автордың кітабын онлайн тегін оқу Интиқом (2-китоб Ҳаёт ё мамот)
МУҚАДДИМА
Ватанимиз кечмишига бўлган қизиқиш кенг доирада амал қила бошлади. Кейинги йилларда тарихий маърифатга берилаётган имкониятлар юксалиш боисидир. XIX аср иккинчи ярмидан – XX аср сўнгларига қадар бўлган давр Чор Россияси ва Совет мустабидлиги ҳукмронлиги остида ўтган эди. Бир ярим асрдан зиёд давом этган мустамлакачилик қарамлиги ўзбек халқининг бутун ўтмиш тарихида энг оғир, фожеий, хўрлик даври бўлган эди. Қизил салтанат миллий ўлкаларда жуда катта хунрезликлар, қаттолликлар, зўравонликлар эвазига ўрнатилган эди. Жаҳонда бирор давлат йўқки, у мамлакат ичкарисида ўз халқига нисбатан муттасил қирғинни амалга оширган бўлса. Совет ҳокимияти вужудга келган кундан бошлаб, зулм ва қатағонга зўр берди. Миллий қаршилик ҳаракатлари шафқатсизлик билан бостирилди, халқнинг бойлиги тортиб олинди, бош кўтармаслик учун мунтазам хунрезликлар амалга оширилди. Кейинги йигирма – йигирма беш йил давомида бу ҳақда кўп ёзилди, салмоқли тадқиқотларда зулм салтанатининг ваҳшиёна, фашистлик қиёфаси очиб ташланди.
Мустабид тузум йилларида ўзбек халқининг сиёсий ҳуқуқсизлиги, иқтисодий ночор ҳолга солиниши билан бир қаторда, унинг тарихи ҳам паймол этилди, маънавияти топталди, қадриятлари оёқ ости қилинди. Ўзбекларнинггина эмас, туркий халқларнинг ифтихори бўлган, дунё тамаддунига бемисл ҳисса қўшган давлат арбоблари, алломалар, ижодкорлар қора бўёқларга чапланди. Мустақиллик элимизга аждодлар қадрлаган, курашган озодликни бахшида этиш билан бирга ўзликни, қадриятларни ва тарихимизни ҳам қайтарди. Советлар замонида тескари талқин этилган сиймолар ҳақида ҳақиқатни билиш бугунги авлодларга чинакамига қизиқарли 74 йилга яқин ҳукм сурган совет ҳокимиятининг қирғин сиёсати оммавийлик хусусияти билан тавқи лаънатларга лойиқдир. Бу сиёсий-ҳарбий қабоҳат, унинг келиб чиқиши, амал қилиши ўрганилгани сари, очилмаган ёвузлик қирралари инкишоф бўла бораверади. Рус муаррихи Андрей Сахаров қайд этганидек, СССРда катта террорнинг бошланиши, анъанавий тарзда 1937 – 1938 йиллар билан боғланиб келинар эди.
«Шу яқинда, – дейди олим, – ВЧК (Бутуниттифоқ фавқулодда комиссияси) – ОГПУ (Бош сиёсий бошқарма бўлими) – НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) ахборот бўлимининг раҳбарият учун тузилган, 1922 йилнинг ҳар ойида мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни ифода этадиган ҳужжатлар эълон қилинди... 1930 йилга оид жилддан маълум бўладики, худди шу йилда мамлакатда Катта террор бошланган. Бу қирғин, биринчи галда қишлоқни ва деҳқонларнинг зўравонлик асосида ўтказилаётган жамоалаштиришга қарши норозилигини қўллаб-қувватловчи шаҳар аҳолисини қамраган эди. Бутун мамлакатни ғалаёнлар олови чулғаган эди: Кубан, Сибир, Тамбов вилояти... Деҳқонлар ўз мол-мулклари, черков ва масжидларнинг вайрон этилишига қарши кураш олиб борар эдилар. Уларнинг неча ўн минглари қамоққа ташланди, бадарға этилди ва отиб ташланди. Мамлакатнинг олис ўлкаларида оммавий қатағонлар бошланади, пойтахтда (Москва – муал.) эса бу тўғрида гапирилмас эди. Фақатгина Киров ўлдирилишидан кейин, 1934 йилда бу қатағонлар оммавий тус олиб, аввал бошлаб Ленинградга қадар етиб келди, 1937 йилда эса Москва киборлари, мамлакат ва хорижда алоқалари йўлга қўйилган, таниқли кишиларни ҳам ўз комига торта бошлади. Шундагина жаҳон бу катта қирғиндан хабар топди».
Мамлакатнинг олис ўлкаларидан бири Ўзбекистон эди. Рус муаррихининг фикрини эътиборда тутган ҳолда, шу ўринда зарур аниқликни киритиш муҳимдир. Совет ҳокимиятининг ўрнатилиши Ўзбекистонда жуда катта қийинчилик билан амалга оширилади. Фарғона водийси ва бўлак вилоятларда советларга қарши олиб борилган миллий озодлик ҳаракати катта тарихни қамрайди.
Даврни, кечган воқеа-ҳодисаларни биринчи манбалари асосида, изчил тарзда ўрганиш самарали бўлади. Андрей Сахаров Катта террорни 1930 йилдан бошланди, деганида Россиянинг асосий шаҳар ва қишлоқларини кўзда тутади. Ҳолбуки, мунтазам қирғин Ўзбекистонда 1920 йиллардан эътиборан амалда бўлиб келган эди. 1920 йилдан 1930 йилга қадар бўлган ички қаттолликлар, зўравонликлар хусусида кам нарсалар биламиз. 1930 йилдан бошланган Катта қирғин юртимизнинг энг сара, билимдон, истеъдодли, таниқли арбобларини, адиб ва шоирларини, зиёлиларини, тадбиркор деҳқонларини, бир сўз билан айтганда, миллатимиз гулини йўқ қилди. Бу хулосага келишга туртки берган омиллар, табиийки, ҳеч бир юртдошимизни, инсофли ва диёнатли афкор оммани бефарқ қолдирмайди.
Совет ҳокимиятининг миллий ўлкаларни мустамлакага айлантириш бобида амалга оширган тажовузи, идора этишдаги истибдоди – зулми ва зўравонлиги, мутеликда сақлаш учун олиб борган қатағон сиёсатини ҳужжатларга асосланган далиллар воситасида, шу даврда Ўзбекистонда кечган сиёсий-ижтимоий, иқтисодий-маданий воқеа-ҳодисаларга боғлаб ёритиш ниятим эди. Бир неча йил давомида вилоят давлат ва ҳокимлик архивларида ўтган асрнинг 20-йиллари бошлари – 30-йиллари охирларига доир жамғармалар билан танишдим.
Машаққатли изланишлар, сарғайиб кетган қоғозлар, хира тортган ҳужжатлар асосида озодлик мавзусида асарлар яратиш мумкин бўлди.
Собиқ Шўро манбаларининг бир ёқламалик хусусияти иш давомида доим диққат-эътиборда бўлди. Воқеа-ҳодисаларга ўша давр нуқтаи назаридан ёндашиш, холислик, ҳаққонийлик, тарихийлик мезонлари воқеалар талқинида асосий йўналиш қилиб олинди. Тарихий-бадиий талқин тоталитар тузумнинг ваҳшиёна қиёфасини кенг қамровда гавдалантиришда ўзига хос тажриба бўлди.
Қашқадарё, Ўзбекистоннинг жанубий воҳаси ўлароқ, кейинги асрлар давомида Бухоро хонлиги таркибида бўлиб келган эди. Бу ўлкада қизил истибдод 1920 йилнинг сентябридан бошланганди. Воҳада амирлик қулашидан кўп ўтмай вужудга келган «Аксилинқилобий ташкилот» 1926 йил охирларига қадар совет ҳокимиятига қарши кураш олиб боради. Воҳа халқи озодлик курашчиларини қўллаб-қувватлайди. Мустабидлар қаршилик кучлари таъминотчиларини – кўмакчиларини йўқ қилиб, ўз мақсадларига эришадилар. Озодлик кураши, жамоалаштиришга, синфийлаштиришга қарши олиб борилган курашлар зўравон ҳокимиятнинг талончилик мақсадида амалга оширишни мўлжаллаган иқтисодий ислоҳотларини, советлаштириш ишларини бир неча йилга кечиктириб юборади.
«Интиқом» асарининг 2-жилдида мустабид, қаттол тузум қурбонлари, жабрдийдалари, отилган, қамалган, бадарға этилган, мол-мулки тортиб олинган, қулоқ қилинган юртдошларимиз ҳақида сўз юритилди.
* * *
Асосий ният, яқин тарихимиз воқелигини ҳаққоний, холис гавдалантиришдан иборат бўлди. Советларнинг «босмачилар»га қарши кураш шиори остида бегуноҳ аҳолини талаш, ўлдириш, номуссизлик қилиш, бутун бошли қишлоқларга ўт қўйиш сингари, у ҳукм сурган 74 йил давомида етти қулф остида бўлиб келган, шу давр манбаларида индамай ўтилган тарихий ҳақиқатни озодлигимиз душманларининг ўз сўзлари, эътирофлари – архивларда сақланиб қолган ҳужжатлар гувоҳлиги билан, оқни оққа, қорани қорага ажратишга интилдик. Бунда, ниятни – тарихимизда пинҳон қолиб келаётган ҳақиқатни қандай йўл билан бўлмасин – қисса, лавҳалар, ҳикоятлар, тадқиқий-бадиий йўсиндами, бундан қатъи назар, ўқувчига равон услуб ва тилда етказиш муддао бўлди.
«Жовиздаги ёвузлик», «Қўлга тушган қасоскорлар» қиссалари билан бир қаторда, фашистлашган совет аскарларининг Сариқ қишлоғини босқин қилиши, тоғ бағридаги сўлим хилқат – Ғилон аҳоли манзилига ўт қўйишлари тасвир этилган ихчам қиссалар умумий мавзуни изчил давом эттириб ва тўлдириб боради. Мустабидлар ва озодлик кучлари ўртасида ҳаёт ё мамот жанглари давом этган йилларда ўзбек халқининг турмуш даражаси таназзулга юз тутган, очарчилик калхатдек қанот қоқмоқда эди.
Совет жазо органларининг нечоғлик тийиқсиз, одам қонига ташна эканлиги «Бир бошдан қириш», «Тизгинсиз ГПУ», «Топталган эрк», «Уч бошли аждаҳо», «Ямлавчи қулзум» каби ўша йиллар реал ҳаёти талқин этилган лавҳаларда ёритилади.
«Интиқом»нинг ҳар иккала жилди мазмун-моҳиятини, бундан бир аср муқаддам юртимизда содир бўлган қизил босқин кулфатлари тасвирини тарихий, илмий, бадиий ранглар тажассумида маънавий озиқ сифатида ўқувчиларга ҳавола этиш истаги устун бўлди. Сўз ифодатида бу йўл ҳали синашта, кўп ўтиб-қайтиши бўлмаган сўқмоқни эслатади. Китобхонга ўтмишдан тўғри билим, тушунча берадиган бу йўл ўзини оқлайди, деган умиддаман. Эндиликда, яратилаётган кўпгина китобларда қанчадан-қанча талқин сўқмоқлари инкишоф этилмоқда. Назаримда, от ҳам ҳамиша бир қозиқда боғланиб қолмаслиги, майдони кенг бўлмоғи лозим.
Бу андишалар замирида бир қаноат бор. У ҳам бўлса, мухлис билан яқин ўтмиш ҳақида самимий суҳбат қуриш имкони бўлади, деган ишонч. «Интиқом»да, ҳар иккала китобда тилга олинган рақамларга, иқтибосларга худди тарих дарслигидек ёндашиш, воқеалар бадиий талқинидан завқланиш туйғусини пайдо қилиш орзуйимдир. Синчков китобхон асар саҳифаларидан янги далиллар топиши, ёинки, дунёқарашини кенгайтирувчи назарий фикрларга дуч келиши, муаллифнинг эзгу ниятлари ушалишидан нишоналардир.
Тарихимиз ибрати, бадииятимиз фасоҳати уйғунлашгани икки улуғ оқимнинг қўшилишини эсга туширади. Ахир, жилғалардан, ирмоқлардан дарё ҳосил бўлади, у эса, ўз навбатида, шаффоф сувини улуғвор уммонга элтади.
Ўзбекистон кечмиши, қадимий мозий, она диёр тарихи улуғвор уммондир.
Унга янги ўзанлардан оби ҳаёт бошлаб келиш, қаърига ғаввосдек шўнғиб, дуру марваридлар олиб чиқиш хайрли машғулотдир, азизлар!
БИРИНЧИ ҚИСМ
ҲАЁТ Ё МАМОТ
ЖОВИЗДАГИ ЁВУЗЛИК
Кириш
Китоб шаҳридан 36 чақирим шимоли-шарқ сарида, баланд тоғлар бағрида қадимий Жовиз қишлоғи жойлашган эди. Жиннидарё бўйида, торайиб келувчи дара ёқалаб вужудга келган бу манзил тарихи маҳзун. Бир замонлар қишлоқ гўзал таровати билан довруқ ёйган. Жовизда миришкор, меҳнаткаш, ориятли одамлар яшашган, уларнинг шижоати, саъй-ҳаракати туфайли фаровонлик қарор топган. «Жовиз» атамаси туркийча бўлиб, X – XI асрларда «Бўз ер» маъносини англатган. Бу серунум, маҳсулдор заминга эга қишлоқда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачилик азалий бўлиб, ривож топган эди.
1926 йилда ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотларига кўра, шу даврда Жовиз қишлоғида 199 хўжалик истиқомат қилган. Қишлоқ аҳолиси тожик қавмларидан иборат бўлиб, 941 нафар аҳолининг 491 таси эркаклар, 450 таси хотин-қизларни ташкил этган.
Жовиз қишлоғи ўтган асрнинг 20-йиллари бошларида, мустабид тузум ўрнатилиши даврида, бошқа ҳудудлар қатори қаттиқ кулфатларга рўбарў бўлган. Ўт ичида қолган қишлоқ кўп қурбонлар беради. Асрий мароми бузилган, тирикчилик тарзига раҳна етган қишлоқнинг довқур кишилари қўлга қурол олади. Юртини, элини муҳофаза қилишга киришган ватанпарварлар Шўро ҳукумати томонидан «босмачилар» деб ёмонотлиқ қилинади. Бир неча йил мустабид тузумга қарши курашган баҳодирларнинг кейинги сафларидан кимлардир босмачига айланган бўлса, бунда ҳам Советлар амалга оширган тўлғаманинг таъсири асосий сабаб бўлган. Ички ва ташқи манбалар йўли қирқиб қўйилгандан сўнг, Шўро тузумига қарши курашувчилар ора йўлда қолишга маҳкум этилади.
Жовизлик 29 ёшда бўлган Мулла Розиқ Хўжандиев, унинг ўз таъбири билан айтганда, умумий иш – озодлик кураши учун жон фидо қилган инсон. У Қашқа воҳасида қуролни ўз ихтиёри билан ташлаган сўнгги босмачи эди. У жуда мураккаб, бир андозада баҳолаб бўлмайдиган кураш йўлини босиб ўтади. «Босмачилик» тарихини ёритишда мулла Розиқ фаолияти жуда муҳим ўрин тутади. Мустабид тузум ўрнатилишига қарши ташкилий равишда амалга оширилган озодлик курашининг узоқ давом этиши, натижалари ва бой берилиши мулла Розиқ ва унинг сафдошлари ҳаёт йўлида бир қадар тўлиқ акс этади. Бу мавзу шу жиҳати билан Мустақиллик даври тарихимиз ва бадииятимиз учун фавқулодда ҳаққоний ноёб саҳифалар, боблар туҳфа этади.
«Жовиздаги ёвузлик» қиссаси тарихий ҳужжатлар – Қашқадарё вилоят архивининг 172-жамғарма, 2-рўйхат, 38-иши асосида ёзилди.
Ичдаги ола
Ҳафта бурун йўлга чиқиб, тоғу тош, арчазорлар оралаб, бир амаллаб Ургутга етиб келган, озиб-тўзиб кетган йигит шарақлаб оқиб ётган сувга юз-қўлини чайиб, оғир тин олди. У жуда эҳтиёткор, тиқ этган товушдан ўзини панага оларди. Бу жойлар унга таниш, шу атрофдаги Терак деган қишлоқда туғилганди. Уни Эргаш Жўрабой ўғли дердилар. Тўққиз ой муқаддам қурбоши Қодир полвон жигитлари сафига қўшилган эди. Китоб, Ургут ва Фароб ҳудудларида Шўрога қарши курашиб келаётган қурбошилар кўп эди. Қашқадарёда амир Саййид Олимхон ташаббуси билан тузилган «Аксилинқилобий ташкилот» қуролли қўзғолони мағлубиятга юз тутгач, курашчилар жанг олиб бориш усулини ўзгартирадилар. Худди қизил армияга монанд мунтазам қисмларни шакллантиришга интиладилар. Бошда уюшгандай кўринган қурчилар, тез орада бирлашиб, ҳаракат қилишга қодир бўлмаган, тўмтоқ куч эканлигини намойиш этади. Тепадан мустаҳкам, аниқ мақсадга йўналтирилган марказий бошқарувнинг суст бўлганлиги, Шўро ҳокимиятининг жипс ва қаттиқ интизомга асосланган, кучли қуролларга эга қўшинлари аксилинқилобий қаршилик кучларининг қовушмаслигига, охир-оқибатда, бирма-бир мағлубиятга учраб, зўрға жон сақлаётган тўдаларга айланишига олиб келади. Мағлубиятларнинг бош сабаби, аввало, бирикмасликда бўлса, муҳимлардан муҳими – шўронинг аксилинқилобий кучлар учун ҳаётий зарур бўлган ўзанларни бўғиб қўйиши билан боғлиқ эди. Аксилинқилобий кучлар, табиийки, шўро аскарлари сингари давлат таъминотида эмас эди.
Амир Саййид Олимхон Бухоро Шўролар қўлига ўтишидан бир-икки кун олдин Қаршига келиб, шаҳар ҳокими Тоғайбек қасрида машварат ўтказади. Машваратда Шўрога қарши курашни давом эттириш масаласи кўрилади. Қашқа воҳасидаги икки асосий шаҳар Қарши ва Шаҳрисабз қаршилик ҳаракатининг марказлари деб қаралади. Атоқли амалдорлар, бойлар, савдогарлар, обрўли эшонлар, муллалар, полвонлар, ботирлар лашкар тузиш, уни қурол-яроғ, кийим-кечак, озиқ-овқат, от-улов, ем-хашак билан таъминлаши маслаҳат қилинади. Амирлик ва хазинанинг қизиллар қўлига ўтганлиги халқ лашкарларини тузиш ва боқиш элнинг бою боёнлари зиммасида бўлиши, бошқача айтганда, хайрия тариқасида йиғиладиган маблағлар ҳисобидан қопланишини тақозо этарди. 1920 – 1922 йилларда бу тизим бенуқсон ишлайди. Қурчи лашкарлар бошлиқлари – қурбошилари билан «Аксилинқилобий ташкилот» ўртасида баҳамжиҳат ҳаракат йўлга қўйилган. Шўро тасарруфидаги ҳарбий аҳамиятга молик нуқталарга сезиларли зарбалар берилган. Шу боисдан ҳам қизилларнинг Қашқа воҳасида ҳукм суриши, ислоҳотларни ўтказиши бир неча йилга кечикиб кетади. Қаршилик ҳаракатининг пойини қирқишда ҳарбий йўлдан кўра иқтисодий тадбир аҳамияти беқиёслигини Шўро мафкурачилари икки-уч йиллик аччиқ сабоқлардан кейин англаб етадилар. Қаршилик ҳаракати кучларининг қон томирлари – уларни қурол-яроғ, озиқ-овқат билан таъминлаб келаётган манбаларни йўқ қилишга, кесиб ташлашга киришилади. Қурбошиларга ҳаракат қилувчи ҳудудларига кўра бириктирилган қишлоқларнинг бойлари, амалдорлари вақти-вақти билан зарур ашёларни етказиб турганлар. Қизилларга қарши кураш чўзилиб боргани сари жойлардаги манбалар ҳам камайиб, танқислик сезила бошлаган. Оқибатда, масъул кишилар қишлоқ оқсоқолларини ишга қўшиб, бор одамлардан имконига қараб, от-улов, озиқ-овқат, ем-хашак, кийим-кечак, қурол учун маблағ тўплашга мажбур бўладилар. Бойлар ва амалдорларни тазйиқ остига олиш, қамаш, мол-мулкини тортиб олиш йўлга қўйилгач, қаршилик ҳаракати кучлари таъминот манбаидан бутунлай маҳрум бўлиб, ер билан осмон оралиғида муаллақ қолишга мажбур бўлади. Энди улар олдида икки йўл – ё Шўрога таслим бўлиш, ё ўз кунини ўзи кўриб, мақсад йўлида охиргача курашиш қолади. 1920 йилдан буён Шўрога қарши курашиб келаётган қурчиларнинг 1926 йилга қадар омон қолганлари орасида биринчи йўлни тутганлар кам бўлган.
Шўронинг ватанпарвар кучларга қарши олиб борган курашида иқтисодий зарба бериш сиёсати ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Қаноти қирқилган лочин уча олмагани каби ташқи ва ички манбаларидан маҳрум этилган қаршилик кучлари кичик-кичик бўлакларга бўлинишга, ўз кунини ўзи кўришга мажбур бўлади. Чорасизлик уларнинг айрим гуруҳларини қишлоқларда оқсоқолларни тазйиқ остига олишга ва куч ишлатишга қадар олиб келади...
Бу жиҳатдан, Қашқадарёнинг сўнгги «босмачиси» мулло Розиқ (Абдурозиқ) ва унинг жигитлари билан кечган воқеа-ҳодисалари юқорида айтилган фикрларга ойдинлик киритади. Мулла Розиқ ва унинг итоатида бўлган қурбошиларнинг фожиавий қиссаси Эргаш Жўрабой ўғлининг «босмачилик»дан қочишидан бошланади.
1926 йилнинг 8 июни. Бош сиёсий бошқарманинг (ГПУ) тезкор ходими Четвертаков Ургутга етиб келган. Куни кеча Шўрога бош эгиб келиб, таслим бўлган, 9 ой босмачиликда юрган Эргаш Жўрабой ўғлини сўроқ қилиш унга топширилган. Йигирмага тўлган, соч-соқоли ўсиб, озиб-тўзиб кетган йигит қирқ яшар одамни эслатарди. Курсига омонатгина ўтирган Эргашнинг икки тиззаси қалт-қалт титраб турарди.
– Қочиб келганига қараганда, ўлишни хоҳламайди, – деди БСБ ходими, терговни бошлаган Четвертаков таржимонга қараб, – айт унга, тўғрисини гапирсин, бўлмаса... У қўлини бўйнидан айлантириб, тепага кўтарди. Бу ишоранинг нима эканлигини таржимон ҳам, собиқ босмачи ҳам яхши тушунди.
– Менга Қодир полвон, мулла Розиқ, Икром ва Хўжамқул қурбошиларнинг ўзаро муносабатлари қандайлигини тушунтириб бер, – деди кескин терговчи. Чала-чулпа таржимадан нима исташаётганини фаҳм қилган Эргаш тилга кирди:
– Қурбошиларнинг бир-бирига ишончи йўқ, – деди ерга қараб, – бир-биридан хавфсирашади. Бу тўртови аввал бирга бўлганлар, бундан икки ойча аввал Аспидўхтар деган қишлоқда мулла Розиқ билан Қодир полвон жанжаллашиб қолиб, бўлиниб кетганлар. Мулла Розиқ қурбоши Қодир полвонни қўрқоқликда, ҳаракат қилмасликда айблаб, бошқалар топганига шерик бўлиб келаётганини юзига солган. Шу жанжалда мулла Розиқ, «сенга ишониб бўлмайди, хоҳлаган пайтингда совет тарафига ўтиб кетасан», деган Қодир полвонга. Бу гап полвоннинг иззат-нафсига тегиб, «таслим бўлиб боришни истасам, бировдан сўраб ўтирмайман, лекин анави ювундихўрларга бош эгиб борадиган аҳмоқ йўқ», деб жигитлари билан айрилиб чиқиб кетган.
Менинг қочишимдан бир ойча олдин мулла Розиқ, Хўжамқул, Қодир полвон, Икром қурбошилар Фароб деган қишлоққа келган эдилар. Уларнинг ҳар қайсиси ўз жигитлари билан алоҳида уйларга тушдилар. Ҳаммалари жойлашиб бўлгандан сўнг мулла Розиқ қолган қурбошиларга хат юбориб, Шўро ҳукуматининг таъқибни кучайтириб, ўзларини йўқ қилиш чораларини кўраётганлиги, бунинг устига, бир-бирларига ишона олмасликлари сабабли, бундан кейин ҳар бири ўз ҳудудида алоҳида ҳаракат қилиш кераклиги таклифини ўртага солади. Қурбошилар бу таклифни қабул қиладилар. Бўлинишдан кейин ҳар қайси қурбоши ўз жигитларини олиб, ҳаракат қиладиган тегишли ҳудудларга тарқалиб кетдилар. Алоқа фақат Қодир полвон ва Хўжамқул орасида сақланган бўлиб, улар у ёки бу ҳаракатларини амалга ошириш учун тез-тез қўшилиб турадилар, қолган қурбошилар ўртасида борди-келди йўқ.
Мулла Розиқнинг қолган қурбошилардан ажралиб кетишига бош сабаб, Шўронинг у ҳаракатланаётган ҳудудда таъқибни кучайтириши, уни қўллаб-қувватлаб турган бир қатор таъсири кучли бўлган кишиларни йўқ қилиши эди. Бунинг устига, мулла Розиқ, қолган қурбошилар ўзаро тил бириктириб, ўзини ўлдирадилар-да, Шўрога таслим бўлиб, гуноҳни унга тўнкаб, шу билан айбларини ювадилар, деган ишончсизлик ва хавфсирашда бўлган».
Эргаш Жўрабой ўғлининг Қашқадарё, Зарафшон ва қисман Тожикистонда 1926 йил ўрталарида Шўрога қарши ҳаракатда бўлган сўнгги «босмачи» гуруҳлари, уларнинг таркиби, қурол-яроғи ҳақида сўроқда берган маълумотлари тарихан катта аҳамиятга эга. Мулла Розиқ гуруҳининг шахсий таркиби, қурол-яроғ хусусида у қуйидагиларни маълум қилган:
«Гуруҳда 18 жигит бор. Қуроллари: 10 та 3 нилли милтиқ, уларнинг ҳар бирига 30-40 тадан ўқ-патрон, 8 та бердан винтовкаси ва уларнинг ҳар бирига 15-30 тадан ўқ-патрон, тўла ўқланган 2 та наган, 5 та қилич. Ҳамма жигитларда от бор, мулла Розиқнинг ўзи 500 ўқи бўлган ўн бир отар милтиқ ва 70 та ўқи бор наган билан қуролланган.
Қодир полвон гуруҳида 8 жигит бўлиб, уларда 5 та 25 – 50 тадан ўқи бўлган уч нилли милтиқ, 15 – 25 тадан ўқи бўлган 3 бердан милтиғи, тўла ўқланган 2 наган, 1 қилич бор. Жигитларнинг ҳаммаси от билан таъминланган. Қодир полвон 600 ўқи бўлган уч нилли милтиқ ва 70 ўқи бор наган олиб юради.
Хўжамқул қурбошида 4 жигит қолган, уларда 1 та уч нилли милтиқ, граната ва 2 та бердан қуроллари бор. Ўқлари оз, уч нилли милтиқнинг 40 та, берданкаларнинг 15 – 20 тадан патрони бор. Ҳаммалари отлиқ. Хўжамқул уч нилли милтиқ ва 70 ўқли наганга эга.
Қурбоши Икром қўл остида 7 та жигит бор. Уларнинг ҳар бирида 40 – 50 ўқи бўлган 3 та нилли милтиқ, 4 та бердан қуроли (ҳар бири учун 15 – 25 дона ўқ) ва 2 қилич мавжуд. Ҳаммаларида отлар бор. Икромнинг 600 ўқи бор уч нилли винтовкаси ва 70 ўқи қолган нагани бор.
Мазкур гуруҳлар таъминоти аҳоли бўйнида: озиқ-овқат, ем-хашак қишлоқлардан ва ёрдам беришга масъул кишилардан йиғилади. Отлар деҳқонлардан олинади, уларга солиқлар ҳам солинади. Мулла Розиқ Жовиз қишлоғи ҳудудида, Қодир полвон ва Хўжамқул гуруҳи Ургут, Фароб қишлоғи, Моғиён ва тоғолди воҳасида, Икромнинг жигитлари эса Панжакент туманида ҳаракатланадилар.
Қурбошилар ва уларнинг жигитлари асосан тунда кўзланган манзилларга юриш қилиб, кундуз пайти тоғларда қўналға қиладилар. Қурбоши ўзига яқин кишилари билан алоҳида чодирда, жигитлари бошқа бошпаналарда турадилар. Ургут водийсига томон ҳаракат қилинганда, у ердан қайтиш пайтида доимо йўлни ўзгартириб, киши билмас сўқмоқлардан, кўпинча Эшак қишлоғи орқали турар жойларига келадилар.
Жигитларнинг машқи паст, асаблари таранг. Кўпчилигининг таслим бўлгиси келади. Улар бунда қурбошиларнинг ўч олишидан эмас, таслим бўлиш пайтида Шўро ҳукумати томонидан отиб ташланишдан қўрқадилар, чунки олдин босмачиларга нисбатан эълон қилинган умумий афв эндиликда бекор қилинган».
Эргаш Жўрабой ўғлининг қурбошилар ва уларнинг фаолияти ҳақида бунчалик кўп нарса билиши кишини ҳайратга солади. Айниқса, унинг мулла Розиқ, Қодир полвонга ёрдам кўрсатиб келган кишилар, оқсоқоллар, қишлоқлар ҳақида Шўро ҳукуматига берган маълумотлари аниқлиги ва кўламли эканлиги билан кишида шубҳа уйғотмай қолмайди. Эргаш Жўрабой ўғли Шўронинг босмачилар орасига ташланган жосуси эдими, ёинки, жонини қутқазиш умидида шунча маълумотларни атай тўплаган эдими?
Эргаш Жўрабой ўғли қурбошилар қўл остидаги жигитларни ҳам номма-ном айтиб беради. Унинг шаҳодатича, мулла Розиқ гуруҳида: Жовиз қишлоғидан Аббос, мулла Розиқнинг укаси Бегали, мулла Розиқнинг амакиси Бобо живачи, Афанди (бухоролик, мулла Розиқ котиби), жовизлик Ражаб, Маҳкам, Зиёдулло, Бозор, Латиф, Мурод, Истам Турсунов, матмонлик Жаъфар, обикондалик Эшон, Тош қишлоғидан Маазим (Муаззим) ва унинг укаси Отабойлар бўлган.
Қодир полвон гуруҳида мулла Шаҳобитдин, Жобир (Аспидўхтар қишлоғи), Мирзақул (Денов қишлоғи), Саттор (Мусобозор), Жиян (Чапдара), Носирхон (Хўжа қишлоғи), Ашур (Олахотин), Санақул (Моғиён) каби жигитлар; Хўжамқул қурбоши тўдасида Ака Қурбон (Шинг қишлоғи), Нурали, Шоди, Фахриддин деган тоғлик кишилар бор. Икром қурбоши қўл остида (у Моғиён қишлоғидан) қишлоқдошлари Қосим, Усмонлар бўлиб, қолган 5 жигитнинг исмини билмадим».
Эргаш Жўрабой ўғли мулла Розиқ билан Қодир полвонга ёрдам бериб келган кишилар ҳақида ҳам батафсил маълумот тўплаган. Унинг сўроқда бу ҳақда айтганлари махсус шуғулланиш натижалари эканлиги билиниб туради. Қурбошиларга Ургутнинг Испанза қишлоғи оқсоқоли ҳамда Олмос деган киши қурол, озиқ-овқат, ем-хашак етказиб туришдан ташқари, қизил армия қисмлари ҳаракати ҳақида ҳам хабар бериб турганлар. Элпак қишлоғи оқсоқоли, Худойберди, фароблик Шароп камитет босмачиларга озиқ ва ем-хашак бериб, уларни яшириб ҳам турганлар. Моғиён қишлоғи оқсоқоли, шу жойлик Акромхўжа, фароблик Фахриддин, Шут қишлоғидан Ибодулла оқсоқол, Қабзахонадан мулла Махсум, Кўл қишлоғидан мулла Ашур, аспидўхтарлик мулла Махсум, Денов Мусобозордан Холиқча, Денов қишлоғидан Сафар полвон, Ургутнинг Бешкапасидан Султон чўчқафуруш, Теганадан Элназар Чўлтоқ, Ўроқ Тайжардан Ҳайдар камитет, Хўжа қишлоғидан Эшон ва унинг икки ўғли, Гадой қуччидан Юсуфкал ва Оқил деган кишилар босмачиларнинг фаол ёрдамчилари, маълумот етказувчилари, яширувчилари ва таъминотчилардир. Улар милтиқ, ўқ-дори, кийим-кечак, озиқ-овқат, ем-хашак етказиб берадилар, қизил қисмлар жойлашган манзиллар ҳақида хабар берадилар».
Қашқадарё воҳасида «босмачилик» 1924 – 1925 йилларда тугатилди, деб ҳисобланишига қарамай, 1926 йилда вилоятнинг шарқий қисмида, тоғолди ҳудудларида ҳали Шўро ҳукуматига қарши қуролли курашни тўхтатмаган кучлар барҳам топмаган эди. Бу қаршилик ҳаракати бошида Жовиз қишлоғидан бўлган мулла Розиқ (Абдурозиқ) Хўжанди ўғли турарди. Мулло Розиқ қишлоқнинг ўзига тўқ оиласидан бўлган, илм таҳсил қилган. Шўрога қарши курашни воҳада биринчилардан бўлиб бошлаган, 1919 йилда қўлига қурол олган, Мулла Розиқнинг овозаси Зарафшон ва Панжакент томонларда ҳам кенг ёйилган. Шўро ҳукумати Ватан озодлиги курашчиларига қарши узоқ, талафотли жанглар олиб боришга мажбур бўлади, уларни тор-мор этиш учун ҳамма воситалардан фойдаланади. Ватанпарварларга қарши энг таъсирчан, энг самарали усул – тарғибот ва ташвиқот бўлади. Ватанпарварларни, озодлик курашчиларини «босмачилар» деб ёмонотлиқ қилиш, уларни таъминот манбаларидан маҳрум этиш, охир-оқибатда, яшаш ва кураш учун зарур бўлган ашёларни аҳолининг ҳамма қатламларидан талаб қилиш, мажбурлаб олиш даражасига келтириб қўйиш бу ҳаракатнинг айрим заиф ҳалқалари узилишига сабаб бўлмай қолмайди.
Бошданоқ марказлашган раҳбарлик суст, ҳарбий интизом ва жанговар кураш тажрибаси заиф бўлган қаршилик кучлари қизиллар билан тўқнашувларда жон бериб-жон олганлар. Ватанпарварлар оғир ҳарбий дала шароитида, партизанларга хос курашнинг барча қийинчиликларига чидаганлар. «Аксилинқилобий ташкилот» бириктирган мутасаддилар қурол-яроғ, озиқ-овқат билан мунтазам таъминлаб турган 1920 – 1922 йилларда уларнинг қўли баланд келган ҳоллар кўп бўлган. Қашқадарё вилоят ички ишлар бошқармасининг 180 кишилик қуролли милиционерлари тўла равишда улар томонига ўтиши, айрим туманларда (масалан, Косон, Ғузор) юз берган ҳокимият таназзули мустабид тузумга қарши курашаётган фидойиларнинг порлоқ ғалабалари эди.
Шўро ҳукумати озодлик курашчиларининг таъминот манбалари ички ва ташқи ёрдамни кесиб қўйиб, мутасаддилар – бириктирилган оқсоқоллар, бойлар қўлга олингач, ватанпарвар кучларнинг томирига зил кетади. Шарқий Бухорода қаршилик ҳаракатини мағлуб этган, шу билан Англия, Туркия ҳарбий аралашувига, алоқасига чек қўйган Советлар Қашқадарёда ҳам кенг кўламли жанговар тадбирларни кучайтириб юборади. Тангриберди додхоҳ, Турди тўқсоба каби кўзга кўринган қаршилик раҳбарлари – қурбошилар қўлга олинади, жанг майдонида ўлдирилади. Воҳа жанубида 1925 йилга келиб, қаршилик кучлари асосан тугатилган эди. Қизилларнинг жазо гуруҳлари таъқибидан омон қолган собиқ ватанпарварларнинг айримлари хорижга кетишга, баъзилари таслим бўлиш ва қуролни омочга айлантиришга, бировлари эса милтиқни ташламай, уни бошқа мақсадга ишлатишга ҳам мажбур бўлган эди. Бу кейингиларни сўзнинг тўғри маъносида босмачи, дейиш мумкин эди. Бундай йўл тутиш Шўронинг аввал-охир кўзлаган муддаоси бўлиб, у қисман шу режасини амалга оширишга муваффақ бўлган эди. Бу ҳолнинг, аччиқ қисматнинг яққол манзараси сўнгги «босмачи» мулла Розиқ ва унга яқин бўлган қурбошилар тақдири мисолида намоён бўлади.
Бўлиниш юз бергач, қурбошилар жуда кучсизланиб қолади. Ортдан қисиб келаётган қизил аскарлар сон жиҳатдан ҳам, қуроллар, отлар томондан ҳам улардан бир неча баравар устун эди. Эргаш Жўрабой ўғли томонидан берилган маълумот қизиллар учун жуда кутилган омад муждаси бўлган. «Бўлинганни бўри ер», деган мақол амалиёти айнан шу вақтда содир бўлади. Қурбошиларнинг кўплари ўлдирилади, бошқа бирлари бош эгиб, таслим бўлади. Ўқ-дориси тугаб бўлган, тоғдан тоққа қочиб, отлари ишдан чиққан мулла Розиқ гуруҳи ҳам патрат топади. Мард, жасур, Шўрога қарши 7 йил тинимсиз кураш олиб борган мулла Розиқнинг ҳам таслим бўлишдан ўзга иложи қолмайди...
Эгилган бошни кесган қилич
1926 йилнинг 22 августи. Пойтахт Самарқандда шов-шув тарқалган. Кимсан, босмачиларнинг зўри ва энг охиргиси таслим бўлибди. Уни кимдир қўлга тушмас қасоскор эди, деб афсус қилса, бошқа бирови, ажаб бўлибди, деб гап қиларди. Шаҳарда оёқлаган миш-мишларда жон бор эди. Советларга бош эгиб келган «сўнгги босмачи» мулла Розиқ оёқ-қўли кишанланиб Моғиёндан Самарқандга олиб келинган, кучайтирилган қўриқлов остида Бош сиёсий бошқарма ҳибсхонасида сақланаётган эди. Пойтахтга олиб келинганининг эртасигаёқ тергов ишлари бошлаб юборилди.
Республика БСБсининг ходими Олтинбоев сўроқни олиб боради. 22 августда ўтказилган дастлабки тергов қарори матни билан танишиш «босмачилик» билан боғлиқ кўпгина жумбоқларга ойдинлик киритади. Мулла Розиқ (Абдирозиқ) сўроқ қилинганда, анъанавий тарзда унинг шахсига доир маълумотлар ҳам келтирилади:
«Мулла Розиқ Хўжандиев. Шаҳрисабз туманининг Жовиз қишлоғидан, миллати тожик. 28 – 29 ёшларда (1896 – 1897 йилда туғилган), босмачилар тўдасининг бошлиғи, қурбоши. Уйланган, 75 – 90 таноб ери, 4 оти, 2 уйи, 220 қўйи бор. Мусулмон илмидан хабардор. 1919 йилдан бошлаб босмачилик қилиб келган».
Кўрсатмаси:
– Аниқ ёдимда йўқ, тахминан бундан беш йилча бурун Ургут туманининг Ғуз қишлоғидан бўлган Ибодулло, Исломхўжа деган одамлар Жовиз туманига қарашли Матмон қишлоғидан Жафар мулла Анбековни мажбуран олиб кетишган эди. Ориятимиз келиб, қишлоқдошим, жовизлик мулла Мирзо Раҳмонов билан уни ғузликлардан қутқариб, қишлоққа қайтариб келган эдик.
Шу воқеа сабаб бўлиб, орамизда душманлик пайдо бўлди. Мулла Мирзо бу пайтда Самарқанд теварак-атрофида ҳаракатланаётган Баҳромбек тўдасига қўшилиб кетди. Бир қанча вақт ўтгач, мулла Мирзо мени ҳам босмачилар қароргоҳига олиб борди, бу, тахминан, 1922 йилда бўлган эди. Нима гап ўтган, билмадим, анча вақтдан кейин Баҳромбек мулла Мирзони отиб ташлади. Баҳромбек мендан ҳам шубҳа қилди, қуролимни тортиб олиб қўйди. Бир амаллаб қочиб қутулдим-да, қишлоғим Жовизда бир муддат яшириниб яшадим.
Баҳромбек ҳам узоққа бормади. У қурбоши Очилбек томонидан ўлдирилди. Очилбек менга бешта милтиқ юборди, бу қуролларни мен жовизлик Жафар мулла Анбеков, Зиёдулло Мироҳуров, Бобоали Алимов ва Ҳамидларга тарқатиб, улар билан бирга Очилбек тўдасига келиб қўшилдим. Қизил аскарлар билан Китоб яқинида бўлган тўқнашувда Очилбек ўлдирилганидан сўнг, мен ҳам ҳамқишлоқларим бўлган жигитлар билан Холиқулибек қурбоши гуруҳига бориб қўшилдим. Холиқулибек Китоб тумани ҳудудида ҳаракатланар эди. Ургут сарҳадида бўлган жанглардан бирида Холиқулибек ҳам ўлдирилди. Ундан сўнг қизилларга қарши курашган Мирзо полвон ҳам ўққа учди. Шундан кейин 8 жигитга бош бўлиб ўзим мустақил ҳаракат қила бошладим. Менинг ҳудудим доирасига Панжакент, Китоб ва Шаҳрисабз туманлари кирар эди.
Савол: – Хўжамқул, Қодир полвон ва Икромқул қурбошиларни қандай қилиб ўзингизга бўйсундирдингиз?
Жавоб: – Ҳали Қодир полвон, Икромқул ва Хўжамқуллар алоҳида, мустақил қурбошилар бўлиб юрган вақтда мен Хўжамқул билан яқин муносабатда эдим. Хўжамқул Икромқул ва Қодир полвонни ўзига қарам қилиб олди-да, менинг қўл остимда бўлишини билдирди. Улар мени қурбоши қилиб сайладилар. Янги қурбоши бўлган давримда, ҳаммаси бўлиб, 15 – 20 жигитим бор эди.
Савол: – Қандай қилиб тўдангизни кўпайтириб бордингиз ва янги қўшилган жигитларга қуролни қаердан олдингиз?
Жавоб: – Менга бўйсунадиган ҳар бир қурбоши ўз имкони даражасида қўл остидагилар сафини кенгайтириб борар эди, қуролни ҳам ўзлари топар эди, бу ҳақда мен билмайман. Икромқул акаси Холиқулбек шаҳид бўлгандан сўнг унинг қурол-яроғидан фойдаланиб келарди. Холиқулбек жуда кўп қуролни яширин сақлаб келган. Унинг жойи менга маълум эмас.
Ўзим эса жигитларим учун мунтазам равишда қўл остимда бўлган Аспидўхтар қишлоғидан бўлган Шаҳоб Ражабов воситасида қурол ҳозирлар эдим, у ҳам ҳозирда Шўрога таслим бўлди. Шаҳоб Ражабов Холиқулбек қурбоши ўлдирилгандан сўнг кўп милтиқни яширган. Бу қуроллар шаҳид бўлган жигитларники ҳамда қизил аскарлардан жанглар пайтида тортиб олинган милтиқлар эди.
Савол: – Янги жигитларни қандай қилиб ўзингизга қўшиб олардингиз?
Жавоб: – Жигитлар сафига кўнгилли сифатида қўшилувчилар ҳам бўлар эди, гоҳида улар мажбуран олиб келинарди. Эл орасида сафимизни тўлдириш учун ташвиқотлар олиб борардик. Бу ишни котибим, асли бухоролик бўлган Умар афанди эплар эди.
Савол: – Умар афанди қаерда ва қачон тўдангизга қўшилди, ким томонидан котибликка тайинланган, унинг фаолияти нимадан иборат эди?
Жавоб: – Умар афандини у Баҳромбек қурида бўлган давридан бери танир эдим, Баҳромбек шаҳид бўлгач, Очилбек ҳузурида хизмат қилди, кейин Холиқулбек қурбоши ихтиёрига келди. Унинг ўлимидан кейин менга келиб қўшилди. Уни мен гуруҳимиз котиби этиб тайинлаганман, у котиблик қилишдан ташқари, жигитлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб борар, уларни Шўро ҳукуматига қарши курашишга руҳлантирарди, қайси қишлоқда бўлмасин, аҳолига ташвиқ ва тарғиб юргизар эди. Ташвиқоти маъниси шу эдики, Шўро ҳукумати зўравон, мусулмончиликка қарши, уни йўқотиш мақсади, хотин-қизларни очиб юборади...
Савол: – Сиз томонингиздан ҳукумат вакилларига, дейлик, Ургут ижроия қўмитаси ва бошқаларга хатлар ёзилганми?
Жавоб: – Ёзилган барча хатлар мазмуни котибим Умар афанди томонидан тузилган, мен уларга фақат муҳримни босганман.
Савол: – Ҳукм сурганингиз барча даврда ким сизни қўллаб-қувватлади, ким патрон, винтовка билан таъминлаб келди, ким қизил армия қисмлари ҳақида маълумот етказиб турди?
Жавоб: – Ғуз қишлоғидан бўлган Ражаббой Шодиев менга олти ўқланадиган карабин, иккита наган берган вақти бўлган эди. У мен ҳаркатда бўлган ҳамма вақтда 50 – 60 дона патрон келтириб турарди. Ўқларни қаердан олганлиги менга маълум эмас. Битта милтиқ учун 300, бир наган учун унга 120 сўмдан тўлаганман. 100 та патрон учун эса 100 сўмдан берганман. Бу милтиқ ва наганлар менга Ражабов томонидан 1925 йилгача олиб келинган эди. 1925 йилдан бошлаб эса Жовиз кўнгилли гуруҳи (босмачиларга қарши – П.Р.) командири Рўзибой Боев ва унинг жигитлари мулла Ашур Рўзиев, Ашур Алимуродов, Қудрат Зокировлар келтирадиган қуроллардан фойдаландим. Ўтган йили Рўзибой Боев билан узоқ давом этган ихтилофдан сўнг ярашган эдим, мақсадим Шўро ҳукумати томонига ўтиш эди.
Рўзибой, агар мен Шўрога қарши курашни давом эттирсам, милтиқ ва ўқ-дори билан таъминлашга ваъда берди. Ундан милтиқлар олмаган бўлсам-да, 50 – 100 донадан патронларни тез-тез олиб турганман. Ўқ-дориларни шахсан улардан, одамлар воситасида олганим сабабли, бу ошкор бўлиб, гап-сўзлар ёйилди, Рўзибой бундан қўрқувга тушиб ўзини тортди. Кейинги вақтда Рўзибой томонидан мен учун 2 милтиқ, бир қилич, 2 наган, 200 патрон (бронтешар) тайёрлаб қўйилган эди, лекин олиш имконияти бўлмади. Озиқ-овқат ва ем-хашакдан танқислик бўлмаган, ўзига тўқ бирорта киши ҳам биздан қўл тортмаган, ёрдамини берган.
Савол: – Аҳолидан солиқ йиғиб олувчингиз ким бўлган, ўз сирларингизни кимга айтиб, кимга ишонардингиз?
Жавоб: – Солиқлар оқсоқоллар томонидан йиғилар эди, сирларимни эса ўз котибим Умар афандидан бошқасига айтмас ҳам, ишонмас ҳам эдим.
Савол: – Нима сабабдан ҳозирга қадар Совет ҳукумати тарафига ўтмай келдингиз, эндиликда Шўрога таслим бўлишга сизни нима мажбур қилди?
Жавоб: – Шўро ҳукумати томонга ўтишга мени отиб ташлайди, деб қўрқдим. Чунки менга бу ҳақда ҳеч ким тушунтирмади, ҳукумат ҳам вакилларини юбормади. Эндиликда эса, менинг таслим бўлишимга қизил армия қисмларининг кейинги вақтда таъқибни кучайтиргани бир томондан бўлса, ҳукуматнинг вакилларини юбориб ҳаётимни сақлаб қолиш эвазига кўндиришлари иккинчи тарафдан туртки бўлди.
Савол: – Совет ҳукумати билан беш йил давомида олиб борганингиз курашда нимани мақсад қилган эдингиз?
Жавоб: – Ҳеч қандай мақсад бўлмаган.
Савол: – Котибингиз ҳозир қаерда, сиз таслим бўлгандан кейин у қаерга яширинмоқчи эди?
Жавоб: – Унинг қаерда эканлиги менга маълум эмас, таслим бўлишимдан беш кун аввал у Шут қишлоғида мендан ажралиб кетган эди. Илгарилари Бухорода отаси, аёли ва боласи борлиги ҳақида гапириб юрарди».
Шўро ҳукуматига қуролни ташлаб, бош эгиб келган мулла Розиқнинг биринчи тергови шу ерда ниҳоясига етади. Савол-жавоблардан аён бўладики, мулла Розиқ терговчига очиқ кўнгил билан тафсилотларни айтгандек туйилса-да, Шўро ҳукуматига қарши олиб борган узоқ йиллик курашининг моҳиятини сўзлашни истамаган. У алданганини қўлига кишан солиниши билан пайқаган, ҳамма дарди, алами ичида, таслим бўлишга кўндирганларни лаънатлаётган эди. Шўро вакиллари – Шаҳрисабз ва Китобнинг таниқли оқсоқоллари орага тушиб, уни бўйсунишга даъват этгандилар. Қуроллари учун ўқ-дори охирлаб қолгани, тоғма-тоғ қувғин еб қочиб юришдан отлари дармони қуриганлиги сабаб, мулла Розиқ вакиллар ваъдасига ўзини ишонтирган эди. Тоғдан эниб, ваъдалашган жойга келиши биланоқ уни банди қилдилар. Кошкийди жангда ўлдирилса... Мулла Розиқ терговчининг берган жавобларидан бўғриқиб кетганлигини эътибордан қочирмади. Олтинбоев қоғозларни йиғиштириб, соқчиларни чақирди. Оёқ-қўли занжирбанд қурбоши ўрнидан оғир қўзғалди. Терговчи, «кўрамиз, сен сайрамасанг, анави қарқуноқларинг тилга кирар», деб ўйлади-да, зўрға оёқ судраб бораётган мулла Розиқ ортидан ижирғаниб тикилиб қолди.
Икромқул қурбоши
Мулла Розиқ терговхонадан олиб кетилгач, занжирларнинг шарақ-шуруқ овози яна сукунатни бузди. Олтинбоев ўраб чекаётгани тамаки тутунини ичида бир зум сақлаб турди-да, шашт билан пуфлади. Соқчи эшикни очганда хона ичи бурқсиб ётарди. Қоп-қора соқол-мўйлаби ўзига ярашган, чайир жуссали Икромқул қурбоши терговчи имоси билан курсига ўтирди.
Икромқул қурбоши Тожикистон АССРнинг Панжакент вилояти, Фароб волостига қарашли Моғиён қишлоғидан эди. У 26 ёшга кирган, оилали йигит бўлиб, 1923 – 1925 йилларда советларга қарши курашга қўшилган эди. 1925 йилда бир сира Панжакентда Шўроларга таслим бўлган, орадан кўп ўтмай, 1925 йил ёзида яна қўлига қурол олади. Мулла Розиқдан бир неча кун олдин иккинчи бор Шўро ҳукуматига бош эгиб келган, афв қилинмаган ва ҳибсга олинганди.
Терговчи Олтинбоев сўроқ қилиш билан боғлиқ расмиятчиликларни ниҳоялаб, қаршисида ғоз қотиб ўтирган қурбоши йигитга қаради ва «тўғрисини айтсангиз, ўзингизга яхши бўлади», деди. У яна тамаки тутатди-да, нописандлик билан тутунни маҳбус тарафга пуфлади. Шошилмай сўроқни бошлади:
«Савол: – Босмачилар сафига қандай кирганингиз ҳақида батафсил гапириб берсангиз, қандай қилиб қурбоши бўлиб олдингиз? Мулла Абдирозиқбек итоатига қачондан бошлаб киргансиз, мулла Розиқ ва бошқалар тўдалари билан қўшилган вақтда қанча жигит бор эди?
Жавоб: – Акам Холиқулбек Китоб, Шаҳрисабз ва Фароб волостининг Моғиён ҳудудларида ҳаракатланаётган босмачилар бошлиғи бўлганидан сўнг, одамлар мени қурбошининг укаси деб тазйиққа олдилар. Шу сабаб улар ёнига кетишга мажбур бўлдим. Икки йил босмачилар билан бирга бўлдим. Акам қизиллар билан бўлган бир жангда ўлдирилди. Мен нима қиларимни билмай, битта уч нилли милтиқ билан Совет ҳукумати тарафига ўтдим, Панжакент ҳукумати ҳузурига бордим. Деҳқончилик билан машғул бўлдим. Таслим бўлганимдан бир йил ўтиб, акамнинг собиқ жигитларидан бири, у шаҳид бўлгандан кейин мулла Розиқ итоатига кириб қурбоши бўлган Хўжамқул командир мени акамнинг собиқ жигитларидан бири Қосим Шакаров билан бирга яна ўз гуруҳига олиб кетди. Кўп ўтмай Усмонбанда Алиевни ҳам олиб келди ва бизларга милтиқ берди. Фароб волостининг Моғиён қишлоғидан бўлган шу одамлар билан ҳамма вақт мулла Розиқ қошида бўлдик. Таслим бўлишимдан, чамаси, бир неча ой олдин мулла Розиқ мени Фароб волостининг Моғиён қишлоғидан бўлган жигитлар қурбошиси қилиб тайинлаган эди. Менинг қўл остимда Усмонбанда Алиев, Қосим Шакаров, Саид, Умар (фамилияларини билмайман) ва отбоқарим Ихсамлар бор эди.
Савол: – Қурбоши бўлганингиздан сўнг, жигитларни қурол ва ўқ-дори билан қандай қилиб таъминладингиз, уларни қаердан олдингиз? Озиқ-овқат ва ем-хашакни қандай йиғдингиз, сизга қизил армия гуруҳлари ҳақида кимлар ахборот бериб турар эди, уларнинг кимлар эканлигини айтсангиз?
Жавоб: – Милтиқ ва патронларни ўзим ва жигитларим учун мулла Розиқдан олар эдим, бу нарсаларни қаердан топганлигидан хабарим йўқ. Озиқ-овқат, ем-хашакни мулла Розиқ ҳозирлар эди. Мен ва жигитларим ўзимизча бир иш қилмасдик. Қизил армия гуруҳлари ҳақида маълумот берувчи кишилар мулла Розиқ билан алоқада бўлганлар, мен уларнинг кимлар эканлигини билмайман. Мулла Розиқ бундай ишлар ҳақида фақатгина котиби билан маслаҳатлашар эди, бизлар мутлақо ҳеч нарса билмаганмиз.
Савол: – Ким эди у котиб, мулла Розиқ тўдасига у қачон келиб қолган, умуман, унинг фаолияти қандай бўлган?
Жавоб: – Котиб 27 – 30 ёшлардаги бир бухоролик киши эди, исми шарифи менга маълум эмас. У олдин акам Холиқулбекнинг жигитларидан бўлган. Котибликдан ташқари қишлоқларда ва жигитлар орасида ташвиқотлар юргизган.
Савол: – Қандай қилиб мулла Розиқдан ажралиб чиқдингиз ва Совет ҳукумати тарафига ўтдингиз?
Жавоб: – Моғиён қишлоғидан бўлган жигитлар таслим бўлгач, мени мулла Абдирозиқ боғлаб қўйди ва уч кун назорат остида бўлдим, охири қочишга муваффақ бўлдим.
Савол: – Акангиз Холиқулбек ўлдирилгандан сўнг, ундан қолган қуроллар ҳозирги вақтда қаерда?
Жавоб: – Акамдан ҳеч қандай қурол-яроғ қолган эмас.
Савол: – Этик ва кийимларни қаердан олгансиз?
Жавоб: – Буларнинг ҳаммасини мулла Розиқ берган, у кимдан олган, ким келтириб берган, менга маълум эмас».
Бир ой қурбошилик қилган Икромқул, ёш бўлишига қарамасдан, анча пишиқ, лойқа сувни қаёққа оқизишни яхши билган. Бу унинг терговда ҳамма айбни мулла Розиққа ағдариш пайида бўлганлиги мисолида очиқ кўриниб туради.
1926 йилнинг 22 августи куни терговчи Олтинбоев моғиёнлик яна бир қўлга олинган босмачи Усмонбанда Алиевни сўроқ қилади. Усмонбанда 40 ёшда бўлган, 7 ой босмачиликда иштирок этган. У, БСБ терговчисига шундай кўрсатма беради:
«Етти ой олдин Моғиён қишлоғининг Киштут маҳалласи раиси эдим. Икромқул тўдага кетиб қолгандан сўнг, мулла Розиқбек мени ҳам зўрлаб у ерга олиб борди. Уч нилли милтиқ ва 25 дона патронни мулла Розиқ берди, доимо унинг итоатида бўлдим. Қариндошларимни кўриб келай деб қишлоққа келдим ва қайтиб бормадим».
Олтинбоев кейинги сўроқдан мамнун эди. Мулла Розиқ бўйнига илинадигани ортганидан ортиб борарди. «Манави қарқўноқлар тўти чиқиб қолди. Қафасдан қутулишни, лекин хаёлларига ҳам келтирмасин, қуролни берган билан қуролни ишлатган тафовутини улар ўйлаб кўрмаётир...» Олтинбоев шуни ўйлаб, яна тамаки бурқситди.
Иккинчи сўроқ
Орадан тўрт кун ўтиб, 1926 йилнинг 26 августи куни тонг бўзармай, узун шинел кийган Олтинбоев терговхонада мулла Розиқни олиб келишларини кутиб, бетоқат у ёқдан бу ёққа юриб турарди. Ниҳоят, соқчиларнинг нағалли этиклари гурс-гурси эшитилди. Оёқ-қўлига урилган кишанлар оғирлигидан сал букчайган паҳлавон келбат мулла Розиқ кўрсатилган жойга ўтирди. Хотиржам тортган терговчи шинели чўнтагидан халтача олиб, букланган қоғоздан парча йиртди-да, унга тамаки ўрай бошлади. Қоғозларни тартибга келтирган республика БСБ терговчиси папирос тортди-да, сўроқни бошлади:
Савол: – Баҳромбек тўдасида мулла Мирзо билан бўлган пайтингизда унда қандай вазифани бажарган эдингиз, қайси туманда кўпроқ ҳаракатда бўлиб, жангларда неча марта қатнашгансиз?
Жавоб: – Баҳромбек тўдасида мен бир ойга яқин бўлган эдим, Самарқанд туманида ҳаракат қилганмиз. Мен у пайтда мулла Мирзо гуруҳида жигит бўлиб, мулла Мирзо билан биргаликда Баҳромбек тўдасида фақат бир марта Халвон волостида бўлган жангда иштирок этганман. Шу жангда Баҳромбек жигитларидан учтаси ўлдирилди. Кейин мулла Мирзо Ургут туманининг Чип деган мавзеида 20 жигити билан Баҳромбек қурбошидан ажралиб, Китоб туманига кетди. Орадан анча вақт ўтиб, аниғи ёдимда йўқ, мулла Мирзо Баҳромбек томонидан ўлдирилди, жигитлари эса, улар орасида мен ҳам бор эдим, қуролсизлантирилди. Шу воқеадан сўнг мен Жовизга қайтиб келиб, қишлоғимда яшириниб юрдим.
Савол: – Очилбек тўдасига қандай қилиб қўшилиб қолдингиз, бу ерда қайси амални бажардингиз ва умуман, Очилбек гуруҳидаги фаолиятингиз нимадан иборат бўлган эди?
Жавоб: – Эсимда йўқ, мен кетганимдан сўнг, анча вақтдан кейин Баҳромбек қурбоши Очилбек томонидан ўлдирилибди. Шу орада Очилбек Денов қишлоғига келиб, мени ҳузурига чақиртирди ва 5 та милтиқ берди. Милтиқларнинг 4 тасини жовизлик фуқароларга улашдим. Очилбек ихтиёримга 40 жигит берди ва мен улар билан Ғилон туманига жўнадим. Бу жойда бир фурсат турганимиздан сўнг, Очилбек чорлови билан Варганзага келдик. Қизил аскарлар билан қаттиқ жанг бўлди ва шу курашда Очилбек шаҳид кетди. Очилбек ўлимидан кейин унинг тўдаси Самарқанд туманига, мен эса 4 жигит билан Холиқулбек қурбоши ҳузурига йўл олдик.
Савол: – Қанча вақтдан буён мустақил қурбоши (бек) бўлиб ҳисобланасиз, ким томонидан сайлангансиз?
Жавоб: – Холиқулбек ўлдирилгандан сўнг, ўзимни бек деб атадим, жигитларга бошчилик қилишни бўйнимга олдим, кейинчалик Икромқул, Хўжамқул ва Қодир полвонларни ҳам итоатимга киритдим.
Савол: – Сизга итоат қилгунга қадар ва ундан кейин ҳам Икромқул, Хўжамқул, Қодир полвонлар мустақил қурбошилар ҳисобланармиди, уларнинг гуруҳлари сони қанча эди?
Жавоб: – Икромқул, Хўжамқул ва Қодир полвонлар менга бўйсунгунларига қадар ва ундан кейинлар ҳам мустақил ҳаракат қилиб келди, ҳар учаласи ҳам ўз муҳрларига эга, ўзлари аҳолига солиқлар солган, хоҳлаганларини ўлдирганлар.
Савол: – Икромқул ўз муҳрига эга эдими?
Жавоб: – Ҳа, муҳри бор, ҳамиша Фароб волостининг Моғиён ҳудудида мустақил ҳаракатланар эди.
Савол: – Фароб волости ижроқўми раисининг ўринбосари Ботир ва яна тўрт деҳқон ким томонидан ўлдирилган?
Жавоб: – Фароб – Моғиён ижроқўми раиси ўринбосари Ботир ва моғиёнлик қолган фуқаролар Икромқул, Усмонбанда Алиев ва менинг котибим томонидан қатл қилинганди.
Савол: – Роғич қишлоғида бўлган жангда, қайсики, унда бир қизил аскар ўлдирилган, қатнашганмисиз?
Жавоб: – Мен бу жангда иштирок этмаганман. Лекин Икромқулнинг жигити Усмонбанда Алиев менга айтган эдики, улар Икромқул итоатида бўлган Қурбон қошига 8 жигит билан Моргузар туманига жўнатилган эканлар, у мавзедан қайтишларида у ва яна 2 жигит қизил аскарлар гуруҳи билан тўқнашганлар, шахсан Усмон бир қизил аскарни отган.
Савол: – Қизил аскарлар ёки милиционерларни асирга олган пайтингиз бўлганми, асирларни нима қилгансиз?
Жавоб: – Холиқулбек бир жангда 17 та қизил аскарни қўлга олганлигини эшитганман, мен у вақтда йўқ, Жовизда эдим. Кейинчалик қизил аскарлар Холиқулбек томонидан отиб ташланган, жумладан, улардан иккитаси Сор қишлоғида қатлга етказилган.
Савол: – Мусобозор қишлоғида сиз томонингиздан Панжакент ижроқўми раиси билан милиция гуруҳини ўраб олиш воқеаси бўлганми, уларни асирга олиш мақсадингизни амалга ошириш учун нима қилгансиз?
Жавоб: – Қайси ойда бўлганини эслолмайман, 1925 йил охирларида эди, чоғи. Мен Аспидўхтар қишлоғида турган эдим. Жовиз қишлоғи милицияси қизил армия қисми билан биргаликда ҳужум қилди, биттаси ўлдирилгач, улар қочишга тушдилар ва Денов Мусобозор қишлоғига яшириндилар, мен уларни таъқиб қилиб бордим ва таслим бўлиш ҳақида хат йўлладим. Хатимда, «Сизлар мусулмонсизлар, бизлар мусулмон, бир умумий иш учун русларга қарши курашмоғимиз керак, қуролларни топширишни сўраймиз», деб мурожаат қилган эдим. Шу орада қизилларга қўшимча ёрдам гуруҳи келиб қолди, бу жангда чекинишимизга тўғри келди, улардан икки кўнгилли ўлдирилди.
Савол: – БСБ ходими, Киштут қишлоғи фуқароси Когар (Қаҳҳор) ким томонидан отилган эди?
Жавоб: – Киштут қишлоғидан бўлган БСБ ходими Когарнинг отилуви Икромқулга яхши маълум. У бу вақтда Холиқулбек (акаси бўлади) тўдасида эди ва бевосита отишда қатнашган.
Савол: – Сиз томонингиздан акангизни хотинини ўлдириш ҳодисаси бўлганми, нима учун ва у аёл қаерда ўлдирилган?
Жавоб: – Акам вафот этганидан кейин Ғуз қишлоғида унинг хотинига кўп молу мулк қолган эди. Мен уни талаб қилганимда, аёл молу мулкни қайтаришдан бўйин товлади. Уни Қуйи Мусобозор қишлоғига олиб кетдим ва шу ерда, Қуйи Мусобозор қишлоғида амаким Алибек ва укам Авазга буюрдим, улар акамнинг хотинини ўлдирдилар.
Савол: – Жовизда бир нечта одамларни ўлдиришингиз воқеаси бўлганми, бунга сабаб нима эди?
Жавоб: – Жовизда менинг томонимдан Содиқ Пирназаров, Норим усто Бўриевлар ўлдирилган эди. Улар талончилик қилгани ва халқни таҳқирлагани учун шундай жазога мустаҳиқ этилганди.
Савол: – Молу мулкингиз сақланаётган кишиларни бирма-бир айтсангиз?
Жавоб: – Сой Ғуз қишлоғидан бўлган Маҳмадназарда (фамилиясини билмайман) 30 қўй, 20 танга, таслим бўлган жигит Усмонбанда Алиевда 3 от, улардан бири той, 220 қўй бор. У Моргузар қишлоғи аҳолисидан 200 га яқин қўйларни олиб, сотиб юборган. Испанза қишлоқлик (фамилиясини эслолмадим) 26 танга, Ғуз қишлоғидан бўлган Азимуротда бир от бор.
Савол: – Бу мол-мулклар сизга хусусийми ё талаб олинганми?
Жавоб: – Бир қисми хусусий, бир қисми тортиб олинган, қўйлар ва отлар шу жумлага киради.
Савол: – Сиз томонингиздан аҳолига босмачилар сафига кириш ва Шўро ҳукуматига қарши курашиш ҳақида мурожаатномалар ёзилганми?
Жавоб: – Мурожаатномалар аҳоли орасида, қишлоқларда айтарли кўп тарқалган эмас, менинг котибим томонидан Шўро ҳукуматига қарши ва босмачилар қаторига қўшилиш ҳақида тарғиботлар олиб борилар эди.
Савол: – Ўз гуруҳингиз билан кўп вақт ҳаракатланган туманлар қайсилар эди, уларни кўрсатинг.
Жавоб: – Аспидўхтар, Жовиз, Мусобозор қишлоқлари, Моғиён туманига таслим бўлишимдан бир неча кун олдин келган эдим.
Савол: – Кейинги пайтлар гуруҳингиздан сизга қадар таслим бўлиб келган жигитлар, мисоли Икромқул, мулла Шаҳоб, Мирзоқул ва бошқа тўдалари, ҳақиқатда, қуроллари билан қочган эдиларми ёки сиз уларни ўзингиз тарқатиб юборган эдингизми? Икромқул Совет томонига қочишга уринганида сиз уни боғлатиб қўйганмидингиз?
Жавоб: – Ҳамма жигитлар ва Икромқул менинг ройим билан таслим бўлдилар, Икромқулга милтиғи ва нагани билан кетишга рухсат берганман. Мен уни назоратда тутиб турганимда, у қуроллари билан қочиб кетолмаган бўларди. Жигитларга Шўролар томонига ўтишга ижозат берганим сабаби, ўзим ҳам Шўро тарафига ўтиш фикрида эканлигимда эди.
Савол: – Босмачилар сафида 5-6 йил бўлиб, нега 1926 йилда совет ҳукумати томонига ўтиш қарорига келдингиз?
Жавоб: – Дастлаб совет ҳукумати томонига ўзимнинг энг яхши икки жигитимни – Аспидўхтар қишлоғидан бўлган Мулла Шаҳоб Ражабовни ва Денов қишлоқлик Мирзоқул Худойбердиевларни юбориб кўрдим. Мақсадим, агар Совет ҳукумати уларга индамайдиган бўлса, ўзим ҳам Шўро тарафига ўтиш эди.
Савол: – Совет ҳукумати томонига ўтишни ўйлашингизга туртки бўлган сабаб нима эди?
Жавоб: – Кейинги пайтда босмачиликдан халқ безиб, унга зиддона кайфиятда бўла бошлаганини, эл тортган изтиробларни, унинг тушкун руҳиятини кўриб-билиб, мен ўз фаолиятимни тўхтатишга ва шу сабабли, Шўро ҳукумати тарафига ўтиш қарорига келдим.
Савол: – Сизга қарши кейинги пайтда тоғли туманларга ташланган гуруҳларнинг (таслим бўлишингизда) таъсири бўлмадими?
Жавоб: – Олдинлари менга қарши сони 500 га етадиган гуруҳлар ҳам ташланар эди, мен улардан қўрқмаганман, кейинги пайтда юборилган гуруҳларда эса кишилар сони 50 дан ошмасди.
Савол: – Тўда учун пойабзал ва кийимларни қаердан олардингиз?
Жавоб: – Бозордан сотиб олардик».
Мулла Розиқ дангал ва танти одам эди. У бор гапни яширмасдан, ўз зарарига бўлса-да, очиқ-ойдин баён этади. Терговчи бундай эътирофни кутмаган бўлса керак, сўроқ охирида қовун тушириб, сиёсий руҳдаги саволлардан, кутилмаганда, маиший мавзуга ўтиб, чалғиб кетади. Шу билан иккинчи тергов ниҳоясига етади.
Эл изтироб чекди, деб...
Дастлабки тергов натижаларидан келиб чиқиб, Республика Бош сиёсий бошқармасининг ходими Олтинбоев 1926 йилнинг 26 августи куни таслим бўлиб, бош эгиб келган собиқ босмачиларга қўйиладиган айбларни расмийлаштирувчи қарорни қабул қилади. Қарор матни қуйидагича:
«Самарқанд шаҳри. 1926 йилнинг 26 августи. Ўзбекистон БСБ вакили ёрдамчиси мен, Олтинбоев, фуқаролар: мулла Абдурозиқ Хўжандиев (Шаҳрисабз тумани, Жовиз қишлоғи), Моғиён – Фароб волости фуқаролари Икромқул Муқимов, Қосим Шакаров, Усмонбанда Алиев, Умар Солиҳов, Саид Худойназров ва Ургут туманида яшовчи Эшонқул Омонқуловларга доир маълумотларни шу куни кўриб чиқиб, унда мулла Абдурозиқ Хўжандиевнинг 1921 йилдан босмачилик билан шуғулланганлигини, итоатида 3 та майда қурбошилар бўлганлигини, қўл остидаги гуруҳи билан 5 йил давомида Шаҳрисабз, Панжакент, Ургут туманлари ҳудудларида ҳаракатланиб, Совет ҳукуматига қарши фаол кураш олиб борганини, аҳолига таҳдид солганини, солиқлар йиққанини, талончилик ва ўлдириш билан машғул бўлиб келганини аниқладим.
Икромқул Муқимов 1921 йилдан ўз акаси Холиқулнинг босмачилар тўдасида бўлган. 1925 йилда Совет ҳукумати тарафига ўтган, акаси Холиқул ўлдирилгандан кейин Фароб – Моғиён волости аҳолисидан Моғиён қишлоғида ўз тўдасини тузади. Тўдага акасининг собиқ жигитлари Усмонбанда Алиев, Қосим Шакаров, Умар Солиҳов, Саид Худойназаров, Эшонқул Омонқуловлар киради. Икромқул ўз тўдаси билан мулла Абдурозиқ қўл остида бўлиб, Моғиён – Фароб вилояти ҳудудида ҳаракатланади, аҳолига солиқлар солади, Совет ҳукуматига қарши фаол кураш йўлини тутади, одамларни ўлдиради, талончилик билан шуғулланади. Мулла Абдурозиқбек билан бирга Совет ҳукуматига тўсқинлик қилиб, қишлоқ аҳолиси ўртасида бирор-бир иш қилишига имконият бермайди, мулла Абдурозиқнинг котиби Умар афанди орқали қишлоқ одамлари ўртасида Советларга қарши йўналишдаги тарғиботни олиб боради, аксилинқилобий мурожаатномаларни тарқатади, қайсики, БМИҚсининг 1922 йил 16 октябрдаги қонунига мувофиқ, ЎзССР ЖКнинг 77 моддаси 1-қисмида кўзда тутилган ва БСБнинг 1922 йилдаги 287-, 1923 йилдаги 362- ва 366-бандларида кўзда тутилган жиноятни содир этган.
ЎзССР ЖПКинг 107-моддасига асосланиб, қарор қилдим:
Мазкур иш Ўзбекистон БСБда кўриб чиқилиши учун қабул этилсин. Иш ЎзССР БСБси Республика тергов бўлимида рўйхатга олинсин ва унинг юзасидан тергов амалиётига киришилсин. Бу ҳақда Ўрта Осиё БСБси назоратини амалга оширувчи прокурорнинг катта ёрдамчиси хабардор этилсин, унга ушбу қарор нусхаси юборилсин.
БСБ терговчиси қабул қилган қарор уч айбдорни сўроқ қилиш билан чекланган ҳолда амалга оширилган эди. Ўз ихтиёри билан бош эгиб келган қолган босмачиларни сўроқ қилиш жараёни шу қарордан сўнг қизғин тус олади. Эшонқул Омонқулов терговчи Олтинбоев қарор қабул қилган кундан 2 кун ўтиб, сўроққа тутилади. У Самарқанд вилояти, Қоратепа волостининг Тароғли деган қишлоғидан бўлган 26 ёшли йигит эди. У, ўз кўрсатмасида, «1920 йилда Рамазон ҳайити кунида Дарғом ариғига иш билан борганимда босмачиликка мажбуран олиб кетилганман. Қуролни мулла Розиқнинг ўзидан олганман. Мен босмачиликда гуруҳнинг котиби бўлган Умар афандининг отбоқари бўлиб хизмат қилардим», дейди. Эшонқул Омонқулов терговчининг «жангларда қачон, қаерда қатнашгансиз?», деган саволига, «мулла Абдурозиқининг қўйларини Муҳбил довонидан олиб ўтишда бўлган жангда қатнашганман», жавобини беради. Шу куни Умар Солиҳов ҳам Олтинбоев қаршисида ўтириб, унинг тамаки тутунига қўшилиб чиқаётган саволларига жавоб беришига тўғри келади. Умар Солиҳов Моғиён қишлоғидан бўлиб, 22 ёшли навқирон йигит эди. «Мулла Абдурозиқ тўдасида фақат 2 ойдан буён хизмат қилганман, бунга қадар Икромқул қўл остида бўлганман. Бу жойга мени Икромқул, Усмон ва Қосимлар олиб келишган эди», дейди у.
28 августда сўроқ силсиласи узайгани билан, натижаси айтарли эмасди. Тергов бераётганларнинг ёши, босмачиликда қисқа муддат бўлиши Олтинбоевнинг кўзлаган асосий суриштирувларига етарли ойдинлик кирита олмасди. Моғиён қишлоғидан бўлган яна бир 23 ёшли йигит Саид Худойназаров оғир сиёҳбосқич билан бошига туширилган, сочлари орасидан қон сизиб туришига қарамай, «босмачиликда ҳаммаси бўлиб 15 – 20 кун турдим. Мени тўдага Усмон ва Икромқул мажбуран олиб келган эди. Қуролим бўлмаган, мулла Абдурозиқнинг отига қараганман. Мени Моғиён қишлоғининг Дашти Ижам деган жойидан олиб кетишган эди», дейишдан нарига ўтмайди.
Йигирма ёшга кирган, 2 йил босмачиликда бўлган моғиёнлик Қосим Шакаров терговчининг важоҳатидан титраб-қақшаб турарди. Олтинбоевнинг лаби саволга жуфтланар-жуфтланмас, у жавраб кетарди. Терговчи унга укки кўзларини тикиб, онда-сонда хумдай бошини ирғаб қўяр, бу билан, «давом этавер», деган маънони англатарди.
«1925 йилнинг бошларида мени қурбоши мулла Холиқулбек жигит қилиб олиб кетган эди. Тўдасида унинг ўз укаси Икромқул ҳам бор эди. Қизил аскарлар билан бир жангда Холиқулбек ўлдирилгач, укаси Икромқул 10 жигит билан қолди, улар орасида мен ҳам бор эдим, Жовиз, Аспидўхтар, Денов ва Шут қишлоқларида мустақил ҳаракат қилаётган мулла Розиқ олдига борган эди. Шунда мулла Розиқ Икромқулни қурбоши қилиб тайинлади ва алоҳида муҳри бўлишига ижозат берди. Улар иккаласи анча вақт бирга бўлди. Кейин Икромқул мулла Розиқдан ажралиб кетиб, Совет ҳукуматига таслим бўлиб борди. Шу воқеадан сўнг, 4 ойлар ўтгач, Икромқул яна мулла Абдурозиқ ҳузурига кўнгилли бўлиб келиб қўшилди. Мустақил қурбоши бўлиб юрди. Мулла Розиқ уни Рашна Қурбон деган жойда ўзига тобе қилган эди.
Мен қизил аскарлар билан Нав Чомоқ, Жовиз, Шинг деган қишлоқларда, Моғиён тоғларида бўлган жангларда қатнашганман. Авваллари ҳам, Холиқулбекнинг жигити бўлиб юрган пайтимда қизил аскарлар билан кўп жанглар қилганман. Лекин, мен бу жангларда қизил аскарлар ўлдирилганми – йўқми, аниғини билмайман...», – дейди у терговчига зимдан боқиб.
Маҳбуснинг изни қумга солишга уриниши, уни бўзрайиб тинглаб ўтирган терговчининг ғазабини қўзғатди. «Ўв бола, пешонангдан дарча очиб қўймасимдан, тўғрисини сўзла, энди милтиқ менинг қўлимда», – деди Олтинбоев стол устида ётган наганини қўлга олиб. Босмачи йигит йиғламоқдан бери бўлиб, «хўп, хўп» дея олди. Хотиржам тортган Олтинбоев саволлар беришда давом этди:
Савол: – Мулла Розиқ ва Икромқуллар томонидан қишлоқлар ёқилган, одамлар – эркаклар, аёлларнинг отилган ҳоллари бўлганми?
Жавоб: – Унчалик эсимда йўқ, бундан беш ойлар аввалроқ бўлса керак, Жовиз қишлоғига ўт қўйилганда анчагина одамлар ўлдирилган эди. Жовиз қишлоғи мулла Розиқнинг қариндош-уруғларини Совет ҳукуматига ушлаб берганлиги учун шундай қилинган эди.
Савол: – Мулла Розиқ ва Икромқул ўз жигитларига Совет ҳукуматига қарши қиладиган жангларидан олдин нима дердилар?
Жавоб: – Жигитларнинг руҳи ва кайфиятини кўтарар эдилар, орқага чекинмаслик, бир томчи қон қолгунча курашишни тайинлаб, жангда ўлган – шаҳид, жаннати бўлиши ҳақида сўзлардилар.
Савол: – БСБ ходими Когар ва Моғиён – Фароб волости ижроқўми раисининг муовини Ботир ким томонидан ўлдирилган эди?
Жавоб: – Когар Холиқулбек томонидан ўлдирилган эди, бу ишда унинг укаси Икромқулнинг ҳам қўли бор. Раис муовини Ботирни эса Хўжамқул ва Усмонбанда Алиевлар босмачиларга қарши курашгани учун отиб ташлаган эдилар».
Терговчи ўз кутганини маҳбус очиқ баён этганидан мийиғида кулган бўлди ва наганини ёнига тақаётиб, ичида «бу сенинг кучинг», деб қўйди.
Кун бўйи маҳбусларни тергов қилишдан бўшамаган Олтинбоев олдида турган катта тунука кружкадан совиб қолган чойни ҳўплаб, суви қочган нондан оғзига солди. Тун яримга оғиб борарди. Кўзларига уйқу тиқилиб келаётган бўлса-да, ухлолмасди. Топшириқ қаттиқ эди. Ишни қанча тез тугалласа, шунча яхши эди. Босмачиларга шафқат, ён босиш, адолат қиламан деб, мири-сирини аниқлашга бош қотириб ўтириш ўзини ўққа тутиб бериш эди. У, қилаётган ишларининг, шунчаки, расмиятчилик учун эканлигини яхши англарди. Фақат тезлаштириши, қилдингми-қилдим, дейиши керак эди. Шундай расмиятчилик талабларидан бири икки қурбошини – мулла Розиқ билан Икромқулни юзлаштириш, уларни бир-бирининг кўз ўнгида сўроқ қилиш эди.
1926 йилнинг 28 августи ярим тунида унинг хонасида юзма-юз сўроқ давом этарди.
Савол: (мулла Розиққа) – Икромқул тўдада қандай вазифани бажарар эди?
Жавоб: – Икромқул тўдада 6 жигитга бошлиқ эди, ўз муҳри ҳам бор бўлиб, қишлоқларда мустақил, ўз билганича ҳаракат қиларди. Аҳолидан озиқ-овқат ва ем-хашак йиғиб олар эди. Аввал бошда улар 9 – 10 киши эди. Уни ана шу жигитлари Хўжамқул ўрнига қурбоши қилиб тайинлашни сўрагандилар.
Савол: (Икромқулга) – Мулла Абдурозиқ Хўжандиевнинг гаплари тўғрими?
Жавоб: – Ҳа, тўғри гапираётир, лекин мен озгина вақт қурбошилик қилганман.
Савол: (мулла Розиққа) – Икромқул ва қолган жигитлар босмачилар тўдасидан Совет ҳукумати томонига ўтиш учун қандай қилиб қочганлар?
Жавоб: – Шўро томонига ўтган ҳамма жигитлар, Икромқул ҳам менинг розилигим, уларга жавоб берганлигим сабабли қуроллари билан ўтишган, чунки бу пайтда ўзим ҳам ўтиш фикрида бўлиб юрган эдим. Икромқулнинг, «мени қочирмаслик учун боғлаб қўйди», деган гапи тўғри эмас. Мен буни хоҳлаганимда, у сираям қоча олмас эди, қуроли билан ўтиб кетолмасди. Биз у билан олдиндан Шўро томонига ўтишни келишиб олган эдик.
Мен тан олиб айтаманки, биз босмачилик қилиб юрган пайтимизда талончилик ҳам бўлган, одам ҳам ўлдирганмиз, солиқ ҳам солганмиз, уйларни ёққанмиз ҳам, нимани хоҳлаган бўлсак, шуни қилганмиз. Тоғда хўжайинчилик қилганмиз, биз учун қонун бўлмаган. Мен амр қилганман, жигитларим бажарган. Айрим пайтлар бўлганки, жигитлар қизишиб кетиб, ўзларича мустақил ҳаракат қилиб, ноҳақ ўлдириш, талашга ҳам қўл урганлар. Орамизда гуноҳкор бўлмаган йўқ.
Савол: (мулла Розиққа) – Тўдангизга жигитлар қандай қилиб олиб келинарди, Икромқул бунда қандай йўл тутар эди?
Жавоб: – Тўдамизга жигитларни мажбурлаб олиб келиш деярли бўлган эмас, айрим бўйнида айби бор одамларнинг ўзи бизни топиб келарди. Икромқул ҳам шу йўл билан жигитларни кўпайтириб борар эди».
Айбига иқрорлик терговчини қаноатлантирмагани каби, уни мамнун ҳам эта олмасди. Маҳбуслар тақдири аллақачон ҳал этиб қўйилгани, муқаррар ҳукмдан на иқрор, на ўтинч улар ҳаётини сақлаб қололмаслиги Олтинбоевга офтобдай равшан эди. У чуқур уҳ тортди-да, қоғозларни йиғиштирди. Юзлаштирув сўроғи тугаган, у кутгандай босмачилар бошлиқлари бир-бирига ташланмаган, бир-бирига айбни тўнкаб, бир-бирига лой чапламаган эдилар. «Булар мард одамлар, шароит уларни тубанлаштирмаганда, қуролга, озиқ-овқатга зориқмаганда, ким билади, нималар бўларди», деб ўйлади у. Хаёлидан ўтказган бу фикрдан чўчиб, дарҳол соқчиларни чақирди-да, маҳбусларни олиб кетишни буюрди.
1926 йилнинг 1 сентябр куни Олтинбоев мулла Розиқ Хўжандиевни яна сўроққа чақиртирди. Терговчи унга қилган жиноятларини санаб, қўйиладиган айбловга муносабат билдиришини талаб этар экан, бўйнига олса ҳаёти сақлаб қолинишини уқтирди. Мулла Розиқ ўйланиб турди-да, охир, унинг гапига ишониб, қилган гуноҳларига иқрор эканлигини айтди: «Менга нисбатан қўйилган айбларда ўзимни гуноҳкор, деб ҳисоблайман. Фақат шуни қўшимча қиламанки, босмачилик билан нодонлигим сабабли шуғулланган эдим, олдин берган кўрсатмаларимни ҳаммасини тўла тасдиқлайман».
Икромқул қурбоши ҳам терговчи ваъдасига ўчиб, шу куни айбига иқрорлигини айтиб, сўроқ қарорига бармоғини босади. Лекин Усмонбанда Алиев, Қосим Шакаров, Умар Солиҳов, Саид Худойназаров, Эшонқул Омонқуловлар ўзларига қўйилган айбни рад этадилар, иқрор бўлмайдилар. Терговчи уларнинг рад жавобларини ўз амалиёти учун мақтов келтирмаслигини билса-да, ёзиб қўяди.
Расмий сўраб-суриштирувлар дастлабки босқичи ниҳоясига етгач, бандиликда сақлаб турилган етти босмачига, қурбошилар – мулла Розиқ ва Икромқулга, жигитлар – Усмонбанда Алиев, Умар Солиҳов, Саид Худойназаров, Эшонқул Омонқулов ва Қосим Шакаровларга ЎзССР ЖКнинг 77 моддаси, 1-қисмида кўзда тутилган жиноятни содир этиш айби қўйилади. Мулла Абдурозиқ Хўжандиев билан Икромқул Муқимовлар Бош сиёсий бошқарманинг 1-категорияли, қолган беш маҳбус эса 2-категорияли қамоқхонасига (ДПЗ) ташланади. Бу қарор 1926 йилнинг 28 августи куни қабул этилади.
Қурбошилар ўз гуноҳларига ризо бўлганида, мулла Розиқ эътироф этганидек, 1926 йилга келиб Шўро ҳукумати кучайган, синфий ташвиқот ўз кучини кўрсатган, юртда бой ва камбағал табақаланувчи мафкуравий моҳият касб этиб улгурган эди.
«Қашқадарё вилояти ижроия қўмитаси ва бўлимларининг 1924/25 йиллардаги фаолияти» (Қаранг: Қашқадарё вилояти архиви, 83-жамғарма, 1-рўйхат, 13-иш, 118-бет) деб номланган ҳисоботда «Босмачилик» деган сарлавҳа остида қуйидаги хулосалар келтирилади:
«Бухоро амирининг ағдарилишидан кейин, унинг қолган издошлари ўзларининг сиёсий тусини йўқота бориб, аҳолини талашга ва солиқлар солишга зўр берди. Талабларини бажармаган ёки Совет ҳукуматига майли бўлган фуқаролар ва хизматчиларни ўлдиришга ўтдилар... Аҳоли кайфиятида Совет ҳукуматига нисбатан кескин яқинлик ўзгариши пайдо бўлгач, босмачилар оммавий қатл усулини қўлладилар, қишлоқларнинг бир қисмини вайрон қилишни мўлжалладилар. Бу номатлуб хатти-ҳаракатдан айниқса, Ғилон, Жовиз ва Олатун қишлоқлари зарар кўрди».
Шўро даврида урфга кирган ҳисоботларнинг баландпарвоз руҳини ҳисобга олмаганда, бир фикрнинг тўғри эканлигини тан олиш жоиз. Ҳақиқатда, 1924 – 1925 йилларга келиб, мустабид тузумга қарши курашган «Аксилинқилобий ташкилот» сиёсий куч сифатида ўзининг мавқеини деярли йўқотиб бўлган эди. Бунинг сабаблари ва омиллари олдинда бафуржа гапирилди. Вилоят ижроия қўмитаси ҳисоботидаги яна бир хулоса билан ҳам ҳисоблашишга тўғри келади. Мулкдорларга қарши гиж-гижланган камбағаллар, ерсизлар Шўро бераётган ваъдаларга ишона бошлаган эди. Мулла Розиқ қишлоқларда аҳолининг икки ўт исканжасида қолганлигини яхши билган. Эл шўрога қарши курашаётган кучларни қўллаб-қувватлашдан имконсиз бўла бошлаган, яна бир томони, «босмачилар»га ёрдам берганлар аёвсиз жазоланган, бу улар кайфиятини «Шўро томонга ўнглаган» асосий омил бўлган. Бу борада мулла Розиқнинг терговда айтган сўзлари диққатга лойиқдир:
«Кейинги пайтда халқ босмачиликдан безиб, унга зиддона кайфиятда бўла бошлаганини, эл тортган изтиробларни, унинг тушкун руҳиятини кўриб-билиб, мен ўз фаолиятимни тўхтатишга ва шу сабабли шўро тарафига ўтиш қарорига келдим», дейди мулла Розиқ.
Мулла Розиқнинг Совет ҳукуматига қарши кураш фаолияти, вилоят ижроия қўмитаси ҳисоботида айтилгани каби, 1925 йилдан кейин сиёсий шамойилдан маҳрум бўла бошлаган эди. Таъминот омиллари илдизлари қирқилган курашчилар ҳаётий эҳтиёжларини мустақил барпо этиш йўлига кириб борадилар. Бу йўл зўрлик, куч ишлатиш, мажбурлаш, дўқ-пўписа ва ўлдириш сўқмоқларига бўлиниб кетган эди. Озодлик курашчисидан босмачига, талончига айланган киши қисмати оғир ва аянчли бўлади. Мулла Розиқ виждонини охирига қадар топтаб улгурмаганди.
Унинг қўлига қурол олган йиллардаги тараққий ва таназзулидаги уч ҳолатни пайқамаслик мумкин эмас. Аввало, у умумий иш – Ватан озодлиги учун курашда яловбардорлик қилади, фаол курашчи сифатида танилади. Бу давр 1920 – 1923 йилларгача давом этади, курашчилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб турилади. 1924 йилга келиб вазият ўзгаради, ватанпарварлар эҳтиёж манбаларидан узилиб, таъминотни талаб қилиш асосида эплашга ўтадилар. Бу иккинчи ҳолат бўлиб, курашчиларда ҳали адолат, эл ҳимояти тушунчалари сўнмаган эди. Мулла Розиқ Жовизда элни талай бошлаган, одамларни таҳқирлаган бебош кимсаларни жазога тортади. Қишлоқларда йиғиладиган ҳеч нарса қолмагач, талаб ҳам, дўқ ҳам иш бермай ора йўл кўндаланг бўлгач – мулла Розиқ ва бошқа қурбошилар зўравонлик, ўлдириш усулини қўллашга мажбур бўладилар. Бу кейинги – учинчи ҳолат шўро ҳукуматининг ватанпарвар курашчиларга қўйган қопқони эди. Қаршилик ҳаракатини моддий ва маънавий қўллаб турган манбаларнинг йўқ қилиниши, охир-оқибатда, шудгордаги қуйруққа – қопқонга етаклаб келар эди. Шундай бўлиб ҳам чиқди. Мулла Розиқ табиатан ориятли, мард ва жасур киши бўлгани сабабли, ботқоққа ботиб бораётганини мушоҳада қилишга ўзида куч, журъат топа олган. Кейинги қилмишларидан пушаймон тортиб, фаолиятини тўхтатишга қарор қилган. У вақтида 500 кишилик қизил аскар ва милиционерлар гуруҳига қарши жангларда уларга бас келган. Кейинги пайтларда ортидан юборилган 50 чоғли шўро кучларидан ҳайиқмаган. Уни мағлубиятни тан олишга ундаган куч элнинг аҳволи, чекаётган ситамлари бўлган. Эли уни деб шўро ҳукумати тазйиқига дучор этилаётганини, ўзи ҳам азиятлар етказаётганлигини мардонавор тан олган.
Мулла Розиқнинг Совет ҳукуматига таслим бўлиши, бош эгиб, қуролни ташлаши адоқсиз ўйловлар, мушоҳадалар талаши оқибатида юз беради. У, ўзи тан олганидек, қизил аскарлардан қўрқувга тушмаган, изтиробда қолган юртдошлари ҳақи, шу қарорга келган.
Моғиёндан августнинг 10 куни Жовизга қайтган Мулла Розиқ қишлоғида 2 кун тин олганида, қизил аскарлар ва милицонерларнинг ўраб келаётгани маълум бўлади. 13 август куни ўртада қаттиқ жанг бўлиб, мулла Розиқ ҳалқани ёриб ўтиб, қутулиб кетади. Шу жангда унинг
