автордың кітабын онлайн тегін оқу Hayo – haloskor
Таржимаи ҳол чизгиси
Fафуров Иброҳим.
Ўзбекистон Республикаси. Тошкент шаҳри. 1937 йил.
Онам уй бекаси, чевар эди. Отам уста новвой эди. Отамнинг оталари ҳам уста новвой, ҳунарманд ўтганлар.
Тошкентда ўрта мактабни битирганман. 1956 – 1961 йилларда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)да филология факультетида таҳсил кўрганман. Университетни имтиёзли диплом билан битирганман.
Отам ҳам, онам ҳам менинг ўқиб, илмли киши бўлиб етишишимни истардилар.
Университетнинг илк курсида ўқиб юрганимда «Рус ёзувчилари адабиёт ҳақида» деган икки жилдли китобни ўқиб чиққанман. Шунда бадиий адабиёт ва ижод нима эканлигини яхши англаб тасаввур қилганман. Кўпроқ Паустовский, Грин, Бабел, Хемингуэй, Эдгар По сингари ёзувчилардан таъсирланганман. Ойбек романларини жуда севиб ўқирдим. Ёшлигимдан ўзбек халқ достонлари, эртаклари, қўшиқларини қўлимдан қўймайман. Уларнинг бениҳоя бой, ширали, шоирона тили юрагимга ўрнашган.
1973 йилда «Ёнар сўз» деган адабий ўйлар китобим учун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг лауреатлик унвонига сазовор бўлганман. 1989 йилда «Ўттиз йилнинг изҳори» деб аталган адабий-танқидий китобим Ўзбекистон давлат мукофотига сазовор бўлган.
Адабий-танқидий мақолалар ёзаман. Жаҳон адабиётидан бадиий таржималар қиламан. Достоевский, Мопассан, Хемингуэй, Айтматов, Распутиннинг асарларини ўзбек тилига таржима қилганман. Эссеистикани жуда ҳам севаман. Адабий танқидни эссе жанрига яқинлаштириш, икки жанрни омихта қилиш учун кўп йиллардан бери уринаман. Кейинги ўн-ўн беш йиллар давомида кўпроқ адабий-маданий-маънавий мавзуларда эсселар ёздим. Борхес, Монтен ва Сен-Сёнагон ҳамда ҳинд, хитой, япон файласуфларининг асарлари таъсирида кучли нутқ оқимига асосланган «мансуралар» деган жанр яратдим. Мансуралар эркин шеър жанрига жуда яқин, лекин эркин шеър эмас. У мени ўртаган ўй, хаёл, орзу ва эришилмаган, йўқотилган нарсалар тўғрисида фикр оқимлари.
1959 йилда хотин-қизлар журналида илк «Танишув» деган ҳикоям босилган. Ёзишга ўн ёшимдан бери қизиқаман. Одам ёзгиси келади. Нималарнидир одамларга тушунтиргиси келади. Ёзиш – жуда ҳам интим, ички эҳтиёждан туғилади.
Жадид адабиёти миллатнинг шаклланиши, уйғониши, унинг тугал эркин бўлиши, демократик, «европача» усулдаги тараққиёт йўлидан бориши учун очиқ ва рўй-рост курашарди. Эркинлик, мустақиллик, миллий тараққиёт ғоялари унинг асосий ғоялари эди. Шўро адабиёти ҳам ҳурликни куйлади. Бу шўроларча ҳурлик эди. албатта. Ватанпарварлик, ҳурлик, инсонпарварлик, коммунизм – булар бари шўроларнинг ақидалари ва қарашларига тамомила бўйсундирилган ғоялар эди. Улар ва жумладан, шўро ахлоқи, маданияти халқ ва унинг зиёлиларига тўхтовсиз «қизил террор» воситасида сингдирилган эди. Шўро адабиёти миллий мустақиллик ва миллий тараққиёт ва умуман, миллатнинг асосини ташкил этувчи барча зарур унсурлар ва уларнинг ривожи устида фикр, муҳокама юритишдан мутлақо маҳрум эди. Барча қизил қатлиомлар шунга хизмат қилган эди. Жадид адабиёти билан шўро адабиётини қиёслаб бўлмайди. Улар тамомила бошқа-бошқа ҳодисалар.
Ҳозирги адабиёт кўпроқ бугуннинг воқелигини эмас, кечаги кунларни, уларда кечган маънавий-руҳий, ижтимоий таназзулларни акс эттиряпти. Бугуннинг воқелигини бадиий адабиёт ҳали тўла англаб, мулоҳаза қилиб улгургани юк.
Ўзбек шўро адабиётининг барча замонавий мавзулари пахта етиштириш ватанга кўпроқ пахта бериш, пахта мустақиллигини таъминлаш билан чамбарчас боғланган эди. Барча конфликтлар эскилик билан янгиликнинг кураши деган бир фикрга боғланар эди. Ўтмишни қоралаш ялпи тус олган эди. Тарих бўяларди. Ўзбек халқининг ҳақиқий буюк тарихи ўрганилмас эди. Ҳозир адабиëт яқин ўтмишда ахлоқий, маънавий, ижтимоий таназзул қанчалар фожиали бўлганлигини ўрганиш ва акс эттиришга уринмоқда.
Асосий қаҳрамонлар пахта етиштирадиган, пахта деса ўлиб тириладиган, устидан заҳарли дорилар сочиб ўтсалар ҳам парво қилмайдиган, меҳнатдан бошини кўтармайдиган шўрлик деҳқон эди. Ҳозир ўзбек деҳқони, хотин-қизлари, зиёлилари ҳақидаги бор гаплар ростгўйлик билан айтиляпти. Ҳозирги адабиётни ростгўй адабиёт, таҳлилга мойил адабиёт дейиш мумкин.
Тафовут ростгўйликда. Сохтагарчиликларнинг йўқолиб бораётганида.
Бугун ёзувчилар кечаги кунларда нималар бўлганлигини қайта баҳолаш ва англаш йўлидан боряптилар. Тарихни теран билиш, миллатни тушуниш, уни ижтимоий карахтликдан халос қилиш, унга эркинлик ва мустақиллик ғояларини сингдириш ёзувчиларнинг бутун эътибори ҳозир шуларга қаратилган. Ёшлар Fарб модерн адабиëтини севиб ўқийдилар, тақлидлар ҳам йўқ эмас. Бадиий усулларни янгилаш, янгича, ғарбча фикрлаш майллари ҳам анча кучли намоён бўляпти.
Ўзбек адабиёти ҳозир миллатнинг тараққиётига, тикланишига хизмат қиладиган мавзуларни кўпроқ кўтаряпти. Шунинг учун кейинги йилларда публицистика ва суҳбат, жонли мулоқотлар анча ривожланди.
Аёлларнинг махсус масаласи йўқ. Умуммиллат тараққиёти ва даражаси билан боғлиқ барча масалалар аёлларга ҳам теппа-тенг дахлдор. Аёлларнинг қандай бўлишлари кўпроқ уларнинг ўзларига боғлиқ бўлиб қолди.
Адабиëт бизнинг жамиятимизда мустақиллик, эркинлик, миллатнинг тикланиш, қадриятларининг камол топиб боришига кўмаклашади. У миллатнинг ўз-ўзини билиш, англаш ва ҳиссий камол топишида жуда муҳим воситадир.
Тошкент. 2.05.94
БОҒ ВА ОНАЖОН
ЯРАТГАН КЎП НАРСАЛАРНИ АТО ЭТГАН...
ОДАМ БОЛАСИНИ ЯРАТГАН ЗОТ УНГА КЎП НАРСАЛАРНИ АТО ЭТГАН...
Ҳаёт ва жон берилганлигининг ўзи оз дейсизми?
Фақат бунчалар кўп мушкулликлар, бири ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси... етиб келадиган йўқчиликлар, йўқотиш, туганмас синовлар қаердан пайдо бўларкин? Ҳеч тушуниб бўлмайди. Балки ростдан ҳам ҳаёт деган нарсанинг ўзи битмас-туганмас, охири ҳеч қачон кўринмас имтиҳонлар занжиридир, бизни ўз ихтиёримиздан ташқари маҳкам чулғаб оладиган ва сўнг ҳеч қучоғидан бўшатмайдиган, бўшатган тақдирда ҳам то суякка қадар ўчмайдиган из қолдирадиган?
Мен буни болалик чоғларимда жуда эрта ҳис қилганман. Унда даҳшатли уруш айни қизиган, ҳар куни минглаб ҳеч гуноҳи бўлмаган одамлар қирилар, одамкушлик тинмай авж оларди... Бу уруш чиққанига биз иштонсиз болалар айбдор эмас эдик. Бунинг устига у бизнинг лолақизғалдоқлар очиладиган сувоқ томларимиздан жуда ҳам узоқда эди – аллақайларда Европаларда эди, аллақайларда Россияларда эди, аллақайларда Шимолий Африкаларда эди... Лекин одамкушлик, биродаркушлик урушининг бутун қўрқинч харосонликлари сокин, жим-жит oтaмерос ўзбек маҳалласи, пастак лой деворлар, пастак лой томлар, ҳовлилар ичида яна ҳовлилар бошланадиган, ҳовлиларида ўриклар гуллаб, пишиб, таги билан битта бўлиб тўкилиб ётадиган, ариқчалар айланиб ўтадиган ва ариқчаларнинг бўйларини муаттар гулсафсарлар ва бинафшаларнинг нафармон ранглари, ирис ифорлари тутиб ётадиган гўшаларга ҳам кириб келар, ҳар куни дам у ҳовли, дам у боғ, дам у болоxона ичидан мунграниб йиғлаган овозлар, фарёд саслари келиб турарди. Кичкина демас, катта демас, қари демас, ёш демас уруш – ўша узоқлардаги уруш ҳар биримизнинг кўксимизга совуқ нафасини уфурар эди.
ҚИРҚ ТЎРТИНЧИ ЙИЛДА МEН МАКТАБГА БОРДИМ... Ўша пайтлардан қолган жуда эски бир сурат сақланган. Ёрилиб, сарғайиб, мурғак юзларимизни ажинларга чулғаган сурат. Қорасаройдаги мактаб ҳовлиси. Шохлари осмонни тутиб кетган ёнғоқ дарахти ва биз жимит каби болакайлар – қора-қура, сариқ-суриқ ҳеч қайсиси бир-бирига ўхшамаган болакайлар. Уларнинг кўзлари катталарнинг маҳзун кўзларига ўхшайди. Катталарнинг кўзларидай ғамгин боқади. Ўша суратда мен «ухлаб» қолганман. Сураткаш мени кўзим юмуқлигича олган. Кейин анчагача ўртоқларим устимдан кулиб юришган: ҳей, кўзинг борми? Нега кўзингни юмиб олгансан? Қўрққанмисан-а? Бу тасодифми ё қисматнинг бир нишонимикин?
Мактабимизда бизга ичига повидло солинган «булочка» беришарди. Улар бизга жуда ширин ва жуда антиқа туюларди. Дарсларда «Ўқувчи учун йигирма қоида»ни бутун синф жам бўлиб ёдлардик. Қоида шеърга солинган, унинг сўзлари бизга жуда тотли ва жарангдор эшитилар, бу сўзларни Қуддус Муҳаммадий деган амаки ёзган дейишарди.
Оёқларимизда ҳеч нарса йўқ эди. Ялангоёқ борардик мактабга. Кеч кузак, узун қаҳрли қиш, серёмғир кўкламларда оёқларимиз тамомила ёрилиб кетар, товонларимизнинг қават-қават ёриқларидан ҳамиша қон силқиб турарди. «Жуҳуд калиш» деган қийим чиқиб бир оз енгил тортдик. Юпқа резинадан клейлаб ясалган калишлар... икки кунга ҳам чидамас, дарров таги йўлда тушиб қоларди. Шу калишларнинг ичи қор ва муз лой билан тўлар, уни ботган жойида қолдириб яна ялангоёқ бўлиб олсак енгил тортардик. Оёқ ҳеч тинмай сирқираб оғрир, балчиққа ботиб карахт бўлиб қолган бу нотавонни нима қилишни билмасдик. Оғриғига эса чидаб бўлмасди. Тириклик қон силқиб турган оёқ бўлиб кўринарди бизга.
МАКТАБДАН УЙГА ҚАЙТИБ ЎЗИМИЗНИ ТАНЧАГА УРАРДИК. Бу қадар ором эди танча. Шишиб, қизариб кетган, лўқиллаган, сирқиллаган оёқ-қўлларимиз ачиша-ачиша жиндак оғриқлари босиларди. Ўшандан буён онамнинг меҳрибон қўллари ва танча дунёнинг энг фароғатли нарсалари бўлиб туюлади. Балки сиз биларсиз: оламда бола учун бошқа фароғатли нарсалар ҳам бўлгандир. Лекин бизнинг фароғатимиз онамнинг қўллари ва писта кўмирнинг чўғида бозиллаган танча эди...
ОТАМ УРУШГА КEТГАН ЭДИ. УРУШГА КEТГАНДА ОТАМНИНГ ЁШЛАРИ ЭЛЛИКЛАРДА ЭДИ. Отам мамлакатнинг у томонидан бу томонига, уруш бораётган жойларга юк ташийдиган ҳарбий эшелонларда соқчи бўлиб хизмат қилардилар. Баъзан отамнинг эшелонлари айланиб-айланиб Тошкентга ҳам келиб қолар, ўшанда отам кутилмаганда, тоғдай бўлиб уйга кириб келарди. Бунинг қувончлари, шодликларини ҳеч нарсага қиёс қилиб бўлмайди. Отамнинг юзларига қарай десам, бошимдан тўппичам тушиб кетарди. Отам бизни ҳаммамизни бир қучоқ қилиб кўтариб олар, бир қучоқ қилиб бағрига босар ва узоқ пайт қўйиб юбормас эди. Отамдан йўл, қуёш, уруш, темир қуролларнинг иси келарди. Кейин у жуда катта брезент йўл халтасини кула-кула очарди. Бу халтанинг ичи бизга тубсиз бўлиб кўринар ва мана шу қора тубсизлик ичидан дам миқти қора «буханка» нонлар, дам йирик-йирик сариқ каллақандлар, дам сарғимтир ёғли қоғозга ўралган сариёғ бўлаклари, пишлоқ деган нарсалар ва гоҳо бизга боп кўйлакчалар ва шимчалар чиқиб келарди...
БУ БАЙРАМ ЭДИ. ОТАМНИНГ БИЗГА ТОРТИҚ ҚИЛГАН НОЁБ БАЙРАМЛАРИ ЭДИ.
Ҳарбий эшелон то юк ортиб бўлгунча отам тўхтамай боғда ишлар, томларни тузатар, боғнинг атроф деворларини қайтадан уриб чиқар, узумларнинг бепоён ишкомларини тартибга келтириб маҳкамлар эди.
Боғимиз жуда катта ва жуда гўзал эди. Биз боғимизни беҳад севардик. Боғ бизга жуда меҳрибон эди. У бизни боқарди. Лекин онам ва биз мурғак болалар қанча қилмайлик, қанча уринмайлик, боғга қараб улгуролмасдик. Ўша пайтда боғимизга жуда катта солиқ чиқарди. Солиқни тўлашга қурбимиз етмасди.
ЭСИМДА, БИР КУНИ ҚАНДАЙДИР ҚОВОҒИ СОЛИҚ АМАКИЛАР КEЛИШДИ. УЙЛАРИМИЗНИ АЙЛАНИБ ҲАММА НАРСАНИ ҚОҒОЗГА ЁЗИШДИ. Сўнг онамнинг бобомерос гиламлари, чинни-чаман идишлари, келинлик бисотлари – ҳаммасини ҳовлининг ўртасига ташиб чиқиб уйиб қўйдилар ва сўнг араваларга солиб ташиб кетдилар. Уйимиз шип-шийдон бўлиб қолди. Онам неча кунлаб куюниб йиғладилар. Онам у пайтлар қирқ ёшларда эдилар. Боболаримиздан қолган боғни онам жуда севар ва уни ҳеч қўлдан чиқаришни истамас эдилар. Кеча-кундуз тикув машинасида ўтириб аёллар ва болаларнинг либосларини тикар, сўнг улар йиғилгач, ҳаммамиз бўғча-бўғча қилиб кўтариб фабрикага ташлаб келар эдик. Баҳор бошлангач, онам дўппи тикишга ўтирардилар. Лекин шунга қарамай урушнинг охирларига бориб, солиқ тўлолмай қолганимиз боис боғимизнинг бир қисмини олиб, босмахона ишчиларига бўлиб бердилар. Ишчилар узумзорлар ва нокзорларни бузиб, кесиб, бақлажон ва картошка экдилар. Сўнг кўп ўтмай ташлаб кетдилар. Баъзилари боғнинг этак ёқларига яшаш учун ҳужралар қуриб олдилар. Боғнинг талафоти оиламизга ҳам кўчди. Акаларим оғир касалга чалиндилар. Онам мени етаклаб тинимсиз касалхоналарга қатнар эдилар. Ўшандан бери негадир касалхоналардан, уларнинг эшикларидан қўрқаман. Онамни касалхоналар эшикларида соатлаб пойлаб ўтирганим эсимдан чиқмайди. Юрагимни зириллатади.
БОF ОТАМ ҚИРҚ ОЛТИНЧИ ЙИЛДАН УРУШДАН ҚАЙТГУНЧА ШУНДАЙ ҚАРОВСИЗ ҚОЛДИ. Ўшандан буён кўп воқеалар шалдираб, шарқираб ўтди ҳаётимиздан. Онам ҳеч йўқчиликни тан олмасди. Ўзини камбағал деб аташларини истамасди. Ўзини сира камбағал ҳолида кўрсатмасди. Лекин у пайтлар камбағалчиликни енгиб бўлмасди. Камбағалчилик, айниқса, болаларни абгор қилади.
Менга ҳар доим шундай туюлар эдики, отам ҳам, онам ҳам ўша пайтдаги ҳаётга сира сингиб, мослашиб кетолмас эдилар. Ундан ўз ўринларини тополмас эдилар. Маълумотлари етишмас эдими ёки бошқа асрнинг одамлари эдиларми, бошқа ҳаёт учун тарбияланган, ўсган эдиларми, ҳар қалай, янги турмушдан ўз ўринларини тополмадилар. Улар ғоятда художўй кишилар бўлиб, сабр-тоқат, матонат, олижаноблик, ҳамиша ўзгаларга ёрдамга шай туриш қон-қонларига сингиб кетган эди. Етимпарварлик, бировга ёрдам кўрсатишга шошилиб туриш улар учун табиий бир ҳол эди. Мен шу муҳитда жуда таъсирчан, кўзига тез ёш келадиган бола бўлиб ўсдим. Боғларни, ишкомзорлар, мевалари ғарқ пишган дарахтлар, узумларнинг ишкомларда солланиб пишишларини жуда севардим. Қийинчиликлар юракларимизни ипакдай юмшатиб қўйган эди. Онам ифодалаб бўлмас гўзал тилда сўзлар эдилар. Маталчи эдилар. Катта акам тез-тез: бизнинг ойимиз шоира. Сўзларини эслаб қол, – деб айтардилар. Лекин мен сўз эслашга йўқ эдим.
БОЛАЛИК ТААССУРОТЛАРИ ҚИСМАТ ЯРАТУВЧИ БЎЛАР ЭКАН...
Болаликнинг шуълалари кейин катта бўлганингизда сизга эргашиб юрар экан. Болалик сизни ҳеч тарк этмас экан. Барча ишларингизга ўз муҳрини босар, ўз руҳини сингдирар экан. Оғир дамларда қўллар, худди туганмас кўк осмон, поёнсиз фусункор мусиқа каби сизни умр йўлларида кузатаркан...
ГУЛ БАРГИГА ЁЗИЛГАН
ХАТЛАР
I
ЯПРОҚ ТЎКИЛГУНЧА
(Қиз мактублари)
Сизга арзу само кенглигидай боғ яратти.
«Ал-ҳодид» сураси, 21
Сиздан хабар кутиб кўзларим толди.
Боғимизда олча гуллади.
Гулладими сизнинг боғда ҳам?
Тўкилмаган гуллар тагида ўтираман йўлингиз пойлаб.
Олча гулининг сояси бўлмас
Шу олча гуллаганда қўлимни ушлаб ўтиришни
севардингиз рост.
У кунлар ўттими изсиз.
Олча ҳамон гуллар баҳорга содиқ.
Бағри қон бир қушча сайрайди куйиб:
чув-вит
чув-вит
чувалди ўйларим –
йиртиб ташланг хатимни...
II
СЕВГИ ЎТКИНЧИМИ?
Қанча хатлар ёздим сизга,
Сиз жавоб бермайсиз.
Ҳовлимизда гуллади гилос.
Гулладими сизнинг боғда ҳам?
Осилдими оқ қандилдай шода гуллари,
Навдаларга терилдими маржонлар каби?
Учрашганда суйкардингиз у гулларга юзингиз,
лабингизга босардингиз,
ичардингиз Машраб каби гуллардаги шабнамни.
Келмасангиз, ёзардингиз ҳар кун хат –
солардингиз хат жилдига гилос гулларин...
– Ўтти-кеттими у кунлар ахир?
Олдимда бир варақ қоғоз ўша гилос тагида.
Сўзлар қуюнланар – ўхшамас гилоснинг гулларига.
Қанча тиришмайин ёзолмасман бир сўз ҳам...
Бир қушча сайрайди кулранг, напармон,
менга сўз бермас:
сев-ўт
сев-ўт
Сизнинг боғда ҳам сайрарми шу қуш?
III
ҚАНДАЙ АЙТАМАН?
Сизни севганимни қандай айтаман?
Қиз болага айтмоқ уятдан ортиқ.
Сиз ўзингиз сезмайсизми
қизнинг ўзидан,
туриши,
қараши,
сўзидан
Мен севаман боғда олма гулласа.
Олма гулин жуда-жуда севаман.
Ўн еттида қиз боланинг севгиси қаттиқ бўлар.
Севги чиройли қилар одамни.
Қанча хатлар ёздим сизга.
Оқиздим қанча хатларни сувга.
Жавоб келмади сиздан.
Биласизми, тўкмас экан гулларини олмалар, мевасининг учида доим сақлар гулини. Олмада садоқат бор ўз гулига. Одамга жуда ўхшайди олма. Мен сиз билан садоқат ҳақида сўйлашмоқни жуда-жуда истардим. Fарбда аёл билан эркак ўртасида садоқатнинг ўрни қолмаган дейдилар. Эскирганмиш садоқат. Қанча кўп мулоқот қилса, бу ҳар кўнгилнинг эрки эмиш. Лекин садоқат ҳам кўнгилнинг ўз ихтиёри. Биров дарҳол тўкиб юборади гулларини. Биров олмадай сўнгги дамгача сақлар эҳтиётлаб гулини. Олма одамга ўхшайди, деганда, қайдам, ўзимдан жуда уялиб кеттим.
Қиз бола олмадай сақлар эса севгисини,
айтинг,
сизга ёқадими шу қизча?
Бир қушча сайрар олма гулларига беркиниб:
ваф-фо
ваф-фо
Кўрсатмайди ўзини
Сиз шу қушчанинг расмини чизоласизми
тасаввурингизда?
IV
ЖАФО
Дугонамдан эшитдим. Сиз қайдадир ёзибсиз:
Мансурадай очилар гуллар!..
Наҳот шундай дегансиз? Ростми айтинг, шу?
Самовот оҳанги теккандай қалтиради юрагим.
Ўзгарди бирдан хаёлим.
Гулларни аямай тўзғитди шаббода.
Сомон йўли каби очилган ўрик тагида толиб ўлтирдим.
Сиздан Сомон йўли ҳақида сўрагим келди.
Аҳд қилдим.
Шивирладим паришон: Агар қачонлардир Худо қиз
ато этса, отини қўяман:
– Мансура!
Ва йансурака Оллоҳу насран азизан, деган экан Худо
пайғамбарга.
Нега бир марта шуни такрорлаб сиз йиғладингиз?
Мадад келдими Сизга мансура билан?
Сизга ёқадими шу исм?
Маъноси нима?
Бола сочган каби маржонлар
Дурлар сочгим келар.
Ўрик гуллари оралаб ўйнаган
шаббода бўлгим келар
Сочгим келар оппоқ гулларни
бошингиздан.
Кечиринг, қизлар бошингиздан гуллар сочганми?
Хўжанд боғларида ўйнаганмисиз?
– Мансура!
Сиз хоҳлайсизми шу исмни?
Ёқиб ташланг йўқса барча хатларим...
Ўрик тагида тинглайман. Қулоғимда қолган сўзларингиз. Сайрайди новдада сап-сариқ бир қуш:
жаф-фо
жаф-фо
Жафо ҳақида ўйлашга эрта
менга
тўғрими?
БАЛАНД ТЕПАЛАРДА
ОҚ БУРГУТЛАР
Ўтирибман тош супада
баланд тепада.
Рўпарамдан тоғ оралаб дарё келар шалдираб.
Бунда дарё сурон солиб ўзин урур йўлга тушган кўприк тагига.
Нарироқда юксалади ҳайбатли бир тоғ. Асли яхлит бир қоя. «Мозорбоши» дейдилар бу ерни шу жойнинг одамлари. Сирли қорамтир қоянинг сарбаланд чўққисида Сўфий бобо қабри бор дейишади.
Унда оқ кабутарлар қанотидай ҳилпирайди шаббодада оппоқ туғ. Дастлаб кўрганимда тоғ устида уяда оқ бургутнинг болалари ўйнашгандай кўринди. Хаёлимни олиб қочди оқ бургутнинг болалари... Сўнг менга уни туғ деб тушунтирдилар. Лекин хаёлим оқ бургутнинг сирли уяси, оқ бургутнинг болаларидан сира айрилгиси келмайди. Хаёлимда бургутчалар етилар ва эгаллар бу қадим юрт самоларин. Лекин оқ туғ... Оқ туғ ҳам жуда сирли. Шу қоянинг орқасида бор эмиш яна бир қоя. У қоя ҳам бу қояни боғлар эмиш битта харсанг тош.
Ёшлигида шу қояга дадил чиққан регарлик йигит ҳикоя қилиб берди менга:
– Икки тоғнинг ўртаси тубсиз зов экан. Тошнинг бир учи илингандир у қояга, битта учи бу қояга. Зов тубига қараб бўлмас – қоронғи чоҳ тортиб кетади дарҳол. Қорним билан ётиб ўша харсангга аста-аста сурилиб минг машаққат билан ўтганман Сўфи бобо тоғига. Катта майдон экан тоғ тепаси. Тик турмоқ душвор. Учириб кетади тик турсанг шамол. Унда-мунда тошни ёриб буталар ўсган. Улар паноҳида эмаклаб қидирдим қайда деб Сўфи бобо қабрини. Қабр йўқ. Фақат қоянинг бориб бўлмас бир чеккасига ёриққа қадаб улуғ бир туғ ўрнатилган. Патирлайди тинмай шамолда. Шамолдан бошқа ҳеч нарса тополмадим эмаклаб кезиб. Жоним ҳовучлаганча қайтиб тушдим. Сиз чиқа кўрманг асло у ерга. Тоғ атрофи дарранда-чаррандалар. Ваҳмаси ёмон. Бош айланар, кўз тинади. Чиқманг у ерга. Худонинг сирини қидирманг, юки босади. Йўқ ҳеч нарса. Билмайман, Сўфи бобо оқ байроғин у ерга тикиб ўзи қайга кетган. Аммо Сўфи бобони қидириб келарлар юртдан доим одамлар. Кўп замон термулишиб ўтирарлар пастда оқ туғ алангасига... Соддагина бу ҳикоя шаҳдимни қўзғар. Чиққим келар у қоя тепасига. Етиб бўлмас у чўққига қайсидир мард тиккан у байроқни кўргим ва ўпгим келар. Дастасидан тутиб залворли заранг жон ҳовучлаб тургим келар юксакда.
Мен ҳеч ерга байроқ тикмаганман.
Байроқ тикмай ҳам судралиб яшайверса бўлар, албатта.
Ҳеч ким айтмас, солмас юзингга: Нега байроқ тикмадинг деб чўққиларга!
Элликка кирганда чиққим келар шу шамолгоҳ қоя устига.
Байроқ тикким келар.
Жўнлик устидан қозонгим келар ғалаба.
Тутгим келар ул яловнинг заранг дастасин.
Суртгим келар кўзларимга патирлаган яловин.
Лекин жон қийнамай яшамоққа ўрганган оёқларим мени тортар орқага. Шунинг учун сокингина шинамгина тошсупада пастда ўтириб ваҳший дарё шовқинидан тузук лаззат оламан.
Кўзимни ҳеч узолмайман сирли қоя устидан.
Туғ ҳилпираб имлар мени.
Гўё табиатнинг юраги жойлашгандай шу қояга тортар мени жозибаси. Чулдираган майна келиб тош устида ўтириб пир-пир сув ичди. Сўнг роҳатланиб чулдираб учиб кетди қоя сари ҳаволаб. Fойиб бўлди сўнг қоянинг ортида.
– Шу қушчалик ҳолинг йўқми? – сўроқлайди юрагим. – Йўқми ғайрат, шижоат? Қирқилганми қанотинг?
– Сўфийларнинг чўққисига чиқа бермас ҳар ким ҳам, – мен тасалли бераман ўзимга. – Сўфийларнинг чўққисига чиқар кимса муҳаббати ўлмаса, санамларнинг ўт ишқидан асло умид узмаса.
Рўпарамда оқ туғ
Фасоналарга тўлуғ...
