Bizdan rozi bo'ling, ota
Қосымшада ыңғайлырақҚосымшаны жүктеуге арналған QRRuStore · Samsung Galaxy Store
Huawei AppGallery · Xiaomi GetApps

автордың кітабын онлайн тегін оқу  Bizdan rozi bo'ling, ota

Улуғбек Ҳамдам

Биздан рози бўлинг,

ОТА

БИЗДАН РОЗИ БЎЛИНГ, ОТА!
(роман-эссе)

Сўзбоши

ОТА ДУОСИ

Ота ҳамма халқларда бирдай улуғланади, чунки у оила бошлиғи, сулола боши, давлат таянчи. Айниқса, турк халқлари отанинг қадрини улуғ баҳолайди. Тасаввуф адабиётида ота, дада, бобо нисбатлари тариқат раҳнамосига, улуғ шайхларга нисбатан қўлланилган. Турклар халқ мақолини ҳам отасўзи деб айтадиларки, бу бирикмада ота халқ маъносига яқин келади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, эл севган адиб Ўткир Ҳошимов бир новеллани такрорлашни ёқтирар эдилар: «Йиллик меҳнат ҳосили бўлган буғдойзорга ўт тушди. Олов шунчалик кенгайиб кетдики, хирмон ҳам, омбор ҳам унга қўшилиб ёнди. Оталар хомуш, бош эгиб ўтиришарди. Оналарнинг нигоҳи, болаларининг умиди оталарга қаратилган. Бироқ... чорасиз. Шунда бир эркак ўрнидан турди (ҳали қандай қарорга келганини бошқалар анг­лаб етгани йўқ). Шунда оналар бахтлиларча хотиржамландилар: қандай қодир эрлари бор уларнинг. Болалар қувонч билан чуғурлашди: қандай ботир оталари бор уларнинг». Шу ўринда ривоят тугайди, бу қодир ота буғдой – нонни сақлаб қоладими, йўқми у ҳақда айтилмаган. Бироқ эр отанинг бир қарорга келиши – муаммонинг ҳал бўлиши, деган хулосани беради шу қисқа сюжетнинг ўзи.

Икки йилча аввал таниқли адиб ва олим Улуғбек Ҳамдамнинг «Ота» романи чоп бўлиб, эл оғзига тушган ва бир неча бор қайта нашр қилингани маълум. Устоз Умар­али Норматов (Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин) роман ҳақида ёзган «Ота»га таъзим» мақоласида: «Мавзу-мундарижа, тасвир, талқин жиҳатидан аввалги асарларининг бирортасини такрорламайдиган бу романдаги Иккинчи жаҳон уруши воқеаларидан тортиб бугунги кунимизга қадар содир бўлган ҳам ваҳшатли, ҳам қувончли лаҳзалар ўқувчи кўзи олдида баралла гавдаланади. Бир ихчам роман бағрида йигирмадан ортиқ турфа тирик сиймоларнинг ҳам чигал, ҳам қувончли кунлари, ғаройиб қисмати билан танишган китобхон ҳайратдан ёқа ушлайди. Адабиётимиз, жумладан, романчилигимиз фалаж ҳолатга тушиб қолган ҳозирги шароитда бу асар роман жанрига қайта жон ато этди». Бундай узоқ кўчирмадан мурод – роман ҳақидаги таассуротларим асосида раҳматли устозимиз билан баҳсга киришиш эмас, балки «Ота» романи ҳақидаги шу фикрларга қўшилган ҳолда муаллифнинг «Биздан рози бўлинг, ота!» роман-эссесига эътиборни кўчириш.

Аввало, асарнинг жанрига диққатни қаратсак: роман-эссе. Ғарб ва рус адабиётида бу жанр анча фаол. Бу жанр биргина романга хос эпик кўлам, кўповозлилик, сюжет­нинг сертармоқлиги, асар композициясининг қатламдорлиги ва бошқа хусусиятларни ўзига олиш билан бирга услубда таҳлилдан кўра публицистик талқинга ён бериш, асарда муаллиф-қаҳрамоннинг иштироки, баённинг биринчи шахс томонидан олиб борилиши, услубнинг хотиранамолиги каби жиҳатларни ўзида бирлаштиради. Бу каби сифатларга эга В.А.Чивилихиннинг «Хотира» романи ХХ аср рус адабиётида анча шов-шувларга сабаб бўлгани эсимизда.

Улуғбек Ҳамдам ўз асарини «Биздан рози бўлинг, ота!» деб қўйди. Бу билан аввалги романларидаги каби сарлавҳага («Мувозанат», «Исён ва итоат») инсоний мулоқот ва сифатларни эмас, балки тўғридан-тўғри ўз ният ва армонини олиб чиқади. Сергак китобхон асар сарлавҳасиданоқ ўғилнинг изтиробли армонларини кутади, уни энди нафақат кенг воқеалар фонида, балки муаллифнинг ўй-хаёллари, кўнгил изтироблари биринчи планга чиқади: «Ўз машинасида икки соатлик йўл бошидаги Гулистон университетига кетаётиб ҳам ота-онасидан дуо оладиган одамнинг қарийб 5000 км лик узоқ юртга бир эмас, икки учоқда учаётиб ҳам дуо олмаганига нима дейсиз энди. Ўша одам менман десам-чи, яна жим турасизми ё сўкасизми бўралаб!.. Сўкинг, уришинг, ҳар қанча танбеҳ берсангиз – ҳақингиз». Бу сўзлар ўлим олдидан бош ўғлини қайта-қайта сўроқлаб, унга дилидагини айтолмаган Отага қаратилган эмас, китобхонга – тўғридан-тўғри муаллиф билан бирга сафарга чиққан, унинг сафар тадоригидан тортиб Осиёнинг йирик шаҳарларидан бирида кутубхона очилишига давлат томонидан таклиф этилган қаҳрамонга шерик – китобхонга қаратилган. Асар баёнида муаллиф ровий – баёнчи бўлса, китобхон ҳам тингловчи сифатида иштирок этади, бу диалог асарнинг ички қурилишини белгилайди. Бу билан, биринчидан, муаллиф ўз ҳаяжон ва туйғуларини китобхони билан очиқ-ошкора дардлашиш имконини топади, иккинчидан эса айни шу йўл билан бошқаларга сабоқ бўларли ҳиссий хулоса беради. «Ғафлат босди» дегани шу бўлса керак. Айримлар шундай вазиятларда ҳамма айбни шайтонга юклаб, ўзлари сувдан қуруқ чиқмоқчи бўлишади. Йўқ, бу ерда шайтоннинг сира айби йўқ. Айбу гуноҳ қилувчи «шайтон» дейдиган бўлсак, ўша шайтон менман шу тобда, эшитяпсизми, мен!..»

Бу каби таъсирчан сўзларни ўқиган китобхон, табиийки, озми-кўпми муаллиф дардига шерик бўлади. Яна ҳам муҳими, бунда на муаллиф-қаҳрамонни, на вазиятни, на «шайтон»ни қоралайди. Аксинча, ҳар ким ўз отасини ўйлайди. Вақтида таҳоратига сув беролмагани, хизматига шай бўлиб турмагани, қариганда ҳолидан хабар ололмагани ва борингки, Худо кўрсатмасин, сўнгги йўлга узатолмагани зилдай армон бўлиб қолади ўқувчига. Асарнинг муҳим таълимий сифати ҳам шунда.

Қаҳрамон қаерда бўлмасин, доимо Отани ўйлайди (энди кеч эмасми), у билан хаёлан суҳбат қуради, унинг маслаҳатига таянади. Шу ҳолат тасвирининг ўзи муаллифга ички диалог учун йўл беради, бу диалогда нафақат Ота ва ўғил, балки бундай мулоқот муаллиф-қаҳрамон билан отасининг қазосига етиб келолмаган ўғил ўртасида кечади. «Мана, сизнинг ўлимингиз ҳақидаги шумхабарни эшитганимдан кўнглимга кўзу қулоқ тутиб ўтирибман. У ерда сизнинг ўлимингизни аллақачон қабул қилиб қўйган ўғилни кўр- япман, эшитяпман. Ҳа, ўлим ҳақ. Буни англаганим учун ҳам қалбимда исён йўқ, лекин унинг ўрнида армон бор! Буюк армон! Ёнингизда бўлолмаганим учун ҳам ҳар замон – ҳар замонда бошқа ўғилларингиздан: «Улуғбек келмадими ҳали? Улуғбек қани?» дея сўраганингизда: «Лаббай, отажон!» деёлмаганимнинг армони қолди энди менинг кўнг­лимда. Энди у мени бутун умр таъқиб этади, бутун умр. Армон овчию мен ов бўламан энди, ота!..»

Халқимиз ўғилга ота ва устоздан сабоқ бераркан, улуғлик борасида доимо баҳс қилиб юрганимиз дилемма эсга келади: устоз отадан улуғми ёки отадек. Муаллиф бу эски баҳсни қўзғамайди, фақат уларни қаршилантириш йўлидан эмас, Ота ўғилга улуғ устоз бўлиши мумкинлигини, устоз­лар ҳам оталар каби доим меҳрибон бўлмоғи лозимлигини англатувчи сабоқ беради, улуғликда ҳар иккисини бирлаштиради. Отаси улуғ устоз бўлганини (ўғлига ҳам), ўғил шогирдлик борасида нўноқлик қилмаганини эслатувчи бир фикр беради: «Не бахтки ота, сиз бир умр менинг устозим бўлиб келдингиз! Мен ҳамиша сиздан ўрганишиб керак бўлган фазилатларни кўриб яшадим. Кўпинча, ёшлик қилиб, тўғрироғи, ғўрлик қилиб, нафсим истакларига енгилиб, сиз билан соатлашиб тортишган бўлсам-да, ич-ичдан кўпинча сизнинг ҳақли эканлигингизни билиб яшадим. Менинг фарзанд сифатидаги энг катта бахтим шу бўлса, не ажаб! Демак, устоз шогирдлик давом этади, ота! Ҳатто сизнинг жисман орамизда йўқлигингизда ҳам давом этади. Кўнглим сезиб турибдики, ҳали сиз жуда кўп йиллар қўлимдан тутиб етаклашингизни қўймайсиз».

Асарда нафақат ўғилларга, фарзанду набираларга, балки ҳар бир мўмин-мусулмонга сабоқ бўларли ўринлар талайгина. Сиз ўқиган ҳар бир сатр, ҳар бир саҳифа кўнгил китоби каби бутун бир миллатга сабоқ бера олади. Мен бу фикрлар билан роман-эссе мутолаасига ҳаммани баравар даъват этмоқчи эмасман. Зеро, бунинг ҳожати ҳам йўқ, чунки қарийб ўттиз йилдан бери қалам тебратиб, ўзбек адабий жараёнида ўз ўрнига эга бўлган фаол адиб Улуғбек Ҳамдамнинг ўз китобхонлари, мухлислари бор. Фақат янги асар мутолаасидан кейинги қисқа таассуротларим билан ўртоқлашдим, холос.

Умид қиламанки, Улуғбек Ҳамдам бу янги асари билан нфақат ўз мухлисларининг қалбини ёритади, балки янги-янги китобхонлар топиб, уларнинг кўнглига ҳам Ота дуосининг мўътабарлигини сингдира олади.

Ҳамидулла БОЛТАБОЕВ,
филология фанлари доктори, профессор

ТУШ

– Ота!.. – деганча уйғониб кетдим. «Хайрият, туш экан», дедим секин-аста ҳушимни йиғиб оларканман.

Тушимда отам узоқ-узоқларга, номаълум, айни дамда, аллақандай сирли-синоатли бир маконга кетаётган, мен бўлсам қўлларимни ортидан чўзганча интилиб: «Ота, ота!..» дея чақираётган эканман.

САФАР ДАРАГИ

– Ассалому алайкум!

– Ваалайкум ассалом!

– Улуғбек, яхшимисиз?

Телефон гўшагидан келаётган овозни танидим – ректор танишим.

– Яхшиман, Иброҳим ака, ўзингиз тинчмимиз?

– Шукр, тинч. Улуғбек, саёҳатга тобингиз қалай?

– Айни муддо бўларди. Анчадан бери ўтириб қолдим. Занглаб ҳам кетдим, чамаси, ака.

– Ҳа-ҳа-ҳа!.. – кулади Иброҳим ака ўзига ярашган овоз билан. – Унда Туркияга сафар бор. Ўзлари кутиб олишади. Янги очилган кутубхонага таклиф қилишяпти. Катта тадбир бўлади. Тайёргарликни кўраверинг.

– Баҳонада бир зангларни қоқиб келарканман-да?

– Шундай. Омон бўлинг!

– Раҳмат, ака, соғ бўлинг!

ЗАНГ

Ҳа, неча йиллик занг бу. Ҳужайра-ҳужайрамгача ўрнашиб қолган бўлса, ажабмас. Осон эканми энди уни қоқиб кетказиш...

Аммо сафарга руҳан тайёр бўлишим жуда қийин кечди. Илгари ҳам шу феълим туфайли Ҳиндистону Кипрга чўнтагимда нақд бўлиб турган сафарларни рад этгандим. «Бундан ҳам воз кечсаммикан?..» – ўйландим. Ахир, йўл азоби – гўр азоби. Юкларни кўтариб у ёққа бор, бу ёққа бор, нав­батда тур, сўра, тараддуд ичра яша, эҳ-ҳе-е-е! Устига-устак, ковид авж олаётган палла бўлса...

УСТАРАНИНГ ТИҒИ

Сафарга отланиб жомадонни ҳозирларканман, ниманидир қидириб, унинг киссасига қўлимни солишимни биламан бир нима «жиз» этиб бармоғимга санчилди. «Аҳ!» деб юбордим кутилмаган жароҳатдан. Қон шариллаб оқди. Қарасам, устаранинг ўткир тиғига номсиз бармоғимни уриб олибман. Аттанг! Йўлга кетаётганда ҳам шундай бўладими!..

Хаёлимда сафарнинг текширувлари, навбатлари, номаълумликлари айланади. Хуллас, қайси томондан қарама, йўл бу – ҳазил иш эмас. Айниқса, мендек ўйга, хаёлга, ўз ҳаёт тарзига кўниккан, янги одамлару танишувларга ҳадеганда қучоқ очиб боравермайдиган консервативроқ одам учун анчайин мушкул. Эҳтимол, буларнинг бари ҳалиги зангдандир. Мен ўз зангимни севиб қолгандирман – худди қул кишанига муҳаббат қўйгани каби. Шуни ўйладим-да, қатъий қарорга келдим: «Йўқ, мен бу саёҳатга чиқаман. Эски зангни қоқаман, тушираман, майли, янгисини тақиш керак бўлса, тақаман. Ҳар ҳолда, бу эски зангдан кўра яхшироқ...» Зеро, дўстларнинг эскиси яхши, қолган нарсаларни алмаштириб туришда фойда бор. Жумаладан, кайфиятни ҳам...

ТОШКЕНТ АЭРОПОРТИ

Аэропортда одам тўлиб ётибди. Қани вирус, қани ундан сақланиш, масофа сақлаш, карантин?!. Тавба, дея ёқа ушлайсан киши: ярим соат олдин «Бир-бирларингга яқинлашманглар, оралиқ масофани сақланглар!» дея ургудек бўлиб тепангга келган нозирлар қани?.. Энди ит эгасини танимайди: одамлар назорат пунктлари олдида гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бирларига қапишиб туришар – кутишарди.

Уларга қараб юрагим орқага тортиб кетди: «Нима бало, бутун Ўзбекистон кўчиб кетяптими?..»

Ўн олти йилдан бери юртдан ташқарига чиқмаган эканман. Феълимдан бу. Шу феъл туфайли ўзим ихтиёр этиб бирон сафарга отланмаганман. Ўзлари таклиф қилиб, «Чипта оламиз, етарки, кел!», дейишганда ҳам бормаганман. Мана, энди, ниҳоят, ўз уйимдан, «Улуғбек Ҳамдам» деб аталган қамоқхонадан бир ташқари чиқай, дедим. Ташқарида нима гап экан, билай дедим. Қарорим шу бўлди.

Аэропортдаги одамни кўрган андижонликлар ихтиёрсиз равишда «симидан» деб юборади. Қаердан келган бу «симидан» деган сўз, билмайман. Хотиним, қизим шу сўзни кўп ишлатишади. Айниқса, Андижоннинг Мингтепасига бориб келгандан кейин бир ойча шу сўз уларнинг тилларидан тушмайди.

Хуллас, одам симидан.

«Бутун Ўзбекистон кўчиб кетяптими, нима бало?» – деган ўй хаёлимга такрор урилади. Тавба!..

Мен отамнинг замонидан бери юрт чегарасидан ташқари чиқмаган эканман. Бунга ҳаракат ҳам қилмаганман. Айт­дим-у, ҳатто ўзлари таклиф қилиб, паспорт нусхаларингни юбор, чипта оламиз деганда ҳам рози бўлмаганман, деб. Мана, ниҳоят, энди қарор қилдим. Аэропортларни, хорижни, уларнинг одамларини бир кўрай, дедим. Ўзгалар қандай яшашяпти, қандай кийинишяпти, нималар ҳақида гап­лашишяпти, қандай мақсадларга интилишяпти – билай, кузатай, ўзим билан, ўзимизникилар билан солиштирай, хулосалар қилай, дедим. Ахир, мен ёзувчиман. Бас, замон билан ҳамқадаму ҳамнафас бўлмасам, замондошлар ҳақида нетиб сўз ёза оламан?!.

Хуллас, мен йўлга отлангандим. Ўз уйимдан, ўз мамлакатимдан, айтганимдек, «Улуғбек Ҳамдам» деган қамоқхонадан яна бир бор ташқари чиққандим.

ДУНЁ БЎЙЛАБ СОЧИЛАЁТГАН ЎЗБЕГИМ

– Варшавага кетяпман, – дейди марғилонлик, 30 – 32 ёшларда атрофидаги озғин, оқ-сариқдан келган йигит. – Андижонликлар ошхона очган у ерда. Жуда машҳур ошхона. Поляклар ўлиб қолади овқатига. «Сеть» қилиб олган. Ўзиям еттита «точка»си бор.

– Сиз нима иш қиласиз, ошпазмисиз? – сўрайман мен.

– Йўқ, овқат тарқатаман.

– Етказма билан шуғулланасиз, демак. Яхшими натижаси?

– Ҳа, ойда 2000 доллар қолади. Еб-ичишу жой пулидан ташқаридагиси бу. Алоҳида квартирада турамиз уч-тўрт киши бўлиб.

– Ҳа-а-а. Бола-чақа Марғилондами ё ҳали бўйдоқмисиз?

– Йўғ-а, бўйдоқлик қоптими, ака? Хотиним, иккита болам билан Ўзбекистонда, онамнинг ёнида улар, кексаларга қараш керак-ку!

– Ҳа, тўғри, оналарга қараш керак. Сиз қанчада бир келасиз Ватанга?

– Уч йилдан бери энди келиб-кетяпман. Бу гал узоқроқ муддатда келдим. Илгари вазиятга қараб бир йил, икки йилда келардим.

– Уч йилдан бери, дейсизми?

– Ҳа, визам тугаб қолувди, бориб янгилаб келяпман. Бўлмаса, чиқариб юбориб, қайтиб киргизмайди-да. Хорижни пулини ейиш осон эмас.

Уч йил... Уч йил-а?.. – Хаёлим ўзбек аёлларига – уйларда қолган, қолаётган, қолиб унутилаётган жабрдийдаларга кетади. Уларнинг ҳоли нима кечади? Бу дўстимиз бўлса, уч йилда энди келиб кетяпман, дейдими?.. Бу – эскичасига оламизми ёки янгичасига – уйда қолиб кутаётган хотинига зулм эмасми!.. Шариат ҳам аҳли аёлни йиллаб ташлаб қўйиш ишига яхши боқмайди. «Йўқ, бизнинг давлат шариат эмас, конституция бўйича яшайди» десангиз ҳам уч йил ичида келинчакнинг ҳоли нима кечдийкан-а!.. Дунё мамлакатларининг бошқарув тизимлари констутициявий бўладими ёки шаърий, аввало, инсонийликни унутмаслигимиз керак эмасми... Вазиятни тўғри баҳолайдиган бўлсак, ёш келинчак эрини соғинмай, ичикмай юради, деб ким айтади?.. Қанча изтироб, қанча илҳақлик, бедору узун тунлар... Тунлардан ҳам узун ўйлар... Бу ерда муаммо етилиб келмаяптими?.. Ҳа, етилганда қандоқ!.. Болалар-чи, болалар? Улар отасиз ўсяптими шунда? Уларнинг тарбиясида нуқсон бўлмайдими? Эртага ким бўлиб етишади улар? Потенциал жиноятчилар эмасми?.. Ўзи асрасин-ей!..

– Кичкинам танимади, чунки мени биринчи бор кўрди, – деб кулади марғилонлик йўлдошим. Кетаётганимда хотинимнинг кўзи ёрийдиган эди. Уч ёшга тўлиб қопти. Роса қочди мендан. Ётсиради-да, қаранг...

– Ҳа, осон эмас. Болаларга ҳам, келинларга ҳам!

– Ҳа...

– Уларни Польшага олиб бориш ёки ўзингизнинг яқин орада юртга қайтиш ниятингиз йўқми?

– Йўғ-а-а, ака. Улар билан борсам, ҳужжат, квартира, балою баттар муаммолар бўлиб роса қийналамиз, топган пулим шу нарсаларга кетиб қолади. Ўзим қайтиб борсам, яна бўлмайди: икки минг долларни қайдан топаман Ўзбекистонда? Фан докторлари ҳам олмайди-ку, ака, бу пулни Ватанда, тўғрими?..

Тавба, худди менинг фан доктори эканимни билиб қолгандек юзимга қараб айтяпти-я!.. Устимдан муздек сув қу­йилгандек ҳушёр тортдим. Ахир, ўша фан докторларининг бири менман-да! «Мендирман Жалолиддин!» дермиди? Худди шундай, мендирман ўша фан доктори, ҳа, мендирман!.. Ҳеч қаерда ўқимаган, қўлида ҳунари йўқ, бор-йўғи қадоқланган овқатларни белгиланган манзилларга элтиб берувчи мана шу дастёр йигитнинг тўртдан, бор ана, майда-чуйдаси билан учдан бирича маош оларканман. Яна «Нега бизда илм ривожланмаяпти, олимлар қаёққа қараяпти?» деб қўйишади ҳеч нимани билмагандек овозини кўтариб. Тавба, олимлар фақат тўғрига қараб кетишяпти. Тўғрига! Тўғрида эса жарлик бор. Жарликни айланиб ўтиш ёки устига кўприк ташлаб ўтиш, ортидан қолганларни ҳам ўтказиб олиш учун эса уларда на маблағ бор, на рағбату на фурсат. Шу боис, эл қатори ҳуштак чалганча ўша жарлик сари кетиб бормоқда олимлар. Яна ҳар ҳамонда: «Олдинда жарлик бор, ҳой одамлар, яна айт­мади деманглар!» дея увлаб қўйишади улар. Жамиятда на обрўси ва на таъсири бўлмагани учун биров унга қайрилиб қараб: «Ия, сен нималар деяпсан, эй нотавон олим – китоб жинниси?» деб сўрамайди. Ахир, оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирган гап – гап! Қолганларники сариқ чақага ҳам олинмайди, гарчи тиллоларга тенг ҳақиқат бўлса ҳам. Асрлардан бери шундай бўлиб келган бу юртда, мана, яна шундай давом этмоқда.

– Поляк тилини ўрганиб опсизда унда?

– Ҳа, озроқ ўргандик. Ўрисчага анча яқин экан. Лекин ўрисча гапирсанг, жаҳли чиқиб кетади полякларнинг, муомала қилишмайди, овқат ҳам сотиб олишмайди.

– Ҳали, шунақами? Ана, ғурур!..

– Ҳа, улар ўз тилларига жуда қаттиқ экан.

– Зўр экан унда поляклар, – дейман мен, миллатнинг даражасини салмоқлаб.

Буларнинг ҳаммасини биз тик оёқда, учоққа ўтириш рухсатини кутарканмиз, гаплашдик. Ёнимизда яна учта йигит гаплашиб туришган экан. Сарсор солсам, илк бор учоққа чиқишаётгандек ҳаяжонланишарди.

– Йўл бўлсин, йигитлар!

– Ассалому алайкум! – Улар яқин келиб биз билан сўрашишди.

– Ваалайкум ассалом!

– Арабистонга кетяпмиз.

– Қандай яхши!

– Иш, саёҳат? – Гапга қўшилди марғилонлик йигит йўл гурунгларининг обдан ҳадисини олгани шундоқ гап-сўзларидан уфуриб.

– Иш...

– Қайси шаҳарга?

Йигитчалар бирин-кетин айтишди. Улар бошқа-бошқа шаҳарларга кетишаётган экан.

– Кутиб олишадими, ишқилиб, янги экансизлар? – Яна сўради марғилонлик.

– Ҳа, кутиб олишади. Иш ҳам тайёр, гаплашиб қўйганмиз.

Шу вақт учоқ йўллари очилиб: «Киринглар!» деган даъват бўлди.

– Амаки, бир дуо қилинг! – деди улардан бири – кўзлари чақнаб боқиб тургани менга юзланиб.

– Илоҳим, сафарларинг бехатар бўлсин! Тариқдек сочилиб кетаётган ўзбегимнинг ишлари унсин, униб-униб қайтиб келсину ўз юртини обод қилсин, қайтиб келолмаганлари ҳам узоқдан туриб ўз элининг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшсин, омин, Оллоҳу акбар!

– Омин!..

ЖЕНЕВАЛИК АНВАР

Анвар қора ишчи эмас, катта мутахассис бўлиб халқаро ташкилотда ишлар, икки эмас, ҳатто улуғ жадид Беҳбудий орзу қилгандек тўрт эмас, балки беш тилни жуда яхши билар экан. Ёш бўлишига қарамай, дунёқараши кенг, дадил, фикрли. Ўзи шу-да, халқимиз бежиз: «Ўтирган бўйро, юрган дарё» демаган, инсон қанча кўп тил билса, қанча кўп юрт кезса, шунча пишади, чиниқади, тажрибага эга бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам бир тилни билган бир одам, икки тилни билган икки одам, дея билиб айтган. Эслайман: австралиялик ижодкор танишим Наталья Крофтс юртимизга келганида, у билан ўзим раҳбарлик қилаётган «Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока» журналлари учун суҳбат уюштирган эдим. Унга гап орасида худди шу ҳадисни айтганимда, у дарҳол қоғоз-қалам олиб: «Яна бир такрорланг, ёзиб олай!», деганди. Шунда мен ундан «Нечта тил биласиз?» дея сўрасам, «Бешта» деганди. «Демак, сизда бир вақтнинг ўзида бешта одам яшар экан» десам, кўзларини тушунмадим дегандек пирпиратиб, ўз тилида: «Как это?» дея ҳайрон бўлганди. Мен ҳадисдан келиб чиқиб тушунтиришда давом этгандим: «Чунки бошқа тилни билган одам ўша тилдаги матнларни ўқийди, ўша тил эгаси бўлмиш эл билан гурунг­лашади, тушунади, демак, ўша тил эгаси каби фикрлай бош­лайди, уларнинг бири бўлиб дунёга қарайди. Натижада, унинг ботинидаги одам сони ортади». Менинг бу мулоҳазаларим ёзувчи дўстимга янада маъқул келганди, чамаси: «Точно!» дея чиройли қошларини қалдирғоч қанотидек кериб, ҳайратланиб берганди.

Бу ёқда Анвар билан гапимиз роса бир-бирига тўғри кепқолди, денг. Йўл кета-кетгунча боғдан кириб, тоғдан чиқдик: у халқаро вазиятни жуда яхши таҳлил қиларди. Хитойнинг шиддат билан ривожланаётгани, бу ҳол, айниқса, АҚШ ва Оврупани хавотирга солаётгани ҳақида гапирарди. Кейин мавзу айланиб, унинг болаларга ўтди.

– Улар қайси тилда гаплашишади уйда? – сўрадим мен.

– Инглиз ва французча. Тошкентга келганда эса русча гаплашишади. Шунга қарамай, ўғлим Тошкентдаги боллар билан чиқишолмаяпти.

– Битта тилда гаплашсаямми?

– Ҳа-да.

– Менталитетдаги фарқ билан боғлиқ бўлса керак бу. Ўғлингиз ғарбона, бизникилар эса шарқона кўникмаларга эга-да, дедим мен яна. Кейин сўрадим: – Ўзбекча-чи? Ўзбекча ҳам гаплашсизларми?

– Хотин билан гаплашиб турамиз. Кейин ота-она билан кунда «скайп»да ҳасратлашамиз.

– Ўғлингиз-чи?

– У унча билмайди. Чет тилларини ўргатамиз, деб ўзбекчадан сал узоқлатиб қўйдик болаларни.

– Ана шуни тузатиш керак ўз вақтида, Анвар. Бўлмаса, улар қайси тилни яхши билса, ўша тил эгасига ўхшаб фикрлайди: инглизча билса, инглиз бўлиб, хитойча билса, хитой бўлиб. Бора-бора эса Ватанига, миллатдошларига қайишмай қўяди. Тил билган яхши, албатта, лекин ўзгалар тилини билиш ўз тилинг ҳисобига бўлмаслиги керак, дедим ва Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романидаги бир эпизодни – поездда жадид билан Мирёқуб ўртасида кечган суҳбатни сўзлаб бердим.

– Ҳа, тўғри, – деди у ўйланиб. Сўнг қўшиб қўйди: – Болаларим ҳали ўрганишади ўзбекчани.

– Йўлда кўп бўлар экансиз, – дедим уни хижолатга қўйганимни тушуниб мавзуни буриб.

– Дорога – время подумать, – деди у аввал инглизчасини айтиб, сўнг негадир русчага таржима қилиб. Мен инглизчани яхши билмаганим учун аслиятда айтилган отасўзи ёдимда қолмайди. Бу эса менинг катта камчилигим.

– Ҳа, – дедим мен, – юртдаги кичик сафарларда ҳамиша шундай қиламан, яъни ўйлайман.

Шу гапдан кейин иккимиз ҳам жим бўлиб қолдик. Чунки толиққандик, уйқу лашкарлари ҳам келиб кўзлар ойнасидан мўралай бошлаганди.

Уйқуга кетаркан, ўйладим: «Шу тўрт кунлик сафарим чоғида телефонимга янги симкарта тақмасам-чи. Бу дегани тўрт кун ўзим билан ўзим бўламан. Замонавий инсон тобора ёлғиз қолишдан қўрқадиган, қочадиган бўлиб бормоқда. Ҳеч йўқ, телефону интернетга ёпишади. Қани, бу гал мен ўзим билан ёлғиз қолай-чи: боши-кети йўқ хабарлару турфа хил одамларнинг чеку чегарасиз «пост»ларидан йироқ юрай-чи, нима бўларкин. Йўқса, ўзимга ўзим етиб боролмаяпман. Ҳа, замонавий инсон икки пулга қиммат ташвишларга кўмилиб, ўзидан узоқлашиб кетди. Жуда ҳам узоқлашди. Сафарлар унинг ўз ҳаётидан, ташвишларидан чалғитиши билан бирга, кутилмаганда, уни ўзини ўзига рўбарў қилиб қўйиши мумкин, ҳа...»

Хаёл билан бўлиб кўзим илинибди. Кўзларимни очганимда, учоғимиз Истанбулга яқинлашиб қолган экан.