Роман
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Роман

Хуршид Дўстмуҳаммад

Роман

...ор

...зор

...озор

...бозор

1

– Қани, кеп қолинг, асалидан оп қолинг!

– Асал бўлса, сотармидинг, анойи?!

– Бешик борми, бешик?

– Сумаги қолди, опоқи, сумаги!..

– Тери борми, тери?

– Тўйга қалампир ола кетинг!

– Қўй териси керак, тери!

– Қопқон опкетақол, този!

– Шўртак қурут керагиди?

– Жевачка олсанг-чи, оповси!..

Бозор-да, ҳар ким керагини сўрайди, ҳар ким топганини сотади, эплаганини олади. Бозор майдонлари, раста оралари қадрдон қўтонга янги қайтган подани эслатади – шом қоронғисида адашиб-нетган она-бола қўй-қўзи, эчки-улоқ сингари харидор сотувчисини, сотувчи харидорини қулоғи динг, кўзи жонсарак елиб-югуриб излайди. Овози борича, кеп қолинглар, деб чорлайди. Ҳали-замон қуёш ланғиллаган шойи этагини йиғиштириб оламни, оламга қўшиб бозорни, бозорга қўшиб тумонатни зулмат ихтиёрига топширади, қора оломон эса ҳозироқ харид қилмаса жони бўғзидан чиқиб кетадигандек бақиради-чақиради, туртинади-суртинади, алдайди-алданади, сўкади-сўкиш эшитади...

Бозор-да, издиҳом: одамлар тўрт тарафдан келаверади, тўрт тарафга ўтаверади – оқ, қора, малла, зангори... семиз, хипча, ориқ... новча, ўртабўй, пакана... майиб-маж­руҳ... хушрўй, хунук... На афт-ангори, на энгил-боши, на феъли, на-да юриш-туриши ўхшайди... Аллоҳ таоло бандаларини бир-бирига ўхшамайдиган қилиб яратган, бозор эса гўё тангри таоло панжасига панжа урмоққа қасд қилган гумроҳдек, бани башар вужудидан «нафс» дея аталмиш бир балойи азимни топган... бу ёруғ дунё­да бир-бирига тариқча ўхшаган-ўхшамаган тирик жон борки, нафси ўхшайди, нафс бир хил, нафс одамларни бирхиллаштиради, тафовутларни йўққа чиқаради, бозор манаман деган инсони комилни ҳам ялписига – битта қўймай бозорга солади: одамларни бетма-бет рўпара келтиради, оғиз-бурун ўпиштиради, гижгижлайди, муштлаштиради ва шу тариқа не кўйларга гирифтор этиб, синовдан ўтказади. Боши юмалоқ, пути айри кас-нокас борки, «Оламан!» дейди. Сотаётган ҳам, олаётган ҳам, бекорчи ҳам, дайдию тиланчи ҳам олиш умиди-илинжида изғийди. Ҳар ким қурби етганича олади – қўл учида, чангалида, ҳовучида. Қучоғини тўлдириб оладиганларнинг саноғи йўқ... бозорга кирди дегунча кафти, ҳовучи, қўйин-қўнжи қават-қаватлаб болалаб кетадиганлари қанча!..

Фозилбек бозордан бери келмайди, оломон оқимига қўшилган заҳоти жони ором олади. Демак, у ҳам о-ла-ди!

У ўзининг ҳамма қатори олувчи эканидан тонмайди, фақат ми­йиғида кулиб, айбдор одамдек ўнғайсизланиб, «Ҳаётда ҳар ким диди-фаросатига яраша олади» деган сўзлар билан фалсафа сўқийди. Бозорнинг ҳар қаричида ҳикматларга тўла миллион фалсафа кўради.

Ахир Фозилбек тушида юк мошинага тармашган бўлса, мошина гувиллаб шамолдек елиб борган бўлса, бунинг бозорга нима дахли бор? Тушнинг таъбири бозордаги издиҳом оёғи остида тўкилиб ётмайди-ку! Йўқ, Фозилбек инсон ҳаётининг мағзи-мазмуни тугул, алмойи-алжойи тушларининг таъбирини ҳам бозордан излайди.

...Айни субҳи козиб уйқуси қочиб уйғонди, ҳали тонг ёришмаганини кўргач, яна жичча мизғиш илинжида қайтиб бошини ёстиққа қўйди, кўзи илинар-илинмас... юк мошинанинг тумшуғига тармашди. Мошинанинг усти очиқ юкхонасида одам тирбанд. Ҳайдовчининг ёнига беш-олти ёш-яланг суқилган, ҳатто икки томон зинасига оёқ тираб, эшикка зулукдай қапишганлар бор – уларнинг бари Фозилбекдан кўз узмас, унинг бошидан тўй таклифномаларини сочишар, Фозилбек эса қоятош ёнбағрига тармашаётган айиқдек мошинанинг тумшуғига қапишган, бесўнақай мошина ҳар сафар силтанганида тўпдек ирғиб тушай дер, базўр ўзини ўнглаб олди дегунча бу темир махлуқ яна шиддат билан ғизиллаб йўлда давом этарди...

Фозилбек қандай бўлмасин, мошинани тўхтатиш, лоақал унинг шиддатини пасайтириш, сочига, ёқасига, киссаларига қисилиб-илиниб қолган таклифномаларни худди энгил-бошидаги чанг-ғуборни қоқаётгандек қоқиб ташлаш истагида турган жойидан қўлини ҳайдовчи томонга узатди, чўзди, чўзилди, шунда шоп мўйлабли, юзи коптокдек юмалоқ ҳайдовчи, «Уйланвомман, бирга бўлинг!» дея тиржайганича унга қоғозча тутқазди, Фозилбек қоғозчани олиб қўйнига солди, шунда ички чўнтаклари, қўйни таклифномага тўлиб-тош­ганини сезди... Мошина Боғкўчага бурилди. Боғкўча ҳасипдай тор, илонизидай эгри-бугри, бу кетишда бақалоқ ҳайдовчи мошинани бошқаролмай қолиши, уй-пуйга ёки деворга обориб уриши ҳеч гап эмас. Бирон дарвозадан, эшик-тешикдан бола-бақра отилиб-қувалашиб чиқиб қолса-чи!..

Юк мошина Ғиёс сомсапазнинг дарвозаси ёнидан ўтиб, чапга бурилганида сурнай, ноғора садоси эшитилди. «Тўй!» деган сўз тиғдай тилиб ўтди, Фозилбекнинг хаёлини. «Уйланаётган эди!» деб ҳайқириб юборди, лекин ким уйланаётганини эслолмади, қолаверса, шу тобда қайси қўшниси тўй қилаётганини аниқлашнинг аҳамияти йўқ, нима бўлганда ҳам куёвнавкарлар келиннинг хонадонига бориш учун тўдалашиб йўлга тушган – Боғкўчанинг шумтакаларию ёш-­яланги келин хонадонига қийқириб, мўр-малахдек ёпирилиб кириб боришга ўч, шундан... тор кўчани қарийб энлаган юк мошина тезликни пасайтирмай карнай-сурнай нағмасини сусайтирмай, телба йиртқичдек елиб бораверди. Фозилбек жон аччиғида мошина тумшуғига ўлигини ташлаб, уни тўхтатмоқчи бўлди, мошина қулоқни қоматга келтириб қаттиқ... кишнади...

Узун тун ўтди, кун ўтди, шом қоронғиси тушди, Фозилбек тушининг таъбирини топмади. Топмаганда-чи?.. Ҳар кўрган алмойи-алжойи тушининг таъбирини топавериши шартми, одам?! Туш – уйқунинг чиқити-ку... Илло, бу ёруғ оламда ҳе-еч нимарса бежиз-бехосият эмас. Парвардигор неки сир-синоат бўлса, бандасига ҳар йўсинда аён қилади, ҳар касу нокас учун умрида фақат бир марта аён бўладиган ҳикматлар бор, баъзан устма-уст аён қилаверади, хом сут эмган ғофил банда эса бунинг фаҳмига етавермайди. Мечкайни таом ўлдиради, беҳаловатлик фаҳм кўзини тўсади, ҳаётнинг туз-намагини мириқиб тотиб яшаш учун эса ҳар-р лаҳзанинг мағзини чақишга тўғри келади. Умрнинг ўтиб бораётган ҳар лаҳзасига хаёлдан кечаётган ҳисобсиз катта-кичик, арзир-арзимас ўй-фикрларингизни қўшиб, идрок эта оласизми?.. Ён-атрофингизда яшаб юрган ҳар бир одамнинг хаёлида озмунча фикр туғиляптими? Ўша фикрлар қаёқларга ғойиб бўляпти? Қанчадан-қанчаси ёруғ дунё юзини кўрмай жон бермаяптими?.. Уларни денгиз остидан минг машаққат-ла топилган гавҳару инжу янглиғ дона-доналаб териш-йиғиш, кўз қорачиғидек асраш-авайлаш керак эмасми! Шу бозорда, ҳисобсиз одамлар қўлида айланаётган ҳисобсиз пуллардан-да қимматроқ, ноёброқ ақл-идрок мевалари – фикрлар бир маҳрами-меҳрибонини топмай увол кетмаяптими?..

Шу хилдаги ўй-шу хилдаги хаёллардан ўзга арзигулик мақсад-маслаги бўлмаган – дунёга келиб шу жунунга йўлиққан Фозилбек ўзи кўрган тушнинг таъбирига бефарқ қолиши зинҳор-базинҳор мумкин эмас. Одам тўла юк мошина Боғкўчада нима қилиб юрибди? Таклифнома ёғини, карнай-сурнай ноласи нималарни аён қилмоқда, унга?.. Тағин ким билади дейсиз: шу саволлар «пинжи»га яширинган жавобни топса, Фозилбек шояд бозор жунуни касаллигидан қутулиб, отасининг, кичик онасининг, ака-опаларию янгасининг раъйига юриб... уйланиш ҳаракатига тушса?!

Фозилбек носфурушлар қаторидан ўтаётганида томчилай бошлаган ёмғир оҳакчилар қаторига етар-етмас чунонам шаррос қуйдики, у азбаройи шилта-шалаббо бўлишдан қочиб, ўзини оҳак дўконига урди. Оҳак бўлак­лари уюми ёнида турганича, катта йўлнинг ўртасидан елдек «югуриб» кетаётган тошқин сувга термилиб қолди. Шу пайт кимдир унинг қулоғига шивирлади, ҳатто қўлини олиб, омонлашди ҳам. Фозилбек беихтиёр салом берди, лекин шивирловчи шарпанинг кимлигини таниб-нетиб улгурмади, қўлидаги тўй қоғозига қаради. «Ке­йин ўқийман» деган хаёлда кафтида ғижимлаганича кўчага чиқди, гўё бошини елкалари орасига тортиб юрса ёмғирга тутилмайдигандек, йўл чеккасидан илдам қадамлар ташлаб илгарилайверди. Чап юзидаги бир ғужум узумча келадиган норини селкиллатиб юрадиган Камол карвон дағдағанамо оҳангда тўнғиллаб, рўпара келди.

– Ёз чилласида тўйни ўтказиб оламан, дегандим. Бу, қизиталоқ, кўз очирмай қўйди-я, вей!..

У шундай деб Фозилбекнинг қўлига шапалоқдек қоғоз тутқазди.

– Ивиб кетибди-ю, – деди Фозилбек ялтироқ ёзувли таклифномани олиб. – Тилласи ювилиб кетаёзибди.

– Худо берган етти ўғил-қиззи тўй кунини тўртала фаслга мўлжалладим, илло, бирортасидаям ёмғирдан қочиб қутулолмадим. Санга – ёлғон, худога – чин, Фозил, ҳаммасини тўйида жала қуйган! Мана, валлоҳи аълам, саратон, одам ёнаман дейди-ю, ёмғир кўз очирмаяпти!..

Фозилбек ажабланиш аралаш кулди.

– Майли, ўлим бўлмасин, – деди карвоннинг кўнгли учун. – Ёмғир – барака даракчиси, ака.

У бир неча қадам нари кетган жойида Камол карвон уни тўхтатди.

– Ўлим бўлмай иложи йўқ, ука, – деди у уст-бошига қуяётган ёмғирга парво қилмай. – Илло, душманингни ҳам Найнов закунчидақа ўлишдан асрасин.

Фозилбек бош ирғаб бу гапни астойдил маъқуллади, йўлида давом этар экан, Найнов закўнчининг афтини кўз олдига келтирди. Унга ачинди.

Закўнчи аслида чакки одам эмасди, кўпчилик ёқтирмаслигининг сабаби эса битта – закўнчи дунёни фақат қонун кўзи билан кўрар эди, холос. Унга иши тушмаган одам йўқ, эшигига бош уриб бормаган одам йўқ, лекин иши битмаганлар-ку, ўз йўлига, ҳатто мушкули осон бўлганлар ҳам, «Жа, хит қилиб юборди-е, Найнов!» деб норозиланар, ҳатто сўкинишдан тоймасди. «Закўнни яхши биладиган одамнинг дўсти – закўн, – деган эди отаси бир куни кулиб. – Найновдақа махлуқлар эса қонун олдида отасиниям, хотининиям аямайди».

Сўкадими-алқайдими, ишқилиб, кўпчиликнинг корига яраб юрган шундай одам тўсатдан қайтиш қилди. Кеча асрга чиқаришади, деган хабарни эшитган эди, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ҳодиса юз берибди – то­бут ердан узилган паллада миршабхонадан етиб келган бир гала норғул йигитлар, ўлим сабаби аниқланмагунича, дафнга рухсат берилмайди, деб туриб олишибди. «Текширувга берамиз!» дея майитни олиб кетишибди. Ана томошаю мана томоша! Азага йиғилганлар чапак чалганча қолаверишибди. Акасининг айтишича, Закўннинг жанозаси бугун бомдодга кўчирилган эди, йўқ, саҳарга йиғилган яқин-йироқлар «Текширув тугамабди» деган шивир-шивир овозани эшитиб, елка қисиб, бир-бир тарқалишибди.

Фозилбек носфурушлар, оҳакчилар қаторидан ўтганида қўлида яна бир жуфт тўй чорловномаси пайдо бўлди – уларни кимлар тутқазди, тўйга таклиф этувчилар билан қай тариқа савол-жавоб қилди – эслагиси келмади. Майиз, туршак, ёнғоқ ва ҳоказо қуруқ мева-чева расталари жойлашган баланд тим ичидан эшитилаётган ғалати ғала-ғовурга бир зум қулоқ тутди, ажабланиб бош чайқади, сўнг йўлида давом этди. У гилам бозорини, ширинпазликни, ёймачилар растасини кесиб чиқиб, катта йўл ёқасига етганида қатор-қатор кетган сабзавот расталари томонда қий-чув кўтарилди. Фозилбекнинг ёнидан ўтаётган кўлага, «Чуқурга от-арава ағанади!» деди, худди хушхабар тарқатаётгандек, тантанавор оҳангда.

– Сабзини тозза уйган экан-е, ноинсоф! – қўшилди бош­қа йўловчи.

– Сабзи эмас, пиёз билан қанд лавлаги экан...

– Бозорбоши тимга келади, деган овоза тарқаган, шу васвасада сабзавот қаторига борадиган катта йўл тўсилган. Тиқилинч ҳосил бўлган.

– Бозорбоши бозорга чиқмай қўйганига бир ҳафтадан ошди-ку!..

– От жонивор тўртала оёғи осмондан келиб, типирчилаб ётганмиш!..

– Шўрлик бир камбағалли араваси экан...

– Жониворнинг бели синибди...

– Ямоқчилар бутлаб кетар...

– Инсофийлар ташлаб қўймас?..

– Шу қоронғида инсофийларга зарил кегани йўқ...

Фозилбек луқмабозлик пайровини қиздираётганларни дурустроқ кўриб-таниш ниятида аланглади, бироқ издиҳом орасида овоз эгаларини топмади. У то уйига етиб дарвозадан, сўнг йўлакдан ҳовлига ўтгунига қадар хаёли инсофийларга кетди, кун сайин баланд-паст бўлиб болалаётган миш-мишларни эслади, шу аснода айни саҳар чоғи кўрган тушининг таъбирини излашни ҳам, баланд тимдаги ғала-ғовуру сабзавот растаси томон келаётган от-араванинг чуқурга ағанаганини ҳам унутди.

2

– Сан тенги йигитлар неварали бўвоттию, уялмайсанми, сўппайиб юришга?!

Фозилбек барвақт туриб ювингач, йўл-йўлакай артина-суртина ошхонага тақаб солинган олди ойнаванд емакхонага яқинлашганида ичкарида онаси, янгаси ва Ҳабиба опаси гаплашиб ўтиришганини кўрди-ю, опаси куни кеча келиб кетганини, қайсар укани ҳоли-жонига қўймай тергаганини, «тергов»нинг «одил» ҳукми шу таъна-дашном билан якун топганини эслади.

– Уяламан, – деди Фозилбек ўша куни опасининг таънасига жавобан. Ҳабиба гапим кор қилди деган ўйда чимирилиб укасининг оғзига мўлтайди. Кичик онаси ҳам Фозилбекка умидвор кўз ташлади. Фозилбек икки аёлни ўзига қаратиб олганига ишонч ҳосил қилгач, атайин пича сукут сақлаб турди-да, кулиб юбормасликка тиришиб, сир бой бермай деди:

– Танимаган-нетмаганимни, синамаган-билмаганимни танлашдан уяламан.

Ҳабиба укасининг бемаврид ҳазилидан баттар хуноби ортди.

– Таниш-нетиш учун, нима, бировви қизини ичига кириб чиқишинг керакми?! Оввол нари-веридан кўргин, юзлаштирайлик... ҳусни, бўй-басти маъқул келса, бўлди-де!

Фозилбек ўша куни таъна ва иддаолар, писандаларга тўлиб-тошган, лекин меҳрибонларча айтилган бу гапга мириқиб кулган эди, бу сафар ҳам ўша ҳолат-кайфиятга қайтди-ю, кулгисини ичига ютди. Не-не ишлар шу сўз билан барҳам топади: қора қозонинг қайнаб, тирикчилигинг ўтяптими – бўлди-де, бозорда олди-сотди авжидами – бўлди-де, уйланиб олдингми, худо тирноқдан қисмадими – бўлди-де!.. Бу гапнинг замирида «бўлганича бўлди» деган маъно ётгани билан ҳеч каснинг иши йўқ, иши бўлган тақдирда ҳам ўзини сезмаганликка олади... дунёдан «бўлганича бўлди» тарзида яшаб ўтаётганидан норозиланмайди, изтироб чекмайди.

Фозилбек шундай дея олмаяпти, холос, аслида, «Бўлса бўлди-де!» деб юборса олам гулистон, бир неча кундан буён асабий сокинлик эзиб турган хонадон гижбадабанг тўйхонага айланади-қўяди!..

У ўзининг устидан кулаётгандек ичида, «Бўлди-де! Бўлди-де!» деганча очиқ чеҳра билан емакхонага кирди. Салом берди, кўнглидан, «Азонлаб уйқуда босай деб келибдилар-да!» деган гапни кечира туриб, опаси билан илиқ омонлашди.

Умри она ҳурмати учун ҳамиша уни ўрнидан туриб қарши олади, кеннойиси арзанда қайнисини ўтқазгани жой тополмайди, Фозилбек кўчадан келди дегунча, иззатли меҳмонни кутгандек, айланиб-ўргилади, икки йилдан ошди – дам кичик онаси, дам кеннойиси, дам опалари бири олиб-бири қўйиб уни уйлантириш ҳаракатига тушган, қаерлардандир муносиб қиз топишади, бирров бориб кўриб келса ва «маъқул» деса вассалом – олам гулистонлигини айтиб, ҳоли-жонига қўйишмайди, куёвлик бўсағасидаги арзанда эса нуқул ҳазил-муто­йиба билан сувдан қуруқ чиқади: «Нимаси менга муносиб экан?» дейди ўсмоқчилаб, Умри она ёки кеннойиси оғзидан бол томиб, қизнинг ҳуснда беқиёслигидан тортиб, зулукдай қора сочи тақимига етишигача, таг-тахтли оила фарзанди эканигача, рўзғор юмушларида қўлли-­оёқли эканигача – барини тўкиб солишади, аммо-лекин Фозилбек ўзи сўраганига қарамай аёлларнинг таърифу тавсифига ортиқча рўйхуш бермайди, балки ҳар сафар «муносиб» деган сўз унинг миясига зулукдай ёпишиб... қитиғи келган одамдай ўзича ҳиринглайди.

Кейинги кунларда бу машмашага отаси қўшилди. Қисувга олиш зўрайгандан-зўрайди. Фозилбекни кўз очирмай қўйишди, афтидан отаси аёллар икки йилдан буён эплолмаётган савдони бир ҳамлада пишитишга астойдил киришганга ўхшади. Диёрбек акасига, «Бевош укангни кўндир, янаги ҳафта ичи тўйини ўтказиб қутуламан-қўяман!» деганини ўз қулоғи билан эшитди Фозилбек. Ҳабиба опаси кундузи учратолмагач, саҳарлаб етиб келганининг боиси ҳам шунда эди.

Фозилбек теша тегмаганроқ ҳимоя усулини ўйлаб топиш учун шиша банкадаги яхна чойни қулт-қулт симираётиб аёлларга ўғринча кўз югуртирди, шунда онаси билан опаси зимдан маъноли кўз уриштириб, гапни ким бошлашини келишиб олишганини пайқади. Кеннойиси эса унга пешвоз турганича қайтиб ўтирмади.

– Фозилжон, тунда келиб овқатланмадийз ҳам, суюқ­ош қилгандим, ҳозир қайноққина опкеламан, – деди-да, ошхонага чиқди.

Аёлларнинг муғамбирлиги қурмасин, ҳатто жўнгина мақсадга эришиш ниятида ҳам бир қувлик ўйлаб топадилар. Ҳозир ҳам «пухта» ўйланган режа бўйича иш кўрилмоқда – уч аёл тил бириктириб, устомонлик билан Фозилбекнинг розилигини оладилар, отасининг дағдағасидан, устига-устак, хонанишин бўлиб олганидан хавотирда, дамларини ичларига ютиб, келаси ҳафта ичи тўйни ўтказишади ҳам – уларнинг шундан бўлак муддаоси йўқ – тўй ўтса, Фозилбекни уйлантириб зиммадаги вазифами, бурчми-бошқами – адо этсалар, бас, борингки, овозаси етти иқлимга етгулик тўй бўлишини Фозилбек билади, хўп, тўйнинг асъаса-дабдабаси, нари борса, уч кунда босилади, сўнг хонадон сув қуйгандек тинчийди, қарабсизки, Фозилбек жаноблари оҳори тўкилмаган либосларга ўраниб-чирмалиб Муносибхон келинчак билан бир-бирларига сирли-иболи табассумлар инъом этиб, чўқилашиб-тиллашиб ўтиришибди денг! Уйга кирса ҳам, ҳовлига чиқса ҳам, кўчага, бозорга бош олиб кетиб, дайдиб-­улоқиб юрса ҳам кўз ўнгида, хаёлида, тилида – Муносиб... Муносибхон, жоним, ёлғизим, қувончим!.. «Қаерларда қолиб кетдингиз, Фозилбек ака, кўчага термилавериб кўзим тўрт бўлди-ку!» дейди ўпкаланиб, келинчак. Қаллиғининг ўпкаланиши даставвал Фозилбекка бирам ёқади, ўпкаланиш сузилиш, маъюс тортиш, бурилиб кетиш, димоғу фироққа айлангани са­йин эса унинг ҳайронлиги ортади, «Мен сизни ота-онам, ака-опаларим қистови билан танлаганман», дея олмайди, бир нималарни тўқиб-бичиб ёки дангалига келинчакка тушунтиришга уринади, келинчак ўламан саттор тушунмайди, шунда Фозилбек: «Одатим шу, жоним, бир бозорга шўнғисам, ҳафталаб, ойлаб кезаман, бозордан бўлак дунёни унутаман», деб уқдириш йўлини излайди. «Вой-й», – деб оҳ уради келинчак ўзининг Фозилбекка муносиблигини (кичик онаси, опалари, кеннойиси унга фақат муносиб қизларни излашмоқда, демак, бирорта Муносибхонни топишади-да, ахир! Келинчак унга чиндан ҳам муносибми-йўқми, эҳ-ҳе-е, буни ўйлайдиган, бу ҳақда бош қотирадиган азамат қайда!) унутиб, «Ота-­онамнинг қулоғига етса ким деган одам бўламан. Бозорбоши отангизми-сизми?» – деявериб кўз очирмайди. Ўпкаланиб-эркаланиш­лар, чимирилиб боқишлар ўрнини дийдиёлар эгаллайди. «Бозорда ишламайсиз-ку, нима қиласиз у ерда эртаю кеч?» – деб жони хит бўлади Муносибхоннинг. «Нега ишламас эканман. Бозор-да, менинг иш жо­йим» деб уқдиради Фозилбек. «Қаерда ишлайсиз, ўзи?» – деб қўймайди Муносибхон. Фозилбек тушунтиради, дона-дона қилиб тушунтиради: «Шуур» ширкати... «Шуур» ширкатида ишлайман» деб жавоб беради. «Ким бўлиб?» деб қизиқади келинпошша. «Жонкуяр бўлиб, – дейди куёвтўра. – «Шуур» ширкатининг жонкуяриман». «Ҳа-а-а...» дейди Муносибхон, бўшашганидан чўзилиб, лекин у ҳеч вақони ­тушунмаганини Фозилбек сезади ва, «Мен бозорда яшайман, тушун­япсанми, одамларнинг ичини кўриб, томоша қилиб юриш борасида бозордан қулайроқ жой йўқ, дунёда», деб илова қилади. Келиннинг меровланиб анграяётганини кўриб, «Бозор – дунё» деб пичирлайди ўзича, жуфти ҳалолига мақсад-маслагини тушунтира олмаётганидан баттар боши қотади, дарҳақиқат, отаси, акаси, опалари, кичик онасию янгаси, дуч келган жойда «Тўй қачон?» деб таранг қилаётган таниш-билишлари тугул, ҳали ўзи тўла англаб етмаган феълидаги ғалати, тушуниксиз, далли-девона майлни қандоқ қилиб тўрт кунлик келинчакка тушунтиради?! Уни сира тушуна олмаётган бегона сулувга, тушуна олмаслик бегоналик-да, қандоқ қилиб кўнгил қўяди?.. Борингки, фаҳми етиб қолар деган умидда ўзининг тинчини ўғирлаган ўйларини тўкиб солди ҳам дейлик!.. «Муносибхон, жоним, мен сенга жўнгина айтсам... инсон зоти борки, бозорга боради, бирор кимсанинг куни бозорсиз ўтмайди, тўғрими?..» Келинчак тасдиқ маъносида бош ирғайди, Фозилбек фалсафасини сўқишда давом этади: «Бозорга қадам босган банда борки, бирор нарса олиш, ундириш ишқида изғийди. Неча хил-неча турфа одамга рўпара келади, неча хил вазиятга тушади, зеро олиш, ундириш асносида одам деганларининг астар-авраси – асл қиёфаси ағдар-тўнтар бўлиб кўзга ташланади. Алдайди, ўзини овсарликка солади, кимлару нималарни ўртага солади. Нега?

Беш танга қимматроқ сотишга!

Беш танга арзонроқ олишга!

Беш танга кўйида минг бир қиёфада товланади, минг бир дафъа одамгарчилик тўнини ечиб-кияди.

Фозилбек шу ерга етганда хотинчасининг кўзида довдираш аломати зўрайганини пайқайди. Довдираш аломати остида, «Бу гапларнинг сиз билан бизга нима дахли бор?» деган савол назарини уқади. Ҳафсаласи пир бўлади. Фозилбек, «Шу ақл-фаросатинг билан қандай қилиб менга хотин бўласан?!» – деб дағдаға қилишдан тилини тияди, Муносибхонга эшиттирмайгина, «Ўша беш танга илинжида одамгарчилик қиёфасидан чиқиб... ўзларининг асл афт-ангорини кўз-кўз қиладилар» дейди, «Бозор – одамларнинг асл башарасини кундай равшан кўриш мумкин бўлган қулайдан-қулай жой» дейди ва яна бозорга, етти пушти бозорчилик билан ўтган отасига, аждодларига хаёли қочади.

Отаси бозорбошилик қилаётганига қирқ йилдан ошиб кетди, Валийбек бобосининг умри тўнфурушлик, мўйнафурушлик билан ўтган, ундан катта бобоси Қадимбекнинг асрни қаритган умри савдо карвонида кечди.

Фозилбек боболарининг инсоф-диёнатли инсонлар бўлганига шубҳа-гумонларга боришдан қўрқади, аммо-лекин очиқроқ тан олса, узоқ умр кечирган ва кўпни кўрган банда гуноҳсиз ва фариштамисол яшаб ўтишига ақл бовар қилмайди, демак, ҳар қалай... отаси ҳам эртаю кеч фикр-хаёли бозорни изга солиш билан банд, инчунин, нима бўлган тақдирда ҳам Фозилбекнинг томирларида шу инсонларнинг қони оқаяпти, яъни, у ҳам бозор одами, у ҳам ол-га-ни сайин кўнгли равшан тортади, шу боис бозордан нари кетмайди, бозор жунуни теккан-да, раста ораларини тўлдирган издиҳом оқимига бир томчи сув янглиғ қўшилиб, тентирашдан толмайди ва ўзига ҳам пинҳон бўлмиш қаттол қайсарлик билан гоҳо бозордан... чунонам нафратланадики!..

Бу сингари ўй-хаёлларини нима деб тушунтиради келинга? Янгилигидаёқ уни тушунишга, кўнглига қулоқ солишга қийналаётган келинчак билан қандайига умрбод муросаи мадора қилади, тил топишади, тинч-тотув яшайди?..

Ётар маскани нурга тўлгур Қадимбек бобо эсини танибдики, мағрибу машриқни кезди, юзни қоралаганида бир умр садоқат кўрсатган куч-қуввати панд берди – уйда ўтириб қолди. «Шунда ҳам бобомнинг фикри тиниқ эди», дейди Қосимбек чол. Демак, жисман қувватдан кетган, лекин фикри тиниқ мўйсафид ҳаёт шомида нималарнинг сарҳисобини қилиб ўтирмаган дейсиз?! Аср билан баҳс боғлаган ҳаётидан, кечган умридан ризо бўлганмикан? Ахир савдогарчилик нонини беармон еди, дунё таниди, ҳад-ҳисобсиз дўст (табиий, душман) орттирди ва бу ёруғ чаманда олди-сотдидан муҳимроқ ва муқаддасроқ ҳою ҳаваслар ҳам бисёрлигини мулоҳаза...

Адоқсиз ва тизгинсиз ўй-хаёли шу жойга етганда Фозилбекнинг кўзи чарақлаб кетди, кўзида порлаган шуъла шуурини, юраккинасининг зим-зиё қоронғи хоналарини ёритиб ўтгандек шошиб қолди. Ахир савдо-сотиққа тўла бозор ҳаёти фақат олишдан иборат эмас-да, тўғри, бойлик орттириш илинжи бор, бироқ бозор одами бошқаларнинг ич-этини кўриб-таниб-билиб яшайди... ҳар банданинг феълидаги зўравонлик, соддалигу муғамбирлик, лақмалигу устомонлик – ҳаммаси бозорда ё пинҳона, ё ошкора кўзга ташланади. Шу боис умри бозорда ўтган одам бир қур нигоҳ ташлаганида таниш тугул, етти ёт бегонани «ўқиб» улгуради, лекин у бозордан йироқлашгани сайин сурат орқали сийратни илғаши қийинлашади, чунки беш танга савдоси... ғавғоси... машмашаси устида бўлгани каби бошқа ҳеч бир жойда одамнинг асл башараси тўла-тўкис намоён бўлмайди...

Одамларни бозордагина кўриб-билиб-таниб-ажратишга одатланган бозор бандаси растадан икки қадам нари жилса, бир нарсасини йўқотиб қўйгандек бўлаверади, ҳатто юрагига ғулғула тушади, назарида алланимарсадан қуруқ қолаётгандек жониқади. Бу хавотири бежиз эмасдир, эҳтимол, бироқ у бозордан ташқарида одамларни «ўқий» олмаганидан, бинобарин, одамлар унга гоҳ зерикарли, гоҳ хатарли туюлаётганини ўзи ҳам тўла англаб етмайди. Бозорга қайтганида эса сувга тушган балиқдек жони ором олади...

Юз ёшли бобой тўсатдан «Мени карвонга қўш» дея хархаша кўтарганининг бир чеккаси шундандир эҳтимол.

Хуллас, Валийбек бой қиблагоҳининг ихтиёрини эшитиб ҳанг-манг бўлди, отасини номатлуб ниятдан қайтаришга ҳарчанд уринди. «Қариб қолдийз ота, ҳеч кимса бу ёшда карвонга эргашмайди», деди ётиғи билан. Қадимбек бобо, алами ичида, тилини тишлаган ва...тонг қоронғисида олис сафарга отланган карвонда йўлга чиққан савдогарлар аллақанча манзилга етганда ораларига Қадимбек бобо қўшилиб олганини кўришган...

Валийбек бобонинг ўзи-чи? У киши ҳам умр бўйи тижорат денгизида қулоч отиб жавлон урди. Замон ўзгариб, сармоядорларни қама-қама бошланган кунларнинг, тўғрироғи, бешам-бечироқ тунларнинг бирида тўнини кифтига ташлагану этак силтаб, отаси карвон етаклаган олис юртларни қора тортиб, бош олиб жўнаган-кетган... Унинг изига тушган ҳукумат одамлари ҳам, кучи оғзига етган-етмаган узоқ-яқинлар ҳам бир овоздан «Валийбек бой орттирганидан жудо бўлмаслик кўйида қочди», деб гап чуватишди. Фозилбекнинг отаси айтишича эса... «отам қуруқ тўнни елкага ташлаганича дарвозадан чиққану кетган».

Тўғри, эҳтимол Валийбек бобо укаси Воҳидбек давлатмандликда айбланиб, ўласи қилиб калтакланганидан сўнг хижрат тадоригини ихтиёр қилгандир, шундай бўлган тақдирда ҳам юз минг хил тусда товланувчан издиҳом ичра тижорат дунёсида суягию эти қотган одам замон сиёсатига бўйин эгиб, уйида тухум босиб ўтиришни – бозордан айро яшашни ақлига сиғдиролмаган...

Фозилбек хаёлига оралаган фикрдан маҳзун жилмайди: мана, отаси – Қосимбек оқсоқол э-энди фароғат ёшига етган бир пайтда Қадимбек бобоси, Валийбек бобоси сингари аллақандай ажабтовур, ҳатто беўхшов қилиққа мубтало бўлиб ўтирибди. Фақат боболари бозордан жудоликка дош беришмаган, отаси эса, аксинча, бозордан ёмон безди. Ярим кун бозордан нари жилса ичикиб қоладиган кимсан Қосимбек оқсоқол ҳе йўқ-бе йўқ уйга қамалиб оладиган, ҳеч кимса билан гаплашмай гумо-гурс биқиниб ўтирадиган одат чиқарди. Хаста десанг – хастага, соғ десанг – соғга ўхшамайди. Бировга айтишга эса тил бормайди...

– Тағин бозорга ғойиб бўларсан?..

Фозилбек опасининг қўққис шанғиллашидан чўчиб тушди, жаҳлини ичига ютиб, атайин саволга савол билан жавоб қилди:

– Отам тузукмилар?

Ҳабиба оила аъзоларининг ташвишига айланган саволдан ҳам укасини қисувга олиш эпини топди.

– Тузук бўлишлари санга қараб қолди, наҳотки шуни тушунмаяпсан, ука?!

Шу тобда Фозилбек, «Кечирасизлару, бир қиз билан учрашувга аҳдлашгандик», деса борми, емакхонагина эмас, кенг ва файзли ҳовли нақ нурга тўлади-я! Кенно­йиси, унга қўшилиб опаси суюнчи қистаб отасининг ҳузурига югуришади-я!..

Фозилбек айни пайтда муносибу муносибхонларни кўкларга кўтаргувчи ҳикоятлар эшитишга тоқати етмади. Кичик онаси мунғайиб, ердан кўз узмай ўтирганини кўриб, дили ачишди. Бисотини кавлаштириб яна бир сўз ўйинини ишга солди:

– Янаям муносиброғини топганга ўхшайсизлар?

У шундай деб опасига қув қараш қилди. Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди: Ҳабибанинг ўпкаси тўлиб турган эканми, зумда кўзида ғилт-ғилт ёш айланди, энтикиб нафас ола бошлади. Умри онанинг боши баттар қуйи эгилди. Фозилбекнинг назарида кичик онаси, «ҳаммасига мен айбдорман» дегандек туюлди, шундан, бу оғир хижолатвозликдан халос этиш ниятида елкасидан қучиб уни юпатгиси, фарзандсиз ўтган аёлларга хос хушрўйлик ортига яширинган мунг тўла маъюслик булутини қувиб солмоқ мақсадида нимадир қилмоққа тутинди, беихтиёр, кафтини кичик онасининг елкасига қўйди... Ҳамма эмин-эркин, шоду хуррам яшаётган каттакон оилада кексаю ёшга маълуму, бироқ бирон кимса оғиз очиб айтолмайдиган, айтмайдиган рост гап бамисоли ҳалқумдаги ҳазм бўлмаган луқмадек оғир ботар экан...

Беш-олти кун эмас, ой эмас, икки-уч йил ҳам эмас – умрбод шу зайл­да сақланиб қоладиган бу жимлик ҳеч ким индамагани сайин тобора оғирлашаётган, унинг оғирлиги оила аъзоларининг руҳини эзиб қўяётганга ўхшайди. Ҳатто Фозилбек ҳам сир бой бермайди. Опалари, акаси қатори у ҳам кичик онасининг ҳурматини жойига қўяди, баъзан оддий-камсуқум оиладан чиққан бу муштипар аёл қандай қилиб бозорбошининг оиласига она бўлиб қолганини ўйлаб кетади. «Бувимизнинг вафотидан кейин қариндошлар, буёқда опаларимиз қў­йишмаган, отам шундан кейин уйланишга розилик берганлар» деган эди Диёрбек. Олти ёшигача бувисининг қўлида улғайган Фозилбек «янги» онага кўниколмай тоза инжиқлик қилган, катталар, «буви, дегин», «она, дегин» деб тоза йўлга солишган, бироқ у унисиниям, бунисиниям айтолмаган, айтолмагану... Умри она ака-опаларидан кўра уни кўпроқ ювиб-таради, меҳрибонлик қилиб бағридан қўймади. Фозилбек шунда ҳам бегонасираб тўрсайиб юраверарди, нимадир бўлдию, пана-панада «Фарзанд кўрмаган аёл экан» деган гап айланишиб қолди. У бундай гап-сўзларнинг асл маъносини тушунмас, бироқ шу қулоғига чалинган бир жумла нақадар оғир, мусибатли алланимадек оғир ботди унинг қалбига. Истар-истамас «фарзанд кўрмаган аёл»нинг мунг тўла кўзларига зимдан разм соладиган одат пайдо бўлди унда. Йўқ, ҳеч кимга оғиз очиб лом-мим демади бу ҳақда, ичида, болалик тасаввурларини тўзитиб ўйлашдан ўзини тиёлмай қўйди, бу етмагандай, кичик онаси нигоҳидаги пинҳон маънолар хаёлан Фотма­ холанинг чуқур ботган мунгли кўзлари, малларанг башараси ва симобдай оппоқ сочларига уйқашиб кета бошлади. Хуллас, Фозилбек онасидан қолган жумбоқларга тўла ва англаб бўлмас соғинч туйғуси билан Фотма хола ва кейинроқ кичик онасига бўлган ачиниш ҳисси исканжасида улғайди... фарзандликни бўйнига олди. Умри она ҳам эри, ўгай ўғил-қизлари, қолаверса, яқин қариндош-уруғлар орасида қил кўприкдан оёқ учида одимлаб ўтаётган одамдек ўта эҳтиёткор яшади. Бирон марта оғзидан ножўя тугул, ортиқча-беҳуда гап-сўз чиқмади, бировнинг кўзига тик боқмади. Сабр-бардошли экани устига, камгап-камсуқумлиги шарофати сабаб оилага сингишиб кетди, деб аллақачон ўзича хулоса чиқарди Фозилбек.

Мана, Умри онанинг оналиги Қосимбек чолни айланиб-ўргилиб парвариш қилишу, кенжатойни эсон-омон уйлантириш билан синовдан ўтар пайти келди, бинобарин, у қандай бўлмасин, бошқаларни ортиқча безов­та қилмай, Фозилбекнинг тақдирини таг-тугли оила қизларидан бирортасига боғлаши керак. У мушкулдан-мушкул шу вазифанинг уддасидан чиқса, уёғи невара-чеварага ўралашиб деганларидек...

Фозилбек шундай ўйларга толиб, баъзан бутун ҳаёти, қисмати ва бу ёруғ дунёдаги орзу-ҳавасларини унга боғлаган шу бечора аёл кўзидаги тубсиз мунг ва изтиробга тўла маҳзунлик йўқолар деган умидда рўпара қилишган қизга уйланаверишга розилик бериб юбориш хаёлига боради, борадию, янаям уқубатли ўйлар азобида аҳдидан қайтади...

Шу маҳал коса кўтарган кеннойиси емакхонада пайдо бўлди-ю, бир тахлам тўй чорловномасини хонтахта чеккасига қўйди.

– Тўйга хабарловчилар кўпайди-ей! Бири биридан ажойиб таклифномаларни қаттан топишаркин-а? – деди ҳаваси келиб. Аёлларнинг барча ҳийласи Фозилбекни ғафлат уйқусида босиб, ундан уйланишга розилик ундиришга қаратилганлиги сезилиб қолди. Зеро, келин бўлмиш Ҳафизаойнинг шу тахлит кириб келиши ҳам пухта ўйланган «фитна» асосида, ҳатто махсус ёд олдирилган сўзлар эканлиги эшитган қулоққа равшан сезилар эди. Табиий, Ҳафизаой топшириқни охиригача ўринлатиш ниятида давом этди: – Майли, тўйдан айлансин, тўй устига тўй бўлади-ю... – Келин сўзини йўқотиб қўйди. Фозилбек куни кеча кеннойиси билан тўй таклифномаларининг бир хиллиги, одамлар чучмал сўзларни такрор ёзавериб, баттар сийқасини чиқариб юборишаётгани ҳақида гурунглашганини эслаб, ми­йиғида кулимсираганича, «Хўш?» деган маънода янгасидан кўз узмади. Ҳафиза «йўқотган» сўзини топди: – Тенгқур ошна-оғайниларийз ҳаммалари уйланиб бўлишди шекилли, Фозилжон?

Фозилбек ҳар сафар «Кеннойи» деб мурожаат қилганида кўнглининг аллақаерларида «Келин ойи!.. Ойи!.. Она!..» деган сўзлар акс садо бергандек бўлар, бунга Ҳафизанинг самимий меҳрибонлиги қўшилиб, баъзан унга дилида пинҳон сирларини очишдан тортинмас, фақат аҳён-аҳёнда янгасининг ясама устомонлик қилиши ғашини келтирар, «Кеннойи, шу одатизни ташланг», деб оғир ботмайдиган қилиб айтганди ҳам. Кеннойиси очиққина, бир қадар шаддод, айниқса, биттаю битта қайин инисини жигаргўша укасидан ҳам яқинроқ кўрар, у билан ҳатто сирдош эди. Начора, шу бугун Ҳафизага обдан ишлов берилган кўринади, шўрлик зиммасига юкланган вазифани адо этишдан ўзга чора тополмаган.

Фозилбек шу мулоҳазалар таъсирида кеннойисининг аҳволини тушунди, хонтахта чеккасига қўйилган таклифномаларга бир-бир назар ташлади, ён чўнтагидагиларни олиб уларга қўшди.

– Одамларга тўй жинниси текканми, нима бало! Эрта-индин қиёмат қўпадигандек, ҳамма тўй қилиш пайи­га тушган-а!..

Фозилбек шундай деди-ю, ичида пусиб ётган зардасини яширолмаганини сезди. Ҳар сафар ҳазил-мутойиба билан, табассуму индамаслик билан қутулиб кетадиган укасининг бундай очилиши Ҳабибага қўл келди.

– Нима деганинг бу, Фозил?! Ўйлаб гапиряпсанми?! Нима, қиёмат қўпмаса тўй қимайдими?! Уйланмай, оила қурмай ўтадими, одам, ­дунёдан?!

– Жумлаи мўминни тўйга етказсин, болам...

Опасининг жонга игна суққудек жириллаши олдида кичик онасининг журъатсиз, мулойим гапириши қулоққа аранг чалинди-ю, Фозилбекни хаёл олиб қочди. Тўйига етган жумлаи мўминнинг бари бир-бирига мносибми?.. Жамики эр-хотинлар ҳаётларини бир-бирларисиз тасаввур қила олмайдиларми?.. Ота-она борки, ўғил-қизини уйлаш деган жойда жони-жаҳонини бахшида этади. Оталик, оналик бурчидаги бу қадар жонкуярлик одамзод қонига қандайин сеҳру жозиба билан сингдирилганини ўйлаб адоғига етиб бўлмайди. Фозилбек шу ўй-шу кайфиятда кеча оқшом уйга қайтатуриб, кўчада учратган эр-хотинни эслади.

– Ризқивой муаллим ўғлини уйлантираётган эканми? – дея савол қотди у, кутилмаганда.

Учала аёл бараварига унга савол назари билан қарашди.

– Қайси Ризқивой муаллим? – биринчи бўлиб сўради Ҳабиба.

– Қатиқчи, денг, – гапга қўшилди Ҳафиза, – бақатеракнинг тагидаги дарвоза-чи. Қачондан бери қиз қидириб юришганди. «Попопчиникидан кевомман» деб сўрашди-ку, туновинда, ойижон. Ризқивой қатиқчининг хотини-да, ўша!..

– Вой, ўшаларни уйлантирадиган ўғли борми? – ҳайрон бўлиб сўради Умри она.

Ҳабибага гап топилди.

– Ўша зумраша сендан беш-олти ёш кичик. Шуларни орасида сўққабош юришга уялмайсанми?!

Фозилбек зўраки кулди.

– Сўққабош юравераман, дедимми, опа?.. Кўрайлик, топайлик, маъқули учрасин.

– Қанақаси маъқул бўлади, сенга, ука? Айт. Биз топаётганларимиз ёқмаса, ўзинг танла. Топ, биз борайлик.

– Топилган заҳоти айтаман, опа, – боягиндан анча юмшаб деди Фозилбек. – Ана, Фаёз, мендан катта, кеча уйланди.

– Қайси Фаёз?

– Ёнимиздаги-чи. Бултур баҳорда кўчиб келган қўшни, – деб изоҳ берди Ҳафиза.

Ҳабиба баттар тутақди.

– Сан ўзингни ёймачини ўғли билан тенглаштир­япсанми?! Паёз қайдаю, сан – қайда! Шу-унча ақлинг билан топган гапингни қара!..

– Бирров чиқиб келдик... бир ҳасратда ўтибди тўйи...

Ҳабиба «Ана, эшит!» деган маънода укасига имо қилди. Ҳафиза қайнонасининг ахборотини давом эттирди:

– Ёймачи амакини саккизта чурвақаси боракан. Кўчиб келишганидан бери кампири кўрпа-тўшак қип ётибди... Кеча сиззи икки-уч сўраб чиқишди, Фозилжон.

Фозилбек Фаёзнинг тўйига чиқмади.

Ўн кунча бурун Фаёзни кўчада учратди, саломлашди. Фаёз уйланаётганини айтди, сўнг юз истиҳолада унга ёрилди: «Ёрдам керак бўлиб қолди», деди маъюс тортиб. Фозилбек, айтаверинг, деди. Фаёз елкасига бир арава юк ортилган одамдек қадди букилиб-бўйни қисилиб тилга кирди: «К-келинникига жўнатишга мўлжаллаб икки қоп г-гуруч опқўйгандик. Қарасак, мита босиб, сичқон бола очиб ташлапти... Бозорда ф-фалон пул...»

Мана, кичик онаси тўй қай ҳасратда ўтганини айтди. Қуда томонга жўнатиладиган гуручни сичқонга булғатиб, бошини чангаллаб қолган одамнинг тўйи тағин қандай ўтиши мумкин?..

– Бир ҳасратда ўтадими, ўн ҳасратда ўтадими – уйланвобди-ю, илоё қўша қарисин, ўшаям!..

«О-оҳ, нақадар эзгу ният! – деб юборди Фозилбек ичида. – Қай ҳас­ратда ўтса-ўтсинки, уйланволсин, вассалом!..»

Фозилбек тортиниб-нетмай қўшнисини саволга тутди: келин қаердан, отаси ким, ака-укаси борми, касб-кори нима?.. Фаёз ғудранди, чала-ярим жавоб берди, Фозилбек индамай қўя қолди. Чунки... одамлар, одатда, қуда бўлмишнинг орқа-олдини сўраб-суриштиришдан кўра тўй оқшомини қандай ўтказиш юзасидан кўпроқ қайғурадилар. Йигит кимга уйланди, у қиз ким, Фаёз билан келинчакнинг қизиқишу дарди дунёси бирми, яқинми? Эрта бир ёстиққа бош қўяди, фарзанд ҳам кўради, худо қанча умр берса яшайди, хўш, ҳою ҳавас кўнгил қурмағурга татимаса-чи? Унда нима қилади?! Бошини қаёққа уради?! Ёруғ дунёнинг жами севинчлари ҳемирига арзимай қолса-чи?! Йўқ, уйланвобди-ю, бўлди, буёғига худо пошшо!..

Фозилбекнинг юраги сиқилиб кетди. Кеннойиси кичик онасига айтиб бераётгани қулоғига чалинган эди. Башоратми, Шарофатми деган жияни ғоятда доно ва маъсума қиз экан, бўйи етгач, бувиси тушмагур қизнинг розилигини сўрамай-нетмай қўшни кўчадан келган совчиларга унабди-қўйибди. Қиз тушмагур дарди ичида, чимилдиққа кирибди. Тўй ўтибди, онаси билса, бояги Башоратми, Шарофатми ку-унда ошхонага биқиниб, юм-юм йиғлаб олар эмиш. Қа­йинсинглиси кўриб қолиб, сир очилибди...

Тўйни ўтказиб, ташвишдан қутулиб қўя қолишнинг оқибати мана шунақа бўлади!.. Гўё тўй ўтса бас, ҳамма иш битгандек, бири бирига етти ёт бегона – икки шўрлик вужудни келин-куёв деб бир кўрпага буркаб қўйишади-да, «Қўша қарисин!» деб қутулишади!.. Борди-ю, қўша қаримаса-чи?!

Қўша қариш қаёқда, юз йил бирга яшаган тақдирда ҳам келин-куёв бўлмишнинг бир-бирига кўнгли илимаса-чи? Чилла чиқмай бир-бирига бегона эканини кўнгли сезган икки ёш додини кимга айтади? Қай тил билан айтади?..

Фозилбек кеннойисининг жиянига ачинди, қаердан бўлса-да, уни топгиси, танишгиси, юзма-юз ўтириб кўнглига қўл солгиси, «Синг­лим, сингилжоним, энди қандоқ қиламиз? Дилингизни равшан қилиш учун мен ҳар нарсага тайёрман, айтинг, Башоратой?!» – дея унга ёлворгиси, ўзидан, ўзлигидан кечиб, ўша нотаниш қизни... келинни... эҳтимол, жувонни бахтиёр қилишга борлиғини бахшида этгиси келди...

Ахир бундай эр-хотин неча йил бирга, ҳатто аҳил-тотув яшаган тақдирида ҳам бир-бирига бегона-да!.. Тасаввур қиляпсанми, бир умрга бир ёстиққа бош қўйса-да, бири бирига не-не сурурли лаҳзаларни бахш этса-да, бола-чақа орттириб, орзу-ҳаваслар кўриб ёшини яшаса-да... кўнгил қурғур илимаса! Тан-бадан қўшилса-ю, дил-бадил қовушмаса, бегона-да, улар! Етти ёт, етмиш ёт бегона-да! Шундайми, Башорат, синглим?!

Фозилбек хаёлларини аранг йиғди, рўпарасида ўтирган яқинларига ачиниб термилди... Шундайин хаёлларга боришармикан?.. Умуман, оила қуриб бахтиёр турмуш кечираётган одамларнинг қанчаси ўйлар экан, бундай савдоларни?.. Фозилбек яна хаёлга чалғиётганини сезиб, ўзини қўлга олди, опасининг ҳам меҳр, ҳам кибр аралаш дуосига бирон жавоб мўлжаллай туриб, Фаёзнинг афтодаҳол авзойини кўз ўнгига келтирди, «Бахтли бўлсин» деб шивирлади.

– Раҳмат... – деди Умри она унинг шивирлаши баробарида овоз чиқармай дастурхоннинг шокиласини ўйнаб, лекин у нима сабабдан миннатдорлик билдираётганини ҳеч ким, эҳтимол, ўзи ҳам тушунмади, фақат Фозилбек аёлларнинг хуфиёна режасидаги мўлжалга ҳали эришилмаганини сезди ва кичик онасининг гапига қулоқ тутди: – Отангиз, Фозилбекни уйлантираман, деб бизни жуда шошириб қўйдилар... Сўзимизга қулоқ солмаяптилар. Гаплашмаяптилар ҳам...

– Ётибдиларми, ё?..

– Кўринишлари дуруст, – деди Умри она хотиржам товушда, – лекин чурқ этиб оғиз очгилари йўқ. Ҳовлига қадам босиб чиқмадилар...

– Бирор кунда ўтиб кетарди, шекил? – сўради Ҳабиба. – Одатлари...

– Қайдам... – минғирлади Умри она. – Бу сафар бошқачароқми, билмадим... Ичим бўм-бўш, дедилар, холос...

Умри она шундай деб пиқиллаб йиғлаб юборди, Ҳабиба, «Тавба-а», деб уф тортди. Фозилбек елкасини қисди, нимадир сўрашга оғиз жуфтлади, улгурмади – жияни Аёнбек емакхонага салом бериб кирди. Аёллар унга эътибор қиладиган аҳволда эмасдилар. Фозилбек алик маъносида «ке» деди-қўйди.

– Додамми биров чақирвотти, – деди Аёнбек кўзини пирпиратиб. Ҳафиза ўтирган жойидан сапчиб турди.

– Кечаги одамми?! – дея сўради у ҳовлиқиб. – Азонлаб яна кебдими?!

Фозилбек янгасининг важоҳатида қўрқув ва таҳлика шарпасини илғаган бўлса-да, аёллардаги ваҳимани сусайтириш учун атайин босиқлик билан сўради:

– Акам уйдамилар?

У сўрашга сўради-ю, саволига жавоб кутмай жойидан қўзғалди, эшикдан чиқаётиб ортига ўгирилганича тўхтаб, кеннойисининг жавобига қулоқ тутди:

– Ҳў-ў, саҳарда уйғотиб, чақириб кетишди. Қамоқхонадан аристон қочибди...

3

Емакхонадан чиққан Фозилбек зумда изига қайтди.

– Ким? – деб хавотирланиб сўради Умри она.

– Ҳеч ким йўқ. – Фозилбек шундай деб жавоб берди-ю, ўзи кичик онасини саволга тутди: – Аристон қочганини отамга айтмадингизми?

Умри она сузилиб, бошини бурди.

– Эсимни еганим йўғ-а, болам, бунақа гап кўнгилга сиғадими, шу тобда?! Ану закунчини жанозасини ҳам айтмадим.

– Яхши қилибсиз...

Фозилбек ўй суриб туриб қолди.

– Уч ойга етмай учинчи такрорланиши-я?.. – Ўйлаётганлари оғзидан беихтиёр чиқиб, сўзга айланганди. Унинг нигоҳи жиддий ва хавотирли эди. Шундайига ҳам хавотирини ичига ютиб ўтирган Умри она хатардан бохабар одамга қарагандек кенжасига мўлтиради.

– Ғалати-да!.. Бирон жойлари оғримаса... Қимир этмай ётсалар... – деди Фозилбек остки лабини қимтиганича ўйга толиб.

– Бир нуқтага кўз тикканча... тилдан қолгандек...

– Ул-бул тотиндиларми?..

Фозилбек сўрашга сўради-ю, саволининг жавобига унчалик қизиқмай емакхонадан чиқди. Умри бозорнинг ғала-ғовурига қоришиб ўтган одам тўппа-тўсатдан шу аҳволга тушиши кимнинг тушига кирибди дейсиз!.. Дардми, ўзи бу ёхуд бошқа бир иллатми?.. Толиқишмикан ё?..

Биринчи сафар кеч баҳор кезлари эди. Отаси нақ бир кеча-кундуз уйдан ташқарига чиқмади. Кўпчилик бу «янгилик»ка эътибор бериб улгурмади ҳам. Умри она, ҳатто Қосимбек оқсоқолнинг ўзи ҳам кейин буни толиққанликка йўйди. «Бозор ташвишларидан сира дам олганмисиз, ота?» деб сўради ўшанда Фозилбек. «Бозор ташвишлари мен учун дам» дея жавоб қилди Қосимбек чол кулимсираб. «Бир кеча-кундуз уйга қамалиб ётиб нимани ўйладингиз, унда?» – яна саволга тутди Фозилбек отасини. Отаси ўша заҳоти жавоб қайтарди: «Сени ўйладим, ўғлим!» Фозилбекнинг дами ичига тушди, гўё отасининг шу аҳволига ўзи сабабчидек, тили қисилди. Бироқ бу ҳодиса тезда унутилди, ҳар ким ўз иши-юмушига чалғиди. Фақат саратон кунларидан бирида «нодир» ҳодиса деярли айнан қайталади-ю, оила аъзоларини тамом эсанкиратиб қўйди.

...Тушдан сўнг бир чимдим мизғиб олиш ниятида уйига келган қайнотасини кўрган Ҳафиза илдам чой дамлади, Қосимбекнинг кўнгли чой тусамаса-да, келинининг юзидан ўтолмади, икки ютум чойни узоқ эрмак қилди, оғир ўй сурганидан, рўпарасига келиб ўтирган Диёрбекни пайқамади ҳам. Пировардида отаси уйга киришга тараддудлангандагина Диёрбек ботиниб сўради:

– Тинчликми, ота?

Отаси ғойибдан келган товушни илғаган одамдек, ҳовлининг ўртасида серрайиб, диққатини жамлашга уриниб туриб қолди. Бирон муддат ўтса-да, хаёлини йиғиштира олмади ва мажғул бир кайфиятда бозор томон ишора қилди, ғудранди:

– Жонга тегди, бари...

Қосимбек оқсоқол қирқ йил бозорбошилик қилиб толиқдим деган сўзни билмади, кунига юз бир хил ғалва йўлида саржиндек тахланиб турса-да, пешонаси тиришмади, ўзига ва бошқаларга доим, «А-анча изга тушиб қолди» деган гап билан таскин-тасалли бериб юрди ва, мана, пировардида...

Фозилбек отасининг оғзига «боғланиб» қолган тасаллини ҳар сафар эшитганида ё ошкор, ё пинҳон кулимсирайди, ҳеч кимса бозорбошига тиккасига айтолмайдиган гап-сўзни фақат у ҳайиқмай айтади.

– Нимаси изга тушди, ота? – деб сўради у мавридини топиб.

Оқсоқол Фозилбекнинг тагдор саволидан гезарди, лекин у ота бўлиб кенжасига сира заҳрини ошкора сочган эмас, шундан бу сафар ҳам ўзини зўрлаб, гапнинг маромини бошқа ёққа бурди:

– Сен бозорни тушунмайсан...

«Тушунмайсан» деган сўз Фозилбекка оғир ботди-ю, шунга қарамай у отаси билан тортишмади. У қизишмай-талашмай орани очди қилиш мавридини кутиб юрди, ўша саратон айни авжига минган кунлардаги «ҳодиса» Фозилбек кутган мавриди келганидан дарак эди-ю, фақат ҳеч ким, ҳатто Фозилбекнинг ўзи ҳам буни пайқамай, ғафлатда қолди.

Бу сафар Қосимбек оқсоқол уйга кириб кетганича, икки кундан мўлроқ вақт ўтгач, шом маҳали ҳовлига чиқди. Ҳеч қандай ғайритабиий ҳодиса юз бермагандай емакхонага келиб оила даврасига қўшилди. Овқатлангач, қўл сочиқни узоқ вақтгача кафтининг қирраси билан «дазмоллаб» ўтирди-да, ич-ичидан келган асабий кулгини босолмади шекилли, ўзига ярашмаган енгилтаклик билан елкаларини силкитиб, ҳиринглади.

– Нимадан куляпсиз, отаси? – чолига авайлабгина савол қотди Умри она. У чолининг феълидаги ғалати ўзгаришни сезиб ўтирган эди.

– Бозордан... бозорнинг устидан куляпман, – деди Қосимбек оқсоқол ўша заҳоти лаб-лунжини йиғиштириб. – Бозорни эпақага келтираман деган ниятда умримни совурганимдан куляпман...

Фозилбек ялт этиб акасига маъноли назар ташлади, Диёрбек ҳеч нарсани тушунмаганини яширмай қўзларини катта-катта очиб отасига бўзрайди. Умри она ака-уканинг маъноли кўз уриштиришларига эътибор бермади, унинг хаёли хотинлик бурчини адо этишда эди.

– Қизиқсиз-а, – деди у чолини чалғитишга уриниб. – Одам ҳам ўзининг устидан куладими! Худога шукр, денг, ҳадемай Фозилжонни уйлантирамиз...

Катталар орасига тушган ўнғайсиз жимликни бузиш «кафолати» фақат ўзида қолганини сезган Аёнбек ақлли ва жиддий нигоҳини бобосидан узмай турди-да, қиё­фасидан заррача хасталик аломати сезилмаётган Қосимбек оқсоқолнинг биқинига келиб чўк тушди.

Отаси, «Жонга тегди бари!» деганини акаси кейин айтди. Бу гапни эшитган Фозилбек қаттиқ ўйга толди. «Жонга тегиш чорасизликдан эмасми?.. Нима, отам чорасизми?..» Фозилбекнинг назарида отасидан қудратлироқ, уддабуронроқ одам йўқ, ҳар қандай чорасизликдан чора топадиган шундай забардаст инсон, «Жонга тегди» дея қўл силташи, қўл силтаганда ҳам бозорнинг, бозорга қўшиб ўзининг устидан куладиган даражада ҳафсаласи пир бўлиб, бунақанги узлатни ихтиёр этиши... у ҳолда?..

– Ҳа, ўйлаб қолдинг? – деб сўради акаси, гўё укаси отасига дахлдор нозикроқ сирдан воқиф одамдек.

– Ўйлайдиган жойи йўқ. Оқибати шундан бошқача бўлиши мумкин эмаслиги аён эди.

– Қайси оқибатини айтяпсан? – дея ичи қизиб, шош­қалоқлашди Диёрбек.

Фозилбек «ичим аламда-ю, сиртим кулади» қабилида мийиғида кулимсиради, сўнг жавоб қайтарди:

– Отам кутган оқибатини-да!..

– Нима, отам кўзлаган ният амалга ошмадими? Бозор ўзгармадими?

Фозилбек энсаси қотганини акасига сездирмай, тилини тийди. Акаси билан пачакилашиб ўтиргиси келмади. Қўл силтади. Бунинг устига акаси ундан гап кутишга тоқати етмай саволи жавобсиз қолса-да, «улоқ»ни ўзи илиб кетди:

– Отам «Бозор айландингми?» деб сўрадилар.

– «Бозорбошилик қиляпман, бозорнинг сиз изга сололмаган жойларини эпақага келтириб юрибман» демадингизми?

Диёрбек укаси тўғри кўнгилда сўрадими ёхуд пичинг қиляптими, дабдурустдан тушунмади.

– Отамиз ётиб қолсалар, оғир кунларига биз ярамасак!..

Фозилбек тасдиқ маъносида бош ирғади. Иложини топса, ичкарига кириб, отасининг суҳбатини олишни мўлжаллади, бироқ у мўлжални олиб улгурмай эртаси оқшом отаси ҳеч қандай ғайритабиий ҳолат юз бермагандай ҳовлига чиқди, кейинги кун эса саҳармардондан одатича бозорга йўл олди. Ваҳоланки, отаси билан акасининг ўртасида бош қотиришга арзийдиган яна бир гап ўтган, уни ҳам Фозилбек кеч эшитди.

...Қосимбек чол истар-истамас суҳбатлашиб турганида Диёрбек қўққисдан инсофийлар ҳақида гап очди. Отаси ялт этиб у томон ўгирилди.

– Кимлар?! – деб сўради у.

Қосимбек чолнинг шум одати бор эди: у аллақачон эшитиб-суриштириб-билиб улгурган янгиликни бировдан эшитса, мутлақо бехабар киши қиёфасида анқовсираб қулоқ солиб турарди. «Бозорда тобланган ҳийла усулларидан» деб қўярди Фозилбек. Тарки одат амримаҳол, деганларидек, чол ҳатто ўз фарзандлари билан муомалада ҳам шу ҳийласини қўймас эди.

– Отамдек инсон бозорчасига ҳийла-найранг... – Фозилбек оғзидан отасига нисбатан ўринсиз сўз чиқиб кетганидан ўнғайсизланиб, акасига зимдан разм солди, бироқ Диёрбек ғоятда ҳаракатчан, ишчан эканига қарамай, зийраклик ва назокат бобида андак оқсар, аксарият айни шу думбуллиги унинг тадбиркорлик борасидаги эпчиллигию учарлигини чиппакка чиқарар эди. Отасининг ясама ҳайратини сезмагани учун ҳам кўзлари чарақлаб, унга уқдиришга киришди:

– Ия, эшитмадийзми?! – деди у отасини ҳангу манг қолаётганидан ҳовлиқиб. – Ҳамманинг оғзида шу-ку!..

Шундай деди-ю, ҳамманинг оғзидаги гап аллақачон бозорбошининг қулоғига етмай қолмагандир, деган тахмин фаросатига келмади.

– Хўш?.. – деди Қосимбек ўғлини тезлаб.

Диёрбек ҳаяжонини босолмади.

– Инсофийлар бозорни ўз измига солармиш!..

– Ўзимизни қадимги инсофгами?..

Диёрбек отасининг дабдурустдан берган саволига жавоб тополмай дудуқланди, отаси норози оҳангда товушини пича кўтарди:

– Ё осмондан янгича инсоф тушибдими?..

Диёрбек тили бесуяклик қилиб қўйганини шундагина фаҳмлади. «Бозорда инсоф қолмади» деган сўзи «Сизда инсоф қолмади» деган иддаога тенглигини у ўйлаб кўрмаганди. Отасининг кўзидан нигоҳини олиб қочолмай, ғўлдиради:

– Ўзи... билмасам, миш-миш-да...

Қосимбек оқсоқол ўғлининг ғудранишига қулоқ солмади, кун тандирдек қиздирган ҳовли ўртасига бориб тўхтади, бозор томондан кўз узмай узоқ тикилиб қолди. Боғкўча хийла тепаликда, расталар қатор-қатор саф тортган бозор майдони пастликда жойлашганидан, ҳовлида туриб одамлар аридек ғужлашган издиҳомни бемалол кузатиш мумкин эди. Диёрбек ҳамон ўзини қаёққа уришини билмай каловланиб турганида отаси унинг жонига ора кирди.

– Бозорни инсофга келтиришни эплайдиганлар чиқ­қан бўлса, қанийди!..

«Қани ўша инсофийлар? Қорасини кўрсатмаса... Сиз инсофийларданмисиз, деб бировдан сўролмасанг...»

Фозилбек саратон иссиғида устма-уст ёққан ёмғирдан зах тортган ҳовли саҳнига кўз югуртирганича ўзини қаёққа уришини билолмай турганида дарвоза томондан, «Ҳў-ў, ким бо-ор?» деган овоз эшитилди. Фозилбек қўни-қўшниларни тўй ва маъракаларга хабарлаб юрадиган Зокир отанинг овозини таниди. Илдам юриб, кўчага чиқди.

– Жаноза эрта бомдодга қолдирилди, барвақтроқ чиқинглар-а, – деди Зокир ота ҳассасига беҳол суяниб.

– Ия, – деб юборди Фозилбек. – Пешинга чиқаришмадими?!

– Найнов бояқиш... – Зокир ота шундай деб қизариб кўзига ёш олди, яқин жигари ҳақида гапираётгандек ачиниб, деди: – Эрталаб, «Миясига қон қуйилиб ўлган» деб хат қилиб беришган экан, пешинда э-энди тобутга олай деб турсак, яна миршаблар тўполон қилиб кеп қолса дегин... «Биз текширганда мияси тозайди» деб ўликни яна опкетишди... Бунақа бетайинликни кўрмаганман...

Ёш эканига қарамай унча-бунча иссиқ-совуққа ҳаяжонланмасликка одатланган Фозилбек бу гапни эшитиб, ҳайрон қолди, тушунолмай елка қисди.

4

– Мен отамни кўриб чиқаман, – деди Ҳабиба ўтирган жойида ҳовлидан кўз узмай.

Умри она қизининг истагини дабдурустдан рад этолмай, нажот кутиб, Фозилбекка қаради.

– Кириб нима қиламиз, опа, безовта...

– Отам безовта бўлишига жонинг ачиса нега рози бўлмаяпсан?

Фозилбек тушунмади.

– Нимага рози бўлмапманки...

– Гапни қисқа қил, укам, қиз танлашга ақлинг етмаётган экан, буёғини бизга қўйиб бер. Мени айтди дерсизлар: уйга кириб, келин топилди, Фозил рози, десам, отам ҳозироқ оёққа туриб кетмасалар, отимни бошқа қўяман!..

Фозилбек қайсарлар пирига сабоқ берадиган опасига бас келолмаслигини ўйлаб, бош чайқади, бир кўнгли отасининг феълида пайдо бўлган инжиқликка оила аъзолари ортиқча хавотирли тус беришаётгани ёқмади, бир кўнгли...

– Иккинчи сафаргисида уч кунга қолмай чиққандилар, зора бу сафар...

Ҳафизанинг иккиланиброқ, бунинг устига, қайнисининг ёнини олиброқ оҳангда гап бошлагани Ҳабибага ёқмади.

– Неча кунга чўзилишини худо билади, бир кун-уч кун деб фол очгандан кўра, манавини кўндириш зарил, Ҳафизаой! Бу фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қолди, бош­қаларга жони ачишмайди, парвойи фалак!

Фозилбек индамаса, опаси кичик онаси ва кеннойиси билан можаро чиқаришдан ҳам тоймайди, шу боис зарбани ўзига қаратди.

– Опажон, – деди у Ҳабибанинг елкасидан қучиб, – сизлар айтаётган муносибини топаману ўзингизга айтаман, яхшими?

– Қачон айтасан?

Опасининг саволига бўладиган жавоб Фозилбекнинг ўзини ҳам қизиқтираётган, фақат бу, ўзининг эмас, бош­қа одамнинг изми ихтиёрида эди.

Тинимсиз қисди-басдига олишлар таъсирини ўтказдими ёхуд ўзининг телба фалсафасидан воз кечдими, ёхуд... Фозилбек кўчага чиқди, ундан бозор томон йўл олди, боши оққан томонга юрганча бир неча кун бурун юз берган фавқулодда учрашувни нечанчи бор қайта бош­дан кўз ўнгида гавдалантиришга тутинди.

...У ҳўл мевалар сотиладиган расталар оралаб бораётган эди. Хушрўйгина қиз эътиборини тортди. «Оппоққина экан-а!» деб юборди у беихтиёр овоз чиқариб, шундай деди-ю, чамаси нотаниш қизнинг чеҳрасидаги нурдек оқлик унинг кўнглига тўлалигича кўчди-қолди. Азбаройи энтикиб кетди. Ҳатто бегона қизга очиқ-ойдин бақрайишдан ўзини тия олмади. Бунинг устига қиз жуда-жуда таниш туюлди, қаердадир кўргандай, ҳатто узоқ-узоқ суҳбатлашгандай ундан заррача бегонасирамади. Шу лаҳзада қизга гапирмай ўтиши мумкин эмасдек, лоақал бир оғиз луқма ташлаши унинг тақдирига (эҳтимол, қизнинг ҳам тақдирига!) битилгандек, изоҳлаб бўлмас бир мажбурият билан қизга яқин борди.

– Узумнинг қанақаси яхши... – «Яхши кўрасиз» демоқчи эди, сўнг­ги лаҳзада саволини ўзгартирди: – ...бўлади?

Фозилбек қиздан кўз узмади, саволининг беўхшов чиққанини ҳам ўйлаб кўрмади, қизнинг оппоқ манг­лайига, бўйнига ўғринча кўз қирини ташлади. Қиз бош кўтариб унга қарамади, лекин саволни жавобсиз ҳам қолдирмади:

– Ҳусайниси...

Сўнг... Фозилбек ортиқ сўз тополмади, оғиз жуфтлади-ю, тили танглайига ёпишди-қолди. Ўйини ўйлагунича нотаниш қиз икки бош ҳусайнини қоғоз халтага солиб, растадан узоқлашди. Фозилбек серрайиб, унинг изидан кузатганича қолди.

– Китобхонада ишлайди...

Фозилбек қулоғига чалинган бу хушхабарни дуруст англамади, издиҳом орасида кўздан йироқлашиб бораётган қиз унинг юрагини юлиб олиб кетаётган эди. Мўйсафид узумфурушнинг кейинги сўзлари хаёли пароканда йигитнинг қулоғига элас-элас чалинди.

– Анавиндаги растабошининг қизи. Бояқиш, ойдай, бахти очилдию...

«Сутга чайилгандай!» деб юборди Фозилбек беихтиёр. Юраги безовта ура кетди. Кўксидаги безовта дукурни босолмай, қизнинг изидан югургиси келди. «Ҳусайниси...» деб ичида қиз айтган оҳангда такрорлашга уринди. Шу дамда унга шу сўзнинг нотаниш қиз талаффузидаги мўъжизакор оҳанги далда бериши мумкин эди, холос.

Ўша кун ва ўша тунни минг бир хаёлда ўтказди. Дам кулди, дам ўйга толди, фавқулодда даф солган эҳтирослар жунбишини идрок этолмай, «Наҳотки?!», деган саволдан нари ўтмади.

Тонгга қадар «Наҳотки?!», «Нега?!», «Наҳотки?!»... бу сўзлар саволгина эмас, лаҳзалар, дақиқалар ва соатлар ўтгани сайин жавоб ва тасдиқ вазифасини ўтай бош­лади... тақдир ҳалқалари Фозилбек йигитнинг сўққа бошини салла янглиғ ўраб-чирмади. У туни билан қироатхонага тиккасига кириб бориш, тортинмай-нетмай маъсума қизни чақириб беришларини сўраш режасини тузди. Назарида, қироатхона бозор сингари гавжум жойдек, оломон орасидан бирортасини четга чорлаб сўраса, ғиз этиб унинг тинчини ўғирлаган қизни етаклаб чиқадигандек эди. Қаёқда?! Фозилбек қироатхона эшигига етар-етмас қўл-оёғи бўшашиб кетди. Бу аҳволда ичкарига кириб, ниятини амалга ошириш у ёқда турсин, тап-тайёр изза бўлишига ақли етди. Қизга рўпара келтирадиган бошқа баҳоналар излашга киришди. Баҳона оёқ остидан чиқди.

Ёймачилар қаторида санғиб юриб, қора мовут супрасига сотадиган бисотини ёяётган Султон тиллага кўзи тушди. Аёлларнинг пахмоқ кўйлаги, локи тарам-тарам кўчиб кетган эски махси, сим ўрами, тумшуғи чегаланган бесўнақай чойнак, аралаш-қуралаш мих уюми, занг босган калит шодаси, катта-кичик гултувак. Алмисоқдан қолган қозиқ, кўзойнак гардишлари... Султон ташилавериб уринган бир бойлам китобни супранинг чеккасига тера бошлади.

– Китобга харидор йўқ, – деди у, – ташиганим-ташиган. Зилдай оғир.

– Битта-яримта ишқибоз сўрайдими, ўзи?

Султон «бе-е» деган маънода қўл силтади, сўнг илова қилди:

– Сўрайди. Варақлайди, кейин ташлаб кетади. Яна уч-тўрт кун сотилмаса пистачи хотинларга кўтарасига бервораман.

Фозилбекнинг кўнглида умид чироғи «йилт» этиб ёнди.

– Нима ҳақда ёзилган ўзи? Ким ёзган?

Султон тилла кифтини учирди. «Бир пайтлар кимдандир опқолгандим-да арзон-гаровга», деди. Фозилбек учун бунинг аҳамияти йўқ эди, у қироатхонага олиб кирадиган баҳона топилганидан севинди. Фақат... унинг аввалдан мўлжалланган режасига зид ўлароқ қироатхона ҳувиллаб, ҳатто зах тортиб ётган экан, бунинг устига, мовий кўз, елкаси хиёл туртиб чиққан заҳил юзли аёл уни совуққина қарши олди.

– Кутубхона ишламайди, ёпиқ, – деди у Фозилбекнинг саломини кутмай.

– Очиқ-ку, – деб юборди Фозилбек, бўсағага кириб турганини пеш қилгандек ва шу аснода ичкари хонага – узунасига кетган, икки ёнига шифтга довур китоб тахланган нимқоронғи йўлакка назар ташлади.

– Бегоналар учун ёпиқ, – деди аёл ҳамон бепарволик билан.

Фозилбек бўш келмади.

– Мен бегона эмасман, – деди у тап тортмай.

Мовий кўз аёл ёш боланинг кафтидек варақчаларни тартибга келтиришдан зумгина тўхтади-ю, бегона йигитга бирров кўз югуртириб яна юмушига унналди.

– Ҳозир қироатхона ҳаммага бегона...

Аёлнинг товуши жуда ҳазин эшитилди. Назарида аёл унга, «Сиз ҳам» деб гина оҳангида айтгандек эди. «Ҳусайниси...» деган сўзнинг ёқимли ва сирли оҳанги так­рорланди йигитнинг қулоғи остида.

Фозилбек узум растасида учратган қиз билан ҳозир рўпарасида турган аёл қиёфасидаги маъюслик ва ҳазинликнинг ўхшашлигига ҳайрон қолди. Ичи ачишди.

– Мен бегона эмасман, – деди у янада дадил товушда. Шундай деди-ю, мовий кўз аёлнинг қоғоз кавлаштираётган қоқ суяк ва рангсиз бармоқлари сезилар-сезилмас титраётганини пайқади. Аёл орқа ўгираётиб сездирмайгина мушти билан мижжаларини артди.

– Нима, қироатхонада ёлғиз ўзингиз ишлайсизми?

– Уч кишимиз...

Фозилбек ниятига етадиган фурсат келганини кўнг­ли сезди. Бунинг учун у муомаласи юмшай бошлаган аёлга ишлов беришни совитмаслиги керак эди.

– Китобхонларга уч киши хизмат кўрсатишга улгурасизларми?

– Кутубхона ишламайди, дедим-ку, – боягиндан анча мулойим гапирди аёл. – Ёпиқ.

– Ишламаса, сизлар нима қилиб ўтирибсизлар бу ерда? Кейин... сиздан бошқа ҳеч ким кўринмайди...

Мовий кўз аёл йигитнинг эзмаликларида самимийлик оҳангини илғади шекилли, пахтали, енгсиз нимчасининг тугмаларини қадай туриб, уни саросар кузатди ва узоқ гурунглашишга чоғланган одамдек меҳрибон бир товушда тушунтиришга киришди:

– Қироатхона, кутубхона мижозлар учун ишламаяпти, лекин фаолияти тўхтаб қолиши мумкин эмас. – У шундай деб фаҳмингиз етмаяптими деган маънода йигитга разм солди. – Тушунтира олдимми?.. Минг-минг­лаб китоб, тахлам-тахлам газет-журналга доим ҳаво тегиб туриши шарт. Шамоллатилмаса... тирик жон нафас олмай яшолмаганидек...

– Э, ҳа-а...

Аёл йигитнинг ҳайратига эътибор қилмади, бояги-бояги умидсиз ва пинҳона аламзада товушда деди:

– Китобларимизга қўшилиб ўзимиз ҳам зах босиб кет­япмиз...

Фозилбекнинг кўз ўнгида узум харид қилган қизнинг чеҳраси гавдаланди. Уни мовий кўз аёлга қиёслади. Қироатхонанинг шифти баланд, лекин кун тушмас хонасига кўз югуртирди. «Сутга чайилгандек!..» деди ичида. Сўнг гурунгга қайтди.

– Зах босдирмаслик учун нима қилиш керак? – сўради у астойдил ачиниш билан, ҳамон қаққайиб турган жойи­дан. Ва...

– Ҳей, ойдин!..

Фозилбек қўққисдан эшитилган шанғи товушдан чўчиб тушди. Кўнглининг бир бурчида, узум олган қиз бўлса-я, деган савол туғилди-ю, наҳотки ўша қиз шунчалик шанғи бўлса, деган хавотирда азбаройи юраги орқасига тортиб кетди. Ва сира иккиланмай «У эмас!» деган ишонч ва қатъият билан овоз келган томонга ўгирилди. Ўгирилди-ю, ранги унниқиб кетган тўқ мовий парда ортидаги стол ёнида ўтирган бақалоқ аёлнинг шарпасига кўзи тушиб, «Хайрият!» деб юборди. Аёл ўша шанғи товушда давом этди:

– Яна кўзингни сийдигини оқизвоссанми! Йиғи-сиғи қиладиган бўлсанг, йиғиштир ишни!.. Шу бола китоб зах босишини тушунадими?!

Мовий кўз аёл чурқ этмади, Фозилбек қандай жавоб-муомала қиларини билмай, ҳанг-манг бўлиб туриб қолди. У бирон жўяли гап хаёлига келиб улгурмай, кутганига зид ўлароқ, бадбашара ва важоҳатидан одам ҳуркадиган эмас, аксинча, паст бўйли ва бақалоқдан келганини демаса, ёши элликлардан ўтган, баркаш юзли, истараси илиққина аёл пайдо бўлди. Фақат унинг авзойи бузуқлиги, шу тобда бирон-ярим гап билан уни шаштидан тушириш иложсизлигини Фозилбек сезди, яхшиси, индамасликка қарор қилди. Парда ортидан чиққан хотин ўзи кутган қиз эмаслигига яна бир карра ишонч ҳосил қилиб, шундай енгил тортдики, азбаройи салом беришни ҳам унутди.

– Уйланганмисан, болам? – томдан тараша тушгандай савол қотди баркаш юзли хотин, безрайиб.

Фозилбек индамади.

– Отанг хотин оберганми, деб сўравомман?!

– Энди уйлантиришмоқчи...

Фозилбек нега бундай жавоб қилганини ўзи ҳам билмади. Кутилмаганда баркаш юзли хотиннинг зардаси юмшади, очиқдан-очиқ ҳазиллашаётганини яширмади.

– Уйланаётган йигит қироатхонада нима қип юрибсан? Кечаям айланишиб юргандинг, ўзинг ҳам бизга ўхшаб зах босиб қолмагин, тағин.

Семиз хотин шундай деб қаҳ-қаҳ отиб кулди, уни кўриб мовий кўз аёлнинг ҳам чеҳраси ёришди. Фозилбек мақсад сари жиндек силжиганидан хурсанд эди.

– Қаттан кегансан, кимми арзандасисан, ўзи?

Фозилбек баркаш юзли хотин энди эрмак учун гап айлантираётганини сезса-да, сир бой бермади. У тоқат қилишдан ўзга иложи йўқ эди.

– Шу ерликман, шу бозорда ишлайман, – деб жавоб қилди у. Лекин кимнинг арзандаси эканини айтмади. Фозилбек оилада кенжалик мартабасидан баҳра олмагани учунми, умуман, эркатойлик феълига ётлигиданми, «арзанда» деган сўзга тоқат қилолмасди. Тоқат қилолмасди-ю, хаёл қочган дамларда унинг учун ким арзандаю, ўзи кимларга арзанда экани ҳақида ўй суриб қолар, тахмину фаразларга қоришган бундай ўйларининг охири ҳар сафар чигаллашиб кетарди.

У саволнинг иккинчи ярмини жавобсиз қолдирганини эслаб, суҳбат шу билан барҳам топиши мумкинлигидан хавфсиради-да, бояги саволини такрорлади:

– Китоб зах тортмаслиги учун нима қилиш керак?

– Уф-ф!... Анави хангини чакагини ўчириш керак!

Семиз хотин кўча томонга ишора қилди, у нимани назарда тутганини Фозилбек тушунмай, қулоғини динг қилди. Кўча томондан, «Ҳайронма-ан-н!.. Бегонама-ан-н-н!» деган мутлақо нотаниш ҳофизнинг беўхшов дўриллаши эшитилди. Фозилбек муддаосидан чалғимаслик ниятида мавзуга қайтди:

– Сизларда нодир китоблар кўпдир? – деб сўради.

– Қадриянинг хилидан экан...

Баркаш юзли хотин бир чимдим кулимсиради-ю, бирдан жиддий тортди. Ноўрин пўписаси учун ҳамкасбидан узр сўрагандек босиқ ва мулойим гапирди:

– Қадрия нодир китоблар дардида куюнганича бор, бояқиш...

Фозилбек бундан қулайроқ фурсат қайтиб келмаслигини зудлик билан фаҳмлади ва темирни қизиғида босди:

– Бозорда китоб сотадиганлар бор, ўшаларда нодир китоблар...

– Қадрия ҳам шунга куяди, – деб Фозилбекнинг гапини маъқуллади мовий кўз аёл.

Баркаш юзли хотин кайфиятининг тайини йўқ шекилли, яна ғазаб отига мингаша бошлади.

– Ярамга туз сепиб нима қиласан, ука! Тўғри, камёб китоблар ёймачиларда қалашиб ётибди. Қадрия деган ходимамиз ўшанақа адабиётлар билан шуғулланади. Ҳу-ув, ичкарида ўтиради... Ноёб китоблар йўқолиб кет­япти, деб жони ҳалак. Қўлига пул тегди дегунча бозорга қараб чопади...

Фозилбек сесканиб тушди. «Қўлига пул тегди дегунча бозорга қараб чопади...» Пул тушмаса-чи? Пул тушмаса, қоронғи ва зах хонадан чиқмай ўтиради. Китоб йиғади, артади-суртади. Ўқийди. Пулу бозор билан иши йўқ. Фозилбек қизни биринчи учратишидаёқ буни сезди. Чунки қиз раста ёнига келди, бир бош ҳусайни узум олди-да, кафтидаги пулни узатди. Нархини сўрамади, тортишмади. Индамайгина изига қайтди. «Пулга бегона қиз» деб юборди ўша лаҳзада Фозилбек ичида. «Сутга чайилгандай!» деб беихтиёр оғзидан чиққан ҳайратига шу хитоб қўшилди.

Эҳтимол, Фозилбекнинг қалбини қалқитиб юборган, ўзини шошириб қўйган ҳам ана шу икки оғиз лутф эди!

Бақалоқ хотин Фозилбекнинг кўнглига оралаган фаразни тасдиқлагандек гапирди:

–Бояқиш пул нимайканини билмайди, топганига китоб йиғади.

Фозилбек ҳаяжонини яширмади.

– Ёймада таниш йигит бор, бир талай китоб териб қўйибди. Ноёблари бордир орасида?

– Малла йигитми? – сўради бақалоқ хотин бепарво оҳангда.

– Ҳа, – деди Фозилбек.

– Жа-а қимматпуруш, – гапга қўшилди мовий кўз аёл.

– Қиммат эмас, арзон! – деб юборди Фозилбек. – Жуда арзонга сотади. Гаплашдим. Менга кўнди.

Иккала аёл нотаниш йигитнинг гапига ишонқирамай бир-бирига анграйди.

– Қанча йиғилди? – туйқус сўради баркаш юзли хотин.

– Озроқ... Отамдан сўрайман, деганди...

Фозилбек гап пул ҳақида бораётганини пайқади, энди у нафақат ўзини, балки бутун вазиятни, вазиятга қўшиб рўпарасида тик турган икки аёлни илинтирган эди.

– Нархидан ташвишланманглар, – деди у бамайлихотир. – Мен сизларга бегона эмасман. Мен кўндираман, дедим-ку. Фақат... танлаб олиш учун бирортангиз борасизми?..

Фозилбек юрак ютиб шу гапни айта олганига ўзидан қувонди. Юраги орзиқиб кетди. Кейинги лаҳзада ҳаёт-мамоти ҳал бўладигандек лабини қимтиб ерга қараб олди. Нафасини ичига ютиб, ер остидан баркаш юзли хотиннинг бармоқларига қаради, қаради-ю, аёл қўлларини стол ортига осилтириб турганидан унинг семиз билагидан бошқасини кўролмади. Назарида иккала хотин узоқ жим қолгандек, назарида иккала аёлдан бири у билан ёймага бориш учун ҳозирлик кўраётгандек туюлди, башарти шундай бўлса назарида Қадрияни (ҳа, исми Қадрияой эди!) қайтиб кўрмайдигандек тарвузи қўлтиғидан тушди. Бошини кўтаришга юраги дов бермади. Ниҳоят, баркаш юзли хотиннинг овози дўриллади:

– Қаерда ишлайман, дединг?

Фозилбек вазминликни қўлдан бермади.

– «Шуур» ширкатида, – деди ўзини ғоятда бамайлихотир тутиб.

Иккала аёл савол назари билан бир-бирига мўлтиради, елка қисишди.

– Бунақа ширкатни эшитмаганмиз... – деди мудира аёл овози мулойим тортиб.

– Ким бўлиб ишлайсиз? – деб савол қотди у.

– Жонкуяр, – деди Фозилбек янаям хотиржам товушда. – Ширкат жонкуяриман.

Орага тушган ўнғайсизликдан уни мовий кўз аёл қутқарди.

– Ҳозир қўлбола корхонаю ширкатдан кўпи борми! Қай бири нима юмуш билан шуғулланиши ёлғиз худога аён. Очса очгандир-да! – деди у топган хулосасидан мамнун бўлиб.

Шеригининг топқирлиги мудирага ёқди ва ўзи ҳам нотаниш йигитни сўроқ қилишни тўхтатди.

– Қадрияни чақириб чиқ. Бу укам билан ёймага бориб келсин...

Фозилбек кўзини чирт юмиб очди, мудиранинг товуши қулоғига бамисоли майин куйдек ёқиб тушди, назарида қироатхона ёришиб кетди, шу тобда унинг учун шу икки аёлдан яқинроқ, меҳрибонроқ инсон йўқдай эди...

5

Оқшом дастурхон теварагида ҳамма ўз хаёлига ғарқ бўлган кўйи ортиқча гап қўзғамади. Овқатланиб бўлай деганда Умри она эртага эрталаб хонанишинликнинг учинчи кунидан умидвор эканини айтди. Ҳафиза кундузи Зумрад опаси келганини, отасининг ҳузурига киролмай кўз ёши қилганини гапирди. Фозилбек эрталабки «машмаша»ни эслаб, Ҳабиба опаси отасининг ёнига кирган-кирмаганини суриштирди. Кеннойиси «кирмадилар» деган маънода бош чайқади. Диёрбек гапни қисқа қилди:

– Пашшадан фил ясаб, ваҳима кўтаравермай, ҳар ким ўз юмушини қилсин. Отам эрта бўлмаса индин ҳеч нарса кўрмагандай чиқадилар.

Орага яна сукунат чўкди.

– Сўраб келиб, қўйишмаяпти, – деди Ҳафиза овозини пастлатиб.

– Кемайди. Ман бугун, «Отамни икки-уч кун холи қолдирайлик. Ҳеч ким сўраб бормасин, безовта қилмасин», дедим. Тушунишди.

Диёрбек шу сўзни укаси билан ёлғиз қолганда ҳам так­рорлади.

– Отамизни тушуниб, оғир кунларида биз ёнларига кирмасак, бегоналар жон койитармиди?! – деб гап бош­лади у. – Тўғрими?

Фозилбек акаси жиддий мавзуларда гап қўзғаса, ора-орада «Тўғрими?» деб фикрини тасдиқлатиб олиш одатини яхши биларди.

– Тўғри, ака, – деди у меҳрибон товушда, – биз қараб турмаймиз, фақат...

Диёрбек яна бир дахмазани бошлайди деган хавотирда укасига бўзрайди. У янглишмаган эди.

– Бозор – бурунги бозор эмас, ўзгаряпти, – деди ошиқмай Фозилбек. – Одамлар бозорни янгилайман, ўзгартираман дегунча бозор одамларни ўзгартириб юборди. Бугун ҳамма бозорчи.

– Шундай дейсану, бозорга яқин йўламаган қизни излаганингга ҳайронман.

Акаси жиддийлашдими-ҳазиллашдими, Фозилбек даб­дурустдан фарқлай олмади.

– Ўзингга ўхшаш бозорбезориси топилармикан?

– Насиб қилса топилар... – дарҳол жавоб қайтарди Фозилбек.

– Эркагу аёл, ёшу қарига бирдек бозор жодуси теккан пайтда-я?!

Фозилбек қовоғини уйди.

– Ҳозир менга қиз танлаётганимиз йўқ-ку, ака, – деди суҳбатни чўрт кесиб, – отамни, бозорни ўйлаяпмиз. Бозорга шайтон оралади, отам шуни тушуниб етмаяптилар.

– Нимани тушунишлари керак?!

– Бозорни ўзгартириб бўлмаслигини!

– Нега ўзгартириб бўлмас экан?! Нима, ташлаб қў-­
­йиш керакми, сенингча?! Одамлар бир-бирининг қонини ичиб, гўштини паққос туширавериши керакми?

– Шундай бўлаверсин, деганим йўқ, ака. Жилови қўлдан чиқиб кетди, бу аҳволда қутурган тимсоҳдек... ўзгаришини айтяп...

Диёрбек укасини гапиртирмади.

– Билсанг, ука, – деди у пича ҳовурдан тушиб, – бозор ҳеч замонда қотиб турмаган – ўзгарган, товланган – қутурган тимсоҳнинг аҳволига ҳам тушган...

– Ҳозиргиси тимсоҳдан ҳам ўтиб тушди...

– Тимсоҳни кўрганмисан ўзи, Фозил?.. Тимсоҳнинг қутурган-қутурмагани қандай бўлади?

Фозилбек акасининг ўринли киноясига кулгиси қистади. Ичида «тимсоҳ бўлмаса шер-да, йўлбарс-да» деб қўйди. Топган ўхшатиши ўзига ёқди – бозор – қутур­ган йўлбарс. Шафқат билмайди, қанча одам бўлса, барини ғажиб ташлайди.

Бир зум жим қолган Диёрбек ўзи топган ҳазилини унутиб, отасини оқлашга ўтди:

– Отам бозорни энди кўряптиларми?.. Ақли ҳуши, эти-­суяги бозорда қотган, шу-унча йил бозор тепасида турган одам... бозорбоши... Ҳали соппа-соғ бўла туриб... Уйга қамалиб олиб, чораю тадбир излаяптилар, менимча. Топадилар ҳам!..

Фозилбек акасини қийнаб қўйганини сезди ва авайлабгина мавзуни чалғитди.

– Валийбек бобомни тилдан қўймаётганлари беваж эмас...

Бу тахмин Диёрбекни баттар чўчитиб юборди.

– Нафасингни ел учирсин-е! Вали бобони доим гапириб юрадилар-ку!

Фозилбек ўйга толди, кўнглидан кечган шубҳа-гумонларини хаёлида «титкилаб», тахминлари юзасидан қатъий қарорга келди ва вазминлик билан ўйини баён этишга киришди:

– Илойим, отамнинг умрлари зиёда бўлсин, – деди мўйсафид қариялардек дуо қилиб, сўнг тўсатдан дангалига кўчди: – Ака, бозорда отамнинг ўрнини сездирмаётганингиз яхши. Тимсоҳ бўладими, аждаҳоми – кимдир бозорнинг жиловини қўлга олиши керак. Лекин... одамни бозор билан боғлаб турувчи куч-қувват бор-ку, отамдаги ўша куч-қувват сўняпти.

– Хўш? – деди Диёрбек бошини қийшайтириб. Унинг бўртиб чиққан кўз соққасида ақл-идрокдан кўра думбулликка ўхшаш жонсараклик акс этиб турар эди. – Биз ўша қувват ўрнини босолмаймизми?

– «Биз» эмас, «мен» денг... Мен айтаётган қувват ҳар кимнинг ўзида бўлади, уни ҳеч ким бошқа кишига қарз-ҳавола ва ҳадя сифатида бера олмайди, қолаверса...

– Хўш, айтавер, – деб укасини тезлади Диёрбек. Фозилбек акасининг қистовига эътибор бермай, хаёлидан кечаётган ўйловини айтди:

– Биз отамга қувват бўлишдан аввал ўзимиз қувват жамламоғимиз зарур.

– Хўш? – деб савол назари билан анграйди Диёрбек. – Ўзимиз қувватни қаердан оламиз? Қанақа қувватни жамламоғимиз керак, демоқчисан? – Унга укасининг фалсафа сўқиши ёқмаётган эди. Бироқ Фозилбек бунга эътибор бермади.

– Бунинг учун ўзимиз бозорни англаб етмоғимиз даркор! Тўғри айтдингиз, бозор ҳеч замонда ўзгаришдан тўхтамаган, лекин бозорнинг ўзгаришларига яраша одамлар ҳам ўзгарган, ўзгаришга яраша мослашишга улгурган. Энди эса, оддий одамлар тугул, сиз-бизга ўхшаш етти пушти бозорчи ўтганлар ҳам ўзгаришда, янгиланишда бозордан а-анчагина орқада қолиб кетяпти...

Диёрбек кулиб юборди, шунчаки эмас, укасининг устидан очиқдан-очиқ кулди. Кулгисини яширмади ҳам. Фозилбек шу дамда акасига уқдириши қийин мавзуда гап қўзғаганига афсусланди. Тўғрироғи, у муддаосини акасига тушунтира олмаслигига ақли етди, қолаверса, ўзига тинчлик бермаётган фалсафасини жўнлаштириб тушунтиришга ўзининг ҳам ақли, сабр-тоқати етмаслигини тан олди.

Фозилбек не хаёлда-ю, акаси кутилмаганда келиндан гап қўзғади.

– Сенинг хаёлпарастлигинг билармонликдан, худбин­ликдан келиб чиққан, ука. Ҳар маҳмадона ўз билгича тумшуғини суқиб, ақл ўргатавермай сабр қилса, отамга ўхшаш кўпни кўрган одамлар ҳаммасини жойига тушириб қўйишга қодир. Сен ўзинг ҳам ортиқ мижғовлик қилавермай бошқаларни... бизларни ҳам ўйла-да... сен, яхшиси, тўйни тезлатгин, шунинг ўзи отамиз учун қувват ўрнига ўтади.

Фозилбек «тўғри» деган маънода сўзсиз бош ирғади. Аслида унинг ўйчан тасдиғи замирида розиликдан кўра норозилик кайфияти кучлироқ эди.

– Турмадан неча киши қочибди? – синовчан назар ташлаб савол қотди у.

Диёрбек саволни эшитмагандек тураверди.

– Қочмаган. Қочишга уринган, – деди у бир оздан сўнг, бамайлихотир.

– Бозор тўла дув-дув гап-ку?

– Дув-дув гап ўринсиз, биз кун бўйи мажлис қилдик, Ҳошим қўриқбоши ҳам ўша ерда эди. Ҳеч зоғ қочмаган.

– Ҳеч зоғ қочмаганида кун бўйи мажлисми?

Бу сафар укасининг қочириғи Диёрбекнинг жонидан ўтиб кетса-да, кутилмаганда унинг кинояси таъсирига илинди.

– Растабошиларнинг така-пукаси чиқди-е, ўзиям!

– Чуқурга ағанаган от-аравани тортиб олишдими?

– Олишаётувди.

– Тимдаги махлуқ-чи?

Диёрбек мийиғида кулди.

– Шу-унча ташвиш етмаётгандек, ножинс-нотайин махлуққа бало борми?! – деб ижирғаниб, заҳарханда кулди. – Ўзи зиғирчча эмиш, бутун тимни така-пукасини чиқарворибди.

Фозилбек жавобларга ортиқ эътибор қилмай, савол устига савол ёғдиришда давом этди:

– Сичқонларни айтмайсизми?! Одам йўқолаётгани-чи?.. Терипурушлар қутурибдими?.. Инсофийлар ҳаракатга тушиб қолганига нима дейсиз?..

Диёрбек укасининг муддаосини охиригача фаҳмлаб етмаса-да, ҳимояга кўчди:

– Кун бўйи растабошилар саволга тутиб хит қилгани етмагандай, сен нега майда-чуйдани ижикилаб қолдинг?

Фозилбек кўнгли бирдан юмшади.

– Бу майда-чуйдаларнинг ҳеч бири бежиз эмас, ака, – деди у ётиғи билан. – Буларнинг бари – хосиятсизлик аломатлари, катта офатларнинг даракчилари... Ҳамма иллатнинг ҳикмати бозорга шайтон оралаганида.

Диёрбекнинг боши шишиб кетди. У энсаси қота бош­лаганини яширмай оғиз жуфтлаганида Фозилбек мулоҳазасини адоғига етказди:

– Бозор талвасасидан четда омон қолган одамнинг ўзи йўқ. Ундан зиён-заҳмат чекмаган оила ҳам йўқ. Шунча ғалва, шунча касофат айни урчиган пайтда жуфтлашаётган эр-хотинлар, шу муҳит-шу аҳволда дунёга келаётган гўдаклар...

Диёрбекнинг тоқати етмади.

– Ҳа, гапир, тўхтамай гапир! – деб кесатди у. – Дуч келган қаланғи-қасанғининг гапига учавериб... жонкуярлик қиламан деб, ҳали хотин кўрмай, эс-ҳушингдан айрилиб қопсан.

Фозилбек акасига гап қайтаришни лозим топмади. Диёрбек шаштидан тушмади.

– Чўпча-ак, бу гапларинг, укам, чўпча-ак! – деди у тиш­лари орасидан тупук сачратиб.

Диёрбек шундай деб дам қаҳ-қаҳ отиб, дам товуши ичига тушиб кулди. Сўнг давом этди:

– Ҳамма сенга ўхшаб ўйласа-чи, ўлай агар, эркак зоти хотин кўрмай ўтади дунёдан!.. Дунё дунё бўлиб қачон одамзоднинг ташвиши тугабдики!.. Бозор ўз номи билан бозор – бу ерда ҳеч қачон сен ўйлаган ҳаловат бўлмайди. Агар бу дунё, бу бозор саранжом-саришта бўлишини истасанг, хотин исини искамай ўтасан, ука!.. Ундан кўра-чи, Фозил, таги-зотини суриштиришни бизга қўй-да, ёққан-ёқмаганини айт, вассалом, эртагаёқ гижбадабанг тўйни бошлаб юборайлик!..

– Эрта бомдодга Найнов амакини чиқаришармиш...

– Э, ҳали жанозаям бор-а, – деди бирдан эслаб Диёрбек. – Бугун йиғиндан ортиб, пешинда етиб келолмагандим, яхши, эрталаб чиқамиз...

Фозилбек емакхонада давом этаётган суҳбат устига аёллар кириб қолишидан хавотирланиб, деразадан ҳовлига қараб турган эди, акаси яшайдиган уй зинасида пайдо бўлган Аёнбек дарвоза томонда бировни кўргандек йўлакка қараб юрди. Фозилбекнинг кўнгли қандайдир нохушликни сезиб, «Ҳозир!» деганча ташқарига отилди. Диёрбек унинг изидан чиқди, Аёнбек ҳовлининг ўртасига етиб улгурмай дадаси билан амакиси изма-из юриб, кўчага ошиқишди.

– Ким? – дея овоз берди Фозилбек ён-атрофга аланглаб.

– Ким чақирди?! – дўриллади акаси бўғилиб.

Жавоб бўлмади. Ўнғайсиз ҳолатдан чиқиш учун Фозилбек оҳиста кулди. «Биров чақирган-чақирмаганини Аёнбекдан сўрамадик-ку», деди ҳовлига қайтиб кираётиб. Улар Аёнбекка йўлакда рўпара келишди, Аёнбек катталарнинг саволини кутмай жавобини айтди: – Кўчада эмас, мана шу йўлакда турган эди. Чақирди...

Диёрбекнинг ичи шув этиб кетди, кўнглига оралаган хавотирини на укасига, на ўғлига сездирмай Аёнбекни етаклаганича уйга кирди. Шом қоронғиси чўкаётган ғира-шира ҳовлида Фозилбекнинг ўзи ёлғиз қолди. «Аёнбекнинг кўзи ақлли, баъзан зерикарли ва қўрқинчли...» Йўлак ҳовлидан кўра қоронғироқ эди, Фозилбек кўнглидаги қоронғиликни ёритадиган равшанликни йўлакдан топадигандек дарвоза томон термилганича туриб қолди. Отаси неча марталаб баён этган ҳикояси қулоғи остида такрорланди: «Ярим кеча. Зимистон. Одамлар тун тугул, кундузи ҳам қадам босиб кўчага чиқишга юраги бетламайдиган пайтлар. Иттифоқо, ярим кеча дарвоза ҳам таҳликали, ҳам эҳтиётлик билан тақиллади...»

Кимдир келганки, дарвоза тақиллаган. Энди отасини йўқлаб чақираётган кимса эса... ғойиб бўляпти... Муддаоси нима, ўзи? Чақириб қўйиб ўзи қаёққа гумдон бўляпти? Дўстми-душманми?.. Ниманинг илинжида келяпти, ўзи?..

Мушук офтобга беҳуда чиқмайди, деганларидек, на беилинж салом, на бетама алик қолди, дунёда... Илинж одамларни қўлидан эмас, тумшуғидан ип ўтказиб етовга соляпти. Илинждан, тамадан ҳоли жой қолмадими ёки?.. Ҳамма ёқ бозор, бозор эса илинж ва таманинг уяси...

Ҳаво дим, иссиқ эди, «штир-штир»лаб ёмғир томчилади, Фозилбек осмонга қаради – юлдузлар чарақлаб турибди, манглайига, бетига устма-уст ураётган ёмғир томчилари пиёланинг тагида қолган чойдек илмилиқ эканини туйди. Ихтиёрини шундай хаёллар измига берган дамлар Фозилбек бутун вужуди билан янада ғалати-ғаройиброқ ўйлар гирдобидан паноҳ топади... Жони ором олади...

...У оёқ-қўлидан, белидан чирмаб-чандиб ташлангандек қимир этмай, узоқ ётди. Вақт-соати етиб танасидан, инон-ихтиёридан холи қудратли куч пайдо бўлди-ю, уни қаттиқ силтади ва шу силтов таъсирида бамисоли бир зарб билан ғишт қолипдан кўчгандек, ғимирлай бошлади. Аҳён-аҳёнда у ён-бу ён ўгирилишини демаса, аллазамондан буён ҳаракатсиз, бежону бенишон ётишга рози бўлган унинг жиш аъзойи бадани шу тахлит илкис ҳаракатдан хийла озор чекди, озордан зорланиб, бурунги ҳолатига қайтиш илинжида оёқ-қўлини жамлаб қорнига босганича баттарроқ ғужанак бўлди. Жуфтланган қўли устидан бошини кўксига солинтириб узоқ тин олмоққа чоғланди, қуюқ, укпардек майин-мулойим соч қоплаган боши аллақайдан келган бояги куч таъсирида қаттиқ силтанганини ўзи ҳам сезмади.

– Воҳ, худойим-а!.. Раҳмм!.. Жоним-эй!..

Камҳаракат пайтлари бир алфозда ётавериш жонига тегар эдими ёхуд нафаси қиса бошлаганиданми, у ён-бу ёнга ўгирилиб олишга эҳтиёж сезарди. Шунда дафъатан нафас олиши енгиллашар, шу боис бир ҳаракат севинчи анчага етар, қайтиб нафаси бўғилгунига қадар яна қимир этмай ётаверарди. Фақат у аллақачон улғайишга мубтало бўлганини, ўзи энди-энди кўз оча бошлаган сезгилари оралиғида севина-севина улғаяётганини, энди бу ҳаракатдан тўхташ унинг ихтиёридан хорижда эканини сезмаган экан.

...у хийла улғайиб улгурганини беихтиёр ва юз бераётган ҳаракатларидан эмас, ўзида бетоқатлик пайдо бўлганидан пайқади. Кейинги кунларда тоқатсизлангани сайин безовталик истаги зўрайиб бораётган, бунга сари тани ором топаётган эди. Тани ором ола бошлаган замони ўзидаги тоқатсизлик боисини, ҳаракатлари манбаини излаб ўйга чўмгандек сукутга кетар, шунда қип-қизил жиш вужуди қандайдир ноладан ларзага тушар, у бунинг боисини англаб етолмасди. Англаб етиш илинжида диққатини жамлашга тутинганида диққинафаслик зўрайди, шундан бошини безовта чайқаб-силкиб нафас олишга уринишдан ўзга чораси қолмади, шунда қўл-оёғи чунонам силтандики, азбаройи чўчиганидан юракчаси шиддатли ура кетди. Чўчигани, силтангани мукофотига кўкси тўлиб нафас олди, жажжи лаблари билан тамшаниб оғзини борича очиб, ҳавони ямлаб-ямлаб ютди. Роҳатланиб уйқуга кетаётганида таниш инг­роқ, таниш илтижодан тағин тинчи бузилди.

– Ўзинг асра!.. Ўзинг қодир... Ўзинг!..

Энди у кескин ҳаракатларни сусайтиргани сайин мунгли илтижо сўнаётганини пайқади, пайқаган замони бу кашфиётидан севиниб, ортиқ қимир этмасликка аҳд қилди ва тиззаларини жуфтлаб қорнига довур букди, бояги силтов талвасасида бир қўли оёқларининг орасида, иккинчиси ёнбошида қолганига ҳам кўнди, ҳатто малол келмасин деган ўйда кўзларини чирт юмди. Афтидан у мутлақ қулай, мутлақ беозор алфозда жойлашиб олгандек эди, аммо-лекин номсиз безовталик, та­йинсиз хавотир туйғуси баданининг аллақаерида пусиб пайт пойлаётгандек, бинобарин, қўл-оёғи фавқулодда кескин ҳаракатга тушиш хавфи аримагандек эди. Ана шунда у илк дафъа юз-кўзи, майин ва ёпишқоқ сочи, момиқдек бадани сув тўла идишга солиб қўйилганини, танасини ўраб олган сув зирҳи аста-секин совий бошлаганини пайқади. Бундан ажабланиб улгурмаган ҳам эдики, оёғининг учи, тиззасининг кўзи, сўнг думбачасигача совқотди, совқотиш баробарида болдирига, сонига узун ва муздай тасма илон янглиғ чирмашаётганини аниқ сезди, сезган заҳоти жон ҳолатда оёғини силтади.

– Уҳ-ҳҳ!.. Тавба-а!.. Мадад бер-р!.. Ўзинг...

Шундан кейинги ҳодисалар шиддатли тус олди, азбаройи у нималар юз бераётганини идрок этишга улгурмади, фақат нафас олиши қийинлашаётганидан бошини у ён-бу ёнга буриб, бўйнини чўзди... бошини нимадир ютоқиб сўриб, тортқилай бошлади. Гирдини ўраб олган сув қобиғи йўқолиб, баданидаги намлик қуриди-ю, узун ва муздай шилимшиқ тасма боши, елкаларига тажовузкорона чирмашди... тўс-тўполон қўпди.

У ғала-ғовурга, бақир-чақирга қулоқ соладиган аҳ­волда эмасди, қандай бўлмасин, бурунги ҳолатига қайтиш истагида тизза ва қўлларини қорнига ғужлашга чоғланди, бироқ бунинг иложи бўлмади: уни бошидан, елкасидан тутиб, тортқилашаётган эди!.. Шу талотўпда у ўзида ҳеч қандай инон-ихтиёр қолмаганини, бурунги ҳолатига мутлақо қайта олмаслигини, тақдири уни тортқилаётган қўллар ихтиёрига ўтганини элас-элас илғади-ю, ўзини аллақанча вақтдан буён жон сақлаган идишдаги лиммо-лим сувдан томган шудринг томчиси янглиғ ожиз, омонат ҳис қилди ва... бирдан ўтиб қолган ҳайҳотдек кенг ва мутлақо ёт бўшлиқни англаб етолмай, сон-саноқсиз чироқлар ёруғидан қамашган кўзини чирт юмганича «инга»лаб юборди!..

...Фозилбек ўзининг туғилиш онларида кечирган уқубатларини, шўрлик онаизори чеккан азобларини тасаввур қилиб, оғир хўрсинди. Буни акасига сездирмаслик учун атайин кулимсиради. «Мана, ҳақиқий чўпчак, ака!.. Неча-неча ўлимларни доғда қолдириб, эсон-омон туғилишнинг ўзи чўпчак! Чўпчакдан бу ёғи эса... Туғилгунга қадар... она қорнидагина миннат, тама йўқ, кейин эса, кейин... бош қора тупроққа етгунга қадар бу дунёнинг жамики чўпчаги ҳар қадам-ҳар нафасда илинж, тама, миннатга ҳамроҳ, атрофингда гирдикапалак, улардан қочиб қутулолмайсан, уларнинг қуршовида яшаб ўтишга маҳкумсан, одам!..»

Фозилбек хаёлидан кечган ўйларини акасига овоз чиқариб айтмади...

6

Ҳабиба опаси, «Биз топаётганимиз ёқмаса, ўзинг танла, топ», деганида Фозилбекнинг ўйлаганию айтадигани бисёр эди. «Опа, танлаганим бор», деса Ҳабиба нақ севинганидан йиғлаб юборади-я! Лекин Фозилбекнинг аҳду қарори ҳали хом, у танлаган, кўнгил қўйган қиз билан ҳали очиқ-ойдин гаплашмаган, аҳдлашмаган. Қандай бўлмасин, у аввал қироатхонага, сўнг қизнинг кўнглига йўл топиши, қиз билан суҳбатлашиши, суҳбати қовушса, қиз – унга, у – қизга маъқул келса...

Фозилбек «Қиз – унга» деган шубҳани хаёлидан чиқариб ташлашга уринди, чунки у Қадриядек чеҳрасидан оппоқ нур, сутга чайилгандек тозалик, сирли маҳзунлик уфуриб турган қизни учратмаган! Ҳеч бир қизни кўрганида юраги бунчалар «жаз»илламаган!.. Қадрияни кўрди-ю, қизнинг манглайидан, яноғидан, дудоқларидан, бўйнидан таралган симобий ёғду унинг доим ўй-хаёлга бурканган кўнглини, шуурини чароғон қилиб юборди. Фозилбек азбаройи ўзини йўқотиб қўйди, тили айланмади ва тўсатдан қизнинг узун ва қуюқ қошлари остидаги катта-катта кўзларида осудалик пардаси ортига яширинган маъюсликни илғади... Дарвоқе, Қадрияни биринчи бор учратган ўша лаҳзаларда қизнинг бармоқларини кўрди-ю, юраги ҳаприқиб кетди! Бунчалар оппоққина, момиққина!.. Уч ёшли гўдакникидек ширингина чинчалоғининг у-учидан тутди, силади, кафтини кафтига олиб, бармоғидаги, кафтидаги чизиқчаларни кўзига суртди... хаёлан...

Фозилбек шу тариқа хаёлга толган кезлари таниш-­билишлар учрамаса, бозорнинг гавжум расталари оралаб кетаверса-кетаверса, бозор майдони ҳам ўйларидек адоқсиз бўлса, деб орзу қиларди.

– Ҳў, савдойи!..

У рўпарасида қанот ёйиб турган пак-пакана нусхани таниб улгурмай, йигит унинг белидан астойдил қучоқлади. Фозилбек қаршилик кўрсатмади. Фақат болалик дўстининг димоғидан гуп этиб бадбўй ичкилик иси бурқсиди-ю, бурнини жийирди. Бу қўланса исни Фозилбек биринчи бор шу дўстиникида – ўн уч-ўн тўрт ёшларида «таниган» эди. Ўшанда тенгқур ўртоқлари билан Инъомалиникига боришди, узун ва тор, шифтига қўл етгулик болохонага чиқиб ўтиришди. Нима бўлди-ю, Инъомали ўзини кўрсатиб қўйгиси келдими, тахмондаги алмисоқдан қолган сандиқнинг ўргимчак тўри қоплаган биқинига қўл суқиб япасқи шиша идиш топди, амаллаб унинг ёғоч тиқинини очди-ю, оғзига кўтарди. Ичдими-ҳўпладими, хуллас, Инъомали тўсатдан ўқчиб йўталди, оғиз-бурнидан тўқ қирмизи суюқлик тошиб-оқиб тушди – қўққисдан қонга ўхшади! – хонани бирдан қўланса ис тутди! Инъомали «Қх-қ-хх!.. Қх-хх!»лавуриб нафаси бўғилди, афти лавлагидай қизариб кетди. Ўртоқлари қотиб-қотиб, думалаб-юмалаб кулишди. Бир пайт Инъомали чўк тушиб икки қўллаб бўғзини чангаллади, ола-кула чиққан кўзлари косасидан отилгудай бўзрайди, афти дам кўкариб, дам қорая бошлади. Фозилбек бошқалардан кўра илгарироқ ҳушёр тортди ва биринчи қилган иши қўш тавақали деразани ланг очиб юборди, ўртоқларидан бирини сувга югуртирди, ўзи Инъомалининг икки кураги орасига эшик қоқаётган каби расмана устма-уст муштлади. Шунданми-бошқаданми, хуллас, Инъомали «ҳиқ-ҳиқ»лаб ўтирганича, нафас олиши равонлашди. Бирпас жим қолди-да, бетини тиззасига босганича йиғлаб юборди.

– Ўлиб қолай дедим!.. – деди у бурнини тортиб.

Одам бир зумда ўлиб қолиши мумкинлигига Фозилбек ўшандаёқ иқрор бўлган, муштдек бошига яшаш ва ўлиш савдоси ҳақида ўй суриб кетганди. Ўз кўзи билан кўрди, шоҳиди бўлдики, ўлим узоқдаги нарса эмас, у ҳар кимга киссасидаги пулидан-да яқинроқ. Пул сарфланиб-совурилиб кетади, йўқолади-нетади, у – қўлнинг кири, пулнинг эгаси йўқ, пул жозибали бўлса-да, вафосиз, тирик жон борки, шу вафосизга интилади, унга вафо кўрсатгиси келади, ундан садоқатлар кутади, унинг ишқида айланиб-ўргилади, ўлим эса ёвуз, бироқ – вафодор. Пулни ҳарчанд маҳкам тутма, эҳтиётлама, унга ҳарчанд жонингни нисор қилма – бефойда, у дунёдаги энг суюқоёқ аёлдан-да суюқроқ – бевафороқ, бозорга қадам босдинг дегунча, пайт пойлаб, етти ёт бегона киссаларни қўмсашдан толмайди, осмондами-ердами, бозордами-чангалзордами, ўлимдан ҳарчанд ўзингни олиб қочма, у ҳар лаҳза «оқибат» кўрсатиш учун ҳозиру нозир. Ҳар неки тирик жоннинг ўз «хусусий-шахсий» ажали бор, у ўз «соҳиби» ва «соҳибаси»ни тарк этмайди, у билан ҳамнафас яшайди, яшаб юре-еб, ҳар неки тирик жонга фақат бир марта оқибат кўрсатади...

Одамлар шундайин садоқатли ҳамроҳни унутадилар, назар-писанд қилмайдилар, ҳатто ўзи йўқнинг – кўзи йўқ қабилида ҳамроҳнинг устидан беписандларча кулишдан-да тап тортмайдилар. Кўзи кўр, қулоғи кар банда борки, юрак зарбаси ҳаёт аломати эканини билади-ю, сархуш юраверади, ҳатто юрагига «оқибат» қилган одам ҳам унинг дукурлаб уришига қулоқ солади, холос, ваҳоланки, кўплаб одамлар беҳисоб юрак дукурлари оралиғидаги беҳисоб сукунат лаҳзалари қаъридан совуқ кўзларини олайтириб, пусиб қараб турган... ажал шарпасини унутадилар...

Ўшанда Инъомали ёмон сўкинган.

– Онангни... отамдан қолган сирка! Ўзиям шунақасини ичиб ўлган!..

Инъомали ўз отасини баралла сўкканини эшитган Фозилбек азбаройи гангиб қолаёзган эди ўшанда, ўртоғининг оғзига шапалоқ тортиб юборишдан ўзини базўр тийиб турганида Инъомалининг, «Отам ўлганида онам севинган», деган гапини эшитган, мушт тугилган қўли шилқ этиб тушган.

– Демак... – Фозилбек кейинчалик буни кўп ўйлади. – Демак, ичкиликка муккасидан кетган отасидан буткул халос бўлгану, онаси енгил тортган... Демак, бу эр-хотин қандай яшагани, бир-бирига нечоғлик меҳр-оқибатли ўтгани аён! Оила қуриб бахт топмаган аёл андишани унутади, ахир... Бу ёқда тўрт қора кўз мўлтираб турибди, сиртдан қараганда рисоладагидек расо оила...

Фозилбек совқотгандек эти жунжикди. «Шу ҳам оилами?!» деган эди, тишларининг орасидан тупук сачради...

– Нима, сирка ичдингми? – деб сўради Фозилбек кулиб.

Инъомали ўша ҳодисани эслаб ранги гезарди, зўраки кулди.

– Ҳе, ўшанда худо жонимми қайтиб берди, оғайни! Яна би-ир минут бўғилсам, қулоқни ушлаб кетувдим-а!..

Одамзоднинг табиати шундай: би-ир лаҳза бўғилса, бир умр оғзига олмаган гап-сўзларни булбулигўё бўлиб сайрайди, бир нафас жони ҳалқумига келса, арши аъло пойига бош уриб таваллолар ёғдиради.

Фозилбек ўйларига чек қўйиб, болалик дўстига самимий ва беғубор тикилди.

– Худо, буёғига нуқул ичиб юравер, деб жонингни қайтиб берганмиди? – деб сўради янада самимият билан.

Инъомали кинояни тушуниб, сергак тортди. Бўзарди.

– Қаерда ишлаяпсан? – деб гапни чалғитишга уринди.

– Бекорчилик... Ишламаяпман... – деди Фозилбек болалик дўстига ортиқча тушунтириб ўтиришни истамай.

Инъомали эса бу жавобга ажабланмади ҳам, балки тўсатдан хайрлашиш «маросими»га кўчди:

– Майлию, укамми уйлантирвоммиз, сешанба – никоҳ, бирга бўласан, оғайни!

Фозилбек бош ирғади-қўйди. Инъомали ўпкалади:

– Барат бор эди-ю, раисси ўғли, бизани назари илмади. Майли, сан унақалардан эмассан, оғайни, бундо-оқ улфатчилик қип турайлик!.. Тўйга айтарсан?

– Қанақа тўй?! – ҳайрон бўлиб сўради Фозилбек.

Инъомали жилмайди.

– Фозил қачон уйланаркин, деб томоғимиз тақиллаб кутиб юрибману, оғайни, нима, айтмоқчимасмисан?

Фозилбек далиғули дўстининг беғубор саволига нима жавоб қилишини билмади. «Нега хабарламас эканман!» деб гап бошлаган эди, оломон орасида, «Одам йўқолибди!» деган овоза тарқади. «Қандай одам йўқолди экан?» деган ўй кечди Фозилбекнинг хаёлидан, шу орада, «Ҳали дараги йўқ тўйга хабарлаяпманми?» деб ичида кулгиси қистади, бош ирғаб. Инъомали билан хайрлашди. У Инъомали кўздан йўқолган замони Ёвкўчада ўсган болалик дўстларини бирма-бир эсламоқчи, Бекмурод, Тожигул, Равшан... Ваҳоб карвоннинг ўғли Шавкат билан қадрдон эди, тенгқурлари орасида дов-дастгоҳини ҳаммадан бурун йиғиштирди, раҳматли... Орадан кўпам ўтмади – аввал Жўрабек, сўнг Фахриддин, сўнгра Мирсидиқ равона бўлишди қайтмас манзилларга... Уларни кўз ўнгига келтирса, ҳазил-мутойибаларга тўла болалик кезлари ёдига тушади... «Гўдак бола бўлса керак» деди ўзича ён-верида эшитилаётган овозларга қулоқ тутиб.

– Жарчилар иғлон қилишса, яхшилар кўп – дарров топиб келишади, – деди мўйсафид киши.

– Бе-е, шу тумонат орасида бегона болани етаклаб юриш кимга зарил!

– Битта-яримта диёнатли инсон топилишга топилади-я, илло, унинг ўзини ўғрига чиқариб, қонига ташна қилишгани чатоқ-да!

– Бозорда бола ўғриси кўпайибди!

– Ё, алҳазар!.. Болани ўғирлаб нима қилади?!

– Нима қиларди – паққос қозонга босади! – ҳиринглади сўлоқмондай амаки.

Фозилбек издиҳом орасида туртиниб-суртиниб бораётганига қарамай, қулоғига чалинаётган ваҳимали ва бир-биридан совуқ миш-мишларга диққат қилди. «Битта-яримта диёнатли инсон топилишга топилади-я!..» – Фозилбек қулоғига қадалган ушбу жумлани маҳкам тутиб олди: «Битта-яримта диёнатли инсон... топилишга топилади-я!..» Атрофида эса тумонат, танга сочсанг, ерга тушмайди...

Шунча оломон орасида бирортаси адашиб-нетиб кетиши ҳеч гап эмасми?.. Осмондан эллик-олтмиш Фозилбек тушиб, қўшилиб кетса-чи?.. Ундаям фарқи йўқми?.. Шу ерда юрган, қаёқларгадир ошиқаётган, не-не орзу-хаёлларда туртиниб-суртиниб бораётган одамларнинг бор ё йўқлиги бозор учун билинмайдими?..

– Одам йўқолибди!..

– Ўлмаса топилар...

– Намунча, одам қаҳатми?!

Бозорда одам қаҳат бўлмаган. Мана шу нусхалар туғилмаганида ҳам, мабодо осмондан олтмишта, олтмиш милёнталаб фозилбеклар тушмаганида ҳам бозор кимсасиз қолмасди. Кимнинг калласида не хаёлу бу ёқда... Фозилбек ҳам туғилмаслиги жуда-жуда мумкин эди...

Туғилмасликка жон-дилидан рози эди, у бу ҳақда ўйлагани ўйлаган. Кўнглининг бир чеккасида бу ўйларининг бемаънилигини тан олса-да, ҳукми қатъий – ҳар бир инсон онасидан туғилмай қолиш эҳтимолини бошдан кечиради! Туғилган тадирида ҳам... аммо-лекин Фозилбекнинг ҳукми билан ҳеч кимнинг сариқ чақалик иши йўқ! Унинг ўзи ҳам туғилиш ҳукмига қарши ҳеч нарса қила олмайди, чунки бошини қай деворга урмасин, икки оёғини бир этикка тиқиб олмасин, у туғилган, туғилгану шу бозорнинг қоқ ўртасига тўп этиб тушган, вассалом!..

Мана, тупроқдан ташқарида кунни кунга, йилни йилга тасбеҳ доналаридай териб юрибди. Ўйлагани ўйлаган. «Аслида шарт эмасди, бу тиним билмас чархи кажрафтор учун шунча одам каммиди?!» дея шаккок мулоҳазалар юритишдан толмайди. Туғилди нимаю туғилмади нима?.. Туғилмаган тақдирда башариятнинг бирон мўйи камайиб қолмас эди. Туғилиб, вояга етиб, одамбашара бўлиб юрибди – бундан башариятнинг бирон туки ортиб кетгани ҳам йўқ. Ундай деса, яшашдан на ҳожат, дея дунёдан безгувчилар кўпайиб кетса, бу ёруғ оламнинг аҳволи не кечади? Бу ёруғ дунё кимга қолади?.. – Фозилбекнинг кулгиси қистади ва атрофга – туртиниб-суртиниб ўтаётган, алдаб-алданаётган, олди-сотдидан бўлак ташвиши қолмаётган оломонга назар ташлади, бош чайқади, хаёлида ғужғон ўйнаётган мулоҳазалари билан кўз ўнгидаги манзарани беихтиёр чоғиштиришга уринди... «Одам йўқолди!.. Одам йўқолибди!..» Камайдими?.. Тумонат сийраклашгани сезилмаяптими?! Мен ҳам йўқоламан, ке-етаман-қоламан... бошим оққанича, оёғим етганича бадар кетаман. Бу издиҳом енгил нафас оладими ўшанда?..

Одам Ато... уни туфроқдин яратиб, «Бўл!» деди. Шул замон ул жонли одамга айланди... Фозилбекда не гуноҳ?! Орадан икки юз йил ўтди, Одам икки юз йил йиғлади... «Икки юз йил эмиш, – мийиғида кулди Фозилбек, – ҳозиргача йиғлайди-ю!.. Йиғламаган жон борми?.. Турқи совуқ тимсоҳ ҳам йиғлайди... Одам ҳам йиғлаб ўтади дунёдан, қиёматгача йиғлайди, бир кун кулиш илинжида ҳафталаб, ойлаб йиғлайди»... Хуллас, Одам Ҳовванинг дийдорига етишиш орзусида икки юз йил йиғлади, йиғлай-йиғлай дийдорига етди, Ҳовва ундин юклиғ бўлди, сўнг... сўнгра Одамнинг уруғи қирқ минг бандга етди. Етди-ю, кетганча-ке-е-етди: туғилаверди, туғилаверди. «Ҳой, эсингни йиғ!» дейдиган ақли тўкис кимса топилмади – изн қўлдан чиқди. Изн ихтиёрдан кетгач... мана, оқибати!.. Бу улуғ ва адоқсиз қисмат занжирини­нг бир ҳалқаси вазифасини ўташ Фозилбекнинг ҳам манглайига битилган экан, ота омонатидан она қароргоҳига кўчди-ю, вужудга айланди, вужуд шакл-шамойили тугал инсон қиёфасига етгач эса – келди...

У шаккоклик дарёларига ғарқ этувчи ихтиёрсиз хаёллардан асраниш чорасини тополмас, аксинча бундай тизгинсиз ўйлар гирдобига ғарқ бўлган онлари руҳи енгиллашаётгандек, зеро, фикрлаш қайсидир гуноҳлари учун астойдил тавбалар ўрнига ўтаётгандек туюлар, туюлгани сайин эмин-эркин ўй-хаёллари баттар шаталоқ отар эди.

«Келмаслигим мумкин эди-ку!..» Раҳматли онасининг қорнида у эмас, қиздир-ўғилдир – мутлақо бошқа одам вужудга келиши ҳеч гап эмас эди – йўқ, Фозилбек туғилди! «Она, мени туғишингиз шартмиди?» деб сўрар эди у онаси ҳаёт бўлганида. Ҳаёт – йўқликдан мавжудлик сари интилувчи қувват, зеро, у йўқдан пайдо бўлди, пайдо бўлган лаҳзаданоқ интилувчан қувватга, қувват соат сайин-кун сайин катталашиб, Фозилбекка айланди... Ҳар умрнинг ҳикматию ғурбати шунда!..

Ким билсин, ана ўшанда қувват интилишдан тўхтаганида Фозилбек исмли банда бу оломону издиҳом орасида сарсону саргардон дайдиб, бош қотириб юрмас эди. Онаси ҳам кимсан Қосимбек бозорбошининг эрка ва бойвучча маҳбубаси бўлиб яйраб-яшнаб, давру даврон сураётган, тўй-томошаю орзу-ҳавас мавжларида эмин-эркин умр кечираётган бўлур эди. «Шартмиди, мани туғишингиз, она?» деб муштипар онажонини ҳоли-жонига қўймай... афсус, бу саволни бериш Фозилбекка насиб этмади, Фозилбек учун онасидан ҳайҳотдай жумбоқ мерос қолди, жумбоқ. Ҳа-да, ёруғ дунёга одам зарур экан, марҳамат қилиб туғилдим, одам камлик қилаётган экан, менинг ҳисобимга кўпайди, лекин онамнинг ширин жони эвазига келишдан муддао нима?! Фозилбек бу қаттол саволнинг жавобини топишга умид­вор, жавоб эса йўқ. Ахир, онаизорининг жони ўрнига – «Одам йўқолди, яхшилар!» – Фозилбек исмли қувват интилувчан ҳаракатдан тўхтаса адолатлироқ эмасмиди? Ёхуд онаси ҳам яшаса, ўзи, бошқалар – Абдушукур, Абдуҳафиз, Абдуғаффор тоғалар, Ҳалима, Салима, Сафура холалар, Абдулҳай, Абдурауф, Абдуманнон, Абдували, Абдуфаттоҳ амакилар, уларнинг бевақтдан-бевақт ўтиб кетган ўғил-қизлари Тўхтабек, Тошпўлат, Баҳодир... Мас­тура билан Мактуба-чи?.. Шуҳрат-чи?.. Яна... эҳ-ҳе-е, саноғига етиб бўлармикан, уларнинг?! Барча-барчалари дарахтга айланиб улгурди, патила-патила илдизлари ерга чирмашди, тарвақайлаб кўкка чўзилган шохлари ҳар силкинганида қора-қура қарғалар гурра-гурра кўтарилиб, осмонда чарх уриб-чархпалак ясаб учади... Фозилбекка қолса, бу нолакор дарахтларнинг барчасига жон бахш этади-я, илло, ота-онаси, амакисию амма-холаси ўлмаган ким бор? Тирик жон борки, қатор-қатор, ўйнаб-ўйнаб, ўйлаб-ўйлаб, сўйлаб-сўйлаб, бир-бирига раҳмат айтиб, лаънат айтиб... мунчоқ каби тизилишиб, бехос-бехос узилишиб, саф-саф бўлиб, ўтиб-ўтиб бораверади-бораверади...

– Тери оламан! Қўй териси!..

– Мен ямаб бераман!..

– Мен бетингга қоплаб бераман!..

Фозилбек фикран хаёл оқимига, жисман оломон оқимига қўшилди. Қандай қилиб темир панжарали баланд дарвоза рўпарасига бориб қолганини билмади, издиҳом зичлашиб орқадан босим кучайганига қарамай олдинга силжишнинг иложи қолмади, Фозилбек алмисоқдан мерос бу панжарали дарвоза яқин йилларда очилмаганини, шундан, дарвоза томон адоғи берк кўчага айланганини эслади. Тек қотган тирбанд оломоннинг, ўтаётган-кетаётганларнинг кўзи дарвозанинг хийла юқорисига елимланган шапалоқдек қоғозда, ундаги ажи-бужи ёзувни ўқишда эди. Семиз юзли, новча эркак кишининг кўзи ўткир экан, дўриллаб варақдаги ёзувни ҳижжалади:

– Ха-ло-йиқ! Ўр-та бўй, қадди бук-чай-ган қа-рия йў-қолди.

Одатда, бозорда ёш болалар йўқолгувчи эди, тўғрироғи, отаси ё онаси етовида юрган гўдаклар тиқилинчда адашиб-нетади. Кекса одамнинг йўқолганини Фозилбек эслолмади.

– Кўрмадим, эшитмадим, билмадим!..

Фозилбек баланд бўйли, калласи катта, сийрак мош-гуруч сочи орқага силлиқ таралган, қуюқ қошли, беҳад озода кийинган зиёлинамо мўйсафидга ҳайрон бўлиб қаради. Мўйсафид тумшуғидан илинган ўғридек ранги қув ўчган, онасининг жазосидан қочиб, эшик ортига биқинган бўз бола сингари оёқларини жуфтлаб, қўлларини чотининг орасига босганича шамдек қотган, тинмай кўзини пирпиратар эди. Унинг нима деяётганини Фозилбек ҳам, бошқалар ҳам дабдурустдан англамадилар. Семиз юзли кишининг дўриллаши халойиқнинг диққатини яна ўзига қаратди:

– Бош я-ланг, эгни-да у-узун қора бахмал чакмон, оёғи-да ғарчли ка-вуш. Ис-ми В-вон Су-у! Ёши...

– Исми нимайкан? – луқма ташлади кимдир бетоқатланиб.

– Вон Суу! – деди унга жавобан бошқаси.

– Жиминглар, охиригача эшитайлик! – деди яна кимдир. – Кўрган-нетганлар бордир, ахир?!

– Кўрмадим, эшитмадим, билмадим-м!..

Зиёлибашара басавлат мўйсафид қўли кечагина ҳалолланган тўйболадек бўйрасимон тўқилган сарғимтир шляпаси билан икки қўллаб қорнидан пастроқни паналаб тутиб олган, кенг пешонасида ҳосил бўлаётган зера-зера тер томчилари узун юзидаги ажин ариқчаларидан даҳани томон қувалашиб оқиб тушар, афтидан бояги таҳликаси чандон ошган, қочар жойи қолмаган киссавурдек қути ўчган эди.

– Э, биров сиззи айблавоттими?! – жеркиб ташлади ўрта ёшлардаги деҳқонбашара киши.

– Машинақа қуёнюракларнинг бўйнига илиб юборавериш керак, ўзи!..

Зиёлинамо мўйсафиднинг эсхонаси чиқди, шўрлик, башанг кийинган, тилла тишлари ярқираган олифта йигитнинг безбетларча дағдағасини эшитиб, азбаройи тиззалари букилиб кетди ва титраб-қақшаб жуфтакни ростлади. Семиз юзли эркак ўқишдан қолмади:

– Ёши саксон икки-да-а!..

Тўнғич поччаси Ҳожибой кўнчи дом-дараксиз кетганида эллик иккида эди... Ёмғир эзиб, шивалаб ёғаётган, ер пилч-пилч лой. Фозилбек иттифоқо Зумрад опасиникига кирди-ю, жанжалнинг устидан чиқди. У опасининг ҳовлисига чақирмай-нетмай кириб бораверишга одатланганди, ойнаванд равонга яқинлашганида поччаси опасининг сочидан чангаллаб-юлқаб дўппослаётганига кўзи тушди. Фозилбек поччасининг анчайин «ичимдагини топ» хилидан, ҳатто писмиққина эканини биларди-ю, бу қадар... у кўзларига ишонмади, «Опам бу қадар жазога лойиқ не гуноҳ иш қилдийкин?!» деган таҳликали савол кўнглини чўғдай куйдириб ўтди. Ҳожибой кўнчи қўққисдан пайдо бўлган қайнисини пайқамади чоғи, яланг оёғи билан хотинининг қорнига тепди, опаси букчайиб инграб юборди. Фозилбек ўзини йўқотиб қўйди, икки ҳатлаб равонга чиқди ва аччиқ устида поччасининг жағига мушт туширди. Ҳожибой кўнчи латтадан ясалган жонсиз танадек учиб бориб, сим каравотнинг остига узала тушди.

Қандай ҳодиса юз берганини Фозилбек шундан ке­йингина англади, фаҳмлади-ю, равондан ўқдай отилиб қайтиб чиқди, сочлари тўзғиган, чиройли юзи қонталашган опаси кавушандоз эшигини тақа-тақ зичлаб, укасининг йўлини тўсди.

– Отамга айта кўрма! – деб худонинг зорини қилиб ёлборишга тушди.

Фозилбек еб юборгудай важоҳатда опасига ўқрайди.

– Нима бўлди? Нега урди?! – деди у ҳамон «айб опамда» деган хаёлда.

– Доим шу!.. Ичди дегунча калтаклайди, – опасининг кўзида ёш қолмаганди, лекин у йиғлаётган, йиғи аралаш зорланаётган, зорланиш аралаш ёлбораётган эди. Ҳиқиллади: – Дамим ичимда, кимга айтаман, ука?!

Зумрад уввос солиб юбормаслик учун кафтининг қиррасини оғзига тиқди, тишлади. Фозилбек опасининг бармоқларида янгигина қотиб қолган қон изларини кўриб, сесканиб тушди. «Онамнинг бармоқлари бу!» деб юборди, ҳў, аллазамонда ўлиб кетган онаизорининг бармоқлари зирқираётганини аниқ-тиниқ кўнгли сезди, йиғлаб юборай деди, опасининг қўлларини, бармоқларини ялаб-юлқаб, айланиб-ўргилиб кўзларига суртгиси келди-ю, Зумрад айтган «янгилик»ни эшитиб баданига титроқ югурди.

– Бир оғиз айтмайсизми! – ҳамон ҳовуридан тушмай жеркиди у, аламидан инграгудай афти бужмайиб.

– Асли онам раҳматли рози бўлмагандилар, шунга... – пиқиллади опаси.

Ана холос... Раҳматли онамиз рози бўлмаган, опамнинг ўзи норози, Ҳоживой кўнчининг ҳам кўнгли йўқдир, ҳойнаҳой?.. У ҳолда кимга керак бу оила? Оилами ўзи, бу?! Ё, худо розимикан шу оиладан?.. Опаси билан поччасидан туғилган икки қиз, бир ўғил қисматига худо пошшоми?.. Нега энди ҳамма қилғиликни қилиб қўйиб, буёғини худога ташлаб қўямиз?.. Бир касофатга йўлиқсак, худодан кўрамиз, тақдири азалга ағдарамиз...

«Дамим ичимда» деди опаси, демак, бир умр ич-этини еб, кемириб яшайди, не боислардан шу эрга рўпара келганини тушуниб-тушунмай ўтади дунёдан... Яна қанчадан-қанча аёллар, қанчадан-қанча эркакларнинг дами ичидайкин?!

Фозилбек йўлакка чиқди-ю, бошини хам қилганича туриб қолди, шу аснода ёнгинасидан ўтаётиб оёғи чалишиб кетган поччасига ачинди.

– Тағин ичиб келади, – деди опаси ундан нажот кутиб.

Фозилбек опасига ўқрайди-ю, индамади, тилини тиймаганида опасини жеркиб ташлаши, «Шу пайтгача сир сақладингизми, ўзингиздан кўринг, бу ёғига ҳам чидайсиз!» деб зардасини тўкиши муқаррар эди.

Ҳовлига чиқди. Осмон тунд, ёмғир эзиб-шиғалаб ёғар, ер билч-билч лой, қўш туп гулсафсар ёнида энгагини муштларига қўйганича чўнқайиб ўтирган Ҳожибой кўнчи тақир бош, ор-риқ бетини қоплаган тикансимон соқоли қиртишланмаган, уст-бошига ёғаётган ёмғирга эътиборсиз, бир нуқтадан кўз узмай ўтирар, шу ўтиришида умрида ичкиликни оғзига олмаган, безиён, паж­мурда, ювош ва ичи ғам-ғуссаю армонларга тўла бечорага ўхшади. Ўшанда у эллик иккида эди...

Бари оилага кўнгилсизлик оқибати. Кўнгил йўғу, ташлаб кетолмайди. Қаёққа кетади? Кимсан Қосимбек бозорбошининг куёви бўлса! Бола-чақа орттириб қўйган бўлса! Бола-чақасини ташлаб кетибди, деган маломатни кўтаролмаса!..

Шу-унча ғавғони уйлангунига қадар ўйласа бўлмасмиди?! Энди ўлгунича чидайди, чидаса – олам гулис­тон!.. Бундан фақат ўлиб қутулади...

Фозилбек хаёлини тиғипарронга солаётган тахминларига нечоғлик асос бор-йўқлиги ҳақида ўзига ҳисоб бергиси келмади, балки дам опаси, дам Ҳожибой поччасини кўз ўнгидан ўтказиб, уларнинг мисолида донишона ҳукмига якун ясади: беваждан бесабаб жанжалдан боши чиқмайдиган эр-хотинлар кўнгил қурмағурнинг аллақаерларида тошдек оғир тугун яшириниб ётганини очиқ тан олмайдилар-да, йўқ ерлардан баҳоналар излайдилар, сабаблар топса-топадиларки, «Хотинимга ёхуд... эримга кўнглим йўқ!» деган иқрорни тилга кўчирмайдилар. Бир оғиз шу гапни айтишга журъат тополмай, ичларидан зил кетиб, заҳар-заққум ютиб ўтаверадилар. Бу каби оилалар дунёнинг энг хилват ва ташландиқ манзилига айланади... Оила бошига бундай кунлар тушмаслиги учун эса... чинакам Муносибхонларни топиш, муносиби топилмаса... уйланишга ошиқмаслик...

– Ёш бола йўқолади, саксон икки ёшли қария ҳам ба­мисоли гўдак, йўқолиши мумкин, – деди Фозилбек ёнида тиқилишиб турган нотаниш ўспириннинг афтига қарамай. Деди-ю, фикрининг давомини ичига ютди: «Эллик икки ёшли эркак йўқолмайди. У оиласидан бош олиб кетиши мумкин...»

Фозилбекнинг тахмини кўп ўтмай тасдиқланди – Ҳожибой кўнчи дом-дараксиз кетди. Буни опасига очиқ айтди.

– Опа, кўнчингиз йўқолмаган, кетган, тушуняпсизми, бу оилада ортиқ яшай олмаслигини билиб, бош олиб кетди, – деди.

– Мен у кишига ёмонлик қилмаган бўлсам?..

– Гап ёмонлик қилишда эма-ас, опа, тушунинг...

Опаси гапни уқмади, уқмагани етмагандай, «Вой, бегим»лаб йиғлагани Фозилбекка нашъа қилди. Қосимбек куёвини топиш илинжида қанча одам ёллади орқаворатдан, казо-казоларни ишга солди – амали унмади. Ҳозир йўқолган одамлар астойдил суриштирилса, Чойхона орқали топилади, дейишади, поччаси йўқолган замонларда бунақа Чойхоналар расм бўлмаган...

Хуллас, Ҳожибой кўнчи на ердан, на кўкдан топилди. Дунёнинг мири камаймади... «Кўнчи тўғри қилди» деди Фозилбек ўзича, лекин бу фикрини ҳеч ерда тилига кўчирмади.

Поччанинг йўқолмагани, балки бош олиб бадар кетгани етти йилдан кейин тасдиқланди – Ҳожибой кўнчининг хастахонада жон таслим қилгани ҳақида хабар келди.

Тиригида йўқолган одам ўлганида топилди.

Опаси аза очди, «Вой, меҳрибоним!»лаб етти маҳаллага бўзламаса-да, барча расм-русумини адо этиб, уч қоракўзининг отасини тупроққа қўйди... Фозилбек янги ҳосил бўлган дўнгликка қабр шаклини бериб тупроқ тортаётган гўрковнинг чириб, увадаси чиққан кўйлагидан ноёб ҳикмат топмоқчидек анчагача кўз узмади... Тунд осмон, зах ҳаво, ёмғир эзиб-шиғалаб ёғмоқда, ер пилч-пилч лой, қўш туп гулсафсар ёнида тақирбош, соқоли ўсиқ, қоқ суяк Ҳожибой поччаси пажмурда гавдасини обкашдай эгиб қон туплаб, чўнқайиб ўтирибди. Маъюс, беозор, кимсасиз... Ўзига муносиб аёлни топганмикан?.. Ё шу ҳасратда ўтдими, шўрлик?..

Ўшанда катталар Ҳожибой кўнчини топиш учун астойдил чопарлар ёллашмади, жилла қурса, бозорбошининг шаънига иснод, деган андишада манавиндақа эълонлар ҳам илишмади...

– Ола-а, саксон бешни уриб қўйган одамга шунча ғалвами?!

Фозилбек бир неча одамни четлаб-оралаб дарвоза томон интилди-ю, ортиқ силжий олмади, лекин ҳар қалай, эълондаги ёзувга кўзи ўтадиган масофага етди. Ўқиди:

– Бармоғида қалин тилла узуги бор. Кимда-ким учратгудай бўлса...

Фозилбек ўзи учун овозини пастлатиб ўқиётганига қарамай, унга қулоқ солаётганлар кўпчилик экан, улардан бири хахолаб кулиб юборди.

– Гап бу ёқда экан-да! – деди ўша одам тўдадан ажраб чиқишга уриниб.

– Бўлмаса-чи, окоси! Тилло узуги демаса кампиршонинг ўзи кимга керак?!

Издиҳом орасида кимдир йиғлаб юборди. Фозилбек атрофига аланглаб ўша одамни излади, излаётиб ўзидан икки одим нарида паст бўйли, елкаси дўнг, юзи-манг­лайини тарам-тарам ажин қоплаган кекса... «Чолми, кампирми?» деган ўй кечди хаёлидан. «На эркак, на аёлга ўхшайди!.. Қадди дол, бошяланг, бетини...» Фозилбек беҳад таажжубда эълонга қайта кўз югуртирди. – Бетидаги ажинни ёзмабди, «Вон Суу» деган, холос... Вон Суу – эркакми-аёлми, ўзи?.. Ўқимаганлар!.. – Ғудранди Фозилбек, таъби тирриқ бўлиб. Атрофга аланглади. Ҳамманинг кўзи эълонда... Узоқдан, «Кўрмадим, эшитмадим, билмадим!» деган таниш овоз элас-элас қулоғига чалинди. Фозилбек рўпарасида ўзига илжайиб қараб турган кимсага разм солди. «Вон Суу – мана шу!» деган ўй кечди кўнглидан. Худди ўзи!.. Фозилбек қариянинг юпқа ва униққан ёмғирпўши остидан туртиб чиққан букри елкаларига, яноқ ва жағ суякларию уларни қоп­лаган салқи афтига, ич-ичига ботган бит кўзларига, ко­совдай қорайган қоқ суяк билагига, бармоқларига, ҳатто.. кўксига кўз қирини ташлади – қариб-чуриган тақдирда ҳам аёллик аломати сезилади-ку!.. Фозилбек ҳарчанд нигоҳини югуртирмасин, уриниши беҳуда кетди, ноилож, бошини хиёл энгаштириб, гап қотди:

– Бозорга тушибсиз-да.. Б... б... – у на «бобожон», на «бувижон» деярини билмай тилини тишлади. Рўпарасидаги қария ҳамон тиржайганича, кутилмаганда тетик ва бардам товушда тилга кирди:

– Бу ерларда юриш жонимга тегди. Хўп юрдим, ўлгудай зерикдим, кетар чоғим етди-я, ҳаҳ-ҳ!..

– Нега зерикасиз, қандай қилиб?

Фозилбек бир қатор саволни қалаштириб ташламоқчи эди, бирдан, «Отам зериккан!» деган фикр тунда учган юлдуздай кўнглининг бир чеккасини ёритиб ўтди. «Ҳойнаҳой, отам ҳам бир ёқларга бош олиб жўнаш ниятидадирлар? Уйга қамалиб... шунинг ўзи йўқолишдир, балки?.. «Ичим бўм-бўш» дебдилар... Қирқ йил бозорга катталик қилган, егани – олдида, емагани – ортида бўлган одамнинг ҳам ичи ҳувиллаб қолиши мумкин экан-да!.. Одамнинг ичи бойлигу буюм билан тўлмас экан-да?.. Ичи кимсасиз биёбондек ҳувиллаб қолган одам бозордан, бозорда орттирганларидан-да бошқачароқ яна нимагадир муҳтожлик сезар экан-да!.. Қаёққа бош уради у, кимдан, нимадан топади тасаллини?.. Наҳотки, Диёрбекнинг бир оғиз ўйловсиз гапи шу қадар оғир ботган бўлса?.. Ёхуд акаси айтмоқчи, отаси бозорни эпақага соладиган амал, чора изламаяптимикан? Ёхуд... ким билсин, ер остида ғимирлаган илонни биладиган Қосимбек эл-улуснинг пароканда аҳвол-руҳиясини кўриб гангиб қолгандир?.. Шу аснода ҳарчанд чиранмасин, бозорни изга солиб бўлмаслигини англаб етгандир?.. Бозор жонга текканда... кўз очиб кўрган аёлининг дийдорини қўмсаётгандир?..

Қўмсаш унда бурч туйғусини уйғотган, бозордан топ­маган тасаллини отаси кенжасини уйлантириш эвазига топмоқчи... зеро, тирик бандаси учун ўтганларнинг руҳини шод қилишдан кўра улуғроқ тасалли йўқ дунёда. Айниқса, ёруғ дунё ташвишлари олдида ўз ожизлигини тан олган банданинг охиратга ишқи ортади...

– Тери борми?

– Қўй терисини оламан!..

– Олаверинг. Афтингизга ўзим тортиб бераман...

– Бошингга соламан!..

– Бетингга тери қоплаб олсанг, бундан оғирроқ гап­ларга ҳам пинагингни бузмай юраверасан!..

– Топган шакарингни еяверасан!..

– Хижолат нимайканини унутасан!..

Шу пайт талотўп аралаш ур-йиқит қўпди. Фозилбек муштлашув бошланди деган хавотирда нима қиларини билмай қолди, ёнида турган қария, «Тери келди» деб уни тинчлантирди. «Қандай тери?» деб сўрашга оғиз жуфтлаб улгурмай, дарҳақиқат, издиҳом орасида муштлашув эмас, алланиманинг талашуви забтига олди. Зумда давра ҳосил бўлди, бир аёл кўтариб келган қўй терисини икки-уч шоввоз ерга тўшаб нархини чиқаришга киришиб кетди. Қаердандир пайдо бўлган бир гала қора қарға кимошди савдосини қизитган терифуруш йигитлардан бирининг бошига қўниб, қулоғини чўқилашга тушди. Ерга тўшалган терининг савдосини пишириш кўйидаги терифуруш йигит буни пайқамади.

– Намунча терини талашмаса? – деб ҳайронлигини яширмай қизиқди Фозилбек.

– Мўмай даромад қолади, – деди кимдир.

Қария ҳиринглаб кулди.

– Даромадидан ҳам кўра, бозорда бетига тери тортганларнинг ошиғи олчи! Бозор ўшаларники бўлиб
қол­ди-е!..

«Бозорга мослашиш учун бетига тери қоплаши керак экан-да, одам», деди ўзича Фозилбек ва хаёлан кашф қилган ихтиросини дилига тугиб, қулоғини қариянинг оғзига тутди, шунда унинг ёмғирпўши остидан кийган қора бахмал камзулида аллазамонлар кўп болали оналарга бериладиган қатор-қатор нишонларни эслатувчи тақинчоқларга кўзи тушди. «Кампир!» деб юборди саноқли дақиқалар ичидаги иккинчи кашфиётидан севиниб.

– Аллақачон жўнаб қолардиму, дарвозани очиб беришмаяпти-да, яшшамагурлар!

– Қайси дарвозани? – астойдил ҳайрон бўлиб сўради Фозилбек.

– Анавини! – деб қўлини чўзиб кўрсатди кампир темир панжарали дарвозани.

– Мен очиб бераман, ўзим ёрдамлашаман, – деди Фозилбек куюнчаклик билан.

– Сенми?.. – Кампир рўпарасидаги йигитга ишонқирамай анграйди-да, бирдан авзойи ўзгарди. – Аллақачон жўнаб кетардиму, буёқда юмуш кўпайиб кетди-я!

– Қанақа юмуш? – Фозилбек сўради-ю, ичида «Тайини борми, ўзи!» деб қўйди.

– Юмушларнинг юмуши-я, ҳаҳ!..

– Айтинг, қандай юм... – Фозилбек кампирнинг кўзида шумлик аломатини пайқаб, жим бўлди.

Кампир ўргимчак уясидай тарам-тарам ажин қоплаган қоп-қора башарасини Фозилбекнинг бетига яқинлаштириш мақсадида оёғининг учига туриб қаддини чўзди, кафтининг сирти билан кемшик оғзини паналади-да, аччиқ алам аралаш шивирлади. Шивирлади-ю, унинг сўзини англаб бўлмади, кампир ўқчиди, йўталди, томоқ қирди. Афти баттар бужмайди.

7

Ўйлаб кўрса, янги туғилган дақиқаларида у ҳам арзандалик гаштини сурган экан. Кенг ва мутлақо ёт бўшлиқни бошига кўтариб «инга»лаётиб нафас ололмай қолганида кимдир думбачасига авайлаб шапатилаган, шунда у яна овозининг борича чириллаб-тантиқланиб гиряни авж пардаларга кўтарган, момиққина думбачасини эркалаб сийпалашгани ёқиб қолган шекилли, яна нафаси ичига тушиб кетган – яна ёнбошига устма-уст шапатилашган, у яна кенг, ёруғ хонани бошига кўтариб «инга»лаган, шунда, нимадир бўлди-ю, у дафъатан ўз товушига қулоқ солгиси келди: қандай қилиб йиғлаяпти, овози нечун бу тахлит пастлашиб-баландлашяпти, нима истаб йиғлаяпти, нега уни йиғлатишяпти... Ахир, у илгари – сув зирҳи орасида ётиб сира товуш чиқармаган эди, ҳеч кимса уни шапатиламаган, кўзи бундайин ёруғдан қамашмаган ҳам, фақат... фақат Фозилбек боя бўйнидан-ҳиқилдоғидан бўшалган муздай ва узун тасма энди белига чирмашганини, тепасида гирдикапалак бўлаётганлар ҳарчанд уринмасин, шилимшиқ тасма унинг баданидан ажрагиси келмаётганини пайқади, пайқади-ю хийлагина тик йўлдан қадами тобора жадаллашиб бораётганини, эниб боргани сайин белидаги тасма сириб боғланган қайишдек тортилаётганини сезди – у мушкул аҳволда қолди – йиғисига қулоқ солишни унутгани майли-я, беҳад нишаб йўлда туриб қолганига, шу боис истайдими-йўқми, шу йўлдан пастга энишга маҳкумлигига, бу ёқда тасма таранглашиб, ҳатто чўзила бошлаганига тушунолмади, мудроқ ва уйқусираган бир алфозда кўз ўнгида ям-яшил ҳошияли белбоғ тусига кираётган тасмани силтаб, тортиб юборди.

– Во-оҳ-ҳ! – деди кимдир инграб. Овоз жуда-жуда таниш, шундан бўлса керак, унинг мурғак вужуди ёмон ўртанди ва қандай бўлмасин, ўзини тўхтатиб қолиш илинжида бошини орқага бурди-ю... ям-яшил ҳошияли узун тасманинг бир учи сандиқсимон кўкиш қути қиррасига илинганини кўрди. Ёнбошига ажабтовур нақшинкор ёзув туширилган қути кўринишдан қоғоз қушдай енгилга ўхшади, шунинг учунми, у бир силтов билан белбоғни илинган жойидан бўшатиб олмоққа уринди-ю, бари аксига олди – у белбоғни силтаб тортган замони вужудига югурган қақшатқич оғриқнинг зўридан қадам босолмади, уни ўчди, минг бир уқубатда мадорини жамлаб, кўкиш қути томон талпинди:

– Оёғимни эзиб юбординг, Фозилбегим!.. – деган дардли ва мажолсизлик билан айтилган нола аниқ-равшан қулоғига чалинди.

У ўзининг фозиллигини дарҳол фаҳмламади, не сабабдан унга Фозилбек исми раво кўрилганини, унинг шахси камолига фозилликнинг нечоғлик дахли борлигини ҳам билмади. Ўша тобда бу исмнинг мағзини чақиш билан овора бўладиган аҳволда эмасди, балки, «Оёғимни эзиб юбординг!» деган нолишдан юраги қаттиқ увишди ва шошилинч чора истаб, оёғининг остига қаради. Қараган замони беҳад ҳолсизланди, ранги докадек оқарган аёлнинг сўлим чеҳрасида ҳаёт аломати сўниб бораётганига кўзи тушди, сапчиб ўзини орқага тортди. Чорасизлик аралаш хижолатдан ичига ўт тушди, азбаройи
ён­иб кетаёзди, суяб турғазиш умидида аёлнинг тепасига энгашди, энгаша туриб нигоҳлар тўқнашди: муштипар аёлнинг нурсиз боқишларида қотган дард ва иложсизлик остидан сўнгсиз бир мамнуният, шукроналик аломати балқиб турарди. Фозилбекни ана шу мамнуният ва шукроналик шарпаси чалғитди. Устига-устак, аёл лабларини элас-элас қимирлатиб пичирлади:

– Боравер, қўзим... Мен рози... Бошинг тошдан бў...син, илойим, Фозил...

...