автордың кітабын онлайн тегін оқу Nur qidirib
Мусо Тошмуҳаммад ўғли
ОЙБЕК
Нур
қидириб
I
Аҳмад Ҳусайн пешин намозидан қайтганда, мактаб ҳовлиси сув қуйгандек жимжит эди. Фақат юқори синф шогирдларидан бир нечаси адил, юксак пальма дарахтлари остида нимадир тўғрисида жимгина, лекин жиддий суҳбатлашмоқда эдилар. Улар бошларини кўтариб, суюкли муаллимни табассум билан қаршиладилар. Аҳмад Ҳусайн, давом этаверинглар, дегандай, кўзини қисиб қўйди-да, икки қаватли эски бино орқасига ўтиб, ўз хонасига, тўғри ҳужрасига кирди. Унинг уйи, оиласи узоқда, Лоҳурда бўлгани учун мактаб қошида яшар эди. Тахта полсиз, ним қоронғи, тор уйчага то жойлашгунча бағри хун, тоқати тоқ бўлганидан, бунда ўзини бахтли ҳисоблар эди у.
Октябрнинг охири эди. Кун иссиқ бўлса ҳам, лекин ёз ойларининг жаҳаннамига нисбатан бу фаслнинг ҳавоси покистонликлар учун жуда мулойим, ҳатто салқиндек сезилар эди.
Аҳмад Ҳусайн шошиб-пишиб овқатланди-да, пешонасига тушган қоп-қора, жингалак сочларини тараб-тараб, кичкина, очиқ дераза олдидаги столчага ягона қийшайган шалоқ ўриндиқни суриб, шогирдларининг дафтарларини кўздан кечира бошлади. Йигирма беш яшар бу тил-адабиёт муаллими таълим ва тарбия ишини севар, юрагида тобора кучайган бир шавқ билан мактабда ишлар эди. Ахир халқининг тўқсон фоизи саводсиз бир мамлакатда муаллимлик ҳурматига сазовор эмасми? Худди игна билан қудуқ қазигандай, минг азоб билан ўзи касб этган билимларини халққа беришни умр ғояси деб билар эди у.
Болаларникидай кулимсираган, жуда жонли ва қандайдир баҳаё қоп-қора кўзлар дафтарлар устида ўйчан югуради, қизларникидай ингичка узун бармоқлар оддий, арзон авторучка билан гоҳ-гоҳ биронта хатога белги қилади. Ҳаво дим, очиқ деразачадан «ғир» этган шамол сезилмайди. Йўғонлиги бир неча қулочга тенг азм чинорлар ва турли кўркам дарахтлар устида қушлар базми авжда. Лекин Аҳмад Ҳусайн шогирдларининг муваффақиятларига хурсанд бўлиб, ишдан бош кўтармайди, ўқтин-ўқтин қулоқли пиёлани шуурсиз равишда қўлга олиб, совиган, аччиқ, қуюқ чойдан бир қултум ҳўплайди ва қалингина лабларини ялайди. Фақат эшикдан директор ногаҳон кириши билан у ҳам ажабланган, ҳам хурсанд ҳолда ўрнидан турди. Тожиддин Қосим ҳеч вақт бу хонага кирмас, аҳён-аҳёнда деразага айёрона кўз ташлаб ўтар эди, холос. Аҳмад Ҳусайн узун сўлиш олди-да, ягона ўриндиқни суриб, хушмуомалалик билан деди:
– Буюринг, ўтиринг.
Тожиддин Қосим – бўйи шипга етгудай, қориндор, олакўз, ботиқ пешона, кўсанамо, қирқ беш ёшлардаги киши, дастлаб столдаги дафтарларга кўз ташлади, кейин гўё болаларникидай кичкина, тор каравотга, жиркангандай қаради, лекин тахта токчадаги қатор китобларга диққат ва шубҳа билан узоқ тикилди-да, ўриндиққа аста, вазмин ўтириб, сертук қўлларини, одатича, қорнига қўйди ва қаршисида, деворга суяниб турган ўрта бўйли, ориққина, лекин пишиқ, чайир ва истараси иссиқ йигитга илжайиб қўйди. Аҳмад Ҳусайн бу илжайишнинг маъносини қандай йўйишни билмади, ўзи ҳам соддадилона кулиб, калтагина, юпқа шим чўнтагидан сигарет олиб, директорга тутди. Кашанда Тожиддин Қосим кескин рад этди-да, қоп-қора, йилтираган мийиғини силаб, ўзининг ингичка миёвлаган товуши билан сўради:
– Бу масканда ёлғиз яшайсизми?
Аҳмад Ҳусайн тушунмади, елкасини қисиб, жавоб берди:
– Ўзим базўр сиғаман-ку бу катакка...
– Кўнгил кенг бўлса, ҳужра ҳам саройдай. Уч кун бурун бегона қуш қўнди шекилли? Ким эди у?
– Аҳа, тўғри, – деди Аҳмад Ҳусайн сигаретни бепарвогина чекиб, – оқшом катта йўлда тасодифан йўлиқиб қолди у. Эски ошналаримдан эди. Бечора иш қидириб, боши оққан томонга борар экан. Мен уни таклиф қилдим, ўтмиш кунларнинг аччиқ-чучугини хотирлашдик, оға Тожиддин!
– Ҳим... у хотиралардан камина ҳам эшитишни орзу қилар эди, – деди Тожиддин мулойимлашиб.
– Жаноблари учун қандай қизиғи бор? – деди кулиб Аҳмад Ҳусайн. – Дардлиларнинг дилини дардлилар англайди. Бироқ, «бегона қуш» ҳақида юрагингизда шубҳа гарди қолмаслигини истайман: унинг билан тўрт йил бурун Лоҳурда танишган, дўстлашган эдим. У вақтларда камина коллежда ўқир эди. Маълумки, фақир оилаларнинг ўғиллари учун илм йўлида садди Искандар кўндаланг, ўрта маълумотни илм гадойи бўлиб, саргардонлик билан, танишларнинг, қариндошларнинг ва олижаноб, инсонпарвар баъзи муаллимларнинг ёрдами билан касб эта билдим. Аммо олий мактаб орзуси мен учун ёлғиз пуч хаёл бўлса ҳам ундан воз кеча олмадим. Ўқув ҳақи жамғариш учун ҳар қандай оғир, қора меҳнатдан ҳазар қилмадим. Лекин бари бир, мақсадга етмоқ амрмаҳол бўлди – менинг таҳсилим чала қолди...
– Жондан кечмагунча, жонона қайда! Илм ҳам худди ҳумоюндай бахтлиларнинг бошига қўнади, – деди Тожиддин Қосим лабининг бир бурчига сигарет қистириб.
– Йўқ, бу масалада мен бошқача фикрдаман, – деди Аҳмад Ҳусайн столни секингина уриб. – Биз мамлакатимизда табиий, секин-секин шундай шароит туғдирайликки, ҳар ёш авлод, у қадар қийналмасдан, илмга эриша олсин...
Тожиддин Қосим сунъий равишда бир аксириб, кейин ҳомуза тортиб, деди:
– Ё қозиюл ҳожат! Нега чап берасиз? Бизга дўстингизни таништиринг.
– Қечирасиз, одатим шу: илм-маориф ҳақида сўз бошланса, ҳар нарсани унутаман. Хўп, асли мавзуга қайтайлик. Мен таҳсил учун пул жамғариш мақсадида Лоҳурда катта бир складда юк ташувчи бўлиб ишладим. Хўжайин бир инглиз эди. Уни тавсиф қилишнинг ҳожати ҳам йўқ. Қонимиздан олтин ясашга моҳир бўлган, беҳаё ажнабийлардан бири. Бу ерда меҳнат ғоят оғир эди. Овқатим чапати [1] билан сув. Мен бу ерда ишчилар орасида бир ёш йигит билан танишдим. Содда, виждонли, ақлли эди, меҳнатда ҳам чарчашни билмас эди. У баъзан ишда менга кўмаклашарди. Мен унинг илмга чанқоқлигини билгач, оқшомлари унга дарс бера бошладим. Мен коллежга кирганимда, у шаҳарда бир неча вақт педикан миниб юрди, кейин бирдан кўринмай кетди... Мана уч кун бурун тўсатдан йўлиқиб қолса бўладими!
– Кўп аъло! – хитоб қилди Тожиддин ва кейин бирдан хўмрайиб мурожаат этди. – Дўстингизнинг фитна-фасод ва ахлоқсиз фикрлари билан бутун кеча юрагингизни қораладингиз-а?
Аҳмад Ҳусайннинг туси оқариб кетди, кўзлари туманлашди ва ҳансираб, деди:
– Худо ҳаққи, мени қийнаманг, мақсадингиз нима, менда қандай шубҳаларингиз бор, айтинг!
– Тун қуши – шум қуши у, – деди Тожиддин сигаретини асабий равишда сўра-сўра, – касабалар ташкилоти иблисларидан у!
– Мен қайдан билай! – елкасини қисиб деди Аҳмад Ҳусайн. – Менга бу тўғрида ҳеч нима демади, мутлақ ҳеч нима! Мен қасамёд қилишим мумкин...
Тожиддин Қосим бесўнақай сариқ тишларини намоён этиб, «қиҳ-қиҳ», заҳарханда қилди бирпас. Унинг чақчайганроқ кўзларида муаллим қандайдир шайтоний фириб ва нафрат сезди-да, аламдан қалтираб деворга суянди. Тожиддиннинг эски мутаассиблардан эканини муаллим биларди, лекин унинг руҳининг бутун пасткашлиги разиллиги энди яна яхшироқ равшан бўлди Аҳмад Ҳусайн ўзига чапроқ баъзи муаллимларнинг муомалаларида кеча ва бугун сезилган ингичка киноянинг маъносини ҳам шу пайтда тушунди. Ўзи ҳақидаги гумонларнинг бутунлай асоссизлигини исбот қилмоқ учун муаллим керакли далиллар устида ўйларкаи, Тожиддин бирдан баланд овоз билан деди:
– Биламан, фитна-фасод уруғларини миллат болаларининг юракларига ҳам сочмоқдасиз.
– Туҳмат! – сабрсизланиб қичқирди Аҳмад Ҳусайн.
Тожиддин лабларини ялаб, маънодор тиржайди-да, қалтираб, лекин ғазабини тийишга тиришиб, бирдан алланечук бўғилиб қолган товуш билан деди:
– Болаларга ёд олдирган шеър хотирингиздами? Унинг ҳар сўзи томчи-томчи заҳардан иборат эмасми? Ажабо, бизнинг адабиётимизда диний руҳ ва ҳис билан лиммо-лим бадиалар озми? Ғоят бисёр. Фақат дилингизнинг кўзини куфр пардаси босганидан, сиз уларни кўрмайсиз. Шеър ахлоқий гўзалликдир. Юксак ахлоқ ва баркамол гўзаллик – ёлғиз исломдадир. Наҳотки сиз, мусулмон мактабининг муҳтарам муаллими, бу жиҳатни тушунмасангиз!
– Мудир жаноблари, – ётиғи билан мурожаат этди. Аҳмад Ҳусайн бошини қуйи солиб, – мен тарбия бобида ҳеч қандай хато қилганим йўқ. Яқинда талабаларга, бир шеър ўқиб бердимки, унда мамлакатимизда деҳқон ҳаётининг оғирлиги тасвир этилган ва шоир деҳқон меҳнатига ҳурмат қилмоқ зарурлигини ўқувчиларга уқтирган. Уни ўқидингизми, инсоф билан айтинг, асарда қандай зарарли фикр бор? Маълумки, меҳнатга ҳурмат ахлоқнинг энг юксак дастурларидан биридир...
Тожиддин Қосим қўлларининг кескин ҳаракати билан муаллимнинг сўзини кесди ва тупугини сачратиб, деди:
– Бу номаълум шоирингиз, мушкулларни осон эт, деб Олло таолога ёлвормайди. Биз мусулмонлар учун мушкулкушод – Худодир. Худо номи билан Покистон давлатини барпо этдик, унинг равнақи, тараққийси учун ҳам Худо номи билан киришмоғимиз керак. Кимки бу йўлдан чизи тойса, Покистоннинг чин ўғли эмас у.
– Мени ким деб ўйлайсиз, мен Покистоннинг ҳақиқий ўғилларидан эмасманми? – куйиниб сўради Аҳмад Ҳусайн.
– Билмадим, лекин ғоят шубҳаланаман.
– Хато қиласиз, соҳиб Тожиддин, – деди Аҳмад Ҳусайн.
– Касабачи жинояткорларга дўст тутинганлардан ҳазар қиламиз, – деди Тожиддин, кейин бирдан инглиз тилига кўчиб давом этди у, – Тунги меҳмонингиз пешонангизга қора суртиб кетди. Биласизми, ҳозир сиз таъқиб остида қолгансиз. Вазиятингиз жуда оғир. Яна бунинг устига бу атрофнинг эътиборли кишилари шеър туфайли сиздан жуда норози бўлишди. Заминдор Адҳамхон, маорифпарвар бойларимиздан Нуриддин, Солиҳ Жамил ва ўзгалардан шундай хатлар олаётирменки, ҳар сўзидан ғазаб ва нафрат чақмоғи учади... Сиз билмайсиз, юрак-бағрим хун, ахир мактаб хавф остида қолди. Давлатманд оталар пул бермасалар мактаб эшигига қулф тушади. Олло бундай қора кунни даф этсин!
– Ортиқча ташвишланманг, бу ғавғо фақат англашилмовчилик натижасида, холос, – деди Аҳмад Ҳусайн ишонч билан, – Модомики, мендан гуноҳ содир бўлмади, текширсалар, ҳақиқат олдида ўзлари қизариб қоладилар. Шундай эмасми?
– О, кошки мумкин бўлса бу! – хитоб қилди Тожиддин кўзларини шипга тикиб, кейин ўрнидан турди ва қўлларини муаллимнинг елкасига аста қўйиб, мулойимлик билан сўзида давом этди, – Мен шундай қарорга келдим: бугун биз хайрлашайлик! Биз бу билан оғизларига муҳр босамиз-да!
– Ожизларнинг таклифи бу, – деди ранги оқариб, жаҳл билан Аҳмад Ҳусайн. – Мен ҳақиқатнинг кучига ишонаман. Унинг шуъласида гумон ва шубхалар соядай ғойиб бўлади-кетади...
– Масалани ҳар томонлама ўйладим, – деди бирдан товушини сирли равишда пасайтириб Тожиддин. – Лекин баҳсдан ҳам баҳс туғилади, учқундан ёнғин чиққандай, биронта ноқулай сўзингиздан теваракни ғалаён қоплаши мумкин. Мактаб – миллатнинг гулистони. Мен унга бир дона чанг қўнишини истамайман.
Аҳмад Ҳусайн каравотга ўтириб, қўлларини юзига тираган ҳолда бирмунча сукут қилди. Унинг борлиғи гўё даҳшатли босириқ остида чирпинарди. Нима қилсин, юрагини кимга очсин? Туҳматчиларга ҳақиқатни исбот қилмоққа уриниш – ҳўкизнинг қулоғига танбур чертмоқ билан баравар эмасми? Тожиддин Қосим шундай разилларданки, мулкдорлар ва юқори амалдорларнинг соясига салом беради. Уларга ёқиш учун гуноҳсизнинг бўйнига сиртмоқ солиб, дорга ўз қўли билан осишдан ҳам тоймайди. Шунинг учун Аҳмад Ҳусайн уни инсофга, адолатга чақиришни маъносиз, деб билди-да, ўрнидан туриб, заҳарханда билан деди:
– Таклифни қабул қиламан, сиз тинч бўлсангиз кифоя!
Тожиддин Қосим енгилланиб, қаддини ростлади ва унинг қоп-қора, худди мойлангандай йилтироқ совуқ юзига табассум ёйилди.
– Қалай, ғоят одилона ва маъқул таклиф эмасми? Мен фақат сизнинг манфаатингизни ўйладим, – деди Тожиддин дўстона бир оҳангда, – Сизнинг истеъдодингизни биламан, сизга ҳурматим ҳамиша баланд. Мана шунинг учун сизни балодан сақлашни виждоний вазифам деб билдим. Алҳамдулилло, муваффақ бўлдим...
– Офарин! – бошини тебратиб, кинояли товуш билан қичқирди Аҳмад Ҳусайн, – Кишининг бошида тош чақиб, яна шафқат ҳақида сўз сотишга нақадар моҳирсиз!
– Ҳали ёшсиз, масаланинг нозик жиҳатларини яхши фаҳмламайсиз, биродар, – деди Тожиддин ўрнидан туриб, керишиб.
– Ўтинаман, қурбонингиздан кулманг! – деди қовоғини солиб Аҳмад Ҳусайн.
Тожиддин Қосим: «Худо ҳофиз» [2], деб ташқарига, отилди. Бироқ остонада бир зум тўхтаб, секингина деди «Маошингизни адресингиз бўйича юбораман».
Аҳмад Ҳусайн бирпас чўзилиб ётди. Шу топда ҳамма нарса бўш ва маъносиз каби туюларди. Ногаҳон ағдар-тўнтар ясаган бу бахтсизлик тўғрисида ўйламоқ ва бундан кейинги йўлни белгиламоқ учун уринди. Бироқ кўзларини юмиб, пешонасини чимчилаб, қанча уринмасин, барибир тарқоқ фикрларини йиға олмади у ниҳоят, уҳ тортиб, столча ёнига келди-да, қолган дафтарларни диққат билан кўздан кечирди, кейин уларни қўлтиққа олиб, мактабга чиқди. Ҳовлида ва хоналарда ҳеч ким йўқ эди. Аҳмад Ҳусайн ноилож Тожиддин Қосим кабинетига йўналди. Директор кичкина, ёп-ёруғ хонада оддий столга оғир гавдасини осилтириб тутун ҳалқалари орасида нимадир ёзмоқда эди. Унинг тепасида, деворда Жиннанинг [3] катта, рангли сурати ой-юлдузли икки байроқча ўртасига осиғлиқ эди. Аҳмад Ҳусайн столга дафтарларини аста қўйди. Тожиддин Қосим тутун булути орасидан тиржайди ва маъқул, дегандай бошини қимирлатиб-қимирлатиб қўйди.
– Худога шукур, бу чигал масала, фойдангизга ҳал бўлди, – деди қувончли бир оҳангда Тожиддин, – Мана изоҳнома ёзаётирман, ҳақингиздаги шубҳаларни кулдай совураман. Аммо сизга дўстона маслаҳатим шу: бузғунчилар тоифасидан ҳазар қилинг, уларнинг йўли – фалокат йўлидир!
– Ақл ва виждоним қайси йўлга бошласа, ўша йўлга кираман! – деди ғурур билан Аҳмад Ҳусайн. Тожиддин бир зум бармоғини тишлаб, муаллимга ҳўмрайиб тикилди-да, «ҳиммм...», деб, яна ёзишга киришди.
Аҳмад Ҳусайн ҳужрасида баъзи муаллимларга, дўстларига қисқа-қисқа хат ёзди, кейин китобларни саралаб, жомадонга жойлади. Баъзи қақир-қуқурларини таниш қўшни оилада қолдирди. Ниҳоят, бир қўлтиғида тўшаги, қўлида жомадони билан катта йўлга чиқди. Гузарда одам, одатдагича, қалин ва суронли эди. Кира машиналарга мина олмай, тўнго [4] ёллади. Аравага, ундан бошқа, ярим яланғоч, сочлари ҳурпайган бир йигит ҳам ўтирди. Катта салласининг печи кўкракка тушган, елкасига қопсимон одеялча ташлаган, соқоли сариқ қизғиш ранг билан бўялган қари ҳайдовчи узун қамчинни ҳавода ўйнатди. Худди қирк отларидай безатилган семизгина, силлиққина бўз от текис елиб кетди. Қўш ғилдиракли, кичкина оқ соябончали, бўёғи йилтираган тўнго қўнғироқчаларни шўх янгратиб, кенг асфальт йўлда сирпанар эди. Ҳайдовчи ёнида сал энкайиб, бўшашиб ўтирган: Аҳмад Ҳусайн ғамгин эди. Орқадаги ярим яланғоч, ҳурпак соч йигит эса оқи сарғайган йирик кўзларини жовдиратиб, бақувват тишлари билан шакарқамишни ғажирди. Аҳмад Ҳусайнга қараб-қараб қўйди, у билан гаплашгиси келди-ю, лекин не учундир бирдан шубҳаланиб, яна айниди. Сариқ-қизғиш соқоли ҳилпираган қари тўнгочи қамчинни ҳавода, муттасил ўйнатар, қаршидан келаётган таниш ҳамкасблари билан қийқириб ҳазиллашар эди.
Йўлнинг икки четини Ҳиндистон табиатининг мўъжизадор, сеҳркор кучи яратган азим, кўркам дарахтлар безар эди. Буларнинг орқасида шакарқамиш, каноп, жўхори ва ҳар нав сабзавотлар билан қопланган кўм-кўк далалар ястанган. Ориқ, оёқлари ингичка, кийимлар жулдур деҳқонлар омоч ортида энкайиб, ҳорғин ер ҳайдайдилар. Узоқ ва яқинда кўзга чалинган қишлоқлар бир-бирига минган алмойи-алжойи, қинғир-қийшиқ, каптархонадан, оғилдан баттар кулбаларнинг даҳшатли манзарасини гавдалантирадики, уларда яшамоқ одам шаънига мутлақо хилоф!
Ўқтин-ўқтин, гоҳ ўнгда, гоҳ сўлда, пальма оғочлари ва гулларнинг ранг-баранг ёлқинлари орасида гўзал кошоналар юксаладики, буларда заминдорлар яшайди. Йўл серқатнов. Эшак ва қўтосларни савалаб ҳайдаган жулдур кийимлилар, қанордай «парда»га чулғанган ва бир боғ ўтин ёки сават ё қопдаги гўнгни бошларига қўйган шарпасимон аёллар, товусдай безаниб кезишга чиққан серсавлат давлатмандлар учрардилар. Мана, қип-яланғоч эркак! У оҳиста ва ўйчан борарди... Аҳмад Ҳусайн яланғочга қитдай эътибор қилмади: бу мамлакатнинг боласи бу ернинг бутун ғаройиботига одатланган! Бироқ, янги, серҳашам машинада икки инглиз – бири ҳарбий, бири граждан кийимида, лекин ҳар иккови хўжайинларча кеккайган – чанг кўтариб учиб ўтганда, Аҳмад Ҳусайннинг кўзлари бир он ўқрайиб кетди... Улардан нафрат қиларди у.
Шом қоронғисида тўнго Лоҳурга кирди ва бозор ёқалаб илгарилади. Чироқлар қандайдир хира ва бинафша рангсимон нур сепади. Дўконлар, дўкончалар, бир-бирига мингашган ола-була вивескалар фантастик ранглар билан кўзни қамаштиради. Яхлит ойналарда тўда-тўда эшаклар, қатор-қатор туялар, қўнғизсимон автомобиллар ва қор кўммаларидай саллалар гирдоби қайнайди. Ҳавода гаранг қилувчи ялпи шовқин. Ўнларча туташ катта-кичик қозонлардан буғланиб қайнаган оммабоп аччиқ овқатларнинг ўткир ҳиди димоққа уради. Йўл устида, йўлкаларда икир-чикир сотувчилар қичқиришдан бир зум тинмайди. Айниқса мевафурушларнинг шовқинли қичқириқлари авжда. Ранго-ранг оломон гувиллаб чайқалади: яланг оёқлар, ҳурпак сочлар, печдор саллалар, яланғоч елкалар, эски шарқ афсоналарига доир саҳна асарларининг қаҳрамонлари сиймолари, бахшишталаб, гала-гала тиланчилар, қора ва оқ «парда»ларга чулғанган аёллар, белларига бир парча лунги осган қора-қура болалар, чилим-калён кўтариб тентираган қилтириқ чоллар...
Аҳмад Ҳусайн кенг асфальт кўчада, шаҳар музейи қаршисида, тўнгодан сакради ва ҳозиргина хўмрайиб ўтирган ярим яланғоч ҳамроҳининг қайга ғойиб бўлганига таажжубланди, юрагига шубҳа бир зум соя ташлади қари очкўз тўнгочининг қўлига пул қистириб, Ахмад Ҳусайн юкларни кўтарди ва ҳорғин, хафа ҳолда аста-аста уй томон юрди.
Баланд ғиштин, жуда кўҳна бинонинг орқа томонига ёпишган омонатгина уйчада хира чироқ теварагида, ёш болалари билан гурунглашиб ўтирган она дастлаб шодликдан энтикиб кетди:
– Жуда соғинган эдик, ҳозиргина тилимизда эдинг, Аҳмадим! – деб ўғлини қучоқлади. Лекин унинг юкларини кўриши биланоқ юраги бир он чўчиб кетди: ҳар гал қўлтиғида биронта китоб ва оила учун киссасида бир неча рупия билан келар, ҳаммани қувонтирар эди. Лекин она сир бермади, идиш-оёқни йиғиштириб, ўғлига жой тайёрлашга тутинди. Аҳмад Ҳусайн учта синглиси билан кўришди. Қизчаларнинг каттаси ўн уч, кенжаси етти яшар эди. Булардан бошқа икки синглиси турмушга чиққан эди.
Аҳмад Ҳусайн шолчага ўтириши билан энг кичик синглиси унинг елкасига қўлларини қўйиб, қора, йирик шўх кўзларини ўйнатиб деди:
– Эртага менга ҳалво олиб берасиз-а? Ҳаким бобонинг ҳалвосидан, ҳар хилидан оламиз...
– Албатта, сен ўзинг танлаб оласан, – деди кулишга тиришиб Аҳмад Ҳусайн ва қизчанинг исирғали қулоқчасидан эркалабгина чўзиб қўйди.
Она битта чапати ва бир тарелкада озгина сардакли гурунч келтирди ва ўғлининг олдига қўйиб, ейишга қистади. Аҳмад Ҳусайн роса очиққан эди, чапатидан бир тишлаб, қўлини дарров тарелкага узатди. Онанинг кўзлари унинг чиройли эгилма қошлари ўртасидаги ғам тугунчасига тикилди, кейин беихтиёр равишда юкларга тушди.
– Болам, тинчликми, нега алланечук ғамгин кўринасан? – сўради ичдан хўрсиниб она.
Аҳмад Ҳусайн учун жавоб ғоят оғир эди. Сирни очсинми, йўқми? Сирни очиш – онанинг меҳрибон ва умидларга тўла юрагига наштар санчмоқ билан баравар эканини билар эди ўғил. Ахир табиатан кам сўз ва камтар бу аёл ўз ўғлининг касби тўғрисида гап очилганда қўшниларга ҳатто мақтаниб ҳам қўймасмиди?! Лекин Аҳмад Ҳусайн воқеани яширишни истамади. Барибир унинг сезгир дадаси мана ҳозир келиб, бутун сирни очишга уни мажбур этади.
– Мактабни тарк этишга тўғри келди, – деди Аҳмад Ҳусайн дадил боқиб, – хафа бўлманг, ўртанманг, она. Мен бағрингизга келдим...
Она бир зум бўшашди, кўзлари пир-пир учди этсиз, кичик, серхол юзи аламдан бужмайиб кетди. Бутун умр қашшоқлик исканжасида қийналган бу аёлнинг юрагида умид учқунлари кундан-кун кучая бошлаган эди. Мана уларни ногаҳон бир онда тубсиз қоронғилик ютди-қўйди...
– Нега? Бирон сабаби борми? – сўради бўғилиб она.
– Лекин мен ўз вазифамни ёмон бажарганим учун эмас, балки аксинча. Фақат жоҳилларнинг бўҳтонига дучор бўлдим, – деди Аҳмад Ҳусайн ҳатто фахрланган бир турда. – Бироқ, она, ҳақлигимни ҳис этганимдан, юзим ёруғ. Бўҳтончилар чиндан ҳам бахтсиз махлуқларки, улар ўз ғалабалари натижасида юзлари баттарроқ қорайганини, ичлари яна баттарроқ чиркинлашганини сезмайдилар.
Она ёмонларни қарғади-да, бошини ўкинч билан тебратиб деди:
– Наҳотки мусулмон ўз мусулмонига душманлик қилса!
Аҳмад Ҳусайн кинояли кулди, тарелкани бўшатиб, қўлини артди ва сигаретни асабий равишда ёқиб, тез-тез чекди, кейин худди ўз-ўзи билан гаплашгандай, секингина деди:
– Тилида Қуръон сўзи, аммо қилмиш-қидирмиши гуноҳдан иборат бўлган ҳаромхўрлар, бадкирдорлар, золимлар озми? Афсус, лекин аҳвол шундай...
– Тунда ёмон тушлар кўргандим. Мана, дарров фалокат рўй берди, деди она уҳ тортиб. – Энди оқибати бахайр бўлсин, мушкулларимизни ўзинг осон эт, ё Худо!
Аҳмад Ҳусайн катта синглисини юпатди; кўзларида ёш қайнаган қизчаларнинг силлиқ сочларини силади ҳатто уларга янги кўйлак ваъда қилди.
– Энди керак эмас, ака, – деди ёши каттаси энтика-энтика. – Олдин бирон ишга киринг, ундан кейин майли...
Энг кичиги эса эртанги ҳалвонинг ширин тасаввури билан бир чеккада чўзилиб, секин мудрамоқда эди.
Мана, масжиддан, «хуфтон» намозидан ота ҳам қайтди. Абдулвоҳид узун бўйли, новдадай ингичка, ҳаракатлари мулойим, мош-гурунч соқоли эчкиникидай кўримсизгина, қирқ саккиз яшар киши эди. У ўзининг эски тор очканини [5] кийганда, белининг ингичкалиги айниқса кўзга ташланар эди.
Лекин Абдулвоҳид ўз қарашларининг содиқ қули ва мутаассиб мусулмонлардан эди. У бир вақтлар мадрасада кўп йил ўқиб, лекин оз маълумот касб этган ва ҳаётнинг турли тармоқларида турли ишлар билан шуғулланиб, биронтасида дурустгина наф кўрмаган эди. Ҳозир эса Абдулвоҳид қандайдир диний муассасанинг баладия шуъбасида арзимайдиган бир маошга қаноатланиб, кичик котиб вазифасини ғоят зўр интизом ва сидқидил билан бажарар эди.
Отасини кўриши биланоқ Аҳмад Ҳусайн қизариб кетди ва ўрнидан туриб, тавозе билан кўришди. Абдулвоҳид кичкина, чўзинчоқроқ бошидаги тоза, кўркам саллани қозиққа илди-да, эски, айниган фасни – «ҳожи дўппи»ни кийди, шокиладай соқолини ингичка бармоқлари билан тараб-тараб, ўғлининг қаршисига тиз чўкди.
– Хўш, бевақт келибсан, ўғлим? – ота мурожаат этди йигитга ва ундан жавоб кутмай, қийғоч, ўткир кўзларини хотинига, қизларига бир зум югуртириб, елкасини қисди. – Нега юзларингизда булут?
Аҳмад Ҳусайн отага дадиллик билан қараб, жавоб берди.
– Кечирасиз, уйга қайғуни мен бошлаб келдим: мени мактабдан озод қилдилар, тўғриси ҳайдадилар...
Абдулвоҳид гўё бошидан совуқ сув қуйгандек сесканиб кетди, қирра бурнининг катаклари керилди, бироқ у тезда ҳаяжонини босишга муваффақ бўлди; одатича, кескин товуш билан бийрон-бийрон деди:
– Хатонинг йўлдоши жазодир. Одам ва Ҳаво ҳам ўз қилмишлари учун жаннатдан қувилганлар. Хўш, сени қандай шайтон Ҳақ йўлидан тойдирди?
Аҳмад Ҳусайн бутун воқеани батафсил ҳикоя қилгандан кейин, ота оқариб, қалтираб кетди. Бу ўжар, мутаассиб кишини Аҳмад Ҳусайн ҳеч вақт бу қадар дарғазаб ҳолда кўрмаган эди. Ўғил ихтиёрсиз равишда бошини эгишга, мажбур бўлди.
– О, ҳали сен иблис фарзандлари билан ҳамтовоқ бўлдингми? – қичқирди Абдулвоҳид тупугини сачратиб. – Бу қандай шармисорлик! Қасабачилар тоифасини ислом ва Покистон абадиян лаънатлаган. Ё Худо, бу гуноҳкор ўғилга ўзинг тавфиқ бер ва мен қулингни кечир. Аҳмад, фитна-фасод аҳли билан алоқангни кес, ватанга хиёнат қилма!
– Ота, мен дедим-ку, менда айб йўқ, – деди ишонч билан Аҳмад Ҳусайн. – Бари иғво! Хонамда бир кун қўнган дўстим – фақир, софдил, виждонли бир йигит. Бир парча нонга зор, иш излаб, пиёда тентираган бир дўстга лутфикорлик кўрсатиш менинг диний ва инсоний бурчим эмасми? У балки бирон митингда қатнашган бўлса, полиция исковичлари уни дарров «хат»га олгандирлар. Биласиз, бўрк ол деса – бош олмоқ, пашшадан фил ясамоқ – полициянинг суйган методи. Бу инглизларнинг эски синалган методи... Шеър хусусида айбланишим эса, инсоф қилинг, ота, бутунлай ғаддорлик ва жаҳолат эмасми? Шеър гуё деҳқонларимизнинг оғзидан ёзиб олингандай содда, гўзал ва ҳақгўй бир асар!
– Бас, – сабрсизланиб қичқирди ота, – Шеър фаришталарнинг ибодатидай юксакдир! Сендан эшитяпман: деҳқон сўзи шеър даражасига кўтарилибди! Йўқ ўғлим, сен хато йўлга тушибсан, мен бехабар эканман. Қайт, қайт, ислом ҳақиқатига сидқидил билан бўйсун. Хотирла, Покистон учун, ислом учун мен миллионлар қаторида не-не жафолар чекмадим: қамадилар, бўғовладилар, таёқладилар! Қулоқ сол, мен сенга ҳозир бир сиримнн очай. Абдулвоҳид энкайиб, овозини пасайтириб сўзида давом этди, – Вақти келганда мен мана шу қўлларим билан одам ўлдирдим – нопок ҳиндининг бўғзига ханжар санчдим! Бари ислом учун.
– Мақташга сазовор иш, қаҳрамонлик! – захарҳанда билан қичқирди Аҳмад Ҳусайн, – Ота, кечирасиз мени, қилмишингизни оқламайман, сизга ачинаман: сиз душман қонини эмас, ўз қўлингиз билан ўз қонингизни тўккансиз. Шундай. Таассуб ва хурофотлар, макрлар ва алдоқчиликларнинг қалин пардасини йиртиб, халқ ва мамлакат тарихига чуқур назар солсангиз, ўз оёғингизга ўзингиз болта урганингизни равшан тушунасиз. Ота, ватан, халқ ва давлат қайғусига, тақдирига ўғлингиз бепарво эмаслигини биласиз. Кейинги беш-ўн йил мобайнида неча марта қўлимга қурол олдим. Ҳиндистоннинг озодлиги учун келгинди хўжайинлар, очкўз бўриларга қарши сўнгги томчи қоним, сўнгги нафасимгача жанг қилишни улуғ бахт, деб билар эдим. Ҳиндистоннинг миллионларча ўғилларининг юраклари шу ғоя билан тепарди. Йўқ, қари йиртқич чўчиди, ўрмонга ўт тушса, унинг ҳолига вой! Лондон ўзининг макрлар хазинасини очди. Натижада парчаландик. Мана энди империянинг ҳўкизи бўлиб, унинг қамчини остида янги бўйинтуруқларни судраётирмиз. О, бу қандай гумроҳлик! Озодлигимиз фақат бир шарпадан, соядан иборат бўлиб қолди. Ота, агар муборак тупроғимизда сўнгги инглизнинг шум изини ўчирмасак, Покистон ватанпарварлар учун нопокдир!
Аҳмад Ҳусайн ўрнидан турди ва сигаретни асабий равишда тортиб, жомадондан китобларини бир-бир олмоққа киришди. Абдулвоҳид оғир уҳ тортди ва бошини ўғли томон буриб, куюниб қичқирди:
– Хўш, мени инглизпараст сотқинлардан бири деб ўйлайсанми?
– Асло, ота, асло! – деди Аҳмад Ҳусайн бирдан юзи ёришиб.
– Бас, бас! – деди она яна баҳслашишга ҳозирланган эрини секин туртиб, – Инглизнинг қораси ўчсин, бошимизга келган ҳамма балолар ўша инглиз туфайли...
[4] Тўнго – от қўшилган кичик, ихчам киракаш арава.
[5] Очкан – тик ёқали узун камзул.
[1] Чапати – нон.
[3] Жинна – Покистон давлатининг ташкилотчиларидан бири. Ҳиндистоннинг иккига айрилишига энг фаол иштирок этган.
[2] Худо ҳофиз – Худо ёрингиз бўлсин.
II
Аҳмад Ҳусайн тор, ҳаммомдай иссиқ уйда ўтирар эди. Китоб титкилар, эски-янги арзимас нарсаларни, қадим замон шеър ва ҳикояларини ўқир, шу ҳолда кун кечирар эди. Ўзи диққат, хуноб, лекин тез-тез хаёлга кетарди. Умид, тилак, орзулари бирпас, бир зумгина кўнгил ва қалбига машъал бўлиб, хаёлида учар эди. Қариндошлар, қўшнилар, ҳеч ким ёқмас, ҳеч нарсани кўнгли кўтармас, ҳеч нарсани истамас эди, чунки қаттиқ хафа эди. Жамият, ижтимоий фикр, ғоя – ҳеч нарсани хоҳламас, барчасидан безган.
Бирдан пешин чоғи, Аҳмад Ҳусайн ўрнидан ирғиб турди. Шиппагини оёқларига илиб, калта шим ва енгил кўйлакда, бош яланг, кўчага хурсанд чиқиб кетди.
– О, – деди орқасидан қараб онаси, – шукур, хўп биқсидинг, ўйнаб кел, бир оз овун, мактабга ҳаракат қил, уқдингми?
Синглиси, онаси, кичкина синглиси – барчаси суюнишди.
– Бир ҳафта бўлди-ю, уйдан чиқмади, тавба, – деди синглиси.
– Бир асрдай туйилди-я, – деди онаси.
Аҳмад Ҳусайн узоқ, бир талай юрди, юраги баъзан дук-дук урар ва бирдан ҳовлиқиб кетарди.
Қизни излаб, узоқ боргач, унинг кўчасида тўхтади. Лекин андиша қилиб, мушкулот чекарди. Қизнинг уйидан нарироқда айлана-айлана юрар, иложсиз эди. Ниҳоят, таваккал қилиб, яқинда ўйнаб юрган тийрак ва шўх бир болага алланимани пичирлади.
– Бахшиш берасизми? – кўзларини ўйнатди бола. – Дарров чақириб бераман – менинг қўшним-ку! Лекин қувсиз-да, – шивирлади бола кулиб, – Тушундим.
– Секин сўзла, «Муаллим чақиряпти», дегин, уқдингми? «Аҳмад Ҳусайн», дегин. Билади. Тез ғизиллаб кириб чиқ, бахшиш бераман, – деди Аҳмад Ҳусайн.
Бола югурди.
Аҳмад Ҳусайн у ёқ бу ёққа юриб турди. Асабий, ҳислар ва туйғулар қуюнида қизни кутар, балки чиқар, деб умид этар эди...
Бир вақтлар камтар бир муаллим, прогрессив интеллигент бир неча ёшларни зиёфатга таклиф этган эди. Муаллим ўрта яшар, ақлли, ёшларга меҳрибон киши. Жума куни эди. Ёшлар, прогрессив интеллигентлар бор эди. Булар орасида муаллимнинг хотини ва тўртта қиз ўтирар эди. Одатда, қизлар ичкарида, айрим бўлиши керак, аммо шундай илғор, прогрессив интеллигентлар ўтиришида баъзан қизлар, аёллар кўриниб қоларди.
Мажлис шўх, тотли, хуррам бўлди. Аҳмад Ҳусайн шу зиёфатда Искандаро деган бир қиз билан танишган. Искандаро ҳаётда беҳад жафолар чеккан, камтар, виждонли бир ҳинд аёлида ўқиган; у тавсия қилган ҳур фикрли китоблар қизнинг юрагида юксак ғоялар ва мақсадлар машъалини ёққан... Инглиз тилида, кўп ҳикоялар, шеърлар мутолаа этган. Ҳинд аёлининг эри – машҳур инқилобчи, олим – турмада кўп ётган мард киши эди. Мамлакат Покистон ва Ҳиндистонга ажралгандан сўнг, турмада кўп азоблар тортиб, эллик тўрт ёшларда ҳалок бўлган, аёли эса Ҳиндистонга қочган эди.
Искандаро бир неча йил мактабда Қуръон таҳсил қилиб, ўқиш-ёзишни ўргангандан сўнг уйда қолган. Хаёллар дунёси кенг, ўткир фикрли бу ҳассос қиз берилиб кичик-кичик ҳикоялар ёзар ва ёзишга ўрганар, уринар эди. Бир қисқа ҳикояни уй хўжаси – муаллимнинг илтимоси билан Искандаро ўқиб берди, у ҳаммага ёққан ва манзур бўлган эди. Қиз камтар, очиқ, чиройли, умуман айтганда, гўзал эди.
Искандаро таҳсилга ҳавасини сўзлаб, Аҳмад Ҳусайнга ҳасрат қилди. «Коллежга кириб ўқир эдим, отам-онам қарши», – деб ўксинди. Аҳмад Ҳусайн адабиётни мақтаб кетди, «Орзуларим бор, журналист бўлишни истайман, – деди. – Лекин дардисар тирикчилнк – тўсқин. Сизда равон услуб бор, қунт қилиб ўрганинг, мутолаа қилинг», – деб маслаҳат берди. Сўнг Аҳмад Ҳусайн Искандаро олдига бориб келиб, қалин ошна бўлди. Айниқса, ҳикоя мавзуси баҳона эди, тез-тез кўргиси келар, борар ва гапни ҳикоядан бошлар, ўқир, маслаҳат берар, тузатар эди. Искандаро ҳам ҳар гал уни қувониб қарши олар, хайрлашар экан, «Келиб туринг», – дерди. Булар шундай дўстлашган эдилар...
Мана, Аҳмад Ҳусайн, ҳар вақтдаги каби яна Искандарони интизорлик билан кутар, ўтган-кетган кишилар – қарилар, болалардан чўчир ва ваҳима босар, ўқтин-ўқтин юраги қаттиқ тепар эди.
Бола тезда қайтиб келди ва шивирлаб:
– Йўқ экан. Онаси уни мажлисгами, гўргами чиқиб кетган, йўқ, деб бақирди. «Нима ишинг бор? Тез айт!» – деган эди, ғир этиб, базўр қочдим, – деди бола ҳовлиқиб.
Аҳмад Ҳусайн бирдан оқариб кетди. Бир нафас жим қотгандан сўнг, секин киссасидан бир анна [6] олиб, болага тутқазди. «Эҳтимол ваъда этган тангани бермас», деб йирик қора кўзларини жовдиратиб, хавфда турган бола бирдан тангани кўриб, суюниб кетди ва илиб югурди.
[6] Анна – танга, майда пул.
III
Аҳмад Ҳусайн яна бир неча кун уйдан қўзғалмади. Унинг эрмаги ёлғиз китоблар бўлди. Фақат отаси ишдан қайтганда, мутолаани кесар, ўтмиш ва ҳозирги аҳвол ҳақида суҳбатлашар, баҳслашар эди.
Абдулвоҳид ўғлидан қаттиқ ранжиган бўлса ҳам, лекин ота муҳаббати устун келиб, хафалигини билдирмас, ваъз-насиҳатлар билан бу «адашган» фарзандни ўз эътиқодлари руҳида тарбиялашга тиришар эди.
Ниҳоят, Аҳмад Ҳусайн бир оқшом катак уйдан чиқди. Ҳаво мулойим, кўчалар суронли эди. Машиналар ва қўнғироқли тевалар орасида педикаплар пилдирайди, ҳайдовчилар эса олдинга энкайиб, ингичка оёқларининг томир ва пайларини қабартириб, суръатга зўр берадилар. Чорраҳада, баландликда қизил саллали, қисқа иштонли қоп-қора регулировшчик – йўлбон қўлларини оҳангдор ўйнатиб, кўча ҳаракатини бошқаради.
Аҳмад Ҳусайн кинога кирди. Зал дим ва тутунли эди. Томошабинларнинг аксари сигарет чекар эдилар. Америкада ишланган кино Аҳмад Ҳусайнга ёқмади. Фильмнинг мазмуни – Америка империалистлари мустамлака халқлари орасида маданият тарқатар эмиш! Аҳмад Ҳусайн бу заҳарни юта олмади, чалама-чатти кўриб, ташқарига отилди.
Тўлиша бошлаган ой дарахтлар орасида кумушланарди. Йигит уйга қайтишни истамади. Шу топда жонли, мазмунли ва эркин суҳбатга ташна эди. Лоҳурда унинг дўстлари, танишлари оз эмасди. Аҳмад Ҳусайн жимжит хиёбонда аста кезиб, кимникига боришни ўйлади. Қалбида ҳамиша Искандаро хаёли. Ҳар кун уни кўришни, сўзлашишни истайди, аммо тез-тез боролмайди, айниқса ҳозир, оқшом чоғи қизни излай олмайди. Аҳмад Ҳусайн юракдан оғир бир «уҳ» тортди ва сўл ёққа шартта бурилди. Ўн беш дақиқадан кейин у жуда тор қоронғи йўлакка кириб, тахта нарвондан болохонага кўтарилди. Баланд бўйли, кенг елкали, сочлари паришон йигит эшикни очиб, бир зум тикилди-ю, қаттиқ қучоқлади уни.
– Шоирим, соғмисан? Мана, янги шеърларингни тинглагани келдим, – деди Аҳмад Ҳусайн шод ва ҳаяжонли товуш билан.
– Мен сени ҳамиша эслайман, – деди Муҳаммад Жамол йирик, ҳамиша учқунланган, жовдироқ кўзларини олайтириб, лекин сендан ном-нишон йўқ. Мана икки йилда бир кўриниш бердинг. Қани, ўтир, сўйла.
Шипи паст, деворлари кир, жиҳозсиз хона ўртасидаги оддий столнинг икки томонига дўстлар ўтиришди ва тутун ҳалқалари орасидан табассум билан бир-бирига бирпас тикилишди.
Улар тенгқур эдилар. Коллежда икки йил бирга ўқишган, ҳамтовоқ бўлишган, оғир кунларда бир-бирига кўмаклашган.
Муҳаммад Жамол Покистон «Тараққий пасанд ёзувчилар ташкилоти»нинг фаолларидан эди. Талантли шоир халқчил янги адабиёт яратиш ишқи ва орзуси билан ёнар, ўз ижодиётида ҳамиша янгиликка, интилар эди тескаричилар унинг шеърларидаги «хавфли фикрлар» учун бултур коллежнинг охирги курсидан шоирни ҳайдаган эдилар.
Муҳаммад Жамол машҳур Даққидан, Ҳиндистон бўлинишидан хийла илгари келган. Ота-онаси оғир меҳнатда ҳаёт кечирган бўлсалар-да, Муҳаммад Жамолга таҳсил бериш орзусида кўринган ҳар муаллимга, саводли баъзи қариндошларига ялиниб-ёлвордилар. Минг азоб билан ўғилни ўқитдилар. Муҳаммад Жамол истеъдодли, талантли йигит эди, урду, форсий, инглиз тилла- рини яхши билар, мукаммал ўқир ва ёзар эди. Ёш вақтидан адабиётга ҳаваси зўр бўлиб, шеър ёзишни севар эди. Ҳозир эса ҳаммага танилган, ёшларнинг, прогрессив интеллигентларнинг севимли шоири эди.
– Қани, сўзла, ишларинг яхшими, дўстлар қалай, адабиётда қандай янгиликлар бор? – сўради Аҳмад Ҳусайн.
– Нимани суриштирасан? Қадимгидай, мана шу «гестапо» билан «Худонинг уйи» орасида дардимни чайнаб ётибман, – деди Муҳаммад Жамол дераза томонга ишора қилиб.
Аҳмад Ҳусайн кулди, кейин дардчил хўрсинди. Шоирнинг деразасидан бир-бирига рўбарў иккита катта бино кўринар эди: бири масжид, бири қамоқхона!
– Фақат келажакка умид мени яшамоққа рағбатлантиради, – деди Муҳаммад Жамол тўлқинланиб. – Ёлғиз олтин саҳар шамоллари билан озгина нафас олмоқ орзуси қора кучларнинг омонсиз зарбаларига дош бердиради. Дўстим, тун зулмати орасидан ёрқин қирғоқларни кўряпман!
– Истайманки, шоирнинг орзулари, умидлари туш эмас, ҳақиқатга айлансин, – деди Аҳмад Ҳусайн.
– Мен келажакка халқимнинг кўзи билан қараяпман. Аҳмад, ҳамишалик уқиб ол: халқ мўъжизадор кучдир! Хўп, қани, чакишайлик. Биласан, сўз қанотида учишни севаман. Айт, уйланмоқчисанми? «Парда» орасидан биронта нозанинни кўра олдингми?
– Бе, нималарни сўрайсан? Энди сўққа бошим ўзимга оғирлик қиляпти-ку, – деди Аҳмад Ҳусайн ва ўз дардини дўстига очди.
– Мана, расволик! – қичқирди Муҳаммад Жамол – Реакция кундан-кун кўпроқ қутуряпти. Маълум: инглизлар Гитлер ва Геббельснинг қонли, чиркин ҳунарини обдан ўрганиб, бизнинг арбобларнинг қўли билан обдан қуллаётирлар. Инглиз империализмининг қора қорнидан «чала давлат» туғилди. У ўз «фарзандини» ўзи тарбиялаяпти. У содиқ бўлсин, қулдай хизмат қилсин учун «ота» қамчинлайди, тепади. Йўқ, биз қулликдан тўйганмиз, бу буйинтуруқ ўзларига буюрсин. Аҳмад Ҳусайин зиндонга ташласинлар, Муҳаммад Жамолни дорга оссинлар, лекин халқнинг иродасини синдира олмайдилар Унинг юрагидаги муқаддас ўтни сўндира олмайдилар. Башарият тарихи зулм, ҳақсизлик, талончилик даврини поймол этиб, эрк ва адолатнинг нурли асрига ғолибона юраётир.
Муҳаммад Жамол ўрнидан турди, калтагина шимининг чўнтакларига қўлларини суқиб, дераза томон юрди, гўё тани куйгандай, гавдасини бирпас шабадага тутди кейин қайтиб, Аҳмад Ҳусайннинг елкасига қўлини қўйди-да, дардчан товуш билан секин деди:
– Хафа бўлма дўстим фойдаси йўқ. Ҳаракат керак. Отамиз ҳам, онамиз ҳам кураш бўлсин! Бизнинг ҳақиқатимиз курашда туғилади. Муҳитни ўраган қалин зулматни кураш машъали ёндиради.
Аҳмад Ҳусайн бу сўзларни баланд шоирона сўзлар каби тушуниб, уларнинг мазмунига унчалик эътибор бермади.
Муҳаммад Жамол хона ичида аста юриб, гўё ўз-ўзи билан гаплашгандай кураш тўғрисида бир-биридан қизғин ва ёрқин сўзлар айта бергач, Аҳмад Ҳусайн бир оз ижирғаниб, дўстига мурожаат этди:
– Қандай кураш, кимга қарши кураш? Мақсад нима?
Муҳаммад Жамол столнинг бир чеккасига ўтирди тирсаккача очиқ ва сертук қўлларини кўкракда чал каштириб, бир-икки дақиқа индамади. Унинг кўзларида жиддий ўй, лабларида маънодор, ингичка табассум сезиларди. Кейин шоир қўлларини столга қўйди ва бутун гавдаси билан дўсти томон энкайиб, паст товуш билан деди:
– Жабр зулмга қарши ҳуқуқсизликка қарши курашмоқ керак. Халққа эрк учун, нон учун, маданият учун курашга отилмоқ керак. Бу нарсага меҳнатни озод қилмоқ билан муяссар бўлинади. Демак, озод меҳнат шоири бизнинг байроқдир!
Аҳмад Ҳусайн столга ястаниб, кўзларини сал юмиб индамасдан, сигаретни узоқ тутатгандан кейин, ниҳоят бошини бирдан силкиб кўтарди-да, шоирга хўмрайгансимон қаради:
– Ана донолик! – деди у киноя билан инглиз тилида, кейин урдуча давом этди. – Нима учун, албатта қўзғолонлар, суронлар йўли билан ҳаракат қилиш керак? Кураш халқни бирлаштирмайди, кескин равишда айиради, ҳаётнинг тарих тиккан чокларини узиб ташлайди, дўстим. Мамлакатимиз учун иттифоқлик, баҳамжиҳатлик, якдиллик сув ва ҳаводай зарур. Сен илгари ҳам қайноқ эдинг, аммо энди фикрларинг адабий ва маданий масалалар доирасидан сиёсий жараёнларнинг азим майдонига парвоз қилибди. Жуда ўзгарибсан, жуда.
– Тўғри. Мен шу сўнгги бир-икки йил ичида ҳаётдан кўп дарс олмоқдаман! – деди Муҳаммад Жамол ғурур билан. – Сен эса коллеж профессорларининг чирик назарияларини, расмий матбуотнинг ёлғонларини ҳали ҳам чайнар экансан. Яхши, мен фақат ўз қарашларимни баён қилдим, дўстимсан, сенга ишонаман...
Аҳмад Ҳусайн шоирнинг кўзларида нозик киноя жилвасини сезиб, дастлаб бир зум алланечук қизариб кетди-да, дарҳол ўзини тутиб олди ва баҳсни давом эттиришга тиришиб, ҳужумкор бир турда, қизғинлик билан деди:
– Тўғри, мусулмонлар тенг эмас. Бу тенгсизлик, барча руҳонийлар, давлат арбоблари ва бир тўп олимларимиз шу вақтгача халққа уқдириб келганидек, Худонинг иши, деб ўйламайман. Бироқ жамият тузилиши ҳамиша шундай адолатсиз бўлиб келганлиги фактдир. Бунинг учун тарих айбдор, инсонларнинг феъл-атвори ва улардаги тузалмас табиий заифликлар айбдор...
– Демак, сенингча, халқнинг жуда кўпчилиги абадий қулликка, изтироблар ва фалокатларга маҳкум экан-да! – заҳарханда билан деди Муҳаммад Жамол.
– Нега, нега? – бирдан ўрнидан турди Аҳмад Ҳусайн ва ҳаяжонли, лекин паст, бўғиқ товуш билан давом этди. – Ҳаёт шароитини аста-аста ўзгартириш, халқ аҳволини енгиллатиш мумкин. Аммо бунинг учун сен таклиф этган кураш фалсафаси эмас, гўзал ва одил қонунлар, ислоҳотлар керак. Диний ва миллий руҳнинг тарбиясига алоҳида эътибор ва диққат лозим. Башарият, Худога шукур, илм-урфон даврида.
Муҳаммад Жамол бир-икки йил бурун ўзи ҳам асосан шундай ўйлар билан бош қотирганини, бироқ кейин уларни худди хурофотдай ташлаганини айтди ва ижтимоий тараққиётнинг барча қонунларини тўғри очиб берувчи таълимот билан қуролланаётганини ифтихор оилан гапирди-да, ортиқ баҳслашишни истамагандай ўрнидан қўзғолиб, тахта токчадаги қатор китобларга қаради, лаблари билан аста бир оҳангни куйлаган ҳолда, баъзи китобларни варақлаб кўриб, яна лоқайдлик билан жойига қўйди. Ниҳоят, яна шоир инглиз ва урду тилларидаги бир неча журналларни столга, Аҳмад Ҳусайн олдига ташлаб, ҳозир қайтаман, деб эшик томон юрди. Аҳмад Ҳусайн журналларнинг бетидаги ранглари ёрқин, бироқ бемаъни мода расмларига бирпас тикилди, лекин уларни варақламади ҳам. Йигитнинг бошини ҳар хил назариялар, қарашлар, масалалар банд этган эди. У ўзи маҳкам ишонган ва ҳаётга қўлланилишини бутун юракдан орзу қилган эътиқодларини мудофаа қилмоқ учун дўсти билан мунозарага тайёрланар ва ўз ичида шоирга дўқ қилар эди: «Хурофотлар эмиш-а».
Кўп ўтмасдан, тахта нарвон гурсиллади. Муҳаммад Жамол сал ҳансираб кириб келди. Шоир, устига ўн чоғли банан қўйилган иккита «чапати» – юпқа нонни столга атайин тантана билан қўйди-да, кафтларини ишқалаб, кулиб деди:
– Буюрсинлар, оч кунда бу ҳам нозу неъмат.
Дўстлар бир оз сўлган бананларнинг олтинсимон пўстларини арчиб, нон билан ея бошладилар. Аҳмад Ҳусайн Лоҳурда нашриёт ишлари ва қалам хақи ҳоказо тўғрисида суриштирди. Шоир овқатни тез-тез чайнаб нашриёт ва газета хўжайинларидан қаттиқ шикоятланди ва жаҳл билан деди:
– Ҳаёт ҳақиқатини куйласанг, халқ учун ёзсанг таёқ ейсан; ёлғонни ёзсанг, бошингни силайдилар-у лекин бари-бир, қалам ҳақи масаласида ўлгндай хасислик қиладилар. Сармоядорлардан рупия талаб қилмоқ – итдан суяк сўрамоқ билан баравар! Уларни жони пул-да! Мен ёлғон-яшиқ ҳар хил пучак мавзуларда ёзмасликка онт ичганман. Ҳамёнимнинг қандайлигини шундан билавер. Хусусий озгина дарсим бор: инглизлашган бой оилада бир бойваччага урду тилини ўргатаман. Луш, шеърларимни ўқиб берайми?
– Муштоқман, аммо бир оз сабр эт, – деди лабларидан мева ширасини артиб Аҳмад Ҳусайн. – Қани, сен ҳали кўкларга кўтарган таълимот қайси?
– Ҳақиқий илмнинг ўзи у! – жавоб берди Муҳаммад Жамол, кейин банан пўчоқлари ва нон увоқларини йиғиштириб, қоғозга ўради-да, бурчакдаги яшикчага отди ва китобчалар орасидан шеър дафтарларини ахтариб топди ва уларнинг бирини варақлаб, керакли бетини очиб, дўстининг кўзларига яқин тутди. Шеърнинг сарлавҳаси «Марксизм – менинг қуёшим» эди. Аҳмад Ҳусайн сарлавҳани ўқиди-ю, индамасдан бошини эгди. Унинг пешонасида маънодор чизиқлар пайдо бўлди.
– Марксизм – ягона илғор, ягона ҳақиқатчи, улуғ таълимот. Бу – ҳаётни ўзгартишнинг қудратли қуроли! деди секин, аммо ўтли товуш билан Мухаммад Жамол.
Аҳмад Ҳусайн сигарет чекди, гавдасини столга ташлади ва маънодор илжайиб, шоирга узоқ қаради-да, «Сен у йўлга мансубдирсан, деб суҳбатнинг бошидаёқ гумонсирагандим», – деди ва бир оздан кейин: «Коммунистмисан?» – дея сўрамоқчи бўлди-ю, лекин баъзи андишаларга кўра, яна айниди. Энди унда баҳслашиш орзуси ҳам сўна бошлаган эди. Чунки Аҳмад Ҳусайн бу таълимотни ташвиқ қилувчилар билан ҳеч вақт муносабатда бўлмаган ва унинг моҳияти ҳақида биронта жиддий асар ўқимаганди ҳам. Коллежларда эса, бу тўғрида гаплашиш ҳам гуноҳи азим ҳисобланар, профессорчалар уни «жоҳил оломон маслаги», деб ҳар муносабат билан масхаралашга тиришардилар. Руҳонийлар, бир тарафдан, марксизмни «охир замон аломати», деб қарғашар, халқ оммасини Худонинг қаҳри билан қўрқитишар, иккинчи тарафдан, уларнинг қаламкашлари мақолалар ва рисолалар ёзиб, Қуръон сўзлари билан уни рад этмоққа зўр бериб уринишар эдилар. Реакциянинг муҳитда ҳамиша бурқиган заҳарли тутуни бу масалада Аҳмад Ҳусайнга гарчи у ҳодисаларни ўз ақли билан кўришга, тушунишга тиришса ҳам – озми-кўпми таъсир қилмасдан иложи йўқ эди.
– Хўш, нега бирдан нафасинг ичингга тушиб кетди? На шеърга, на суҳбатга ҳавасинг бор? – мурожаат қилди Муҳаммад Жамол кинояли кулиб, кейин дўстларча ачитиб деди. – Мен сени қуёшдан нафрат қиладиган кўршапалак, деб ўйламагандим. Қўрқма, ўз фикрларинг кавагида ётавер. Виждонли покистонликларнинг барчаси бизнинг байроқ остига келади бир кун. Замон, давр ўз қучоғини бизга очган!
Аҳмад Ҳусайн бошини сал эгди, унинг туси ҳам алланечук ўзгариб кетди. У нозик, сал титраган бармоқлари билан сигаретни эзиб ташлади-да, ўзига хос бўлмаган йўсинда тўнғиллаб кўйди.
– Сенинг мазҳабингни бизникиларгина эмас, Англия ва Америка файласуфлари, социологлари ҳам жуда осон рад этадилар! Мен нима биламан!
