Уйимиз жаннатга айлансин
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Уйимиз жаннатга айлансин

Уйимиз
жаннатга
айлансин

АХМЕТ БУЛУТ
АХМЕТ АКИН

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

Бизни йўқдан бор қилган, Ўзининг борлигидан бизларни хабардор қилган, қуллик ила бизларни шарафлантирган, бизни борлиқдаги энг шарафли мавжудот қилиб яратган ва башариятнинг энг шарафли вакилига уммат айлаган Зотга ҳамдлар бўлсин.

Алҳамдулиллаҳи Раббил аъламийн...

Бизга ҳар ҳолати ила гўзал ўрнак бўлган, бизни биздан кўра кўпроқ яхши кўрган, ҳар дам бизларга мағфират тилаган, энг улуғ шафоатини умматининг энг катта гуноҳкорларига олиб қўйган, «Мени Раббим тарбия қилди ва тарбиямни қандай ҳам гўзал қилди», дея марҳамат қилган Расулуллоҳ (с.а.в.)га саловатлар бўлсин.

Рабб ўлароқ Аллоҳдан, дин ўлароқ исломдан ва пайғамбар ўлароқ Муҳаммад алайҳиссаломдан рози бўлганларга саломлар бўлсин.

(Эй Раббимиз!) Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз. Бизларни ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш – тўғри йўлга йўллагайсан. (Фотиҳа сураси, 5 - 7-оятлар)

«Парвардигоро, Ўзинг бизларга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан шод-хуррамлик ҳадя этгин ва бизларни тақводорларга пешво қилгин». (Фурқон сураси, 74-оят)

Омийн...

Сўзбоши

Барчамиз қанчадан-қанча хаёллар билан умид ва дуолар ила оила қурамиз. Тинч-хотиржам ва бахтиёр оиламиз бўлишини истаймиз. Умр бўйи ҳузур-ҳаловатда яшасак, деймиз. Фарзандларимиз бўлсин. Ёши улуғларимизнинг дуоларини олайлик. Шу тариқа уйимиз дунёдаги жаннатимизга айлансин.

Бироқ сўнгги пайтларда минг хил орзулар ва машаққат билан қурилаётган оилаларимиз қисқа фурсатда парокандаликка юз тутмоқда. Сўнгги қалъамиз – бу оиламиз, аммо у ҳар куни зарбага учраяпти. Ҳар куни ўнлаб эр-хотинлар ажрашишмоқда, болаларнинг кўзида ёш, бўйни букилган, ота-оналарнинг тинчи бузилиб, беморликка мубтало бўлишмоқда.

Савол туғилади: энг мустаҳкам қўрғонимиз қандай қилиб бу ҳолга келиб қолди? Кимлар бу борада қандай ҳаракат қилди? Биз устимизда ўйналган ўйинларни пайқай олдикми, йўқса, ҳали ҳам ғафлат уйқусидамизми?

Мана шу муаммолар устида бош қотирган, уммат ва миллат дарди билан ёнган бир тарихчимиз газетадаги мақоласида масалани қуйидагича мухтасар баён қилган эди:

«XVIII асрда яшаган швецариялик оила ҳуқуқи мутахассиси профессор Гастон Жез турк оила ҳуқуқини тадқиқ қилган мақоласининг сўнгида шундай деган:

«Мен ғарблик оила ҳуқуқи мутахассиси сифатида шуни айтаманки, турк халқининг қўлидан оила низомини олиб қўйсангиз, орқада арзирли бирор нарса қолмайди. Усмонийларнинг оилавий ҳаётидаги гўзаллик, хушмуомалалик ва самимият бошқа бирор жойда бор, деб ўйламайман. Усмонийлардаги исломий ҳаёт тарзи фаровон ҳаётнинг энг чўққисидир. Эр-хотин бир-бирига ўзаро ҳурмат-эҳтиромда. Усмонийларнинг оилавий ҳаёти яхшиликларга тўла. Ижтимоий тузум адабиёт билан безалган. Ҳаёт шеър каби яшамоқда. Улар буларнинг барчасини оилада ўрганишади».

Қисқача айтганда: «Диний ҳаёт тугайдиган бўлса, оила ҳам тугайди. Оила тугаса, ҳамма нарса тугайди».

Бу вазиятда мақсад ўз-ўзидан маълум бўлмоқда: «Аввало, диний ҳаёт тугатилади, сўнгра навбат оилага келади! Ниҳоят, жамият емирилиб, йўқ бўлиб кетади!

Хўш, ғарблик оила ҳуқуқи профессори аниқлаган ўша аслий қадриятларимиз ҳозир қай ҳолатда? Кеча қандай эдик, бугун қай аҳволдамиз? Бизни қуршаб турган инқирозни аниқлаб, ундан чиқиш йўлларини тақдим қилиш ва айни саволларга жавоб топиш учун ушбу китобни нашр этишни мақсад қилдик.

Мазкур китоб оиламизни асраш ва солиҳ фарзандларни тарбиялашимизда қўлланма, йўқолган қадриятларимизни қайта тиклаш ва ўзлигимизга қайтишимизга васила бўлсин.

Ғайрат биздан, муваффақият Раббимиздандир.

Биринчи бўлим

ЎТМИШ ВА КЕЛАЖАК ОРАЛИҒИДА ОИЛА

ЎТМИШДА ҚАНДАЙ ЭДИК?

Қадим маданиятимизда ижтимоий анъана ва урф-одатларнинг ҳар бири докторлик диссертацияси мавзуси бўлишга арзийдиган даражада муҳим, нозик ва юксак инсоний фазилатларга бой бўлган. Келинг, баъзи гўзал анъаналаримиздан сўз очайлик. Масалан, эр ва хотин зинадан кўтарилаётганда, аёл олдинда, эри эса унинг орқасидан чиқар эди. Бунинг иккита сабаби бор: аёлнинг танаси кўриниб қолмаслиги ва агар оёғи тойиб кетса, эри уни ушлаб қолиши мумкин эди. Худди шу сабабга кўра, зинадан тушаётганда, эркак олдинда тушарди.

Уйлар маҳрамият қоидаларига мувофиқ қуриларди. Эшикда иккита тутқич бўлиб, қалин овозли тутқичнинг чалиниши эркак киши, ингичка овозлиси эса аёл киши келганини билдирарди. Шунга кўра, тайёргарлик кўрилиб, маҳрамият қоидалари назоратга олинарди. Агар дераза олдида сариқ гул бўлса, бу «Уйда касал одам бор, уй олдида шовқин қилманг» деган маънони англатарди. Дераза олдига қизил гул қўйилиши «Уйда келин бўлиш ёшига етган қизимиз бор, уй ёнидан ўтаётганда гап-сўзингизга эътиборли бўлинг, қўпол сўзлар айтманг» деган маънони назарда тутарди. Шу йўл билан кўча маҳрамияти ҳимояланган.

Қандай гўзал маданият, шундай эмасми?

Куёвликка номзодлар учун талаб қилинадиган биринчи шарт таҳорат, намоз ўқиш ва ичкилик ҳамда қимордан узоқ туриш бўлган. Бунинг ҳам ўзига хос белгилари бор эди. Ота-оналар қиз сўрашга борганида ёки қизлари учун куёвликка номзод қидиришганда, куёвнинг шимининг тиззасига қараларди. Агар унда эскириш аломати бўлса, куёвнинг намоз ўқиётгани тушунилган.

Бирор хонадонга меҳмонга бордингиз дейлик, дастурхонга сизга ёқмайдиган таом тортилди. У пайтларда бугунгидек, таом ярим қолдириб қайтарилмасди. Ечим жуда осон эди. Дарҳол уй эгасидан бир коса қатиқ сўрар эдингиз. Шу тариқа ҳам қатиқни ёқтирмаган овқатингиз устига қуйиб, таъмини ўзгартиришингиз ва осонроқ ейишингиз мумкин бўларди, ҳам уй эгаси сизга бу таом ёқмаслигини тушуниб, кейинги сафар ўша таомни пиширмасликка эътибор қаратарди.

Қаҳва ичишнинг ҳам ўзига хос нозик томонлари ва белгилари бўларди. Ҳаммамиз нима учун қаҳва меҳмонга сув билан бирга тортилишига қизиқамиз (туркларда шундай одат бор). Жавоб жуда оддий. Меҳмоннинг қорни тўқ бўлса, аввалига қаҳва олиб, кейин сув ичарди. Агар қорни оч бўлса, аввал сувни олар, уй эгаси эса дарҳол дастурхон ёзиш учун тайёргарликни бошлаб юборарди.

Ойна ва рўмолча эса севги ва муҳаббат рамзи сифатида ишлатилган. Рўмолчаларнинг тили бор эди, гўё. Рўмолчани ерга ташлаш, силкитиш, бурунга олиб бориш турли маъноларни англатарди. Айни пайтда рўмолча севишганлар ўртасида мулоқот воситаси бўлиб хизмат қилган. Севганига учи куйган рўмолча берилиши юрагим ишқинг-ла ёнмоқда, деган маънони билдирарди. Бу рўмолчани олган қиз ижобий жавоб бермоқчи бўлса, ўз қўллари билан тиккан, ҳар бири ўзгача маънога ишора қилувчи каштадўзли рўмолчани кўнгил қўйган йигитига жўнатар эди. Бу рўмолчалар умрбод сақланган. Агар бир кун рўмолчалар бир-бирига қайтарилса, бу севги тугаганига ишора қиларди. Рўмолчанинг ўртасидан ушлаш бу оқшом учрашайлик дегани, таклифнинг қабул қилинганлигини кўрсатадиган ҳаракат эса рўмолчани қўйиб юбормаслик эди.

Агар қиз рўмолчани деразадан пастга ташласа, бу унинг севгисини эълон қилганидан далолат қиларди. Йигит буни кўриб, эҳтиёткорлик билан рўмолчани буклаб, чўнтагига солиб қўйиш орқали севги изҳорига ижобий жавоб берганини ифода этган. Тушириб қўйилган рўмолча учрашиш истагини кўрсатган. Шу билан бирга, рўмолчаларнинг ранги ҳам ўзига хос маъноларни англатган. Оқ рўмолча «сизни севаман», оч бинафшарангли рўмолча «эртага дераза олдига келинг, хат бераман», бинафша рангли рўмолча «менга жуда ёқасиз», четлари пушти рўмолча «сизсиз яшай олмайман», чети сариқ рўмолча «бир неча кундан бери касалман, ташқарига чиқолмадим», чети яшил рўмолча «сизга доим вафодор бўламан», қизил рўмолча «сизни жуда севаман», кўк рўмолча «жуда вафосиз кишисиз» ва яшил рўмолча «хатимга жавоб кутяпман» деган маъноларни билдирарди.

Кўча ўртасида, жамоат жойларида, айниқса, катталарнинг олдида ҳеч қачон одобсизлик қилинмас, одамлар хушламайдиган тарбиясиз ишларга асло йўл қўйилмасди. Шу тариқа жамиятда ҳамжиҳатлик ва ахлоқий чегаралар бузилмаслиги таъминланган.

Она фарзандини қўшнидан туз сўрашга юборарди. Бола: «Ойи, ахир уйимизда туз бор-ку!» деган вақт, она: «Ўғлим, уйда туз борлигини мен ҳам биламан. Лекин қўшниларимизнинг шароити бироз оғир, уйларида, албатта, туз бўлиши керак. Биз улардан туз сўрасак, улар ҳам биздан бирор ҳожатларини бемалол сўрай олишади», дер эди. Қандай гўзал тарбия!

Аёли учун кўзгу олган эркак бу совғаси билан жуфти ҳалолига «Сенга ўзингдан-да чиройлироқ берадиган бирор ҳадям йўқ» демоқчи бўларди. Ҳам тежамкор, ҳам романтик ҳаракат! Бугун эса биз фалон баҳодаги олмос узуклар билан ҳам ўша муҳитни ярата олмаяпмиз. Чунки қаноатимиз камайди.

Албатта, ижтимоий қонун-қоидалари мустаҳкам жамиятда динга бўлган муносабат ҳам жиддий бўлган. Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қаттиқ ҳурмат кўрсатилган. 63 ёшдан ошган катталардан ёшлари сўралганда «Ортиқ ҳадни ошиб ўтдик», дейишарди. Чунки Жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам 63 ёшда вафот этгандилар. Қадимгилар борлиқдаги нарсаларга ва ашёларга ҳам назокат ва латофат билан муносабатда бўлишган. «Чироқни ёқ» ёки «шамни ўчир» дегандан кўра, «чироқни уйғот» ёки «шамни ухлат» деган ифодаларни афзал кўришган.

Шукурлар бўлсинки, жуда гўзал оила тарихимиз ва маданиятимиз бор, ўтмишимизнинг мақтанса ва фахрланса арзийдиган жиҳатлари бисёр. Аммо бизни ўзлигимиздан узоқлаштириш, ўтмишимизни нуқсонли қилиб кўрсатиш учун оилавий ва ижтимоий тузилмамизни, урф-одатларимизни тизимли равишда эскилик сарқитига чиқаришди. Эҳтимол, булар орасида энг кўп илгари сурилган даъволардан бири бизнинг оилаларимизда романтика, севги ва муҳаббатга ўрин бўлмагани ҳақидаги қарашдир. Ҳақиқат бунинг акси бўлса-да, бу каби мисолларнинг тарихий сабаби бўлган. Маълумки, 1900 йиллардан сўнг «Озодлик уруши» ва «Чаноққалъа жанги» сингари улкан урушларни бошдан кечирдик. Бу урушларда эркаклар шаҳид бўлди, аёллар бева, болалар етим қолди. Шунинг учун уруш фахрийлари ва соғ қолганлар кўчаларда ва жамоат жойларида фарзандларини қучоқларига олиб юришмади, аёллари билан қўл ушлашиб, кўча кезишмади. Улар бевалар ва етимлар отаси бор болаларни ёки эри бор аёлларни кўча-кўйда бахтиёр юришганини кўриб, ўзларини ўксик ҳис қилишмасин, кўнгли ярим бўлмасин деб, ҳатто аёлларидан бироз олдинроқда юришарди. Акс ҳолда, бизнинг миллатчалик романтик ва ёрига муҳаббатли, оиласи ва фарзандлари учун ҳар нарсага тайёр бошқа бир миллат Ер юзида жуда оз топиларди.

Статистика: БИЗНИ УСТУНЛИК ОРЗУСИ БОШҚАРМАСИН

Янада кўзга кўриниш, янада олдинроқда бўлиш, янада яхшироғига эгалик қилиш, янада кучли, янада иқтидорли, янада муваффақиятли бўлиш, янаям қимматроғи ва ҳашамдорини қўлга киритиш. Янада… янада… янада... Мана сизга материализм замонининг тузоғи ва бу тузоқ ғилдирагининг тишлари орасида эзилиб бораётган одам боласи.

Биз ҳам ушбу ҳолатга қизиқиб, оиладаги материализм ва риё феноменини тадқиқ этдик. Биринчи бўлиб, «Оилангиз учун қимматбаҳо нарсаларга эга бўлиш аҳамиятлими?» деган саволни бердик. Иштирокчиларнинг 7 фоизи «Ҳа», 84 фоизи «Йўқ», 9 фоизи «Аниқ билмайман» жавобини берди. Иккинчи саволда «Моддий жиҳатдан қийин аҳволда бўлсангиз ҳам ҳашаматли муҳитда яшаш оилангиз учун муҳимми?» деб сўрадик. Бу саволга иштирокчиларнинг 5 фоизи «Ҳа», 90 фоизи «Йўқ», 12 фоизи «Аниқ билмайман» деган жавобни берди. Ниҳоят, «Оила аъзоларингиз бир-бирларига қимматбаҳо совға олишга эътибор қаратишадими?» деб сўрадик. Ушбу саволга эса иштирокчиларнинг 5 фоизи «Ҳа», 89 фоизи «Йўқ», 6 фоизи «Аниқ билмайман» деган жавобни берди. Изоҳ ўзингиздан. Бизнингча, бу нуқтада ҳаммамиз бирозгина тафаккур юритишимиз керак.

ЙИҚИЛМАДИК, ТИК ОЁҚДАМИЗ, АММО…

Сўнгги юз йилликда жамиятда ҳукмронлик эркакларда экани ва аёлларнинг жамиятда эзилаётгани ҳақидаги тезисларни баланд овозда янгратган оммавий ахборот воситалари тезда ўз мақсадларига эришди ва бутун дунёда бўлгани каби феминизм бизнинг қизларимизни ҳам ўз домига торта бошлади. Ҳолбуки, бу гуруҳларнинг мақсади феминизмни ёйиш эди, зеро, феминизм ёйилса, оила ва турмушлар барҳам топарди. Оила ичидаги муносабатларни ва аёлларни энг кўп қадрлайдиган маданият ислом маданияти эканини ёшлардан яширишди. Афсуски, бу феминистик чақириқларга тез жавоб берилди ва натижада, жамиятда шиддатли, аммо мувозанатсиз ўзгаришлар юз берди. Тартибсиз маъносини билдирадиган «аморф» сўзи бу ўзгаришни ифодалаш учун айнан мос атама. Бу каби оила тузилишида, яъни «аморф» оила ва жамиятда эркак ва аёл роллари, ота ва онанинг оиладаги мажбуриятлари бир-бирига аралишиб кетган, чалкаш вазият бўлади. Андроген тузилмада намоён бўладиган, яъни ҳар икки жинсга мос хатти-ҳаракатлар кўрсатиладиган тузилмада бош намуна сифатидаги ота-онанинг ҳаракатларини кузата олиш болалар учун қийинлашиб кетганидан, қиз фарзанд онасига, ўғил фарзанд отасига қараб, жинсий роль идентификациясини ривожлантириш имконига эга бўлишмаяпти. Натижада, қиз фарзанд уйда хулқ-атворли она, ўғил фарзанд эса хулқ-атворли ота кўрмагандан кейин, йиллар ўтиб, ўз жинсиятларига хос ҳаракатланишга доир муаммоларга дуч келишлари мумкин. Шу тариқа жисмонан эркак аёл хулқ-атвори ва жисмонан аёл эркак хулқ-атвори ортиб, бу ҳолатда «жинсий кимлик» муаммоси кўзга ташланишни бошлайди. Хулқ-атвор моделлари ўзгариб, метеросексуал йигитлар ва эркакшода қизларнинг сони кун сайин ортиб боради.

Феминизм теориясининг асоси ярим аср олдинга бориб тақалади. Жинсий кимлик ва жинсият ролларига доир кўплаб тадқиқотларни амалга оширган Сандра Рутҳ Липситз Бем ўзининг «Жинсият роль схемаси назарияси»да болаларнинг гўдаклик давридан эътиборан гендер идентификатори ва схемасини ривожлантиришда ота-оналар ва маданиятнинг жуда муҳим эканлигини таъкидлаган. Бемнинг назариясига кўра, болалар ижтимоий ривожланишнинг илк йилларидан бошлаб ўз жинсларига хос хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатларни ўзлари яшаётган оила ва жамиятга қараб шакллантиришади. Жинсий кимлик ва схемаларнинг ривожланиши ижтимоий ўрганиш ва тақлид қилиш орқали амалга ошади. Шу билан бирга, Бем назариясида жамият ва оиланинг болани чеклаши ва унинг жинсига мос келадиган хатти-ҳаракати маълум бир нуқтадан кейин эркинликка тўсиқ бўлиши келтирилган. Ҳолбуки, жамият ва оиладан мустақил улғайган боланинг гендер схемаси ва идентификацияси ўта экстремал нуқтага етиши мумкинлиги бугунги кунда Ғарб оила тузилмасидаги кўплаб муаммоларнинг асосий омилидир. Афсуски, жинсият одамларни чеклайди, деган нотўғри қараш тобора урчиб бормоқда.

Оилада инсонлар бир-бирларига ёрдам бериши, бурч ва вазифаларда бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари жуда муҳимдир, бу бахтли ҳаёт учун катта ҳисса қўшади. Аммо бугунги кунда кутилаётган ва амалга оширилаётган ҳолат бироз бошқача, мақсад эса ғаразли! Асосий мақсад, ролларни чалкаштириш, чегараларни олиб ташлаш, оила ичидаги назорат ва ҳокимиятни заифлаштиришдир. Бугун кўп нарсалар чалкашиб кетган. Масалан, ота-она фарзандига ўз муҳаббатини кўрсатиши, ғамхўрлик қилиши, эҳтиёжларини иложи борича қондиришга ҳаракат қилиши керак. Бироқ айни пайтда улар фарзандларига истаган ҳар нарсасига эга бўла олмаслигини ҳам тушунтиришлари лозим.

Патриархат, яъни «ота бошқарувидаги» деб аталувчи ва ушбу сифатни бузишга уринаётган, мусулмон оила тузилиши ўрнига ўта хавфли тузилма – «бола ҳукмрон бўлган», яъни бола марказли оилалар пайдо бўлди. Бундай оилаларда ота-она фарзанди билан муаммога дуч келмаслик учун айтиши ва қилиши керак бўлган нарсаларни қилмаяпти, қўйиши керак бўлган чегараларни қўймаяпти. Оқибатда, бугунги кунда фарзандларимизнинг асосий муаммоси ҳақ-ҳуқуқларини билган ҳолда ҳаддини билмаслик бўлиб қолди. Ёшлар ва ўсмирлар орасида «ўз истакларини англаш, аммо қарши томон истакларини рад этиш» кайфияти кенг тарқалди. Худди шундай, «ота-онани қадрлаш» ифодасининг ўрнини «ота-онага ҳурмат» ибораси эгаллаб олмоқда. Ҳолбуки, ота-онага эҳтиром ҳар жабҳада фарздир. Ҳурмат ҳуқуқий, қадрлаш эса ҳиссий мажбуриятдир.

Бу масала Жаброил алайҳиссаломнинг ҳадисларида зикр қилиниб, қиёмат аломатларидан бири чўриларнинг хўжайинларини дунёга келтириши деб таъкидланган. Бугун бошимиздан кечираётганларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларнинг исботидир. Ота-оналар фарзандининг қулидек ҳаёт кечиряпти. Гап орасида айтилаётган жумлалар ҳам шуни талқин қилиб турибди: «Биз фарзандларимиз учун яшаяпмиз». Болаларнинг фитрати бузилмоқда, роллар ва мажбуриятлар аралашиб кетган. Натижада, жиддий тартибсизлик ва депрессиялар бошдан ўтказилмоқда. Ҳаловатсиз ота-оналар, бахтсиз ва ҳеч нарсага тўймас болалар, тушкун аҳволдаги жамият юзага келмоқда.

БИР НАЗАРИЯ: КРЮГЕР СИНДРОМИ

Қандай қилиб баъзи инсонлар билмаган нарсалари ҳақида бу қадар бемалол гапиришлари ва даъво қилишларига, баъзиларнинг қандай қилиб бунчалик шафқатсиз бўла олишларига ёки баъзиларнинг далиллар очиқ-ойдин бўлиб турган бир пайтда ҳақиқатларни инкор қилишларига барчамиз ҳайрон қоламиз. Ҳар нарсада бўлгани каби бу ҳолатнинг ҳам психодиномикаси, яъни психологик асоси бор, дўстлар. «Жоҳил жасорати» деб ҳам аталадиган ушбу ҳолатни чуқур ўрганган икки машҳур психолог Жастин Крюгер ва Девид Данн ўз тадқиқотлари натижасида қуйидаги хулосага келишади:

1. Қобилиятсиз, нодон, жоҳил ёки ҳиссий жиҳатдан етук бўлмаган одамлар ўзларини ҳаддан ташқари аҳамиятли деб ҳисоблашади.

2. Бу каби инсонлар ўзларини юксакларга кўтариш билан чекланиб қолмай, бошқа одамларга қобилиятсиздек қараш орқали ўзларини янада яхши ҳис қилишади.

Бундан ҳам муҳими, агар инсон ўзини реалистик баҳолаш, танқид қила олиш, камчиликлари билан юзлашиб, уларни қабул қилиш ва ўзини бу нуқтада тарбиялаш борасида қайғурмаса, атрофидагиларнинг танқидига эътибор қаратмаса, ҳолат янада жиддийлашади. Вақт ўтиши билан улар учун бу ишларни қилиш борган сари имконсизлашиб боради ва кун сайин ўзларини янаям ажойиб, билимли ва қобилиятли эканликларига ишонишни бошлайдилар. Маълум муддатдан сўнг, ўзларини аслида бўлганларидек эмас, балки кўришни истаганларидек қабул қилишга киришишади, ўз утопик (идеал) ва фантазияларга тўла, аммо ҳақиқатдан узоқ кичик дунёларида яшай бошлашади.

Бугун ижтимоий тармоқлардаги ҳолатга ушбу нуқтаи назардан қарасангиз, бу икки психологнинг қарашлари эътиборга молик эканига амин бўласиз. Икки ажойиб инсондан икки ажойиб сўз орқали назарияни ойдинлаштирамиз:

– Жоҳил билан бўлган ҳар бир баҳсда мағлуб бўлдим. (Абу Ҳанифа)

– Билим жасоратга, жаҳолат такаббурликка етаклайди. (Терри Иглетон)

ДУНЁ ҚАЕРГА ҚАРАБ КЕТЯПТИ?

Дунёдаги вазият ачинарли. Педофилия бўйича АҚШ биринчи ўринда туради. Бу масала бўйича можаро устига можаролар юзага келмоқда. Ғарб инсест жинсий алоқада бўлишни нормаллаштиришга қаратилган қонунларни муҳокама қилмоқда. ЛГБТ чегара билмаяпти. Никоҳсиз болалар сони борган сари ортмоқда. 2000 йилдан 2020 йилга қадар Европада бу борадаги ўртача кўрсаткич 25%дан 42%га кўтарилган. Исландияда вазият ундан-да оғир, айни муддат ичида 65%дан 70%гача ўсиш кузатилган. Францияда ҳам аҳвол жиддий. Кўрсаткич 43%дан 60%га кўтарилган. Рўйхатнинг бошидаги Эстония, Словения, Португалия, Швеция, Болгария, Дания, Кипрда 3%дан 20%га; Италияда 11%дан 35%га; Голландияда 45%дан 52%гача ўсиш қайд этилган.

ОИЛАГА ДОИР СЎНГГИ ХАБАРЛАР

Оиламиз – кўз қорачиғимиз, сўнгги қалъамиз, ижтимоий суғуртамиз, аммо, афсуски, ҳозирда оила тузумимизнинг бузилиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу борада баъзи муҳим далиллар қуйидагилар: аввало, жамиятимизда ёшлар салмоғи аста-секин камайиб бораётган бир пайтда кексалик ва ёлғизлик ортганини кўряпмиз. Ҳажеттепе университети ҳамда Аҳолишунослик институти томонидан ўтказилган «Туркия аҳоли ва саломатлик тадқиқоти – 2018» натижаларига кўра, мамлакатимиз ҳали ҳам ёш аҳолига эга, аммо қарияларнинг умумий аҳоли сонидаги улуши бу йил биринчи марта 10%га етди. Бунинг сабаби болалар сонининг камайиши, оилаларнинг камроқ фарзандли бўлишни афзал кўришларидир. Бундан ташқари, сўнгги 20 йил ичида Туркияда уй хўжаликларининг ўртача катталиги 4,5 кишидан 3,5 кишига тушган. Она бўлиш ёши аста-секин ўсиб бораётгани, яъни энди мамлакатимизда кеч она бўлаётганларнинг кесарча кесиш йўли билан туғиши 5 йил олдингига нисбатан 4%га ошгани кузатилмоқда. Эндиликда туғуруқларнинг ярмидан кўпи кесарча кесиш усули орқали амалга оширилмоқда. Оила институтимиз тобора кичрайиб бораётган бир пайтда, туғилиш даражаси илк бор барқарорлашмоқда. Булар муҳим кўрсаткичлардир.

ЖАМИЯТ ЎЗГАРМОҚДА

Оиланинг энг самарали маҳсули фарзандларимиздир. Маълум вақт ўтиб, ота-оналар болалари учун яна ҳам кўпроқ эътибор қаратиши керак бўлади. Фарзандларимизни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан энг яхши шаклда улғайтиришимиз керак. Бунинг учун ота-она сифатида, аввало, ўзимиз улғайишимиз шарт. Бугун болалар қаноат фазилатидан тобора узоқлашиб кетмоқда, қорни тўйса-да, кўзи тўймаяпти. Албатта, уларни энг яхши мактабларда ўқитайлик, энг сифатли таълимни олишлари учун ҳаракат қилайлик. Аммо унутмайликки, уйдаги таълим ва тарбия йўқ экан, энг яхши олий ўқув юртларида ўқитиш, ҳар камчилигини қондириш, қулай шароитлар билан таъминлаш уларнинг шахсияти ва характерига доим ҳам кўзлангандек таъсир ўтказмайди. Доим янада кўпроқ, янада ҳашаматлироғига мойиллик юзага келади. Натижада, жамиятда берилган совғанинг маркасига қараб хурсанд бўладиган ва ёқмаган совғасини қайтариб берадиган болалар ва ўсмирлар кўпаяди.

Мамлакатимиз ва халқимизнинг моддий фаровонлиги ва ижтимоий шароити ўтмишга қараганда беқиёс юксалди. Айни пайтда ҳар жамиятнинг динамикаси бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий ҳуқуқлари тўлиқ кўнгилдагидек бўлмаса-да, аҳвол борган сари яхшиланаётганини кузатишимиз мумкин. Маълумки, 10 йил олдин ўзини диндор ва сипо кўрган аёлларимиз динларига мос қиёфада оммавий ва махсус соҳаларда ишлай олишмасди ва уларга фақатгина қуйи даражадаги ишларда ишлашга рухсат бериларди. Шукурки, бугун бу камчилик ва ноҳақлик бартараф этилмоқда. Вақт ўтиши билан эркаклар ҳам, аёллар ҳам ўзлари истаган соҳаларда ишлашмоқда. Бунга параллел равишда, хотин-қизларнинг иш ҳаётига юқори тезликда кириб келишлари билан бир қаторда, ишлайдиган оналарга нисбатан сиёсатда жиддий тартибга солишлар амалга оширилиши зарур. Иш ҳаётини ҳам, оилавий ҳаётни ҳам бирдек олиб бора олиш етарлича мушкул бўлса-да, бахтли турмуш учун бу муҳим саналади.

Фарзандларини жуда кичик ёшдан энага ва боғчаларга қолдиришга мажбур бўлаётган оналар сони кўпаймоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бола энг камида уч ёшигача ўз ота-онаси билан бахтли оила даврасида вояга етиши керак. Зеро, энага ва бобо-бувилар болага ўз ота-онасичалик қарай олишмайди. Ғарбда Болалар уйлари ва Қариялар уйлари сони тобора ортиб бораётгани кўзга ташланмоқда.

Бундан ташқари, жамиятни ташкил этувчи эркак ва аёллар, ота-оналар ҳаётдан маъно фақатгина «моддий эркинлик», «карьера қилиш»дан иборат эмаслигини тушунишлари лозим. Оила, турмуш ва фарзандли бўлишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш муҳим. Оила қуриш ёши борган сари кечикмоқда, ёш ўтгач эса инсонлар оила ва фарзанд олдидаги мажбуриятларга кулфатдек қарашяпти, ота-оналик қилиш уларга оғир келмоқда ва «болали бўлишга ўзларини тайёр» ҳис қилишмаяпти. Натижада, ота-оналик даври учун кеч қолган бўлиб чиқишмоқда. Бугунги кунда турмуш қуриш ўртача 29 ёш эканлиги аниқланган. Ғарб мамлакатларида, айниқса, Скандинавия мамлакатларида ёшлик даврида турмуш қуришга даъват қилинмоқда, оналарнинг илк йилларда фарзандлари билан бирга бўлишлари таъминланиб, болалар учун моддий кўмаклар орттирилмоқда. Шунга қарамай, эндиликда бу ўлкаларда ёшлар томонидан оила қуриш афзал кўрилмай қолган, аксинча, бунинг ўрнига бирга яшашнинг муқобил усуллари шиддат билан ўсаётгани кузатилмоқда.

Бугун биз жамият сифатида заифлашиб қолдик. Ижтимоий жиҳатдан янада ночор инсон модели етишмоқда. Ота-оналар ўз масъулиятларини бошқаларнинг бўйнига илмасликлари, фарзандларини энг камида бир психолог ёки педагогчалик танишлари керак. Худди шундай, эр-хотинлар турмуш йўлларидаги майда-чуйда муаммоларни психолог офисларига ташиш ўрнига бир-бирларини тушуниш ва тинглашга ҳаракат қилишлари зарур. Гап-сўзларимиз ҳам ожизликни акс эттирувчи қолипда шакллана бошлади. Ёшлар бир-бирларига «Депрессиядаман, тез ваҳимага тушиб қоламан», деган гапларни бемалол айтишяпти. Шуни унутмаслик керакки, инсон нимани гапирса, ана ўша нарса ҳосил бўлади, сўзлар фикрларни, фикрлар ҳиссиётларни, ҳиссиётлар хатти-ҳаракатларни, хатти-ҳаракатлар одатларни, одатлар хулқ-атворни, хулқ-атвор эса ҳаёт тарзини шакллантиради. Ҳаёт тарзи бир марта шаклландими, энди инсон шунга кўра сўзлайдиган бўлиб қолади.

БИР ТАЖРИБА: СИНГАН ДЕРАЗА НАЗАРИЯСИ

Одам бор жойда, албатта, муаммо бор. Бу муаммолар фақатгина маълум шахсга таъсир кўрсатиб қолмайди. Муайян ижтимоий тузилмадаги қоидалар ва қадриятларга мос келмайдиган хатти-ҳаракатларни шахс ҳуқуқ ва эркинликлари доирасида баҳолаб бўлмайди. Чунки жамият ва омма ҳам ўз ҳуқуқларига эга, ҳеч бир шахс бу ҳуқуқларни тортиб олишга ҳақли эмас. Бугунги кунда ғайриахлоқий хатти

...