Abdulla Qodiriy va yangi o'zbek adabiyoti
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Abdulla Qodiriy va yangi o'zbek adabiyoti

УЛУҒБЕК ҲАМДАМ

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ВА ЯНГИ ЎЗБЕК АДАБИЁТИ

(Илмий рисола ва адабий-танқидий мақолалар)

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ ҲАҚИДА

Бунинг учун ижодкорга унинг фавқулодда қобилияти ва жузъий саъй-ҳаракатидан ташқари тақдири илоҳийнинг алоҳида хайрихоҳлиги сув билан ҳаводек зарур. Бу жуда катта ижодий потенциал билан ўз вақтида – тарихий-сиёсий, ижтимоий-психологик эврилишлар қучоғида, адабиёт тубдан янгиланишларга ўта кучли эҳтиёж сезган замонда туғилиш, деганидир. Шу маънода, уларгача, эҳтимол, Навоий ва у марказида турган давр улуғлари бор эди. Кейин улар (Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Ҳамза) дунёга келдилар.

Улуғбек ҲАМДАМ

ҚОДИРИЙНИНГ ХИЗМАТИ НИМАДА?

(Профессор У.Норматовнинг
«Қодирий мўъжизаси» китобига тақриз)

Абдулла Қодирий ўзбек халқининг энг севимли адибларидан бири. Ёзувчи ва унинг асарлари борасида қарийб бир асрдан буён жиддий фикр-мулоҳазалар билдирилади, қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилади. Чунки унинг халқимиз маданияти ва адабиёти тарихида тутган ўрни бағоят салмоқлидир. Адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматовнинг «Қодирий мўъжизаси» номли китоби билан танишиш мени улкан ёзувчининг ана шу хизмати борасида яна бир бор фикр юритишга ундади. Тадқиқотчининг эътироф этишича, улуғ ўзбек ёзувчиси ва унинг асарлари борасида ҳали айтилмаган гап, ёзилмаган китоб, топилмаган маълумот тўлиб-тошиб ётибди экан, яъни «Қодирий меросининг кўпгина соҳалари каби ёзувчи эстетик бисоти ҳам чуқур ўрганилган, чинакам баҳосини олган эмас» [1], деб ёзади олим.

Ушбу тадқиқот билан батафсил танишган ўқувчи Қодирийнинг ўзбек халқи маданияти тарихида тутган мислсиз ролини янада равшан тасаввур қилади: «Ёзувчи «Ўткан кунлар»да холис-объектив туриб, XIX аср ўрталаридаги Туркистон тарихининг, ўзбек халқи ҳаётининг ҳаққоний манзарасини беради, муҳим тарихий жараёнларни чуқур бадиий таҳлил этади, даврнинг етакчи ижтимоий кучлари моҳиятини очади, ўша замон кишиларининг аҳвол-руҳияти, орзу-интилишлари, қувонч ва ташвишларини фавқулодда бир маҳорат билан ёрқин образлар орқали кўрсатади. Aдиб асар ёзилган давр ҳукмрон мафкураси таъсирига, ўзининг ўша кезлардаги синфий майлларига берилмай, реализмнинг бош принциплари асосида реал ҳаёт қандай бўлса, шундайлигича кўрсатади. Назаримда, илк бор худди шу роман орқали ўзбек халқи ўзининг бўй-бастини, асл қиёфасини, ички дунёсини, кучли ва ожиз томонларини бор бўйича худди тиниқ ойнадагидек аниқ кўрди. Бу роман ўзбек адабиётида реализмнинг ҳақиқий тантанаси, катта ютуғи бўлди».

Устоз адабиётшунос мулоҳазаларида Қодирийнинг халқимиз олдидаги хизмати нимадан иборат эканлиги рўй-рост айтилган, десам муболаға бўлмайди. Аммо бетакрор ёзувчининг маданиятимиз тарихидаги ўрни шулардангина иборат эмас, албатта. Қолаверса, юқоридаги таъриф ғоят умумий бир баҳодир. Биз қуйида ана шу умумийликни бирозгина «майдалаб» кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Тадқиқотнинг бир нечта ўринларида реализм масаласи Қодирий романлари билан мувозий тарзда ёдга олинади. Адиб бадиий ижоднинг кўп­лаб масалалари юзасидан фикр юритган бўлса ҳам ундаги «Бош гап – реализм», дейди олим. Мана шу нуқтаи назардан қаралганда, олимнинг уқтиришича, Қодирий «Ўзбек адабиётшунослигида реализм принципларини ишлаб чиқишда ғоят катта иш қилди».

Хўш, ёзувчининг реализмга доир қарашлари моҳияти нималардан иборат? «Ҳақиқат, ҳаёт ҳақиқатига садоқат – ёзувчининг ижоддаги бош шиори», деб ёзади олим. Албатта, ҳаёт ҳақиқати деганимиз санъатнинг яшовчан талаб ва тақозоларига доир бўлади. Йўқса, ҳар қандай реализм, ҳар қандай рўй-рост юз берган воқеа бадиий адабиётнинг ҳадафи бўлиб кетавермайди. Чинакам бадиий ҳодисага айланган аксарият асарларда, ижодкор «мени»нинг иштироки яшайди. Яъни, ёзувчи ўзи бевосита иштирок этган ёхуд ҳаётда кўрган-кечирган воқеаларнинг тасвири ҳам, таъсир кучи ҳам бир газ баландда бўлади. Бошқача айтганда, асар материалларига сабаб бўлган воқеа-­ҳодиса ижодкорнинг ўз шахсий кечинмасига айланмоғи даркор. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳеч иккиланмасдан айтишимиз мумкинки, ҳақиқий ижод намунаси бу – ёзувчининг бошидан кечирганлари, юрагидан ўтказганларидир. (Бугун дунёда урф бўлган постмодерн оқими мана шу айтилганларнинг тамомила тескарисини ўз принципи даражасига кўтаради.) Баъзан адиб воқеа-ҳодисаларнинг кузатувчиси бўлиши мумкин. Лекин шундаям ўша жараёнлар – уларнинг қувончу кадари тўппа-тўғри ижодкорнинг юрагидан ўтмоғи, уни ларзага солмоғи шарт (персонификация ҳодисаси). Акс ҳолда, ўзи ёнмаган ижодкор ўзгани ёндиролмайди. «...Мен турмушда кўрмаган, билмаган нарса ҳақида ҳеч нарса ёзмайман», дейди Қодирий. Мана, сизга Қодирий романларининг ўқувчига кўрсатган, кўрсатаётган ва бундан кейин ҳам кўрсатажак эстетик таъсири сабабларидан бири. Олим ёзади: «У ўтмишдан, ўтган аср воқеаларидан олиб ёзган асарларида ҳам ўзининг ҳаёт тажрибаларидан келиб чиқиб, ўзи турмушда кузатган, кўрган, яқиндан билган одамларни, халқ ичидаги типларни кўз олдига келтириб туриб қалам тебратгани, асарларига асос қилиб олинган давр, шароитни, тарихий воқеалар ва шахсларни, воқеалар юз берган маконни, ўша кезлардаги халқнинг турмуш тарзи, амал қилган удум-тамойилларни ҳар қандай тадқиқотчи олимдан ҳам ортиқроқ ва чуқурроқ билиши шундоққина сезилиб туради, бу масалада у ҳар қандай билимдон одам, мутахассис тадқиқотчи билан бемалол беллаша олади». Шу тарзда олим Қодирийнинг ўзбек насрида реализмнинг қарор топишида кўрсатган улкан хизматларини илмий далиллар асосида исбот қилади.

Бадиий асарнинг бир қарашда, «манаман», деб кўзга ташланиб турмайдиган ички хусусиятлари бўлади. Шулардан бири меъёр масаласидир. Меъёрнинг қандайлиги ижодкорнинг оламга математик ёндашувидан улгу олади. Кўпинча биз – ижтимоий соҳа вакиллари буни, яъни математикани суймаймиз, унга ўгайроқ кўз билан қараймиз. Аслида-чи? Аслида тирикликнинг ҳар бир одими математиканинг қатъий қонун-қоидаларига асос­ланади. Ҳисоб-китобли дунё дегани – «Нимани эксанг, шуни ўрасан», деганигина эмас. У олаётган нафасимиздан тортиб, ураётган юрагимизгача шу ҳисоб-китобнинг ичида эканлигига ҳам ишора. Худди шундай, бадиий асарни тутиб турган ҳар битта компоненти – композиция, сюжет, қаҳрамонлар, уларнинг характер унсурлари, турли хил бадиий санъатлар, усуллар, конфликтлар, бадиий вақт, қўйингки, ҳамма-ҳаммасида қатъий ўлчовлар – математик мезонлар иштирок этади. Агар ана шу мезонларнинг максимал аниқлиги бўлмаганида, Қодирийнинг «Ўткан кунлар»и ҳам, «Меҳробдан чаён»и ҳам эллар аро, замонлар оша бунчалар суюкли бўлмас эди. «Албатта, мен, – деб кўчирма келтиради муаллиф (Қодирий назарда тутилади – У.Ҳ.), – бу сўнгги, марғуб қаҳрамонларни ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар олишга тиришдим. Чунки шундан ортиғи сохта бўлиши, устига китобнинг қадрини ҳам туширар эди». Умарали Норматов адибнинг бу тутумини «реализмга доир жуда муҳим фикр», деб айтади. Ва бу ғоят тўғри қараш. Айни чоғда, «ўзбек тарихининг ҳазми кўтарган қадар олиш», «шундан ортиғи(нинг) сохта бўлиши»ни ўйлаш бу энди фақат реализмгагина хос ёндашув эмас. Мазкур мулоҳазалардаги яширин нарса бу – ўлчов. Ўлчов эса ҳамма замонларнинг «изм»ларига тааллуқли тушунча.

Тадқиқотнинг «Истиқлол қайғуси» фаслида олим ёзади: «Ўткан кунлар»нинг баҳоси, талқини масаласи бу фақат шунчаки бир асар, биргина ёзувчи устидаги гап эмас. Бу борада йўл қўйилган хатолар, чалкашликлар айрим адабиётшунос, ёзувчиларнинг хатосидангина иборат деб бўлмайди». Олимнинг уқтиришича, мазкур асарга бўлган муносабат ўзбек танқидчилигининг кейинги ярим асрлик ҳолини англатади. «Надоматлар бўлсинки, Ойбек, Ғафур Ғулом, Асқар Мухтордек улкан адиб­лар ҳам ўша машъум муҳит таъсири ва тазйиқи остида бу шоҳ асар ва унинг муаллифига нисбатан адолатсизлик қилдилар».

Ўрни билан олим Ҳомил Ёқубов, Матёқуб Қўш­жонов, Иззат Султон, Ҳафиз Абдусаматов, Жамол Камол каби адабиётшуносу ижодкорлар билан мунозарага киришади. Лекин буларни бугунги кун адабиёт илми юксаклигидан туриб атайин танқид остига олмайди. Қолаверса, олим ўзи ҳам давр талабларига мос тарзда фикр юритганини тан олиб: «Ўткан кунлар» социалистик реализм асари эканини, унда тарихни синфий тушуниш ва ифода этиш мавжудлигини исботлашга уринганман», деб хатоларига иқрор бўлади.

Кўриниб турганидек, олим биргина «Ўткан кунлар» асарига муносабатни текшириш орқали бутун бошли ХХ аср ўзбек танқидчилиги йўлини босқичма-босқич, демакки, кайфиятма-кайфият тадқиқ этган экан.

Қизиқ, адабий танқид бу илм бўлса, илмнинг ўз принциплари, ўзгармас – умрбоқий эстетик мезонлари бўлса-ю, даврга қараб чумак урса. Турланаётган даврнинг кайфияти ва қаричларига қараб буқаламундек ўзгариб-турланиб бораверса, унинг илмлиги қаерда қолди, деган изтиробли-ташвиш­ли саволлар қийнайди кишини. Лекин Умарали Норматовнинг қуйидаги жавобидан кейин кўнгилга бир пайса тасалли инади: «Бу ҳол, бир томондан, адабий танқидчилик, умуман, танқидий тафаккуримиз ривожи, тақдири йўлидаги ожизликлар, зиддиятлар, қолаверса, ижобийлик томон ўзгариш­лар аломати, оқибати бўлса, иккинчи томондан, чинакам санъат асари, хусусан, баркамол реалистик асарда акс этган ҳаёт ҳақиқатининг сержилолиги, маъно доирасининг кенглигидир».

Яъни, танқиднинг бир жойда қотиб қолмагани ва романнинг сержило эканлиги чиндан ҳам кишига бир қадар таскин беради. Аммо, барибир, ХХ аср танқидчилигининг ўз эстетик принципларида жуда катта нуқсонлар биқиниб яшаб келганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Агар мазкур эстетик принциплардан чекинилмаганда эди (яъни, илм табиатига содиқ қолинганда эди), даврларнинг кайфият чирмандасига бу қадар ошкора ва намойишкорона мойиллик бўлмасди.

Қодирий романлари ёзилганига қарийб тўқсон йиллар бўлди. Шу вақт мобайнида, уларнинг бошидан яхши-ёмон кунлар ўтди. Лекин ҳамма вақт мазкур романлар оддий ўқувчилар томонидан кўзларга суртиб ўқилди, ўғил-қизларга: Отабек, Кумуш, Анвар, Раъно деган исмлар берилди. Хўш, бундай меҳру муҳаббатнинг сиру синоати нимада?

Албатта, ҳар бир адабиётшунос олимнинг ҳам, оддий ўқувчининг ҳам бу борада ўз фикру мулоҳазаси бор. Кимдир ҳар иккала асарда гўзал бир тарзда акс эттирилган муҳаббат достонларини рўкач қилар, кимдир унда кўрсатилган ўзбек халқининг чор Россияси босқинидан олдинги турмуш тарзининг санъаткорона ифодасини илгари сурар ва ҳоказо. Аслида, буларнинг ҳаммаси тўғри. Ушбу тадқиқотда эса синчков олим бошқа кутилмаган бир жиҳатга ҳам эътиборингизни қаратадики, у билан танишгач: «Чиндан, Қодирий романларининг сеҳру жодуси у яратган қаҳрамонларнинг табиий, самимий хатти-ҳаракатларида ҳам кўринади», деб ўйлай бошлайсиз. «Ёзувчи инсонни тушунишда, аввало, унинг Аллоҳ инъом этган табиий, туғма хусусиятларига эътибор беради. Шу билан баробар, кўпгина буюк реалистлар каби жамият, муҳит, шароитнинг инсон шахсига таъсири жуда кучли эканини ҳамиша назарда тутади. Унингча, жамият бир касал билан оғридими, унинг ҳар бир табақа, яъни, синфига, яна тўғрироғи, фардига шу касал сироат қилмай қолмайди».

Албатта, «Меҳробдан чаён» романи билан боғлиқ ушбу кўчирмадан кўриниб турибдики, олим асарнинг икки жиҳатини урғуламоқда. Бири – инсоннинг туғма хусусиятлари бўлса, бошқаси – руҳиятнинг унга таъсири масаласи. Гарчи, адабиётшунос олим масалани бу тарзда ўрганмаган бўлса-да, унинг мулоҳазаларидан шундай хулосалар чиқадики, натижада, улуғ реалист ёзувчи Қодирий романларининг жозибаси кўз олдимизда янада тиниқлашади. Бошқача айтганда, ёзувчининг қаҳрамон яратиш маҳорати унинг эстетик принциплари билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланади. Яъни Қодирий ўз қаҳрамонларини яратар экан, сохтагарчиликка, юзакичиликка, зўрма-зўракиликка йўл қўймайди. Қаҳрамонлар туғма, табиий хусусиятларга кўра эмин-эркин ҳаракат қилдирилади. Бир қарашда жуда оддий туюладиган бу гапларнинг моҳияти аслида жуда теран. Чунки улар ижодкорнинг асар яратишдаги бош принципларидан сув ичади.

Адабиётшунос олим ниҳоят, Қодирий романларининг назарий масалаларига келади. Унинг назарида романнинг роман бўлиши учун «тил, услуб, ифода воситалари, адабий усуллар, санъатлар, сюжет, композиция, конфликт, асар таркиби, характерлар психологизми, миллийлик каби компонентлар»дан-да муҳимроқ омиллар бор. Албатта, олимнинг бу қарашларида етмишинчи-саксонинчи йиллар рус адабиётшунослигининг таъсири сезилади. Шунга қарамай, қуйидаги фикрлар ўзбек романи назарияси бобидаги анча дадил қарашлар ҳисоб­ланади: «Ҳозирги замон назарий тадқиқотлардаги хулосаларга таянган ҳолда романнинг, аниқроғи, реалистик романнинг бош жанр хусусиятлари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

1. Асарда романга хос тафаккурнинг мавжудлиги, фикрий-фалсафий кўламдорлик;

2. Шахс ва ҳаётнинг янгича концепцияси;

3. Шахс ва ҳаётнинг худди кўзгудагидек холис-объектив ифодаси, ҳаёт ҳақиқатига садоқат, ҳақиқатнинг ёзувчи шахсий майллари, қарашларидан устунлиги – устуворлиги».

Демак, юқорида профессор У.Норматов «Ўткан кунлар» романи муваффақиятини асосан учта – романий тафаккур, янгича концепция ва ҳаёт ҳақиқатига мувофиқлик каби омилларда кўрсатиб, яна бир бор бизнинг нигоҳимизни бадиий асарнинг мазмун-моҳиятига қаратаётган экан, бу уринишларда жиддий ва катта адабиётга қаратилган улкан ҳақиқатлар яшириндир.

Тадқиқотда диққатга молик яна бир жиддий хулоса бор. «Ўткан кунлар» сўзбошисида ёзувчи: «Тарихимизнинг энг кир, қора кунлари»дан ҳикоя қилишидан сўз очади. Шу нарса асар учун бир ниқоб бўлиб, Қодирийнинг романда тасвирланган ўтмишни «энг кир» деб атаганининг сабаби собиқ шўро даврида ўзини ва асарни ҳимоя қилиш йўли деб қаралган. Нуктадон олим эса бунга бошқа жиҳатдан қараш мумкинлигини айтади: «Адиб «Ўткан кунлар» орқали «тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари», яъни юртни мустамлака балосига гирифтор этган «хон замонлари» ҳақида сўз очиб, тарихнинг бу аччиқ ҳақиқатидан сабоқ бермоқчи бўлади».

Дарҳақиқат, ўша тарих парчасининг «энг кир, қора» деб аталишига сабаб, озод мамлакатни босқинчилар томонидан босиб олинишига йўл қўйганида ҳам экан. Хонлик замонининг кир ва қоралиги ўз мустақил салтанатини ҳимоя қилолмагани билан ҳам белгиланар экан.

Тадқиқот майдонида олимнинг кўпдан-кўп нозик кузатишларига дуч келамиз. Хусусан, унинг қуйидаги фикрига қўшилиш-қўшилмаслик бошқа масала, лекин нуқтаи назарнинг ўзи эътиборга молик. Олим ёзади: «Фармон биби образи (Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғалони» комедиясинининг бош қаҳрамони – У.Ҳ.) асл моҳиятини Ҳожи она типидаги тимсоллар эмас, айни Ўзбек ойим, Холнисо, Ҳамробуви, Бўстон бибилар силсиласи орқали англаш, очиш мумкин».

Яъни олим ўзбек адабиётида муваффақиятли чиққан «супер қайнона» – Фармон биби образининг этимологияси – илдизини бевосита Ўзбек ойимлардан топгандек бўлади. Бу ҳам мушоҳада қилишга арзигулик бир муҳим мавзу.

Китобдан жой олган «Ҳақиқат туйғуси – муқаддас» дейилган қайдда Умарали Норматов атоқли адабиётшунос олим Иззат Султон билан ораларида бўлиб ўтган ибратли мулоқотни келтиради. Унда Умарали Норматов ўзининг «Қодирий боғи» номли китобида Иззат Султонни танқид қилгани, лекин бағрикенг адабиётшунос олимнинг жавоби мардона бўлгани айтилади: «Қодирий ҳақидаги ҳақиқат сизу бизнинг нафсониятимиздан юқорида туриши лозим. Қодирий ва ҳақиқат ҳимояси йўлида мени ҳар қанча танқид қилсалар, бундан заррача хафа бўлмайман...»

Бутун китоб давомида олимнинг улуғ ёзувчи Қодирийга бўлган чексиз муҳаббати яққол акс этиб туради. Олим адиб яратган икки ўлмас романни ҳайрат билан тўлқинланиб-берилиб талқин қилади. Бовужуд, олим ёзувчини идеаллаштириш йўлидан бормайди. Ўрни келганда, Ойбек ва Ғафур Ғуломдек, Ҳомил Ёқубов ва Иззат Султондек забардаст олимларнинг қодирийшуносликда йўл қўйган камчиликларини рўйи-рост айтгани каби, Қодирийдек буюк адибнинг замонасозликка бориб, давр кайфиятига боғлиқ ишлар қилганини ҳам яшириб ўтирмайди: «Қодирий катта ақл-заковат, юксак истеъдод эгаси бўлса ҳам, барибир, ўз даврининг фарзанди эди. Инқилоб йилларининг фидойи инқилобчиларига хос муайян инқилобий бетоқатлик унга ҳам ёт эмас эди».

Аммо олимнинг назарида: «Қодирийнинг бахти шундаки, у муайян муддат давр таъсирига берилган, қизиллашган, замона суронлари гирдобида гоҳо бир ёқлама сўзлар айтган, давр тўзони ичра қолиб, бошига оғир савдолар тушган бўлмасин, барибир, 20-йиллар алғов-далғовларидан омон чиқди, оқибат натижада, давр тазйиқларини енгиб ўтиб, ундан юқори кўтарила олди, хусусан, «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романлари билан замонасидан бир неча ўн йиллар олға кетди».

Хулоса қилиб таъкидламоқчиманки, адабиётшунос олим, профессор Умарали Норматовнинг ушбу асари улуғ ўзбек романнависи Қодирий ҳаё­ти ва ижоди ҳақида шу чоққача ёзилган асарлар, амалга оширилган кўплаб хайрли ишлар орасида энг теран қомусий мазмун ва мундарижага эга тадқиқотлардан биттаси бўлиб, маънавий оламимизни безаб туришига шубҳа йўқ.

2011 йил

[1] У.Норматов. Қодирий мўъжизаси. Тошкент: Ўзбе-
кистон, 2010.

«ОБИД КЕТМОН» ҚИССАСИ: ЁЗИЛИШ ТАРИХИ, АСАРГА ЁНДАШУВ ВА АДИБНИНГ ПОРТРЕТ ЯРАТИШ МАҲОРАТИ

Абдулла Қодирийнинг «Обид кетмон» деб номланган қиссаси 1932 – 1934 йиллар оралиғида ёзилган. Ҳажми ва мавзуга кўра асарни роман ҳам дейишади. Масалан, Ҳ.Қодирий эсдаликларида «Ҳажм ва қисман мавзу жиҳатидан роман де­йилса ҳам бўлур» (Ҳ.Қодирий. «Отам ҳақида», 1983 й. Б.160) деб ёзади. Лекин воқеликни эпик тафаккур миқёси, мавзу қамрови, унинг ишланиши ва қаҳрамонлар зиммасига юклатилган бадиий юкка кўра асарни қисса дейиш тўғри. Ёзувчининг ўзи ҳам «Обид кетмон» сарлавҳасидан кейин қавс ичида «Колхоз ҳаётидан қисса», дея ўринли изоҳ беради. Изоҳдан ҳам маълум бўлганидек, асар совет ҳокимияти ва тузумини мустаҳкамлашга қаратилган қишлоқ хўжалиги борасида олиб борилган коллективлаштириш сиёсатига бағишланган. Академик И.Султонов «Обид кетмон» асари билан А.Қодирий «революциядан аввалги ва колхоз қурилиши давридаги қишлоқни бир-бирига солиштириб тас­вирлаш билан қишлоқнинг социализм йўлидан боришининг афзалликлари кўрсатишга бел боғлаганлиги...»ни («Ўткан кунлар» 1958 йил нашрига сўзбошидан) таъкидлайди.

А.Қодирийнинг йирик ҳажмли асарларининг ҳаммасида давр манзараси кенг кўламда чизилади. Жумладан, «Обид кетмон» қиссасида ҳам халқимиз бошидан ўтказган 1920 – 1930 йиллар қишлоқ ҳаёти, колхозлаштириш воқеалари, қулоқлаштиришнинг айрим жиҳатлари, бу жараёнлардаги зиддиятлар, мураккабликлар тасвирланади. Масалан, асарнинг аввалида бир ўринда «1921 – 1922 йилларда пахтакорликнинг энг орқага кетган давридир» (Ғирвонлик Маллавой. Т., 1987., Б.12) деб изоҳ ёзадики, шунинг ўзидаёқ қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ муаммолар, хусусан, пахта етиштиришдаги реал муаммо ўқувчи кўз ўнгида намоён бўлади.

Асарда адиб Обид кетмон, Берди татар каби образлар орқали оддий фуқаронинг инқилобдан аввалги ва кейинги ҳолини қиёслаган ҳолда, давр тақозосига кўра кейингисини улуғлайди. Чунки Қодирийдек улуғ ёзувчилар ҳам давр талабларига бошда ихтиёрсиз бўйсунган бўлса, секин-аста ихтиёрий равишда унинг тарафида туриб қалам теб­рата бошлаган эди. Қодирий замондоши, яна бир улуғ сиймо Чўлпоннинг «Сомон парчасидек оқиб борамен» деган мисраси ўша давр зиддиятлари ва зиёли шахс, ижодкор фожиасини ўзида яққол ифода этади.

1917 йилги октябрь инқилобидан сўнг совет ҳокимияти ҳамма соҳаларда ўз мафкурасини ҳаётга тадбиқ қилишга киришди. Шу жумладан, халқ хўжалигини қайта қуриш ишларини бошлаб, қишлоқ хўжалигини якка тартибдан коллектив тартибга ўтказиш сиёсатини юргизди. Ижодкор ёзувчилардан ҳам «СССР» деб аталган жўғрофий жиҳатдан ғоят катта мамлакатда рўй бераётган инқилобий ўзгаришларни акс эттириш талаб этилди. «Абдулла Қодирий ҳам ҳаёт ҳужрасидан бошини чиқаради, ижодий фикрни мозийдан бугунги ҳаётга буради. «Обид кетмон» билан совет воқелигини адабиётга олиб киради. «Обид кетмон»нинг мавзуи Ўзбекис­тон давлати, колхоз қурилишидир. Абдулла Қодирий бу асарида қишлоқ меҳнаткашларининг жонбозликлари ва пахта мустақиллиги учун курашдаги ғалабаларини кўрсатмоқчи бўлди», деб ёзади «Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли» мақоласида Ойбек (Мукаммал асарлар тўплами. Т. 1979. Ўзбекистон ССР, «Фан» нашриёти. Б.169).

«Обид Кетмон» коллективлаштириш ҳақидаги биринчи йирик асар деб қаралади: «Ўзбек романчилигини бошлаб бергани каби, қишлоқ ҳаётини тасвирлаш, коллективлаштириш соҳасида ҳам биринчи бўлиб катта асар («Обид кетмон») яратди», деб ёзади А.Қодирий ҳақида Ҳ.Қодирий («Ғирвонлик Маллавой», Т. 1987. Адабиёт ва санъат нашриёти. Б.4).

Ойбек «Обид Кетмон»нинг ёзилиши ҳодисасига ижобий қарайди: «Ёзувчи Абдулла Қодирий фақат халқ хўжалигини қайта қуриш даврида тарих қобиғини йиртиб, кураш ва қаҳрамонлик ила тўла жонли совет воқелигига қарашга, синфсиз жамият қуриш даврининг катта масалаларига назар солишга ва ижодиётида ҳозирги турмушни ўзича акс эттиришга киришди» (Мукаммал асарлар тўп­лами. Т. 1979.Ўзбекистон ССР, «Фан» нашриёти. Б.168).

Асарнинг яратилиш тарихи. ХХ асрнинг 30-йил­ларида мамлакат бўйлаб кучли колхозлаштириш сиёсати олиб борилган. Жараённи ёритиш учун жойларда ёзувчи, шоир ва публицистлар жалб этилган. «Обид кетмон» қиссасини ёзиш эҳтиёжи адиб кўнглида советлар ҳукуматининг улкан мамлакатда олиб борган ана шундай колхозлаштириш сиёсати натижасида пайдо бўлган. Асарнинг бадиий ният даражасига ўсиб бориши ва ниҳоят, қоғозга тушишига эса А.Қодирий ҳаётида рўй берган муайян воқеалар реал замин ҳозирлаган. Чунончи, ёзувчи Раҳмат Мажидий шундай ёзади: «1933 йил эди. Республика ҳукумати ўзбек адабиё­тида наср жанрини ривожлантириш мақсадида насрда ёзилган энг яхши асарлар учун конкурс эълон қилган эди. Шу муносабат билан мен бошқа ёзувчилар қатори марҳум ёзувчимиз Абдулла ака билан ҳам алоҳида суҳбатлашдим. У кишини конкурсда қатнашишга тарғиб қилиб, бу хусусда қандай ёрдам зарур бўлса, союзимиз томонидан муҳайё қилинишини айтдим. Абдулла ака бу яхши ташаббусдан хабари борлигини ва ўзи ҳам бирор асар ёзиб қатнашажагини гапирди» («Фан ва турмуш» журнали, 1967 йил, №7; Ҳ.Қодирий. «Отам ҳақида»,
1983 й. Б.161). Раҳмат Мажидий бу воқеа 1933 йилда бўлганлигини ёзади. Лекин асар 1932 йилда ёзила бошланган. Бу чалкашликка Ҳ.Қодирий ойдинлик киритиб ёзади: «Менимча, бу суҳбат 1932 йилда бўлган ёки «Обид кетмон» қиссаси бу суҳбатдан олдин ёзила бошлаган бўлса керак. Чунки қиссанинг айрим боблари 1932 йилда «Шўро адабиёти» журналида босилган» (Ҳ.Қодирий. «Отам ҳақида», ­­
1983 й.­ Б.161).

Манбаларда «Обид кетмон» қиссасини ёзилишига рус адабиётида колхозлаштириш сиёсатига бағишланган асарлар, жумладан, М.Шолоховнинг «Очилган қўриқ» романи кучли таъсир қилганлиги айтилади. «Мен Қодирий столи устида Шолоховнинг «Очилган қўриқ» асарини (русчасини) кўрар эдим» (Б.165), деб ёзади Ҳ.Қодирий.

А.Қодирий ҳар битта йирик асарига пухта тайёргарлик кўрганини манбалар тасдиқлайди. Чунончи, адиб «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини ёзиш учун Тошкент билан водийнинг турли шаҳар-қишлоқлари, айниқса, Қўқону Марғилон ўртасида неча бор қатнаган. Худди шундай, «Обид кетмон қиссасини ёзиш учун ҳам Тошкент вилоятининг турли қишлоқларини, хусусан, Кўктерак қишлоғини баъзан пиёда, баъзан отда айланиб, у ердаги ўз ишининг чинакам устаси бўлган деҳқонлар, қишлоқ хўжалик ишлари бўйича мутасадди кишилар билан танишиб, керак бўлганда, улар билан елкама-елка туриб меҳнат қилади, соҳа машаққатларини обдан ўз бошидан кечиради. Қолаверса, унинг ўз уйи томорқасидаги боғда ишлаб орттирган тажрибалари, жисмоний меҳнатдан бўйин товламаслиги қисса персонажлари оламини яратишда, айниқса, асар бош қаҳрамони Обид кетмон образини чизишда жуда қўл келган. Бу жиҳатдан А.Қодирий ўз ижодий принципига содиқ қолади: асар воқелиги ичига кириб, асосий ва иккинчи даражали қаҳрамонлар роли ва табиатини синчиклаб ўрганади. Асарнинг қандай ёзилганлиги тўғрисида адибнинг ўғли Ҳ.Қодирий қуйидагиларни битади: «Уни ёзувчи елкасида рюкзак, қишлоқма-қишлоқ, ялангоёқ юриб, далаларни кезиб, қўлида кетмон, пахта чопиқларида қатнашиб, бободеҳқонлар билан суҳбатлашиб ёзган» («Ғирвонлик Маллавой», Т. 1987. Адабиёт ва санъат нашриёти. Б.4). Бу гапларни Р.Мажидийнинг фикрлари ҳам тасдиқлайди. Бадиий асар конкурси ҳақидаги суҳбатдан сўнг Р.Мажидий «Обид кетмон» қиссасини ёзиш учун А.Қодирийнинг қишлоқ кезиб юрганини эслайди: «Бирмунча вақтдан сўнг Тошкент областининг турли кент ва қишлоқларида Абдулла аканинг ўзига хос саёҳати хабарларини эшитиб турдик. Жойларда унинг ким эканлигини биров билган, биров билмаган. Шу саёҳат натижасида ёзувчининг «Обид кетмон» асари юзага келди» (Ҳ.Қодирий. «Отам ҳақида», 1983 й. Б.161). 1932 – 1933 йилларнинг ёз ойларида А.Қодирий кўпинча рюкзакда одеял, пахтали тўн, ёстиқча, сандал-ковуш, қоғоз-қалам, бир неча «Эпоха» маркали попирос, гугурт солиб ҳафталаб қишлоқ кезишини айтадики, бу вақтда адиб қиссага материал тўплаш учун одамларнинг орасида юрган, уларни ўрганиш билан банд бўлган. Р.Мажидий билан суҳбатда ижодий командировка ҳақида сўз очилганда А.Қодирий: «Гап командировкада эмас, йўқ. Эгар-жабдуғи соз бир отинг бўлса, истаган жойга бориб, истаган жойда қўниб, халқ билан суҳбат қилсанг, унинг йўли бошқа» (Ўша асар. Б.161), деб жавоб беради. Ҳ.Қодирийнинг эсдаликларида А.Қодирий асарни ёзиш учун Тошкент вилоятида жойлашган Кўктерак қишлоғини танлаб олган: «Қодирий асосан, ўзларига тажриба-ўрганиш манбаи қилиб, негадир, Тошкент шимолидаги Кўктерак қишлоғини ва унинг теварагидаги колхозларни танлаб оладилар» (Ўша асар. Б.162). Лекин адиб фақат Кўктерак қишлоғи билан чекланиб қолмаган. А.Қодирий ёзган кўплаб мақолаларда бошқа жойлар, хусусан, Мирзачўл, Алимкент колхозлари борасида ҳам сўз борадики, демак, ёзувчи қиссани ёзишда ана шу тажрибаларнинг барчасидан унумли фойдаланган.

Асарга ёндашув. Ойбек «Обид кетмон» қисса­сининг яратилишига ижобий қараган эса-да, асарда А.Қодирий ҳаётни қай даражада ҳаққоний акс эттирганлиги масаласини қўйиб, уни таҳлил қиларкан, қатор танқидий фикрларни илгари суради. Ойбек Обид кетмоннинг қисқа вақт ичида ўзига тўқ қишлоқ одамига айланиб, ҳашаматли турмуш кечиришга интилганини баён этади-да: «Бизнингча, ёзувчи Обид кетмоннинг колхозга киргунча кечирган ҳаёт ва ҳаракати орқали ўрта деҳқоннинг турмуш шароитини ошириб кўрсатишида типик воқеаларни типик шароитда акс эттирмайди. Ўқувчи Обид кетмон образида бутун хусусиятлари ила гавдаланган жонли бир тип кўра олмайди». Ойбек қиссани таҳлил қилар экан, асосан, ўзи яшаган мамлакатнинг сиёсий-ғоявий мафкураси талабларидан келиб чиқади. Асарнинг шу мафкура талаблари доирасидан четда қолган барча жиҳатларини кескин танқид остига олади. Ҳолбуки, А.Қодирий Обид кетмон образини яратар экан, ҳаёт ҳақидаги, колхоз ва унинг ҳақиқий вакили ҳақидаги ўз қарашларини илгари суради. Гап шундаки, совет ҳукумати, жумладан, унинг коллективлаштириш, колхозлаштириш сиёсати борасида А.Қодирий авлоди ва Ойбек авлоди қарашларида аввал бошданоқ муайян фарқлар мавжуд эди. Қодирийлар авлоди советларни, уларнинг ҳаётнинг турли жабҳаларидаги сиёсатини ҳамма ерда, ҳар доим ҳам қучоқ очиб кутиб олмаган. Обид кетмоннинг иккиланишлари, бирданига колхоз сиёсатига шўнғиб кетолмаганининг сабаби ҳам шунда. А.Қодирий бу образ орқали маълум маънода ўз қарашларини ифода қилган. Бу борада нисбатан ёшроқ бўлган ойбеклар авлоди коллективлаштириш сиёсатини қодирийлар авлодига нисбатан кучли иккиланишларсиз қўллаб-қувватлаган. Ойбекнинг «Обид кетмон» ва унинг бош қаҳрамони ҳақидаги танқидий қарашларининг туб илдизи мана шу ерда мужассам. Ойбек Обид кетмонни совет мафкураси томонига Берди татарнинг ташвиқоти билан осонгина ўтиб қолганини ёқламайди. Ишонарли чиқмаганини, яна Обид кетмон образи ёзувчи томонидан бекаму кўст чизилганлигига танқидий қарайди: «Санъаткорда ўлчов ҳисси бўлиши керак. Маълум сифатларни бир шахс устида тўплай бериш ила тип яратилмайди. Бир томонлилик ҳаётийликни кучсизлантиради» (Ўша асар. Б.172). Айни дамда, Ойбек асарда Хатиб домла ва Мулла Муҳсин образлари ишонарли чиққанини таъкидлайди: «...улар ҳақида ёзганда Абдулла Қодирий қаламини эркин юритади. Қийналиш сезилмайди. Булар – руҳонийлар, домлалар» (Ўша асар. Б.176). Ойбек қиссанинг композицион қурилиши тўғрисида ҳам мулоҳаза юритади: «Қиссанинг сюжетида камчиликлар бор. Биз ҳали катта формалар – роман ва қисса сюжетини эгаллай олган эмасмиз». Ойбек ўз тадқиқотида кўпроқ танқидий фикрлар билдирган эса-да, асарга ғараз билан ёндашмайди, уни бутунлай чиппакка чиқариш йўлидан бормайди

...