Shisha qolip
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Shisha qolip

Сўзбоши ўрнида

ОЗОДЛИКНИНГ МАҲЗУН ҚИЁФАСИ

Кун ва тун, оқ ва қора, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик каби қарама-қарши кучларнинг мангу кураши асносида ҳаёт ҳамиша ўз хулосасини айтиб келган. Санъатда эса... қанчалик шафқатсиз туйилмасин, ижобий аталмиш томонларнинг ғолиблиги умидворлик уйғотишдан ўзгасига ярамайди. Халқ ибораси билан айтганда, бир ёмоннинг бир яхшиси юзма-юз турганини исботлашдан кўра, уларнинг ҳар иккови бир қобиқ ичида яширин эканини тасаввур этиш ижодкор учун қулайроқ.

Аслида, чизиш, ёзиш, басталаш – яратиш истаги шу тариқа пайдо бўлади. Аммо бу истак холис бўлиши керак. Яъни унинг ортидан шон-шуҳрат, бойлик тушунчалари бўлмаслиги лозим. Бизнинг замонамизда бундай санъанкорни топиш мушкул. Бироқ Шаҳло Ҳошимова шундай истакдаги ёзувчи. Китобхонлар, бунақа ёзувчини биз билмаймиз, дейишлари мумкин. Унинг «Аросатдаги одамлар» деган китоби бор. Табиий, бармоқ билан санарли нусхаларда «тафаккур қаноти» ёйилаётган бу кунларда улар бундай китоб мавжудлигидан бехабар бўлсалар, ажабмас. Таскин шуки, бехабарлик – баҳолаш мезони эмас.

У энди «Шиша қолип» романини битиб, қарама-қаршилик жараёни ҳар бир инсоннинг ботинида кечиши лозимлигини даъво қилмоқда. Аслида, бундай даъво ҳам бус-бутун кечаги кунга тааллуқлидир. Ношуд авлод ҳақиқий даъволарни бир четга йиғиштириб қўйиб, асло ботиний бўлмаган буюклик асъасаси билан ўзини овутиб юргани боис, улар устма-уст қалашиб қолишган. Шунинг учун уларнинг остидан ўт ёқиб гулханга айлантириш имкони мавжуд. Бу ибора Уильям Фолкнерга тегишли эди.

«Шиша қолип»даги ҳар бир образнинг ўз муҳит-­аураси мавжуд. Аслида, бу ҳам қобиқ. Бошқача айт­ганда, қолип. Улар шу қобиқ-қолипларининг катта-кичиклиги жиҳатидан кўз илғамас даражадаги доира-лабиринтларида айланиб-ўралашиб юрсалар-да, ҳеч қаёққа чиқиб кетмайдилар. Нега бундай экан, ахир ўз доира-лабиринтларидан ташқарида ҳам ҳаёт борлигини наҳотки хаёлларига келтира олмасалар?

Рюнеско Акутагава ўз жонига қасд қилиб, ёш умрини хазон этаётиб, унинг ҳаёти орзу ниқобидаги қўрқоқлик эканини кашф этиб кетган.

Бир тепалик ёнбағридаги чумоли уясида қайнаган ҳаёт, бир хилдек туйилган хатти-ҳаракат, ғайрат-шижоат аслида уларнинг ҳар бири ҳам ўзига хос йўналишга эга эканини инкор этмайди. Чумоли уясини бир тепки остида бузиш қанчалик осон бўлса, тасодифий бир фикр, шайтоний васваса, арзимас туйилган мулоҳаза билан инсоният ҳаётини ҳам барбод қилиш ҳеч гап эмас.

«Шиша қолип»да гап шу ҳақда боради. Бу ўринда асар воқеалари, одамлар, уларнинг ҳаёт тарзи ҳақида мулҳаза юритишдан ўзимизни тийган ҳолда, шиша қолип яратиш ғояси билан яшаётган Носир Зоҳидович билан унинг шогирди Латиф ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдан бир иқтибос келтирамиз:

«– Э-ҳа, тап-тайёр қолиплар турганида унда нега сиз шиша қолип яратасиз демоқчисан-да, бўтам? – Латиф унинг жавобидан ҳам кўра, ўзини яқин олаётгандек «бўтам»ни урғулаб айтганидан юраги қалқиб кетди, зеро, ўзи билан ўзи бўлиб юрадиган бадқовоқ, нафосат кўчасидан ўтмагандек кўринадиган профессор нар шер оғзидан ўлжа бергандек, бу сўзни илк бор истеъфода этиши эди. Бу ҳолатни ўзи ҳам туйқусдан пайқаб қолгандек, оғзининг бир томонини очиб илжайиб қўйди.

– Ҳа, – Латифнинг бош ирғаб тасдиқлашдан ўзга иложи қолмади. – Шунга ҳайронман.

– Ҳайрат – соз нарса, – нар шер ўрмонда тутиб олган маймунчани ўйнатаётиб, азбаройи ҳузурланганидан ириллаб қўяётгандек эди. – Аммо ҳамма нарсадан ҳайратланавериш дидни ўтмаслаштириб, инсон таъбининг расвосини чиқариб ташлайди. Шиша қолипга келадиган бўлсак, бу ҳали зийрак қулоқлар (сеникига ўхшаган!) учун шунчаки миш-миш, уни аввал уни синаш керак, синовдан ўтмаган тажриба – қуруқ гап. Назария қуруқдир дўстим, аммо унда яшар ҳаёт дарахти».

Ҳа, шунчаки гап бўлган шиша қолипни яратиш учун профессор Носир Зоҳидовичга умр вафо қилмагач, бу ишни унинг шогирди Латиф Қодирович давом эттиради ва бу қолипга мос инсон қидириб уни қамоқхонадаги тутқунлар орасидан топади. Бу тутқуннинг исми Озод бўлиб, у ноҳақ қамалганлардан, ўзи эса шифокор. Қазои қадарнинг бундай кинояларига инсоният аллақачонлар ўзини кўниктирган бўлса керак. Хуллас, исми Озод бўлса ҳам тутқунликдаги маҳкумда шиша қолип баҳона яна озодликка чиқиш орзуси пайдо бўлиб қолади...

Бир қараганда, мана ниҳоят, ноҳақ қамалган шифокор Озод яна озодликка чиқар экан, деган хушхабардан кўнгил таскин топиши керак эди. Аммо ундай бўлмайди. Негаки, у эришаётган эркинликнинг қувончи йўқ... озодликнинг маҳзун қиёфаси шу туфайли асарда бошдан-оёқ китобхонни таъқиб этишдан тўхтамайди...

Бу ёғи ҳақида энди... «Шиша қолип»нинг ўзи га­пирсин!

Шойим БЎТАЕВ

БИРИНЧИ ҚИСМ

Биринчи боб

Шаҳар ўртасидан оқиб ўтадиган анҳор бўйида олт­миш ёшлардаги ғўлабир, тепакал, калласи катта, қалин қошли бир киши кетиб борарди. Унинг шошилмай-ошиқмай қадам ташлашидан бирон иш-юмуши борлигини ҳам, сайр қилиб юрганини ҳам билиб бўлмасди. Cалом бериб ўтаётган ёш-ялангларга бош ирғаш асносида жавоб қайтараётган бу зот хаёли бош­қа ёқларга чалғиб қолганида уларнинг айримларини кўрмагандек ўтиб кетарди.

Ўттиз беш-қирқ ёшлардаги ўрта бўй, юмалоқ юзли, сочининг олди тўкилиб, яйдоқланиб қолган бир йигит аввал унга етиб олиб, кейин ортда қолдирмаса бўлмайдигандек, ўнг қўлтиғига қистириб олган сумкасини чап қўли билан маҳкам ушлаб, боши ҳам ўша томонга қийшайган кўйи қадамини катта-катта босганча қувиб ўтди. Беш-олти қадам илгарилаб ҳам кетган эди, сайр қилиб юрмиш киши туйқусдан тўхтаб, қаддини ғоз тиклади.

– Ҳо-ой! – ўтиб кетган кишининг исмини эслолмаётгандек пешанасини тириштирди у. – Ҳо-ой!

Аммо «ҳо-ой»га рози бўлмаган шошқалоқ қадамини янаям тезлатганини кўрган ортда қолган:

– Латиф Қодиров! – деганича овозини баралла қўйди.

Шундагина ўтиб кетган одам таққа тўхтади ва ортга бурилиб, овоз эгасини яхшилаб таниб олмоқчи бўлгандек бироз тикилиб турди-ю, шу заҳотиёқ:

– Ие, домла?! – деди ҳайратини яширолмай. – Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом, – алик олди домла бош ирғаб. – Намунча югургилаб кетяпсан.

– Ҳа-а энди-и... – хижолат чекканини яширмоқчидек бўлиб, папкасини қўлтиғидан қўймаган кўйи бироз букилганича икки қўлини кўришиш учун узатди Латиф Қодиров. – Қаранг-а, кўрмай қопмиз...

– Шу-да, – норозиланганнамо минғирлади домла. – Ўқишни битириб кетгач... шунақа!

Латиф бошини эгди.

– Йўғ-э... қўйинг энди...

– Майли, ҳечқиси йўқ, – домла далда бергандек бўлди. – Ишданми? Шу ердан ўтаркансиз-да...

– Устоз бир иш билан у институтга кириб ўтишимни тайинловдилар, – уни кўрмай қолгани сабабини изоҳлади гўё. – Шунга... кетиб қолишмасин деб...

– Устоз дейсизми?

– Ҳа.

– Ким экан устозингиз?

– Танийсиз... Носир Зоҳидович!

– Ҳа-а, уми?

– Ўша киши...

Домла қорни ва бақбақасини силкитиб кулди. Ке­йин «чирт» этказиб тупураётгандек:

– Псих, – деб қўйди.

Латиф «тўғри» дегандек, мийиғида кулимсиради.

– Нафсиламрини айтганда, ўзи ёмон олиммас-у... аммо мақсади майда.

– Йўғ-э?! – янги гап оладигандек домлага кўзларини пирпиратиб қаради Латиф.

– Олим бўладими, ижодкор бўладими, оддий одам бўладими – қилаётган ишидан энг аввало, оиласига, кейин қолаверса, жамиятга нафи тегсин, – насиҳат йўсинида давом этди домла. – Йўқса, устига китоб ортилган эшакни эшитгансиз...

– Устоз улуғ ғоялар билан яшайдилар.

– Эҳтимол шунақадир, – кифт учириб қўйди домла. – Аммо наф нима? Бизга бугунги кунда улуғвор ғоя­лардан ҳам кўра кўпроқ оддий одамларнинг оддий дардларига малҳам бўладиган илм-фан керак, жуда-жуда керак...

– Шу айтганларингиз улуғвор ғоялардан туғилмайдими? – гапини тасдиқлашга уринди Латиф.

– Хў-ўш, устозингиз микробиолог-а?

– Ҳа, микробиолог, тиббиётчи.

– Ҳозир нима билан машғул?

– Катта бир иш қиляптилар.

– Катта бир иш эмиш, – беписандлик билан лаб бурди домла. – Фрейд, Юнглар назариясини ўзидан бошқа одам ўқимагандек, ўшаларнинг онг ости оқимлари ҳақида ҳалиям оғиз кўпиртириб юриптими?

– Йўқ.

– Қани, юринг, билла-билла... мен ҳам уйга кетаётувдим.

Улар иккаласи анҳор бўйида нималарнидир ахтараётгандек анча юришди. Ҳаттоки икки марта ортга қайтиб, ўзлари учрашган жойни ҳам икки карра икки, тўрт марта босиб ўтишди.

Говгум тушганда хайрлашиб, икки томон йўл олишганида, домла «псих», Латиф Қодиров «устозим» деб атаган профессор Носир Зоҳидович чорак аср бурун бошлаб қўйган ишини амалда синаб кўриш фурсати етганини англаган ҳолда безовталаниб, қафасга тушган шердек ўзини қўярга жой тополмасди. Миясида пишган ғоядан юраги сўнгги кунларда гупуриб тошиши сабаби ҳам шунда эди.

У касалхона томонидан ўзига ажратиб берилган махсус хонага қамалиб олиб, оламшумул лойиҳасини нимадан бошлаш кераклигини пухта ўйлаб чиқди. Бу йўлда бир лаҳза ҳам ғафлатда қолмаслик учун аччиқ-аччиқ қаҳва, чой ичавериб, тишлари сарғайди; энди юмалоқ юзидаги ажинлари таранглашиб, бургутникидек ўткир кўзлари излаган нарсасини йўқотиб қўйгандек паришон боқар эди.

Ҳа, кейинги пайтларда унда содир бўлаётган бу ўзгаришлар сабабини кексаликка йўйишиб, «ёши бир жойга боргач, довуччадек ғўр ёшларнинг гап-сўзларини эшитишга сабри қолмай, барига қўл силтади», деганлар ҳам бўлди. Аммо у гап-сўзларга парво қилмаган, барча миш-мишларга кутилмаганда зарба бериб, шаҳарнинг қоқ марказида асаб касалликлари шифохонасини очган, катта ойлик ваъдаси билан истеъдодли ҳамкасбларини ҳам ўз ёнига чақириб олган эди. Аҳён-аҳёнда «ёр жамолин ойнага солсам...»ни хиргойи қилиб, ўз ғоясини, аввалдан режалаштириб қўйган нарсасини кимдадир синаб кўриш учун бутун умр йиққан-терганини шифохонага тикиб, унинг молиявий муаммоларини ўғлининг зиммасига юклагани ҳам соз бўлди. Шифохона тез орада ном қозониб, шу қадар одам ёғилиб кетдики, бундай бўлишини етти ухлаб тушида кўрмаган эди. Етти яшардан етмиш яшаргача – туғма асабийлар, невроз орттириб бошини қаерга уришни билмаганлар, тутқаноқлар, психолог касбини эгаллаб, димоғи кўтарилиб кетганида псих бўлиб кетган жувонлар, санамараста қизлар, полвон йигитлар... ёғилиб келаверишди. Уларга қараб, ҳар қандай одам, бу дунёда соғ одамнинг ўзи йўқ, шекилли, деган хаёлга бориши, шубҳасиз эди.

Носир Зоҳидович сабабсиз ваҳимага тушадиганларни, уйқусида ҳаловат тополмаганларни, нимадандир қўрқиб, қаёққа қочишни билмай юрадиганларни... соғ жинниларни, жинни соғларни Зигмунд Фрейд услубини қўллаб, юракдаги дардини тўкиб солиш йўли билан дори-дармонсиз даволаши, айниқса, шаҳарда шов-шув бўлиб кетди. Шов-шув бўлиб кетди, дегани – ҳамма ўзини шу жойга уради, дегани. Ҳамма ўзини шу жойга уради, дегани – пул қордек ёғилади, дегани. Буни даволанмай туриб ҳам ҳар қандай тентак била оларди.

Профессор Носир Зоҳидовичнинг икки ёрдамчиси билан қандайдир тадқиқот устида хуфиёна иш олиб боришаётганини кўпчилик пайқамаётган эса-да, бундан бир кишигина мустасно эди.

Ҳа, бу ўша, ер остида илон қимирласа билишни айтиб мақтаниб юрадиган, мана бугун кеч чоғи билмай қолиб «домла»ни қувиб ўтиб, кейин ортга қайтиб у билан кўришган, иккаласи алламаҳалгача суҳбатлашиб юришган Латиф Қодиров эди. Уям илмга берилган бошқалар каби шуҳратпарастлик касалидан холи бўлмай, профессор Носир Зоҳидовичнинг соясида ном қозониш, пинҳоний истагини амалга ошириш учун ҳамиша унинг соясига салом бериб юрарди. У азбаройи қизиқувчанлиги туфайли иши тез-тез орқага кетар, шундай дамларда у суфийларга ўхшаб тавба-тазарруга тушар, лекин хавф ўтиб кетгани заҳотиёқ яна ўз феълига қандай тушиб қолганини ўзи ҳам пайқамай қолар эди. Аслида, Носир Зоҳидовичда туғилган ғояга мана шу ассистентининг феъл-атвори сабаб бўлган, инсон ўз қолипидан чиқиб кета олмаслигининг яққол намунаси – шиша қолип ғоясини ишлаб чиқишига туртки берган эди.

Латиф профессор ва унинг ишонган ёрдамчилари, шогирдлари, ассистентларини кузатишни бошлагани шундан эди. У профессор билан бўладиган машваратлар чоғида ўзини гўлликка солиб, бир четда қандайдир муҳим юмушлар билан банддек кўринса-да, аслида ундай эмас, фикри-зикри профессорнинг қандайдир сирли ишини билиб олишга қаратилган, икки қулоғи ҳамиша динг эди. Бора-бора, у калаванинг учини топгандай бўлиб, қандайдир кўзга кўринмас шиша қолип яратилгани ҳақида хабар топди. Билиб олди-ю, ўша заҳотиёқ қизиқ бир ҳангома эшитгандек хандон отиб кулиб юборди: кулмай бўладими ахир? У профессор Носир Зоҳидовични эси бутун, бамаъни олим деб ҳисоблаб юргани учун ўзини аҳмоқдан олиб, аҳмоққа солди, шунақасиям бўладими ахир деб, ўзини ўзи янди. Ҳақиқатан ҳам, кундан кунга кўзини ёғ босган олигархлар, оёғи остида топталиб бораётган мамлакат учун бирон бир фойдали нарсани ўйлаб топиш ўрнига чорак асрдирки, қандайдир арзимас шиша қолип ҳақида бош қотириб юришдан ҳам аҳмоқона юмуш борми? Яна кимсан – фалончи пистончиевич профессор эмиш! Яна кимсан – фалон-пистон руҳий хасталарни даволар эмиш! Э, аввал ўзларини даволаб олсинлар-э, шунақа хомхаёллар қилиб юргунча!

Латифнинг қайта-қайта бош чайқаб, афсусланиши унинг ўзи танлаган йўлини шубҳа остига олиб қўяр эди. Ахир у ҳам бир маҳал олим бўлишга ҳавас қилиб, ҳаёт йўли бошланишининг чорраҳасида турган не-не чароғон йўлларни рад этмаган эди? Ўша йўллардан борганида, шубҳасиз, ҳозир унинг учта бўлмасаям, иккита бўёқ заводи бўларди – шаҳардаги биноларнинг ўндан бирини шонли байроқ рангига бўяб чиққанида ҳам иккита бўлмасаям битта шахсий самолётида самоларни кезиб юрарди – афсус, бари мавҳумот қаърига сингиб кетди. Бошқа йўл бўёқ заводини четлаб ўтса-да, ҳисобсиз мулкка рўбарў қиларди. Буям бўлмади! Чунки у бошқа йўлни танлади. Буларнинг барчасига ўзи айбдор – манавинақа тентакнусхаларга ҳавас қилган ҳолда чўлда кетаётган бадавий мисол саробга айланган илму ирфонга ишониб қолди! Энди тамом – умрнинг бир қисми ўтди, ортга йўл йўқ! Аммо...

Латифнинг хаёлига бирданига профессор Носир Зоҳидовичнинг бемаъни (унинг бунга ишончи комил эди!) кашфиётини ўзида синаш фикри туғилди. Ҳа, албатта, шундай қилади! Бу нотўғри йўл танлаб, эриша олмаган орзу-умидларига каффорат бўлиб, ҳаёт йўли кемтикларини тўлғазиб юборишга хизмат қилади. Шу асно шиша қолипга кириш тийиқсиз иштиёқини жиловлаб ололмай қолган Латиф бу ҳақда профессорга билдиргиси, ўзини фан йўлида камарбаста эканлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлаётганини айтгиси, яхшими-ёмонми (бунинг аҳамияти йўқ!) эл аро танилгиси, ном қозониши борасида ўй суриб, қичитқизорга кириб қолган қуён каби ўзини қўярга жой тополмасди.

Латиф тунлари мижжа қоқмай, профессорга мақсадини билдирган тақдирда ҳам, унинг, қаердан биласан, сенга ким айтди каби саволларга жавоб бериш душворлигини хаёлидан ўтказарди. Ахир жосус каби ортингиздан эргашиб юрдим, дея олмайди-ку!

Латиф ёрдамчилар профессорга беҳад содиқлиги, унинг розилигисиз ўта махфий тутилаётган ишга аралаша олмаслигини билгач, пайтини топиб, қария аллома билан очиқча гаплашишни кўнглига тугди ва қулай фурсатни кута бошлади. Аммо профессорнинг одам суймас феъли бунга изн бермади. Ўзлари хонада ёлғиз қолишган кезларда ҳам кекса олим унга «қани, кўзимдан тез даф бўл», деётгандек ўқрайишидан индамай кетаверарди.

Ўша куни тонггача ёмғир ёғди. Латиф туни бўйи ухламай, хаёли бошқа жойларда кезинганича тарновдан оқаётган ёмғир сувларига қулоқ тутиб, ахийри тонг ота бошлагач, қарори қатъийлашди.

Эрталаб нонуштада одатдагидек бир финжон аччиқ қаҳвани симириб, шифохонага жўнади. Ҳали ҳеч ким келмаган, шекилли, теварак-атроф жимжит, тунда тинмай ёққан ёмғирнинг тарновларда қолган сувлари онда-сонда чакиллаб қўярди. Калбош новча уни кўриб андак ҳайратлангандек бўлди-ю, кейин ўз вазифаси эсга тушиб қолдими, индамай қоровулхонадан чиқиб, унга кўча эшигини очиб берди.

Латиф ичкарилаб, аввал профессор хонасини тартибга келтириб, сўнг у келгунича аризасини ёзиш ниятида ўша томонга йўл олди. Ичкарига кириб, довдираб қолди. Хонада профессор компьютерига термилиб, нимадир ёзиб ўтирарди. Унинг Латифга кўзи тушиб, каллаи саҳарлаб нима қилиб юрибсан, дегандек ҳорғин нигоҳини саросар қадади.

Латиф жиноят устида қўлга тушган ўғридек профессорга тикилиб, тошдек қотиб турарди.

– Нима, арвоҳга йўлиқдингми? – деди профессор Латифнинг турқидан зардаси қайнагандек.

Латиф ишдан бўшаши ҳақидаги қарорини ҳам унутиб, кундалик майда-чуйда ишлар ҳақида гап очмоқчи бўлиб, нималарнидир ғўлдирай бошлади.

– Нималар деяпсан ўзи? – Носир Зоҳидовичнинг юзидаги ажинлари яққол кўриниб, майда илончалардек ғивирлай бошлашди.

Бунинг бехосият эканини пайқаган Латиф тилини тишлади.

– Ҳойнаҳой хабардорсан, – деди профессор энди илмоқли тарзда фикрининг асосий қисмини пардага ўраб тутқазаётгандек. – Аммо бу сен ўйлаганчалик осон эмас.

– Мен ҳам...

– Нима сен ҳам?

– Осон деётганим йўқ...

– Модомики, шундай ўйлаётган бўлсанг, осон бўлмаган нарсага қизиқишнинг нима ҳожати бор?

Бу олимона мураккаб савол эди. Чунки олимларнинг оддий-жўн нарсаларга ҳам мураккаб йўллардан боришлари фазилат саналишини Латиф ҳам яхши биларди. Мақсад – мақсадда эмас, мақсад – мақсад йўлидаги машаққатда! Латиф учун профессорнинг оламшумул кашфиёти мутлақо аҳамиятсиз бўлса-да, уни ўзида синалиши бетийиқ иштиёқини ошкор қилди.

– Мен рози эдим, – деди.

Профессор кекса бошини ўзига хос бўлмаган илкислик билан кўтариб, унга қаради.

– Нимага рози эдинг? – деб сўради унинг нима демоқчилигини билиб турган ҳолда – олимларнинг билиб турган саволларига аввалдан кутилган жавобларни беришлари ҳам уларнинг иккинчи фазилати эканини Латиф кўнглидан кечирди.

– Шиша қолипга киришга! – Латиф шунча кутган нарсасини совуққонлик билан айтиб юборганидан ўзи ҳам ҳайрон қолди.

– Нима экан у? – профессор оғир хўрсиниб, катта – кекса бошини эгиб олди.

– Сиз яратган кашфиёт!

Профессор Носир Зоҳидовичнинг кўзлари косасидан чиққудек бўлиб бақрайди, шу чоққача махфий тутган режасидан рўпарасидаги югурдак ҳам хабардорлигини эшитиб, оғзи қуруқшаб кетди.

Хонага бир сония жимлик чўкди.

Профессор ўрнидан аранг туриб, Латифнинг қаршисига келиб тўхтади.

– Буни қаердан биласан?

– ...

– Яна кимнинг хабари бор?

– Ўзимни биламан... бошқалар учун жавоб беролмайман!

– Ростини айт...

– Рости шу.

– Ҳеч кимга лақилламадингми?

– Мен ўзимни биламан.

– Бунга гумоним бор.

– Худо шоҳид, ҳеч кимга оғиз очмадим...

Профессор илончалардек майда ажинлар ғимирлаётган пешонасини ўнг кафти билан силай туриб, хўрсинди.

– Қаҳва ичасанми?

Латиф индамади.

Профессор Носир Зоҳидович хона бурчагига бориб, электр чойнак тугмачасини босди.

Унинг чироқчаси ўчган заҳоти, Латиф профессорнинг қўлидаги финжонни олмоқчи эди, у бунга изн бермай:

– Ўтир, – деди.

Латиф унинг айтганини қилди.

Профессор Носир Зоҳидович икки финжон қаҳва тайёрлаб, бирини Латифнинг қаршисидаги столча устига қўйди.

– Шакари озроқ, – деди столча ўртасидаги қанддонга нигоҳи билан ишора қилганча.

– Шуниси яхши, – деди энди ўзини тутиб олган Латиф таъби профессордан узоқ эмаслигини намойиш этаркан.

– Шакарнинг кўпи заҳар, – деди профессор Носир Зоҳидович нимагадир ишора қилаётгандек ёки шунчаки бемаъни гап айтиб. – Нима, сенга ўзингнинг қолипинг камлик қиляптими?

Кутилмаган бу гапдан бироз эсанкирагандек кўринган Латиф ўзига бошдан-оёқ назар солиб, кифт қисиб қўйди.

– Бизнинг шиша қолипимиз шиша дейилгани билан кўзга ташланмайди, – энди профессорнинг қонсиз юпқа лабларида қув табассум ўйнади. – Эҳтимол, уни сенга аллақачон кийдириб қўйгандирман.

Финжонни оғзига олиб бориб, эндигина ҳўпламоқчи бўлиб турган Латиф бўғзига бехосдан ўткир тиғ қадалгандек ўқчиб юборди – финжон қалқиб, ундаги қаҳва тиззаси устига, оғзидан сочилгани столча сиртига ёйилди.

– Ош, ош! – деб қўйди профессор Носир Зоҳидович уни масхара қилаётгандек.

– Ҳазиллашяпсизми?

– Мен сен билан ҳазиллашиш ёшидан ўтганман.

– Бўлиши мумкинмас, мен шиша қолипда бўлганимда ўзим сезар эдим.

– Ким сезибдики, сен сезасан?

– Кўпчилик қолипда, деб ўйлайсизми?

– Ҳамма!

– Қанақасига?

– Шунақасига, – профессор Носир Зоҳидович ба­майлихотир қаҳва ҳўплади. – Жамиятда тутган мавқе-обрўсига, эгаллаган лавозимига, ўзининг асл қон-томирига, миллий менталитетига, миллий бўлмаган менталитетига, миллий қадриятларига, миллий бўлмаган қадриятларига қараб... ҳаммаям қолипда яшайди!

Латиф профессорга ҳайрон бўлиб қаради. Бу кекса руҳшуноснинг ўзини эси оғиб, жинни бўлиб қолганга ўхшар, оғидан чиқаётган пойинтар-сойинтар, телба-тескари гап-сўзларни тўғри-нотўғри демай, ҳамроҳининг юзига отаётгандек туйилди.

– Унда нега сиз... – Латиф гапининг давомини айтишга улгурмади, илҳоми жўш уриб, сеҳргарлиги ошиб кетган профессор дарҳол унинг оғзидагини юлиб олди.

– Э-ҳа, таппа-тайёр қолиплар турганида нега сиз шиша қолип яратяпсиз, демоқчисан-да, бўтам? – Латиф унинг жавобидан ҳам кўра, ўзини яқин олаётгандек «бўтам»ни урғулаб айтганидан юраги қалқиб кетди – зеро, ўзи билан ўзи бўлиб юрадиган бадқовоқ, нафосат кўчасидан ўтмаган профессор нар шер оғзидан ўлжа бергандек бу сўзни илк бор истеъфода этиши эди. Бу ҳолатни ўзи ҳам туйқусдан пайқаб қолди, шекилли, оғзининг бир томонини очиб илжа­йиб қўйди.

– Ҳа, – Латифнинг бош ирғаб тасдиқлашдан ўзга иложи қолмади. – Шунга ҳайронман.

– Ҳайрат – соз нарса, – нар шер ўрмонда тутиб олган маймунчани ўйнатаётиб, азбаройи ҳузурланганидан ириллаб қўяётгандек эди. – Аммо ҳамма нарсадан ҳайратланавериш дидни ўтмаслаштириб, инсон таъбининг расвосини чиқаради. Шиша қолипга келадиган бўлсак, бу ҳали зийрак қулоқлар (сеникига ўхшаган!) учун шунчаки миш-миш, уни аввал синаш керак, синовдан ўтмаган тажриба – қуруқ гап. Назария қуруқдир, дўстим, аммо унда яшар ҳаёт дарахти.

Профессор Носир Зоҳидович ўзини тонгда йўқлаганларни ёқтираркан, шекилли, бошқа пайтларда минг пойлаган билан оғзидан чиқиши мумкин

...