автордың кітабын онлайн тегін оқу Fozil odamlar shahri
АБУ НАСР ФОРОБИЙ
ФОЗИЛ
ОДАМЛАР
ШАҲРИ
ШАРҚНИНГ МАШҲУР МУТАФАККИРИ
Илк ўрта аср Яқин ва Ўрта Шарқда ал-Киндий, ар-Розий, Форобий, Ибн Сино, Беруний, Ибн Рўшд каби бир қанча буюк мутаффакирларни етиштириб чиқарди.Илк ўрта аср буюк мутафаккирларидан бири ўз даврининг ёрқин юлдузи Абу Наср Форобий эди. Ўрта асрнинг бир қанча илмий ютуқлари, «ҳаётбахш ҳурфикрлик» шаклланиши, умуман, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида илғор ижтимоий-фалсафий тафаккур тараққиёти унинг номи билан боғлиқ.Ақл ва илм тантанаси, маънавий озодлик, инсон такомили, адолатли жамият учун курашган бу машҳур олим, файласуфнинг таваллуд топганига 1140 йилдан ошди.
Абу Наср Форобий ҳижрий 260 (милодий 873) йилда Арис дарёси Сирдарёга қуйиладиган ер Шош – ҳозирги Тошкентдан 200–260 км шимоли-ғарбда жойлашган Фороб (Ўтрор) деган жойда туғилди. У Форобда ўқиди, Шошда бўлди, Бухоро ва Самарқандда таълим олди. Араб халифалигининг маркази – Бағдодда ўқишини давом эттирди, умрининг сўнгги йилларида Ҳалабда, кейинроқ Дамашқда яшади ва шу ерда тўққиз юз эллигинчи йилда вафот этди.
Форобий ўрта аср даври табиий-илмий ва ижтимоий билимларининг қарийб барча соҳаларини ўз ичига олган 160 дан ортиқ рисола яратди. Лекин унинг илмий изланишлари аввало илмнинг назарий жиҳатларига ва фалсафий масалаларига тааллуқли эди.
Форобий ўзининг кўп қиррали ижоди билан инсон билимлари ривожига улкан ҳисса қўшди, жаҳон маданияти тарихида ўчмас из қолдирди. Унинг асарлари ҳозирга қадар жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида ўрганилмоқда ва таржима этилмоқда. Форобий ҳақида турли тилларда кўплаб асарлар яратилган, унинг рисолалари кўп тилларда эълон қилинган.
Форобийнинг бой мероси кенг ўрганилмоқда. Мамлакатимизда унинг айрим асарлари рус, ўзбек, қозоқ тилларига таржима қилиниб, нашр этилган. Унинг ижоди ҳақида Москва, Ўзбекистон, Қозоғистон олимларининг монографиялари, рисолалари, мақолалари нашр этилган. Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа республикаларда ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.
Форобий иқтисодий, сиёсий ва маънавий ҳаёт катта воқеаларга бой бўлган илк ўрта аср даврида яшади. Бу даврда Яқин Шарқда феодал муносабатлар ривожланди, ишлаб чиқариш кучлари ўсди, ҳунармандчилик, шаҳар ҳаёти юксалди, ирригация системалари, йирик меъморий иншоотлар барпо этилди, янги шаҳарлар вужудга келди, жамиятнинг ижтимоий-маданий тараққиётида уларнинг роли ошди, халифаликнинг турли ҳудудлари ўртасида, шунингдек, Ҳиндистон, Византия, Хитой, Африка, Ўрта Ер денгизи қирғоғи шаҳарлари билан ташқи савдо алоқалари кучайди.
Форобий асарларида, унинг ижтимоий-фалсафий ғояларида ўша даврнинг туб зиддиятлари, унинг ютуқлари ва камчиликлари чекланганлиги, ижобий ва салбий томонлари акс этган.Ўз даврининг буюк мутафаккири, қомусий олим, файласуф ва гуманисти бўлган Абу Наср Форобий илғор фалсафий мактабнинг шаклланишига улкан ҳисса қўшди ва унинг муҳим масалалари ҳамда асосий йўналишларини белгилаб берди.
Форобийнинг ўрта аср илғор фикри тараққиётидаги ўрни ва ролини таърифлаганда, аввало, унинг қадимги юнон олимлари асарларини таржима қилганлигини ва уларга ёзган шарҳларининг аҳамиятини кўрсатиб ўтиш лозим. Форобий эллин донишмандлигининг чуқур билимдони эди. У Платон, Аристотель, Эпикур, Зепон, Александр Афродизий, Евклид, Птоломей, Порфирий асарларига шарҳлар ёзган, турли-туман қадимги фалсафий мактаблар – эпикурчилар, стоиклар, пифагорчилар, киниклар мактабларини яхши билган (Форобийнинг «Фалсафани ўрганишдан олдин нимани билиш лозим» деган рисоласига қаранг). У қадимги Юнонистон, аввало, Аристотель натурофилософик ғояларининг изчил давомчиси ва тарғиботчиси бўлиб, Аристотелнинг барча машҳур асарларига шарҳлар ёзди.
Форобийнинг бу фаолияти фақат маърифатчилик мақсадларини кўзлаб қолмасдан, балки ҳукмрон мусулмон теологиясининг ақидаларидан фарқли бўлган табиий-илмий ва соф фалсафий билимларнинг шаклланишига ҳам хизмат қилади.
Шарқда бу даврда Аристотель жамиятининг илғор кишилари ўртасида беқиёс обрўга эга эди. У маърифат учун курашувчи, ғоявий устоз ҳисобланарди. Аристотелнинг илмий қарашларини, юнон донишмандлигини чуқур билганлиги, қомусий ақли ва илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшганлиги учун Форобий «ал-Муаллим ас-соний» – «иккинчи муаллим», «Шарқ Аристотели» деган унвон олди.
Форобий ўзи шуғулланган илмнинг ҳар бир соҳасида ақл тамойилларига ва нарсаларнинг объектив муносабатларига мувофиқ келувчи ҳақиқий аҳволни аниқлашга интилди. Шу маънода унинг «Инсон танасининг аъзолари ҳақидаги» рисоласи катта аҳамиятга эга. Бу асар тиббиёт илмининг мақсад ва вазифаларини аниқлашда машҳур «Тиб қонунлари»нинг муаллифи Абу Али ибн Синонинг бевосита ўтмишдоши бўлганлигини тасдиқлайди. Форобий бу ерда организм билан муҳитнинг ўзаро алоқасига, инсоннинг руҳий ва жисмоний ҳолатининг ташқи омиллари, атроф-муҳит таъсирига боғлиқлигига алоҳида эътибор берди.
«Астрологиянинг тўғри ва нотўғри қоидалари ҳақида» номли рисоласида олим астрологларнинг руҳий ва ижтимоий ҳодисалар ҳамда жараёнларни осмоний жисмлар ҳақидаги илмий тахминларга асосланган фаолиятларини ёлғон тасаввурлар ва уйдирмалардан фарқлаш зарурлигини таъкидлайди.
Мутакаллимларнинг табиатда мутлақ бўшлиқнинг мавжудлиги ҳақидаги асосий тезисларидан бирига қарши чиқиб, Форобий «Бўшлиқ ҳақидаги рисола»сида сув тўлдирилган идиш билан ўтказилган оддий тажрибасида мутлақ бўшлиқнинг бўлиши мумкин эмаслигини ва табиатда кўз билан кўриладиган фазони ташкил этувчи кўзга кўринмайдиган заррачалар мавжуд деган фикрни айтди. Евклид, Птоломей китобларига ёзган шарҳларида, ўзининг геометрияга оид китобида Форобий қадимги дунё ва ўрта аср математик ғояларининг йирик билимдони сифатида майдонга чиқди ва математиканинг бир қанча мураккаб масалалари, категориялари ва мавҳум тушунчаларини материалистик ҳал этиш йўлини қидирди.
Форобий кўп жилдли «Мусиқа ҳақида катта китоб» билан Ўрта асрнинг йирик мусиқашуноси сифатида майдонга чиқди. У субстанциянинг хусусияти бўлган товушлар пайдо бўлишининг фақат табиий-илмий таърифини бериб қолмасдан, балки мусиқавий куйлар гармонияси вужудга келишининг математик тамойилларини очиб беради. Бу асарда фақат мусиқа назарияси эмас, балки тарихи ҳам баён этилган, Ўрта аср Яқин ва Ўрта Шарқида маълум бўлган мусиқа асбоблари ҳамда уларда ижро этиш қоидалари тафсилоти ҳам берилган. Форобийнинг ўзи ривоятларга кўра, таниқли мусиқачи, ажойиб созанда ва бастакор, янги мусиқа асбобининг ихтирочиси бўлган. Унинг бу асари Яқин ва Ўрта Шарқда мусиқа илмининг келгуси тараққиётида асос ва қимматли манба бўлиб қолди.
Форобий йирик мантиқ олими сифатида ҳам кенг шуҳрат қозонган. У мантиқнинг турли муаммоларига оид бир қанча рисолалар ёзган бўлиб, уларда қадимги Юнонистоннинг энг яхши анъаналарини давом эттирди. У мантиқнинг тўғри фикрлашнинг шакллари ва қоидалари ҳақидаги илм, тўғри билимга эришиладиган омил деб билди.
Ўрта аср фанининг тараққиётида Форобийнинг илмлар таснифи муҳим роль ўйнади. «Илмларнинг келиб чиқиши ҳақида», «Илмларнинг таснифи ҳақида» рисолаларида ўша даврда маълум бўлган 30 га яқин илм соҳасининг тартиби, таърифи ва тафсилотини берди. Илмларнинг тузилиши ва тизимини баҳолашда Форобий илмда борлиқнинг бирдан-бир ҳолати акс этишдан иборат деган мезонни илгари сурди. Форобий фикрича, ҳар бир фан субстанциянинг муайян томонини, моддий жисмларнинг муайян гуруҳи ёки хусусиятини ўрганади. Олим табиат ва инсон организмига хос бўлган табиий жараёнларни ўрганувчи илмларни биринчи ўринга қўйди.
Умуман, Форобий илмларнинг қуйидаги структурасини келтиради:
1. Тил ҳақидаги илм. У етти бўлимдан иборат бўлиб, грамматика, поэтика, тўғри ёзув ва бошқаларни ўз ичига олади.
2. Мантиқ. Саккиз бўлимдан, жумладан, тушунча, муҳокама, хулоса ҳамда муҳокама методига тааллуқли силлогистика, диалектика, софистика ва бошқалардан иборат беш бўлимни ўз ичига олади.
3. Математика, етти мустақил илм: арифметика, геометрия, оптика, сайёрлар, мусиқа, оғирлик, механика ҳақидаги илмлардан иборат.
4. Илм ат-табиий ва илм ал-илоҳий – табиий ва илоҳий илмлар ёки метафизика.
5. Сиёсат илми (илм ал-маданий – шаҳар ҳақидаги илм, шаҳарни бошқариш илми), юриспруденция (фикҳ) ва мусулмон теологияси (калом). Мутакаллимлар каломни билишнинг, философиянинг универсал методи, исломнинг назарий асоси деб ҳисоблаганлари ҳолда Форобий бошқа илмлар орасида унга жуда кам ўрин берган. Бу билан Форобий ортодоксал ислом тарафдорлари талқинидаги каломнинг ҳамма нарсани ўз ичига олиш характерини инкор этади.
«Илмлар таснифи ҳақида» рисоласининг кириш қисмида Форобий ўзининг илмларнинг таснифи бўйича ишидан мақсади ҳақиқатни ўрганиш ва тасдиқлашдан, уни ёлғондан ва ҳақиқат сифатликдан фарқлашдан иборат дейди. Шу муносабат билан у билишнинг қийинчиликларини баён этади, олимнинг юксак масъулиятини таъкидлайди ҳамда илмий билиш масалаларига догматик муносабатда бўлувчи, шунингдек, аслида илмнинг моҳиятини тушунмасдан туриб, ҳамма нарсани билганини даъво қиладиган кишиларни танқид қилади.
Форобий фикрича, фанлар ва умуман, билим борлиқдан келиб чиқиб, инсоннинг уларга бўлган эҳтиёжининг ўсиб бориши ва борлиқни узоқ вақт ўрганиши жараёнида муттасил ва изчил тўпланиб боради. Форобий қарашларига кўра, турли илмлар бир-бирини инкор ва истисно этмайди, балки ўзаро бир-бири билан боғлиқ ва дунёни билишга ҳамда бахт-саодатга эришишга хизмат қилувчи ягона ҳалқани ташкил этади.
Форобийнинг ўрта аср маънавий маданиятининг турли соҳаларидаги дадил изланишлари ва муваффақиятлари унинг ўз дунёқараши ва фалсафий фикрлаш тамойилларидан келиб чиққанлиги билан изоҳланади. Қадимги дунёнинг фалсафий анъаналари ҳамда дунёвий илм ва маданиятнинг кучли тараққиёти, аввало, ўша даврдаги табиий-илмий фикр ютуқлари заминида шаклланган бу тамойиллар Форобийга борлиқнинг тузилиши, табиатнинг моҳияти, ақл ва илмнинг роли, ижтимоий ҳаётнинг характери ҳақида янги ғояларни илгари суришга имкон берди. Бу ғоялар Ўрта аср Яқин ва Ўрта Шарқнинг маънавий ҳаётида янги, илғор ижтимоий-фалсафий йўналишнинг шаклланишига олиб келди.
Музаффар ХАЙРУЛЛЛЕВ,
фалсафа фанлари доктори
МУАЛЛИМ АС-СОНИЙ
Абу Наср Форобий Ўрта Осиёдан чиққан буюк фан арбобларидан саналади. Ўрта аср фан ва маданиятига улкан ҳисса қўшган бу олим билим-маърифатнинг кўп соҳаларини эгаллаган ва ўзидан кейин салмоқли мерос қолдирган. Форобий риёзиёт ва фалакиёт, табобат ва мусиқа, мантиқ ва фалсафа, тилшунослик ва адабиёт соҳаларида қалам тебратган, бу соҳаларнинг ҳар бирида ажойиб асарлар яратган.
Форобий фалсафа тарихида йирик мантиқшунос, файласуф сифатида машҳурдир, унинг таржимаи ҳоли ҳақида тиббиёт тарихига оид китоб ёзган араб олими Ибн Аби Усайбиа (1203–1270) Форобий ҳақида бундай ёзади:
«Абу Наср Форобий бир қанча вақт Бағдодда яшади, кейин Шом (Сурия)га кўчиб келиб, умрининг охирига қадар шу ерда туриб қолди. Раҳматлик етук файласуфлардан, фозил донишмандлардан эди, ҳикмат – фалсафага оид фанларни мукаммал биларди. Риёзиёт-математика, фалакиёт астрономик илмларига моҳир, покиза, йирик аллома киши эди. Мол-дунё билан ҳеч иши йўқ эди, «ўлмас овқат»га чидаб яшайдиган серқаноат одам эди. Унинг феъл-атвори худди қадимги файласуф-ҳакимлар одобига ўхшарди.
Абу Наср Форобий тиб илмидан ҳам дурустгина хабардор эди. Бу илмга оид назарияни яхши биларди. Аммо амалий тажриба қисмини унча чуқур билмасди».
Ибн Аби Усайбианинг отаси кўз табиби бўлган экан, ўғли ҳам бу касбни эгаллаб, кейин асар ёзишга рағбат қилган, натижада тўрт юз табибнинг таржимаи ҳолини тўплаб асар ёзганида улар ичида Шом (Сурия) табиби сифатида Форобийни ҳам эслаб, у ҳақда ўзигача етиб келган маълумотларни бериб ўтган.
Чиндан ҳам Форобийнинг тиббиётга оид «Гален (Жолинус) қарашларига қарши ёзилган раддия китоби», «Тирик мавжудот аъзолари ҳақида», «Қувват ҳақидаги китобга тушунтирув» каби асарлари бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти китоб жамғармасида Форобийнинг тиббиётга оид учта асарининг қўлёзмаси (номлари бир оз бошқачароқ тарзда) сақланади. Булар институт жамғармасидаги нодир қўлёзма ҳисобланган 2385 рақамли «Рисоил ал-ҳукамо» («Ҳакимлар рисолалари») деган тўпламдадир.
Форобий дастлаб қадимий фалсафа фани билан танишар экан, аввало Аристотель (Арасту) асарларини кўпроқ мутолаа қилган ва бу соҳани у жуда ҳам мукаммал эгаллаб олган.
Ҳақиқатан ҳам қадимги юнон файласуфи Аристотель жаҳон фани ва маданияти тарихида салмоқли ўрин олган буюк мутафаккир эди. Унинг асарлари ўрта асрларда Шарқ тилларига таржима қилиниб, кенг кўламда ўрганилар эди. Лекин Аристотелдан кейин фалсафа уфқида, хусусан, Шарқда Форобийчалик улкан зот майдонга чиқмади. Форобий ўз билими, маърифати, фикр доирасининг кенглиги билан Шарқда шу даражада шуҳратга эришдики, оқибатда уни Аристотелдан кейинги йирик мутафаккир – «Муаллим ас-соний» – «Иккинчи муаллим» деб атай бошладилар. Шу билан «Иккинчи муаллим» унвони Форобий номига сифат тариқасида қўшиб ёзила бошлади.
Форобий йирик маърифатпарвар олим эди. У умр бўйи илм ахтарди, билим ўрганди. Форобийнинг ўз ибораси билан айтганда, «бўшаб қолган диёрлар, одамлар сўзларидан мева териб юрди». Унинг фикр доирасига ўзи туғилиб ўсган юрти – Фороб шаҳридаги билим етарли бўлмади, ўша даврдаги Ўрта Осиё ўлкалари унинг билимга бўлган ташналигини қондира олмади, билим-маърифат излаб, Ироқ ўлкасига сафар қилди. Форобий ўша даврда ҳашаматли саналган, теварак-атрофдаги олимларни, билим-маърифат эгаси бўлмиш донишмандларни ўзига жалб қилган Бағдодда қўним топди. Бу ерда у араб тили ва адабиётини, мантиқ ва фалсафани ўрганди. Лекин Форобий билим ахтаришда ҳормас-толмас кишилардан эди. У ўша пайтларда Шомнинг шимолида жойлашган Харрон деган шаҳарда Юҳанно ибн Хийлон деган мантиқ илмига уста масиҳий олими бор деб эшитади. Бу олим Аристотелдан қолган фалсафий тузилмани ўз даврининг энг йирик олимларидан ўрганган экан. Форобий ўша даврдаги мусулмон фарзанди фақат мусулмондан таълим олиши керак, деган ақидани тарк этиб, «ғайридин»лардан ҳам илм ўрганишдан ҳайиқмайди. Кейин у Шом, Миср ўлкаларига юзланди, бу ерларда у файласуф сифатида жуда катта обрў қозонди, мударрислик қилиб, шогирдлар орттирди. Тарихчиларнинг ёзишича, Форобий доимо ўз шогирдлари даврасида бўлар ва уларнинг йиғинларида қатнашиб турар экан. Шунингдек, унинг олдига навбатма-навбат илм аҳли ҳам келиб турар экан. Тарихчиларнинг хабар беришича, Дамашқнинг ўзида Форобийдан таълим олувчилар сони ўн мингга етган. Форобий мантиқ соҳасида ҳам анчагина тер тўккан. Ибн ал-Қифтий (1172–1248) деган араб олимининг сўзига қараганда, Форобий «Мантиққа оид китобларни тадқиқ қилиш ва шарҳлашда кўп иш қилган. Мантиқнинг қийин жойларини ойдинлаштирган, кўпчиликка номаълум бўлган яширин сирларни очган ва ундан фойдаланишни осонлаштирган».
Ўша давргача мантиқий ўқиш ва ўқитиш усуллари анчагина мураккаб бўлган экан. Бу борада Форобий мутолаачиларнинг мантиқ илмини ўрганишларини осонлаштиришга бел боғлаб, анчагина муваффаққиятларга эришган.
Юқорида зикр қилинган араб олими Ибн ал-Қифтий бу тўғрида шундай деб ёзади: «Форобий ўз асарларида мантиқдан фойдаланиш учун тушунарли иборалар, нозик ишоралар қўллади. Ҳатто мантиқда шарҳлаш, ўрганиш ва таҳлил қилишдаги ал-Киндий ва бошқа олимлар йўл қўйган бепарволикларни ҳам кўрсатиб ўтди. Шундай бўлгани учун ҳам Форобий китоби бу фан соҳасида ғоят етук, ниҳоятда ягона саналадиган бўлди».
Форобий шуғулланган ҳар бир соҳа, у ёзган ҳар бир асар ўрта асрларда олимлар таҳсинига сазовор бўлган.
«Абу Наср Форобийнинг «Иҳсо ал-улум ва ат-таъриф» («Илмлар саноғи ва уларнинг таърифлари») деган қутлуғ китоби бор, – дейди Ибн ал-Қифтий. – Бундай асарни ёзишда шу пайтгача Абу Насрдан ҳеч ким ўзиб кетолмаган, ҳатто бу хил фикр-мулоҳазаларни унгача ҳеч ким айта олмаган. У киши етишган даражага эриша олмаган ҳам; биронта ҳам толиби илм йўқки, у тутган тўғри йўлдан фойдаланмаган бўлсин».
Форобий ўша даврда фалсафа фани Платон (Афлотун) ва Аристотель (Арасту) ғояларини, фалсафий меросини ўрганган. Бу ҳақда Ибн ал-Қифтий маълумот бериб ўтади. Бу олим XII асрнинг охири XIII асрнинг бошларида яшагани учун унинг мулоҳазалари диққатга сазовордир. Шу боисдан сўзни яна ўша Ибн ал-Қифтийга берамиз. У айтади:
«Абу Наср Форобийнинг Платон ва Аристотель фалсафасига бағишланган китоби унинг фалсафа соҳасида пешқадам бўлганлигидан далолат беради. Бу китоб илми ҳикматнинг назарий йўлларини ўрганишда жуда катта дастуриламал бўлди ва у орқали муаллиф барча илм сирлари ва унинг натижаларини алоҳида-алоҳида эгаллаш йўлларини билдирди; илмлар қандай қилиб соддаликдан мураккаблик даражасига ўсиб ривожланаётганини баён қилди. Кейин шу восита билан Афлотун фалсафасидаги ғояларни тушунтиришга киришди, бу ерда у унинг таърифларини бир-бир санаб ўтди. Кейин шу йўсинда Аристотель фалсафасини изоҳлашни давом эттирди, унга каттагина муқаддима ёзди ва тадрижий равишда унинг фалсафасини баён қилиб берди. Ундан сўнг Аристотелнинг мантиқ ва табииётга оид асарларидаги ғояларининг ҳар бири ҳақида алоҳида-алоҳида китоб ёзиб, уларни тавсифлаб тушунтириб берди...
Мен фалсафани ўрганувчилар учун ундан фойдалироқ бирор китоб борлигини билмайман. Бу асар барча илмлар учун муштарак ҳисобланган ҳамда у орқали билинган илмларнинг ўзига хос маъноларини ҳам кўрсатади. Олдинлари мантиқдаги маъқулот – категория маънолари, уларнинг нимадан иборат экани тушуниб бўлмас даражада эди; қандай қилиб у маънолар барча илмларга дастлабки асос бўлиши мумкинлигини худди мана шу Форобий асарларидангина аниқлаб олинадиган бўлди».
Форобий ўрта асрларда ҳам олимлар наздида шундай мўътабар зот, уларга буюк устоз эди. У биргина фалсафа ва мантиқдагина шуҳрат қозониб қолмади. Улуғ мутафаккирнинг юз олтмишдан ортиқ асарининг чорак қисмигина бизгача етиб келган, холос. Ҳозир Форобий борасидаги айтилаётган гапларимизнинг ҳаммаси унинг ўша бизгача етиб келган сал кам қирқта асари асосида билдирилаётган мулоҳазалардир. Лекин шуни ҳам айтиш керакки, Форобий кўпчилик олимларга нисбатан энг камбағал ҳаёт кечирганлардан саналади. Шунга қарамай, у йирик асарлар таълиф (ижод) қилишга муваффақ бўлган.
Тарихчиларнинг нақл қилишларича, Форобий Дамашқнинг бир боғида қоровуллик қилиб кун кўрар, камбағаллигидан ўша қоровуллик учун берилган чироқни ёқиб, китоб мутолаа қилар ё бўлмаса таълиф (ижод) билан шуғулланар экан.
Форобийинг яна ажойиб ишларидан бири мусиқа соҳасида ёзган асарларидир. Маълум бўлишича, Форобий ёшлигидан бошлаб мусиқага берилган, ўша пайтларда Ўрта Осиёда мавжуд бўлган мусиқа асбобларини яхши чала билган. Шу билан бирга, у мусиқа назариясини ҳам мукаммал эгаллаган. Абу Наср Форобийнинг асарлари рўйхатида унинг бу соҳага оид бир қанча асарларини кўрамиз. Чунончи, Форобий «Мусиқа китоби» «Оҳанглар таснифи ҳақида китоб», «Мусиқа ҳақида сўз», «Оҳангга қўшимча қилинган сўз» каби асарлар ёзган.
Тарихчи Ибн Аби Усайбианинг ҳикоя қилишича, «Форобий ажойиб бир мусиқа асбоби ясаган, ундан жуда ҳам гўзал, ёқимли куйлар эшитиш мумкин бўлган, ҳатто бу куй эшитувчини жуда ҳам завқлантириб юборган».
Форобийнинг мусиқа соҳасида билимдон киши эканлигини ўша даврда тўқилган бир ҳикоядан ҳам билиш мумкин. Ҳикояда Форобий Шом амири саройига кириб, мусиқа чалиб, у ердагиларни ухлатиб чиқиб кетади. Бу нақл ҳам Форобийнинг мусиқа донишмандигина эмас, балки унинг уста ижрочиси ҳам бўлгани ҳақида ўша пайтларда пайдо бўлган ҳикоятдир.
Форобийнинг катта хизматларидан яна бири унинг идеал жамият ҳақидаги ўйлари ва бу ҳақда ёзган асарларидир.
Форобий бу борада бир неча асарлар таълиф қилган кўринади. Унинг «Фозил шаҳар аҳли қарашлари хақида китоб», «Сиёсат ал-мадания» («Шаҳарлар устида сиёсат юргизиш») ва бошқа асарлари бўлган. Буларда Форобий олижаноб жамият, адолатли тузум, одил ҳукмдорлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилган. Ана шу асарнинг икки нусхаси Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти китоб жамғармасида сақланмоқда.
Ундан ташқари, бу институт жамғармасида Форобийнинг анчагина қўлёзма асарлари сақланади. Форобийнинг институт даргоҳида сақланаётган қўлёзма китоблари ўн саккизтадир. Булар орасида «Бахт-саодатга эришув ҳақида», «Фалсафий саволлар ва уларга жавоблар», «Масалалар булоғи», «Жисм ва акциденцияларининг бошланиши», «Ақл маънолари ҳақида рисола», «Яҳё ан-Наҳвийнинг Аристотелга билдирган раддиясига қариш ёзилган раддия», «Аристотелнинг «Метафизика» асари мақсадлари ҳақида» каби асарлари мавжуд. Булар Форобийнинг юз олтмишдан ортиқ асарларининг бизгача етиб келганларидан бир қисми, холос.
Буюк маърифатпарвар Форобий таваллудига 1140 йилдан ошди. Лекин шунча вақт ўтганига қарамай инсоният уни унутмади, мутафаккирнинг маърифат йўлида чеккан заҳматлари, билим ва таълим борасида қилган меҳнатлари юксак баҳоланди, унинг мероси авлодлари наздида қадр топа олди.
Абдусодиқ Ирисов,
филология фанлари доктори
АБУ НАСР ФОРОБИЙ
АСАРЛАРИДАН НАМУНАЛАР
ТАЛХИСУ НАВОМИСИ АФЛОТУН
(Афлотун қонунлар моҳияти ҳақида)
Агар инсон ҳар қандай ҳайвондан бирор нарсада устун бўлса, у нарса ва хатти-ҳаракатларнинг фарқини ажратишга ёрдам берувчи бир куч бўлади ва инсон ўша куч ёрдамида нарсалар ҳамда хатти-ҳаракатлардан ўз хоҳиши бўйича фойдаланади. Инсон уларнинг қайси бири фойдали, қайси бири зарарли эканлиги ўзига равшан бўлмагунча кузатади ва фойдалигини танлаб олиб ўзлаштиради, зарарлигини рад этиб, улардан ўзини олиб қочади. Кучларнинг ҳаракатга айланиши тажриба ёрдамида рўёбга чиқади. Тажрибанинг моҳияти – айрим турлар тўғрисида фикрлаш ва ўша айрим нарсалар билан мос келадиган умумиятлар ҳақида мулоҳаза қилишдан иборатдир.
Тажриба ўтказиб, бу тажриба ва ҳаракатларда нарсанинг ҳақиқий моҳиятига қарама-қарши ҳолати ҳақида ўйлаб адашган одам баркамол эмас, балки бу ишда ким энг кўп тажрибага эришса, ўша энг мўътабар ва энг баркамол инсондир. Янглишишлар учун сабаблар бисёр. Улар (янглиш фикрлаш)дан суфстоний санъат ҳақида сўз юритганлар фойдаланишган.
Донишманд кишилар айрим нарсалар устида ўз кузатишлари пайтида умумий фикрлар ва мулоҳазалар юритишга туғма қобилиятлари бўлган одамлар эмас, балки тажриба орқали асл ҳақиқатга етишган кишилар оқил инсонлардир. Шунингдек, айрим нарсаларни ўзида мужассам этган вақт давомида ўша нарсанинг шундай иш-ҳаракати бир неча бор кузатилса, ўша айрим нарса субстанционал бўлиб қолади. Худди бир ёки икки ва ундан ҳам кўп марта тўғри гапирилса, ҳақиқатнинг бутунлай ҳаққонийлиги ҳақидаги мулоҳаза туғма қобилиятга ўхшаб қолганидай, бу нарса ҳақида шу иш-ҳаракатлар кечган жамъи вақтига қараб баҳо берадилар. Ёлғон гапирилганда ҳам худди шундай бўлади. Жасурлик, қўрқоқлик ёки инсон табиатининг бошқа бирор жиҳатини бир неча бор мулоҳаза қилинса, у ҳолда булар ҳақида ҳамма доимо ўз фикрини билдиради.
Агар оқиллар одамлардаги туғма қобилиятларнинг бу аҳамиятини билсалар эди, ўз кўнгилларида кўпчилик баҳо бериши мумкин бўлган, кўп марта қайтарилувчи бирор фазилатни топган бўлар эдилар. Кейин улар ўша фазилатни, тескари бирор иш қилиб, одамлардан яширган бўлардилар, одамлар эса (шу тескари ишни) унинг аввалги хислати деб ўйлар эдилар. Бу худди имон, ҳақгўйлик, зоҳидлик ҳамда маросимлардан яхши хабардор бўлган ва эзгуликларни халқ орасида тарқатувчи бир покдамон тақводорнинг ишига ўхшайди. У жоҳил ҳоким таъқибидан қўрқиб шаҳардан қочмоқчи бўлган. Аммо ўша ҳоким томонидан уни қаердан топиб бўлса-да, дарҳол ҳибсга олиш тўғрисида фармон чиқарилди. Тақводор шаҳарнинг ҳеч қайси дарвозасидан чиқиб кетолмади, у султоннинг соқчилари қўлига тушиб қолишдан қўрқарди. Шунда зоҳид байрамона кийимларни кийиб ясанишга, қўлига танбур олиб, ўзини ёлғондакам мастликка солиб, танбурни чертиб кечаси шаҳар дарвозаси олдига келишга мажбур бўлди. Дарвозабон ундан: «Сен кимсан?» деб сўради. Зоҳид масхараомуз жавоб берди: «Мен фалончи зоҳидман». Дарвозабон, устимдан кулаяпти деб ўйлаб, унинг йўлини тўсмади. Шундай қилиб, зоҳид сира ёлғон гапирмай таъқибдан қутулди.
Ушбу муқаддимадан кўзлаган мақсадимиз донишманд Афлотун ўз илмларини ҳамма одамларга ошкор этишни ўзига эп билмаганини, шунинг учун тимсоллар, мажозлар, топишмоқлар ва идрок этишга қийин усуллар воситасида илмни унга алоқаси бўлмаган одамлар тушуна олмайдиган даражага етказганини кўриб чиқишдир. Бу илмнинг қадрига етмайдиган ёки ундан тўғри фойдаланмайдиган одамларга нисбатан тўғри тадбирдир. Агар илм маълум ва тушунарли бўлиб кўпчилик орасида ёйилганида, Афлотун балки илм тўғрисида очиқ ва аниқ гапирган бўларди. Мутолаа қилувчи ва эшитувчи эса уларни бир тимсол деб, Афлотун шу тимсоллар орқали асарларидаги пинҳон нуқталарни ва зиддиятларни тушунтирмоқда деб ўйлаши мумкин эди. У аввал тушунтирган, кўрсатиб ўтган нуқталарида тўхталиб ўтирмай, ўз суҳбатларида ёритилган илмда кўрсатилганларнигина таъкидлайди. Бу унинг «Қонунлари»даги усулдир. Биз бу китобни тушунмоқчи бўлган ва ўрганишга қийналган одамларга фойдали бўлиши учун унинг ушбу асарида уқтирилган асосий маънони таъкидлаб кўрсатишга аҳд қилдик.
БИРИНЧИ БЎЛИМ
Савол берувчи (афиналик) қонунларнинг жорий этилиши сабабларини ва бу сабаблар маъносини, айтиб ўтилганидек, ҳақиқатан ҳам қонунлар тузувчи номидан амалга ошириладими, йўқми аниқлайди. Жавоб берувчи (Клиний) юнонларда бу қонунларни жорий қилувчи Зевс эканлигини ва у бу ишда буюк натижаларга эришганлигини тушунтиради. Қонунларнинг кўплиги ва уларнинг кўпи бефойда эканлигини тушунтириш учун Афлотун бошқа бир қонун ҳақида ҳикоя қила бошлайди. У исбот тариқасида шеъриятдан мисол олади ва қадимги қонун жорий қилувчиларни мадҳ этувчи, одамлар орасида кенг тарқалган матални келтиради. Кейин у қонунларни ўрганиш тўғри эканлигини кўрсатиб ўтади. Чунки қонунларни билмаган ва уларга бўйсунмаганлар (қонунларни) бемаъни деб аташни хоҳлаб қоладилар. Афлотун қонунларнинг ҳар қандай оқилликдан бениҳоя устун туришларини тушунтиради. У ўз даврида маълум бўлган қонунлардан айримларини ўрганиб чиқади.
Суҳбатда сарвлар ҳақида ва савол берувчи қайси йўлдан бориши зарурлиги ҳақида эслатиб ўтилади. Кўп одамлар бу ерда нозик маъно бор деб ўйлайди. Афлотун баҳслашувчиларнинг савол-жавоблари ва эркин ҳамда тушуниш қийин бўлган ғоялар ёрдамида бошқалар ўйлаган маънодан ўзгача маънода ўз нутқини чўзмоқчи бўлган. Гапни бундай айлантириш туфайли у ўзи беркитмоқчи бўлган маънонинг тескарисини юритишда нутқ равшанлигига эришган.
Кейин у ўзларида (юнонларда) маълум бўлган қонунларни баркамол этишга киришади, соғлом ақл талабига биноан уларнинг қанчалик тўғрилиги ва фойдаланишга яроқлилигини ўрганади. Жамоа бўлиб овқатланиш, оғир юкларни ташишда енгил қурилмалардан фойдаланиш шулар жумласидандир. Уларнинг кўпчилиги пиёда юришларини ҳисобга олиб, нотекис йўлларда одамлар орасида аҳиллик ва ўзаро ёрдам мавжуд бўлса, бундан фойда жуда кўплигини тушунтиради.
Сўнгра у мувофиқ қуролларнинг қўлланиши, уларни ишлатиш маҳорати, бирлаштириш ва ўзаро жойлаштириш – айрим одамлар учун эмас, доимий уруш ҳолатларида умуман зарур нарса эканлигини тушунтиради.
Афлотун шунингдек, баъзилар урушда қандай фойда олишларини, урушнинг айрим ўринлари кўпчилик томонидан пухта ўрганилганми, йўқми эканлигини баён этади. Сўнг жузъий ва умумий масалаларни изоҳлайди.
Кейин урушлар масаласига ўтади ва урушда ҳам қонунларнинг кўп фойдали томонлари борлигини эслатади. Масалан, сиртдан тазйиқ ўтказиб сингдириладиган кўнгил ғазабини бостириш учун инсоннинг ўзи билан олиб борадиган ҳақиқат излаш борасидаги курашда қонуннинг фойдаси борлигини айтади.
У яна қандай шаҳар фозил шаҳар ва қандай одам фозил одам эканлигини тушунтиради, қоидали ва соғлом фикрлаш фазилатига эга бўлган шаҳар ва фозил одам ҳамиша ғолиб эканлигини кўрсатади. У ҳокимиятга эга бўлиш хоҳишининг чин истак эканлигини, унга бўйсунишнинг зарурлигини тушунтиради ва бундан келадиган фойдани кўрсатади. У меҳрибонлик ва бошқарувдаги асосий ва энг арзимас томонлардан бошлаб, халқни урушлардан сақлаш ҳамда жаҳолатни бостиришда хайрихоҳ ҳокимнинг ҳаёт тарзи қандай бўлиши зарурлигини таърифлайди.
У одамларнинг ўзаро урушларни бартараф этишга бўлган чин хоҳишларини тушунтиради ва бу хоҳишни мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида гапиради, чунки бу – эзгулик, яхшиликдир. Бу нарса фақат қонун бўлгандагина ва у қонун яхши ишлагандагина амалга ошиши мумкин. Агар қонун жанг қилишни буюрса, демак, бу уруш учун эмас, тинчлик учун қилинади. Афлотун инсоннинг хавфсиз яшаши учун биргина фаровонликнинг ўзи етмаслигини кўрсатади. Мисол тариқасида у машҳур юнон шоири Тиртейнинг шеърларини келтиради. Афлотун мадҳ этилаётган жасорат ташқи урушдаги жасорат эмас, лекин одамлар баҳоли-қудрат ўз (иллатлари) устидан ғолиб келиб, тинчликин таъминлашлари мумкин дейди. (Бу эса каттароқ жасоратдир.)
Афлотун айтадики, балоғатга етгандан сўнг ва бу иш насиб этганда, қонунлар яратувчисининг мақсади худо йўлида жасурлик, буюкликка эришиш, нариги дунёда яхши мукофот олишга интилиш бўлиши зарур. Бунинг учун тўрт туғма фазилатдан буюкроқ фазилатга эришиш зарур. Афлотун инсонлар орасида шундай соҳиби қонунлар учраб қолиши мумкинлигини ва улар ўз олдиларига турли мақсадлар қўйишларини, аммо қонунларни тузишда шошма-шошарлик натижасида ёмон натижаларга эришишлари мумкинлигини тушунтиради. Афлотун ўшаларга ўхшашларнинг аврашларидан одамларни эҳтиёт қилиш мақсадида бу гапларни эслатиб ўтади.
Афлотун эзгулик, яхшиликларни икки турга бўлади ва уларнинг қайси бирлари инсоний, қайси бирлари илоҳий эканлигини тушунтиради. Илоҳий яхшилик инсоний яхшиликларга таъсир ўтказади. Агар илоҳий эзгуликлар, яхшиликлар ўзлаштирилса, у ҳолда инсоний яхшиликлар ҳам ўзлаштирилади, фақат инсонийлари ўзлаштирилганда эса илоҳийларини бой бериб қўйиш мумкин. Инсоний эзгуликлар, хайрли нарсаларга куч, гўзаллик, бойлик, билим ва бошқалар киради, буларни Афлотун ўзининг ахлоқ ҳақидаги китобларида таҳлил қилади. У ҳақиқий соҳиби қонун илоҳий эзгуликларга етишиш учун бу эзгуликларни яхши бир тартибга солувчи зот эканлигини тушунтиради. Чунки у фойдаланадиган эзгуликлар қонун талаб қилганидай илоҳий эзгуликлардир. Афлотун қонун чиқарувчилар эзгуликка, яхшиликка эришишга ёрдам берувчи воситаларга интилишлари, одамлар эзгуликларга эришиши борасида қатъият кўрсатиш зарурлигини онгларига сингдиришлари кераклигини айтади. Аввало, бу қонуний никоҳларга, ҳирс ва эҳтиросларни тартибга солишга, улардан фақат қонун талаб қилган миқдорда ўзлаштиришга тааллуқлидир. Бу яна қўрқинч ва ғазаб, мудҳиш ва гўзал ишлар ҳамда эзгуликка олиб борувчи бошқа воситаларга тегишлидир. Сўнгра Афлотун бу воситаларнинг ҳаммасидан Зевс ва Апполлонларнинг фойдаланганларини айтиб ўтади, уларнинг қонунларидаги ҳар бир амру талаблардан қанчалик улкан фойда борлигини тушунтиради, масалан, овга тааллуқли ёки жамоа бўлиб овқатланиш ёки урушга тегишли бўлган амру фармонлар. У яна урушлар зарурият юзасидан ва эҳтирос туйғуси ҳамда бирор афзалликни кўзлаб бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. У қандай уруш эҳтирос ва завқ олиш учун, қайсиси зарурият жиҳатидан бўлишини аниқлаб тушунтиради.
Афлотун ўзининг шоирона сўзида савол берувчи ва жавоб қайтарувчи орасидаги баҳсда мудҳиш нарсаларнинг таъсири урган ва уларга боғлиқ бўлиб қолган баъзи гўзалликлар ҳақида эслаб ўтиш жоизлигини таъкидлайди. Шу сабабдан хайрли ишларни таъминлаш, бу ишлар ҳақидаги бошқача фикрни бартараф этиш ҳамда уларнинг афзаллиги ва ҳаққонийлигига ишонтириш учун соҳиби қонун теран мулоҳаза юритиши ва текширишлар ўтказиши зарур. Афлотун ўша қонунлардаги баъзи талабларнинг зарарлигини, бундай фармонлар номақбул эканлигини кўрсатиб ўтади ва улар ғўр ҳамда жоҳил инсонларнинг иши эканлигини тушунтиради. Идрокли одам эса ўзига нисбатан шубҳа уйғотмаслик учун ва фуқарони қонунлар ҳаққонийлигига ишонтириш учун буларга ўхшаш мисолларни ўрганиб чиқиши зарур.
Афлотуннинг айтишича, энг мушкул иш – қонунни жорий қилишдир. Қонунга шубҳа билан қараш ҳамда қонун устидан арз қилиш эса энг осон ишдир. Сўнгра у аввалги қонунлардан маълум бўлган баъзи фармонлар ҳақида эслатиб ўтади. Бу мақсадга жуда мувофиқ бўлган байрамлар ҳақидаги фармондир, чунки улар (байрамлар) завқ бағишлайдилар, уларга барча инсонлар табиатан мойиллик билдирадилар, улар худолар жорий этган қонунлар сифатида барқарор этилганлар. Уларга Афлотун хайрихоҳлик билдиради, мадҳ этади ва улар қандай фойда келтиришларини зикр этади. Кейин у қонун тарафидан талаб этилган тақдирда май ичиш ҳақида гапиради ва бошқа бирор сабаб билан майхўрлик қилинса нима бўлишини кўрсатади.
Афлотун гўёки ғолиблар – доимо энг яхши одамлар, мағлублар – энг ёмонлар деган тушунчадан огоҳлантиради. Ғалаба тасодифий бўлиши мумкин, масалан, халқнинг кўп бўлишидан бу халқни қаҳрамон деб ўйласа бўлади. Аммо одам ғалабасидан мағрурланмаслиги керак, аксинча, ўз мавқеини қонунларга мувофиқ равишда кўриши лозим. Хоҳиш билдирганларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқий соҳиби қонун бўлолмайди, қонунларни тузишга яралганларгина соҳиби қонун бўлишлари мумкин. Бу илм-фан ва бошқа соҳалардаги раҳбарларга ҳам тааллуқли. Ўз фаолияти даврида ҳам, бу фаолиятдан ўзини тортганда ҳам сардор ўз номи билан сардор деб аталиши зарур, агар у бошқаларни бу санъатга ўргатгандан сўнг ўз фаолиятидан воз кечса ҳам у раҳбар деб аталишга сазовордир. Агар санъатдаги раҳбарнинг фаолияти мақтовга сазовор бўлмаса ва бу иш унинг қўлидан келмаса, у ҳолда бошлиқ деб аталишга лойиқ эмас.
Афлотун соҳиби қонун биринчидан, қонунларни жорий қила олиши, иккинчидан фармон беришни билиши зарур, дейди. Агар у ўзи буюрган нарсани жорий этолмаса, агар бошқалар бўйсунган нарсага ўзи амал қилмаса, у ҳолда унинг кўрсатмалари қонуний кучга эга бўлмайди ва унинг сўзлари қўл остидагиларга таъсир этмайди. Бу муносиб ва чиройли ҳолдир. Қонунига ўзи амал қилмаган раҳбар ўзи қаҳрамон бўлмай туриб аскарларга раҳбарлик қиладиганларга ўхшайди, бундайларга ҳавас қилиб бўлмайди.
Шу муносабат билан Афлотун ҳокимлари ва бошлиқлари ўзларига ўхшаб ичиб юрувчилар бўлган маст-аластларни мисол қилиб келтиради. Уларнинг бошқаруви ҳам ўзларига монанд. Маст-аластларни бошқариш учун зеҳн, билим ва ҳушёрликда ниҳоятда ўткир бўлиш керак.
Дарҳақиқат, Афлотун айтганидек, нутқ агар соҳиби қонун оддий одамлар каби жоҳил бўлса, у одамларга наф келтирадиган қонунни жорий этолмайди. Афлотун қонунларга риоя қилишда тарбия ва машғулотлар катта аҳамиятга эга эканлигини айтади. Ўзи қонунни менсимайдиган ва шу билан бирга, қўли остидагиларни ҳам шунга ундайдиганлар ўз хатти-ҳаракатлари ила катта тартибсизликлар келтириб чиқарадилар.
Агар инсон уни мадҳ этиб кўтарувчиларнинг баҳс ва суҳбатдаги моҳирлиги, сўзга бойлиги, билим савияси туфайли машҳур бўлса, уни улар қанча кўп мақташмасин, одамлар буларнинг ҳаммаси унинг фазилати эмас деб ўйлашларини Афлотун эслатиб ўтади. Агар одамни сўзининг қудратига қараб таърифласалар, бу олимлар кўпинча мурожаат этувчи анъанадир. Нутқни эшитувчининг вазифаси, туб маънони тўғри тушуниб ва соғлом фикрлаб, чуқур ўрганиб, ўша одамда таърифланаётган сифатлар борми ёки у сифатларни нотиқ сўзамоллиги ва нотиқлик маҳорати билан ёхуд нотиқнинг ҳамма нарса тўғрисида яхши фикр билдиришга ўрганганлигидан шундай кўрсатдими, билиб олиш зарур... Қонуннинг ўзи ўз ҳолича олижаноб ва юқори мартабали бўлиши керак ва унинг номидан ҳамда у (қонун) ҳақда нимаики гапирилса ҳам мўътабар ҳисобланиши лозим.
Афлотун қонунларнинг моҳияти ва афзалликларини халққа мантиқ ўқитиш ва ўргатиш орқали тушунтиришни айтади. Халқ қонунларга эҳтиёж сезиши ва уларни чуқур ўрганиши зарур, чунки улар кейинчалик халқнинг ўзига фойда келтирадилар. Акс ҳолда қонундан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Афлотун мисол келтириб, гўдак боланинг ҳунар ўрганишга зўр иштиёқи борлиги туфайли у ўйин орасида эшик ва уйларнинг қандай ясалишини ўрганиб олишини ва кейинчалик шу ҳунарни эгаллаб олишини, бу қобилиятнинг фойдаси тегишини айтади. Сўнгра Афлотун соҳиби қонунга мурожаат этиб, агар соҳиби қонун ёшлигидан бошлаб давлат ишлари бўйича фойдали машқлар қилиб юришга, давлат ишларининг тўғри ва нотўғрилиги ҳақида мулоҳаза юритишга ўрганган бўлса, у ҳолда вақти-вақти билан ўзи устидан назорат ўрнатиши ҳамда авваллари шуғулланган ва ҳозир ҳам давом эттираётган машғулотларига сабот, қунт билан қараши зарурлигини тушунтиради.
Афлотун ҳар бир одамнинг қалбида қарама-қарши, ўзаро туташ жуфт қувват: ғамгинлик ва қувонч, лаззат ва изтироб ва ҳоказолар бор деб ҳисоблайди. Бу қувватлардан бири – таҳсинга сазовор, иккинчиси ҳайвонийдир. Қуввати ҳайвоний кучли эмас, таҳсинга сазовор кучни ривожлантиришга қаратилган бўлиши зарур. Афлотун ҳайвоний қувват томонидаги зиддият кучли ва оғир, таҳсинли қувват томонидаги зиддият – мулойимроқ ва хушкўнгилроқ деб тушунтиради. Ҳар бир одам шу икки зиддият ҳолати ҳақида ўйлаши, таҳсинга сазовор қувватга бўйсуниши керак. Шаҳарнинг ҳамма аҳолисига келганда, агар улар таҳсинга сазовор кучларга эришишга кучлари етмаса, йўл кўрсатувчи, энг мўътабар авлиёларнинг ишларидан сўз юритувчи, соҳиби қонунларнинг адолатларига бўйсуниши керак бўлади.
Афлотун айтадики, соҳиби қонун томонидан оғир ишлар ва машаққатли меҳнат билан боғлиқ бўлган матонат талаб қилиниши энг яхши адолатдир, чунки унинг пировардида қулайлик ва хайрли ишлар келади, бу ҳолат худди аччиқ, аммо соғлиққа яхши таъсир этувчи дори ичишга ўхшайди.
Афлотун инсон табиатидаги зарурий хислатларни ва уларнинг қарама-қарши жиҳатларини фарқлаш кераклигини тушунтиради. Масалан, камтарлик – таҳсинга сазовор, аммо камтарлик ҳаддан ошиб кетса, у ҳолда ўз кучини йўқотади ва зарарли бўлиб қолади. Одамлар ҳақида яхши фикрлаш ва уларга нисбатан очиқ кўнгиллилик таҳсинга сазовор, лекин булар душманга тааллуқли бўлса, улар зарарлидирлар. Ҳушёрлик ҳам таҳсинга сазовор, аммо ҳаддан ошиб кетса, у қўрқув ва ўзини тийишга айланиб, зарарли бўлиб қолади. Аллома агар инсон ўз мақсадига эришиб, ҳурматга сазовор бўлса-ю, аммо мақсадга эгрилик билан эришса, бу ҳам зарарли ҳисобланади деб тушунтиради. Энг яхшиси, мақсадга чиройли ва покиза йўл билан эришишдир.
Афлотун эсли одамга фойдали иш сифатида ёмонликка яқинлашиб, унга тобеъ бўлиб қолмаслик учун уни тушуниш, унга нисбатан ўз ҳушёрлигини ошириш зарурлигини эслатади. У майхўрлик билан боғлиқ мисолни келтиради. Афлотун соғ одамнинг мастларга яқин бўлиши, уларнинг дастурхонида бирга бўлиб туриши, мастликдаги бемаънигарчиликлардан, қабиҳ ишлардан ўзини ҳимоя эта билиши зарурлигини тушунтиради. Нимжон одам балки косалаб ичиб, ўзини кучли фараз қилиб, ўзининг кучини кўрсатиш учун шовқин-тўполон ва уришни тусаб қолади, аммо беҳол бўлиб кучдан айрилади. Ичувчи одам билан яна бошқа кўп савдолар содир бўлади.
Яхши фазилатларга эришмоқчи бўлган одам яхши хислатларга қарши турган ўзидаги иллатларни йўқ қилишга интилиши зарур. Чунки фазилатларга эришиш қийин. Одам фақат иллатлардан фориғ бўлгандан сўнггина яхши фазилатларга эриша олади. Сўнгра у ҳар бир инсон табиатига маълум бир хислат тўғри келишини айтади. Ҳар бир айрим шароитда ўзининг ё маъқулловчи ёхуд номақбул дегувчи қарорини чиқариши учун соҳиби қонун ҳам, инсоннинг ўзи ҳам шу нарсаларни (яъни, инсондаги бу хусусиятларни) билишлари керак, бу ўша қарорнинг йўқолмаслиги учун ҳам зарур. Агар бирор қарор ноўрин чиқарилса, бу ҳолда у йўқолиб кетади ва ундан ном-нишон қолмайди.
ИККИНЧИ БЎЛИМ
Афлотун инсон табиий хислатларга эга – булар ундаги хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатларга сабаб бўладилар деб тушунтиради. Соҳиби қонун бу хислатларни назарда тутиши, уларни тузатиши, шу хислатларни тузатувчи қонунлар чиқариши керак, чунки бу билан соҳиби қонун фуқаронинг хулқ-атворини ҳам тузатади...
Роҳатланиш, дард чекиш ва қайғуриш асосий табиий хислатлар ҳисобланадилар, улар туфайли фазилатлар ва иллатлар ўзлаштирилади. Ва ниҳоят, балоғат ва билимларга, яъни ривожланишга тарбия ва машқ орқали эришилади. Соҳиби қонун одамларга ўзларини тийиброқ туришларини буюрган бўлса ҳам одамлар байрамларда ва ором олганларида роҳатланадилар, чунки одамда роҳатланишга табиий мойиллик бор. Бундай роҳатланиш туйғуларини худо таоло ато этган. Мусиқага бўлган мойиллик ҳам шундай: табиий майл туфайли, мусиқадан хабардорлик натижасида роҳатланиш пайдо бўлади. Афлотун юнонларда машҳур бўлган оммавий рақслар ва сурнай наволарини мисол қилиб кўрсатади. У ҳар бирини айрим ҳолда, гўзаллик нима-ю, хунуклик, бемаънилик нималигини тушунтиради. Гўзаллик – бу турли мусиқалар, яхши хулқ-атворга тўғри келадиган, масалан, сахийлик ва жасурлик каби яхши, ижобий хислатлар – одамлар эришишга ҳавас қиладиган нарсалардир. Хунуклик – бемаънилик эса ёмон хислатларга ундайди. Афлотун Миср эҳромларида мавжуд бўлган куй ва тасвирларни мисол қилиб кўрсатади, бу эҳромларда қатъий қонун ўрнатилган бўлиб, улар илоҳий деб эълон қилинган.
Афлотун хурсандчиликни хотиржам ва совуққон қабул қилувчи катта одамларга нисбатан ўсмирлар роҳатланишдан олган қувончни анчагина кучлироқ ҳис этишларини тушунтиради.
Чинакам қонун ўрнатувчи янги қонун қабул қилаётганида унинг мамлакатдаги барча табақалар ва авлодларга, барча вилоятларнинг аҳолисига бахт-саодат, шод-хуррамлик келтиршини ҳисобга олади. Қонунда одамларнинг барча хислатларидан фарқ қилувчи туғма хислатлари ҳам ҳисобга олиниши керак. Халқларни бирма-бир мағлуб этишга қаратилган қонун қабул қилувчи раҳбарлар маърифатли соҳиби қонунлар қаторига кирмайдилар. Билимдон қонун ўрнатувчи, масалан, созанданинг хислатларини ҳам ҳисобга олади ва у чиқарган қонун созанданинг туғма фазилатларини ҳам юзага чиқартиради. Демак, қонун турли-туман феъл-атвордаги, турли-туман хислатли одамлар хайрихоҳлик билан кутиб олишига арзийдиган бўлиши зарур. Идрокли ва тажрибали одамни бўйсундирувчи қонунни жорий этиш, оломон ва тажрибасиз одамларни олимларга тенглаштириб, бўйсундирувчи қонунни жорий этишдан кўра маъқулроқ ва афзалроқдир. Буни катта ёшдаги, тажрибали ва матонатли одамлар даврасида қўшиқ айтувчи хонандага ўхшатса бўлади. (Бу одамлар қонунни тўғри тушунувчилар билан қиёсланаётганга ўхшайди.)
Соҳиби қонун ҳам, унинг кўрсатмаларини бажарувчилар ҳам халқнинг жуда кўп, турли-туман ишларини назорат қилиб туришлари зарур, токи ҳеч бир иш уларнинг назаридан четда қолмасин. Агар улар бунга бефарқ қарасалар, у ҳолда таъсирлари бўлган барча соҳалардан уларни четлатиш керак, агар улар бирор нарсага кўп марта эътибор бермаган бўлсалар, унда уларнинг синчковлиги ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетади, бу уларга одат бўлиб қолади ва ўз эътиборсизликлари натижасида меъёрни билмай қоладилар, улар ўзларига эргашиб, таълим оладиган болалар ва ўсмирларнинг ишларидан бехабар қоладилар. Агар ёшлар маишатга ўрганиб, қонунга зид равишда дилхушлик қилиб ва роҳатланиб юрсалар, соҳиби қонунлар уларни тузатишлари қийин, аммо роҳатланишларини қонунга бўйсундиришлари зарур, балоғатга етган ёш йигитлар эса бу шарт-шароитларга кўникишлари ва ундан фойдаланишлари керак.
Соҳиби қонуннинг ҳар бир гуруҳ одамларга мурожаати тушунарли бўлиши зарур. Бунинг учун қонун чиқарувчи одамларнинг идрок этиш имкониятларини ҳисобга олиши керак, токи одамлар уни тушунсинлар. Чунки одамларга бирор нарсани тушуниш ва амалда қўллаш қийин бўлиши мумкин. Тушунмовчилик бундай соҳиби қонундан воз кечишга туртки ва ағдариб ташлашга сабаб бўлиб қолиши мумкин. Шу муносабат билан Афлотун бир билимдон ва меҳрли табиб шифобахш дори тайёрлаб, бемор яхши кўрадиган овқатга қўшиб берганини мисол қилиб кўрсатади.
Афлотун мутлақ эзгулик бўлмаган нисбий эзгуликни тушунтиради. Ўз сўзларининг тўғрилигини исботлаш учун соғлиқ, чиройлилик, бойлик каби кўп авлодлар томонидан хайрли деб ҳисобланган эзгуликлар эслатилган қадимий шеърни келтиради. У буларнинг ҳаммаси эътиборли инсонлар учун эзгулик эканлигини тушунтиради. Жоҳил ва адолатсизлик учун эса эзгулик йўқ ва улар бахтга эриша олмайдилар. Улар учун ҳатто ҳаёт ҳам бир кулфатдир.
Агарда яхшилик, эзгуликка оид қонун мавҳум бўлса, соҳиби қонунлар ва уларнинг пандларини ёзиб борувчилар ва шоирлар уларнинг сўзларидаги хатоларни тушунтириш учун бунга жиддий эътибор беришлари керак бўлади. Афлотун «ҳамма эзгуликлар айни пайтда ёқимли», «нимаики чиройли ва эзгу бўлса, хайрли ва ёқимли», аммо «кўп ёқимли нарсалар хайрли эмас» деган ибораларни тушунтиради. Эзгулиги йўқ, фақат ёқимли нарсалар билан эса ақли калта одамлар роҳатланадилар. Эзгулик, яхшилик, улардан ҳосилланадиган натижани билувчи одамлар учун ёқимлидирлар, билмайдиганлар учун эса ёқимсиздирлар. Айрим бир оиланинг турмуш тарзи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Афлотун айтадики, бир одамга тааллуқли қоида ҳамма одамлар учун шарт эмас, бир гуруҳ учун яратилган қонунларга бошқа гуруҳдаги одамларнинг риоя қилишлари ҳам шарт эмас. У қуйидаги мисолни келтиради: қарилик хусусиятларини назарда тутганда кекса ёшдаги одамлар учун рақс тушиш ярашмайди. Агар бундай одам ўринсиз шу ишни қилса, у кўзга хунук кўринади ва одамларга хуш келмайди. Агар у бари бир шундай қилса ва унинг ўзини бундай тутиши ярашса нима бўлади (Форобий бу саволни Афлотуннинг фикрига қарши қўяётганга ўхшайди)? Афлотун бир чол ўзига ярашмаса ҳам най чалиб, рақс тушгани воқеасини мисол қилиб келтиради. Бу байрамда қатнашаётган одамлар унга қўшилиб ўйнамайдилар, қувониб шод-хуррам бўлмай, бепарво томоша қиладилар. Агар най чалиб, рақс тушишга эҳтиёж бўлмаса-ю, бу иш қилинса, у ҳолда нохуш ва одобсизлик ҳисобланади. Шундай қилиб, агар нимаики қилинса ҳам вақт ва шароитга тўғри келмаса, келтирилган мисоллардаги каби бу чиройли хатти-ҳаракат ҳисобланмайди.
Шунга ўхшаш, агар хатти-ҳаракат заруратсиз амалга оширилса, у нохуш ва таҳсинга сазовор эмас. (Бунинг устига) томоша қилаётганларда, айниқса, тажрибасиз одамларда у жирканиш туйғуларини уйғотади. Афлотун агар бирор нарсадан роҳатланиш одамларга хуш ёқмаса, ўша нарса уларнинг ҳожати, фитрати (табиати) ва одатига тўғри келмайди деб тушунтиради. У жасур одамлар, шунингдек, бирон-бир санъат соҳиби бўлган одамларга доир мисоллар келтиради. Бир санъат соҳиблари учун завқли бўлган нарса бошқа санъат соҳиблари учун завқли бўлмаслиги мумкин.
Шунга ўхшаш, баъзиларга тўғри ва гўзал, адолатли кўринган нарса бошқаларга ёмон кўриниши мумкин. Сўнгра Афлотун ашъёлар ўз-ўзидан гўзал ва хунук эмас, балки
