автордың кітабын онлайн тегін оқу Jaloliddin Rumiy
Радий Фиш
Жалолиддин
РУМИЙ
БИРИНЧИ БОБ
НАЖОТ
Менинг ҳузуримга ишларингизни қўйиб, ниятларингиз билан келинг.
Ибн Тоймиййа
ТОМДАГИ БОЛА
Қишнинг қирмиз қуёши ботиб борар, унга қарама-қарши ёқдан – Балх шаҳрининг атроф-теваракларига таралиб, шафаққа чулғанган дашту саҳроларни тўлдириб, шамол эсар эди.
Товонига қадар узун тўн кийиб, кенг елкаларига қўлларини суқиб, тирсакларини тутамлаб олган Жалолиддин шу пайт лойшувоқ уйнинг ясси томида турар, кўз узмай пастга, чумоли уясидек ғужғон ўйнаётган одамлар оқимига қарар эди. Донишмандларга бовар этиладиган бўлса, улар икки минг йилдирки, шу ерда уймалашиб ётишибди. Босқинчилар неча бор бу жойни ер билан теп-текис қилиб ташлашди, лекин ҳамон ўша-ўша – турфа, ола-қуроқ тилли, шовқин-суронли, тақводор уя ҳамон ғивирлагани-ғивирлаган.
Амир қўрғони Ҳиндувон бир-бирига айқашиб, чорсу билан кесишган қумсувоқ томлар, ҳаммомлар, мадрасаю хонақоларнинг қаторлашган гумбазлари оша юксалиб турар, аммо масжиди жоменинг миноралари ундан ҳам узаниб, нақ суйи ҳавога бўй чўзган эди.
Балхобнинг бўтана сувига тўлган каналлар қуюқ япроқли, туташ боғлар оралаб жимиллаб оқар, ер ости қувурларига кириб, кўздан ғойиб бўлар, яна қалъа деворидан нарида пайдо бўлиб, ариқларда шилдирар, теварак-атрофдаги қишлоқларнинг қизғиш тупроқли далаларига обиҳаёт элтарди.
Қўш бозор-гузар узаниб, то қалъа деворига туташ еригача, кафтдек кўриниб турибди. Дўконлар бекила бошлаган, Муҳтасиб шотирларини эргаштириб, савдо-тижоратни пайғамбар русумидек жорий этишларини кузатиб, растама-раста айланиб юрибди. Аслаҳасозлар қўрасидаги олов милтираб-милтираб сўнди, мисгарлик, заргарлик, бешиксозлик, аравасозлик расталаридаги қулоқларни батанг қилувчи тарақа-туруқлар тинди, пичоқ чархловчи дастгоҳининг илондек вишиллаган овози ўчди. Олис, бўм-бўш кўча бўйлаб бир гуруҳ турк сарбозлари от ўйнатиб боришарди, улар шаҳарнинг етти дарвозасида қоровуллик навбатини бошқаларга топширишган эди.
Томдаги бола жунжикиб, шамолга орқа ўтирди. Шаҳарнинг кулранг хом ғиштидан қурилган шарқий Навбаҳор дарвозаси гумбазлари ботаётган қуёш яллиғида, нақ ёнаётгандек, ловуллаб кўринарди: бугун отаси масжиди жомеда башорат қилиб айтган даҳшатли зарбага биринчи бўлиб ана шу дарвоза дучор бўлади.
Бутун кейинги ҳафта ичи, то ота қўрғони пулланиб, ойисининг маҳрига тушган боғлар, узумзорлар сотилар экан, уйларидан одам аримади. Ичкари ҳовлида отасининг кекса энагаси Насиба-хотун ун чиқазмай, кўз ёшларини юта-юта – отаси кўз ёши тўкишни ман этган – иш юритар, гиламлару бўйралар, кўрпа-ёстиқлару жойнамозлар йиғиштирилиб, бирин-бирин тугун қилинар, мис баркашлар, жомлар, кўзалар, лаган ва манқаллар саранжом-саришта этиларди. Отасининг шогирд ва муридлари эса савдогарлар билан савдолашиб, карвонбошилар билан битишишга интиларди. Ана шу ташвиш, югур-югур ичида пайғамбар авлоди саидлар ўрайдиган кўк салланинг печи денгиз ортидан келган ғаройиб қушнинг қанотидек тинимсиз ҳилпираб турарди. Отасининг халфаси – Саид Бурҳониддин чўзинчоқ юзи, узун, қотма гавдаси билан чиндан ҳам йиртқич бир қушни эслатар, у қай бир ишга уннамасин, муқаддас китобларни қироат қилишми, тиловат этишми, устозининг панд-насиҳатларини тинглашми ёки унинг болаларига сабоқ беришми, хуллас, ҳаммасини чин жазму жазава билан адо этарди.
Китобларни отасининг ўзи саралаяпти: жилд-жилд ҳадислар – пайғамбарнинг ҳаёти ва панду ҳикматлари ҳақида ривоятлар, ҳуқуқи ислом-шариат билимдонларининг ишлари, Мутаннабий, Саноий, Аттор каби шоирларнинг девонлари, Ғаззолий, Ал-Хоразмий каби алломаларнинг шикаста хатти насталиқ ила битилган асарлари. Бу ер, яъни Хуросоннинг онабош шаҳри Балхда, Ҳиротда, Хоразму Самарқандда, Нишопуру Табризда, Дамашқда, Нажафу Басрада, хуллас, маърифатли ислом оламининг барча гўшаларида хаттотлар томонидан кўчирилган китоблар. Чарм ёки ёғоч, сахтиён ёки заррин муқоваларга жо этилган, Балх воизлари ва уламоларининг неча-неча насл-насаби томонидан йиғилган, авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтган мусаннафот [1] унинг қорача, кенг кафтлари орасидан мунтазам оқарди.
Саид Бурҳониддин танланган китобларни икки қўллаб, таъзим-тавозе ила олар, кейин ҳовузли ҳовлига ташиб, эҳтиёт билан намат устига тизарди. Саккиз қиррали ҳовуз бўйидаги мажнунтол тагида китоблар аввал намат, кейин хомчарм билан ўралар, энди уларга на кечиб ўтилажак тоғ дарёлари тўлқинию, на босиб ўтилажак жазирама саҳролар ёлқини асар эта оларди. Ҳар бири нақ пахта тойидек келадиган, аммо ундан уч карра оғирроқ китоб бойламлари ўн туяга етиб ортарди, лекин ота ҳамон китоб саралагани-саралаган...
Жалолиддин акаси билан Саидга эргашиб, кутубхона эшигига келиб кўрдики, отаси лавҳга қўйилган бир китоб олдида тиз чўкиб ўлтирибди. Уни Қуръоннинг қутлуғ саҳифаларини варақлагандек, оҳиста варақлайди, бармоқлари билан силаб-сийпайди, вужуди енгил чайқалиб, лаблари унсиз шивирлайди, нигоҳи деворга қадалган.
Саид Бурҳониддин устозини сўзсиз англар эди. Зеро, айтилажак сўзлар аллақачон айтиб бўлинган, кейин ижоза, яъни шогирд устозига аён бўлган ҳамма нарсани идрок айлади, энди Ҳақ сўзини мустақил талқин этишга ҳақлидир, деган муҳрли шаҳодатнома неча йилдирким унинг ҳужрасида ётибди. У узоқдан туриб, тимқора сиёҳ билан битилган хатти насталиқнинг живир-живир маржонию айрим бир сўзларнинг олий маъносига ҳурмат ишора этувчи қирмиз нуқталарига қараб китобни таниди. Бу «Шайхи Валитарош» деб ном қозонган [2] Аҳмад ибн Умар Абул Жониб Нажмиддин Кубро қаламига мансуб тафсири Қуръон эди.
Бир замонлар ҳозир лавҳ олдида тиз чўкиб ўтирган бу девқомат, улуғвор қария Хоразмга бориб, Шайх Нажмиддин Кубро остонасига бош урган, унга мурид тушиб, ўзи кейин Саидга берган шаҳодатномадек муҳрли ижоза олишга мушарраф бўлган эди. Ҳозир у пири муршиддин юзларча фарсаҳ берида, унинг сўзи олдида тиз чўкиб тураркан, шайхга ғойибона видо айтар, гўё ундан узри-маъзур сўрар эди, зеро, у она шаҳрини тарк этишга шайланар, Шайх Нажмиддин Кубро эса ҳеч қачон бундоқ қилмаган бўлурди.
Устози, кекса Баҳоуддин Валадга қараб, Саиднинг юраги ачишиб кетди.
Лекин Аллоҳдан бўлак ҳеч кимсанинг олдида тиз чўкмайдиган отасининг тиз чўкиб туриши Жалолиддинга таъсир этмади. Шу кунларда у олис сафар гаштини сурар, ўзи ҳали кўрмаган ўлкаю мамлакатлар, шаҳру салтанатлар томошаси завқини тотиб, шодиёна бир ҳаяжон қўйнида яшарди.
Ўн икки яшар бола ҳали ҳижрон нималигини билмасди. Фақат ҳозир, қадрдон уйи – ота макони томида сўнгги бор туриб, шафақ алангасига чулғанган шаҳарга боқаркан, томоғига бир нима келиб тиқилгандек бўлди. Яна қулоқлари остида отасининг масжиди жоме гумбази остида гулдираган ғазабли овози эшитилди:
– Эй, Вахш қозиси, эй, Фахриддин Розийга эргашиб, Ҳақ йўлидан адашган осийлар! Эй, хоразмшоҳ Муҳаммад! Маълумингиз бўлғайким, фоний дунё жаҳолати кўзингизни кўр қилмиш! Худбинлик сизни бепарволик ва беписандлик домига солмиш! Беписандлик муқаррарким қора кирдикорларга элтур. Мана, жаҳолат – қаёқдан, ақлларнинг сафолати – қаёқдан, пучак рўёлар, ифлос ҳою ҳаваслар, куфри-иштибоҳлар – қаёқдан! Сизга идрок бегона, инчунин, ўз салтанатида қойим худбинлик ҳавоси онқадар баланд. Аммо дейилмишким: «Худбинлик ҳукмрон салтанат – салтанати лаиндир!»
Намозжумада отаси шундоқ деб нидо солди. Халойиқ шаҳарнинг уламойи кироми сўзини қўрқув ичра, ердан бош кўтармай, тинглади. Шариат исмидан сўз айтиб, шариат исмидан ҳукм юритган, шоҳ ҳурматини қозонган қозиюл қуззот, муқаррибус султон Розийни бедиёнат дейиш! Бу ҳам етмагандай, мусулмон дунёсининг энг қудратли ҳукмдорларидан бири – Хоразмшоҳни ҳам қўшиб, маломат тиғига тортиш! Йўқ, бунақаси ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермасди.
[2] Шайхи Валитарош – Валийларга сайқал берувчи шайх
[1] Бу ерда «асарлар» маъносида.
ХОРАЗМШОҲ, УЛАМОЛАР ВА СЎФИЙЛАР
Воиз Баҳоуддин Валад «худбинлик руҳи» деб нимага шама этаётгани ҳаммага аён эди. Бетийиқлик ва худписандликда хоразмшоҳ Муҳаммад ном қозонган эди. Ўзини жумла мўминларнинг пушти-паноҳи ва нажоткори деб атаган бу подшо Балх шаҳрига шу қадар кўп бож-хирож солган эдики, бундан олдинги солиқлар унинг олдида сариқ чақа бўлиб қолган эди. Бунинг устига, у тўхтовсиз юриш қилар, салтанат кетидан салтанат забт этар, бироқ ўз мамлакати ичидаги ҳар турли тафриқаю исёнлар, қароқчилигу талон-торожларга барҳам беролмасди.
Балх дунё йўллари устида жойлашган эди. Чин-Мочиндан – Дамашққа, Маккайи Мукаррамага, Мисрга, Ҳиндистон ва Тибетдан – русларнинг совуқ ўлкаларига, Бухорою Самарқанддан – Византиянинг кофири лаин императори, эпчил фаранглар диёрига элтувчи йўллар шу ердан ўтарди. Жангу жадаллар, йўллардаги талончиликлар, шоҳ саройидаги куфрони неъмат Балх маъмурлигининг икки дарахти – ҳунар ва тижорат илдизига болта урарди. Кўпдандир ҳунармандлар жамоаси – ахийларнинг яширин мажлисларида, савдогарларнинг карвонсаройларида ҳукмдор шаънига таъна-дашномлар айтиларди.
Дин пешволари ҳам норози эдилар. Ҳар куни растаю гузарлар, масжиду работларни садақа сўраб айланган минглаб қаландарларнинг кашкуллари камдан-кам танга жирингини туярди. Мадрасаларда илми илоҳиёт ва ақоиди шариатдан дарс берувчи уламоларнинг ҳам ризқи кесилган, хайри Худойилар камайиб қолган эди. Бой-бадавлат шаҳарликларнинг саховати эвазига кун кечирувчи хонақоҳ аҳли-шайху дарвешларнинг ҳам аҳволи танг эди.
Дарвоқе, уламолар учун биргина йўл – шоҳ хизматига бел боғлаш, сердаромад қозилик мансабини эгаллаш, сарой уламосига айланиб, ҳукмдорларнинг ҳар турли ишларига фатволар бериш йўли мавжуд эди. Бироқ ҳамма ҳам ўз жонини шайтонга сотишга, Вахш қозиси каби ақча эвасига мусулмонлар устидан ҳукм чиқазишга ёки яқинда вафот этган Фахриддин Розийга ўхшаб, подшонинг анвойи кирдикорларини фатво билан устивор этишга рози бўлавермас эди. Уламолар салтанатлари кўз очиб юмгунча тупроқ бўладиган фоний ҳукмдорларга эмас, балки воҳид ва абадий Аллоҳга хизмат қилишлари лозим, зеро, Аллоҳ ҳақиқат зикрини уламолар сўзи ила изҳор этади. Буни Баҳоуддин Валад ўз тажрибасидан билади, зотан, унга ғойибдан ишорат бўлган эди.
Моҳи муҳаррам-рамазонда кундузги рўза машаққатлари, тунги бедорлик ниҳоясида уни уйқу элитгандай бўлди. Ана шунда у туш кўрди. Тушида гўё Муҳаммад алайҳиссалом уни, Баҳоуддин Валадни минбаъд Султонул Уламо деб аташни амру маъруф айламишди.
Баҳоуддин Валад ажиб бир титроқ ичра, кўзларидан дув-дув ёш қуйиб, уйғонди. Ўша кундан эътиборан фатволари остига «Султонул Уламо» деб имзо чекадиган бўлди. Бутун умрининг маҳсули бўлмиш «Маориф» китобига ҳам шундоқ деб имзо қўйди.
Бунга на Вахш қозиси, на қози Зайниддин Фарозий рози бўлишди. Гарчи ўз тақводорлиги билан машҳур бўлган кекса Марвозий унга ҳам ғойибдан ишорат бўлганини, тушида мунаввар бир сиймо кўриниб, Баҳоуддин Валадни ўшандоқ унвони олий ила аташга амр этганини айтса-да – рақиблар баттар ҳасадга миниб, мазкур унвонни Баҳоуддиннинг фатволари ва китоби саҳифасидан ўчиришни талаб қилишарди. Эмишки, у албатта уламойи киром, аммо Хуросонда ўшандоқ уламолар озми? Боз устига унинг ақл назари яғир қирчанғининг кўзидек қосир эмиш: ҳақиқатнинг руҳига эмас, ҳарфига ёпишиб олганмиш, эски ақидаларни илму урфон ютуқларига суяниб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган замонларга мослаб, талқин қилувчи алломаларни ҳақорат этармиш...
«Ғойибдан бир йўла икки ишорат бўлса-ю, булар бовар этишмаса! Бу не куфр, бу не қабоҳат! Юнон фалсафаси касрига учраган бу янги тариқатчилар фақат илоҳий иқтидорга ошкор бўлгувчи ҳақиқатни ақл-тафаккур кўмагида асосламоқчи бўладилар. Аллоҳ мавжудиятини мантиқ йўли билан далиллашга уринишдан ҳам ортиқроқ иштибоҳ бўлурму! Ҳаммаси – муғомбирлик ила ақл-фалсафа сотиб, хоразмшоҳ Муҳаммад кирдикорларини оқламоқ учун. Негаки, унинг ҳаром нонини ейишган-да!..»
Баҳоуддин Валад ўз ҳақлигига комил ишонч ила шундоқ деб ўйлар эди.
Эҳтимолки, етти аср кейин яшаган китобхон не сабабдан шунчалик тортиш-талаш бўлганига кулиб, қадимий Балх шаҳридан чиққан уламо Баҳоуддин Валадни бор-йўғи авом бир мутаассиб деб ўйлар. Ҳа, албатта, у ўз эътиқодида мутаассиб эди ва етти юз йилдан сўнг оддий бир мактаб талабаси ҳам чўпчак ҳисобловчи тасаввурларни ҳақиқат деб билар эди. Бунга сабаб, ўша замон тафаккурига мансуб ҳамма нарса – илми нужум ва кимё, илми ҳандаса ва ҳуқуқ, илми тарих ва сарфу наҳв, Ибн Синонинг «Ал-Қонун»и, Афлотун ғоялари, таркидунёчи сўфийларнинг фалсафий назариялари унга аён эканлигида-ю ва унинг, кўплаб замондош олимлар сингари, ақлу идрок яшашнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этишдан ожиздир, деган ақидасида эмасмикин? Зеро, ўша давр тафаккури мазкур муаммоларни ҳал этишга ожиз эди.
Унга рақиб бўлган уламолар эса бир оз бошқачароқ фикр юритишарди. Улар арастучиларнинг таъсири остида мантиқий далилларни ишга солишар, шу йўсинда қотиб қолган ақидаларни янги тарихий шароитларга мослашар, эҳтимолки, алалоқибатда тафаккурни ўша ақидалар занжиридан озод этиш йўлида янги бир қадам қўйишарди. Ҳа, фақат алалоқибатда. Аммо улар қўлга киритган ўша зиғирдек, чекланган озодлик дастлабки пайтларда зулмнинг янада қарор топишига, ақидалардан бўшаган истибдоднинг авж олиб кетишига хизмат қиларди.
Омманинг озод бўлиш йўли тафаккурнинг озод бўлиш йўли билан мусовий эмас. Ф.Энгельснинг таъбирича, халқ оммаси кўпинча ўзининг энг муҳим ҳаётий талабларига увадаси чиққан илоҳий либослар кийгизади.
Эркин фикр маҳсулидан кўп ҳолларда биринчи галда эзувчилар баҳраманд бўлишади.
Ёлғиз юксалиш орзуси, ёлғиз мутаассиблик эмас, шаҳарликлар имдоди, оддий фуқаро билан боғланган руҳонийлар мададини жонли ҳис қилиб туриш Баҳоуддин Валаднинг ўз ҳақлигига эътимодини оширар, ишончига ишонч қўшар эди.
Бу орада такаббурлик билан ўзини «Худонинг ердаги сояси» деб атаб, шу сўзларни подшолик муҳрига ўйдириб ёздирган хоразмшоҳ Муҳаммад шайхларнинг бир таъзирини бериб қўймоқчи бўлди. Шайхлар фуқаро ўртасидаги ўз таъсир – нуфузларидан фойдаланиб, унинг бебошвоқ ҳокимиятини чеклашга интилишарди. Хоразмшоҳнинг қаҳр-ғазаби машҳур сўфий ва шоир Шайх Маждиддин Бағдодийнинг бошига ёғилди.
Баҳоуддин ва Бағдодий ўртасидаги рақобат туғишган оға-инидан ҳам зиёда эди. Улар устози ягона – Шайх Нажмиддин Кубро хонақосига бир пайтда қадам босиб, унга иқтидо этишган эди. Шайх уларнинг иродасини букиб, ўзига бўйсундирди, гўё уларнинг кўнгил дафтаридан ҳаёт солган, тушуниксиз битикларни ўчириб-сидириб ташлади. Сўнг Самарқанд қоғозидек мусаффо тортган юракларга ўз ёзувларини солди. Ҳақ йўлидан ҳеч нарса айнитмасин учун иродаларини фидойилик синовлари ва жасоратлар оловида қайта тоблади. Улар аввал ҳеч кўрилмаган қисқа бир муддатда бошқаларга пешволик қилиш ҳуқуқи – ижоза олишга мушарраф бўлишди.
Бироқ уларнинг табиатларида тафовут бор эди. Шунга кўра, шайх уларни бошқа-бошқа йўлдан бошлади. Баҳоуддиннинг қизиққонлиги қаттиққўллик билан омухта этилгач, мўътадиллашди. Бу хислатлар кенг билимлар билан қўшилишгач, у ёлғиз сўфий воиз эмас, шариат билимдони, ҳалол-ҳаром масалаларида дадил баҳс юритувчи алломаи замон бўлиб танилди.
Бағдодий эса ўз юрагига кўмилиб, оташин жазаванинг интиҳосига етиб, аниқроғи, интиҳосиз жазавага тушиб, сўфийликда шоирлик йўлини танлади.
Ривоятларга кўра, Хуросонда илк сўфий асли-насли араб, Муҳаммад хоразмшоҳдан тўрт юз йил олдин Балхда ҳоким бўлган шарофатли шоҳ Иброҳим ибн Адҳам экан.
Эмишки, шоҳ бир куни шикорга чиқиб, қулон изидан тушибди. Камондан ўқ узиб, ўлжаси устига от сурибди. Шунда қулон одамдек тилга кириб: «Эй шоҳ, наҳотки сен ҳимоясиз жониворларни қирғин қилиш учун яралгансан?» – дебди. Шоҳ хижолат чекибди. Саройга қайтиб, тунни тоат-ибодатда ўтказибди. Эрталаб қараса, сарой томида бир бадавий чўпон юрганмиш. Шоҳ соқчиларни чорлабди. Чўпонни тутиб келтиришибди. Шоҳ Иброҳим ундан: «Менинг саройим томида не қилиб юрибсан?» – деб сўрабди. Бадавий: «Туямни йўқотиб қўйдим, шуни излаб юрибмен», – деб жавоб берибди. Кечаги синоатни эсга олган шоҳ ғазабини босиб, яна сўрабди: «Саҳрода йўқолган туяни сарой томида излаш ҳамоқат эмасму?» Шунда чўпон: «Тахтда ўлтириб, Тангри излаш ундан ҳам ҳамоқатроқ», – деб жавоб берибди.
Мутаассир бўлган шоҳ жанда кийиб, иккинчи куниёқ саройни яширинча тарк этибди. Қаландар бўлиб, тақво-тариқат йўлини тутиб, кунларни тоат-ибодат билан ўтказибди. У ҳар куни чўлда тикан чопиб, уни бозорга элтиб сотар, шу йўсинда тирикчилик қиларкан. Шу-шу, шоҳ Иброҳим шайхул аъзам Иброҳим Балхийга айланиб, кейинчалик тасаввуф деб ном олган тариқатга асос солган экан.
Биз аниқ билмаймиз: Балхда чиндан ҳам Иброҳим ибн Адҳам деган шоҳ ўтганмикин. Ҳатто шундоқ бир одам дунёда яшаб, умргузаронлик қилгани ҳам жилла маълум эмас. Илм-фанга маълум бўлгани шуки, исломда пайдо бўлган таркидунёчилик ҳаракати шаҳар меҳнаткашларининг мавжуд турмуш-тарзидан норозилиги, шахс ҳаётини руҳонийлар, табақалар ва давлат фойдасига ем қилувчи феодал-биқиқ тузумнинг зулми-истибдодидан норозилиги заминида ривож топди. Бу норозилик бутун мусулмонларни оға-ини деб эълон этган ислом фармойишлари билан ва яна худди шу дин номидан иш кўрадиган, манфаатпараст руҳонийлар фатвосига суянувчи ҳукмдорлар зўравонлиги ўртасидаги зиддиятлар туфайли чуқурлашиб борарди. Бу нарса Иброҳим Балхий ҳақидаги ривоятдан ҳам кўриниб туради: жониворларнинг одамга ўхшаб гапириши, тансиз-жисмсиз рўёлар суҳбати инсон руҳининг саргашта акс садоларидир.
Ўз атрофидаги воқеликни адолат қонунлари асосида ўзгартиришга қодир кучларни кўра билмаган мусулмон тариқатчилари араблар «суф» деб атаган, дағал матодан жубба кийиб, дашту саҳроларга бош олиб кетишар ёки ҳужраларда чилла ўтириб, инсон табиати ва Тангри моҳияти устида фикр юритишарди. Қаландар-сўфийлар, уларни кийимларига қараб шундоқ деб аташарди, Қуръондаги ҳалол ва ҳаром тушунчаларидан келиб чиқиб, махсус ахлоқий таълимот яратишди улар. Ҳукмдорларга мансуб ҳар нечук моддий неъматлар, шак-шубҳасиз, ҳаром саналар, негаки, у зўравонлик воситасида қўлга киритиларди. Тақводор бир зот ҳаттоки подшога қоровул бўлиб хизмат қилувчи қўшнисининг томига чиқиб, дон чўқигани учун ўз товуғини ҳам ҳаром санаган. Ашаддий тақводорлар ўзгалар меҳнати сингани учун хайр-садақадан ҳам ҳазар этишган. Фақат чўлдаги тикан билан булоқдаги сув – бундан мустасно. Негаки, улар ҳеч кимсага мансуб эмас, токи йиғиб ёки ташиб келтирилмас экан, бирор қиймат ҳам касб этмайди. Бунда зўравонлик ва ҳақсизлик аралашмайди.
«Ўзни билган Худони ҳам билур» деган ҳадисни эркин талқин этган сўфийлар ички, маънавий ҳаётни уюштириш, шу йўл билан «саодат»га етишишнинг бутун бошли тартиботини ишлаб чиқишди. Улар ишқ-муҳаббатни улуғловчи шеърият ҳам яратишдики, у асрлар оша жаҳон адабиётига ўз таъсирини ўтказиб келмоқда.
Султонул Уламо даврига келиб, сўфийлар ҳаракати кўп асрлик йўлни босиб ўтган, мунтазам бир кучга айланган эди. Суфийлар руҳонийларнинг риёкорлигини фош этар, шахснинг маънавий ҳаётини давлат расм-русумининг икир-чикир қоидаларига бўйсундиришга қарши чиқишар, Худо билан муносабатни ҳар кимсанинг шахсий иши деб эълон этишарди.
Норозиликнинг диний-мистик қобиғи тасаввуфнинг мусулмон феодализми муҳитида яшаб қолишига ёрдам берди, аммо вақт ўтиши билан шу нарса унинг айнаб, ҳукмрон синфлар манфаати йўлида инсон руҳини бўғовлаш воситасига айланишига ҳам сабаб бўлди.
Илк тариқатчилар ҳукмдорлардан бир бурда нон ҳам олишмасди. Лекин ҳукмдорларга кенгаш – маслаҳат беришни ўзларига фарз деб билишарди. Ўшаларга ўхшаб, Муҳаммад хоразмшоҳга маслаҳат беришга уннаши – шайх Маждиддин Бағдодий умрини басар этди.
Хоразмшоҳга қарама-қарши тура оладиган ягона куч унинг сараланган турк қўшини эди. Кўчманчи турк бегининг қизи, хоразмшоҳнинг онаси, ақлли ва қатъиятли Туркон-хотун махсус бир гуруҳга бошчилик қилар, ўша гуруҳ турк ҳарбий зодагонлари фойдаси учун хоразмшоҳ ҳокимиятини чеклашга интиларди. Ўғли уруш-юришда эканида Хоразмда ҳукмфармо бўлиб қоладиган Туркон-хотун Маждиддиннинг авлиёлигини эшитиб, уни саройга таклиф қилади. Маждиддин шеърларидаги ақл ва эҳтирос уни ҳайратга солади, малика шоирни ўзига муршиди муқтадо сайлаб, унинг хонақосидаги йиғинларда иштирок эта бошлайди.
Шу-шу Маждиддин ҳам саройда гоҳ-гоҳ кўриниб қолади. Туркон-хотун ила Парвардигор билан бирикиш йўллари хусусида суҳбатлар қуради. Бунинг учун бошқаларга зулм қилмаслик, ҳақ олдида хижолатга солгувчи ишлардан илик узмоқ, «Неки қилмагил, Парвардигор ҳозиру нозир» деган ҳикматни хотирда тутмоқ лозимлигини қайта-қайта таъкидлайди. Хулласки, маликани тақводорлик йўлига бошлаб, шу йўсинда унинг ўғлига ҳам жилла таъсир ўтказишга умид боғлайди.
Сарой жосусларга макон эди. Улар Художўйлик қабилида кечган шундай суҳбатлардан бири хусусида шоҳга хабар етказиб, шайхнинг шеърларидаги муҳаббат Тангрига эмас, эвара-чеварали маликага бағишланган деб бўҳтон қилишади.
Хоразмшоҳ Муҳаммад шайхни қатл этишга буюради. Маждиддин Бағдодийнинг калласини кесиб, жасадини Жайҳунга отишади.
Руҳонийларга шу йўсинда сабоқ берган шоҳ энди пайғамбар ноиби, жумла мўминларнинг сардори салими халифа ҳокимиятига дахл этишга қарор қилади. У ёлғиз Хуросоннинг Балх, Мавр, Нишопур ва бошқа шаҳарларидамас, балки халифалик пойтахти Бағдоди шарифнинг барча масжидларида ҳам ўз номига хутба ўқитишни талаб қилиб, элчилар юборади. Бу – халифа Носир хоразмшоҳ фойдасига ўз ҳокимиятидан воз кечсин дегани эди. Ҳолбуки, хоразмшоҳ бошқа мусулмон ҳукмдорлари каби халифанинг вассали саналарди. Бағдодда ҳалиги талабни қатъий рад этишади. Шунда Муҳаммад ўз мулкининг машҳур уламоларини йиғиб, бутун умрини дини ислом йўлида жангу жадалда ўтказаётган подшо унга монелик қилаётган фитначи халифани шариат номидан зеру забар этишга ҳақлидир, деган фатво беришларини талаб қилади. Уламолар Бағдодий қисматини эслаб, тишни тишга қўйиб бўлса ҳам, шундоқ бир фатво беришга мажбур бўладилар. Энди шоҳ халифага қарши юриш бошламоқ мумкин деб ҳисоблайди.
1217 йилнинг қиши Олдинги Осиёда бағоят совуқ келди. Бағдод устига юборилган хоразмшоҳ қўшини Курдистон тоғларида қор бўронларда қолди. Юпун кийинган минглаб аскарлар муз қотиб ҳалок бўлди, қаҳратондан омон қолганларни жангари курдлар қиличдан ўтказишди. Шоҳ томонидан жанг майдонига жўнатилган бутун бошли қўшиндан бор-йўғи қирқ-эллик нафари қайтиб келди, холос.
Шоҳ обрўсига қаттиқ путур етди, лекин у бари бир эсини ўнгламади.
Келгуси йил ёзида хоразмшоҳ мулкининг шарқий чегарасида жойлашган Ўтрор шаҳрига Чингизхондан савдо карвони келди. Карвонга тўрт савдогар бошлиқ, жами тўрт юз эллик киши, бари мусулмонлар эди. Беш юзга яқин туяга мушк, қундуз ва олмахон мўйналари, садаф ва нефрит тошлари, шунингдек, яқинда Чингизхон забт этган Хитойдан ўлжа олинган олтин, кумуш ва ипак моллар ортилган эди. Чингизхон номидан хоразмшоҳга сулҳу тижорат таклифи билан келган элчилар кетидан кўп ўтмай савдогарлар карвонининг келиши икки давлат ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини бошлаб бериши мумкин эди.
Лекин улуғворлик ҳою ҳавасига тушган Муҳаммад савдогарларни жосуслар сифатида қўлга олишга амр этди. Кечаси тўрт юз эллик киши қиличдан ўтказилиб, уларнинг мол-бисоти Ўтрор ҳокими томонидан шоҳга жўнатилди, шоҳ эса уларни Бухоро ва Самарқанд савдогарларига ошириб, пулини ўзи олди. Бутун бошли карвондан атиги бир киши – ёлғиз бир туякашгина қочиб қутулди. Даҳшатли хабарни Чингизхонга ўша етказди.
Мўғуллар ҳукмдори, жаҳлига ҳоким – ҳаммага ҳоким, деган ақидага амал қилиб, хоразмшоҳга яна элчилар юборди. Қилган кирдикори учун унга таъна-дашном айтиб, қирғин-қабоҳат сабабчиси – Ўтрор ҳокимини тутиб беришни талаб қилди.
Лекин шоҳ элчибошини ўлимга буюриб, қолган иккитасини соқолини кесиб, ҳайдаб юборди.
Устма-уст уч карра куфр – шайхнинг ўлдирилиши, шоҳнинг халифа устига қўшин тортиши ва ниҳоят, мусулмон савдогарларини қатли ом этилиши мамлакатдаги барча табақалар – руҳонийлар, сипоҳийлар, савдогар ва ҳунармандларнинг тоқатини тоқ қилди. Шайх Маждиддин қатлию халифага қарши мажбурий фатво аламидан ҳали чиқмаган уламо ва шайхлар қойим бўлажак муқаррар илоҳий жазо ҳақида каромат қила бошладилар.
Хоразмшоҳ ҳамма ёқни ўз жосусларига тўлдириб ташлаган, хуфиялар, воқеанавислар, чопарлар ҳар қадамда унинг хизматига ҳозиру нозир эди. Лекин воқеалардан воқиф бўлишда машойихлар ундан қолишмас, ҳаттоки баъзан устун туришарди: илму ирфон ва тирикчилик кўйида тентираб, дунё кезган мингларча қаландарларга хонақолар эшиги ҳамиша очиқ эди.
Алоҳида даҳаларга уюшган ҳунарманд усталар, савдогарлар кўрган-билганларини аввало ўз пири муршидларига етказишни фарзи айн деб билишарди.
Ўтрордаги жиноят, элчининг қатл этилиши оқибати битта – уруш эканлиги аён эди. Чингизхонинг темир иродаси ила мисли кўрилмаган куч-қудрат бўлиб уюшган, Хитойни сарнигун этган, беҳад-беҳисоб кўчманчи галалар билан бўладиган урушда хоразмшоҳ ва унинг давлати ҳалокатга юз тутиши муқаррар эди.
БАШОРАТ
Ўша 1219 йилнинг қиш оқшоми шамолда жунжикиб, қадрдон уйи томидан шафақ алангасига чулғанган Навбаҳор дарвозаси томон тикилиб турган бола, эҳтимолки, бу гаплардан бехабар эди. Аммо унинг қулоқлари остида отаси, воиз ва уламо Баҳоуддин Валаднинг масжиди жоме гумбазларида қудрати илоҳийнинг нидосидек гумбурлаб акс-садо берган овози янграрди:
– Мен кетамен. Лекин маълумингиз бўлғайким, менинг ортимдан мўғулларнинг еру кўкни мўр-малахдек босган беҳад-беҳисоб қўшини дохил бўлур. Ҳадиси муборакда Худойим: «Мен уларни ўз қаҳру ғазабимдан яратдим», – демиш... Тангри таолонинг қаҳру ғазабидан яралмиш қўшин мулки Хуросонни забт этур, минглаб офату фалокатлар ёғдириб, Балх аҳлига ажал шарбатини ичкизур. Шоҳ мулкидин ҳайдалиб, умрини ғурбатда, танҳолик ва забунликда басар айлар...
Ўн икки яшар Жалолиддиннинг ориқ гавдасини қалтироқ босди. «Мен уларни ўз қаҳру ғазабимдан яратдим!.. Ажал шарбатини ичкизур!»
У отасининг сўзи билан фарёд солиб йиғлаган аёллар ноласини яна эшитгандай, Султонул Уламонинг даҳшатли башоратидан ҳўнграб, оппоқ соқолларига юм-юм кўз ёши оқизган чолларни, йиқилиб ҳушдан айрилган дарвешларни яна бир бор кўргандай бўлди.
Гарчанд унинг ёш ақли туғилганидан ошно, дунёдек устивор, тошдек мустаҳкам шу пахса деворлар, масжидлар, расталар, қўрғонлар, энагаси Насиба-хотун, болаликда бирга ўйнаган ўртоқлари, ўз тирикчилиги билан овора бўлиб, ҳозир уйқуга шайланаётган минглаб, ўн минглаб таниш ва нотаниш одамларнинг бир уюм суяк ва тупроққа айланишини тан олишни истамаса-да, бир дақиқа бўлсаям отаси айтган сўзларнинг чинлигига шубҳа қилмасди. Шунда отаси унинг кўзига шу чоққача ҳеч кўринмаган бир қиёфада, худди пайғамбарга ўхшаб, улуғ ва қудратли, жасур ва даҳшатли бўлиб кўринди.
Лекин отасига бўлган меҳр ва ихлос билан бирга унинг кўксида алланарса илонга ўхшаб ғимирлаб, бош кўтаргандек бўлди. Ўшанда у ҳозиргидек таниб бўлмасни таниш, кўриб бўлмасни кўриш иқтидорига эга бўлсайди, эҳтимолки, уни алам илони, деб атаган бўларди. Бироқ бола илонга йўл бермади, уни нари ҳайдади.
Ўшанда, у юракда инсонларга муҳаббат бўлмас экан, ҳар қанча буюк илму дониш бефойда, ҳаттоки жирканч эканини қаёқдан ҳам биларди, дейсиз. Дарвоқе, бундай пайтда илму дониш нақадар улуғ бўлса, шу қадар даҳшатли бўлади.
Одамлар ҳамма даврда бирдек ғайб пардаси оша истиқболни кўришни, ҳозирга қараб, келажакка кўз ташлашни орзу қилишади. Дунёни нақадар кам билишса, уларнинг зеҳнини ёритувчи обрў-эътиборли сиймоларга шу қадар кўп эътиқод қўйишади.
Баҳоуддин Валаднинг башорати салкам бир йил деганда юзага чиқаркан, буни илоҳий бир кароматга йўйган одамлар ҳайрати нечоғлик буюк бўлганини тасаввур этиш мумкин. Лекин Султонул Уламо, кўплаб замондош алломаларга ўхшаб, ўзини авлиё деб билмасди. У ўз даврининг одами эди ва ўша давр мезони билан фикр юритарди. Ўша давр ақидаларига кўра эса жиноят изидан жазо келиши муқаррар эди... Маърифатли ҳамда воқеалардан яхши хабардор бўлган Баҳоуддин Валаддек бир киши учун ал-қасосул минал-ҳақ қай тарафдан етишини айтиб бериши қийин эмас эди.
1219 йилнинг жумодул охири, Султонул Уламо масжиди жоменинг минбарида туриб, сўнгги бор ваъз айтаётган ўша дақиқаларда ўн мингларча мўғул суворийлари бахтиқаро Ўтрорни ўраб келишарди. Улар қўй терисидан тикилиб, шиширилган мешлар, буқа терисидан тикилган енгил совутларда дарёдан сузиб ўтиб, Чингизхоннинг ўғли Жўжи бошчилигида Сайҳуннинг қуйи оқимига қараб от солишди. Чингизхоннинг ўзи эса асосий кучлари билан қаҳратон қум саҳросини кесиб ўтиб, йўл-йўлакай шаҳарларни талаб-топталаб, Бухорога томон юрди. Даҳшатли босқин ҳақидаги хабарлардан қўрқувга тушган одамлар йўлларда тўда-тўда бўлиб, мусулмон дунёсининг ғарбий тарафига қараб кетишарди. Султонул Уламо ҳали инсон руҳининг ўлмаслиги тўғрисидаги диний ақидалардан йироқ, фақат ўз саркардасининг буйруғию бутпарастликнинг маълум расм-русумларига бўйсунувчи Чингизхон галалари забт этилган мусулмон шаҳарларини нечук ғорат қилишларини аниқ билмаса-да, лекин мўғуллар босқинидан сўнг Хитойга бориб келган савдогарлар ҳикоясидан буни тасаввур эта оларди. Бу ҳикояларнинг бир учи Султонул Уламо ўғилларининг ҳам қулоғига чатилган эди.
Мўғуллар одатда шаҳарни эгаллаб, аҳолини қалъадан ташқарига, далага чиқишга амр этишарди. Кейин шаҳарни талашар, қаршилик кўрсатилган бўлса, уни ер билан теп-текис қилиб ташлашарди. Ҳунармандлар, ёш хотунларни ажратиб, қул қилиб ҳайдашар, қолганларни қатор турғизиб, қиррали оғир чўқморлар билан бошларига уриб, ўлдиришарди.
Мусулмон савдогарларининг ҳикоясича, Чингиз бало-қазодай елиб ўтган ўша Хитой мамлакати худди дашти-биёбонга ўхшаб қолган эди. Тупроқ жасадлардан суйилиб – кўпчиб кетган, мурдаларнинг қўланса ҳиди димоқни ёрарди, Пекин дарвозалари ёнида тоғ-тоғ суяклар қалашиб ётарди. Айтишларича, мўғуллар шаҳарни босганда, олтмиш минг хитой қизи душман қўлига тушмаслик учун ўзини қалъа деворидан пастга отган экан.
Наҳотки, Балх хотин-қизларини ҳам шундоқ бир қисмат кутади? Нечун, қайси гуноҳлари учун? Наҳотки, улар башарасини бир бор ҳам кўрмаган шоҳ ва унинг уламолари жинояти эвазига шу қадар даҳшатли жазога мустаҳиқ бўлишса? Агар ҳар кимга ниятию қилмишига яраша бериладиган бўлса, унда меҳрибон ва ҳалол-покиза опаси, яқинда узатилиб, ҳозир оғироёқ бўлиб қолган Фотима-хотуннинг гуноҳи нима? Шўрлик кетолмай, энди шу ерда қолади. Ёки отасига мурид бўлмиш қўшнисининг қизи, юзи ойдек дум-думалоқ ўн яшар Гавҳарнинг айби нима экан?
Бу саволларга жавоб тополмаган ўн икки яшар Жалолиддин умрида илк дафъа қаҳр-ғазаб туйди. Лекин кимга қарши? Шоҳга, тақдирга қаршими ёки бегуноҳ жонларнинг ҳалокатидан башорат этган отасига қаршими?
У қўрқувга тушиб, юзини қиблага, Макка томонга ўгирди, тиз чўкиб кафтларини бетига босиб, тавба-тазарру айтиб, уч ракат намоз ўқиди. Устози Саид Бурҳониддин юракда Аллоҳнинг лутфи-карамига шубҳа уйғонаркан, шундоқ қилиш керак деб ўргатган эди. Бироқ енгил тортмади. Кўнглини кемирган даҳшатли хаёллар уни тарк этмади.
Ўша хаёллар ичра яна Гавҳарнинг дум-думалоқ юзи пайдо бўлди. Шунда у эслади: қизнинг отаси, шайх Султонул Уламони деб Самарқанддан Балхга кўчиб келган савдогар Шарафиддин Лоло яқинда, пиримнинг этакларини қўйиб юбормагаймен, пиримга эргашиб, дунёнинг нариги чеккасига ҳам боришга ҳозирмен деб айтган эди. Демак, Гавҳар ҳам улар билан бирга кетади. Шу хаёл уни бир оз овутди, ушалиб, тупроққа айлангудек бўлса, кейин дунёга ҳеч қачон келмайдиган бебаҳо гавҳарни ўз қўллари билан қутқариб қолаётгандек туюлди.
У оёққа турди.
У Гавҳарни бор-йўғи бир-икки бор кўриб, бир икки сўз қотган эди, холос. Нега шу даҳшатли хаёл дақиқаларида унинг назаридан қизнинг ойдек юзи, юракка тикка боқувчи дум-думалоқ кўзлари шу қадар тиниқ намоён бўлди? Бу кўзлар унинг хотирасига қачон ўрнашди экан?
Шуни эслади-ю шолғомдек қип-қизариб кетди.
САКРАШ
Бу воқеа бундан икки йил олдин ўша хайрли жума куни рўй берган эди. Ҳа, у чиндан ҳам хайрли эди. Чунки Саид Бурҳониддин акаси билан унга тинмай ёд олдирадиган сарфу наҳв, тафсири Қуръон ва ўзга машаққатлардан озод эди. Жалолиддин дарсларни қийналмай, осон ўзлаштирар, лекин бари бир бирорта шеърий девонни варақлаб, болохона айвонида ўзи якка-ёлғиз ўтиришни афзал кўрарди.
Ўша куни кечга яқин уларнинг томига, одатдагидек, тенгдош жўралари, отасига мурид тушган қўшнисининг ўғиллари, маҳалла болалари чиқишди. Ака-ука келганларни мезбонларга хос сиполик билан қаршилаб, кўрпачаларга ўтқазишди. Жалолиддин эса бўзчининг ўғли Синон билан шатранж ўйнамоқ учун айвонга ўтди, бошқалар кўчадан ўтган-қайтганларни мазах-майна қилиш, ошиқ-нард ўйнаш, талашиб, куч синашмоққа машғул бўлдилар.
Жалолиддин жўраси билан шатранж доналарини тахтага териб, энди ўйнамоқчи экан, кўчада ноғора тарақлаб қолди. Болалар ғуж бўлиб том бошига келишди.
Бир саф ола-қуроқ сарбозлар турнақатор бўлиб, шаҳарнинг ғарбий дарвозаси томон кетиб боришарди. Олдинда чавкар отларда турк суворийлар, уларнинг ортидан чопон этакларини белларига бар уриб, камарларига пичоқ осган, дағал-қўпол найзалар кўтарган пиёда жангчилар – ёшлар, қарилар, қипчоқлар, тожиклар, ҳиравийлар, хоразмийлар. Зотли жийрон айғир минган, баланд салласининг печи ўнг қулоғигача осилиб тушган соқоли шамолда ҳилпираб, қимматбаҳо тўни ёқасини сийпалаб бораётган юзбоши уларга сардор эди.
Болалар шаҳар сарбозларининг хоразмшоҳ бошлаган касофат урушга боришини оталаридан эшитишган, лекин ҳарқалай, найзаларнинг офтобда товланиши, юзбоши таққан ятағон қилич сопининг ярқираши, отларнинг гижинглаши уларни беихтиёр маҳлиё қилиб қўйди.
Ноғора садоси қалъа деворларидан нарига ўтиб тинди. Сарбозларга йўл бўшатиб, бурчак-бурчакка қапишган халойиқ яна одатдаги ғала-ғовур билан иш-ташвишига тушди. Шунда фақиҳ-ҳуқуқшуноснинг ўғли Маъсуд хоразмшоҳнинг шайхул аъзам Суҳравардий билан учрашуви ҳақида ҳикоя қила бошлади. Суҳравардий Бағдод халифасидан элчи бўлиб келган экан, унинг шоҳ билан учрашувидан уруш чиқибди.
Шоҳ аввалида шайхни эшикда роса куттирибди, кейин қабул қилибди. Қабул қилибди-ю, лекин ўтиришга таклиф этмабди. Бу ёлғиз элчилик унвонига эмас, балки шайхлик шаънига ҳам беписандлик ва ҳақорат экан. Шайх Суҳравардий пайғамбар ҳадисини зикр этишга изн сўрабди. Хоразмшоҳ изн бериб, одатга кўра тиз чўкиб эшитибди. Ҳадисда пайғамбар мусулмонларга Аббос хонадонига зиён етказмагайсиз, деб васият этган. Халифа Носир ўша аббосийлардан эди.
Ҳоразмшоҳ оёққа қалқибди, лекин ғазабини ичига ютибди. «Мен туркдирмен, – дебди у, – арабча сўзларни жилла тушунмаймен. Лекин бу ҳадиснинг маъносини англадим. Аббос авлодига зиён етказиш ўйимда ҳам, хаёлимда ҳам йўқ. Аммо, менга аниқ, маълум бўлишича, халифаи рўйи замин ўшаларнинг кўпини зиндонларда сақламоқдаки, улар ўша ерда туғилиб, кўпайиб ётишибди.
Инчунун, ушбу ҳадисни сени бу ёққа жўнатган зотнинг ўзига ўқиб берганингда кўп фойдали иш бўлур эди». Жавоб чакки бўлмабди, зеро халифа Носир хоразмшоҳ Муҳаммаддан қолишмасди, у ҳам йўл, восита танлаб ўтирмас, тож-тахт даъвогарларини зиндонда тутишни афзал кўрарди.
Болакайлар мўйсафид уламоларга ўхшаб, баҳс-мунозарага тушиб кетишди. Халифаи рўйи замин бутун жамоатнинг фойдасини деб бир мўмини мусулмонни, боз устига Аббос хонадонидан чиққан кимсани банди зиндон этиши жоизми, ахир ўша хонадонни пайғамбарнинг ўзи ярлақаб, хайробод этмиш-ку. Баҳс-муноқаша чўзилиб кетди, ҳамма далил қилиб, катталардан эшитганини айтарди, ўзининг айтгудек сўзи йўқ эди.
Жалолиддин баҳсга аралашмади, у мустақилликни севар, лекин уни ҳуда-беҳудага кўз-кўз қилишни ёқтирмасди.
– Кўп гап – эшакка юк! – деб тортишувга чек қўйди бўзчининг ўғли Синон. – Эй фақиҳбачча, кел, беллашамиз, мард бўлсанг, анави томга сакра...
У самарқандлик савдогар Шарафуддин Лоло уйининг томига ишора этди ва енги ичидан бухорча кашта тикилган рўмолча олиб, силкиди:
– Манавини гаровга қўяман!
Болалар том лабига келиб, пастга қарашди: ўртада қуюқ буталар ўсиб ётар, икки уйнинг орасидаги масофа, чамаси, беш газдан кам эмасди.
Фақиҳнинг ўғли билан бўзчининг ўғли худди савдогарларга ўхшаб қўл ташлашди.
Синон томнинг бериги бетигача тисарилиб борди-да, этагини белига қистириб, дўпписини қўлига олди, сўнг отилиб, қушдек учиб, нариги томга сакради. Кейин яна шу йўл билан ортга қайтди. Маъсуд эмас, бошқа болалар ҳам ботирланиб, бирин-кетин сакрашди. Шунда ҳамма Жалолиддинга қаради – сакрамай ҳаммадан орқада қолган ёлғиз ўша эди.
Султонул Уламонинг ўғли ҳаммадан орқада қолсинми? Туғилганидан нимжон, хаёлчан ва таъсирчан бўлган Жалолиддин югур-югурни, бақириб-чақириб ўйнашни хуш кўрмасди. Лекин ойиси Мўмина-хотун халал бермаганда, балки ўша касофат беш газ масофага сакраган бўлармиди. Аксига олиб, худди шу пайт ойиси болаларини чақириш учун томга чиққан эди. У икки уй орасидаги оралиққа томон елдек учиб бораётган боласини кўрди-ю кўзларини чирт юмиб олди.
– Жалол!
Даҳшатли қичқириққа ҳамма қайрилиб қаради. Жалолиддин том бошида тўхтамоқчи бўлиб уринди, лекин ўзини тутолмай, қўлларини аланг-саланг силкиб, пастга қулади...
Одатда, севгувчи аёллар ва оналар ўз ўғиллари ва маҳбубларининг фоний жисми-жони учун куйиниб, уларни номаълум ёққа сакрашга қўйишмайди, ўшалар руҳининг улғайиб, камол топишига монелик қилишади. Ақл-идрок нури билан ёритилмаган бундоқ меҳр-муҳаббат оламни қучмоққа шайланган ўша норасида руҳларга қўл-қанот бўлиш ўрнига, уларнинг қилтириқ бўйинларига тош-занжир бўлиб осилади, худбинлик ва пасткашлик чоҳига судрайди, оқибат-натижада эса улар олам ва одам бирлигининг буюк асроридан бебаҳра қолишади...
Ойисининг жон ҳолатда қичқириғи Жалолиддиннинг қулоқларини тешиб юборгудек бўлди. Унга томон ўқдек отилиб келаётган яшил япроқли буталарга юзбошининг шамолда ҳилпираб бораётган соқоли, отларнинг терлаган чови, қалъа дарвозаси томон бораётган сарбозларнинг найза ва дубулғалари қўшилиб, аралаш-қуралаш бўлиб кетди...
Томдагилар ўгирилганда, Жалолиддин ғойиб бўлган эди. На нариги, на бериги томда кўринмасди. Улар дод-фарёд кўтариб, том бошига югуриб боришганда, икки уй орасидаги буталар қилт этмай турарди.
У кўзини очиб, илк кўрган нарсаси қоп-қора ва дум-думалоқ кўзлари билан унга ҳайратланиб тикилиб турган қизалоқнинг фариштадек юзи бўлди. Ўша, бугун сўнгги бор отаси уйининг томида тураркан, кўз ўнгида намоён бўлган самарқандлик савдогар Лолонинг қизи – кичкина Гавҳарбонунинг чеҳраси.
Унинг ранги бўздек оқариб кетган, юзи тирналган эди. Ўрнидан тураётиб, Жалолиддин аввал унга томон югуришиб келаётган болаларни, кейин ойиси билан энагаси Насиба-хотунни кўрди. Жўраларининг кўзларида кулги-мазах кўрганда ҳам, баҳарнав чидарди. Лекин ўша кўзларда йиқилганга шафқат, ожизга ачиниш маъноларини ҳам илғади. Қалбида отасининг ғурури қўзғалди.
У оёққа турди. Ва беихтиёр, отасининг иборалари билан ўша сўнгги дақиқада кўз ўнгидан учиб ўтган рўёларни тасвирламоққа бошлади:
– Мени яшил либос кийган навкарлар осмонга олиб учишди. Арши-аъло атрофида айлантиришди. Сизнинг дод-фарёдингизни эшитиб, тағин ерга қўндиришди.
У гапирган сайин, болаларнинг кўзларидаги ачиниш ва мазах ҳурмат-эҳтиром билан алмашинди: ҳа, бунақасига ёлғиз Султонул Уламо ўғлигина муяссар бўлгай! Лекин етти яшар Гавҳарнинг кўзларида ҳамон ҳайрат акс этарди. Ўша кўзларга тикилиб туриб, у шундоқ деди:
– Томдан-томга мушуклар ҳам, олмахонлар ҳам сакрай олур. Лекин руҳлар диёрига фақат эҳтиросга тўлганлар сайру саёҳат айлар. Ҳа, шундоқ! Ҳозир ўн икки ёшида ота уйи билан хайрлашаркан, ўша сўзларини эслаб уялиб кетди. Аниқроғи ўша сўзларни эмас, уларнинг қай тур ва оҳанг билан айтилгани, ўшандоқ сўзларни айтишга ундаган ғурурини эслаб, уялди.
Лекин, нафсиламрни айтганда, ўшанда у алдамаган эди. Ўша хатарли сакраши унинг юксак руҳий чўққилар сари чексиз сайру саёҳатида увоқ, аммо биринчи қадами эди.
КАРВОН
– Жалол! Жалол! – деб чақирди пастдан ойиси. Шу замон унга акс садо бергандек, Балх шаҳрининг жамики минораларидан мўминларни намозга чорлаб, муаззинлар азон айтиб юборишди.
– Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!
Қуёш ботди. Жалолиддин истар-истамас зинапояга оёқ қўйди. Қўллари билан деворни пайпаслаб, қоронғилик чўккан ҳовлига тушди.
Уйда шамчироқ ёқишди. Унинг шуъласи липиллаб, шип-шийдам бўлиб қолган деворларни ёритди.
Отаси акаси билан жойнамозда тиз чўкиб ўлтирибди.
Султонул Уламо ўз она шаҳрида сўнгги бор бағоят берилиб, хуфтон намозини ўқиди. Шу кеча ўн икки яшар Жалолиддин ҳам у ёнбошидан бу ёнбошига ағдарилиб, акасининг бир меъёрда пишиллаб ухлашига қулоқ солиб, алламаҳалгача кўз юммади.
Кейин ҳовлига чиқди. Ҳовуз бўйидаги чинор тагига бориб турди. Шамол тинган. Кўм-кўк шоҳидек ёйилган самода юлдузлар ғуж-ғуж ёнади. Отхонада отлар пишқириб, туёқларини дукиллатади. Қайдадир шу атрофда югурик туялар уйқусираб, «уф» тортади. Эртага уларни нотаниш йўллардан узоқ-узоқларга ана шу туялар олиб кетади.
У кўкка боқди. Сўнгсиз юлдузлар уммонида унсиз милтираб, элас-элас кўзга чалинган нуқта – ўз юлдузини топди. Яқинда отасининг бир муриди кўмагида уни таниб олган эди. Ўшанга термулиб, абадиятдек чексиз туюлган умр йўлида бир ҳафта, бир йил, ўн йилдан сўнг мени нималар кутаркин, деб ўйларга толди.
Уларни тонг қоронғисида оёққа турғизишди. Ҳовлида туяларга юк ортишарди: ҳар туяга икки бойлам, ҳар бойламда – саккиз пуд, бари китоблар эди. Туяларнинг бўкириши, отларнинг кишнаши, юкчиларнинг бақириқ-чақириқлари билан қўшилиб кетган эди. Саид Бурҳониддин гоҳ вазмин туриб, карвонбоши билан бир нималар ҳақида гапиришар, гоҳ ўқдек отилганча юкчилар ёнига бориб, уларга тиришиб-тирмашиб кўмаклашарди. Саид уларни биринчи работгача кузатиб бормоқчи, сўнг ўзи бурилиб, она шаҳри Термизга қайтмоқчи эди.
Ана шу югур-югур, ғала-ғовур ичида сокин-совуққон турган ёлғиз отаси эди. У катта дастор ўраб, одми қалами тўн кийган эди, то нопармон ёпинчиқли отни кўндаланг қилишмагунча, шу алпозда жим қотиб тура берди. Саид узанги тутаркан, у умр бўйи от миниб юрган одамларга ўхшаб, эпчиллик билан ўзини эгарга отди. Олтмишдан ошган бўлишига қарамай, қоматини адил тутиб, боягича савлат, совуққонлик билан ҳовлидан чиқди.
Кўча тирбанд эди. Юк ортилган туялар турнақатор бўлиб тизилиб турар, бирининг бурундиғидан ўтказилган чилвир бошқасининг қоринбоғига боғланган эди. На юганларда зийнату тақинчоқлар, на ўркачларда ипак гиламлар, на туялар бошида безак учун тақиладиган укпар – попилдириқлар. Юк бойламлар фақат бўз, кандир, чарм билан ўралган. Кўриниб турибдики, карвон соҳиби ўзи билан фоний дунё мол-давлатини эмас, кўнгил бисотидек абадий, зил-замбил ҳақиқатларни олиб кетмоқда. Фақат айрим туялар устида оддий сурпдан тикилган соявонли кажавалар ўрнатилган. Аёллар, болалар ва ногиронлар бегоналар назаридан эмин бўлиб, ана шу туяларда кетишади. Жалолиддин ҳар қанча оёқ тирамасин, ойиси унамади, уни ана шу соявонлардан бирига ўтқизди.
Отасини муридлари ўраб олди. Ўнг томонда Саид Бурҳониддин билан шайх Хўжагий, чап томонда шайх Нажож Ҳажожий билан фақиҳ Аҳмад ва самарқандлик Шарафуддин Лоло.
Карвон оқсоқоли – сарбон қўл кўтариб, юзига фотиҳа тортди. Аввал эшак минган карвончилар, кейин от минган отаси ва унинг муридлари йўлга тушишди.
Карвонбоши биринчи туянинг бурундиғига бойлаган арқонни силтади ва унинг бир учини ўзи ўтирган эгарга қистирди. Ана, карвоннинг энг охирида келаётган тева бўйнидаги қўнғироқ ҳам жиринглаб, акс садо берди. Ана шу садо остида ҳали кўп йиллар кечади, Балх шаҳридан чиққан шу увоққина бола бир кун келиб башарият ифтихор этадиган шоир ва донишманд Жалолиддин Румий бўлиб танилади. Лекин у ҳеч қачон карвон қўнғироғининг шу мунтазам жарангини унутмайди, зеро, бу садо унга замон умрининг чексизлиги-ю инсон умрининг ноқислигини ҳамиша эслатиб туради.
ИККИНЧИ БОБ
ИНТИҲО ВА ИБТИДО
Кимки комил, бўлмагай ғафлат анга,
Ғафлати илму хирад подош этар.
Кимки жоҳил, бўлмагай ҳикмат анга,
Илми ҳам бир кун жаҳолат фош этар.
Жалолиддин Румий
ОҚШОМГИ СУҲБАТ
Яна кун эди. Бошқа бир ўлкада, у қадрдон уйи томида туриб, Балх шаҳрига сўнгги бор термулган ўша кундан юзлаб фарсаҳ йироқ, ўнлаб йиллар берида бўлган бир кун. Ўнлаб йиллар нимаси? Умр ўтди.
Ва у ёлғиз бир мисрага жо бўла қолди:
«Ғўр эдим. Пишдим. Қорайдим».
Ҳозир Жалолиддин атрофида ярим доира олиб, чордана қуриб, унинг панду насиҳатларини тинглаб ўтирган дўстлари, шогирдлари орасида ўша ўн икки яшар болага таниш бўлганлардан биттаси ҳам йўқ. У аллақачон тупроққа айланган ўша чеҳралар нурини то ҳануз қалбида асрайди, аммо не фойда?
Ана, навбатдаги кун ҳам дарча ортида аста сўниб боради. Деворлардаги сабзаранг кошинлар кўкиш тортиб қолди. Мусичалар гумбазнинг баланд шифтида ғуғулашиб, тунги қўналға излашади.
У таниш-қадрдон чеҳраларни бир-бир назардан ўтказди. Меҳр тўла нигоҳини Ҳусомитдин Чалабийга тикди. Мана, қарийб ўн йилдирки у Ҳусомитдинда, худди кўзгуда кўргандек, ўзининг тиниқ аксини кўради. Салласию оппоқ соқолини эмас, қирра бурнию бодом тусдаги кўзларини эмас, йўқ, булар бари тасодифлар, балки ўз асл моҳиятини – туйғу ва тафаккурининг ҳар бир ҳаракатини кўради.
Ҳусомитдин ҳам қариб қолди. Келганида навқирон эди. Ақли салим, босиқлик, вазминлик, жонкашлик-фидойилик, хуллас, ҳамма нарса унда муносиб-мутаносиб эди. Унда ўз қўл кучи билан кун кечирувчи ҳунарманд қиёфаси мужассам эди.
Ҳунарманд – ахийлар туфайли бу шаҳарда бир пайтлар Бағдодда шоир Ҳаллож терисини шилишгандек, унинг терисини шилишмаётган экан, Ҳусомитдин Чалабий туфайли у ўзининг сўнгги китоби – Маснавийни қоғозга туширмоқда. Агар умри кифоя этса, у бир мисрага жо бўлгудек ҳаётини эмас, балки илму маърифатини, ҳақиқат сари босиб ўтган узундан-узоқ йўлини, хуллас, тушунган-англаган, етган, мушарраф бўлган, ўзидан шу ёруғ оламга мерос бўлиб қолгудек неки бор эса, ҳаммасини ҳикоя қилиб бермоқчи эди.
Шу китоб устида бирга ишлашган йиллар давомида Ҳусомитдин бир марта бўлса ҳам толиққанига ишора этиб, нолимади, аксинча, бир пайтлар устозининг оғир кунларида ахийлар шайхи – отасидан қолган мерос билан ўз топган-тутганини қандай сарфлаган бўлса, ўзини ҳам шундай сарфлай берди.
Мана, кўп йиллардан буён Жалолиддин бир вақтнинг ўзида четдан боқиб, ҳукм юритиб, шу дақиқаларда бошқа турли-туман нарсалар ҳақида ҳам ўйлай олади. Бугун панд-насиҳат айтаётиб, Ҳусомитдиннинг ўз истагини айтиш учун қандай қулай пайт танлаганини эслаб, бир кулиб қўйди. Чунки қулай пайт дегани булутга ўхшайди, кўз очиб юмгунча ўтади-кетади. Оқшом иккиси танҳо қолишаркан, Ҳусомитдин кўзларини ердан узмай, секин деган эди: «Ғазалларингиз ўнлаб девонларга жо бўлмиш. Уларнинг нури асрори Мағрибу Машриқни мунаввар этмиш. Эмди дўсти-мухлисларингизга атаб, Саноий ва Атторга ўхшаб бир китоб битсангиз, токи муридларингиз васлингизга ҳамиша мушарраф бўлгайлар».
Унинг ўзида кўпдан етилиб, аммо ўзидан ҳали пинҳон тутиб юрган фикрни Ҳусомитдин айтар эди! Дўсти билан бир жон, бир тан бўлиб кетган кишигина буни айта оларди!
Ўша оқшом Жалолиддин салласининг печидан тўрт букланган бир қоғоз олди, бу унинг ўз қўли билан битилган дастлабки ўн саккиз мисра шеър эди:
