Япон зобити. Ютаро Тоданинг асирликда бошдан кечирганлари
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Япон зобити. Ютаро Тоданинг асирликда бошдан кечирганлари

Тегін үзінді
Оқу

Ато Ҳамдам, Леонид Чигрин

Муаллифларнинг розилиги билан таржима қилинди

ЯПОН ЗОБИТИ

Ютаро Тоданинг асирликда бошдан кечирганлари

Таржимон

Муқаддис Дўстматов

Муҳаррир

Муҳаббат Шарифова

Мусаҳҳиҳлар

Йигитали Маҳмудов

Зиёдахон Турдибоева

“Asaxiy Books” лойиҳаси доирасида таржима ва чоп қилинди
Тошкент, 2023

Ушбу китобнинг ўзбек тилига таржимаси учун муаллифлик ҳуқуқи “Asaxiy books” лойиҳасига тегишли бўлиб, “Asaxiy Books” рухсатисиз китобни босма, электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.

 

 


 

 

Ёш япон офицери Ютаро Тода оқ подшо армиясига ёрдам бериш учун Антанта қўшинлари таркибида Россия шимолидаги Поморьега кириб келганида, ҳаёти тубдан ўзгариб кетишини тасаввур қилмаганди. Тинч ва осуда ҳудудда душманга қарата бирор марта ўқ узмаган зобит партизанларга асир тушди, лекин тез орада уларнинг ҳурматини қозониб, отряд командирига айланди. Бироқ НКВД ходимининг асоссиз гумонлари билан қамоққа олиниши унинг ҳаётидаги энг мураккаб воқеаларнинг дебочаси бўлди. Ютаро ўзи истамаган ҳолда янги тузилган ҳукуматнинг қамоқхонасидаги инсонийликдан йироқ ички сирларга гувоҳ бўлиб қолди. Бунинг бадалини эса умрининг узоқ йилларини маҳбусликда ўтказиш билан тўлашига тўғри келди…

© “Asaxiy Books” МЧЖ, 2022

©Ато Ҳамдам, Леонид Чигрин, 2012

 

 

 

Биринчи қисм
ЗУЛМАТ САРИ

 

 

1

Архангельск япон отрядини хушламай кутиб олди. Баҳор қарийб яримлаб қолган бўлса-да, ҳали атрофда илиқлик ва табиат жонланиши сезилмасди. Оқ денгиздан кескин, изғирин шамол эсар, ҳатто иссиқ кийимлар ҳам аёздан қутқара олмаётганди. Шимолий Двина сувининг юзаси кўпикланар ва тўлқинлар мавж урарди. Қирғоқ бўйлаб қорайиб кетган муз қатламлари уюлиб қолган, улар бир-бирига урилиб майдаланар, секин ва истамайгина эриётган қатламларга ажраларди. Дарё суви қўрғошин рангида товланар, унга бир қарашдаёқ танага совуқ титроқ кирарди. Барча тирик мавжудотни жунжиктираётган изғирин айнан ундан таралаётгандек эди гўё. Куртаклар анча бўртиб қолган бўлса-да, дарахтларда ҳали яшиллик кўринмасди. Новдалар маъюс эгилиб турар ва кулранг осмон узра бир-бирлари билан кесишиб, ўргимчак тўри сингари турли ғаройиб шаклларни ҳосил қиларди. Ҳатто дарахтлар ҳам ҳавонинг илишига, ва ниҳоят, қуёш чиқишига ишонмаётгандек эди. У эса чиқишга шошилмасди. Узундан-узоқ давом этган қаҳратон қишдан заифлашиб қолган қуёш аста шимолга қараб сузаётган ва пастдан қорайиб кўринаётган қалин булутларни ёриб ўта олмасди. Аҳён-аҳёнда оқариб кўринаётган ғира-шира шарсимон ёруғлик эса совуқдан қақшаган одамларга қуёш ҳали мавжудлигидан, агар куч-қувват йиғолса, кунлар нинг бирида ёришаётган осмон узра пайдо бўлишидан дарак берарди. Лекин ҳаммасидан ҳам тинимсиз ёмғир тинкани қуритарди. У эрталабдан кечгача тинмай, гоҳ кучайиб, гоҳ секинлашар, бироқ батамом тўхтамасди. Совуқ шамол ёмғирни ҳовучлаб юзга сепар, ерга яқин қоп-қора булут қатламида қандай ва қаердан шунча миқдордаги намлик йиғилиб қолгани тушунарсиз эди. Ёмғирдан жиққа ҳўл бўлган кийимлар елкада зил-замбилдек осилиб турар, ёғин-сочиндан ёғоч уйларнинг тўсини янада намиққан ва деярли музлаб қолган ерга кириб кетгудек турарди. Атроф на қора, на оқ рангда эди, шаҳар ва унинг теварагини чексиз ёғингарчиликнинг кулранг ҳовури қуршаб олганди. Нима учун бундай аталиши тушунарсиз Оқ денгиз суви совуқ пўлат рангида товланарди. Совуқ, маҳзун ва доимий қовоғи солиқ об-ҳаво бу жойнинг асосий белгилари эди.

“Архангельскнинг нимаси шаҳар экан?” – Поручик Ютаро Тода буни сира ақлига сиғдиролмасди. Шаҳар – уйлари тошдан қурилган, кўчалари кенг, турфа рангларга бой, кўпчилик яшайдиган, ҳамма нарса кўзни қувнатадиган ва шодлантирадиган маскан. Бу ерда эса фақат кичкина ғира-шира деразаси ва дарвозаси олдида ўриндиқ вазифасини ўтовчи қалин хода турган пастаккина ёғоч уйлар, балчиққа ботган тор, қинғир-қийшиқ кўчалар, ҳовлиларда сақланаётган чорванинг ўткир ҳиди бор. Аҳён-аҳёнда сигирнинг маъраши тинимсиз шивалаётган ёмғир товушини босиб қулоққа чалинади, ҳар замонда хўрозлар бўғиқ овозда эринибгина қичқириб қолади. Доимий ғира-шираликдан улар тун билан кунни фарқламай қўйган ва азбаройи ўз хўрозлик бурчларини оқлаш учун кўпинча тусмоллаб қичқириб қўярдилар. Маҳаллий аҳолига улар тонг отганини ва ўриндан туриб, навбатдаги туганмас юмушлари билан шуғулланишлари кераклигини эслатувчи соат вазифасини ўтарди. Бироқ Архангельскка ҳарбий қисмлар келиши билан шаҳардаги чорва ва паррандаларнинг сони сезиларли камайди. Ёмғирлар ва лойгарчилик туфайли отрядларга озиқ-овқат мунтазам етказилмай қўйди ва энди оч-наҳор аскарлар ҳовлиларда изғиб, ейишга яроқли бор нарсани тортиб олишарди. Натижада маҳаллий аҳоли билан шусиз ҳам яхши бўлмаган муносабатлар янада ёмонлашди.

Аҳолининг ўзи кўчада камдан-кам пайдо бўлар, мўрилардан том бағирлаб сизиб чиқаётган кўкимтир тутун одамларнинг вақтини кўпроқ уйда, панада ўтказаётганидан дарак берарди. Фақат қандайдир муҳим заруратгина уларни кўримсизгина ҳовлиларидан чиқишга мажбур қиларди. Қўлда тикилган қўпол кийим, пўстин ва қулоқчин-телпакларда бу одамларнинг юзи бир хилдек туюларди, ҳар ҳолда Ютаро Тода уларни бир-биридан фарқлай олмасди. Аёллар умуман кўринмас, худди Архангельскда фақат бадқовоқ ва ёқимсиз эркаклар, кексалар яшайдигандек таассурот уйғонарди. Отряд командири, полковник Исикуранинг айтишича, ўрта яшар кишилар ва ёшлар партизанларга қўшилиб кетган экан. Эҳтимол, шундайдир ҳам, ҳар ҳолда полковник бу ерларда нималар бўлаётганини яхшироқ биларди.

Эрталаб ҳам ўша зах ва этни жунжиктирувчи совуқ ҳукмрон эди. Дарё бўйлаб қуюқ туман сузар, у ўзининг нам ҳовури билан теварак-атрофни гўё ютаётгандек шаҳар томон ўрмалаб борарди. Оёқ остида лой пилчиллар, этиклар қарийб тўпиққача ботарди. Ботқоқ ва ёпишқоқ балчиқ юришга халал берар, аскарлар оёқларини кўтарганида кўпинча этиклари лойда қолиб кетарди. Ана шунда бир оёқда сакраган ҳолда иккинчи этикни лойдан суғуриб, жойида кийиб олишга тўғри келарди.

Ҳеч қаерда милт этган чироқ кўринмасди. Архангельск аҳолиси қирилиб кетган жойга ўхшарди. Кўп уйларни эгалари ташлаб кетган бўлиб, ҳувиллаб ётарди. Дераза ромлари ва дарвозалар табақалари хоч шаклидаги тахталар билан михлаб ташланганди. Отрядни жойлаштириш муаммо бўлмади. Аскарлар тахталарни суғуриб ташлаб, эгасиз уйларда яшай бошлашди. Исиниш учун уйларнинг йўғонроқ ходаларини думалатиб, уларни ғўла қилиб арралашди ва болта билан ёриб ўтин қилишди. Шу туфайли баъзи уйлар яккам-дуккам чириган ва қорайган тўсинлари билан худди қовурғалари турли томонга қаққайиб турган беўхшов устухонга ўхшаб қолганди.

Поручик Тода Ютаро ўз бўлинмасини Архангельск чеккасига олиб борди. Бўлинманинг вазифаси шаҳарни партизанларнинг кутилмаган ҳужумларидан ҳимоя қилиш эди. Кундузи аскарлар икки-учтадан бўлиб, шаҳарнинг кўча ва тор кўчаларини қўриқлашар, ҳар бир бурчакни синчковлик билан кузатиб юришарди. Агар шубҳалироқ ниманидир сезиб қолишса, ҳовли ва уйларга кириб, у ерда яшовчиларни текширишарди. Барибир бунақа текширувлар одатда кутилган натижани бермасди. Шаҳарда партизанлар йўқ, улар ўрмонларда ва атрофдаги ҳали япон отрядлари эгалламаган қишлоқларда турар, бу ерда эса вазият тинч эди. Лекин бу нисбий тинчлик бўлиб, кечалари отишмалар эшитилиб турар, кимдир “махфий жойлар”га, қалин ёғоч тўсинлардан қурилган аскарларнинг кузатув постларига ҳужум қилиб қоларди. Қоронғида патрулларга юриш хавфли эди, улар “махфий жой”да ўтириб чиқар ҳамда ҳар қандай шарпа ва шовқинга қарата милтиқларидан таваккалига ўқ узишарди. Шаҳарни бу йўсинда муҳофаза қилишдан наф камлигини поручик яхши тушунар, афсуски, ҳозирча бундан бошқача йўл топилмаётганди. Ҳеч қандай ҳимоя бўлмаганидан кўра шу муҳофаза яхшироқ эди.

Баъзан аскарлар дайди ўқларга нишон бўларди ва шаҳар атрофида мўъжазгина япон мозори юзага келганди. Гоҳида ҳужумчиларни ҳам ўлдиришарди, лекин уларнинг кўринишидан кимлигини аниқлаш мушкул эди. Жасадларини шунчаки жарга, оч ва дайди итларга ўлжа сифатида улоқтириб қўя қолишарди.

Эрталаб бўлинма командири “махфий жой”да кечаси билан ўтириб чиққан аскарларни алмаштирди. Улар уйқуга тўймаганидан асаблари таранг, қадлари дол бўлиб қадам ташлар, елкаларидаги милтиқлари сув кирмаслиги учун оғзи пастга қаратиб осилганди. Намликдан милтиқлар юзасини занг босарди. Поручик бунга талабчанлик билан қараб, қуролларнинг ҳар куни тозаланиши ва мойланишини талаб қиларди. “Арисака” деб аталувчи япон милтиқлари жангда қулай бўлса-да, инжиқ эди ва озгина эҳтиётсизлик оқибатида затвор ейилиб кетиши ёки ўқдонда ўқ тиқилиб қолиши ҳеч гап эмасди. Ютаро Тоданинг фикрича, қуролсиз аскар аскар ҳисобланмасди.

Поручик талабчан, бироқ адолатли бўлишга уринарди. Машаққатли хизматнинг барча азобларини қўл остидагилари билан теппа-тенг баҳам кўрар, арзимас тартибсизлик учун қаттиқ чора қўллар, лекин одамлари ҳақида ҳам қайғурарди. Уларга яхшироқ бошпана қидирар, иссиқ овқат вақтида етказилишини назорат қилар, ўзига ҳеч қандай имтиёз бермай, улар билан умумий қозондан овқат ерди. Тўғри, у алоҳида хонада яшар ва бор-йўқ имтиёзи шу билан тугарди.

Ҳозир ҳам аскарлар деворга яқинроқ ердан юришга ҳаракат қилишар, баъзан кўриниб қолаётган тахта тўшамалар йўлак вазифасини ўтарди. Поручикнинг ўзи эса лойни кечганча кўчанинг қоқ ўртасидан кетиб борарди. Аскарлар ёмғирдан озгина пана бўлиши учун шинелларининг устидан брезент ёпинчиқ ташлаб олишган, бўлинма командири эса шуни ҳам ўзига раво кўрмаганди. Офицер доимо ёш ва тетик кўриниши, қўл остидагиларга ибрат бўлиши керак. Агар у худди оёғини зўрға кўтариб босадиган, ивиган товуқ сингари жунжикиб юрса, бусиз ҳам ўзи хароб аҳволда юрган аскарларга қандай ибрат бўлади?

Кун сал ёриша бошлади. Осмон қорамтирдан кулрангга ўзгара борди, дарёдан шаҳарга қараб ўрмалаётган туман чегараси кўрина бошлади. Поручик “махфий жой”лардан аскарларни олди, кечаси топшириқ олмаганларга эса патруллик йўналишини белгилаб берди. Баъзан кўчада маҳаллий аҳолидан кимдир кўриниб қолар, аммо япон аскарларини кўриши билан ура-сола ҳовлисига яширинарди.

Ютаро Тода ҳали ёш бўлиб, бор-йўғи йигирма учга кирганди. Хизмат муддати бошланганига эса эндигина икки ой тўлаётганди. Нагоядаги ҳарбий билим юртини тамомлаганидан сўнг уни отряд таркибида Архангельскка юборишди. Баъзида юк ташиш кемаларида, баъзида эса музлар туфайли сувда сузиш амримаҳол бўлганида, колонна билан пиёда юриб, бир ойларда манзилга етиб боришди. Лекин Ютаро Тода тушкунликка тушмас, ҳали ёш бўлса-да, унда етилган некбинлик машаққатли йўл азобларини ювиб юборди. Унинг учун ҳамма нарса: ўзига хос мафтункор шимол манзараси ҳам, ўзини тайёргарлик кўрган моҳир командир сифатида кўрсатиш туйғуси ҳам, шунингдек, қор-ёмғир остида, баъзида эса ярим оч ҳолдаги узоқ муддатли юришларда жисмоний салоҳиятини синаб кўриш ҳам қизиқарли туюларди. Ва у кўпни кўрган аскарлардан кам эмаслиги ҳамда уларга буйруқ бериш ҳуқуқига эгалиги, ҳар доим ва ҳамма нарсада олдинги сафда экани ва бўйсунувчиларнинг ортига бекинмаслигига фахр билан ишонч ҳосил қиларди. Лекин фақат бир нарса, яъни жанг ҳаракатлари унга ёқмасди. У бўлинмаси муҳим топшириқни бажарадиган кенг қамровли жангларда иштирок этишини тасаввур қилганди. Бундай ҳаракатларда ташаббус ва абжирликни кўрсатиш мумкин бўларди. Масалан, унинг бўлинмаси маҳаллий паст-баландликлардан фойдаланиб, яхшигина бекинган душман устига биқиниб боради, қуршовга олади ва уларни асир тушишга мажбур қилади. Ёки янада яхшироғи, пулемёт ва милтиқлардан нишонга олиб, бараварига ўққа тутилган бутун бошли батальон қаршилиги бостирилади ҳамда унинг полки янада йирикроқ жанговар вазифани уддалаганича қаршиликсиз олға силжийди. Поручик Ютаро Тода эса қирғинбарот отишма остида мардларча душман аскарларига ташланади ва қўл жангида бир ўзи ўнлаб душманларни ер тишлатади. Ҳарбий билим юртида шарқ якка курашига қизиққан ва зарурат туғилса, ўзини муносиб ҳимоя қила олишни биларди. Ва ўшанда доим ташвишланиб юрадиган полковник Исикура ҳамманинг олдида жасур поручикнинг қўлини сиқади ва япон қўмондонлиги номидан унга довюраклиги ҳамда моҳирона ҳаракатлари учун ташаккур билдиради.

Лекин ҳозирча ҳақиқат ёш офицернинг романтик тасаввурларига унча тўғри келавермасди. Кундалик хизмат тартиби ҳам бу ердаги ҳаёт каби рангпар эди. Архангельск вилоятида тўртта япон бўлинмаси жойлашганди. Улар қўмондонлик жойлашган шаҳар муҳофазасида ва жанговар тартибда ўзаро алмашиниб турарди. Шундай қилиб, таркибида поручик Ютаро Тода бошчилигидаги взвод бўлган полкка Архангельскни ҳимоя қилиш топширилган, бунгача шаҳарда бўлган полк эса партизанлар тўплангани аниқланган Онегага кирганди. Яна бошқа икки бўлинма душманлар билан Ухта ва Мезень яқинида тўқнашди, аммо у ерда ҳам поручик Ютаро Тода орзу қилган йирик жанг бўлмади. Партизанлар душман билан қисқа тўқнашувларни афзал кўришар, ҳужум қилиб, ўққа тутгач, гўё бепоён тундра ва қалин ўрмонларга сингиб кетишар, об-ҳавонинг чўзилиб кетган ноқулайлиги ҳам буни осонлаштирарди. Уларнинг мақсади душманни саросимага солиш, бир жойда ушлаб туриш, генерал Краснов қўмондонлигидаги оқ гвардия қисмларига (улар қатъиятли ва ўжар Қизил армия полклари билан шиддатли жанг олиб бораётганди) қўшилиб, мадад беришига йўл қўймаслик эди. Ва тан олиш керакки, партизанлар ўз вазифаларини уддалаётганди – улар нафақат япон бўлинмаларини, балки Россия шимолига қўшин туширган француз ва инглиз қисмларини ҳам ушлаб туришарди.

Поручик Ютаро Тода жанговар тажрибаси йўқлигидан Антанта қўшинлари юриш қилаётган жойлардаги воқеаларнинг бутун кўламини тўлиқ тасаввур этолмаётганди. Лекин ҳарбий билим юртида олган сабоқлари асқатаётганди. У вазиятни таҳлил қила билар ва тўғриси, иттифоқчи қўшинларнинг йирик қўшилмаси бир жойда туриб қолгани, қизилларнинг тезда тор-мор қилинмагани, уруш ҳаракатлари секинлашганда кутиш асосий омил бўлиб қолганини сезиб турарди. Юзага келган бу ҳолат эса рақибларга қўл келарди. Улар ўзига таниш бўлган ва одатдаги муҳитда уруш олиб борар, шунингдек, ўзиникиларни ҳар қанақасига қўллаб-қувватлаётган маҳаллий аҳолига таянарди. Қизилларнинг нафақат ҳаракатдаги қисмлари жанг олиб борар, балки кўп сонли партизан отрядлари ҳам уларни қўллар ва шу тарзда бутун халқ иштирокида фуқаролар уруши кетаётганди. Бундай шароитларда Антанта иттифоқчи қўшинларига жанг қилиш ўта қийин кечар, улар марказдан узилиб қолишганди. Уларнинг озиқ-овқат, ўқ-дори ва қуроллари ҳамда барча анжомлар таъминоти марказий омборлар измида бўлиб, агар ушбу занжир узилса, улкан ҳарбий машина бекорга ишлаб турар ёки бутунлай тўхтаб қоларди.

Поручик ортига ўгирилди. Аскарлар орқасидан ёйилиб кетган занжир сингари келишар, бўлинманинг саф тартиби бузилганди. Ҳамма бошини қуйи солганча қалин балчиқдан оёқларини зўрға суғуриб имилларди. Ютаро Тода тўхтади, ёнидаги аскарни ўтказиб юборди-да, баланд овозда буйруқ берди:

– Ростланинг! Бошингизни кўтаринг! Аскармисиз ёки ивиган товуқми?! Илдамроқ қадам ташланг!

Бўлинма тезроқ юра бошлади, яна икки қатор саф пайдо бўлди, энди бирлашган кичик ҳарбий қисм кўринишига келди. Поручик одамларни жонлантириш, бўшаштирмаслик кераклигини, акс ҳолда уларнинг жанговар кайфияти тезда тушиб кетишини биларди. Шунинг учун аскарлар дам олиб бўлгач, қолган вақтларида қуролни қисмларга ажратар ва тозалар, сафда юриш машғулотлари билан шуғулланар, қоровуллик вазифасини бажарар, ошхона ва казармаларда ишларди.

Об-ҳаво яхшиланмади. Оғир булутлар гоҳида қоп-қора қатламга уюлар, гоҳида эса бўлинар, худди кимдир тиришқоқлик билан улардан тўкилай деб турган намликни ушлаб туриш учун баҳайбат чўмичда аралаштираётгандек таассурот уйғотарди. Лекин ёмғир тинмас, уйларнинг томига, аскарларнинг елка ва бошларини тўсиб олган брезент ёпинчиқларига худди аввалгидек бир хил маромда шитирлаб ёғар, кўчанинг бир томонидан иккинчи томонига қуйилаётган кўлмаклар юзасидаги пуфакчаларни таъқиб этарди.

Қарғалар галаси қаттиқ қағиллаганча шаҳар узра учиб ўтиб черков гумбази ва хочига қўнди. Қушлар гала-гала бўлиб тунд об-ҳаводан зорланар ва иссиқ кунлар келишига ошиқарди.

Амаллаб бўлинма жойлашган хоналарга етиб келишди. Поручик қайси аскар дам олиши, кимларга топшириқ берилишини ойдинлаштиргач, ўз хонасига ўтди-да, жиққа ҳўл бўлган кийимини, этигини ечиб, каравотига чўзилди. Кун эндигина бошланган бўлса-да, гавдаси худди қўрғошин қуйилгандек гувилларди. Ютаро Тода кечалари ёмон ухлар, баъзан ўринда суяниб ўтириб олар, бўғиқ ўқ товушларига қулоқ солар, махфий жойларда қоровуллик қилаётган одамларидан хавотирланарди. Бу кеча тинч ўтди, ҳеч қандай ташвишли воқеа юз бермади. Демак, яна озроқ чўзилиб ётиш, кейин эса ўзига ишониб топширилган ҳудуддаги вазият ҳақида навбатдаги ҳисобот билан полк штабига бориш ва янги топшириқни олиш мумкин.

Унинг миясида ўй-фикрлар аралашиб кетди, улар худди намлик билан лиқ тўла ўша булутлар сингари кетма-кет ёпирилиб келарди. Ютаро Тода ўзи ҳақида ўй сурарди. Бир хил хизмат уни буткул эзиб юборган, лекин икки ойдан сўнг уларнинг полкини алмаштиришлари ва олд фронтга йўл олишлари унга таскин бағишларди. Ана ўша ердан зобитлар мактабида тайёрлашганидек чинакам иш бошланади. Ютаро Тода оиласида ҳарбийлар йўқ бўлса-да, бу касбни танлаганидан афсусланмасди. У Хоккайдо оролидаги Саппорода туғилганди. Отаси ўша ерда тиббиёт институтини тамомлаган ва узоқ йиллар хусусий шифохонада ишлаганди. Уни қўлигул жарроҳ дейишар ва бу муболаға эмасди. Ишдан қайтгач, у хотини ва болаларига куни қандай ўтгани, қанақа жарроҳлик амалиётларини бажаргани ва беморлардан қай бирини ўлим чангалидан тортиб олишгани ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берарди. У шифохонага чақирилмаган кечалар камдан-кам бўлар, бироқ отаси ҳеч қачон нолимаган, касбига содиқлик унинг ҳаётини белгилаб берганди. У фарзандида ўз касбининг давомчисини кўргани аниқ. Гарчи Ютаро ўзида тиббиётга унчалик мойиллик сезмаса-да, эҳтимол, шундай бўларди ҳам. Модомики отаси хоҳлар экан... Бир тасодиф унинг мақсадларини ўзгартириб юборди.

Бир неча йил олдин отасини нимадир безовта қилаётганини сеза бошлашди. Саволларга қандайдир тушунарсиз жавоб қайтарар, кўзларида аввалги чақноқлик йўқ, доимги тўлқинланишлар ўрнини қайғули ўй-хаёллар эгаллаганди. Отаси қўллари билан столга суяниб, бошини уларнинг устига ташлаганча соатлаб ўтирарди. Қадди дол бўлиб қолган, кураклари ўткир ярим доира шаклида чиқиб турарди. Онаси унинг ҳамкасбларидан сўраб-суриштириб, эрида артрит ривожлана бошлаганини билди. Отасининг бармоқ бўғимлари шишиб, қота бошлаган, қўллари аввалги эгилувчанлиги ва чаққонлигини йўқотган, шунинг учун жарроҳлик амалиётларини тўхтатишга тўғри келганди. Эндиликда ота фақат ёш жарроҳларга маслаҳатлар берар, лекин ўзидан кўнгли тўлмаётганди. Ҳозирча унга аввалги маошини тўлаб туришар, лекин у вақт ўзига қарши ишлаётганини сезарди. Озгина вақт ўтиб, собиқ жарроҳга бошқа иш топишини таклиф қилишади. Бошқа касбни ўрганишга эса энди кеч, чунки у элликдан ошиб қолганди. Ўзининг ортиқча эканини сезиш уни тобора қийнай бошлади. Отаси ўз ранж-аламини фақат сакэ – гуруч ароғини кетма-кет сипқориш билан босар, бу эса касаллик ривожини тезлатарди. Фақат қизи унинг изидан бораётгани овутар, курсларни тугатган қизи у ишлаган клиникада ҳамширалик қилар ҳамда тиббиёт олийгоҳига киришга тайёрланарди.

Ютаро айни ўша дамларда ўзининг кейинги тақдири ҳақида ўйлай бошлади. Шифокор бўлди ҳам дейлик, бироқ отаси билан юз берган ҳолат унинг ҳам бошига тушмаслигига ким кафолат бера олади? Йўқ, у ҳақиқий эркакча касб топиши керак. У орқали ўзини яхшигина боқсин ва ҳаётда ўрнини топганини ҳис этсин. Узоқ ўйлашга ҳожат қолмади. Жисмоний тарбия дарсларида ўқитувчиси чаққон ва бақувват ўсмирни мақтарди. “Сендан, Ютаро, зўр зобит чиқади!” деб такрорларди кўпинча. У отаси пиёда қўшин полковниги бўлган дўсти – Кобаяши билан бирга Нагояга бориб, офицерлар билим юртига ўқишга кирди.

Тўрт йил кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. Ўқиш Ютарога осон кечди, чунки у жисмонан кучли ва чидамли, мияси яхши ишлар, ҳар бир кун янги ва қизиқарли маълумотлар билан бойирди. Дўсти Кобаси ҳаммани ҳайратда қолдириб, икки йилдан сўнг офицерлик касбидан совиди ва юрист бўлишга қарор қилди. Аниқроғи, полковникнинг ўғли ҳарбий билим юртидан кетди, шифокорнинг ўғли эса қолди, боз устига, у офицерликни айнан керакли касб деб ҳисобларди.

Ютаро Тода пиёда қўшинлар ҳарбий билим юртини энг яхшилар қаторида тугатди. Унга иккита йўлни: ўша ерда қолиб курсантларга офицер-тарбиячи бўлишни ёки ҳаракатдаги армияга боришни таклиф қилишди. У иккинчисини танлади. Саргузаштларга ташналик ва ҳақиқий жанговар ҳаётга шўнғиб кетиш уни оҳанрабодек ўзига тортарди.

Кейинги воқеалар ёш поручикнинг иштиёқига имкон туғдирди. Муносабатлари Япония билан мураккаб вазиятда бўлган Россияда инқилоб юз берди. Подшо тахтдан четлатилган, Октябрь тўнтаришидан сўнг Совет республикаси ташкил топган ва мамлакатда фуқаролар уруши авж олганди. Россияда советларни қириб ташлаб, аввалги монархия бошқарувини тиклаш учун йигирмадан ортиқ мамлакат ўзаро битим тузди. Инқилобий ўзгаришларнинг учқуни бошқа давлатларга ҳам ёйилиши мумкин эди ва бунга йўл қўйиб бўлмасди. Коалицияга қўшилган ҳукуматлар қўшинлари оқ армия ва унинг генералларига ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида Россия ҳудудига кирди. Япония жанговар ҳаракатларни Узоқ Шарқ ва Россиянинг шимолида олиб борарди. Ютаро Тода шу тариқа Архангельскка келиб қолганди.

У каравотида қўзғалиб, кўзини очди ва яқинлаштириб соатига тикилди. Тез орада етти бўлади. Ҳар куни эрталаб соат саккизда полк штабида зобитлар кенгаши ўтказиларди. Полковник Исикура ўтган кун натижаларини умумлаштирар, офицерларни фронтдаги вазият билан таништирар ва бўлғуси кун вазифаларини белгилаб берарди.

Поручик ўрнидан турди ва тезда ўзини тартибга келтира бошлади. Полковник хизматдаги кечикишлар ва интизомсизликни жини суймас, Ютаро Тода буни яхши билар ва белгиланган тартибни бузишни асло ўзига эп кўрмасди.

* * *

Шимолий Двина ва Оқ денгиз бўйларидаги қишлоқлар аҳолиси ўзларини азалдан “Поморлар, бошқача айтганда, аждодларининг ҳаёти қадим замонлардан буён денгиз билан боғлиқ одамлар” деб атардилар. Улар балиқчилик билан шуғулланишар, денгиз мушукларини овлашар, бу жониворларни қидириб ўзлари тахтадан ясаган кемаларда Шимолий қутбгача кетиб қолар, денгиз ҳайвонлари сероб бўлган кимсасиз ороллар ва соҳилларни излашарди. Поморлар кучли ва ҳар қандай қийинчиликка кўниккан чапдаст кишилар эди. Улар энг аввало эркин ва озод яшашни афзал кўришар, лекин бунақа ҳаёт кейинги ўн йилликларда тобора камайиб бораётганди. Илгарилари улар келгинди савдогарлар билан савдо қилишар, уларга тузланган балиқ, мўйна, тери, морж суяги ва тишларини сотишарди. Лекин савдогарлар мўмай даромад илинжида қишлоқларда яшаб қолишди, савдо дўконлари очиб, поморларга узоқ-узоқ сафарлари учун нимаики зарур бўлса, ҳаммасини: озиқ-овқат, жиҳозлар, қуроллар ва ўқ-дориларни насияга берадиган бўлишди. Бундан ташқари, ўз маблағларидан кемалар қуриб, уларни балиқчи ва овчилар бригадасига қарзни ўлжа ҳисобидан қоплаш шарти билан ижарага беришганди. Ов доим ҳам омадли бўлавермас, поморлар ўзлари сезмаган ҳолда аста-секин аёвсиз “қармоқ”қа тушиб қолишди. Улар нафақат қарзларини тўлай олмади, балки янада чуқурроқ қарз ботқоғига ботиб, фирибгар савдогарларнинг тобе қулларига айландилар. Подшо гумашталари ҳам улардан бўлар-бўлмас бож ундириб, тинкасини қуритарди. Томорқа, тирик жонлар, чорва, мўридан чиққан тутун, балиқ ови ва ҳайвон овлашга рухсат олиш учун солиқ ундириларди.

Поморлар қалбида савдогарлар ва гумашталарнинг ўзбошимча қилмишларига нисбатан нафрат тўлиб-тошганди. Шу сабаб Петербургда подшонинг ағдарилгани ва большевиклар илгаригидек озод ҳаёт ва ўз-ўзини бошқаришни ваъда қилаётгани ҳақидаги хабарларни улар хурсандчилик билан кутиб олдилар. Шундан сўнг подшо генераллари оқ армияга суяниб большевиклар билан уруш бошлаганида, Шимол поморлари четда қараб турмадилар. Улар партизан отрядлари ташкил этиб, оқлар армиясига орқа томондан зарбалар беришди ва оқларни бирваракайига бир неча фронтда жанг қилишга мажбурлашди. Табиийки, улар подшо режимини тиклаш тарафдорларига кўмаклашиш учун келган Антанта аскарларини душманларча кутиб олдилар.

Савелий Парфёнов денгизчилар авлодидан эди. Гавдали, чорпаҳилдан келган, бутун юзини қуюқ соқол қоплаган, айиқники сингари ичига чуқур ботган кўзлари эса бутун Архангельск ўлкасининг денгизчиларига таниш эди. У моҳир овчи бўлиб, узоқ сафарларга бажонидил борар ва доим бой ўлжа билан қайтарди. Лекин у ҳам савдогар ака-ука Толоконниковлардан қулоғигача қарзга ботганди. Шунинг учун Россия пойтахтида большевиклар ғалаба қилгани ҳақидаги хабар архангельскликларга етиб келганида, Савелий дарҳол ўз шаҳрида поморлар кенгашини тузиб, Совет ҳукуматини эълон қилди. Одамлар Толоконниковларнинг уй ва дўконларини эгаллаб, уларнинг барча бойликларини ўзаро тақсимлаб олишди. Кейин ака-ука савдогарларни ёқасидан олиб шаҳар ташқарисига судраб бордилар ва бадарға қилдилар.

– Толе кулиб боқса, қаергадир етиб оларсиз, агар етолмай ҳаром қотсангиз ҳам майли, оқ йўл! – Парфёнов ушбу сўзлар билан савдогарларни қўйиб юбораркан, таланган дўкондорлар енгилгина кийимда, изғирин шамолнинг ҳуштаги остида муз йўлдан тентираб кетишди.

Япон полкларининг Поморьега кириб келиши маҳаллий кенгаш раиси бўлиб сайланган Савелий Парфёновни фаол ҳаракатларга ундади. У ўз тарафдорлари билан яхши қуролланган ҳаракатдаги қисмларга қаршилик кўрсатолмас, босқинчи интервентларга [1] хизмат қилишга эса тоби йўқ эди. Фақат бир йўл қолган – ўрмонга кетиш ва у ерда партизан отрядини тузиш керак бўларди.

Парфёнов қўмондонлигида юзга яқин одам тўпланди. Ҳаммалари бақувват, чидамли поморлар. У мингтагача одам йиғиши мумкин эди, лекин қурол-яроғ етишмас, шунингдек, шунча одамни озиқ-овқат билан таъминлаш ҳам муаммо бўларди. Ҳозирча эса постларга ва кам сонли япон аскарлари гуруҳларига ҳужум қилишар, уларни алмисоқдан қолган милтиқлари билан ўққа тутишар, қуролларини ўлжа сифатида қўлга киритиб, уддасидан чиқа олсалар, ўрмонга, қоронғиликка сингиб кетишарди.

Шуни ҳам айтиш керакки, бу турдаги партизан отрядлари Поморьеда анчагина эди. Уларни топиш ва тугатиш осон иш эмасди. Ёзда улар ўрмонга бекинишса, совуқ пайтларда олисдаги киши қадами етмас қишлоқлардан паноҳ топардилар.

Поморье узра анчадан бери ёмғирли булут ҳукмронлик қилса-да, баҳор яқинлашиб қолган ва уни тўлиқ жанговар тайёргарлик билан кутиб олиш керак бўларди. Бир ой бурун барча партизан отрядларининг қўмондонларига Россия Республикаси Қуролли кучлари бош қўмондони Сергей Каменев махфий чақириқ юбориб, уларни бирлашишга, йирик қўшилмалар ташкил этиб, кенг кўламда ҳаракатланишга ҳамда айни пайтда бирданига бир неча фронтда жанг қилишга мажбур бўлаётган Қизил армия қисмларига фаол кўмак беришга чақирганди.

Савелий Парфёнов партизан етакчиларини Архангельскдан йигирма чақиримча узоқроқда жойлашган Ключевая қишлоғига тўплади. Каменевнинг чақириғига амалий жавоб бериш, бунинг учун эса кўплаб муҳим масалаларни биргаликда ҳал қилиш лозим бўларди.

Иссиққина кенг кулбада, камтарингина тузалган стол атрофида Лаврентий Нефедов, Василий Новожилов, Игнат Сухоруков ва бошқалар ўтиришарди. Уларнинг бари чайирлиги, кенг елкалари, шамол ялаган юзлари, кумушрангда товланаётган қуюқ соқоллари билан бир-бирига ўхшаб кетарди.

– Совет ҳукумати биздан умидвор бўлиб турибди, – дея сўз бошлади Парфёнов, – ва биз ёрдам беришимиз керак. Одамлар етарли, бутун бошли армияни тўплашимиз мумкин, лекин қурол масаласи чатоқ.

– Ўртоқ Каменевнинг ўзи қурол юбора олмас эканми? – текис соқоли узра кафтини юрғизди Лаврентий Нефедов.

Парфёнов унга танбеҳ бергандек қаради.

– Лаврентий, доим шунақасан: аввал гапирасан-да, кейин ўйлайсан... Москвадан бу ёққа олиб келишни ўзи бўладими?.. Йўл бўйи Деникин, Краснов бошчилигидаги оқлар қисмлари, Каппелнинг офицерлардан тўпланган корпуси изғиб ётибди, бу ёқда япон отрядларини айтмайсанми?! Кўрдингми, йўлда қанча тўр бор, бирорта балиқча ҳам тешиб ўтолмайди. Йўқ, оғайнилар, ўз кучимизга ишонмасак бўлмайди.

Игнат Сухоруков ҳафсаласиз қўл силтади.

– Унда маслаҳатлашиб ҳам нима қилардик? Яхши милтиқлар бўлмаса, илгари қандай жанг қилган бўлсак, шунақа давом этаверамиз. Бу аҳволда қанақа бирлашмалар тўғрисида гап юритиш мумкин?

Савелий Парфёнов муғомбирона илжайди.

– Қуролни қаердан олишни биламан.

Ҳамма унга саволомуз қаради.

– Бизга керакли қуролларни японлар беради.

Партизан етакчилари “Савелий ҳазиллашяпти” деб ўйлашди, лекин у жиддий турарди.

– Кеча оқшом қайним Михайла Сафроновдан мактубча олдим. Ҳаммангиз уни яхши биласиз...

– Ҳа, биламиз, – қизиқсиниб жавоб қайтарди Игнат Сухоруков.

– Демак, мана бундай, – давом этди Парфёнов, – Михайла ҳозир “Онега” транспорт кемасида лоцманлик қиляпти. Михайланинг хабар қилишича, японлар Архангельскка қурол ва бир қанча ҳарбий аслаҳаларни етказиш учун унинг кемасини ёллаган. Уч-тўрт кундан кейин кема кўрфазга келаркан. Оқ денгизга кира олади, лекин портга киролмайди. Двина қуйилишига муз тиқилиб қолган. Юкни қирғоққа эшкакли катта қайиқларда ташишади (бу биздан ўттиз чақиримча узоқда), кейин араваларда Архангельскка етказишаркан. Японлар аллақачон от арава ва у ерларни яхши биладиган аравакашларни йиғишни бошлаб юборган. Биз эса уларни ана шу ерда кутиб оламиз. Айтишларича, қўриқчилар унча кўп эмас, аравакашлар эса ўзимизнинг одамлар, гаплашамиз, ёрдам беришади. Икки томондан урамиз, қарабсизки, карвонни эгаллаймиз.

Лаврентий Нефёдов серсоч энсасини қашиди.

– Башарти қўриқчилар кўп бўлса-чи? Хавфли иш, кейин японлар аҳмоқ эмас.

– Улар аҳмоқ эмас, тўғри, лекин биз ҳам анойи эмасмиз. Юз кишидан кўпмиз, йўлини қилиб уддалаймиз, аравакашлар ҳам қўллаб юборишади. Барибир ўзимизникилар-ку!

Парфёновнинг сўзлари ишончли жаранглади ва партизан етакчилари қурол-яроғ карвонига бўлажак ҳужум тафсилотларини муҳокама қила бошлашди.

– Қанча арава бўларкан? – қизиқди Сухоруков.

– Қирқтадан кам бўлмайди, – жавоб берди Савелий Парфёнов.

– Яхши, анчагина қуролланиб оларканмиз.

– Бунақа имкониятни қўлдан чиқариб бўлмайди, – деди вазминлик билан Парфёнов. – Тез орада шамол музни суради ва улар эрий бошласа, транспортчилар тўғридан-тўғри портга кираверишади. Нари борса, бирор ҳафталардан сўнг ёмон об-ҳаво ҳам тугаши мумкин. Ҳужум учун қулай жой бор. Карвон тепаликлар орасидаги ингичка жар ва шу яқиндаги сийрак ўрмондан ўтади. Яширинадиган ер ҳам бор.

Сухоруков Савелийга саволчан қаради.

– Яхши, карвонни эгалладик ҳам дейлик, кейин қурол-аслаҳаларни қаерга бекитамиз? Японлар дарҳол ваҳима кўтаради, кейин бор кучини ортимиздан ташлайди. Ғилдирак излари нам ерда яхши қолади. Ҳужумини анча вақт қайтара оламизми? Ёки ҳар бир уйга биттадан милтиқ бекитиб чиқамиз деб ўйлаяпсанми?

Сухоруков буларнинг барини яққол истеҳзо билан гапирди.

Парфёнов хотиржам турарди.

– Азизим Игнат, буниям ўйлаб қўйганман. Шундай жой борки, у ерга бунақа карвондан юзтасини олиб бориб қўйсанг ҳам, ҳеч ким тополмайди. Изидан тушадими, тушмайдими, барибир.

– Хўш, қаерда экан бунақа жой? – ишонқирамади Сухоруков.

– Сен Соломбалани эсингдан чиқардингми? – кулимсиради Парфёнов.

– Ҳа-я, тўғри, тўғри... Қойил, ақлингга балли, Савелий... Қара-я, эсимизга келмаганини... – ғовур-ғувур қилди партизан етакчилари.

– Демак, бу масалани ҳал қилдик, – Парфёнов кафти билан столга тарсиллатиб урди. – Энди бошқа масала ҳақида гаплашамиз. Қўмондон Каменев биздан партизан бирлашмалари ташкил этишни сўраяпти. “Карвонни эгалладик” деб фараз қилсак, бизда қурол бўлади. Халқни йиғиб, қуроллантирамиз. Ўшанда нафақат оқшомлари отишма қиламиз, балки кундузи ҳам оқ гвардиячиларга, шунингдек, японларга ҳужум уюштира оламиз.

– Ва инглизларни ҳам титиб ташлашимиз мумкин, – қасоскорона қўшимча қилди Игнатий Сухоруков, чунки инглизлар ундан ов қайиғини тортиб олишганди.

– Ҳа, инглизларни ҳам, – рози бўлди Парфёнов. – Хўш, нима дейсиз, бирлашамизми?

– Яхши бўларди, – рози бўлди партизан етакчилари. – Оқлар ва келгиндилар еримизни шунча топтагани етар! Уларни бир сиқувга олайлик-чи, балки бутунлай ҳайдаб юборармиз.

– Бўлмаса, келинглар, бирлашмамизнинг бош қўмондонини сайлаймиз, – деди Парфёнов ҳамюртларига диққат билан нигоҳ ташлаб.

– Ўйлаб ўтирадиган жойи йўқ, – деди Сухоруков жиддийлик билан. – Савелий, бунча юкни сендан бошқа ким ҳам уддаларди? Етакчимиз ўзинг бўласан, вассалом. Оғайнилар, бунга нима дейсиз?

– Яхши фикр... Ўйлашга ҳожат йўқ... Савелийнинг боши олтиндан...

Шундай қилиб, ёши қирқларга кириб қолган архангельсклик денгизчи Савелий Парфёнов бўлғуси партизан қўшилмасининг раҳбари этиб сайланганди.

Ишни кечиктириб бўлмасди. Партизан етакчилари қурол-яроғ ортилган карвон ҳаракатланувчи ўрмон ва жарликни кўздан кечиришди, сўнгра қайси отряд қаерда яширинишини, ким нима қилишини келишиб олишди.

Фақат кутиш қолганди. Ҳаммаси худди Савелий Парфёнов айтганидек бўлди. “Онега” транспорт кемаси Оқ денгизга кириб келди ва қирғоқдан ўн чақиримча нарида, Шимолий Двина қуйиладиган жойнинг ўнгроғида туриб қолди. У ёғига ҳаракатланиш хавфли эди. Баҳайбат музлар дарёнинг қуйилиш жойидаги портни тўсиб, устма-уст қалашиб кетган, баъзилари қарсиллаб ёрилиб тушарди. Улар тахтадан ясалган кемаларни бемалол мажақлаб, чўктириб юбориши ҳам мумкин эди.

Поморлар япон аскарлари назорати остида милтиқ ва патронли қутилар, ҳарбий анжомлар солинган тугунларни эшкакли қайиқларга туширишар ва қирғоққа ташишарди. Муз бўлаклари қайиқнинг ён деворига тегиб тарақлар, тўлқин эса уларни чайқатар, тўла юк ортилган кемачалар баъзида ағдарилгудек бўларди.

Қаттиқ шамол эсар, осмон узра қалин қора булутлар секингина сузар, совуқ ёмғир баъзан йўналишларини ўзгартириб, теварак-атрофда қия чизиқлар ҳосил қиларди. Совқотган аскарлар жунжикиб туришар, кўкариб кетган қўлларини шинелларининг чўнтакларига тиқиб олишганди.

Қирғоқда юкларни араваларга ағдаришарди. Хомуш отлар оғирлигини у оёғидан бу оёғига солар, сағрилари ёмғирдан қорайиб кетган ва уларда вақти-вақти билан титроқ турарди.

Юкларни араваларга куннинг ярмигача, ҳатто кечаси ҳам юклашди, эрталаб эса Архангельскка қараб силжишди.

Япон қўмондонлиги ўша куни жиддий хатоликка йўл қўйди. Партизанлар карвонга ҳужум қилиб, уни эгаллашга уринишини ҳеч ким кутмаганди. Шу пайтгача улар фақат тунда доимий постларга ҳужум қилишар, кундузи эса махфий жойларда бекиниб кутишарди. Бу уларнинг сони камлиги ва йирик ҳаракатларга қодир эмаслигидан дарак берарди. Шунинг учун ҳарбий юк ортилган карвонни жами йигирмата аскар қўриқлаб борарди, холос.

Арава ғилдираклари ғичирлар, ёпишқоқ лой уларни баъзан ўқигача кўмиб кетарди. Отлар оғир юкларни торта-торта ҳолдан тойганди. Аравакашлар тез-тез тўхтаб, чарчаган жониворларга дам беришарди. Аравалардан узун занжир ҳосил қилган карвон жарлик йўлига кирди. Атрофда бирор кимса йўқ, оғир сукунатни фақат ёмғирнинг шитирлаши ва қарғаларнинг қағиллаши бузиб турарди, холос. Аскарлар сафнинг ҳар икки томонидан милтиқларини маҳкам тутганча ва тепаликларни назардан қочирмай борардилар.

Бирдан ўқ овози эшитилди, соқолли кишилар милтиқларини ўқталганча тепаликлардан пастга – аравалар томон югурди. Ўзларини йўқотиб қўйган япон аскарлари бараварига тартибсиз ўқ узиб жавоб қайтарди. Улар деярли мўлжал олмай ўқ узишар ва ҳужумчиларга талафот етказа олишмади ҳам. Аравакашлар аскарларга ташланиб, қўлларидан милтиқларни тортиб олди ёки стволларини ерга қадади, шу йўсинда японларнинг отишмага ўқ билан жавоб беришларига имкон қолдирмади.

Чамаси, бир соатлар ичида ҳаммаси тугади. Ўн иккита япон аскари дарҳол ўлдирилди, қолганлари яраланганди. Уларни ҳам милтиқлар билан бир ёқли қилиб қўя қолдилар. Партизанлар уч одамини бой берди, шунингдек, битта аравакаш ҳам ҳалок бўлди.

Ўзларининг ўлган одамларини тезда дафн этиб, ерни шиббалаб қўйишди, душман уларни топиб олса, ҳалок бўлганларнинг жасадларини таҳқирламаслиги учун қабрлар устига нам супурги ўт новдаларини ташлашди. Япон аскарларининг мурдаларини эса тепаликдан судраб олиб ўтиб, чуқур жарликка улоқтиришди. Шундан сўнг карвон йўлида давом этди.

Энди ҳаракат жадаллашди, аравакашлар отларни тезроқ юришга ундаб, қамчилаб қистай бошладилар. Соломбалагача яна ўттиз чақиримча бор, япон қўмондонлиги карвон ўз вақтида Архангельскка етиб келмаганини пайқаб қолса, ҳаммани оёққа турғазиши аниқ эди, у ҳолда таъқиб хавфи туғиларди.

Партизанлар шошилишар, отларга ёрдам бериб, елкалари билан аравалар ортидан итаришар, ўзлари эса ҳансираб қолишган, совуққа ва ёмғирга қарамай, енглари билан юзларидан қуйилиб келаётган терни артишарди. Улардан буғ чиқар, отлар ва одамлар бу ҳолатда бир-бирларидан унчалик фарқ қилмасди.

Соломбалагача эсон-омон етиб олишди. Қуроллар ва бошқа ҳарбий аслаҳаларни ишончли жойга бекитишди. Отлар деҳқонларнинг ҳовлиларига тақсимланди, араваларни эса тўплаб ёқиб юборишди. Нам тахталар буруқсаб тутади, олов ўзининг заиф тиллари билан уларни ялар, лекин аланга ололмасди. Ниҳоят, кучли ҳарорат ўз ишини қилди, баланд гулхан нам ерни ҳам қуритиб юборди, ёмғир томчилари эса вишиллаб, тушаётгандаёқ олов устида буғга айлана бошлади. Ёниб кулга айланган гулхан узра оқимтир тутундан туман пайдо бўлди.

Партизанлар, уларга қўшилган аравакашлар пана жойга яшириндилар. Ёмғир кучайди, тез орада у жалага айланди, бу эса, албатта, қувонарли эди. Яқиндагина аравалар карвони ўтган жарликдаги йўлдан қоп-қора лой аралаш сув ариқ бўлиб оққач, ғилдираклардан ҳеч қанақа из қолмади. Карвон бамисоли ҳавога сингиб кетгандек эди.

Савелий Парфёнов ва бошқа партизан етакчилари ўлжаларни ҳисоблаб чиқишди. Беш юзтадан ортиқ милтиқ, беҳисоб патронлар, кўплаб гранаталар, озиқ-овқат ва турли ҳарбий анжомлар қўлга киритилганди. Йирик партизан бирлашмасини тузиш эндиликда ҳақиқатга айланганди.

Бирлашма қаерда жойлашиши, дастлаб нималар қилиш кераклиги ва келгусидаги ишлар аниқлаб олинди. Дарҳол Қизил армия қўмондонлиги билан алоқа боғлаш ва мўлжалланаётган режаларни улар билан мувофиқлаштириш керак эди.

– Энди нима қилсак ҳам, бизга битта “тил” керак, – йиғилишни якунларкан, таъкидлади Савелий Парфёнов. – Иложи борича япон офицерини қўлга туширишимиз ва ундан қисмларининг режаларини билиб олишимиз керак. Бусиз кўзи очилмаган мушукчадек ўтираверамиз.

На униси, на буниси хаёлига келтирмаган бўлса-да, партизан бирлашмаси раҳбари Савелий Парфёнов ва япон поручиги Ютаро Тоданинг тақдирлари шу тарзда туташди ва бир-бирига чамбарчас боғланди.


[1] Интервенция – бир ёки бир нечта давлатнинг бошқа бир мамлакат ички ишларига куч билан ёки ҳарбий аралашувини англатувчи сўздан олинган. (Ҳаволалардаги барча изоҳлар таҳририятга тегишли.)

[1] Интервенция – бир ёки бир нечта давлатнинг бошқа бир мамлакат ички ишларига куч билан ёки ҳарбий аралашувини англатувчи сўздан олинган. (Ҳаволалардаги барча изоҳлар таҳририятга тегишли.)

2

Штабга йиғилган офицерлар жаҳлдор ва хўмрайган юзидан полковник Исикуранинг кайфияти ёмонлигини дарҳол сезишди. Полк командири хушмуомала эмасди, лекин айтиш лозимки, у қўл остидаги одамларни ҳеч қачон ерга урмасди. У озғин бўлиб, кийган мундири худди кийим илгичда тургандек туюларди. Полковникнинг ёши улуғлиги юзидаги ажинлар ва ҳафсала билан текисланган, оқарган сочларидан сезилиб турарди. Унинг нигоҳлари тешиб юборгудек эди. Пруссия ҳарбий қўмондонларига тақлидан юқори лабини ингичка мўйлови безаб турарди.

Полковник узун столнинг бошида ўтирмас, хона тўрида у бурчакдан бу бурчакка бориб келар, бу ҳам кайфияти ёмонлигидан дарак берарди. Офицерлар мажлис бошланишини кутиб жимиб қолишди.

Полк штаби савдогарнинг кенг уйида жойлашганди. Савдогар эса оиласи билан эсон-омон чет элга қочиб яширинган, айтишларича, ҳозир Швецияда яшарди. Эгасиз қолган уй анча тўкилган ва аввалги тароватини йўқотганди.

– Жаноб офицерлар, – Исикуранинг овози кескин эди ва жаранглаб эшитиларди, – аҳволимиз ёмонлашмоқда. Ҳозиргина қўшинларимизнинг бош штабидан хабар қилишди. Кеча партизанлар қуролларимиз, турли ҳарбий анжомлар ортилган карвонимизни қўлга киритибди ва таъқибдан қочиб қутулибди. Кучли жала барча изларни йўқотиб юборган. Лекин улар руҳ эмас ва вақтни бой бермасак, қидириб топсак бўлади. Партизанлар ўчоғи ҳамда улар қуролларни бекитган жойни топиш, албатта, шарт. Эндиликда тиш-тирноғигача қуролланган бу одамлар, аминманки, йирикроқ бирлашмалар тузиб, тунги ҳужумлардан кундузги, кенг кўламли ҳаракатларга ўтади. Буларнинг барига тайёр туришимиз ва олдиндан чоралар кўришимиз зарур. Энг аввало, огоҳликни кучайтиришимиз, батальон, рота ва взводларимизни тўлиқ жанговар ҳолатда ушлаб туришимиз керак. Шаҳарнинг тунги муҳофазаси ва қўриқлаш хизматини йирикроқ бўлинмалар билан кучайтиришимиз керак...

Полковник сўзлашдан тўхтади, яна девор олдида юришда давом этди ва Россия шимоли харитаси олдида тўхтади. Муҳим хабардан эсанкираб қолган офицерлар уни диққат билан тинглашарди. Қаерлардадир жанг давом этар, улар эса, умуман олганда, Архангельскда тинчгина яшаётгандилар. Исикуранинг сўзларига қараганда, уруш энди бу ерга ҳам етиб келади. Кўп йиллик хизматни ўтаб қўйган катта ёшдаги офицерлар ташвишлана бошлаган, поручик Ютаро Тода эса, аксинча, жонланганди. Ниҳоят, зерикарли тартибдаги гарнизон хизмати тугайди ва ҳақиқий иш бошланади. Охири йўқ қоровуллик хизмати унинг жонига теккан, энди янги таассуротларни хоҳларди. Поручик одмигина кийинган, мудом қовоғи солиқ ва кулбаларидан ташқарига чиқмайдиган маҳаллий аҳолининг яхши ўқитилган мунтазам қўшинга қарши чиқишига, уларни ҳатто чекинишга мажбур қилишига сира ишонолмасди. Ҳар ҳолда, Ютаро Тода ҳали ҳақиқий поморлар билан тўқнашмаган, Архангельскнинг ўзида ва атрофидаги қишлоқларда эса фақатгина чоллар, кампирлар, болалар қолишган, улар ҳақида жиддийроқ гапиришга ҳожат бўлмаганди.

Полковник бир неча сония харитани кўздан кечирди-да, сўзида давом этди:

– Аввал айтганимдек, партизанлар танасиз руҳлар эмас. Келинг, улар қаерга бекиниши мумкинлиги ва қўлга киритган қуролларни қаерга яшира олиши ҳақида ўйлаб кўрайлик. Мана бу ерда қуюқ ўрмон жойлашган.

Исикура қалами билан харитадаги яшил доғни белгилади.

– Лекин улар бу ерга йўналгани даргумон. Кучли ёмғир ва совуқ ҳаво пайтида ўрмон яхши бошпана бўлолмайди. Мабодо олдиндан ертўла ва омборхоналарни тайёрлаб қўйишмаган бўлса, албатта. Лекин бундай қилмаган бўлишса керак. Отрядларида одам кам, ўрмонга мослашиб яшаш кўп ишчи кучини талаб қилади. Эсингиздами, қишда, қор ҳақиқий муз қатламга айланганида, биз ўрмон четини, кейин ичини ҳам текшириб, шубҳали ҳеч нимага дуч келмагандик. Кўплаб одамлар бир ердан иккинчи ерга кўчса, буни яшириб бўлмайди, қордаги излари сотиб қўяди. Бундан ташқари, булар – поморлар, уларга ўрмондан кўра дарё ва денгиз қулайроқ.

Полковник шундай дея, қаламини харита устида тақиллатди:

– Демак, бир нарсага диққатимизни қаратамиз, – Архангельскдан ўттиз чақиримча нарида Соломбала деб аталадиган балиқчилар қишлоғи жойлашган. У Шимолий Двинанинг Оқ денгизга қуйилиш жойида. Қишлоқ унчалик катта эмас, у ерда яшириниш қийин. Лекин бир қарашда шундай. Соломбалада ташландиқ кемалар тураргоҳи мавжуд. Айтишларига қараганда, тураргоҳ кичкина жой эмас. Ўйлашимча, партизанлар қўлга киритилган қуролларни айнан ўша ерга яширган ҳамда ўзлари ҳам шу жойда қўним топишмоқчи. Ёмон об-ҳаво тезда тугайди, қуёш йўлларни қуритади, партизанлар эса Соломбаладан бизнинг таянч пунктларимизга, у ерда жойлашган қисмларимизга осонгина етиб олишлари, уларга ҳужум қилишлари, қисқа жанглардан сўнг ўрмонларга бекинишлари ёки кичкина кемачаларда Соловецк оролларигача етиб олишлари мумкин. У ерга бутун армияни жойласа бўлади.

Исикура яна жимиб қолди, кейин диққат билан харитага тикилди. Яна сўзлай бошлаганида, овозидан дарғазаблиги яққол билинди:

– Албатта, партизан отрядларининг асосий нишони биз эмасмиз. Уларнинг отряди катта эҳтимол билан оқ гвардиячиларнинг асосий қисми жойлашган Шенкурскка йўналади. Партизанлар уларнинг эркин ҳаракатланишига йўл қўймайди ёки мажозий айтганда, оёқ-қўлини боғлайди, шу йўл билан қизил армиячиларга орқадан фаолроқ ҳаракат қилишга имкон яратиб беради. Лекин бу фақат тахмин. Партизан қўмондонларининг режаларини аниқроқ билганимизда эди... Буни қандай уддаласа бўлади? Разведкамиз бу ерда ҳеч нарса қилолмайди. Тахминий партизан қароргоҳларига юборган бир нечта гуруҳимиз изсиз ғойиб бўлди. Маҳаллий аҳолидан сўраб суриштириш натижа бермайди. Улар ҳеч нима билмаслигини баҳона қилиб жим туради ёки бизни баттар чалғитиб, безрайиб ёлғон гапиради. Пул таклиф этиш ёки қўрқитиш ёрдам бермайди... Тушунарсиз, ёввойи мамлакат!

Полковник Исикура қаламни столга ташлади.

– Шу кунларда Бош штабдан кўрсатма оламиз, кейинги барча ҳаракатларимизни шунга кўра аниқлаштирамиз. Ҳозирча биздан талаб қилинадигани – огоҳлик ва яна бир бор ҳушёрлик. Жаноб офицерлар, сизга рухсат. Поручик Тода Ютаро, қолишингизни сўрайман.

Бўлинма командирлари шовқин-сурон билан жойларидан туриб ташқарига йўл олишди. Ютаро Тода тик турган ҳолатда полковникка диққат билан қаради.

Исикура яна бир бор хона бўйлаб юрди-да, поручикка яқинлашди. У ўтирмади ва кичик офицерни ҳам ўтиришга таклиф этмади.

– Поручик, ўзингизни яхши томонлама ва ақлли офицер сифатида кўрсатдингиз. Сиздан кўнглим тўқ. Агар келгусида ҳам вазифангизга худди шундай қунт билан ёндашсангиз, тез орада хизмат мавқеингиз кўтарилишига ваъда бераман.

Ютаро Тода ихтиёрсиз жилмайди, командирдан мақтов эшитиш ёқимли эди.

– Сизга махсус ва масъулиятли вазифани топширмоқчиман, – Исикура айтаётган сўзлари муҳимлигини поручик ҳис этиши учун бир зум тин олди. – Яъни жанговар разведка операцияси. Ишончим комилки, партизанлар қўлга киритилган юкларни Соломбалага, айнан ташландиқ кемаларга яширган. Сиз тахминларим тўғрилигини тасдиқлашингиз керак. Ярим рота аскарни ихтиёрингизга олиб, Соломбалага жўнашингизни буюраман. У ерни батафсил текширинг, ҳар бир уй, ҳар бир кемани синчиклаб қаранг. Агар олиб қочилган қуролларни излаб топсангиз, уларнинг режасини йўққа чиқариш билан бирга кўплаб оқ гвардиячилар ва бизнинг аскарларимиз жонини ҳам сақлаб қолган бўласиз. Буни тушуняпсизми?

– Худди шундай, – қисқа жавоб берди поручик.

Полковник оқ оралаган калтагина мўйловини бармоқлари билан текислаб қўйди.

– Партизанлар қуролларни кемаларга эмас, бошқа ерга яширган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳам бир тахмин. Лекин барибир эмасми? Ишончим комилки, улар Соломбалага жўнашган. Энг яқин эҳтимол шу. Бошқа қишлоқлар Архангельскдан жуда олисда жойлашган. Барибир қанақадир изларни топасиз. Қидирувларингиз натижалари ҳақидаги хабарларингизни махсус одам орқали юборинг. Соломбала билан телефон алоқаси йўқ, бўлганида ҳам фойдасиз эди. Партизанлар кўпинча уларни кесиб, ўраб олиб кетишади. Тиклашга улгурмаяпмиз. Ҳозирча ҳаммаси шу.

Дарвоқе, яна битта гап. Соломбалада сизга таржимон керак бўлади. Отрядингизга прапоршик Борисов бириктирилади. У японча гаплашади, бошқа бир қанча тилларни ҳам билади. Прапоршик сизга бўйсунади. Унга қаттиқроқ туринг, у саводли офицер, лекин ўзини анча баланд олади.

– Тушундим, – деди Ютаро Тода. – Буйруқни бажаришга рухсат берсангиз.

– Рухсат бераман, – полковник поручикнинг қўлини сиқди, бу унинг учун камдан-кам ҳолларда қилинадиган одат эди. – Сизга ишонаман.

Ютаро Тода штаб жойлашган уй айвонига чиқди ва атрофга боқди. Кўрганлари уни қувонтирди. Икки соатларча олдин уй томлари, нам ер ва ёйилиб кетган кўлмакларни савалаётган ёмғир тинганди. Намлик билан тўйинган ҳаводан зўрға сезиладиган бинафшаранг тутун тараларди. Булутлар ёрқинлашган, улар орасидан қуёшнинг шакли оқариб кўринар ва тез орада кунлар исишини ваъда қиларди. Кулранг туман тарқаб, баҳорий ранглар намоён бўла бошлаганди. Дарахтлар новдаларидаги ғунчалар сезиларли даражада бўртиб қолган, атрофда жигарранг, яшил ва ҳаворанг манзаралар сезила бошлаганди.

Поручик кўксини тўлдириб тоза ҳаводан нафас олди-да, ихтиёридаги бўлинма томон йўл олди. Унинг бўлинмасига бириктирилган аскарлар аллақачон ўша ерда эди. Ютаро Тода ярим ротани сафга тизиб, олдинда турган вазифани қисқача тушунтирди. Операциянинг барча тафсилотларини ошкор қилмади, чунки у маълумот ташқарига чиқиб кетишидан чўчиди. Аскарларга шаҳардан кетишлари, бошқа қишлоққа жойлашишларини айтди, холос. Эринмасдан ҳар бир аскарнинг қурол-аслаҳасини текширди, бир нечтасига эрталаб тонг саҳарда йўлга чиқишга тайёр бўлишларини буюрди.

Прапоршик Борисов бўлинмага сал кечикиброқ келди. Ўзини таништирди, сўнгра командир Ютаро Тода ихтиёрига келганини маълум қилди. Танишишди. Николай Борисов ўзи ҳақида қисқача маълумот бериб, Петербургдаги Шарқ тиллари институтини тугатганини айтди. Япон тилидан ташқари, инглиз ва француз тилларини ҳам биларкан. Оқ армия сафида бир йилдан кўпроқ вақтдан буён хизмат қилишини айтиб, зиёлилар, дворянлар оиласидан келиб чиққанини алоҳида таъкидлади.

Борисов поручикка ёқмади. Қанақадир рангпар, инглиз ҳарбий мундирини кийиб олган бу йигит қўлидаги хивич билан ора-сира сарғиш этигининг ёнига уриб қўярди. Ўзини анча эркин тутар, поручик уни тартибга чақириб қўймоқчи бўлди-ю, бу ишни кейинроққа қолдирди. Прапоршик ўзининг худди имтиёзли табақадан келиб чиққанини кўрсатиб қўймоқчидек, оқимтир-кўкиш кўзларини қисиб қўяр, юпқа лабларини буруштирар, гап оҳанги билан япон офицерини камситаётгандек эди. Ёрқин сарғиш мўйлабини чимдиб қўяр, ўзининг бевосита бошлиғига юқоридан қарарди.

Ютаро Тода ижирғанди. Ўзи битирган ҳарбий билим юртида ҳам шунақа олифталар пайдо бўлиб қолар, лекин ундайларни тезда жойига ўтқазиб қўйишарди. Лекин поручик биринчи таассуроти билан хулоса қилмасликни маъқул кўрди, чунки у алдамчи бўлиши ҳам мумкин эди. “Қани, кутай-чи, – қарор қилди у, – агар керак бўлиб қолса, бу олифтанинг пўстагини қоқиб қўяман.”

Борисов япончани бинойидек билар, эркин гапирар, лекин талаффузи бошқачалиги яққол сезилиб турарди.

Архангельскдан, поручик мўлжаллагандек, тонг саҳарда йўлга чиқишди. Об-ҳаво очилган, осмон мовий рангга кирган, салгина совуқ сезилиб турарди. Этиклар остидаги музлаган ер қирсиллар, юриш енгиллашган ва аскарларда доимий маъюслик сезилмас, шодон олға қадам ташлашарди. Олдиндаги иккита аравада озиқ-овқат ва аслаҳалар ортилганди. Ютаро Тода бегона кўз ва қулоқлардан эҳтиёт бўлиш мақсадида аравакашларни олмасликка қарор қилди. Аскарлар орасида қишлоқда вояга етганлар ҳам бор бўлиб, отларга қандай қараш кераклигини билишар ва жониворларни ўзлари ишонч билан бошқаришарди.

Йўл ўрмонга яқинлашди. Поручик ҳар эҳтимолга қарши олдинга соқчилар бўлинмасини юборди ва ўзи ҳам теварак-атрофни, ўрмон чангалзорини эътибор билан кўздан кечирди. Прапоршик ҳам ёнма-ён борар, гапни гапга улашга ҳаракат қилар, лекин Ютаро Тода қисқа жавоб қайтариб қўя қоларди. Муҳит ҳам суҳбатга қулай эмас, қолаверса, поручик ўзи ҳақидаги тафсилотларни ҳали яхши билмайдиган одамлари билан баҳам кўришни ёқтирмас, бунинг устига, прапоршикни ҳеч жини суймаётганди.

Соломбалагача уч суткача йўл юришди. Кечалари палаткаларда ухлашди, атрофни кучайтирилган қоровуллар қўриқлади. Ярим ротада етмиш нафар аскар бўлиб, овқат гулханда пишириларди. Поручик ҳарбий хизматчилар учун белгиланган овқат режимига қатъий риоя қиларди.

Кечаларнинг бирида япон отряди ўққа тутилди, лекин соғ-омон қолишди. Поручикнинг буйруғига кўра аскарлар тезгина доира шаклидаги мудофаага ўтиб, ўқ учқуни чиқаётган жойларга қараб, мўлжалга олиб отишма билан жавоб қайтаришди. Жанг бирор соат давом этгач, партизанлар ўрмонга яшириндилар. Шундан сўнг колоннани Соломбалагача ҳеч ким безовта қилмади.

Соломбала унча катта бўлмаган балиқчилар қишлоғи экан. Шимолий Двина бу ердан Оқ денгизга қуйиларди. Унинг оғзи кенг бўлиб, чучук сув оқими денгиз сатҳини тўлдирар ва унинг суви билан тўқнашган жойларда тўлқин ҳосил қиларди. Денгиз узра чайкалар учар, қўққисдан пастга шўнғиб, сувдан кичик балиқчаларни овлаб, яна осмонга кўтариларди. Уларнинг овозлари қумли текис қирғоққа дам-бадам урилаётган тўлқинларнинг шовуллашини босиб, атрофга анча узоқдан эшитиларди.

Приморьенинг бошқа қишлоқлари сингари бу ерда ҳам эркаклар кам бўлиб, асосан чоллар, аёллар ва болалар яшарди. Ташландиқ кулбалар ҳам сероблигидан рота учун жой масаласи тезда ҳал бўла қолди. Япон отрядини кўрган заҳоти маҳаллий одамлар ҳовлиларига кириб кетишди, қишлоқда жимжитлик ва кимсасизлик ҳукмронлик қилар ва фақат итларнинг ҳуришигина бу ерда қандайдир ҳаёт борлигидан дарак берарди.

Полковник Исикура партизанлар қўлга киритган қуроллар ва аслаҳаларни ташландиқ кемаларга яширган бўлиши мумкинлигини айтганди. Аскарлар жойлашиб, егулик тайёрлагунича Ютаро Тода кемалар қабристонини кўздан кечиришга қарор қилди. Бироқ кўрганидан сўнг ақли шошиб қолди. Чунки “Бу ерда юзтача кема бордир, қолганлари ўз умрини ўтаб бўлган балиқчилар кемаси бўлса керак” деб ўйлаганди, бироқ вазият бутунлай бошқача экан. Тураргоҳда минглаб кемалар бўлиб, уларнинг сон-саноғига етиш қийин эди. Қирғоқ томонда кемалар бир-бирига тартибсиз қалашиб уфққача туташиб кетганди. Улар орасида темирдан қурилганлари, ҳар хил мақсадлар учун ёғочдан ясалган турли ўлчамдаги кемалар ҳам бор эди. Улар зич турар, тўлқинлар тебратганида бир-бирига урилар ва тинимсиз гулдираган, қарсиллаган шовқин эшитиларди. Баъзи жойларда палуба қурилмалари, уларнинг устида эса мачта синиқлари кўриниб қоларди. Маҳаллий аҳоли яқинроқдаги кемаларни ўтин учун, баъзи тахталарини эса уйлари учун ажратиб олиб кетар, шундан сўнг уларда каттакон ёриқлар пайдо бўлиб, шпангоутлар [1] худди қирғоққа чиқариб ташланган китларнинг қовурғаси сингари кўриниб турарди.

Чириган дарахт ва сув ўтлари ҳиди уфурар, ёғоч ҳамда темирдан яралган ушбу ўлик салтанатда совуқ шамол ғамгин ҳуштак чалар, хира офтоб нурлари эса кўзга ташланаётган зерикарли ва маъюс манзара таассуротини янада кучайтирарди.

Ютаро Тода бўлинмаси жойлашган манзилга ўйга ботган ҳолда қайтиб келди.

– Олдимиздаги вазифа мен ўйлаганчалик осон эмас, – деди у таржимонга, – бу қабристон ўнлаб километрга чўзилган. Бу ерга бутун бошли армияни бекитиш мумкин. Уни тўлиқ кўриб чиқиш учун бир умр ҳам камлик қилади.

Прапоршик масхаралагандек кулди.

– Кўриб чиқишингиз шарт эмас. Маҳаллий аҳолини бу ерга йиғамиз, ихтиёрий равишда қуроллар ҳамда партизанлар яширинган жойни топиб беришларини таклиф қиламиз. Агар рад этишса, бир-иккитасини отиб ташлаймиз, тезда ақлларини йиғиб олишади...

Поручик афтини бужмайтирди.

– Маҳаллий аҳолини йиғиш керакдир. Бу яхши фикр. Лекин уларга дўқ уриш ва отиб ташлаш билан таҳдид қилиш ортиқча. Биз партизанлар билан уришяпмиз, тинч аҳоли билан эмас. Кейин зўравонлик ҳеч қачон яхши натижаларга олиб келмаган.

Прапоршик ўз командирига такаббурона қаради.

– Майли, кўрамиз тинчликсеварлигингиз билан нималарга эришаркансиз...

* * *

Поручикнинг буйруғи билан маҳаллий аҳолини унча катта бўлмаган қишлоқ майдонига ҳайдаб келишди. Улар тўда бўлиб бошларини қуйи солганча жим туришар, фақат ўсмирлар чет эллик аскарларни қизиқиш билан кузатардилар.

Ютаро Тода қишлоқ етакчисининг уйи айвонидан Соломбала аҳлига мурожаат қилди.

– Бу ерларда партизанлар яширингани ва қуролларни ҳув анави ёққа бекитгани бизга маълум, – поручик қўли билан кемалар қабристонига ишора қилди. – Хоҳлардимки, бу жойларни ихтиёрий равишда ўзингиз кўрсатсангиз. Бизнинг вазифамиз – қуролларни олиш ва кетиш. Қон тўкиш ва тўқнашув керак эмас. Биз мамлакатингизга қонуний ҳукуматни тиклаш ва фуқаролар урушига чек қўйиш учун келганмиз...

Прапоршик Борисов поручикнинг айтганларини таржима қиларди, лекин Ютаро Тода сўзлари маҳаллий аҳолига етиб бормаётганини кўрди. Аксинча, уларнинг юзлари қаҳрга тўлиб, қарашлари янада бадқовоқлашди. Поручик таржимон ҳам ўзидан анча-мунча сўз қўшаётганини гумон қилди, буни унинг гап оҳангидан билса бўларди.

Ютаро Тода тўғри ўйлаётганди.

– Сиз, ифлос чўчқаларни, – дерди Борисов нафратомуз илжайиш билан, – кўриб турибманки, анчадан бери ҳеч ким саваламаганга ўхшайди, шунинг учун ўз хўжайинингизни эсдан чиқаргансиз. Агар чириган кемалар қабристонидаги қуроллар яширилган жойларни кўрсатмасангиз, ўша жойлар сизнинг ҳам қабристонингизга айланади. Бунинг учун уч кун муҳлат берамиз, кейин эса итваччаларингиз билан қўшиб отиб ташлаймиз, ҳе оналарингни...

Прапоршик соломбалаликларни оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан бўралатиб сўкди.

Биринчи қаторда турган оппоқ соқолли қария бошини кўтарди.

– Анча катта кетдингиз, жаноби олийлари, кейин аттанг қилиб юрманг!

Борисовнинг юзи ғазабдан қизарди.

– Сен, деҳқонбашара, ким билан гаплашаётганингни эсдан чиқардингми?

Борисов айвон панжарасидан сакраб тушди-да, қариянинг олдига келиб, хивичи билан юзига туширди.

– Сенга муомалани ўргатиб қўяман!

Хивич зарбидан чолнинг юзида қизил чизиқ пайдо бўлди. У лабларини қаттиқ қимтиганча, таржимонга қаҳрли назар билан қараб тураверди.

Борисов тўппончани олишга уриниб, зўр бериб ғилофни тимдаларди.

Ютаро Тода панжарадан сакраб тушди-да, таржимоннинг қўлидан тутди.

– Бас қилинг, деяпман сизга! – қичқирди у. – Ҳаммасини расво қилдингиз. Нега маҳаллий аҳолини бизга қарши қайраяпсиз?

Борисов ҳансираганча оғир нафас олар, юзидаги қизиллик секинлик билан кета бошлади.

– Сиз бу ярамасларни билмайсиз, – тўнғиллади у. – Инсонпарварлигингизга, поручик, бу ерда муносиб жавоб беришмайди. Бу ҳаромиларнинг ақлини фақат хипчин ва ўқ киритади.

Ютаро Тода соломбалаликлар билан гаплашиш энди бефойдалигини тушунди. У қўл силкигач, қишлоқ аҳолиси тарқала бошлади.

Калтак еган қария нималардир дер, лекин Ютаро Тода уни тушунмасди. Аслида, у шундай деганди: “Ўзимизнинг ҳайвондан кўра келгинди офицернинг кўнгли юмшоқроқ экан! Ҳали шошмай туринг, жаноб!”

Мўйсафидга бу сўзлари қимматга тушиши мумкин эди, лекин прапоршик Борисов аллақачон хона ичига кириб кетганди.

Соломбалаликлар ўз ҳовлиларига тарқала бошладилар. Поручик уларнинг ортидан қараб қолди. Унинг кайфияти тамоман бузилганди. У прапоршик Борисов билан ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб боролмаслигини ва бу зиммасидаги вазифани бажаришни ўта қийинлаштиришини тушунди. Шунга қарамай, у ўзини босиб туролмади.

– Биласизми, жаноб прапоршик, агар менга шу тарзда кўмак беришда давом этсангиз, тез орада ўзимизни Соломбалада худди қамалдаги маҳбуслардек ҳис этамиз, деб қўрқаман.

Прапоршик ўз одатига кўра юпқа лабларини буруштирди.

– Жаноб поручик, ўзга юртда қоидаларингизни ўрнатмай қўя қолинг. Бу ҳайвонларни ўз оғилига қандай ҳайдаб киритишни сиздан яхшироқ биламан. Шуни айтиб қўйишни лозим топаманки, мен бўлинмангизга бириктирилганман, холос. Демак, иккимиз тенг ҳуқуқлимиз. Шундай экан, илтимос, менга буйруқ берманг ва ўргатманг ҳам!

Шундан сўнг улар ўзаро гаплашмай қўйишди ва бошқа мавзуда оғиз ҳам очишмади. Агар иш юзасидан зарурат туғилса, қисқача савол-жавоб билан чекланардилар, холос.

Шу тарзда бир ҳафта ўтди. Бу вақт ичида қишлоқ атрофи, Соломбала аҳолисининг уйлари текшириб чиқилди, лекин шубҳали ҳеч нима топилмади. Ютаро Тода партизанлар кемалар қабристонига яширинганига шубҳаланиб қолди, чунки у бекиниш учун жуда ноқулай эди. Бу ерда юриш учун очиқ палубалар устида кезиш керак бўлар, буни эса яшириб бўлмасди. Боз устига, бу вақт ичида партизанлар бирор марта ҳам ўзларини сездирмади, ротани ўққа тутмади ва асосий базаларидан анча узоқдаги балиқчилар қишлоғида яшаб турган япон аскарларини безовта қилмади. Партизанларнинг мақсади “тил” сифатида унинг ўзини асирга олиш, сўнгра қўмондонсиз қолган ротага ҳужум қилиб, бутунлай йўқ қилолмаса, аскарларни тарқатиб юбориш ва ўз қисмларига қайтиб кетишга мажбурлаш эканини поручик қаердан ҳам билсин?

Разведка гуруҳи ўрмон четидаги ялангликда ёндириб юборилган аравалар қолдиғини кўргани ҳақида хабар берди. Шундан сўнг Ютаро Тода партизанлар ўрмонда яширингани ёки ўрмонни кесиб ўтиб, бошқа отрядлар билан қўшилганига ишонч ҳосил қилди. Чунки уларнинг вазифаси – оқ гвардиячиларни йўқ қилишда Қизил армия қисмларига ёрдам бериш, эндиликда қуролга эга бўлгач, жанговар ҳаракатларга фаол қўшилишлари мумкин эди.

Мулоҳазалар ўз йўлига, лекин полковникнинг буйруғини бажариш шарт ва Ютаро Тода аскарлари билан улкан кемалар қабристонини бирма-бир текширишга киришди.

Шимолнинг кўзга ташланмайдиган баҳори ўзининг келгани ҳақида борган сари дадилроқ хабар бера бошлади. Осмонда булутлар деярли қолмаган, унинг кенг юзасида фақатгина майда булутчалар сузиб юрарди. Лекин у кўзни қамаштирадиган даражада мовийлашмаган, рангпар, оқишранг кўк худди янги туғилган чақалоқнинг ҳали асл рангига кириб улгурмаган кўзларини эслатарди. Денгиздан ҳануз совуқ, изғирин шамол эсар, лекин музлар эрир ҳамда ғоваклашиб, намга тўла бошлаган, қорайиб ўз жойларини тобора тиниқ сувга бўшатиб бермоқда эди. Тўғри, вақти-вақти билан ёмғир ёғиб турарди. Қоп-қора булутлар сузиб юрар, паға-паға бўлар, уларнинг қуюқ ҳовурини кўзни қамаштирувчи чақмоқлар тилка-пора қилар, момақалдироқ товуши худди артиллерия овозини эслатар, сўнгра ёмғир тўри атрофга парда тутгандек бўларди. Лекин ёмғир илиқ эди, ундан сўнг дарахтларни яшил буғ қоплаб олар, деворлар атрофидан илк майсалар ниш уриб чиқар, ўрмоннинг ўзида эса доимги хўмрайган қорамтир ранг йўқолиб, ўрнига секин-аста жигарранг, оч қизил ва кўкиш ранглар намоён бўлаётганди.

Маҳаллий аҳоли баҳорий мавсумга тайёрланарди. Қирғоқда узун ходаларда ов тўрлари қуритилар, гулханлар ёнар, қозонларда елим эритилиб, у билан қайиқ ва қайиқчаларнинг ён деворидаги тешиклар бекитилар, кичикроқ кемалар деворига суриб чиқиларди. Соломбаланинг маҳаллий аҳолиси энди япон аскарларидан қўрқмай қўйган, ҳар икки томон ўз юмуши билан банд эди. Уларнинг бири оиласини боқиши, бошқаси эса қўмондонлик топшириғини бажариши керак эди. Балиқчилардан ботирроқлари аллақачон денгизга чиқишни бошлаган ва ўлжа билан қайтаётганди. Илгаригидек етук ёшдаги эркаклар кўринмас, бироқ овчи чоллар ҳам ўз маҳоратини йўқотмаган, қўрғонларда кумушранг товланаётган балиқ тангачалари қуриётган заминни безаб турарди. Япон аскарларининг озиқ-овқатлари тақчиллашиб борар, чунки ўзлари билан кўп захира олиб келишмаганди, шунинг учун балиқ уларга жуда асқатарди. Поручик аскарларни диққат билан кузатар ва маҳаллий аҳолига фақат яхши муомалада бўлиб, уларни хафа қилишларига йўл қўймасди. Ҳеч қандай зўравонлик ва йиғимлар йўқ эди. Соломбалаликлар ўзларига нисбатан бундай муносабатни дарҳол қадрлашди ва ўлжаларини японлар билан баҳам кўра бошлашди. Пул олишмас, япон иенаси бу ерда иш бермасди. Мол айирбошлаш гуркиради, ип, эскирган этик, кийимлар, теридан қилинган тасмалар ва, қўйингки, аскарларнинг аллақачон алмаштирилиши керак бўлган бор буюмларига балиқ берилар, балиқчиларга эса кундалик оғир юмушларида бу буюмларнинг фойдаси тегиб қоларди.

Кемалар қабристони поручикни ҳануз ҳайратга соларди. У чиндан ҳам чексиз эди. Ютаро Тода тушунмасди – нега поморлар кемаларни ташлаб юборади, наҳотки улар бирор нимага ярамаса? Лекин яқинроқдан кўргач, у ташландиқ кемаларнинг бари кераксиз лаш-луш эканини тушунди. Ёғочлар кўп йиллик хизматлари давомида чириндига айланиб бўлганди. Уларни қуртлар илма-тешик қилиб ташлаганидан ҳатто ўтинга ҳам ярамасди. Намиқиб, чириш ва моғордан қорайиб кетган бу ёғочлар тутаб ёнар, иссиқ бермасди.

Айрим кемаларнинг палубаси ҳали мустаҳкам бўлса-да, баъзиларида юриш хавфли эди, оёқ қўйилса, улар ёрилиб кетиб, сув хира ойнадек йилтираётган ва борт боғичларининг ўткир синиқлари кўриниб турган остки бўлмага тушиб кетиш мумкин эди.

Кемалар қабристони каламушлар ошёнига айланганди. Улар бу ерда том маънода сон-саноқсиз эдилар. Одамларни кўрганда, чийиллаб, пана жойга қочар, у ердан мунчоқдек кўзлари йилтирарди. Довюракроқлари эса кема томл

...