Ayyub nidosi
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Ayyub nidosi

Иброҳим Ғафуров

Айюб нидоси

САЙЛАНМА

САФДОШИМ ҲАҚИДА

Иброҳим Ғафуров билан мамлакатимизнинг барча вилоятларида, узоқ ва яқин туманларида бўлганмиз. Бир гал устоз Саид Аҳмад ака бошчилигида бир гуруҳ ижодкорлар Оқдарёга бордик. Айни баҳор палласи эди. Қишлоқ яқинидаги адирларни айланиб, томоша қиладиган бўлдик. Бир маҳал Иброҳим ака мени чақириб қолди.

– Буни қаранг, манави чучмомаларнинг ранги тўқлигини кўринг! Ҳеч қачон бунақасини кўрмаганман!

Яқин борсам, у бир даста чучмомани бағрига босиб турибди. Чиндан ҳам булар ниҳоятда бўлиқ, тўқ мовийранг чечаклар эди. Иброҳим аканинг кўзида эса болаларча самимий ҳайрат...

Шунда бир гап кўнглимдан ўтди. Бир қарашда оддий нарсадан бу қадар ҳаяжонга тушиш, ҳайратланиш фақат ижодкоргагина хос хусусият! Ижодкор қалби ҳамиша нафис туйғулар билан лиммо-лим бўлади. Эҳтимол шунинг учундир адабиётимизда фақат икки мунаққидни танқиднинг шоири деб атайдилар. Бири – Озод Шарафиддинов, бири – Иброҳим Ғафуров!

Бир нарсага ишонаман: Иброҳим ака ўзини ҳайратлантирмаган, ларзага солмаган асар ҳақида ҳеч нима ёзган эмас. Ҳазрат Навоий ва Машрабдан тортиб биринчи китоби чоп этилган ёш шоиргача, Абдулла Қодирий ва Ойбекдан тортиб илк ҳикояси босилган ёш адибгача – кимнинг қайси асари ҳақида ёзмасин, аввало, ўша асарнинг нимасидир уни ҳайратга солган бўлади. Адибнинг оддий сафарномаларида ҳам теран бадиият бор, ҳаяжон бор.

Биз, ҳамкасблар ярим ҳазил, ярим чин қилиб бир гапни кўп айтамиз: агар Иброҳим Ғафуров олим бўлмаса, шубҳасиз, яхши шоир бўлур эди. Шоир бўлмаса, яхши адиб бўларди. Адиб бўлмаса, моҳир таржимон бўлиши аниқ эди. Иброҳим Ғафуров ижодида бу унсурларнинг ҳаммаси бор. Образли фикрлаш ҳам, чуқур билим, теран фалсафа ва психологизм ҳам, чуқур мушоҳада ҳам, ўзбек тилининг рангин товланишлари ҳам...

Адиб ўз мансураларини «менинг романларим» деб атагани бежиз эмас. Уларда муаллифнинг синчков кузатувлари, беором ўйлари, янгича ва ўзига хос тафаккур ифодаси, ғалати образлар бор.

Иброҳим Ғафуровнинг адабиётимиз равнақига қўшган яна бир салмоқли улуши унинг таржимонлик фаолиятидир. Тасаввур қилинг, Достоевский билан Фолкнер, Айтматов билан Маркес, Хемингуэй билан Жойс ижоди орасида қандай яқинлик, қандай боғлиқлик бор? Буларнинг ҳар биттаси бир-бирининг меҳварига яқин ҳам келмайдиган бус-бутун ва алоҳида олам-ку! Шуларнинг ҳаммасини ўзбекча сўзлатиш осон бўлдимикан таржимонга?! Бировнинг асарини таржима қилиш тайёр кўйлакнинг тескарисини ағдариб қайтадан тикиш эмас! Таржимоннинг энг мушкул вазифаси ўша асарнинг мазмуни, воқеалар оқиминигина эмас, руҳини ҳам теран ҳис этиш ва ўзбек китобхонига айнан ўша руҳни сингдиришдир. Бу – ниҳоятда оғир вазифа. Иброҳим ака ўгирган айрим асарларда шунақанги «антиқа», шунақанги «жонга тегадиган», ҳар бири китобнинг битта, ҳатто икки-уч саҳифасига чўзиладиган «эргашган қўшма гаплар» борки, уларни қоғозга тушириш у ёқда турсин, ўқигандаёқ юрагингиз сиқилиб кетади! Таржимон эса худди шу «ўта чўзиқ» жумлаларга яширинган маънони, руҳ ва оҳангни сақлаб қолмоғи ва китобхонга етказмоғи шарт. Инсоф билан айтганда, Иброҳим ака «олий математика»га ўхшаш бу юмушни қойил қилиб адо эта олган, бу билан ўзбек адабиётига жаҳон адабиётидаги ўзига хос тасвир услуби, фалсафа, оҳанг ва туйғуларни олиб кирган ижодкордир. Таржимон бировнинг буюртмаси ёки шунчаки ҳавас учун эмас, айнан ўша китоблар қайси бир жиҳати билан ўзини ҳайратга солгани учун ҳам шунақа оғир юкни елкалашга жазм этган.

Лўнда қилиб айтганда, улуғ ёшни қаршилаётган шоир ва адиб, мунаққид ва таржимон Иброҳим Ғафуровдек қадрдоним борлиги билан фахрланаман!

Ўткир ҲОШИМОВ,
2012 йил

АЙЮБ НИДОСИ

Таржимондан

Ҳазрати Айюб Иброҳим Халиллулоҳнинг бешинчи бўғини Исо томонидан. Унинг яшаган даври мил.авв. V–IV асрларга тўғри келади. Бу Суқрот, Афлотун яшаган замонлардан ҳам анча кўз илғамас илгари. Афсонавий эмас. Борлиқда яшаб ўтган шахс эканлиги аниқ. Ундан кўп афсоналар ва неча минг йиллардан бери машҳур «Айюб китоби» деб албатта кейинги замонларда номланган улуғ асар қолган, у кейинчалик Инжил Шариф таркибига киритилган ва Довуд Оҳангар ҳамда Сулаймон Девбанднинг илоҳий поэтик асарлари («Тароналар», «Қўшиқлар қўшиғи», «Нақллар», «Масаллар») қаторидан жой олган.

Худо истисносиз ҳар бир дунёга келадиган инсонни маълум бир нарсанинг тимсоли қилиб яратган. [1] Одам буни ё билади, ё билмайди. ­Аксари билмайди. Чунки бу ҳам Худонинг сири ва ҳеч ким ҳали бу сирга етиб боролмаган. Бу ҳам «Айюб қиссаси»да ўта изтиробли фикр йўналишини ифодалайди. Навоий ўзининг улуғ асари «Тарихи анбиё ва ҳукамо»да бу фавқулодда зотни Айюби Сабур деб атайдилар. Инсон истилоҳида Айюб сабур, сабр, сабрлилик тимсоли эканлигига урғу берадилар. Шарқ асотир анъанасида Айюбни Сабур деб аташ машҳурдир, насроний маданий анъанасида бу атама учрамайди. Бу мисоли исломда ҳазрати Иброҳимни Халилуллоҳ, ҳазрати Исони Руҳуллоҳ, ҳазрати Муҳаммадни Нуруллоҳ деб аталгани каби.

Ҳазрати Айюбни Шомда яшаган ва жуда катта бир қавмнинг бузруги бўлган деган маълумотлар қолган, аммо бошқача фикрлар ҳам йўқ эмас. Аммо олимлар, тўғрироғи Шом дейдилар. Асарга ўша олис даврларда мавжуд диний эътиқодларнинг қайси бирининг таъсири кўпроқ бўлганлигини аниқлаш мушкул. Аммо унда Иброҳим ақидасидек, Худони борлиқнинг Ягона яратгани деб билиш ҳукмрон.

«Айюб қиссаси» яхлит мукаммал бадиий асар. У худди ҳазрати Сулаймоннинг машҳур «Қўшиқлар қўшиғи»дек экспрессив насрий вазнда ёзилган, ундан қўшиқ оҳанги келиб туради. Агар замонавий истилоҳ ўринли бўлса, буни ҳатто «мансура» деб ҳам аташ мумкин эди. Дунё адабиётидаги энг қадимги мансура. Асарни «Айюб китоби», «Айюб қиссаси», «Айюб», «Айюб достони» деб ҳам юритадилар. Булар ҳаммаси тўғри, ихтилоф йўқ. Қуръонда Айюб ваҳий келган пайғамбарлар қаторида тилга олинади (Нисо, 163). Айюб Худо ҳидоятга йўллаган Довуд, Сулаймон, Юсуф, Мусо қаторида туради. «Анбиё» сурасида Айюбнинг шундай сўзи келтирилади: «Парвардигорим, менга мусибат етишди, Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғисан» («арҳамар роҳимийн»). У Раббига нидо қилди деб «нидо» сўзи матнда келади. Айюб тушган ўта аянчли, машаққатли ҳолга «нидо» сўзи ғоятда мос. У Айюб мисолида яна бир неча марта оятларда так­рорланади. У «нола» сўзи билан маълум даражада синоним бўлиб туюлиши мумкин. Лекин «нидо» ва «нола»нинг қўлланилишида жуда нозик шоирона маъно товланиш ҳамда ифодалари мавжуд. Биз Қуръонга иқтибосан асарнинг ўзбекча таржимасини «Айюб нидоси» деб номлашни лозим кўрдик. Бу юқорида эслаб ўтилган асарнинг анъанавий номларини заррача инкор этмайди, балки улар ёнига яна бир ном бўлиб қаторга туради.

Аллоҳга нидо қилувчи нажот топади. Айюб тимсолида бу ҳикмат нақадар ҳақ!

«Сод» сурасида Айюб Худога нидо қилиб: «Мени Шайтон машаққат ва азобга тутди», дейди (41). Қиссада бунинг бадиий тарихи жуда таъсирчан баён этилади. Худо кўкда ўз Аршида фаришталар қуршовида турганда, Шайтон ловуллаб келиб қолади. Худо: «Нима қилиб юрибсан? Қаерларда бўлдинг?» – деб сўрайди. Шайтон ер юзини айланиб келганлигини айтади. Худо бениҳоя фахрланган ҳолда муҳаббат билан: «Менинг бандам Айюбни кўрдингми? У мўмин, тақводор, Художўй, Худодан қўрқувчи ва ёмонликдан қочувчи», – деб Айюбни таърифлайди. Шайтон ўз табиати, вазифаси, моҳиятига содиқ ҳолда «Сен уни ҳар томондан қўриқлаб, меҳрибонлик қилиб, беҳисоб мол-мулк, дов-давлат бериб турибсан, қани Сен буларни тортиб олиб кўр-чи, у Художўйлик қилармикин, тақвосидан асар қолармикин?», – деб жавоб беради. Шайтон-да, ҳатто Худони ҳам васвасага солиши мумкин. Албатта, Худо буни билиб туради. «Мени васвасага соляпсан. Аммо майли, сен унга истаганингни қил, фақат жонини омон сақла», – дейди. Худо Шайтоннинг ўтдан бўлган фаришталигини риоя қилди. Бунинг устига У бандасининг эътиқоди – тақвосига ишончи комил. Шайтон ташқи моддиюн томондан катта куч-қудратга эга. Лекин ҳар қанча бўлганда у Айюб каби мўмин тақводорнинг Ягона Худога бўлган ишонч-эътиқодини поймол қила олармикин? Шайтон изн олгач, оламга буюк қутқу солди: унинг оламга сиғмаган мол-мулки, давлати, етти ўғли, уч қизи – ҳаммасини тортиб олди, маҳв этди. Бу ҳам етмади. Айюбнинг Худодан озмаганлигини кўргач, у яна изн олди. Энди Шайтон Айюбни қўтир, моховга дучор қилди. Айюбнинг вужудида соғ жойи қолмади. Эл-юрт ундан ҳазар қилди: овлоқ култепада қўлига синган сопол парчасини олиб туну кун қўтир босган вужудини қашиб ўтирди. Аммо иймондан озмади. Уни шу аҳволда уч яқин биродари кўргани келдилар. Аҳволини кўриб бошларига кул сочиб доду фарёд кўтардилар, нега Айюбнинг бундай аҳволга тушганлигини мулоҳаза қилиб, турли сабаб-саволларни ёғдира бошладилар, айбни Айюбнинг ўзидан изладилар, бир гуноҳ қилган, Худо шу гуноҳидан ғазабланиб оғир жазога тортган деган фикрга келдилар. Энг яқин дўстларининг унинг ҳолини англамай айблаш йўлига ўтишгани Айюбга қаттиқ таъсир қилди. У ўз ҳолини холис баён қилишга ўтди. Уч дўст ва Айюб ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоблар (дунё адабиётида биринчи марта!) ғоятда таъсирчан, инсон, ҳаёт, тақдири азал, қисмат, пешона, Худонинг Яратувчилиги, Унинг ҳукми, иродаси ҳақида алангали фикр, ғояларга ниҳоятда бой.

Айюб ҳар қандай қийинчиликка, Навоий тили билан айтганда, «балиятга» сабр билан жавоб беради. Эътиқодининг асоси ва қудрати заррача сусаймайди ёки ўзгармайди. «Балога сабр», «Олган ҳам Худо, берган ҳам Худо» – энг кўҳна инсоний тажрибалардан келиб чиққан ҳикматлар ҳазрати Айюб Сабурдан қолган ва инсониятга дарс хизматини ўтаб келади. Уч дўст ва Айюб орасида баҳс қизигандан қизийди. Ўртага кўп илоҳий ва инсоний даъво ҳамда муддаолар ташланади. Охири ким ҳақлигини ҳал қилиб, ажратиб олиш қийин бўлган баҳсга Илоҳ аралашади, бунда инсоният ва унинг тақдирига дахлдор турли муждалар баён этилади. Илоҳ Айюб муҳокамалари ва фикрларини ҳақ деб топади, дунё ҳам коинотнинг қурилиши ҳамда ҳаракатига доир ғоялар илгари сурилади. Илоҳ дунёнинг илоҳий асосда бино бўлганига кутилмаганда, Тонг отиши, ёғдулари, Булутларнинг оламни айланиб юриши, Чақинларнинг қудрати, Тимсоҳ ва Бегемот яратилишидаги мўъжизалардан хабарлар беради. (Булар ҳам дунё адабиёти тарихида биринчи тас­вир!) Илоҳ Айюбнинг сабри, иймон-эътиқодининг мустаҳкамлиги ва тўғрилигига тан беради, ундан янада фахрланади, Айюбга эътиқоди ҳамда сабрининг самараси сифатида яна янгитдан етти ўғил, уч қиз ато этади, мол-давлати янада ортиб ўзи ва фарзандларига қайтади, қавми, эл-юрт ўртасида обрў-эътибори, шон-шавкати тикланади. Худо инсонни илк бора шу асарда табиат ва коинотдан ибрат олиб, унга маърифат билан эргашиб яшашга чақирди. Худо бунда ҳамма нарсани мукаммал қилиб яратди ва инсон ҳам бошдан-охир шу мукаммаллик ичида ҳаракатда. Лекин инсон шунчаки, ўз-ўзидан эмас, балки дунё яралишидан бери ҳеч тинмаган ва тинмайдиган синов ва имтиҳон ичида мукаммалликка эришади. Дунё ғоялар тарихида бу фикр илк бора шу асарда таъсирчан тарзда ифодаланди. Инсон Яратганни ва Унинг маърифатини таниши ва унга риоя қилиши, сидқу садоқати билан муҳтарам бўлди. Шайтон қутқуларини англади, уларга дош берди, қутқуларни енгиб ўтиш йўлларини топди. Сабр ўз моҳиятига кўра ақлдан, зеро, у неча минг йиллик аччиқ тажрибаларнинг мансубаси каби очилди ва инсониятни турли ҳалокатлардан сақлаб келмоқда. Зеро, инсоният сабр билан инсоният бўлди. Сабр билан ўзининг энг катта халоскор бойлиги – маърифатга эришди. «Айюб қиссаси» дунё адабиётига кучли таъсир кўрсатиб келади. Кўп даҳолар унинг булоғидан ташналикларини қондирган. Лоақал буюк Ҳёте ва Фёдор Достоевскийни эслаб ўтайлик. Ўқувчилар «Фауст»ни ва унинг «Арши аълодаги дебоча» қисмини ўқиганлар. Кўк машваратида Худо Мефистофелдан ер юзидаги аҳволни сўрайди, ер юзини зулмат қоплаган, дейди Шайтон. «Сен Фаустни биласанми?» – деб сўрашда давом этади яна Худо. «Бу дўхтир Худо олдидаги бурчини жуда ғалати қилиб ўтаяпти, ўзини жангларга уряпти, сарҳадларни эгаллаяпти, ўз кўнглидан доим норози», дейди Шайтон. «У Менинг розилигим учун хизмат қиляпти. Мен учун зулматни ёриб чиқади», – дейди Худо. Мефистофел Худо билан баҳсга киришади: «Мен уни Худодан тортиб оламан». Худо: «Сен уни энг тубанларга ташласанг ҳам, бу қўлингдан келмайди, баҳсда ютқиздинг», – дейди. Шайтон ютиб чиқаман дейди. Мана шу коинотдаги анжуман бошдан-оёқ «Айюб қиссаси»га эргашиб ундан илҳомланиб, унинг ғояларини давом эттириш ва ривожлантириш мақсадида ёзилган. Ёки бошқа бир буюк асар «Ака-ука Карамазовлар»ни эслаш жуда ўринли. Романда Иван ва Алёшанинг бегуноҳ инсонларнинг бошига тушадиган азоб-уқубатлар тўғрисидаги баҳслари «Айюб қиссаси» билан тўла ҳамоҳанг. Бу эргашиш деб аталган адабий ҳодиса фақат Навоий ё Хисрав Деҳлавийга эмас, балки Шекспирдан тортиб Ҳёте ва Достоевскийгача бутун дунё адабиётига хос қизиқ бир воқелик эканлигини кўрсатади. Бу ҳақда муҳокама юритсак, гап узоқ чўзилиб кетади.

«Айюб нидоси» – фикр курашлари ва туғёнлари билан гўзал. Дарвоқе, у дунё адабиётларида фикр курашлари ва баҳслардан ҳаётий ҳақиқатлар чиқарган илк асардир. У сабр чўғи ичида инсон учун одам душмани бўлмиш мардуд иблисларга қарши туришида атомдан қудратлироқ сирли куч яшириниб ётганини кўрсатади. Ўзбекча таржима 200 томлик «Библотека всемирной литературы» (Москва,1973 й.) сериясига кўра амалга оширилди.

1-БОБ

I ҚИСМ

Ус [2] деган заминда бир одам бўларди, унинг оти Айюб эди, шул одам маъсум, одил ва Худотарс эди, ёмонликдан йироқ эди.

Ундан етти ўғил ва уч қиз дунёга келди.

Унинг мол-ҳоли: етти минг қўй-эчкиси, уч минг туяси, беш юз жуфт ҳўкиз танаси, беш юз эшак қулони, сон-саноқсиз хизматкорлари бор эди; ва бу одам машриқнинг барча эрларидан кўра кўпроқ донг таратганди.

Унинг ўғлонлари ҳар бири ўз кунида ўз уйида дастурхон ёзиб жам бўлишар, ҳар учала сингилларини бирга еб-ичгали чорлашарди.

Зиёфатлар бир давра айланиб тугагач, Айюб фарзандларини қошига йиғар, дуо қилиб алқарди ва тонг саҳарлаб уларнинг ҳар қайси учун кафорат қурбонлик келтирарди, балки ўғлонларим кўнгилларида Худовандга мункир келгандирлар, гуноҳга ботгандирлар, дерди-да Айюб. Шундоқ кунларда Айюб доим шундоқ қиларди.

Бир кун келиб, Худованднинг Унинг қошида бандалари [3] ҳозир бўлишди; улар орасида шайтон ҳам бор эди.

Шунда Худованд шайтондан: «Сен қаердан келдинг?» – деб сўради. Шайтон Худога жавоб бериб деди: Мен ер юзини кезиб юрдим, уни айланиб чиқдим.

Шунда Худованд деди: Менинг бандам Айюбга кўзинг тушдими? Зеро, ер юзида бошқа унга ўхшаши йўқ: пок, маъсум, одил, Худотарс ва ёмонликка яқин йўламайдиган одам.

Шунда шайтон Худовандга жавоб бериб деди: Ахир Айюб Худодан холис қўрқарми?

Сен эмасми уни чор атрофдан қўриқловчи, қўрғонлари, бор нарсаларини сақловчи? Унинг барча ишларини Сен қўлладинг ва илло, унинг подалари ер юзига ёйилмиш.

Аммо Сен дастингни чўзиб унинг нарсаларига қўл теггизиб кўр-чи, – ана унда у Сени эъзозлармикин?

Шунда Худованд шайтонга деди: Бор, унинг неки нарсаси бўлса, сенинг қўлингга тегсин, фақат унинг ўзига сен қўлинг чўзма. Шундан сўнг шайтон Худованд қошидан жилди.

Бир куни унинг ўғил-қизлари тўнғич ака уйида еб-ичиб ўтиришарди.

Ана даракчи келиб қолди ва Айюбга хабар берди.

«Ҳўкизлар бўкиришар ва ўтлашарди, қулонлар улар қаптолида, шунда ҳужум қилиб бостириб келишди савейликлар, буқаларни ҳайдаб кетдилар, ўғлонларнинг бошларини кесдилар; фақат мен қочиб қутулдим сенга хабарини қилгали».

Ҳали у гапини тугатмай туриб, етиб келди бошқа чопар: «Кўкдан тушиб аланга-ўт бошимизга қўй-қўзи-ю ўғлонларни ямлаб ютди; фақат мен ёлғиз омон қолдим сенга хабар қилгали».

У сўзини тугатмай ҳали етиб келиб бошқаси, деди: Уч тўда бўлиб ёпирилиб келди қалдулар [4], босиб олди барча туяларимизни, қиличлаб чопдилар ўғлонларнинг барини ёлғиз мен қочиб қутулдим сенга хабар берай деб.

Ҳали бунинг гапи тугамай оғзида яна етиб келиб бошқа бирови сўзлашга тушди: Еб-ичиб ўтиришган эди ўғлонларинг, қизларинг тўнғич ака қошида.

Баногоҳ саҳродан етиб келди ёвуз қутурган шамол ва уйни тўрт ёқдан кўкка кўтариб итқитди ўғлонлар бошига ва ҳалок қилди уларни, фақат мен қутулдим ва хабар қилгали сенга етдим».

Шунда Айюб қалқиб турди ўрнидан ва йиртиб итқитиб кўйлакларини, сочларини далва-далва қийиб ташлади [5], сўнг ўзини таппа ерга отиб таъзим айлади.

Сўнг айтди: Онам қурсоғидан чиққан эдим яланғоч, қайтадирман ҳузурингга яна яланғоч. Берган ҳам Худо, олган ҳам Худо. Эзгу турур Худонинг номи.

Осийлик қилмади бу ерда Айюб ҳеч бир, куфроний сўз айтмади Худованд ҳақда.

2-БОБ

Худованд ҳузурида яна саф тортар бандалар; улар орасида яна шайтон ҳам ҳозир.

Худованд шунда шайтондан сўрди: Сен қайдин келдинг? Шунда Худовандга шайтон жавоб айтди: Кездим мен ер юзини айланиб чиқдим.

Худованд шайтонга деди: «Бандам менинг Айюб­га кўзинг тушдими? Зеро, топилмайди ер юзида унга ўхшаши: маъсумдир ул, одил, Худотарс ҳам ёмонликдан узоқда юрган ва ҳамон ҳалолликда қаттиқ турур, покдомон; сен эса ҳалок қилмоқ учун уни беомон, мени унга қарши қўзғадинг.

Шунда Худовандга жавоб бериб айтдики шайтон: Терига тери, жони учун ҳар нарсасин беради одам.

Аммо дастинг узатиб тегиб кўр-чи унинг суяк-савоқ, танаси-ю, лаш-лушларига, ана унда раҳмат айтармикин у Сенга асло?

Шунда Худованд шайтонга деди: Бор, ана у сенинг қўлингда, аммо тегма асло унинг жонига алҳол.

Шунда шайтон Худованддан нари кетди-да, Айюбни токи оёғининг учидан то боши қадар қаттол мохов билан жазолади аёвсиз.

Шўрлик ўзин мудом сопол билан қашлар эди қутулмоқ-чун қўтир яраларидан ва ўтирарди кулга кўмиб ўзини.

II ҚИСМ

Шунда завжаси айтди унга: Ҳамон маъсумликда қаттиқ турасан; бу кунингдан Худони сўк ва жонингни топшир.

Аммо завжасига у айтди: Сен телбасаролар каби сўз айттинг: наҳот биз Худованддан яхшиликни талаб қилиб, наҳот ёмонликни инкор этамиз? Буларнинг барида куфрга кетмади тили Айюбнинг.

Сўнгра Айюбнинг уч нафар дўсту ёрони эшитдилар эса унинг бошига тушган кўргиликларни ҳар бири уйидан қўзғалиб, дардлашиб, таскин, тасалли бергали йўлга тушдилар: булар феманлик Элифаз, савхейлик Вилдод ва наамлик Софар эдилар [6].

Улар узоқдан бошларини кўтариб қараб, уни танимадилар; дод-фарёд қилиб, ўкиришиб йиғладилар; барчалари устиларидаги кийимларини пора-пора қилиб йиртдилар, бошларидан ҳовуч-ҳовуч тупроқ сочдилар.

Унинг билан ер устида етти кун ва етти тун бирга ўтирдилар; ҳеч ким оғиз очмади, унинг азоби беҳадду поён эканин кўрдилар.

3-БОБ

Шундан сўнг Айюб тилга кирди ва кўрган кунини лаънатлади.

Айюб шундай деб сўз бошлади:

Ҳалок бўлгай мен туғилган кун, ҳалок бўлсин «одам унди!» дейилмиш тун!

Тунга дўнсин ўшал кун; Аршидан кўринмагай ул Худойимга ва зарра ёруғлик тушмагай унга!

Зулмат ва ўлим сояси қопласин уни, булутлар қуршагай батамом, омонсиз жазирама каби қўрққайлар ундан!

Ўшал тун – бор зулмат қоплагай уни, йил кунларида ўчсин оти ҳисобдан ва кирмагай асло ой саноғига!

О! Ўшал тун – ҳувиллаб ётсин бўлиб кимсасиз; эш бўлмагай унга ўйин-кулги ҳеч қачон!

Кунни лаънатловчилар лаънатлансинлар, қарғасин Аждаҳо қаҳрамони уйғотувчи мардаклар!

Ўчсинлар тонгининг юлдузлари: тонг ёруғини кутиб кўзлари толсин ва отмасин тонги ва кўрмагай кундузнинг мижгонларини.

Шундай у онагинам қурсоғининг қопқаларини ёпмади ва қайғуларни тўсмади менинг кўзимдан!

Нима учун ўлиб кетмадим қориндан чиқаётганда, нима учун ўлмай қолдим қурсоқдан чиқиб?

Нима учун жойлашдим мен тиззага, нима учун эмдим онам кўксини?

Ўлсам энди роҳат қилиб ётардим, кўз очмасдим уйқудан мангу,

Бўлур эрди ер юзининг подшоҳлари, вазирлари ёнимда, саҳроларни ўзларига қароргоҳ қилганлар,

Ё каназлар, қўйни-қўнжи олтинларга тўлганлар, уйларига нуқра кумуш йиғганлар;

Ё унутилиб кетармидим ташландиқ гўдак каби, ё туғилмаган бола каби йитиб сарбасар.

У ёқларда осийлар қўрқитолмас кимсани ва у ёқларда фароғатда ҳолдан тойиб ўлганлар.

У ёқларда зиндонбандлар бари биргаликда роҳатда, зиндонбоннинг дўқлари хам у ерларда янграмас.

Катта-кичик бари баробардир у ёқда ва хизматкор ҳам у ерларда хўжасидан озоддир.

Нима керак шўрпешона одамига ёруғлик ва тириклик дилгирларга не ҳожат,

Ўлимини кутиб ётаркан улар, лаҳадларин жон деб қазишарди хазина топгандай ортиқ,

Ва ўзида йўқ хурсанд бўлишарди шодланишиб ҳаддан ортиқ тобут топдик деб?

Худойимнинг зулматида қолиб, йўли тўсиқ бир кимса нима қилар ёруғликни, нимага керак?

Оҳ тортаман, ризқим ўтмас томоғимдан, нолаларим тинмай оқар, оқар сув каби.

Зеро мен қўрққаним қўрқув бари бошимга тушди; қўрққанларим ҳаммаси олдимга келди.

Тинчлик йўқ, роҳат йўқ, фароғат ҳам йўқ: кулфат босди».

4-БОБ

Ана шунда феманлик Элифаз тилга кирди-да, деди:

– Агарда бир оғиз сўз айтсак, мабодо оғир туюлмасмикин сенга? Аммо бир томондан, сўз демоқнинг нимаси ёмон?

Мана сен кўпларга панд-насиҳат қилиб, йўл-йўриқлар кўрсатгансан, умидсизларни умидлантиргансан,

Йиқилганни яхши сўз айтиб турғизгансан, қалтираган тиззаларни қувватлантиргансан.

Эндиликда навбат сенга етди, сен ҳолдан тойдинг; бошингга тушди-ю ҳолинг танг бўлди.

Худодан қўрқиш сенинг умидинг бўлиши керак эмасмиди, йўлларингнинг поклиги – таянч эмасмиди сенга?

Эслаб кўр, ҳеч кимса бегуноҳ ҳалок бўлганми ва тақводорлар ғабс қилинганми ҳеч қайда?

Номуссиз ўкирганлару ёмонлик уруғини экканларни кўрдим азобини тотганларни;

Худо ҳиддатидан ҳалок бўлурлар. Унинг ғазаби шиддатидан йўқ бўлиб кетурлар.

Арслон саслари, ул ўкириклар ўчурлар ва тимсоҳларнинг тишлари қўпорилур;

Қудратли арслон ўлжа топмай жон берур, ва моча арслон болалари тўзғиб кетур, топиб паторат.

Мана, яширин сўз етиб келди менга, қулоғимга кирди нимадир ундан.

Тун пайти одамлар кўзини уйқу босганда, тун шарпалари хаёли чулғаб,

Қамраб олди мени даҳшат, ҳаяжон қасир-қусур қасирлатди суякларимни.

Ва руҳ ўтди бошим узра; тикка-тикка турди сочларим.

У тўхтади устимда, – аммо уни мен таний олмадим, – фақат кўз ўнгимда турар эди қиёфа, майин эпкин ўтди, – шунда мен эшитдим овозини:

Тақводорроқ бўлолурми инсон Худодан? Ва эран покроқмидир Яратувчидан?

У, мана, ишонмас энди ўз қулларига; ва фаришталаридан ҳам топар нуқсонлар.

Ҳолбуки, оғочлардан ясалган қароргоҳларда яшарлар, чириб ётар пойдеворлари, қурт-куядан ҳам тезроқ несту нобуд бўлурлар.

Тонг била оқшом ўртаси бўлурлар ғойиб; кўрмай ҳам қолгайсан қай тахлит йўқолганларин.

Ғойиб бўлмасми бирга улар билан қадру қиммати? Ақллари етмай туриб камолга ўлиб кетарлар.

5-БОБ

Борми жавоб бера олгучи, чақир ўшани. Авлиёлардан кимдан сўрайсан?

Тентакни ўлдирар унинг жаҳли, тажанглик ҳалок этар ақли кўтаҳни.

Мен кўрдим аҳмоқнинг илдиз отганин ва дарҳол юз ўгирдим унинг уйидан.

Билмас болалари рўшнолик нималигини, калтак ерлар ўз дарвозаларида ва ҳеч ким тушмас ўртага.

Ҳосилини еб кетишар очлар, тиканларга тилиниб йиғар донини, ташнакомлар ўмариб кетар молу мулкларин.

Шундай экан, ғусса-қайғу чиқмагайдир қора туп­роқдан, ва кулфат ҳам ўсиб чиқмас замин қаъридан;

Аммо инсон туғилади азоб-уқубатларга, ўт учқуни кўтарилар шундай ҳавога.

Бироқ мен Худойимга айтар эрдим дардимни, солгай эдим мен барини Худовандимга.

Улуғ ва поёнсиз ишлар унинг қўлидан келар, ва ҳаммаси ҳам ғаройибдир, сон-саноғи йўқ;

Юборади ер юзига ёмғирлар, дала-тузга оқизади сувларни;

Хўрланганни кўтаради юксакка, нола-афғон чекканларни қутқаради пайдар-пай.

Маккорларнинг макрларин чиқаради чиппакка, ниятига ета олмай бўлур паришон.

Доноларни туширади баайни ўз тузоғига, муғамбирнинг кенгашлари айланади абасга;

Кундузлари уларнинг дўниб кечага, кун ўртаси юрадирлар қоронғидай туртиниб.

У қиличдан қутқаргайдир чиғойни, халос қилгай зўравоннинг иддаосидан.

Кулфатзада учун очилади умиднинг йўли ва ёпилар ноҳақликнинг коми балоси.

Бахтиёрдир инсон ҳидоятга бошласа Худо ва илло-билло, Малик Ҳақнинг жазосидан юзинг бурмагил.

Зеро, ўзи боғлар яраларни еткизгандан кейин жароҳат; шикаст берар ва киришади ўзи давога.

Олти кулфатдан қутқаргай Ўзи, еттинчи гал сенга етмас ёмонлик асло.

Ют чоғида қутқаради сени очликдан; қаттол жангда бошинг узра кўтарилган қиличдан.

Тил тиғидан қутқаргайсан ўзингни, ўлат келса бошинг бўлгай панада.

Ўлатлардан, очликлардан ғолиб чиқурсан, ваҳший ҳайвон ер юзида зарар етказолмагай сенга;

Зеро, мадад бергай сенга дала-даштнинг тошлари, шудгорларнинг ваҳшийлари сенга ён босур.

Ташқарида эмин-эркин турар чодир-чаманинг ва орқайин яшагайсан ўз уйинг, хонадонингда ва гуноҳларинг тарк этгай сени.

Сон-саноқсиз кўпайгайдир наслу васлинг, фарзандларинг униб ўсгай ўт-ўлан каби.

Вақту соат етиб келса ғарам ичра ётган каби буғдой боғлами пишиб охир тобутингга киргайсан алҳол.

Ақлимизнинг етган гапи шу бўлди охир; айнан шундай; қулоғингга олиб бунинг барини чандиб ҳам қўй дуруст маҳкамлаб».

6-БОБ

Ва жавоб бериб Айюб, деди:

О, менинг нолаларим тўғри тортилсайди ва улар билан бирга тарозуга менинг азобларим қўйилсайди!

У барча уммонларнинг қумларидан аниқ оғирроқ чиқарди. Ана шундай менинг сўзларим туғёнли.

Зеро, Малик Ҳақнинг пайконлари менинг жонимда; уларнинг заҳари руҳимни қақшатади; Худованднинг даҳшатлари ёғилди бошимга.

Ўкирарми ёввойи қулон майсазорда? Айюҳаннос соларми қўтос ўз шиптирида?

Бемаза таом тузсиз ейиларми ва не маза бордир тухум оқида?

Кўнглим тиламаган нимаики бор, менинг озуқам бўлди ғализдан ғализ.

О, қачон менинг тилакларим рўёбга чиқди ва қачон орзуларим ушалди Худо қошида!

О, Худойим раҳм қилиб мажақлаб ташласайди мени, қулочини кенг ёзиб яксон қилсайди мени!

О, қувончим бўлгай эди бу, ва мен чидардим бу шафқатсиз дардга, зеро, мен Қуддус каломидан юз ўгирганим йўқ.

Умид боғламоққа не ҳаддим бор менинг ва оқибат не бўлгай ҳаётимнинг поёни?

Тошлар каби метинми мендаги метинлик? Ва мисдан қуюлганми менинг вужудим?

Ботинимда борми менга мадад бўлувчи, ва топилурми менга биронта таянч?

Малик Ҳақдан қўрқувни тарк этмаган муаззиб кимсага ачинмоғи керакдир унинг дўсти ҳабиби.

Аммо оғайниларим эмаслар содиқ мустақим, улар шиддат билан оқувчи сойлар каби, гулдурос солган оқим,

Ях-музлардан қорайган, ичи қорлар тўла бўтана.

Улар камаяди кун иссиғида, бутунлай йўқ бўлиб жазирамада.

Ўз йўлларин ўзгартади улар, саҳроларга қуйилиб ғойиб бўларлар:

Уларга боқади Фемай йўллари, умид-ла тикилгай Савей [7] ёқлари.

Лек сингай улар умиди чил-чил, у ёқларга қадам ранжида айлаб уятдан қизариб кетгайдир улар.

Сиз ҳам шундай абас бўлдингиз; кўзларингиз тушиб даҳшатли ҳолга, сочингиз тикка қўрқиб кетдингиз.

Сизга асло айтганим йўқ-ку: «Менга кўмак беринг, давлатингиз соясида мен учун тўланг товон;

Қутқариб олингиз мени ғаним қўлидан, халос айланг мени ғасбкор чангалидан?»

Ўргатингиз менга ва мен ўчиргайман овозим; қандай гуноҳ қилдим менга шуни кўрсатинг.

Қанчалар кучли ҳақ сўз! Аммо нени исботлайди сизнинг таънаю дашномларингиз?

Дашном бериш учун тўқийсизми сўзларни? – Шамолга совурасиз сўзларни.

Сиз етимга ғазаб қиласиз ва чуқур қазийсиз ўз дўстингизга.

Лекин сиздан ўтинаман; бир қаранг менга; сизга мен сўзлашим мумкинми ёлғон?

Кўринг яна қайта бир марта, ёлғон борми? Бир боқинг яна бир карра – мен томонда ҳақиқат.

Тилим сўйларми ёлғон? Наҳот бўғзим сезмас аччиқ таъмини?

7-БОБ

АЙЮБ СЎЗИНИНГ ДАВОМИ

Ўлчаб берилмаганми ер юзида одам боласига вақт ва ўхшамасми унинг кунлари мардикор кунларига?

Қул зор бўлгандай соя-салқинга, ва мардикор кутгандай ишнинг тугашин.

Чекимга тушди менинг ҳаловатсиз ойлар, аламангиз тунлар насибам бўлди.

Болишимга бош қўйсам, «яна қачон тургайман?» – дейман, туннинг охири йўқ, тонг отгунча тўлғониб чиқаман мен.

Қуртлар босган вужудимни, тўзғир ғубор каби қазғоқлар; терим узра пўрсилдоқлар, ёрилади яралар.

Қайиқдан тез югуради кунларим ва тугайди ноумид.

Эсла, умрим ўтар бамисоли ел ва яхшиликни кўриш учун қайтмас кўзларим.

Мени кўрганнинг кўзи кўрмас мени; кўзларинг менга тикилган, – мен эса йўқман.

Сийраклашар булутлар ва ғойиб бўлар; жаҳаннамга тушган худди шундай ундан чиқмас,

Қайтиб бормагай ўз уйига, жойи ҳам уни танимас энди.

Юмиб ўтирмайман-ку мен оғзимни; дилтангликда сўзларимни айтаман, алам ортиб нола-афғон қилгайман.

Ахир мен уммонмидим ва ёки уммон вуҳуши, қўриқчи қоровул қўясан менинг бошимга?

«Тўшагим ором бергай менга, дейман, қайғуларим даф этгай лўла болишим».

Тушлар юбориб ваҳима соласан жонимга, мусавварлар бирла ўртайсан мени.

Шунда жоним истайди тўхташини нафаснинг, ўлим яхши-ку, дейди, омонат суяк учун.

Ҳаёт жонимга тегди. Мангу яшамас бу жон. Қўй мени, зеро, кунлар бари беҳуда.

Нимадир у ўзи одам, қадр бердинг шунчалар унга, диққатингни қўйиб батамом.

Ҳар саҳарлар йўқлайсан уни ва синайсан қўймай ҳар дақиқада?

Қачонгача ўз ҳолимга қўймайсан мени, қачонгача нари кетмайсан, қачонгача қўймагайсан сўлакайим ютгали?

Гуноҳ қилган бўлсам, ахир не қилдим сенга, эй одамлар Посбони? Нима учун қўйдинг мени ўзингга қарши, ўз ёғимда қовуриб?

Бўлмасми оғир гуноҳимни кечириб, қилмишларни оғирини елкамдан олиб? Зеро, ана мен ётурман қора тупроққа; эртан эса қидириб топмассан мени.

8-БОБ

Савхейлик Вилдод жавоб бериб унга, деди:

Нечук гапни чўздинг бунчалар? – оғзингдан чиқар сўзлар худди бўрон шамоли!

Наҳот, Худо айнитади ҳукмни, наҳот Малик Мулк эвритади адлни?

Ўғлонларинг унинг олдида қилган бўлсалар гуноҳ, қилмишлари жатини тоттиргайдир уларга.

Агарда сен энди ёлворсанг Худога, Малик Мулкка дуо-ибодат қилсанг?

Бўлсанг агар мутаҳҳар-тоза, ҳақ эсанг, шу ондаёқ бошинг узра тургайдир Ул, ҳақни қарор топтиргайдир маконингда Ул.

Камроқ бўлган эса илгари молу ҳол сенда, ке­йинчалик бисёр кўпайтириб бергай Ул.

Зеро, сўрагайсан аввал ўтган қарну ақронлардан сен ва зеҳнинг сол: уларнинг бошидан нималар ўтди;

Биз эса дунёга кеча келганмиз, ҳеч нарса билмаймиз, бинобарин, бизнинг кунларимиз ер юзида соя билан баробар.

Ана улар ўргатишар сенга, айтиб беришар, чин юракдан чиқар сўзлари.

Нам бўлмаса, тил чўзарми қиёқ? Сув оқмаса, бўй узарми қамиш?

У кўм-кўк яшнаган чоғи ҳали ўрилмай туриб, бошқа майса-гиёҳдан аввал қуригайдир баногоҳ.

Худовандни унутганлар қисмати шулдир; мунофиқнинг умиди ҳам сўнгайдир;

Орзулари бўлур чилпарчин, ишончлари – ўргимчакхона.

Уясига суянса ул қулаб тушгайдир; тутай деса тутиб бўлмас, йиқилгай албат.

Кўкаланар у қуёшга боқиб боғу роғдан ошиб кетар шохалари ҳам;

Уюм-уюм тошларга чирмашар томирлари, ёриб ўтар уларни.

Аммо уни жойидан юлиб олсалар, дарҳол воз кечар ундан: «Кўрганим йўқ сени ҳеч қачон!»

Кўрган куни шул унинг! Ердан эса энди унар бошқалар.

Кўрдингми сен, Худо зое этмас маъсумни ва қўлламас ёвузларнинг қўлини.

Ҳали Ул шўх кулгилар ато этгай сенга, лабларинг­ни тўлдиргай шодон сасларга.

Сени ёмон кўрганлар уятга қолгай, бадкирдорлар чодирлари соврилиб йитгай.

9-БОБ

Унга жавоб бериб Айюб, деди:

Рост! Биламан шундайлигини; аммо инсон Худованд олдида ўзини қандай оқлайди?

Магар У билан сўйлашмоқчи бўлса, жавоб беролмайди лоақал мингдан бирига.

Қалби доно, ўзи куч-қудратга тўла; ким Унга исён қилса, хотиржам бўлгайми ҳеч?

У тоғларни ўрнидан силжитар ва таний олмаслар уларни; Ўз ғазаби билан уларни ун қилиб элар;

Заминни кўчирар жойидан ва қалтирайди унинг устунлари;

Қуёшга буюрар ва у чиқмас уфқдан, юлдузларга ҳам босар муҳрини.

Бир ўзи самоларни ёяди ва уммон ўркачлари узра югурар;

Ос, Кесил ва Ҳимни яратди [8], жанубнинг яширин хазиналарини барпо қилди;

Буюкдан буюк, бепоёндан бепоён, ажойиб-ғаройиб амаллар қилар!

Мана У олдимдан ўтиб боради, мен кўролмасман Уни; ғувиллаб ўтади, сезмай қоламан.

Ҳаммасини олади, ким билдирар эътироз? «Нима қиляпсан?» – деб оғиз очгай ким?

Худойим ғазабини бекор қилмас; такаббурлар Унинг ҳузурида нест-нобуд бўлур.

Боз устига Унинг қошида жавоб бермоққа тилим боргайми, тилимга келгайми Унинг қошида сўзлар?

Ҳақ бўлган чоғимда ҳам Унга сўз айтмасман, Ҳақиму Ҳаққа ёлворгайман мен.

Чорласам эдим агар мен ва У менга жавоб берсайди, – ишонмас эдим У менинг ундовим эшитганига,

Қуюнларда нишонга олгай мени ва еткизгай жароҳат узра жароҳат мен бегуноҳга.

Нафас олдиргани қўймас, бостиради алам устига алам.

Куч ишлатаман десанг, ким тенг келар Унинг қудратига; қозилашмоқчи бўлсанг мабодо, ким ўртада турар?

Ўзимни оқламоқчи бўлсам агарда, ўз тилим ўзимни айблар, мабодо мен бегуноҳ бўлсам, У айбдор деб топгай мени,

Гуноҳим йўқ менинг; истайман билишни дилимни, ҳаётимдан нафратим келар.

Ҳаммаси бари бир; У айбсизни ҳам, айбдорни ҳам ҳалок қилади дейман.

Бировни агар У қамчиси зарбига дучор айласа, анов бегуноҳлар азоби устидан қаҳ-қаҳ отиб кулгай У.

Ташлаб қўйган заминни У бетавфиқлар ҳукмига; қозиларнинг юзларига парда тутади. У бўлмаса ким ахир?

Чопардан ҳам тез чопиб ўтар кунларим – чопар, аммо кўрмайди ҳеч яхшилик;

Худди тез учар кемалардек елар кунлар, гўё бургут ташлангандек ўлжага.

Агарда мен: «Унутайин шикваларим, юз-чеҳрамни очайин, бардам бўлайин», десам,

Барча азобларим мени қўймас, биларманки, сен мени бегуноҳ деб топмассан.

Агардаки, мен гуноҳкор бўлсам, нечун бунча изтироблар чекаман?

Мабодо мен қор сувига чўмилиб, қўлларимни буткул пок айлаганда ҳам,

Ўшанда ҳам Сен мени лой-балчиққа қоргайсан ва либосларим ўшанда мендан айлагай нафрат.

Зеро, У одам эмас мен каби, токи мен жавоб айтсам Унга ва бирга йўл олсам қози маҳкамасига!

Иккимизнинг ўртасида бошимизга қўлин қўйгали воситачи йўқ.

Узоқ тутсин мендан нари ҳассасини ва қўрққанимдан жоним менинг титрамагай тўхтовсиз;

Ўшанда мен сўзлагайман ва қўрқиб турмасман Ундан; зеро, мен ўз-ўзимча шундай бўлмадим.

10-БОБ

АЙЮБ ЗИКРИНИНГ ДАВОМИ

Жонимга ҳам тегиб кетди менинг бу умри ҳолим; ўз ғамимга ўзим ботдим; аламзада юрагимнинг додин айтайин.

Айтай Худойимга: мени гуноҳкор этма; Ўзинг айтгил менга. Сен менга шуни айт: курашасан мен билан нечун?

Сен эзасан, Сенга шу яхшими, ўз қилган ишингдан ўзинг нафратланурсан, ёруғлик йўллайсан бетавфиқлар машваратига?

Нафсоний назар соласанми ахир Сен, бамисоли одамлар каби?

Ахир Сенинг кунларинг одамларнинг кунлари кабими ёки йилларинг ўхшайдими эр йилларига?

Нега мендан нуқсон излайсан ва нечун қидирасан гуноҳлар.

Биласан-ку, ахир мен бегуноҳ эмасман ва ҳеч ким қутқаролмас мени Сенинг қўлингдан?

Меҳнат қилмадими қўлларинг менинг устимда ва яратмадими мени гир айлантириб, – шундоқ бўла туриб ҳалок қилгайсанми мени?

Сен мени худди гил каби ясадинг ва тупроққа эвирасан мени, эсламайсанми?

Сен эмасми мени сут каби оқизган ва қатиқ каби ивитган?

Тана ва тери билан қопладинг, суяк, томир билан мустаҳкамладинг.

Ҳаёт бериб марҳамат қилдинг, жонимни ардоқлаб асрадинг?

Лекин Сен яна шуни ҳам кўнглингда гизладинг – менга маълум Сенинг бу ишинг –

Мабодо гуноҳ қилсам мен Сен дарров биласан ва гуноҳимни қўймайсан жазосиз.

Мен айбдор бўлсам, шўрим қуриди! Ҳақ бўлсам ҳам ердан кўтаролмасман бошимни. Тўйиб кетдим хўрликлардан! Ўзинг кўр ҳоли зоримни;

Ортиб борар кундан кун. Ортимдан қувасан худди шер каби ва яна бостириб келасан ва ғаройиб кўринасан менинг наздимда.

Менга қарши янги гувоҳлар топасан; ва яна менга ғазабинг ортади; ва бири кетидан бири кулфатлар бостириб келади устимга.

Нега мени чиқардинг онамнинг қурсоғидан? Ҳали ҳеч ким кўрмай туриб мени ўлиб кетсам бўлмасмиди?

Мен худди ҳеч бўлмагандай қурсоқдан тўғри тобутга ўтсам бўлмасмиди!

Қисқа эмасми кунларим? Қўйгил мени, чекил нари, нафас ростлайин бир зум,

Ҳадемай ўтарман, – ва сўнг қайтмагайман бот, – йўл олиб ўлимнинг қоронғи ва зулмат салтанатига, Ўлимнинг Зулмат диёри, қоронғи Зулмат, унда йўқ истиқомат, фақат Зулмату Зулма.

11-БОБ

СОФАРНИНГ ИЛК ЗИКРИ

Жавоб бериб Софар Наомий, деди:

Нима сўз кўп бўлса агар, унга жавоб бериб бўлмасми, ахир ҳақ бўларми кўп гапирган?

Жим қилиб қўйгайми сенинг абас сўзларинг эранларни, тийгайми оғизларини улар сени уялтирмоқдан?

Сен: «Менинг фикрларим тўғри ва Худо кўз ўнгида мен покман», деб айтдинг.

Магарким, Худо тилга кириб сенга оғзини очсайди.

Ва ўз корхонасин сирларин Сенга кўрсатсайди, маълум бўлмасмиди унда икки карра кўпроқ жазо тортмоғинг! Ана шундан билиб қўй, баъзи бешарр ишларингни Худо унутишни лозим кўрган.

Сен Худони таҳқиқ топа оласанми? Маликул Мулкни тамом билдим деб айта оласанми?

У самолардан юксакроқдир, – қўлингдан нима келади? Жаҳаннамлардан чуқурроқ, – сен нени билурсан?

Унинг қаричи ердан узунроқ, васероқдир уммонлардан.

Мабодо у жаҳд этиб, кишан урса кимнингдир оёғига ва топширса маҳкамага, бўлгай тўсиқ ким Унга?

Зеро, У билиб тургай барча каззобларни ва кўриб тургай бешарр ишларни ва буларни назаридан қочирмас асло.

Аммо бўш одам ақлбозлик қилгай ва ҳолбуки, одам боласи ёввойи қулон хўтиги каби туғилгай.

Ва мабодо сен юракни тергаб турсанг, ва қўлларингни Унга тамом чўзсанг,

Ва мабодо қўлингда иллат бўлса, ва сен ундан халос бўлсанг, ва чодирингга йўлатмасанг бешарр­ликларни,

Унда билгил, юзинг ёруғ бўлиб, баланд кўтаргайсан бошингни, ва бўлгайсан мисли метин, ва босмагай сени қалтироқ,

Унутгайсан ғам-андуҳни; оқиб кетган сувдай эслайсан уни.

Туш чоғидай тиниқ кечгай умргузаринг; ёришгайдир юзинг худди тонг каби.

Хотиринг жам бўлгай, зеро умид-уманч туғилгай; иҳота қилинмишсан, ва ухлагайсан осуда.

Ётурсан тўшакда бемалол, эркин, ва хушомадгўйлар билан тўлгай ён-веринг.

Кўзлари оқиб тушгай бешаррларнинг, қочарга жой қолмас, ва сўнгай умид-уманчлари.

12-БОБ

Айюб жавоб айтиб уларга, деди:

Ҳақиқатан, фақат сизларсиз одам ва сиз билан умри тугар ҳикматнинг!

Менинг ҳам юрагим бор худди сиз каби; сиздан кўра паст эмасман мен: буларни ким ҳам билмайди?

Ошно мени кулги қилди, ҳолбуки, мен муножат қилгандим Худога ва Худо ҳам унга айтмишди калом; кулги бўлдим мен тақводор, маъсум бир одам.

Фикри туриб тўхтаб қолган манфурдир, туртиниб, қоқилиб юрганлар учун машъал ёқилгай.

Қароқчининг чодирлари эминликда ва омондир Худо билан ҳазиллашганлар, ўзларини кўрсатишар кўтаргандай худди қўлда Худони.

Ҳақиқатан ҳам, майли, сўргил қорамолдан, – ўргатиб қўяр сени, ва сўрагил кўкда учган қушлардан, – дарак бергайдир сенга;

Ё замин билан тиллашиб кўр: ўгитин айтгай сенга ва сўзин айтгай денгиздаги балиқлар.

Ким билмайди буларнинг барини Худо ўз қўли билан яратганлигини?

Борлиқ мавжудотнинг жони ва инсон вужудининг руҳи Унинг қўлидадир.

Қулоқ эмасми сўзларни фарқловчи ва тил эмасми таъмларни ажратувчи?

Бузрукларга дониш берди, узоқ яшовчиларга ақл.

Ҳикмат ва қудрат Унда; Оқиллик ва кенгаш Уники.

У бузганни ҳеч ким қуролмас; У қамаган ҳеч қачон озод бўлмас.

Сувларни тўхтатса, ҳаммаси қурийди; уларни бўшатса, ер ўзгаради.

У қодир ва ҳакам; адашувчи ҳам, адаштирувчи ҳам Унинг ҳузурида.

Маслаҳатчиларни У ноқис айлагай ва қозиларни аҳмоқ қилиб қўйгай.

Шоҳларни маҳрум айлар камарбандларидан ва белбоғ билан ўрайди белларини.

Маҳрум этар каназларни шукуҳдан ва мардларни ағдаради маснаддан;

Лаффозларнинг суғуриб олар тилларини, қариларнинг ақлу ҳушин кам этар.

Номдорларни қилиб қўяди шамгин ва зўраборнинг қирчинидан қайиргай.

Зулмат бир теранлик очади, ва ёруғга чиқаргайдир ўлимнинг шарпасини.

Уруғини урчитади халқларнинг ва яна Ўзи маҳв этар уларни; қавмларни тўзғитади ва яна йиғиштириб жамлайди.

Замин халқлари бошчиларин ақлларин кам этиб, айлагайдир йўлсиз саҳроларда саргардон.

Зулмат ичра туртинишиб, суриниб, мастлар мисол гандираклаб юрарлар.

13-БОБ

АЙЮБ ЗИКРИНИНГ ДАВОМИ

Ушбуларнинг барини кўрди кўзларим, эшитди қулоқларим ва олди ўз ақли писандасига.

Сиз қанча билсангиз, мен ҳам шунча биламан; сиздан пастроқ эмасман.

Аммо мен Маликул Мулк бирлан сўйлашсам дейман ва баслашсам дейман Худонинг ўзи билан.

Сиз эса ёлғон маслаҳатчи; ҳаммангиз нафи йўқ табибларсиз.

О, қанийди, сиз индамай оғзингизни юмиб турсангиз! Бу сиз томондан донолик бўлур эди.

Менинг муҳокамаларим тинглангиз, тилимдан чиққан эътирозларга зеҳн солингиз.

Лозим кўрганмисиз Худо учун сўйламоқни ёлғонни ва сўйлаганмисиз Унинг йўлига ёлғон?

Ҳеч лозимми сизга Уни юзхотир қилмоқ ва Худо учун тортишмоқ?

Чоғингиз келарми У синаган чоғда? Алдармидингиз Уни алдагандай одамни?

Сиз гизли иккиюзлик қилсангиз ҳам, сизни У жазолагай қўймасдан.

Наҳот қўрқмасангиз Унинг маҳобатидан, даҳшати жонингизга титроқ солмасми?

Кулга ўхшар сизнинг дашномларингиз; пойингиз, маснадингиз ясалмиш лойдин.

Оғзингиз юмиб, жим туринг қошимда, мен сўйлайман энди не тушмасин бошимга.

Тишим бирлан танимни нечун парканд айлайин, нега берай жонимни қўлларимнинг измига?

Мана, у мени ҳалок айламоқда; аммо ҳали умидимдан айрилганим йўқ; мен фақат ўз йўлим ҳақлигини исбот қилсам дейман Унинг олдида!

Унинг ҳузурида бу билан ўзимни оқлагандай бўла қолай; нега деганда, мунофиқ Унга рўпара бўлолмайди.

Менинг сўзларим, сизга тушунтираётган гапларимни диққат билан эшитинг, қулоғингизга қуйиб олинг.

Мана мен ишимни маҳкамага қўйдим; ҳақ чиқишимни биламан.

Ким мени ноҳақ дея олади? Зеро, тезда нафасим ўчкай, жон мени тарк этгай.

Фақат икки нарсани бошимга солма, ана ўшанда мен ҳузурингда яшириниб ўтирмагайман;

Мендан қўлингни торт ва Сенинг даҳшатинг мени ларзага солмагай:

Ўшанда мени чақир ва мен лаббай деб жавоб бергайман, ёйинки мен сўзлайин, Сен эса менга жавоб бер.

Қанча менинг нуқсонларим, гуноҳларим? Менга шаррсиз ишларим ва гуноҳимни кўрсат.

Нима учун мендан юзингни яширасан ва мени ўзингга душман деб биласан?

Қилмаяпсанми Сен пароканда хазон япроғини ва таъқиб этмаяпсанми қуриган сомон чўпини?

Ёзиғимга аччиқ гуноҳларни ёзасан ва ёшликдаги ёзғитларим учун жазоламоқчи бўласан.

Оёқларимга ғўл урасан ва қадам-бақадам тазйиқ этасан, ва қувиб юрасан қолмай орқамдан.

Оёқларим қолдирган излар ўчиб бормоқда ва бамисоли куя тушган кийим каби тўзмоқда.

14-БОБ

АЙЮБ ЗИКРИНИНГ ДАВОМИ

Хотин киши туққан одам боласининг умри қисқа ва ғам-қайғуга ботиб ётади.

Чечак янглиғ очилади ва тўкилади гуллари; соя каби қочади ва тўхтамайди бир зумга.

Ана шунга кўзларингни тиккансан Сен ва мени ҳам маҳкамангга судрайсан.

Ким ҳаромдан тоза туғилгай? Йўқ биронта кас.

Унинг кунлари белгили бўлса, ойларининг саноғи Сенда; унинг чекини ўлчаб қўйган бўлсанг, у чиқолмагай бу чекдан:

Шундоқ уни ўз ҳолига қўй, чоракордай кунларини битирмагунча, ҳоло ростласин нафас.

Оғочнинг умиди бор, агарда у кесилганда ҳам, балки яна кўкаргай, бош уриб чиққай яшил навдалари.

Агар ер бағрида унинг илдиз ўзаги чириган эса ва тўнкаси чанг босиб қотган эса,

Сезгани ҳамон сувнинг нафасин, кўкаргай куртак ёзиб ва худди янги экилгандай барг ёзгай.

Одам боласи эса ўлгач, чирийди; ана кетти, топилмас изи, қани?

Ойнакўлдан сув қочгай ва наҳру руд ҳам қуриб қақрайди.

Шундай одам ётади-ю оёғин чўзиб, сўнг турмайди: то осмон қуригунча уйғонмас уйқудан ва очмас кўзини.

О, Сен мени жаҳаннамга яширсайдинг, қаҳринг ёзилгунча кўмсайдинг мени кўздан йироқ, муҳлат берсайдинг менга ва сўнг ёдга олсайдинг мени!

Одам ўлгандан кейин яшармикин яна сира ҳам? Чекимга тушган муҳлат ўтгунча менинг ўрнимга бошқаси келишини кутган бўлардим.

Ва Сен чорласайдинг, мен жавоб берардим Сенга; ва Сен раҳмат эшигини очармидинг ўз махлуқингга.

Ана ўшанда Сен қадамларимни санардинг ва олмасдинг гуноҳимни тазйиққа;

Суҳуфингда бешаррлигим ёзиб қўйилсайди ва Сен ёпган бўлардинг айбимни.

Аммо тоғ қулаб, вайрон бўлар ва қоя ҳам кўчгайдир ўз жойидан.

Сув емирар тошларни; тошқинлари ювар замин ғуборларини: худди шундай йўқ қилурсан инсон умидларини.

Сиқурсан уни сўнгги дамгача ва у кеткай; ўзгартириб юзини жўнатиб юборурсан.

Билмас у болаларининг ҳолини, ё яшарми хорлик-зорликда била билмас у.

Аммо жони-тани унинг оғрийди, ўртанади юраги-бағри.

15-БОБ

ЭЛИФАЗНИНГ ИККИНЧИ ЗИКРИ

Феманлик Элифаз жавоб бериб, айтди:

Йўл қўйгайми доно таги пуч сўзга ва тўлдиргайми ичини ҳовурли елга,

Беҳуда зикру зод била оқлагайми ўзини, кучин бўшга кетказиб?

Сен ҳеч нарсадан қўрқмай қўйдинг ва арзимас нарсадай қарайсан Худога сўз айтишни.

Тилингни қайрайди шаррсизлигинг ва лўттивозлар тилида гапирасан сен.

Мен эмасман, тилинг сенга айб ўқийди, ўз тилинг сўйлайди ўзингга қарши.

Нима, сен илк одам бўлиб туғилганмисан ва пайдо бўлганмисан қирлардан олдин?

Эшитганмисан ё Худодан вақт келганини ва донишманд бўлганмисан Худо сўзидан?

Биз билмаганни сен билармисан? Бизда бўлмаган нимани назарда тутасан сен?

Отанг ёшидан кўра сочи оқроқ мўйсафид бор бизнинг орамизда.

Худонинг таскин-тасалли инояти етмасми сенга? Наҳот сен билмайсан буни?

Юрагинг неларга жонсарак умтилар сенинг ва не боис бунчалар мағрур боқасан?

Нега руҳингни Худога қарши қўясан ва тилингни тиймайсан бундай сўзлардан?

Пок бўла олур эканми хотин зотидан туғилмиш инсон ва бўла олурмикин иймон, тавфиқли?

Ана У Ўз авлиёларига ҳам ишона олмас ва самолар Унинг назарида мусаффо эмас:

Шаррсизликни сувдай ичган кишилар ундан ортиқ макруҳ, айнигандир.

Мен сенга айтаман, сен эса қулоқ сол: ҳикоя қилиб берай сенга кўрганларимни.

Ва оқилларнинг эшитганларини ва оталардан эшитганларин яширмаганларини,

Ёлғиз уларга ер берилмишди ва улар орасида йўқ эди бегона:

Иймонсиз ўзини бир умр қийнагайдир, золимнинг йиллари қисқарар илло:

Ваҳшат овозлари кетмас қулоқларидан; куппа-кундуз куни золим ғазабига дуч келар.

Зулматдан қутулмоқнинг йўқ унга умиди; боши узра осилиб тургай шамшир.

Бир парча нон тамайида кезар саргардон; ўзи ҳам билар энди соб бўлганини, қўли ҳам тутмайди зулматдан ўзгасини.

Қўрқитади уни йўқчилик ва танглик; худди жанг­га ҳозирлик кўрган шоҳдай енгади уни.

Худога қўл кўтарганнинг тақдири шундай, қаршилик қилганга Маликка йўқ ўзга қисмат.

Худога қарши боради гарданин чўзиб, қалин қалқон орқасига беркиниб;

Зеро, у қоплади бетини қалин мой билан, аравасин тўлдирди қопу қанорлар.

Таланмиш шаҳарларда истиқомат қилур ул, эгаллагай ҳувиллаб ётмиш уйларни, билмайдики, тез орада вайрона бўлар булар.

Давлат вафо қилмас унга, бут турмайди молу мулки ва тарқамас ер юзига фаровонлиги.

Қочиб қутулмагай зулматдан; мучаларин қуритгайдир ўт-олов, ялагайдир уни аланганинг тиллари.

Ишонмасин адашган ўтган-кетган беҳудага, зотан, қолур унга мукофот шу ўтган-кетган беҳуда.

Ўтиб кетгай дунёдан бевақт, бемавруд ва кўкармагай навдалари яшилланиб.

Узум сўрисидай тўккай ҳосилини ва зайтун каби тутмагай гули.

Номуссизнинг уйи шундоқ бўшаб қолади ва ҳаромхўр чодирлари ўт ичида ёнади.

Зулм уруғини экди, ёлғон, алдоқ туғди у, қурсоғида етиштирди каззоблик.

16-БОБ

АЙЮБНИНГ ТЎРТИНЧИ ЗИКРИ

Айюб жавоб бериб, айтди:

Кўп эшитдим бундай гапларни; жуда ночор тас­кинларингиз.

Ҳавойи сўзларнинг борми охири? Нима мажбур қилди сени бундай дейишга?

Мабодо сизнинг жонингиз менинг жоним ўрнида бўлса, мен ҳам худди сиздай сўйлаган бўлар эдим: бошингизга ёғдирардим таъналар ва бошим силкиб кўрсатардим сизларни;

Тилим билан тасдиқлаб сўзларингизни, дудоғим-ла берур эдим тасалли.

Қайғум босилди деб айта олармикинман, дард чекинди деб бўлармикинман хотиржам?

Аммо энди У мени батамом қилди абгор, хонавайрон бўлдим Унинг дастидан.

Менга қарши бўлганинг исботига юзларимни ажинлар билан қопладинг, забун ҳолим бош кўтаргани қўймас, ёғдирар устимга маломатларни.

Ғазаби қиймалар жонимни, ўртайди ғаним каби, тишларини ғижирлатар менга; қадаб турар кўзларини тўхтовсиз.

Ютиб юборай деб, комларини катта очишган; сўкинишиб уришади икки бетимга: ҳаммалари менга қарши тил бириктирган.

Бешаррларнинг қўлига топширди мени Худо, улоқтирди мени бетавфиқлар комига.

Хотиржам эдим мен, аммо У ларзага солди мени; бўғиб мени бўғзимдан ўласи қилиб урди, бўшатмайди қасди-бастидан.

Қуршаб олдилар мени Унинг ўқотарлари; ичимни ҳам аямай нимталаб ташлади У; ерга тўкди бор зардобимни.

Вужудимда очади ўпқонлар кетма-кет; сарбоз каби ташланади менга тик.

Жулдур йиртиқ-ямоқ илиб олдим устимга ва бошимни қўйдим хоки туробга.

Йиғлайвериб хум бўлди юзим, қовоғимга қўнди ўлим шарпаси.

Ҳар қанча бўлса ҳам, қўлларим урмадим ўғриликка ва дуоларим покдир ҳар қачон.

Замин! Қонимни яширма менинг, нола-фарёд кўтармайин мен.

Мана, ҳозир самоларда менинг Гувоҳим ва ҳимоячим Арши аълода!

Сиз менинг сергап дўстларим! Кўзларим ёш тўкар Худога.

Инсон ўғли ўз қардоши каби қани эди Худо билан тортиша олса!

Зеро, тугаб бораётир умр йилларим, қайтиб келмас бўлиб кетаётирман.

17-БОБ

АЙЮБ ЗИКРИНИНГ ДАВОМИ

Нафас олишим қисқарди; кунларим сўна бормоқда; кўз ўнгимда тобутлар туради.

Улар масхаралаб кулишмасайди, улар қанча тортишмасинлар, кўзларим осуда боқарди.

Ўзинг Ўз олдингда мени ҳимоятингга, кафолатингга ол! Ложарам, ким менга кафолат бергай?

Зотан, Сен уларнинг юракларини оқилликдан маҳрум айладинг, шунинг учун тантана қилмоққа йўл қўймайсан уларга.

Кимда ким ўз дўстларини емиш қилса, болаларининг кўзлари оқиб тушгай.

У мени халқи олам ичра масал айлади ва кулгига қолдим.

Қайғу-ғамдан кўз ўнгим қорайди ва аъзоларим сояга айланди.

Ҳайратга тушар бундан тақводорлар, бегуноҳлар мунофиқдан норози бўлар.

Бироқ тақводор ўз сулугин маҳкам тутгай ва қўли пок тобора мустаҳкам оёқда тургай.

Ўрнингиздан туриб сиз, яқин келинг ёнимга; ичингизда кўрмаяпман донишманд бир кишини.

Менинг кунларим ўтди; юрагимнинг мулки бўлган ўйларим – мажақланди.

Улар истар тунни кунга дўндирмоққа, ёруғликни қоронғига қовуштирмоққа.

Мабодо, мен кутсам ҳам эдим, барибир жаҳаннам менинг ётоғим; мен тўшагим қоронғида солгайман;

Айтгайдирман тобутимга: «Падаримсан сен менинг» ва дегайман қуртларга: «Сен онамсан ва синглим».

Энди не умид қолди менга? Ва мен кутганни кимнинг кўргайдир кўзи?

Умид тушгай жаҳаннамга ва мен бирлан кўмилгай қаро тупроққа.

18-БОБ

ВИЛДОДНИНГ ИККИНЧИ ЗИКРИ

Савхейлик Вилдод жавоб бериб, шундай деди:

Қачон сиз бас қиласиз бундай сўзларни? Аввал ўйлаб кўринг, сўнг гаплашайлик.

Бизга ҳайвон бўлмоқ нимага керак ва ўзимизни ўзимиз нега хўрлайлик ахир?

О, сен, қаҳринг билан дилингни вайрон қилгувчи! Наҳот сенга замин бўм-бўш ва қоялар ўрнидан силжиса!

Бор-е, бешаррнинг чироғи ўчсин, оловининг чўғи учқуни-да қолмасин.

Унинг чодири зулматга чўмсин ва боши узра ёнган шам ўчсин.

Куч-қудратининг қадами тинсин ва ёвуз нияти ўзига урсин.

Зеро, у ўз оёғи билан тузоққа тушгай ва ўргимчак тўрлари узра қадам ташлагай.

Тузоқ оёғидан маҳкам қисгай ва қароқчи чангалига тушгай.

Ер юзида унга яширин қопқонлар қўйилган ва йўлларига пистирмалар босилган.

Тўрт томондан унинг устига даҳшат ёпирилгай ва у ўзини ҳар ёққа ургай.

Очликдан мадори қолмагай ва ҳалокат ёқасига келгай.

Унинг аъзолари жисмини егай ва аъзоларини ўлимнинг тўнғизи ошагай.

Унинг чодиридан умиди бадарға бўлғай ва уни даҳшатлар салтанатига қувгай.

Бегоналар эгаллагай чодирини ва айрилгай у ётоғидан; ва кул босгай қўналғасини.

Остидаги томирлари қуригай; ва устида навдалари сўлигай.

Ер юзидан хотираси ўчгайдир ва номи ҳам майдонга ёзилмагай.

Ёруғликдан зулматларга қувгайлар ва ер юзидан ном-нишони ўчгайдир.

Халқ ичида бўлгайдир на ўғли ва невараси; ҳеч ким қолмас унинг қўрғонларида.

Насллари уни ўйлаб даҳшатга тушар ва қаринлар

...