автордың кітабын онлайн тегін оқу Firibgar
Ўрхон Камол
ФИРИБГАР
I
Вокзалда тумонат одам. Халойиқ неча кунлар бўлдики, Истанбулдан келадиган экспресс ва почта поездларини кўриш учун вокзалга келар, «Мамлакатни боплаб лақиллатган калондимоғ»ни жандармлар орасида, кишанланган ҳолда кўришни истаётган эди. Фақат кўрсалар кошкийди? Ўзлари билан олиб келган чирик помидор, тухум, картошка, шағал тошлари билан уни қойилмақом қилиб бўяб-бежаб қўйишмоқчи эди: «Даюс, шунда ҳам ўзини «Тафтишчилар тафтишчиси» қилиб кўрсатармикан?»
Газеталарнинг ёзишича, Истанбулнинг Бўғозида [1] янги очилган бир отелнинг ошхонасида оғайнилари билан «отволиб», кайфи тарақ бўлиб ўтирган вақтида қўлга тушибди. Баттар бўлсин. Энди қамоққа тушса, кунини кўради!
«Ҳариф» илк марта чув туширган соҳил маҳалласининг шаробфуруши кулранг шимининг думбасидаги ямоқни қаширкан:
– Ҳозир ўзи йўқ, Аллоҳ бор, у бирам ҳайбатли одам эди, лекин мақтанишини кўриб, ичимга шубҳа оралаганди, Худо ҳаққи. Бу ҳарифни сохтакорга ўхшатмаган бўлсам, бадном бўлай!
Шундоққина ёнгинасида қўлида тухум ушлаб турган қотмадан келган официантига ўгирилди:
– Шундай эмасми?
Қотмадан келган, дароз официант эснаб юборишига сал қолди, ўзини қўлга олди.
– Худди шундай, – деди. – Ҳатто, менга...
Хўжайини унинг сўзини бўлди:
– Сенга кўз қисиб қўймаганмидим?
– Қисгандинг, лекин мен сенга [2]...
– Кўз қисгандим. Лекин ҳай, майлига... Чойчақасини...
Бирдан ўзига келди. «Чойчақасини қайтиб бердим», дейишдан воз кечди. Ҳали олдинда нима бўлади, буни ким билади? Катталаримизнинг ишига ақл бовар қилмайди. Қарабсанки, бир тухумни ўн кишига ташитади, бошқа куни эса ўн кишини бир тухумнинг ичига тиқишга ҳаракат қилишади. Ҳа, «Тафтишчилар тафтишчиси» балки бироздан кейин келиб қолар, поезддан тушар. Тушди дегунча, қўлларидаги тухум, помидор, картошка ва шағал тошларни устига ёғдиришади, лекин шаробфуруш бу ишдан нари тургани яхши. Майли, олдин бир отиб кўришсин-чи. Неча кундан буён тинмай ёлғон тўқиётган манави фойтунчи Кал Мистиқ отсин. «Қандай? Айтмаганмидим? Бу ҳарифга бир қарадим, тавба, кўзи ўйнаб турибди, фариштаси йўқ! Дарҳол хавфсизлик бошқармасига чопдим, бейим, шундоғ-шундоғ, дедим. Сабр қил Мистиқ афанди, дамингни чиқарма, деди. Кўп ўтмай валлоҳу аълам...»
Шаробфуруш яна тўхтовсиз «сайраётган» Кал Мистиққа қаради. Нақ тулкининг ўзи. Бозордаги тужжорларнинг гапига қараганда, ўша ҳарифни фойтунидан туширмаган, қаҳвахоналарга, катта-ю кичик майхоналарга ёки меҳмонхоналарга, ёхуд банкларга олиб борган ва олиб келган ўшанинг ўзи эди. Қаерга олиб борадиган бўлса, фойтунини тарақлатиб ҳайдар, отларнинг жиловини завқ-шавқ билан тортар, фойтундан сакраб тушар, олдинга югуриб чиқар экан: «Мендан эшитдим деманг, «Бейафанди» Анқарадан шаҳримизни тафтиш қилишга келяпти. Чув тушиб қолманг асло!» дер, ундан кейин эса ўзи у одамни эшик олдида таъзим билан кутиб оларкан. Шундай бўлатуриб, неча кундан бери думи узун сичқон каби у ердан бу ерга, у ёқдан бу ёққа чопгани чопган, ҳарифни вагондан тушаётганида тухум, помидор, картошка ёки шағал тош билан «сийлаш»ларига эришиш учун жон куйдириб юрибди.
Ҳа, ҳа, у қўлидагини отмасдан қўймайди! Аммо Худо билади, юқоридагиларнинг ҳеч бир тайини йўқ. Ҳарқалай, нима бўлса бўлсин, қўрқинчли туш кўргандан кўра, уйғоқ бўлган оқилона иш. Қолаверса, сохт-сумбати жойида бўлган бирига роль ўйнаш топширилган ёки топширилмагани неча кунларгина эмас, ҳафталар, ойлардан буён ичини итдай таталаётган эди. Агар: «Қани кўрайлик, халқимизнинг ўз бошидагиларга садоқати қанчалик экан?» дея миллатни синамоқни истаётган бўлишса-чи? Бу ҳарифга аввалига ўшанақа вазифа беришади, пулни ўмаришади, кейин бўлса, шунчаки, номига қўлга олишади, газеталарда расмий-пасмий хабар беришади, жандармлар етовида жиноят қилган шаҳрига йўллашади, сўнгра эса...
Ичини янги бир қўрқув таталади!
Ҳа, ундан сўнг тошбўрон қилдиришади, кейин эса тош отганларни битта-биттадан тутиб келтириб, онасини Учқўрғонидан кўрсатишмайдими?!
Шаробфуруш ёнидаги официантига ҳаяжон аралаш юзланган бўлса-да, вақтида ўзини қўлга олди. Ўзини тутолмай оғзига келганини валдираса, бу муттаҳам, балки қўйнидан илондай сирғалиб чиқиб: «Мендан эшитдим деманг, бизнинг патрон дедики...» дея ёзиб берган бўларди.
Ўнг томонида турган официантга ғижиниб қаради. Ҳовучидаги тухумга тикилиб турибди. Бунинг тикилишига қаранг, аслида, поезд бугун келган тақдирда ҳам ичидан ««Тафтишчилар тафтишчиси» чиқмасин», дея дуо қилаётир. Чиқса, уни тошбўрон қилишади. Кейин бўлса полициячилар тош отганларни ушлаб, қорақўлга [3] олиб кетишса...
Аъзойи бадани яна қалтираб кетди.
Иш кимлик гувоҳномасига бориб тақалса, кўришадики, ўттиз ёшдан ўтган бўлса-да, ҳалигача армия хизматини ўташ у ёқда турсин, ҳатто чақирувга ҳам бормаган; айниқса, номусга тажовуз қилгани маълум бўлиб қолса борми...
Хўжайинининг ғижиниб қараганига официант эътибор ҳам қилмади. Ўша ҳариф келган тақдирда ҳам қўлидаги тухумни, балки отмаган бўларди: «Патрон қаердан ҳам биларди? Бунча халойиқнинг ичида менинг отиб-отмаганимга эътибор қилиб ўтирармиди? Ўша ҳариф лақиллатган бўлса лақиллатгандир. Ҳалол бўлсин. Мени лақиллатгани йўқ-ку. Итваччалар...Лак-лак пул топишади. Яхшилик билан сўрасанг, беришмайди. Мажбурлаб олиб бўлмаса. Эээ... йўлини топиб, чўнтакни қаппайтирибдими, қандини урсин. Менга нима?»
Хўжайинига қаради. Хўжайин айни шу лаҳзада қўлидаги помидорни узатди:
– Мана буни ушлаб тур, бориб тўкиб келай!
– Поезд вокзалга киришига оз қолди, хўжайин...
– Кирса қиёмат қўпармиди?
– Қўпмайди-ку, аммо...
– Аммо?
Официант овозини пасайтириб деди:
– Охирида бир ишкал чиқишидан қўрқаётирман.
– Кўпам шишираверма!
Чиқди-кетди. Официант малларанг ямоқли кулранг шим кийиб олган хўжайини вокзал ҳожатхонаси томон кетаркан, орқасидан бироз қараб турди. Чап қўлида тухум, ўнг қўлида хўжайини ушлатган помидор. Демак, хўжайин ҳам поезддан тушадиган одамни тошбўрон қилишдан қўрқаётир. Кап-катта хўжайин бўлса? Армияда хизмат қилган, бунинг устига, бировнинг номус-помусига тажовуз қилишдан ҳам тап тортмайди. Хўш? Унда ўзига нима бўляпти? Бунақа ишларга бош қотирмасликдан яхшиси йўқ!
Бирданига чўчиб тушди. Кал Мистиқ тўппа-тўғри у томонга илдам юриб келаётганди. Айб устида қўлга тушгандай, қўлидагини орқасига яширди. Мистиқ, зотан, ҳалидан бери хўжайин билан официантнинг шубҳали кўринишидан ташвишланиб турганди. Боз устига, хўжайинидан олган бир нарсани орқасига яшириб турибди. Бу нима экан ўзи?
– Орқангга яширганинг нима?
– Ҳеч нарса, – деди.
– Қанақасига ҳеч нарса?
– Шунақасига ҳеч нарса.
Фойтунчи Кал Мистиқ илоннинг ёғини ялаган одам. Мустафо Камол Пошо Измирда юнонларни денгизга улоқтирганидан [4] бери бу шаҳарда фойтунчилик қилади. Бунақа, оч қолган канага ўхшаган официантларнинг қанчадан-қанчасини кўрган. Фақат официантларними? Бейлар, бейафандилар, пошолар, тўғрилар, ўғрилар, сохтакорлару муттаҳамлар!
Фойтунчи официантга қорақўлдаги комиссарга ўхшаб қўрқинчли овозда бақирди:
– Ҳеч нарсани сенга кўрсатиб қўяман! Қани кўрсат, нима экан у?
Официант дарров ҳамма гапни тушунди:
– Помидор, – деди.
– Бу қўлингдаги-чи?
– Тухум.
– Хўжайининг помидорини нега сенга берди? Ўзи қаёққа гум бўлди?
– Хала жойга.
– Хўш, нега помидорни орқангга яширдинг?
Олдида турган полиция комиссари эмас, фойтунчи Кал Мистиқ экани йигитнинг бирдан миясига урди. Кал Мистиқнинг нимасидан қўрқади? Бир куни пешин овқатидан кейин хўжайинининг пештахтага суяниб мудраганини, уйқу аралаш бир нарсалар деб алаҳлаганини эслади: «Бу суллоҳ, балки раҳбарларимизнинг одамидир. Тош отиб, айбдор бўлиб чиқсак нима бўлади? Ёки тепамиздагилар бизни синаётганмикан? Нимамга ҳам керак? Бола-чақали одам бўлсам!»
– Хўш, помидорни нега орқангга яширдинг?
Ишлатиб, эвазига бир бурдагина нон берадиган хўжайинининг сирини яширишнинг нима кераги бор? Ҳаммасини айтиб берди. Хўжайини бир туш кўрибди, тушида шунақа-шунақа деб алаҳлабди. Сал олдин қўлига помидорни тутқазиб, таҳоратхонага кетиши ҳам поезддан тушадиган одамга помидор отишдан қочгани учун эди.
Фойтунчи Кал Мистиқнинг эси жойига келди. Ҳақиқатан ҳам, тепамиздагилар тузоқ қурмаганига ким кафил? Уларнинг не ҳийлалар қўллаши мумкинлигига ақл бовар қилмайди-ку. Тепадагиларнинг миллатни синаши учун «Тафтишчилар тафтишчиси» жуда зўр роль ўйнаб бериши мумкин эди.
Узоқлардан поезднинг узун ҳайқириғи эшитилди.
Фойтунчи Кал Мистиқ худди кеч қолгандай, халойиқ томонга чопди.
– Оғайнилар, – деди, – қўлингиздагини ташлаб юборинглар!
Халойиқ ҳайрон бўлди. Нега? Нечун ташлаб юборишлари керак? Неча кундан буён бу ишга тайёрланган эдилар-ку? Ҳариф қўллари кишанланган ҳолда жандармлар етовида вагондан тушаётганида «туф!» дея тошбўрон қилмайдиларми?
Эътироз овозлари эшитила бошлади:
– Нега?
– Нечун ташлашимиз керак?
– Бу иш учун бизни неча кунлардан бери ўзинг тайёрламадингми?
– Ёки қўрқдингми?
Кал Мистиқ овозини пасайтириб:
– Қўрққаним йўқ ва қўрқмайман ҳам, – деди. – Лекин бу ерда бир гап бор...
Халойиқ баттар ҳайратланди.
– Нима гапмиш?
– Ақлингиз етмайди...
– Етмаса, айт, билайлик.
Ҳамма гапни бутун тафсилоти билан тушунтиришга киришди. Боягина олган хабарига кўра, «Тафтишчилар тафтишчиси» Истанбул бўғозидаги бир отелда оғайнилари билан кайфу сафо қилиб ўтирганида қўлга тушгани, шунчаки, бир ҳийла экан. Мақсад – назардан қолган, мансабдан тушган, фуқаролик ишига ўтган ёки хато қилган бояқиш «катталаримиз»га нисбатан халқимизнинг ҳурмат-эътиборини ўрганмоқ! Ҳатто, эшитишига қараганда, бу кишини тошбўрон қилганларни полициячилар тутиб, олиб кетишмоқчи экан!
Поезднинг ҳайқириғи янада яқинроқдан эшитилди.
Одамларнинг кўзлари мошдай очилди. Сал қолса расво бўлишаркан. «Тепадагилар»нинг найрангини билиб бўлармиди? Оғримаган бошларини бекордан бекорга оғритмаганлари маъқул. Бировнинг ташвиши кимга керак?
Поезд ҳолдан тойган ҳайвондай ҳансираб, пишиллаб вокзалга кирганида қўллардаги тухуму помидор, шағал тошлар секингина бир чекага ташланган, кўзлар вагонларга меҳр билан қараб турар эди. Шу Кал Мистиққа офарин, барака топсин. Кўп яша ҳариф! Шунча йилдан бери фойтунчилик қилиб, еган нон-тузини оқлади. Ҳарҳолда бу гапларни шаҳарга келган катталардан бирининг одамидан эшитган бўлса керак. Эй, қаердан эшитса-эшитгандир, нима фарқи бор, фақир фуқарони қутқарди-ку!
Поезд келди, тўхтади. Тушганлар, чиққанлар орасида бирданига у кўринди. Қўллари кишанбанд, елкалари кенг, бошида айвони қайрилган шляпа, сариқ туфлиси юрганда ғарч-ғарч қилади...
Кал Мистиқ у томонга югуришдан олдин бошкийимини ечди. Халойиқнинг ҳам калласи ишлаб кетиб, дарров шундай қилди. Поезддан тушган одам пешоналари ерга текгудай таъзимлар билан кутиб олинди.
Кал Мистиқ:
– Хуш келибсиз, бейафанди, – деди.
«Тафтишчилар тафтишчиси» бирданига фойтунчи Кал Мистиққа эътибор қилди, уни таниди. Лекин исмини унутганди. Нима қипти, ҳечқиси йўқ. Сигара чекмагани учун хумори ёзилмаганди, буни бир лаҳзага унутди ва:
– Хуш кўрдик... – деди.
Жандармлар дарҳол яқинлашиб, Кал Мистиқни узоқлаштирмоқчи бўлишди, лекин у:
– Нима қипти? – деди. – Нима бўляпти? Мен ҳам сизлардан ҳисобланаман, арслоним!
Сўнг шивирлади:
– Хато қилмайдиган фақат Аллоҳдир. Аллоҳ ҳеч кимни қуруқ туҳматга гирифтор қилмасин. Бугун унга берса, эртага сенга, индинига менга беради. Одам бўлган киши ким эдим демаслиги, ким бўламан дейиши даркор...
У халойиқнинг ўртасидан ёриб ўтиб, олдинга югургилади, вокзалдан чиқди, фойтунининг ёнига келди. Улар ҳам бир тўда бўлиб орқасидан чиқдилар. Жандармлар Кал Мистиқнинг фойтунчи эканини англагандилар. Ўша томонга юрдилар. Зотан, Кал Мистиқ ҳам фойтунига сакраб чиққан, бақираётган эди:
– Ҳамшаҳрим, жандарма, жандарма, оғайнилар... марҳамат қилинг!
«Тафтишчилар тафтишчиси» бироз олдинда, икки жандарм ярим қадам орқада маҳбуснинг ўнг ва чап томонида юриб, фойтунга яқин келишди. Халойиқ эса янада орқароқда уларни катта қизиқиш билан кузатар, Кал Мистиқ ўртага ташлаган сўнгги фикрга суянган ҳолда, ҳарифнинг зукко тафтишчи эканига ишонишнинг, янада тўғрироғи, у яширган тақдирда ҳам, буни билиб олганларининг завқини сурар, бир-бирини тирсаклари билан туртганча кулишарди: «Тепамиздагилар шохида юрса, биз баргида юрамиз. Бизни тузоққа илинтирмоқчи бўлишди-я, чучварани хом санабсизлар. Бизни Аллоҳнинг Ўзи қўллайди, ҳа!»
«Тафтишчилар тафтишчиси» фойтунга чиқди дегунча, «ҳазратлари»нинг оғирлигидан фойтун бир томонга оғиб кетаёзди, яхшиямки, икки жандарм дарҳол фойтуннинг бу ёнига оёқ босиб, мувозанатни сақладилар. Сўнгра улар ҳам фойтунга чиқдилар. Чиқдилар-у, лекин икки ёнига ўтирмадилар. У орқада ёлғиз ўзи ўтирди, икки жандарм рўпарасидаги торгина ўриндиққа сиғишга уринди.
Кал Мистиқ қамчисини отларнинг ёллари устида мағрур шарақлатаркан, дўсту душманга қарата олифталарча бир наъра тортди:
– Чууу, арслонларим!..
Халойиқнинг кўз ўнгида фойтун шалоқ ғилдиракларини тарақлатганча шаҳар томонга йўл олди.
Кал Мистиқ оёқларини чалиштириб, сўл томонга, фойтунга ўгирилиб олганди. Чўнтагидан сигарет қутисини чиқариб, ҳарифга узатди:
– Бейафанди, марҳамат қилсинлар!
Дунёдаги ҳеч қандай ҳадя «Тафтишчилар тафтишчиси»ни шу ондаги қадар қувонтирмаган бўларди. Неча соатдан буён сигарета чекмаган эди. Сигарета бўлмагани учун хумори тутиб, ўлиб қолаёзди. Ўлай деб турса-да, кишанли қўлларини узатиб, сигаретани ололмас, олмоқчи бўлса, жандармлар нима қилиши мумкинлигини билолмасди. Истанбулдан бери уни зарарсиз, балога учраган деб ҳисоблаб, кишанларини бўшатишган, нонини у билан баҳам кўришганди, аммо «жиноят қилган шаҳрига» яқинлашди дегунча ўзгариб, билакларига яна кишан уришганди.
Тутқуннинг кишанбанд қўллари билан сигарета ололмаслигини тушунган Кал Мистиқ бу гал қутини жандармларга узатаркан:
– Ҳамшаҳарларим, арслонларим... – деди. – Бу зот бор-ку, бу зот?..
«Тафтишчилар тафтишчиси»нинг юз-кўзига боқди. Мийиғида кулишига қараганда, у жандармларни назар-писанд қилмаётгандай эди. Натижа охир-оқибат ўзининг фойдасига ҳал бўлишига юз фоиз ишонганга, сабр билан кутаётганга ўхшарди.
– Энди бу гапларни қўй, – деди тутқун. – Қандай зот эканим кейинроқ маълум бўлади. Бу оғайниларимиз – буйруқ қуллари. Модомики, мени прокуратурага топшириш амрини олишган эканлар, қандай зотлигим уларни қизиқтирмайди!
Жандармлар мамнун бўлишди, лекин узатилган қутидан сигарета олмадилар.
Кал Мистиқ дарҳол бир сигарета тутаттириб, қуюққина тутунни уфларкан:
– Гап бунда эмас, – деди. – Оғайниларга асосий вазифангизни айтмадингизми?
«Тафтишчилар тафтишчиси» пинагини бузмади:
– Нима кераги бор?
– Азизим, нима кераги бор, деб бўларканми? – Жандармларга юқоридан боқиб, деди: – Сизларга Истанбулда эҳтиёт қилиш тўғрисида шипшитишмадими?
– Нимани шипшитишлари керак эди?
– Бейафандини эҳтиёт қилинг, давлат, миллат номидан топшириқни бажаряпти, фалон-писмадон каби...
Ўнг томондаги жандарм роса ташвишланиб:
– Йўўқ, – деди.
«Тафтишчилар тафтишчиси» айни вақтида гапга қўшилди:
– Азизим, энди бу гапларни қўйсанг-чи!
Шундай демаганида Кал Мистиқ гапни чўзган, «бейафандининг» Истанбулда нима мақсадда тутилгани ва жандармлар етовида бу ерга юборилиши сабабини санаб, тўкиб ташлаган бўларди.
Хайрият, ундай қилмади. Гугурт чақиб, сигаретасини янгидан тутаттирди. Кейин жим ўтирмаслик учун шунчаки гап бошлади:
– Мустафо Камол Пошо Измирда юнонларни денгизга улоқтирган йилдан буён бу шаҳарда фойтунчиман. Ҳар бир экспресс, ҳар бир почта поездидан тушадиган мижозларни кўздан кечираман. Қанчадан-қанча калондимоғ амалдорларни кўз қарашиданоқ билиб олганман...
Шундай дея кулимсираб «Тафтишчилар тафтишчиси»га юзланди:
– Ёлғонми? Сизни ҳам биринчи кўришдаёқ билмадимми?
«Тафтишчилар тафтишчиси» сирининг фош этилишини истамаган бир тарзда айёрона тиржайиб, жандармларнинг ичига бутунлай хавотир тушириб:
– Азизим Мистиқ, – деди, – қўй энди бу гапларни...
– Қўёлмайман, бей. Нега десангиз, сизнинг қандай одам эканингизни оғайнилар билсин дейман-да. Жоҳил халқ унутади, лекин Кал Мистиқ унутмайди. Мен кўпни кўрганман.
Жандармлар таслим бўлди. Ўнгдагиси тилга кирди:
– Айбга буюрмайсиз, бейафанди, – деди.
Чапдагиси унинг сўзини бўлди:
– Айбга буюрманг ва бизни кечиринг!
«Тафтишчилар тафтишчиси» нутқ ирод қилиш вақти етганини англади:
– Болаларим, – деди, – Истанбулдан бери менга кўрсатган эҳтиромингиз учун жуда миннатдорман. Ишонингки, ичимда сизларга жуда катта миннатдорлик туйғуси жўш урмоқда. Лекин ҳа, ишнинг лекини бор. Қўлларимдаги кишанларни нега буйруқсиз ечдингиз?
Жандармлар сесканиб тушишди.
– Нега? Жавоб беринг!
Чапдаги жандарм:
– Сиз... сиз... – дея дудуқланди.
Ўнгдагиси:
– Зотингиз... – дея тузатди. – Зотингизга ишондик. Қочмаслигингизга ишондик...
– Шундай бўлганда ҳам, бошлиқларингиз мени сизга топшираркан, махсус, махфий кўрсатма бермаганлари учун айбдор бўлдингиз. Шундай эмасми?
Жандармлар бошларини хам қилдилар. Ҳақиқатан ҳам, бу одамни уларга топширган бошлиқлари кишанни ечиш тўғрисида ҳеч қандай махсус кўрсатма бермаган эдилар. Агар бу киши, извошчи айтганидай, давлатнинг яширин ходими бўлса, кишанни бўшатиш масаласини ҳам, албатта, баённома ёзиб, юқоридагиларга билдиради, бошлиқлари ҳам уларга лозим бўлган жазони беришади.
Иккови икки томондан ёлвора бошлади.
– Билмадик, бейафанди...
– Зотингизнинг катта амалдор эканини...
Тутқун чапдаги жандармнинг сўзини шартта кесди:
– Қанақа амалдор? Қанақа катта амалдор? Мен оддий бир фуқароман. Ҳар қандай оддий ватандошга Асосий Қонун берган ҳуқуққа асосланиб...
Шу ерда бирдан жим қолди. Кал Мистиқ ҳам худди шу онда шубҳали тарзда «Ўҳў, ўҳўў...» деганди. Унинг бу ҳайрати «Сен бу гапларни ётоқ дўппимга айтарсан», дегани эди. Жандармларнинг ичига бир лаҳза оралаган: «Биздай фуқаро эмиш, бекорларни айтибди», деган ишонч емирилиб, ўрнига: «Махсус топшириқ олган ходим» деган ишонч пайдо бўлган эди.
Кал Мистиқ:
– Булар ёт эмас, бейим, – деди. – Ўша вақтдаги тафтишингиздан кейин Волийни ишдан бўшатдилар. Лекин у суллоҳ қиморбозликка муккасидан кетган эди-да, ўзиям...
«Тафтишчилар тафтишчиси» жавоб бермади. Олайган кўзларини ўзига тиккан жандармларга ҳам қиё боқмади, лекин кўзлари олайиб қараганларини, ундан чўчиётганларини билиб турарди. Сигаретаси йўқлиги, онасини таъвия хотини ёнида ташлаб келганининг алам-палами босилган, ҳар доимгидай «Тафтишчилар тафтишчиси» қиёфасига кирган эди.
Икки жандарм дарров ўзаро пичирлашиб олишгач:
– Бейафанди, – деди чапдагиси, – кичиклар айб этар, катталар кечирар!
У энди бир вақтлардаги «Тафтишчилар тафтишчиси» ролига янада киришиб сўради:
– Яъни нима демоқчисан?
– Вазифамизни суиистеъмол қилиб, кишанларингизни ечган эдик-ку?..
– Хўш?
– Бизни кечиринг... Менинг истеъфога чиқишимга уч ой қолди...
– Менга эса беш ой, – деди чапдагиси.
– Бола-чақамиз бизни кутиб ўтирибди!
– Мен бўйдоқман. Кекса отам ишлайдиган аҳволда эмас.
– Истеъфога чиқишимизни тўрт кўз билан кутишяпти, Худо урсин.
– ...
– ...
Кал Мистиқ орага суқилди:
– Бейафандига яхшилаб разм солдинг. У кишидаги қалб, виждон ҳеч кимда йўқ. У кишининг дарди – мамлакатнинг катта амалдорлари, кўпроқ волийлари. Бева-бечорага душманликлари йўқ. У ҳақиқий киборлардан. Устингиздан ёзиб бермайдилар. Шундай эмасми?
«Тафтишчилар тафтишчиси» Кал Мистиқдан ўгирилиб, жандармларга тешворгудай тикилди:
– Бундан кейин отангиз бўладими, укангиз бўладими, олган буйруғингизнинг ҳар бир ҳарфига қадар риоя қилинг. Маъқулми?
Ўнгдаги жандарм:
– Риоя қиламиз, бейим, – деди.
– Соғ бўлинг! – деди чапдагиси ҳам.
– Сизлар ҳам соғ бўлинглар. Сизлар шу ватаннинг умиди, эл осойишталигининг посбонисизлар. Масъулиятингиз жуда катта. Ватан сиз, сизлар туфайли осойиштадир. Буни бир лаҳзага бўлсин ёддан чиқарманг ва ҳамкасбларингизга ҳам тилларингиз қаваргунча тушунтиринг, хўпми?
Ҳар иккала жандармнинг кайфияти чоғ бўлди. Ҳаяжон аралаш «Тафтишчилар тафтишчиси»нинг кишанбанд қўлларидан ўпмоқчи бўлдилар. У бўлса қўлини тортиб олди, ўптирмади. Мақсади жандармлардан кўра, извошчи Кал Мистиқни ўтган сафардагидай яна қўлга олиш эди.
Ҳолбуки, бунга кўпдан эришганди.
– Чуу, арслонларим! – дея Кал Мистиқ отларни янада тезроқ елдирди.
[3] Қорақўл – полиция идораси.
[2] Турклар яқинлари, ҳатто ота-оналари билан «сен»сираб сўзлашадилар.
[4] 1919 – 1923 йилларда Туркия ватанпарвар кучлари генерал Мустафо Камол Пошо раҳбарлигида чет эл босқинчиларига (Ғарбда юнон, Жанубда француз, шимоли-шарқда арман қўшинларига) қарши Озодлик уруши олиб борган. Грек армияси 1919 йил 15 майда Измирни босиб олган эди. Кейинчалик юнонлар Онадўли ичидаги Афйўн, Эскишаҳар, Кутаҳя шаҳарларини ҳам ишғол қилади, ҳатто Анқарага 50 километргача яқинлашади. Мустафо Пошо ғоят қийин шарт-шароитларда мунтазам Турк армиясини шакллантиришга, бутлашга, жанговарлик руҳини кўтаришга эришади. Ёш Турк армияси бир неча жангларда қаҳрамонона жанг қилиб, душманни енгди, Ватанни тамоман озод қилди. 1922 йил 9 сентябрда юнонлар Измирдан қувиб чиқарилди. Тор-мор этилган юнон қўшинлари 18 сентябрга келиб Онадўлини, октябрь бошида бўлса Тракияни бутунлай тарк этишга мажбур бўлдилар.
[1] Бўғоз – Истанбул бўғози кўзда тутилмоқда. (Бу ва кейинги изоҳлар таржимонга тегишли)
II
Боқувсиз отлар тортган, болтлари ейилиб яроқсиз ҳолга келган фойтунлар, ҳўкиз, новвослар, кўпроқ отларнинг тезаклари ифлослантирган асфальт кўчалар, ўзаро кесишадиган тор кўчалар, ора-сира яп-янги кўп қаватли уйлар кўриниб қолса-да, асосан, ғиштин, тахта деворлари қорайиб кетган уйлар, қора чачвонлари остидан эркакларга ҳадиксираб боққан ҳуркак хотинлар, қорни тарвуздай болалар, бозорида ҳар қандай ажнабий бир кўришдаёқ таниб олинадиган, кўча чироқларини чанг босган Онадўли вилоят маркази неча кунлардан буён қулоқларини динг қилиб, «Тафтишчилар тафтишчиси»нинг келишини бекорга кутган экан.
Кутилган киши ҳам етиб келди, аммо у на тухум, на помидор, на картошка, на шағал тош билан «сийланди», лоақал «туф» ҳам дейишмади.
Нега, нимага шундай бўлди?
Извошчи Кал Мистиқнинг бўйин томирларини шишира-шишира тушунтиришига қараганда, «Ҳариф ҳануз давлат топшириғини бажараётган, ватандошларнинг давлатга, ҳукуматга муносабатини текшираётган» экан. Ҳазилми, буни давлат деб қўйибди. Ўрни келса, бир тухумни қирқ кишига ташитади, хоҳласа, қирқ кишини бир тухумнинг ичига тиқади. Бу ҳарифни ватандошларнинг «томир уриши»ни билиш учун юборишган. Каттакон мамлакатни вилоятма-вилоят, туманма-туман, ҳатто қишлоқма-қишлоқ айланади, айланар экан, бирданига босқин қилади, пора берганлар ва олганларни қора рўйхатга тиркайди, вилоят, туман ёки қишлоқларда давлат ва ҳукумат вакиллари, шунингдек, халқнинг аҳволини ўрганади. Биринчи марта келганида мақтанишлари, лоф уришлари, ўнгу сўлдан пора олишининг сабаби ҳам шу бўлган. Сўнгра ҳеч кимга билдирмай бирданига ғойиб бўлиши, энди бўлса яна пайдо бўлиши... Буларни ҳаммасининг маълум бир сабаби борлиги аниқ. Йўқса, шунақа салобатли бир зот Анқарада керилиб юриш ўрнига нега мамлакатни вилоятма-вилоят, туманма-туман, қишлоқма-қишлоқ кезиши керак?!
Кал Мистиқ аввалига шаробфурушга учради. Шаробфурушни қўрқув босган эди. Пешин уйқусида алаҳлаганини, буни официант эшитиб, Кал Мистиққа шипшиганини у қаердан ҳам билсин?
Кал Мистиқ шаробхонага яқинлашганида шаробфуруш унга пешвоз чиқди.
– Марҳамат, Мистиқ афанди, хуш келибсан!
– Хуш кўрдик, – деди Мистиқ.
Мистиқ шаробхона остонасидан ичкарига ҳатлади. Оқшом яқинлашган, Қуёш ботиб борар, лекин ҳаво ҳануз иссиқ эди. Текинга бир нечта шишани «думалатса», ҳечам ёмон бўлмасди-да.
У ўнгга қаради, чапга қаради. Сўнг:
– Официантинг қаерда?
– Шаҳарга тушувди. Бирор нарса керакми?
Чўнтагидан бир лиралик танга чиқариб, пештахтага ташлади:
– Каллам жойида эмас...Қани бир бардақ [5] шароб бер-чи...
Айёр Мистиқ шаробфурушнинг пул олиш-олмаслигини синаш учун пештахтага бир лиралик тангани ташлаган эди. Шаробфуруш тангани олса, бир бардақ билан кифояланади, сўнг жуфтакни рослайди. Олмаса...
Бу орада шаробфуруш пештахта устидаги бир лираликни кафтининг орқаси билан суриб қўйганди:
– Бу ерда сенинг пулинг ўтмайди!
Извошчи нозланди:
– Йўў... бунақаси кетмайди!
Қип-қизил шаробни унинг олдига қўйган шаробфуруш сўради:
– Нега?
– Дўстлик бошқа, савдо бошқа, арслоним!
Шаробфурушнинг мақсади бутунлай бошқача эди. У ҳам бошқалар сингари прокуратурада кўрсатма берган, лекин «ҳариф»га муллажиринг узатганини айтмаганди. Шаҳарда тез ёйилган миш-мишларга қараганда, бу киши чиндан ҳам давлатнинг хуфия ходими бўлса ва шаробфурушдан олган олтмиш етти ярим лира пора прокуратурада сақланаётганини айтса, унда ишлар расво! «Пора берган ҳам, олган ҳам жиноятчи» деган моддага асосланиб, онасини Учқўрғондан кўрсатишади.
Кал Мистиқнинг «Дўстлик бошқа, савдо бошқа, арслоним!» деган сўзини ўйлаб ҳам ўтирмади. Секингина бир лиралик кумуш тангани олиб, извошчининг чўнтагига солди.
– Ҳарифнинг ўшанақа одам экани ростми?
Мистиқ бардақни бир кўтаришда қуритиб, бўш бардақни пештахта устига қўйган эди.
– Қанақа одам?
Шаробфуруш пичоқда тўртга бўлинган ва кир ликопчага солинган қайнатилган тухумни унинг олдига сураркан:
– Қанақа бўларди? – деди ва кўз қисиб қўяркан: – Ростдан ҳам «Тафтишчилар тафтишчиси» эканми?
Мистиқ қайнатилган тухумнинг бир бўлагини тузга ботириб, оғзига солди. Шундай пайтда дарров «ундай» ёки «бундай» дейиш иш бермайди. Бу ерга роса «отиб», кайф қилиш учун келган. «Асло гумонсираб ўтирма. Давлат фуқароларини синаш учун юборган», фалон-писмадон деса, ишнинг аҳамияти йўққа чиқиши, балки шаробфуруш устма-уст тўлдириши мумкин бўлган шаробдан маҳрум бўлиши турган гап!
Мийиғида илжайди, бўш бардақни қўли билан нари сурди:
– Ростдан ҳам «Тафтишчилар тафтишчиси» эканини кимдан эшитдинг?
Шаробфуруш бардақни тўлдираркан:
– Ҳамманинг оғзида шу гап, – деди.
– Э-э, ким билади дейсан? Ўт ёнмаса, тутун чиқармиди? – бирданига Мистиқнинг бошида чақин чақди:
– Мен буни тушимда кўрдим, – деди.
Шаробфуруш ҳаяжонланиб кетди. У ҳам бир куни пешинги овқатдан сўнг пештахтага суянганча оёқ усти мудраганида шунга ўхшаш туш кўрган эди.
– Қандай туш кўрдинг?
Кал Мистиқ иккинчи қадаҳни ҳам отиб, тухум бўлагини оғзига ташлаганидан сўнг деди:
– Пешинги овқатдан кейин отхонага кириб, охурга суянганча оёқ устида мудраган вақтимда кўрдим. Ўша вақтда...
Шаробфурушнинг ҳаяжони кучайди:
– Вой онасини...
– Оппоқ соқолли бир пир келди: «Мистиқ, ҳарифга қарши бўлганларга қўшилма. Сенга яхши бўлмайди», деди.
Шаробфуруш баттар ҳаяжонланди, учинчи бардақни ҳам тўлдирди.
– Кейин?..
– Кейини сенинг соғлигинг учун-да! Ўша серсоқол пирдан сўрадим. Дедики, давлат, ҳукуматнинг ақлига ақл бовар қилмайди. У киши чиндан ҳам «Тафтишчилар тафтишчиси». Давлат, ҳукумат номидан миллатни синовдан ўтказяпти!
Мистиқ учинчи қадаҳни ҳам сипқориб, қайнатилган тухумнинг учинчи бўлагини оғзига отди. Кўзлари ташқарида, калласида эса бу ердан кейин қаерга борса маъқул бўлиши эди. «Ҳариф»ни жандарма идорасига олиб борган, уни икки жандарм билан остона олдида қолдириб, қайтганди. Аллоҳ кўнгилларига солиб, жандармлар бошлиқларига аҳволни тушунтирсалар қанчалик яхши бўларди! Айниқса, шаробфурушдан текин шароб ичмоқ учун шу найрангни топиб, бу пандавоқини боплаб туширганияхши бўлди. Нима қипти, бу ишда чинданам ҳиссаси бор-ку! Бу калла, бу қулоқлар, бу ғарчиллаган сариқ пойабзалида соллана-соллана юрадиган, депутат, ҳатто вазирдай кўринадиган бир киши оддий муттаҳам бўлиб чиқиши мумкин эмас-ку! Муттаҳам қиёфасига кириб, миллатнинг томир уришини текшириб юрибди, лекин охир-оқибат таёқ барибир бева-бечоранинг бошида синади-да!
Мистиқ шаробфурушга тикилди. Негадир чуқур ўйга ботибди. Прокуратурада кўрсатма берганида ўша ҳарифга олтмиш етти ярим лира тиқиштирганини айтмагани боисидан бошига иш тушармикан, ажабо?
Кал Мистиқ эски бир қўшиқнинг: «Ўйга ботдим, қалқиб кетмоқдаман яна!» деган биргина мисрасини хиргойи қила бошлади. Шаробфуруш сергак тортди.
– Ўйга ботдим, ўйга ботдим, – дея уҳ тортди у ҳам.
Кал Мистиқ эса:
– Нега? – деди.
Шаробфуруш сиқила-сиқила бардақни тўртинчи марта тўлдириб, Мистиқ томонга сурди.
– Худо ҳаққи, билмайман...
Худди шу паллада шаробхонанинг олдида бир от қўшилган арава тўхтади. Официант ерга сакраб тушди. Аравага шароб бидонлари, мавсум сабзавотлари, тухум, қотган нон ортилган эди.
Официант ичкарига кираркан:
– Уста! – деди ва пештахта олдида турган Кал Мистиқни кўргач: – Пардон Мистиқ ака... Уста, шароб, мева-чеваларни олиб келдим. Кўмаклашворинг, туширайлик!
Аравакаш бидонлардан бирини елкасига ортганча шаробхонага йўналди.
– Мана бу ёққа олиб кир, – деди шаробфуруш омборга ишора қилди.
Кал Мистиқ фурсатдан фойдаланиб, бешинчи бардақни ўзи тўлдирди, янги тухум ликопчасини олдига тортди. Шаробфуруш, официант ва аравакаш майда-чуйдаларни олиб кираман дегунча у бешинчи бардақни ҳам «отишга», иккинчи тухумни паққос туширишга улгурди.Ишлар битиб, шаробфуруш Мистиқнинг ёнига келган вақтда бардақ бўш турганини кўрди ва олтинчисини тўлдирди.
Кал Мистиқ беш бардақ шаробни устма-уст тез-тез ичгани учун бўладигани бўлганди. Олтинчисини бироз дам олиб «отмаса», фойтунини ҳайдай олмас, ҳайдаган тақдирда ҳам кирган жойида «али эмас, вали» девориши ҳеч гап эмасди. Бу орада бироз нафас рослаб, сигарета тутатди.
Шу пайт официант хўжайинига тушунтира кетди:
– Ҳарифнинг қамалганига шаҳарда ҳеч ким ишонмаяпти!
Хўжайин:
– Хўш?
– Бу бир ўйин, дейишяпти... Ўйин экани турган гап. Кимсан депутат, вазирдай келбатли бир киши катта шаҳарлар турганида бу ерга келиб, тужжорларни «айлантириши» мумкинми, ахир?!
Шаробчи Кал Мистиққа қаради. Кал Мистиқ ғиқ этмади. Олтинчи бардақни астагина симириб, учинчи тухумнинг ярмини оғзига отганидан кейин:
– Энди менга рухсат, – деди.
Бу бойваччаларча туриш ёки «Кўп нарса билиб, жим туришни афзал кўрган» кишининг нашъу намоси эди. Энди у истаган томонига кетиши мумкин. Хоҳлаган тарафга опкетмайдиларми? Шаробини ичган, қурсоғини тухумларга тўлдириб олган. Бу ёғи сафсата сотиш.
Мистиқ вокзалдан шаҳар томонга узанган асфальт кўча бўйида қолдирган фойтунига сакраб чиқди, тизгинларни ушлаб, қамчисини отларнинг сағриси устида шарақлатди.
– Чуу арслонларим!
Олти бардақ шароб калласини айлантиргани учун Мистиқ асфальт кўчадан яшиндай учиб ўтганини сезгани ҳам йўқ. Бозоргача мана шундай – ўқдай учиб борди. Бир неча йўл кесишган чорраҳага етганида ҳушёр тортиб, тизгинларни тортди, фойтунни секинлатди. Ёдига яна хотини тушди. Ошхоначидан олган беш юзликни «Тафтишчилар тафтишчиси»га бермай уриб қолган, лекин хотинига олдириб қўйганди. Тўғри, хотини пулни ўзига эмас, уй-рўзғорга сарфлади, аммо неча йиллардан бери беш юзлик у ёқда турсин, юзлик, элликталик, ҳатто учта ўнталикни кўрмаган, амал-тақал тирикчилик қилаётган оила шу беш юзталик кириши билан гулистон бўлгани йўқ-ку!
Мистиқ отел олдида фойтунни тўхтатиб, ундан тушди. Отелга эндигина кираман деб турганида отелнинг қоқсуяк, дароз эгаси эшикдан чиқиб қолса бўладими?! Еру кўкдан излаб топмаган Мистиқни шундоққина олдида кўриб, ҳаяжон аралаш унинг олдига югуриб келди.
– Мистиқ!
Олти бардақ шароб Мистиқни мардлантириб юборганди. Ёнига югуриб келган ҳаяжонли кишининг олдида қаддини ғоз қилди, мастона тикилди:
– Марҳамат қилинг!
Отелчи айлантириб ўтирмай, гапнинг индаллосига ўтиб қўяқолди:
– Эшитганим ростми?
– Нимани эшитдинг?
– Хумпарнинг қамалгани, бу ерга жўнатилгани каби, фалон-писмадон гаплар ўйинми?
Извошчи Мистиқ ўша, ниманидир сездирадиган тарзда тиржайди:
– Кимдан эшитдинг?..
– Мамлакат бутунлай алғов-далғов бўлиб кетди. Энди нима қиламиз?
Мистиқ ҳамма гапни тушунган бўлса-да билмаганликка олиб деди:
– Нимани нима қиласиз?
– Пора берганимни терговчига айтмаганимни-да. Яна иккинчи хотин масаласини... Хотин даъво қилмаганида, терговчини елкамнинг чуқури кўрарди. Менга бирор зарари тегармикан, нима дейсан?
Извошчи ҳеч нарсани тушунмаган бўлса-да:
– Тегмайди, – деди.
Ботаётган Қуёшнинг кучсиз қизғиш нурлари остида кўзлари ялтираган отелчи суюниб кетди.
– Тегмайдими?
– Тегмайди.
– Ишончинг комилми?
– Отим Мистиқ эканини билганим каби, яна...
Отелчи ҳамон ишона олмаётганди:
– Демак, тегмайди.
Кал Мистиқнинг жони халқумига келди:
– Тегмайди дедимми, тегмайди. Менинг ҳам бир билганим бор, – дея орқасига ўгирилди, гандираклаганча фойтун томонга юрди. Мистиқнинг «Менинг ҳам бир билганим бор» сўзидан маъно чиқарган отелчи унинг ортидан эргашди. Кал Мистиқ ярим йўлда тўхтаб, отелчига ўгирилди:
– Ҳарифни вокзалдан жандарма идорасига олиб борган мен бўлсам. Сўнгра...
«Ҳарифнинг аҳволи ҳақида менга хабар келди», демоқчи эди, лекин воз кечди. Тўғрироғини айтганда, ишонтиролмайман, деб ўйлади.
Отелчи бўлса «Сўнгра»нинг давомини эшитишга қизиқаётган эди. Шу боис фойтун ўриндиғига чиқмоқчи бўлаётган извошчини қўлидан ушлаб, тўхтатди:
– Ишинг борми?
Иши бўлмаса-да, ёлғон гапирди:
– Ўҳўў... ҳатто кеч ҳам қолдим. Тумонат мижозларим кутиб ётибди!
Отелчи чўнтагидан қат-қат пул чиқариб, извошчининг қўлига тутқазди:
– Буларни қўй. Ундан кўра, бирор жойга бориб, бир-икки қадаҳ отайлик...
Мистиқ дарров «бўпти!» демади. Қўлида пул, тўхтади, ўйлади, режалаштириб кўрди. Охири бир «уҳ» тортиб, отелчига юзланди. Бу қараши билан гўё «Яхши, лекин, биродар, мени тўрт кўз бўлиб кутаётган мижозларимни нима қилай?» демоқчи бўлди. Отелчи тушунди ва фойтунга сакраб чиқди.
– Бугун мен учун мижозларингни йиғиштириб қўй, сўтак! – деди.
Мистиқ ҳайдовчи ўриндиғига истамайгина чиқиб ўтираркан, отларнинг тизгинларини истамайгина олди, қамчисини истамайгина шақиллатди, лекин «Чуу арслонларим!» демади.
Чорак соатдан кейин икковлон шаҳарнинг энг катта қовоқхонасида ўтиришарди. Қовоқхона эгаси яна ширакайф, балки оқшомдан бери сархуш бўлгани учун «ҳиқ, ҳиқ» этиб қўярди. Аммо фойтунчи Кал Мистиқни кўрди дегунча, бир лаҳзага ўзига келди. Уларнинг ёнига бориб, стол чеккасига таянди:
– Сенинг одаминг, – деб гап бошлади у Мистиққа қараб, – қанақа одам ўзи?
Кал Мистиқ ўзини тушунмаганга солди:
– Қайси одамим?
– Ўша-да, азизим, ҳиқ, анқовсираяпсан, шундайми, ҳиқ. Истанбулда, Бўғоз ичида қўлга тушиб...
Мистиқ кулди.
– Кимдан эшитдинг?
– Ўҳўўў, ҳиқ. Мамлакат бутунлай алғов-далғов бўлиб кетди-ку.
Ҳар доимгидай валақлашни эмас, жим қолишни маъқул топган Кал Мистиқнинг бу тутуми кўп нарсани биладиган, лекин билганларини тўкиб солишдан қочган кишини эслатгани учун отелчининг ҳам, қовоқхона эгасининг ҳам ичи роса қизиб кетаётганди. Чунки неча кунлардан бери одамларни тухум, помидор, картошка, шағал тош олиб, вокзалга чиқишга ундаган бу киши сўнгги дақиқада халойиқни фикридан қайтарган, боз устига, «ҳариф»ни ўз фойтунида вокзалдан жандарма идорасига олиб бориб қўйган эди. Сабаби нима? Олдинига нега ундай қилди, кейин нега бундай бўлди? Ҳарҳолда бир сабаби бор, лекин қандай?
Қовоқхонадаги кечки мижозларнинг ғала-ғовури бирданига тинди, ҳамманинг нигоҳи Мистиқ ўтирган столга қадалганди. Қовоқхона эгасининг официантларга: «Қани, дастурхон тузанглар!» дейишига фурсат ҳам қолдирмасдан, рўпарадаги столда ўтирганлар қичқириб қолишди:
– Мистиқ афанди, Мистиқ бей!
Бу тарзда мурожаат қилишлари Мистиққа ёқмади. Балки уни калака қилишаётгандир.
– Афандини бейга ёпиштирдик, бўлдик бейафанди... Арвоҳ ургурлар!
Ўнгу сўлдан қаҳқаҳа кўтарилган бўлса-да, овоз берганлар ғоят жиддий эдилар. Ҳатто, сочларига оқ тушган банкчи Мистиқ ўтирган стол ёнига келиб:
– Янглиш тушунма, – деди. – Ҳасан оға ҳаммангизни таклиф қиляптилар!
Кал Мистиқ столнинг бўш бурчагида оғир вазнда курашадиган паҳлавондай ҳайбатли бўлиб ўтирган барзанги ёш йигитга қаради. У ўтирган жойидан қўли билан ишора қилаётган эди. Агар кайфдан боши ғувилламаётганида ҳамма тишлари олтин бўлган оғанинг таклифини жон деб қабул қилган бўларди. Лекин кайфи тарақ эди-да. Қолаверса, биладики, бу таклиф «Тафтишчилар тафтишчиси»нинг аслида кимлигини билмоқ учун эди. Асло шошмаслиги керак. Ҳарифнинг «томир уриши»ни билиш учун келганига амин, аммо шундай бўлса-да, терс гапириб, ишни бузмагани маъқул.
– Нима дейсиз, оғайнилар? Борайликми?
На отелчи, на қовоқхона эгаси «Йўқ» дея олмасди. Улар сочларига оқ оралаган банкчига эргашиб, Ҳасан Оға каби шалворли оғалар ўтирган стол томонга бордилар. Ҳасан Оғадан бошқа оғалар оёққа қалқиб, ҳурмат бажо келтирдилар, ўриндиққа таклиф қилдилар. Бир стол кифоя эмасди. Бош официант бошчилигидаги официантлар икки столни бирлаштирдилар, чорак соат ичида дастурхонни янги газаклар, янги рақилар билан безатдилар. Кал Мистиқ ичидан ўзини ўзи сўка кетди. Аҳмоқ бўлиб шаробфурушни чув туширишнинг нима кераги бор эди? Устма-уст тухум ютишга бало бормиди? Шунчалик ҳам омадсиз бўладими?! Онаси уни туққандан кўра, кошки бир қоп совун туғсайди!
Мистиқ хаёлга чўмиб кетганди. Бехосдан Ҳасан Оға қадаҳ кўтариб қолди:
– Қани, хуш кепсиз, кўтардик!
Барча қадаҳига ёпишди. Ҳасан Оға қадаҳини биринчи бўлиб Кал Мистиқнинг қадаҳига уриштирди. Сабр қилинаётган, Кал Мистиқдан «у масала» ҳақида бирорта савол сўралмаётган эди. У ҳам савол беришсин деб ўлиб тургани йўқ.
– Тутатсанг-чи, Мистиқ!
Мистиқ узатилган олий нав сигаретани олди, ўнгу сўлдан узатилган оташдан тутаттирди, сўнгра ўзининг шарафига кўтарилган қадаҳларга қадаҳини уриштириб, ича бошлади.
– Мистиқ афанди, иссиқ газак буюрсанг-чи!
– ...
– Мистиқ афанди, ҳеч нарса емаяпсан-ку?
– ...
– Официант болам, Мистиқ афандига қарагин...
– ...
Сифатсиз шароб устига ичилган олий навли рақи қорнини алғов-далғов қила бошлади. Назарида, олий навли рақи олдин ичган шароби билан жанг қилаётгандай, тухум-пухумларни ошқозонидан суриб чиқараётгандай туюла бошлади. Лекин нима бўлса бўлаверсин, фойдаланиб қолиши керак, «бу туллак»нинг ризқи мўл, тамом-вассалом. Олдинги келишларида Мистиқ муллажиринг тўлармиди, тўларди. Бу гал бўлса пул-мулдан ҳануз оғиз очишмади, Аллоҳ унга ризқ эшигини очган, «ол қулим» деганди. Нима эса бўлсин, ўзини қўлга олиши, сир бой бермаслиги керак.
Бирдан ошхона эшигига кўзи тушди: ким ўзи булар? «Тафтишчилар тафтишчиси»ни олиб келган жандармларми? Ошхонининг ичкари ва ташқарига очиб ёпиладиган эшик қанотлари орасида жандармлар лип этиб кўринган, сўнгра ғойиб бўлишганди. Ўрнидан сакраб туриб, таҳликали тарзда гандираклаганича ўша томонга чопди. Стол атрофидагилар нима бўлганини англай олмадилар. У бўлса бир амаллаб эшикни топиб, ташқарига чиқди. Икки жандарм ҳали шу ерда эди. Кал Мистиқни кўрган жандармлар кулимсирашди.
– Тинчликми? – сўради Мистиқ.
– Тинчлик.
– Бир кўриниб, бир ғойиб бўлдингизлар. Нега кирмадингизлар?
– Қорин тўйдирайлик дегандик, лекин... – каловланди қорапаранг жандарм.
Наригиси унинг сўзини охирига етказди:
– Кўрдик, бизга тўғри келмас экан...
– Нега? – ажабланди Мистиқ.
– Катта ошхона. Бир соатдан кейин кетадиган почта поездига улгуришимиз керак. Қолаверса, бу ернинг овқатлари қиммат бўлса керак...
Нариги жандарм илова қилди:
– Ҳам қиммат, ҳам қўмондонлар келиб қолиши мумкин-да...
Бу гаплар Мистиқ учун муҳим эмасди. У ўзи учун муҳим бўлган нарсани сўради:
– Бейафандини нима қилдингиз?
Жандармлар «бейафанди» худди олдида тургандек ёки бирданига келиб қолгандай, ўзларини тартибга келтириб, ҳурмат билан:
– Топширдик, – дейишди.
Мистиқ яна сўради:
– «Тафтишчилар тафтишчиси» эканини шипшитдингизми?
Қорапаранг жандарм:
– Нима кераги бор? – деди.
Наригиси:
– Ўнбоши билар экан. Ҳатто, бейафанди бу кеча лейтенантнинг каравотида тунайди!
– Нега?
– Ўнбоши биздан бир соат кейин, лейтенант ундан ҳам кейинроқ келди. Ўнбоши лейтенантнинг қулоғига нималарнидир пичирлади, лейтенант бўлса... «Ҳаа», деди, бейафандининг ҳол-аҳволини сўради.
– Нега прокуратурага топширмадилар?
– Кеч бўлган эмиш, расмийлаштиришга вақт қолмаганмиш; эртага...
Кал Мистиқ керагини билиб олганди. Шунчаки деди:
– Овқатларнинг қимматлиги муҳим эмас. Муҳими – қўмондонларингизнинг келиб қолишида... Бўлмаса, меҳмоним бўлинг деган бўлардим...
Иккови ҳам бирданига:
– Соғ бўл, – дейишди. – Зотан, вақтимиз йўқ...
Кал Мистиқ бироз олдин ўтирган стол ёнига оғзи қулоғига етиб қайтди, бирга мингни қўшиб, лоф ура кетди:
– Бу киши чиндан ҳам «Тафтишчилар тафтишчиси» экан, оғайнилар. Ташқарида жандармлар билан гаплашдим. Ҳарифни жандарма идорасига топширишибди, бошқа нима ҳам қилишарди? Қўмондонлар масалани жуда яхши билишаркан. Ташлаб қўйишмабди! – Мистиқ атрофидагиларга бир қараб, ҳамма унинг оғзига маҳтал бўлиб ўтирганига амин бўлгач, яна «сайрай» кетди: – Жандармларнинг бошлиғи югуриб келибди, хуш келибсиз бейафанди, дебди. Лейтенантни уришиб берибди. Бечора лейтенантнинг нима гуноҳи бор? У кишининг ўшандай-ўшандай одам эканини қаердан ҳам билсин? Бошлиқ тезда уйдан каравот, кўрпа-тўшак, ошхонадан таом, ширинлик олиб келинглар, дебди. Ҳозир ўша ерда экан. Билиб бўлмайди, балки қўмондон билан қиёфаларини ўзгартириб, бу ерга келиб қолишлари ҳам мумкин.
Стол атрофида ўтирганлар билмоқчи бўлганларини билиб олишганди. Демак, Истанбулда, Бўғоздаги ошхонада оғайнилари билан кайф суриб ўтирганида ушлангани, жиноят қилган шаҳарга юборилгани, ҳамма-ҳаммаси шунчаки чўпчак экан-да? Ҳаа, буни давлат деб қўйибди, нималарга қодир эмас у? Ўз одамини «Жосус» номи остида минг хил тусга киритиб, душман мамлакатига юборади-ку, ахир! Турли қиёфага кириб, душман мамлакатида хуфиёна кезиб юрган бу одамлар игнанинг тешигидан ўтишмайдими, қулфли темир сандиқларни очиб, керакли ҳужжатларни ўғирлаб бериб юборишмайдими? Улар ёт юртларда душманларни ўрганиб, тегишли одамларга хабар юбораётган бир вақтда, у ҳам, тўғрироғи, унга ўхшаганлар ҳам каттакон Туркияда бошқачароқ топшириқларни бажариш учун минг тусга кирса не ажаб?! Буни давлат деб қўйибди, давлат! Қўли узун, кўп узун!..
Ҳасан оға, ким билади, нечанчи марта қадаҳ кўтарди:
– Қани оғайнилар, сизлар учун ичайлик!
Стол атрофида ўтирганларнинг ҳаммаси қадаҳ кўтариб, битта-биттадан уриштиришди:
– Бор бўлинг!
– Еганингиз бол бўлсин!
– Душманингиз йўқ бўлсин!
– Севганингиз ёр бўлсин!
– ...
– ...
[5] Бардақ – стакан.
III
Кал Мистиққа икки жандарм томонидан етказилган хабарда ёлғон йўқ, фақат янглиш бор эди. Гарчи улар ўнбошига «бейафанди» ҳақида ичида борини тўкиб солган, ўнбоши ҳам ўша куни баққол, қассоб, кўкатчи каби сотувчилардан эшитган миш-мишлар сабабли «Биламан, биламан», дея жандармлардан қутулган бўлса-да, лекин кейинчалик лейтенантнинг қулоғига ҳеч нарса шипшимаган эди. Ёш лейтенант кейинги кунларда баладия [6] бошқонининг кенжа қизига ошиқу беқарор бўлиб қолганди. Қув қиз ёқтириб қолган лейтенантини ўзига ром қилиб олиш учун айёрлик билан қочиб юрар, бу ҳақда қўшниси бўлган ўнбошининг хотинига сўзлаб берарди. Ўнбоши ҳам хотинидан эшитган гапларни лейтенантга шипшиганди: «Жуда севаман, лекин мойиллигимни билдириб қўйишдан қўрқаман. Чунки опам эркакларнинг маккор эканини айтган. Қочсанг қувармиш, қувсанг қочармиш. Шунинг учун мақсадим ишни никоҳ уйида битириш!»
Лейтенантнинг тентакларча нашъу намосининг сабаби шу бўлса-да, «Тафтишчилар тафтишчиси» унинг эътиборини тортмай қолмади. Кўриниши бинойидек, калласи ишлайдиган одам-ку. Жандармлар олиб келган каттакон сариқ хатжилд ичидаги ҳужжатлардан бирор нарса тушуниш қийин эди, сўрашга эса тили бормади. Унга бу нимага ҳам керак? Бу вазифага тайинланганига уч ойча бўлиб қолганди. Мамлакатнинг турли жойларидан вақт-бевақт келтириладиган турфа жиноятчиларни қўлидаги ҳужжатларга кўра, ё прокуратурага топширар ёки бошқа вилоятларга жўнатиш учун жандарм қўшиб берар эди. Кейинги ўн беш кун ичида у баладия раисининг кенжа қизидан бошқа нарсани ўйламайдиган бўлиб қолган. Эндигина ўттиз ёшга кирган бўлса-да, умри мобайнида бундай ишққа ҳеч гирифтор бўлмаганди. Ҳали-вери уйланиш нияти йўқ эди. Ҳолбуки, кекса, бод касалидан шикоят қилгувчи онасидан бошқа ҳеч кими йўқ эди. Бодини унутган вақтларда кампир фарзандининг қисматини ўйлар, ўлиб қолса, ўғли аросатда қолишидан, ташвишланарди. Кейинги кунларда кампир бечоранинг юраги таскин топгандай бўлди. Бир куни оқшом палласи ўғли уйга ғоят шоду хуррам кириб келган, қўлида бир шиша рақи ҳам бор эди. Таҳоратли, беш вақт намозини канда қилмайдиган онасининг олдида гоҳо қиттай-қиттай оларкан, онасидан рухсат устига рухсат олишни эсидан чиқармасди. Ўша куни ҳам худди шундай қилди, онасининг бўйнидан қучиб, бурушган ёноқларидан ўпди, кейин онажониси сева-сева тайёрлаган аччиқ-чучук, оқ пишлоқ, тушликдан қолган қорниёриқни [7] жиғилдонга урди, «яримта»ни гумдон қилди. Ичгач, вақти хуш бўларди. Бу онасига ёқарди. Она-ўғил дастурхон устида ундан-бундан гаплашар экан, ўғил валақлаб қўйди. Баладия бошқонининг кенжа қизи ҳақида сўз очди. Бирданига онанинг боши осмонга етди. Демак, ўғли бир қизни ёқтириб қолган? Ёқтирса нима бўпти? Дарҳол туради-да, совчиликка боради, унаштиради, бир неча ойдан кейин эса тўй бўлади, полапони ҳам ёлғизликдан қутулади-қўяди.
Лейтенант ўша кечаси ўнбошидан эшитганларидан жўшиб кетиб, эртасига прокуратурага топшириладиган нигоҳлари ғалати, паҳлавон келбатли бу кишини хонасига таклиф қилди. Бугун навбатчилик қилмайди, уйига кетиши керак эди. Уйда онасига хушхабарни айтади: «Яхши, онажон, борақолинг. Мен ҳозиргача онажонимнинг қайси истагини ерда қолдирдим-ки, буниси ерда қолса», дея бўйнидан қучоқлаб, ўпиб қўяди. Ҳа, ўпиб қўяди, лекин кўриниши бинойидек, калласи ишлайдиганга ўхшайдиган, нигоҳлари ғалати бу киши эътиборини тортганди. Бу савлатли кишининг амалдор тусига кириб, фирибгарликдек катта жиноят қилганини барча каби у ҳам биларди. Аслини олганида, ундайми, бундайми, унга заррача қизиғи йўқ. Эртагача шу ерда ўтиради, эртасига прокуратурага топширилади. Айбдорми, айбдор эмасми, унга нима? У томонини суд ҳал қилади. Лекин шундай бўлса-да, чиқиб кетолмади, бу одам айбсиз бўлса керак, деган фикр устун чиққанди.
Қандай бўлганини кўпам англамайди, лекин гап айланиб оналарга бориб тақалди. «Тафтишчилар тафтишчиси» ва лейтенантнинг ўз оналарини яхши кўришлари улар орасида дўстлик туйғусининг туғилишига сабаб бўлди. «Демак, бу савлатли зот ёки ҳарифнинг онаси ҳам худди ўзининг онаси сингари ўғлини қаттиқ яхши кўраркан-да? – деб ўйлади лейтенант. – Демак, барча оналар ўғиллари устида ўлиб қолишаркан-да?»
Лейтенантнинг қўл соати ярим кечадан чорак соат ўтганини кўрсатган вақтда «Тафтишчилар тафтишчиси» сўради:
– Бейафанди, уйланганмисиз?
Ёш лейтенант бироз кулимсиради. Уйланмаган. Уйланмаган, лекин ўнбошидан эшитган хабарига қараганда, қиз ишни никоҳ саройида битиришни хоҳлаяпти, демак, у куёвликка номзод ҳисобланади.
– Йўқ, – деди. – Афсуски...
– Демак, бўйдоқсиз? Қандай бахтли экансиз, қандай бахтли!
Ёш лейтенант ҳайратдан ўзига келиб, «Нега?» деб сўрамасидан олдин униси тамоман бошқа савол берди:
– Билмайман-у, аммо хон бўлиб юрганингизни ўзингиз биласизми?
Ҳеч нарсани тушунмаган лейтенант:
– Бу қанақасига? – деди.
– Ҳалиги, бўйдоқлик – хонлик, дейишади-ку!
Шундан кейин тушунтира кетди: Унинг дарди бедаво, ғоят қоқсуяк, ўтакетган даражада бадбуруш, ниҳоятда бадфеъл хотини бор. Онасини ҳеч чиқиштирмайди, безор қилади, оғзига келганини вайсайверади. Онасини, шу бечора гулдай онажонини юз-хотир қилгани учун ўша аждарҳо хотинга ғиқ этиб сас чиқармаган, бу эса тескари натижа берган, хотин бутунлай «қутуриб» кетганди.
«Тафтишчилар тафтишчиси»нинг одамни маҳлиё қилиб қўядиган ширали тилда сўзлаши ёш лейтенантни ўзига ипсиз боғлаб қўйди. Туриб кетиши керак бўлса-да, негадир ўрнидан қимирлай олмай қолди.
Ёш лейтенант сигарета қутисини, ким билади, нечанчи марта узатаркан:
– Мени чўчитиб қўйдингиз, – деди.
– Нега? – жавоб қилди маҳбус.
– Шу кунларда мен ҳам олахуржунни бўйнимга ташлаш ниятида юрган эдим-да...
– Ҳеч қўрқманг, азиз дўстим, фақат биринчи кечаданоқ хотиннинг жиловини қўлингизга олинг, маҳкам ушланг. Яъни хотинга нўхтани сиз уринг, унинг сизни жиловлашига йўл берманг! Жаннатмакон аждодимиз гўшангага кирганида келиннинг кўз ўнгида бекордан бекорга мушукнинг бутини айириб ташламаган-ку! Биз бўлсак, ҳа бизлар, азиз дўстим, хотинларимизнинг мушукларнинг бутини айириб ташлашини кутиб ўтирамиз. Айирдилар ҳам. Ундан кейин эса... Ўқ ёйдан чиқмасин, чиқдими, кейин хоҳласангиз филнинг бутини айириб ташланг, фойдаси йўқ!
Ёш лейтенант бу киши тўғри айтяптими ёки йўқ, буни ўйлаётганди ҳам. Ҳа, гўзал ва таъсирчан сўзлаётир. Аммо у барча аёллар бир хил бўлмайди, деган фикрда эди. Масалан, ҳозирда у телбаларча севадиган сулув баладия бошқонининг кенжа қизи. Лейтенантга қолса, у қанотсиз фариштанинг худди ўзи. Эртага уйларига келин бўлиб тушса, олам уларники, уйлари бахт-саодатга тўлиб-тошади. Чунки бу қизнинг туриш-турмуши унинг яхши келин бўлишини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди. Онасини қайнона деб билмайди, аксинча, худди ўз онасидек бошининг устида кўтариб юради.
«Тафтишчилар тафтишчиси» кулди. Шу паллада ёш ошиқнинг ичидан нелар ўтаётганини озми-кўпми англагани учун:
– Шу билан бирга, – деди у ётиғлик билан, – жасоратингизни сўндирмоқчи эмасман. Илк вақтлари, яъни «асал ойлари», янада тўғрироғи, «асал ойлари»дан олдинги ҳафталар, кунларда, агар одам ғирт ошиқ бўлса, ҳеч шубҳасиз, хотинини фаришта деб ўйлайди. Энг хавфли давр мана шу даврдир. Унутманг, ёш дўстим, биз эркаклар мана шундай, эртакдай тотли кунларимизда нўхтага кирамиз, мана шунақа ширакайф кунларда хотинларга қул бўлганимизни билмай қоламиз!
Икковлон узоқлардан яқинлашиб келаётган фойтуннинг тарақлаган овозига бироз қулоқ солиб турдилар. Шовқин қамчиланган отларнинг тақаларидан, шалоғи чиққан фойтуннинг ейилиб кетган гупчакларидан чиқаётган эди. «Тафтишчилар тафтишчиси» бу шақир-шуқурни танигандай бўлди. Бирданига Кал Мистиқни эслаб: «Ҳақиқатан ҳам у бўлса-я? – деб ўйлади. – Майли келсин, бирор нарсага эҳтиёжим бор-йўқлигини сўрасин? Жуда соз!»
Ҳақиқатан ҳам, фойтун шундоққина деразанинг остида тўхтади. Айни гапларни ўйламаган бўлса-да, бир фойтуннинг дераза олдида тўхтагани лейтенантни қизиқтириб қўйди. Ориқ отлар, у ер-бу ерида бўёқлари кўчиб кетган шалоқ фойтунни таниди. «Мистиқ, тинчликми?» деб сўрашга улгурмасданоқ Мистиқ аравадан сакраб тушган, жандарма идорасига кириб ҳам улгурганди. Бу калла билан у жандарма идораси у ёқда турсин, Президент идорасига ҳам кириши мумкин эди. Уни дарров навбатчилар қаршилашди. Извошчининг кўзлари на навбатчини, на ўнбошини, на човуш, на бош човуш, на лейтенантни кўрарди...
– Тақиқланган, нари тур! – деди навбатчи.
– Бошлиқни кўрмоқчиман, ўзинг нари тур!
– Бошлиқни кўрмоқчимисан? Нега?
– Сизга айтилмайди, қаранг, айбдор бўлиб чиқасиз, Худо ҳаққи, айбдор бўласанлар!
Худди шу онда у ёш лейтенантни кўриб қолди, унинг ёнига чопди:
– Менинг лейтенантим!
Ўринлими, ўринсизми, вақтими ёки бевақтми «Мустафо Камол Пошо Измирда юнонларни денгизга улоқтирган кундан бери бу ерда фойтунчиман!» дея ҳаволанадиган Кал Мистиқни, барча каби, ёш лейтенант ҳам яхши танир эди.
– Нима гап? – деди лейтенант. – Сенга не керак?
Кал Мистиқ унинг қўлларига ёпишиб олган, ўпаман деб ўлиб-тирилаётган эди. Ҳар нафас олиб чиқарганида атрофга мастлардан келадиган кўнгилни айнитадиган саримсоқ аралаш бадбўй ҳид бурқсиётган эди.
– Бейафандини прокуратурага топширмабсиз, шундайми?
– Шундайми ёки йўқми, сенинг нима ишинг бор?
– Менингми? Ё Худо, лейтенантим, у кишининг кимлигини биласизми?
Лейтенантнинг жаҳли чиқди:
– Азизим, сенга нима кераклигини айт. Истагинг нима ўзи?
Кал Мистиқ базўр оёқда туриб, чайқала-чайқала, калласида ғужғон ўйнаган хаёлларини кайф аралаш шишира кетди: Олдинига Волий билан учрашибди, сўнгра Хавфсизлик бошқармасига кирибди. Эртага прокуратурага топшириладиган одамнинг кимлигини яхши билиб олишлари керак-да. Бундан олдин ҳам бу ерга келган, юртда қанча катта амалдор бўлса, ҳаммасини текширган, ҳатто Волийни ишдан бўшаттирган. Нима учун? Чунки олдинги Волий шаҳарнинг оғаси борми, бейи, тужжори, дўхтири борми – ҳаммасини покер ўйнашга мажбурлар, ютқизса бермас, ютса ҳарифларни шип-шийдам қиларди. Шаҳарни бу балодан «Тафтишчилар тафтишчиси» қутқарган эди. Унинг Истанбулда, Бўғоздаги бир отелда қўлга олиниб, жиноят жойига, яъни бу ерга жўнатилиши шунчаки бир сафсата. Билмайдими, Анқара, агар хоҳласа, бир тухумни қирқ кишига ташитади, хоҳласа, қирқ кишини бир тухумнинг ичига тиқади.
Ёш лейтенант сўзни қисқа қилди:
– Сен ўзингга не кераклигини айт...
– Бейафандининг бирор нарсага эҳтиёжи бормикан, девдим, – деди Мистиқ каловланиб.
– Масалан, нимага?
– Сигарета, гугурт... Қорни очми, тўқми?
– Ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ. Хотиржам бўлавер. Уни эртага прокуратура текширади ва агар турмага жўнатса, керагини ўша ердан билиб оласан. Қани энди, марш!
Кал Мистиқ Миллий озодлик урушида аскар бўлган вақтлари эсига тушиб, ғоз турди, яна Қутулиш урушида қилганидек жиддий честь берди. Шартта ўгирилди, мувозанатини йўқотишига оз қолди, сўнг шахдам қадам ташлаб, чиқди-кетди.
