автордың кітабын онлайн тегін оқу Ayol qismatidan qissalar
Аёл
қисматидан
қиссалар
Жин П.Сэссон
ОЛТИН ҚАФАС
АСИРАСИ
ёхуд араб маликаси
кечмишлари
Таниқли инглиз адибаси Жин П.Сэссоннинг (1947 йилда АҚШнинг Алабама штатида туғилган) мазкур асарида воқеалар араб мамлакатларидан бирининг қироллик хонадонига мансуб бўлган малика тилидан ҳикоя қилинган.
Роман дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган ва ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинган.
Бу асарни ўқиш жараёнида асилзода хонадонга мансуб араб аёлининг ҳою ҳашам, аммо рутубат ичида кечган ҳаёти, қувонч ва ташвишлари, орзу ва армонлари билан яқиндан танишасиз.
Асар қаҳрамони – реал шахс. Ушбу асарни яратишда муаллиф ҳам, асар қаҳрамони ҳам ислом дини қадриятларини камситиш фикридан мутлақо йироқ эканликларини билдиришган.
Мен қироллар бошқарадиган мамлакат маликасиман. Ўзимни маълум сабабларга кўра, Султона деб атайман.
Мен ҳам барча аёллар сингари озод туғилганман. Тўрт ёшимгача бўлган воқеаларни эслай олмайман. Ҳарқалай, ҳамма болалар сингари йиғлаган, хархаша қилган, эркаланган бўлсам керак. Лекин шуни ҳам таъкидлаш керакки, мен туғилган мамлакатда инсон тақдири унинг жинсига қараб белгиланади.
Шу ўринда ўзим мансуб бўлган Буюк сулола ҳақида ҳам икки оғиз тўхталишим лозим. Аждодларимиз бепоён бадавийлар саҳросида туғилиб ўсганлар, ҳукмронлик қилганлар. Уларнинг ҳаёти қабилалараро уруш ва қирғинлар ичида кечган.
1891 йилда ички низолар жараёнида Буюк сулола вакиллари мағлубиятга учрайди. У пайтда менинг катта бобом ҳали гўдак бўлган. Унинг отаси фарзандларини мешга солиб, туяга ортиб, қочган экан.
Буюк сулола вакиллари бир муддат Қувайт ҳудудидан бошпана топган. Орадан ўн йил ўтиб, 25 ёшга кирган бобом мамлакатга қайтади ва куч тўплаб, барча рақибларининг бошини янчади. Қабилаларни бирлаштириб, марказлашган давлат тузади.
Бобомнинг 300га яқин хотини, улардан туғилган 50дан зиёд ўғлию саксонга яқин қизи бўлган экан. Фақат севимли хотинларининг фарзандлари отанинг эътиборига тушган. У, айниқса, Ҳасса Суайрий деган аёлини бошқалардан кўра кўпроқ севган. Ҳозир ҳам мамлакатни шу аёлдан туғилган ўғиллар бошқаради. Йиллар ўтиши билан Буюк сулола вакиллари фақат ўзларининг қариндошларига ёки мамлакатдаги нуфузли зодагонлар фарзандларига уйланишган. 1991 йилга келиб, Буюк сулола вакилларининг сони 21 минг кишидан ошди. Улардан минг нафари қирол насли билан тўғридан-тўғри боғланган шаҳзода ва маликалар эди. Мен – малика Султона, улардан бириман.
Оилада ўн қиз ва бир ўғил эдик. Шу боис, ҳаммамиз ягона ворис саналган ёлғиз ўғил – Алини бошимизга кўтарардик. Онам бу ўғилни тилаб-тилаб олганди. Бироқ кўп ўтмай, отам ўғиллар сонини кўпайтириш учун ёш бир аёлга уйланди. У уч маротаба ўлик бола туққач, отам унинг жавобини бериб юборди. Ниҳоят, тўртинчи хотини отамга у кутган ўғилни ҳадя қилди.
Бироқ менинг акам Али катта ўғил бўлгани учун ворис саналар ва чекланмаган ҳуқуққа эга эди.
Онам отамга текканида 12 ёшли қизалоқ, отам эса 20 ёшли ўспирин экан. Улар Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан бир йил кейин, мамлакатда нефть қазиб олиш тўхтатилган йилда турмуш қуришган. Ўша йили Британия Бош вазири Черчил бобомга янги русумдаги Роллс-Ройс машинасини совға қилган экан. Бобомга бу совға унча хуш келмаганидан уни акаси – Абдуллога бериб юборган. Абдулло эса тўй куни бу ҳашаматли совғани отамга тақдим этган. Онам бунга қадар умрида машинага миниб кўрмаган, отам уни бутун араб саҳролари бўйлаб айлантирган экан. Бу саёҳат онамнинг ҳаётидаги энг эсда қоларли лаҳзаларга айлангани учун у, ўз кечмишини икки – саёҳатдан аввалги ва кейинги даврларга бўлганди.
Отам жуда қаттиққўл инсон эди. Шунинг учун онам бутун умр унинг қовоқ-тумшуғига қараб яшаган. У отамга ўн олтита бола туғиб берган бўлса, шундан ўн бир нафари тирик қолган. Ҳозир опа-сингилларим бари турмуш қуриб кетган ва улар ҳам эрининг ҳукм-фармони остида яшаб келади. Акам эса бугунги кунда шаҳзода, шунингдек, ўз бизнесига, тўртта расмий хотин ва саноқсиз маҳбубаларига эга.
Тарихдан маълумки, даврлар ўтиши билан қарашлар, мезонлар, тузумлар ўзгариб бораверади. Бироқ минг йилдирки, бизнинг мамлакатда қарашлар, анъаналар ўзгармасдан келаётир. Албатта, замонавий иншоотлар бунёд этилмоқда. Энг сўнгги технологиялар ишлаб чиқаришга жорий этилаётир, аҳолининг турмуш даражаси ҳам тобора яхшиланиб бормоқда. Бироқ жамиятнинг аёл зотига бўлган муносабати ўзгармай келяпти.
Йўқ, бу ўринда исломни зинҳор айбламоқчи эмасман. Муҳтарам пайғамбаримиз (с.а.в.) аёл зотини улуғлашни буюрганлар «Жаннат оналар оёғи остида», дея марҳамат қилганлар.
Жоҳилият даврида араблар аёллар билан маишатда чекланмаган ҳуқуққа эга бўлиб, ўз оилаларида қиз туғилса, улар ҳам вақти келиб, кимларнингдир тўшагини обод қилмаслиги учун уларни тириклай кўмар эдилар. Айнан ислом туфайли бу мудҳиш анъанага чек қўйилди.
Бугунги кунда эса миллат эрлари ўз роҳат-фароғатлари йўлида динни ниқоб қилиб олишган. Улар Пайғамбаримиз (с.а.в.) кўрсатмаларига эмас, Ўрта асрдаги қарашларга мувофиқ иш тутиб келишмоқда.
Мамлакатда эркакларга аёллар устидан чекланмаган ҳукмронлик жорий этилган. Аёл фақатгина эркакнинг ҳаётига зийнат бағишлаши, унинг ҳузур-ҳаловатини таъминлаши учунгина яратилган. Қизлар болалигидан бошлаб ана шу қисматга кўниктириб борилган.
На оддий туғруқхоналарда, на Буюк сулоланинг шажара дафтарларида қизларнинг туғилиши ёки ўлими қайд этилмайди. Бу мамлакатда қиз боланинг туғилиши маломат билан баробар. Менинг номим Буюк сулоланинг тарихида қайд этилмаслигини билганим ва номим ўлимидан сўнг изсиз йўқолиб кетмаслиги учун ана шу ишга қўл урдим. Яъни, бошимдан ўтган воқеаларни қайд этиб, китоб ҳолида сиз, азизларга тақдим этишга жазм этдим.
Мен, гарчи Буюк сулола вакили бўлсам-да, бу мамлакатдаги отаси томонидан камситилган, ака-укалари томонидан таҳқирланган, эрлари тарафидан хўрланган минглаб, миллионлаб араб аёлларидан бириман.
БОЛАЛИК
Али акамдан калтак еган бўлсам-да, барибир унга покистонлик ошпазимиз берган ёқутдек қип-қизил олмани бермадим. Алининг юзлари ғазабдан бўзарди. Мен эса атайин унга безрайиб, олмани карсиллатганча тишлай бошладим. Гарчи бу қилиғим ўзимга қимматга тушишини олдиндан сезиб турган бўлсам-да, Алининг ўзини қўярга жой тополмай туришини кўриш, менга завқ бағишларди. Али орқамга иккита тепиб, отамнинг ҳайдовчиси мисрлик Умарнинг ёнига югурди. Опаларим Умардан худди Али ва отамдан қўрқишганидек зир титрашар, шунинг учун мени уйнинг эркаклар яшайдиган қисмида ёлғиз қолдирганча, пана-панага биқиниб олишганди.
Кўп ўтмай, Али Умар билан бирга дарчадан кириб келди. Бу пайтда мен олманинг сўнгги тишламини ютиб, акамга мағрур тикилиб турардим. Гарчи қатъий қаршилик кўрсатсам-да, Умар бақувват қўллари билан мени ердан узиб, отамнинг ҳужрасига опкетди. Отам веқеани тинглаб, аввал ўзининг эркатой ўғлига, кейин эса унинг истагига қарама-қарши ўлароқ туғилган шумқадам қизига тикилди.
Бундай пайтларда Алига гапиришга рухсат этилган, менга эса ҳатто жавоб беришдан мосуво эдим. Отамнинг эътиборни, меҳрини қозонишни ҳар қанча истамай, у менга бирор марта кулиб, илиқ назар билан қарамаганди. Хонада жимлик чўкди.
Бадавий аёлларига болаликдан итоаткорлик, ҳар қандай вазиятда сукут сақлаш сингдириб борилади.
Дафъатан, ўзимнинг қичқириғимдан ўзим даҳшатга тушдим. Оёқларим титрарди. Отам важоҳат билан ўрнидан тураётгани ва мени уришга чоғланганини кўрдим, аммо тарсаки зарбини ҳис этмадим.
Жазо тариқасида ҳамма ўйинчоқларимни Алига олиб беришди. Отам эркак зоти аёллардан ҳамиша устун туришини ҳис этишим учун нонушта, тушлик ва кечки овқат пайтида идишимга овқат сузиб бериш ҳуқуқини шахсан Алига топширди. Али менга ҳамиша гўштнинг энг кичкина ва энг ёмон бўлагини ажратадиган бўлди. Баъзан Али эшигим олдига қўриқчи қўйиб, хонамга онам ёки опаларимнинг овқат киритишига йўл қўймас, баъзан оч-наҳор уйқуга кетардим. Баъзан у, атайин устимдан кулиш учун ярим кечаси хонамга буғи кўтарилиб турган товуқ гўштини кўтариб келар ва чалпиллатиб чайнарди.
Гарчи бора-бора бу машғулот Алининг меъдасига теккан бўлса-да, у менинг ҳақиқий душманимга айланди. Ўшанда мен етти, у тўққиз ёшда эди.
Албатта, болалигимда эсда қоларли, бахтли онларим ҳам бўлган. Энг бахтли лаҳзаларим холам билан бирга кечганди. У эрта бева қолган ва эркакларнинг эътиборини тортмайдиган ёшда бўлса-да, ниҳоятда қувноқ ва ҳазилкаш аёл эди. У жуда кўп қизиқарли воқеаларни кўрган ва эшитганларини бизга айтиб бериб, ҳаммамизни оғзига қаратарди.
Болалигимда бизнинг оиламиз таниқли бўлса-да, у қадар бой эмасди. Нефть орқали келаётган даромад бизнинг бир меъёрда кун кечиришимиз, тиббий ёрдам олишимиз учун кифоя қиларди. Биз оппоқ рангга бўялган каттакон уйда яшардик. Ҳар гал саҳродаги қум бўронлари деворлар рангини қорайтириб ташласа-да, отамнинг хизматкорлари яна бошқатдан оқлаб чиқарди.
Болалигимда уйимиз менга жуда катта ва баҳайбат, узун-узун йўлаклари ниҳоясиз ҳамда қўрқинчли бўлиб туюларди.
Отам ва Али уйнинг эркакларга мўлжалланган қисмида – иккинчи қаватда яшарди. Уларнинг хонасида қимматбаҳо гиламлар тўшалган, хонада ҳамиша турк тамакисининг ҳиди анқиб турарди.
Мен опам Сора билан бир хонада яшардик. Ҳужрамизнинг эшиги олдида кичкина боғча ҳам бор эди. Онам эса деворлари оч сариққа бўялган алоҳида хонада яшарди.
Хизматкор учун боғнинг орқа томонида алоҳида турар-жой тикланганди. Уларнинг хоналарида ҳаво яхши айланмас, кечалари дим ҳавода қийналиб чиқишгани ҳақида ҳасрат қилаётганини кўп эшитардим. Отам «эркалаб кетишмасин», деб уларнинг шароитини бадастир қилиб бермаганди. Хизматкорлардан фақат Умаргина нисбатан яхшироқ шароитда яшарди. Унинг хонасида қўнғироқ ўрнатилган бўлиб, керак пайтида отам шу қўнғироқ орқали уни ёнига чорларди.
Бобом ҳукмронлик қилган пайтда оиламизга суданлик қуллар хизмат кўрсатарди. Йил сайин хизматкорларимиз сони ортиб борар, отам ҳар гал ҳаждан қайтишда уйга янги-янги қуллар, кўпинча ёш болаларни олиб келарди. Судан ёки Нигерияда ҳаждан келганлар кўпинча бой ҳожиларга ўз фарзандларини сотиб кетишарди. Отам қўл остидаги қулларни ҳеч кимга сотмасди. Уларнинг аксарияти шу ерда оила қурар, фарзанд кўрар, уларнинг болалари биз билан ўйнаб, катта бўларди.
1962 йилда ҳукумат қулларни озод этиш ҳақида фармон чиқарганда, отам ҳам уларга озодлик берганди. Ўшанда суданлик қуллар отамдан шу ерда қолишни йиғлаб сўрашгани эсимда.
Отам мамлакатнинг собиқ қироли Абдулазизга садоқати чексиз эди. У мен туғилмасимдан уч йил олдин Тангри раҳматига муяссар бўлган экан.
Қиролнинг вафотидан сўнг мамлакат жар ёқасига келиб қолди. Чунки марҳум қирол томонидан тайинланган валиаҳд Саид қироллик номига мутлақо нолойиқ чиқди. У мамлакатнинг бутун бойлигини маишатбозликка, қимматбаҳо машиналару, хотинлари учун зеб-зийнатлар сотиб олиш, ҳашаматли қасрлар қуришга сарфлай бошлади.
1963 йилда Буюк сулоланинг давлат тепасидаги вакиллари бизнинг уйимизда муҳим давлат ишларини ҳал этиш учун йиғиладиган бўлиб қолди.
Биз опаларим билан диққинафас ҳужрада биқиниб олганча, мамлакат устидан ҳукмронлик қилаётган олий зотларни қизиқиш ва андак қўрқув ила кузатардик. Албатта, биз уларни оилавий учрашувларда кўп кўрсак-да, расмий давраларда деярли учратмасдик. Зотан, бизнинг мамлакатда қиз бола балоғатга етганлиги аён бўлгач, або кийиб, отаси ва ака-укаларидан бошқа эркак зотидан ўзини олиб қочиши керак.
Ҳужрамизнинг панжараси мажлислар залига қаратилган бўлиб, бу ердан марҳум қиролнинг фарзандлари, жиянлари, неваралари қай тариқа музокаралар олиб бораётгани аниқ кўриниб турарди.
Мен йиғилишни кузатар эканман, асосий эътиборни шаҳзода Файсалга қаратгандим. Чунки расман ҳукумат Саиднинг қўлида бўлса-да, аслида ҳамма ишларни Файсал бажарарди. Файсалнинг оила ва мамлакат бирлиги учун бирлашиш лозимлиги ҳақидаги маънили гапларини ҳамма жим ва вазминлик билан эшитарди. Унинг айтишича, халқ Саиднинг ишратпарастлиги, худбинлигидан тўйган эмиш. Бу аҳвол давом этса, тахт наинки Саиднинг, балки бутун Буюк сулола вакилларининг қўлидан кетиши, ҳокимият руҳонийлардан бировининг қўлига ўтиши мумкинлигини куйиб-пишиб гапирарди.
Шундан сўнг иккинчи шаҳзода Муҳаммад сўзга чиқиб, давлат ишларида Файсалнинг аралашувидан Саид хавотирда экани, айни пайтда у вилоятлардан бирида ўз тарафдорларини укасига қарши қайраб, қўзғолонга тайёргарлик кўраётганини билдирди. Бу Буюк сулоланинг инқирозидан ёрқин далолат эди.
Отамнинг айтишича, Муҳаммад марҳум қирол фарзандлари ичида энг шафқатсиз ва қаттиққўл шаҳзода экан. Қирол, агар тахт Муҳаммаднинг қўлига ўтса, у ҳокимият хавфсизлиги учун барча туғишганларини қириб ташлаши мумкинлигини ўйлаб, уни ворисликдан маҳрум қилган экан. Ўша куни Муҳаммад Саидни тахтдан ағдариш ва унинг ўрнига Файсални ўтқазиш ҳақида анча гапирди. Машварат сўнгида биргалашиб, Саидни йўлга солиш ҳақида келишиб олдилар ва жимгина тарқалдилар. Бу машварат қирол Саид ҳукмронлигининг якуни томон қўйилган илк қадам эди.
Орадан икки кун ўтиб, биз Саиднинг тахтдан ағдарилганини эшитдик. Бу пайтда отам қариндошларимиздан бирини зиёрат қилгани кетганди. Шу куни Саиднинг хотинларидан бири уйимизга кўзи қонга тўлиб кириб келди. Ерга ўтирганча, дод солиб йиғлашга, сочларини, юзларини юлишга тушди. Ҳатто бир силтаб, бўйнидаги қимматбаҳо марварид шодасини ҳам узиб ташлади.
У тинимсиз Буюк сулоланинг вакилларини қарғар, эрини ноҳақ тахтдан ағдаришганини ер муштлаб уқтирар, эрининг ака-укаларини ноқонуний фитна уюштирганликда айбларди. Аёл додлаганча, бўйнидаги қимматбаҳо марваридларини юлиб, ҳар ёққа ота бошлади. Мен улардан бирини нимадир хаёл билан меҳмонхонадаги гулдонлардан бирига беркитиб қўйдим. Онам овсинини тинчитиши учун уни нариги уйга олиб кирди ва тинчлантирувчи чой дамлаб берди.
Кўп ўтмай онам унинг қўлтиғидан тутиб, ташқарига – дарвоза олдида кутиб турган қора «Мерседес»гача кузатиб чиқди. Биз уни бошқа кўрмадик. Эшитишимизча, эри, фарзандлари ва кундошлари билан мамлакатдан қувғин қилинган экан.
ОИЛА
Онам қирол Файсалнинг хотини Иффатнинг кўмагида, отамнинг норозилигига қарамай, ўз қизларининг ҳаммасини ўқимишли қилди. Менинг опа-сингилларимдан бештаси Қуръондан бошқа ҳеч нарса ўқимаганди. Уларга мисрлик қирқ беш ёшли аёл келиб, Қуръондан сабоқ берар, сураларни ёдлатар, отам бошқа бирор фанни ўрганишга рухсат бермасди.
Кейинчалик онам малика Иффатнинг аралашуви билан кичик қизларига дунёвий таълим бериш учун отамнинг рухсатини олди. Бизнинг синфимиз қиролликка қарашли қасрлардан бирида жойлашган бўлиб, унда Буюк сулолага тегишли етти оиланинг қизлари дарс оладиган бўлди. Биз эрталаб тўққиздан иккигача турли фанлардан сабоқ ола бошладик. Барча қизлар орасидан опам Сора ўзининг билимдонлиги, ўткир зеҳни билан ажралиб турарди.
Муаллимамиз Абу-Дабидан бўлиб, замонавий қарашларга эга оилада улғайган, ҳатто Англияда ўқиб келган эди. Ўзининг айтишича, туғма чўлоқлиги туфайли унга эр чиқмаган, бу эса унинг учун замонавий илм-фан эшикларини очган. Агар у ҳам бошқа тенгдошлари қатори тўрт мучаси бут бўлганида, балоғатга етиши билан ўраб-чирмаб бирортасига эрга бериб юборишган бўларди. Айнан бахтсизлигидан бахт ярата олган аёл эди муаллимамиз. У амакиваччаларимиздан бирининг уйида яшар, хизмати эвазига яхшигина ҳақ оларди.
Мен Сорага нисбатан ўйинқароқ эдим. Ҳисобдан кўра, расм чизишни, ўқишдан кўра қўшиқ айтишни ёқтирардим. Сора бир неча марта мени ўқишга ундаганида, бутун синфни бошимга кўтарганман. Шундан сўнг у мени тинч қўйди.
Дарвоқе, ўқитувчимизнинг исми Шакина эди. У онамга бир неча марта опам Сора ҳақида гапираётганини эшитганман. «Қизингиз жуда қобилиятли, у нуфузли университетларда таҳсил олиши мумкин», деганида онам маҳзун хўрсиниб қўйганди.
Дарҳақиқат, бу ҳақда отамга бир оғиз гапирса борми, ўқитувчимизни қувиб солишдан ва бизни яна ўша диққинафас ҳужрага тиқиб қўйишдан тоймасди.
Бу пайтда Али мамлакатнинг энг замонавий мактабларидан бирида аъло баҳоларда ўқирди. Унинг муваффақиятида онамнинг ҳам ҳиссаси борлигини отам тан олмайди. Унингча, ўғлидаги истеъдод фақат унинг қонидан ўтган.
Мен бугун ҳам ҳаётимга маърифат, нур олиб кирган муаллимамиз Шакина хоним ва амакимнинг аёли Иффатнинг ҳақига дуо қиламан. Рост, Иффат мен сингари қанчадан-қанча араб аёлларининг тақдирини ўзгартириб юборди.
Маълумотларга кўра, 1932 йилда Файсал расмий ташриф билан Туркияга бориб, у ердан шу аёлга – Иффатга уйланиб қайтади. Иффатнинг гўзаллиги шаҳзодани тамоман асир этганди. Айтишларича, унга қадар қанчадан-қанча қизларни қўлидан ўтказган шаҳзода, Иффатга уйлангач, унга тамомила боғланиб қолган, қайсидир маънода инон-ихтиёри ҳам унинг қўлига ўтганди.
Файсал ҳукмронлиги даврида Иффат мамлакатдаги қиз-жувонларга таълим бериш бўйича бир қанча лойиҳаларни амалга оширди. Мен болалигимдан бу журъатли ва маърифатли аёлга ҳавас қилиб улғайдим. У бўлмаганида минглаб қизлар синфхонага қадам қўймай ўтиб кетишарди.
Болалигимизда мамлакатнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқларини кезиб чиққанмиз. Оиламиз билан тез-тез саёҳатга чиқиб турардик. Гарчи ҳокимият пойтахтда жойлашган бўлса-да, Буюк сулоланинг бирор вакили бу шаҳарни ёқтирмасди. Улар бўш вақтларини асосан денгиз бўйидаги шаҳарларда ёки салқин воҳаларда ўтказишни хуш кўришарди.
1968 йилда мен 12 ёшга тўлдим. Бу пайтда отам нефть саноати туфайли катта бойлик тўплашга эришганди. Отам пойтахтда, Янгишаҳарда, Тайфада ва ҳатто Испанияда катта-катта қасрлар барпо этганди. Бу қасрлар ҳатто гиламларигача бир-бирига ўхшарди. Отам айнан жиҳозларни бир хилини танлаб харид қилган ва қасрларга тақсимлаб чиққанди. Шунинг учун мен пойтахтдаги, Янгишаҳардаги ёки Испаниядаги хонамга кирсам, уларни бир-биридан ажратолмасдим. Ҳатто шкафлар ва ундаги кийим-бошлар ҳам бир хилда эди.
Али 14 ёшга тўлганида отам унга тўртта қизил рангли Порше сотиб олиб берди. Бу машинанинг ҳар бири бир шаҳардаги махсус гаражда сақланарди. Табиатан итоаткор бўлган онам шунда бир оғизгина «Мамлакатда қашшоқлик, очлик ҳукм сураётган бир пайтда бундай исрофгарчилик шартмикин» деганида, отам уни боплаб таъзирини берган ва ягона вориси учун ҳеч нимани аямаслигини айтганди.
Аслида, Али биринчи қимматбаҳо совғани отамдан 10 ёшида олган бўлиб, унга олтин «Ролекс» соати туҳфа қилинганди. Ҳолбуки, бир ҳафта илгари оиламиз билан бозорга айланиш учун чиққанимизда, ингичка олтин билагузукка ҳавасим кетган, отамдан олиб беришини сўраганимда, улар мени жеркиб ташлаганди. Бир ҳафта ўтиб, Алининг қўлида олтин соатни кўриб, ичимда ҳасад алангалана бошлади. Али атайин менинг ғазабимни қўзғаш учун соатни кўз-кўзлаб юрарди. Бир гал ҳовлимиздаги ҳовуз ёнида, курси устида Алининг соати турганини кўриб, тош билан уриб синдирдим. Отам бу қилмишим учун мени қаттиқ койиди ва Алига янги, аввалгисидан ҳам чиройли соат олиб берди.
Эндиликда ўтмишга назар солиб, Алининг камчиликлари билан бирга унинг ўзига хос фазилатлари ҳам борлигини тан олишга мажбур бўламан. Аммо унинг бир қусури – шафқатсизлигини ҳанузгача унутолмайман. Эсимда, боғбонимизнинг Сами деган ўғли бўларди. У туғма ногирон бўлиб, икки қўли ҳаддан ташқари узун, оёқлари эса умуман ғалати эди. Али унинг устидан кўп куларди. Бир гал ўртоқлари келганида, Самини чақириб, уни маймундек сакрашга мажбур қилиб, Самининг кўзларидан оқаётган ёшга парво ҳам қилмаганди.
Алининг шафқатсизлигига яна бир мисол. Ҳовлимизда мушук болалаганди. Али ҳар гал мушук болаларини қаерларгадир беркитиб қўяр, она мушук ҳовлини бошига кўтариб миёвлаганча зир югурар, Али эса бу ҳолатдан ичаги узилгудек куларди.
Ўша пайтлари биз – қизлар ўзимизга янги эрмак топиб олгач, Алининг хурмача қилиқларига деярли эътибор қаратмайдиган бўлдик. Опаларим билан бирга кўчадан, онасидан ажралиб қолган кучук боласини топиб келдик. Бечора роса оч қолган экан. Унга овқат бердик ва парваришлай бошладик. Биз унга галма-галдан овқат берар, кучукча эса кундан-кун тўлишиб, ахийри коптокдек дум-думалоқ бўлиб қолди. Биз уни худди чақалоқдек йўргакка ўраб кўтариб юрар, ҳатто аравачада ўтиришни ҳам ўргатгандик. Унга Басем деб ном бердик. Ҳатто онам ҳам кучукчага анча ўрганиб қолди.
Кунларнинг бирида Али ҳовлига бир гала ўртоқларини эргаштириб келди. Ўртоқлари кучукчага қизиқиб қолишди, шекилли, Али келиб биздан Басемни тортиб олди ва болаларнинг ёнига қайтди. Биз Басемни улардан қайтариб олиш учун шовқин сола бошладик. Қизларнинг шовқинидан безовталанган отам югуриб чиқди.
– Қаранг, анавилар менинг кучукчамни тортиб олишмоқчи, – дея ошкора муттаҳамликка ўтди Али.
Отам бизни уришиб берди ва Алининг нарсаларига тегмасликни қатъиян тайинлади.
Ҳа, Алининг гапи гап эди. Биз унинг хоҳишига қарши боролмасдик.
Али кучукчани қўлтиғига қистириб чиқиб кетди, биз эса кўз ёшларимизни оқизганча қолавердик. Кейинчалик билдикки, Али дўстларидан бирининг уйига бораётиб, Басемни машина ойнасидан кўчага улоқтириб кетибди. Шу-шу Басемни ҳам қайта кўролмадик.
СОРА
Сора ота-онамнинг яшаб қолган қизлари ичида учинчиси бўлиб, мендан уч ёш катта эди. Бизнинг ўртамизда Али туғилганди.
Опам або кия бошлаганида ҳали балоғатга ҳам етмаганди. У биз – опа-сингиллар ичида энг чиройлиси эди. Кейинчалик унинг ҳусни бошига битган бало бўлди. Унинг чиройи ҳақида онаси ёки опаларидан эшитган эркак зоти борки, унга уйланиш фикрига тушарди. Унинг бўйи баланд, юзлари буғдойранг, кўзлари ҳамиша порлаб турар, узун, қоп-қора сочлари ҳамманинг эътиборини жалб этарди.
Унинг майин табиати, хушмуомалиги, ўткир фаросатини кўпчилик эътироф этарди. У болалигидан Италияда тасвирий санъат бўйича таълим олишни, Янгишаҳарда шахсий суратлар галереясини очишни истарди. Унинг хонасида буюк рассомлар ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи асарлар жуда кўп эди. У эрга тегишидан олдин ҳатто келгусида саёҳат қилишни истаган Флоренция, Венеция, Милан сингари санъат марказларининг рўйхатини ҳам тузиб чиққанди. Афсуски, унинг орзулари армонга айланди.
Бизнинг уйимизда ҳамманинг тақдирини отам ҳал қиларди. У ўзининг энг чиройли қизини Янгишаҳардаги йирик савдо фирмасини бошқарувчи оилага узатишни мўлжаллаб қўйганди. Бу оила вакиллари эса отамнинг мавқеидан фойдаланиб, ўз молиявий имкониятларини янада кенгайтириш ниятида эдилар.
Бўлғуси куёвнинг ёши 64да бўлиб, опам унга учинчи хотин бўлиб тегиши кутилмоқда эди. Опам гарчи бўлғуси умр йўлдошини тўйгача умуман кўрмаган бўлса-да, бўлажак поччамиз Соранинг гўзаллигидан аллақачон хабар топган ва бечора опамнинг ҳажрида жизғанак бўла бошлаганди.
Опам ўзидан қарийб эллик ёш катта одамга турмушга чиқишини эшитиб, қай аҳволга тушганини тасвирлаб беролмайман. Бечора ҳар қанча йиғламасин, отамни, мамлакат ва ундаги расму қоидаларни ер муштлаб қарғамасин, барибир бефойда эди. Онам ҳам унга қўшилиб йиғлади. Бироқ у ҳам чорасиз эди. Ўнта қизининг олтитаси аллақачон отам танлаган номзодларга турмушга чиқиб бўлишганди. Онам қолган тўрталамизни ҳам худди шундай қисмат кутаётганини яхши англарди.
Сора йиғлай-йиғлай, ухлаб қолди. Онам унинг пешонасига нам сочиқ босиб, анча пайт бошида ўтирди. Кейин менинг қўлимдан етаклаб, оёқ учида ошхона тарафга олиб чиқди.
Соранинг кўз ёши отамнинг ғазабини баттар қўзғарди, холос. Мен кечқурун кўрпага бурканиб ётарканман, отамга қанчалик таваллолар қилганини ўз қулоғим билан эшитдим. Аммо отам муштипар Сорани тинглашни истамади. Отам қаҳр билан тўй, албатта, бўлишини айтди ва хонани тарк этди.
– Э, Худо, мен туғилмасдан туриб ўлсам бўлмасмиди? Шу кунларни кўргунимча, жувонмарг бўлсам яхшимасмиди, – деганча бўзлаб қолаверди.
Отам одатда, ҳар тўрт кунда бир маротаба бизнинг уйимизга келарди. Тўрт аёлга уйланган эркак шариат бўйича ҳар бир аёлига тенг муомалада бўлиши, тенг миқдорда вақт ажратиши зарур. Агар эркак бирорта аёлини эътибордан четда қолдирса, бу аёл учун муайян жазо демакдир. Отам опамнинг қатъий эътирозидан қаттиқ ранжигани туфайли, анчагача биздан хабар олмай қўйди. Отам кетиш олдидан онамга Сорани қандай бўлмасин кўндириш ва кўниктириш лозимлигини тайинлаб кетди.
Мен катта опаларимнинг тўйини деярли эслолмайман. Чунки улар турмушга чиққанида мен жуда кичкина бўлганман. Аммо Соранинг тўйи билан боғлиқ хотираларнинг энг кичик тафсилотига қадар, худди кечагидек эсимда турибди.
Сора жуда итоатгўй ва оғиркарвон қиз эди. Мен уни юракдан яхши кўрар ва унинг қанчалик ожизлигини аввалдан сезардим. Аммо тўй олдидан Сора мени анчайин ҳайратга солди. Ундаги ботиний қудрат ва журъатни мен ўшанда пайқадим.
Сора ҳар куни отамнинг офисига телефон қилиб, турмушга чиқишни истамаслиги ҳақида хабар қолдирарди. Ҳатто бўлғуси куёвнинг ҳам идорасига қўнғироқ қилиб, унинг ҳинд ёрдамчисига «мен отам тенги чолга турмушга чиқмайман, керак бўлса, ўз тенгини топиб уйланаверсин», деган мазмунда хабар қолдирибди. Ҳарқалай ёрдамчи бу хабарни хожасига етказмагандир, акс ҳолда уйимизда қиёмат қоим қўпган бўларди?
Кейинги сафар Сора яна куёвнинг идорасига сим қоқиб, ўша чолнинг ўзи билан гаплашмоқчи эканини айтди. Бироқ куёв муҳим иш билан Парижга кетган экан. Отам Соранинг бундай қилиқларидан безор бўлиб, уйдаги ҳамма телефонларни узиб ташлади.
Ниҳоят, тўй куни ҳам етиб келди. Бир неча ҳафталик ғам-андуҳ ва кўз ёш опамнинг ҳуснига соя солиш ўрнига унга янада кўрку латофат бағишлаганди. Анчайин озгани туфайли юзидаги нафис чизгилар янада аниқлик касб этган, кўзлари катталашган, бу кўзларда сўнгсиз изтироб учқунлари акс этиб турарди. Катта опаларим ва амакиваччаларим Сорани никоҳ маросимига тайёрлай бошлашди. Мен бурчакда ўтирганча, бўлиб ўтаётган ҳодисаларни жимгина кузатардим.
Одатда, бизда никоҳ олдидан онаси ёки холалари келиннинг вужудини сочи, қоши ва киприкларидан ташқари барча ортиқча туклардан халос этадилар. Бунинг учун шакар, гулоб ва лимон шарбатидан иборат аралашмаси қайнатиб совутилади ва бўлғуси келиннинг аъзойи баданига суриб чиқилади. Кейин шилимшиқ қоришма қотиб қолиши билан у, қизнинг вужудидан сидириб олинади ва шу тариқа танада бир дона ҳам тук қолмайди. Соранинг танасидан махсус қоришма ажратиб олинаётганда хона ёқимли гулоб ҳиди ва опамнинг оҳ-ноласига тўлди.
Кейин Соранинг сочларини хинога бўяшди, тирноқларини ялтироқ лак билан безашди. Эгнига қимматбаҳо тошлар қадалган пуштиранг никоҳ кўйлагини кийдиришди. Бир неча кун аввал куёв сеп сифатида жўнатган қимматбаҳо тақинчоқларга Сора қайрилиб ҳам қарамаганди. Ҳозир ана шу зебигардон ва тилла занжирлар унинг малоҳатини янада ошириб кўрсатмоқда эди.
Отам тўй куни куёвга аччиқ гаплар айтиб уни ранжитишидан, жанжал-тўполон кўтаришидан қўрққани учун сарой ҳакимларидан бирига айтиб, Сорага махсус тинчлантирувчи укол қилдирди.
Ноғора садолари меҳмонлар келаётганидан дарак бериб даранглади. Келин тайёр эди. Ҳарир либосда, қимматбаҳо зеб-зийнатлар ичида қол-
ган Сора худди тақдирга тан бергандек жим турарди. Қаср ҳовлисига Голландиядан келтирилган атиргуллар сочиб ташланган эди. Уйимизга келган аёллар худди қиммат тақинчоқларини тақиш бўйича пойга ўйнаганга ўхшар, қат-қат зеб-зийнатлардан бўйинлари оғриб қолмаганига ҳайрон қолардим.
Мамлакат тўйларида эркаклар ва аёллар алоҳида-алоҳида хурсандчилик қилишади. Аёллар тўйида эркаклардан фақатгина куёв, келин-куёвнинг отаси ва никоҳ ўқийдиган муллагина қатнашиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу тўйда куёвимизнинг отаси аллақачон чин дунёга рихлат қилгани учун, куёвнинг ўзи ва отам қатнашаётган эди.
Дастурхон дунёнинг турли бурчакларидан келтирилган ноз-неъматларга тўла эди. Ўртадаги махсус даврага қорин рақсини ижро этувчи раққосалар чиқиб келишди. Аёллар ярим-яланғоч раққосаларнинг қилпиллашини қизиқиш ва қувонч билан кузата бошладилар.
Яна ноғора даранглай бошлади. Демак, Сорани олиб чиқадиган вақт бўлибди. Уйдан Сора онам ва холамнинг етовида тўлин ойдек чиқиб келди. Шаффоф ҳарир парда опамнинг жамолини беркитишга ожизлик қилаётганди.
Кўп ўтмай нариги эшикдан отам ва куёв кириб келди. Мен унинг отамдан каттароқ эканини билардим. Аммо уни кўришим билан биринчи маротаба бутун вужудимни чексиз нафрат қамраб олди. У менинг кўзимга дунёдаги энг бадбашара махлуқ бўлиб туйилди. Ўшанда бу таъвия опамга қандай яқинлашишини ўйлаб, жирканиб кетдим.
Куёв опамнинг юзидаги ҳарир пардани кўриб, мамнун ҳиринглаб қўйди. Опам дори таъсирида бўлса керак, янги хожасига итоаткорлик билан бош эгиб турарди. Шундан сўнг мулла гувоҳлар иштирокида ҳар икки томоннинг розилигини олгач, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини тушунтириб, никоҳ хутбасини ўқиди.
Никоҳ тугагач, куёв яктагининг чўнтагидан бир ҳовуч тилла танга чиқариб, келиннинг бошидан сочди. Аёллар чувуллашиб, тангаларни тера бошладилар. Шундан сўнг куёв Сорани қўлтиқлаганча олиб чиқиб кетди. Менинг ёнимдан ўтаркан, опам менга мунисгина нигоҳ ташлаб қўйди. Бу нигоҳда «қисматим шу экан, сингилжон», деган маънони осонгина уқиб олиш мумкин эди. Мен гарчи куёв опам билан бахтли бўлолмаслигини ич-ичимдан англаб турсам-да, барибир тинчлана олмасдим. Мен невараси тенги қизалоқни гўшангага етаклаб бораётган анави таъвияга қандай жазо беришни ҳам
билмасдим.
ТАЛОҚ
Отам уч ойгача Сорани кўргани боришимизга рухсат бермади. Бу давр ичида опам янги ҳаётга ва мажбуриятларга кўникиши лозим экан.
Сора деярли ҳеч нарсасини олиб кетмаганди. Балки унинг орзу-интилишлари рамзи бўлган китоблар ва бошқа буюмлар ҳар лаҳза унга азоб бериши мумкинлигини англагандир. Назаримда, Сора ўлганди, уни ўлдиришганди. Шунинг унинг хонасига кириб олиб, соатлаб йиғлаб ўтирардим. Мен у ўқиган китобларни, унинг қувонч ва ташвишлари қайд этилган кундаликларини ўқиб, унинг ички дунёсига тобора чуқурроқ кириб борардим. Онам мендаги бу ўзгаришларни пайқаб, опамнинг хонасига киришимни тақиқлаб қўйди.
Опамни кўришимиз учун отам белгилаган уч ойни кутишга ҳожат қолмади. Тўйдан беш ҳафта ўтиб, опамни кўриш имкони юзага келди.
Ўшанда мен қаср ҳовлида, яқинда барпо этилган ҳайвонот бурчагидаги жониворларни томоша қилиб ўтирардим, Умар асосий дарвозадан ҳовлиққанча, қўрққулик алфозда кириб келди. Унинг қорамтир юзлари негадир оқариб кетгандек туйилди. Кела солиб, мендан онамни сўради.
Онам шу пайт ичкаридан югуриб чиқди ва ички сезги билан Сорага нима бўлганини сўради.
Одатда биз, арабларда ҳеч ким нохуш хабарни бирданига айтиб қўя қолмайди. Масалан, ўлим ҳақидаги хабар ҳеч қачон очиқчасига айтилмайди. Марҳумнинг яқинларига унинг оғир аҳволда экани, тезда унинг ёнига етиб бориш лозимлиги айтилса, кўпчилик нима ҳодиса юз берганини дарров тушуниб етади ва ич-ичидан тақдирга тан беради.
Умар онамга Соранинг эскироқ гўшт еб қўйгани учун тоби қочиб, Янгишаҳардаги шифохоналарнинг бирига ётқизилганини айтганида юрагим товонимга тушиб бўлганди.
Отам онамнинг Янгишаҳарга тезроқ етиб бориши учун шахсий самолётини ажратган экан. Онам лабини қимтиганча, абоси ва чодрасини кийиш учун ичкарига отилди. Мен ҳам бораман, дея хархаша қилганимдан сўнг, онам ҳар қандай вазиятда ҳам шифохонада тўполон кўтармасликка мендан ваъда олгач, бирга олиб кетишга рози бўлди.
Биз бир неча дақиқада Янгишаҳарга учиб келдик. Самолётдан тушишимиз билан мен онамнинг этагига ёпишиб олдим. Онамнинг юраги қанчалик ҳаприқиб ураётганини аниқ ҳис этиб турардим. Биз шифохонага киришимиз билан қичқириқ ва йиғи овозларини эшитдик. Онам қўлимни маҳкам сиқиб олганча, қадамларини тезлатди.
Сора ҳали тирик эди, аммо у ўлим ва ҳаёт оралиғида ётарди. Кейин билишимизча, Сора ўзини ўлдириш учун бошини газ печига тиқиб, газни очган экан. У алҳол қаршимизда ранги бўздек оқариб, ҳаракатсиз ётарди. Поччамизнинг қораси ҳам кўринмасди. Сорани саксондан ошган кампир қайнонаси олиб келган эди. Кампиршо бизни кўриши билан ўғли ва оиласини бадном қилган шўрлик Сорани қарғай бошлади. У менинг кўзимга эртаклардаги ялмоғиз бўлиб кўринди. Агар онамга ваъда бермаганимда, ҳозирнинг ўзида юзига чанг солишга тайёр эдим. Ғазабимни аранг ичимга ютганча, опамнинг жонсиз қўлларини силаб ўтирардим.
Шу чоқ онам чодрасини кўтарди-да, кампирга юзланди.
– Қизимни шу аҳволга солиб, яна ҳамма айбни шўрликка юклашдан уялмадингизми, хоним? Бечорани ўз жонига қасд қилишга нима мажбур қилди? Мен ҳали ҳаммасини суриштириб биламан. Сиз ҳозир бу ердан қорангизни ўчиринг!
Кампир онамдан бундай журъатни кутмаган эканми, аввал бақрайиб қолди, кейин минғирлаганча, ташқарига йўналди. Онамнинг бу мардлиги мени руҳлантириб юборди. Ва шу аснода англадимки, Парвардигор бизни ёлғиз ташлаб қўймайди: опам, албатта, оёққа туриб кетади.
Уч кун ўтиб, ҳатто бир марта телефон қилиб, опамнинг аҳволини сўрашга ярамаган поччамиз ўзининг мулкий ҳуқуқларини даъво қилиш учун клиникада пайдо бўлди. Бунгача онам Соранинг нима сабабдан бу аҳволга тушганини билиб олганди. Маълум бўлишича, поччамиз ҳаддан ташқари ваҳший экан. У тўшакда опамни шу қадар ҳайвоний қийноқларга солганки, бечора ўз жонига қасд қилган. Ҳатто отам ҳам бу ҳақда эшитиб, тепа сочи тикка бўлди. Бироқ барибир, қизининг қайтиб келиши унинг учун беқиёс шармандалик эди.
Отамнинг фикрини эшитиб, онамнинг қалтироқ қўллари мушт бўлиб тугилди. Опам каравотдан сапчиб туриб «Агар яна ўша уйга қайтариб жўнатсангиз, бу гал томиримни кесиб, ўзимни аниқ ўлдираман», дея таҳдид қилди. Онам илк бор отамнинг раъйига қарши бориб, Сорани ҳимоя қилди. Керак бўлса, манфур куёвини қозига беришга, ҳатто қиролнинг ҳузурига боришга ҳам тайёрлигини билдирди. Отам анча пайт онамга сўзсиз тикилиб турди, нималарнидир мулоҳаза қилиб кўрди ва у ҳам умрида илк бор онамнинг раъйига қарши бормади.
Бизнинг қирол хонадонига мансуб эканимизни, қирол билан муносабати ёмонлашувини истамагани учун поччамиз ҳам биз билан ортиқча тортишишдан тийилди ва опамни талоқ қилишга рози бўлди. У қозининг ва гувоҳларнинг иштирокида Сорани «уч талоқ» қўйди. Опам озод қушдек ўз уйига учиб келди.
АЛИ
Сора уйга қайтганидан сўнг, орадан бир неча ой ўтиб, катта опам Нура мен ва Сорани мамлакат ташқарисига саёҳатга юборишга отамни кўндирди. Нуранинг фикрича, саёҳат ўтмишдаги нохуш хотиралар таъқибидан қутулиш учун энг яхши даво бўлиши мумкин экан. Албатта, мен бунгача икки марта Испаниядаги қасримизда бўлгандим, аммо у пайтларда жуда ёш эдим
Нура қиролнинг невараларидан бирига турмушга чиққан, ўзининг вазминлиги, намунали хулқи билан отамнинг меҳрини қозонганди. У онамнинг ҳам биз билан саёҳатга чиқиши тарафдори эди. Аммо Сора қайтиб келган кундан бошлаб, отамга қарши исён кўтарган куни унинг барча журъати ва қудрати сўниб битгандек эди. Онам Соранинг Италияга сафар қилишини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, мени узоқ йўлга қийналиб қолади, деб олиб қолмоқчи ҳам бўлди. Аммо мен шунақа қиёмат кўтардимки, онам бу фикридан пушаймонлар бўлди. Негадир Сора учун бу янгилик унча қувонарли туйилмади. У гарчи болаликдан Италияни кўриш иштиёқида яшаб келган бўлса-да, алҳол унинг юзларида хурсандчилик сезилмасди.
Мен эса ўзимда йўқ шод эдим. Қачонки, Али ҳам биз билан бирга боришини билганимдан сўнг бу қувонч ўз-ўзидан сўна бошлади. Мен қандай қилиб бўлмасин, Алини бу сафарда бизга ҳамроҳ бўлмаслигини истардим. Мен унинг янги ридоси ва ижолини (эркаклар ёпинадиган махсус бош кийим ва унинг тасмаси) ваннахонамга опкириб ташладим. Одатда, бизнинг мамлакатда эркаклар учун ридо ва ижол ҳақиқий ор-номус рамзи саналади.
Али менинг бу қилиғимдан ғазабга миниб, хонамга бостириб кирди. Мен ваннахонамнинг эшигини зарб билан ёпарканман, унинг оёқ панжалари ва тирсаги қисилиб қолди. У даҳшатли овозда бўкириб юборди. Кейин билишимча, унинг қўли қаттиқ шилинган ва оёқ бошмалдоғи синган экан. Шундай бўлса-да, Али оқсоқланиб, ваннахонамга отилиб кирди. Мен унинг бош кийимини ҳожатхона чаноғига ташлагандим. Ижол унга тиқилиб қолган экан. Иккимиз олиша кетдик. Алининг ярадорлиги менинг фойдамга иш берди. Мен унинг синган панжасини ушлаб бурашга тушганимда, онам шовқин-суронни эшитиб югуриб кирди ва Алини менинг чангалимдан аранг қутқариб олди.
Бу гал бошим каттароқ балога қолишини сезиб турардим. Онам Алининг оёғини боғлатиш учун кетганида мен ўзимни оқлаш учун баҳона қидира бошладим. Алининг хонасини кавлаштириб, унинг «яширин хазина»сини қўлга киритдим.
Бу «хазина» бизнинг мамлакатда қатъиян тақиқланган беҳаё журналлар ва слайдлар тўпламидан иборат эди. Мен бу слайдларни хонамга олиб кириб, ўзимнинг прожекторим орқали томоша қилиб кўрдим. Аввалига ҳеч нарсани тушунмадим. Кейин эса уятдан ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Бу слайдларда шайтоннинг ҳам макри ожизлик қиладиган кўплаб беҳаёликлар ўрин олганди. Алининг ўртоқлари ҳовлимизга парвоналигининг сабаби энди ойдинлашди.
Али бу нарсаларни устига «дарсликлар» деб ёзиб қўйилган қутида сақларкан. Худди шу куни унинг дивани остидан алкоголли ичимликлар солинган митти шишачаларни ҳам топиб олдим. Али буларни дам олиш кунлари Баҳрайндан олиб келган бўлиши мумкин эди.
Мен бу топилмаларни қоғоз халтага жойлаб, ўз хаёлларим билан жилмайиб қўйдим.
Отам ва Али уйимиз яқинидаги катта, оқ мармардан тикланган муҳташам масжидга қатнашарди.
Соат иккидан ошган, одамлар пешинни ўқиб, уй-уйларига тарқалишган эди. Мен эҳтиёткорлик билан масжид эшигини очиб, ичкарига мўраладим. Албатта, қиз боланинг масжидга келиши кўпчиликда шубҳа уйғотиши мумкин. Аммо бирортаси мени саволга тутиб қолгудек бўлса, аввалдан баҳона тайёрлаб қўйгандим. «Мушугимни қидириб юрибман», дейман, тамом-вассалом.
Отам Алини олти ёшидан бошлаб, масжидга олиб келарди. Ҳозир ҳам Али билан ёнма-ён келаётган отамни кўз олдимга келтириб, этим жунжикиб кетди.
Атрофда ҳеч зоғ кўринмайди. Мен масжиднинг мармар йўлагидан юриб борарканман, пошнамнинг овози деворларга урилиб, баланд акс-садо берарди. Қўлимдагини минбарга олиб чиқадиган зина ёнига оҳиста қўйдим-у, ортимга қайтдим. Ўша куни кечқурун отам офисдан уйга қайтишидан сал олдин уч нафар ахлоқ нозири эшигимизни тақиллатди. Уларнинг қўлида мен масжидга ташлаб келган журнал ва газеталар, слайдлар кўриниб турарди.
Нозирларга чекланмаган ҳуқуқ берилган, улар дин арконларини қатъий назорат қилишар, агар қоидабузарлик рўй берса, ҳатто Буюк сулола вакилларини ҳам аяб ўтиришмасди. Улар отамнинг шахсий ҳайдовчиси Умарга қараб алланима деб бақира бошлади. Ранги мурданикидек оқариб кетган Умар ҳовлига кириб, Алини чақира бошлади. Али эшикда қисилган оёғини авайлаб, оқсоқланганича, хонасидан чиқиб келди. Умар онам ва Алини меҳмонхонага бошлаб кирди. Нозирлар эса, биттадан журнал, слайд ва бир шиша ликёрни Умарга топшириб, ниманидир қатъий тайинлади-да, қолганларини ашёвий далил тариқасида ўзлари билан олиб кетишди. Али Умарнинг қўлида ўзининг шахсий буюмларини кўриб, ранги қув ўчди.
Мен ҳам онамнинг этагига осилиб, у билан бирга киргандим, Умарнинг қаршилигига қарамасдан, меҳмонхонадан чиқмай ўтиравердим. Хонада ноқулай жимлик ҳукм сурарди.
– Улар Алини қамоққа олишлари аниқ, – деди Умар жимликни бузиб.
– Ҳечам, – мағрур гап қайтарди Али. – Қани, тегиб кўришсин-чи? Мен шаҳзодаман, улар менга қўлларининг учини ҳам теккизолмайди.
Ниҳоят, отам келди. Вазиятдан бохабар бўлгач, қошлари чимирилди. Нозирлар олиб келган ашёвий далилларга бир қур кўз ташлаб, пешонаси ғазабдан тиришди. Кейин мен ва онамни хонадан қувиб чиқарди. Орқамиздан Алининг чинқиргани эшитилди. Демак, отам уни уряпти.
Орадан бирор соат ўтиб, нозирлар қайтиб келишди. Мен, улар Алини олиб кетишса керак, деб ўйлагандим. Бироқ мамлакатнинг ўз қонунлари бор. Ҳар қанча оғир гуноҳ қилган бўлмасин, Буюк сулола вакилларини фақатгина Қиролнинг розилиги билангина қамоққа олиш мумкин. Бунинг учун ҳодисадан Қиролни хабардор қилиш керак. Отам ўз навбатида ўғлининг ғайриахлоқий қилмиши Қиролга етиб боришини истамасди. Чунки Қиролнинг ўзи барча яқинлари, ака-укалари ва қариндошларига фарзандлар тарбиясида кучли назорат ўрнатишни топширган. Отам ҳеч қачон ўз шаънига доғ туширишни истамаган. Шу боис, нозирлар отам билан Алига қандай жазо бериш устида узоқ баҳслашишди.
Алининг омади унинг шаҳзода бўлиб туғилганида эди. Агар оддий фуқаро бўлганида бундай ношаръий нарсаларни уйида сақлагани учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилиши аниқ эди. Чунки буюмларнинг ҳар бирида унинг номи ёзиб қўйилганди.
Ниҳоят, Али учун аниқ жазо белгиланди: у ҳар куни масжидга беш маҳал чиқиши, махсус тахтачага «Парвардигор, Ўзинг гуноҳларимни кечир ва қалбимни шайтоний ҳаваслардан покла», деб минг маротаба ёзиши, беҳаё нашрлар ва шаробни қаердан олганини айтиб бериши, кейин эса отам жарима тариқасида масжид ҳисобига жуда катта миқдорда пул тўлаши лозимлиги белгилаб олинди.
Али журналларни хориждан олиб келган, божхоначилар эса мавжуд тартибга кўра, қироллик оиласидан бўлган шаҳзодани текширмай ўтказиб юборишган экан. Слайдларни эса яқинда танишган хорижлик бир оғайниси берганини тан олди. Кейин маълум бўлишича, ўша танишини дарҳол қўлга олиб, мажбурий равишда мамлакатдан чиқариб юборишибди.
Бу воқеалардан кейин қилмишим оиламиз шаъни учун қанчалик қимматга тушганини англадим. Назаримда, Алида бирор ўзгариш сезилмас, аммо ота-онам бу нохушликдан қаттиқ қайғуга ботишган эди. Мен ўшанда Алини фош қилганимни билиб қолишларидан хавотирда эдим. Ичимда дуолар ўқиб, бу хатарли вазиятдан чиқиб кетишни Яратгандан ёлвориб сўрардим.
Шундан сўнг нозирлар кетишди. Эркаклар ҳам улар билан изма-из чиқишди. Кўп ўтмай отам Алининг тирсагидан маҳкам қисганича қайтиб келди. Шу чоғ Али билан кўзларим тўқнашди. Албатта, у менинг бу ишдаги ролимни билмаслиги мумкин эмасди. Унинг кўзларида ғазаб учқунларини кўраман, деб ўйлагандим. Йўқ, бу кўзлардаги изтироб ва ожизлик аксидан юрагим орқага тортиб кетди.
Шу аснода ўпкам тўлиб, пиқиллаб йиғлаб юборганимни ҳам билмай қолибман. Отам акамнинг елкасидан туртиб ўшқирди:
– Кўрдингми, аҳмоқлигинг нима оқибатларга олиб келганини? Мана шу бегуноҳ гўдакни ҳам йиғлатдинг-а, ярамас!
Кейин эса у умримда биринчи маротаба мени бағрига босиб, пешонамдан ўпди. Мен қилган ишимнинг нохуш оқибатидан виждон азобида қийналардим.
