Besh qavatli uyning oltinchi qavati
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Besh qavatli uyning oltinchi qavati

АНОР

БЕШ ҚАВАТЛИ
УЙНИНГ ОЛТИНЧИ
ҚАВАТИ

БИРИНЧИ БОБ


Бу висола юху [1] аҳволи демак мумкин эди,
Юху ўлсайди агар дийдайи гирёнимиза
[2].

...Аммо қўққисдан сукунат чўкди. Чала уйқуда ётган Заур ҳатто бироз таажжубга тушди. Ахир не ҳодиса рўй бердики, каттакон меҳмонхонанинг шовқин-сурони, бегона, хорижий тилдаги суҳбатлар, кулгилар, қаердандир жуда олисдан эшитилаётган мусиқий садолар (саксафон, рояль, бошқа чолғу асбоблари чалинаётган эди), лифтнинг ғичирлаши, бошқа овозлар қўққисдан ғойиб бўлди ва бу таниш овозлар қатори океаннинг гувиллаши ҳам тинди...

Тун ярмидан ўтган эди. Вақт жадвали, одамларнинг ётиб-туриш тартиботлари бутун дунёда Таҳминан бир хилдир ва эндиликда бу жадвалнинг ҳукми инсонларнинг, улар ижод этган машиналар, механизмлар, асбобларнинг овозлари билан биргаликда гўё табиатнинг муҳташам хилқати бўлмиш океан товушини ҳам кесиб қўйгандек эди.

Уйқунинг ёпишқоқ қуюқ бўтқасида (бу ерларнинг ҳавосига ўхшарди бу бўтқа) ботиб қолган, жаҳд билан бедорлик оламига чиқишга уринаётган Заур «Фарангиз деразаларни бекитган бўлиши керак, холос», дея ўйларди; товушни ўтказмайдиган деразалар ташқаридаги бутун садоларни, куйларни, ўйин-кулги овозларини кесиб қўйди, улар Заурнинг нимхоб-нимбедор шууридан ташқарида қолди.

Қулоқни тешиб юборгудек жаранглаётган сукунатдан сўнг хона қоронғилик оғушига ғарқ бўлди. Фарангиз деразани ёпгач, чироқни ҳам ўчирди. Заур юмилган қабоқлари орасидан туси ўзгариб бораётган қоронғиликни ҳис қилиб ётарди – аввал хона олатурон тусга кирди – ваннанинг очиқ эшигидан полга тўрткунж шуъла тушиб турарди. Эшик бекитилгач, хонага хобчироқнинг нимтатир атир ҳиди каби заиф шуьласи ёйилди. Фарангиз бу чироқни ҳам ўчирди ва шу заҳоти хонага қуюқ зулмат чўкди.

Заур зил-замбил қабоқларини очди, хонанинг қатрон каби қуюқ бу зулматида бир лаҳза ўзини муаллақ қолгандек ҳис этди – бу қаер, ўзи қаерда ётибди – билмасди. Аммо бу оний ҳол эди, холос. Бир лаҳзадан сўнг, гарчи кўзлари бу қора зулматда ҳеч нарсани фарқлай олмаётган бўлса-да, қаерда ётганини аниқ идрок эта бошлади – меҳмонхонанинг бир хонаси эди бу ер, тун чўккан эди, олис масофалардан, учишлардан, югуриб-елишлардан ва бошқа ташвишлардан толиққан кун ўтиб бўлган, умрининг тағин бир куни ўз интиҳосига етган эди. Бу интиҳо дақиқалари Заурнинг кўзларидаги ғуборни аритиш учун мудрай бошлаган эди. Мана, тун ярмидан ўтган, янги кун, янги сана бошланган эди. Аммо бу қандай кун, қандай сана? Москвадан Африкага ўн бир соатлик парвоз мобайнида улар Овруподан, Ўрта Ер денгизидан, Саҳройи Кабирнинг устидан учиб ўтган эдилар. Бунда вақт-замон тушунчалари қоришиб кетган, Заурларнинг умрига уч соат қўшилган эди. Боку билан Москва ўртасидаги бир соатлик фарқ ҳам бунинг устига қўшилса, улар ўз умрларига тўрт соатлик ҳадя олган эдилар. Тўғри, бу ҳадяни қайтаришга тўғри келарди – уч соатини бу ердан Москвага учганда, бир соатини эса Москвадан Бокуга қайтганда...

Ер куррамиз вақт минтақаларига бўлинган, Ғарбдан Шарққа кетган сари бир соат илгари юрасан. Москвада соат ўн бир бўлганда, Бокуда ўн икки бўлади... Ғарбга қараб шундай бир суръат билан илгари кетсангки, доимо бир соат ичида бир вақт минтақасидан иккинчисига ўтсанг, ҳаммасида вақт бир хил, масалан, соат ўн бир бўлса? Вақтни шу тарзда алдаш мумкинми?

Одамнинг хаёлига қандай фикрлар келмайди, дейсиз. Тахайюл! Ҳолбуки, энг буюк тахайюл ҳам аниқ воқеликдир, масалан, уларнинг бугунги кунини олайлик, ҳазили йўқ, дунёнинг нариги чеккасидан чиқиб қолган эдилар. Африканинг Дакар шаҳрида, 17 қаватли «Энгор» меҳмонхонасида туришибди; бу меҳмонхона Атлантика океа­нининг шундоқ бўйида, океандан эллик қадамча берида жойлашган...

Бу кейинги уч куннинг таассуротлари, масофа ўлчовлари, маконнинг ўзгариши қандайдир тасаввурга сиғмайдиган бир воқелик эди... Албатта, ҳамма нарсани шуур билан аниқ изоҳлаш мумкин, аммо бундан атиги ўн беш соат олдин Москвада эканликларини ўйлашнинг ўзи идрокни зўриқтирарди. Москвада қор ёғар, уларни Свердлов майдонидан Шереметьево аэропортига олиб борган автобус деразаларини муз қоплаган эди. Ўн бир соатлик парвоздан сўнг самолёт Дакарга келиб қўнди ва улар трап­га чиққанларида юзларига ўтли нафас – Африка нафаси урилди. Бу ғалати бир нафас бўлиб, у гўё Африка тупроғидаги ҳар бир нарсага – ҳавога ҳам, озиқ-овқатга ҳам сингиб кетган эди. Ҳам хушбўй, ҳам бадбўй, ҳам ғалати таъм ҳиди эди бу... Муайян зироатлар – маниока, ерёнғоқлар билан боғлиқ эдими бу ҳид, бу таъм ёки океан мавжудотлари – балиқлар, йўсинлар биланми, ким билсин... Аммо ҳаддан зиёд даҳшатли, гўё баданни эритиб кўйлакка ёпиштираётган бу иссиқ ҳам, ёқимли ҳид, хуш таъм ҳам, аэропортда илк дуч келганлари – юзлари ўта қораликдан кўкимтирлашиб кетган одамлар ҳам Африка эди...

Табиат манзаралари кишини лол қилиб қўярди. Баъзан, хусусан, оқшом чоғлари ғира-ширалик оғушидаги сокин гўшалар, дарахтлар, майсалар, йўллар Абшерон манзараларини ёдга соларди. Олислардан тўлқинларнинг шовуллаши, чигирткаларнинг чириллаши эшитиларди. Хаёлларга чўмиб борар экансан, қўққисдан сесканиб кетардинг, бундай таниш «Абшерон йўллари»дан узун африкача кўйлак кийиб олган жингалаксоч занжи аёллари ўтиб қолишарди. Жингалак сочлари қисқа-қисқа урилган бўлиб, бошларига салласимон мато ўраб олишган. Бу қадар таниш манзара, таниш овозлар оғушида бутунлай бошқа бир халқ, бошқа ирқ, бошқа дунёнинг одамларини учратиш тасаввурни толиқтирарди...

Меҳмонхона ёнгинасидаги океан соҳил ҳам ғалати таъсир қиларди: бутун соҳил бўйлаб бир хил масофада устунлар кўмилган бўлиб, узоқдан бу ер худди қабрис­тонга, бўйи-энига бир хил аскарлар мозорига ўхшарди... Кимлар кўмилган экан бу соҳилга, чўкиб ўлганларми? Йўқ, бу устунлар чегара устунлари эди – сув бўйининг бўлиб ташланган жойлари «Энгор» меҳмонхонасининг алоҳида-алоҳида хоналарига, бу хоналарда яшовчи меҳмонларга мансуб эди... Соҳил қадам-бақадам бўлинган, парчаланган, тақсимланган, океан эса чегарасиз, озод эди...

Улар Дакарда уч кун бўлдилар, Атлантика океанида чўмилдилар, шаҳарга тушиб баланд, оппоқ биноларни, қамиш ва сомондан қурилган қасабаларни кўрдилар, Кермел бозорини ва неча асрлаб қўллари боғланган қулларнинг зиндони бўлган Горе оролини кездилар...

Эртага эса ортга, ватанга қайтишлари лозим эди. «Онамга минг раҳмат, – деб ўйларди Заур, – ахир бу саёҳатимиз ҳақидаги фикр ойимдан чиқди. «Кейин бола-чақа билан бўлиб кетиб, бунақанги саёҳатларга имкон тополмай қоласизлар, ҳозир ёшсиз, қўл-оёғингиз ипсиз боғланиб қолгани йўқ, боринг, дунёни кўринг...» Онаси тўғри айтади, бундай саёҳат инсоннинг умрида бир марта насиб бўлса бўлади, бўлмаса – йўқ... Онаси ҳол-жонига қўймади.

Заур ҳам эътироз билдирмади, аммо, ростини айтганда, бу саёҳатга у қадар майли ҳам йўқ эди. Охирги пайт­лар бошқа нарсаларга нечоғлик лоқайдлик билан қараса, бу саёҳатга ҳам ана шундай бефарқ эди... «Нима бўпти, борсак борамиз, бормасак йўқ...» Бир пайтлар саёҳатлар, сафоли кунлар ва ҳаётнинг бошқа лаззатлари учун жонини бермасмиди Заур? Нега энди бу ҳақда, умуман, ҳеч нарса ҳақида ўйлашни ҳам истамай қолди у?

Қоронғиликда шивирлаб хотинидан сўради: – Ухлаяпсанми? Жавоб бўлмади. Жавоб бермаслигини биларди. Фарангизнинг ухлаб қолишини сокин, текис нафас олишидан сезарди. «Фарангиз сира хуррак отмайди». Бу никоҳларининг илк ойида қилган энг катта ва ёқимли кашфларидан бири эди. Ростдан ҳам Фарангизнинг хуррак отишини тасаввур қилиш мумкин эмас эди. Заур хаёлан Фарангизни жилоланиб турган шаффоф биллур кулдонга ўхшатарди. Бундай кулдоннинг хуррак отиши, қичқиришини ақлга сиғдиролмас, фақат «бу кулдонга қўққисдан, эҳтиётсизлик билан тегиб кетиш ва уни синдириб қўйиш мумкин» деган тасаввур бор эди Заурда... Ўзидан олти ёш кичик бўлган бу қизга, ўз хотини бўлмиш Фарангизга муносабатида айқаш-уйқаш туйғулар қоришиб кетган – унга нисбатан ҳам навозиш, ҳам раҳм-шафқат, ҳам кучли ҳаё бор эди...

Фарангиз ўта уятчан бўлиб, биров у ҳақида гапирганида қизариб кетар, ёноқларига ҳаёдан реза-реза тер томчилари тепчирди. Бу ҳол баъзан Заурни асабийлаштирар, негадир унинг кўзлари олдида дарҳол Фарангиз ўсган оила – отаси Муртуз, онаси Олия ва акаси Спартак намоён бўлар, Муртузнинг калондимоғлиги, манманлиги, Олиянинг каттазанглиги, Спартакнинг доғулилиги сингари Фарангизнинг маъсумлиги ҳам Заурга гўё бир ниқоб, бошқаларга кўз-кўз этиш учун қилинадиган зоҳирий сохталик бўлиб туйиларди. Аммо Фарангиз билан ёлғиз қолганда Заур унга жуда меҳрибон бўлиб қолар, унинг чиндан ҳам ўта тортинчоқ, уятчан эканлигига ишонар, покизалигига, боладек мусаффолигига, соддалигига ҳатто ҳасад қилар, афсуски, менинг ўзим ҳеч қачон бу қадар соф, сокин ва бамайлихотир бўла олмайман, деб ўйларди...

Эҳтимол, Заурнинг бутун умиди ана шу – ўзи учун эмас, бошқалар учун, Фарангиз учун, келажак авлодлар учун яшашда эди... У шундай бир ҳаёт кечириши лозимки, бу ҳаёт зоҳиран қараганда ҳаммасига, шу жумладан, Фарангизга ва келажак авлодларига ҳам бахтли бир ҳаёт тимсолида намоён бўлсин... Балки ўшанда, Фарангизнинг ва келажак авлодларнинг кўзларида ана шу бахтиёрлик, сокинлик, шодмонликни кўраркан, Заурнинг ўзи ҳам, эҳтимол, бу саодатдан мутаассир бўлар, унинг юрагида оила севинчининг акс садолари янграр...

Заур келажак ҳаётини, уй-жойини, осойишталигини тасаввур қилишга уринди, аммо шу заҳоти бир орзиқишдан юраги сиқилаётганини ҳис қилди. Бошқа нарса ҳақида ўйлашга уринди, аммо нима ҳақда ўйлашни билмасди. Дарвоқе, бирор нарса ҳақида ўйлаш шартми? Балки шарт эмасдир, аммо унда ўзи тўсатдан уйғониб кетадиган бу кечаларни, на ухлай оладиган, на тура оладиган бу номуайян вақт бўшлиғини нима билан тўлдирсин... Ташқарида, меҳмонхона олдидаги айвонда неча дона соябон бор экан? Камида йигирма-ўттизта бордир. Уларнинг ранглари қанақа? Қизил, сариқ, яшил, кўк, зангори, жигарранг... Чиндан ҳам уни аста-секин уйқу ўз оғушига олди...

Бу бўйни у уйқусида туйди, ҳали ухлаб ётганини, уйғонмаганини уйқуда ҳам идрок этиб ётарди. Аммо уйқуда ҳам таниди бу бўйни. Бу ҳид ер юзида худди Африканинг ҳиди каби фақат битта, бетакрор эди. Аммо Африканинг бўйи эмасди бу. Заур ҳамон уйқуда ётар, уйқу оғушида зўр бериб ўйларди: бу ерга қайдан етиб келди бу бўй, қандай етиб келди. Дакарга, меҳмонхонанинг 17-қаватига? Гўё уйқуда унинг шуури увишиб қолган, уйғонишга мажоли етмас, бундан эса у баттарроқ ийманарди. Бу қандай бўйлигини, кимники эканлигини биларди. Ахир у ҳамон ухлаб ётар, аммо бу бўйдан – Таҳминанинг бўйидан бош­қа – турли-туман фаранги атирларнинг қўшилишидан пайдо бўлган бу бетакрор ифордан бошқа ҳеч нарсани туймасди. Бу атирларни қўшиш сирини фақат Таҳмина билар ва бу сирни у ҳаммадан пинҳон тутарди. «Ҳар қандай атирни, ҳатто энг нодирларини ҳам ҳар бир аёл топа олади, – дерди Таҳмина. – Демак, бу атирни ҳар қандай аёл сепиб юриши мумкин. Аммо ҳар бир аёлнинг ўз бетакрор ифори бўлиши керак. Шунинг учун ўша атирларни бир-бирига қўшиш керак. Аммо қайсинисидан қанча қўшиш керак? Бу сир, бу сирни фақат мен биламан».

Рўёли уйқу оғушида, сўнган экран қаршисида турган каби Заур ниманидир интизорлик билан кутарди. Мана, ҳозир экран ёришади, уйқу рангларга беланиб, товушларга тўлиб кетади ва унда Таҳмина намоён бўлади, ахир унга масофалар, қитъалар, океанлар, чегараларни босиб ўтиш нима иш бўпти. Модомики унинг дунёнинг нариги бошидан таралаётган зариф ва заиф ифори Заурнинг димоғига урилаётган экан, рўйи жамолининг, овозининг, нафасининг, кулгиларининг бу ерга етиб келиши шу қадар қийинми? Уйқунинг оғир, босринқи мантиғидан келиб чиқиб ўйларди: ахир Таҳмина қайси рейс билан учиб келди экан бу ерга, Москвадан бу ёққа самолёт ҳафтада фақат бир марта учади-ку. У уйқуда ҳам буни унутмаган, уйқуда ҳам. «Ахир бу уйқу-ку, мен уйғонишим керак, дарҳол уйғонишим лозим, қўлларимни узатиб хобчироқни ёқишим керак», деб ўйларди. Қўлини узатиб, хобчироқни ёқар, аммо чироқ ёнмасди ва Заур ҳамон уйқуда ётганини, чироққа ҳам тушида қўл чўзганини, аслида эса ҳеч қандай қўл чўзмаганини, чироқни ҳам тушида ёққанини, аслида, ҳеч қандай чироқ ёнмаганини, уйқудан ҳам тушида уйғонганини, ўзи эса уйғонолмай ётганини англарди...

Уйғонмаган бўлса, демак, уни яна кўради... Ҳа, ўша кундан бери яна бир бор кўради Таҳминани. Неча ой ўтди экан ўша кундан бери? Йўқ, ўртада яна бир бор кўрди уни. Тушида эмас, ўнгида ҳам эмас – телевизорда кўрди. Фақат бир мартагина, холос. Энди эса... бу ерда, Ғарбий Африкада, мустақил Сенегал Республикасининг пойтахти Дакар шаҳрида тағин Заурнинг кўз ўнгида турибди у... Ҳужжатларни – тиббий йўлланма, анкета, уч имзо қў­йилган тавсифнома, рухсатномаларни нақадар тез тўплаб топширган у. Йўлини қилиб, ҳаммасини жуда тез, шошилинч тўғрилаган. Нима бўлса ҳам тезроқ учиб кетсин. Дунёнинг нариги чеккасига, Заурнинг ёнига етиб борсин ва ҳамма нарсани ортига қайтарсин. Бутун ўтган-кечганлар янгидан бошлансин, ҳаммаси тағин қайтадан... Бўлгани бўлди, уларнинг ҳаммаси энди ортга қайтмайдиган абадийликка сингиб кетган эди. Хўш, унда бу-чи... Ахир бу туш-ку, – дея ўйларди... – Тушнинг нимасидан қўрқасан. Уйқунинг нимаси қўрқинчли? Ҳозир уйғонаман, ҳаммаси ўтиб кетади, – деб ўйларди у ва айни пайтда шуни ҳам яхши тушунардики, уйқусидами, бедорлигидами, бу дунёда унинг учун Таҳминанинг навозишларидан ҳам қўрқинчлироқ ҳеч нарса йўқ эди. Таҳминанинг навозишлари, эркалашлари, шивирлашлари, айтилмаган гиналари. Хусусан, қоп-қора, узун, қуюқ киприклари; у шунақа киприк қоқардики, гўё қадимий бир китобнинг оғир саҳифасини очаётганга ўхшар, бу киприклар Таҳмина юзларининг тенг ярмига соя солиб турарди... Бир сафар Заур ширакайф чоғида унга «сен кип­рикларингни очганингда гўё башарият тарихида янги саҳифа очилади», деган эди...

...Уйқуда иродаси заифлашиб, идроки, мантиқ иплари салқи тортганда Заур Таҳминанинг нимқоронғи истакларига тамоман тобе бўларди. Ахир бу истак унинг, Заурнинг ҳам истаклари эди-да. Бир кун келиб, Заур иродасини тўплаб, бутун ҳис-ҳаяжонларини ўз юрагидан бутунлай қўпориб ташларди. Бироқ уйқунинг ўз қонунлари бор, тўғрироғи, уйқу бутун қонунлардан озоддир.

Заур эса ҳозир ҳеч қандай озодликка тайёр эмас, ҳеч қандай озодлик-позодликни истамасди. Фақат бир нарсани – уйқудан уйғонишни истарди. Энг қийини – қабоқларини кўтариш, кўзларини очиш эди... Бир жаҳд билан зўрға кўзларини очди, аммо бу ҳам уйқу эди, тушида жаҳд қилган, тушида кўзларини очган эди. Буни англаган ҳолда яна бир жаҳд қилган эди, бу сафар чиндан ҳам кўзлари очилди... Уйғонгандан сўнг бир лаҳза, фақат бир дақиқа бу хонада – Африка ҳидига тўлган бу хонада тағин бир бошқа бўй – Таҳминанинг ўша таниш ифори ҳам таралаётгандек туйилди. Заур ҳозиргина ўз жонини зўрға олиб чиққан уйқу гирдобининг сеҳри унинг бутун вужудини қамраб олган, ҳамон ундан халос бўлолмаган эди. Аммо бу ҳислардан бутунлай халос бўлиш мумкин эмаслигини биларди у. Тинч, фароғатда яшаши учун уларнинг ҳаммасини бирваракайига юрагидан сидириб ташлаши керак, ҳатто мана шу кечани ҳам сокин ўтказишни истаса, туриб кийиниши, хонадан чиқиб пастга тушиши, фикрларини жамлаб, тасаввурларини тиниқлаштириб, сўнг келиб ётиши керак. Ана шундагина тинч ухлаши мумкин.

Қоронғиликда оёқ кийимларини ахтарар экан, Фарангиз уйғониб кетди. Гарчи у ҳеч нарса демаса-да, нафас олиш маромидан Заур хотинининг уйғониб кетганини билди.

– Негадир ухлай олмаяпман, – деди Заур, – соҳилни бироз айланиб келаман.

Фарангиздан на «ҳа», на «йўқ» деган садо чиқди. «Ҳозир бориб ўзимни денгизга отаман, десам ҳам Фарангиз эътироз билдирмайди», дея ўйлади Заур...

«Фарангиз гунг бўлса керак», – деган хаёлларга борарди баъзан у. Айрим таниш-билишлар, ҳалигача Фарангизнинг овозини эшитганимиз йўқ, деганларида менинг ўзим қачон эшитибман хотинимнинг овозини, деб ўйларди Заур. Негадир унинг гапирганини эслай олмасди. Фақат айрим-айрим сўзлари... – ҳа, йўқ. Кетамизми – ҳа. Қоламизми – йўқ. Ётамизми – ҳа, турамизми – йўқ... Ёки аксинча, йўқ, ҳа, вассалом...

Заур туфлисини, кийим-бошини кийиб, хонадан чиқди... Тугмачани босган эди, лифт келди. Лифтни бошқарувчи йигит – меҳмонхона жомакорини кийган кичкина занжи Заурни кўриб кулимсиради, французчалаб нимадир деди. Заур ҳам бошини ликиллатиб кулимсиради, аммо йигитнинг нима деганини тушунмади: балки пул сўрагандир, балки унга хайрли тун тилагандир, эҳтимол, соат неча бўлганини билмоқчидир, балки лифтнинг секин юришидан шикоят қилгандир. Ким билсин?

Туннинг бу маҳалида океан соҳили бўм-бўш эди... Аслида, океанга ҳам, денгизга ҳам тикилганда унинг чек-чегарасини кўриб бўлмайди, аммо буни тасаввур қилмоқчи бўлган одамга океаннинг ҳудудсизлиги янада мудҳиш, янада афсонавий туйилади...

Соҳилга яқин жойлари, қирғоққа мажолсиз урилаётган тўлқинлари, меҳмонхона ҳавзаларининг чироқларида ёришиб турган океан ичкариси аста-секин қуюқ ва даҳшатли қоронғиликка ғарқ бўлиб борар, бора-бора зулматли уфқлар билан туташиб кетарди, аммо у интиҳосиз пучмоқларда, тобора узоқлашиб борувчи уфқнинг нариги томонида океаннинг бошқа соҳили ҳам бор эди – Америка соҳили...

«Насиб бўлса, Америкага ҳам бир бориш керак Фарангиз билан бирга», – деб ўйлади ичида Заур ва дарҳол бу фикрининг пуч, бемаънилигини англади. Нақадар маъносиз эди буларнинг ҳаммаси. Америкага сафар қилиш истаги, бу ерга, Африкага келишлари, бу жойлардан, ёт океаннинг бегона соҳилларидан осойиш-ором излаши, ҳамма нарсани унутиш истаги... Нақадар бемаъни. Ахир ҳеч қандай самолёт, ҳеч қандай кема, ҳеч қандай нақлиёт воситаси инсоннинг ўзини ўзидан узоқлаштира олмайди, ўтмишдан ажрата билмайди: «саодат излаш» дегани «саодат ахтариб, жумлаи жаҳонни кезиб чиқиш» дегани эмас-ку... Бахтиёрлик ёки бахтсизлик инсоннинг ўз ичидадир, уларни худди юк каби ташиб юрасан, қаерга борсанг-боравер, хоҳласанг дунёнинг нариги чеккасига, лекин уларни ҳам олиб борасан: бу жуда нуфузли юк – қаерда бўлмагин, у сенга ҳамроҳ – на ёнади, на чўкади, на камаяди, на кўпаяди...

Заур эгилди, бармоқлари билан соҳилнинг совиб қолган майин қумларини, тўлқинлар ялаган катта-кичик силлиқ тошларни силади ва атай ўша хиссиётни янгидан уйғотишга уринди – бу туйғу аста-секин бармоқларидан кафтларига, кафтларидан билакларига, билакларидан елкаларига, кўксига ўтди, вужудининг жамики ҳужайраларига ёйилди. Бутун борлиғига қон каби ёйилди бу туйғу, бу бахтиёр хотира... Кейинчалик ёлғонлиги аён бўлган бўлса-да, аслида, умрининг энг бахтиёр дамлари бўлиб туйилган ўша олис лаҳзаларнинг хотираси, Заур мана шундай соҳилда, майин қумлар, балиққулоқлар, йўсинлар, тўлқинларнинг гувуллаши, эпкинларнинг эркалаши билан, чўнг қоялар билан, юлдузли осмон билан бирга яшаган дамларнинг хотираси... Қумлари ҳам, эпкини ҳам, гувуллаши ҳам, осмонининг юлдузлари ҳам мана шу соҳилга ўхшаган бошқа бир соҳилда... Океаннинг эмас, денгизнинг соҳилида... Бу ерлардан жуда-жуда олис бир денгизнинг...

[2] Эпиграфлар Фузулийнинг «Лайли ва Мажнун» достони ва «Девон»идан олинган.

[1] Юху – уйқу.

ИККИНЧИ БОБ


Оҳ, хуш ул кунларки ман ҳамроз эдим жонон ила,
Неъмати васлин кўруб, нозин чекардим жон ила.


Бу энсиз соҳил узайганидан узаяр эди... Соҳил бўйининг сувлоқ қисми тўлқинларга кўк­рак тутган қоялар қадар чиққан, баъзи ерлари равон ва теп-текис текисликлар қадар чекинган эди. Денгиз аста-секин кичик кўрфазлар билан соҳил ичига кириб борар, учли кичик қумлоқ бурунларни босиб кетар, гоҳ кўтарилиб соҳилни, қояларни ўз оғушига олар, қумлоқ оролчаларни чўктириб юборар, гоҳида эса чекиниб, қалқиб чиққан бурунларни, оролчаларни майин тўлқинлари билан юварди. Соҳилнинг донадор қизил қумларини майин-майин силар, мушук ўз боласини ялагани каби эркаларди. Ушоқ тош­ларни, шағалларни, балиққулоқларни тасбеҳ каби бир-бир йигирар, сўнг қўққисдан денгизнинг авзойи ўзгариб, тўлқинлар телба шамоллар қамчилагандек юксакка сапчир, бояги навозишдан, эркалашлардан асар-­аломат ҳам қолмасди. Шамол қумларни ҳавога совурар, денгиз гўё қон-тер ичида жаҳд билан қояларга етишни, қояларнинг силлиқ тўшига урилиб, парча-парча бўлишни истарди.

Пиршоги тарафдаги маёқдан Мардаконнинг нарёғида юксалиб турган ГРЭС тўғонига қадар чўзилган бу соҳил, қирғоқ бўйидаги қасабалари-ла, Бузовна билан Зуғулба, Билгаҳ билан Хазар орасида қолган бу соҳил ғарбда Нордарон, Сарой ва Жўротнинг ёнидан ўтиб, Сумгайитга етар ва ундан ҳам юқорига – шимолга томон чўзилиб кетарди. Денгизнинг олис уфқида нурлари сўнаётган қуёш бутун соҳил устидан копток каби думалаб ўтар ва кечга бориб, Зуғулба тепаликларининг ортига ботиб кетарди. Аммо қуёш тепалар ортида кўздан ғойиб бўлгач, унинг мафтункор шуълалари, ёритгич нурлари каби самога санчилар, бу шуълаларнинг алвон акси денгиз узра олтиндек товланиб ёнарди. Шуълалар оҳиста қисқарар, атроф аста-секин қораяр, денгиз юзаси тепалар, булутлар, қояларнинг ғаройиб кўланкаларига тўлиб кетарди. Соҳил бўйидаги уйларнинг ёқут рангга беланган деразалари атрофга ғариб бир ҳазинлик таратар эди. Оқшомнинг бу пайтида денгизда ҳазин бир сукунат ҳукмронлик қилар, бу манзара денгизнинг тунги ҳаёти бошланишидан жиндай олдин пайдо бўлар – у ер-бу ерда одамлар ҳамон чўмилар, денгиздан чиққанлар олисдан соҳилнинг доғига ўхшаб кўринарди. Соҳилда бир-икки машина қолган эди, холос... Ғира-ширалик ичида яланғоч бир киши биров кўриб қолмасин дея, атроф­га ҳадиксираб қараганича артинар, кийинар, сочини тарар эди... Қолган машиналар ҳам қирғоқ бўйлаб сассиз-садосиз юриб борарди. Чўмилишдан қайтаётган охирги кишиларнинг қаҳқаҳалари, кулгилари янграб, энди бутунлай қорайиб бўлган муҳитда сўниб кетарди... Соҳил атрофидан узоқлашган машиналарнинг орқа чироқлари машина ортидан ҳилвираб бораётган икки алвон лентага ўхшарди...

Бу соҳил Заур учун дунёнинг энг жозибадор гўшаси эди. Таърифи кетган ҳеч бир табиат манзараси – на салобатли тоғлар, на серсоя ўрмонлар, шўх шалолалар, жўшқин сойлар, яшил водийлар, на чуқур даралар, на елвагай тепалар – ҳеч нарса, ҳеч жой қуёш жазираси ёқиб-ёндирган бу яйдоқ, дарахтсиз-гиёҳсиз соҳилнинг гўзаллигига тенг кела олмасди...

Таҳмина:

– Кунлар ҳам совиб қолди, – деди...

Заур эчки жунидан қилинган узун мовут сариқ гатфани [3] машинадан олиб унга узатди. Таҳмина артинар эди. У денгиздан эндигина чиқиб, машинага қадар сув томчиларидан занжирсимон из қолдириб келган, оёғига ёпишган қумлар машинанинг ичига тўкилган эди.

– Энди чўмилиб бўлмайди... Бу энг охиргиси...

– Ҳа, деди Заур ва сигарет тортди, – бу ёғи энди куз...

– Уч ой бунча тез ўтди-я, Заур? Эсингдами, бу ерга биринчи бор келганимиз. Июнь ойи эди, шекилли?

– Бешинчи июнь эди, – деди Заур, – менинг аниқ ёдимда...

– 1965 йил 5 июнь. Бу санани биронта қояга ўйиб ёзсанг бўларди. Келажак авлодларга ёдгорлик учун.

– Сўнг остига «Заур + Таҳмина» деб ҳам ёзсам, пайкон тешиб ўтган юракнинг расмини чизсам-а, нима дединг?

– Ҳа, – дея хўрсинди Таҳмина, – бу ёз шундай ўтди... Бизнинг ёзимиз...

Заур ўгирилиб орқага қаради. Таҳмина сочларини тарар эди.

– Кетдикми?

– Кетдик.

Заур моторни юргизди ва машинани соҳилнинг қумли йўллари билан катта йўл томонга ҳайдай бошлади. Иккаласи ҳам жим эди. Таҳмина қўққисдан:

– Заур, – деди, – биласанми, мен ишдан кетяпман.

– Нима?

– Иш жойимни ўзгартиряпман.

Заур машинани бирдан секинлатди, гўё ҳозир тўхтатадигандек ўгирилиб Таҳминага боқди:

– Бу нима деганинг? Қаёққа ўзгартирянсан?

– Телевидениега. Тасаввур қиляпсанми, мени сухандонликка олишяпти. Бир дўстим бор эди, ўша тўғрилади. Неча йилдан бери кел, телевидениеда биз билан бирга ишла, деб ҳол-жонимга қўймасди, аммо илгари мен негадир рўйхуш бермас эдим. Яқинда бирдан унинг таклифи ёдимга тушди, дарҳол қўнғироқ қилдим... ўша ерда ишлайди. Аммо Худо ҳаққи, мен ўз кучим билан кирдим, мени синаб кўрдилар, матн бердилар, ҳам озарбайжонча, ҳам русча ўқидим, маъқул кўрдилар... Афтидан, лойиқ деб топилдим. Айтишларича, Москвадан кўрсатувимиз берилар экан, шунга сухандон ахтаришаётган экан, айни жойига тушдим. Катталардан бири, «ҳар икки тилда мукаммал гапира олар экансиз, ташқи кўринишингиз ҳам мос», дея мақтаб ҳам қўйди.

Заур бу янгиликдан севиняптими, афсусланяптими, ўзи ҳам билмасди. Таҳминанинг нега бундай қарорга келганини тушунмас, лекин ҳар ҳолда бу қарор муайян даражада унинг ўзи билан – Заур билан, уларнинг муносабатлари билан боғлиқ эканлигини англар эди...

– Нега бирданига бу қарорга келдинг ахир? – деди. Билардики, Таҳминанинг жавоби аниқ ва дуруст бўлади, ростини айтади:

– Сен туфайли, – деди Таҳмина.

– Мен туфайли?

– Албатта. – Сўнг қўшиб қўйди: – Ҳар куни сени кўриш мен учун қийин эди.

– Наҳотки мени кўриш сен учун шунчалик машаққат бўлса?

– Ошиқнинг [4] «кўзларим сени кўрмасин, кўнглим аламга тўлмасин», деганини эшитмаганмисан? Бу ерда ҳар куни сени кўрардим ва билардимки, энди сен меники эмассан.

Заурнинг «Ахир мен қачон сеники эдимки, энди сеники бўлмай қолай», деб қичқиришига оз қолди, бундай демади у, бироқ бу фикрни бошқача ифодалади:

– Бизнинг муносабатларимизга нима бўлди ўзи?

Таҳмина жимгина кулимсиради. Заур уни кўрмаса-да, табассумини юракдан ҳис қилди, машина кўзгусидан Таҳминанинг юзига боқди: унинг чеҳрасидан ҳали табассум излари ўчмаган эди.

– Заурик, сен ҳақиқатан ҳам ҳеч нарсани тушунмаяпсанми? – деди. – Ростдан ҳам бу охирги кўришишимиз эканлигини тушунмаяпсанми?.. Яхши, айтайлик, охирги кўришувимиз эмас, бир шаҳарда яшаймиз, тасодифан бир-биримиз билан юзма-юз келиб қоламиз... аммо бу сўнгги учрашувимиз. Шу маънодаки, – у яна кулимсиради, – энди бу тарзда бошқа учрашмаймиз.

Заур бунинг сабабини билишни истарди, бироқ буни сўрамади, ўзи топмоқчи бўлди. Ахир Таҳмина уни ҳассос эмассан, юмшоқ эмассан, аёл киши билан муносабатларнинг бутун нозикликларини ҳис эта олмайсан, бу алоқалар нима билан боғланиши ва нима сабабдан кесилишини туймайсан, дея роса мазаммат қиларди. Аммо ҳар ҳолда Таҳминанинг бу қарори Заурни ташвишга солмасди. Ҳатто бу гапларни ўзига дахли йўқ, деб ҳисобларди. Балки бу соф жисмоний ҳолат билан алоқадор эди. Бир қадар эҳтиросли, ҳарис ишқий учрашувлардан сўнг Заур ўзида аллақандай лоқайдлик, бўшанглик, тўқликни ҳис этарди. Эҳтимол, охирги пайтлар тез-тез учрашиб турганларидан эди бу тўқлик. Балки Таҳмина бу хабарни бундан бир неча соат олдин, улар соҳил бўйига келишаётганда ўпишлардан, қучишлардан, шивирлашлар ва навозишлардан аввал айтганида Заур ниҳоятда безовта бўлган бўлар эди. Бир неча кун илгари Таҳминани янгидан ўз оғушига олмоқ истаги оловли, бечидам эҳтиросга айланганга қадар у бу фикрга – «айрилишлари», «энди бошқа кўришмасликлари» ҳақидаги фикрга сокин ва бегоналик билан қарай оларди. «Бемаъни мактубни отиб юборганим нақадар яхши бўлди, – дея ўйларди у. – Илк яқинликнинг таъсири остида, сархуш пайтимда қоғозга нималарни қораламадим... Энди ўша фикрларни эслашнинг ўзи кулгили, муҳаббат фалон-пистон, сенсиз яшай олмайман, кетма қошимдан, кетаман ҳушимдан. Севги ундоқ, севги бундоқ... Истак бор, эҳтирос бор, орзу-ҳавасга етиш истаги бор, айни пайтда истаганингга етганингдан кейин тўқлик, безиганлик, бегоналик бор, холос. Қолган ҳаммаси қуруқ сафсата, ҳавойи гаплар...»

– Биласанми, бу кимнинг боғи?

Таҳминанинг овози Заурнинг фикрларини кесиб қўйди. Йўлнинг сўл томонида катта-катта бўз тошлардан тикланган баланд деворнинг орқасида икки қаватли, каттакон айвонли бир уй бор эди. Айвон сидирға яшил бўёқда бўялган эди.

– Йўқ.

– Муртузовларники. Сизнинг қўшниларингизники.

Заур таажжубланиб:

– Муртуз Балаевичникими? – дея сўради. – Сен уни қаердан танийсан?

– Ўғлини танийман.

– Спартакними? – деди ва негадир ич-ичидан титраб кетди. У Спартакнинг аёлларга, хусусан, гўзал хотинларга қандай кўз билан қарашини яхши биларди. Умуман, Спартакнинг хулқ-атвори унга маълум эди. Хотинлар борасида қасам ичиб, мақтанчоқликларидан ҳам хабардор эди. Таҳминанинг Спартак билан танишлиги Заурнинг ич-этини тирнарди. Аммо атай лоқайдлик билан:

– Спартакни қаердан танийсан? – деб сўради.

– Менинг бир дугонам бор, ўшанинг таниши.

«Таниши» деган сўз Заурнинг вужудини ёндириб юборди, Спартак билан хотинларнинг танишлиги нима эканлигини у яхши биларди ахир.

Таҳмина бирдан:

– Тўхтат, – деди. Заур тормозни босди, машина каттакон темир дарвозанинг шундоқ ёнида тўхтади.

– Нима бўлди?

– Кел, тушайлик. Бу айвондан жуда гўзал манзара кўринади. Одамнинг кўнгли очилиб кетади.

– Фақат шу етмай турувди. Бировнинг боғида нима қиламиз?

– Терслигинг тутмасин, бир нафасга тушайлик... Заур истар-истамас машинадан чиқди.

– Афтидан, сен бу айвондан манзарани жуда кўп томоша қилганга ўхшайсан, – деди. – Сенинг Муртузовларникига келиб-кетишинг ҳеч хаёлимга келмаган экан. Бокуда ҳам борди-келдиларингиз борми? Ажабо, нега сени у ерда учратмаган эканман?

– Қўйсанг-чи, жоним. Бокудаги уйларини билмайман. Бу боғда ҳам фақат бир мартагина бўлганман... Меҳмондорчиликка жуда кўп одам йиғилган эди, мен ҳам уларнинг сафига қаердандир қўшилиб қолган эдим...

– Ким меҳмон қилган эди, Спартакми ёки Муртуз Балаевич?

– Муртуз Балаевич ким, Спартакнинг отасими? Уни танимайман ҳам. Меҳмондорчиликни Спартак уюштирган эди... У пайтда менинг дугонам билан юрарди. Спартакнинг туғилган куни эдими-ей, аниқ эсимда йўқ, нимадир бўлиб мениям судраб келдилар.

– Сен, албатта, ёлғиз келгансан, эрингсиз.

– Вой Худойим-ей, нега мени бунча саволга тутиб қолдинг? Ҳа, Манноп ҳақиқатан ҳам Бокуда йўқ эди.

– Тбилисида эди, – деди Заур ва шу ондаёқ бундай деганига пушаймон еди... Таҳмина гўё бирдан сўнди, юраги ўртаниб кетди, ахир иккаласининг ҳам ёдида эди: Таҳминанинг ўзи Маннопнинг Тбилисида таниши борлигини, ора-сира баҳона топиб, унинг ёнига бориб-келишини Заурга айтиб берган эди. Энди эса маҳрамликда айтилган бу сирни Заур Таҳминанинг юзига шапалоқ қилиб тортган эди.

Таҳмина бошини маъюс-маъюс силкитиб қўйди.

– Ўзинг биласан, – деди. – Мен айвондан қарасак, денгиз, қишлоқ жуда гўзал кўринади, деган эдим. Истамасанг, қарама, лекин нега менга ниш санчасан?

Заур айбини ювиш учун юмшоқлик билан:

– Ахир дарвоза берк-ку, – деди ва меҳр билан Таҳминанинг кўзларига боқди.

Таҳмина бироз юмшади.

– Болалигингда ҳеч узум ўғирлашга тушмаганмисан? – деди. – Бир томондан спортчисан ахир. Қани, девордан ошиб кўр-чи.

Заур ҳам бу ярим ҳазил, ярим чин вазиятни давом эттиришга ҳаракат қилди, эпчиллик билан деворга осилди, унинг устига чиқиб, ичкарига сакради... Дарвозани ланг очиб, Таҳминани ичкарига таклиф этди:

– Марҳамат қилинг, хоним.

Дабдабали айвондан денгизни, соҳилни, ҳовлининг кенг манзарасини томоша қилдилар. Айвоннинг полида бироз эски, йиртиқ ботинка, шиппаклар ётар эди. Уларнинг орасида аёлларнинг баланд пошнали нимдош по­йабзаллари ҳам кўзга чалинарди.

Таҳмина:

– Бир пайтлар бу оёқ кийимлари русум эди, – деди ва хаёлчан сўради. – Синглисини танийсанми? Спартакнинг синглисини?

– Фарангними? Албатта, танийман. Бизнинг қўшниларимиз деяпман-ку ахир? Нима эди?

– Мен кўрмаганман, жуда гўзал қиз, дейишади...

– Билмайман, – деди Заур, – гўзалми, йўқми, эътибор бермаган эканман.

Заур бу гапларни бир қадар асабийлик билан айтди. Чунки у Муртузовларни ёқтирмасди. Тўғри, Фаранг ҳақида бундай деб бўлмасди: бу ёш қиздан на аччиғи келар, на уни ёқтирар эди. Гўё Заур учун у йўқдек эди, бироқ қизнинг ота-онасини, айниқса, акасини жини суймасди.

– Ҳар ҳолда, – деди у, – Фарангнинг ўз оиласидаги бош­қалардан устун томони шундаки, бўлар-бўлмасга манманлик қилавермайди, ҳеч бўлмаса, сукут сақлайди...

– Гапингга қараганда, улар билан оранг яхши эмас. Ростдан ҳам ҳеч эсимга келмаганини қара, ахир қўшни қўшни билан чиқишиб кетганини ким ҳам кўрибди? Ошхонада ҳар куни уруш-жанжалдир, пайт пойлаб бир-бирингизнинг қозонингизга ҳовучлаб туз солсангиз керак, тўғрими?

Заур қуруққина қилиб деди:

– Маъзур тутасиз, бизнинг ошхоналаримиз бошқа-бош­қа, уйларимиз ҳам бошқа-бошқа қаватларда.

– Шундай де... Демак, унда қўшнилар билан адоватларингиз яна бир поғона баланд экан-да? Муртузовлар янги фин мебели олишибди, бизники, Зайналовларники эса эски араб мебели, вой-дод!

Заур:

– Одамни чақиб олишдан лаззат топасанми? – деди.

– Яхши, яхши, дарров қовоғингни осиб олма, жигарим, – чуқур хўрсинди Таҳмина, – чуқурроқ нафас ол, Заур, – деди, – торт бу ҳавони жигарларингга, малҳам-ку бу... Оҳ-оҳ...

Заур сигарет чиқарди. Таҳмина:

– Чекма, – деди, – ўзингни заҳарлама, бу мусаффо денгиз ҳавосидан тўйиб нафас ол.

Заур сигаретни қутисига солиб қўйди.

– Вой, Заурик-ей, ажойиб йигитсан-да...

– Бўпти, суҳбатимиз чала қолди-ку ахир... Нега бу охирги кўришишимиз эканлигини, нима сабабдан айрилишимиз кераклигини менга тушунтирмадинг-ку.

– Нима сабабдан? – Таҳмина елкаларини қисди. – Буни тушунтириш қийин. Сабаби шунчалик кўпки... Масалан, шундай бир сабаб: бир куни уйқудан туриб қарасакки, бир-биримизга ошиқу мубтало бўлиб қолибмиз. Ҳар ҳолда иккимиздан биримиз, айтайлик, масалан, мен сенга ошиқ бўлиб қоламан, ёнаман-куяман. Унда нима бўлади?.. Кимга керак бу – сенгами, менгами?.. Охир-оқибат... умуман, ҳаётни мураккаблаштириш нимага керак ахир? Шунингсиз ҳам турган-битгани ғавғо-ку бу ҳаётнинг...

У тўғри айтяпти, деган фикрга борди Заур, ҳаётни мураккаблаштиришнинг нима кераги бор?..

– Ахир шундоқ ҳам маълум бўлдики, энди бу томони бемалолгарчилик – деди у, – сен жуда унақанги ошиқ бўлиб қолганинг йўқ, бўлсанг ҳозиргача бўлардинг-да, мана, уч ойдан бери кўришамиз, менга боғланиб қолганинг йўқ-ку, – «ошиқ бўлиш», «боғланиб қолиш» ибораларини енгил бир истеҳзо билан талаффуз этарди у. – Ҳа, боғланиб қолмагансан-ку менга. Тўғрими?

Таҳмина:

– Хўш, ўзинг-чи? – деди.

– Мен?!

– Ҳа, сен. Ўзинг-чи? Боғланиб қолганмисан?

– Албатта. Бу нима деганинг? Мен биринчи кўришганимиздан бери дали-девонаман... Ахир сен билан илк учрашувимиздаёқ севишимни айтган эдим... Мажнундек севишимни, нима десам экан, Карам каби, Фарҳод каби...

– Тўхта, тўхта, алаҳлайверма... Айтиш – бошқа нарса, айтганларингни юракдан ҳис этиш, туйиш – бошқа нарса...

– Сен бу сўзларни уч ой олдин айтган эдинг, ўша пайтда ҳали орамизда ҳеч нарса йўқ эди. Хўш, энди, энди ҳам такрорлай оласанми ўша сўзларни. Ҳозиргидек ярим ҳазил, масхараомуз эмас, жиддий, том жиддийлик билан... Тилингга ола биласанми ўша сўзларни?..

– Жинни бўлдингми, Таҳмина?.. Албатта, мен ҳазил қилмаяпман, жиддий гапиряпман, ростдан ҳам севаман сени, боғланиб қолганман сенга...

Заур бу гапларни айтар экан, мутлақо бетайин, тутуриқсиз сўзларни айтаётганини ўзи ҳам ҳис этарди, бу сўзлар замиридаги туйғуларнинг ҳеч бирини ҳақиқатан бошидан ўтказган эмасди. Ҳатто ярим ҳазил тарзда ҳам бу ёлғонни яшира олмасди. Таҳмина ҳам буни дарҳол тушунди

...