автордың кітабын онлайн тегін оқу Qissa
Хуршид Дўстмуҳаммад
ҚИССА
ҚИРҚ ЙИЛ ҚИССАЛАРИ
ЁХУД
ФИКРЧАН ОДАМЛАР ОЛАМИ
Азиз ўқувчи! Сиз Хуршид Дўстмуҳаммад қиссалари жамланган китобни қўлингизга олдингиз. Таниқли адибнинг ушбу қиссаларини аввал журнал саҳифаларида, китоб ҳолида ўқигансиз. Энди муаллиф уларни тўплам ҳолида ҳукмингизга ҳавола этмоқда. Бу қиссалар ижодкорнинг қирқ йиллик машаққатли ижодий изланишлари маҳсулидир. Адиб уларни ўқувчиларига ҳисобот сифатида тақдим қилмоқда. Чунки ушбу ўн қиссанинг марказида асосий қаҳрамон сифатида муаллифнинг ўзи туради. У айни қиссаларда ўзининг Одам ва Олам тўғрисидаги изтиробли ўйларини, инсон табиатининг жумбоқлари хусусидаги дардли кечинмаларини, одамлараро муносабат мураккаблиги ҳақидаги мушоҳадаларини маълум қилади. Худди мана шу жиҳат сиз танишиб чиқадиган қиссаларни ич-ичидан ўзаро бирлаштириб туради. Бу қиссаларнинг ҳар бири талайгина ўзига хос жиҳатларга эга бўлгани ҳолда, ўзаро уйғунлаштириб турадиган яна бир хусусиятга эга. Яъни, мазкур қиссаларнинг барчасида ўзи билан курашиб, ичидан изтироб чекаётган, ўзининг хатти-ҳаракати, ҳолатини англолмай иккиланаётган, теварак-атрофидагиларнинг хулқи, феъл-атворидаги, ўзаро муносабатларидаги мураккабликлар тўғрисида ўйлаб ўртанаётган одамлар олами кўрсатилади. Бу олам эса, айтиш мумкинки, ҳар бир кишига ўзини яқиндан таниб олишига, кундалик турмушнинг ўзига мавҳум бўлиб келаётган жумбоқларини оз-моз бўлса-да, идрок қилишга йўл очади. Муаллифнинг бундан қирқ йил аввал битган «Нигоҳ» қиссаси ҳам, кейинги «Ёлғиз»и ҳам шундай салмоққа эга. Адибнинг «Паноҳ», «Оромкурси», «Чаёнгул», «Сўроқ», «Қичқириқ»и ҳам одам табиатининг сирли жиҳатларини салгина бўлса-да тушуниб олишингизда калит бўла олади. Унинг «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз», «Куза...»си ҳам сизга ўзингизни англаш, бошқаларнинг кайфияти, ҳолати, дардини ҳис қилишда кўмаклашади, одамлараро муносабатларнинг сирли, жумбоқ жиҳатларига кириб боришингизда ўзига хос очқич вазифасини ўтайди.
Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари, хусусан, қиссаларини ўқиганлар улар худди шундай хусусиятга эга эканлигига, албатта, ишонч ҳосил қилади. Чунки муаллиф ўз асарларида персонажларнинг хатти-ҳаракати, ҳолати, кайфиятини қаламга олиш орқали инсоннинг руҳий оламига нигоҳ ташлайди, ҳар бир одам доим ўзини сўроқ қилишига эътибор қаратади, табиатан томошабин, кузатувчи қилиб яратилган инсон шундай беором, тиниб-тинчимас мавжудот эканига урғу беради, ҳар бир одам ҳам ўз қобиғига ўралиб, ҳам бошқаларга талпиниб яшагани туфайли муттасил ўз-ўзини тафтиш қилиб, ҳамиша иккиланиб, изтироб чекиб, ўртаниб юришини таъкидлайди. Аслида ҳамма – шоҳ ҳам, гадо ҳам ўзининг абадий ҳамроҳи бўлган ана шу туйғу – турли шубҳа-гумонга бориб, иккиланиш муаммоси туфайли қийналади.
Таъкидлаш керакки, Х.Дўстмуҳаммад ҳикоя, қисса, романларининг «чок»и деярли сезилмайди. Уларда бўш, салқи ўринлар, асосланмаган, унутиб қўйилган нуқталар деярли кўринмайди. Адибнинг асарлари яхлит оҳангга асосланиши билан диққатни тортади. Жумладан, сўз бораётган қиссаларида ҳам ўзини сўроқ қилиб азобланаётган, бошқаларни кузатишдан диққати ошиб, изтироб чекаётган, қандай йўл тутишни, нима қилса тўғри бўлишини билолмасдан иккиланаётган одамлар образини гавдалантириб, уларнинг зиддиятга тўла ички оламини очиб беради. Мазкур қиссалар ХХ аср ўзбек қиссаларидан айнан шу жиҳатлари билан фарқланади.
Қисса жанри кейинги даврда миллий адабиётларда адабий жараён манзарасини белгилаб келмоқда. Жаҳон адабиётининг Габриэль Маркес, Чингиз Айтматов каби намояндалари ижодида ҳам бу жанрга мансуб асарлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбек адабиётида ўтган аср иккинчи ярми қисса жанри гуллаб-яшнаган давр бўлди. Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбеков, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов қиссалари бир неча авлоднинг энг севимли асари сифатида шуҳрат қозонди. Минг-минглаб ўқувчиларнинг танглайини шу қиссалар кўтарди.
Қўлингиздаги китоб муаллифи қирқ йиллик ижодий фаолияти давомида оз эмас, кўп эмас, ўнта қисса эълон қилиб, кейинги давр ўзбек адабиётида пешқадам қиссанависга айланди. Ушбу жанр унинг хоббиси бўлиб кўринади. Шунинг учун бўлса керак, адибнинг «Жажман», «Шабада», «Жоди», «Қазо бўлган намоз», «Беозор қушнинг қарғиши» сингари ҳикоялари ҳам ҳажман расмана қиссага тенг келади. Хуршид Дўстмуҳаммад бу жанрга меҳри тушгани, унга иштиёқи баландлигини таъкидлаб: «Бадиий адабиётда жанрнинг яхши-ёмони йўқ. Роман салмоқдорлиги билан, ҳикоя ихчамлиги билан ўзига хос. Қисса эса романга, ҳикояга нисбатан эркинроқ, эркароқлиги билан жозибали, кўнгилга яқин. Бир тақдир, бирор воқеа-ҳодиса, бирорта ғоя ёки фараз ҳақида сўзлашга киришдингизми, қисса яратиляпти деяверинг!.. Халқимизда азал-азалдан қиссанавислик, қиссахонлик кенг расм бўлган, бизнинг замонларга келиб, бу ижод тури жаҳон адабиёти тажрибаларига чатишди, жанр сифатида анча-мунча «маданийлашди», натижада, жанр табиатидаги эркинлик, очиқлик туфайли қиссанинг имкониятлари орта борди, кўлами, қамрови беҳад кенгайди. Қисса – замонавий миллий адабиётимизда кўп яратиладиган, севиб ўқиладиган жанрга айланди» дейди.
Китобхонлар қандай асар мутолаа қилаётгани, у ҳикоя, қисса, роман, достон ёки ғазал, сонет эканини фаҳмласа, билса, бу улар учун ҳар жиҳатдан фойдали. Агар улар эшитаётган қўшиғи опера арияси ёки «Шашмақом» ашуласи эканидан бехабар бўлса, кўраётгани комедия, трагедия, мультфильм эканини билмаса, улардан тайинли маънавий озиқ олиши қийинлашади. Одамлар ҳикоя, қисса, роман, эссе нималиги, улар бир-биридан қайси жиҳатларига кўра фарқ қилиши хусусида оз-моз тушунчага эга бўлса, бу уларга ўша асарларни «ҳазм қилиш»да асқатади. Чунки бадиий асарлар ҳаёт воқелигини қамраб олиши, эътибор қаратилган муаммолари кўлами ва инсон оламини бадиий гавдалантириш усулига кўра бир-биридан ажралиб туради. Жумладан, ҳикояда киши ҳаётидаги биргина воқеа қаламга олинса, қиссада инсон характеридаги муҳим ўзгаришни белгилайдиган воқеалар силсиласи диққат марказига қўйилади. Роман мундарижасини эса одамнинг дунёни англаши билан боғлиқ муаммолар белгилайди. Албатта, барча асарлар ҳам жанрлар тўғрисидаги бу каби умумназарий мулоҳазалар «қолипи»га бирдай мос тушавермайди. Чунки ҳар бир бадиий баркамол асар ўзига хос шакл ва мазмунга эга бўлади.
«Нигоҳ», «Паноҳ», «Ёлғиз» ҳам, муаллифнинг ушбу китобдаги бошқа асарлари ҳам қисса жанри мезонларига мос келади. Яъни уларда адибнинг ўзи қайд этганидек, «бир тақдир, бирор воқеа-ҳодиса, бирорта ғоя ёки фараз ҳақида сўзлашга киришилади». Аммо улар «Болалик», «Синчалак», «Ўтмишдан эртаклар»га ҳам, «Муқаддас», «Эрк», «Баҳор қайтмайди»га ҳам ўхшамайди. Чунки Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов қиссаларида хулқи, табиати турлича одамлар орасидаги зиддият ифодаланади. Уларнинг сюжети кишилараро муносабатларни ёритишга асосланади. Дунёқараши, феъл-атвори турлича персонажлар ўртасидаги қарама-қаршилик ушбу қиссаларнинг мазмуни, мундарижасини белгилайди. «Синчалак», «Муқаддас», «Эрк» ёки «Баҳор қайтмайди» қиссаларида қаламга олинган воқеалар худди кафтдаги чизиқ каби аён кўриниб туради ва улардаги персонажлар «ижобий қаҳрамон», «салбий қаҳрамон» тарзида тавсифланса, бунга ҳеч ким эътироз билдирмайди.
Қўлимиздаги қиссаларда эса эътибор қаратилган воқелик персонажларнинг кечинмаларига туртки берган омил экани билиниб туради. Персонажларнинг ҳис-туйғу, кечинмалари «Нигоҳ», «Паноҳ», «Сўроқ»нинг ҳам, қолган қиссаларнинг ҳам асосий тасвир предмети саналади. Муаллифнинг ўзи, унинг ички олами ушбу қиссаларнинг муҳим мавзуси бўлиб кўринади. Айни қиссалар адибнинг дил қулфини очган калитга ўхшайди. Чунки уларда ҳаётда кечадиган воқеалар нақли эмас, улар таъсирида туғиладиган кечинмалар тасвири устуворлик қилади.
Воқеа нима? Воқеа – одамларнинг хатти-ҳаракати ва ўзаро муносабатидан юзага келадиган натижа. Ўзбек адабиётининг энг яхши намуналаридан фарқли ҳолда, Хуршид Дўстмуҳаммад қиссаларида воқелик персонажларнинг кайфияти, ҳолати, ҳис-туйғу, кечинмалари орқали акс эттирилади. Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов қиссаларида хулқи, табиати, феъл-атвори бир-бирига тамоман зид персонажлар ўртасидаги муносабатлар ифодаланса, «Паноҳ», «Сўроқ», «Оромкурси»да, муаллифнинг бошқа қиссаларида адабий қаҳрамоннинг ўзи яшаётган муҳитга, ундаги одамларга муносабати ва ўз-ўзи билан мунозараси бирламчи қилиб қўйилади. Шунинг учун ушбу қиссаларда асосий қаҳрамоннинг ўз-ўзи билан мунозараси асосий ўрин тутади. У атрофдагиларнинг ўзига муносабатини тафтиш қилар экан, уларнинг қиёфаси, кўз қараши, гапириш оҳангини хаёлидан бир-бир ўтказади ва диққатини оширган муаммонинг ечимини тополмай иккиланиб, изтироб чекади, ўзидан ва бошқалардан шубҳаланиб, турли гумонларга боради. «Нигоҳ», «Паноҳ», «Сўроқ»даги асосий персонажнинг назарида дунё зулматга чўмган, ҳаёт бемаъни нарса бўлиб кўринади. «Оромкурси», «Куза...», «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз», «Ёлғиз»даги қаҳрамонларга ҳам олам ҳеч қачон ёришмайдигандек туюлади. Улар оиласи, қавм-қариндошлари, ҳамкасблари, маҳалладошлари орасида яшаса-да, кўпинча ўзларини ёлғиз ҳис қилишади.
Бу қаҳрамонлар «Синчалак»даги Саида сингари ҳаракатчан, ташаббускор, курашчан эмас. «Нигоҳ»даги Бек ҳам, «Паноҳ»даги Аҳмадали ҳам, «Оромкурси»даги Кўклам Тонготаров ҳам, «Чаёнгул»даги қуйиқишлоқликлар ҳам, «Сўроқ»даги Бозор ҳам, «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз», «Куза...», «Катта кўча», «Ёлғиз»даги қаҳрамонлар ҳам кўпчиликнинг бири бўлиб, куни ўтганига шукр қилиб яшайди. Аммо улар, масалан, Бозор ўзини бенарвон урадиганлар тоифасидан санамаса-да, жуда ҳам гўл, валакисаланг деб ҳам билмайди. Муаллиф ана шу оддий одамлар қалбида ҳам бир-бирига зид ўй-кечинмалар, қарама-қарши ҳис-туйғулар қирғоқларига сиғмасдан ҳайқириб оқадиган дарё мисоли шиддат билан оқишини кўрсатади. Шу мақсадда қаҳрамонларнинг лаҳзалар ичидаги ҳолатини: «Ўша лаҳзадаги хатти-ҳаракатини, шундай хатти-ҳаракат қилишга йўл қўйган феълидаги ажабтовур, ғайришуурий ўзгаришни буткул англаб етолмади. Пешонасини деворга уриб ёргудай бош қотирди, ана ўшанда кўнглидан ўтган гапни, йўқ, гап эмас, балки ниманидир эслади: тормоз дастагини силтаб тортишдан бир нафас аввал, «Нима бўлса бўлар-э!» деб юборди!.. Йўқ, овоз чиқариб айтмади, балки «Волга»га тарақлаб урилишдан етти, олти, беш, тўрт қарич, яъни ярим, чорак, ним чорак дақиқа қолган лаҳзаларда «Нима бўлса бўлар-э!» деган гап камон ўқидек шиддат билан хаёлини тилиб ўтди. «Бек уни ҳали ҳеч кимга айтмади, айтиш у ёқда турсин, ўзича таҳлил қилиб, тан олишга ҳам чўчиди, янаям тўғрироғи, батафсил муҳокама қилишга сабр-тоқати етмади» тарзида қаламга олади. «Синчалак» ёки «Болалик»да, «Муқаддас» ёки «Эрк»да эса персонажлар кайфияти бу тарзда таҳлил қилинмайди. «Нигоҳ» матни билан «Баҳор қайтмайди»нинг саҳифалари ёнма-ён қўйиб қиёсланса, Ў. Ҳошимов қиссаси воқеалар баёнига асослангани, Х.Дўстмуҳаммаднинг асарида инсон кўнглидаги зиддиятли ўй-кечинмалар, шубҳа, гумонга тўла иккиланиш ҳолатлари таҳлили устуворлиги ўз-ўзидан аён бўлади.
Адиб бошқа қиссаларида ҳам персонажлар ҳолати, кайфиятини уларнинг нигоҳи, кўз қарашларидан англашиладиган маънолар орқали ёритади, эътибор қаратилган мавзуни шу асосда таҳлил қилади. Кўз, нигоҳ, ҳовли этагидаги уй, курси бу адиб асарларида персонажлар ички дунёсини, улардаги ўз-ўзи билан мунозара қилиб, иккиланишлардан азобланадиган одамлар оламини очиб беришда ўзига хос восита вазифасини бажаради. Адиб қаҳрамонларининг айни нарсаларга муносабатини кўрсатиш асосида уларни ҳаётга қарашларидаги ажабтовур ўзгаришлар жараёни билан таништиради. Чунки одамнинг фикрлашидаги ўсиш, дунёқарашидаги ўзгариш унинг нарса-ҳодисаларга муносабатида намоён бўлади.
Адиб қиссаларидаги қаҳрамонлар бир-бири билан кўп гаплашмайди. Улар кўпроқ ўз-ўзи билан сўзлашиб, мунозара қилади, юзага келган муаммони бошқалар билан муҳокама этиб ўтирмасдан, ўзича таҳлил қилади ва бу жараёнда турли шубҳа, гумонларга бориб, ўзгалардан кўра ўзини кўпроқ айблайди, масаланинг ечимини тополмасдан ўртаниб, изтиробга тушади.
Эътибор қилинса, ўзбек адабиётидаги аксарият асарларда персонажларнинг бошидан кечган воқеалар нақли муҳим ўрин тутади ва буни кўрсатиш учун уларнинг портрети, воқеалар содир бўлган замон ва макон манзараси чизиб берилади. «Нигоҳ»дан «Куза...»га қадар қиссаларда эса ҳаёт ҳодисалари ва инсон образини гавдалантиришда бошқача йўлдан борилади. Уларда адабиётимиздаги кўпгина асарларга хос воқеалар бошланиши, тугуни, ривожи ва ечимидан таркиб топадиган сюжет деярли сезилмайди. Чунки бу қиссаларда барчамиз севиб мутолаа қиладиган «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларидагидек персонажлар ўртасидаги баҳс, мунозара, тўқнашувлар диққат марказига қўйилмайди. Хуршид Дўстмуҳаммад персонажларнинг кайфияти, кечинмаларини қаламга олиш орқали ҳар биримизга таниш воқеликни кўрсатиб беради. «Катта кўча», «Нигоҳ», «Паноҳ», «Сўроқ»ни ўқиётганида кўпчилик улардаги персонажлар ҳолатини ўзи ҳам бошидан кечирганини дабдурустдан эслайди. Адиб асарларидаги бу каби тасвир услуби ўзбек адабиётида ҳаёт ҳодисалари ва одам образини гавдалантириш, инсоннинг ички оламига кириб боришда дадил изланишлар кечаётганидан дарак беради. Шу пайтгача ўзбек адабиётида ҳаёт ҳодисаларини баён қилиш устунлик қилиб келган бўлса, энди унинг манзарасини Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикоя, қисса, романларидаги сингари инсоннинг ички оламини турли томондан ёритадиган, турмуш воқелиги қатларини очиб, таҳлил қиладиган асарлар белгиламоқда. Бу эса ўзбек адабиёти жаҳон адабиётининг таркибий қисми сифатида ўзгариб, янгиланиб бораётгани, унинг одам оламини таҳлил қилиб тасвирлаш қуввати ортаётганидан далолат беради.
Хуршид Дўстмуҳаммад ўзининг барча ҳикоя, қисса, романларида кўриб кузатиш инсон табиатига чуқур сингиган хусусият экани ва у ўй-фикрлари, кечинмаларнинг асосий манбаи эканини таъкидлайди. У ўзини ва ўзгани англаш йўлида машаққат тортаётган одам қалбидаги дард, оғриқларни чуқур ҳис қилади, турмуш воқелигининг бошқалар эътибор қилмаган қатламларига кириб бориб, инсоний муносабатлардаги оддий ҳолатлардан теран маъно топади. Бу эса сиз ўқиётган қиссалар муаллифи кишиларнинг кайфияти, ҳолатини ўзига хос тарзда кузатиб, таҳлил қиладиган ёзувчилар сирасига киришидан далолат беради. Унинг асарларида инсон руҳини, унинг дилидаги зиддиятли кечинмаларни таҳлил қилишга интилиш ва шоирона ифодалаш яққол сезилади. Хуршид Дўстмуҳаммад асарларида шунингдек, одамлараро муносабатлардаги зиддиятлар ўз-ўзидан эмас, шароит, вазият тақозоси билан юзага келиши, ҳеч бир ҳодиса сабабсиз содир бўлмаслиги, ҳар бир одамнинг кайфияти, кечинмалари унинг ҳиссиёти билан боғлиқлиги, кишининг ҳиссиёти эса биргина қараш, чимирилишдан ҳам, майин ёки нохуш, ёқимсиз овоздан ҳам таъсирланишига урғу беради. Бошқа қаламкашлардан фарқли ҳолда, кўнгилдан жуда тез ўтадиган турли кечинмаларни аниқ илғаб олади ва уларни ишонарли тасвирлаб беради. Ёзувчининг «Чаёнгул ёхуд қуйиқишлоқча қотиллик» қиссасини ва унинг бошқа асарларини ўқиганлар, албатта, шундай хулоса чиқаришади. Адиб бошқа асарларида ҳам тақдир, қисмат деган бир сирли нарса борлиги, у кутилмаганда кишининг ҳаётини алғов-далғов қилиб юбориши, одам ҳар қанча ақлли, уқувли, эҳтиёткор бўлмасин, тақдирнинг ўйинлари олдида ожиз бўлиб қолишини кўрсатади ва кимнидир айблаш, гуноҳкор дейиш, уни жиноятчи сифатида жазолаш учун шошилмаслик кераклигини таъкидлайди. Муаллиф турмуш воқелигини персонажларнинг турли вазиятдаги кайфияти, ҳолати, кечинмалари билан боғлаб, таҳлил этадики, айни жиҳат унинг ижодкор сифатидаги услубини белгилайди. Персонажлар кайфияти, кечинмалари турли томондан ёндашилиб, таҳлил қилиниши эса ёзувчи асарларига ўзига хос жозиба бағишлайди.
Адибнинг бошқа асарлари персонажларининг ўз бошидан кечаётган ҳодисаларни муҳокама қилиши ҳам китобхонларнинг инсон табиати жумбоқлари, унинг бу дунёда ҳаёт кечириши, яшаши осон эмаслиги, ҳеч бир кишининг инон-ихтиёри тўлиғича ўзида бўлмаслиги, ҳар бир киши, у шоҳми, гадоми, тақдир олдида кўпинча ожиз бўлиб қолиши тўғрисида ўйлантириб қўяди.
«Чаёнгул...» бир қарашда, детектив қиссага ўхшайди. Аммо у «қочди-қувди»лардан иборат анъанавий асарлардан тамоман фарқ қилади. «Чаёнгул...»да воқелик иштирокчиларнинг ички кечинмаларини ёритиш асосида ҳар томонлама таҳлил этилади. «Чаёнгул...» ҳам, «Нигоҳ», «Паноҳ», «Сўроқ» ҳам бу жиҳатдан Фёдор Достоевский асарларини эслатади. Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари персонажлари қалбини ҳам худди улуғ рус адиби романлари қаҳрамонлариники каби мубҳам, тушуниксиз бир ғашлик қоплаб ётади. Уларнинг табиатидаги тушкунлик теварак-атрофидаги одамларнинг муомала-муносабатидаги носамимийликдан, кишиларнинг хулқи, яшаш тарзидаги манфаатпарастлик, манманлик, такаббурликдан келиб чиққани аниқ аён бўлади.
«Чаёнгул...»да ҳам, бошқа асарларида ҳам адиб кишиларнинг кайфияти, аҳволи, шароитини ҳисобга олишга, одамни, у ким бўлишидан қатъи назар тушунишга ундайди. У жаҳон адабиётининг энг яхши намуналарига хос бу хусусиятни ўз асарларининг мағзига сингдиришга, асосий ғояга айлантиришга интилади.
«Чаёнгул...», «Сўроқ» адибнинг ҳаёт воқелигини персонажлар кечинмалари, руҳий ҳолатлари асосида таҳлил қилиш борасидаги изланишлари самарали эканлигидан гувоҳлик берса, «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз» қиссалари орқали ёзувчи кишининг ҳис-туйғу ва ўй-фикрларини ўзига хос тарзда тасвирлашга интиладиган ижодкор эканини намойиш қилади. Ҳар икки қиссани персонажларнинг воқеликни ўз-ўзича муҳокама қилиши ва шу жараёнда уларнинг маънавий қиёфаси очилиб бориши ўзаро уйғунлаштириб туради. Адибнинг қаҳрамонлари ҳаётнинг мазмуни, моҳиятини теварак-атрофидаги одамларнинг ўзаро муносабатини таҳлил қилиш орқали идрок этишади. Улар маиший турмушнинг майда ғам-ташвишлари учун талашиб-тортишишдан толиққан, машаққат чекиб бўлса-да, юксак манзилларга томон талпинаётган кишилар тимсоли бўлиб гавдаланади. Шунинг учун ёзувчининг қиссаларида ҳам, роман ва ҳикояларида ҳам биз мактаб дарсларида ўқиб ўрганган асарларга хос сюжет кузатилмайди. «Нигоҳ», «Паноҳ», «Оромкурси», «Куза...» сюжетини сўзлаб бериб бўлмайди. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоялари, «Синчалак» қиссаси ёки Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романида қаламга олинган воқеаларни эса ўқувчилар дарҳол эслашади. «Нигоҳ», «Паноҳ», «Оромкурси» қиссалари Хуршид Дўстмуҳаммаднинг сюжет ахтармаслиги, у одамнинг ҳар қандай ҳолати, кайфиятини тасвирлаб, қисса ёки ҳикоя ёза олишини аён этади. Бундай маҳорат эгалари бармоқ билан санарли.
Қиссанависликда пешқадам бўлиб келаётган адиб бир тақдир, бир воқеа тасвирланган «Чаёнгул...» қиссасида эмас, бошқа асарларида ҳам ҳаёт ҳодисаларини ўзига хос тарзда янгича талқин қилади. «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз», «Сўроқ», «Куза...» бунинг аниқ исботи бўла олади. Сиз мутолаа қилаётган қиссаларнинг бошқа адиблар асарларидан фарқи шундаки, улардаги персонажлар ўзгаларга эмас, кўпроқ ўзига савол беради. «Чаёнгул...»даги қизидан айрилган Чаман момо ҳам, ўзини осган мактаб ўқувчиси Гулшод ҳам, бу воқеа сабабчиси Ашур ҳам ўзига савол бериб, ўзини айблайди. Муҳаббат мавзусида битилган «Ҳижроним мингдир менинг» қаҳрамони ҳам гапини: «Ҳар кишида то умрининг охиригача гўдаклик туйғуси сақланади. Билмадим, ўша дамда гўдаклик ҳисларим жунбишга келдими, илинж, хавотир ва армон аралаш тушуниксиз бир майл хаёлимга тирғалди: «Мен шу оқликка лойиқманми?» деган шубҳали савол юрагимга ханжардек ботди. Ўша ханжарни ҳали-ҳануз суғуриб ололганим йўқ... Бу қадар таъсирчанлигимдан ҳайрон қолдим. Ётсам ҳам, турсам ҳам – тушимдаю ўнгимда ҳам шу савол таъқибидан қутулолмадим. Ўзимни ҳарчанд чалғитмай, сўрадим, сўрайвердим: «Мен шу покликка лойиқманми? Мен шу покликка лойиқманми? Мен шу покликка...» деб бошлайди.
Севги-муҳаббат мавзусида сон-саноқсиз асар битилган. Бу мавзудаги асарлар адабиётнинг салмоқли қисмини ташкил этадигина эмас, айни муаммо сўз санъатидаги барча асарларга ўзгача жозиба, фусун бағишлаб келади.
Муаллифнинг муҳаббат мавзусида ёзилган қиссаларидаги сўзларнинг нафислиги ва уларнинг чуқур ва самимий ҳурмат-эътибор изҳор этилиши, севишганларнинг муҳаббатга эътиқоди, бир-бирини севишига ишончининг мустаҳкамлиги кўнгилда ажиб ҳислар уйғотади. «Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз»да қалби севги-муҳаббат ҳиссидан нурафшон инсоннинг ҳаяжони балқиб туради. Айни қиссаларда истеъдодли ижодкорлар адабиёт ва санъатда асрлар оша яшаб келаётган мавзуларни янгича талқин этиб, уларга абадий ҳаёт бахш этиши аниқ намоён бўлади.
«Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз» насрдаги достондай таассурот қолдиради. Чунки уларда севги-муҳаббат ҳисси ҳар бир кишини ҳаёт синовларидан ўтказиб, қалбини қувватлантирадиган, руҳини чиниқтириб, бардам қиладиган, уни инсоний комилликка бошлаб, маънавий улғайтирадиган сирли ва сеҳрли туйғу экани очиб берилади. «Ҳижроним мингдир менинг»да ҳам, «Мен – сенсиз, сен – менсиз»да ҳам айни сирли ва сеҳрли туйғу туфайли инсон ботинида юз берадиган парвоз кўрсатилади. Улар кўпчиликка хуш ёқадиган, эрмакка ўқиладиган севги қиссалари сирасига кирмайди. Мазкур қиссалар муаллифнинг муҳаббат ҳақидаги қўшиқларидир. Уларни ўқиганлар қалбида муҳаббат тўғрисида шу пайтгача эшитмаган, тингламаган қўшиқ жаранглаётганини ҳис этишади ва «Ҳижроним мингдир менинг» ва «Мен – сенсиз, сен – менсиз» замонавий ўзбек адабиётида севги-муҳаббат мавзусида битилган энг сара асарлар қаторидан мустаҳкам ўрин олишига ишонч ҳосил қилишади.
«Ҳижроним мингдир менинг», «Мен – сенсиз, сен – менсиз» кимгадир сентиментал, чучмал бир мавзу каби туюлиши мумкин. Лекин у ҳам андак бағрикенглик қилса, айни қиссаларда бир пайтлар ўзининг кўнглидан кечган айрим ҳиссиётлар ифодаланганини англайди. Айни қиссаларда муҳаббат ҳисси оғушида қолган одамга дунё бошқача кўриниши, ҳаёт нурли манзара касб этиши, севгилиси Аъло одам (Фридрих Нитше. – Муҳ.) бўлиб туюлиши, уни теварак-атрофидаги ҳамма нарсадан қониқиш ҳисси қамраб олиши, бунинг қувончидан кишининг қалби нурланиши ва у ширин орзу-ҳавасларга берилиши, ўзгаларга яхшилик қилишни исташи, одамларга, жонзотларга, ҳамма нарсага меҳр билан қараши тўғрисида сўз кетади.
«Сўроқ» ва «Куза...» муаллиф синчков кузатувчи ижодкор экани, у ҳодисаларнинг бошқалар назаридан четда қолиб келаётган жиҳатларини топа олишини янада аниқроқ намоён этади. Айни қиссаларда ҳам адибнинг барча асарларидаги сингари персонажларнинг турли пайтдаги кайфияти, зиддиятли кечинмалари, маъсум ва масрур туйғулар гирдобига ғарқ бўлган ҳаёти, ҳеч кимнинг ҳаёти тўлалигича ўзига тегишли эмаслиги, кутилмаган тасодифлар унинг хоҳиш-истаклари, турмуш тарзини ўзгартириб юбориши, тўсатдан нимадир юз берганида одам ғайришуурий таҳлика ичида қолиши, одам кўпинча ўзининг ўйлари, ташвиш, муаммоларини ким биландир дардлашишга журъат қилолмасдан иккиланиши, керак пайтда унда қатъият, журъат етишмаслиги ва кейинчалик буни англаб афсусланиши, кимларнинг салобати босиши, одам буни сезса-да, тан олишни истамасдан ўзини атайин дадил тутишга уриниши кўрсатилади.
Муаллиф «Сўроқ»да таҳлика, қўрқувдан эси тескари бўлиб кетган одамлар аҳволини тасвирлаб, киши ножоиз ишларга ўралашиб қолганида, албатта, аҳволи танг бўлиши, ножўя амалларнинг жабрини тортишини таъкидлайди. Ушбу қиссада ҳар бир кишининг ҳаётидаги муаммо, ғалвалар унинг ўзини ўзи сўроқ қилмаслиги, барча диққатпазликларнинг боиси, сабаби шунда экани, ўзининг хулқи, феъл-атвори, хатти-ҳаракатини тафтиш қилгани сайин инсоннинг фикри ўсиб, теранлашиши, дунёқараши кенгайиши очиб берилади. «Сўроқ»да ҳеч бир киши беташвиш яшамаслиги, тўсатдан пайдо бўладиган тўсиқлар одам учун синов экани, улар кишига ўз фаолиятини таҳлил қилиш имконини бериши, ҳеч ким одамни ўзичалик аниқ ва чуқур тергов қилолмаслиги, ташвишлардан зорланмасдан ўз хулқи, одамлар билан муомала-муносабати тўғрисида мушоҳада юритганлар ҳаётнинг мазмуни, моҳияти тўғрисида аввал англанмаган ҳақиқатларини билиб олиши диққат марказига қўйилади. «Сўроқ»даги асосий персонаж Бозорнинг: «Одамлар-чи, ҳамма-чи... ўзидан қўрқадиган бўп қолган... Ўзим кимман, қандоқ ишлар қип юрибман дунёда, гуноҳим борми-йўқми, дуруст одамманми ёки туриш-турмушим худою бандасига малолми, биров туйқус сўраб қолса, қисти-бастига олиб сўроққа тутиб қолса ўтакам ёрилмайдими, чўчимай-нетмай жавоб қайтара оламанми, йўқ, буларни ўйламайди. Ўйлашга қўрқади. Ўйлашга қўрқадиганлар бўлиб қолганмиз, Шабнам. Ўйловдан қўрққан одамнинг юраги чумчуқ пир этса, адо бўлади. Қўрқоқлигидан ўзининг қуёнюраклигини яшириш пайида ўзганинг ташвишини тортаётган қилиб кўрсатади ўзини... Ўзгаларнинг ташвиши ортига яширинади. Тушуняпсанми, Шабнам, ўзининг ғалваларидан қочади-да, паноҳни ўзганинг ташвишу ғалваларидан излайди!..» деган сўзларида муаллиф битган асарлари мазмун-моҳияти, уларнинг умумий ғояси ифодаланади.
Адибнинг ўз-ўзини сўроқ қилиш, тафтиш этишга асосланган асарлари марказида пахта заводига юкчи бўлиб ишга кирган Бозорга ўхшаган оддий одамлар туриши ҳам муаллифнинг ижодига хос хусусият саналади. «Нигоҳ»даги Бек трамвай ҳайдовчи, «Оромкурси»даги Кўклам Тонготаров илмий ходим, «Чаёнгул...»даги Чаман момо ва унинг қизлари қуйиқишлоқнинг оддий аёллари, «Ҳижроним мингдир менинг» ва унинг мантиқий давоми «Мен – сенсиз, сен – менсиз»даги лирик қаҳрамон рассом, «Куза...»даги Умид «иқтидорли ва умидли тадқиқотчи», «Катта кўча»даги С.Алиевич «ҳайҳотдай нотаниш шаҳарнинг катта кўчасида ёлғиз ўзи ҳеч кимга, ҳеч нарсага – буюмга, икки оёқли матоҳга айланган-қўйган одам», «Ёлғиз»даги Абдулла Қодирий ҳам улуғ адиб бўлса-да, ҳеч қандай амал-мартабасиз, кўпчиликнинг бири бўлиб яшаши шундай хулоса чиқаришга асос беради.
Адиб асарларидаги персонажлар ўзининг ўй-мулоҳазалари «юк»и остида яшайди. Улар муттасил мушоҳада юритиши, ўзининг фаолияти, кўрган-кечирганларини хаёлан тафтиш қилиши, бошқаларнинг хатти-ҳаракати, гап-сўзи, сўзлаш оҳанги, юз-кўзидаги ҳолатларни синчковлик билан кузатиб, таҳлил этиши билан бошқа адиблар асарларидаги персонажлардан ажралиб туради. «Нигоҳ» (1982), «Паноҳ» (1987), «Оромкурси» (1990), «Чаёнгул...» (1991), «Сўроқ» (1991), «Ҳижроним мингдир менинг» (1996), «Мен – сенсиз, сен – менсиз» (2000), «Куза...» (2010) қиссалари қиёсланса, адиб ижодида фикрлайдиган, кузатадиган, кўриб-кечирганларини таҳлил қиладиган, ўз-ўзини сўроқ қилиб, тафтиш этадиган персонажлар образини гавдалантиришда тадрижий ўсиш жараёни кечгани ойдинлашади. Айни ҳолат ўзбек адабиётшунослиги эътиборидан четда қолиб келаётгани эса кишини афсуслантиради. Ваҳоланки, адибнинг асарлари ўзбек адабиётида инсон образини акс эттириш, турмуш воқелигини таҳлил қилишда жиддий ўзгариш, салмоқли янгиланиш рўй берганига исбот бўла олади. Адибнинг асарларида, хусусан, қиссаларида фикрлайдиган, ўз-ўзини сўроқ қиладиган, ўзини ва бошқаларни кузатиб, ҳаётдан янги маънолар топадиган одамларнинг ўзига хос олами очиб берилади. Бу одамлар бизни кундалик турмуш воқелигининг кўпчилик эътибор қилмаган жиҳатларидан хабардор қилади. Демак, адибнинг ҳар бир асари ўқувчига инсон жумбоғи, ҳаёт мураккабликлари тўғрисида адабиётимизда аввал айтилмаган муайян янгиликни тақдим этади. Ёзувчи бунга персонажларнинг руҳиятига чуқурроқ кириб бориб, уларнинг кайфияти, кечинмаларини таъсирчан тасвирлаш ҳамда миллий турмуш тарзимизни ҳозирги замон ўзгаришларидан келиб чиққан ҳолда, таҳлил қилиш орқали эришади. «Куза...» қиссаси бунга аниқ мисол бўла олади. Ушбу асарда ҳам ёзувчи ўз услубига содиқ қолиб, бугунги кун ҳодисаларига уларнинг ичида яшаётган замондошларимиз нигоҳи орқали қарайди. Қиссада бизнинг миллий турмуш тарзимиз бир-бирини кузатишга, зимдан пойлашга, назорат қилишга асослангани, бунинг ижобий ва салбий жиҳатлари, Ғарбдаги тараққиётнинг асослари, биздаги турғунлик, қолоқлик сабаблари тўғрисида сўз кетади. Тенгдош, қадрдон Умид, Азиз, Фарҳоднинг бу хусусдаги мулоҳазалари улар замонамизнинг фикрлайдиган, мушоҳада юритадиган ёшлари эканини билдиради.
Адиб ушбу қиссасида ҳам бошқа асарларидаги каби персонажларини «оқ» ва «қора»га ажратмайди, улардан қайси бирини ёқлашини сездирмайди. Буни ўқувчиларнинг ўзига ҳавола қилади. Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари ўзбек адабиётидаги бошқа қиссалардан айнан мана шу жиҳатига кўра ҳам ажралиб туради.
«Оромкурси» қиссасида «оромкурси», «курси» сўзлари оз эмас-кўп эмас, 125 марта қўлланади ва мансаб-амалга ўчлик айрим кишиларда маънавий-руҳий касалликка айланиши кўрсатилади. «Куза...»да эса шу ва бошқа касалликларнинг сабаблари миллий турмушимизда чуқур илдиз отган қарашлар, урф-одат, таомиллар билан боғлиқлигига эътибор қаратилиб: «Ўша амма-тоғачиликлар, амаки-холачиликлар инсонни асосий ишидан, юмушидан чалғитади, майдалаштириб юборади, биз эса буларнинг барига одамгарчилик, қариндош-уруғчилик деб чиройли ном қўйиб олганмиз!» дейилади. Мавзу моҳиятини ёритиш, муаммони янгича ёндашиш асосида таҳлил этиш жиҳатига кўра «Куза...» қиссаси «Оромкурси»дан бир қадар устун туради. Бу эса ёзувчининг маҳорати йиллар мобайнида тобланиб, мукаммаллашиб боргани, унинг нигоҳи ўткирлашиб, дунёқараши кенгайгани, фикри теранлашиб, ҳаёт ҳодисаларини таҳлил қилиш қуввати ортганини билдиради.
«Оромкурси» билан «Катта кўча» қиссаси қиёсланса, муаллифнинг кўриб-кечирганларини тафтиш қилиб, мушоҳада юритадиган, ўзининг фаолияти, ўзгаларнинг ҳолати, кайфияти хусусида фикрлаб, ўз-ўзига савол берадиган одамлар образини гавдалантириш маҳорати муттасил ўсиб боргани янада аниқ аён бўлади. Тўқсонинчи йилда битилган қиссада эътибор қаратилган воқеликни ёритишда аниқлик етишмайди, муаллифнинг мақсад-муддаоси мавҳумлигича қолади. Асосий қаҳрамоннинг ўзини ҳалок этиши унчалик ишонтирмайди. Кўклам Тонготаровнинг мансаб-амал рамзи оромкурсига маҳлиё бўлиб қолиши бир оз сунъий туюлади. «Оромкурси»даги бу асосий персонаж ясама эканлиги, у зўриқиб, бўғилиб тайёрлангани билиниб туради. Кўкламали Тонготаров образи ҳаётдаги одамларга ўхшамайди.
2014 йилда босилиб чиққан «Катта кўча» қиссасида «Оромкурси»даги мавзу давом эттирилади.
Қиссадаги С. Алиевич образи «Оромкурси»даги Кўклам Тонготаров образидан анча ҳаётий, ишонарли чиққан. «Оромкурси»да амал-мансабга интилиш кишини кулгили аҳволга солиши кўрсатилса, С. Алиевич сиймосида лавозим-мартабага боғланиб яшаш охир-оқибатда, одамни ночор, кераксиз кимсага айлантириб қўйиши гавдалантирилган. Ёзувчининг персонажлар кечинма, ҳолатларини ўзига хос киноя билан тасвирлаш усули «Оромкурси» ва «Катта йўл» қиссаларини ўзаро бирлаштириб туради. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоя, қисса, романларидаги киноя бошқа қаламкашлар асарларидаги киноя, кесатиқдан майин, мулойим, беозорлиги, тагдор маънога эгалиги, мазмунан қамрови кенглиги билан ажралиб туради.
С.Алиевич ишдан – эгаллаб турган лавозимидан бўшатилгач, дабдурустдан ўзи ҳам ҳамма қатори бир киши экани, бошқалардан афзал эмаслиги, ортиқча жойи йўқлиги, мансаби боис одамлар унга хушомад қилиб келгани, кишилар ўртасидаги муомала-муносабат кўпинча носамимий, сохта экани, мансаб-мартабага ружу қўйганлар кундалик турмуш зарбалари олдида ожиз бўлиб қолишини англаб етади. «Оромкурси» қаҳрамони Кўклам Тонготаровнинг мансаб-мартаба билан боғлиқ адоқсиз ўй-кечинмалари мижғовланишга ўхшаса, «Катта кўча»даги С.Алиевич мансаб-амалсиз ўзи ҳеч ким эмаслигини дафъатан билиб қолади ва ҳайрат аралаш ажабланганча бу ҳақиқатни очиқча тан олади. Бу унинг дам зўрайиб, дам пасайиб борадиган фикр-ўйларида аниқ кўринади. С.Алиевич иш жойидан бўшатилгач, ўзини осмон билан замин ўртасида муаллақ қолгандай ҳис қилади, кўнглида кечаётган саволларга тайинли жавоб тополмасдан қийналади. «Куза...», «Сўроқ» қиссаларидан муаллиф асар хулосасини муҳим деб ҳисоблаши, у персонажлари англаб етган ҳақиқатни ўқувчиларга янгилик сифатида тақдим этиши сезилади. Шу нуқтаи назардан қаралса, қисса гарчи бош персонажнинг худкушлиги билан тугаса-да, «Оромкурси»даги хулоса – якунни асослаш лозимлиги, «Катта кўча» қиссаси бу жиҳатдан ҳам «Оромкурси»дан афзал, анча устун экани ойдинлашади.
Жамият ўз-ўзича эмас, фикрлайдиган одамлар саъй-ҳаракати туфайли равнақ топади. Чунки фикрлайдиган, мушоҳада юритадиган, теварак-атрофда кечаётган воқеаларни таҳлил қилиб, зарур хулоса чиқарадиган кишилар бошқаларга ўз таъсирини ўтказади. Бошқалар эса ўзлари истаб-истамаган ҳолда, уларга эргашади. Шунинг учун барча замонда фикрлайдиган кишилар жамиятнинг манзарасини белгилаб беради. Кишилар қанча теран фикрласа, ҳаёт шунча чиройли мазмун касб этади. Хуршид Дўстмуҳаммад ижтимоий аҳволи, касб-кори, ёши, дунёқараши қандайлигидан қатъи назар, фикрлайдиган кишиларга замонанинг энг зарур одами деб қарайди. Аниқроғи, у шундай ижодкорлар сирасига киради.
Адабиётимиздаги аксарият ҳикоя, қисса, романларда персонажлар портрети, воқеалар рўй берадиган манзил-маконлар кўриниши, табиат манзаралари алоҳида ажралиб, кўриниб туради. Қўлингиздаги китоб муаллифининг асарларида эса бу нарса деярли сезилмайди. Негаки, бадиий асарга тегишли айни унсурлар бу адибнинг асарларида персонажнинг кайфияти, ҳолати, ўй-кечинмалари, муҳокама, мулоҳазалари тасвирга сингишиб кетади.
«Катта кўча» қиссасида ҳам, адибнинг бошқа асарларида ҳам одам турмуш муаммолари қаршисида кўпинча ёлғиз қолиши, унинг ҳолати, ўй-кечинмаларини ўзгалар ҳеч қачон ўзичалик ҳис этмаслиги диққат марказига қўйилади. «Бошқалар олдида ўнғайсизланиш ва қисилиш – ҳуда-беҳуда хижолатвозлик одамни расвойи радди бало ҳолатга гирифтор қилишини яхши биладиган», «ёруғ дунёни курсисиз тасаввур қилолмайдиган» С.Алиевич ўзининг ҳаёт синовлари олдида ёлғиз қолганини ҳис қилади ва бундай пайтда «биттаю битта нажоткор бор, у ҳам бўлса – ўзинг, ўзинг, ўзинг!..» деган хулосага келади. Мана шундай фикр адибнинг барча асарларидаги асосий персонажларни бир-бирига яқинлаштириб туради.
Адиб «Ёлғиз» қиссасида улуғ ижодкорларнинг асарларигина эмас, шахси ҳам кишиларнинг маънавий ҳаёти учун муҳим таянч эканлигига ишора қилади. Айни асарда Абдулла Қодирийнинг сурати ва сийрати жуда таъсирчан тасвирланган. «Нигоҳ», «Паноҳ», «Оромкурси», «Катта кўча», «Чаёнгул...»да ёки «Куза...»да асосий персонажнинг портрети яхлит ҳолда чизиб кўрсатилмайди.
«Ёлғиз», биринчидан, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг улуғ инсонлар ҳаётини идрок этиш, улар меросини теран таҳлил қилиш ва барчага асқатадиган зарур хулоса чиқаришга интилиши кучлилигини аён этади. Бу, албатта, унинг табиатан синчковлиги, ғайрат-шижоатининг баландлиги, ҳодисага кутилмаган томондан ёндашишда зукколиги каби омиллардан келиб чиқади. Иккинчидан, ушбу қисса Хуршид Дўстмуҳаммад изланувчан ижодкор экани, у ҳар бир асарида ҳаёт ҳодисаларини акс эттириш ва инсон образини гавдалантиришда янгича йўлдан боргани, унинг ижоди тадрижий ўсганига аниқ исбот бўла олади.
Адиб ижодида айниқса Абдулла Қодирий образи акс эттирилган қиссанинг алоҳида ўрни бор. Унда муаллифнинг бадиий маҳорати ўсгани, у адиб сифатида улғайиб балоғатга етгани ёрқин кўринади. Қолаверса, қиссада улуғ санъаткорнинг руҳий олами ва ижодкор сифатидаги дунёси таъсирчан тасвирланган.
«Ёлғиз» қиссаси шоир, ёзувчилар таржимаи ҳоли объект қилиб олинган асарлардан, масалан, «Навоий», «Абай» романларидан тамоман фарқ қилади. Ойбек, Мухтор Авезовнинг машҳур асарларида қаҳрамоннинг вафотига қадар бўлган ҳаёт йўли давр воқелиги билан боғлиқ ҳолда ёритилган бўлса, «Ёлғиз»да Абдулла Қодирийнинг биргина «Йиғинди гаплар» мақоласи билан боғлиқ бошдан кечирганлари диққат марказига қўйилиб, шўро тузумининг зулм, зўравонликка асосланган сиёсати фош қилинган.
«Ёлғиз» қиссаси «Навоий» романи билан қиёсланса, ўзбек адабиёти ўтган даврда бир жойда депсиниб қолмагани, унда ижтимоий ҳаёт ҳодисаларини таҳлил қилиш, персонажлар сурати ва сийратини тасвирлашда жиддий ўсиш, илгарилаш рўй бергани ойдинлашади. Қиссада адиб «Йиғинди гаплар» мақоласини бежиз ёзмагани, у билан боғлиқ қора кунлар жуда оғир кечгани, миллатдошларимизнинг аксарияти нодонлиги, жоҳиллиги боис маънавий мажруҳ бўлиб қолгани, кўп кишиларнинг ахлоқи айниб кетгани илғор фикрли зиёлиларни изтиробга солгани таъсирчан манзараларда очиб берилган. Бунинг учун Абдулла Қодирийнинг кузатишлари, ўй-кечинмалари асос қилиб олинган.
«Ёлғиз»да мамлакат мустамлака бўлиб қолишида аввало, миллатнинг ўзи айбдорлиги, унинг илмсизлиги, дунёқарашининг торлиги, маърифатдан бебаҳралиги, аҳволи аянчли эканини англамагани сабабчи деган ғоя асослаб берилган. Қиссада Абдулла Қодирийнинг «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли бошига тушган кўргилик ана шундай марказ вазифасини бажарган. Унинг ана шу жараёнда кўриб-кечирганлари, хаёлидан ўтказганлари шу марказ билан боғланган. Адабий қаҳрамон образи бу тарзда гавдалантирилиб, асардаги барча тафсилотлар бир нуқтага жамлангани эса муаллифнинг маҳорати маромига етгани, у «назар-нигоҳи илғаган воқеа-ҳодисадан, қулоғига илинган икки оғиз жумлаю луқмадан ҳикоя, қисса, роман, мақола ясаб ташлаш ҳадисини олган»ини билдиради.
Умуман, Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари, хусусан, қиссалари адабиётнинг асл асарлари сингари ҳаёт ҳодисалари ҳақида ўйлаб, фикр юритадиган одамлар олами билан яқиндан таништириб, ҳар биримизни ўзимизнинг феъл-атворимиз, хулқимиз тўғрисида ўз-ўзимизга савол беришимизга, кўриб-кечирганларимизни таҳлил этишга, турмуш воқелигига турли томондан қараб, мушоҳада юритишга ундайди ва онгимизда янги олам яратади. Чунки улар қачондир туйган туйғу-ҳиссиётларимизни, қалбимизда кечган, аммо кенг оламга чиқа олмаган ўй-кечинмаларни энг таъсирчан сўзларга жо этиб, бизга тақдим қилади.
Абдулла УЛУҒОВ,
филология фанлари номзоди
НИГОҲ
Кимдир чинқириб юборди. Лоақал шу овозни эшитган заҳоти тормоз дастагини тортиши, трамвайни тўхтатишга улгуриши мумкин эди. Ҳа, эди. Лекин трамвайнинг тезлиги сусаймади, у қўққисдан тўхтаган «Волга»га тарақлаб урилди. «Волга»нинг орқа ўриндиғида ўтирган аёл жон аччиғида сапчиб ўгирилди, унинг қинидан чиқиб кетаёзган ола-кула кўзлари трамвай ҳайдовчисининг кўзлари билан тўқнашди.
Бек аёл кўзидаги даҳшат аломатини кўргачгина нима иш қилиб қўйганини фаҳмлади. Чап қўли билан тутиб келаётган темир тутқични силтаб тортмоқчи бўлди. Трамвай эса, боя – аёл ўгирилиб қарагандаёқ тўхтаган, чунки вагон «Волга»га қарсиллаб урилган замони Бекнинг қўли ғайриихтиёрий равишда «вазифа»сини ўтаган эди...
Бўлар иш бўлди: трамвай «Волга»ни пачоқлаб, уни уч-тўрт метр жойга суриб борди. Вагонда қий-чув, тўс-тўполон кўтарилди. Кўчада тумонат одам йиғилди.
Трамвай тўхтади-ю, ҳайдовчи кабинасининг эшиги шарақлаб ёпилди. Кабина жимжит бўлиб қолди. Бек воқеага заррача алоқасиз одамдек пинагини бузмади. Қозиқдан отилиб оёғи остига тушган халтасига, ундан ярми кўриниб қолган қора муқовали қалин китобга бепарво қаради... Вагон ичидаги, ташқаридаги ғала-ғовур, шовқин қулоққа элас-элас чалинаётгандай базўр эшитиларди. Кабина эшиги ойнасига тумшуғи билан келиб урилган ўрта ёшлардаги семиз киши гавдасини тутолмай ён томонга ағдарилди. Бек секинлатиб кўрсатилаётган телетасвирни томоша қилаётгандай уни бамайлихотир, ҳатто қизиқиб кузатди. Кўз кўзга тушди: таниш нигоҳ! Ўтакаси ёрилиб, жони бўғзига тиқилган одамнинг ола-кула кўзлари – Бек бундай кўзларни ҳо-озиргина «Волга» ичида кўрган эди.
«Волга» ҳайдовчиси ўтирган жойидан отилиб чиқди. Бекни ямламай ютгудек важоҳатда, дағдаға билан рўпарадан яқинлашиб келаверди. Зум ўтмай унинг ёнида милиционер пайдо бўлди. Ҳайдовчининг қўрқув ва таҳдид аралаш ранг-қути ўчган башараси, милиционернинг «эшикни очинг» деган маънода ола таёқни ҳаволатиши чатнаб кетган ойнадан худди ғижимлаб ташланган суратдек кўринди. Бек беихтиёр, лекин оғир жилмайди...
Дераза ойнасига пашшанинг зинғиллаб урилгани эшитилди. Жим бўлди. Сал ўтмай яна зинғиллашга тушди. Қанотининг беўхшов ва залворли зириллашига қараганда пашшага ўхшамади. Аримикан?.. У тўсатдан тинчиб қолар, кейин яна ўзини ойнага урар, гўё ташқаридан кимдир хивич билан деразани дам-бадам чертаётгандек эди.
Ойна зириллайверди, чертилаверди. Арига ҳам ўхшамайди, тиллақўнғизмикан?.. Эҳтимол... «Тиллақўнғиз» ойнага урилавериб ҳолдан тойди шекилли, бир зум тинчиб яна бояги-боягидай шашт билан деразани зириллатишда давом этди...
Бек ойнага урилаётган пашшанингми, аринингми тўполонига уйқу аралаш қулоқ солиб ётганини пайқади. Пайқаши ҳамоно кўкрагига тушган кўрпани юзигача тортмоқчи бўлди-ю, ёнида хотини йўқлигини кўриб, кафтларини қайтиб бошига ёстиқ қилди. Енгил хўрсинди. Хотинининг ўрнидан таниш ҳид келди. Бек охирги марта қачон хотинидан кейин уйғонганини ва ўринда шундай ялпайиб ётган кунини эслолмади. Ҳар куни шу тобда тарақ-туруқлатиб трамвай ҳайдаётган бўлади. Йигирма кундан ошди – дам олди, оқшом ётар чоғида «мириқиб ухлаш»ни кўнглига тугди, бўлмади – одатдагидек саҳармардонда уйқуси ўчди… Ўша куни зерикканидан кунни базўр кеч қилди. У тонг қоронғисида ишга жўнаб, қош қорайганда уйига қайтишга одатланган, зинҳор бекор қололмас эди.
Бек саҳар уйғониб, хотинини безовта қилмаслик учун ўрнидан аста туради, нонуштага одатланмаганидан чироқни ёқмай қоронғида пайпасланиб кийинади, болалари ётган хонага киради, ҳар кунгидек усти очилиб қолган ўғлининг қунишиб ётишини кўриб кулимсирайди, фарзандларининг яна уч соат мириқиб ухлашини, кейин хотини уларни қўярда-қўймай уйғотишга тушишини, ўғли билан қизи яна «бир-р пас» ётишга рухсат ололмай ғингшиб, йиғламсираб ўрнидан туришларини кўз олдига келтиради – бу сафар ачиниш ва оталарча меҳрибонлик аралаш жилмаяди, сўнгра ҳовлига, ҳовлидан кўчага чиқиб йўлга тушади.
У ер бу ердаги хира чироқлар чала-ярим ёритган кўчадан ўнгга қараб йўл солганида ҳатто дайди итлар ҳам туни билан изғиб ҳориган бўлади, қимирлаган жон дуч келмайди. Кўча бошидаги чиқиндихона Бекнинг кўзига аллақандай харобага ўхшаб кўринади, назарида у ерда кимдир пусиб турибди-ю, ҳозир бирор кор-ҳол юз берадигандек туюлаверади, лекин Бек тўхтамайди, хаёлига илашган фикр ўзига нашъа қилади, мийиғида кулиб чиқиндихонага яқинлашганида нимадир «шитир» этади-ю, бир жуфт кўз чўғдай ялтираб кўринади, сўнг битта ёки иккита семиз, бароқ мушук аллақайси гўрдан сапчиб чиқиб, аллақаёққа ғойиб бўлади. Кунда ё кунора шу аҳвол. Лекин мушукнинг сапчиб чиқиб йўлни кесиб қочиши Бек учун бехосдан рўй бераверади, шунинг учун «Э, падарингга лаънат, палакат!» дейди-да, қадамини секинлатмай кетаверади, биров эшитиб қолишидан ҳайиққандек: «Йўлим бехатар бўлсин», деб пичирлайди. Шу аснода девордаги ёзувни ўқийди: «Ким кундузи ахлат ташласа...» давомига чироқ тушмайди, ҳар қалай, Бек унинг мазмунини яхши билса-да, негадир ўқишга уринади, лекин кўзи ўтмайди, «қайтишда ўқирман» деб дилига тугади, аммо шу вақтгача на эрта қайтганида, на оқшом қоронғисида ёзувга қараш эсига келади. Энг қизиғи, Бек кўча бошига етгунича икки-уч қайта чўчиб орқага ўгирилади – назарида ортидан кимдир изма-из пусиб келаётгандай, уни қадам-бақадам таъқиб этаётгандай туюлади… ҳар сафар ҳеч зоғ кўринмайди...
Катта кўчага чиқаверишда қўшни кўчадан баланд, милтиқнинг сумбасидек ориқ Кўланка пайдо бўлади. Бек йўлдан қолмасликни ҳам, тўхтаб Кўланкани кутишни ҳам билмай депсинади – узун қўлларининг учини шимининг чўнтагига суқиб, дўппини қийшиқ қўндирган дароз Кўланка Бекка яқинлашаверади. Кейин кўча унинг маҳрига тушгандек, «Мана шунақа-да!» деб овозининг борича дўриллайди, дўрилласа – Бек кутади, Кўланка Бекка бақамти келганида юришдан тўхтамай, у билан қўл учида кўришади, ҳар гал Кўланканинг муздек бармоқлари Бекнинг кафтини чақиб олгандек бўлади... Кўланка Бекнинг салом-хўшига жавоб бермай, «Мана шунақа-да!» деб бошлаган гапини давом эттиради: «Айни аравангни ғилдиратиб юрадиган пайтда қадамингни сана-аб кетяпсан-а!..»
Кўланка бошқа гап қотмайди, ён-верида ҳеч кимса йўқдай, гўё у ҳозир Бекка луқма ташламагандай йўлида давом этади. Бек унинг қадамига қараб юради, ўзича лом-мим демайди, деган тақдирида ҳам Кўланкадан жўяли жавоб эшитмайди. Бекнинг дам жаҳли чиқади, дам «тентакми?» деб ичида койинади, баъзан Кўланка ёши бир жойга бориб ҳам эл қатори қатнайдиган иш тополмаганига, ҳар куни саҳармардонда ғўдайиб автобус кутиб туришига ачинади, ҳатто «Эпини қилсам хотиржамроқ ишга жойлаб қўярдим», деб ўйлайди...
Кеча оқшом Замира эрининг одатдагидан толғин, мажҳул бир кайфиятда келганини аёлларга хос зийраклик билан дарҳол сезди. Эрига бош-оёқ назар ташлади-ю, кун бўйи тилига тугиб ўтирган маломатлари, гина-кудуратларини унутди.
– Йўлимга «Волга» тушиб, тўсатдан тўхтаб қолди, – деди Бек ўзига дахлсиз ҳодисани ҳикоя қилаётгандай хотиржамлик билан. – Трамвай йўлига ажал етаклаганми, билмадим...
Хотини дик этиб ўрнидан турди, қошлари чимирилди, тўсатдан унинг кўзларида пайдо бўлган хавотир нимаси биландир «Волга»даги аёлнинг қўрқув тўла қарашига ўхшаб кетди. «Хотинлар қаттиқ чўчиса кўзининг пахтаси чиқиб кетади-я!..» Бек шуни ўйлаб, хотинини тинчлантирди:
– Унчалик қўрқинчли эмас. Юкхонасининг қопқоғини алмаштириш керак, холос.
– Юкхонасининг қопқоғи қуриб кетсин, ўзингизга зиён етмадими? Бошқаларга-чи?
– Ҳеч кимнинг оғиз-бурни қонамади. Фақат, бир-икки кун трамвай ҳайдамайман, шу.
Бек хаёл аралаш ўрнидан турди, дераза пардасини кўтариб, ойнага тирмашганча қизғиш қанотчаларини тинимсиз пириллатаётган ҳашаротга бақрайиб қараб қолди: ичида нимадир «шувв» этиб, оёқ-қўли бўшашди, деразага тикилган кўйи сеҳрлангандек қимир этмади – ойнанинг пастида сап-сариқ, совуқдан-совуқ арвоҳ капалак ловиянинг қоринчасига ўхшаш тим қора, дум-думалоқ кўзини Бекдан узмай турарди. У саросимага тушмади, пардани қўйиб юбориб, дераза тавақасини очди, арвоҳ капалак кўздан ғойиб бўлди...
Бек ҳаяжонини босолмай ҳовлига чиқди, у ёқдан бу ёққа юрди, ғайришуурий равишда бетини юва бошлади. Гўёки бу ҳолат уни эрталабки бу дилгирликдан халос қиладигандек туюлди, аммо қанча ювинмасин, дилгирлик унинг бетида эмас, дилида эди. Буни равшан англаб етмаган Бек бармоқлари титраганидан ҳовучидаги сув тўкилиб кетаётганини кўриб, ўзига-ўзи тасалли берди: «Тасодифан адашиб кирган. Қўл теккизмадим. Деразани очиб, чиқариб юбордим...»
Бек шошилмай артинди, сўнг сочиқни елкасига ташлаб, йўлакда вазмин одимлай бошлади. Кеча олма, ўрик ва шафтолининг ранго-ранг гуллари ерга гиламдек тўшалганини кўриб кўзи қувнаган эди, ҳозир уларни тунги ёмғир ер билан битта қилиб чаплаштирибди, лекин Бек лойга қоришган гулларга эмас, балки дарахт шохларидаги гулларга, гул япроқларига илинган шудринг томчиларига қаради, баҳри дили очилиб нафас олди. Унинг нигоҳи шафтоли шохларида тўхтади: қизил-қўнғир, нимпушти-оқсариқ гулларга бурканган ниҳол... жонга ором берадиган мусаффо ҳаво... Бек ҳовлисида бундай ажиб манзарани илк марта кузатиши эди. Шафтоли кўчатини отаси эккан, ўтган йили у нишонага мева тугди, бу йил... ҳовли этагидаги уйда яшайдиган отаси ҳар сафар деразани очиб каравотида ёнбошлаганича дарахтларни, гулларни томоша қилиб ётарди... ҳаёт бўлганида...
Ҳозир Бек югуриб бориб ҳовли этагидаги уйнинг эшик-деразаларини очиб ташлагиси келди, иккала хона ҳам ёмғирдан сўнгги тоза ҳавога тўлишини, муаттар гул исига бурканишини истади. Ваҳоланки, уйнинг дераза эшиклари ланг очиқ, кимсасиз, асбоб-анжомсиз – ҳувиллаб ётарди...
Бек ўзини кўнгил ғашликдан, тунд ўйлардан чалғитиш учун болалар хонасига кирди.
– Бор экан-да, йўқ экан...
Аввал қизи уйғонди, у эрталаб дадасини кўраётганидан ҳайрон бўлиб, кўзларини пирпиратди.
– Ишга бормайсизми, ада? – сўради у уйқуси дарҳол қочиб. Бек эртакни давом эттирди:
– ... қадим ўтган замонда, Тошкент деган томонда бир трамвайчи одам яшаган экан.
Умид устидаги кўрпани тепкилаб туширди. Муштлари билан кўзини ишқай туриб:
– Боғчага сиз олиб борасиз-а? – деди севиниб.
– Ҳа, мен, – дея жавобни қисқа қилди Бек, сўнг эртакни давом эттирди. – Унинг биттаю битта қизи, биттаю битта ўғли бор экан. Туни билан ёмғир ёғиб эрталаб дарахтларнинг гулида марварид томчилар йилтираб илиниб турган пайтда у ўғли билан қизини уйғотибди. Қизи билан ўғли дарров ўрнидан туришибди, кейин ўғлими ёки қизими, кўрган тушини ҳикоя қилибди. Шундайми? Қани, ким айтибди?
Зарифа «мен туш кўрмадим» деди бошини чайқаб. Умид нимадир демоқчи бўлиб лаб жуфтлади-ю, гапиролмади, қовоғини уйиб шикоят қилишга тушди:
– Ў, ада, мен кеча туш кўрувдим, айтаман, десам, опам эшитмадилар.
– Майли, энди айтақол, мен эшитаман. Қандай туш эди?
Умид ўйламоқчи бўлиб кўзини юмди. Кейин йиғламсираб, кафти билан қовоғини ишқай бошлади.
– Эсимдан чиқиб қолди...
Бекнинг орқасидан келиб, эшикка суяниб турган Замира ўғлининг овозини эшитиб кулиб юборди. Эрини айланиб ўтиб, Умидни қучоқлаб эркалади, ўпди.
– Эрталаб шошганимдан шуларнинг тушини эшитишга ҳам сабрим чидамайди. Мана, ҳозир буларингиз кийиниб, чой-пой ичгунича соат саккиздан ошади!
Замира ҳасратини «тез-тез бўла қолинглар», деб тугатди-да, хонадан чиқди...
Бек диспетчерхонанинг тўполонига кўникиб кетганидан, қолаверса, бугун йўлга чиқмаслигини билганидан, шошилмади. Паркка келганидан диспетчер хабардор бўлса, бас. У ойнаванд тўсиқ дарчасига яқинлашгунича орқасидан навбат олган ҳайдовчилар ҳам беш-олтитага етди. Олдинда турган ҳайдовчи дарчадан узоқлашмай диспетчер аёл Бекни кўрди.
– Сенга путёвкани бошқа жойдан беришади, – деди у шанғиллаб, «бошқа жойдан»ни чўзиброқ айтаркан.
Навбат кутаётганлар, хизматчилар бараварига Бекка қарашди. У ҳам бўш келмаслик учун чўзиброқ жавоб қайтарди:
– Ўша путёвкани беришса, мени излаб юришмасин деб келдим.
Бек дарчага энгашди, диспетчер аёл энди юмшоқ-мулойим овозда гапирди:
– Қандай машина эди? Ёмон урдингми?
– «Волга». Юкхонасининг қопқоғини, чироқ-пироқларини алмаштириш керак.
– Сизнинг ўрнингизда бўлсам мажақлаб ўтардим!
Бек товуш келган томонга ўгирилди. Чорпаҳилдан келган, кетмондек башарасида ҳис-ҳаяжондан асар кўринмаётган ҳайдовчи йигит, «Ҳа, ўғил бола гап!» дегандай Бекка бўзрайди. Кейин:
– Кўра-била туриб трамвай изига тушиб олишади-ей, катта кўча торлик қиладими, билмадим! – деди у яна дағдаға қилиб.
Орқароқдан бошқа бир ҳайдовчи уни қувватлади:
– Дунё торлик қилган ҳайдовчи бизнинг йўлимизга тушади!..
Бек бу гапларнинг унчалик ҳақ эмаслигини билса-да, ўзига хайрихоҳлар топилганидан кўнглининг бир чеккаси илиди.
Диспетчер аёл навбатдаги ҳайдовчи узатган қоғозга кўз югуртираркан, гапнинг омадини айтди:
– Муҳандисга учраш. Тақдиринг ўшани қўлида.
Бек парк маъмурияти жойлашган бинога яқинлашаётганида қадамини секинлатди. «Эрталабдан бош муҳандис ҳузурига шу ғавғони кўтариб кирмай...» У ўзича шундай хулосага келди, сўнг сайр қилиб юрган одамдек секин-секин қадам ташлаб, ям-яшил куртак чиқара бошлаган кекса нок дарахти томон кетди. Дарахтнинг узун, бужир танаси ёнбошлаб, эски, пастак уйнинг томига суялиб қолган, агар шу уй бўлмаса кекса дарахтнинг ерга узала тушиши муқаррардек, бироқ қўш тавақали тор эшиги ва кичик кўзли роми алмисоқдан қолганлигини «айтиб» турган якка хонали уй ҳам башарти нок дарахти бўлмаса нураб, емириладигандек... Дарахт уйдан, уй дарахтдан қадимийроқ, бир-бирига суяниб иҳраб-инқиллаб яшаётган бу икки «кекса» ҳамроҳни илк бор кўрган киши ҳам трамвайга тўла бу ҳовли ўрнида аллазамонлар тураржойлар бўлганини сезиши қийин эмасди...
Уй ичида одам шарпаси сезилмади, уйга туташ уч-тўрт бўйра ердаги атиргуллар бир текис, равон ўсаётгани, гул кўчатлари остида хас-хазон кўринмаслиги, ҳар қалай, бу гўшанинг соҳиби борлигидан далолат берарди.
Трамвай излари чигал ипдек босиб кетган ҳайҳотдай ҳовли, айниқса, ёз кунлари қизигандан-қизир, шу боис ҳайдовчилар ва парк хизматчилари бекор қолди дегунча нок соясидан паноҳ топишар, улар тилида бу ер «Жаннаторол» деб ном олган эди.
Бек жимгина келиб дарахтга тақаб ўрнатилган эски, лекин топ-тоза ўриндиққа чўкди. Рўпарада маъмурий бино, ичкарироқда трамвай вагонлари, ўртада чоққина яланглик, унинг бир томонида фотосуратлар, жадваллар, кўргазмалар... Бек уларни биринчи марта кўраётгандек эди. Орадаги масофа хийла узоқ бўлганидан у ёзувларни ўқиёлмади, суратлар йириклиги боис – ҳамкасбларини таниди, пастки қаторда ўзининг қийшайибми, ийманибми тушган суратини кўрди. Қайдандир эсган бир чимдим шабада юзини сийпаб ўтди... Диспетчер хонасидан чиқаётган ҳайдовчиларнинг йўл варақасини буклаб кўкрак чўнтакларига солиши, ён-веридаги ҳамроҳига бақириб-чақириб гап қотиши ёки ўзига-ўзи нималарнидир пичирлаши Бекка қизиқ, ғалати туюлди...
Йўл варақасини олишади, трамвайни ҳайдаб паркдан чиқишади, чиқаётиб дарвозабон қария билан ҳазил-мутойиба қилишади, Бек ҳам гап отади – қариянинг, «Ҳа, йўлгами?» деб сўрашига киноя аралаш, «Сиз ўтираверинг, бобой, биз бир айланиб келайлик», деб кулади. Дарвоза ёнидан жилмай кун бўйи пашша қўриб ўтирадиган мўйсафид шундан бўлак ишга яроқсизлигини тан олиб, ориқ, соқол кўрмаган иягини силаганча ночор ҳиринглайди. Бек курсида қунишиб ўтирган чолни баттар бопламоқчидек, «Ҳушёр бўлинг, бобой! Яна паркни биров кўтариб кетмасин!» деб қичқиради ва ҳамма ҳайдовчилар сингари кўчага шўнғийди…
Шаҳар кезгани отланган ҳайдовчи энди фақат йўлга, йўлга, яна йўлга тикилганича бешиктерватардек бир маромда чайқалиб-тебраниб бораверади. Ўнлаб, юзлаб одамлар вагонга чиқиб тушаверади. Ҳайдовчи дам-бадам бекатда вагон ичига бир кўз ташлайди. Минг бир тоифа одамлар, ҳайдовчи учун улар ким эканлигининг фарқи йўқ – йўловчилар, холос. Трамвай тинимсиз шарақлайди, вагон ғилдираги дам-бадам мияни эзиб юборгудек ғийқиллайди, ҳайдовчи шунга ҳам кўникади, у чеки-чегараси йўқ пўлат излар орасига тикилади, тикилиш кўнглига уради, толиқади, шундай дамларда Бек кабинадан аста сирғалиб чиқиб йўловчилар орасига сингиб кетгиси, уларга қўшилиб суҳбатлашгиси, дунё воқеалари, томошалар, одамлар, айни дамдаги миш-мишлар тўғрисида гап сотгиси, лоақал, об-ҳаво инжиқликларидан ғийбатлашгиси келади, фақат энг сўнгги дақиқада ўзини қўлга олади, тезлик тутқичини жон-жаҳди билан чангаллаб, – шундай қилса йўлнинг таноби тортиладигандек, – мой томаверишидан қорайган икки из ўртасига дўлайиб тикилади… ҳайдайверади, ҳайдайверади, гоҳида бекатда қандай тўхтаб, эшикни қандай очиб-ёпганини, яна қай тарзда қўзғалиб йўлга тушганини фаҳмлолмайди…
Эрта-индин бу беҳаловат кунлар яна давом этади. Ҳозир эса жимжит. Чарақлаб чиқаётган қуёш тунги ёмғирдан сўнг хийла салқинлашган ҳавони илитяпти, дам-бадам илиқ ва зах аралаш шабада эсяпти. Эрталаб ҳаво бу қадар сокин, роҳатбахш бўлишини Бек анчадан буён кузатмаганди. Лекин шу тобда енгил тортиш ўрнига дили ғашлана бошлади. У бекорчиликка кўникмаган, шунинг учун ўзидан-ўзи безор бўлиб бораётган эди...
Бош муҳандисга учрашса, у Бекни бирон ишга тайинласа, бас. Орадан икки-уч, нари борса бир ҳафта ўтса-ўтар, лекин яна... яна бир нарса бор – Бек ён-верига аланглаб қўйди – орани очди қилиб олиши керак! Ҳа, ўзи билан!.. Қачонгача журъат этолмайди, нима, ўзининг қандай одамлигини таниб-билиб қўйишга юраги бетламаяптими?!
Бек бир вақтлар шу нок соясида, худди шу ўриндиқда, ҳозирдагидек зерикиб ўтирганини эслади. Бундан беш йил муқаддам трамвай ҳайдовчилари ўқишини тугатгач, паркка биринчи марта ишга келган куни бош муҳандисни кутганди. Анча кутган, шу ўриндиқда ўтираверган, ўтираверган... бетоқат бўлаверганидан Амакининг гап қотганини эшитмай қолган. Худди бугунгидек...
Амаки иккинчи марта луқма ташлаганидан сўнггина Бек хаёлини жамлаб, уйнинг дарча-деразасига қаради.
– Жа-а, каловланиб қолибсизми дейман, ўғлим?..
Амаки дераза токчасига суянганича ташқарига қараб турар, афтидан, Бек билан боядан бери суҳбатлашаётгандай вазмин, бамайлихотир эди. Бек Жаннаторол соҳиби билан ота-боладек қадрдонлигига қарамай унга тезгина жавоб қайтаролмади. Эс-ҳушини йиғгунича чол яна гап қотди:
– Намунча карвондан адашган бўталоқдек ҳурпаймасанг? Тинчликми, ўзи?
Бек Амакининг кўзига тикилди. Ернинг остида ғимирлаган илоннинг номини биладиган чол бўлиб ўтган воқеадан бехабар қолиши мумкин эмасди. Ва ниҳоят, Амакининг ўзи Бекнинг жонига ора кирди:
– «Волга»да қандай аёл бор экан? – деди ўсмоқчилаб.
– Икки кўзли, битта бурунли... чиройли аёл.
– Ўша шўрликнинг биттаю битта юраги бор экан, қинидан чиқиб кетаёзибди. Товонига қолиб ўтирмагин.
– Трамвайнинг йўлидан юрган «Волга»нинг ҳайдовчиси товонига қолмайдими?! – Бек беихтиёр тўнғиллаб, чолни жеркиб ташлади. Амаки пинагини бузмади.
– Ҳаммасини ўша аёл ҳал қилади-да, – деди у Бекка «оғирроқ бўл» деган оҳангда. – Яхшиси, касалхонага бориб, аёлнинг кўнглини сўра. Ўзинг енгил тортасан...
«Товонига қолиш», «Аёл ҳал қилади», «Ўзинг енгил тортасан...» Бек шуларни кўнглидан ўтказиб, баттар хуноби ошди. Жаҳл билан оғиз жуфтлади-ю, тилини тийди. Ахир... Бек Жаннаторолга кўпдан буён қадам босмаганини эслади.
Амаки дуч келган одамга «ўз тарихи»ни – парк ҳовлисининг қоқ ўртасидаги ёлғиз уйда танҳо яшашини ҳикоя қилишга тушади, гапни «Бу жойлар ота-онамнинг маҳри»дан бошлайди. Шу тахлит авжига чиқаверади: «Бу кулбанинг қурилганига минг йил бўлган десам, ишонасанми? Ишонмасанг, ихтиёр ўзингда: менимча, минг йилдан бир кун ҳам оз эмас! Ота-бобомнинг руҳи, нафаслари сингиб кетган бу уй деворларига! Мана шу уй деб жигарларимдан юз ўгирдим, хотира ҳурмати тириклардан айри тушдим...»
Амаки ҳар сафар ҳикоясини жумла-жумласигача айнан такрорлайди. Бек баъзан трамвай ҳайдаб бораётиб хаёлан шу ҳикояни сўзма-сўз, ҳатто Амаки айтадиган оҳангда такрорлаётганини сезиб қолади. Амакининг аломат одамлигини эслаб, таажжубланади.
Хуллас, Амаки кўнгли тусаганида «ўз тарихи»ни тўкиб солаверади, бошқалар унинг раъйига қараб, эшитиб ўтираверишади. Шу таомилни биринчи бўлиб Бек бузди.
Икки ойлар бурун, нок остидаги ўриндиқда тўрт-беш ҳайдовчи илмилиқ қиш офтобида тобланиб ўтиришган эди. Амаки қўярда-қўймай суйган ҳикоясини бошлаганида Бек ўзини тутолмай қолди – дилидаги тилига кўчди: «Ўзингизни оқлайсизми-йўқми, шу тахлит яшашингизга бари бир қойил эмасман. Ҳарна бўлганда ҳам одамлар орасида, эл қатори ҳаёт кечириши керак одам», – деб юборди.
Бек худди катта гуноҳ иш қилиб қўйгандек ўтирганларнинг нафаси ичига тушиб кетди, улар Бекнинг гапи қанчалик оғир ботганини кўрмаслик учун Амакидан кўзларини олиб қочишди. Бир неча дақиқалик сукунат Бекнинг ўзига ҳам соатдек туюлди. Номаъқул гап айтиб қўйганини сезди-ю, сир бой бермай Амакидан ҳар қандай оғир дашном эшитишга ўзини шайлаб турди. Амаки эса гўё ҳеч нарса бўлмагандай, кўнглига ботадиган бирор гап айтилмагандай, ҳатто одатдагидан кўра вазминлик билан сўз бошлади:
– Бу жойлар ота-онамнинг маҳри... – у шундай деб жим бўлди.
Амакининг ҳикояни давом эттиришини мутлақо кутмаган Бек ялт этиб чолга қаради, назарида Амакининг сўл чеккаси муштдек шишиб чиққандай кўринди, лекин унга синчиклаб тикилишнинг иложи бўлмади. Амаки яна одатича жўшиб, ёниб гапира кетди. Бу уйда қандай покиза кишилар нафас олганини, унинг қурилганига қанча бўлганини – ҳаммасини айтди. Энди чолни тўхтатиб бўлмас эди.
– ...Беш йил фронтда юрдим. Юз ўлиб, юз тирилдим. Ҳушимни танимайман, де. Кўз олдим жимир-жимир қилади, туман, шарпалар, ўйлай дейман, қаёқда! Миям бўм-бўш, ўлганга ўхшайман – одамлар тепамда гирдикапалак. «Э, қўйинглар, ўзларингни қийнаманглар, фойдаси йўқ», демоқчи бўламан – қани, тил айланса... Бир пайт кўзимга дарахтнинг сурати кўринди, дам тиниқлашади, дам хиралашади, чираниб, бор мадоримни кўзимга жамладим, шохлари яйраб-яшнаб ўсган, сурат эмас, худди ўзи, дарахтнинг ўзгинаси!..
Кўрдим-у, димоғимга нашвати нокнинг иси урилди, кўзим равшан тортди – бир зумда ўлишдан айнидим, тавба қилдим. «Ўлмайман!» дедим. Яшашнинг лаззатини кўнглимга солган мана шу нок ҳаққи, нокнинг танасига, шохларига, гулларига сингиб кетган ота-боболаримнинг руҳи ҳаққи, мана шу кулба ҳаққи ўлмасликни дилимга тугдим.
Беш йил не-не дўзахдан омон қайтсам... келиб нимани кўрдинг, дегин болам! – амакининг кўзида ёш ғилтиллади. Лекин ўзини босиб ҳикоясини давом эттирди. – Бақирсанг, овозинг нариёғига етмайдиган боғдан бир туп нок қолибди! Қатор-қатор уйдан манави кулба сўппайиб турибди! Ҳаммасини бузиб, қирқиб тахта девор билан ўрашибди! Боғимизнинг ўрнига трамвайхона тушибди, ака-опаларим, укаларимга аллақаердан ер беришибди. Вой, сендақа имонсизларни, дедим! Битталаб сўкдим. Ҳар дарахтни ағдараётганда томоша қилиб турган кўзларинг ситилсин, дедим, минг йиллик уйларни буздириб ёғоч-тахтасини аравага индамай ортаверган қўлларинг синсин, дедим, шу жойлардан ўтганларнинг чирқираб қолган арвоҳлари урсин сенларни, дедим! Ҳаммасидан юз ўгирдим, тамом-вассалом!..
Кейин энг каттасига бордим, «ғинг» деб оғиз очирмадим. Шу уйда яшайман, деб туриб олдим. Ҳа, уринди-ей, кўндиришга. Ўламан саттор, яқинлашсанг отаман, дедим! На милтиқ бор, на бошқа!..
Трамвайчиларнинг каттаси равиш қилди: «Бу ерда яшолмайсиз, кечаю кундуз шовқин бўлади», деди. «Қулоғим контуз» дедим. Али деса, бали деб туравердим. Хулласи, кўндирдим-ей! Нима дейди, дегин? Ҳовлидаги экин-тикинга қараб юрарсиз, «боғбон» деб ёздириб қўямиз, дейди. Э, хомкалла, боғ қилиш ниятинг бор экан, минг йиллик дарахтларни қўпортириб нима қилардинг, кўрнамак?!
Амаки жим бўлди, ҳеч ким чурқ этиб оғиз очмади. Ўтирганларнинг бари Бекнинг «пўстаги қоқилиши»ни кутган эди. Амаки эса...
Бек ҳикояни биринчи марта эшитгандек сеҳрланиб ўтираверди, иттифоқо, Амакининг аломатлигини, унинг жони, ҳаётининг мазмунию орзу-ҳаваси ҳам шу хотира-ҳикояси эканлигини, ўз ҳикоясини айтмаса, чол ортиқ яшай олмаслигини англаб етди. Кўз ўнгида аскарлик шинелидаги Амакининг тумонат одам орасида эмаклагани, ерни, дарахтни қучоқлаб ўпганлари, кейин нокнинг танасига дув-дув ёш тўкиб ўкириб йиғлаганлари гавдаланди. Бек туйқус бош кўтариб Амакига қаради – чолнинг пешонаси жойида, ҳеч қаёққа туртиб чиқмаган эди...
Бек ўрнидан даст туриб, Амакининг оёқларига йиқилгиси, андишасизлиги учун узр сўрагиси келди. «Нима ҳам қилардим айтиб! Ёши бир жойга бориб қолган чол менинг таъна-дашномим билан бўлакча яшаб қолармиди?!»
Шундай афсуслар ич-этини кемираётганига қарамай Бек кўнглининг аллақаерларида омади гапни айта олганидан ич-ичида мамнун бўлиб қўяр, милтиллаётган бу учқун алангадек ланғиллаётган афсуслардан устунроқ эди. Бек ўз фикрида қолганини намойиш қилмоқчидек даст ўрнидан турди-да, индамай Жаннаторолдан жўнаб қолди...
Ўша-ўша, Бек у ерга қадам босмади. Босмади-ю, лекин... Бек Амакини энди кўраётгандек унга анграйиб қаради, хаёли қочди. «Волга»ни бориб урганмиди... ёки воқеа содир бўлишидан анча аввалми... ёки ҳа, эслади – кабина жимжит бўлиб қолган ва ташқаридан қути ўчган ҳайдовчи билан милиция ходими унга нималардир деяётган пайт Бекнинг кўз ўнгида Амакининг шопмўйлов қоплаган сурати пайдо бўлди. Ҳатто Бек ҳорғин жилмайиб қўяётиб, Амакининг гапини хаёлан такрорлади ҳам: «Нокни қучоқлаб ўпдим, ерни ўпдим, кейин ўкириб йиғладим...» Ёки Бек ўшанда шу гапларни эслаб, кулимсираганмиди?.. Амаки нокни, ерни ўпгани қайда-ю, Бек трамвайни тўхтатмай «Волга»ни бориб ургани қайда?.. Ҳайдовчилар, парк ишчилари орасида оғиздан-оғизга кўчиб юрадиган билса – ҳазил, билмаса – чин қабилидаги бир гап Бекнинг хаёлидан кечди: «Амаки жайдари одам эмас, у билан гаплашсанг, енгил тортасан, дилини оғритсанг, ўзингдан кўр», дейишарди... У ҳолда Амаки Бекдан юз ўгирган, башарти, Бек Жаннаторолга қадам босгудек бўлса, Амаки уни қувиб солиши тайиндек эди. Афсуски, Бек хом ўйлаган экан, мана, у хаёлларга чалғиб, Жаннаторолга келди, мана, Амаки ҳар кунги сирдошидек гурунг беряпти. На гина-кудурат, на дили ранжигани сезиляпти. Аксинча...
– Нега мен товонига қоларканман? – Бек Амакининг гапидан бир оз ғулғулага тушган бўлса-да, сездирмай, бамайлихотир гапирди. – Бир кун ўтмай бекорчилик жонга тегди, бош муҳандисга учрашсам, бирор ишга қўйса...
– Иш дейди-я! Э, болам, иш-юмуш топилмас матоҳми? Ҳақмисан-ноҳақмисан, бир бечора сен туфайли касалхонага тушибди – бориб хабар олсанг, асаканг кетмайди. Шўрлик аёлнинг аҳволини ўз кўзинг билан кўриб, хотиржам бўлмай қўлинг ишга борадими?
«Нима, Амаки паркнинг директорими? Нега унга ҳисоб бериши керак?» Бекнинг кўнглидан шу гаплар кечган бўлса-да, Амакининг раъйига қаради. Унга оғир ботмайдиган қилиб оҳиста деди:
– Хабар оламан, Амаки, хабар оламан. Фақат аввал бошлиққа учрашай...
Елкасига оқ халат ташлаб олган Бек палатага кираётиб, бир зум тўхтади. Назарида қўлидаги қоғоз халтани аёлга писанда қилаётгандек туюлди. Ноқулайликдан қутулиш учун ёнидан ўтиб бораётган ҳамширани тўхтатди:
– Кечирасиз-у, синглим, мана шуни сиз...
Бек ҳамширанинг розилигини ҳам кутмай халтани унинг қўлига тутқазди. Қиз олдинга ўтиб, палатага кирди.
Икки ўриндан бири бўш, иккинчисида жабрдийда – «Волга»даги аёл ёнбошлаб ётарди. Ҳамшира деярли пичирлаб, «Сизни кўргани келибдилар», деди-да, қоғоз халтани тумба устига қўйиб, чиқиб кетди. Палата жимжит бўлиб қолди. Аёл, «Қани, бошлай қол» дегандек Бекка ёвқараш қилди.
– Тузукмисиз, опа?..
Аёл ўзидан ёш кўринса-да, Бек шундай дейишни лозим топди.
Аёл жанжаллаша-жанжаллаша эрига қовоқ-димоқ қилаётган хотиндек авзойини ўзгартирмади.
– Хабар олай, деб келгандим, – Бек овозини ярим парда кўтарди. Аёл бир қўзғалиб қўйди-да, араз оҳангида минғирлади:
– Кеча ё бугун эрталаб ўлиб-нетиб қолсам, нима бўларди?
– Мен бунчалик жиддий деб ўйламаган...
Аёл биқинининг остида илон ғимирлагандек сапчиб бошини кўтарди, оёғини йиғиб ўтирди.
– Сизнингча, жиддийси қанақа бўлиши керак? Одам ўлиши шартми? Трамвай билан устимга бостириб келасиз-у, жиддий бўлмай... Юрагим адо бўлди-ку... – аёл ёстиғининг остини тимирскилаб рўмолчасини олди-да, кўзини артди, бурнини торта-торта шивирлади: – Яна сизга раҳмим келди. Ёш экан, болалари бордир, даъво қилмайман, дедим.
Бу гап Бекнинг ҳамиятига тегди. Вужудидан кўтарилган ҳовур башарасига тепди. Тилининг учига келган гапни айтишдан ўзини бир лаҳза тия олмаганида бемаврид ҳақ-ҳуқуқ талашишга киришган бўлар, машинасини бехос тўхтатганлиги учун «Волга» ҳайдовчисини айблашга тушар, оқибати – ишнинг баттар пачаваси чиқиб, жанжал катталашиши муқаррар эди.
Бек юзини буриб деразага қаради, бирпас шу алфоз қимир этмай ўтирди, сўнг гўё аёлнинг айтганларини эшитмагандай унга ўгирилди. Ҳовуридан тушганига, ҳатто ўзини вазмин тутолганига ичдан севиниб, деди:
– Бирон жойингиз шикастланмадими?
Аёл Бекнинг товушидаги илиқ бир меҳрибонликни пайқамади.
– Юракнинг шикастлангани етмайдими сизга, ука? Ўлиб қолаёздим-ку! Кўзимни юмдим дегунча устимга трамвай босиб келаверади. Юрак ўйноғи қилиб қўйдингиз мани.
Бекнинг раҳми келди. Воқеа юз берган чоғда даҳшатдан қотиб қолган кўзларнинг бу қадар маъсум, гўзал ва майинлигини энди сезаётган эди. У кўзлардаги жами нур ўша тўқнашув пайтида бирдан қорачиқларига йиғилиб тошга айланган – Бекни ҳушига келтирган ҳам, сўнг трамвайни тўхтатган ҳам шу тошқотган нур эди. Энди эса, аёлнинг ўлим билан бетма-бет келиб фавқулодда омон қолган одамлардагина бўладиган нурсиз, дардчил нигоҳига қараб, Бекнинг юраги увишди.
– Фалокат қуриб кетсин, – деб юборди у беихтиёр. – Нима жин уриб ҳайдовчингиз машинасини трамвай йўлидан ҳайдай қолди.
Бек сўроқ оҳангида гапирмаса-да, лекин аёл уни ўзига берилган саволдай тушунди. Назарида, Бек бу билан бутун айбни «Волга»нинг ҳайдовчисига ағдаргандек бўлди.
– Трамвай изига чиққан бўлса, нарироқ бориб йўлингизни бўшатарди. Йўлимга чиқди, деб босиб кетаверасизми?
– Нега босар эканман? Чамамда, улгуролмадим...
– ГАИ ходими айтди-ку, тўхтатишга бемалол улгурса бўларкан. Сиз эса...
Бекнинг юраги «шиғ» этиб кетди. Ёш болалардек, «Айтманг, айтманг!» деб юборишдан базўр тилини тийди. Куч-қувват бирдан аъзойи баданини тарк этгандек мажолсизланди. Бўм-бўш бўлиб қолган вужудида ўша бир нарса кулча илондек ўралиб ётар, бу – ўз феъл-атворини, аниқроғи, ўзининг ким ва қандай одамлигини ойдинлаштириш ғулғуласи эди! Бек худди ўзининг катта бир қусурини фош қилиб қўядигандек муҳокамани бошлашга юраги дов бермас, у ҳақда бош қотиришни орқага сургани-сурган эди. Мана, рўпарасида ўтирган аёл унга шуни эслатди... Агар у аёлнинг «тўхтатишга бемалол улгурса бўларкан, сиз эса...» деган таънасига жавоб топса бас, жумбоқ ечилади... «Мен нима қилибманки, «сиз эса...» дейди. Тўғри, трамвайни тўхтатишга улгуришим мумкин эди. Йўлни шу тахлит тўсиб чиқишлар ҳар куни бўлади. Ҳар сафар вагонни секинлатаман ёки тўхтатаман, жуда сабрим чидамаса, трамвайни назарига илмайдиган ҳайдовчини ўзимча боплаб сўкаман, сўнг йўлимдан қолмайман. Шу сафар...»
– Йўлимга тушгани етмагандай, тўсатдан тўхтаганига ҳайронман, – деди Бек аёлни ортиқ гапиртирмаслик умидида.
– Олдидан йўловчи ўтиб қолибди, дейишди. Ҳар қалай, билмадим-да, нима бўлганини...
Аёл «нима бўлганини», дедими, «нима бўлишини», дедими – Бек илғамади. Бу икки ибора орасида катта тафовут бор эди. Бироқ «андоқ эмас – бундоқ, бундоқ эмас – андоқ бўлганди», деб касал ётган аёл билан пачакилашишдан не наф?» Бек шу ўй аралаш сўради:
– Дори-дармон қилишяптими? Камчиликлар бўлса...
– Ҳаммаси етарли, хабар олиб туришибди, – деди аёл, сенга қараб қолган жойим йўқ, деган оҳангда.
Бек унинг авзойига, киртайган кўзига, тиниқ момиқдек ёноғига, кўрпа устида рўмолча ғижимлаган юмшоқ, силлиқ бармоқларига бирма-бир қаради. Жимжит, кимсасиз хонада бегона аёлни бу тахлит томоша қилаётганидан ўнғайсизланди. Сукутни бузиш учун важ ахтарди, лекин вазиятга арзирли сўз тополмай, мияси қотди. Аёлнинг бефарқ ўтиришидан бирор мазмун уқиб бўлмас, бироқ Бек ундан кутилмаганда ўзга маъно уқди: аёл гўё «қилғилиқни қилдингми, тепамда ўтирасан, ўтиришга маҳкумсан», деяётгандай бўлди.
Бек тўсатдан стулни тарақлатиб сурганча ўрнидан қўзғалди, дафъатан ёдига муҳим бир юмуш тушгандек қад ростлади.
– Тузалиб кетинг, ишқилиб, – деди у афсусланганнамо оҳангда, – хабар олиб тураман... келаман...
Аёл индамади, фақат «майли» деган маънода бош ирғади. Бек буни кўрмади...
«Шу сафар... – Бек палатадан чиққан заҳоти боя хаёли узилган жойдан мушоҳадани давом эттирди. – Шу сафар вагонни нега тўхтатмади? Нега? «Волга»нинг ҳайдовчиси, касалхонадаги аёл, диспетчерлик хонасидагилар, ГАИ ходими ҳам уни олдинда бораётган машинани бориб уришда айблашди, лозим топилса, жазолашади, жарима ундиришади, аммо бу билан иш битмайди. Жавобсиз қолаётган саволга фақат Бекнинг ўзи ойдинлик киритиши мумкин. Нима, унинг бирон тили қисиқлик жойи борми? Нега у ўзини тергашни орқага ташлаяпти?..»
Бек паркка етиб келганида тушлик аллақачон тугаган, тиккадан сал қиялаган қуёш борлиқни қиздирар, нок дарахтининг сояси кичрайиб, эски, туссиз ўриндиқнинг бир чеккасини офтоб нуридан аранг паналаб турарди.
Бек тинкаси қуриб бирпас ўтириб, нафас ростлагиси келса-да, маъмурият биноси томон бурилди. Орқасидан Амакининг овози эшитилди:
– Ҳа, бордингми?
Бек бош ирғади. Амаки уйнинг ёнида турганча кўзларини қисиб бўғиқ овозда чақирди:
– Қани, бу ёққа кел-чи. Нима бўлди?
Бек ноилож Жаннаторолга яқинлашди.
– Бордим...
– Бу бошқа гап, – Амаки худди ўзининг оғири енгил бўлгандек мамнунлигини яширмади. – Шунақа ишкал устида вазминликни бой берма. Қизишма. Биров ул-бул деб бошингни қотирса, «мен бенавот», деб туравер, «палакат оёқ остида», де. Шундай десанг... Юмшайдиганми?
– Мулойимгина экан.
– Ҳо-ҳо! Ҳали даъво қилмасликка кўндираман деб...
– Даъво қилмас. Нимасига даъво қилади? Ўзи – тузук, фақат сал чўчибди.
– Чўчигани чатоқ-да! Пешонаси ғурра бўлса тузалади. Қўрққан-чўчигани ичида бўлади. Сиртидан сезилмайди. Бирор кор-ҳол юз бермаса гўрга-я!
Бек Амакининг гапига қулоқ солиб, вақтни бой бераётганини сезди ва жиддийлашди. Амакининг «нутқи»ни қўққисдан бузиб, унга гап қотди:
– Пашшадан фил ясайсиз-да, амаки, нима, мен одам ўлдирдимми, «бирор кор-ҳол юз бермаса», дейсиз.
Амаки бир учи нок танасига маҳкамланган ўриндиққа оғир чўкаётиб, гапини маъқуллашга тушди. Бек ундан узоқлашди. У мармар деворли, паст шифтли йўлакка кирганида бахтига қаршисидан келаётган бош муҳандиснинг новча бўйига кўзи тушди. Унинг оёқ остидан чиқиб қолганига севинган Бек дарҳол мақсадга кўчди:
– Жиндек ишкал бўлувди, шунга...
Икки киши ўртасида келаётган бош муҳандис Бекнинг гапини эшитибми ёки ўзичами, соатига кўз югуртирди. Кейин йўлини тўсиб турган Бекка парвосиз қаради-да, худди унинг афт-ангорида толиқиш аломатини кўргандек:
– Кеч бўлди, дамингизни ола қолинг, эртага гаплашамиз, – деди.
Бек яна оғиз жуфтлаб улгурмай бош муҳандис ҳамроҳларига қандайдир топшириқни уқдирганича ҳовлига чиқди.
Бекнинг асаблари бўшашди, сўнг бирдан қушдек енгил тортди. Кулгиси қистади. Кечадан буён «бош муҳандис нима деркин, қандай чора кўраркин?» деб ичи таталаётган эди. У бўлса... Бекнинг мириқиб кулгиси келди... Демак, ҳеч гап йўқ, эртага, нари борса, индинга йўлга чиқади!..
Бек парк дарвозасидан чиқаётиб, ошиқадиган жойи йўқлигини англади. Қачон кун кеч бўлади-ю, ҳозир уйга боргани билан хотини, болалари қачон қайтишади! Бек эса, шом қоронғисида қайтишга одатланган, унга қадар... одам иш билан банд бўлиши, оқшом бола-чақалари ҳузурида ором топиб ўтириши учун кун бўйи хизмат қилиши, уйга боргач, эртасига яна саҳар-мардонда ишга киришиши учун туни билан ҳордиқ чиқариши – шу зайлда кун кетидан кунни, ой ортидан ойни – умрини ўтказавериши... Ишинг, юмушинг кўпайса, кун қисқалик қилади – ҳеч балога улгуролмайсан, бекор қолсанг, вақтни ўтказолмай, жонинг ҳалак, тунда мижжа қоқмасанг, тонг отмайди – яна ўша-ўша – одам туну кунга ипсиз, ипсиз-у, лекин чирмаб боғланган, улар исканжасидан халос бўлолмайди...
Бек йўлакда деворга илинган телефон-автоматни кўриб, ҳушини йиғди, ҳамон кулимсираб туриб трубкани икки қўллаб қулоғига босди. Замиранинг овози одатдагидан кўра майин, ёқимли эшитилди:
– Нима бўлди, дадаси? Тинчидими? – деди хотини Бекдан аввал гап бошлаб. Овозидан у эрининг қўнғироқ қилишини кутганга ўхшади.
– Тинчимай, нима бўларди, – деди Бек хотиржам. – Ишлар беш!.. Бекорчилик. Уйга қайтаётгандим. Шунга...
Нима демоқчи эканини Бекнинг ўзи билмади, лекин «шунга» дейишидан унинг мақсадини Замира тушунди.
– Бўш бўлсангиз, нима қилишни билмай қоласиз-да? Боғчадан болаларни олинг, уйга бориб, ҳовлидаги майда-чуйда ишларга қаранг. Кун кеч бўлади-қолади.
Боғчадан дадалари билан қайтишнинг ўзиёқ Зарифа билан Умид учун байрамга айланди. Болалардаги кайфият Замирага ҳам ўтди – у ҳафсала билан овқатга уннади. Бек тарвақайлаб ўсган атиргулларни бутай туриб, боғчага борганини, Умиднинг тарбиячиси уни танимаганини, «Сизни биринчи кўришим. Эркаклар шунақа-да», деб таъна қилганини кула-кула айтиб берди.
– Яхшиямки, боғчанинг қаердалигини унутиб юбормабсиз, – деди Замира ҳам эрининг кулгисига қўшилиб.
Бекнинг гапи ўзига нашъа қилди. Бир оз чалғиган бўлса-да, пароканда хаёлини жамлашга уринар, бир йўла калаванинг учини топгиси келарди. Шу пайт дарвоза очилиб, йўлакда бегона эркак билан аёл пайдо бўлди. Бек аввалига уларга ажабсиниб қаради, сўнг бир сесканиб тушди: жувон зарда қилгандек тарс-турс юриб бориб этакдаги уйга кирди. Эркак – Далавой Бекнинг ёнига келиб:
– Берган тузингизга рози бўлинг, ака, – деди совуққина қилиб. – Бир оғиз сўзингиз – биз кетдик...
Бек меровланиб ғўлдиради, тили калимага келмади. Манглайидан муздек тер чиқди ва негадир:
– Уйга киринглар, чойхона палов бўляпти, – деди ясама илтифот билан.
– Бизникига марҳамат қилинглар, ака, – деди Далавой. – Келинингиз ҳам шаҳарча паловни дўндиради.
У шундай деб уйга кириб кетди.
Бек азбаройи, «Далавой қайси уйни «Бизники!» деяпти?» деган хаёлда ҳовли этагига шошилди. Бориб, деразадан ичкарига энгашди, аланглади, иккала хона топ-тоза қилиб супурилган, жимжит, кимсасиз эди... У бўшашиб, ҳатто ҳолдан тойгандек оҳиста изига қайтди. Хотини бир қўлида пичоқ, иккинчисида сабзини тутганча ошхона деразасидан бақрайиб қолганини кўргачгина ҳушини йиғди. Ўғли сабрсизланиб дадасининг шимидан тортқилар, ниманидир бижирлаб қайта-қайта сўрар эди.
Кеча саҳармардонда Бек кўзини очди-ю, дарди дунёси зимистонга айланди, дили вайрон бўлди... Отаси, онаси, опалари, акалари ҳовли этагидаги катта хонада ўтиришганди. Суҳбат, ҳазил-мутойиба қизигандан-қизиб борарди. Бек ҳам гапирди, кулди. Шунда, онаси билан отаси унинг гапларига қулоқ солаётганини тўсатдан сезиб қолди, юраги бир орзиқиб тушди. У ҳолда... опалари, акалари нега кулишди? Бек ота-онасининг бепарво ўтиришларини фаҳмлагунга қадар ҳам овозини баралла қўйиб кулди. Демак, гапи кулгили эди. Нега бўлмаса, тагдор қочириқни нозик илғайдиган отаси билан онаси индамай ўтиришди? Ёки ҳазили беўхшов чиқдими? Аксинча, опалари, акалари ҳамон кулишаётган эди. Бек гап нимада эканини фаҳмлади-ю, баттар талмовсиради: улар Бекнинг ҳазилига эмас, унинг устидан кулишаётган эди.
Ўзини тамом йўқотган Бек мадад сўрамоқчидек акалари, опаларига бирма-бир аланглади. Йўқ, уларнинг қиёфаси секин-аста хиралашди, хиралашди, сўнг тиниқлашди. Бекнинг кўз ўнгида турганлар етти ёт бегона одамларга айланиб қолди. Бек ёлборувчан кўзлари билан онасига, отасига тикилди. Бироқ чол-кампир унинг нажот истаётганини сезмагандек ҳамон бепарво эдилар.
Бекнинг тили ғўлдиради, ўйлай деса мияси ишламас, онаси билан отасининг олдига борай деса, орада ўтирган кимсаларни босиб ўтолмасди. Шу пайт ичкари хонанинг эшиги очилиб, Далавой чиқди. Бек севинганидан ирғиб ўрнидан турди. Далавой катта-катта кафтларини ҳовуч қилганча Бекка чўзди. Бек ҳам кафтларини жуфтлади. Оқ тангалар шарақлаб Бекнинг ҳовучига тушди. Танга беҳисоб эди, Бекнинг ҳовучини тўлдириб, гирдидан ошиб-тошиб жаранглаб ерга ҳам тўкилди. Бек қўлини олдинга чўзганча онаси билан отаси ўтирган томонга юрди. Пул беҳисоб, анча-мунчаси тўкилган бўлса-да, ҳовучидаги камаймас, бундан Бекнинг севинчи ортгандан-ортар, тангаларни ота-онасининг олдиларига тўкмоқчи бўларди. У яқинлашай деганда отаси аввал сапчиб ўрнидан турди, онасининг қўлидан тутиб уни ҳам турғазди, сўнгра қўшни хонага етаклади. Бек уларга эргашди. Отаси ичкари уйнинг эшигини очганча жойида тош қотди.
Чол билан кампир остонада туриб қолишган, шунга қарамай Бек ҳарчанд уринмасин, уларга етолмас, уй тўридаги каравотда эса Далавойнинг хотини ишва билан кулимсираб ётарди...
«Нимага?», «Нега?» деган сўроқлар тушга уланиб кетди. Бек қандай уйғонган бўлса, ўша алфозда қимир этмай ётди. Саволига жавоб тополмади, ётолмади ҳам. Кўрган туши унинг кўз ўнгида айрим манзаралари билан эмас, балки бутунисича гавдаланаётган эди.
Бек чироқни ёқиб, тошойна жавонидаги пулга ажабсиниб қаради. Ўн сўмлик, беш сўмлик ва уч сўмлик қоғоз пул букланган, ёнида тангаси ҳам бор. Йигирма сўм. Биринчи ижара пули. У на Далавой билан, на унинг хотини билан ижара хусусида гаплашган, ҳамма муомалани Замира қилган. Кеча кечқурун ётар олдидан хотини, «Пул беришди, дадаси, шунча бойликни қаёққа қўямиз?» деб кулди. Бек пулга қўлини теккизмади ҳам.
Бир ҳовуч танга... Отаси билан онасининг ундан юз ўгиришгани... Улар турмуш қурганидан то вақт-соати етиб дунёдан кўз юмгунларига қадар ётиб-турган уйга киролмай, остонада тўхтаб қолишгани. Ака-опаларининг мазах қилганлари, бегонасирашлари... Далавойнинг аёли гоҳ кулиб, гоҳ жилмайиб Бекни беҳаёларча имлаб чорлагани... Таъбирини нимага йўйиш керак? Ахир, Бек ўз ҳолича, ижарадан тегадиган ҳақ учун одам қўймади-ку! Бир куни опаси келди. «Бирга ишлайдиган яхши жувон бор, эрининг бир йиллик ўқиши қолган, яшаётган жойи жуда нобоп, сеникига кўча қолишсин, анави уйларинг бўш ётибди-ку, бир йил ўтар-кетар. Мен айтиб қўйгандим», деди.
Ҳовли этагидаги уйнинг жиҳозлари ўша-ўша – отаси ҳаёт чоғидагидек сақланган, доим саранжом-саришта. Опалари, акалари келишганида дастлаб ўша уйга киришади, онасини, отасини хотирлашади. Бек ҳар сафар онаси билан отасини ҳузурига кираётгандек салом берганча бўсағага оёқ қўяди. Улар билан кенгашади, узоқ маслаҳатлашади, шундагина бирор хулосага келиб, кўнгли тўлади, чол-кампирнинг ҳурмати учун эшикни авайлаб ёпиб чиқади.
Бек кўрган тушининг таъбирини оқшом чоғидаги кайфиятига боғлади. Бир кун бурун ўрнига кириб ётгач, анча вақтгача ухлолмади, йўқ ердаги хаёллар олиб қочди. Ҳатто ундан кейин ётган хотини бир маромда нафас олиб уйқуга кетди ҳамки, Бекнинг кўзи илинмади. Шунда у аста ўрнидан туриб, елкасига тўнини ташлади-да, ташқарига чиқди. Ҳовлини айланди, салқин, ёқимли ҳаводан ҳузурланиб нафас олди. Ой нурида ғалати товланаётган шафтоли гулларини узоқ томоша қилди, дарахт шохлари – серюлдуз осмон саҳнида кўринаётган ингичка новдалар жуда ғариб, гулга бурканган мискин жонзотларга ўхшади. Шафтоли гуллари эрта тўкилибди... Ҳовли этагидаги уй қуёшга ҳам, ойга ҳам тескари, шундан оқланган девори тунда қорамтир кўринади. Яқин орада мойланмаган тунукаси хира, нақшин ромлари жажжигина ўйинчоқдек – қўлингга олгинг, бағрингга босгинг келади. Наридан-бери қоқилган бўғот фанери неча жойидан кўчиб осилиб қолган. Отаси ўлмасдан икки кунми, беш кунми ё ўша – сўнгги куними – «шуни қоқиб қўй, ўғлим, тушиб кетса, ўзингга иш ортади», деганди... фанер ҳамон илиниб турибди. Гўё фанер қоқиб қўйилса, уйдан файз кетадигандек... Бек этакдаги уйга кирмоқчи бўлаётганини, оёғи ўша ёққа тортаётганини сезди. Асабини тинчлантиришнинг, хаёлни тиниқлаштиришнинг, сокинлаштиришнинг бирдан-бир чораси ўша уйга кириб, бирпас тин олиш эди. Отаси билан онасининг ҳузурига кириш ҳуқуқидан ўз ихтиёри билан жудо бўлганини эслаб, инграб юборди, ижарачилар келишига бир оғиз «йўқ» деёлмаганига («Андиша қилиб «йўқ» дея олмаганингдан фойдаланиб сени боши берк кўчага тиқиб кетадиган одамни ким деб аташ мумкин?..»), опасининг кўнгли учун индамай рози бўлганига энди азоб чекарди.
У чала уйқу билан тонг оттирганда кўнгли тундагидан бешбаттар алағда эди. Феъли шу тахлит айниб турганда бетини наридан-бери ювди-да, Далавойни чақирди.
– Ука-а, – деди кўзини ундан олиб қочиб, – оғир ботмасин-у... – Бек гапини охиригача айта олмади. Ғўлдиради. Сўнг амал-тақал қилиб гапирди: – Шу... жойдан қийналяпти-да, одам...
Далавой ялт этиб Бекка қаради, унинг кўзлари катта-катта очилиб, уй эгасининг муддаосини англаб улгурган бўлса-да, ўзини вазмин тутишга уринди:
– Хўп, ака, бирор кўнгилсизлик бўлдими? Тўсатдан... – деб савол назари билан қаради Бекка.
– Далавой, жон ука, мени қийнаманг. Жойни қизғанмайман! Тўғри тушунинг фақат... илтимос...
Шу тобда Бекнинг назарида ўзининг жуссаси лойдан ясалган ғўлага ўхшаб кетди, мабодо кўзи Далавойнинг кўзига тушгудек бўлса, ҳозироқ мингга бўлиниб, уваланиб бир уюм тупроққа айланадигандек туюлди, ўн ботмон тош боғлангандек оёқларини базўр узиб, Далавойдан узоқлаша бошлади. Бахтига уйдан Замира чиқиб қолди.
– Бояги... кечагини олиб тушгин... Тошойна токчасидагини!
Замира Бекнинг қаршисида бошини хам қилган Далавойга, қия ёпилган эшик ортида серрайиб, лабини чимдиб турган унинг хотинига кўзини пирпиратиб қаради. «Нимани?» деб сўрашга оғиз жуфтламасидан аввал Бек ўшқирди:
– Булар беришганини, – деди у этакдаги уйга бармоғини нуқиб. – Кеча кўрсатдинг-ку!
Хотини орқасига қайтиб улгурмай Бек уни тўхтатди:
– Кўч обборадиган машинага бер! Эшитдингми? Мен кетдим!..
Ошдан кейинги бир-икки пиёла чойдан сўнг Замира ошхонани йиғиштиришга турди, Бек болалари билан ёлғиз қолди. Болаларининг чуғур-чуғурида ўйлашга имкон бўлмас, вақт тез ўтар, булар Бек учун айни муддао эди. Зарифа билан Умид дадаларига эркалик қилишар, уларнинг одатдаги вақтда ётгиси йўқ эди. Ниҳоят, Бек битта эртак айтиб бериш шарти билан қутулди. Ўғил-қиз уйқуга кетганда Бек уларнинг устига кўрпани яхшилаб тортиб, бир-бир ўпди, лекин хонадан чиқишга шошилмади. Болаларининг тинч, беғам-беташвиш уйқуга кетганини кўриб, ҳаваси келди: «Одам бир юмалаб болага айланиб қолса! Бошига кулфат тушган ёки иши юришмай қолган кунларни қайтадан яшаса! Лоақал, кечаги, илгариги кунингга қайта олсанг-да, қилган номаъқулчиликларингни тузатсанг, одамларнинг кўнглини хушнуд этсанг… Иложи бўлмаса-чи?..» Бек шошилиб боғчага боргани, болаларни олиб чиққанидан то ҳозиргача улардан айрилмаганини сезди. Энди билса, ўғил-қизи ундан эмас, балки унинг ўзи болаларидан узоқлашишни истамаган, шу баҳона ўзини, хаёлини чалғитаётган экан!
Мана, энди у ёлғиз, истаганча бош қотириши, ўша яна бир нарса ҳақида фикр юритиб, ўзи билан орани очди қилиб олиш фурсати етди. Савол аниқ: «тўхтатишга бемалол улгурса бўларкан. Сиз эса...» Касалхонадаги аёлнинг шу таънаю дашномига жавоб топса бас. Трамвайни нега тўхтатмаганлиги маълум бўлди, ундан ҳам муҳими, ўзи билан орани очди қилади.
«Мен эса...» Бек касалхонадан қайтаркан, жавоб излаб, ўйланди, ҳаммасини дангал ҳал қилиб қўя қолгиси келди. Ўйлаб ўйига етгунча ўзини паркда кўрди. Бош муҳандиснинг муомаласидан сўнг анча енгил тортди, «шунча ташвишлар беҳуда экан», деган хаёлга борди, кулгиси қистади.
Бек беихтиёр муҳокамага киришганидан хурсанд бўлса-да, ортиқ ўйлашга сабри етмади. «Эртага ҳаммаси ойдинлашади, ҳозир дам олай...» дея ўзини чалғитиш учун ўғли билан қизи бирга тушган расмга қаради. Ўғлининг қийшайиб туришини кўриб, ҳар сафаргидек жилмайди. Лабида табассум билан ётадиган хонага ўтди.
Замира эрининг барвақт уйга қайтганидан, болалари отасининг дийдорига тўйиб ўйнаганидан ҳамон кайфи чоғ, эрига бўлган меҳр-муҳаббати бугун бўлакча эди. Ваҳоланки, Замира эрининг кеча азонда тўппа-тўсатдан тўнини тескари кийиб ижарада яшаётган ёш эр-хотинни қувиб солганидан ҳайратга тушган, эрига нима бало урганини билолмай, унга бисотидаги бор маломатларини ёғдиришни дилига тугиб қўйган, айниқса, Далавойнинг кўч ортилган машинага минаётиб, «майли, янга, яхши-ёмон гаплар ўтган бўлса, узр», деб хайрлашганини эслаб, кўзига ёш келган, бунга сайин аламини кечқурун Бекдан олмоқ тараддудида эди. Аксига олиб, кеча бу воқеа юз берди, бугун ҳам эрининг авзойи хийла ғалати, қолаверса, ҳар қалай, эри ишдан барвақт қайтиб, уйим-жойим деб ўтирибди.
– Уйга вақтли келсангиз қандай яхши-я! – деди у эркаланиб. – Сиз ёнимда бўлсангиз, ўзимни эркин ҳис қиламан. Толиқмайман ҳам…
– Нима, уйда бўлмай қаерга борардим? – деди Бек хотинининг жиғига тегиб. – Ишимиз шундай. Сенинг уйинг, ташвишларинг билан йўловчиларнинг нима иши бор? Уларга трамвай юриб турса, бас.
Хотинининг кечаги воқеадан сўз очишини Бек анча вақтгача кутиб ётди. Лекин Замиранинг уйқуга кетганини сезгач, унинг фаросатли, меҳрибонлигини ўйлаб, енгил тортди – уйқуси кела қолди...
Замира буни эрталаб – эри одатдагидек барвақт уйғониб, аммо ўзини ухлаганга солиб ётганида сўради.
– Хавотир оладиган жойи йўқ, – деди Бек кўзини ишқалаб, – икки-уч кун паркда ишлаб тураман, кейин йўлга чиқавераман.
– «Волга»нинг ҳайдовчиси даъво қилмайдими? – деди Замира, «бирон жавобгарлиги йўқми», дея олмади у. Бек хотинининг муддаосини илғаб, уни тинчлантириш мақсадида кулимсиради, бир зум жим ётди, сўнг жавоб қайтарди:
– Нега даъво қилар экан, ким унга лоп этиб тўхтасин, дебди!
– Бари бир сиз унинг орқасидан бориб ургансиз-ку, дадаси.
Бек хотинига ялт этиб қаради. Замира шифтга тикилганча ётарди. Унинг терговчига хос тагдор «даъво»си касалхонадаги аёлнинг «Тўхтатишга бемалол улгурса бўларкан» деган таънасини эслатди. Зеро, ҳар иккала гапнинг даромади бир эди.
Ҳа, Бек вагонни тўхтатишга улгуриши мумкин эди. Нега кўра-била туриб, ҳар доим ушлаб ўтирадиган тормоз дастагини шундоққина торта қолмади. Тортишга улгурмадими ёки тортгиси келмадими?.. Тормоз олганида олам гулистон эди – касалхонага бор, диспетчерга учраш, муҳандиснинг кетида сарсон бўл, Амакининг насиҳатларини эшит... шуларнинг ҳеч қайсиси йўқ эди-я! Қандай шайтон йўлдан оздирди уни? Кайфияти айтарли ёмон эмас, одатдагидек, ҳа, ҳа-я, ҳаммаси – кун ҳам, ўтирган жойи, қилаётган иши ҳам одатдагидек, вагонни тўлдириб бораётган йўловчилар ҳам ўша-ўша, ҳатто трамвай ҳайдовчисини писанд этмай темир изга чиқиб олган «Волга» ҳам («Волга» минган одам трамвайчини назарига илармиди?!) одатдагидек, фақат биттаю битта нарса бошқача – бу, Бекнинг вагонни вақтида тўхтатмагани, аниқроғи, тўхтатгиси келмагани эди! Ҳамма ҳолатлар мана шу жиндай ғайриодатий воқеа туфайли издан чиқди! Яъни Бекнинг тасаввурида трамвайнинг «Волга»га урилгани, аёлнинг юрак ўйноғи бўлгани эмас, балки вагонни тўхтатгиси келмагани воқеа эди! Негаки барча машмашаю васвасалар аввало ўша бир нафаслик лаҳзада Бекнинг «нима бўлса бўлар» деган хаёлга борганининг оқибати, касофати эди!
Хўш, нега шундай хаёлга борди? Бу саволга жавоб топиш учун воқеа юз берган вазиятни тафтиш қилсинми? Ёхуд шу кунларда кайфиятига бир бало бўлдими? Эҳтимол, воқеага ўша куни саҳарда кўрган туши, туш таъсирида ижарачиларни ҳайдаб солгани ҳам дахлдордир?!
Бек бирор кори ҳол юз берса атрофлича, обдан мулоҳаза юритишни истар, бироқ кўнглига туггандек батафсил бош қотиришга улгуролмай мияси тошга айланиб қолар, хаёл жинкўчаларида адашиб-улоқиб калаванинг учини йўқотар, бориб-бориб руҳий азобланиш жисмоний толиқишга айланар эди.
Ҳозир шундай бўлди. Хотинининг бир оғиз гапидан мияси алғов-далғов. Ўйлаб ўйига етолмаса-да, билдики, Замиранинг сўрагани иккинчи даражали нарса. Бироқ... тўғри, орқадан бориб ургани учун Бек айбдор, бу ҳақда сўз бўлиши мумкин эмас, Бек ўз айбига юз чандон иқрор, уни инкор этиш нияти ҳам йўқ, бироқ Бекнинг бу хусусда баҳслашишдан кўра нега энди кўра-била туриб, вагонни тўхтатмаганини, устига-устак, ўзига гард юқтиргиси келмаётганини билиш муҳим эди! Тўғри, Бекнинг айби катта эмас, ҳатто бунчалик ваҳимага арзимас ҳам. Касалхонадаги аёл беш-ўн кунда тузалиб чиқса, Бек «Волга»нинг ҳайдовчисини рози қилса бас. Бироқ унинг қилмиши оғирроқ, борингки, аянч оқибатлар билан тугаши ҳам мумкин эди-ку! Наҳотки, ўшанда ҳам Бек ҳозиргидек ўзини оқлаш чораларини излаган бўларди?! Ҳамма гап мана шунда!..
Замира ҳар кунгидек эрталабки югур-югурни канда қилмади, болаларини уйғотди, ювинтирди, ясан-тусанни ўрнига қўйди, апил-тапил чой ичгач, йўлга отлана туриб, эрига юзланди:
– Бугун нима қиласиз? Ишингиз тўғри бўлармикан?
– Кечикмай бора қолсанг-чи, – деди Бек ярим жаҳл, ярим ясама меҳрибонлик билан, – тўғри бўлмай, гўр бўлармиди?
Хотини кетгач, у ҳеч нарсани ўйламасликка уринди, хавотиру ташвишларини бир чеккага йиғиштириб қўйди... Болаларини боғчага кузатиб, сўнг паркка боргунча, дарвозахонадан ўтиб қайси томонга юришни билмай туриб қолгунича ўзини чалғита олди.
Дарвоқе, кимга учрашгани маъқул? Диспетчерга учрашадиган жойи йўқ. Ҳозир у ер гавжум: ҳайдовчилар навбат кутишади, бақириб-сўкиниб йўл варақасини олишади, кейин эшикдан отилиб чиқиб, йўл-йўлакай варақани киссага жойлаб, ўз вагонлари томон югуришади.
Бек елиб-югураётган ҳамкасблари ўрнига ўзини қўйиб кўрди. Хаёлига келган бу фикр ажиб бир қизиқиш уйғотди. Ўзи ҳам қўлига йўл варақаси тегиши ҳамоно шуларга ўхшаб вагони томон югургани-югурган эди. Лекин бирон марта: «Нима қиляпман? Қаёққа, қандай юмушга шошиляпман?» деб ўзига савол бермаган, хатти-ҳаракатларини холис кузатмаган.
Унинг хаёлини бош диспетчер аёлнинг шанғиллаши бузди.
– Э, қаёқда юрибсан, йигитча? – дея бидиллай кетди у бирор нарса талашаётгандай иккала қўлини пешма-пеш пахса қилиб. – Ие, жа-а, бемалолхўжа экансан-ку! Вой, опанг ўргилсин сандан! Бу ёғи тревога бўп кетди-ю, серрайиб туришингни қара.
– Қанақа тревога? – Бек бош диспетчернинг бўлар-бўлмасга ваҳима кўтаришини яхши биларди.
– «Волга»ни шопири келиб, сени суриштирибди. Каттага учрашдингми?
– Ҳозир келдим, энди учрашаман-да. Ҳали барвақт-ку.
– Менга қолса кун бўйи келма, оповси. Локигин-чи, укам, бу ёқда қонун бор, ҳукумат бор, мелиса бор. Бирров каттага учрашиб, олдидан ўтиб қўймайсанми?!
Кун бўйи трамвай ҳайдаб шовқиндан пинаги бузилмайдиган Бекнинг қулоғи шанғиллаб кетди. Миясида «катта», «тревога», «қонун», «мелиса» деган сўзлар чувалашди. Бир муддат кўзини юмиб турди-да, «Бўлдими?» деган маънода аста очди, аёлнинг ҳар бири ҳовучга сиғмайдиган кўкракларига, дўрдоқ лабларига тикилди. Ҳиқилдоғида зардоб қайнагандай афтини бужмайтириб, аёл қалаштириб ташлаган сўзлар орасидан «ишкал» деганини танлади. Гўё бу сўзда чуқур маъно бордек унинг мағзини чақишга уринди. Бироқ ўйлаб ўйига етолмай, аёлнинг ўзидан сўраб қўя қолди:
– Қандай ишкал қилибман? Ишкал, тревога, дейсиз?!
Аёл Бек томон энгашиб, овозини пастлатди:
– Ҳа, кечаси хотининг ухлатмадими, дейман. Намунча меровланасан? Каттага нега учрашмадинг, деяпман сенга?
– Мен ҳозир келдим.
– Вой, тавба! Кеча-чи, кеча?
Аёлнинг пахтаси чиқиб кетаёзган кўзларида на хавотир, на ачиниш – ҳеч бир ҳаяжон аломати сезилмади. Бек ажабсиниб унинг кўзларига синчиклаб разм солди. Бирор-бир маъно тополмагани етмагандай сесканиб тушди. Назарида бутун вужуди аёлнинг шанғи овозига, телба-тескари сўзларига тўлиб қолгандек бўлди.
У қабулхонага кириб, бурчакдаги стол ортида ўтирган ёшгина котиба қизга яқинлашганида ҳам мияси тиниқлашиб улгурмаганди. Аввалига котиба Бекка беписанд қаради. Бек унинг кўзига каттиқ тикилиб, қадамини секинлатмай, устига бостириб боравергач, қиз ўтирган жойидан ҳам ажабсиниб, ҳам жиндак хавотир билан боқди. Бек эса столга тақалиб тўхтади. Қиз икки қўллаб стол қиррасини чангаллади, бошини орқага тортиб рўпарасида пайдо бўлган авзойи бузуқ кишига мўлтиради.
Бек не мақсадда кирганини унутиб, унинг кўзига термилди, қўрқинч, хавотир аралаш нигоҳининг нимасидир «Волга»даги аёлнинг кўзларини эслатди... Бек қизнинг қулт этиб ютинганини кўргачгина, лоақал нимадир дейиши лозимлигини фаҳмлади.
– Бормилар?
Қиз Бекнинг тайинли бирор маъно уқиш қийин бўлган қиёфасидан кўз узолмади, жавоб бермоқчи эди, тили айланмай ғўлдиради, секин ўрнидан турди:
– Иш бошланишига ҳали эрта... Мен барвақтроқ келгандим... Шунга...
Қиз гуноҳкорона итоаткорлик билан гапирди. Бек ниҳоятда муҳим янгиликни тинглаётгандек унга тикилиб турди, лекин қизнинг гапини англамади, сўнг саволига тўла жавоб ололмагандек такрор сўради:
– Кечроқ келадиларми?
Қиз «ҳа» маъносида бошини сермади. Бек лом-мим демай, изига қайтди. Йўлакдан ўтиб ҳовлига чиққанида қабулхона эшиги тарақлаб ёпилди, қулфланди.
Бек маъмурият биноси рўпарасидаги гулзор ёқасига қўйилган ўриндиқда бошини қуйи солганча бир неча фурсат ўтирди, сўнг бошини аста кўтарди – анвойи гуллар чамандек очилган. Бекнинг кўзига котиба қизнинг таҳликали чеҳраси кўринди, ҳайрон бўлди. Маъмурият биноси парк ҳовлисининг чеккароғида, уч-тўрт туп мевасиз дарахт панасида жойлашган. У ерда ҳозир ҳеч ким йўқ, жимжит, гулзор ўртасидаги жажжи фавворадан сочилаётган марварид томчилар гул япроқларига тиқир-тиқирлаб тушяпти, анча нарида бўш трамвай вагонларининг шалдираши, ғийқиллаб бурилиши дам-бадам қулоққа баралла чалинса-да, худди уларнинг сукунат чўмган бу томонга алоқаси йўқдек эди. Шу тобда Бек ўзининг феълидан хафа бўлиб кетди. «Зиғирча ташвишни минг бир оҳангга солиб ўйлаш шартми? – дея кўнглидан ўтказди у. – Бундай ҳодисалар бўлиб туради. Лекин ким ўз ёғига қовурилиб юрибди? Тўғри, бор, аммо ўзганинг ҳасратига қулоқ тутадиганлар ҳам оз эмас... Ҳасратингни эшитгани – дардингни енгиллаштиргани...»
Бек ўрнидан даст туриб, трамвайлар томонга боргиси, бориб дуч келган вагонга ўтиргиси, ғизиллаб паркдан чиқиб, мана бу ерда каттани кутиб сарғайгандан кўра, ўша одатдаги ишини қилавергиси келди. Афсуски, унга йўл варақаси ҳам, вагон ҳам берилмайди, балки у шу ерда ўтириши, Каттанинг келишини кутиши, унга учрашиши шарт. Ана ундан кейин – Катта ҳамма гапдан хабардор бўлгач, уни ишга қўйишади. Эҳтимол, ҳайфсан беришар...
Бек узоқ кутди. Сочилиб тушаётган томчиларни беихтиёр санашга уринаётганини ўзи ҳам сезмади, санайверди, санайверди, фақат орқадаги бино томондан ғала-ғовур, оёқ товушлари эшитила бошлагач, ўрнидан оғир қўзғалди.
Бек қабулхона остонасидан ичкарига қадам қўйди-ю, эшикдан нари ўтмай тўхтади – котиба қиз ҳамон ёлғиз эди. Лекин бу сафар қиз чўчимай-нетмай бошини кўтарди.
– Келавермайсизми? – деди у амирона оҳангда, нимадан ийманасиз дегандек.
Бек ишшайди. Бу билан у ўзича бояги қилиғи учун узр сўраган бўлди. Директор хонаси томон имо қилиб «Келдиларми?» деди. Пойгага шайланган югурувчидек гавдасини олдинга ташлаб букилиб туришидан ҳозироқ бошлиқнинг ҳузурига кириб кетгудек, кирса бутун ташвишлардан халос бўлиб чиқадигандек туюлди.
– Уйқудан уйғонибсиз – келаверибсиз-да, – деди қиз киноя қилиб, – бахтингизга директор ҳам эрта келдилар.
Бек тушови бўшатилган тойчоқдек ирғишлади. У директорнинг эшиги тутқичига қўл чўзганида котиба тўхтатди:
– Шошманг, шошманг! Менга қаранг!
Бекнинг тутқичга чўзган қўли ҳавода муаллақ қолди, у бошини бурди.
– Нима масалада киряпсиз? Қайси цехда ишлайсиз ўзи? Бундоқ тушунтиринг-да. Индамай-нетмай, кириб кетаверасизми?
– Ҳайдовчиман, анави... бўйича, – деб Бек гапни қисқа қилмоқчи бўлди-ю, «анави»ни қандай тушунтиришни билмади. Шундай деса котиба тушунаверадигандек сўзига изоҳ бермади.
– Қайси анави? – деди қиз тобора жиддийлашиб. Унинг қарашларида бояги таҳликадан асар қолмаган, Бекнинг олдида ҳимоясиз, ожиз бир полапондек қисиниб турган қиз энди Бекдан кўра юқорироқ мавқеда экани сезиларди.
Бек ўзига лозим ва лойиқ кўрмаган сўзни айтиб юборди:
– Авария юзасидан!
Овози титраб чиқди. Шундай деб бир гуноҳи азимни бўйнига олиб қўйгандек чўчиб тушди. «Авария» сўзини эшитган қизнинг юз ифодаси ўзгарди, Бекка бошдан-оёқ разм солди.
– Кечирасиз... ундай экан... – қиз кўз очиб-юмгунча Бекнинг хайрихоҳига айланиб, ҳатто ачиниш билан гапира бошлади: – Ундай масалалар билан бош муҳандисга мурожаат қилишади...
Қизнинг узун-узун, қайрилма киприклари, шаҳло кўзларидаги ҳамдардлик аралаш кўркамликдан Бек ийиб кетди, ғўлдираб миннатдорчилик билдирди. Ҳозиргина бутун вужуди билан интилаётган жойга киришдан қутулганига энди тўсатдан севиниб, шу севинч далдасида қабулхонадан енгил одимлар билан қайтиб чиқа бошлади. Бироқ уч-тўрт қадам юрмай ўгирилди ва ҳамон ўзига қараб турган котибадан сўради:
– Учрашиб нима қиламан, бош муҳандис нима демоқчи ўзи менга?
Қиз чиройли кўзларини пирпиратиб елка қисди. Бек яна дўриллади:
– Учрашинг деяпсиз-ку, бир гапи бордир-да!
Қизнинг ранги қув ўчди.
– Мен учрашинг демадим-ку. Ўзингиз сўраганингиз учун... Авариялар масаласида... агар вагон шикастланган бўлса... бошқалар ҳам учрашишади...
Бекнинг тоқати тоқ бўлди. У бор дахмазадан ҳозирнинг ўзидаёқ қутулмоқчи ва яна одатдаги беғалва ишига қайтмоқчи бўлди: шиддат-ла юриб бориб, қабулхона ўртасига келди, директор хонаси рўпарасидаги қора чарм қопланган эшикка юзланди, котиба қиз оғиз очиб улгурмай, эшик тутқичини силтаб тортди, эшик беўхшов тарақлади, лекин очилмади, Бекнинг кафти, бармоқлари зирқиради.
– Бугун кечроқ келадилар, – деди котиба деярли овози чиқмай.
Бек серрайиб қолди. Кафти оғриганиданми ёки синчалакдек қиз олдида калака бўлаётганини сезганиданми, дафъатан ҳушини йиғди. Базўр жилмайди. Ҳозир бу ерни тезроқ тарк этишни, ташқарига – очиқ ҳавога чиқиб, бир қур ҳушини йиғиб олишни, ундан сўнггина яна қабулхонага киришни маъқул топди.
Котиба қизнинг юзларида ачиниш ва ажабсиниш аломатлари кўринди. Бек қабулхонадан чиқаётганида у гап қотди:
– Кечирасиз, бош муҳандис бугун кечроқ келмоқчи эдилар, – Бек қизнинг овозидаги майинликни илғаб, унга умидвор ўгирилди. – Лозим кўрсангиз майли, учрашинг, лекин хавотирга ўрин йўқ, – Бек гапнинг охирини эшикдан ташқарида эшитди: – Келсалар, тўғри ремонт цехига ўтмоқчи эдилар.
– Ҳа-а, ўғлим, жа-а оғзинг қулоғингда?
Бек Амакининг уйидан йигирма одимча нарида тўхтади. Амаки нок дарахти ёнидаги ўриндиқда калта қилиб қайчиланган соқолини тутамлаб ўтирарди.
– Бўлдими? Тинчидими?
– Ҳа, – деди Бек бошини эгиб, паст овозда.
– Айтдим-ку, арзимаган иш деб, – Амаки ишонқирамай қараб турса-да, буни сездирмай гапирди, – бери ке.
Бек истар-истамас Амаки томон бурилди.
– Қадам олишингдан ичингдагини биламан, болам. Қарасам, жуда-а келяпсан, ёпирай, Каттанинг кўнгли ийиб, ул-бул мартабага тайинлаб юборибди-да, деб ўйлабман. Чамамда, топдим чоғи? – Амаки бошини бир ёнга қийшайтириб муғамбирона тикилди.
– Фолбин бўлиб кетинг-э, амаки. Каттадан қутулдим. Иш енгиллашди.
– Қадам олишингдан сездим... Директор танти одам, ке, қўй, шу бола ишидан қолмасин, деган-да, барака топкур. Одамнинг қадрига етади... Тунов куни гулнинг остини юмшатаётсам, биров, «Ҳорманг», дейди. Бошимни кўтармай «баҳай» десам, «Бардаммисиз?» деб сўрашяпти. Қаддимни ростладим-у, мулзам бўлдим. Директор! Камтарлик бўлса – шунчалик бўлар-да! Катта бошини кичик қилиб тепангга келиб, ҳол-аҳволлашаяпти-ю, камина бошини кўтармай, ер кавлаяптилар. Ёнида бош муҳандис илжайиб турибди. Бундо-оқ йўталиб қўймайсанми анойи, мен...
Бек Амакининг гапини бўлди:
– Секретарь айтди – бундай масалалар билан бош муҳандисга учрашишим керак экан.
– Муҳандиси ҳам тузук йигит. Каттани тарбиясини олган!
– Ҳар қалай, Каттадан кўра у билан гаплашиш осон.
– Нимасини айтасан, катта билан катта муомала даркор. Бош муҳандис, ҳар қалай, ўзинг қатори йигит. Ҳарна бўлганда... секретарининг ақли ҳам балога етади.
Бекнинг кетгиси келди, чолнинг авзойига қаради, унинг қорамтир, гўштсиз юзидаги ажин излари нимаси биландир нок дарахти танасидаги бужир пўстлоққа ўхшарди: дарахтнинг ҳам, чолнинг ҳам, чолнинг бетидаги ифода ҳам, унинг кейинги вақтда майда гап бўлиб қолгани – ҳаммаси кексалик аломати эди. «Амаки, уй, нок – учови бир-бирига суяниб, амал-тақал кун кўряпти. Бирортаси қуласа – тамом, Жаннаторолдан ном-нишон қолмайди. На уй, на Амаки, на мана бу нашвати...» Бек сабрсизланаётганига қарамай, Амакининг анча нурсизланган кўзларига термилди. Чолнинг бит кўзлари юзи, қовоқларига тушган ажиндан баттар кичрайган, қуюқ қошлари остидан нўхатдек икки қорачиқ йилтираб турар, Бек бу қорачиқлар шу қадар пурмаъно, сирли, ҳатто кишини ҳайратга соладиган даражада ғалати эканини энди кўриб турарди. Амакининг ҳикоясини қайта-қайта эшитганда унинг кўзларига бирон марта синчиклаб қарамаганига, бу митти кўзлар, салқи қовоқ ва ўсиқ қошлар паноҳидаги бу нигоҳ остида қандай сирлар яширинганини сира ўйлаб кўрмаганига ўзидан-ўзи таажжубга тушди.
Чол Бекнинг яна чуқур хаёлга чўмаётганини пайқаб, мақсадга кўчди:
– Муҳандис ҳў-ў боя келганди. Ремонтчилар ёнида бўламан, деди.
Бекнинг чиройи ёришди. Ҳозир у созлаш цехига қанчалик тез етиб борса, ишлар шунчалик эрта ҳал бўладигандек. Амакининг олдига қанчалик беихтиёр келган бўлса, унинг ҳузуридан шунчалик ғайришуурий кайфиятда индамай жўнади.
Цехга кираверишда таниш созловчи йигитларга дуч келди. Улар дарвоза ёнидаги чекиш жойида тик турганча сигарета тутатишарди.
– Бизнинг ҳолимиздан хабар оладиган кунинг ҳам бор экан-ку, – деб қаршилади улардан бири.
Бек кулиб саломлашди.
– Ҳорманглар, иш кўп эмасми, дейман?
– Санга ўхшаганлар иш орттириб турганда биз бекор қолармидик?!
Баланд бўйли, сочлари сап-сариқ созловчи йигитнинг гапи ўзига нашъа қилиб хахолади. Унинг ёнидагиси қуюқ тутун бурқситиб туриб, чимирилди:
– Нима бўлди, Бек? Ишкал қипсан, деб эшитдик.
– Ваҳима қилма. Сал туртиб юбордим. Ўзи йўлимга чиқиб лоп этиб тўхтаса бўладими?! Алай-балай қилгунимча...
– Босиб ўтиб кетмабсан-да!
Бек дароз бўйли созловчининг киноясини фаҳмлолмай, гуноҳини хаспўшлашга тушди:
– Ўзим ҳам билмай қолдим. Вагонни тўхтатсам бўларди. Нима жин уриб...
Бек гапини тугатмай дароз созловчи тамакисини оёғи остига ташлаб эзди-да, шеригининг билагидан олди:
– Юра қол, бугун тугатиб қўймасак бўлмайди.
Бек қўшни цех дарвозасидан кириб, вагон ёнида куймаланишаётган созловчилар орасида бош муҳандиснинг қорасини кўргунга қадар авзойи ўзгармади. Созловчи йигитларга кўнгил очганига, ҳасратини тўка бошлаганига ўзидан-ўзи ранжиди, назарида улар олдида ўзининг ожиз, бечоралигини фош қилгандек, ҳатто гуноҳини бўйнига олиб қўйгандек зарда қилиб тупурди.
Икки созловчи вагон биқинидаги «тахмон»ни кавлаштиряпти, учинчиси бош муҳандис билан уларнинг ишини кузатяпти. Бек бош муҳандиснинг ёнига яқинлашиб, ундан ярим қадам нарида тўхтади. Бош муҳандис унинг келганини пайқаган бўлса-да, пинагини бузмай, созловчилар ишини кузатишда давом этди. Бек унинг гапиришини, воқеани батафсил суриштиришини, қолаверса, кўнгилга тасалли бўладиган сўзлар айтишини кутганди, муҳандис эса бирон туки қилт этмади, кўзлари баттар бепарво – унинг қарашлариданоқ Бек ўзини ҳақоратланган, камситилган деб билди. Оёғи мадорсизлангандек базўр қаддини тутиб туриб қолди. Трамвай «юраги»ни кавлаштираётганларнинг қоп-қора мойли қўлларига бепарво қаради, бош муҳандиснинг менсимай назар ташлаб қўйганидан аламини ичига ютди. Ана шундай нигоҳлар олдида бўйин эгиб туришга ким мажбур қилди?.. Ўзими?.. Шу кунларга қолмаслиги мумкин эди-ку! Ҳаммаси йўқ жойдан бўлди-қўйди... Ўртача тезликда кетаётганди, йўлида кўкиш «Волга» пайдо бўлди, у тез бораётиб, тўсатдан кескин тўхтади, Бек тормоз чироқларининг тўқ қизариб ёнганини дарҳол кўрди, агар ўша заҳоти тормоз тутқичини тортганида вагон кескин силтаниб бир, нари борса икки метр сурилган, лекин «Волга»га икки-уч қулоч етмай тўхтаб улгурган бўлар эди. Бироқ «Волга» йўлида кўриниши билан унда ғалати, сира кутилмаган, фавқулодда... ҳа, ҳа, худди шундай – тўсатдан (нега шундай бўлди?) бир совуққонлик, қандайдир аламга ўхшаш, ўсмирларча ўжарликни эслатувчи нимадир юз берди.
Ўша лаҳзадаги хатти-ҳаракатини, шундай хатти-ҳаракат қилишга йўл қўйган феълидаги ажабтовур, ғайришуурий ўзгаришни чуқурроқ англаб етолмади. Пешонасини деворга уриб ёргудай бош қотирди, ана ўшанда кўнглидан ўтган гапни, йўқ, гап эмас, балки ниманидир эслади: тормоз дастагини силтаб тортишдан бир нафас аввал, «Нима бўлса бўлар-э!» деб юборди!.. Йўқ, овоз чиқариб айтмади, балки «Волга»га тарақлаб урилишдан етти, олти, беш, тўрт қарич, яъни ярим, чорак, нимчорак сония қолган лаҳзаларда «Нима бўлса бўлар-э!» деган гап камон ўқидек шиддат билан хаёлини тилиб ўтди. Бек уни ҳали ҳеч кимга айтмади, айтиш у ёқда турсин, ўзича таҳлил қилиб, тан олишга ҳам чўчиди, янаям тўғрироғи, батафсил муҳокама қилишга иродаси, сабр-тоқати етмади.
– Трамвайни шунчалик тез ҳайдаш шартми?
– Тўхтатишга улгурар эди, индамай-нетмай гувиллатиб келди-я!
– Қўйиб берсанг, йўлида дуч келганни мажақлаб ўтади, булар!
– Трамвай йўлига чиққан «Волга»да ҳам айб бор-да!
– Айбдор деб босиб кетавериш керакми?!
Бек ўшанда – кабинадан ташқарига чиққанида, милиция ходими унинг ҳужжатларини папкасига жойлаб қўйиб, воқеани кўздан кечираётганида атрофдан ана шундай луқмаю таъна-дашномлар ёғилди. Лекин ранжигани йўқ. Ҳатто бир забардаст, тақамўйлов йигит трамвайдан туша келиб ёқасига ёпишганида, «Ҳайдашни билмасанг, трамвайчиликда пишириб қўйибдими!» деб ўдағайлаганида ҳам яқин кишисидан кутилмаганда оғир ҳақорат эшитган одамдек унга бефарқ-беун термилиб, гарангсиб тураверди.
Бек асабийлашиб, жаҳли чапақай чиққанида вужудида алланималар остин-устун бўлиб кетар, юзида эса бунинг акси юз берар – жуда хотиржам тортар, вазминлашар, бунга ўзи ҳам тушунмас, бу феъли ўзига гоҳ ёқар, гоҳ ғашини келтирарди.
У бош муҳандиснинг нимадир деганини хаёл аралаш фаҳмлади, гапни равшан англамаган бўлса-да, оғирдан-оғир қўлбола кўтарма кранни чўян тагликка қўйишда созловчиларга кўмаклашди. Сўнгра «энди айтинг айтадиганингизни» дегандай бош муҳандисга юзланди. Бош муҳандис ҳам, «гапиравер, қулоғим сенда» деган маънода бошини бир оз ёнга қийшайтириб, Бек томон энг
