Umar Xayyom
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Umar Xayyom

НАБИ ЖАЛОЛИДДИН







УМАР ХАЙЁМ

Роман-дилогия



Тўлдирилган учинчи нашри


Бир қўлда Қуръону биттасида жом,
Баъзида ҳалолмиз, баъзида ҳаром.
Фируза гумбазли осмон тагида
На чин мусулмонмиз, на кофир тамом. [1]

Умар ХАЙЁМ

[1] Рубоийлар Шоислом Шомуҳаммедов таржимасида берилди.

Биринчи китоб

ОРАЛИҚ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Жумлаи оламни, бу ҳадсиз коинотни ўз қудрати ва меҳри ила бино этиб, унда инсонни мукаррам қилган Раҳиму Раҳмон­га, бандасига Ақл аталмиш мўъжизани бериб, фикрлатиб қўйган, Қалб отлиғ сирли хилқатни ато қилиб, уни Ишқ ва Ҳақиқат насимлари ила муаттар этган карамли Зотга беадад ҳамду санолар бўлсин.

Умматига шафоатлар тилаган, заминга боқий саодатнинг илк муждаларини етказган сарвари олам, Саййидул Коинот Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломлар бўлсин. Ва ул Зотнинг аҳли байти ва саҳобаларига ҳам салоту саломлар бўлсин.

Бу мискин бир тарихи муборакни баён этмоқни ният қилдики, Оллоҳ рози ва мададкор бўлғай.

Ибтидо

У йўл излагувчи эди. Куну тун, тушу ҳуш йўл изларди. Бу ҳатто бир кеча суратан аён бўлди: у саросар кезарди, жони ҳалқумида, кўнгли туғёнда, бутун вужуди лов-лов ёнарди. Бу йўл бошида ғала-ғовур ила турган одамларнинг қошига етди. Жигар-бағри хун, қоврилиб етди.

– Бу йўл қай маъвога олиб боради? – дея сўради ёниб.

Одамлар парво қилмадилар.

– Эй, одамлар, бу йўл қайга боради, ахир?!

Яна ҳамма жим. Баъзилари ажаб жилмайиб, елка қисдилар.

У яна чопа кетди. Товонидан, бағридан ўт чиқа чопди. Алҳол тағин бир йўл бошидаги одамлар қошига етди.

– Бу йўл қай гўшага элтади?– деди уларга бутун вужудидан тер қуйилиб.

Одамлар жим туравердилар.

– Эй, одамлар, айтинг, ахир, бу йўл қай маъвога олиб боради?

Жавоб йўқ.

Яна чопа кетди.

Яна йўл.

Яна савол.

Яна жавоб йўқ.

Бу ҳол қайтарилаверди.

Ахийри ҳолдан тойиб, йиқилар пайтида кўзлари олдидаги хира парда йўқолиб, соқоли-ю кийим-боши оппоқ нуроний зот пайдо бўлди. Унинг юзидаги ҳалим ва ёқимли табассумни таърифламоққа тил ожиз эди. У яна «Йўл!..» деди овози базўр чиқиб.

– Йўл?

– Ахир, ҳар бир йўлнинг аввали кўнгилда-ку. Йўлнинг бошини кўнглингдан изла!

Энди унинг вужудига унга нотаниш ҳаловат ина бошлади ва шуурини ажиб бир ойдинлик қамрамоққа тушди. Кўнглидаги боягина оламни зеру забар этмоққа қодирдек туйилган тўфонлар тин олиб, энди тўлғоқли саволларга доя бўлдилар.

– Мен... мен... Тавротни ўқидим, Инжилни ўқидим... Қуръон­ни мутолаа этдим, ё Ҳазрат. Бироқ йўл?!..

– Умрингни сарҳисоб эт, болам. Дунёда икки мингдан зиёд илоҳий аталмиш китоблар бор. Керагини ўқи ва аввало кўнглингда ихлосни бино эт. Сўнг бу оламдаги вазифанг­ни англаб ет-да, ўша вазифани адо айла. Муродингнинг қолганлари ўзи келади. Йўл ҳам, нажот ҳам ихлос ҳамда вазифада.

– Энди эса йўлларимни, йўлимни англаётгандекман. Юртимга қайтиб, улкан черковни бузаман-да, унинг ўрнида муҳташам масжид барпо этаман.

– Йўлни хато танлама, бўтам, ҳаддингни бил. Ул черковнинг ҳам ўз соҳиблари, ул диннинг ҳам ўз авлиёлари бор. Уларнинг руҳини чирқиратма. Масжидни бошқа ерга қур.

Саволлар ниҳоясиз эди. Нуроний зот бўлса жавобдан чарчамасди. Овозида озгина бўлсин малол ёхуд зарда сезилмасди.

– Бошимизда турган коинот чексиз-чегарасиз. Унинг охир ҳаддини Ўзидан ўзга кимса билмайди. Шул каби бу чексизлик қаърида беҳисоб йўллар, юлдузу сайёралар бор. Аммо уларнинг барчаларининг адоғи Меҳвари Муаззамда туташгусидир. Бу нимарсаларни бирон-бир дин тарафида туриб англаб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири ва Меҳвари Муаззам оралиғдаги сирли маъвони изламоқ ҳамда илғамоқ зарур. Ҳақиқат ана ўша ерда.

Ўзи тузган бу борлиқда Ўзи бор ва Иблис бор. Яъни Эзгулик ҳамда Ёвузлик ва уларнинг оралиғи мавжуд.

Бани башар бу оламда қўним топгандан буён не-не мукаррам зотлар яшаб ўтмадилар. Уларнинг ҳар бирлари бир сайёра, бир юлдуз бўла оладилар. Динлари турфа, миллатлари турфа, лекин маслагу муродлари бир эзгулик эди. Уларнинг қалбларида Ўзи яшарди. Илло бу зотларга ҳам бирон-бир дин ёхуд миллий тамойиллар тарафида туриб ҳақ баҳони бермоқ душвор ва уларни англамоқ мушкул. Шундай экан, Ҳақиқат барқарор бўлган оралиқни сирли маъвони изла!..

Унинг шуури ойдин-ойдин эди. Нуроний зот сўзлагани сари вужуди ҳузурбахш жимирлаб, ўзга бир оламга сингиб бораётгандек бўларди. У рўбарўсидаги кишининг сўздан тўхтамоғини сира-сира истамасди.

Нуроний зот эса мудом сўзлар, ҳикоя қиларди. Унинг овози, сирли бир маъводан эшитилаётгандек туйиларди...

БИРИНЧИ ҚИСМ

Биринчи боб

Ҳижрий 455 (милодий 1076) йилнинг баҳори. Исфаҳонда тонг отмоқда. Қадим шаҳарнинг муҳташам деворлари оша, уларнинг ортида қорайиб кўринган ҳайбатли тоғларнинг виқорли елкалари узра тонгнинг илк муждалари сезилади. Осмоннинг шарқий буржидаги улкан чўққининг кети кўзнинг оқи янглиғ оқариб бормоқда. Гўё тун тўнининг бир пеши химарилиб, қўйнидаги оппоқ тонгнинг елкаси кўриниб келаётгандек.

Бу азим шаҳарга оламга ҳукмронлик даъвосини қилган Искандар Зулқарнайн асос солган, уни водий шаҳар деса ҳам бўлади. Чунки шаҳар қалъасининг уч томони қир-адирлару уларга туташиб кетган баланд тоғлар билан ўралган, атрофи эса кенг яйловлардан иборат эди. Фақатгина жануби-шарқ томонигина очиқ, яъни текислик бўлиб, чўлу саҳролар билан уланиб кетганди. Шаҳар қалъасининг асосий дарвозаси ҳам шу тарафда эди.

Қалъа деворлари анча баланд ва мустаҳкам эди. Уларнинг ости чуқур хандақлар билан иҳоталанган, устида эса қоровул ва соқчилар юриши ҳамда атрофни кузатиши учун махсус йўлаклар, туйнуклар қилинган, ёв босқини пайти камончиларнинг ёй отишларига мўлжалланган супачали кунгурадор сангандозлар (ўқ отиш учун қолдириладиган туйнук) ҳам қурилганди. Буларнинг барчаси, хусусан, қалъа девори ҳам тунда, айниқса, маҳобатли ва ҳатто ваҳимали кўринар, дунёнинг катта бир қисмини эгаллаб турган Салжуқийлар доруссалтанатининг бутун улуғлиги ҳамда салобатини намойиш этаётгандек туйиларди.

Исфаҳон араблар ҳукмронлиги даврида анча обод бўлди. Шаҳарнинг бош майдонида (халқ тили билан айтсак, шоҳмайдонида) қад ростлаб турган жоме масжиди, Низомия мадрасаси биноси, асосий бозор ва ҳатто султон саройи ҳам араблар замонида қурилган. Масжиду мадрасанинг ҳозир қорайиб кўринаётган аслида мовий гумбазлари кўплаб шуҳратталаб ҳукмдорларнинг кўзларини қамаштирганлиги ҳам рост. Исфаҳон шуҳратига шуҳрат қўшмиш жомъе масжиди минорасининг баландлиги етмиш аршин бўлиб, анча узоқлардан кўриниб туради...

Муаззиннинг минора устидан эшитилган бутун оламлар Эгасини шарафловчи жарангдор овози атрофни тутди:

– Оллоҳу Акбар! Оллоҳу Акбар!..

Одатда Умар Хайём бомдод намозини ўз ҳужрасида ўқирди. Аммо бугун муҳим бир юмушни режалаб, эртароқ уйғонди. Таҳорат олгач, суннат номозини ўқиди-да, жундан тўқилган хирқасимон одми чакмонини кийиб, ташқарига чиқди. Мақсади намоз фарзини жоме масжидида ўқиш эди. Тонг осмонининг оқиш-кўкимтир ранги оламга хиёл ойдинлик бахш этаётган бўлса-да, ҳали атроф нимқоронғилик оғушида эди. Шаҳар ташқарисининг шимол томонидан оқиб ўтгувчи дарёнинг муздек баҳорий сувини ҳўплаган шабада кишининг баданини жунжиктирар даражада совуқ, ҳавонинг тозалигидан нафас олганда кишининг томоғи, бурни ачишиб кетгудек бўларди. Шоир чакмонига яхшироқ бурканиб, бир-икки томоқ қириб қўяркан, бироз энкайган кўйи масжид томон одимлади.

Намоз ниҳоялангач, масжиддан аввалроқ чиққан Умар Хайём ўзини бир четга олиб, улуғ вазир Низом ул-Мулк жанобларининг чиқишини кута бошлади... Олам мудом осуда, ҳаво мусаффо, илло бу гўзал ва файзли хилқатлар киши умрига барокот бераётгандай туйилади. Табиатдаги бу тиниқлик одамлар шуурига ҳам кўчган ва улар шуурларидаги тиниқлигу тонгги ибодатнинг илоҳий таъсири ҳамда субҳидам тароватидан ўзларини ўзгача, балки енгилроқ ҳис этадилар. Намоздан турган ва масжиднинг нақшинкор ҳашаматли эшикларидан чиқаётган аҳли тақвонинг йўталишлари ва ҳатто томоқ қиришлари ҳам бомдодий сокинлик қўйнида мисоли темирчи болғасининг товушидай қулоққа ёқимсиз эшитилади. Одамларнинг лабидан учган ожиз шипшишлар ёхуд бир оғиз сўз ҳам чор атрофга акс садодай сочилади... Мана, ниҳоят мақсурада (меҳроб ёнидаги аркони давлат намоз ўқийдиган жой) бўлгани учун кечроқ чиққан вазири аъзам ҳам кўринди. У хонаки ва одми бўлса-да, озода ҳамда оҳорли либосда бўлиб, кўринишдан бу либосини фақатгина намоз учун кийишини сезиш мумкин эди. Аслида ҳам шавкатли Салжуқлар давлатининг таянч­ларидан бири бўлмиш, шуҳрати бутун Шарққа ёйилган бу инсон жудаям саришта ва покликни суйгувчи эди. Унинг эгнига тушган анчайин уринган мато ёхуд либос ҳам оҳорли кўринар, мой суртилгандай ялтираб тургувчи юзи, дои­мо қиртишланган ихчам мош-гуруч соқол-мўйлови, на кичигу на катта бўлмаган, бироқ ўзига ўта ярашган оппоқ салласи шу қадар файзли эдики, кишининг завқини келтирарди. Зотан, унинг қадди-қомати ҳам ўртадан қуйироқ бўлиб, паканаликка хиёл мойил эди.

Вазири аъзамнинг ҳам шоирга кўзи тушди-да, унинг масжид эшигида пешвоз туриши бежиз эмаслигини сезиб ҳамда у билан кўришмоқ ниятида ўша тарафга майл қилди.

– Ассалому алайкум, эй, мискинлар халоскори, фозиллар ғамхўри улуғ вазир жаноблари! – Шоир аслан бундайин жимжимадор сўзлардан иборат ҳамду саноларни ёқтирмасди. Эҳтимол, шунинг учунми, ҳар сафар шу каби сўзларни айтганда кўнглида ажиб бир ҳолат пайдо бўлар ва бу билан ўзини ўзи масхаралаётгандай туйиларди-да, ичида ғашлик туғиларди. Унинг бу феълини, балки кайфиятини Низом ул -Мулк ҳам тўла бўлмаса-да, бир қадар биларди. Қолаверса, бундайин мақтовлар шодасини Хайём ҳам ҳар кимга ҳамиша айтавермас, айни дамда эса бу ҳамдлар вазири аъзам учун қуруқ хушомадгина эмас, балки унга берилган тўғри баҳо эди. У ҳақиқатан ҳам мискинлар халоскори, олиму фозиллар посбони эди. Шу важҳдан ҳам шоир ул зотни бениҳоя ҳурматларди.

Улар қўшқўллаб кўришдилар. Вазири аъзам шоирнинг тавозесига мағрур тавозе ила жавоб берди. Икковлон ёнма-ён вазири аъзамнинг қасри томон йўл олдилар. Дарвоқе, ул зотнинг қасри султон саройига туташ бўлиб, ихчам боғ ва тош ётқизилган текис йўлакчалардан иборат эди. Қаламга ошно фозиллар аҳлидан бўлган улуғ вазир одатда субҳи содиқдан то нонушта маҳалигача мазкур боғда сайр этиб, хаёл сургувчи, режалар тузгувчи эди. Хайём унинг бу ошиёнида бир неча бор бўлган ва ҳатто тонгги сайрларини ҳам кўрганди. Ёдида, у билан илк учрашувлари ҳам мана шу қасрда кечган эди...

Икки йил олдин, ўшанда ҳам айни кўклам маҳали эди. Ўзининг Бухородаги ҳаётидан, балки Мовароуннаҳр ҳукмдори Шамс ул-Мулк муносабатидан қониқмай қолган Умар Хайём ўз валинеъмати қозикалон Абу Тоҳирга рўбарў бўлди. Қозикалон бу кўҳна ва жафокаш дунёда анча яшаб қўйган, шул боис одамнинг ичидагини юз-кўзидан била олмоқлик қурбига эга инсон эди. У ёш шоирнинг аҳволи руҳиясига қалб кўзини тутаркан, инчунин зоҳиридаги ижод заҳматини, ўзидан қониқмаслик, ҳаловатсизлик сифатларини ҳам пайқади. Ўшанда зийрак қозикалон ҳам ундаги бедорлик ортида яширинган бўронларни, тўфонларни тўлалигича илғай олмаганди. Вужудида кечаётган бу ғалаёнларни ҳатто унинг ўзи ҳам бутун борича ҳали тушунмас, идрок этолмасди.

– Энди не манзилни ихтиёр этмоқ истарсен? – дея сўради Абу Тоҳир Умарга синовчан тикиларкан.

Шоирнинг ўз муддаоси, кўзлаган мақсади бор эди. Мовароуннаҳр хоқонининг унга бўлган муносабати анчайин совуқлиги шунда ҳам акс этардики, унга тайин этилган маош нафақат қадр-қимматини, балки тирикчилигини меъёрига солмоққа-да изн бермасди. Аммо Хайём қозикалонга буни арз этмайди, бу борада аввало унинг ўзи сўз айтмоғини кутади. Унинг феъли шундай: бировга ҳасрат қилиш, юкиниш, ўтиниб ёрдам сўраш мағрур юрагини жароҳатлайди. Қолаверса, Абу Тоҳир ҳам унинг бу феълини яхши билади ва қадрлайди.

– Сизнинг маслаҳатингизни кутмоқдамен, – деди Хайём тавозе ила.

– Бухорони тарк этмоқчи эканлигингни сезиб турибмен. – Қозикалон мудом мулоҳазакор бир оҳангда сўзларди. – Менинг фикримча, ҳозир сенинг жойинг Исфаҳонда. Чунки Салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ ва унинг улуғ вазири Низом ул-Мулк жаноблари ўз доруссалтанатларига кўплаб олиму фозилларни жам этмоқдалар. Илло Султон ҳазратлари хўб илмпараст ва исломпараст эрмиш. Агар истасанг, дўстим Низом ул-Мулк жанобларига нома битиб берурмен. Иншооллоҳ, ул зот сени бенасиб этмагай.

Хайём учун бу айни муддао эди, айни шу нарса у кўзлаган мақсаднинг ибтидосини ташкил этарди. Чунки шоир Исфаҳондаги улкан кутубхонанинг шуҳратини эшитган ва ўшал бебаҳо хазинага тезроқ етишмоқ орзусида эди. Шунингдек, кўҳна Исфаҳонда ўзининг ғойибона устози, Шайх ур-раис Абу Али ибн Сино ҳам яшаб, ижод этганлигидан бохабар эдики, илло унинг битикларини зўр бир ташналик ила мутолаа қиларди. Унинг баъзи мухтасар асарларини ёддан билар, «Ал-Қонун»ини эса ёнидан қўймасди. Айни дамда Шайх ур-раисдай улуғ олимнинг янги асарлари билан танишмоқ иштиёқидан шодланмоқда эди. Зеро, уни Бухорои шарифга етаклаб келган асосий сабаблардан бири ҳам жаннатмакон Ибн Сино даҳосининг завқу сурури бўлганди.

– Марҳаматингиздан миннатдормен, муҳтарам қозикалон ҳазратлари! – шоир хиёл бош эгиб, таъзим қилди.

Шундай қилиб, Умар Хайём қозикалоннинг улуғ вазирга битилган номасига эришгач, Бухородан Исфаҳон сари йўл тутган карвонга қўшилди. У карвонда икки от бўлиб, бир отга ўзи минган, қолган иккинчи отга ва туяларга китоб ва битиклар ортилган эди. Карвондаги бошқа туя ва отларга Мовароуннаҳр ҳукмдори Шамс ул-Мулкнинг чор атрофни босиб келаётган Салжуқийлар султони Маликшоҳга йўллаган совға-саломлари юкланганди. Шамс ул-Мулк шу йўл ила жон сақламоққа уринарди...

Баҳорнинг ўрталарида доруссалтанатга етиб келгач, бир-икки кун ювиниб-тараниб, ҳордиқ олди ва улуғ вазирнинг қабулига ошиқди. Ўшанда ҳам Низом ул-Мулк шоирни ўз қасрида қабул қилган эди. Ёши элликдан ошган хуш чеҳрали улуғ вазир Умар Хайём ҳақида аввалдан эшитган, унинг ҳеч бир битикка қиёслаб бўлмайдиган рубоийларидан ҳам бохабар эди. Шунинг учун ҳам кўп илмлар борасида баҳс этмоққа қодир бўлган донишманд вазир ёш шоирни илиқлик ила кутиб олди. Унинг истиқболига пешвоз чиқиб, қучоқлашиб кўришди. Хайём бундайин муомалани кутмаганлиги боис бироз эсанкиради ва эҳтимол, улуғ вазирнинг салобати ҳам босди.

Вазирнинг таклифи билан нақшинкор хонтахта ёнига юзма-юз ўтирдилар. Оллоҳ таолодан яхшилик тилаб, юзларга фотиҳа тортилгач, шоир Абу Тоҳирнинг мактубини тавозе ила улуғ вазирга узатди.

Умар Хайём шуҳрати узоқ-узоқларга кетган Низом ул- Мулкдай инсон билан бу янглиғ юзма-юз ўлтириб ҳамсуҳбат бўлмоқ ҳар кимга ҳам насиб этавермаслигини яхши тушунар ва шул важҳдан имкон қадар ул муборак зотнинг эъти­борини қозонмоқ истагида одоб сақларди. Вазир то мактубни ўқиб бўлгунича бошини қуйи солиб, жим ўлтирди. Ва ниҳоят улуғ вазир очиқ чеҳра ила яна шоирга юзланди.

– Қалай, сафар толиқтирмадими? Оллоҳ таолонинг паноҳида эсон-омон етиб келдингизми? – Вазири аъзам учрашувларининг дастлабки вақтларида шоирни «сиз»лаб гапирарди. – Биродарим қозикалон Абу Тоҳир жаноблари ҳам омонда юрибдиларми? – дея бир муддат ҳол-аҳвол сўрамоқ ила банд бўлди.

– Шукр, – деди Хайём илкини (қўлини) кўксига қўйиб, – ул зоти бобарокот Оллоҳ таолонинг паноҳида соғ-омон яшаб юрибдилар. Мазлумлар паноҳи, олиму фозиллар ҳомийси бўлмиш сиз вазири аъзам жаноби олийларига кўпдан-кўп дуои салом йўлладилар.

– Ул зотдан Оллоҳ рози бўлғай. Филҳақиқат, Абу Тоҳир жаноблари ўз номасида битганларидек, улуғ султонимиз Маликшоҳ жаноби олийларининг фармонлари ҳамда истакларига биноан ислом оламининг билимдон олиму фозилларини, оташзабон шоирларини доруссалтанатга жам этмоқдамиз. Иншооллоҳ, Исфаҳон жумлаи жаҳоннинг бош кентига айлангай. – Улуғ вазир бир муддат сукутга толди-да, сўнг яна сўзида давом этди. – Маълумингиз бўлғайким, доруссалтанатда расадхона бунёд этилмиш. Лекин унинг улуғворлиги султонимизнинг шону шавкатларига монанд ва арзирли эмасдур. Расадхона қурилишини ниҳояламоқ, айниқса, унинг юқори қисмини такомилга етказмоқ илми ҳандаса ва илми нужумдин бохабар бўлган сиз каби олимга лозимдур.

– Қуллуқ, ҳазратим! – деди илки мудом кўксида бўлган шоир хокисорлик ила. – Банда ҳам улуғ султонимизнинг шону шавкатлари соясинда илм ила машғул бўлмоқ орзусида ёнмоқдамен. Илло Исфаҳон расадхонасию кутубхонаси ҳақида кўп бор эшитганмен. Оллоҳ таолога ҳамдлар бўлғайким, ул мўътабар даргоҳлар остонасини кўзга суртмоқ бахтига мушарраф этаётир.

– Боракалло, аё шоир! – Улуғ вазир шоирга меҳр ва самимият ила боқиб сўради, – қаерга қўндингиз?

– Карвонсаройдамен, жаноби олийлари.

– Бу кеч ҳам ўша ерда тунамоққа сабр этурсиз. Эртага ҳузури муборакдин сўнгра расадхонага кўчиб ўтгайсиз. Улуғ Султонимизга шу бугуноқ сиз ҳақингизда етказурмен.

Шу билан суҳбатлари ниҳояланиб, Хайём карвонсаройга қайтди. Эртаси куни Низом ул-Мулкнинг чорлови ила султон ҳузурига кирди ва салжуқийлар салтанатининг ёш ҳукмдори назаридан ўтди. Султон ҳам унга олий мулозамат кўрсатди, шоирнинг ташрифидан илҳомланибми, ўзи орзулаган юмушлар хусусидан мухтасар сўзлаб ўтди. Қабул ниҳоясида шоирнинг режалари борасида ҳам қизиқди. Ўша илк учрашувдаёқ Умар Хайём ёш султоннинг билимига, ўзини тута билиш салоҳиятига қойил қолганди. Зеро, яқиндагина тахтга ўлтирган ўн етти ёшли Маликшоҳ ўзини худди катталардай ва ҳатто анча-мунча йилларни яшаб қўйган донишмандлардай тутар, келишган қадди-басти ҳам унга янада салобат бахш этарди. Шоир асли кўчманчи турк-ўғузлардан бўлмиш султондан бундайин қобилият ва юксак маданиятни кутмаганди. Ўша учрашувдан сўнг унинг қалбида туғилган султонга бўлган ҳурмати вақт ўтгани сайин тобора мустаҳкамланиб, собитлашиб борди...

Улар улуғ вазирнинг боғидаги тош ётқизилган текис йўлак бўйлаб борардилар. Вазири аъзам эрта баҳорнинг этни жунжиктиргудай салқин ҳавосини гўё писанд қилмаётгандай ўзини мағрур ва виқорли тутар, у кишидан бироз тикроқ бўлган, юз суяклари бўртиб чиққан, қисқа қора соқоли ўзига ярашган басавлат шоир эса бошини хиёл эгганча қадам ташлайди.

Ва ниҳоят улуғ вазир тилга кирди:

– Шоирлар шоирини саҳар-мардонда бизнинг ҳузуримизга не юмуш бошлаб келди?

– Аввало узримни қабул этгайсиз, жаноби олийлари, – Шоир субҳий тиниқ ва ўктам овозда сўзларди. – Расадхонамиз таббохига (ошпазига) бир-икки бор қутлуғ назарингиз тушган бўлса керак.

– Хўш-хўш, – дея вазири аъзам диққатини жамлаб, шоирга қаради.

– Ўша одамнинг ёлғиз қизи мана бир неча кундирки ғо­йиб бўлган. Назаримда, Саббоҳнинг таррорлари ўғирлаб кетишган, шекилли...

Хайёмнинг мақсадига тушунолмаётган вазир мудом унга тикилиб турарди.

Буни пайқаган шоир дарров гапига ойдинлик киритишга ўтди:

– Агар бошқа бир ташвиш туғилмаганда сизнинг қимматли вақтингизни олишга жазм этмаган бўлур эрдик.

– Тортинмай сўзлайвер, – дея далда берди вазир.

– Энг яхши сангтарошимиз бўлмиш йигит ўша қизга кўнгил қўйган экан. Ҳозир у жуда безовта. Қизни излаб кетиб қоладими, деган ҳадикдамен..

– Агар йўқолганига шунча кун бўлган бўлса, ўғирлашгани аниқ, – вазир бироз хаёлга толгач, деди, – бироқ сенга ёрдам бермоққа ожизмен. Боиси улуғ султонимиз тез кунларда улкан юриш режасини тузганлар. Илло бир ожизани деб бу режага дахл этолмаймен.

Умар Хайём шу билан суҳбатга якун ясалганини тушунди. Улуғ вазирнинг бу ошкора тушунтиришидан сўнгра бирон нарса дейиш одобсизлик саналиши аниқ эди. У Низом ул-Мулк билан хайрлашиб, расадхона сари қайтаркан, Маҳмудни ўйларди. Бечора йигит шу бир ҳафта ичида хароб бир аҳволга тушди-қолди. На бир тузукроқ овқат ейди, на бир ишида унум бўлади. Шоир йигитга дил-дилдан ачинаркан, уни илк бор учратган пайтини эслади...

Иккинчи боб

Бухородан Исфаҳон сари бораётган карвоннинг йўлга чиққанига икки ҳафтадан ошганди. Бир маромда йўрғалаб боргувчи карвон Бухоро салтанатидан чиқиб, аллақачон азим Жайҳундан кечиб, Хуросон бағридаги қумлоқ даштлар оралаб ўтар, мудом давом этаётган чўлу даштлар нигоҳларни толиқтирар даражада адоғсиз кўринарди. Бу адоғсизлик шундайин тамсилга муносиб келадики, гўё улкан аждаҳонинг қия очилган оғзи аста-секин баралла очилаётгандек ва борлиқни ютиб юборадигандек туюларди. Одамзоднинг ибтидоси каби қадим ва шунингдек, асрорга йўғрилган ҳамда файласуфнинг ўйи мисол чўзилгандан-чўзилган чўллар ҳам баҳорда жонлана бош­лайди. Қибла ёқдан мунтазам эсиб тургувчи, ҳали пешини йиғиштириб улгурмаган қишнинг қақшаган тунларида бисёр яхлаган ва бунинг устига тап-тақир чўлда ўзини қаерга қўйишни билмай гир-гир айланиб, шўхланган шамол танларга муз каби урилади. Аммо илк кўкламнинг бу совуқ шамолида ҳам ёқимли бир бўй борки, у димоқларни ҳузурбахш сийпалайди. Эҳтимол, шамолдаги бу хушбўйлик чўлнинг у ер-бу ерида ниш ураётган саҳройи гиёҳлар ва ёхуд энди-энди жонлана бошлаган Чўли Маликнинг баҳорий нафасидандир. Балки саркаш шамоллар бу ёқимли исларни тоғу тошлардаги эртароқ уйғонган гулу чечаклар ёхуд обод кентларнинг гулзору бўстонларидан олиб қочиб келгандирлар. Не бўлганда ҳам одамзод наздида ёвузлик, балою офат тимсолига айланиб қолган бу чўллар айни дамда ҳаётга ташна бир мавжудотни эслатарди. Балки бу ёз жазирамасига асос солиб, борки жонзоту набоботни ўз оташ қозонида қовурган бобо қуёшнинг заминга ажиб илиқлик билан боқаётганлигидандир.

Даштнинг бағридан ўтиб, ҳов узоқларда қум барханлар елкасига опичган илон изи йўлнинг туси чўлнинг бошқа ерларидаги рангдан хиёл ўзгачалиги билан ажралиб туради. Бу йўлдан аста-аста йўртаётган карвон юқоридан қараган кўзга ўз ўлжасини пойлаб судралаётган улкан илондек кўринади. Карвон асосан юзлаб туялардан иборат, лекин туёқлари йўғон бир неча ўнлаб отлар ҳам борки, уларда қуролланган сарбозлар – карвон соқчилари борадилар. Туя­лар аксари қўш ўркачли бўлиб, ўркачлари орасидан икки ёнбошига осилган зил-замбил юклар уларнинг одимларига монанд лўкиллайди. От ва туяларнинг гоҳо-гоҳо пишқириши, сарбозларнинг бир-бирларига баланд овозда гапириш­лари, кимларнингдир хиргойилари, қурол-яроғларнинг шақир-шуқурлари карвон қўнғироқларининг умидбахш товушларига қўшилиб, карвонга хос кўҳна умум бир сасни вужудга келтиради. Қўнғироқ овозини ёпинган бу сас узоқ-узоқлардан ҳам эшитилади ва карвон келаётганидан олис-олисларга ишончли хабар беради.

Хайёмнинг икки туяси ва бир (ўзи минган от билан иккита) оти карвоннинг бошроғида – карвонбошининг туя­ларига бақамти жойлашганди. Бухоро қозикалонининг номидан карвонга қўшилган шоирни карвонбоши ўзига яқинроқ жойлаштиришни лозим топди. Ҳар ҳолда Бухоро қозикалонидан Исфаҳондаги вазири аъзам даргоҳига бораётган бу зот сағир одам бўлмаса керак, деган андишага борди. Қолаверса, ҳордиқ пайтлари тиллаю кумуш ва молу матоҳдан бошқа гапни билмайдиган карвоннинг асосини ташкил этган савдогарлардан кўра китоб кўрган, айтиш­ларича, замину само илмини билгувчи олим зот билан суҳбат қурмоқни афзал билди. Ҳартугул узундан-узоқ сафарни зерикмайроқ қаритмоқни умид қилди. Шул боис, ётиш-туришию емоқ-ичмоғи ҳам Хайём билан бирга бўлиб қолди. Карвонбошининг хизматкорлари хожасининг истагига биноан Хайёмга ҳам хизмат қила бошладилар. Айниқса, олов ёқиб, овқат пишириш, туя ва отларга ем-хашак бериш, ниҳоят карвонбошининг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туришда сидқидилдан заҳмат чекаётган савлатли йигит шоирнинг эътиборини тортди. У жуда гавдали эди. Жағ суяклари кенг, туртиб чиққан, бўз чопони яширган елкалари улуғвор, билаклари йўғон эди. Бундан бир-икки кун бурун бўлиб ўтган воқеа бу йигитнинг ниҳоятда бақувват эканлигини ҳам намойиш этди. Ўшанда кеч кириб, карвон истироҳат учун тўхтади. Бундай пайтда таомилга биноан туялар чўктирилиб, уларнинг устидаги юклар ҳам тушириб қўйилар ва жониворлар шу тариқа дам олдириларди. Хайёмнинг зил-замбил китоблари ортилган туялари ҳам чўктирилди ва у юкларни тушириш ниятида ҳаракат қилаётган бир пайтда ҳалиги йигит пайдо бўлди. Икки-уч одам базўр кўтаргувчи юкни даст кўтарди-да, ерга қўйди. Унинг бу ишидан ҳайратлангандай бўлган туялар ҳам пишқириб юборгандай туюлди. Ана ўшанда Хайём бу йигитга эътибор берди ва мавриди билан уни саволга тутди.

Бу йигит асли Кешнинг туркий уруғларидан бўлиб, исми Маҳмуд экан. Бухорода илм олмаса-да, касб-ҳунар ўрганибди. Ниҳоят, Бухоро мулкидан файзу барокат кўтарилаётганини сезиб, ҳам аҳли ҳунарманд қудратли салжуқийларнинг бош кенти Исфаҳон сари интилаётганини эшитиб, ўша ёққа бормоқни ихтиёр этибди. Бухорода ҳунармандларнинг тирикчилиги танг бир аҳволга келган, боиси ҳеч қандай қурилиш – бунёдкорлик ишлари олиб борилмасди. Эҳтимол, бу кўҳна замин ҳукмдорлари шундоққина ёнбош­ларида дунёни ларзага солиб турган салжуқлар хавфидан ҳадиксираб, ёинки жонлари кўзларига кўриниб, бундайин эзгу ишларга ҳафсалалари келмаётгандир. Нима бўлганда ҳам қадим Бухородан қўр-қут кўтарилиб улгурган ва бу шаҳарда ҳунармандларнинг камайиб бораётганида ҳам кўринарди.

Исфаҳон эса буюк салжуқийлар салтанатининг дорулсалтанати, улуғ Султон Маликшоҳ орзусига кўра жумлаи олам пойтахтига айлангулик шаҳар. У ерда кўпдан-кўп бинолар, масжиду мадрасалар барпо этилмоқда. Демак, у ёқларда меҳнаткаш ҳар қандай қўл қуруқ қолмаслиги, тишга ботгулик емиш топмоғи тайин. Бухорода сангтарошликни ўрганиб, устасининг дуосини олган йигит ана шундай ўй-хаёллар билан маблағи йўқлиги сабабли карвон эгасига хизматга ёлланиб, Исфаҳон сари борарди.

Хайём ўз бахтини излаган бу заҳматкаш йигитга боқаркан, дунёнинг ажаб савдоларини ўйлай кетди. Ризқини ­билаклари кучи ила топиб, бир нави кун кўраётган, ўзи оми эрса-да, шоирнинг наздида, гўзал қалбнинг соҳиби бўлмиш бу йигит ҳам Маҳмуд ва дунёни зир титратиб, не-не тилло бошларни чопиб, қанча-қанча жавоҳир китобларни ёққан султон Fазнавий ҳам Маҳмуд. Ул жоҳил подшоҳ беҳисоб одамларнинг ризқини қийиб, уларнинг умрларига зомин бўлиб яшади, гўё кўк тоқига устун бўлгудай тутди ўзини. Яратганнинг адолатини қарангки, ўшал соҳиби қудрат ҳам тупроққа қоришди. Бу Маҳмуд эса оддий бир камбағал, ризқидан ортиғини даъво қилмагувчи оқкўнгил ҳунарманд. Кун келиб у ҳам барча қатори тупроқнинг бағрига қайтади. Ваъда қилинган ҳисоб-китоб эса барча учун баробар. Шоирнинг бошида янги сатрлар ғимирлай бошлади:


Кулол дўконига кирдим бир сафар,
Дастгоҳда ишларди уста кўзагар,
Гадо қўлидану шоҳнинг бошидан
Кўзанинг бўйнию дастасин ясар.


Во дариғ! Олам оқиб борар. Агар шу осмон ёхуд тун ва кун бўлмаса, умр ҳам худди мана шу чўлу даштлар янглиғ чексиз-чегарасиз туюлади. Балки Оллоҳнинг ҳикмати ҳам шундадирки, у одамга ўз умрини ўзи ҳисоб-китоб қилиш­лигини амр этгандир. Мана умр, уни хоҳла кунга ёз, хоҳла тунга...

Хайём атрофга ўйчан боқаркан, умри мана шундай сафарларда, одамларнинг ҳикояларига қараганда сарсон-саргардонликда ўтган ғойибона устози Абу Али ибн Синони эслади. У бу улуғ олимни ўзгача бир меҳр, ўзгача бир эҳтиром ила ёд этарди. Чунки Хайём донғи етти иқлимга кетган ана ўша олимнинг китоблари таъсирида улғайганди, вояга етганди. Ҳатто унинг баъзи асарларини ёддан билар, қувваи ҳофизасининг кучлилигидан қайси боб, қайси саҳифада жойлашганигача айтиб бера оларди. Айниқса, табобатга оид асарларининг мутолаасига ўсмирлик йилларининг катта бир қисмини сарфлагандики, дардларни даволашда тузуккина моҳирлиги ҳам бор эди. Гиёҳлар ва жониворларнинг аъзоларидан дори тайёрлаб, дард қувмоқ, жароҳатларни шифоламоқ санъатига эга эди. Бу хислатларга ғойибона пешини тутмиш устози Ибн Синонинг китоблари орқали эришганди. Лекин у ўзининг бу ҳунарини кўпда ошкор қилавермас, зарурий ҳолат пайдо бўлсагина қўлларди. Хайём, шунингдек, Ибн Синонинг фалсафий қарашларини ўзига яқин оларди...

Бу карвон одатдагидан анча катта эди. Боиси буюк салжуқийларнинг ҳужумидан титраган Бухоро хоқони Шамс ул- Мулкнинг жони кўзига кўриниб қолганди. У махсус карвон ёллаб, юзлаб туяларга олтину жавоҳир, қоракўлу шо­йилар тўла сандиқларни юклаб, ўз элчилари билан Маликшоҳ ҳузурига йўллаганди. Ажабмаски, шу билан бир неча йил жон сақлаб олса.

Шоир миясида айланган ҳалиги сатрлар таъсирида кўксини тўлдириб бир нафас олди-да, кескин қайтариб чиқарди. Кўзларини хиёл қисиб, атрофга назар солди. Шом яқинлашмоқда эди. Карвонбоши мана-мана буйруқ бериб карвонни тўхтатади, сўнг намозни жамоа бўлиб ўқийдилар. Афтидан шу ерда тунаб ҳам қолишса керак, боиси оёққа тура бошлаган шамол кучайиб кетиши ва тунда юришни мушкуллаштириши мумкин.

Муаззин азонни айтиб, карвондагилар шом намозини ўқимоққа йиғилганларида, соқчилар бошлиғи тунги қўриқлаш жойларини белгилай бошлади. Хизматкорлар эса ўз хўжайинларининг юкларига яқин жойларга олов ёқишиб, кечки овқатни ҳозирламоққа тушдилар...

Намозни тугатгач, ҳар ким ўз олови атрофида тановул қилдилар. Таомдан кейин карвонбоши соқчилар бошлиғини алоҳида чорлаб, топшириқлар берди. Қоровуллар ҳушёр туришини, имкон қадар оловларни ўчирмасликни та­йинлади. Чунки миш-мишларга қараганда, бу ерларда шер тўдалари изғиб қолганмиш ва карвонларга ҳужум қилаётганмиш. Карвонбоши ҳали бирон марта ҳеч йўқ биронта шерни кўрмаган бўлса-да, эҳтиёт бўлишни лозим топди. Ҳайтовур ўша узун қулоқ гаплар ҳақиқат бўлса, ғафлат балосидан Оллоҳнинг ўзи асрасин. Унинг устига бу махсус карвон. Унда Бухоро ҳукмдорининг жон риштаси, тўғрироғи, радди балоси, Маликшоҳ Салжуқийнинг эса кўринмас назари бор. Бу назар айни кунларда дунёнинг тўрт буржини кўрмоққа қодир. Карвонбоши ана шуларни ҳам эътиборга олиб хизматга зўр бермоқда эди. Умрининг асосий қисми мана шу саҳройи йўлларда кечган карвонбоши учун ҳар бир нимарсанинг, ҳар бир ҳодисотнинг заррадин кабири қадар ҳисоб-китоб этмоқ одат эди. Эҳтимол, шунинг учундирки, савдогарлар ва умуман сафарни ихтиёр этганлар орасида унинг обрўси баланд эди... У ўз вазифаларини бажариб бўлгач, эртароқ уйқуга ётди.

Хайём мудом бояги ўй-хаёллар таъсирида бўлганлиги учунми, олов қошида анча ўтирди. Идиш-товоқ ва дастурхонни йиғиштириб қайтган Маҳмуд ҳам оловни кавлаш ва кучайтириш баҳонасида унга ҳамроҳ бўлди. Бироз ўтиргач, журъат қилиб шоирни саволга тутди:

– Ҳазратим вазири аъзамнинг қанотига бораётган эмиш­лар? – деди иложи борича овозини кўтармасликка уриниб.

Хайём оловга тикилиб ўтирарди ва Маҳмуднинг сўровидан кейин ҳам ҳолатини ўзгартирмади. Оловга термиларкан, эҳтимол рўпарасидаги содда йигитнинг самимиятга йўғрилган овози таъсириданми, балки бошқа сабабданми, бутун вужуди жимирлаб, гўё ичидан нимадир чиқаётгандай, ўзини иккига ажралаётгандай ҳис қилди.

– Мен сенга ҳазрат бўлдимми? – деди беозор таъна ила ва шу гапи ортидан ҳалиги ҳолатидан мосуво бўлди.

Маҳмуд беодоблик қилиб қўйдим, шекилли, дея ўйлаб, безовталанди, ўзининг бебош истагидан таассуф қилди.

Бироқ ҳали унинг ҳафсаласи пир бўлиб улгурмай, ўз ҳазилининг нохуш оқибатини бартараф этишга шошилган Хайёмнинг таскинловчи овози эшитилди:

– Ўғузларда ўзидан ёши улуғларни не деб эъзоз этадилар?

Маҳмуд шоирнинг олов шуъласида ялтираган кўзларига мақсади не экан, дегандек ҳадиксираб боқаркан, хиёл чўзиб деди:

– Оғойи, дерлар.

– Унда мени шундай атай қол.

Соддадил ўғуз йигити Хайёмнинг муродини дабдурустдан англаёлмай тек қотди, сўнг кўзлари чақнаб, бақувват йирик тишларини кўрсатиб, жилмаяркан, ўнг қўлини кўксига қўйиб, бош эгди.

Хайём ҳам бош силкиб, унинг ҳалиги саволига қайтди:

– Филҳақиқат, вазири аъзам Низом ул-Мулк жанобларининг даргоҳларига бормоқдамен.

– Мени ҳам ўз хизматингизга олсангиз, ҳар не юмуш бўлса бўйин товламасдим.

Шоир «иншооллоҳ» деб қўйди-да, ҳордиқ олмоққа шайланди. Карвонбошининг ўнг ёнбошидаги бистар устига чўзилиб, жундан тўқилган ёпинчиғига бурканди...

Оламни бузгудай фарёддан чўчиб уйғониб кетди. Кўзларини очди-ю ёнбошида тўлғанаётган карвонбошини кўрди. У чап қўлини бағрига босганча «Илон! Илон!» дея додларди. Хайём ирғиб ўрнидан турди-да, бир силтаниб карвонбошига етди ва унинг сўл билагидан тутаркан, олов бошида нима қилишини билмай гарангсиб турган Маҳмудга ҳайқирди:

– Ёруғ келтир!..

Маҳмуд олов ичидаги энг баралла ёнаётган саксовул шохини суғуриб олиб, бир ирғиб Хайём устига келди-да, карвонбошининг билагига ёруғ тутди. Унинг билагидаги қон сизган жароҳатни кўрган шоир, ниҳоятда тезликда карвонбошининг белбоғини ечиб, тирсагининг юқорисидан қисиб боғлади. Сўнг ҳамон талвасага тушаётган карвонбошининг билагини икки қўллаб маҳкам тутиб, жароҳатига лаб босди. Уни қаттиқ-қаттиқ сўриб, ёнбошига туфлайверди. Охирги сўришларида карвонбоши кучлироқ ингради. Хайём ўз наз­дида жароҳатдаги заҳарни сўриб ташлагач, бир-икки томоқ қириб, кетма-кет туфлади-да, Маҳмуднинг қўлидаги милтираб ёнаётган саксовул шохини шитоб тортиб олди ва унга буюрди:

– Бос!..

Маҳмуд унинг гапини тушунган бўлса-да, хўжайинни босишга ҳадди сиғмадими ёки қаерини босишни ўйладими, тек туриб қолди.

– Елкасидан бос дейман!.. – дея дўқ урди Хайём бетоқатланиб.

Маҳмуд хўжайинининг кўкрагига ўнг тиззасини қўйиб, икки қўли ила икки оёғини босди. Хайём эса карвонбошининг ўнг қўлини тиззаси остига олиб, чап илки ила жароҳатли қўлини маҳкам ерга тираб, қип-қизил чўғни илон чаққан жойга босди. Карвонбошининг танаси жизиллаб куйди, атрофга қўланса ҳид таралди. У оғриқ даҳшатида бир-икки кучаниб силтанди, оҳ урди, бироқ забардаст Маҳмуднинг чангалидан халос бўлолмади. Ана ўша зўриқиш­лар асносида ҳушидан айрилиб, жимиб қолди.

Хайём хуржунидан турли гиёҳ ва жониворларнинг аъзоларидан тайёрланган малҳамни олиб, ҳушсиз карвонбошининг жароҳатига сурди-да, боғлаб қўйди. Сўнг жойига яхшилаб ётқизаркан, унинг юзидаги терларни артиб, устини ёпди ва Маҳмудга деди:

– Эрталабгача иситмалайди. Ора-сира ичиргали хапдори тайёрлаб берурмен. Иншооллоҳ, тузалиб кетгай!

Хайём шундагина атрофига эътибор қилди, уларни карвонбошининг фарёдидан уйғониб кетган одамлар ўраб туришарди.

– Бу баҳорий аёзда илон инидан чиқмаслиги жоиз эрди. Фикримча, охирги тунаган карвонсаройимизда юкларнинг ичига кириб олган бўлсами, – деб қўйди шоир ўзига ўзи гапираётгандай ва Маҳмудга қайрилди. – Эрталаб жамики юкларни бир бор кўздан кечирмоқ лозим. Ул мори газанда узоққа кетмаган чиқар.

Учинчи боб

Маҳмуднинг ғойиб бўлганидан хабар топгач, Хайём унинг ортга қайтмаслигига, расадхона эса бир моҳир сангтарошдан жудо бўлганлигига ишонди. Чунки у Маҳмуднинг феълини жуда яхши биларди. У қайсар ва жасур эди, дўсту ёр учун жону танидан кечмоққа қодир эди. Суюк­лиси гўзал Райҳона учун эса ўшал жону тандан ортиғини ҳам бахшида қилмоғи мумкин эди. Унинг феъли шундай эди, феъл эса Оллоҳдан. Мағриб Машриққа оғиб, Жайҳун Сайҳунга қуйилиши мумкиндир, вале Одам алайҳиссалом фарзандларининг феъли эврилибди, десалар, шоир асло ишонмагай. Демакки, Маҳмуд сангтарош ҳам ўз ёрининг ҳеч қурса изини, жоизки, ўлик ёхуд тиригини кўрмагунча қўймас. Хайём ундан буткул умидини узди. Шул боис панж­шанба субҳида бош бозорга бормоқни, расадхона учун асбоб-анжом ва турфа хил бўёқлар харид қилмоқни ихтиёр этди. Баҳонада йўлиқса, қурилиш учун бир-икки хизматкор ҳамда билгичроқ сангтарош ёлламоқ ҳам нияти бор эди.

Эрталаб Хайём, ёш мунажжим Абул Музаффар ал-Исфазарий, расадхона корфармоси (ишбошиси) отда ва икки чуҳра (хизматкор, ғулом) аробада бозор сари йўл олдилар.

Исфаҳонда бир неча бозорлар мавжуд эди катта-кичик, ҳатто баъзилари маълум бирон нимарса номи билан ҳам аталгувчи эди. Энг катта бозор эса шаҳарнинг расадхонага қарама-қарши томонида жойлашганди. Унга етмоқ учун масжиду мадраса, султон саройи ва шоҳмайдонни ёнлаб ўтмоқ жоиз эди. Шаҳристоннинг кўчаларига текис қилиб тош ётқизилган, икки ёнида эса ажиб бир дид ва режа ила икки қаватли дўконлар бино этилганди. Уларнинг пастки қавати савдо-сотиқ учун бўлса, юқори қисми мол сақламоқ, баъзиларга ҳатто ётиб-турмоқ, ҳаёт кечирмоқ учун хизмат қиларди. Дўконлар олдидан кичикроқ ариқ ўтган бўлиб, унинг икки четига сарв ва сапидор (терак)лар оралатиб ўтқазилган, уларнинг остига эса турли гуллар экилганди. Шаҳар аҳли кориз (ер ости қувур)лардан оқиб киргувчи ана ўша ариқлардан сув ичарди. Исфаҳон тарих саҳифаларида бежиз «Яшил шаҳар», «Гул шаҳар», дея ном қолдирмаганди. Айни дамда дарахтлар барг чиқармаган, яланғоч, гуллар ҳам ҳали ғунчаламаган бўлса-да, шаҳарнинг бир ой ўтгандан кейинги ҳусну жамолини тасаввурга келтириш қийин эмасди.

Дарҳақиқат, шаҳри азим Исфаҳон буюк салтанатнинг доруссалтанати ўлароқ бисёр ораста, покиза ва муҳташам эди. Шунингдек, шаҳарда баҳорий бир уйғониш кезмоқда эдики, гоҳо кўкламга хос юмушлар ила банд бўлган кишилар ҳам кўзга ташланарди. Боз устига, ундаги саҳарги осудалик қулоғу кўнгилларга хуш ёқса, бир маромда «тақ-туқ» қилаётган от туёқлари бўлмаса-да, аробанинг ғийтиллаши ва ғилдиракларининг тош йўлда айланишидан чиққан овоз кишига хиёл нохуш туйиларди. Бу айниқса, айни дамда кўнг­ли сабуҳий насимлар янглиғ мусаффо ва жазбали бўлган Хайёмга ўзгача таъсир этар, янаки бу мутаассирлик ортидан «балки бозорга бормаганим дурустмиди», дея надомат ҳам қилиб қўярди. У ўз мавқеи ва хизмат бурчига биноан бозорга бормаса ҳам, харид хусусида корфармога амр этса ҳам бўларди. Вале ўзи хўп ва кўп меҳр бахш этган расадхонага сангтарош ёки оддий бўёқчи қиёфасида қандайин одам келишидан ташвишга тушарди. Шоир бу андиша ила аввало ўз кўнглини эҳтиёт қилса, шу каби, расадхона аҳли орасида фитнаю ноаҳиллик пайдо бўлмоғидан ҳам сақланарди. Бундан ташқари, у савдо-сотиқни, тўғрироғи, бозорни мутлақо хуш кўрмас, унга кирди дегунча нафаси бўғилиб, кўксида оғир бир тош бино бўлгандек туйилаверарди. Бозор аҳлига боқиб, бирон сўз демоққа майли ҳам, хоҳиши ҳам қолмасди. Бу мол бозоридаги олди-сотди авжига минган бир пайтда аҳли бозорга қарата шеър айтмоқ билан баробар эди. Илло шу феъли ила ҳам унинг бозорга бормоқдан тийилмаганлиги муддаосининг чандон муҳимлигидан далолат эди.

Бозор қошида от-уловларни қолдириш учун махсус манзил мавжуд эди. Улар ҳам ароба ва отларни ўша ерда омонат қилдилар.

Бозорнинг бош дарвозасидан сўл тарафга юрилса, мева-чева, сабзавот ва каппон расталарига ўтиларди. Тўғрига борилса, баззозлик дўконлари бўлиб, турфа рангдаги матолар ёйиб ташланганди. Филҳақиқат, Исфаҳон ўзининг шойи ва пахтадан тайёрланган газламалари билан машҳур эди. Бу борада пойтахт ҳунармандлари анча номдор эдилар. Шунингдек, матоларга гул босиш санъати ҳам бу ерда ўзгача даражотга етган эдики, Исфаҳон газламалари гули ҳамда бўёқларининг тиниқлиги ва турфалиги билан ажралиб турарди. Доруссалтанатда бўёқ тайёрлаш, тери ошлаш, китоботчилик ҳунарлари ҳам бисёр ривож топган эди. Ўша баззозлик расталарининг адоғида бўёқ тайёрловчилар, кўнчилар ва китобдор устоларнинг дўконлари қаторасига қурилганди. Бозорнинг бу қисмлари ҳам жуда гавжум эди.

Ўнг томонда эса эшиксозлик, бешиксозлик, кулолчилик, темирчилик, наддофлик (ип йигириш) каби расталар жойлашганди. Бу қисм хийла шовқин-сурон, янада аниқроғи, тақир-туқирдан иборат товушларга макон эди. Мазкур расталарнинг охиридаги майдонда иш излаган ҳунармандлар, мардикорлар ва ҳатто дарвешу гадойлар жой олишарди. Бу ерда ҳам бақир-чақир етарли эди.

Шоир ҳамроҳларини ўнг тарафга бошлади. Нияти энг аввало уста бир сангтарошни ёлламоқ эди. Расталар ёнлаб борарканлар, ёш Исфазарий шоирнинг юзида изтиробми, маъсум кўнглидан оққан озорми акс этганини кўриб, уни бироз андармон этгиси келди. Яқингинада Исфаҳон Низомиясини хатм қилиб, устозлари тавсиясига биноан расадхонага, Хайём ҳузурига келган бу олим йигит илми нужум ҳамда илми риёзатда билгич эди. Шу боис тез орада Хайёмнинг ҳурматига, эътиборига мушарраф бўлди. Шу билан бирга, Исфазарийнинг бироз шумлиги, шўхлиги ҳам мавжуд бўлиб, вақти-вақти билан кишини мутойибага чорламоқ ойини (одати) бор эди. Худди шу феъли гоҳо шоирга хуш келар ва аксарият ҳолларда унинг беозор шўхликлари ғамнок қалбини тарабнок (хурсанд) этарди.

– Устоз, – деди Исфазарий овозига шўхлик бағишлаб, – Оллоҳ таборака таолога ҳунармандлар ёвуқроқми ёхуд олимлар?

Хайёмнинг тундлашган юзида табассумга мойиллик пайдо бўлди. Исфазарийга кўз қирини ташларкан,

– Кўнгил ёвуқроқ. Илло банда ўз эгасини қалбида кашф этмай туриб, унга яқинлашолмайди, – деди шунчаки сўзлаётгандай. Бир муддат жим боргач, қўшиб қўйди: – Оллоҳ бу дунёи бозорга боқиб, бандаларининг нафс жунбишидан ёқа тутган чиқар. Бир-иккисининг орасинда биз шунчаликмиз, барчасидин огоҳ зот не кўйда экан?

Исфазарий мамнун жилмайди, мана, энди ҳақиқий устозига ўхшади, унинг мутойибали сўзига мос сўз айтди.

Хайём ҳали ёш, янаки бошкентга келганига эндигина икки йил бўлганди. Шул боис уни ҳали кўпчилик таниб улгурмаган, халқ орасида унчалар шуҳрат топмаганди. Ҳозир улар расталар ёқалаб борар эканлар, ора-сира берилган саломларга алик олардилар. Шоирни таниган кишилар эса ёнидагиларга маъноли қараб қўйишар ёки унга тавозе ила салом бергач, «сизни таниб қолдим», дегандай бош қимирлатишарди. Ёшроқ, илм­пешароқлари эса бир-бирларига «Хайём ҳазратлари, Хайём ҳазратлари», дея шивирлашарди. Лекин бу каби сийлов-сўрашувлар сезилмас даражада сийрак бўлиб ўтарди.

Расталар адоғидаги майдонга чиқдилар. Бу ер янада ғала-ғовурга тўла эди. Айниқса, майдоннинг сўл ёнидаги жанда кийган дарвешларнинг овози бошқа товушларни босиб кетади...

Ўнг томонда, майдоннинг четида ўтирганча нималарнидир минғирлаётган одам Хайёмнинг эътиборини тортди. У бир пайтлар кулранг бўлган, лекин ҳозир униқиб кетганидан тусини ҳам англаб бўлмас ҳолатда кирлаган чопони устидан эски белбоғ боғлаб, унга май учун аёқ (идиш, хумча) илиб олганди. Бошида кулоҳ, сочи, мош-гуруч соқоли ўсиқ, кирлаган эди. Бўй-басти паканага монанд, юзи думалоқ, кўзлари сузилиб боқади.

Шоир унга ёвуқ келди. Бозор шовқинидан унинг минғирлашини ажратмоққа уриниб, диққатини жамлади. Нафақат олатасир бозорни, балки бутун оламни унутган бу одам шеър ўқирди. Бир пайт у Хайёмнинг нигоҳини сездими ёхуд бошқа важҳданми, шахт бошини кўтарди-да, дарвешлар томонга қараб шеър ўқий кетди. Унинг овози бироз хирқираб чиқар, бироқ девона бир кайфиятга йўғрилгани боис ёқимли эшитиларди:


Муғона бодадин маст бўлсам бордур,
Ошиқу ринд, будпараст бўлсам бордур.
Ҳар
ким мени ҳар хил гумон қилади,
Қандайлигим фақат менга ошкордур.


Дарвешларнинг баъзи ғофилроқлари, унга ола қараш қилиб, «астағфуриллоҳ!» дея наъра тортдилар.

Хайём ғалати бўлиб кетди. Авваллари бўлганидек бутун вужуди титраб, ичидан бир нарса сидирилиб чиқаётгандек туйилди. Шундайин бир жазба ила ёқасин чок, жисмини пора этиб, фарёд урмоқ истади. У гўё иккига айрилмоқда эди. Бироқ рўбарўсидаги одамнинг кўзларига йўлиққан биринчи бўлаги уни фарёддан тўхтатди. Ўқилган рубоий Хайёмники эди.

– Кимсиз? – сўрди у овози титраб.

– Бир мулпарастмен, – деди ҳалиги одам елкаларини силкитиб. Унинг оқшайган елкаларига боқиб ҳаммоллигини фаҳмлаган шоир яна сўроққа тутди:

– Қаердансиз?

– Оллоҳдин!..

Бу жавобни эшитган Хайём ҳар доим берилгувчи саволнинг иккинчи қисмини тилига чиқармоқдан тийилди. Чунки ҳаммолнинг жавоби қандоқ бўлишини англаб етди. Шунинг учун исмини сўраб қўя қолди.

– Юсуф дерлар мени, – деди у хирқироқ овоз ила.

– Расадхонага чорласам борурмисиз?

Юсуф шоирга қаттиқроқ тикилди.

– Во-оҳ! – деб юборди у оҳ уриб. – Хайём ҳазратларининг дийдориға мушарраф бўлдимму ё Оллоҳ!.. Ахир эндигина сизнинг ўтлиғ сатрларингизни ўқимаган эдимми! – Тавозе ила келиб, меҳнатдан қадоқланган, эгри-бугри бармоқли қўлларини шоирга узатди.

– Ассалому алайкум, ё зоти шариф!..

Шоир ҳам қўшқўллаб кўришди.

– Бир умр ошёнингиз гардин аритсам шодмен, – дея бош эгди Юсуф эҳтирос ила.

Шоир унинг сўзларидан ва айниқса, улардаги эҳтиросдан мутаассир бўлди.

Улар Юсуфни эргаштириб сўл ёққа юрдилар. Дарвешлар ёнидан ўтиб, айиқ ўйнатаётган одамга рўбарў келдилар.

Айиқ ўйнатувчи жуда басавлат бўлиб, қалин соқол-мўйлови малла тусли, кўзлари мовий эди. У мусулмонча ки­йиниб олган бўлса-да, афт-ангори муслимга ўхшамасди. Бироқ белида зуннори (мусулмон бўлмаганлар боғлаб юрувчи чилвир) йўқ, демак, муслим. У чап илкида айиқ боғланган занжирни тутиб, ўнг илки ила турли ҳаракатлар қилар ва айиққа шунга монанд ҳар хил буйруқлар бериб, уни идора этарди. Аслида қўнғир тусли бўлган айиқ айни дамда кир-чирлигидан тўқ кулранг ҳолга келган, жунлари гадонинг жулдур чопони янг­лиғ кўринарди. У озиб-тўзиб кетган, бироқ аслида баҳайбат бўлганидан йирик устихонлари туртиб чиққан ва шул боисми, важоҳатли туйиларди. Лекин эгасининг буйруқларини икки оёқлаб турганча итоаткорона бажаришидан бировга озор етказмаслигини англаш мумкин эди. У маймоқлиги етмагандай, яна ажабтовур қилиқлар қилиб, атрофдаги томошабинларнинг завқини келтириб, кулгисини қистатарди.

Хайём ҳам завқ ила унга тикилиб қолди. Унинг завқини англаган Юсуф ўзгаларга эшиттирмасликка уриниб, аста сўз қотди:

– У олис шимол юртидан бўлур, номини ўрус дерлар. Исфаҳонда яқинда пайдо бўлмиш. Илкидин келмайдурғон юмуш йўқ кўринадур.

Суриштиргач, билдиларки, унинг оти асли Михаил экан, ислом динини қабул қилгач, Микоил деб ўзгартирибди. Туркий ва форсийда заҳматсиз сўзлашмоққа қодир, Юсуф айтмоқчи, кўп ҳунарлар соҳиби, жумладан, сангтарошлик, наққошлик борасида ҳам устолиги бор экан. Шоир уни ҳам ишга ёллади...

Тўртинчи боб

Расадхона ҳовлиси хийла кенг эди. Саҳнига тош ётқизилиб, иҳоталанган айланалар ичига мевали дарахтлар ва гуллар экилган. Икки ёндаги икки қаватли ғиштин бинолар турли ҳажмдаги ошёналардан (хоналардан) иборат, барча ошёналарнинг эшиклари расадхона ҳовлисига қараган. Ўнгдаги бинонинг иккинчи қаватидаги бир неча хоналардан иборат энг катта ошёнага Умар Хайём жойлашган бўлиб, унда соҳиби девон (бош вазир) шоирга инъом этган бир канизак ҳам истиқомат қилади. Хайёмнинг икки ёнида ҳамда сўлдаги бинонинг иккинчи қаватидаги кичикроқ ошёналарда эса мунажжимлар – Абул Музаффар ал-Исфазарий, Маймун ибн Нажиб ал-Воситий ва бошқа олиму толиби илмлар қўним топмишлар. Пастдаги ҳужраларда бўлса, расадхонанинг корфармо бошлиқ хизматчилари, қурилишда меҳнат қилаётган ҳунармандлар, чуҳра ва бошқалар яшайдилар. Ўтинхона, қозону ўчоқ ва омборхона ҳам ўша ерда жойлашган.

Ҳар икки тарафдаги бу бинолар рўпарадаги бош бинога уланиб кетган. Расадхонанинг асосий биноси ҳам икки қаватли бўлиб, тоғ тошларидан бунёд этилмоқда эди. Унинг биринчи қавати битказилиб, иш иккинчи қаватда давом этарди. Бу бино Хайёмнинг тархи асосида бунёд этилар, унинг иккинчи қаватида улкан бир хосхона барпо этмоққа киришилганди. Бу хосхонадаги ишлар ниҳоясига етгач, унда Хайёмнинг режасига асосан илмга хизмат қилувчи мўъжизалар тикланиши мўлжалланмоқда эди. Расадхона биносининг ҳар икки қаватидаги бошқа хоналарда буюк салжуқийлар салтанатига дунёнинг кўплаб мамлакатларидан олиб келинган, таклиф этилган олимлар илм ила машғул бўлишиб, кузатишлар олиб боришар, ҳисоб-китоб­лар ўтказишар, турфа тархлар чизишиб, коинот сарҳадларига етмоққа интилишарди. Бу ишларнинг бари шахсан Султон Жалолиддин Маликшоҳ ибн Алп Арслон салжуқий ва вазири аъзам Абу Али Ҳасан ибн Али ат-Тусий Низом ул-Мулк ҳомийлигида, Абул Фатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий бошчилигида олиб бориларди. Шунинг учун ҳам жамики юмушлар пишиқ-пухта, тартиб-қоида билан бажарилар ва ҳамиша расадхона узра ёрқин бир нур сузиб юргандай, эҳтимолки, бу нур ундаги кишиларнинг қалбларига туташдай туйиларди. Расадхонадаги олимлар, илми толиб ва хизматчилар, айниқса, унда олиб борилаётган юмушлар асло моддий тақчилликка йўлиқмасдилар. Аёнки, бу расадхона буюк салжуқлар салтанатининг, хусусан, Султон Маликшоҳнинг фахру ифтихорига айланмоқда эди.

Юсуф ва Микоил ўнг томондаги бинонинг биринчи қаватида Маҳмуд яшаган ҳужрага жойлашдилар. Айиқ эса Хайёмнинг ижозатига биноан ўтинхонадан макон топди.

Хайём шом намозини ўқигач, таомланди. Таомдан сўнг­ра эса канизаги келтирган илиқ сувда қўлини ювиб, оғзини чайқади. Айни пайтда у ажиб бир иштиёқ ила анчадан буён ёзаётгани риёзатга, математика, хусусан, жабрга оид асарини давом эттирмоққа ўзида рағбат сеза бошлаганди. Ўйчан қиёфада хонтахта ёнига ўтириб, довотни очди ва илкига хомани (қамишдан тайёрланган ручка, қалам) олди. Бироқ хомани қоғозга теккизар-теккизмас хаёли чалғиди, ҳалигина кўнглида жўш урган илҳомбахш эҳтирос энди уни олис хотиралар гирдобига тортди. Она шаҳри Нишопур бағрида ўтган болалиги, илмга ҳаво янглиғ ташна бўлган дамлари ёдига тушди. Ўшанда ўн ёшдамиди... Fойибона устози бўлмиш Ибн Синонинг китобларидан бош кўтармасди, на кун, на туннинг фарқига борарди. Илми ҳисобга оид асарларини гўё гўзал бир достон мисол ўқир, айниқса, бу илм билан эндигина шуғуллана бошлаганлигидан сеҳрли рақамлар ўйини уни ҳайратга соларди. Рақамларнинг мўъжизакор бу ўйинларини Ибн Сино ажиб, содда, шунингдек, мафтункор бир йўсинда тасвирлаб бергандики, бирозгина киришиб қолган одамни асир этарди қўярди.

Дунёда фақатгина мўъжизалар кутиб, унга ҳайрат ила боқувчи болакай Умар учун Шайх ур-раиснинг «Ал Ҳисоб» асари улуғ бир оламга олиб киргувчи қутлуғ боб (эшик) вазифасини ўтаган бўлса ажабмас... Хайём асарнинг рақамлар хоссалари ҳақидаги биринчи фаслини эслади. Ҳамон илкида турган хома билан ўзга ниятда очган қоғозга беихтиёр рақамларни ёза бошлади. Мана, уни илк болалик чоғлариданоқ асир этган оддийгина рақамлар: 1, 2, 3, 4, 5... Рақамларнинг бу туришини Ибн Сино «рақамларнинг табиий қатори» деб белгилаганди. Ҳа, Хайём билади– сонлар башарият кашф этган энг буюк мўъжизадир. Балки оламнинг асосини ҳам шу ўнтагина рақам ташкил этар. Уларнинг куч-қудрати нечоғлик эканлиги фақатгина Оллоҳга ва уларнинг сеҳру жодусини англаган зотларгагина аён. «Ҳар бир сон ёнидаги кичиги билан каттаси йиғиндисининг ярмига тенг ҳамда ўзидан шундай тенг узоқликдаги сонлар йиғиндисининг ярмига тенг». Бу Ибн Синонинг Хайём учун ёд бўлиб кетган сўзлари эди. Масалан, «5»ни танласак, Хайём шу хаёл билан қоғозга «5» сонини ёзди. Унинг ёнидаги кичиги– «4», каттаси «6», яъни 5=(4+6):2. Худди шунингдек, 5 дан 3 ва 7, 2 ва 8 ҳам тенг узоқликда жойлашган, яъни 5= (3+7):2... Бу эса дунёдаги ҳамма нарса ҳисоб-китобли, янаки Буюк Зотнинг ҳисоб-китобига тааллуқли эканлигини кўрсатмайдими? Рақамлар ҳам худди сўз каби сеҳрга эга.

Хайёмнинг лаблари хиёл қайрилиб, юзида мамнунлик акс этди. Яна «Ал Ҳисоб»даги сўзларни эслай бошлади. «Ҳар бир соннинг икки баробар узоқликда жойлашгани ўша соннинг ўзига тенг бўлади». У завқ билан тез-тез ёза бошлади: масалан, 3 нинг 2 баробари 6 бўлиб, бу сон 3 дан ҳисоблаганимизда учинчи ўриндадир. Яъни, 3х2=6-3 - 4, 5, 6...

Ибн Сино бу китобини ёзишда юнон олими Уқлидус- (Евклид)нинг «Устуксот» асаридан фойдаланган. Дарвоқе, Уқлидус ёдига тушди. Бу олимнинг фалсафий қарашлари Хайёмни ҳамиша ўйга толдиради. Унинг исбот талаб қилмайдиган «қоида»ларига (постулатларига) мудом исботу далил қидиради...

Ташқаридан келган ғалати овоз шоирнинг хаёлини бўлди. Унинг не сас эканлигини билмоқ илинжида канизакни чорлади:

– Пармуда!

– Лаббай, ҳазратим, – унинг қаршисида назокат ила бош эгди канизак.

– Не товуш келадир ҳовлидан?

Пармуда ўзига ярашган табассум ила жилмайди:

– Сиз келтирган одамнинг ҳалиги улкан махлуқи наъра тортадур, ҳазратим, – деди у бош эгиб.

Хайём канизакнинг сўзларидан завқланиб, унга ғалати қараш қилди. Шу пайт кўнглида алланечук соғинч пайдо бўлди-да, сим-сим оқаётгандай туйилди. Киприкларининг ости ачишди, ўртанди ва ичидан нимадир сидирилиб чиқаётганга ўхшади. У «ё Оллоҳ!» дея ўрнидан турди. Канизакнинг ёнидан ўтаркан, деди:

– Боқайчи, ул махлуқ не деюр!

Пармуда яна жилмайди.

– Сен эса мени кутгил! – дея уни уялишга мажбур этгулик қараш қилди ва ташқарига чиқиб кетди.

Аслида Хайём чўри тутмасди, эркак хизматкор сақласа сақлардики, канизакни ихтиёр этмасди. Пармудани эса яқинда вазири аъзам инъом этди. Шоирнинг уйланмаганлиги, ёлғиз истиқомат қилиши ва бақувват вужуди уни шундай иш тутмоққа ундади. Хайёмга бир шаръий аёл лозимлигини пайқади, лекин бу мулоҳазасини унга айтмадию канизакни измига топширди.

Хайём ташқарига чиқиб, ошёнасининг эшиги рўпарасидаги нақшинкор панжара ёнига келди. Кўксини тўлатиб нафас оларкан, чўзиб чиқариш асносида, тўлин ой зиёсида оқиш кўринган кўкка тикилди. Узукнинг тилло кўзидай ялтираб, кўнгилга самовий енгиллик бағишлагувчи сочқин юлдузларга интиқ термилди. У бутун умр ана ўша самога интилиб, уни ўрганишга уриниб яшади. Бу ҳадсиз кенглик­лар сиру синоатга тўла эканлигини билганлиги учун ҳам унга талпинди. Ундаги мўъжизакор борлиқ қалбини доимо ром этиб келади...

Қуйидан найнинг киши бағрини ўртагувчи ҳазин ноласи эшитилди. Бу нола ҳайбатли, улуғвор ва, шунингдек, асрорли тунга шу қадар қоришиб борардики, қулоқ ёхуд қалб на уни эшитарди, на тунни ҳис қиларди. Балки тун ва куй ажиб сирлиликка йўғрилган дил билан уйғунлашиб борарди. Самовий хаёллар хуружидан сармаст бўлган шоирнинг бутун жисму жони жимирлаб, қаъридан нимадир сидирилиб чиқа бошлади. Бу унинг вужудида яшаётган иккинчи Хайём эди. У ташқарига чиқди-да, киприкларининг ости ачишиб, қароғи оловланди. Кенг, суякдор кўксини узун бармоқлари билан либоси устидан гўё тимдалагандай силади. Юзи изтиробли тиришиб, соғинчли бир интилиш билан сўлга юрди...

У ҳовлига тушиб, най овозига интилгани сари куй унга ёвуқ (яқин) келаверарди. Жон олғувчи мусиқа Юсуф ва Микоил жойлашган ҳужрадан эшитиларди. Шоир пастак эшик қошида бир муддат туриб қолди, чунки у эшик очилиши билан най овози тинишини ҳис этар ва шу боис унинг тўхташини истамасди. Куй авжига келиб, най энг юқори пардада инграганда ихтиёрсиз шиддат билан эшикни туртиб юборди. Эшик тарақлаб очилди, занжири шақирлади. Куй узилди. Чўчиб тушган ҳамхоналар бақрайганча бир лаҳза қотдилар. Сўнг биринчи бўлиб ўзига келган Микоил ирғиб ўрнидан турди, қўлида най тутган Юсуф сармаст бир алфозда унга эргашди. Шошиб салом бердилар. Шоир алик олгулик ҳолатда эмасди. Унинг кўзлари оловдай ёнар ва ўчоқда хонани ҳам иситиб, ҳам ёритиб ёнаётган олов бу кўзларга нисбатда анчайин ожиздай туйиларди. Юзи қизариб, бўғриқиб кетган, қош, кўз ҳам ҳалиги оловга қўшилиб ёнарди гўё.

– Тўхтамангиз! – деди шоир илтижоли титроқ овозда илки ила Юсуфга ишора қилиб.

Унинг аҳволини Микоил англамаган бўлса-да, Юсуф дарҳол фаҳмлади ва шоирни тўрга, ихчам хонтахта ёнидаги бўйрага ўтқазиб, найни лабига босди. Ёр лабига қовушган ошиқ оҳ урди гўё. Шоир кўзларини юмиб, куйга монанд теб­рана бошлади. Ҳозир у ҳеч нарсани кўрмасди. Ўчоқдаги оловдан қорайган бу тор ҳужра, ундаги ғарибона ашёлар, ҳалигина бозор чангига қоришиб, тирикчилик илинжида ҳар кўйга тушган мана бу одамлар унинг учун фарқсиз. У буларнинг бари билан бирга эди. У дунёда ёлғиз эди. Бағрида ўзи ҳам англамаган улуғ бир ком тўлғанарди...

Микоил қорайган сопол пиёлага аёқ май идишидан ачимсиқ ҳидли, арпадан тайёрланган арзон бўзани қуйиб, Хайёмга узатди. Шоир кўзлари юмуқ бўлса-да, буни пайқади, пиёлани олиб, бир зарбда сипқорди. Юзи бужмайиб, ўз тебраниши ила мусиқага жадалроқ жўр бўлди. У куйдан, яшашдан, бўзадан, мана бу даврадан ва умуман дунёдан махмур (маст) эди.

Роса ўртаниб ингранган куй ниҳоят тинди. Унинг ортидан Юсуфнинг хирқироқ, лекин ёқимли овози эшитилди. У шеър ўқирди:


Меҳробга саждадан нима ҳам фойда,
Дилда Бухорою Тароз жонони.
Намозни ёқтирмас менинг Худойим,
Унга мақбул тушар ишқ ғалаёни...


– «Одами шуаро»! (Абу Абдулло Рудакийнинг лақаби. Уни биринчи шоир маъносида Одам алайҳиссаломга нисбат беришиб, шундай аташган)– деди Хайём паст овозда ва ўзи ҳам ўртаниб Рудакийнинг байтидан ўқиди:


Тўлин ойдек нигор бирлан ақиқ май, чолғу бўлса, воҳ,
Фаришта ҳам тушар кўкдан, тушар жой бўлса ҳамки чоҳ.

Нечук узгум назар ундан, зарар топса имоним гар,
Мозоримдан чиқар ҳаттоки наргис, қовжираб гиёҳ.

Унинг ишқ лаззати жаннатда ҳам асло топилмас шаҳд,
Кечар ўз ҳолидан кимки агар бир бор бўлур огоҳ.

Кўзингда куппа-кундуз гар хари бўлса кўролмайсен,
Кўрурсен қоп-қора тун ўзга кўзи ичра чўп ногоҳ.


Сўнг Юсуфга юзланиб, деди:

– Кимсиз? Бу фано даҳрида не шўришлар ёғилмиш бошингизга?

Юсуф ютоқиб кўксини силаркан, яна боягидек ҳазин, бироқ ёқимли овозда шеър ўқишга тушди:


Мен ул риндменки, номимдир қаландар,
На хонумон, на уй кўрдим, на лангар.
Кўчанг кездим, чиқиб қолсанг мабодо
Фидо этмоққа бошимни муқаррар.

(Бобо Тоҳирнинг рубоийси)


У шеърни тугатиб, бироз тин олди-да, ўз кечмишини мухтасар ҳикоя қилиб берди.

Юсуф асли бухоролик эди. Отаси моҳир хаттот бўлиш билан бирга, уста китобатчи, яъни китоб муқоваловчи ҳам эди. У киши жуда илмпарвар ва шунинг орқасидан фозил зотларни қадрлар, уларни дунёнинг устунлари деб биларди. Ўзи исломий илмларни пухта билгувчи мулло зот эрса-да, кишилар билан бўлгувчи муомалотда ирқ, дин танламасди, барча «Оллоҳнинг қули», деган ақидага таянган ҳолда қарагувчи эди. Шул сабабли ҳам ёлғиз ўғли бўлмиш Юсуфни бошиданоқ илм шикорига солди. Юсуф аввалига ўз маҳалласидаги домуллодан ҳарф ўрганиб, ибтидоий билимларни олган бўлса, ке­йинроқ Бухородаги катта мадрасада таҳсилни давом этдирди. У жуда илмга чанқоқ эди. Фалсафа, фикҳ каби илмлардан ташқари, шеърият ҳамда мусиқага ҳам ўч эди. Мана шу ихлосу интилишлари ўлароқ улуғ орзулар исканжасида яшарди. Бироқ унинг бахтиёр ва осуда дамлари қисқа экан. Илло ўша йиллари Бухорони Маҳмуд Fазнавий лашкарлари ишғол этди. Улар шаҳарни вайрон қилдилар, Бухоронинг улкан кутубхонасидаги дурдона китобларни, яъники диний бўлмаган рисолаларни оловга отдилар, ўзга динга мансуб одамларни қатли ом этдилар. Қадим Бухорода қад ростлаган калисою кунишлар (носаро ва оташпарастларнинг ибодатхоналари) бузиб ташланди. Fазналик Маҳмуд ўзини исломпараст қилиб кўрсатгани билан ўта золим эди ва шу аҳволи билан китоб­ларда башорат қилинган лашкарбоши бўлишга, бутун мусулмон дунёсига ҳукмдорлик қилишга даъвогар эди.

Ўша қирғин бўлаётган кунлари Юсуфнинг отаси бир яҳудийнинг жонини сақлаб қолиш учун яширади. Бироқ бу гап чақув туфайли босқинчиларнинг юзбошиларидан бирининг қулоғига етиб боради. Алҳол Юсуфнинг отасини ҳам яҳудийга қўшиб қўлга оладилар. Ўша ернинг ўзида яҳудони ўтда куйдирадилар, Юсуфнинг отасини эса дорга тортадилар. Ёш йигитча бўлмиш Юсуф бу даҳшатларнинг барини ўз кўзи билан кўриб туради ва ўша кундан бошлаб муллабаччаликни ташлайди, намозни тарки одат қилади. Кичкинагина салласини бошидан олиб, улоқтиради ва қаландарга ўхшамаган қаландарга айланади. Майга ошно тутиниб, фақирликда дунё кезади. Фақирлик, танҳолик ва саёҳат кўнгил кўзини равшанлаштириб, девонаваш ҳамда дилбар бир зотга менг­зайди. Кеза-кеза ниҳоят Исфаҳонда қўним топади.

Хайём сархуш бир алфозда унинг ҳикоясини тингларкан, айни дамда мана шу девона инсонга жуда ўхшагиси келиб кетди. Унинг каби жамики нимарсалардан юз бурмоқни, фақатгина илм ва шеър ишқида яшамоқни истагувчи бир иштиёқ бағрида жўш урди. Юсуфга ҳавас ила боқаркан, деди:

– Сиз бизнинг нозик феълли, яъниким ўзингиз лутф қилганингиздек, риндий бир маҳрамимиз бўлғайсиз. Ва ризолигингиз ила бугундан эътиборан Риндоний тахаллуси сизникидир.

Юсуф сархуш кўзларини сузиб, жилмайди ва шоирга миннатдорона таъзим қилди.

Юсуфнинг ёдномаларини эшитгандаёқ Хайёмнинг қалбида ҳам ширин ва шунингдек, эзғин хотиралар бош кўтара бошлаганди. У ҳам она шаҳри Нишопурни, ота-онаси ва олис болалигини эсламоққа тушганди. Шоир Микоилнинг умр ҳикоясини узуқ-юлуқ эшитди. Яъни у олис Ўрусия заминидан тери савдоси илинжида Машриқ сари йўл олганини­­ ва савдоси юришмай, ватандоши бўлмиш айиқ билан шу томонларда қолиб кетганлигини элас-элас илғади. Унинг ҳикояси асносида шоир Нишопурда – бундан ўн олти йил нарида, ота хонадонида рўй берган воқеотлар оғушига сингиб кетди...