автордың кітабын онлайн тегін оқу Ўйин
«...ЛАНДИ-ЛАНДИ...»
1
– ...Ланди-ланди – ўйи-ни-миз бош-лан-ди!..
– ...ланди-ланди – ўйи-ни-миз бош-лан-ди!..
– ...ланди-ланди – ўйи-ни-миз бош-лан-ди!..
Еттинчи берк кўчадаги қўни-қўшни болаларнинг ҳамма ўйини мана шу «ланди-ланди»дан бошланади. Фазли ё тўп тепамиз дейди, ё қутқармачоққа тортади, Яҳё чиллак ўйинини хуш кўради, Мираҳмад менга барибир деса, Лутфулла Кайковузга бориб чўмиламиз деб туриб олади. Хўжанинг энсаси қотгани қотган, ўртоқларининг орасида энг бетоқати ҳам у. Намунча чўздиларинг, бошласак бошладик-да, дея пешонасини тириштиради, депсинади. Унда-мунда сўкинишини-ку такрорлашнинг ҳожати йўқ. Нафақат ҳожати йўқ, балки айтишга тил бормайди, тил!
Каллаи саҳарлаб дейсизми, айни саратон, қуёш тиккага келган жазирамада ҳам ўйинсиз ўтиришмайди бу кўчанинг болалари. Кун қайтгандан то қош қорайгунча эса ўйинлар роса авжига минади. Ҳар бир хонадондан оналар, опалар, акалар, янгалар чиқиб, ҳар ким «ўз» боласини чақириб қўймайди.
– Ҳай фалончи-и, уйга кир, кеч бўлди!
– Пистончи-ю, қатта юрибсан, дайди, ярим кеча бўп кетди-и!
– Ҳой, ўғлим, қоронғида югуришмаларинг, йиқилиб-суқилиб, бир палакат орттирмаларинг!
– Овқатинг совиб қолди-и!..
– Ҳо-озир аданг чиқадилар! Кўрасан, кунингни!..
– Қаёқларда санғиб юрибсан, яшша...
Дунёда энг ёқимсиз нарса нима деб сўраб кўринг, бутун дунё болаларининг жавоби битта: намозшом, қош қорайган, ўйинлар айни қизиган маҳал уйдагиларнинг чақириб қолиши! Қош қорайса қораяр, овқат совиса совир, қорни очиқса очиқар, илло буларнинг ҳеч бири оқшомги ўйинларни тўхтатишга арзийдиган сабаб эмас. Қувламачоқ, беркинмачоқ, қутқармачоқ ўйнаётган боланинг қорни очармиди?! Шу-ундай завқли ўйинлардан ҳам чарчайдими, бола?!
Бу кўча болаларининг энг одоблиси, «яхши бола»си – Фазлиддин, Фазли, Пазли, Пази жон-жон дея ўйнаётган бўлса ҳам, опалари чақириб қолишса, уйига ғизиллаб кириб кета қолади. Чунки онаси айтган: яхши бола намозшомдан кейин кўчага чиқмайди!.. Намозшомда кўчага жин-ажиналар чиқади!.. Лутфулла ҳам шундай. Яҳёни Мавжуда опаси чақиради, сўнг Назира кеннойиси, сўнг онаси – Қутбиниса опоқи чиқади, чақириб қўймайди, Яҳёнинг эса қулоғига гап кирмайди, пинагини бузмайди у. «Ҳозир»ининг охири йўқ унинг. Ниҳоят, катта акаси кўринади кўчада. Ботир ака чурқ этмайди, жимгина, пусибгина, шовқин солмайгина ўйин қизиётган жойга келиб қолганини ҳеч зоғ пайқамайди. Бирдан кимнингдир нигоҳи тушади-ю, турган жойида тахтадек қотади! Болаларнинг бирортаси қимир этолмайди. Яҳё эса гап-сўзсиз, чақириш-бақиришсиз, ранги қум ўчади-ю, сувга шўнғигандай шув этганча ғойиб бўлади – уйига жуфтакни ростлайди.
Уйидагиларнинг чақиришларига мутлақо қулоқ солмаслик борасида Мираҳмадга тенг келадигани йўқ. У ҳеч кимдан ҳайиқмайди. Ҳарчанд оёқ тираб туриб олишмасин, опаларининг раъйига юрмайди.
– Эшикни қулфлаб қўямиз, кўчада қоласан! – деб дўқ уриб, қўрқитмоқчи бўлади Саида опаси бошқа гап тополмагач, бироқ Саида опаси дўқ уришни, укасини қўрқитишни эплолмайди, чунки унинг товуши ипакдай майин, ниҳоятда ёқимли эшитилади.
– Қулплаб қўя қол, – дейди Мираҳмад оппоққина, чиройликкина, сулувгина опасини писанд қилмай. – Ўйнаб бўлай, девор ошиб кираман, уйга!
Фақат Бақонинг уйидагилар чақиришмайди. Ака-укалари бор, синглиси бор, аяси бор, лекин улардан бирортаси: «Ҳай, Бақо, уйга кир!» деган гапни ҳеч ким эшитмаган. Шуниси биланоқ бошқа болалар Бақога ҳавас қилишади. Бақо ким, қандай бола у, уйидагилар – онаси, акалари ва укаси, синглиси қандай одамлар – деярли ҳеч ким билмайди ҳали. Чунки улар маҳаллага, қўшни олтинчи берк кўчадаги Расмия анининг болохонасига янгигина кўчиб келишган. Бақо ўлгудай одамови – даврага қўшиладими, ўйинга қўшиладими, чурқ этмайди, соқовми, нима бало, бунисиниям билишмайди болалар.
Хуллас, ўйинсиз кун йўқ, соат йўқ, лаҳзаям йўқ. Негадир катталар шуни тушунишмайди, чақиришган заҳоти ўйинни тўхтатиб, «хўп» деганча уйига йўл олган бола маъқул бола, яхши бола ҳисобланади уларнинг назарида, ваҳоланки, ҳар қандай маъқул-яхши бола ҳам ўйиндан узилиб кетиши осон кўчмайди, минг бир азоб-уқубатда мажбурлигидан, «Йўқ» дея олмаганидан уйига равона бўлади, ўйинни ташлаб кетаётган боланинг ичи ўртанади, майишади, эзилади. Дунё зимистонга айланади унинг назарида. Айримларининг баралла йиғлаб юбориши шундан. «Шу қоронғида ўйнаб шохинг чиқадими?!» дея танбеҳ беришлар янаям ғалати, ваҳоланки, кун ё туннинг ўтиш-ўтмаслиги одамларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ эмаслигини болалар ҳам тушунишади, аммо-лекин бола-болакайлар учун э-энг муҳими, вақт қизиқарли ўтиши керак. Эшитяпсизларми, ҳе-е-й одамлар, ҳе-е-й-й дунёнинг яхшилари, меҳри дарё мураббийлари, ота-оналар, ака-опалар, эшитмадим деманглар, кун-туннинг, соату лаҳзаларни қизиқарли ўтказишнинг яккаю ягона чораси – ўйин, ўйин, ўйи-и-и-н-н-н!..
Фазли ҳали ёш бола, гўдак, ўйинқароқ, ҳаётнинг борди-келдисини тушунмайди – ота-онаси, акалари ва опалари у ҳақда шундай деб ўйлашади. Бироқ Фазли катталарнинг айтганини икки қилмагани билан ич-ичида ўз билгани бор, тилида «хўп» деса-да, дилида «йўқ» дея қайсарлиги тутади. У тенгқур ўртоқлари орасида росаям зийрак, кузатувчан, оиласидагилар бўладими, қариндош-уруғларми, қўни-қўшниларми, маҳалладошларми – ҳаммасини таниб-билиб юради. Шунчаки ёки номигагина танимайди-билмайди, балки у ниҳоятда синчков – зимдан кузатади, ўрганади, ақли етганича хулосалар ясайди.
Яҳё ўртоғининг отаси – Жўрим амаки нима сабабдан чап қўлини узун енги ичида тутиб, орқасига қайириб юради? Чунки амакининг қўлидан бедана тушмайди. Бедана чўчиб кетмасин деган ниятда уни енги ичига яшириб, орқасига тутиб юради. Бошқа беданабоз амакилар билан гурунглашиш мақсадида Сағбон гузаридаги чойхонадан бери келмайди. Бедана уриштиришлар роса қизийди чойхонада.
Раззоқ амаки кўринди дегунча юрагининг така-пукаси чиқмайдиган бола йўқ, амакининг бирон марта кулганини ҳеч кимса кўрмаган, эшитмаган. «Тош ташлама!», «Чўп ташлама!», «Шиша синдирма!» дегани деган, оёқ остида ётган нимаики бор, қўлида йиғиб юради. Болаларни сидирғасига: «Уволингга мошхўрда!» деб койигани койиган, лекин буни ҳеч ким тушунмайди. Фазли шу «Уволингга мошхўрда!»ни ўйлагани ўйлаган – нима дегани бу? Раззоқ амакининг қарғишими, койишими, эркалашими? Хуллас, бу каби саволу жумбоқларга жавоб топмай қўймайди у, ўйлай-ўйлай жавоб топса бирон ҳадя оладигандек, мақтов-олқиш эшитадигандек севинчдан ўзини қўярга жой тополмайди.
Қўшни тупикда Самад чол, унинг қўшниси Зиё дўхтир, ундан сал берида Фаттоҳ амакиси, амакисининг тепасидаги болохонада Расмия ани... болалар боғчаси ёнидаги тупикда Зуҳри амаки, Фотма кинначи, унинг ўғли Жамил, ана, Миржалол мерганни унутибди! Ахир Миржалол амакининг лақаби – мерган, у киши урушда душманларни битта-битта отиб қирган, оғир ярадор бўлиб касалхонада ҳушига келиб қараса, икки қўли йўқ! Кесиб ташлабди, дўхтирлар! Амаки: «Мен икки қўлимдан жудо бўлдим, қайтиб борсам уйга киритасизларми?» деб хат ёзибди... Эҳ-ҳе-е, маҳалла-кўйда ўзи билган-нетганлар ҳақида бир чеккадан айтишга киришса борми, айтар гапи тугамайди Фазлининг! Сира тугамайди!..
Минов опоқи нега шаллақилик қилаверади? Ўйнаймиз деган болаларга кун бермайди? Ғалати-ғалати гап-сўзлари, қилиқлари нима сабабдан ўзига эриш туюлмайди? Буларнинг ҳеч бири бесабаб эмас, сабаби шундаки, Ҳасан бобой фашистларга қарши жангда дом-дараксиз кетган, бир ўғил-бир қизи билан қолган опоқи тиқ этса эшикка термилиб, неча йиллар кутган, кўзлари тўрт бўлиб. Қаерда, қачон урушдан гап кетса: «Маъмиримми отаси герой бўп келади, кўрасанлар!» деб кўксига гурсиллатиб урадиган одат чиқарган. Гитлер енгилиб, уруш тугаганидан ўн етти-ўн саккиз йил ўтибми, бир ҳолатда оиласи бағрига қайтган Ҳасан бобойни «герой»лардек қарши олиш қаёқда, шу-унча йил фронтда беиз-бедарак кетган одам... кўчага бош кўтариб чиқолмай қолган! Нима эмиш, Ҳасан бобой немисларга асир тушганмиш, шу-унча йил уларга қирғин келтириш у ёқда турсин, ўшаларнинг ош-овқатини еб, хизматини қилиб юрганмиш! Энг даҳшатлиси, Сталин бунақанги сотқинлар кўринган заҳоти сўрамай-суриштирмай отиб ташлансин, деб буйруқ чиқарганмиш! Э-энди ўша буйруқни адо этиш ниятида милтиқни ўқлашаётганда Сталиннинг ўзи ўлиб қолганмиш!.. Ҳай-ҳай-ҳай, бу гап Минов опоқининг қулоғига етмасин, нақ Иккинчи жаҳон урушини қайта бошлашдан тоймайди-я!..
Давомли соғинч ва таҳлика устига келиб тушган бу шармандалик Минов опоқини савдойи қилиб қўяёзган. Булар ҳақида онасининг ҳикоялари орқали хабар топган Фазли дам Ҳасан бобойдан жирканиб кетар, дам унга ачинар, Минов опоқининг жазавалари беваж-бесабаб эмаслигини ўзича тушунишга уринарди.
Ҳасан бобойга девор-дармиён қўшни Ҳусан бува, у кишининг мусичадай мулойим кампири Меҳри буви деярли кўчада кўринишмайди. Ҳусан бува Ҳасан бобойдан юз ўгирган, дейишади, уларнинг орасида кирди-чиқди йўқ. Туғишган оға-ини ўртасидаги юзкўрмаслик уларнинг кампирлари – овсинларга ҳам қозоннинг қоракуясидек шундоққина юқа қолган...
Ўт ўчирувчи Толиб аканинг эса турган-битгани сир. Чунки у кишининг ўт ўчирувчи эканлигини ҳамма билади-гапиради-ю, аканинг ўзи бу ҳақда лом-мим демайди. Фазли бу қўшни билан гаплашишни, гаплашганда ҳам ўт ўчириш воқеаларини барча тафсилотлари билан ҳикоя қилиб беришини жуда-жуда истайди. Қизиқ-да, Толиб ака «пажарний» ўртоқлари билан ёнғин чиққани ҳақида қаердан хабар топади – у Чорсу бозорига кираверишдаги ўт ўчирувчилар ишхонаси чеккасидаги баланд минорани ўз кўзи билан кўрган, ўша миноранинг тепасидаги супачада доим бир ўт ўчирувчи тўрт томонга кўз-қулоқ бўлиб туради, соқчи у. Ўша соқчи қайси томонда тутун ё аланга шарпасини пайқаса, дарҳол замбарагини даранглатиб уради ва катта-катта қизил машиналар чинқириб, оламни бошига кўтариб бирин-кетин ғизиллаганича йўлга тушади. Ўт ўчирувчилар ёнғин чиққан жойга қандай етиб боришади, айниқса, аланга олиб ёнаётган оловни қандай қилиб ўчиришади – ака бирон мартаям булар ҳақида оғиз очмаган. Толиб ака Фазли тенги қўни-қўшни болаларни атрофига йиғиб, ана шуларни ҳикоя қилиб берса асакаси кетадими?!
Фазли: «Пажарний» нима дегани?» деб сўраганида: «Ўтда ёнмайдиган одамни пажарний дейилади» деган эди Шукур акаси, бир сафар. Бундан чиқди, Толиб ака ўтда ёнмайдиган одам экан-да! Ана энди саволнинг туғилишини қўяверасиз Фазлида: «Толиб ака қандай қилиб оловда ёнмайдиган одам бўлиб қолган? Бошқалар ҳам оловда ёнмайдиган одамга айланиши мумкинми? Мумкин бўлса, нега бошқаларга ўргатишмайди?» Қизиқ-да! Қизиқ бўлгач, савол жавобсиз қолмаслиги керак.
Олтинчи берк кўчадаги Убай қассобникида ижарада яшайдиган ёш жувон ёниб кетибди деган хабарни эшитган заҳоти Фазли, Хўжа, Яҳё, Лутфулла олдинма-кетин югуришди. Аланга олиб ёнаётган одамни ўз кўзлари билан кўришмоқчи эди – насиб қилмади, тириклайин ёнган жувонни аллақачон «Скорий» машина олиб кетибди. Қўни-қўшни хотин-халаж, кап-катта эркаклар, бола-чақа, ит-мушуккача дувва кўчага кўчиб чиққан экан ўзиям – ҳамманинг оғзида ёниб кетган жувон! Шўрлик примусда овқат пишираётганида керосин – лампамой сачраши оқибатида олов лоп этибди-ю, этагига ёпишибди. Ўт этагидан баданига, сочига ўтибди – алангага айланибди, гуриллаб ёна бошлабди. Олдинига ўзи ўтни ўчирмоқчи бўлибди, эпини қилолмабди. Кўйлагини ечай деса куппа-кундуз, шарманда, талвасада кўчага югуриб чиққан – у ёқдан бу ёққа югургани сайин тирик алангага айланибди жувон – югурганидан ҳосил бўлган шамолда ўт қутурибди. Қани, бирортаси ёрдамга етиб келса!
Фазли ичидан оловдай гуриллаб отилиб чиққан саволлардан ўзини қўярга жой тополмай қолди ўшанда: Толиб ака билади ёнмаслик сирини, ижарачи аёл билмайди. Унга ҳеч ким ўргатган эмас ёнғиндан омон қолиш сирларини. Оқибатда...
Бир ҳафтагача маҳалла одамларининг оғзидан тушмади ижарада яшаган ёш хотиннинг ёниб кетгани:
– Олов сачрамаган, ўзи атайин елкасидан керосин қуйиб, примусга яқинлашган!..
– Пов этиб ёниб кетган!..
– Жонҳолатда кўчага қараб қочган!..
– Дод солган – фойдаси бўлмаган!..
Қиш эди, совуқ эди, қор эмас, ёмғир шивалаб ёғаётган эди Фазли ўртоқлари билан олдинма-кетин югуриб чиқишганида. Мелиса келган, дўхтир келган, Шомалик тўра Убай қассобни Чорсу бозоридан чақиртирган ва барча айб... примусга ағдарилган! Ваҳима кўтарган, миш-миш тарқатган кимса борки, Раиса раис уларни биттама-битта рўпарасига ўтқазиб қўйиб тушунтирган, уқдирган, оғзини ёпган. Нима ёмон – примус ёмон! Фалокатнинг бош айбдори – примус! Примусси уйи куйсин, матоҳ бўлмай!
Фазлиддин примусни ўйлаб чиққан одамни ёмон кўриб кетди. Оловини одамга қараб пуркайдиган шу савилни ишлаб чиққан ихтирочи яхши одам эмас-да! Душман у, боплаб жазосини бериш керак у одамнинг! Топиб келиб, Кайковузга бўктириш керак!
– Пирмусни ким ўйлаб топган? – деб сўради Фазли Иззат акасидан.
– «Примус» деган одам топган.
– Одамми фамилияси ҳам шунақа бўладими?
– Немис ё жуҳуд бўлса керак...
– Ҳм-м... Одамларни ёндириб юбориши ёмон экан-да, ака.
– Примусда айб йўқ, у керосин билан ишлайди, ёнилғини ҳаво пуркаб ҳайдайди. Ишлатишни билмаган одам, машинақа, ёниб кетиши ҳеч гапмас.
– Одам атайин ўзини ёқиб юбориши ҳам мумкинми?
Иззат акасига ёқмади бу саволи.
– Э, бор, кўчага чиқиб ўйинингни ўйна! Бошимми қотирма!
Шунақа, кўндалангроқ савол қотсанг, ўйинингни ўйна, деб қутулишади катталар. Бошқа пайт ўйинингни йиғиштир, деб чақириб олишади.
Хуллас, шу билан Фазлининг примусга доир билимини ошириш иштиёқи ниҳоясига етди. Етишга етди-ю, лекин Фазли примусни кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ одамга айланди. Яҳёнинг, кейинроқ Мираҳмаднинг уйига кирганида кўрди примуснинг олови пориллаб ёнишини. Шунда эътибор берди – примуснинг олови қизғиш-кўкимтир-оқимтир очилган гулга ўхшаб кетаркан. Чиройли, ноёб гул дейсиз! Бироқ гулми-оловми, кулдирадими-куйдирадими, шундан фойдаланмасликнинг иложи йўқмикан? Фазлининг далада яшайдиган Ҳафиз тоғасиникида ёниб турган примус қозон-позони билан ағдарилиб кетганди. Қозондаги шўрва тўкилиб, оловни ўчириб қўйган. Убай қассобникидаги ижарачи хотин оловни ўчиролмаган, шунинг оқибатида кўйлагига қўшилиб ўзи ёниб кетган, кўчага қочиб чиққан. Югурган, зир югурган... Уйда, дастурхон теварагида шу ҳақда гап очилди. Айтилаётган гапларнинг кўпини яхши англаб етмади Фазли. Айниқса, Шукур акасининг чўрт кесиб айтган сўзлари ғалати чиқди:
– Ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолди!
Фазли акасининг оғзига анграйди, тушунмади: қайси қозонни назарда тутди акаси? Ёниб кетган жувонга нима дахли бор ёпиғлиғича қолган қозоннинг?!
Фазли энди оғиз очмоқчи эди, отасининг қиёфаси тўсатдан тундлашди, тагдор томоқ қирди. Оилавий «машварат» келган жойида тўхтади.
– Бало-қазоларни юзини тескари қил, парвардигор, – деди онаси пичирлаб, ёқасининг учини тишлаб қўяркан...
2
Иланг-биланг илонизи Тош кўча кунчиқар томондан Сағбон, кунботар томондан Чиғатой шоҳ кўчаларини туташтирган, тошкўчаликлар қайси шоҳ кўчага яқинлигига қараб ўзларини сағбонлик ёхуд чиғатойлик ҳисоблашар, Тош кўчанинг бир томонига дарахтнинг шохига ўхшаб «ўсиб» чиққан олтита, иккинчи томонига аччиқ ичакдек ичкарилаган еттита тор ва охири берк кўча Шомалик оқсоқолнинг лаҳжасида «тўпик» бўлиб кетган. Оқсоқол аҳолига тураржой ҳақида бериладиган маълумотнома – справкага ҳам «тўпик» деб ёзади.
«Тупик» дейдиларми, «тўпик»ми – нима фарқи бор, «охири берк кўча», «халта кўча» десалар, ундан нарига, бу ёғини сўрасангиз, «Тош кўча» дея аталувчи катта кўчадан нишаблани-иб тушган ўйдим-чуқур еттинчи рақамли тор кўча – икки томони лой девору эшик-дарвоза, дов-дарахт у ёқда турсин, бир тутам гиёҳ ҳам кўкармайдиган кўча қўни-қўшни болакайлар учун нақд дунёнинг ўзича кенг, ҳисоби, бепоён яланглик, майдон! Тўп тепиш ҳам шу ерда, соққа қувлаш ҳам шу ерда, қувламачоқ, беркинмачоқ, қутқармачоқ дейсизми, чиллак ўйини... фақат чиллак ўйинида ютқазган бола нафас узмай «ҳаккалакам-дуккалакам, зуууввввв»иллаб югуриши учун кўча калталик қилади, шуниси бор... Етти хонадон аҳли айни неча йил-неча замонлардан буён аҳил-иноқликда умргузаронлик қилиб келишини эса ҳеч ким билмайди. Чунки бу кўчалик ҳеч бир кимсани кўпда ўтмиш қизиқтирмайди, қизиқтирмайди эмас, бу кўча одамлари бугун билан яшайдилар, қорин тўқ – қора қозон қайнаб турибди, ҳунармандчилик ортидан бири – олдинда, бошқаси – кетинда ҳаёт давом этмоқда, бўлди-да! Одам боласи учун ортиқ яна нима керак?
Еттинчи халта кўчада етти қўшни – аёллар, аёлларга қўшилишиб-эргашиб болалар бири бириникига кириб чиқаверишади. Кимнинг уйида нима гап-сўз, ким уйидан қаёққа йўл оляпти, бозорга нима кўтариб-қўлтиқлаб бориб, у ёқдан нималар ташмалаб келяпти, нимани қанчадан сотгани-ю, сабзи, картошка, пиёзни неча сўм-неча тийиндан харид қилганича, қайси қўшни гўштни давлат дўконидан олади-ю, қайсилари Каллахонадаги қассобларга мижоз тушганигача – ҳамма ҳамманикидан бохабар. Кимнинг ошхонасида қайси таомнинг жиз-бизи тайёрланаётгани мўридан кўтарилаётган тутун аралаш анвойи ҳидлар фош қилиб туради. Тўрт хонадон қўшни майда ҳунармандчилик ортидан рўзғор тебратса, бешинчиси боғбон, олтинчиси ҳайдовчи, еттинчиси эса ўт ўчирувчи.
Хуллас, энгил-бошлардан тортиб, орзу-ҳавасларгача шу маҳалла-кўй, шу тупик кўча, шу халта кўча, паст-баланд уй-жойлар, тупроғи тўзғиган йўлларга қуйиб қўйгандай, олтин узукка қадалган марварид кўздек ҳа-ар мақомда мос, муносиб!
Ҳо-озир, айни шу жойда айтмаса бўлмайдиган янгилик бор – Чиғатой маҳалла бузиладиган! Ҳа-а, шундай – ҳадемай қадим ва мўйсафид Чиғатой маҳалла инига чўп суқилган чумолизорнинг кунига тушай-тушай деб турибди – буз-буз, кўч-кўч бошланадиган. Баъзан эса чумоли эмас, арининг уясига қўл суқилаётгандек, арининг!..
Буз-буз, кўч-кўчни айтмаганда, бу кўча-бу маҳаллада йил ўн икки ой – қишин-ёзин, баҳору куз – эртаю кеч икки томчи сувдай бир хил, бир хил, бир хил осойишта кунлар, кунлардан-да осойиштароқ тунлар алмашаверади-алмашаверади, зеро, осойишталикдан улуғроқ неъмат йўқ бу маҳалла, бу тупик аҳли наздида. Асрлардан қолган мерос туйғу, мерос орзу-ҳавас бу. Қарияларнинг дуоларига сингиб кетган: «Тинчлик-хотиржамлик бўлсин, илоҳим!» – тамом, вассалом! Ҳаётнинг жамики орзу-ҳаваси, савобу гуноҳлари, пасту баланди, ўнлаб ва юзлаб авлод вакилларининг ҳаёти – яшаш тарзи, қисмати асрлар мобайнида оғиздан тушмаган, тушмаётган ва бундан кейин ҳам зинҳор-базинҳор тушмаяжак ушбу дуода мужассам!.. Ақл-шуурларнинг, поёнсиз орзу-ҳавасларнинг, осмону заминни забт этиш истакларининг, инсон зотининг ақлу ҳушини танг қолдирувчи, лол қолдирувчи жасоратларнинг тариқча ҳужайрасию қилча толасини бир бахя бўлсин яқинига йўлатмайдиган, зинҳор-базинҳор эмин-эркинликка йўл қўймайдиган эзгу дуо... манаман дея осмонларга сапчийдиган ўтюраклар учун занжир дуо... оёқдаги кишан дуо...
3
«Ёмғир-ёмғир» ўйини бошланай деган бир пайтда катта кўча томонда жуссаси бесўнақай, дароз эканига қарамай бошини елкалари орасига тортиб, букчайиб юрганидан бўйи паст ва букри кўринадиган афти таниш киши пайдо бўлди. Болалар ўйинни бошлай олишмаётганига гўё Фазли айбдордек унга норозиланиб, ўқрайиб-мўлтайиб қарашди. Ваҳоланки, бу киши Фазлиларникига кунора канда килмай танда қўйишидан унинг ўзи ҳам ҳайрон бўлаётган, ўзи қолиб, отаси истар-истамас қарши олаётганини сезгач эса, янаям ҳайронлиги ортган, бунинг устига, бети катта, бурни сўлоқмондай, бадқовоқ ёқимсиз киши – шу иссиқда қора камзул кийиб олганини қаранг – баттар бадбашара туюлаётганди.
– Доданг уйдами? – сўради у Фазлининг рўпарасида ҳорғин тўхтаб. – Чақиргин.
Фазли югуриб уйларига кирди. Отасини сўраб келишганини опаларидан бирига айтди чоғи, ўша тезликда йўлакдан изига қайтди. Амакига: «Ҳозир чиқадила» деди-ю, ўртоқлари даврасига қўшилаётиб, Лутфулла билағоннинг одатдагидек янгилик тарақатаётганини эшитди:
– Гузардаги йиғинга фақат ота-оналар, ёши катталар чиқсин, дебди Шомалик амаки. Болалар аралашмасин, дебди!..
4
Шунақа, нафақат Фазлиларнинг оиласида, бутун Чиғатой маҳаллада катталарнинг ишига аралашмайдиган, ким нима деса ўйламай-нетмай «хўп бўлади» дейдиган болалар «яхши бола» ҳисобланадилар. Лутфуллага ўхшаб хаёлига келган нарсани сўраб-суриштираверадиган, ўзича тўқиб-бичиб гап тарқатадиган болаларни маҳмадонага чиқаришади, ҳатто «Кексақарилик қилма!» деб оғзига уришади.
Фазлининг Лутфулладан фарқи – у хаёлига тирғалиб келадиган саволларни айтавермайди, ичига ютади, катталарнинг авзойига қара-аб, ўйлашиброқ сўрайди-суриштиради, билар-билмас гап сотмайди. Оила даврасида бевақт-бемаврид узиб қўйилган мавзу, одатда, Фазлининг ичида давом этади. Ахир унинг ичида пайдо бўлаётган саволлар камайиши ўрнига болалай-болалай кўпайгандан-кўпаяверади, урчийди. Афсус, уйда отаси бас дедими, ҳар қанча қизиқтирмасин, ҳар қандай муҳокама-мунозарага чек қўйилади. Отанинг сўзи икки бўлмайди бу хонадонда. Темир интизом дейдилар, буни, теми-ир! Бироқ бундай тарбия Фазлига оғир ботади, ичи ўртанади, дили оғрийди, ҳатто шуурида бош кўтараётган ғалаён таъсирида ака-опаларининг, онасининг, ҳатто отасининг темир амрига ҳам бўйсунгиси келмайди – саволлар кетидан саволлар туғилаверса, у нима қилсин ахир?! Тутқич бермас саволлар Фазлининг хаёлларини аллақаёқларга олиб қочаверса... Фазли ёлғиз қолиб саволларга ўзича жавоблар излайди, аҳён-аҳёнда эса ўйлаганларини тилига кўчиришдан ўзини тиёлмайди.
Қўшни кўчадаги нотаниш жувоннинг ёниб кетиши туфайли Фазли қиёматли қўшниси Толиб акани ёқтирмай қўйди. У аниқ билади – Толиб ака ўғил-қизларига аллақачон ўргатган ўт-оловдан омон қолиш сирларини, тўнғич ўғли Комил ҳам билади, билади-ю, писмиқ-да, қўни-қўшниларига айтмайди. Дадаси оғзини пишиқлаб қўйган.
Фазли шу ўй-хаёлларда юрганини сезгандек, Фаттоҳ амакиси бир гапни айтди-ю, баттар Фазлининг ҳафсаласини пир қилди.
– Бе-е, Толиб пажарний эмас, пажарнийхонада қоровул, – деди мазах қилиб. – Юраги йўқ, гугурт чақсанг, эсхонаси чиқади. Курк бўлган товуқдай уйида биқинволиб, косибчилик қилади.
Ҳа, Фазлининг ҳафсаласини пир қилди шу гап. Тинимсиз ўйларга толдирган, қизиқишларию ташвишга чирмаб ташлаган хаёлларини тўзғитиб юборди.
Хуллас, бу тупикда яшовчи қўшнилардан яна бири – Вазиз посоннинг хонадони. Ўзи азал таксида киракашлик қилган бу қўшнининг хонадонида юз берган воқеа ,ўн кундан ошяптики, оғиздан оғизга кўчиб юрибди. Лекин у ҳақда болаларга лом-мим дейишмайди, болалар ёнида ундан оғиз очишмайди. Гўё Бахти ака ҳеч қаёққа қочмаган, у – уйида, тахмондаги кўрпалар орасига яшириниб олган, тамом-вассалом! Ваҳоланки...
Фазлининг кўз ўнгидан Бахти аканинг чеҳраси сира кетмай қолди. Унинг катта кўча ёқасида чўк тушганича деворга суяниб хаёл суриб ўтиришлари неча бор кўз ўнгида гавдаланди. Аҳён-аҳёнда гуриллаб ўтадиган машиналар ортидан узоқ термилиб қолар, афтидан елиб бораётган ҳар бир машинага чиқиб олишдан ўзини базўр тийиб ўтиргани сезиларди. Болалар боғчасининг ёнидаги тупикда яшайдиган Зуҳри амакининг «Зим»и кўринса Бахти акага жон кирар, чеҳраси чарақлаб ўрнидан туриб кетар, гўё «Зим»ни ҳайдашга шайлангандек тараддудланиб қоларди. Қоп-қора машинанинг ойнасидан унинг ичида ўтирганларни яхшилаб кўриб олиш умидида кафтидан пешонасига «айвонча» ясар, ҳатто улар ортидан қўл силтаганича қолар эди... Унча-бунча одам билан саломлашавермайдиган Бахти ака Зуҳри амакига ўзгача мулозамат кўрсатарди. Бир сафар айтди у ўйлаганларини.
– «Зим»ни манга берса, Ирка-Ирода ёнимда ўтирса, ҳайдасам-ҳайдайверсам, юзга қўярдим, бензини тугаб, ўзи тўхтаб қолгунича ҳайдардим!
– Нега Ирка ёнингизда ўтиради?
– Сани ақлинг етмайди! Ман хоҳлагач, ўтиради-да!..
– Бензини қаергача етади? – қизиқиши сўнмай сўради Фазли.
– Бу ердан кўринмайдиган... жуда-а узоқларгача етади...
Бахти акага қизини қўшиб, «Зим»ни ҳайдатиб қўядиган анойи бормикан?! Илло, «Зим»сиз ҳам кетиб қолди-ку, Бахти ака аллақаерларга, бу ердан кўринмайдиган жойларга! Ке-етди қолди-и...
Наҳотки қочиб кетган у? Қаёққа қочади, нега қочади? Ҳеч кимга ёмонликни соғинмайдиган, мулойим, камгап йигит. Тўғри, бирортаси билан гап талашиб қолса ўзиникини маъқуллатмагунича тинчимайдиган хилидан. Лекин... қочдими, йўқолдими? «Зим» ҳайдаш орзуси армонга айлангач, кетган-қолган...
Уйда отаси бу ҳақда гаплашишга рухсат бермагач ҳам Фазли Бахти акани кўп эслади, у ҳақда роса ўйлади. Ҳар сафар Тош кўчадан «Зим» ўтганида унинг ичида Ирка-Ирода бор-йўқлигини билгиси келиб, аланглаб мўралайдиган бўлди.
Ана, тор кўча бошида Шомалик тўра, бир қадам ортда Раиса раис, сўнг милиция кийимидаги икки киши кўринди. Улар жимгина тушиб келишди-да, Вазиз посоннинг дарвозаси ёнига боришди, ўйинни тўхтатиб, ўзларини чекка-чеккага олган болалар бу тарз келувчилардаги хавотир, ташвиш аломатини пайқаб, жим бўлиб қолишди.
Демак, Бахти акадан дарак йўқ – кўнглидан кечирди Фазли. Бундан чиқди, кимдир йўқолса, мана шунақа изидан излаб келишади, маҳалла оқсоқоли, фаоллари мелисалар иштирокида йўқолган боланинг уйига келиб суриштиришади, нималарнидир ёзиб-чизишади. Борди-ю, тунов куни Фазли Кайковузда чўкиб кетганида, танасини тўғоннинг остидан топишолмаса, мана шу одамлар уларнинг уйларига ҳам келишарди-да, вазмин-вазмин одимлаб, ўзаро гаплашиб-гаплашмай, қовоқ солиб-мотам тутиб, дафтар-қалам кўтариб...
5
Жўжабирдек оиласи билан шу жойларга етиб келгунига қадар неча шаҳар, неча қишлоқ, неча овулни босиб ўтмади Каромат. Кўчиш-кўчиш қурибгина кетсин, ўйинга ўхшамай, ижарама-ижара кўчманчиликнинг оти ўчсин. Эсласа кўнгли кетади, ҳушидан айрилаёзади. Одамлар қўним топиб яшаган жойида туп қўйиб-палак ёзади, рўзғорига қут-барака киради, мансаб-мартабаси ортади. Каромат эса – келгинди! Тўрт ўғил, бир қизининг исм-шарифи бир хил – келгинди, кўчманчи, қишлоқи! Исм-шарифми бу, тавқи лаънатми, қора тамғами, нима ўзи, нима, нима, нима?! Емаган турткиси қолмади унинг, ургандан туртган ёмон, ахир, озмунча турткилашдими унинг болаларини?! Озмунча таъна-маломат ёғдими, Каромат онанинг тул бошига?! Беш болани амал-тақал қанотининг остида асраб-авайлаб юрган кўчманчи, келгинди, қишлоқи мусофир она шаънини не шарманда сўзлар билан булғашмади – Каромат чидади. Шаллақи дедилар – шаллақилик қилди, лўлидан тарқаган дедилар – жўгиликни ошириб ўрнига қўйди. Бирон жойда кароматини кўрсатмай қўймади Каромат. Таъна-дашном аралаш майна-эрмак ўйинига шаллақи-шаллақи, лўли-лўли ўйини билан жавоб қайтарди. Келгинди-келгинди ўйинига тортишди унинг қора кўзларини, Каромат бир нафас бўш келмади – келгинди бўлмаган ким бор, кетгинди бўлмаган ким бор, дея дуч келган кексаю ёшни ўйинқароққа айлантирди. Ҳа-а, уни ўйнатмоқчи бўлганларнинг ўзларини ўйнатди, рақсга туширди, чунонам сакратди-ирғишлатдики!..
Оқа-оқа қирғоққа чиқиб қолган тарвуз пўчоғидай сирғала-сирғала, қувила-қувила Тошкентнинг биқинига келиб қадалди. Қўйлиқдан берироқдаги хотинқамоқ ёнидаги жин кўчадан ижара олди. Товуқ боқишга ярамайдиган каталакдан паноҳ топди! Қўни-қўшниларнинг ранг-баранглигини айтмасинми – на миллатининг, на ёшининг, на-да турқи-тароватининг тайин-тутуриғи бор махлуқлар! Маҳбусликдан озодликка чиққанларнинг олислаб кетмаслик ирими бор эканми, нима бало, ҳар ёқдан туртиниб-суртиниб, дайдиб-улоқиб келиб қолган, аллатовур қаланғи-қасанғи, иркит-ивирсиқ, тубан тоифа «гулу гулдасталар» бари.
Сабр қилмоқчи, тоқат қилмоқчи эди – бўлмади. Ўғилларига кун беришмади. Кунда-кунора муштлашув, кунда-кунора қув-қув, қоч-қоч. Ўлдираман, ўт қўяман, осаман, синдираман-н!.. Каромат орага тушавериб, қозилик қилавериб, нечасининг қўлидан тиғдор пичоқларни тортиб олмади, маст-аластлар билан ёқалашмади – тинка-мадори қолмади. Биз қатори ҳамманг келгинди, деди маҳалладошлар издиҳомида, икки тўнғичи ҳимоятига киришди. Ҳай, биз бош олиб кетамиз, бироқ оёғини узатиб кетмайдиган ким бор, уруғинг куйгур тириклар, одамсифат, инсонсифатлар?! Сенлар устунмисанлар, бу кўчага, бу шаҳарга, бу юртга, деди қони гупуриб, жони ҳиқилдоғига қадалиб. Худо ҳаммангни битта-битталаб олади, ахир, битта-битталаб. Ўшанда биласанлар, келгинди эканликларингни!.. Йиғлаб юборди. Бақо бола эди, иккала акасига қараб ўтирмади, волидасининг кўз ёшига чидолмай, аясининг рўпарасида ғўдайиб турган пак-пакана, шоп мўйлабли, қорни юмалоқ амакининг афтига чанг солди. Каромат ҳай-ҳайлаб интилди-ю, Бақонинг йўлини тўсишга улгурмади. Пакана амаки Бақога қўл кўтармади, аксинча уни қучоқлаб олди. Бошини хам қилганича йиғламсиради:
– Тўғри айтдинг, Каром, бу дунёда ҳамма келгинди... Бу кўчадаги махлуқлар тушунмайди буни, Каром. Тушунганга эса кун йўқ, кун...
Пакана амаки фаҳм-фаросатли мўйсафид экан, у тушунди Каромат хотинни. Тушунди-ю, бу ердан кўчишни маслаҳат берди:
– Тўрт ўғлинг шуларни радига кириб қолмасидан бурун кўзингни оч, – деди.
Каромат бир ҳовуч кўч-кўронини эшак аравага ортиб, тўрт ўғил, бир қизини эргаштириб хотинқамоқ ортидаги шамол йўламас жин кўчани тарк этди...
6
Тош кўчадан кимлар ўтмайди дейсиз!
Ора-чора оқ-сариқдан келган, мўйлабли, туки сийрак, яккам-дуккам ўсган эчки соқолли амаки катта мис тоғорасини қўлтиқлаб пайдо бўлади. Катталар уни «Охун» дейишади.
– Маззали-маззали! Думбали-думбали-и-и! Маззали-маззали! Думбали-думбали-и-и!
Бу амакининг келиши болаларга ёқмайди, чунки сомсасининг ичида ёнғоқдай-ёнғоқдай оппоқ карт думба бўлади. Кўрсанг, кўнглинг кетади! Фақат сомсафуруш амакининг овози эшитилди дегунча Ҳасан бобой тишсиз оғзини чапиллатиб, «маз-за» дегандай бош тебратишга тушади.
Охун амаки паранжили ёхуд очиқ-сочиқ кийинган қиз-жувонларга кўзи тушди дегунча шоирлиги тутиб кетар, мис тоғорасини чертиб, «Маззали-думбали!»сига «Ҳандалагу дўнгалак, энди бўлди чорпалак!»ни қўшиб хиргойи қилишга тушар, болалар тугул, катталар ҳам «Ҳандалагу дўнгалак»нинг нима эканини фарқига боришмасди.
– Сара бодро-оқ! – деб келади шоп мўйлабли, новча амаки. Биттаси бир шиша бутилка ёки «10» тийин. Роса ширин. Талаш бўлиб кетади, бодроқ!..
Ўртоқлари қатори Фазли ҳам уйга югуради.
– Ўн тийин беринг, ўн тийин! – деб ё онаси, ё опалари, ё акаларини қистовга олади. Сўраганини ундирган заҳоти кўчага отилади – кўчада бодроқ сайли бошланади!..
Чегачи амаки соқов, шу сабабдан у ҳамиша неварасини эргаштириб келади. Невараси Фазли, Яҳёлардан ёшроқ, лекин гапга чечан. Ким уйидан қандай чинни олиб чиқади, бобоси уни неча жойидан чегалайди, хизмат ҳақи учун неча тийин олади – ҳаммасига ўша бола воситачилик қилади. Тупикда яшовчилар олиб чиққан чинниларни ямаб-бутламагунича чегачи амаки бир чеккада ўтириб олиб, камончасини «ғир-ғир»латиб чиннини тешади, сўнгра унга бармоқдек келадиган болғачаси билан чега қоқади. Бошланишига уста амакини қуршаб ўтириб олган болаларнинг тоқати узоққа етмай, улар бирин-сирин туриб, тарқаб кетишади.
– Ҳо-о-о-о, шарра-барра-а-а! Шарра-барра-а-а!..
Бу бошқа гап! Узоқ-яқиндан бу овоз келганда Тош кўчаю тупикларда байрам бўлиб кетади, байрам! Ҳар қандай ўйин тўхтайди.
– Бутилка топамиз!
– Бутилка опчиқамиз!
Барча болалар уй-уйларига югуришади, шиша бутилка топганлар бирин-кетин келиб, аравани қуршаб олишади. Фазли топган шишасини аввалдан оғилга кираверишдаги эшикнинг орқасига яшириб қўяди, «шарра-барра» келган заҳоти улардан биттасини олиб чиқади. Мираҳмад билан Лутфулла ҳам пухта – ҳар сафар топмай қўйишмайди. Яҳё эса қачон қараманг, кимдандир қарз сўрайди. «Шарра-барра»чи лўлилар шишани битта-битталаб кўздан кечиришади, оғзи учганини қайтариб беришади. Бир марта Хўжа лаби учган шишанинг оғзига сақич эритиб бутлаган экан, лўли хотин шунақаям сўкди, қўлидаги қамчин билан Хўжанинг бошига солмоқчи эди, яхшиям у қочиб қолди.
Эшак аравадаги ёнма-ён қўйилган икки жомадон ё қутининг ичида одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса бор – ўйинчоқлар, лойҳуштаклар, ранг-баранг пуфаклар, чўзмабоп резинкалар, оқ-қора сақичлар, рангли қаламлар, қоғоз гуллар... ким нима истаса... ҳа-а, шарра-барра арава келишининг энг завқли жойи шунда, яъни ким нимани истаса, шуни танлайди, олади. Уни ол-буни олма деган танбеҳу кўрсатмалар бўлмайди, кўтариб чиққан шишани тутқазасан – истаганингни танлайсан, олам гулистон! Ўйинчоғу ҳоказолар дунёсидан кўнгли тусаганини танлаш боланинг ўз ихтиёрида! Ана шу танлаш ихтиёри болалар учун байрамга, нақ шодиёнага айланади! Эшак арава жилиши ҳамоно ҳар ким ўз қўли билан танлаган матоҳни бир-бирларига кўз-кўз қилишга тушади!
Вақти-вақти билан Тош кўчадан иккита-иккита ёки бир нечалаб кўзи ожиз одамлар ўтишади – эркаклар, аёллар. Бир-бирларини етаклаб олишади, ҳаммаларининг қўлларида ҳасса. Кўзи ожиз одамлар баланд овозда гаплашадилар. Фазлилар яшайдиган еттинчи тупикдан чиқиб кунботардаги Чиғатой гузари томон юз-юз йигирма қадамлар юрилса, ўнг томонда эски масжид биноси бор, кўзи ожиз одамлар ўша масжидга жойлаштирилган цехда ишлашади.
Масжид номигагина масжид, у бир замонлар жомеъ масжиди бўлган дейишади, кейинроқ ишчилар ётоқхонаси, лимонад омборхонаси, хонаки ҳайвонлар дўхтирхонаси, яна кейинроқ кўзи ожизлар ишлайдиган цехга айлантирилган. Фазли ҳар сафар уларнинг ҳассаларини тарақлатиб, ерга уриб-уриб юришларини кўрганда юраклари ачишиб кетади. Айниқса, бирортаси якка-ёлғиз келаётган ё кетаётган бўлса, дарров ёрдамга ошиқади, анча жойгача етаклаб-кузатиб боради, кўзи ожиз одамнинг ўзи раҳматлар айтиб, бўлди, боравер, дегачгина изига қайтади. Кўзи ожиз одамнинг кўзига сира-сира тиккасига қаролмайди Фазли!..
ТАВАККАЛ
1
– Ланди-ланди, ўйинимиз бош-лан-ди!
– Нимани бошлаймиз? – ҳаммага қарата савол қотди Лутфулла, гапнинг қисқасига кўчиб.
– Чўмилиш-чўмилишни! – деди шу заҳоти ўйлаб ўтирмай Яҳё.
Болалар бараварига Фазлига қараб хахолаб кулиб юборишди. Фазлининг юзи кулса-да, ичидан қиринди ўтди.
– Чўмилиш-чўмилиш эмас, чўкиш-чўкишни бошласак-чи?! – деди тиззасига шапатилаб Хўжа. – Яқи, энди сани лақабинг ўзгарди.
Ана, сизга янгилик! Ҳамма Хўжанинг оғзига қаради. Хўжа «хушхабар»ни эълон қилди:
– Энди сани «Пўқи» деб чақирамиз! Пўқи-Сўқи, топдимми-и? Зўрми-и? Яқини калласига сўқай-й! Айлантириб урай-й!
Болалар кулишдан ўзларини тўхтатолмай туришган бир пайтда Яҳё Хўжага хезланиб келди.
– Нима дивоссан? Мани айбим нима?!
Хўжа бўш келмади.
– Биринчидан, Фазлини бошини айлантирдинг, иккинчидан, ман эмас, ўзингни жонажон лўли ўртоғинг Пардо айтди – сани Пўқи деди. Учинчидан, Фазлини ишонтирдинг-да, ёрдам бермадинг!
– Ёрдам бериш учун изидан сакрадим-ку! – бўш келмади Яҳё.
– Сакрадинг, тўғри, лекин ёрдам беришга ярамадинг! – гапга қўшилди Лутфулла. – Ёдгор ўрис бўлмаганида Фазлини тўғонни тагидан топишарди!
– Уч кундан кейин! – луқма ташлади Хўжа.
– Нафасингни иссиқ қил-е, совуқ! – дея жеркиб ташлади уни Яҳё. – Ман... Ёдгор ўрисдан аввал ман сакрадим сувга, Фазлини қўлидан тутай деганимда ўзи мани икки қўллаб қучоқлаб олди. Ёдгор ака шундан кейин сакради.
– Фазли, энди Яқини уйингга телевизўр кўришга киритма! – минғирлади чеккада қўққайиб турган Ибод ярим ҳазил-ярим чин оҳангда.
– Сан аралашма, писмиқ! Санга ким қўйибди, ақл ўргатишни?! Телевизўр бошланмай туриб кириб, жойлашиб оласан-да, ўзинг!
Яҳё Лутфулланинг афтига мушт туширгудай важоҳатда унинг рўпарасига яқинлашди.
– Бўлди қилинглар! Чўмилиш-чўмилиш ҳам, чўкиш-чўкиш ҳам тугади! Ёмғир-ёмғир ўйнаймиз! – баралла эълон қилди Фазли. Ўртоқлари унинг раъйини қайтаришмайди, одатда, у нима деса – шу бўлади. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
– Ёмғир-ёмғир ўйнаймиз!
– Ёмғир-ёмғир ўйнайми-из!
– Ёмғир-ёмғир-р!
– Ёмғир ёғалоқ, эчки чақалоқ!..
Болалар уйларидан атайин шу ўйинга ҳозирлик кўриб чиқишгандек ҳаммалари чўнтакдаги тошчаларнинг ҳисобини олишга киришиб кетишди. Ҳар боланинг чўнтагида камида етти-саккизтадан – нўхатдан йирикроқ, данаги қотмаган довуччадек жимит тошчалар ўйинга ҳозиру нозирлиги муқаррар. Бундай тошчаларни катта кўчадан, кўпроқ эса суви ҳафта сайин саёзлаша бораётган Кайковуз соҳилидан танлаб-танлаб, териб-териб кўпайтиришади. Силлиқ-думалоқ тошчаларнинг ранг-туси турлича, тўрт-бештаси, нари борса, бир кафт чиқади, холос. Бироқ шу тошчалар қиёматли ўртоқларни не кўйларга солмайди дейсиз!
Мираҳмад мен чуқурча кавлайман, деганча девор остини бармоқлари, кафтлари билан таталашга киришди. Ўйин бошланаёзган бир лаҳзада Лутфулла бирдан овозини пастлатиб, қўли билан имлаб ўртоқларини атрофига чорлади.
– Бу ёққа келинглар! – деди у шивирлаб, ён-верига аланглаб олгач. Болалар уни қуршаб олишди. Лутфулла айтмоқчи бўлган янгиликни айтди: – Эшитдиларингми?..
– Нимани?
– Бахти ака қочиб кетибди!
– Вой-й! – деди кимдир.
– Қаёққа қочибди?
– Қочмаган, йўқолган!
– Биздан катта-ку, йўқоладими?!
– Бир сафар мани Хадрага обборган!
– Хадра-га?! Ўзингни ёлғиз қолдирса, уйингни топиб келолмайсан-у!
– Бахти ака ундан ҳам узоқларга бориб келаверар экан!
– Бўлди, бошлайлик, – деди Фазли, бу мавзудаги олди-қочди чўзилишини истамай. – Бахти ака кемай қаёққа борарди, келади-да. Мираҳ, чуқурча тайёрми?
– Тайёр! Ким бошлайди?
– Санашамиз.
– Топишмоқ айтишамиз!
– Тош яширамиз! Охири топган бола биринчи бошлайди.
Фазли қўлларини ортига букиб, тошчани кафтига яширди, иккала муштини рўпарасидаги ўртоғига чўзди.
– Топ-чи?
«Топ-чи-топ» ўйини зумда адоғига етди. Ғолиб аниқланди. Ўйин бошланаётганди ҳамки, бели букчайган, сувоғи кўчиб-ўйилиб гувалаклари кўриниб қолган девор ортидан шанғиллаган овоз қулоқларни батанг қилди:
– Ҳу-у, овозларинг ўчсин, оламми бошларингга кўтармай! Ёмғирри бездирган ўзларинг-ку! Ёмғир-ёмғир ўйнашни кўрсатиб қўяман санларга! Ман санларга кўрсатаман!
Минов кампир! Минов опоқи! Минов шаллақи! Болалар энг кўп тўқнаш келадиган, тўқнаш келавериб бетлари қотиб кетган катталардан бири!
– Қарға! – деб бақирди Мираҳмад.
– Қирғовул! – унга жўр бўлди Яҳё.
– Читтак!
– Зағча!
– Чумчуқ!
– Ким қарға? Ким чумчуқ?! Ҳу-у, ҳаммангни оғзингга чи...
Минов опоқи ҳар қандай ёмон сўзни тап тортмай оғзига олаверади. Фазли ҳам, ўртоқлари ҳам тушунишмайди уни сира. Нега шундай? Болаларнинг ўйнаб-кулишлари, қувонишлари сира ёқмайди унга. Унга нима, уйида ўтиравермайдими, чоли билан нон кавша-аб?! Йўқ, болаларнинг шовқини эшитилди дегунча югуриб-ҳаллослаб чиқади, кўчанинг ўртасида қаққайиб туриб олади. Оғзига келганини қайтармай увиллайди, уввос тортади. Гоҳида эса кўзлари қуп-қуруқ – бозиллаб йиғлаб беради.
– Яшшамагур гирмонни уйигача қувиб борган чолим! Чолим жонини аямаган! Чолим...
Болаларнинг ўйинига Ҳасан бобойнинг урушда кўрсатган қаҳрамонликларининг, Гитлерни уйигача қувиб борганининг нима дахли бор?! Гирмонни уйигача қувиб борган бўлса, жонини тикиб жанг қилган бўлса, еттинчи тупикда яшайдиган қўшни болалар ўз кўчаларида эмин-эркин ўйнамасликлари керакми?! Бунинг устига, биронта орден-медали, елкасига юлдуз тикилган кўйлаги ҳам йўқ! Фазли ҳайрон, Мираҳмад ҳайрон, Яҳё билан Лутфулла эса кампирни, чолни калака қилишдан толмайди. Болалар – Минов опоқига, Минов опоқи – болаларга ўчакишгани-ўчакишган. Тўп тепиш бошланса – тўпга, чиллак ўйини бўлса – чиллакка, тош ирғитишса – тошга човут солади кампир. Қани, ўйнаб кўрларинг-чи! Бутун Чиғатойни бошига кўтаради. Чиғатой кўрмаган-нетмаган ғалвани бошлайди. Баъзан болаларни тирақайлатиб қува кетади, унинг тушуниксиз ва беваж пўписаларидан қўрқмай қўйган болалар кампирнинг жиғига тегишга, баъзан уни очиқчасига калака қилишга тушадилар.
Минов кампир кўчанинг ўртасига ғўдайиб туриб олган заҳоти Мираҳмад: «Бизлар билан ўйнайсизми?» дея савол ташлаб қолди-ю! Кампирнинг кўзлари олайиб, ўзи шайтонлаб қолаёзди. Худди биров уриб ағдаргандек «тўп» этиб ерга ўтириб олди – шу қадар ўзини аямай ташладики, остидан тупроқ тўзиб кетди.
– Шу ёшга чиқиб калака бўлдимми?! Ҳаммангни онангдан каттаман-а! Чолим билан шумшук бўлдикми, сан зумрашаларга?! Чолим...
Минов кампир аввал ўзини зўрлаб, мажбурлаб «ҳиқ-ҳиқ»лаб олди-да, сўнг баралла ўкраб юборди. Болалар ҳиринглаб кулгига зўр беришди, Фазли эса кампирга ачинди. «Қўйларинг, қарамаларинг!» деди овозини баландлатмай.
– Шу кетишда, – деди бирдан Минов кампир овозини пастлатиб, – шу кетишда ҳамманг Бахтини кунига тушасанлар! Ҳа-а, мани айтди дейсанлар ўшанда!
Лутфулла кампир томон бир қадам ташлади-да:
– Сиз Бахти акани биласизми? – деб сўради ўсмоқчилаб.
– Биламан! – жавоб қилди кампир.
– Қаёққа қочган? – савол қотди Лутфулла.
– Ойша холангникига қочган! Ҳу, бетингдан олсин, сан безбетни! Бети қаттиқ, кўзи қаттиқ бола билан ўртоқ бўмаларинг, Пазли! Санларга гап уқдиргунча, ҳу-у, баданим қичишиб ўламан!..
–Қарғаманг! – деди Лутфулла кампирнинг атрофида айлана ясаб. – Баданийз қичишса, нега бизни қарғайсиз?! Биз қашиб қўяйликми?!
–Нима, урасанми? Чолимга қўшиб маниям душманга, сотқинга чиқармоқчимисанлар?!
Даҳанаки ёқа бўғиш қизий бошлаган бир палла эшик ғийқиллаб очилиб, Ҳасан бобойнинг ҳассаси, кетидан оқ иштон-оқ яктак кийган жуссаси кўринди. Бир қўлида ҳассани маҳкам тутса, иккинчисида чап елкасига ташланган оқ, гулли қийиқчани қўйиб юбормасди Ҳасан бобой. Фазли эшитган – айтишларича, Ҳасан бобойнинг сўл кифтида, билагидан тепароқ, елкасидан тўрт энлик пастга муҳр босилган, муҳрни ўз кўзи билан кўрганларнинг шоҳидлик беришича, унда немисча сўзлар битилган эмиш! Кунлардан бир куни ёлғиз қолишганида Лутфулла билағон айтиб қолди бу ҳақда – «Ҳасан бобойни елкасида немисларни печати бор!» деди. Фазли ишонди бу гапга, катта акаси билан катта опаси пичирлашиб гаплашганини ўз қулоғи билан эшитганди, ўша-ўша Ҳасан бобойнинг чап елкасидан қийиқча тушмаслиги боисини ўзича тахмин қилар, бунга сайин бобойнинг қийиқчаси махфий ёзувни беркитиб тургандек туюлаверарди.
Лекин Ҳасан бобой жуда беозор, ғоятда ёқимтой чол. Ундан ҳеч ким, ҳатто болалар ҳам ҳайиқишмас, бобойнинг ўзи эса ҳеч кимсага аралашмас, қачон қараманг, Минов кампирнинг етовида уйидан чиқар-ҳовлисига кирар, қўшни болаларнинг қўярда-қўймай немислар қандай одам, ўшалар ҳақида ҳикоя қилиб беринг деб сўрайверишгач, «Айтиб бераман» деган ваъдаларининг устидан чиқишни галга солгани-солган эди.
Ҳасан бобой галдир-салдир қадам ташлаб, кимнидир калтаклашга чоғлангандек ҳассасини ерга урди. Минов кампир тантиқланиб, йиғига зўр берди.
– Манга кучийз етмаса, манави зумрашаларга бас келинг, чо-ол!
Кампир шундай дея зорлана-зорлана ўрнидан турди, этагининг чангини қоқа-қоқа ҳовлиси томон юрди. Яҳё Минов кампирнинг ясама йиғи ва дийдиёлар аралаш қарғиши эшитилиб турган девор томон ўқрайиб қўйди-да, овозини пасайтириб ғўлдиради:
– Бошлайверамиз...
Кампир бу шивирни эшитмади албатта, лекин шаштидан ҳам тушмади.
– Тор кўчани тупроғини тўзитгунча, гузарга чиқиб ўйналаринг!
– Гузарга кетдик! – деди баралла Мираҳмад ёлғондака.
– Шу кўчада ўйнамаганимиз бўлсин! – унинг гапини маъқуллади Лутфулла ҳам атайин овозини баландлатиб.
– Тилингга шакар! – қувониб кетган Минов кампирнинг овози келди девор ортидан. – Ҳу, чимилдиққа киргурлар!
– Шовқин солмай ўйнаймиз, – дея шивирлади Фазли, ҳовли томон имо қилиб қўяркан, енгил тортиб. – Опоқини ўпкаси босилди.
2
Офтоб куйдираман дейди. Каттаю кичикнинг жонига Кайковуз ора кираётган кунлар. Навбатдаги «ланди-ланди» ҳам чўмилишга бошлади уларни.
– Калковузда қувламачоқ ўйнаймиз! – дея жар солди Яҳё. Лутфулла кўнди. Хўжанинг индамагани – кўнгани. Бақо рози ё норозилигини очиқ айтмади, Фазли эса...
– Ман қандоқ қилиб сувда қувламачоқ ўйнайман? – деди бўшашиб.
Яҳё унга далда берди:
– Юравур, Пази, ўзим ўргатаман сузишни, кетдик.
Фазли кўнди, ўртоқларига қўшилиб, қўшни тупик орқали Кайковузга йўл олди. Ичакдек тор олтинчи берк кўчанинг охири – Миржалол мерганнинг уйи ёнига етганда йўл бир киши аранг сиғадиган даражада тораяди, жони ичига сиғмаган болалар шу жойдан кўйлак-иштонни ечиб, қўлтиқлаб анҳор ёқасига югуриб боришди. Қўлтиқдаги энгил-бошни ирғитиб-улоқтирганча олдинма-кетин сувга ташланишди. Бақо одатдагидек шошилмади, аввалги келишганида ҳам шундай қилган, лекин сузишда чапдастлигини кўрсатганди.
Анҳорга биринчи бўлиб шўнғиган Яҳё анчагача сув юзида кўринмади. Унинг изидан югуриб келиб оёқларини тиззадан букиб анҳорнинг қоқ ўртасини мўлжаллаб сакраган Лутфулла зумда пўкакдек қалқиб чиқди-да, юз-кўзидаги сувни кафтлари билан сидирганича аланг-жаланглаб дўстларини излашга тушди. Мираҳмад сузишда ҳам ҳеч кимдан қолишмайди. Росаям чапдаст. Унинг айни шу тобдаги заррача чўчимаслиги Фазлига айниқса оғир ботди. Мираҳмад Яҳёдан, Лутфулладан кўра шитоб билан югуриб келди-да, қирғоқдаги дўнгликка оёқ тираб чунонам ирғидики, ҳавода чир айлана ясаб, тиккасига сувга шўнғиди! Ёши катта одамлардай анҳор ёқасида бадани совиши учун ечинганича индамай ўтирган Хўжа: «Қойи-ил-л! Бало бу, бало!» деб юборди ҳайратини яширмай. «Онасини қорнидан сузишни ўрганиб тушган!» деб қўйди ўзича тўнғиллаб. Тўғондан қуйида анҳор ўзани ёйилиб оққанидан сув саёзлашган қирғоқда қийқиришиб сувсепар ўйнаётган қип-яланғоч, қора-қура лўли бачалар бараварига қийқириб юборишди, қай бирлари Бақонинг сув бетига қалқиб чиқишини, бошқалари Мираҳмадни томоша қилиш илинжида югуриб келишди, Фазлиддин эса... Унга ёмон алам қилди. Ҳар қачонгидан ўзгача оғир ботди алами. Ўртоқларига қўшилишиб сувга туша олмаслиги, шу чоққа довур сузишни қунт қилиб ўрганмагани алам-армони ўртаётганди уни.
– Қо-ойил-л, – деб Хўжанинг айтганини такрорлади у беихтиёр.
– Қайси бири? – ўсмоқчилади Хўжа.
– Мираҳ, Бақо – иккови.
– Қачонгача қойил-мойил деб юрасан, сўтак! Маши қишлоқичалик йўқмисан?! Юрак борми, ўзи?! Тап этиб ташла-қўй-да, ўлмасанг, ўрганиб кетасан!
Айни дамда Фазлига ичидан ўтаётган алами етарли эди. Хўжа баттар қилди. Унга жавоб қайтаришга сўз тополмай турганида ўртоғи танбеҳ-мазахни давом эттирди:
– Ану лўли болаларни қара, зиғирдай-зиғирдай. Итбалиққа ўхшаб сузишини қара!
Хўжанинг устма-уст маломатидан Фазлининг нафаси ичига тушиб кетди. Ичини алам-армон кемираётган одам биров билан гап талашиб, бирор нарсани уқдириши осонми?!
Фазли ўз хаёли билан бўлиб, Мираҳмад ортидан келиб, икки қўллаб унинг елкасидан сувга томон итара бошлаганини сезмай қолди.
– Анҳорри ўртасига отиб юборайми?
– Ҳазиллашма, – деди Фазли чўчиётганини яширишга уриниб.
Яҳё пайдо бўлди. У Фазлининг ёнини олди.
– Қўй, Мираҳ, бундай қилиб сузишни ўргатолмайсан.
– Ўзинг ўргат!
– Ўргатамиз, кўплашиб ўргатамиз. Оввол тушунтирайлик.
Яҳё шундай деб оғаларча меҳрибонлик кўрсатишга киришди.
– Манга қара, Пази,– деди у шошилмай, дона-дона қилиб. Сувдан чиққани боис у қунишиб, совқотганидан бутун бадани дир-дир титраётган эди. – Анҳорри қирғоғига, мана, шу жойга оёқ қўясан-да, қўлларни жуфтлаб чўзганча ў-ўртасини мўлжаллаб калла ташлайсан. Чуқур шўнғима, икки қулоч отсанг, нариги қирғоққа чиқволасан, тушундингми?
Шу пайт «устоз – шогирд» сузувчилар ёнида Пардо пайдо бўлди. Фазли ўзларига тенгқур лўли болани яхши таниса-да, у билан ортиқча гаплашмас, ош-қатиқ бўлмаганди. Унинг қадами етган жойда жанжал чиқар, шундан лақаби Ишкал эди.
– Чўчоққа тушунадими?! – дўқ қила кетди у ҳе йўқ-бе йўқ Яҳёга кўзини олайтириб. – Сан айткондақа шўнғиса, сувдан қайтиб чиқмайди, чўкади-кетади! Тушундингми, Яқи?
– Қўрқитма, буни! – дея Пардо ишкалга ўдағайлади Мираҳмад. – Ўзинг ҳам шунақасига ўргангансан.
– Ман бир ёшимда йиғлайверганимда апам анҳорга улоқтириб юборган, ўзим сузиб чиққонман, – деди Пардо мақтанчоқлик билан кўзларини ола-кула ўйнатиб.
Икки одим нарида баданидаги сув зарралари селгишини томоша қилиб турган Бақо Пардога чимирилиб бир нигоҳ ташлади-ю, «чирт» этиб тупурди. Яҳё Бақодан мадад кутаётганди.
– Ана, Бақоям сузишга уста экан, қараб турмайди, тўғрими? – сўради у.
Бақо яна ерга «чирт» этиб туплади-да, ҳеч гап эшитмаган одамдай, индамай нари кетди.
Хуллас, бўғилиб тушунтиришлар, қўярда-қўймай уқдиришлар, далда беришлар кор қилмай қолмади.
– Таваккал, – деди Мираҳмад Фазлининг кифтига шапатилаб.
– Таваккалли боши кал, – пишанг берди Лутфулла.
– Ҳаммага қулоқ солавурма, – дея ўз йўл-йўриғини уқдиришдан тўхтамади Яҳё. – Ман ўзим қараб тураман. Аввал шўнғиб, кейин сув бетига чиқасан, айтдим-а, икки қулоч отсанг, нариги қирғоққа етасан, толни илдизи бор-ку, ҳўв, ана, кўрвоссанми, қизариб-оқариб кўриниб турибди. Ўшани ушлаб олсанг – бўлди, лип этиб қирғоққа чиқиб оласан! Ман ўзим тайёр тураман, қўрқма, оғайни!
Фазли гўдаклик чоғларидан ёнма-ён ўсган дўстининг жон койитиб уқдиришларига қанчалик қулоқ солди, уларни нечоғлик илғади, нечоғлик тушуниб етди – аниқ ёдида йўқ. Нафас олиш, таомни чайнаб ютиш, қадам ташлаб юриш-югуриш ўргатилмайди-ку ҳеч кимга, нима сабабдан сузишни ўрганиш бунчалик маҳол? Қорамолга, қўйга, итга биров ўргатмаган-ку сузишни, одамга эса шу-унча тушунтириш, далда бериш зарур. Бундай қараса, ана, қанчадан-қанча бола-бақра сувдан чиқмай сузиб-чўмилиб-қувалашиб юрибди. Нега энди Фазли юрак ҳовучлаб, таниш-нотанишлар кўз ўнгида калака бўлиши керак?! Йўқ, у бўш келмайди, ўртоқларининг, анави қора-қура, бири-биридан қилтириқ, иштончанг лўли бачаларнинг қувалашиб сувга сакрашлари, ирғишлари, шўнғишларини кўра-била туриб аламидан қочгани жой тополмай турадими, қаққайиб?! Мусибат шунақа бўладими? Таваккал қилишга кучи, иродаси етмаса Кайковузнинг бўйига келмай туриб ўйлаши керак эди. Келдими, бўлди-да, ортиқча гап-сўздан не фойда, бу ёғи дангалига...
– Таваккал!..
Унинг пичирлаганини Яҳё эшитди, Мираҳмад эшитди. Бақо ва бошқалар эшитишди.
– Э, яшшавор! – деб юборишди бараварига Яҳё билан Мираҳмад жўр овозда.
Фазли беш-олти одим ортга тисарилиб югуриб келди-ю, йўқ, югуриб келаётиб, қирғоққа икки қадам қолганида қадам олиши сустлашди, қирғоқнинг лабига келганида эса таққа тўхтади, анҳорнинг суви лиммо-лим тўлиб оқаётгандек кўринди кўзига, кўринди-ю, турган жойида михлангандек қимир этолмади. Тиззаларига сезилар-сезилмас қалтироқ югурди. Ўн беш-йигирма қадам нарида бу манзарани кўз узмай томоша қилиб турган Пардо бошчилигидаги лўли бачалар бараварига қийқириб юборишди. Масхарага тўла бу қийқириқ жон-жонига ботди Фазлининг, бу етмагандай Мираҳмаднинг: «Ўл, сўтак!» деб масхаралаши, Бақонинг беписанд нигоҳи кўксининг аллақаерига устма-уст тиғдек санчилди. Фазли учун ортга йўл қолмаганди. У Яҳё дўсти тушунтирганидай қилиб кафтларини жуфтлади, қўлларини олдинга чўзганича ичида яна бир карра «Таваккал» деди-ю, ўзини тезоб оқаётган Кайковузга ташлади.
3
Фазлиларнинг дарвозахонасидан чиққан бурундор киши ердан бирор нарса излаётгандек бошини солинтириб жимгина катта кўча томон юрди. Болалар Фазлига имо-ишора қилишди. Фазли уларни кўрмаганликка олди.
– Амакинг билан хайрлашмайсанми? – дея жиғига тегди Лутфулла, нотаниш киши пича узоқлашгач.
– Ўчир! – деди Фазли овозини пасайтириб, ўқрайиб. Сўнг елкасини қисди. – Танимасам!..
Бурундор киши таққа тўхтади.
– Менга қара, – деди у қовоғини уюб, орқага ярим-ёрти ўгирилиб.
Фазли айб иш қилиб қўйган боладек чўчиб, нафаси ичига тушиб кетди.
– Ҳм... – деди базўр.
– Бери ке, – деди нотаниш киши.
Фазли қўрқа-писа икки-уч қадам яқин борди.
– Анувинди уйда яшовчи бобой ўлмаганми? – сўради қўлининг учини Минов опоқининг уйи томон чўзиб.
– Й-йўқ... – деди Фазли янаям овозини ютиб юборгудай шивирлаб.
– Кучага чиқаятурми?
– Ҳар куни чиқади, – деди Фазли энди бир оз ўзини тутиб олиб. У нотаниш киши яна нимадир сўрайди деб кутганди, бироқ у бошқа лом-мим демай Тош кўча томон юрди, қораси
