автордың кітабын онлайн тегін оқу Ғойибнинг иккинчи сафари
ҲАЁТНИНГ ВАЗМИН
ЖИЛВАЛАРИ
«Севмоқ, яшамоқ ва ўлмоқ...»
«Ижод ҳамма вақт жумбоқлигича қолаверади ва унинг туб илдизлари инсон «мен»и қоронғиликларида кўздан йўқолади, ғойиб бўлган калаванинг учини топишга эса ақл-идрок қодир эмас».
Перулик машҳур адиб Марио Варгас Льосанинг бу гапи кишини бирдан ҳушёр торттиради. Бироқ у кимнингдир ижодини ўрганишга жазм этганларнинг қўлини ушламайди, балки ўзича бутун бир оламни ташкил этмиш санъаткор «мен»и қоронғиликларида сабот билан изланиш жоизлигини эсга солади. Қолаверса, катта ижод сирлари ҳар қанча тадқиқ этилмасин, у ҳақда ҳеч қачон тугал хулоса чиқариб бўлмайди, бинобарин калҳаванинг учини топиш эмас, топишга уриниш – изланиш жараёни кишига чексиз шавқ-завқ бағишлайди, зеро, тугал аниқланган ҳақиқатда жозиба қолмайди.
Одатда аксари китобхон «Фалон асар нима ҳақда?» деб сўрайди ва бундай саволга «Чўлни ўзлаштирувчилар ҳақида», «Севги ҳақида», «Сув омбори бунёдкорлари тўғрисида» ва ҳоказо тоифадаги жавоблар қайтарилади. Бундай жавобнинг ўзиёқ ўша асарнинг бадиий асар эмаслигидан далолат. Негаки, чўлни ўзлаштирувчилар, қурувчилар, севги-муҳаббат ҳақида китоб бўлиши мумкин, лекин бадиий асар ҳамма замон ва ҳамма адабиётда Инсон хусусида ҳикоя қилади. Бадиий сўз санъатига боқий ҳаёт ато этган, замонлардан замонларга эъзозлаб келинаётган энг улуғ бадиий асарлар ҳам Инсон, унинг ҳаётда тутган ўрни, Инсон ва Олам муаммоларидан баҳс юритади. Ўзбек адиби Темур Пўлатов ҳикоя, қисса ва романларини яхлит бир ижодий жараён сифатида кўз олдимизга келтирсак, унинг бош мавзусини, унинг марказий қон томирини айни шу – умуминсоний ва мангу муаммолар ташкил этганини кўрамиз.
Инсон нима?.. у дунёга нега келади?.. ҳаётнинг моҳияти нимада?.. муҳаббатни, эзгулик ва қабиҳликни қандай англаймиз?.. одамлараро муносабатлар нечук бу қадар мураккаб?.. ва ниҳоят, ўлим нима?.. инсон ўлимни қандай қарши олмоғи керак?.. Т.Пўлатовнинг лирик каҳрамони мудом ана шундай ва шу сингари саволларга жавоб излайди...
Мексикалик ёзувчи Хуан Рульфо бадиий асарнинг учта бош мавзуси бор, булар: «севмоқ, яшамоқ ва ўлмоқ – бошқа мавзу йўқ» деган эди. Бу таъриф маълум маънода Т.Пўлатов ижодининг туб йўналишларини белгилаб бергандек туйилади...
Маъдидан Душан Темурийгача
Қадим аждодларимиз кўп вақтларгача нарсаларнинг атамасини билиш билан кифояланиб келганлар. Афлотун эса ўша нарсалар инсон хаёлида тимсол, рамз сифатида ҳам мавжудлигини кашф этди ва шу билан дунёни бир йўла икки ҳисса бойитиб юборди. Бу таълимотнинг буюклигини қарангки, у нафақат дунё ва дунё ҳақида билимларни, ҳатто одамнинг ўзини ҳам иккига ажратиб ташлади. Шундан сўнг одам ўз ичида, шуурида бўлак бир дунё – мустақил бир олам борлигини сезиб қолди.
Кейинчалик маълум бир тоифа ёзувчилар ўз маҳоратларини инсоннинг ана шу ички – руҳий дунёсини тадқиқ этишга бағишладилар ҳамда инсон табиатини ўрганишда бадиий сўз фалсафасини яратиб, файласуфлик даражасига кўтарилдилар. Ана шундай уринишларнинг маҳсули ўлароқ бадиий адабиётда, адабиётшунослик фанида психологизм, психологик таҳлил атамалари пайдо бўлди. Бундай таҳлилга мойиллик ёзувчининг ўз табиатида, инсоний майлларида мавжуд бўлса-да, унинг асарларига бирдан кўча қолмайди, албатта. Негаки, руҳий олам тадқиқотчиси даражасига етишиш ҳар қандай ижодкордан муайян шаклланиш босқичларини босиб ўтишни тақозо этади.
Адиб билан суҳбатдан:
– 7-8-синфларда ўқиётганимда эртаклар машқ қилардим. Кейин мақолалар. «Пионерская правда»да (Москвада), сўнгроқ Бухоро область газетасида мақолаларим босилган. «Ўзингни четга олма» деб номланган 1964 йили «Звезда Востока» журналида чиққан қиссамни 20 ёшимда ёзганман. Уни китобларимга киритмадим...
«Мени ўрмонга чорла» қиссаси Т.Пўлатов ўз ижодий концепцияларини бирмунча конкретлаштириб олганини кўрсатди. Қисса қаҳрамони Маъди етти ёш, у – уруш даврининг боласи. Ёзувчи қаҳрамон ички дунёсининг шаклланиш омилларини муҳит ва шароит билан чамбарчас алоқадорликда кўради. Маъдининг тасаввурида ҳаёт, одамлар, қўни-қўшни – ҳамма гўзал, зеро, унинг мурғак қалбига ҳали турмуш, ҳаёт қурумлари инган эмас. Ана шундай беғубор гўдак қалби уруш даври фожиаларига дуч келади. Уруш, уруш билан боғлиқ оилавий алғов-далғовликлар сабабини Маъди ўзича англаб етишга уринади. Унинг назарида дўсти Маратнинг почтачи отаси қора хат келтиргани учун ҳам Маъдининг амакиси фронтда ҳалок бўлди; Маъди катталарни севади, лекин улар нима сабабдан урушни ўйлаб чиқарганликларини тушунолмай азоб чекади. Дадаси фронтга кетади, шу пайтгача уй бекаси бўлиб ўтирган онаси госпиталда ҳамширалик қила бошлайди, сўнг уйида ярадор жангчини даволайди, аста-секин онаси билан ярадор жангчи ўртасида Маъди учун қандайдир тушунарсиз муносабатлар пайдо бўлади.
Маъди юз бераётган ҳодисаларни кўриб-кузатиб турибди, лекин улар пировардида қандай оқибатларга олиб келади? Онаси илгари отасини қанчалик ардоқласа, ярадор жангчига ҳам шунчалик парвона бўляпти. Буни Маъдининг гўдак қалби сезяпти, сезиш билан бирга кўнглининг аллақаерларида хавотирлана бошлаяпти ҳам. Дадаси келса нима бўлади?.. Бундай саволларга Маъди жавоб тополмайди. «Бўлди, бас, – дейди у ниҳоят. – Мен ортиқ чидаёлмайман. Мен ахир эндигина етти ёшу тўрт ойлик бўлдим...» [1]
Маъди ҳеч нарсага бефарқ эмас. У уйидаги пойандоз, ўрин-кўрпа, сандиқни худди жонли нарсадек бирма-бир ва диққат билан идрок этади; ота-онасининг хатти-ҳаракатларини, бобосининг қайсар-шаккокликларини назардан четда қолдирмайди, бувисининг бир оғиз васияти ҳам характерининг шаклланишида из қолдиради; Маъди сўритокка чиқиб олиб кўчани – қўни-қўшниларини кузатади. Темур Пўлатов етти ёшли қаҳрамонининг оддий болалик қизиқишларига ҳам жиддий юк «ортади». Бувисининг васияти Маъдига бир умрга татигулик жумбоқ қолдиради. «Мени тупроқ остида тинч ётсин десаларинг, ўлганимдан сўнг мени камроқ эсланглар», дейди бувиси...
Бола, аввало, оилада шаклланади, тўлақонли тарбия олади, оиланинг ҳар бир аъзосидан тортиб рўзғордаги ҳар бир буюм боланинг шахсга айланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу – Т.Пўлатов концепциясининг бош ва мустаҳкам йуналишларидан бирини ташкил этади.
«Мен ўзимга ёқмаган нарсалар ҳақида сира оғиз очмайман», дейди Маъди. Ёзувчи Пўлатов табиатан Маъдига ўхшайди, у кейинги асарларида фақат ўзига ёқадиган, ўзига тинчлик бермаган инсон дардлари ҳақида, чинакам ва катта дардлар ҳақида ёзади. Шу боис ҳам у ҳали Маъди образини яратиш билан қониқмайди, бинобарин, Маъди образига «сиғмаган» қарашларини Душан Темурий образига юклайди, зотан, Маъди Душанда давом этади.
Модомики, Душан ҳақидаги сўзни Маъдидан бошлаган эканмиз, модомики, Маъди образи ёзувчи учун маълум маънода Душанга тайёргарлик вазифасини ўтаган экан, у ҳолда Комилани ҳам унутмаслигимиз керак. «Ғорга яширинган қиз» ҳикоясининг қаҳрамонини. Негаки, аввал Маъдини, кейинчалик Душанни қийнаган руҳий азоблар Комиланинг ҳам бошига тушади, оиланинг парокандалиги болага нечоғлик фожиали таъсир кўрсатиши жиҳатидан мазкур уч образ бир-бирига жуда яқин туради.
Комиланинг отаси Оқмоннинг оиладан кўнгли совийди, ҳатто маъшуқасини уйига бошлаб келиб, хотини билан қизини уйдан қувиб чиқара бошлайди. Бунга чидаёлмаган она аламини қизидан олади. Хўш, ёш қизалоқ нима қилиши керак? У ҳали катталарнинг ҳаётига аралашиш эмас, ҳатто ота-она орасидаги муросаю мадора нима эканини тушунишга ҳам ожиз. У ҳатто уйини ёқиб юборишга ҳам, ота-онасининг шармандали гап-сўзларини эшитмаслик учун ҳатто гунг-соқов бўлиб қолишга ҳам рози. Пировардида қиз қочади, шаҳар чеккасидаги кимсасиз ғорга кириб, ўша ерда яшай бошлайди. Орадан ҳафта ўтиб қизни топишади, оёқ-қўлини боғлаб уйига олиб кетишади, афсуски, Комила ғорда қаттиқ қўрққан ва тилдан қолган эди. Ота-она Комилани йироқ шаҳардаги махсус болалар уйига жўнатишади...
Шунга ўхшаш қисмат Душаннинг бошига ҳам не кунларни солмайди!.. Лекин «Бухоро хонадонининг кечмишлари» романининг дастлабки қисми – «Болалик қўшиғи»да Темур Пўлатов бола ва оила мавзусини янада кенг кўламда ва янада теранроқ тасвирлайди.
Билиш, кашф этиш Душан учун халос бўлиш демакдир. Шу боис у бирор буюмни батафсил билиб улгурмай наригисига ўтмайди. Унинг тасаввурида бешик ҳам, ҳовлидаги каравот ҳам жонли. Уни бешикдан бўшатиб олишади, шунда у ўзини чандиб боғлаб қўйишгани учун бувиси ва онасидан норози бўлганларини, ҳовлида ўйнаб-кулиб юрган акасига ҳасад қилганларини бешик катталарга чақиб қўяди деб хавотирга тушади... Ҳовлида ўсган самбитгул ҳам Душанга бир дунёча таъсир ўтказади... Самбитгул на сув ичади, на овқатланади, лекин у ўсаверади. Душаннинг тасаввурида у бурч амрига биноан, хотиралардан озуқа олиб ўсишда давом этади. Ҳар баҳорда дадаси самбитгулнинг ўз хотираларини унутган, яъни қуриган остки шох-бутоқларини қирқиб ташлайди ва негадир уларни Душанга келтириб кўрсатади.
Агар Маъди бувисининг биргина васиятини ўйлаб юрса, Душаннинг бувиси унга бир талай жумбоқ мерос қолдиради. Қўшни Ғойиб қассоб вафот этганини эшитиб бувиси бошини қуйи солганича пичирлашга тушади. Рўпарасида оила аъзоларидан кўра муқаддасроқ яна кимдир ўтиргандек пичирлайди. Душан таажжубда...
Буви «ҳар кимнинг иккита – бири ошкор, бири маҳфий исми бўлади», дейди...
Буви мангу уйқуга кўз юмаётиб, «кечир, мени» дейди... Гўдаклигида қулоққа чалинган ҳар бир сўз, кўзга ташланган ҳар бир манзара инсоннинг қон-қонига сингиб кетишини, улар келгусида вужудга келажак шахс характерини белгилаб беришини биз Душан Темурийнинг келгуси ҳаёт манзараларида жуда кўп гувоҳи бўламиз.
Душан бобоси, бувиси, ота-онаси билан бирга яшайди, улар билан бирга нафас олади, бир қозондан овқатланади.
Муаллиф қарашларидан келиб чиқсак, Душан жуда тўғри ва тўкис тарбия топаётган – ўз туғишганлари билан доимий мулоқотда яшаётган эди. Бироқ Темурийлар оиласида кутилмаганда жиддий ўзгаришлар содир бўлади. Буви вафот этади, ота оилани тарк этади, она Душанни интернатга топширади... Ана шундагина биз нега Душаннинг отаси самбитгулнинг қуриган шохларини ўғлига кўрсатганини тушунгандек бўламиз. Ахир ота ўғли гўдаклигидаёқ авлод хотирасини унутгудек бўлсанг, мана шу шохлардек қуриб қоласан демаганмиди? Наҳотки, дадаси ўшанда Душаннинг тақдирини башорат қилган бўлса? Мазмунга, меҳр-оқибатга, болалик қўшиқларига тўла оила қаерда қолди? Шу тариқа Душан Маъдидан, Комиладан кўра оғирроқ ёки ўзгачароқ ҳаёт гирдобларига дучор бўлади.
Такрор айтамиз, Т.Пўлатов болани, мукаммал тарбияни оиладан, ота-она, қолаверса, буви ва боболардан айри ҳолда тасаввур қилолмайди. Шунинг учун ҳам у болалар орқали катталар, катталар орқали болалар дунёсини кашф этишни тўғри деб ҳисоблайди.
Адиб билан суҳбатдан:
– Самолётда Орол денгизи устидан биринчи марта учиб ўтишим эди. Ёнимда кекса қорақалпоқ балиқчиси ўтирганди. Сўрамасам-да, у Орол денгизи бошига тушаётган кулфатлардан ҳасрат қила кетди. Гап орасида «Орол қайтяпти...» дегандек бўлди. Кекса балиқчининг алам ва армон тўла суҳбатига қулоқ солиб туриб, унга қапишиб ўтирган неварасининг ўйчан, ҳатто маҳзун нигоҳидан кўз узолмай қолдим.
Назаримда, бобосининг ҳасрати ўша мурғак кўзларда тўлароқ аксланаётгандек бўлди... Орадан икки ой ўтар-ўтмас «Ғойибнинг иккинчи сафари»ни ёзишга киришдим...
[1] Асарлардан олинган парчаларни сўзбоши муаллифи русчадан таржима қилган.
Қайтиш – қалб доираси
Темур Пўлатов «Мени ўрмонга чорла» қиссасидан сўнг «Бўлак манзилгоҳлар» қиссасини ёзди. Қисса қаҳрамони Беков бутун умрини босмачиларга қарши курашга, янги типдаги шаҳар бунёд этишга бағишлаган, жанговар топшириқни муқаддас, уни адо этишни олий ҳаётий маслак деб билган шахс. «Одамларнинг бахтли яшаши учун шароит яратайлик, кейин оила қурамиз, уй-жой қиламиз» – мана, унинг маслаги!
Беков – фидойилик рамзи! Фидойилик бобида у Павел Корчагиннинг замондоши, сафдоши. Лекин у фарқли ўлароқ ҳали тирик. Орадан ўттиз йил ўтгач, Бековнинг шуурида, қалбида шаклланган «мен» унинг оромини бузади. Бековда бир-биридан йироқ (ўттиз йил тафовути билан) икки давр «мен»и тўқнаш келади.
20–30-йиллар шўро адабиётида қаҳрамоннинг ижобийлиги у ўзини жамиятга нечоғлик фидо қилгани, яъни «шахс – жамиятга» принципидан келиб чиқиб белгиланган эди. 60-, хусусан, 70-йиллар кишиси ўзининг инсонийлик қадр-қимматини чуқурроқ англай бошлади, энди у айни пайтда жамиятдан ўз эҳтиёжини қондиришни талаб қилди, яъни «шахс – жамиятга, жамият – шахсга» қадрияти юзага қалқиб чиқди. Беков кексайди, кучдан қолди, соғ кунидан ночор куни кўпайди, оила қуришга ҳам кечикди. Энди дўппини ерга олиб қўйиб ўйлаш фурсати етди: хўш, фидокорлик оқибати нима бўлди? Ҳаммаси Беков ўйлаганичалик, орзу қилганичалик рўёбга чиқдими? Энди фидойилик эвазига у нимага эришади?..
Беков кўп нарса талаб қилмайди. Унинг бирдан-бир нияти умрининг ниҳоясини ўзи таниган-билган одамлари орасида ўтказиш, ўзига қадрдон бўлиб қолган жойларда яшаш. Бундай маскан – Ғиждувон. Беков ўзи асос солган Ғиждувонга қайтади.
Қисса лейтмотивини қайтиш фалсафаси ташкил этади. Беков ўттиз йил муқаддам бунёд этган шаҳарчага қалби тўла орзу-умидлар билан қайтади. Бу қайтиш ўтмишга, киши умрининг баҳорига, маслакларни, имон-эътиқодларни такрор тарози палласига солишга қайтишга айланади. Жисман қайтиш иккинчи қатламга ўтиб, ақл-идрокла тафтиш ниятидаги рамзий қайтиш асарнинг бош ғоясига айланади.
Бековнинг орзулари пучга чиқади – 30-йиллардаги «мен» 60-йиллардаги «мен» ишончини оқлаёлмайди. Беков ўзи асос солган шаҳар кейинчалик ҳаёт синовларига дош беролмаганини эшитади. «Ғиждувон назардан қолган, овлоқ бир жой, холос», дейди обком секретари. Бундан чиқди, Беков ҳаётини ниҳояти овлоқ бир маскан бунёд этиш учун сарфлабди-да?! У энг табаррук кўнгил ришталарини боғлаган жой гўзал ҳаёт гуркираган маскан эмас, назардан чеккадаги бир манзил экан-да?!
Қаҳрамоннинг руҳий фожиасига эътибор беряпсизми? Беков, Маъди ва Комиланинг фожиаларини ҳис қиляпсизми?
«Бўлак манзилгоҳлар» яратилганидан ўн беш йил ўтгач (1982 йили), Лев Аннинский «На ёзилиш услуби, на маънавий сабоқ борасида адабиётимизда бунақанги ҳодиса юз бермаган», деб қиссани юксак баҳолаганди.
...Қайтиш бобида Ғойиб Бековга яқин. Ғойиб билан Беков Темур Пўлатов ижод дарахтининг бир танасидан униб чиққан образлар дейиш мумкин. Униб чиққану Ғойиб образи озуқани дарахт ўқ илдизининг энг чуқур томирларидан олган...
Туғилмоқ, яшамоқ, ўлмоқ. Ғойиб оддий инсон – табиатнинг бир зарраси сифатида зиммасидаги ана шу «шарт»ларнинг иккитасини ўтаб бўлган, энди учинчи ва сўнгги шарт бўсағасида турибди. Йўқ, у тасодифий ўлим ёшидан ўтган, ўз ажали билан табиатнинг энг буюк қонунига кўра вақт-соати етиб... оҳиста ғойиб бўлмоғи даркор. Ҳикматлардан бирида айтилганидек, «Яшамоқ – ўлмоқ демакдир», бинобарин, Ғойиб шу «яшамоқ»лик қисматининг сўнгги манзилига яқинлашди, уни аждодлар чорласа бас. Дарвоқе, қария чорловни эшитди: тушида калхатни – мангу сафар тимсолини кўрди, энди у сафарга ҳозирланади. Ғойибнинг қайтиши Бековнинг қайтишидан рамзийроқ, Ғойиб ўзи асос солган шаҳарга эмас, балки ўзи келган чексизликка қайтмоқда. У табиатнинг энг шафқатсиз ва одил ҳақиқати олдида ўзини йўқотмайди, донолик қилади. У «шунчаки олис ва жуда секин ўтувчи ўзга дунёга равона бўлаётганини ҳис қилади. Қумга айланади-да, бўлак ҳаёт йўлида адашиб-улоқиб кетади».
Ғойиб қандай бўлмасин, Кўкоролга қайтиши шарт, манзил яқин, демак, ҳаёт билан ўлим ораси бир қадам, бироқ «манзилга етиб олиш осон эмас», яъни жон таслим қилиш енгил кўчмайди. Ғойибнинг дўсти Ермолай, унинг ўғли Прошка ҳарчанд қаршилик кўрсатмасин, дарёга чиқиш қатъиян қатағон этилган бўлмасин (одамлар ўлимга йўл қўймасликка қанча уринмасин), Ғойибнинг қайтиши муқаррар: у қайиққа ўтириб оҳиста сузиб кетади.
«Ғойибнинг иккинчи сафари»да рамзий-мажозий тасвирлар тўлқини, ҳар бир манзара ва деталь китобхон дунёқарашини, ақл ва эҳтироси ҳаракатчанлигини синовдан ўтказади.
Ғойиб қайиқда Кўкорол томон равона бўлди. Қайиқ нима? Нега Ғойиб эшкак эшгани сайин қайиқ тўғри йўлдан четлашиб кетмоқда? Беихтиёр Раскольниковнинг жавон ёки сандиққа ўхшаш хоналари эсга тушади, Ғойибнинг қайиғи эса гўё одамлар қўлма-қўл, елкама-елка кўтариб кетаётган тобутдек чайқалади, лопиллайди... Қайиққа тушдингми – бас, уни бошқариб бориш ташвишини тортмасанг ҳам бўлаверади...
«Ғойибнинг иккинчи сафари»ни ёзганда Темур Пўлатов 30 ёшда эди. Шу ёшда ҳаётни бу қадар чуқур, зукколик билан тадқиқ этиши, уни мазкур қиссадагидек яхлит бадиий шаклда ифода қилиб бериши ҳайратланарли!
Адиб билан суҳбатдан:
– Урушдан кейинги йиллар... Бухородаги «Ўқитувчилар уйи»даги кутубхонада икки юзтача китоб бўларди. Бирорта янги китоб келиб қолишини кутиб у ерга ҳар куни борардим. Иван Гончаровнинг «Паллада кемаси»ни ўқийверганимдан китоб титилиб кетган... 50-йилларнинг иккинчи ярмида ҳаёт кескин ўзгарди, 1957–1958 йилларда ҳам ҳозиргидек жамиятни қайта қуриш жараёни кечди. Биз учун муҳими – магазинларда янги-янги китоблар кўпайди! Кўкбозордаги китоб дўкони пештахтасида Хемингуэй, Оскар Уайльд, сўнгроқ Бунин ва Достоевский китобларини кўрганимизда байрам бўлиб кетарди. Эсимда, «Эмприссионизм тарихи», «Постэмприссионизм тарихи» номли китобларни бемалол сотиб олардик. Афсуски, уларни кўпчилик ўқимасди.
Темур Пўлатов ижодини кўп ўрганган адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров тўғри аниқлаганидек, бундай қайтиш асар қаҳрамонлари «қалбининг абадий доираси»га, ёзувчининг доимий бадиий-фалсафий концепциясига айланади...
Ҳар лаҳза – мулк
Қатор қисса ва ҳикоялари билан кенг китобхонлар назарига тушган ёзувчи босиб ўтилган йўлни бир қур назардан ўтказиши – ғалвирни сувдан кўтариб кўриши табиий эди. Т.Пўлатов бу заруратни айни пайтида англади ҳамда жуда аниқ саволларга жавоб излашга киришди: ҳар ким ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиши учун нима қилмоғи керак?.. ўз тақдири ва эркининг чинакам эгаси бўлишнинг омиллари қаерда?.. инсонийликнинг бош мазмуни – ҳаётнинг лаззати нимада?..
Бу саволларга жавоб излаш йўлида Т.Пўлатов ҳаётни жуда юқоридан туриб кузатишини ҳеч ким кутмаган эди. Ахир, адиб шу пайтгача ердаги ҳодисалар, ҳатто кишиларнинг руҳий-ботиний олами тадқиқотчиси сифатида танилган эди. У космик аср ёзувчиси эканини, ер остидаги, баҳри муҳит қаъридаги ҳодисаларни космик ракеталарда туриб аниқроқ, батафсилроқ кузатиш мумкинлигидан фавқулодда дарак топгандек... бир юмалаб калхатга айланди-қолди.
«Калхат ҳар сафар ой тўлган туннинг эртаси куни паррандалар дунёсининг қонунига кўра ўзига қарашли мулклар узра учиб ўтади».
«Мулк» қиссаси шундай бошланади... Бу учиб ўтиш оддий учишлардан фарқ қилади. Калхат бундай олис йўлга отланиш учун тун ўз ўрнини кунга бўшатиб бера бошлаган лаҳзани ошиқмай, вазмин кутади.
«Тонг отиш чоғидаги ҳавонинг салқинлашиши қандайдир жондорнинг нафас олишига ўхшайди – қум ва тошларга шабнам қўнади, қўнади-ю, шу заҳоти буғга айланиб ҳавога сингиб кетади». Лекин калхат тонг отишини – қуёш оламга нур сочишини ҳамон кутади. Шу кутиш онларида у ҳаводаги, ёруғлик тўлқинларидаги, саҳродаги жониворлардан тортиб то ўт-ўланлардаги ўзгаришларгача нигоҳидан ўтказади. Сўнг гиёҳлар, ҳароратсиз қуёш, қумсичқоннинг чийиллаши ва аллақандай қушнинг гув-гувлаши, чигиртканинг чириллаши, шувоқнинг аччиқ иси ва гуллай бошлаган янтоқ, қум барханларига расмлар чизиб елаётган шабада... калхат шуларни ҳам назаридан қочирмайди...
Қиссанинг охиригача тасвир шу тахлит давом этаверади. Калхат беҳос бегона тарафларга – бегона мулк томон чалғиб кетганида бургут унга ҳужум қилади – шу, бўлак воқеа-ҳодиса юз бермайди. Тасвир батафсиллигидан, воқеасиз сюжет йўналишининг ўта сустлигидан толиққан китобхон зийракликни йўқотиши ва йўқотган заҳоти асарни ўқишдан зерикиши мумкин. Зерикиш сатрлар замиридаги мазмунни илғашга халал беради.
Хўш, «Мулк» нима ҳақда ҳикоя қилади? Бу қисса билан Т.Пўлатов қандай янги «гап» айтмоқчи? «Мулк» йиртқич парранда ҳақидаги асарми ёки табиат ва инсон мавзуидами? Ёхуд калхат мажозий образми?..
Бу саволларга дабдурустдан жавоб тополмайсиз. Қиссани қайтадан, энди синчковлик билан ўқийсиз ва асарнинг бошланишидаёқ бирдан чеҳрангиз ёришиб кетади. «Шу мулк ўзига қарашли эканини ҳис қилган калхат ўзини тўлақонли қуш ҳисоблар, башарти у шу саҳро узра парвоз қилиш имкониятидан маҳрум этилгудек бўлса ғамдан тумшуғини қумга суқиб, қимир этмай қолган ва жон берган бўларди...»
Гапни такрор ўқийсиз ва унда бутун қиссанинг мағзи яширинганини, қолаверса, қисса нега «Мулк» деб аталганини англайсиз.
...калхат ўз мулки мавжудлигини ҳис қилгани учун ҳам ўзини тўлақонли қуш ҳисоблайди...
...ўз мулки узра парвоз этиш имкони йўқолса – калхат ўлади...
Мулк... Буни ким қандай тушунади? Моддий мулкка ружу қўйганларни мешчанга чиқарамиз-у, лекин нималаргадир эга эканлигимиздан ўзимизни бахтиёр сезамиз. Моддий мулкимиз кўпайгани сари ерга дадилроқ оёқ қўямиз, тилимиз бийронлашади. Ёки бундай эмасми?.. Йўқ, мен китобхонни атай баҳсга чорлаётганим йўқ, сиз бу мавзуда ўзингиз билан, кўнглингиз тубидаги (эҳтимол, юзасидаги) эгаликка мойиллик ҳисси билан мунозара қилиб кўраверинг. Биз эса, қиссада асл мулк деганда ёзувчи яна нималарни назарда тутгани хусусида сўзни давом эттирайлик...
Ҳар қандай шахсий буюм тўла-тўкис идрок этилмагунига қадар у инсон мулкига айланмайди! Тўла-тўкис идрок этилмаган тақдир – тақдир эмас! Тўла-тўкис идрок этилмаган эрк, муҳаббат, эзгулик, ғурур – сохта! Тўла-тўкис идрок этилмаган умр... умр эмас! Дунёдаги жамики нарса идрок этилган тақдирдагина лаззатли...
«Мулк» қиссасида инсонни юксакларга кўтарувчи энг инсоний фазилатлар улуғланади. Шу боисдан ҳам «Мулк» – комил инсон шаънига басталанган куй!..
«Мулк»ни ўқигач, Т.Пўлатов қаҳрамонлар қалб доираси – қайтишга нега шу қадар катта эътибор берганини англаб етамиз. Ғойиб ва Беков, Охун ва Алишо, Душан ва Комила ўз инсоний мулкларини англамоқ ниятида ортга ё хаёлан, ё жисман қайтишганини сезамиз.
Демак, адибнинг ақидасича, ўз ҳаётининг ҳар лаҳзасини: ўтмиши, бугуни, қолаверса, келажагини қадам-бақадам англашгина кишиларни чинакам инсонийлик мартабасига етказади. Шундай одамнигина ўз тақдирининг, ўз ҳаётининг чинакам соҳиби дея оламиз. Т.Пўлатовнинг инсоншунослик бобидаги навбатдаги кашфиётларидан бири – шу!
Темур Пўлатов асарларининг қийин ўқилиши хусусида тўхталиш мавриди келди...
Ёзувчи маҳорати ва китобхон диди, асарнинг халқчиллиги масалалари адабиётимизнинг доимий муаммоларидан ҳисобланади. Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор асарлари билан бунёдга келган ўзбек насрининг энг эзгу мақсадларидан бири халқчил асарлар яратиш бўлди. Халқчиллик анъанаси асарнинг тили, сюжет, қаҳрамонлар характери, автор позицияси ва ҳоказоларнинг аниқ ва лўнда бўлишини тақозо этди. Бундай анъана, табиий, кўпгина ижобий ютуқлар келтирди. Бироқ, шуниси ҳам ҳақиқатки, юқорида номлари келтирилган насримиз улуғлари бўлгуси авлод адиблари мавжуд анъаналарни доимо янгилаб боришларини орзу қилар эдилар. Афсуски, анъанага ҳаддан ташқари тармашиб олиш, янги ижодий парвозларни кўзламаслик, аввало, ёзувчиларимизни, қолаверса, уларга маҳлиё китобхонларимиз дидини депсинтириб қўйди.
Ваҳоланки, кейинги чорак аср мобайнида жаҳон адабиётининг ҳаётбахш таъсиридан баҳрамандлик имконияти ортди. Агар Литвада қаҳрамон руҳий оламини бамисоли заррабин орқали кузатишга мойиллик кучайган бўлса, арман адабиётида бадиий киноя авж олди, шимол халқлари адабиётида «ички монолог» прозаси кенг расм бўлса, эстон адабиётида «лаборатория прозаси», Украинада ботиний таранглашган романтика руҳи устунликка эришди, Грузияда эса Г.Маркеснинг «Ёлғизликнинг юз йили» романига тақлидан ўнлаб асарлар яратилди (Л.Аннинский). «Психологик проза», «лирик проза», «сюжетсиз проза», «кичик роман», «янги роман» ва ҳоказо атамалар адабиёт мутахассислари ва мухлислари тилидан тушмай қолди. Ахборот оқимининг кучайиши, хусусан, таржима асарларининг кўпайиши адабиётларнинг таъсири жараёнини ҳар қачонгидан ҳам жонлантириб юборди. Бундай таъсир симфонияси ана шундай жаранглаб ва у ўз меваларини мўл-кўл бериб турган бир пайтда ўзбек адабиёти унга бошқалар қатори баралла жўровоз бўлди десак, рости, касалимизни яширган бўламиз... Биз китобхонлар «Сароб», «Чинор», «Галатепага қайтиш», «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» сингари лоақал адабиётимиз учун фавқулодда бўлакча асарларга муштоқ бўлиб қолдик...
Назаримизда, Т.Пўлатов асарларининг қийин ўқилиши сабабларидан бири худди шу ердан бошланади. Негаки, адибимиз (у рус тилида ижод қилишидан қатъи назар) адабиётимизга Оврўпа, қолаверса, жаҳон адабиёти томонидан кириб келди. Агар Абдулла Қаҳҳор, асосан, Чеховдан, Ғафур Ғулом кўпроқ Маяковскийдан ижодий сабоқ олган бўлса, Темур Пўлатовнинг ёзувчилик маҳорати жаҳон адабиётининг йирик сўз санъаткорлари – Достоевский, Хемингуэй, М.Пруст, Кафка, Фолкнер, Булгаков, Платонов мактабида сайқал топди.
Адиб билан суҳбатдан:
– Сиз санаб ўтган даҳолар ижодини ўқиб-ўрганмаган қаламкаш қандай қилиб ёзувчи бўла олади?.. Ҳайронман... Қадимий халқ фалсафаларини, дин ва санъат тарихини кўп ўқийман. Сиз санаб ўтмаган Лев Толстой, Абдулла Қодирий ҳам мен севган ёзувчилардан. Лекин, тўғри, асарлари сира қўлимдан тушмайдиган адиб – Достоевский!..
Аён бўлғусидир...
«Элликни, олтмишни, етмишни ҳам уриб қўйдим-у, ҳаётнинг мазмунини, маза-матрасини энди-энди фаҳмлай бошладим... Бу – «кўзнинг очилиши» деб аталади, болам. Ва шуни билгинки, «кўзнинг очилиши» совға-саломга ўхшаб ўз-ўзидан осмондан тушиб қолмайди, балки шунга яраша хизмат қилиб қўйган, шунга яраша руҳий ларзага учраган кишиларгагина насиб этади...»
Душаннинг бобоси неварасининг «Ўлим нима? Қўрқинчли нарса эмасми?» деган саволига жавоб бераётиб, шу гапларни айтади. Темур Пўлатов қаҳрамонларининг ҳаёт моҳиятини англашга уриниши инсон умрининг интиҳосига – ўлимни қандай идрок этишига келиб тақалади. Иттифоқо, Душан бувисининг «Э-эҳ, яхши одам бўлиш қанчалик мушкул...» деганини эшитиб ҳайрон бўлади. Душан жиззаки бувисидан бундай гапни кутмаган эди, бинобарин, бувиси не сабабдан шундай деганини ўйлайди. Шунда у бувисининг «Кейинги кунларда камдан-кам жиғибийрон бўлаётганини, мулойим тортиб, оҳиста гапираётганини пайқайди. Ҳатто Душан кўчада калтак еб, бурнини қонатиб келаётганда ҳам бувиси одатдагидек «безори» болалар кетидан отилиш ўрнига набирасини юпатишга тушади: «Сен уларни кечирақол, хўп де, чироғим, кечирақол» дейди. Буви шундай илтижо қилиб гапирадики, гўё ўша болаларнинг айбини ўзига олгану энди улар учун эмас, ўзи учун кечирим сўраётгандек бўларди... Буви кутилмаганда куёвини ҳам куткилаш ўрнига, уни яхши кўриб қолди...» Ва ниҳоят, буви кўк кўз кампир билан суҳбат қуриб ўтириб: «Одамзод бу дунёдан иззатини йўқотмай, обрў-эьтибор билан кетиши керак, фақат беҳаловат яшаш оқибатида имонидан айрилган одамгина ўлимдан қўрқади», дейди.
Одам ўз умрини муносиб яшадими? Ҳаёт моҳиятини англаб етдими? Душаннинг бувиси айтмоқчи, «иззатини йўқотмай, обрў-эътибор билан кетиш»га шайми?.. Темур Пўлатов ўз қаҳрамонларини ана шу мангу саволлар чиғириғидан ўтказар экан, бу саволлар ёзувчининг одамни баҳолашдаги бош мезонларидан бирига айланади.
«Жалолиддиннинг сўнгги суҳбатдоши» ҳикоясини ўқиган, хусусан, Хоразмшоҳлар – Ануштагинлар сулоласининг сўнгги вакили Жалолиддин Мангубердининг жасоратлари билан таниш китобхон дабдурустдан ажабланиши мумкин: «Мўғул истилочиларига энг катта талафот етказган, уларга қақшатқич зарба берган халқимизнинг улуғ қаҳрамони наҳотки шунчалик аянчли аҳволга тушган бўлса? Не сабабдан Жалолиддин курд соқчисига қаршилик кўрсатмаяпти? Шунча уруш, шунча қирғин-баротларни кўрган саркарда нега ўзини ғаним қўлига топшириб қўйди?..»
Профессор Н.Худойберганов ҳикояга оддий китобхон кўзи билан қарайди ва ҳикоя муаллифини Жалолиддинни шу аҳволга «тушириб» қўйганликда ва тарихий маьлумотларни чуқур ўрганмаганлиқда айблайди. «Унинг (Т.Пўлатовнинг – Х.Д.) бадиий талқинида саркарда, – деб ёзади танқидчи, –аянчли ва ночор, ўтакетган ожиз бир аҳволда гавдаланади. Бу билан тарихий образга путур етказилган» («Звезда Востока», 1984 йил,7-сон). Бироқ Жалолиддиннинг сўнгги кунлари ҳикояда тасвирланганидек, аянчли ниҳоя топгани тарихдан маълум. Яъни Жалолиддин мўғул суворийлари таъқибидан Рум шаҳри томон чекина бошлаган. Амид шаҳри яқинида майхўрликка берилиб, ўз чодирида ғафлат уйқусида ётганида мўғуллар қўққисдан ҳамла қилган, Жалолиддин базўр жон сақлаб, ёлғиз ўзи отга миниб қочган. Султоннинг шахсий котиби, тарихчи Насавий, султон «улардан (мўғуллардан) танҳо ўзи қочди, бу – унинг хатоси эди», деб ёзган. Насавийнинг ёзишича, ўша кунларда Хоразмшоҳни «сузишни билмай жон талвасасида сомон парчасига тармашувчи чўкаётган одамга қиёслаш мумкин» эди.
Ҳикоя муаллифи тарихий ҳақиқатга хилоф иш кўрмаганини озарбайжонлик йирик шарқшунос олим Зиё Бунёдовнинг «Хоразмшоҳлар – Ануштагинлар давлати» деб номланган китобидан (Москва: Наука, 1986 йил, 185-бет) олинган қуйидаги сўзлар ҳам тасдиқлайди: «Султоннинг изидан 15 нафар мўғул қувишга тушди. Улардан иккитаси султонни қувиб етди, лекин султон иккала таъқибчини ҳам ер тишлатди, қолган таъқибчилар эса юраги дов бермай изига қайтди. Айндор қишлоғи яқинида султонни курдлар қўлга олдилар ва уни тунадилар ва ўлдирмоқчи бўлдилар. Шунда Жалолиддин йўлтўсарлар бошлиғи билан шартлашиб омон қолди.
...Курдлар бошлиғи шартга кўнди ва султонни ўз чодирига келтириб, уни хотини назорати остида қолдириб, ўзи отини излаб кетади. Шу орада чодирга найза кўтарган бошқа бир курд келиб қолади. У аёлдан, «Ким бу хоразмлик?» деб сўрайди, лекин аёлнинг, у – султон, эрим уни ўз паноҳига олган деган гапига ишонмай, хоразмликлар билан тўқнашувда ўлган акасининг хунини олиш мақсадида найза санчиб султонни ўлдиради». Кўринадики, Т.Пўлатов тарихий ҳақиқатга жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлган.
Энди Жалолиддин курд соқчисига қаршилик кўрсатмагани ҳақида. Жалолиддин она юртини мўғул истилочиларидан озод қилиш йўлида не-не машақкатларга дучор бўлди. Умри беҳаловат ўтди. Мўғуллар унинг етти ёшли ўғлининг юрагини юлиб олдилар, шу кўйга тушмасинлар деган хаёлда Жалолиддин онаси, хотини, болаларини ўлдирди. Паймонаси эрта ва аянчли тўлди... Темур Пўлатов бошига ана шундай оғир фожиалар тушган оддий инсонни тасвирлайди. Жалолиддин шахсига келсак, юртидан, ишонган амирлари ва сарбозларидан айрилган, бориб-келиб молпараст қароқчилар қўлида таланган – барча имкониятлардан мосуво бўлган Жалолиддин энди қудратли саркарда эмас, оддий одамга айланган эди. У ўзини Жалолиддин қилиб турган барча ботиний куч-қувват – мулкдан жудо бўлган, маънавий ўлим топган эди. Донишманд Нажмиддин Кубронинг «аён бўлғусидир» деган ҳикматини эслагач, оддий қишлоқ аёли унга инсон умрининг бутун моҳиятини англатиб кетганини, лекин Жалолиддин унга эътибор қилмаганини фаҳмлагач, бу маънавий ўлим қарийб жисмоний ўлим даражасига етади. Таъбир жоиз бўлса, оддий инсон сифатидаги имкониятини ҳам бой берганини сезиб, Жалолиддин мардонавор, айни вақтда, донишмандларча ўлимни бўйнига олиб қўйган эди. Шунинг учун ҳам у мол-мулк, олтин тангалар илинжида эс-ҳушидан айрилган, она қишлоғини қўриқлашни унутиб, уни тунаётган курд соқчисини – ОДАМнинг ҳолини афсус ва надоматлар билан кузатади.
Н.Худойбергановнинг фикрича, «Жалолиддиннинг бош хусусияти, унинг йирик давлат арбоби, матонатли, қўрқмас инсон, қиёси йўқ саркарда эканлигида. ...Темур Пўлатов шахснинг ана шу марказий ядросини кўра олмаган». Ваҳоланки, ёзувчи Жалолиддиндек тарихий шахс ядросини унинг олим санаб ўтган ҳаммага маълум ва машҳур хусусиятларида эмас, балки инсон психологиясининг янада чуқурроқ қатламида – вақт-соати етиб, ҳаёт моҳиятини англаган ва дунё ташвишларидан қўл ювиб ўлимни ёруғ юз билан қарши олганликдаги донишмандлигида кўради. Адиб концепциясининг чуқурлиги, фавқулодда янгилиги ҳам шунда!
Шундан ҳам кўринадики, ҳар қандай бадиий асар ҳақида тўғри ва тўлақонли фикр айтиш муайян ёзувчининг бутун ижодидан, унинг ижодий қарашларидан хабардорликни тақозо этади. Агар Душаннинг бувиси умрининг сўнгги кунларида мулойим-вазминлашиб қолганини, Ғойибнинг отаси аъзойи-баданидаги жонни қуёнга ҳадя этиб юборганини, Ғойибнинг Кўкорол сари ёруғ юз билан йўлга тушганини эсласак, Жалолиддин не сабабдан курд соқчисига қаршилик кўрсатмагани аён бўлади-қўяди.
Темур Пўлатов фалсафасининг изчил йўналишини ташкил этган «аён бўлиш...» ҳодисаси кишини мағзи бўлиқ вазминликка, дунёни янада теран англашга, муносиброқ, инсонийроқ яшаш ҳақида бош қотиришга ундайди. Бундай лаҳзани бошидан кечирган Ғойиб, Душаннинг бувиси, Жалолиддин ва ҳоказо қаҳрамонлар дунёга, одамларга эзгулик кўзи билан қарай бошлайдилар, улар дунёнинг барча ўткинчи ҳою ҳавасларидан ўзларини устун сезадилар.
Шу боис Жалолиддин ўзини талаётганларга жирканиб қарайди, ҳатто у мол-мулкка ружу қўйган одамзоднинг аҳволига ачинади, нафрати шу даражага кўтариладики, унинг тасаввурида, одам ўлдириш эвазига бойлик орттираётган қотил қарши қўл кўтаришга ҳам арзимайди!..
Воқеа-ҳодисалар шиддатли равишда юз бераётган даврда яшаяпмиз. Ҳаш-паш дегунча кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ортда қолиб кетяпти. Ёшу қари вақтни қувиб етиш, ундан ўзиб ўтиш дардига мубтало. Қонимиз томиримизда янада тезроқ айланса, ақл-идрокимиз янада шитоб-ла ишласа деймиз. Шунда иттифоқо Темур Пўлатовнинг асарларидан бирортасини қўлга оламиз. Ўқий бошлаймиз. Уч-тўрт саҳифа ўтгач, «Нега бирор ҳодиса юз бермаяпти?» деб таажжубланамиз. Бунинг устига асардаги вақтнинг имиллаб ўтаётгани сабримизни тўлдириб юборади. Бешикда ётган норасида (Душан)нинг «таассурот»лари бунча чўзилмаса?.. Калхатнинг ўз мулкини идрок қилиш лаҳзаларида эса вақт тўхтаб қолганга ўхшайди...
Аслида ошиқяпмиз, ҳатто бадиий асарни ҳам тезроқ ўқиб битирсагу бошимиздан ошиб ётган ташвишларга андармон бўлсак... Шунда Душаннинг бувиси худди бизга насиҳат қилгандек бўлади: «Одам деган ўз умрининг ҳар лаҳзасидан роҳатланиб яшамоғи керак...» Шу гапдан сўнг шууримиздаги шиддат сусайгандек бўлади ва беихтиёр роман воқеаларига, бош қаҳрамон феъл-атворига разм солишга уринамиз.
Бувиси вафот этгач, шаҳарга қайтиб келишганида Душан ўзига ўзи, «Йўқ мен одамлар олдида йиғламайман, бир ўзим ҳеч ким йўқ ерга кириб бувимни ўйлайман...» дейди. Интернат директори Абляасанов Душанга «Сен болаларни кузатиб юр, ким нима иш қилса менга айтасан», деганида Душан, «Йўқ, мен ундай қилолмайман... ҳаммани кузатиб юролмайман», дейди. У интернатда юз берган ҳодисани мулоҳаза қилиб кўриш учун кун бўйи ёлғиз ўй суриб юради. Ўй суриш – Душаннинг тинимсиз фаолиятига айланади. Юзаки қаралса, Душан воқеалардан четда тургандек бўлади, аслида унинг нигоҳи доимо ўзининг қалбига, шуурига қаратилгандир. Атрофда юз бераётган ҳодисаларни эмас, уларнинг ўз қалбида қанчалик из қолдираётганини ўрганади Душан.
Биз эса қалашиб ётган юмушларимизни ўйлаб, фурсат етишмаслигидан нолиймиз, Душанга ўхшаб қалбимизга қулоқ солишни мудом кейинга сурамиз. Душаннинг кечинмаларга берилишидан таъсирлана борганимиз сайин у бизнинг қўлимиздан тутаётганини, ўз умримиз, ҳаётимизни қалбан идрок қилишга ундаётганини сезамиз.
Дарвоқе, умр лаҳзаларини Душан сингари идрок этиш ҳаётимизни янада мазмунлироқ қилади, қалбимиз Душаннинг қалби сингари «донолик уруғи кўкарадиган замин»га (И.Ғафуров) айланади. Воқеликнинг, тарихнинг объектив ривожланиш манбаларини Т.Пўлатов шахснинг ана шундай субъектив камолотида кўради. Ёзувчининг ижодий концепциясидаги ушбу парадоксни илғай олсак, аллома Тарозийнинг «Ялқовлик тароналари»дан ажабланмаймиз. Буюк ялқовлик пировард натижада буюк яратувчиликка олиб боришини тан оламиз...
Қаранг, ҳаёт, турмуш мароми тобора тезроқ, шиддатлироқ яшашга ундаяпти, ёзувчимиз эса бизнинг қўлимиздан тутяпти. XX аср «тезроқ, жадалроқ!» деб турган пайтда Т.Пўлатов бу тезлаштириш омилини вазминликда, босиб ўтилган ва ўтилаётган йўлнинг муфассал идрок этилишида кўрмоқда. Т.Пўлатов парадоксларидан бири шунда!.. Одамнинг ҳар бир қадами тўғри ё нотўғри бўлиши мумкин. Ҳар дақиқада одам камида икки йўл оралиғида турган бўлади, Т.Пўлатов қаҳрамонлари икки йўл эмас, бамисоли икки ўт орасида қолгандек бўладилар.
Ёзувчи қаҳрамонларига ном танлашининг ўзида бир дунё жумбоқлар, парадоксларга дуч келамиз. Беков – ўз даврида бек эди, кейин беклиги чипакка чиқди. Эгамов – ўз тақдирининг эгасими ёки Қулихон, яъни қулликнинг хоними?.. Ғойиб – сўнгги сафарга – Ғойиб бўлишга маҳкум...
Парадокслар, жумбоқлар ҳаёт ва инсон ҳақида янгича ҳамда ғайриоддий ва фавқулодда мушоҳада юритишга ундайди. Китобхонга янгича нигоҳ, янгича нуқтаи назар адо этган бадиий асар зиммасидаги улуғ вазифани ўтаган ҳисобланади. Т.Пўлатов жумбоқлари китобхонни ана шундай бахтга мубтало қилади. Юрий Казаков «Яхши адибларнинг ёзган нарсасида доим яна нимадир бўлади» деганида худди шундай фазилатни назарда тутган.
Т.Пўлатов асарларида эса «яна нимадир» – жумбоқлар тугамайди...
Андрей Битов Т.Пўлатовни ёзувчи сифатида аломат бир ҳодиса эканлигига эътиборни қаратади, унга «Асли қайси халқ ёзувчисисан?» деган мазмунда киноя қилади. Катта истеъдоддар бир халқнинг, бирор республиканинг эмас, балки умуминсон фарзандига айланадилар, зеро ўзбек адиби Темур Пўлатов асарлари Инсон ҳақида, Севмоқ, Яшамоқ ва Ўлмоқ ҳақидаги ҳаётнинг вазмин жилваларига ўхшайди. Шунинг учун ҳам адибимизнинг асарлари ошиқмай, синчков мутолаани – фаол мушоҳада юритишни тақозо этади...
Хуршид Дўстмуҳаммад,
ёзувчи
ҒОЙИБНИНГ ИККИНЧИ
САФАРИ
Эвелина Шевяковага
бағишлайман
1
Ғойиб елдек келиб, селдек олиб кетадиган офтоб уриши, илон чақиши, балиқдан заҳарланиш, кўр ё карлик, йўтал ё кўз тегиши каби бало-қазолар сабаб бўлиб ўладиган ёшдан аллақачон ўтиб кетган, уни фақат ота-боболарининг арвоҳи безовта қилиб, ёнларига чақиришлари қолганди, холос.
У ҳар куни эрталаб ҳовлига чиқар, туя терисидан ийланиб ишланган тўшагини қозиққа иларди-да, олисдаги тепаликка қараб хаёл сургани-сурганди...
Ғойиб оролда ҳаётни бошлаб берган биринчи одам қаердан пайдо бўлгани, табиат уни нимадан яратганлиги ҳақида ўйга толарди. Авваллари Ғойибга ўша илк инсон қуюндан яралагандай туйиларди. Қум тўзонли қуюқ тепадаги ғордан сакрагану янгиланаётганидан севиниб, денгиз сари интилган. То мадори қуриб, сув ёқасига етиб тўхтагунича харсангларга урилиб, калхатларни ҳуркитиб бораверган.
Қирғоқда сув, шамол ва қуёшнинг ҳаракати билан қуюн лой устунга айланган. Кейин эса устун калхатларни ҳайратга тушириб, денгиздан инсон қиёфасида чиқиб келган.
Бир куни Ғойиб Ермолай билан ялангликда ўтиришарди. Тепаларига қуюн бостириб кела бошлади. Ғойиб қуюн пайдо бўлган ўша тепаликни кўрсатиб, хаёлидаги фикрни ошнасига айтди.
– Қара, одам, – деди Ғойиб, кексаларга хос осуда ҳаяжон билан, чанг гирдобидан кўзини узмай.
Ғойиб қуюн етиб келишини ва Ермолай ҳам қум ғаройиб тарзда ғамгин инсон қиёфаси ҳосил қилишини ўз кўзи билан кўришини кута бошлади.
Ермолай қаради-ю, лекин ҳеч қандай одам-подамни кўрмагач, ура уйи томонга югурди. Чунки қуюн унинг томи ва эшикларини кўтариб кетиши мумкин эди – қуюн ўша ёққа йўналганди.
Ғойибни бўлса қуюн ерга ағанатиб, ярим белигача қум билан кўмиб ташлади. Чол сал бўлмаса ўлиб кетарди. Хайриятки, ўзини анчадан бери қизиқтирмай қўйган ҳамюртлари уни қум тагидан вақтида тортиб олишди.
Кейинги сафар Ғойибнинг ҳақиқатга яқинлашувига илон сабабчи бўлди. Чол тўшакнинг тагига кириб олган илонни офтобга улоқтириб юбориб, кечқурун уни қовжираган ҳолда топди. Илоннинг кўзигина тирикдек эди.
Ғойиб газанданинг кўзларига қараб ҳайрон бўлди. Бу илоннинг танаси офтобда қуруқшаб кетган бўлса ҳам кўзлари илгаригидай жонли эди.
– Кўриб қўй, – деди Ғойиб илонни Ермолайнинг олдига олиб бориб, – илоннинг кўзлари ўлмайди, сабаби – ҳеч нарсадан куйинмайди, ҳеч нарсадан ажабланмайди ҳам. – Ғойиб ошнаси илоннинг кўзларига солиштириб кўриши учун ўз кўзларини
кўрсатди.
Ғойиб илонлар бир замонлар дарахтларнинг томирлари бўлганликларини биларди. Улар ер юзидагига қараганда тубида ҳаёт мароқлироқ бўлгани учун қум тагига кириб кетишган. Оролдаги дастлабки одам ҳам ана шу қумдан пайдо бўлган.
Гарчи Ермолай ўзгалар фикри билан иши йўқ, кўп қатори ўзи билан ўзи овора бўлиб яшаса-да, ҳозир Ғойибнинг гапини маъқуллагандай қиёфада ўтирарди...
Денгиз эса уларнинг оролидан тобора олислаб борарди.
Ота-боболари: олдин биздан ўрмон кетиб қолди, ундан ҳам олдин дарё кетиб қолди, деганларидай, бугун одамлар биздан балиқ кетиб қоляпти, дейишарди, чунки улар табиатдаги барча ожиз нарсалар саҳрога жой бўшатиб беришларини билардилар...
2
Оролда одамлар балиқ ови мавсумини кутиб юришган кезлар бир кун кечаси чолнинг тушига калхат кирди. У инграниб уйғонаркан, қазоси яқинлашганини билиб, тўшакда узоқ ўтириб қолди: калхат ажал даракчиси эди.
Ғойиб дорилбақо сафарига шай эди. Чамаси у ҳамма ишини битирганди. Қамиш ўриб, уйининг томини қайтадан ёпди – уйда энди ўғли билан келини яшашади; ким билан сан-манга борган бўлса, рози-ризолик қилишди; кимдан бирон нима олган бўлса, қайтарди; танаси бўлар-бўлмас нарсага қувватини йўқотиб қўймаслиги учун еб-ичишдан нафсини тийди. Ҳар қалай, уйдами, денгиздами ота ўрнини босиб турар, деб Оқчидаги заводда ишлайдиган ўғлини ҳам оролга, хотини ёнига қайтишга ахири кўндирди.
Ғойибни ўлим васвасаси чўчитарди. У бошқа, олис ва машаққатли дунёга рихлат қилишини, яхши ҳам ёмон ҳам бир кунмас бир кун ўша ёққа кетишини ва ўша боражак дорилбақо узоқ эмас, шу атрофдаги қумликлар орасида эканини биларди.
Ғойиб қумга айлангач, ўзининг янги ҳаётида узоқ вақт дарбадар кезиб, тирикларга ташвиш орттиришдан қўрқарди.
Шамол уни учириб, оролга сочади, у денгизга ҳам тушади, балиқлар уни ютиб, қоринлари билан қанотлари орасида олиб юришади. Кейин ўзга шаҳар ва воҳаларга бориб қолади ва шу тариқа ҳаловатга интила-интила мангу кезиб, айланаверади, лекин барибир қиёматгача ўша ҳаловатни тополмайди.
Ғойиб нариги дунё тараддудини кўриш учун озгина фурсат берилганини биларди. Демак, имилламай, шу бугуноқ Кўкоролга жўнамаса бўлмайди.
Ғойиб ўша ерда туғилган, бир замонлари Ойшага аччиқ қилиб, жазосини тортсин, деб ўша ердан қочиб келган... Бу воқеалар қачон бўла қолди ўзи? Чол қуруқшоқ лабларини ялади. Ғойиб ҳар сафар Ойшани ўйлаганида димоғига ўрик бўйлари урилади. Ўрик ҳиди қайдан келаркин? Ахир, ўшанда кун қаттиқ иссиқ бўлиб, Ғойибнинг атрофидаги буталар орасида қурбақалар сакраб юришган эди-ку?!
Ғойиб яқинда Кўкоролдан келган балиқчилардан бирини денгизда учратиб қолди. Ўша балиқчи Ойша соғ-саломат юрганини ва ҳануз сўққабошлигини айтди. Ойша илгаригидай сув ўтларини йиғар, балиқларни қумда пишириб, оролга келган меҳмонларга сотаркан.
Ғойибнинг отаси-ю бутун аждодлари у қочиб кетган ўша оролга дафн этилган.
Мана энди бобоколонлари Ғойибни ёнларига чорлашяпти. Улгуриши даркор. Гарчи Кўкорол бу ерга яқин, ҳатто туманли кунларда ҳам кўриниб турса-да, унга етиб олиш осон эмасди.
Қайиқ керак. Ғойибнинг эса қайиғи йўқ. Ермолайда ҳам, бошқаларда ҳам йўқ – ҳаммаси бригадаги йиғиб олинган: балиқ ови мавсумига шай қилиб қўйилибди.
Раис Оролов буйруқ бўлмагунча балиқчиларнинг денгизга хоҳ якка, хоҳ кўпчилик бўлиб чиқишларини тақиқлаган. Посёлка ҳувиллаб ётибди. Ҳамма икки кеча-кундуздан бери денгиз бўйида қоровуллик қилиш билан овора. Фақат қўйларгина дайдиб ҳовлима-ҳовли кириб, остоналарни ҳидлаб юришибди,
Бухоролик сайёр косиблар шундоққина қумга чўзилиб ётишибди. Чаёнлар ўриб келиб чақиб олмасин, деб теваракларига қил арқон ташлаб қўйишган.
Оролга бир ҳафта аввал келган бу косиблар ов бошланишини кутиб, ушланиб қолишди. Ишчан бухороликлар вақтимиз бекор ўтмасин, деб кеча кун бўйи оролдагиларнинг соч-соқолларини олишди.
Осетин Владимир қўлида мусалласли кўза билан қумда ухлаб ётганлар ёнидан аста юриб ўтди. Косиблар кечаси унинг ертўласида мусаллас ичишганди. Владимир битта-яримтаси тунда ҳам мусалласталаб бўлиб қолиши мумкин деган хаёлда бу ерга келганди.
Владимир Ғойиб билан салом-алик қилди-да, ғамгин қиёфада кўзадаги мусалласини қоровул ошнаси билан баҳам кўргани бир-бир маёқ томонга йўналди.
Ғойиб ҳозиргина шамол ҳосил қилган топ-тоза қум бархани ёнида ечина бошлади.
...Яланғоч бўлиб ўтиргач, оёғини қумга кўмди-да, сафар олдидан қон юришсин учун баданини ишқалашга киришди.
Шундан кейин ярим соат чамаси саёзликда сувни шапиллатиб юрди, чуқурроқ жой тополмагандан сўнг соҳил яқинроғида чўмила бошлади.
Чол сафар муносабати билан тиктириб қўйган янги кўйлак-иштонлари тугукли тугунчани соҳилда қолдирган эди. Тугунча олдида Ермолайнинг ёши ўн тўртларга бориб қолган, юзи катталарникидек ҳорғин ўғли Прошка Ғойибни кузатиб ўтирарди.
Отаси уни Ғойибдан хабар олгани, агар чол бетоб бўлса, балиқ мойи элтиб бериш учун юборганди.
Аммо қария соппа-соғ эди. Прошка ёлғиз ўзи ўтиравериб зерикди-да, денгизга тушиб, Ғойиб томонга югурди.
Бу сафар Ғойиб болани нохуш жеркиб қарши олди – чол ёлғиз ўтирмоқчи эди.
– Нима, менга кўз-қулоқ бўлиб юрибсанми? – сўради Ғойиб сувдан кўтарилиб.
– Дадам сизга балиқ мойи бериб юбордилар.
– Менга мой нега керак экан? Олиб кетавер... Йўқ, шошма, кўрфаздан келяпсанми?
– Ҳа. Бригадир келиб, ҳаммани уришиб кетди.
– Қайиқларнинг ҳаммаси боғлоқли турибдими?
– Ҳа. Дадам қўриқлаяптилар... Балиқ тутмоқчимидингиз? – талмовсираб жилмайди Прошка.
– Нима қипти? Бошқалар ҳам тутишяпти-ку...
Ғойиб ҳазиллашяптими ё чиндан ҳам овлаш тақиқланган балиқларни тутмоқчилигини ҳамон тушунолмаётган Прошка ҳайратдан қичқириб юбораёзди. Чунки энг оғир кунларда ҳам чолнинг тақиқланган жойда балиқ тутганини ҳеч ким кўрмаганди.
– Бўпти, боравер! – деб қўйди Ғойиб, сирли қилиб. Прошка чолнинг гап оҳангидан рости, бугун тунда балиқ тутмоқчиман, илтимос, бировга айтиб қўйма, деган маъно англади.
Прошка кетгач, Ғойиб кийиниб, кўрфазга йўл олди. У энди ҳеч ким мендан ҳеч нима сўрамайди, тинчимни ҳам бузмайди, деб ўйлаганди.
Оролда яшайдиган йигирмата хонадондагиларнинг бари бугун оқшом ўша кўрфазда эди. Булар қозоқ, қорақалпоқ, тожик, ўзбек ва бундан бир аср бурун кўчиб келган Урал казаклари эди.
Қоровулларга: денгизда катер кўрсанглар ёхуд осмонга мушак отилса, дарҳол ҳаммани уйғотинглар, қайиқларга ўтириб, ёппасига денгизга чиқинглар, деб буйруқ берилганди.
Балиқчилар қайиқларини раис Оролов навбатчилик қилаётган Шимолий оролчага қараб ҳайдашлари ва ўша ерда қўшни оролларнинг балиқчиларига қўшилишлари лозим эди.
Шу кунларда ҳеч кимга ўзбошимчалик билан иш кўриш ва бирор нарса баҳонасида оролдан кетиб қолиш рухсат этилмаган, тартиббузарлар эса қаттиқ жазоланиши таъкидланганди.
Балиқчилар орол ёнидан дарё этаги – уруғ ташланадиган жойга балиқларнинг катта ғалаён ўтишини кутишарди. Балиқлар шу ерга келганда қуршаб олиниб, тўрга илинтирилиши лозим эди.
Яқингинада ҳам балиқчиларни тревога билан оёққа турғазишганди. Бироқ улар дарё этагига етганларида орқага, уй-уйларига қайтишларига тўғри келди. Балиқ галаси одамлар кутмаган ёққа кетиб қолган ёки чарчаган учувчилар кўзига балиқлар уруғ ташлаш жойига силжиётгандай бўлиб кўринганди.
Одамлар кўрфазнинг панароқ жойида овқат пиширишар, еб-ичишар, ухлашар, изҳори дил қилишарди. Куни кеча Қалихон қариб-чуриб шу ерда оламдан ўтди...
Ғойиб қамишзор орасига бекиниб олиб, ухлаётган одамларни кузатарди. У олдинда баджаҳл қоровул чол – Мусулмонбекнинг тутаётган машъала ушлаганча мудраб ўтирганини кўрди.
Бошқалар эса ғира-шира қоронғиликда кўринишмасди. Ғойиб ким қанақа вазиятда ўтирганига қараб уларни танир, исмлари ва лақабларини ҳам эсларди: Қўшжон, Полвон, Ванька кўса.
Ғойиб негадир бир пайтлари бўлиб ўтган воқеани эслади. Ўшанда балиқчилардан хабар олгани келган бригадир худди ҳозирги Ғойибга ўхшаш қамишлар орасида бекинган жойидан ухлаётганларни калака қилиш учун овози
