Ҳикоя
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Ҳикоя

Ҳикоя

Хуршид Дўстмуҳаммад

СЎЗБОШИ ЎРНИДА


АДИБ ҚАЛБИНИНГ ҚУЁШИ

Муҳтарам ўқувчи! Сиз давримизнинг ажойиб адибларидан бири Хуршид Дўст­муҳаммаднинг ушбу ҳикоялар китобини қўлга олдингиз. Қутлуғ бўлсин! Энди уни ўйлаб, фазилатларига – ёзувчининг маҳорати, сўзининг салмоғи, матн оҳангию жозибасига диққат бериб ўқиш лозим. Чунки Хуршид Дўстмуҳаммад ёзганларини кўз югуртириб, ўйсиз, уқмасдан, ўйламасдан, тафаккурни зўриқтирмай, бошқалар билан таққосламасдан, муаллифнинг асл мақсадини англашга уринмасдан шунчаки ўқиб бўлмайди.

-1-

Замонавий ўзбек насри тараққиётида истеъдодли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг муносиб ўрни бор. Ўқувчилар уни «Бозор», «Донишманд Сизиф» номли ажойиб романлари, «Нигоҳ», «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Куза...», «Ёлғиз» каби қатор қиссалари орқали яхши танийди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, Хуршид Дўстмуҳаммад ўз услуби ва ўз сўзига эга маҳоратли ҳикоянависдир. Ижодини ҳикоялар ёзиш билан бошлаган ёзувчи ҳозирга қадар бу жанрда ўз кўнглини – дарду дунё­сини намоён қилиб келади. Ҳикоялар – Хуршид аканинг маънавий хазинаси. Хазина бир жойга жамланса, ўзгача бўлади: нур сочади, кўзни қувонтиради, дилни яйратади. Ушбу маҳобатли ҳикоялар китоби адибнинг айни жанрдаги адабий биографиясидир. Ҳикоялар шакл ва услуб, мазмун ва мундарижа, мавзу кўлами ва қамраган даври ҳамда ҳудудига кўра ранг-баранг. Анъанавий ўзбек ҳикоячилиги йўлида ёзилганидан тортиб, тажриба йўсинида битилганлари ҳам, ўзбек насрида ҳали ҳеч ким машқ қилиб кўрмаган «оғзаки ҳикоялар»дан тортиб, «назира-ҳикоялар»гача бор бунда. Зотан, бирхиллик одамни зериктиради. Х.Дўстмуҳаммад буни яхши тушунади; шунинг учун ҳам ижодда ноанъанавий йўлдан боришни хуш кўради.

Адибнинг ҳикоялар китоби хусусида таассуротлар ёзиб, баъзиларига баҳо бермоқчиман; ниятим – ўқувчида қизиқиш ва рағбат уйғотиш. Аслида тийрак-теран назарли китобхон ҳам, адибнинг ўзи ҳам ўнгсўзимга муҳтож эмас. Чунки Хуршид аканинг янги асарлари адабий жараённи жиддий кузатиб бораётган ўқувчилар томонидан кўпинча жуда илиқ кутиб олинади; муҳокамалар қилинади. Қолаверса, ҳар бир ижодкор ўз асарлари қадр-қийматини, мақомини, баҳоси ва умрини ўзи яхши билади. Инчунин Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоячилик бобида махсус тадқиқот ёзиб, илмий даражага эга адабиётшунос ҳамдир.

Ўқиш маҳалида А.П.Чеховнинг ўзига замондош қаламкашларидан бирига: «Агар хоҳласанг, стол устида турган мана шу кулдон тўғрисида ҳикоя ёзиб беришим мумкин. «Кулдон» сарлавҳаси билан эртагаёқ матбуот­га чиқади», деб айтган гапини кўп эсладим. Бу ўз қалами ва маҳоратига ишонч, ўзининг шойиста хаёлоти ва поэтик имкониятига ишончдир. Бу китобда ҳикоя қилинган тарих ва замон манзаралари, митти ҳашаротлар ҳаракати ва аллақандай ички тасаввурлар инъикосини кўриб, Хуршид ака ўз фалсафаси, услуби, тажрибаси ва дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда, бемалол рус адибининг гапини такрорлайдиган, яъни стол устидаги кулдонни ҳам ҳикояга айлантира оладиган ёзувчидир, деган гап хаёлимга келди. Баҳарҳол, бу яхшилик аломатидир.

-2-

Китобга киритилган ҳикоялар «Ҳе-е-е-й, болали-и-и-к-к!», «Мозийга қайтиб», «Кўнгил... янгилик қидирадир», «Муҳаббат – изтироб, муҳаббат – қайғу», «Беозор детектив», «Дилдаги хориж», «Кулиб яшайлик, кулиб!» каби бўлимлар остида таснифлаб жамланади.

Болаликнинг беғуборлиги, боланинг тоза кўнгли акс этган «Ҳашарчилар» ҳикоясида муаллиф асл мақсади бўлган ҳашарчилар бориб тушган уйдаги бошқачароқ аёлнинг феълидан очиқдан-очиқ сўз очмайди. Адиб уйларига бегоналар меҳмон бўлиб келишлари, вақтинча яшашларини истаётган боланинг хоҳишлари, қиёслари ва қийноқларини асл мақсадига восита қилади. Бошқа қўшнилар уйига қўноқ бўлган шаҳарлик ҳашарчилар нима учун бизнинг уйга келмайди? Қизиқувчан бола шуни истайди, болаларча шундан безовта бўлади. Охири ниятига эришади ҳам. Аммо уйдаги қозон-­ўчоқнинг ҳоли хароб. Қозонга секин мўралаган ҳашарчи йигитча: «Ҳм-м...» деб туради-да, кейин «чўзиб ҳуштак чалиб юборади». Оиладаги аҳвол шундан билинади. Уйида овқат пиширадиган эр баъзан қозон-ўчоқни қаровсиз қолдиради. Бунинг сабабини ёзувчи сир сақлайди. Бу уйдаги аёл – фожиавий қисмат эгаси. Уни боласи кўп ҳам идрок эта олмайди. Ёзувчи ҳам бунга урғу бермайди; аёл тақдири, фожиасидан атай узоқ туради. Ҳашарчилардан бири оила ҳоли ҳақида: «– Хотини... экан... – У кўрсаткич бармоғини чеккасига нуқди. – Ҳа-а, ана, сўрида ўтирган...», дея шерикларига ишора қилади. Ҳикояни тутиб турган, болани ҳар тарафга сарсон қилиб югуртирган, отанинг «оёғининг учида ер» чизиб қисинишига сабаб бўлган асосий таянч нуқта – урғули гапи бу. Бола ҳалиги ҳашарчининг гапидан ҳақиқатни англаб қолади ва ғалати ҳолга тушади: «Мен турган жойимда серрайиб, устимдан совуқ сув қуйиб юборгандай қотиб қолдим. Нима қилишни, ошхонадан қочиб чиқишни ҳам, ҳашарчилар ёнида қолишни ҳам билолмадим, назаримда оёқларим ерга михлангандек эди. Баданим қалтираб, тишларим такиллади, тилим айланмай қолди. Онамнинг шундай эканини бировлар оғзидан биринчи марта эшитишим эди».

Адабиёт – сўз санъати, айни дамда сўзлар ифодасига қўшимча ишоралар тили ҳамдир. Қаранг, ёзувчи аёл қўли тегмаган уйдан фаришта қочади ёки боланинг онасида аллақандай касаллик бор, деган гапни умуман ишлатмайди. Воқелик бола тилидан берилиб, унинг назаридан ўтказилар экан, ўқувчи ниманидир, яъни аёлнинг «шундай эканини» сезиб қолади. Ҳикоя ана шундай сири, ҳамма гап ошкор айтилмагани билан жозибали. Худди шу бола нуқтаи назари «Алам» ҳикоясида давом этади. Энди болакай қиш кунида «қия йўлда зўрға юқорига қараб ўрлаётган», устига кўмир ортган эшак арава ортида пайдо бўлади. Унинг эшак жониворга раҳми келади, аравакаш амаки ва эшакка ёрдам бериш учун аравани роса итаради. Эшакнинг ҳоли хароб, ҳолдан тойган, баджаҳл аравакаш уни қамчилайди. Жонивор ётиб олади... «Эшак эса ётган жойида қалт-қалт титрар, кўзининг четидаги чўзиқ қора доғ узра кўз ёши думалаб тушарди». Базўр ўрнидан туради, яна... Бола аравани итаради. Аммо кутилмаганда зарбага дуч келади. Арава ортида кўриб қолган амаки важоҳат билан сўкинади: «Нега аравага осиласан, зумраша!» деб қамчиси билан солади. Ёзувчи бу ҳодисани жуда ишонарли, майда икир-чикиригача тас­вирлайди. Яхшилик мукофоти – қамчи, ёрдам учун совға – ёмонлик. Ўқувчи буни ҳалиги бола ҳолидан, ўз эзгу ишига нисбатан мутлақо тес­кари бир ҳолга учраган изтиробли кайфиятидан билиб олади. Яхшилиги эвазига аравакашдан ҳақорат эшитган бола ундан узоқлашиб, «қувса ета олмайдиган жойга» бориб, аламидан чиқиб, уни керак сўзлар билан «мукофот»лайди, ўчини олади; ичидаги аламни чиқариб, енгил тортади. Ҳикояда бола – яхши одам, ҳатто юкни қийналиб тортқилаётган жонивор эшак ҳам одамдек...

Адибнинг «Онам, жияним, мен», «Отамнинг ошнаси» ҳикояларида ҳам бола нигоҳи етакчилик қилади; ҳодиса бола тасаввурига жойланади.

-3-

«Мозийга қайтиб иш кўриш хайрлик дейдилар» – аллома адибнинг ушбу ҳикматидан олинган «Мозийга қайтиб» бирикмасини Хуршид Дўстмуҳаммад тарихий ҳикояларига умумий ном қилиб олади. Улар сони кўп эмас: «Қазо бўлган намоз», «Тўхтабойнинг бойликлари», «Умид гули»... Бола дунёси қандай реалистик берилган бўлса, бу тарихий ҳикоялар ҳам шундай усулда ёзилган. Тарихга нур бағишлаш, айниқса, миллатнинг узоқ йиллар душман саналган бой ва боёнлари, олим ва уламолари тўғрисида бошқаларга ўхшамаган тарзда, мозийни одамнинг кўзи олдида жонлантириш, тарихий шахсларни эъзозлаш, уларга жон бағишлаб, ўз нутқида сўзлатиш – булар осон иш эмас. Қалам қуввати билан тасаввур кўлами бирлашади бунда ва бадиий тафаккур ўз кучини кўрсатади. «Қазо бўлган намоз» ҳикоясида андижонлик машҳур бой Миркомилбойнинг ҳаёт тарзи, инсоний фазилатлари, тоза ва ҳалол ниятларидан гап очилади. Миркомилбой – мулоҳазали, диёнатли, дунё кўрган одам. Аммо у бегоналардан эмас, балки ўз миллатдошидан, яқинида юрган кимсалардан панд ейди. Миркомилбой бор давлатини, иззат-обрўсини «ўз халқига ғанимлик ниятида» тўпламайди. Душманлик қилиб, уни сотган хоинлар «ўзга юртлардан келиб юртни, диёрни босиб» олган кимсалардан эмас, балки атрофида юрган, ўз элидан чиққан маънавияти тубан миллатдошлари. ХХ аср бошидаги инқилоб ҳодисаси одамларни элакдан ўтказди, парчалаб бирлаштирди. Ўша замондаги шоҳу гадо ўйинлари ёзувчини ўйлантиради; ҳикояда ўз эзгу нияти оқибатида «сургунма-сургун, қамоқма-қамоқ сарсон-саргардон» юрган Миркомилбой ҳаётининг охирги палласи акс эттирилади.

Ҳикоя фожиавий, аянчли тасвир билан тугалланади.

«Тўхтабойнинг бойликлари»да берилган тарихий муҳит юқоридаги ҳикоя билан бир даврга тўғри келади. Тўхтабойвачча – Тошкентнинг энг бадавлат одами. Кутубхона, масжид қурдирган, одамларга ёрдами теккан. Аммо умрининг охирида унга сичқоннинг ини минг танга. Қочиб, яшириниб, ташқи кўринишини ўзгартириб беҳаловат юради. Хотинлари, болалари билан бемалол-хотиржам умр кечиришнинг имкони йўқ. «Мол-давлатимни бари йўқдан бор бўлди – мана энди, барча-барчаси бордан йўқ бўлди – фийсабилиллоҳ, ризоман!» Бошига келган фалокатни хотиржам ва борича қабул қилади. Мол-дунё келади-кетади; қўлнинг кири. Аммо Тўхтабойнинг «асл бойликлари бўлмиш аёлларию фарзандларидан мосуво бўлиш...» – мана шу ҳол бойни қийнайди. Тезоқар дарёдек шиддат билан кўпириб айланаётган замон тегирмони тўғрисида ўйланиб бораётган бойни кўчада трамвай уриб кетади. Ҳикоя беш қисмдан таркиб топган. Бешинчи қисми Тўхтабойваччанинг қабрга қўйилиши ва боқий дунёдаги саодати хусусида умидли, «охирати обод бўлсин» деган дуонинг метафорик ифодаси билан туганчига етади.

Хуршид Дўстмуҳаммад барча ҳикояларида инсоннинг ўй-кечинмалари ва табиатини руҳий-психологик жиҳатдан ҳаққоний ёритади. Деталлаштиради. Уларни сўзлатади. «Мунозара» ва «Ҳинд сайёҳи», қадим ва жадид ихтилофлари, «Қиёмат» ҳикояси, Файзуллахўжа, Чўлпон шеърлари, Вадуд Маҳмуд мақоласи, «Чиғатой гурунги», «Ёш ўзбек шоирлари» тўплами, «Мижмар» тахаллуси, «Инқилоб» журнали – маърифатли ўқувчи бу тушунчалар, номлар, сарлавҳа ва иборалар Абдурауф Фитратнинг ижоди теграсида жамланишини англаб олиши қийин эмас. Дарҳақиқат, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг «Умид гули» ҳикояси Фитратнинг Масковда ёлғизланиб юрган кунларидан олиб ёзилган. Ҳикоя воқелиги Фит­ратнинг ижод онлари, миллат ва эл-юрт тақдири устидаги хаёллари билан муштарак берилади. Шунинг учун ҳам унинг тилида фитратона таъбир ва фалсафий ҳикматлар учрайди. «Инсон инсон билан, суҳбату анжуманлар билан тирик, барҳаёт. Балиқнинг ватани уммон бўлгани каби одамнинг ватани – уни тушунган, унинг сўзларига қулоқ тутгувчилар орасиндаги сершавқ машварат онларидадир». Образ, адабий қаҳрамон кайфиятни табиат ҳодисаларига кўчириб, уларга мослаб ёки зидлаб тасвирлаш усулини Хуршид Дўстмуҳаммад «Умид гули»да ҳам қўллайди: «Ёмғир тезлашди, томчилар зичлашди. Томчилардаги хиёл олдинги илиқлик ўрнини музлик эгаллади». Бироқ об-ҳаводаги бу ўзгаришлар ёмғир остида қолган одам, ижтимоий муҳит зиддиятлари гирдобига тушган ижодкор ақидасига таъсир қилмаслигини истайди. Шунинг учун ҳам Фит­рат ўз дунёсига мос муҳитни «Менинг кечам» шеърида баён этади. Шогирд мақомидаги «меҳмон йигит» – Боту эса унга ғоявий жавоб сифатида бир зумда «Менинг кундузим» шеърини ёзиб келади. Устоз ва шогирд, кеча ва кундуз, мозий ва замон – икки одам, икки шеър, икки олам. Аслида яхши шеър учун «ҳаё­тий тажриба – нозик дид, ҳаётий фаросат, ҳаётий нигоҳ...» керак. Яқин тарихда бир миллатга мансуб икки ижодкорнинг бундай баҳс-мунозаралари, битта ижодкор ботинида кечган туйғулар «Умид гули»да ўз ифодасини топган. Хуршид Дўстмуҳаммад фитратан жадид мунавварларининг муҳитига яқин ижодкор. Чин ўзбек зиёлисининг бирортаси бу муҳитга бегона бўлиши мумкин эмас. Уларнинг дилини, маърифатини англаб, эзгу орзу-ниятларини – миллатпарварлигини ҳис этиб туриш ва уларнинг фао­лиятларига ўз инсоний амалларини пайвандлаш – бу ҳар бир зиёлининг маънавиятини бахту иқбол тахтига олиб чиқади.

Юқоридаги тарихий ҳикояларни ўқиш жараёнида ўзбек жадидлари, борингки, уларнинг Тошкент муҳитини, замон талотўп ва зиддиятларини тасвирлаб, жонлантириб берадиган улкан бир романни ёзиш Хуршид аканинг қўлидан келади, бунга асос ҳам, тажриба ҳам бор, деб ўйладим. Журналистика тарихидан маърузалар ўқийдиган, тарихий давр матбуотини, яқин мозий об-ҳавосини тиниқ тасаввур қиладиган ижодкор сифатида ҳикоялари изидан «Ёлғиз» деган гўзал бир қиссани ёзди. Навбат – тарихий романга. Фақат тарихий романлар ичида ҳаракат этадиган тарихий образларни ўз эътиқоди ва эътимодига мос тасвирлаш лозим. Уларнинг деярли ҳаммаси кунлик ибодатларини канда қилмасин, вақти келганида рўзасини тутсин, бой бўлса, закотини берсин, имкон топса, ҳажга борган бўлсин... Балки бу давр зиёлилари, бойлари, уламолари орасида тақвоси боис чилла ёки эътикофда ўтирганлари ҳам бордир.

Мен ўзбек халқининг узоқ ва яқин тарихи, жумладан, жадидлар ҳаё­тидан олиб ёзиладиган асарлардаги ҳар бир образни чин мусулмон қиёфасида тасвирланиши керак, деб ўйлайман. Шунда бадиий тасвир ёғдуси тарихнинг ҳар битта нуқтасини ёритади; шунда ҳаётий-­адабий-назарий тамойил тарихий асарларда бор ҳақиқати билан асосий ўринга чиқади.

-4-

Китобдаги ҳикояларнинг жуда катта қисмини Абдулҳамид Чўлпоннинг «Кўнгил... янгилик қидирадир» ибораси ўз қамровига олади. Аслида, одам табиатан янгиликни яхши кўради; янгиликка интилади ва диққат қаратади. Хуршид Дўстмуҳаммад кўп ўқиган, бағрикенг, дунёқараши, кўнгли кенг ижодкор. Табиатида ғийбатлар, ғурбатлар, бировлар кўнглига озор етказиш йўқ. Сукут, жимлик – булар ҳам адибнинг гоҳида тасдиқ ёки инкор, гоҳида баҳс-мунозаралар учун берадиган ўринли жавобидир. Ёзувчи ҳаёт ва хаёлини, ҳодиса ва борлиқни кузатиб янгиликлар топади.

Ўзбеклар ҳаётида ошга бормаган, сафга тизилмаган одамнинг ўзи йўқ. «Саф» ҳикояси номидан кўриниб турганидек, шу саф ҳақида. Бироқ унда ҳаёт фалсафаси акс этган. Сафнинг ёзилмаган қонунлари бор. Бошида катталар, охирида ёшлар, болалар. Болалигида сафнинг охирига қўшилган Райим энди чол бўлган, у сафнинг бошида кетмоқда. Сафнинг бошига энди келди. Аммо сафни унгача қанчадан-қанча чоллар етаклади. Тўйми ёки бирор маросимми, албатта, саф-саф бўлиб ошга боради ўзбек. Буни ҳамма билади, деярли шу ҳодисага кун-кунора, ҳафта ё ойда бирор марта ҳар ким дуч келади. Аммо сафдаги рамзни, унинг ҳаётга, инсоннинг умр йўлига ўхшашлигини фақатгина ижодкорнинг назари илғаб олади. Ҳикоядаги саф – метафорик детал. «Саф» ўзбекона удумлар, ўзбекона ҳаёт тарзи ҳақида фикрлашга ундайдиган гўзал ҳикоя.

Аслида Хуршид Дўстмуҳаммад барча бирдай тушунадиган, ҳамма билиб, сезиб турадиган воқеаларни ҳикоя қилиш истеъдодига эга. Бироқ тасаввурга эрк беринг. Қиш. Қор босган кенг ва оппоқ майдон. Ҳамма қумурс­қаларга ўхшаб битта сўқмоқдан – ёлғизоёқ йўлакдан бориб келаверади. Улар кўп ҳам қийналмасдан, ўйланмасдан, тойғанмасдан, сурчикмасдан юраверади. Хуршид Дўстмуҳаммад учун эса қор ёққан ўша майдоннинг оёқ босилмаган жойлари, маконлари, ҳудудлари, ўпқонлари, даралари, тепаликлари муҳим ва қизиқ. Шу сабабли адиб ҳикояларида – тушидами ё ҳушида – бунинг аҳамияти йўқ – қаҳрамонлари керак бўлса, сув ичида сузиб юради, қор ичида яшайди. Қор кураб кун ўтказади. Қор босиб қолган уй ичида ўтиради, сирғалиб юради. «Қор одам»га айланади. Ҳалқа йўлнинг нариги томонидаги қорли ерларни қўмсайди. Баъзан оппоқ қор устига кўмир бўлаклари юмалаб тушади ва «оппоқ қор юзига қорамтир доғлар ёйилди». Баъзан ёмғир қорга аралашиб майдалаб ёғади, «қор-ёмғир томчилари» япроқларни, бино томларини, улардан ўтиб ерни савалаб қолади. «Қиш асноси тупроқ момиқ қор кўрпаси остида мириқиб нафас ростлади». «Қор остида қолган болохонали уй», «қор босган водий», «қор босган дара» – қорли таъбир ва тасвирлар, оппоқ рангли булутлар, оппоқ нур. Қор – оқлик, яхшилик рамзи.

Хуршид ака ҳикояларининг қаҳрамонлари зулматни ёқтирмайди: «Йўлим ойдин, манзилим ойдин, оқ ойдин, кўк ойдин...» Тонгни, саҳарни, ойдинликни, оппоқ қорни ва баҳорни бошқача кўради, хушлайди. Бунда кўп нарса бошқача. Бошқачалик – бу ҳам Хуршид Дўстмуҳаммад ижодига хос муҳим бир хусусият. Образлар ва исмлар бошқача, объект ва баъзида ифода шакли ҳам, асарларининг композицияси ҳам бошқача...

Нурлар, нур томчилари, марварид ва биллур томчилар адиб ҳикояларида маъно ташийди, образга айланади. «Дардингни олай» – ғалати психологик ҳикоя. Руҳий жиҳатдан ҳуши ўзида бўлмаган, чақалоқни соғинган бир жувоннинг бошқача ҳолати тасвирланади. Ёзувчи аёлни қўлига супурги билан хокандозни олиб, ҳовлини супурган, бир жуфт мусичанинг тупроқда қолдирган изига тикилган, дастурхонга ўралган йўргак билан андармон бўлган, ойнага тушаётган қуёш нурини артаётган ҳолда кўрсатади. Булар билан боғлиқ жуда майда унсурларни батафсил тасвирлайди. Дейлик, жувон қўл кафтларини ювади, қуёшга тутиб қуритади, бир неча марта қўлини ювиш учун жўмракни очади, «тирсаги билан қотиради». Ҳовлида қимир-қимир. Аммо унинг эътиборида йўргакланган чақалоқ. Жувон йўргак билан гаплашади, дардлашади. Бошидан ўтган алланимани қўмсайди, йўргакни яширади, аллалайди. Ҳикоя сюжетида бу ҳолатни кузатаётган йигит пайдо бўлади. Кузатганда ҳам эшик тирқишидан, «калит уясидан мўралаб» жувонга қараб туради у. Жувоннинг бутун хатти-ҳаракатлари соғлом одамникига ўхшамайди. Руҳи ақлига бўйсунмаган жувоннинг ҳолини англаш қийин; қиладиган ишларининг маъниси фақат ўзига маълум. Ҳар нарсадан, кимдандир, нимадандир хавотир – ваҳимага тушади, йиғлайди, қалтирайди, сергак тортади. «У шу алфозда узоқ юрди. Кейин тўхтаб, уйнинг ўртасида бир нуқтага қадалганча қолди, узоқдан элас-элас қулоғига чалинаётган шовқинни эшитмоқчидек сергакланди. Унинг шу туришида яна не балоларни бошлашини билиб бўлмасди...» Сўнгра уйқуга кетади. Тонгда ҳушига келади. Жувонга эргашиб психологик босим остида қолган ўқувчи ҳикоя туганчида: «Мен тузукман... Мен яхши бўлиб қолдим...», деган гапидан енгил тортади. Инсон табиатидаги шундай бир мураккаб ҳодисани ўзига хос тафсилотлари билан баён этилиши ўтган асрнинг 90-йилларида Хуршид Дўстмуҳаммаднинг анъанавий ҳикоячиликка нисбатан янгича йўллар излаётганидан дарак берар эди. Янгиликка интилиш, дунё адабиёти билан ўзбек адабиётини уйғунлаштириш, ҳикояларни сирли, рамзли, топишмоқли ва янгича усулда ёзиш бора-бора адиб ижодидаги муҳим адабий тамойилга айланди.

«Топишмачоқлар» туркумига кирган «Бир томчи симоб», «Қор одам», «Ҳалқа йўлдан ҳў-ў нарида», «Сас» – булар топишмоқ, туш аралаш, рамзли ҳикоялар.

«Бир томчи симоб» ҳикоясида ҳали эри мудрар экан, ўзи эрта тонг уйқудан яхши кайфият билан уйғонган, гўзал, бахтли бир келажакдан умидланган аёл руҳиятида кечаётган жараён жуда нафис тасвирланади. Фаросатнинг қувончи, шодлиги, янги бир куннинг умидлари, келгуси саодатидан берадиган дараклар, аввалги йиғиларига ўхшамаган қувонч кўз ёшлари – буларнинг бари шифтга осилган қандилдаги, гилос дарахти учидаги, лолақизғалдоқ япроқчасидаги бир томчи нур билан муштарак акс эттирилади. «Фаросат ариқча ёқасида очилган лолақизғалдоқ тепасига чўк тушди, унинг қондек қип-қизил япроқчаларига, бефарзанд аёлнинг дарди жаҳонидек зулмат чулғаган қорачиқларига тикилди, термилди... «Сабр қил, лолақизғалдоқ, сабр, сабр!» деди Фаросат». Аёл ўша «симоб томчиси»ни авайлайди, унга умидини боғлайди, ойдин, нурли томчининг парчаланишини асло истамайди, чунки унга «нобуд» сўзи ёқмайди, шу сўздан у «юрагини олдириб қўйган». Ёзувчи аёлнинг изтироблари сабабини ҳам, дарду аламга тўла ҳолини ҳам очиқ айтмайди. У – сир, топишмачоқ. Тўғриси, мен топишмачоқ жавобини топдим. Уни сиз ҳам топинг, муҳтарам ўқувчи!

«Қор одам» – хотиржамлик, сукунат, тинчлик истаётган одам. Шаҳар шовқинларидан безиган «соқолли киши». У ҳам бошқаларга ўхшамайди. Ҳикояда шовқин билан сукунат, шаҳар билан овлоқ жой қаршилантирилади. Бундай тазод усули «Ҳалқа йўлдан ҳў-ў нарида» ҳикоясида давом этади. Бу ҳикоя маҳкумлар билан озодликни қўмсаётган одам ўртасидаги зиддият асосига қурилган. Ҳикоя – фусункор ва реалистик, унда хаёл билан мавжуд воқелик, итоаткор одамлар билан ўзбошдоқ инсон зидлашади. Оқимга қарши сузган балиқдек қолипларни хуш кўрмайдиган одам бутун интилиши оқибатида ўз эзгу мақсадига эришади.

«Кўз қорачиғидаги уй» ҳикояси ҳам бошқача. Кимсасиз уйда бир човгум чойнинг қайнаш жараёнидаги турли товушлар, хилма-хил нағмалар ҳаётдаги алланимани эсга солади. Дейлик, қор устида сирғалаётган боланинг чанаси, чана чанғисининг «қор юқиб улгурмаган жой»га ёки тош йўлга ишқаланиши, тахтани тилаётган электр аррасининг оддий овози ва қучоқ етмас ғўлани арралаётгандаги кучанган нағмаси, ғўла ўрнида мармар харсангни арралашни бошлагани каби товушлар келади ҳикоядан. Олов устига қўйилган ичи сувга тўла човгум қайнаш маҳалида ҳар лаҳза сайин турли нағмалар қилади, куйлайди, шиғлайди, шовқин солади. Зарур бўлса, човгум қиз бола тилида сўзлайди, болакай қўлида найга айланади. Лойга ботган машина ғилдираги бир жойда айланади ва овози ёзилади. Ипни ғалтакка ўраётган тикувчи чархининг саси эшитилади. Шамол гувиллайди. Кейин бу овоз ерга қўнаётган учоқ сасига эврилади. Улкан бочкага сув қуйилади-тошади. Човгум товуқнинг қоқоқлаган овозини чиқаради. «Сув муштлари» билан ичкаридан човгум дарвозасини тақиллатади. Одам човгумдаги чой қайнашининг турли товушларини тинглар экан, турмушдаги хилма-хил ҳодисаларни бирма-бир ўй-хаёлидан ўтказади. Бир тарафдан қараганда, чой қайнаши шунчаки ҳолат баёнига ўхшаб кўринади, иккинчидан, қайнаш уни эшитиб турган инсон тасаввурида атрофида қайнаётган ҳаёт ассоциациясини юзага келтиради. Биров хаёлига келадими? Шу ҳикояни ёзиш учун ёзувчи неча марта човгумни сувга тўлдириб, унинг қизиш, қайнаш ва қайнаб тўкилишдаги овозларини эшитиб кўрган экан? Сиз ҳам кимсасиз, сукунат қўйнида шундай бир машқни бажариб кўрсангиз бўлмайдими? Тўғриси, одам ҳикоя қаҳрамонига ўхшаб хотиржамлик ва сукунат бағрида шундай ўзига хос «куй»ни эшитгиси ҳам келади. Бу ҳам кўнгли янгилик қидираётган адибнинг янгича ёзиш усулига киради.

«Бугун эрталаб» ҳикоясида онг оқими, инсоннинг ботиний шуурида кечаётган жараён баёни устуворлик қилади. Шунинг учун ҳам ҳикоя қаҳрамони ўйлаётганларини, ақлига, ўз инсоний шаънига тўғри келмаган тушунчаларини гўё эзмаланаётгандек гапираверади. Буни ўзи ҳам билади, шу боис керак бўлса, ўзи билан ўзи ёки ўқувчи билан мулоқотга ҳам киришади: «Ўлгудай эзма экансан-ей! Алжирашингдан кўнглим беҳузур бўлди». Топдинг, пича эзмалигим ҳам бор, аслида бу қадар эзма эмасдим, бомдод ибодати ниятида кўз очдиму... Бу одам фикрлар оқими ичида сузиб юради. Ҳис-туйғулари, жаҳли, алами, қаҳри, киноялари, ҳақиқатлари унинг ҳаётидаги ташвишлари билан бирга келади. Аслида «наср ҳам худди шеър ва мусиқа асаридек ички оҳангга эга бўлади» (С.Антонов фик­ри). Ҳикоя матни оҳанги – бу ҳам муҳим масала... Ҳикояни бу тарзда – гўё илмий-назариймонанд силлиқ гапларда шарҳлаш унинг мазасини, таъмини, рангини, жозибасини кеткизади. Яхшиси, азиз ўқувчи, «тикану зирапчалар бозиллатиб» бутун вужудига оғриқ берган ушбу одам ҳоли билан ўзингиз танишинг. Жиддий ўқинг! Шунда ҳикоя руҳини, пафосини, шиддатини, зиддиятини, рангларини ҳис этасиз, шавқланасиз, лаззат оласиз.

Сарлавҳа кўпинча бадиий асар мазмунидан хабар беради, аммо баъзида одам адашади. Дейлик, «Меҳмон» деган сарлавҳани ўқиганда, ўқувчи ўйига кимнингдир уйига кимдир меҳмон бўлиб боргани келади. Бироқ бу галги меҳмон – одам эмас, ҳашарот. Чумоли ё суварак эмас, ўргимчак. Муаллиф эринмай ўргимчак оёқ-қўлларини санайди, заифлигини, рангини, ғужанак бўлишини обдан кузатади. «Ўзи мошдек, сарғиш-қорамтир, тўрт жуфт оёқчаси ола-була, икки жуфт қўлчаси оёқларидан кўра нафис, сарғиш». Ҳаракатланаётган бу ҳашарот йўлида нимадир пайдо бўлса, «бир муддат жонсиз тугунга» айланади. Бундай ҳолни ўзингиз ҳам кўргансиз, кузатгансиз, аммо тас­вирлаш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайди. Соч орасига йўл адашган, йўл излаб, қулоқдан кириб, миянинг турли кўчаларида кезиб, кўз киприкларини кўтариб, кўз нуридан майин тола эшиб, ўз йўлига равона бўлган ўргимчакнинг бир неча дақиқалик ҳаракати – ҳикоя шу. Бундаги митти ҳашаротнинг жуда нозик ҳолат тасвири учун ўргимчак тўқиган майин ипдан ҳам нафисроқ қалам керак, назар ва нигоҳ керак. Энг муҳими, бундай кузатувлар баёни учун муносиб сўз керак. Хуршид аканинг бу типдаги ҳикоялари менда ўзини, ўз иқтидорини, тафаккур ва тасаввур кучини, қаламини, сўзини синовдан ўтказиш учун атай ёзгандек таассурот қолдирди.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳикоялари юкини анъанавий назарий тарозиларнинг паллаларига жойлаб тортиш қийин. Адабиётчи худди бошига кўрпасини қўйиб кетаётган одамнинг ҳолига тушади. Қарашлар тарози палласидан сирғалиб тушаверади, юзингни, кўзингни беркитади. Издиҳомни ҳайратга солади. Ўқувчи фикрига майда игналардек санчилади, мудраганни уйғотади. Шунда Хуршид ака ҳикояларида ҳар бир ўқувчи ўзининг бўй-бастини, қиёфасини, образини, дунёқарашини, болалигини, сарсон-саргардон кунларини, баъзан таъбири топилмаган тушларини кўради. Ўқувчи беихтиёр ўзини таниб қолади ва таажжубга тушади. «Ўзим» ҳикояси шундай тушни эслатади. Ёзувчининг қаҳрамонлари метамарфозавий хусусиятига кўра, баъзан ёш йигит мўйсафидга эврилади. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикояларининг ҳар бир инсон юзига тутилган кўзгулик хоссаси ҳам, суянгулик маънавий ҳассаси ва ушбу жанрнинг янгиланишига қўшган ҳиссаси ҳам шундадир балки.

«Жим ўтирган одам» билан «Қичқириқ» ҳикоялари тас­вир объектига кўра фарқли. Бири ташқари, иккинчиси ичкари. Қурбонали билан Султон икки хил ракурсда тасвирланган образ. Бири одамлар орасида, кимсанлар таъқибида, иккинчиси сувга шўнғиган. Анҳор сувида оқиб кетаётган Султоннинг ҳолини ёзувчи гўё ташқаридаги муҳитга чиқариб тасвирлайди. Султон сув ичида «ҳаяжоннинг зўридан» ҳатто терлаб кетади; отбалиққа минади. У сувга чўккан келинчакни топмоқчи эди. Аммо ўзи чўккан. Сув ичидаги одам – бу ҳаёт гирдобидаги, ҳаёт оқимидаги одам. Гоҳо ўзининг тириклигини кўрсатиш учун ҳам оқимга қарши
сузиб кўради.

«Жим ўтирган одам», «Шабада», «Соғинч», «Ошқавағ» каби ҳикоя­ларида давр манзараларининг муҳри бор; инсон қисмати, оила қад­ри тасвирланади; яқин ўтган кунлар машмашаларига, таъқиблар ва тақиқларга санъат тилида муносабат билдирилади. Уларда «қўл соатининг қизил мили» – символик детали билан турли рўйхатларга тушган безовта одамлар дарди, хавфсирашлари, ҳеч арзимас нарсалар учун замона «ошқовоқ»ларининг пашшадан фил ясашлари рамзлар, аччиқ кулги ва киноялар билан тасвирланади.

Адибнинг «стол», «чироқ», «дарахт» деган оғзаки ҳикоялари шакл ва мазмунига кўра бошқа асарларига ўхшамайди. Имлода бош ҳарфлар ҳам, пунк­туацион белгилар ҳам йўқ. Оғзаки нутқда буни қўйиб бўлмайди. Расмий ишлар, турли ташвишлар, ҳис-туйғулар, тушунчалар, хавотирлар, эълонлар – барчаси такрорланади ва ҳаёт манзаралари жонланади. Ёзувчи айтмоқчи бўлган гап билан ўқувчи англаган фикр турлича бўлиши мумкин. Ҳар ким ўз ишхонасига киради; ўз ваҳимасига кўмилади; дарахтдан ўзига тегишли эълонни ўқийди, эсида сақлаб қолади. Матн ичидаги сўз, бирор бирикма ёки гап эгасини топади. Оғзаки ҳикоялари синчиклаб ўқилиши лозим. Шунда пунктуацион белгилар, бош ҳарфлар, хатбошилар қўлланилмаган бу силлиқ ҳикоялар тушунилади. Бу тип ҳикояларни ўқиган одам қалбини қандайдир завқли кайфият эгаллаб олади, бироқ ўша завқли туйғуни сўз билан ифодалаб билмайди. Одатда, шеърни шарҳлаш қийин кечади. Худди шунга ўхшаб туйғулар, кайфиятлар, изтироблар, кечинмалар, тушлар баён қилинган ҳикояларда лирик пафос кучаяди. Одам сўзнинг товланишларидан, ҳикоянинг умумматнидаги оҳанг оқимидан таъсирланади.

-5-

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ажойиб бир фазилати бор – кузатиш. Назаримда, нимаики зарур, барчасини жиддий кузатади, кузатишларини тафаккур қозонида пиширади, мавриди келганда қоғозга туширади. Унинг кўп ҳикоялари кузатиш натижасида майдонга келади. Қаҳрамонлари ҳам жуда кўп ҳолларда майда, митти ҳашаротларни, одамларни, жониворларни, табиатни, умуман олганда, ҳикоя­га асос бўлган бирор адабий ҳодисани кузатади. Аслида бадиий ижоднинг туб моҳияти ҳам тафаккур кўзи билан оламу одамни кузатиш, унга ибрат назари билан қараш ва шу жараёнда пайдо бўлган ҳикматлару ҳис-туйғуларни ёзишдан иборат. Хуршид Дўстмуҳаммад миттигина битта нарсага олти тарафдан туриб қарайди. Тафсилотларга баъзан фалсафий руҳ сингдиради; ҳикмат излайди.

Ёзувчининг «Беозор қушнинг қарғиши», «Жозиба», «Оқим­га қарши оққан гул», «Ўн сония» каби муҳаббат мавзуидаги ҳикоялари ҳам ўзига хос реалистик, лирик пафосга эга. Хусусан, унинг жуда инжа тасвирга ўчлиги «Ўн сония» ҳикоясида ҳам кўринади. Югуриш йўлакчасида ўн сония чопадиган йигит билан қизнинг ҳиссиётлари бир ҳикоя бўлибди. Шунча тасвир, муносабат, кўз қарашлари, кўнгил ҳолатлари, агар лозим бўлса, ўн сония битта романга ҳам манба бўлади. Бу фақат ижодкор истеъдодига боғлиқ, албатта.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг дунё адабиётини ўқиш ёки хорижга саё­ҳатлари натижасида майдонга келган, руслар ёки французлар муҳитидан олиб ёзилган «Дилдаги хориж» туркумидаги ҳикоялари юзасидан ҳам жиддий мулоҳазалар айтиш ўринли. Улар ичида «Жимжитхонага йўл» номли ўзига хос назира-ҳикояси бор. Бу ноанъанавий ҳикоя композицион қурилиши, структурасига кўра анча бошқача, яхши бир тажриба. Мумтоз шарқ адабиётида ғазалга мухаммас боғлаш анъанасининг насрдаги янги бир кўриниши бу. Хуршид Дўстмуҳаммад нима қилади? Италиялик таниқли носир Дино Буцаттининг «Етти қават» ҳикоясига «назира» боғлайди. Бунда хорижлик адиб ҳикоясининг нисбатан эркин таржимаси билан танишасиз, айни чоғда Х.Дўстмуҳаммаднинг оригинал бир асарини ўқийсиз. Шаклига кўра бир-бирига ўхшаш икки хил воқелик ўрин алмашган ҳолда параллел тасвирланади. Ҳикоя бир ўқишда тасаввурга муҳрланади. Нега шундай? Ҳолбуки, адабий матннинг тенг ярми ажнабий бир ёзувчининг асари-ку! Асрлар бўйи амалий тажрибадан ўтган ҳақиқат шуки, санъаткор муайян бир мавзуга қўл уриб, воқеликни маромига етказиб тасвирласа, ҳар қандай инсон кўнг­лига ўтиради, кўпчиликни ўйлантиради, қалбига завқ, тафаккурига юк беради. Зотан, «Жимжитхонага йўл»да қаламга олинган ҳаёт ва ўлим масаласи бадиий ижоднинг абадий мавзуларидан бири.

Х.Дўстмуҳаммад билан Д.Буцатти ҳикояларида ҳам ҳаёт ва ўлим ҳодисаси рамзий усулда тасвирланади (Аслида рамз ва образли тафаккурсиз, ўйин ва кўчимсиз бадиий адабиётнинг ўзи мавжуд эмас). Улардаги икки қаҳрамон икки хил кайфиятга эга.

Х.Дўстмуҳаммаднинг Зоҳид Яқини бошқача одам, Дино Кортенинг тес­кариси. У ёлғиз эмас. У ўлим ҳар қандай инсон бошига келадиган қисмат эканига ўзини зимдан тайёрлаган иймонли бир инсондир.

Эътибор берилса, юқоридаги ҳикояда касалхона – макон. Одамлар гавжум бўладиган жойлар – касалхона ёки меҳмонхонанинг адабий макон сифатида танланиши жаҳон адабиётида кўп учрайди. «Жимжитхонага йўл»ни ўқиганда бир мулоҳаза пайдо бўлди. Бадиий фантазия минтақалараро геог­рафик макон ва асрларга чўзилган замон чагараларини парчалаб ташлайди; улар назира йўсинидаги тажрибаларда ўзаро бирлашиб, чатишиб, бири иккинчисининг тўқималарига ўтиб кетиши мумкин. Шу маънода агар макон эътиборидан бир жойда ёнма-ён тас­вирланиб, кун-бакун, зинама-зина кўтарилаётган ва пастлаётган қаҳрамонлар қўш бинонинг қоқ белида ўзаро рўбарў – тўқнаш келишса, очиқ ёки ички мулоқотларга киришса, жуда ажиб бир эпизод юзага келар эди,
эҳтимол.

Аслида Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳар бир ҳикояси таҳлил ва талқин учун имкон берадиган стилистик майдон. Аммо ҳамма ҳикояларни тугал қамраб олиб, идрок этиш учун узоқ мутолаа, мулоҳаза, мушоҳада керак. Менинг гап­ларим охирги ҳукм-хулосалар эмас. Қолаверса, ҳар бир асар устида батафсил тўхталиш ва улар сюжетини қайта сўзлашдан ўзимни тийдим.

Баъзан адабиётшунослар ҳам, оддий ўқувчи ҳам «Ёзувчи бу асари билан нима демоқчи?» саволини қў­йиши мумкин. Хуршид аканинг айрим ҳикояларини ўқиб, бу саволга аниқ-лўнда, икки карра икки тўрт тарзида жавоб беришга қийналади одам. Ҳикоянинг сирини, бадиий ҳақиқатни излаш мароқли. Билъакс, ба­диий ижод соҳасида баъзан «тугал аниқланган ҳақиқатда жозиба қолмайди» (Адибнинг ўз таъбири). Ёзувчи учун гоҳо нима демоқчи бўлганидан кўра ёзишнинг ўзи мароқли бўлади. Ёзишдан завқ топади, юрагини бўшатади. Ёзувда нимадир бўлади. «Нимадир» баъзан сарлавҳада акс этмайди. Шу «нимадир»ни кўпинча ёзувчи ўқувчиларга жумбоқ қилиб қолдиради. Дейлик, ўша «нимадир» бир томчи нур – ёғду – зиё бўлади. Ўзбек ўқувчисининг анъанавий дастурий қолипда фикрлашини синдириш учун атай ёзилгандек кўринади Хуршид аканинг айрим ҳикоялари. Улар ўқувчини фикр одамига айлантиради. Фикр ялқовлиги, лоқайдлиги чекинади.

Дунё адабиётшунослигида «муаллифнинг маҳв бўлиши» (Р.Барт таъбири) деган рамзий тушунча бор. Унинг мазмун-моҳияти ёзувчи бадиий ғоясининг кўп қатламли бўлиши, танқидчи-адабиётшуноснинг мағлубияти, бадиий матн товланишлари ва ғалабаси билан изоҳланади. Шу эътибордан ҳаммага ўхшаб ёзиш анъанасидан чекиниб, янгича усулда – фақат ҳозирча Хуршид Дўстмуҳаммаднинг индивидуал услуби тарзида намоён бўлган ҳикояларда жумбоқлар бор. Бу жумбоқларни тушуниш учун образни, метафорани, рамзлар тилини, инсон табиати ва Хуршид аканинг ўзини ҳам яхшироқ билмоқ керак.

-6-

Ижодкор билан суҳбатлар, сафарлар унинг кимлигини, асарини теранроқ тушуниш учун ёрдам беради. Ўтган аср охирлари бўлса керак, қатағон қурбонлари тарихини ўрганиш учун бир гуруҳ зиёлиларга тақиқланган архивларга рухсат берилди. Ҳар ким ўз иши билан андармон, олдиларида турли хатжилдлар тахланган, чанги одамнинг димоғини ўртайди, беихтиёр акса урасан... Улар орасида Хуршид Дўстмуҳаммад бор. Сарғайган қоғозларга, ҳужжатларга мук тушганлар баъзан нафас ростлашади; бундай танаффусларда бир-бир қисқа суҳбат бўлади. Ёки луқма ташланади. Хуршид ака ишлаб ўтирган жойидан ўтаётсам: «Энди бир тасаввур қилинг, мана шу ҳолатимиз устига ўша қатағон бўлиб кетган зиёлилардан бирортаси келиб, қилаётган ишимизга қараб турса...» ва яна нималар деди. Бу ҳар бир ҳол, ҳодиса ёки предметни тафаккур элагидан ўтказадиган инсоннинг, ижодий эркин фикр эгасининг хаёлоти. Хуршид ака айт­ган ана шу гапнинг ўзи ҳикоя масаллиғи эди. Архивдан олинган манбалар асосида тарихий ҳикоялар ёзди. Аммо ҳалиги хаёл шу ҳолича қолди шекилли...

Хуршид Дўстмуҳаммад, Исажон Султон ва мен – учовимиз китобхонлик танловида ҳакам бўлдик. Орада ойнаи жаҳон ускуналари созлангунча ёки танлов иштирокчилари ўзларини ўнглаб, машқлар ўтказгунча бўш вақт чўзилади. Хуршид ака учун эса бўш вақт йўқ. Нимадир ўқийди ёки атрофда айланиб алланималарнинг, балки қайсидир ёзилаётган асарининг «масаллиғи»ни хаёлан пишитади. Мавриди келса, учовимиз суҳбатлашамиз... Бир асрлик тарихдан гап кетди; уни акс эттирадиган битта детал ўртага тушди. «Яхши бир ҳикоя бўлади, бироқ...» Хуршид ака масалани ижодга бурди. Исажон мароқланиб тасдиқлади. Мен сарлавҳасини айт­дим. «Оромкурси» деган қисса ёзгансиз, Хуршид ака, шунга мос бу ҳикояни «Тошкурси» деб номлаш керак», дедим ўзимча. Воқеа бор, ном топилган, аммо бу рамзий ҳикоя ҳалигача ёзилмади, чамаси... Бундай режалар, сарлавҳалар, луқмалар инерциясидан майдонга келадиган сюжетлар – булар ҳам ижодкор бисотидаги бебаҳо хазина. Уларга ишлов берилиши лозим. Туганчига етмагани қанча уларнинг? Шакл ва мазмунига кўра тиниқлашганлари ўқувчига етади. Кейин китоб бўлади.

Умуман, ижод ўзликни намоён этиш заруратидир. Ижод – бу эҳтиёж баёни, нурли қалб жилоси. Хуршид аканинг адабий-илмий китобларида бадиий асарларига сиғмаган қарашлар, тушунчалар, далиллар, дардлар, хотиралар, баҳолар, гурунглар – адиб тафаккур тарзини ифодалайди. «Ижод – кўнгил мунавварлиги» китоби адиб сирларини очишга кўмак беради. Чунки Хуршид акада сир кўп. Ўқувчининг сирга кўмилган, фикри зўриққан паллалари уни қувонтиради. Уч марта ўқиб тушунмаганларга, У.Фолк­нерга ўхшаб, ўша асарини тўртинчи марта ўқишни тавсия этади. Назаримда, ижодкор ўзини ўзи шарҳласа, сир йўқолади, жозиба чекинади. Бадиий адабиёт жумбоқлари ва оҳанглари, рамзлари ва ранглари билан бадеъ ва гўзал. Бадиий асарни бир қолипда, бир хилда изоҳлаш ва шарҳлаш, тушуниш ва тушунтириш қийин. Зеро, ижодкорнинг вазифаси «ўқувчига ўйлаш имконини бериш, ҳатто уни фикрлашга мажбурлаш ҳамдир» (Э.Межелайтес фикри). Ўйлаш, фикр­лар ва биров қалбини тушунишга уринишни завқли машғулотга айлантира олган одам Хуршид Дўстмуҳаммад асарларини, кўнглини англайди.

-7-

Замонавий ўзбек насридаги ноанъанавийлик, рамзийлик, психологизм, дунё адабиётидан ўрганиш омиллари хусусида гап кетса, албатта, биринчилар қатори Хуршид Дўстмуҳаммад номи тилга олинади. Бунинг сабабларидан бир чимдими юқорида баён қилинди.

Психологик жиҳатдан реалистик, романтик, модернистик тасвир тамойиллари уйғунлашиб келадиган Хуршид Дўстмуҳаммад ҳикоялари – идрок майдони. Кўплаб ҳикояларида образлараро, муҳит ва инсон, шу билан бирга образнинг ички руҳий зиддиятлари кузатилади. Ижодкор учун ўзига бегона образ бўлмайди. Образлар ҳамиша ёзувчиларнинг мамлакатида истиқомат қилади; ички оламида яшайди, улар зарур пайтда, албатта, қайси жанрда бўлишидан қатъи назар, Фозилбек билан Қадрияга ўхшаб – ҳодисага аралашади. Хуршид ака қаҳрамонлари кўпинча қолип­ларни бузиб юришади, ҳалқалардан ташқари чиқишади, «ҳовли этагидаги уй»га қараб талпинишади; бозорда учрашади.

Х.Дўстмуҳаммад тушларини ҳикояга солади, улардан маъни излайди. Ижод аҳли ўз мақсади, ғояси, ўзини қийнаб юрган муаммолар йўриғи учун тушларидан фойдаланиши мумкин. Аммо тушлар баъзида шунчаки, кўнгилни ёзиш, матндан завқ топиш, завқланиш учун ҳам ёзилиши мумкин. Бунда тасвир ва тафсилот иррационал мазмунли бўлади. Инсон ҳаёти мураккаб, уларнинг ҳаммасини бошдан-оёқ батафсил изоҳлаш қийин. Бадиий адабиёт – таъбири топилмаган ёки чала қолган тушларга ҳам ўхшайди. Бадиий асарда у қайси жанрда бўлишидан қатъи назар, туш билан хуш, ўнгдаги ҳодиса билан тушдаги воқеа уйғун шаклда баён қилиниши ҳам мумкин. Бунга бадиий усул, индивидуал услуб тарзида қараш ўринлидир.

Хуршид Дўстмуҳаммаднинг кўп ҳикоялари бир марта ўқиб, осонгина англаб олинадиган ҳикоялар эмас. Англаш учун миянинг аллақайси бурчакларида мудраб ётган ҳужайраларни уйғотиб, кўмакка чорлаш керак. Шунда ҳикоя­ларнинг турли маъно қатламлари очилади, ёзувчининг кўнг­лини тушуниш имкони топилади.

Ушбу ҳикоялар китоби бир неча ўн йиллик ижод маҳсули. Муаллифнинг изланишлари, ўқишлари, ўрганишлари, фикр эволюцияси, адабий-эстетик тамойилларининг поэтик ифодаси. Бамисоли муҳташам бир боғ ичига кириб, унинг бутун тароватини бир зумда идрок этиб бўлмайди. Инчунин англанганни ифодалашга баъзан «қалам ожизлик қилади». Қайта ва қайта ўқиладиган ҳикоялари жонли бўлади. Бир ўқигандаги таассуротлар, анг­лашлар кейинги ўқишда ўзгариб қолади. Орадан вақт ўтиб, асар матни илк кайфият ва ўйларни ўзгартиришга сабабчи бўлибдими, аввалги таассуротнинг айнан так­рори эмасми, демак, бунда бир ҳикмат бор. Бундан қувонмоқ керак.

Хуллас, ушбу китоб Хуршид Дўстмуҳаммад ижод йўлини, айнан, ҳикоя жанри билан боғлиқ биографиясини намоён қилади. Ҳикоялар – адиб умрининг бир парчаси. Хуршид ака ижодни кўнгил мунавварлиги, деб билади. Қалби нурли, юраги покиза одам бошқалар дардини англайди, уларнинг қалб хасталикларига малҳам бўлади. Тафаккури тиниқ ва тоза ижодкор қалбида гўзал инсоний туйғулар, оғриқли дардлар мужассам топади. Бу китоб – адиб қалбининг қуёши. Муҳтарам ўқувчи! Қуёшнинг тафти, ёруғлиги, зиёси ва ҳаёт нафаси сиз азизларга муборак бўлсин!

Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори,
профессор

ҲЕ-Е-Е-Й, БОЛАЛИ-И-И-К-К!


ҲАШАРЧИЛАР

Қишлоғимиздаги барча хонадонга ҳашарчилар жойлашишди, бизникига эса ҳеч ким кирмади. Ғаффорларнинг ҳамма уйи ҳашарчиларга тўлди. Ўшаларнинг ярми бизникига чиқса ҳам бўларди, афсуски, мен айтолмайман-да.

Ҳафсалам пир бўлиб, бўшашиб турганимда автобус ёнида шивирлашиб гаплашаётган ҳашарчиларга кўзим тушди. Негадир кўнглимга улар бизникига киришади, деган фикр келди. Бўлмаса, ҳашарчилар кела бошлаган биринчи кундан «ҳашарчилар бизникига ҳам кирсин», деб неча бора эландим, отам эса «бизникида жой йўқ», деб гапни қисқа қилавердилар. Иккита хонамиз бўм-бўшлигини, ўша уйларга етти-саккиз ҳашарчи бемалол жойлашиши мумкинлигини айтолмадим.

Автобуснинг ёнида турган беш кишининг бири кўзойнакли, ёши каттароқ экан, биламан, ўша одам ҳашарчиларнинг директори. Ана, биргад ҳам фақат ўша одам билан гаплашяпти. Айтдим-ку, ўйлаганим тўғри чиқди, улар биз томон келишяпти!

– Қани, катта йигит, отанг уйдами?

Биргаднинг сўровини охиригача эшитмай уйга ғизилладим.

– Ота! Ота! Сиззи биргад чақиряпти! – дедим энтикиб.

Отам пинагини бузмай ўтирган жойидан жилмади, кейин, бир неча дақиқадан сўнг «ҳозир» деб шошилмай ўрнидан қўзғалди. Мен Холбой акамни четга тортиб, шоша-пиша қулоғига шивирладим: «Бизникига ҳашарчилар келяпти!»

Холбой акам бўшанг. Шундай гапни эшитмай «А? Нима дединг?» деб сўраганига хунобим ошиб, алай-балай дегунча мен отамнинг кетидан етиб бордим.

Ҳамманинг ҳовлисига тап тортмай бақириб-чақириб кираверадиган биргад бизникига дарвоза ҳатлаб қадам босмайди.

Отам чиққанида биргад дарвозамиз рўпарасидан оқиб ўтадиган ариқ ёқасида сувга термилиб турарди. У отам билан кўришиб, баланд овозда ҳол-аҳволлашди. Кейин овозини сал пасайтириб, отамга ниманидир уқдира бошлади:

– Қишлоқда ҳашарчи олмаган бирорта хонадон қолмади. Шаҳардек жойдан ёрдамга келса-да, биз уларга бошпана топиб беролмасак...

Отам бош эгиб, ерга қараб турар, қўлларини орқага боғлаган кўйи оёғининг учида ер чизар эди. Биргаднинг овози янаям пастлашди. Автобус ёнидагиларга ишора қилди. Бугун яна ўн автобус ёрдамчи келганини, уларнинг ҳаммасини жойлаштиргунича кун кеч бўлаёзганини айтди.

– Ўн автобус ёрдамчи терадиган пахта қолмади-ку, далада, – деди отам норозиланиб, худди биргаднинг ташвишини осонлаштирмоқчи бўлгандек вазмин оҳангда.

– Бу ёғини сен минан мендан сўраб ўтиришармиди, барака топкур, менга қолса...

Мен отамнинг нега шунчалик тихирлик қилаётганига ҳайрон бўлсам-да, унинг рози бўлишини, ҳозир «майли» деб юборишини кутиб, ичим таталаб кетаёзди. Ниҳоят, отамнинг овози эшитилди:

– Сен уйга киргин, – деди у тўсатдан мен томон ўгирилиб, кейин дарвозадан киришимни кутиб тургач, гапида давом этди: – Жоним билан... уйимнинг тўрини... – Қулоғимни ҳарчанд динг қилмай отамнинг сўзлари чала-­ярим эшитилди. – Майли... тинчлик бўлса бас...

– Булар ўқиган, тушунган... бехавотир, – деди биргад.

Отамнинг розилигини билишимиз ҳамоно Холбой акам билан югуриб бориб автобусга чиқдик. Автобус эшигини дарвозамизга рўпара қилгач, ҳашарчиларнинг йиғма каравоти, ўрин-кўрпаю ўраб-чирмалган халта-хулталарини тушира бошладик.

– Баракалла, шоввозлар! – деди ҳашарчилардан бири елкамга қоқиб. – Чаққон бўлинглар, ҳеч нарса қолмасин.

Қоронғи чўкаёзган, жимжит ҳовлимиз ёришиб кетгандек, ғовур-ғувур ва кулги, қаҳқаҳадан жонланиб кетди.

Ҳашарчилар жуда ғалати одам бўлишади, улар биз сира эшитмаган, етти ухлаб тушимизга кирмаган воқеа­ларни айтиб беришади, кўтариб юрадиган приёмник­лари, магнитофонлари бўлади. Фақат... онамнинг жаҳли ёмон-да...

Ҳашарчилар ошхона ёнига тушган бўм-бўш уйга киришлари билан йиғма каравотларни ёйиб, ўрин-кўрпаларини тўшашга киришишди. Дераза токчасидаги магнитофондан шўх куй янгради.

Айтмадимми! Икки ҳатлаб магнитофон тепасига ўтдим. Мўйлаби, шимининг киссасига шер сурати туширилган ҳашарчи исмимни сўраб, қўлимни қисди-да: «Шу магнитофонни эшитиб юраверасан», деди. «Хўп», дедим, қувониб. «Энди Ғаффорларникига ҳашарчиларни кўргани чиқмайман!» дедим.

Магнитофонга елимланган суратларга анграйиб турганимда кўз­ойнакли директор келиб, унинг овозини пасайтириб қўйди.

– Йигитлар, – деди у нимадандир эҳтиёт бўлаётган одамдек паст овозда, – мен штабга бориб келаман. Сизлар жойларни солиб дам олинглар. Ташқарига чиқмай, шовқин солмай ўтиринглар. Мен тезда қайтаман.

Директор жўнаши билан магнитофоннинг овозини баландлатишди. Деворнинг етти-саккиз жойига газета «тўшаб» қоқишди. Эски, бир пайтлар ипак қурт боқилган, ҳозир ҳеч ким яшамайдиган, ярим омбор вазифасини ўтайдиган уйимиз бирпасда чиройли, шинам кўриниш олди. Бешта каравот, унга ёзилган чиройли гулдор адёллар топ-тоза, улар устида оппоқ жилдларга тиқилган ёстиқлар. Эшикнинг ёнгинасидаги деворга каттагина тошойна осиб қўйишди.

Ҳашарчиларга ҳавасим келди, катта бўлсам мен ҳам шаҳарга бораман, ўртоқларим билан ҳашарчи бўламан! Ҳа, албатта бўламан!

Тўртов ҳашарчи каравотга чўзилиб энди дам олишаётганида, улардан бири ўрнидан ирғиб туриб, гап бош­лади:

– Ётсак ётаверамиз. Қорин ҳам сурнай чаляпти. Ҳаммамиз ёпирилиб ошни бошлаб юборсак қалай бўларкин?

Таклиф маъқул келди шекилли, яна тапир-тупур бош­ланиб кетди. Хонтахта устида пичоқ, сабзи, гўшт, пиёз пайдо бўлди.

– Қани, жиян, – деди мен билан биринчи танишган ҳашарчи йигит, – ошхонага бошла-чи. Онанг уйдами, бир минутга чақириб юборгин.

Онам ҳар куни оқшом чоғи ҳовлидаги чироқларни ёқдирмай, сўрининг лабида қўл қовуштириб, элас-элас кўзга чалинаётган олислардаги юлдузларга тикилганча қотиб, ўйга чўмиб ўтирар эдилар. Ҳашарчи йигит билан ташқарига чиққанимизда онам одатдаги алфозда осмонга термилиб ўтирган эдилар. Ҳашарчи йигит онамдан ҳол-аҳвол сўраша кетди. У тез-тез, кулиб, очилиб-сочилиб гапирар, онам эса ҳар куни ўн карра кўриб, учратиб юрган одами билан гаплашаётгандай жиддий, пинагини бузмай, ҳашарчи йигитнинг эътибор қозониш ния­тидаги чираниб гапиришларига парво қилмай калта-култа жавоб қайтарди. Онамнинг авзо­йини тездан илғаш маҳол эди.

– Бугун бизнинг қўлдан бир ош ейсизлар-да, янга, – деди у ҳамон онамдан жонланиш кўришга умид боғлаб.

– Ошхона анёқда!

Онам шундай деб бетини терс бурди.

Мўйлабли ҳашарчини ошхонага етакладим. Йигит ошхонага кирди-ю, «Вой, ву-у-у!» деб юборди. У остонадан ўтган жойида тўрт тарафга аланглаб ошхонани кўздан кечирди, сўнгра қозонга яқин келиб, қоп-қорайиб чирк босган тахта тувоқни икки бармоғининг учида ирганиб кўтарди. Қозонга мўралаб: «Ҳм-м...» деб турди-да, чўзиб ҳуштак чалиб юборди. Шу пайт ошхонага шошиб отам кирди. У ҳашарчи йигитнинг қўлидан тувоқни олди-да, дам чўмич илиғлиқ қозиқни, дам идиш-товоқлар айқаш-уйқаш тахланган тандирнинг ичини кўрсатиб, пойинтар-сойинтар гапира кетди. Мен отамни бундай аҳволда сира кўрмагандим. У ё шошиб қолганидан, ё хижолат чекканидан нима демоқчи бўлаётганини ўзи ҳам билмаётган эди. Охири ўзини босиб:

– Тўхтанг, ука, – деди ҳашарчи йигитнинг юзига қарамай, – сиз масаллиқни тайёрлаб туринг, буларни... қозонни, капгирни ювиб қўяман.

Отам кўпинча овқат пиширарди, лекин қозон-товоқ ювганини ҳечам кўрмаганман.

Ҳашарчи йигит: «Йўқ, ўзимиз ҳаммасини боплаймиз», деди-ю, уйга кириб кетди. Ичкарида нимадир деди, кетидан шериклари уйни бузиб юборгудек бор овозда хахолаб юборишди. Мен эса мўйлабли йигитнинг изидан қолгим келмасди.

...Отам ошхонадан чиқиши ҳамоно мўйлабли йигит қозонни қайта-қайта ювди, негадир капгирни ўчоқда ёнаётган оловга узоқ тоблади. Кўп ўтмай қозон жазиллаб, ҳамма ёқни ёқимли ҳид тутди.

Тўртовлон ҳашарчи ошхонага кириб олишган, бири олиб-бири қўйиб ҳазиллашар, бир жуфт жаздан ол, деб мўйлабли йигитни шоширишарди.

Қозонга сув солишганда ҳашарчиларнинг директори терлаб-пишиб кириб келди.

– Нима қиляпсизлар? – деди у кўзларини олайтириб, қозонга аланг­лар экан. – Намунча ҳовлиқмасаларинг? Мен у ёқда жой гаплашиб келдим-ку!

Директор қозон-ўчоққа, девору шипларни қоплаган дуд-исларга афтини бужмайтирди, бошини сарак-сарак сермади.

– Ишни хом қипсизлар, – деди у бўшашиб, – шу ерда ош дамлаб, ошхўрлик қилиб бўладими? У ёқ-бу ёққа қараларинг, табиатларинг кўтарганига балли-е!

– Ҳаммасини обдан тозаладик. Капгирни ўзим ўтга тобладим, – деди мўйлабли йигит.

Унинг гапи директорга ёқмади.

– Мен жой излаб юрибман. Шу ерда ош дамлаб, ош еб бўладими, деяпман?! – Директор овозини пасайтирди. – Эртага ўша ёққа кўчсак, бемалол истаган таомимизни пишираверардик, кўнгил тортиб ўтиришардик ахир!

Йигитлар жим бўлиб қолишди. Ичимда нимадир шув этиб кетди.

– Жойлашиб олдик-ку? – деди йигитлардан бири савол аломати билан директорга яқин келиб. Тўрттала ҳашарчи директорни ўраб олишди. Мен тўдадан чеккада қолиб кетдим. Директор товушини чиқармай шипшиди:

– Хотини... экан... – У кўрсаткич бармоғини чеккасига нуқди. – Ҳа-а, ана, сўрида ўтирган...

Мен турган жойимда серрайиб, устимдан совуқ сув қуйиб юборгандай қотиб қолдим. Нима қилишни, ошхонадан қочиб чиқишни ҳам, ҳашарчилар ёнида қолишни ҳам билолмадим, назаримда оёқларим ерга михлангандек эди. Баданим қалтираб, тишларим такиллади, тилим айланмай қолди. Онамнинг шундай эканини бировлар оғзидан биринчи марта эшитишим эди. Отам роса жиғибийрон бўлиб, хуноби тошиб кетганида ҳам онамни «Э, жаҳли ёмоним-а!» деб койир, бундай койиш менга ко­йишдан кўра, эркалаш бўлиб туюлар, мен Холбой акам билан у ҳақда сира-сира ўйлаб ҳам кўрмаган... бу ёғи... қачо-он тонг отади-ю, ҳашарчилар қачон директор топиб келган жойга кўчишаркин...

1983 йил

АЛАМ

Ҳаллослаб, нафасим бўғзимга тиқилиб югурганча Қўштут тепалигига етиб бордим. Болалар қийқиришиб сирпанчиқ учишаётган экан. Тепа ёнбағридан чўзилиб тушган яхмалак йўл шишадек йилтирарди. Болаларга қўшилиб юқорига ўрмаладим, тепага чиққач, қўйнимдаги эски калишни олдим-да, чўнқайиб унга оёқ суқдим. Орқамда турган болалардан бири туртиб юборди-ю, сирғаниб кетдим – юзимни шамол тилиб ўта бошлади. «Мазза-а!» деб қийқириб юбордим. Қўштутни ўрлаб ўтган сирпанчиқ катта йўлга етмай хиёл ўнгга қайрилар, сўнг яна анча қиялаб боргач, дўнг­ликка қадалиб тугарди. Мен ўзимни ўнглаб ололмай, ҳар гал бурилишда ёнбошга ағдарилавердим – калишнинг иккинчи пойи ҳам бўлганда эди! Эҳ, ётиб сирпаниш ҳам зўр-да!..

Бу сафар ҳам оёғимни узатганча, бетим музга тегмасин учун бошимни баланд кўтариб қоринда сирпаниб тушавердим. Калишим отилиб кетди, брезент туфлигим намиқди, оёғим жиққа ҳўл бўлди, бармоқларим сумалакдек қотди. Дўнгликка етаёзганимда қорни булғаган кўмир бўлакларига, кейин қия йўлда зўрға юқорига қараб ўрлаётган аравага кўзим тушди. Уюб кўмир ортилган арава бир жойда чайқалиб силкинар, эшак қилтириқ оёқларини музга тираб, тумшуғи дамодам ерга тегай-тегай дер, сувлиқ лунжини йиртиб юборгудек таранг тортилганди.

Аравакашни кейин пайқадим. У жиловни силтаб тортар, лекин эшак бир қадам ҳам силжимас, чамаси, калласини кўтаришга ҳоли йўқ эди. Тўсатдан у олдинги оёқларини букиб тиззалади, аравакаш амаки мук тушиб унинг сувлиғига ёпишди, сўнг зўр бериб ўмизидан кўтарди. Амакининг пешонаси эшакнинг нақ қаншарига тегиб турар, чўзинчоқ юзидан чиқаётган ҳовур эшакнинг қаншаридан кўтарилаётган буғга қоришиб, ҳавога сингарди.

Эшак оёғини ростлади. Бир-икки қадам илгарилади ҳам, сўнг яна бояги-бояги – қотди-қолди.

Амаки эшакни ниқтади, жонивор қимир этмади, қамчинни ҳаволатиб, худди дорга ёйилган намат чангини қоқаётгандай, қурғурнинг яғринига шартиллатиб солди. Қамчиннинг устма-уст тушишига чидолмаган эшак бир чиранишда муздан оёқ узди, узди-ю, мувозанатни йўқотиб, чайқалиб кетди. Амаки ҳовлиқиб шотига ёпишди, «иҳ-уҳ»лаб кучана-кучана зўрға уни тутиб қолди, сўнг арава устидан икки бўлак кўмир олди-да, ғилдирак остига тиқди. У оғир ҳансираб эшакнинг олдига ўтди, жонивор ютоқиб нафас олар, оёқлари боя­гидан баттар қалтирар, юкни тортиш у ёқда турсин, аравани ҳам базўр тутиб турарди. Амаки хуноб бўлиб, дам эшакка, дам аравадаги кўмирга олаяр, нима қиларини билмай бошини қашлар эди. Яхмалак учаётган болалар ёрдамга келса, эшак қийналмай-нетмай тепага чиқиб оларди-я! Лекин улар парво ҳам қилмас – Қўштут тепалигини бош­ларига кўтариб қийқириш билан овора эдилар.

Турасолиб калишимни қўйнимга тиқдим-да, арава томон юрдим. Нафас ростлаб олди шекилли, амаки яна эшакни ниқташга тушди. Эшак зўрнинг зуғумидан қилтириқ оёқларини қимирлатди-ю, барибир ўзини ўнг­лолмади. Амаки тисланаётган аравага ёпишди. Бироқ унинг чираниши беҳуда эди – эшак олдинги оёқларини букиб, мук тушди, сўнг эгасининг ҳай-ҳайлаши-ю бўралатиб сўкиниши, қамчилашига ҳам қарамай, оёқларини узатиб ёнбошга ётди. Кўмир бўлак­лари эшакнинг яғринига, ундан йўлга думалади ва оппоқ қор юзига қорамтир доғлар ёйилди. Амаки қаттиқ сўкинди, эшакни аямай-нетмай яғринига, қорнига, тумшуғига қулочкашлаб ура кетди. Жонивор кўзини зарбдан олиб қочиш учун калласини гоҳ у-гоҳ бу томонга ташлар, амаки эса қутуриб кетганидан уни турғазиш учун эмас, гўё уриб ўлдириш ниятида савалаётгандай эди.

Ниҳоят, у ҳолдан тойди, юзи, бўйнини артди-да, тўнининг барини қайириб белбоғига қистирди. Эшак эса ётган жойида қалт-қалт титрар, кўзининг четидаги чўзиқ қора доғ узра кўз ёши думалаб тушарди.

Амаки тўкилган кўмир бўлакларини битта-битталаб териб олди-да, аравага тахлади. Сўнг жиловни силтаб тортди, жониворнинг човига қамчин сопини суқди. Эшак сачраб, оёқларини йиғди, кейин бир-икки силтаниб, урина-урина турди. Ҳамон ғазабдан тушмаган амаки «Ҳа-а, хиҳ! Ҳа, хиҳ деяпман, лаънати!», дея ўшқирганча жиловни тортди. Эшак чирана-чирана базўр жойидан қўзғалди, арава гупчаги синиб кетгудай беўхшов ғичирлади, бироқ дўнгликдан ошиб ўтишга, қолган саккиз-ўн қулоч масофани босишга жониворнинг мажоли етмаслиги аён эди.

Мен ҳеч нарсани ўйламай-нетмай бориб, аравани юқорига қараб силжишига ёрдамлашдим. Кейин унга кафтимни тираб, жон-жаҳдим билан итара бошладим. Бир одим силжиса ҳам ҳарна-да!.. Зўриққанимдан инқиллаб-иҳраётганимни, «Ҳа, ҳа-а!» дея ундай бошлаганимни ўзим ҳам сезмабман.

Арава қўзғалди. Мен туфайли, ёрдамим туфайли жо­йидан жилди! Мана, ҳозир, ҳозир арава тепага чиқади, эшак уқубатдан қутулади, йўлнинг у ёғи текис, бемалол кетади, бемалол!..

Эшак имиллаб бўлса-да, икки-уч, ҳатто тўрт қадамча юқорилади, юқорилагани сайин қамчиннинг чийиллаб ҳавони кесиши тезлашаверди. Барибир ўша – тўртинчи қадамдан сўнг яна арава тақа-тақ тўхтади. Шўрлик эшак уч-тўрт қайта ночор силтанди-ю, оёқлари музлагандек қотди-қолди.

Арава менинг кўмагимда силжиди, деган ўйда сов­қотганимни ҳам унутибман. Кифтим зирқираб оғригани учун уни кафтларим билан итариб-суяб турардим, шу тобда ортиқча чиранганимдан икки букилиб, бошимни осилтириб олгандим. Назаримда далдам туфайли эшакнинг кучига куч қўшилгандек... Ҳозир у жойидан қўзғалади... юқорига чиқади... йўлнинг давоми равон, ҳатто нишаброқ... бечора эшак чеккан азобига яраша у ёғига қийналмайди... оёғи тойиб кетмаса бас, тойиб кетмаса... тақаси... тақаси янгимикан?!

Шу пайт қамчин ҳавода чийиллаб, нимадир «Тирсс!» этди-ю, елкам жазиллаб ачишди. Дабдурустдан нима бўлганини англолмадим. Кўзимга кирза этик кўринди. Бу – аравакаш амакининг этиги эди.

Бирдан ўзимни орқага ташладим. Рўпарамда – юзлари бўғриққан, кўзлари қонталаш амаки еб юборгудек важоҳат билан устимга ёпирилиб келар, бўралатиб сўкинар эди. У эшакни сўкаяптими, мени ё ўзиними – анг­лолмадим. Қамчин зарбидан саросимага тушиб, шошиб қолдим. Бир нима деб ғўлдирадим, ишқилиб, амакини шаштидан туширадиган сўзлар айтдим:

– Мен... мен ачиниб кетдим. Ёрдамлашаётган эдим, ахир!

– Ачинсанг, нега аравага осиласан, зумраша!

Хўрлигим келди. Бўғзимга тиқилган йиғини ичимга ютдим. Шоша-пиша уч-тўрт қадам чекиндим. Энди... амакини шаштидан тушириш учун эмас, йўқ, аксинча – унинг бетига қамчиндек тегадиган гап ахтарардим. «Ажаб бўлди. Бундан беш баттар бўлинг!» дейми? Ўғил болачасига сўкиб қочайми? Ёки «Сизга эмас, ў-ў, амаки, эшакка ёрдам бердим, сизга эмас. Эшакка раҳмим келди, эшакка!» десаммикан?.. Нима дей? Қай бири қаттиқроқ тегаркин?..

Мен унинг шаънига энг «муносиб» гапни ўйлаб топ­дим, у эса ғазабдан бўғриқиб ҳамон устимга бостириб келарди. Шунда у қувса етолмайдиган жойга бордим-да, айтдим. Айтганда ҳам чунонам боп­лаб айтдимки, амаки лапанглаб келаётган жойида пешонаси деворга урилгандек таққа тўхтади, тўхтади эмас, ҳайкалдай қотди. Мен эса аламимни олганимдан, дилимдаги гапни айтганимдан, айта олганимдан енгил тортдим...

1984 йил

ОНАМ, ЖИЯНИМ, МЕН

Акам, жияним, мен ёзги кинотеатрдан қайтганимизда ҳовлимиз бурчагидаги супада отам, онам, тўнғич опам, поччам дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтиришганди. Супага яқинлашганимиз ҳамон уларнинг ҳаммалари жия­нимга қарашди.

– Қани, Азизжон, қандай кино кўрдинг? Айтиб бер-чи?

– Ҳа, ҳа, қани!

Жияним фильмни бир бошдан ҳикоя қилишга тушди. У экранда кўрган ҳар бир одамининг гап-сўзини ўхшатиб, оқизмай-томизмай айтиб, қилиқлари, хатти-ҳаракатларини кўрсатиб бера бошлади. Муштлашиш ва жанг манзараларини кўрсатаётганида, супадан сак­раб ҳовлига тушди. Ҳамма қатори мен ҳам Азиздан кўз узмай, унинг қилиқларини томоша қилиб ўтирдим.

– Синдбод ёнидаги қиличини шартта суғуриб олиб, анув томдай девнинг олдига бостириб борди. Кейин шақира-шуқур, шақира-шуқур. Шақира-шуқ-қ!.. Шақира-шуқур...

Супадагилар мириқиб, кўзларидан ёш тирқираб чиққунча кулишди. Мен ҳам уларга қўшилиб кулдим. Азиз нафаси етгунча «шақира-шуқур»лаб, ҳикояни давом эттирди. Скелет билан қиличбозлик қилган жойини жияним бутунлай тўқиб-чатиди. Чеккада ўтирган жо­йимдан гап қўшдим:

– Йў-ўқ, ундай эмасди. Синдбод...

– Сен жим! Азизжон ўзи яхши айтяпти!

Отам билан онам бараварига менга хўмрайиб, оғиз очгани қўйишмади. Жимиб қолдим.

Азиз панжаларини ёйиб, икки қўлини икки ёнга тарвақайлатганича девнинг ҳамла қилишини тасвирлаё­тиб яна ёлғон қўшди. Ўша жойда дев ҳеч нарса демаган, фақат ўкирган эди, холос. Аниқ эсимда! Азиз эса оғзига келганини қўшиб юборяпти.

– Ў, Азиз, алдама, дев ҳеч нарса...

– Аралашмай ўтир! Азизни адаштириб юборасан!

Бу сафар онам билан отам бараварига жеркиб беришди. Азизнинг отаси кулиб турган бетига жиддий тус бериб, менга тўрсайди. Нафасим ичимга тушиб кетди. Кўзим ғилт-ғилт ёшланганини сездирмаслик учун бошимни эгиб, чурқ этмадим. Катталар буни пайқашмади, чунки уларнинг диққат-эътибори Азизда эди.

Жияним Синдбоднинг саёҳатларини яна узоқ ҳикоя қилди. Катталар ҳў-ў кечасигача ундан кўз узишмади.

Ниҳоят, ўрин тўшалди. Онам, жияним, мен қатор ётдик.

– Буви, матал айтинг. Ҳа, був, айта қолинг...

– Айтаман, болам, айтаман, сен аввал жойлашиб ётгин, болишни тугмаси бошингга ботмаяптими? – Онам шундай деб ёстиққа ёнбош­лаганча эртак айтишни бош­ладилар: – Бир бор экан, бир йўқ экан, қади-им ўтган замонда...

Эртак ярмига етар-етмас жиянимнинг бир текис нафас олиши эшитилди. Онам кўрпанинг чеккасини Азизнинг елкасига тортиб, бошларини ёстиққа қўйдилар. Мен бошимни кўтардим.

– Ойи, давомини айтинг.

– Секин, товушингни чиқарма! – Онам оҳиста, таҳдид­ли шивирладилар.

– Айта қолинг, ойи.

– Жим, дедим. Бўлди, ухла!

Кўрпани бетимга тортиб, кўзимни очдим. Эртакнинг давомини ўзимча тўқишга тутиндим. Кўз олдим жимир-жимир қилади: ранг-баранг излар, нақшлар, ўргимчакнинг уясига ўхшаш чизиқлар. Жилвакор чизиқлар ўртадан чеккага етганда яна ўртага келиб қолади, яна боягиндай алфозда чеккага сурилаверади. Айқаш-уйқаш чизиқларни кўзим билан кузатиб-тутиб, тутиб-кузатиб, жиянимнинг пишиллашига қулоқ соламан, сал ўтмай унга онам қўшиладилар.

Кўрпа остидан аста бошимни чиқардим. Ҳовлида – супа тепасида ёниқ қолган чироқнинг хира шуъласи биз ётган уйнинг зич қилиб терилган кўк тоқиларини аранг ёритиб турибди. Қоп-қоронғи уйда бир ўзим, якка-ёлғиз ётганга ўхшайман.

– Був, матал айтинг. Ҳа, бувв... Буви эмас, ойи, дейман!.. Азиз бувини «був» дейди, эртакни «матал» дейди!.. Мен ойи дейман, чўпчакни охиригача айтиб бера қолинг, деб айтмаганларига қўймайман!.. Жудаям эшитгим, тинглагим келяпти-да!..

Шивирлай-шивирлай такрорлайвердим, такрорлайвердим, катталарни бир оғиз сўзда ийдирадиган жиянимга ҳавасим келди. Шунинг учун Азиз онамдан сўрайдиган сирли, таъсирчан оҳангда айтишга уриндим, уринавердим. Ўзимча жуда-жуда ўхшатган бўлдим, янаям ўхшатишга тиришавердим... ухлаб қолдим...

1989 йил

МОЗИЙГА ҚАЙТИБ...


ҚАЗО БЎЛГАН НАМОЗ

Извош гузардан ўтиб, катта кўчага бурилди ҳамки, Ёқубхўжадан садо чиқмади. Бой икки-уч дафъа ҳамроҳининг авзойига зимдан кўз югуртирди. Ёқубхўжанинг қадди уникидан ярим қарич тик, шу боис у ўтирган ҳолида хийла салобатли кўринади. Одамлар, «Ёқуббойнинг шахсий қўриқчиси», деб гап тарқатишди. «Миркомил унинг измидан чиқмайди», деганлар ҳам бўлди. Тўғри, Ёқубхўжа кўз очиб топган маслаҳатгўйи бўлмаса-да, унча-мунчани хушлайвермайдиган Миркомилнинг ишқи шу одамга тушган, бинобарин, ёнида доим уни олиб юришга одатланган эди. Ҳақиқатан, унинг Ёқубхўжадан яширган-нетган сири бўлмаган.

Суриштириб келганда, Миркомил кимдан, нимани сир тутган ўзи!.. Қув ёхуд маккор бўлганида раҳматли отасининг Макка ва Мадинада такя қурдириш ниятида ўттиз минг тилло васият қилиб қолдирганини уезд ҳокимига ўз оғзи билан айтармиди?! Соясидан чўчиса, ҳатто ўз пуштикамаридан бўлган ўғил-қизларидан ҳадик-хавотирда яшаса, етти ёт бегона, бунинг устига ғайридин Искандарни [1] гумашта қилиб олармиди?! Икки кўзнинг бири янглиғ ёнидан узоқлашмайдиган Ёқубхўжадан ҳам гумондор юрса, уни дўстми-душманми дея бош қотирса... одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши эмасми!.. Йўқ, Миркомил бундай мужмалликка тоқати йўқ – у жини суйганга ҳам, суймаганга ҳам дилидагини аямай айтган.

Извош Кўтармадаги завод кўчаси муюлишига етди, бой «ана, ёрилар, мана ёрилар» деган ўйда ҳамроҳининг қуюқ қора соқолига қараб қолди. Шунда:

– Тўхтат, извошни! – дея ҳайқирди бой.

Бир маромда йўрғалаб бораётган қўш от сувлуғи туйқус силтаб тортилганидан пишқириб, тумшуғини тўшига босгудай бошини қийшайтириб тўхтади. Извошчи «нима гап» дея ортига ўгирилиб улгурмай, бой тош йўлга сакраб тушди. Извошчи ҳам, Ёқубхўжа ҳам бойнинг муддаосини тушунмай, унинг изидан қараб қолишди.

Миркомил катта-катта қадамлаб, қоп орқалаган кишининг тепасига бостириб борди. Оғир юк остида икки букчайган киши бойни кўрди-ю, кўсак тўла қопни «тўп» этиб ерга ташлаганича тили калимага келмай, қўрққанидан салом беришни ҳам унутди.

– Қаёққа обкетяпсан, кўрнамак?! – Ўтакаси ёрилаёзган киши дудуқланди. Бой унинг жавобига муҳтож эмасди. – Куппа-кундузи ор қилмадингми?!

Чангга беланган, яғири чиққан оқ яктагининг енгини билагига қадар шимарган ишчи қулоқ чаккасига бехос тушган тарсаки зарбидан чайқалиб бориб, деворга суя­ниб қолди...

Извош завод дарвозасининг рўпарасига етгандагина Ёқубхўжа тилга кирди:

– Чакки қилдингиз, ака...

Ҳали ғазаби сўниб улгурмаган Миркомил «сен маҳмадоналик қилма», деган маънода ҳамроҳига қаттиқ ўқрайди. Ёқубхўжа эса бойнинг жаҳли чапақай чиққанига яраша босиқлик билан бўлса-да, ўпкалади:

– Аши, бир қоп кўсакни куппа-кундузи ўмариб чиқишига нима мажбур қилганини суриштирмадингиз-ку... Жўжабирдай жондир, ҳойнаҳой...

Извошчи отнинг яғринига тарсиллатиб қамчин босди. Миркомилбойнинг ўнг қоши тепага сапчиди.

– Жўжабирдай жон бўлса, оиласини ўғрилик орқасида боққани маъқулми?!

Ёқубхўжа дарҳол жавоб қайтармади, извош завод ҳовлисига кириб тўхтагачгина бояги ўпкаланганнамо оҳангда мулойимлашиб деди:

– Одамларди кўнглига қаранг-да, ака... ҳақ гапни айтаман деб... у ёқда Темурҳожини изза қипсиз...

Темурҳожини изза қилгани рост. Изза қилмаслик учун ҳақ гапни айтмаслиги керак, айтмаса... ахир, Миркомилнинг хусумати йўқ, талашган мол-холи йўқ, уни жин урибдимики, Темурҳожига ғанимликни соғинса!..

Нима бўлди-ю, элликбоши кўча бошида йўлиқиб: «Тақсир, қозиликка Темурҳожини мўлжаллагандик, сиз нима дейсиз?» деб сўради. Миркомил ортиқ ўйлаб турмади: «Ҳожи ҳалол одам, юртнинг хизматини қилсин», деди-қўйди. Орадан уч-тўрт кун ўтмай эшикка йўқлаб келишди. Бой ташқари ҳовлига чиқса, супа ёнида элликбоши билан янги қози – Темурҳожи қўл қовуштириб турибди.

– Келинглар, келинглар! Қани, ичкарига, – деди бой меҳмонхонага чорлаб.

Меҳмонлар оёқ тираб туриб олишди.

– Бирров кирдик, – деди ўнғайсизланиб элликбоши: – Аши, ҳожингиз сира қўймади... Бир ният қилган экан...

Элликбоши гапини адоғига етказгунига қадар қози тугуннинг боғичини ечиб, зарбоф тўнни қўлига олди. Миркомилбой келувчиларнинг муддаосини тушунди.

– Э, баракалла-а! – деб юборди у бош чайқаб.

Мезбон мамнун бўлди, деган ўйда ҳаракати дадиллашган меҳмонлар тўнни қўлга олиб улгурмай бой муддаосини ойдинлаштирди:

– Бу ишларинг дуруст эмас... Бир оғиз ризолигим эвазига ҳадя келтирибсизларми, ундан чиқди, ризолик бермаган тақдиримда ортимдан тош отар экансиз-да?!

Темурҳожи икки қўллаб тутиб турган тўнни тушириб юбораёзди. Элликбоши тушуниксиз ғўлдиради:

– Йўғ-э, тақсир! Биз... ҳожингиз, оқ фотиҳа олай деб...

Миркомилбой ўзига етганча қайсар ҳам эди – у элликбошининг тутилиб-бурилиб гапиришига қулоқ солмай, кўнглидагини охиригача айтди:

– Хушомадни бандага эмас, Худога қилинглар!..

Ёқубхўжа бўлса, «тўғри гапни айтгани учун душман орттирасиз», дейди. Ҳақ гапни айтгани учун душмани ортадими?.. Ҳақ гапни айтиш душманликми?.. Ахир у кимга, қайси ҳамюртига ёмонликни раво кўрди?!

Феъл-атвори шундай экан, начора, бир юмалаб бўлак одамга айланиб қололмаса! Ҳақдан воз кечиб, ҳар кимнинг кўнглига қарай олганида бир уй бойваччанинг бетига оёқ қўйгудай иш қилмасди. Энди афсусланиш, пушаймонлар қилиш осон, лекин... табиатидаги кажбаҳсликдан қутулиш фурсати жон чиқар вақтига қолди...

Убайдулла жунфуруш Майлисойдаги заводига икки қур келиб, уйига таклиф қилиб кетди. Айтилган куни Ёқубхўжани эргаштириб борганида бир уй меҳмон гурра қўзғалиб, Миркомилнинг ҳурматини бажо келтиришди. Бой, ёнида Ёқубхўжа уйнинг тўрига ўтиб жойлашиб ўтириб олгунча йиғилганларнинг қандай одамлар эканлигини, ҳатто бир-иккиси ўзаро маъноли кўз уриштириб олганигача пайқаб улгурди. Деразага яқин жойлашган Ғафуржоннинг туси гезарди. Берида – Ғафуржоннинг амакиси Ҳошимбой, сўнг пахта тижоратини энди-энди йўлга қўяётган Ниғмонбек! Уларнинг ҳеч бирида Миркомилнинг хусумати йўқ, хусумат қайда, йиғилганларнинг ҳеч бири Миркомил билан беллашадиган сармоя жамламаган, шу маънода ҳам бу давранинг посангиси Миркомилбой учун хийла енгиллик қилиши аён эди.

Миркомил сир бой бермади. Илиққина суҳбатга гоҳ қўшилиб, гоҳ сўзсиз бош ирғаб ўтирди. Тўсатдан Ҳошимбой гурунг мавзуини ўзгартирди:

– Закот – фарз! Закотдан бўйин товлаш бенамозликдан кам бўлмаган гуноҳи кабир!

Миркомил умр бўйи лойнинг ичидан чиқмаган кулолдай ранги заҳил Ҳошимбойнинг афтига чимирилиб қаради. Ёқубхўжа қуюқ, қора соқолини қўл учида сийпалади.

Гапга гап уланди, суҳбатга ғийбат, фисқу фасод чувалди. Ким оғиз очса, айтган сўзига Миркомилдан тасдиқ ишорасини кутар, бойнинг авзойидан эса на эътироф, на-да эътироз маъносини уқиб бўларди. Ниғмонбек ҳам гурунгга қўшилди:

– Закот тўлаш ниятидаги одамнинг кўнгли тоза бўлмоғи даркор, – деди у хотинчалиш овозига зўраки салобатли тус беришга уриниб. – Бизар-ку, майда... давлатманд­ликни ҳавас қилувчилар, холос... эррайма (кеккайган) бойлар орасида ҳам закотга хиёнаткорлар бор экан...

Миркомилнинг тишига оғриқ тургандай кўзини бир зум юмиб-очди-ю, сир бой бермасликка уриниб, икки бармоғи билан иягини чимдиб олди.

– Ниғмонбек!

Келишганидан бери илк бор овозини баралла қў­йиб мурожаат қилган Ёқубхўжанинг салобати ҳаммани жим қилиб қўйди. Одатда, Ёқубхўжа гапни бошлаб қў­йиб, хийла фурсат сукут сақлар, аксари ҳолларда шундай сукутнинг ўзиёқ бузуқ ниятли суҳбатдошни анча саросимага солиб қўярди. Бу сафар ҳам у худди гап бошламаган одамдай жим, лабини қимтиб кўзойнаги остидан Ниғмонбекка қадалиб қаради. У қайтиб тилга киргунича Ниғмонбек неча қизариб-неча бўзарди. Ниҳоят, Ёқубхўжа сукут билан азоблаш «машқ»ини маромига етказгач, сўради:

– Бу, кичкинтойни кулала қилдиларми?

Ниғмонбекнинг баданидан совуқ тер чиқиб кетди. «Ёмон чиқитти-ку (тагдор киноя қилди-ку, демоқчи), аблаҳ!» деб сўкинди ичида.

Миркомил енгил тортганини сездириб қўйиш маъносида бир қўзғалди. Ниғмонбек ўтган йилнинг жадий кунлари ўғил кўрган, бойнинг ҳурмати учун унга «Комилжон» деб исм қўйганди. Энди Миркомилга пичинг қилиб, уни ёмонотлиққа чиқармоқчи... Миркомил эса... «ўша ҳурмати чинми, манави пасткашлигими?» деб мана, орадан беш йил ўтгач, мулоҳаза посангисига қў­йиб-олиб, олиб-қўйиб кўряпти... Оғзига кучи етмаганлар: «Миркомил айрим даромадларидан закот тўламайди», деб овоза қилгани бойнинг қулоғига етган, шуни эслади-ю, ўша машваратнинг нишаби қай томонга оғганини, ўша пайтда қисман ва ҳозир тўла-тўкис пайқаб етди. Тўкин дастурхон теварагида ўтирганлар пинҳона кўзлаган муддао амалга кўчаётгандек бараварига бойнинг оғзига тикилишди. Миркомил ҳеч бир даврада сўзини йўқотмас, умуман, тили қисиқлик нима эканини билмасди.

– Закотдан баҳс кетди-и, яхши... Ашнақа мунозаралар бошлаганда... – деди у ҳафсаласизлик билан бепарво оҳангда ва «тортишиб ўтиришга арзимайсанлар» дегандек, тўсатдан гапнинг думини юлди: – Закот-ку, фарз, илло закотнинг олдида нима бор?.. – Бой саволи жавобсиз қолишини аниқлаштириб оладиган фурсат жим бўлди-да, ўтирганларнинг жон-жонидан узиб олди: – Ашнақа-да, закотдан бурун ушр бор... Закот тўлови хусусида эрра­йимлик қилишдан илгари ушрни тушуниб қўйсинлар...

Тижорат сўқмоғида энди атак-чечак қилаётган ҳам­юртлари, диндошлари бу борада катта-катта кўчалар очиб улгурган Миркомилнинг оёғига осилишлари не учун керак бўлди?.. Ахир бой уларнинг мушугини пишт демади, аксинча, қаддини ростлаб олсинлар деган муродда нечтасига қарз-ҳавола берди... Фақат Ғафуржон омонатга хиёнат қилди, иш қозихонагача етди...

Наҳотки, шу душманлик бўлса?! Кимсан, Миркомилбой шунча давлат, шунча иззат-обрўни наҳотки ўз халқига ғанимлик ниятида тўп­лаган бўлса?! Агар у ўз ҳамшаҳарларига ғайирлик қилса, Убайдулла жунфурушникида йиғилганларга қарата: «Бир фаранги бойнинг завудини Анжанга кўчириб келтирмоқчиман. Ашининг маслаҳатига бораман», – деб айтармиди!.. Ахир ўша пайт­ларда барча бойлар топганини хорижга сотиш билан банд, завод қуриш ҳеч кимсанинг етти ухлаб тушига кирмаган, беҳисоб даромад келтирадиган бундай ниятни ҳеч бир бой ошкор этмасди. Лекин Миркомил шундай қилмади, айтди. «Билса билсин, уддасидан чиққанлар ҳаракатга тушсин», деди... Деди-ю, ўзига дўст эмас, ғаним орттирганини, у ғанимлар ўзга юртлардан келиб юртни, диёрни босиб турган ўрислар эмас, ўзининг ўзбеклари эканини... жуда-жуда кеч билди.

Кўпни кўрган Миркомилдек уддабурон инсон ҳам омади кулиб боққан одамни бегоналар эмас, аввалбош ўз яқинлари кўролмаслигини жуда-жуда кеч анг­лади. Англагунига қадар... ҳамюртлари жонига ора кириш, уларни ўрис истибдодидан ҳимоялаш йўлларини излаб, саъй-ҳаракатлардан толмади. Гултепага масжид, мадраса, мусофирхона, касалхона, ҳаммом қуришни режалаштирганида ўзининг манфаатини кўзламади. Аксинча, ҳаловатидан айрилди: шаҳар ҳокимияти вилоят ҳокимиятига, вилоят ҳокимияти ўлка губернаторлигига рухсат сўраб нома йўллади. Йиғину муҳокаманинг адоғи кўринмаса кўринмадики, иш жойидан силжимади. Уезд маҳкамасидаги йиғинга бойнинг ўзини таклиф этишди.

– Э-э, Миркомил Мирмуминбаев узлярими? – кўзойнагининг тепасидан мўралаб, савол қотди ҳашамдор стол юқорисида ўтирган семиз юзли, ҳарбийча энгил-бошли киши. Бу беписанд гап бойга оғир ботди. Ҳарбийча либосли киши саволини давом эттирди: – Та-акс, бу, страительствага цель нема? Це-ель?!

Миркомил ҳайбатли, унча-мунча инсон зоти яқинлаша олмайдиган бундай маҳкамаларда шу қадар саёз, бемаъни саволлар берилиши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмасди. У ҳайратидан ёқа тутиб турганида, бошлиқ татарбашара киши томонга шох ташлаб сўради:

– «Цел» нима айтамиз?

– Мақсад, муддао, – жавоб қилди татарбашара киши.

– Айтмокчиман... Максад, муддау нима куришдан?... Авторитет... – татарбашара киши, «абру» деб илова қилди. Бошлиқ такрорлади:

– Абру керакми-и?..

Энди Миркомил кўзларига ишонмади. Тушунтирай деса, бошлиқнинг столи устидаги семиз қоғоз боғламида кўзлаган барча нияту мақсадлари қайта-қайта ва батафсил баён этилган. Тушунтирмай деса, сўлқиллаган лунжини осилтириб ўтирган бошлиқ меровроқми?!

Бой ўйини ўйлагунича ўзини атайин довдиртабиат қилиб кўрсатаётган бошлиқ қоғоз тахламини варақлай-варақлай, чеккасига икки қат қалин чизиқ тортилган саҳифасини очиб, Миркомилга синчков бўзрайди. Юзию лунжи таранглашиб қизарди ва лабини қимтиб, лунжини шишириб татарбашара кишига нимадир деб пўнғиллади. Татарбашара киши бир қўзғалиб олгач, чала-чулпа ўзбекчалади:

– Бу қураётган учреждинлар только сартларга хизмат қиламиш икан, касалхонада только сартлар лечит итилар имиш, ҳаммомга только ирлик аҳоли пользоватся итармиш. Бу қандай гап булай?!

Миркомилнинг тарвузи қўлтиғидан тушди, мусулмонлар касалхонасининг талабларини, мусулмону кофир бир ҳаммомда ювинишини оддий инсоний одобга хилоф­лигини тушунтирмоқчи эди, бирдан ниятидан қайтди – у кўнглида туғилган тоза нияти не сабабдан беш-олти йилдан буён чўзилиб келаётганини, ҳарчанд уринмасин, раҳматли отасининг васиятини рўёбга чиқара олмагани боисини тўсатдан – фавқулодда анг­лаб етди. Энди ўйлаб кўрса, ҳарбийча ки­йинган бош­лиқ илоннинг ёғини ялаган экан. У тарвузсимон юмалоқ калласини сарак-сарак қилиб кулиб тиржайди ва:

– Вот, бунда, – деди стол жавонига имо қилиб. – Ку-уп сведенелар китирганлар. Так что... шутка китмайди, бай! Давай, дружно, а то!..

Миркомил ўрисчани чала-ярим гапирар, унча-мунча тушунса-да, ўзини бу тилдан мутлақо бехабардек тутар, шу «ҳийласи» аксари ўринларда иш бериб қоларди. Ўша сафар уезд маҳкамасидан чиқиб кетди ҳамки, бир неча кунга довур қулоғининг тагидан, тилининг учидан «дружно» деган сўз аримади. «Дружно, дружно... дўстона, иттифоқ, бирлик... ҳар ким уддасидан чиққан яхшилигини аямаса, савобни кўзласа, шум ниятдан йироқ бўлса... Шу-да дўстона яшаш!.. Савоб истасанг-да, савобинг бошқаларга гуноҳдек ботса, у ҳолда ким дўст – ким душман?! Сведениеси кўп эмиш. «Ку-уп сведенелар китирганлар», деди. Ҳай, истибдод мақсадида келган ўша ҳарбий бошлиқ тоифасидаги қорни, мияси тўла ғараз одамлардан гинаси йўқ, лекин унга ким сведени келтирган?.. Миркомилбой ҳақида кўплаб «сведени»ларни ким унга етказиши мумкин?.. Искандардан шубҳаси йўқ, унинг атрофида айланишадиган бошқа ғайридин бўлмаса, у ҳолда ким уни сотади, ким?..» Турли давраларда йиғиладиган барча таниш башараларни бирма-бир кўз ўнгидан ўтказди – боши қаттиқ қотди.

Миркомилбой кўнглининг бир чеккасида айланишаётган шубҳани илғади-ю, илғагани тилига кўчишидан қўрқиб, ўзини чалғитишга тутинди. Тутинса-да, беихтиёр тилининг учида: «Наҳотки?! Наҳотки?!» деб такрорлайверди.

Ротмистр Розалион қалин муқова орасидан тепасига «Чақувлар» деб ёзилган варақни олиб, уни даҳани ингичка полковникнинг столига қўйди. Хона соҳиби вараққа эриниб кўз югуртирди.

– Ишончлими?.. – ҳомуза тортиб сўради у.

– Ҳар хабарига мўмай-мўмай олаяпти, жаноби олийлари!

Полковник «чақувчи» деган ёзув тўғрисидаги исмни ўзича пичирлади:

– Кел-ди... – ўқиб бир зум ўйга чўмди-да, бармоғини нуқиб туриб сўради: – Манавининг ўзи назоратдами?

– Худди шундай, жаноби...

Полковник «бас» дегандай кафтини қулоғига босди. Гапи бўғзида қолган ротмистр тисарилиб ташқарилади. Эшик ёпилар-ёпилмас полковникка жон кирди – у ўтирган жойидан энкайиб жавондан қоғоз тиқилаверганидан семирган папкани олди, очди ва охирги варақларга кўз югуртирди. Шошиб, ютоқиб ундаги сўзларни ҳижжалаб, янги келтирилган варақдаги ёзувларга солиштирди:

– Та-акс... Қори чакки эмас... Комилбойни Тошкентгача қўшни купеда кузатиб борган... Бой Тошкентда Олимжонбоев исмли купес билан учрашган... Та-акс... Олимжонбоев ҳақида... Мана, Садиқ келтирган... Тўхтабой Олимжонбоев!.. У билан ҳам алоҳида шуғулланамиз! Та-акс, бойнинг сарф-харажати, банкдаги сармояси Келдининг назоратида... Та-акс, яхши!..

Полковник янги келтирилган варақни қайта бошдан назардан ўтказаётиб бош чайқади. «Бундан хабаримиз бор», деди шивирлаб. Шу пайт телефон «ту-тув»лади. Полковник зўр бир мамнуният билан телефон дастагини қулоғига босаётиб, қоматини ростлади.

– Полковник Сошальский эшитади!

У тинимсиз бош ирғаб нималарнидир тез-тез қоғозга қайд қилди. Ниҳоят, кўрсатмалар тугади шекилли, тўсатдан товушини кўтариб: «Бор, жаноби олийлари, бор!» деди топишмоқ топган боладай қарийб ҳайқириб, сўнг оромкурсининг қирғоғига кетини илинтириб ўтирди-да, янги маълумотни чўқиб-чўқиб ҳижжалади:

– Анжаннинг учинчи қисмида яшовчи Мадрайимҳожиникида... йиғин бўлди. Миркомилбой раислик қилди... Мазмуни... – сарт ўғлонларни соллатликка жўнатмаслик маслаҳат... Даъват... ҳа-ҳа, ёзма даъват тайёрланган!..

Полковник жим бўлди. Бир оздан сўнг яна тилга кирди:

– Ҳа-а, эртасига... мана, бор-бор, саҳарлаб Мирмуминбаев поездга миниб, Скобелевга жўнаган. Фарғона губернаторини қўлга олишга уринган... Нима дедингиз?.. Маълумот келтирувчиларни... Ҳа-ҳа-ҳа-ҳа!.. Э-э, жаноби олийлари, бу сартларга-чи, тўрт танга берсангиз Миркомил деган бой экану, ўзининг отасини сотади!.. Ҳи-ҳи-ҳи!.. Ўзимизнинг хуфияларга иш қолдирмайди булар!.. Розалионнинг бир ўзи, ҳа, бало у, бир ўзига йигирматаси тинимсиз маълумот етказиб туради. Ҳа-ҳа, ҳаммаси бир-бирининг кетидан қўйилган... Хотиржам бўлинг, жаноби олийлари!..

* * *

Миркомил тонгги ғира-ширада юк вокзали яқинидаги тепалик ёнбағридан хандақ қазиётиб Мадраҳимҳожиникидаги йиғинни, унинг эртасига Скобелевга борганини ҳам эслади. Ҳарбий ҳокимнинг эшигида узоқ сарғайиб ўтирди, алҳол, уни ҳокимнинг муовини қабул қилди.

– Анжандан қанча мардикор оласиз? – сўради у гапни чўзмай.

– Нима эди? – ўсмоқчилади муовин.

– Барининг ҳақини тўлайман! Бизни йигитлар ўрус ўрмонларида жон сақлаб яшолмайди. Совуқ!..

Муовиннинг ранги гезарди.

– Ў-ў! Давлатингиз шунчалар зиёдами? – деб юборди энтикиб.

– Борини бераман... Тўлаймиз, лекин биронта фарзандимизни жўнатмаймиз!..

Миркомил зимдан иш битирадиган қув табиатли одам бўлганида ҳарбий ҳокимга келиб бор ниятини тўкиб сочармиди! Шундай одам бўлгани учун ҳам Содиқ, Қори, Келди... исмли юртдошлари, диндошлари кетида илашиб юриши, босган қадами, айтган сўзини оқизмай-томизмай пешма-пеш етказиб туриши мумкинлигини сира-сира тасаввурига сиғдиролмас, бу шубҳасини ҳатто ҳозир ҳазм қилолмаётган эди. Лекин мана, ўйлайдиган пайти келди, ҳаёт шундай экан-да, во, ажаб! Ҳатто энг эзгу орзу, савобли орзу-ниятингга етишмоқ учун ҳам хийлакорроқ, маккорроқ бўлишга мажбур экансан. Акс ҳолда, тубанлик ва маккорлик пардаси билан ҳимоя­ланмаган энг тоза ва ҳалол ниятларингга ҳаётнинг ўзи муттасил тупуриб, уларни оёқ остида топтаб, тупроққа қориштириб ўтар экан.

Эҳтимол, Миркомил шу аччиқ ҳақиқатга риоя қилганида сургунма-сургун, қамоқма-қамоқ сарсон-саргардон бўлмас эдими!.. Атрофида лайча итдек гир-гир айланиб, дўқ-пўписа қилаётган аскарчанинг измига бўйсуниб, шу саҳармардонда лой аралаш тупроқ кавламаётган бўлармиди?! Э-эҳ, фалак!..

Лоақал Истанбулда Анвар пошонинг маслаҳатига қулоқ солганида...

– Туркистондан умидни қўпоринг, Миркомил са­йим, бизим юрдда қола билурсингиз, – деган эди Анвар пошо.

– Мен бу ерда қолсам, болаларим-чи, оиламнинг аҳволи не кечади? – дея эътироз билдирди Миркомил.

– Жужуқлардин, насллардин-да қайғурманг, сайим. Иншааллоҳ, уларни-да бу ерда гўтаражакмиз. Ота юрдимиз ҳурият эдана қадар бизим Истанбулда яшая билурингиз.

Миркомил Анвар пошонинг таклифига розилик бергандек бўлди-ю, ичида нимадир узилиб кетди, қўл-­оёғидан мадор қочди.

– Жужуқларни, наслларни кўчириб келармиз, пошо афандим, – деди Миркомил қаҳратонда қолган одамдай совуққотиб. – Лекин ватанни қандай опкеламиз? Ватанни кўчириб бўлмайди-ку!..

Энди ўйласа, ўшанда Миркомил ичидан ёмон зил кетган экан, кўксининг аллақаерида «чирт» этиб узилган нарса энди бутун вужудига тарқагандек бемадор-бемажол... ўй-хаёлга ғарқ, қўли онгсиз, шуурсиз тупроқ қазир эди, холос... Тўйларда ғарчли бачкана этик ки­йиб, хотинчалиш рақсга тушадиган баччалардек гирдикапалак бўлаётган аскарча маҳбус қазиётган чуқурча одамнинг белига келиш-келмаслигини чамалади-да, дам чуқурга, дам чор-атрофга аланг-жаланглаб олгач, «Бўлди, етади!» деди.

– Энди кунингиз битди, бой, – деди у тўсатдан ўда­ғайлаб.

Миркомил қулоғига ишонмай аскарчага ўгирилди. Ўгирилди-ю, қоши чимирилиб, кўксида санчиқ қўзғади. Ғудраниб сўкинди.

– Комилжон ака, шошилинг, қочишдан бўлак чора қолмади! – деди қўлга олинган кунга ўтар кечаси уйига яширинча келган дўстларидан бири.

– Тинчликми? – бамайлихотир сўради Миркомил.

– Эртаминан сизни ҳибс этишга буйруқ бор. Большовойларнинг нияти бузилди.

– Нияти бузилса, менга нима? Менинг ниятим бузуқ эмас-ку! Ҳибсга неча қайта олди, тағин чиқиб келавераман-да!

– Гапни чўзманг, ака, тонг отмай Анжандан чиқиб кетасиз. Зудлик билан Афғонга ёхуд Туркияга жўнайсиз. Хўп, денг!..

Миркомил қайсар эди – хавотирни ҳис этмай ми­йиғида кулди.

– Афғонминан Туркияда Худо бошқами?.. Ҳамма ерда Худо бир, пешонада борини ҳар ерда-да кўраверамиз...

Дўсти йиғлаб юборди, саҳарда – кун ғира-шира оқармай эса бойни олиб кетишди ҳамки, мана, уч ой ўтаяпти: на сўроқ бор, на жавоб! Мана энди мишиқи аскарча бола «кунингиз битди» деб милтиқ ўқталиб турибди.

– Ё, раҳмдил эгам, – деб юборди Миркомилбой, – кимларнинг қўлига топширдинг қулингни?!

– Инқилобий трибунал қўлига! – бидирлади аскарча. Миркомил ҳибсхонадан олиб чиқишганидан буён кетида келиб, хандақ қазигунича беш-олти одим нарида чурқ этмай босиб тамаки тутатиб турган ўрта ёшлардаги кўзлари мовий соқчига маъносиз тикилди. У ҳамон жим эди, ўзбек бола яна бидирлади: – Ҳукм бор, ҳозир, машетда ижро этилади!..

– Ўйлаб гапиряпсанми? Валдирайвермай, отингни айт, бола?

– Менга дўқ урманг, Мирмўминбоев! Аскарни ҳақоратлаш – инқилобни ҳақоратлашдир!

– Отангди отини биласанми?

– Отамди отини нима қиласиз суриштириб, барибир отиласиз!

Саҳар эпкини эсди-ю, Миркомилнинг димоғини янги қазилган туп­роқнинг ёқимли иси қитиқлаб ўтди. Бой бетини хандақ томон бурди. Аскарча ҳамон нималардир дея бидирлайверди.

– Менга сув келтир, таҳорат олай! – чўрт кесди унинг гапини бой.

Аскарча бир зум вайсашдан тўхтади-ю, овозини баралла қўйиб хахолаб юборди. Зум ўтмай қўққисдан кулгини бас қилди, бирдан жиддий тортди. Турқи гезариб, жуссаси инқилобий тус олди.

– Нималар деяпсиз, бой! Буйруқ қиладиган даврингиз ўтди. Энди пўписангиз кетмайди!

Миркомил оғир бурилиб, аскар ва аскарча томон ўгирилди, унинг мош-гуруч мўйлаби асабий титрар эди. Афсус-надомат ўрнини адоқсиз ва оғир ўйчанлик эгаллаётган нигоҳини кўтариб, аскарчани бош-оёқ кузатди. Маҳбусдаги бундай ўзгаришни кўриб ҳайратини яширолмаган мовий кўз соқчи, ниҳоят, аскарчага қараб дўриллади:

– Нима деяпти?

– «Сув келтир» эмиш! Таҳорат қилармишлар! Таҳоратни ашиёқда қилади, энди!

Мовий кўз соқчи тутақиб кетди.

– Одамни боласимисан, мол?! Ўзингнинг сартинг бўлса, мусулмон бўлсаларинг, охирги илтимосини бажарсанг ўлиб қоласанми, занғар!

Аскарча қўрққанидан ерга чўккалаб қолди. Тиззаси қалтираб, энкайиб соқчининг ёнига милтиғини қўйди-да, қоқилиб-суқилиб қамоқхона биноси томон ғизиллади. Миркомил мовий кўз соқчидан андиша қилганидан унга ортиқ қараб туролмади – шаҳар томон ўгирилиб, олис-олисларга кўз ташлади. «Наҳотки?..» деди беихтиёр пичирлаб.

Орадан кўп ўтмай аскарча шошилиб қайтиб келди-да, Миркомилнинг оёғи остига обдаста қўйди. Бой икки-уч қадам четлаб ўтиб чўнқайди, таҳорат олишга киришди. Юз-кўзларини ювди. Яктагининг этагига, енгига артинди. Сўнг чакмонини хандақ ёқасига ўгириб тўшади-да, ортига ўгирилди.

– Менга қара, бола, – деди жуда майин-вазмин оҳангда, – икки ракат бомдод суннатини, сўнг фарзини ўқиб олай. Сўнг қад ростлаб, «Аллоҳу акбар!» дея қўл кўтарганимда отса отаверсин, тушунтириб айт, дурустми?

Миркомилбой «Муқаррар мовий кўз соқчи отади» деган ўйда эди. Аскар бола жим бўлиб қолди. Хиёл фурсат ўтиб: «Яхши», деди бош ирғаб.

Миркомил ялангоёқ, камзулининг этагига қад ростлаб на қўл, на кўз етмас Макатилло ёққа узоқ тикилиб тошдек қотди. Шу алфоз хийла фурсат ҳаяллади, икки ракат суннат намозини ўқимоққа ният қилди, қўлларини қулоқлари мақомига кўтариб, «Аллоҳу акбар!» деди баралла. Субҳи содиқ сукунатида унинг товуши гуриллаб чиқди, овозининг фавқулодда маҳобатли таралганидан ич-ичидан ғурур туйди. Шу ўйда яна бир карра «Аллоҳу акбар!» дегиси, шу калиманинг сеҳрли жарангига узоқ тин олиб қулоқ тутгиси келди-ю, ўйи охирига етмай қаттиқ силтаниб кетди. Шошилиб, «Аллоҳу акбар!» деб юборди-ю, ушбу калом сеҳрини яна бир бор вужудига сингдириш умидида иродасини жамлади. Икки курагининг қоқ ўртасидан яна бир қаттиқ зарб еди – қандай бўлмасин, мувозанатни сақлашга тутинди – хаёллари янаям сокинлашди: у намозни бошлаш учун ният қилиб улгурди, холос... Парвардигорнинг буюклик сифатини зикр этди, ҳа, баралла ёд этди... Энди суннатни, кетидан фарзни адо этади... Миркомил елкаси, бели аралаш устма-уст санчилаётган, аъзойи баданини ўпириб-қўпориб ўтаётган қўрғошин сочмасининг гўё ўзига дахли йўқдек бомдод намозини адо этиш ниятида тинимсиз «Аллоҳу акбар!» дер, башарти, бир сония ортига ўгирилса, ке­йинги кунларда тилидан тушмай қолган «Наҳотки?» деган қаттол саволга жавоб топар – зеро, мовий кўз соқчи бояги-бояги чеккада турганича тамаки тутатаётган, босар-тусарини унутган миллатдош, юртдош, диндош аскарча эса талвасада устма-уст тепки босаётган эди... аммо-лекин шу сонияларда Миркомил учун ўзидан чиққан ва бутун умр таъқиб этган душманини ўз кўзи билан кўриш орзуси ҳам ниҳоятда арзимас нимарсага айланган – унинг учун ёруғ дунёда холис ният-ла бош­лаган сўнгги ибодатини адо этишдан муқаддасроқ мақсад-муддао қолмаганди...

Миркомилнинг тилка-пора бўлган жасади ўзи қазиган хандаққа гурсиллаб ағдарилди...

1992 йил

[1] Александр Тимофеев – Орскдан келиб қолган. 1909 – 1911 йилларда Миркомилбойга гумашта тушган. Бой унга Искандар деб лақаб қўйган.

ТЎХТАБОЙНИНГ БОЙЛИКЛАРИ


I

– Зулфи-и! Ҳо, Зулфияхон! Чиқа қолинг, севинчли хабар кеп қолди!

– Ҳозир, опа, ҳозир чиқаман.

Зулфиянинг товуши қўнғироқдек жаранглаб таралган бўлса-да, унинг ўзи хийла паришонхаёл эди. Кундошларининг ёнида сир бой бермайди, шу боис қандай бўлмасин, чеҳрасидан табассум аримайди. Уларнинг раъйига қарамоғи лозим, улардан ҳушёр юрмоғи лозим, улар билан орани бузмаслиги шарт... аммо-лекин ҳарна қилганда ҳам аёл аёл-да: Зулфия иккала кундошидан ўзининг ёшлиги, қолаверса... самбит новдасидай расо бўй-басти, суқсурдай чиройи билан бойга суюклироқ эканлигини ҳам яхши ҳис қилади, вақти-бевақт шу борада тили узунлигини кўз-кўз қилиш илинжида киборли қадам олишлару беписанд боқишлар қилиб қўяр, унинг бундай қилиғидан Адолатнинг ич-эти қирилиб тушаётганини сезиб, қувончидан қарсак чалиб юборишдан базўр ўзини тияр эди. Ўрни келганда, Адолат ҳам жазиллатиб игнасини санчиб олар, Зулфиянинг туғмаслигини кишибилмас пичинглар билан бетига соларди.

Тавба... Зулфия қизлик чоғи ўзидан икки ёш катта Адолат билан Олия отинда таҳсил олган. Негадир ўша кезларда у билан жанжаллашгани-жанжаллашганди. Отинойи: «Ҳо-ой, Зулфи! Ҳо-ой, Адол! Нима бало, кундошмисанлар, юмма талашганинг-талашган!» дея чакак қоққани-қоққан эди. Фаришталар «омин» деган экан, тақдир уларни бир эрга қўшхотин қилди...

Улар орасидаги пинҳон «жанг»лар бир сафар ошкор тўқнашувга айланди. Нима бўлди-ю, уйда ўзларидан бош­қа ҳеч зоғ йўқлигидан фойдаланишдими, икки кундошнинг дилидаги тилига кўчди: Зулфия бойнинг суюкли кенжа хотини эканини пеш қилди, Адолат унинг тирноққа зорлигини «фош» қилди. Шунда Зулфия кундошининг бу борадаги севинчини ҳам чиппакка чиқарди:

– Куз келсин, қўчқордай ўғил туғиб бермасам, отимми бошқа қўяман! Ҳа-а, аламингдан ёрилиб ўларсан, ўшанда!..

Адолат ҳанг-манг бўлиб қолди, ишониб-ишонмай кундошининг қорнига анграйди, сўнг ўзининг ғафлатда қолганини сезди шекилли, бир нарсани шошилинч олиб чиқмоқчидек зипиллаб юриб уйига кирди. Алланималар дея вайсади. Вайсади-да, охири йиғламсираб қарғанди:

– Тўқол, маҳаллангга йўқол!

Зулфия дабдурустдан қарғишнинг маънисига тушунмаган эса-да, бўш келмади. Дераза ёнига яқинлашди-да, овозини баралла қўйиб, аламини олди:

– Жа, билгинг келаётган бўлса, тарозини опке, таги-тахтимиззи бир тортиб-ўлчаб кўрамиз! Тўқол кимлигини ўшанда билиб оласан! Ҳу-у, зоти паст!

Бу жанжал Мактабхон онанинг қулоғига қайдан етди – Зулфия ўйлаб-ўйлаб тополмади. Она Адолатга нелар деб танбеҳ берган-бермагани унга қоронғи, лекин бир оқшом суҳбат орасида Зулфияга ётиғи билан насиҳат қилди:

– Зулфияхон, болам, кибор кибрдандир, кибр ҳаромдир... Илоҳим, бой отамиззи давлати зиёда бўлсин, манаши «Насанал» меҳмонхонасининг барча жиҳозини Пўлшадан келтирдилар... Ҳаммамизга етиб ортади... Хонадонимизга ҳаром ораласа, барчамиз кўр бўламиз-а, худо асрасин!..

Зулфия одам бўйига икки баравар келадиган тошойнадан ўзига қараб турган оппоқ юзи хиёл чўзиқ, ранги сувдай тиниқ, қорни дўппайган кўхлик жувонни бош-­оёқ кузата туриб, ўша-ўша, Адолат билан қайтиб қирпичоқ бўлмаганига ичдан севинди. Мовий кўзларида ғилтиллай бошлаган ёшни шошилиб артди.

– Кичик ойи-и!

– Чиқвомман, Саломатхон, – деди Зулфия Адолатнинг иккинчи қизини овозидан таниб.

Зулфия оғир-вазмин қадам босиб айвонга чиққан эди, Саломат югуриб келиб, унинг қўлидан тутди.

– Отам-чи, ҳайитга янги кўйлак тиктиринглар деб, газлама дафтарини киритибдилар. Вой, шунақаям кўпки-и!..

У хабар берди-ю, сабри етмай яна югуриб, бош кўтармай дафтар варақлаб ўтирган Муборак опасининг тепасига борди.

Зулфия Мактабхон онанинг чап томонига бориб оҳиста чўкди.

– Муборакхон қизим, дафтарни бер-чи, аввал биз кўрайлик, кейин сан синглинг билан танлайсан.

Муборак дафтарни Мактабхон онага узатди. Она дафтарни бир бошдан варақлай туриб: «Мана, мана-а», деб қўяр, уч-тўрт варақ ўтгач, «Ёқадими, танланглар», деб икки биқинига суқилиб ўтирган кундош­ларига қараб қўярди.

– Оввалбош сизга танлиймиз, она, – деди Адолат тўнғич кундошининг ҳурматини сақлаб. – Ке, Мубор, силар ҳам танлашасилар.

– Ўнг қўл вазирларга ҳам атлас ярашади-да! – деди кулгисини яшириб Муборак.

Тўхтабой: «Мактабхон – ўнг қўл вазирим» деганини хонадон аъзоларининг каттаю кичиги эшитган, Муборак шунга шама қилаётганини сезган кундошлар орасида енгил кулги кўтарилди.

– Ўрисча таҳсилга қатнаб тилинг чиқиб қолди-я, сан қизнинг! – деди Мактабхон она кўзойнаги остидан ёлғондака ўқрайиб.

Муборак катта онасининг жиғига тегишни давом эттирди:

– Хонатлас бўлганда ҳам қўш этакли бўлса, хўп ярашади-да!

– Ке-ке, олдин сенга танлаймиз, – деди Мактабхон она ён бериб. – Анув дўнғир-дўнғирингни чалиш учун ҳам алоҳида кўйлак сўрарсан?

– Бўлмаса-чи! – Муборак шундай деб югуриб келди-да, катта онаси билан кичик онаси орасига суқилиб, дафтарга энгашди. – Зулфи онам менга мосини танлаб берадилар!

Зулфия гапга чечан, энди-энди ўрис тилини ўрганаётган, ҳатто Варшавадан махсус келтирилган пианинода куй чалишни машқ қила бошлаган бу қувноқ қизни астойдил яхши кўрар, у ҳам бошқаларга ёрилмайдиган сирларини кичик онаси – Зулфия билан баҳам кўрарди. Шундай бўлса-да, ҳозир Мактабхон онанинг ҳурматини сақлаш лозимлигини унутмади.

– Она, ўтган ҳайитда хонатлас танлаган эдиз, бу сафар ўқлоғи шойи­дан тиктиринг, сизга чунонам ярашадики!.. Ниҳол-ниҳоллигидан бўлса яна яхши! Адолатхон опам хонатлас кийсинлар.

– Бе-е, менга ким қўйибди хонатласни, – эътироз билдирди Адолат, – одмироқ бўлса ҳам майли.

– Камсуқумлигинг қолмади-қолмади-да, Адол, кимсан, Тўхтабойваччага қатор-қатор ўғил-қиз туғиб берган хотин бўлсанг. Бой ота ҳайит баҳона дафтар киритибдилар. Чертиб-чертиб, танлаб-танлаб киямиз-да! Учовимиз бир сидра хонатлас, бир сидра оч пушти шойи бор-ку, мана, рангини қаранглар, шундан киямиз. Чўғдай ял-ял ёниб юрасизлар!

– Мен ҳозир кўйлак тиктирмай турақолай...

– Вой, нега тиктирмас экансиз?! – суҳбатга аралашди Саломат.

Зулфиянинг муддаосини тушунган Адолат қизини беозор, енгилгина жеркиди:

– Сен аралашмай ўтир. – Шундай деб қалин дафтарнинг ҳар варағига ёпиштирилган бири-биридан рангдор ва чиройли газмол намуналарини ёнидагиларга кўз-кўз қила бошлади: – Аввал ҳаммасини бир бош­дан кўриб чиқайлик. Яқинда хориждан янгиларини олиб келишди деб эшитувдим...

– Олмон шойиси деган эдилар, – унинг гапини тасдиқлади Зулфия.

– Мана, манави эмасми? – кўйлаклик танлашда «улоқ»ни ўз ихтиёри билан ёшларга топширган Мактабхон она, оч ҳаворанг газмол парчаси ёпиштирилган варақни кўзига яқинлаштириб тикилди. – Қурмағурлар-эй, бунча нозик ишлашмаса! Шишага ўхшайди-я!..

– Шуниси сизга ярашади, Зулфияхон, – деди Адолат.

– Мовий кўзла-ар, мовий либосла-ар!..

Кундошлар, уларга қўшилиб қизлар Муборакнинг хиргойисини эшитиб кулиб юборишди. Зулфия ўзининг кўм-кўк ҳаворанг кўзи беғараз кулгига сабаб бўлганидан эркаланиб ширин жилмайди.

Худди шу қаҳ-қаҳ кулги устига эшик очилиб, ичкарида Тўхтабой пайдо бўлди. У ўртабўй, қомати тик, қирра бурни, лабининг икки чеккасидан хийла ўсиб тушган мўйлаби унга ўзгача салобат бахш этган, оқ-сариққа мойил ранги гўё нимадандир хижолат чеккан одамнинг тусини эслатарди.

Биринчи бўлиб Муборак билан Саломатхон дик этиб ўрнидан турди. Адолат бой томон бир қадам пешвоз юриб тўхтади. Зулфия ўрнидан оғир қўзғалиб, қад ростлаган Мактабхон онанинг панасига ўтиб, ер чизганча тураверди. Бойнинг доимо вазмин, босиқ, айни чоғда жиддий қийфасидан унинг авзойини бирдан англаб бўлмас, баъзан феъли айниброқ турибдими ёхуд хушнудми – шуларни-да фарқлаш қийин кечар, одатда, биринчи гапини эшитиб, у кишининг кайфияти аниқлаб олинмагунча каттаю кичик чурқ этиб товуш чиқармасди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.

Бой хонтахта устида очиқ қолган дафтарга кўз қирини ташлаб қўйди-да, лабининг бир чеккасида кулимсираб деди:

– Силар кўйлаклик танлагунча ҳайит ўтиб кетар ҳали...

II

Тўхтабой гумаштаси бошлаб келган извошга чиқиб жойлашиб ўтириб олганича хаёлга толди. Хаёл олиб қочиб, ҳатто қўш отнинг туёқлари тошга тарақлаб урилишини ҳам, жониворларнинг сувлуқни чайнаб асабий кишнашини ҳам эшитмади. Извош Масковдан ташқарига чиқаётгандагина тек қотиб ўтирган кўйи сўз қотди:

– Борадиган жойимиззи тушунтирдингми?

Гумашта йигит хўжайиннинг авзойига қараб, дамини ичига ютиб ўтирган эканми, бойдан садо чиққан заҳоти жонланиб тилга кирди:

– «Ново Варварьевск» десам, ўнта извошчи «К дачу Миркамиля? Я, я отвезу!» деб ҳозиру нозир бўлиб турибди, бой ота!

Унча-мунчага қувончини ҳам, ранжиганини ҳам намоён қилавермайдиган Тўхтабой ҳаяжондан қалқиб тушди. «Дача» эмиш, ҳукумати сургунга жўнатиб қўйибди-ю, булар «дача» дейди. Миркомилбой Масковга келганига икки ой бўлдими-йўқми, извошчилар исм-шарифигача хабар топибди...»

Тўхтабой Миркомилбойнинг «дача»сида уч кун қандай ўтиб кетганини ҳам пайқамади. Назарида, Миркомилбой уни совуқ қаршилагандай туюлди. Андижонлик бойнинг димоғдорлиги аввалига унинг ҳамиятига тегди, бироқ кейин Тўхтабой шайтонга ҳай берди: «Юртидан бадарға қилиниб, сургун муддатини шу зах ва моғор иси анқиб турган ўрмонда ўтказаётган одамдан гина қиламанми?!»

Миркомилбой ҳам Тўхтабойни бирров келиб изига қайтади, деб ўйлаган эканми, иккинчи кунга қолганини кўриб, унинг елкасига қоқиб, бағрига босиб, миннатдорлигини яширмади:

– Раҳмат, Тўхтажон, ука! Мусофирликда ёнингда душманинг бўлсаям ҳамюртинг бўлсин экан. Сиз эса ўзимиздан... Шу борада пича қийналиш бор, холос...

– Худо хоҳласа, бундан қийналмайсиз, тақсир, – деди Тўхтабой ҳам Миркомилнинг билагидан тутиб.

– Жой... мана, бемалол, – деди Миркомил қатор кетган икки қаватли тахта уйларга ишора қилиб.

Тўхтабой ҳазилга йўйди:

– Нима, «Сургун қилинганлар келаверсин», демоқчимисиз, тақсир?

Миркомил шундагина гапининг тескари маъносига эътибор қилди ва одатига хос қошини чимириб, лабларини қимтиб, мийиғида кулди.

Тўхтабой Миркомилнинг ниҳоятда зийрак ва ҳушёр одамлигини яхши билса-да, Ново Варварьевскка келишининг учинчи кунидаги суҳбат асносида ҳайратидан ёқа ушлаб қолди.

Миркомилбой билан неча марталаб қуюқ меҳмондорчиликда бир дастурхондан таомланган, неча дафъа у билан икки-уч кунлаб бир поездда ҳамроҳ бўлган – Миркомилнинг босиқ ва тагдор гап-сўзи, қочириқлари, танбеҳу насиҳатлари икки-уч оғиздан ошмасди. Мана, энди мусофирчилик боисими ёки бўлак сабаблари борми, бой пича сўзамоллашибди...

– Бизнинг Туркистон бойларимиз узоқни кўра билишмайди. Қайси савдогар, қайси топармон-тутармонга қараманг, биздан пахта, пилла жўнатади. Россидан ва ҳоказо ўзга юртлардан эса газмол, уст-бош олиб боради. Камина ҳам, кимсан, Миркомилбой бўлгунича Анжану Фарғонанинг пахтасини сотмаган юртимиз қолмади. Ўзларини ҳам биламиз, Россидан газмол, телпак, мўйна оббориб сотадилар.

Миркомил шундай деб таққа тўхтади-да, суҳбатдоши томон ўгирилди. Сўзида давом этди:

– Эътибор берсинлар-а!.. Биз хом ашёни икки қўллаб кепак нархига сотамизу, булар ўла қолса ҳам хом ашё сотмайди – тайёр буюм сотади, буюм! Дейлик, мўйнанинг хомини сўранг-чи, ўша шойи газламаларнинг шойи ипагини сўраб кўринг-чи, икки дунёда бермайди! Чунки буларнинг калласи сизминан меникидан дуруст ишлайди!..

Бу гаплар Тўхтабой учун фавқулодда янгилик бўлмаса-да, негадир эти жимирлашиб кетди, бошини кўтариб қараганда ҳам учлари кўринмайдиган адл дарахтнинг моғор босган танасидан совуқ уфурди – ҳам алам, ҳам ғазабдан лаби гезарди.

– Мен Лондон, сўнг Порижга ўйнагани борганим йўқ, – сўзларини янаям чертиб-чертиб гапида давом этди Миркомил. – Ўша юртлардан йигирувчилик, тўқимачилик ускуналарини ундиргани бордим. Гаплашдим, келишдим ҳам.

– Нақадар улуғ ишлар бошлабсиз, тақсир! – ҳайратини яширмай деди Тўхтабой ва бир зум сукут сақлаб, бирдан шаштидан тушди: – Бироқ сиз билан биз улуғ муддаоларни кўзласагу ўрис ҳукумати ўз ҳолимизга қўймаётгани чатоқ-да...

Миркомил жавоб қилмади. У хиёл бурилиб рўпарасидаги дарахтнинг қучоқ етмас танасига қаради: кўкимтир пўпанак-моғор қоплаган, тик, ниҳоятда баланд... йиқитай деса, нақадар бақувват, шох-бутоқларини синдирай деса, нақадар қўл етмас...

Бой лабини тишлади, нафрат-ла афтини бужмайтирди, узоқдан кўрган одам уни куляпти, деб ўйлаши мумкин эди.

– Ҳа, биз сиёсатчи бўлмасак! Тужжор одамни ўз ҳолига қўй, қисталоқ!

– Тужжорлик ҳам сиёсат экан-да, аслида, тақсир. Савдогарчилик қилавурибмизу замоннинг тошу тарозисини ҳисобга олмабмиз, ака. Аслида...

Миркомил ҳанг-манг бўлиб қолди. Унинг ҳайрати Тўхтабойнинг ҳозиргина ҳайратланишидан ўн ҳисса ошиб тушди. Бир неча сонияда жуда-жуда кўп воқеалар хаёл ипидан чақмоқ янглиғ учиб ўтди. У бутун умр ўзини йирик бир савдогаргина ҳисоблаб келар, кези келганда: «Менинг сиёсат билан ишим йўқ», деган жойлари бўлган, энди... неча бор тафтишу терговга чақирилиши, қийин-қистовга олиниши, сургунга жўнатилиши, изидан соя­дек айғоқчилар эргашиб юриши... булар сиёсат бўлмай, нима?! Нега шу чоққа довур, кимсан, Миркомил шуларни ўйламади, нега...

– Тўхтабой!

Бойнинг бу тахлит мурожаатини кутмаган Тўхтабой ялт этиб суҳбатдошига қаради. У худо ярлақаб савдогарчилик йўлида иззат-­обрў топган ва шунинг баробарида... азиятлар чеккан Миркомилга ич-­ичидан ачинди. Тўхтабой хаёлга толганидан Миркомилбой қандай қилиб мавзуни ўзгартириб юборганини сезмай қолди.

– Шундай ишлар бошлаш ҳаракатида юрибмизу, сиз қаёқдаги Захарўп, Кнопларга кунингиз қолиб, синиб ўтирибсиз.

Башарти шу тобда: «Ия, бой ака, шулардан ҳам хабарингиз борми?» деса, Тўхтабой жуда паст кетган бўларди, шу боис «билсанг билибсан-да» деган мазмунда атай чурқ этмади. Унинг устомонлигини пайқаган Миркомилбой ҳам «Индамайсан-а, индамайсан» деган маънода пичингини атай қарийб такрорлади:

– Нима қилиб, ўша ўрисминан немис жуҳудининг қармоғига илиниб ўтирибдилар, Тўхтажон?

Тўхтабойнинг назарида Миркомил «Тўхтажон» деганда ҳозиргина ихтиёрсиз «Тўхтабой» деб юборганининг аламига «жон»га қаттиқроқ урғу берди. Энди эсласа, бой унга сира «Тўхтабой» деб мурожаат қилмаган экан. Ваҳоланки, Тўхтабой қаерда бўлмасин, Миркомилнинг ёшини, давлатини ўзига нисбатан энига ҳам, бўйига ҳам йириклигини тан олади, ҳурматини жойига қўяди. Бироқ Миркомилнинг «Тўхтабой» дейишга тили бормайди.

Бундай гина-кудуратнинг ўрни эмас эди.

– Векселдан куйдим...

– «Насонал»ни топширдилар?..

– «Насонал» кетди...

– Аши-и... Яна?

– «Насонал»га қўшни кўчадаги икки қаватли дўкон...

– Яна?..

– Яна...

– Тошканни ҳам ташлаб чиқибдилар-ку!..

Тўхтабой ер тепиниб юборди. Азбаройи манглайи­дан тер тепчиди. Ҳақиқатан ҳам Миркомилбойнинг тили аччиқ эди. Ўйлаб кўрса, шундай – кимсан, Тўхтабойдек дас­ти дароз бой меҳмонхонаси, ҳайҳотдек дўкони, расталари кетгани етмагандай бола-чақасию уч хотинини қўқонаравага миндириб, етти пушти яшаб ўтган она шаҳрини ташлаб жўнаб юборибди.

Шу тобда Тўхтабой: «Ажаб, тақсир, бу ҳақда қайдан хабар топдингиз?» деб савол қотганида анча соддадилликка йўл қўйган бўлур эди. Яхшики, Тўхтабой ҳам анойи эмас, «бозор кўрган» бойлардан... У ажаб­ланганини сездирмади. Сездирмади-ю... тўнғич хотини Мактабхоннинг тош ютиб сабр қилишларини эслади.

Адолат «Шўтта қоп кетамизми, энди!» деб очиқ бош кўтарди, Зулфия норозилигини «Тошкентдаги уйимиз яхши эди-да...» дея изҳор қилди, холос. «Сабр қилинг­лар, худо хоҳласа қайтамиз», деб тасалли беришга берди-ю, худо қачон хоҳлашини тахминан бўлса-да, айтолмади.

Тўхтабойнинг жим қолиши хийла чўзилганини Миркомилбой изза бўлганликка йўйдими, унинг кўнглини кўтаришга тутинди:

– Сабрлисиз, Тўхтажон, ука... Ўзбек сабрга туғилган... Сабр, сабрнинг таги олтин... Сабрнинг... са... Айтмоқчи, «Насонал»да туғилган ўғилчанинг исмини Собиржон қўйган эдингиз, каттакон йигит бўп қолгандир?

Энди Тўхтабой чинакамига ҳанг-манг бўлиб қолди.

Энди у ҳайратланганини яширмади. Дунёнинг ташвишини бошида кўтариб юрган, Андижон йигитларини мардикорликдан олиб қолиш илинжидаги саъй-ҳаракатлари ва бошқа туҳматлар эвазига мана шу қора ўрмонга сургун қилинган Миркомилбойдек одамнинг Тўхтабойни, унинг сингани-ю, оила аъзолари билан Тўқмоққа кўчганигача, «Насонал» меҳмонхонасидаги уйида уч йил муқаддам туғилган ўғлига Собиржон дея исм танлаганини эсда сақлаб юришдан бўлак ташвиши йўқми?! «Келин онамиз фарзандли бўлишни беш йил кутибдилар, меҳмоннинг отини Собиржон қўя қолайлик», – деган эди гўдакнинг қулоғига азон айтган қори домла. Тўхтабой рози бўлди, айтган эди, Зулфия ҳам эътироз билдирмади ўшанда...

Миркомил Тўхтабойни яна ўйга толдириб қўйганидан ичида севиндими ёки унга ачиндими, юпатишга ўтди:

– Савдо-сотиқ иши шу, тақсир. Бугун чикка, эртага пукка. Бу ёғи ёлғиз яратган Эгамизга аён, ука... Ўзбекнинг Тўхтабойини векселминан синдирган жуҳудларнинг белини биз пул билан, тадбир билан букамиз. Иншааллоҳ, Собиржоннинг суннат тўйини ўзингиз қурган «Насонал»да ўтказамиз. Тўйболага атаб «Насонал» ҳовлисига ўз қўлим билан тўриқ етаклаб кираман, иншааллоҳ!..

Бу меҳрибонлик қиёфасидан баджаҳл ва қаттиққўл кўринадиган, аслида дийдаси хийла мулойим Тўхтабойнинг кўнглини тўлдириб юборди – у сўзсиз ва несиз Миркомилга термилди. Миркомил мазмундор ва салобатли бош ирғаб кўзларини юмиб қўйди ва қуюқ ўрмон қўйнидаги кимсасиз ёлғизоёқ йўл устида турган кўйи баралла гапирди:

– Тадбирли одамлар қараб турмайдилар, Тўхтабой ука. Биз ҳам анойи эмасмиз!..

III

Қўқонаравада кетаётган Мактабхон она йўловчиларнинг ғўн­ғир-ғўнғирини эшитди-ю, соябон ичидан ташқарига мўралади-да: «Мерободнинг гузари», деди ичкаридагиларга қарата. Араванинг силкиниши мақомига ғарқ бўлиб хомуш хаёл суриб кетаётган Зулфия бошини кўтармади.

Кўчада ит ҳуриди. Мактабхон онанинг тиззасига бош қўйиб ётган тўрт ёшли Солиҳжон: «Кучу, кучу!» деганча дик этиб ирғиб турди. Мактабхон она ҳеч бир сўз айтарга мажоли қолмагандай Солиҳжоннинг қўлидан тутди. Зулфия бояги-бояги – бир нуқтага тикилганча кўзини узмади. «Йиғлаяпти», деб ўйлади Мактабхон она. Бояги итнинг ҳуришига дайди лайчаларнинг акиллаши қўшилди. Солиҳжон яна соябон ичидан ташқарига чиқишга интилди. Онасининг, катта онасининг авзойи­дан оғир кўнгилсизлик юз берганини ўзича тахмин қилиб, турли хаёлга бораётган Собиржон: «Ўтир!» деди товушини баландлатмай, укасининг қўлидан тутиб.

Йўловчилар ғўнғир-ғўнғири ортда қолди. Араванинг тунука қоп­ланган ёғоч ғилдираги йўлнинг ўнқир-чўнқиридан тарақлаб-ғичирлаб, туртилиб-урилиши, карвоннинг «Ҳа, чув-э!» деган асабий ҳайқириши тез-тез эшитила бошлади.

– Қаёққа кевоммиз, котта ойи?

Мактабхон она ташқарига яна бир қур кўз ташлади-да, елка қисди.

– Танимадим. Бу кўчаларни илгари кўрмаганман...

Арава силтанди, гупчаги қаттиқ ғичирлади, бир оёғи зум кўтарилиб қайтиб тарақлаб тушди. Соябоннинг гардиши сингудай қисирлади, Зулфия йиғлаб юборди. Собиржон онасини юпатмоқчи бўлгандек, унинг елкасини силади. Солиҳжон онаси не сабабдан йиғлаб юборганига ақли етмай, жим бўлиб қолди.

– Собиржон, укангни маҳкам ушла, болам. Йўл чатоққа ўхшайди, ағанаб кетмасин тағин!

Тўрт ёшли Солиҳжон йўлнинг нотекислигидан эмас, балки ундан даҳшатлироқ бир хавф-хатарни туйгандек, ўзини онасининг пинжига ташлади. Ниҳоят, Зулфия тилга кирди, у бошини кўтармай, сўради:

– Қаёққа боришимизни айтдиларми?

– Қаёққа бораётганимиз ёлғиз Яратганга аён...

Шом намозига азон айтилиб, намозшом пардаси қуюқлашганиданми ёхуд Мактабхон онанинг ўйчан бир кайфиятда берган жавобининг мавҳумлигиданми, кенг­гина соябон ичи туйқус қоронғилашди.

...