Parivashlar majlisi
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Parivashlar majlisi

ТУРОН – ТУРОНҒИЛ. ЁВШАН
(Туркум)



БОҚИРҒОН ҚОРА ТОЛЛАРИ


Кичикларга кичикдур умр асоси,
Улуғларга улуғроқдур қиёси.


Навоий. «Хамса», «Фарҳод ва Ширин».

Ҳеч билмасдик, билолмасдик Боқирғон қаерда? Турбатин топиб бўларми? Марқади борми?

Оёқларим тагида эскидан қолган шох-шаббалар қисирлаб, шитирлайди. Қуриган тол навдалари заиф синади. Боқирғон шу ерларда деб эшитдик ва йўл босиб келдик. Катта йўлдан тор йўлга бурилдик. Текис йўл тугади. Бот-бот бурилдик, бот-бот айландик. Йўл ёқалари кета-кетгунча қамишзор, бутазор, тўқайзор, юлғунзор. Шўрхок йўл худди қамиш, юлғун деворлар билан бошдан охир ўраб олинганга ўхшайди.

Кўп ерлар илгари экилган, лекин энди қалин шўр босиб, қамиш, қиёқ гуркираб ўсиб ётади. Яйдоқ текис ерлар шамолида тинимсиз шувиллайди.

Ёвшанзорлар. Туронғилзорлар.

Бу ерлар ҳозир шундай. Минг йиллар илгарилар қандай бўлган экан одамлар сийрак маҳалларда.

Йўлбарслар, қоплонлар, сиртлонлар, силовсинлар ҳоким юрган бу туронғилзорларда.

Бир тўда булут гувиллаб қайдандир пайдо бўлди. Қаттиқ гулдиради ва дарҳол ҳеч тайёргарликсиз шатирлатиб йирик-йирик ёмғир урди. Ёмғирда қамишзорлар ғалати чатирлаб гувлаб симфония чалар экан.

Осмонга қарадим. Шарқ уфқида қуёш ча­рақ­лайди. Булут бошқа осмон пучмоқларида йўқ. Фақат шу ерда бизнинг бошимиз узра бурканган ва челак­лаб ёмғирини ташлаган.

Офтоб шуълаларида ёмғир доналари дурдай ярақлайди. Туз босган йўлдан ҳар сафар бурилганимизда яна бошимиз узра ўша булут пайдо бўлади ва айланиб ёмғир қуяди. Марварид ёмғир.

Неча бора бурилдик – саноғига етолмадим. Бошим ҳам айланади. Нимадир тинмай димоғимни чучуклантиради. Ўзимни худди қуюн каби айланаётгандек тасаввур қила бошладим. Булут ҳамон бошимиз узра эврилар, ёмғир қуярди. Томчини тотиб кўрдим. Ширин ва шўрроқ эди. Қуюн ҳақиқий қуюн. Турон қуюнлари. Бепоён чўлликлар бу Турон. Тинмаган қуюнлар бу Турон! Балки Арктикада шундай қуюнлар бўлар, балки Сибирнинг кўз илғамас даштларида...

Юлғунзорлар ва туронғиллар бир оз сийраклашди. Толзорлар бошланди. Толзорлардан туташ, ўрмон бўлиб кетган, толзорлар чекидан дарё суви бўтана бўлиб оқарди. Тол ҳиди гуркирайди. Унга шўр ҳиди қўшилади. Йод мазаси бурунни қитиқлайди.

Туроннинг буюк толзорларини энди кўришим. Ҳаво аллақандай жуда юмшоқ бўлиб қолди.

Лекин шамол тўхтамади. У айланди. Булутни шопиради. Толларни ҳар томонга букади, қарсиллаган, инграган товушлар дам-бадам эшитилади. Шамол қайрилиб ерга тушади. Йўл хокини бураб тўзғитади. Машиналар дарчаларига шиддат билан урилади. Тўзонлар олд ойнага ёпирилиб ҳеч нарса кўринмай қолади.

Юрагим ниманидир, ғайрифавқулодда бир нар­сани туйгандай ҳаволанади, қайгадир талпинади. Жонона олдинда дейди.

Шу Қўнғиротларга келиб, ўпкамни тўлдириб-тўлдириб Турон ҳавосини олишни орзу қилмаганмидим? Кўп йиллар азал илдизим қаердалигини билишга уринмаганмидим?

Достонларда ўқиганим Қўнғирот сўзини эшитсам, тил­га олсам, юрагим ҳар доим аллақандай ҳаяжон, сурурдан тўлқинланмасмиди?

«Сурур» дейсан. Эсла «сурур» сўзига қачон, қайда дуч келгансан? Қўнғирот сўзида ана шу сурур мужассам, ана шу сурур Қўнғиротда сенга ҳамроҳ бўлади ва сен унинг нималигини биласан, тасаввур қиласан. Ойнага урилаётган катта-катта ёмғир томчиларини шамол бир зумда қуритади. Томчилар ўрнида ғубор гардишлари қолади. Не бўлди?

Не бўлди сенга, она табиат?

Кимнинг руҳини уйғотдинг?

Кимнинг руҳи бизни кутяпти? Атрофимизда эвриляпти?

Унутган болалар келяптими?

Асрий қоратоллар шовуллайди. Қоратолларнинг атрофлари, остилари чакалак бўлиб кетган. Қуруқ сингган шохлар, буталар ағанаб, тўнтарилиб ётади. Улар тагидан янги ниҳоллар бош кўтаради. Қоратолнинг бадани қора бўлса ҳам, япроқлари соф кумушранг. Худди кумуш денгизи тўлқин ураётгандек.

«Ҳовуз хоп бўлади, толи бўлмаса...»

Бирдан кўк тол билан ўралган ҳовуз олдидан чиқдик. Унинг сарғимтир сувлари шамолда текис мавжланарди.

Бу ерларда кўп дардли ва мард қўшиқлар туғилган, туркийларнинг илк унлари шу ерларда қуёш нурларига миниб кўкларга интилган.

«Бир кун сизга ато қилдим сурурларни

Дийдор кўруб дўстлар ҳайрон қолсин тею...»

Ҳовуз орти қамишзор мозорот экан. Унга томон ҳовузни айланиб сўқмоқ йўл боради. Сўқмоқ текис, ҳатто кимдир сўқмоқни асфальтлаб қўйибди.

Кимса кўринмайди.

Одам овози эшитилмайди.

Жонзот йўқ.

Фақат бужур, букир, аймоқланган, айқирган, чўл гардларини ютиб япроқлари нуқраланган толзор ўрмонликлар.

Кимсасиз маконлар. Уларнинг тили шамол. Дарди шамол бўлиб эсади.

Сўқмоқ айлана-айлана мозорликнинг қўлда ясал­ган, ночор, омонат қийшайган эшигига етди. Эшик ночор бўлмасин, унга зулф ўрнатилган. Илиғлиқ зулфни тушириб ичкариликка қадам қўйдик.

Ўнг томонимизда учта жуда катта баҳайбат тол ёйилиб ётар, тагида битта лойтомли, лойдеворли пастак уй. Эшигида занглаган қулф.

Толларнинг осмонни тутган тарвақайлаган шохлари шамолда айланади. Уй ғоят ғариб, эшиги паст, ночор, тор, ғоят эски ва ёпиқ эди.

Бу ерда бирпас тин олдик. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Уч тол ва унинг эски кулбаси менга кўҳна достоннинг дебочаси бўлиб кўринди. Бу кулба ғариблик ва кўҳналикнинг, кимсасизликнинг тимсоли эди.

Кулбадан ўтиб сўқмоқ йўлдан яна давом этдик. У яна айлана-айлана бизни бениҳоя кўк, кўм-кўк, тиниқ кўк қора гужумларга рўпара қилди. Гужумлар навқирон, шохлари ва япроқлари қуюқ, гужум ичини кўролмайсиз. Учала гужум худди янги бўрк каби кеккайиб қад кўтарган эди.

Гужумларга анграя-анграя ўтиб, қарангки, бирдан мақбарага дуч келдик.

Мақбара ғоятда содда, камтар, чоғгина қуббаси зангори эди.

«Кўк дўппили жонона», деб ўйладим.

Мақбара кўз илғамас мозорот қибласида, худди бунда ётмиш сонсиз-саноқсиз ўтганларни тинимсиз дуо қилаётгандай, мағфират тилаётгандай бир таассурот уйғотарди.

Мақбара шу яқин йиллар ичида ғишт билан тикланганлиги кўриниб турарди. Ҳамроҳимизнинг айтишича, бир замонлар Оллоқулихон ҳам бу ерда мақбара тиклаган. Чўл шамоллари уларни емириб ташлаган

«Одам ўғли туғилдимиз ўлмак учун...»

Икки тавақали содда ўймакор эшикнинг тавақалари ташқарига очиладиган қилиб қурилган, ҳозир зич ёпиқ.

«Бу ўша қапуғ...» – хаёлимдан ўтди. У биз ўйлаган, бил­ган эшик эмас. У ростдан ҳам, қапуғ. Хоразмда қапи дейи­шади. Ҳозир қапига иккита ғишт тираб ёпиб қўйилган.

«Боқирғон мақбари шу...» – деди ҳамроҳимиз шивирлаб.

Ҳаммамиз жим қолдик. Сўнг ичимдан нидо келди:

– Очинг!

Ҳамроҳлардан бири сергак тортиб дарҳол ғиштларни четга сурди. Эшик тавақалари очилди. Эски гилам, шолча, тоза кўрпачалар ташланган саҳн ортида бир неча зина юқори кўтарилган ва тўрда икки қабр ёнма-ён эди. Улар қалин дағал мато билан ўралган.


«Одам келмагай эрди
Мурсал туғмагай эрди
Раҳмат экмагай эрди
Арода ишқ бўлмаса...»


Анча сукут сақлаб турдик. Сўнг пастга тушиб давра олдик. Тиловат мунги ёйилди атрофга.

Ҳаким ота Сулаймон Боқирғоний бунда саккиз юз йилдан буён уйқусини тарк этиб ётади.

Бу орада Қўнғирот, Мўйноқ, Уст Юртнинг этаклари. Орол елпиндилари бу ерларга дам сайин етиб келади.

Бу ерларни Уст Юрт,Турон дейдилар.

Уст Юрт, Турон менга дунёдаги энг чиройли номлар бўлиб туюлади. Аждодлар, туркийлар кўҳна шоир бўлмаса, юртни Уст Юрт ва Турон демасди. Ўлмас шоирона мағиздор, жуссадор, кўкракдор, ноёб жарангдор номлар. Лазиз тил, лазиз ифода!

Улардан ёвшаннинг мангу ўткир ҳиди келади. Коинотнинг ҳиди бу ёвшаннинг ҳиди. Турон ва Уст Юртдан ёвшан ва коинот иси таралади. Ер юзига миллион-миллион йиллар аввал сочилган ис – шу ёвшан иси... Сен мабодо исингни ва эсингни унутган чоғда Туроннинг ёвшанзорларига бор деб ўзимга дакки бераман. Бунинг азал сирига етмай нечук Яссавийдан, Боқирғондан лоф-қоф урасан?!

Ота Сулаймон байтларидан ҳам шу содда, лекин коинот билан баробар ёвшан ҳиди келади. Хоразмийлар, Яссавийлар, Сайфи Саройилар, Кунхожалар, Абайлар, Ажиниёз, Бердақ, Махтумқулилар мана шу ёвшан тилида ёзганлар, ёвшан тилида куйлаганлар, мангу ёвшан гўзаллигини таратганлар. Таърифга сиғмайди.


«Не қул эрмиш бу саодат нусрати бор?»

Айтинг, қай тилда яна шундай чирой ва ёвшан сифат ой ва кун бор?


«Йиғлаюрман, инграюрман туну кун зор
Манамма кўнглум ичра мунгларим бор?»


Бу Ҳаким отанинг йиғиси эмас, коинотлар ичидаги коинотнинг йиғиси эди.

* * *

Ҳақ – Ҳаким отанинг айтишича, ишқ орқали билинади. Олам борлиғининг асоси инсон учун ишқ. У борлиқда уйғунлик ва маърифатнинг жавҳари. Ишқ борки, Боқирғон наздида ўлиб яна тирилиш, ҳаёт мангулиги мавжуд.

Ишқ борки, нифоқлар, кибру ҳаволар, фитна фасодлар, куфру жоҳилликларни одам боласи енгиб ўтади.


«Ишқ очар ич кўзингни...»

деган буюк сўз Ҳаким отаникидир.

Бу сатрлар назаримча Уст Юрт, Қўнғирот, Турон қора толларининг япроқларига ёзилган. Энг кўҳна афсоналарда бежиз келмаган асил турк шумтол бирлан туғилган деб.

Япроқлар замон-замонлар ўтиб доим янгилангандай. Лекин тархию азал шаклини ўзгартмагай.

Ҳаким ота байтларидан ҳамиша ёвшан ва гужум нафас­лари эсгай.

Бу толлар Тубо дарахти эмасдир балки. Лекин Тубодан унинг нимаси кам. Шу Турон туболари тагида ўтириб ҳасратли ўйларга толган чоғларда Боқирғон бобомиз айтмадимикин:


«Ул Тубо дарахтига қўнгум келур...»

Чунки у мангулик дарахти:


«Ул Тубо бутоқлари эгилур синмас...»

Олис гўшаларда қолиб кетган сипоҳ пиримиз...

Ислом дунёсида сиздан кўра шимолроқда ўзга авлиё чиқмади.

Сиз дунё ва Осиё кенгликларида энг шимолий авлиёсиз


Энг шимолий, энг шимолий авлиё

Бизга энг шимолий бўлиб туюлган бу Қўнғирот ҳолбуки ернинг ўртаси. Авлиё таваллуд этган макон ернинг ўртаси бўлолгай.


Энг шимолий юлдузим!

Ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, қирғизнинг энг шимолий юлдузи! Ҳакими ҳозиқ!

Турон Толзорларидаги оқ намат ўтовларда узоқ қиш чоғлари Тубо дарахтини орзу қилган исонафас аждодим!

Уст Юрт бағрида турибман бошим яланғоч.

Шамоллар эсди ва мени букун худди мана шу ерга келтириб экди.

Мени шу шамолгоҳ, серҳаво, сернаво, сурур тўлғин ерга келтириб ўз шукуҳидан хабар берди.

Бошим яланғоч мен Уст Юртга эгиламан. Поёнсиз бу текисга таъзим қилмаслик мумкин эмас.

Бу ер деб аталган сарзаминнинг энг гўзал, энг ноёб, энг сирли маконлари. Ер аввал бошда шу жойда бино бўлган. Аввал бошда шу жойда ер деб аталган. Юрт уст деган сўзлар шу ерда туғилган. Коинотдан ёвшанлар илк шу ерларга тушган. Туронғиллар илк шунда бўй чўзган. Номни қарангким: Туронғил! Турон-ғил!

Ёвшан ер юзининг илк тирик гули.

Бошим яланғоч эгиламан. Бир бўй келур Уст Юртдан. Бу Ёвшан бўйи!

Ёвшан эгилиб сенинг тубингга боқдим. Ложувард бир чечак очилибдир. Ложувард мунчоқдек!

– Э тирик мунчоғим, омон бормисан!

Ложувард мунчоқ бошини силкитади. Титрайди. Кафтимни чўзаман. Ложувард чечак тагида самандар нафас ростлаб ётган экан, менинг қўлимдан қочади. Бир сакраб чечак остидан чиқади. Менга қора нуқта кўзларини тикиб туради. Мени томоша қилади:

– Сен қайдансан? Йўқ эрдинг-ку бу ерларда?

Мен у билган чўпонларга ўхшадим шекилли.

– Ажаб, ажаб, ажаб. Уст Юртга кепсиз-да. Оҳиста босинг оёғингизни. Бу ер муқаддас!

Ҳамроҳларим менинг энкайиб ётганимни кўриб хавотирланиб яқин келадилар. Самандар шарпалар кўпайганини сезиб лип этиб ўзини навқирон саксовул остига олади.

Мен эса нилий кўҳна чечакдан сўрадим:

– Мен бирлан кетасанми?

Нилий чечак бош силкиди:

– Менинг маконларим шу ер.

Ҳа-я! нега бу кўз илғамас Турон текисликларида бир баланд минора йўқ. Улар Кўҳна Урганч, Жарқўрғон, Хива, Деҳлида қолдими?

Ҳамиша баланд миноралар қуриб келган халқ нега Уст Юрт, Туронда қурмади уларни? Хаёлим ёришиб Турон сарзаминидан нидо келгандай бўлди:

– Бу ерларнинг энг баланд минораси Сулаймон Бо­қирғон. Унинг қадди кўкларга бўй чўзган. У Тубо дарахтидай. Ўзга минор на даркор!

Ҳаким ота Сулаймон шунча замонлар ўтиб кўк билан, ер билан, одам билан сўйлашмоқдан тўхтамайди:


«Ошиқни куйдурур ишқ ўти
Ошиқлар ишқ ўтиға мубталодир
Манинг сен боқмагил бу суратимға
Юрогим қон бўлуб бағрим сўлодир...»


ЎЗ ҲУШИМНИ...

Рухсат беринг! Ўз ҳушимни ўзим яратай!

Рухсат беринг! Ўз ҳушимни ўзим бошқарай

Рухсат беринг, ўз ҳушимни ўзим шаклга солай...

Қанчалар қийиндир ишонмаса одам агар ўзига ўзи

Ишонмаса ўзига ўзи одам

ким унга ишонар?

ким унга суянар?

ким уни суяр?

ҳалокатдан сақлаб қолар ким?

ишонмаса миллат ўзига ўзи

ва қаттиқ турмаса миллат ўзига ўзи

янчилиб кетмасми тарихнинг йўлларида

ғуборга дўнмасми толенинг қўлларида

Рухсат беринг! Ўз ҳушимни ўзим яратай!

Рухсат беринг! Курашларга уни ўргатай!

ишимга ишонай,

ҳушимга ишонай

кучимга ишонай

қанот боғлаб учмасам осмонларда не маъно?

булутларни қучмасам,

кўкрагимни тўлдириб

ҳаволарни шиммасам, ичмасам,

булутларда не маъно?

нега ҳаво яралди?

Рухсат беринг! Ўз ҳушимни ўзим яратай!

Соф кўк ҳаволарни шимириб, ичиб

шакллар яратай


– Ўзғир деган сўзингизни нега унутдингиз малагим, миллатим!

ЎЗАМАН ДЕНГ...

Ўзаман денг

Яхшиликда

эзгуликда

ўзаман денг

ўзғирман денг

тузишда

курашишда

ўзғирман денг

булар сизга муяссар бўлгач...

ўзбекман денг

ўзликман денг

шунда мен тушунгайман

жами

ёппа

ҳузурингизни...

НОТАВОНЛИК ФАЛСАФАСИ

Севамиз, десалар ўйланиб қоламан,

Севамиз, деган одам ўз навбатида

нонимизни топиб беринг, дейди албатта.

нонимизни топиб бермасангиз...

кўзингизни ўямиз

қонингизни ичамиз,

дейди албатта

ёмонларга қўшилиб

кетамиз, дейди албатта.

Нотавонлик шундай

Нобакорлик шундай –

жигаримни эзади.

ФАЛОНЧИ ЎТСА...

Фалончи ўтса, бошқа ҳеч ким қолмайди,

дейди дўстим эзилиб. – Ҳувиллаб қолар атрофимиз...

Лекин...

Рост...

Фалон фалон фалон ўтди

Не-не тарихлар ўтди

Ҳаётнинг коргоҳи шундай қурилган:

ҳеч канда қилмай фалон ўтса,

Фалон келар албатта!

Фақат у фалоннинг бўлар ҳаёти бошқа

лекин қоида бор:

у ҳам урар ўзини тошдан тошга!

– Фалончи ўтса ҳеч ким қолмайди, – дейди

дўстим эзилиб. Лекин қаранг,

Фалончи ўтаётир...

Фалончи келаётир...

мангу ғилдирак

юмалаётир...

ЭПИГРАММА

– Тескари қилиб қўйдими юзингни Худо?

Кийиб олдинг жандангни тескари

Тескари қараганингдан айт-чи ташқари

Нима ҳам орттирдинг бунча тасқара!

– Хиёнат, билдингми нимадан бўлибсан жудо?

КЕНГ МАЙДОН

Кенг майдон

Издиҳом

Шамол бўйлай бошлади

Вақт пешиндан оғди

Шамол тўхтамас сўздан

Чинорларнинг япроқларига шамол сўйлади

Эшитмаганга қўймай уларни

тортқилади

Шамол сўйлар –

микрофонлардан гув-гув овоз чиқар

япроқлар лапанглаб чирсиллаб

узилиб тушар

Пастда қорамтир ҳовузни шопирар шамол

Япроқлар тирқираб қочар ўт босган

соҳилларга

Шамол титкилайди наттоқнинг бошини

чувалана-чувалана тутал сўзларни

олиб учар

Кўксимга гувиллаб урар чувалашган

сўзларни

ёқамни тортқилаб

таржима қилмоққа ундар

бошим сирқирар

Нима сенга ёқмади, эй кузнинг муздек шамоли?

Нега отиб урдинг пояндозларни ва

олиб қочдинг қайга асли йўқ маъноларни?

ШАМГИНЛИК

Оғриб турдим майдонда

аждодимдан мужда келмади

азобимни яширдим

зулматдан имдод кутмадим –

имдод келмади.

Ҳушимдан айрилдим –

жоним ҳалқумда

иллатинг охир бир кун

қайда бўлма

қандай турма

шамгин қилади...