳотлар ўтказилса, БМТ тузилмасини бу борадаги энг мақбул ташкилотга айлантириш мумкин, деган фикрдамиз. Биз Туркия давлати сифатида Хавфсизлик Кенгаши билан бирга БМТнинг тузилмаси ва фаолиятида кенг қамровли ислоҳот ўтказилиши кераклиги ҳақидаги чақириғимизни муттасил так­рорлашда давом этамиз. Кучли ҳақ бўладиган эмас, ҳақли кучли бўладиган бир тизим қурилгунига қадар «Дунё бешдан катта» де­йишда давом этаверамиз.

РЕЖЕП ТАЙЙИП ЭРДОҒАН,
2021

ДУНЁ ЯНАДА
ОДИЛ БЎЛИШИ МУМКИН

БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ
ИСЛОҲИ УЧУН ТАКЛИФ

СЎЗБОШИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблея­си 75-сессиясининг глобал пандемия шароитида ўтиши ташкилотнинг дунё миқёсидаги функциясини янгидан ўйлаб кўриш маъносида ғоят муҳим бир тарихий бурилиш нуқтаси бўлди. Биз 2020 йилнинг сентябрь ойида БМТнинг «Ковид-19»га қарши улкан мужодаласига кўмаклашишда қароримиз қатъий эканини таъкидладик.

Халқаро жамият ўлароқ қийин бир даврни бош­дан ўтказмоқдамиз. Пандемиядан олдин халқаро жамият ва давлатларнинг ҳал этиши қийин бўлган кўплаб муаммолар билан юзма-юз келган эдик. Узоқ йиллардан бери дунё миқёсида бир мавҳумлик ҳукмрон. Глобал хавфсизлик муҳитида ёмонлашган вазиятдан тортиб, иқтисодиётда юз берган беқарорлик ва ижтимоий норозиликларга қадар кўплаб муаммоларни бартараф этиш масаласида чорасиз қолингани ҳаммамизга маълум.

Глобал пандемия мавжуд муаммолар сабаб бўлган мавҳумликларни янада мураккаблаштирди. Шу маънода дунё турли синовларга қарши катта қи­йинчиликлар билан курашаётган бир пайтда пандемия ўртага чиқди. Зеро, узоқ вақтдан бери муҳокама марказида бўлган глобаллашув, қатъий қоидаларга асосланган халқаро тизим ва кўп томонлама ёндашув ва амалиёти масаласи устида пандемия таъсири остида ҳозир янада кўп баҳс олиб борилмоқда.

Глобаллашувнинг чексиз бир жараён ва ҳодиса эмаслигини кўриб турибмиз. Таъсир кучини тобора йўқотаётган халқаро қоидалар пандемия сабабли янада заифлашганига ҳам гувоҳ бўлдик. Шунинг­дек, халқаро механизмларнинг мустақил миллий манфаатларга тезкор бир шаклда қурбон қилинганини кўрдик. Муаммоларимиз фақат булардангина иборат эмас. Бутун дунё аҳли манфаатлари тобора унутилаётган ва инсониятнинг умумий қадриятларини ягона маданиятга айлантиришга уринилаётган бир даврда яшаяпмиз. Қаршимиздаги фотосуратга қараб, стаканнинг тўла ёки бўш томонини тўғри ва самимий шаклда баҳолашга мажбурмиз. Стаканнинг бўш қисмидан БМТ бошчилигида кўп томонлама халқаро ташкилотлар дуч келган муаммолар жой олган. Глобал бошқарув механизмларининг ҳар бир жабҳасида жиддий қабул қилиниши керак бўлган янада мураккаб қийинчиликлар турибди.

Глобал бошқарув сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, иқлим ўзгариши ва барча давлату халқларнинг тақдирини қизиқтирган бошқа жиддий масалаларда ўхшаши аввал кўрилмаган мураккаб муаммоларга дуч келди. Хусусан, дунё халқлари соғлиғи соҳасида, пандемия ҳам сабаб бўлган турли муаммоларни ҳал қилиш масаласида дунё миқёсидаги мавжуд механизмлар ва тизимларнинг нақадар ожиз қолганини барчамиз кўрдик. Шу даражага бордики, БМТнинг қарор қабул қилувчи энг муҳим органи бўлган Хавфсизлик Кенгашининг пандемияни кун тартибига қўйишига бир неча ҳафта, ҳатто ойлаб вақт кетди. Пандемиянинг илк даврида мамлакатлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгандек манзара намоён бўлди.

Глобал бошқарув масаласи фақат БМТнинг чорасизлиги билангина чекланган эмас. БМТдан ташқари, глобал муаммоларни ҳал қилиш масаласида олдинга чиққан кўплаб халқаро ташкилотлар ҳам пандемия даврида фаол бир бош­қарув жараёни олиб бора олмади ва муаммолар бўйича тезкор ечимлар топиб, инқирознинг таъсирини чеклаш борасида муваффақиятли бўлолмади. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия масаласи билан барвақт шуғулланиб, халқаро ҳамжамиятни таъсирчан шаклда огоҳлантиришга ҳам ярамади.

Дунё катта муаммолар билан юзма-юз турган бир даврда инсониятнинг тақдири саноқли давлатларнинг ихтиёрига ташлаб қўйилиши мумкин эмас. Халқаро ташкилотларнинг ўз эътиборини йўқотишининг олдини олиш учун, аввало, тафаккуримизни, муассаса ва ташкилотларимизни қайтадан кўздан кечириб чиқишимиз лозим. Адолатни диққат марказида тутган, лекин дунёвий тизимнинг мавжуд ҳақиқатларидан кўз юммаган ҳолда муаммоларнинг ечимига қаратилган янгича тафаккурни ўртага қўймоғимиз лозим. Ундан кейин муассаса ва ташкилотларимизни қайтадан шакллантириладиган бир жараёнга эътибор қаратиб, ҳақиқатга мос йўл харитаси тузиб чиқишимиз керак.

Янгича тафаккур муаммоларни вақтида кун тартибига қўя оладиган ва ҳақиқатан кенг қамровли ва фаол ечимлар топа оладиган кўп томонламалилик тамойилига асосланмоғи лозим. Янада самаралироқ натижа берадиган халқаро тизим ташкил этиш зарурати ҳозирги халқаро муассасаларни кўп томонламалилик асосида қайтадан шакллантириш эҳтиёжида кўринади. Фаол кўп томонламалилик тамойилига қамров доираси кенг бўлган кўп томонли муассасаларнинг мавжудлиги билангина эришиш мумкин. Шу маънода Хавфсизлик Кенгаши тузилмасини қайта шакллантиришдан бошлаб қамровдор ва мазмундор ислоҳотларни тезкорлик билан амалга оширмоғимиз лозим. Хавфсизлик Кенгашини янада фаол, демократик, шаффоф, ҳисоб бера оладиган шакл ва шамойилга айлантиришимиз мумкин.

Худди шунингдек, дунё халқларининг муштарак виждонини ифодалайдиган БМТ Бош Ассамблеясининг кучини орттиришимиз керак. Мазкур одимлар кучли таъсирга эга кўп томонлилик учун инқилобий одимлар бўлиши мумкин. Қаршимизда турган муаммоларни вақт йўқотмасдан кун тартибига борича ва жиддий бир тарзда қўймасак, эртага янада кеч бўлиши аниқ.

Стаканнинг тўла томонида эса БМТнинг инсоният учун тинч, адолатли ва фаровон ҳаёт барпо қилиш фаолиятига кўмаклашишдек эзгу ишини давом эттириш имконияти ётади. Ҳали-ҳануз «Ковид-19» эпидемияси туфайли юз берган инқироздан чиқа олмаётганимизни ўйлаган ҳолда кўп томонлама ҳамкорлик учун ҳозирда мавжуд бўлган муассаса ва механизмлардан ниҳоятда унумли фойдаланишимиз лозим. Муаммолар глобал бўлган вақтда маҳаллий ечимлар ҳам муваққат бўлади. Узоқ муддатли ечимлар учун халқаро ҳамкорлик шарт эканини таъкидлаган ҳолда, буни барча турдаги инқирозларда ўзимизга дастуриламал қилиб олишимиз даркор. Глобал тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик учун адолатни диққат марказида тутадиган мунтазам тузилманинг йўл харитасини тузишимиз керак.

БМТ фаол тарзда барпо қилиниши лозим бўлган кўп томонламали тартибга ўтишда энг таъсирчан платформалардан бири ҳисобланади. Аммо олдимизда ғоят муҳим масалалар кўндаланг турибди. БМТ бу масалаларга тезкорлик билан эътибор қаратиб, заифлашган таъсир кучи ва нуфузини тиклаб олиши ва кенг қамровли тарзда янгидан шаклланиши учун янада катта одимлар отиши лозим.

Муаммоларни фақат муайян ҳудудларда чегаралаб қў­йиш ва уларга кўз юмиш билан ечимга эришиш мумкин эмас. Сурия инқирози бу борада яққол мисол бўла олади. Сурия­да ўн йилдан бери ҳукм сураётган ихтилоф, ҳудудимизнинг хавфсизлик ва барқарорлиги учун хавф солишда давом этмоқда. Юз минглаб кишиларни ҳаётдан олиб кетган, миллионлаб инсонларни ватанини ташлаб кетишга мажбур қилган, инфраструктура ва иқтисодиётни тамоман йўқ қилган инқироз билан юзма-юз қолдик. Терроризмнинг жирканч юзини очиқ кўрсатган Сурия масаласига инсониятнинг замонавий тарихида фақат фожиа деб қараш мумкин. Террор ташкилоти ИШИДга илк ва энг жиддий зарбани берган давлат ўлароқ Туркия бугун Сурияни терроризмга ташлаб қўймаслик учун ПКК-ЙПГ террор ташкилотига қарши ҳудуддаги курашини давом эттирмоқда.

Дунё халқларида барча террор тўдаларига қарши бир хил муносабатни шакллантирмасдан, фикр­да қатъият кўрсатмасдан туриб, Сурия масаласига барқарор ечим топа олмаймиз. Бундай ёнда-­шув Сурияга ишончли ва кўнгилли қайтишни таъминлаш учун ҳам шартдир. Акс ҳолда Ўрта Шарқда узоқ вақт тузатиб бўлмайдиган муаммолар келиб чиқади.

Туркия бир неча йилдан буён тўрт миллионга яқин суриялик қочқинни, барча эҳтиёжларини таъминлаган ҳолда ўз ҳудудида сақлаб келмоқда.

Яна шунча сурияликнинг эҳтиёжини бизга яқин чегара ҳудудларидан бошлаб, назоратимиз остидаги туманларда ҳам қондириб келмоқдамиз. Бу фаолиятни халқаро жамғармалар ёки ташкилотлардан айтишга арзигулик ёрдам олмасдан, ўз имконларимиз ва халқимизнинг кўмаги билан амалга оширяпмиз.

Суриядаги ихтилофнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган 2254-сонли қарори йўл харитаси асосида ҳал қилиниши фикрида ҳаммамиз якдилмиз. Бунинг учун БМТ ҳомийлигида бошланган ҳамда сурияликлар томонидан ҳам маъқулланган ва олиб борилаётган сиёсий жараён муваффақиятли якунланиши керак. Суриянинг ҳудудий бутунлиги ва сиёсий бирлигини сақлаб қолган ҳолдагина барқарор тинчликка эришиш мумкин бўлади. Бу мақсадга эришгунга қадар Суриянинг сиёсий бирлиги ва ҳудудий бутунлигини қўриқлаб туриш фикрида қатъий турибмиз.

Бугун дунёда энг кўп қочқинни бошпана билан таъминлаб келаётган Туркия каби давлатлар ўз фидойилиги билан инсонийлик шарафини оқлаб келмоқда. Шу билан бирга, орасида Европа давлатлари ҳам бўлган айрим мамлакатлар, афсуски, қочқин ва кўчманчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиб келмоқда. Женева Шартномаси ва халқаро инсон ҳуқуқлари тизимини бузаётган бундай ҳаракатларга қарши БМТ жиддий чоралар кўриши учун вақт аллақачон етиб келган.

Ечими топилмаган бошқа муаммолар қаторида ҳамма якдил бўлиб ҳаракат қилиши лозим бўлган бошқа муҳим масала эса иқлим ўзгариши масаласи ҳисобланади. Одамзоднинг табиат мувозанатини бузишининг қай даражада оғир натижаларга олиб келишини ҳаммамиз кўриб турибмиз. Тўқнашувлар, куч-қудрат намойиши ва тижорий рақобатларга эътибор қаратилаётган бир даврда иқлим ўзгариши кўз юмиб бўлмайдиган муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Келгуси авлодларнинг ҳузури учун бу масалада халқаро ташкилотлар бир ёқадан бош чиқариши ва уни энг муҳим глобал муаммо сифатида қабул қилишлари керак бўлади.

Мавжуд глобал бошқарув тушунчаси қатор муаммоларга дуч келади. Шу сабабли, БМТ ҳар бир масалада ҳал қилувчи ташкилот мақомини қайта кўздан кечириш ва нуфузини янгидан тиклаб олиш учун жиддий ҳаракат қилиши лозим. Ҳозирги номақбул вазиятни тўхтатиш ва яхши томонга йўналтиришга ҳаммамиз масъулмиз. Туркия ўлароқ, ҳозирги ҳолатда тарихий масъулиятимиз айтарли тилга олинадиган даражада бўлмаса ҳам, бу курашни самимий тарзда қўллаб-қувватлаяпмиз ва бизга юклатилган вазифаларни уддалаб келяпмиз. Яқинда БМТ Қурғоқчиликка қарши кураш шартномаси тарафдорлари конференциясига мезбонлик қилдик. Африка ва бошқа кўплаб давлатлар билан ҳамкорликда самарали фаолиятларни амалга оширдик. Биологик хилма-хиллик шартномасининг 2022 йилда ўтказиладиган 16-тарафдорлар конференциясига ҳам мезбонлик қилишни зиммамизга олганмиз.

Башариятга хавф солаётган, аммо кўзга кўринмас яна бир муаммога диққатингизни тортмоқчиман. Ирқчилик, айирмачилик, исломга қарши кин ва нафрат ҳам кун сайин куча­йиб бормоқда. Пандемия даврида айирмачилик ва ирқчилик кучайди. Қочқин, кўчманчи ва ҳимоясиз инсонларга тоқатсизлик шиддатли тус олди. Шубҳа ва жаҳолатдан озиқланадиган бу хатарли ҳаракатлардан мусулмонлар энг кўп азият чекмоқда. Бу хатарли ҳаракатларнинг асл жавобгарлари – сайловда овоз олиш илинжида оммани чалғитувчи нутқлар ирод қиладиган сиёсатчилар ва сўз эркинлигини суиистеъмол қилиб, нафратни ҳуқуқийлаштиришга уринадиган маргинал қатламлардир. Биз Туркия давлати сифатида барча халқаро ташкилотларни бундай қарашларга қарши курашда кечиктирмай аниқ одимлар отишга чақирамиз.

Янги Зеландияда мусулмонларга қарши террористик ҳужум уюштирилган 15 март куни БМТ томонидан «Ислом душманлигига қарши халқаро ҳамжиҳатлик куни» деб эълон қилиниши фикрини такрорлашда давом этамиз. БМТдан сўнг энг катта иккинчи халқаро ташкилот ҳисобланган Ислом ҳамкорлиги ташкилоти мазкур санани расман қабул қилган.

Пандемия ва у билан боғлиқ ҳолда жадаллашган иқтисодий инқироз мунтазам тараққиёт ва 2030 йилгача амалга ошиши белгиланган мақсадларнинг йўлига ҳам ғов бўлди. Ривожланаётган давлатлар билан бирга кам даромадли мамлакатларга бу инқироз жиддий таъсир кўрсатди. Асосан, пандемия даврида рўй берганлар мунтазам тараққиёт мақсади ҳар қандай глобал буҳронга қарши курашда муҳим бир йўлкўрсатгич бўлиши мумкинлигини исботлади. Буҳрондан чиқишнинг иқтисодий йўриқномаси ҳақида бош қотираётган бир пайтда рақамлашган иқтисодиёт имконларидан ҳам фойдаланишимиз керак. Фақат рақамлашган иқтисодиётни ҳам қайсидир қатламнинг ҳокимиятини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тарзда шакллантирмаслигимиз керак. Глобал сиёсатда адолатни қанчалик ҳимоя қилсак, рақамли дунёда ҳам адолатни диққат марказида тутмоғимиз шарт.

Пандемияга қарши, албатта, масофани сақлашимиз лозим, лекин дунё халқларига таҳдид қилаётган барча имтиҳонларга қарши биргаликда курашишга ва ҳамкорликда сафларимизни жипслаштиришга мажбурмиз.

Пандемияга бир фурсат сифатида қарашимиз ва дунёда адолатни таъминлайдиган янги ислоҳот жараёни учун одим отишимиз лозим.

КИРИШ

Президент сифатида илк кундан эътиборан турк халқига берган сўзимизнинг устидан чиқиш учун ғайрат қиляпмиз. Тинчлик, адолат ва қадриятни диққат марказида тутадиган ташқи сиёсатимиз сўзда қолиб кетмади. Суриядан Фаластинга, Ироқдан Сомалига, Ливиядан Мянмага, Болқондан Марказий Осиёга қадар кўплаб ҳудудларда жуда катта ишлар амалга оширилди. Шундай ғайратларимиз натижасида Туркия ялпи миллий маҳсулот нисбатида дунёнинг энг кўп инсоний ёрдам кўрсатган мамлакати даражасига кўтарилди. Урушдан, очликдан ва террордан қочган мазлумларга дунё­нинг энг ривожланган мамлакатлари ҳам ўз дарвозасини ёпган пайтда Сурия ва Ироқдан келган миллионлаб қочқинларга Туркия миллати, тили ва динига қараб ажратмасдан, мезбонлик кўрсатди.

Буларнинг бари халқаро тизимда муҳим дарз кетишлар рўй бераётган, дунёнинг ҳар бурчагида сиё­сий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий соҳаларда узилишлар бўлаётган бир даврда юз берди. 2008 йилдан бери давом этиб келаётган иқтисодий инқирознинг таъсири ҳалигача сезилиб турган бир пайт­да камбағаллик кучайиб, даромад тақсимотидаги мувозанатсизлик ҳамда энергия манбалари устидаги рақобат кун сайин ортиб бормоқда.

Пандемия сабаб юз берган глобал иқтисодий қисқариш қудратли иқтисодга эга давлатларни ҳам четлаб ўтмади. Иқтисодиётда рақобат давридан «тижорий урушлар» деб аталаётган бир даврга ўтилаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Ўрта Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги баъзи давлатларнинг ўз фуқароларига қарши юритаётган таҳдид ва зўравонликка асосланган сиёсати жиддий талафот ва ижтимоий тангликка сабаб бўлди ва шу тарзда давом этмоқда. Зулм ва айирмачилик сиёсати айни онда террористик тўдалар фойдасига хизмат қиляпти. ИШИД ва «Ал Қоида» каби террористик ташкилотлар глобаллашиб, янада кенгроқ ҳудудларга ёйилиб, бутун инсониятга хавф туғдираётганини кўриб турибмиз. Шунингдек, Европадан Янги Зеландиягача мусулмонларни ибодатхоналарида нишонга олаётган ирқчи ва исломга қарши душманлик кайфиятидаги террористик хатти-ҳаракатлар тўлқини тобора юксалмоқда.

Дунё миқёсида террористик ҳаракатлар авжига чиқаётган бир пайтда Туркия давлати ҳудудий беқарорликка йўл очаётган салбий ҳолатлар ёки террористик ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётган турли таҳдидлар билан юзма-юз келаётган мамлакатлардан биридир.

Биз 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида курашиб келаётган айирмачи террористик ташкилотга ички уруш билан бирга Сурияда давлат бошқарувининг заифлашуви ва инқирози натижасида ИШИД ва ЙПГ террористик ташкилотлари ҳам қўшилди. Ҳозирда мамлакатимиз учун террор таҳдидининг энг асосий манбаси Сурия ва Суриядаги воқеалардир. 2011 йилдан бери ўз ватандошларига қарши давлат террорини амалга ошираётган режим томонидан Сурия­да юз минглаб маъсум инсон баллистик ракеталар, кимёвий қуроллар ва баррель бомбалар натижасида қурбон бўлмоқда. Зўравонлик ва қийноқлардан қочган ўн уч миллиондан ортиқ инсон уй-жойини, юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Ироқда ҳам узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган беқарорлик ва тўқнашувлар сабабли шунга ўхшаш миграция тўлқини рўй бермоқда. Афғонистондан ҳалигача минглаб инсон кўчиб келяпти. Африкада ҳам шундай ҳолат мавжуд. Тўқнашувларга сабаб бўлаётган беқарорлик туфайли юз минглаб кишилар уйларини ташлаб, қочқин бўлишга мажбур бўлмоқда.

Ярим асрдан буён дунё халқларининг виждонида ярадек қонаб ётган Фаластин масаласи эса минтақада таранглик ва инқирозларнинг асосий манбаси бўлиб қолмоқда. 2011 йилда демократия, адолат ва нон талаби билан намойишларга чиққан юз минг­лаб инсон эса ортда қолган 10 йилдан сўнг орзусига эришмоқ бир томонда турсин, янада ёмон зулмга, қийноқ ва адолатсизликларга дучор бўлмоқда.

Ҳар куни ўнлаб маъсум инсонларнинг қони тўкилаётгани мамлакат сифатида бизни қаттиқ ташвишга солаётган бўлса-да, минг афсуски, халқаро ҳамжамият ва ташкилотлар бунга томошабин бўлишдан нарига ўтмаётирлар. Ундан-да баттари - халқаро ҳамжамият ва йирик давлатлар демократия ва халқларнинг адолат талабига зид тарзда дунёнинг турли бурчакларида маъсум инсонларни шафқатсизларча қурбон қилаётганларни оқламоқда ва реaл сиёсатни деб умуминсоний қадриятларга ва зулмларга кўз юммоқда.

Ҳозирги кунда глобал бошқарув юзма-юз келган кенг қамровли муаммолар туфайли ҳудудий ва халқаро масалалар функциясини тугал адо эта олмаяпти. Дунёвий эканлиги иддао қилинган қадриятлар, хусусан, ҳудудий миқёсдаги инқирозларнинг ечимида етакчилик қила олмаяпти. Глобал бошқарувнинг асосий унсурларини ташкил этган халқаро ташкилотлар инқирозларнинг ечимида ташаббусни қўлга олиб, давлатларнинг бошини қовуштира олишмаяпти. Муаммоларнинг илк ечим манзили бўлган БМТ, афсус­ки, таъсирчан механизмларни йўлга қўя олмаяпти. Глобал тинч­ликни барпо этишни ўзига шиор қилган БМТ тобора эътиборсизлашиб, таъсир доираси заифлашиб, кучсиз ташкилотга айланиб бормоқда. Энг ёмони шундаки, БМТ борган сари ҳуқуқийлиги саволлар остида қолаётган бир ташкилотга айланиб бомоқда ва унинг қонунийлиги давомли шубҳа остига олинмоқда. БМТ Низомида у «Асосий мақсади адолат ва хавфсизлик, иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий тенгликни барча мамлакатларда жорий қилишни таъминлашдан иборат» бўлган ташкилот сифатида тавсифланишига қарамай, буни амалга оширишда чорасиз қолмоқда.

Сурия ва Ироқдан тортиб, дунёнинг бошқа ҳудудларида рўй берган тўқнашувлар, мажбурий оммавий кўчиш ҳаракатлари ва маъсум халқларга қарши жорий қилинган зулмлар олдидаги чорасизлиги сабаб, Хавфсизлик Кенгаши ва БМТ фаолиятини ва ишончлилигини йўқотиш хавфи остида турибди.

Асосан, бу эътиборсизлик фақат бугунги кунгагина тааллуқли эмас. 1990 йиллардаги Босния урушида рўй берган қатлиомларга кўрсатган бефарқлиги билан Руанда қатлиомининг олдини олишда чорасизлиги мазкур ташкилотнинг тарихига шармандалик ҳужжати сифатида муҳрланган. Бундай номақбул мисолларни бугунги кунда ҳам истаганча топиш мумкин.

Фаластин, Сурия, Ироқ, Украина ва яна кўплаб муаммолар туфайли ўртага чиққан ҳодисалар мазкур халқаро тизимнинг адолат ва ечим топа олмаганини кўрсатади. Олдимизда золимга қарши мазлумни ҳимоя қила олмаган, қудратли давлатларнинг ноҳақлигига кўз юмиб келган халқаро тизим турибди. Бу фикр дунёдаги кўплаб давлатлар томонидан ҳам айтилмоқда.

Туркия давлати сифатида БМТ тизимининг мавжуд ҳолида давом этмаслиги ва бугунги кун талаблари доирасида қайта тузилиши кераклиги фикрида қатъиймиз. Шу мақсадда глобал тинчликка, ҳузур ва барқарорликка ҳисса қўшадиган, янада фаол, шаффоф, тезкор, ваколат қобилияти юксак ва ҳисоб бера оладиган бир ташкилот барпо этиш учун бор кучимизни сарфламоқдамиз. Хусусан, амалий ижро кучига эга БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қайта шакллантирилиши, янада адолатли ташкилотга айланиши учун тубдан ислоҳ қилинишини талаб қилмоқдамиз. Маълумки, Биринчи жаҳон урушидан кейин ташкил топган Миллатлар Лигаси ўзига юкланган вазифани бажара олмаган ва Иккинчи жаҳон уруши бошлангунга қадар бўлган жараёнда ҳам томошабинлик қилган эди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши ҳам ўзгаришсиз, ҳозиргидек давом этаверса, бизни яна катта талафотлар ва фалокатлар кутяпти демакдир. Қайтадан шакллантириш мақсадидаги ислоҳот амалга оширилмай туриб, бугунги кун шартларига кўра тузилма бутунлай янгидан барпо қилинмай туриб, Хавфсизлик Кенгаши ўз зиммасидаги вазифаларни адо қила олмайди. Чунки Кенгаш ҳозирги шаклида глобал тинчлик ва адолатдан кўра, фақат беш доимий аъзо давлат сиёсатчиларининг хизматчисига айланиб қолган.

Янги глобал куч тақсимини, қитъалар миқёсидаги кучларни, глобал иқтисодий кучларнинг ўзгаришини ва юксалаётган янги кучларнинг талабларини кўрмасликка олишга одатланган ташкилотнинг глобал тизим бўлиб қолиши мумкин эмас. Кўплаб тўқнашувлар ҳукм сураётган ҳозирги даврда беш доимий аъзо давлатдан бири тасдиқламаган ҳар қандай қарор Кенгашдан мутлақо ўтмайди. Бу ҳолат инқирозларнинг ечимини кечиктирмоқда, янада кўп фожиаларнинг рўй беришига олиб келмоқда.

Қитъа ўлароқ қаралганда, Хавфсизлик Кенгашининг ҳозирги асосий аъзолари Осиё, Европа ва Америка қитъаларидандир. Диний қатлам жиҳатидан қаралганда эса, Кенгашнинг доимий аъзолари деярли христианлардир. Дунёда йирик диний қатлам ҳисобланган мусулмонлар ва сон жиҳатидан йирик диний гуруҳлар Кенгашда ваколатга эга эмас. Дунё аҳоли

...